Abdusattor Jumanazar. Navo dengizi yoxud hammaga ma’lum to‘rt satr sharhi & Qay birini aytay… Olim bilan gurung

Ashampoo_Snap_2017.12.02_01h42m27s_003_.png  Тўсатдан дуч келган бир воқеа юракни уйғотиб юборади. У юмуқ кўз ортидаги ва очиғи олдидаги бир бирига ўхшамайдиган ҳаётни кўриб қолади. Танлов ихтиёрини ўзингга беради…

ҚАЙ БИРИНИ АЙТАЙ…
Шарқшунос олим Абдусаттор Жуманазар билан суҳбат
033

— Китоб ва Адабиёт дунёсига қачон, қандай кириб келгансиз?

— Эслай олмайман. Жуда ёш эдим, ҳали мактабга бормасдим. Эрталабки нонушта дастурхони ёзилгунча, отам Кенжа Жуманазарбой ўғли укамни тиззасига ўтқизиб “ҳи-й-й-й” дея “Кунтуғмиш”, “Алпомиш”, “Гўрўғли” туркумидаги достонлардан бирини сўзлаб, куйлай бошларди. Бу айтув дўмбирасиз ижро қилинарди. Ўша оҳанглар ҳозиргача юрагимда кезади. Айниқса, кузнинг иккинчи ярми, қиш ва кўклам мавсумининг биринчи яримларида гаштли бўларди. Қишда ҳаётимизнинг ўзи эртакка айланиб кетарди. Мол-ҳолга қараб бўлиб, айни аёз қисганда уйда сандал атрофига тўпланардик. Совуқ кунлари уйни иситадаган тунука ғулбали ўчоғимиз ҳам бўларди. Мамир амма, Рўзиқул жиян, Қирмиз момо, Ойтош амма, Режаб опа ва яна бошқалар баъзан ҳар куни кечқурун, гоҳида кун ора бизникида тўпланишарди. Аёллар пахта чигиллар, урчуқ ийирар, эркаклар ғаройиб мавзуларда суҳбатлашишарди. Отамнинг суюкли жияни Рўзиқул ака жамоа хўжалиги подачиси эди. Бизнинг назаримизда у кишининг кўрмаган жойи, билмаган нарсаси қолмаганди. Тоғу тошлар, далалар, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро… шундай давом этаверади. Кўрган-кечирганларидан айтиб берганлари Марко Пола ё Паула Каулэ ёзганларидан қизиқарлироқ эди. Катта оиламизнинг ўтмиши ҳақида гап борганда отам тез-тез Мамир аммадан “Шундай бўлганмиди опа?” ёки “Шоди акам Афғонистонга бориб савдо қилиб келаркан-а?” дея суҳбат орасида сўраб қоларди. Шундай пайтлари Мамир амма гапга тушиб кетарди.

Буларнинг барчаси Китоб бўсағасидаги Адабиёт воқеалари эди. Уларда иштирок этмаслик мумкин эмасди. Олтинчи синфдалик чоғларимдаёқ халқ айтимлари, майда, ўлан, эртаклар, “Ёзи ва Зебо” достонининг бир қисмини ёзиб олгандим. Бир неча дафтар тўлганди. Дафтарлар кейинчалик йўқолган, аммо ўша даврлар завқи ва сурури ҳозиргача бор. Ҳаёт – қиёссиз буюк Адабиёт. Ростдан ҳам, бу дунёга қачон дуч келганим, унга қайси дарвозасидан кирганимни эслай олмайман.

— Сиз вояга етган оилада илм ва маърифатга муносабат қандай бўлган?

— Онам Мингсулув мулла Тифли қизи биз учун қоронғу дунёни ёритиб турган чироқ эди. Тасвир учун бошқа сўз тополмайман. Вафот этганида дунё қоронғу бўлиб қолди. Кейин унинг ёришиши жуда қийин бўлди, узоққа чўзилди…

Бобом мулла Тифли мулла Жавлибой ўғли Қирғизсарой (“Бойли” ҳам дейишади) қишлоғининг сўфи тўпидан эди. Хоннинг тўпчибошиси Жўжа мерган авлодидан бўлган. Қирғизсаройдаги тоғаларнинг ёши улуғлари дуч келганда одатда “Ҳа, Жўжа мерганнинг невараси, яхши юрибсанми жиян?” дея сўрашишарди. Ўша машҳур бобомизнинг асл исмини сўрамаган эканман. Отганда осмондаги қушнинг кўзига тегдирар экан. Шу сабабдан Жўжа мерган номи билан танилган. Оти шундай бўлган, деб ўйлаганман.

Эски қишлоқ томонда жамоа хўжалиги ташкил қилинган йиллари ер ҳайдайдиган биринчи тракторни шу мулла Жавлибой сотиб олиб берган экан. Айтишларича, укам Тўрақобилнинг жуссаси ва кўриниши у кишига ўхшармиш.

Тифли бобомнинг қадди қомати, чеҳраси эсимда қолган. Онам бобомга ўхшарди. Иккиси ҳам оққува юзли, бўйи ўртадан тикроқ, қотмадан келган эди. Бобомнинг оқ эшаги бор эди. Уйимизга келган маҳаллари ўрик, майиз, ёнғоқ каби қуруқ мевалардан келтирар ва энгашиб енгилгина ҳаракат билан дастурхонга чачала қилиб ташларди. Ҳар сафар дастурхон бошида жуда ёқимли қироат қиларди. Уйимиз файзга тўлиб-тошгани аниқ сезиларди. Мен билган эртакларнинг энг зўри шу воқеалар эди. Унда ўзим ҳам иштирок этардим.

Тангри таоло ва унинг пайғамбарини менга биринчи бўлиб Бобом, Отам ва Онам танитган. Қалбимни ёритган илк маърифат ёғдулари уларнинг сўзлари, меҳри эди. У пайтлар буни ҳозиргидек англамаганман. Ҳарфларни, китоб ўқишни ҳали мактабга бормасимдан Ойбаҳор опам ўргатган. Акам Йўлдошбек Кенжа машҳур ТошДУ олий ўқув юртида таҳсил оларди. Кўпчиликнинг акамга ҳаваси келарди. Икки ҳовли наридаги қишлоқ советининг бой кутубхонаси менга шахсийдек бўлиб қолганди. Кутубхоначи опа ахийри, олаётган китобларимни дафтарига қайд этмай қўйганди. Китобларни тахлаш ё чанглардан тозалаш каби ишларига тез-тез ёрдамлашиб турардим. Бу ўзимга ҳам жуда ёқарди.

Ойбаҳор опам иккимиз дарсликлардан ташқари математика, физика, кимё, астрономияга оид қизиқарли қўшимча илмий китобларни кўп йиғардик. Адабиёт, тарих, журналлар, газеталар… Эҳ-ҳей, у даврлар ўхшаши йўқ гўзал дунё эди. Мен маърифат оламида вояга етганман. Ҳаётимда кечган ҳар бир ҳодисада ҳамиша барча қапуғлари ланг очиқ Маърифат оламига дуч келаверардим. У тенгсиз ва мустаҳкам, жуда-жуда узоқ замонлар… минг-минг йиллар қати билан ўралган қадимий, сирли қалъа эди. У менинг шахсий қўрғоним бўлиб қолганди. Жаҳолат тажовуз қилганда, унинг ҳужумини даф этишга ожиз қолганимда унга кириб яширинардим… Ҳовлимизда ёмон кўзларга кўринмайдиган шундай сирли қалъа бор эди.

— Нега журналистика ё филология эмас, шарқшунослик факултетига ўқишга киргансиз?

— Ҳар бир одамнинг қисмати бор. Қисмат ҳар бир бандага Тангри таоло томонидан берилган умр ва унга жойлаштирилган мазмундир. Филология факултетига ҳужжат топшириш учун борганман. Талабгор кўплигидан қабул жойига яқинлишишнинг иложи бўлмади. Учоқтузар корхонасида ишлардим. Ҳужжат топширишга кўп вақт ажрата олмасдим. Мухбирликка ҳужжат топшириш учун матбуотда чоп қилинган мақолаларим кам эди. Шарқшунослик факултети қабули яқинида таниш талабаларни учратиб қолдим. Улар қабулхонага олиб киришди. Тақдир шу тариқа мени шарқшуносликка бошлаган экан. У ҳам… қалбимдаги умид учқуларидан бири эди.

— Талабалик йилларингиз қандай кечган?

— Суронли, гаштли… Ахир, биз ўтган асрнинг саксонинчи йилларида тарихий буюк миллий уйғониш ҳодисасини бошдан кечирдик. Ўзбек халқи, адабиёти, санъати юксалишинининг гувоҳи, иштирокчиси бўлдик. Шу юксалиш жараёнлари ўзбек Тилига давлат тили мақомини олиб берди. СЎЗ айтиш, Ҳақ ва Ёлғонни фарқлай олишни ўргандик. Бу даврнинг хислатлари кўп ва хосияти улуғ эди. Қани бирор давр у билан бўйлашиб кўрсин-чи… тенглаша олармикан!

— Устозларингизни қандай эслайсиз?

— Улардан умрбод миннатдорман. Барчасига чексиз раҳмат! Мактабдаги илк устозим Эшман Қўзиев, синф раҳбарим Мейли Дўсанов домладан ўзбек халқининг шарафли фарзанди шоир Рауф Парфига қадар кўп инсонлардан ҳаёт сабоғини олдим, илм ўргандим. Ҳозир улардан бирининг номини айтсам, кўнглим айтилмаётган бошқалари олдида хижолат бўляпти. Улар жуда кўпчилик.

Насиб этсин, вақти келганда улар тўғрисида батафсил ёзарман. Хаёлимга шундай фикр тез-тез келиб туради. Ҳаётимнинг катта қисми уларга туташиб кетган. Уларни асло унутиб бўлмайди.

— Билишимча шеърга қизиқасиз ва ёзиб турасиз. Нега бирдан тарихга шўнғиб кетдингиз?

— Ҳаётни алданиб ўтказиб қўйиш аянчли. Бир умр бировларни алдаб яшаш қўрқинчли. Тўсатдан дуч келган бир воқеа юракни уйғотиб юборади. У юмуқ кўз ортидаги ва очиғи олдидаги бир бирига ўхшамайдиган ҳаётни кўриб қолади. Танлов ихтиёрини ўзингга беради.

Пуч…
Деди устоз.

Масалан:
Ёлғон,
Ҳеч нарса,
Вазнсиз.

Ундан ҳеч ким ёл топмаган.
Таяниб бўлмайди,
Соядай бир гап,
Ичи бўш ёнғоқ.

Янглишган экан устоз,
Мутлақо.

Пуч –
Бўлсайди соя,
Вазнсиз бўлсайди…

Букилмасдик бунчалар.

Соясиз саҳрода улуққан
Яланғоч кимсадек,
Лахта-лахта теримизни
Шилмасдик,
Ўзимиз ўзимизнинг.

Пуч –
Устоз тушунтирганидай,
Бўлсайди.

Туркий қавмларнинг бош бўғини бўлган ўзбек миллатининг улкан ўтмиши бор. Унга қарай олсанг, у сенинг ҳақиқий қиёфангни кўрсатади, ўзингни ўзингга танитади. Умрни алданиб ўтказиш ё бировни алдаб яшашни истамайман. Бу вужудга шеър ва тарих бир вақтда кириб келган бўлса керак.

Мактабда тарих фанидан дарс берган ҳурматли устозим Муродов домла ҳаёт бўлганида менга бундай савол бермасди.

— Бир неча марта хорижий юртларда бўлгансиз. Айтингчи, хорижда яшаётган ўзбеклар ўтмишимиз ва маданиятимиз тарихини қай даражада билишади?

— Бу тўғрида аниқ ва узил-кесил фикр билдириш қийин. Бизда тарих ва тарихшунослик, адабиёт ва адабиётшунослик илмини жуда ривожланган, деб бўлмайди. Бироқ хориждаги ўзбекларда ҳам бу соҳаларнинг ўта истеъдодли ва йирик билгирлари кўзга ташланмайди. Абдурауф Фитрат ва жадидлар бу соҳаларнинг ҳақиқий ўзанини топишга яқинлашиб қолишганди. Аммо биз бу ўзандан ҳозир ҳам анча йироқда юрибмиз.

Юрти ва элининг Тарихини билмаган, Маданиятини қаердан ва қандай қилиб билади?

— Амир Темур ҳақида ёзилган бадиий-тарихий, илмий асарлар савиясини қандай баҳолайсиз?

— Чорак аср олдин бу соҳа қарийб бўм-бўш эди. Дарсликлар ва бошқа китобларда ёзилган ахборотлар шахсан мени ё тенгдошларимни қувонтирмаган. Аксинча бўлган.

Бирдан маълумотлар мисли кўрилмаган шиддат билан кўпая бошлади. Орасида пучлари ҳам жуда кўп. Айниқса, айнан улар тез ва кенг тарқалди, машҳур бўлди. Улар адабиёт, санъат ва бадиий асарларга салбий таъсир қилди. Илмий йўналиш ижтимоий ҳаёт талаб қилаётганидан анча орқада қолиб кетди. Шунга қарамай, илм ва ижод аҳли ўртасида бу соҳанинг фидокорлари ва куюнчаклари борлиги қалбга озгина таскин бериб, умид шамчироғини ўчирмай турибди.

— Амир Темур туғилган жой ҳақида қандай фикрдасиз?

— Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охири ва тўқсонинчи йиллари бошларига қадар ҳеч ким бундай сўроқ билан бировга мурожаат қилмаган. Домла Поён Равшановнинг Занжирсарой қиссаси чоп қилингандан кейин бу соҳада бесаранжомлик бошланди. Мамлакатнинг забардаст олимлари ва зиёлилари бу масалани қаттиқ муҳокама қилишиб, яна Хожа Илғорни қолдиришди. Ҳаммаси жойига тушгандек эди. Аммо Муиниддин Натанзий маълумотларининг илмга кириб келиши вазиятни бошқа тарафга буриб юборди. Кўпчилик Соҳибқирон Амир Темур туғилган Нийоза мавзесини излашга киришди. Уни топиш осон бўлмади ва ниҳоят, у Хожа Илғор яқинидаги ёки унга қўшни қишлоқ бўлса керак, деган тахминда тўхташди. Бу жуда мавҳум ва омонат хулоса эди.

Қадимий манбалардаги бу мавзуга тааллуқли барча маълумотларни борича ўқувчига етказиш тадқиқотчининг бурчидир. Ундан бўйин товлаб бўлмайди. Академик Бартолднинг: “Сўровлар ўтказганимизда Амир Темурнинг туғилган жойи ҳақида Хожа Илғордан бошқа маълумот чиқмади”, қабилида айтган гапи хом сўзлар эди. У шошилинч иш қилган ва тадқиқотни талаб қилинадиган илмий даражада бажармасдан ўқувчига хато хулосани тақдим этганди. Академик Бўривой Аҳмедов ҳам унинг хато йўлини танлайди ва ёқлайди. Ҳозир ҳам илмда бу маълумотнинг ягона эканини жон-жаҳди билан таъкидлаш ва ўқувчини ишонтиришга уринишлар устивор бўлиб турибди. Бу албатта, вақтинчалик ҳолат. Бугун илм соҳасида ўзгача фикрлайдиган ва масалага буткул мустақил ёндашадиган янги авлод шаклланаётир. Уларнинг ўз заррабини ва игнаси бор.

Айни дамда Амир Темур туғилган жой тўғрисида бизда қизиқарли маълумотлар тўпланиб қолди. Улар халқ орасида кўчиб юрувчи турли оғзаки афсоналар эмас, кўҳна қўлёзмалар қатларидан суғуриб олинган сатрлардир. Улар жуда қизиқ ва бир нечта. Тадқиқотни охирига етказиш ва нашр имкониятини кутяпмиз.

— Ҳозир қандай мавзуда илмий тадқиқот олиб боряпсиз?

— Булунғур туманидаги Ҳофиз Меросий зиёратгоҳи тарихини ўрганяпман. У сабаб бўлиб, қизиқарли дунёга дуч келдим.

Айни чоғда фурсат топган чоғларимда Самарқанд таълим тизими ва мадрасалари тарихини нашрга тайёрлашга ҳаракат қиляпман. Бу янаям ажойиб…

— Келгуси иш режаларингиз қандай?

— Мўлжалдаги ишлар кўп. Аниқ режа йўқ. Ишларимни саксон фоиз вазият бошқаради. Йигирма фоизини ўзимда сақлаб турсам ҳам катта гап. Қадимги Турон, Онақут, Сартия, Самарқанд, Кеш, Қабай Митан, Ишқийлар, Амир Темур тарихига доир ишлар турли даражаларда бажарилган ҳолда турибди. Қиссалар, шеърий тўпламлар… ҳаммаси бор. Баъзилари нашр чегарасида тўхтаган, айримлари етиш арафасида.

— Қамаши туманининг узоқ ўтмиши, маданияти тарихи ва тарихий ёдгорликлари ҳақида нима дея оласиз?

— Ўтган яқин йилларда ғойиб бўлган дунёда яшаб юрганимни билиб қолдим. Унга бир асрдан бери ҳатто олимларнинг назари тушмаган. Аммо улар қидирган. Ундан олдинги асрдаги муаллифлар нигоҳидан ҳам панада турган экан у.

Қамаши камида икки мингдан кўпроқ йилни кўрган шаҳар. Ўрта асрларда Қабай Митан номи билан машҳур бўлган. Унинг тарихий ўрни ғарб тарафида тахминан, 13 – 15 чақирим масофада “Қамай тепа” бўлиб турибди. Бу қутлуғ заминда Имом Бухорийнинг устози, Нажмиддин Умар ан-Насафий, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Содиқ Ишқий каби кўплаб буюк тарихий шахслар яшаган, дунёга танилган. Искандар Зулқарнайн, Муқанна, Чингизхон қўшинлари ҳам шу заминда йирик ва ҳал қилувчи савашлар олдидан нафас ростлаган, ҳарбий машқлар ўтказган.

Қамашининг узоқ ўтмиши, қадимий маданияти тарихи ҳозирча 300 саҳифани тўлдирди. Яна қўшилаётир. Барчаси “Қабай Митан” сарлавҳаси ортида нашрга шай.
Га-ап жуда кўп. Қай бирини айтай.

Ўролбой ҚОБИЛ суҳбатлашди

Абдусаттор Жуманазар
НАВО ДЕНГИЗИ
ёхуд ҳаммага маълум тўрт сатр шарҳи
033

Ashampoo_Snap_2018.01.04_00h10m32s_004_.png  Абдусаттор Жуманазар 1961 йилда Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Наймансарой қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаган. Газета ва журналларда фаолият юритган. Ҳозир ЎЗ ФА Беруний номидаги шарқшунослик инстутида катта илмий ходим бўлиб ишлайди. “Хилват аҳли”, “Мадорис”, “Насаф”, “Машраб”, “Вахшувор”, “Бухоро” каби илмий-бадиий китоблари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

033

Сўқмоқ

Бу шундай денгиз, унга ўн саккиз минг олам шўнғийди, сузади. Қирғоқ излайди… Коинотдаги қора туйнуклар ҳам унда бир зарра мисоли заиф ва муҳтож адашиб юради. Висолдан бебаҳра барча ночорларни… ошиқу ноошиқларни унда учратасиз. Бу чексиз ва ваҳмкор денгизга соч толасидай бир сўқмоқ бориб туташади. Унинг иккинчи учини шоир сўзлардан сатр тузиб, ўқувчи тафаккурига улаган:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш

Борлиқ ва Йўқлик, Эзгулик ва Ёвузлик, Беҳишт ва Дўзах тарихи сатрдаги мана шу “миш”дан иборатдир. Одам Ота ва Момо Ҳаво яратилишидан олдин Тангри таоло мамолики улкан Ғурбатхона эди. Чунки унда ишқ ва айрилиқ йўқ эди. Машойихлар дер: “Ишқ йўқ жой ғурбатхонадир.”

Тангри ажиб сирлар билан сийлаб, инсонни мукаррам ва азиз этди, имон билан зийнатлади. Бу пайтда у Ғариб эмасди. У жаннатда эъзоз ва икромда яшарди. Насибаси фақат жаннатда мавжуд бўладиган “шод ман”лик эди. Бу ҳудудда ғариб бўлишнинг сира иложи йўқ эди. Аммо бир куни…

Тавқи лаънатга учраб, жаннатдан қувилган Иблис турли режалар тузди. Илонни авради. У тишининг ковагида лаъинни жаннатга олиб кирди. Товусни “гўзалим” деб мақтади. У нақшлар билан зийнатланган патлари ила қўриқчилардан пана қилди. Ниҳоят, Момо Ҳавогача етиб борди ва турли иғво, ёлғон кўзёшлар билан жаннатда истеъмол қилиш ман этилган ўсимликни ейишга уни кўндирди. Мақсадига етиб, қувонганича, ортига шаппатлаб, бир неча оламларни ҳатлаб ўтиб қочди.

Унинг изидан ғариблик тарихи бошланди. Инсонлар орасида Одам Ота ва Момо Ҳаво биринчи ғариблар эди. Ғариблик ҳоли улар ва авлодларида Маҳшар кунигача зоҳиран акс этиб боради. Бироқ ҳақиқий воқеа ботинда содир бўлади. Унда ғарибликнинг ваҳшаткор тўлқинлари бир зум тўхтамайди, шу сабаб ғарибнинг кўзида ҳамиша ёш. Унинг поёнсиз саҳролари ҳар лаҳзада жонни жизғанак қилади, манзилга етишга тўсиқ бўлаверади. Лекин у тўхташни хаёлига ҳам келтирмайди, суюклиси ҳузурига интилаверади.

Шундай қилиб, одам жаннатдан қувилди. Висолдан айрилди. Вужуд Тангри жамолини унутди. Сўзлари ҳозиргача Унинг васфига ожиздир. Жон унутолмади… Ишқ шундай бошланди.

Лаъинга кўмаклашганлар ҳам жаннатдан қувғин қилинди. Илоннинг лаъин бекиниб ўтирган тиши ковагида хатарли заҳар пайдо бўлди. Товус ерга тушиб, ўзини томоша қилиш учун патларини ёйди. Чиройига зарар етмаган экан. “Гўзалман”, деб қичқирди ва овозидан ўзи қўрқиб кетди. Товушидан нафислик ва латофат, дилтортар оҳанг олиб қўйилган, бўғзидан эшитганни чўчитадиган хунук бўкирикка ўхшаш сас чиқарди. Бу можародан анжир кўп озор чекди. У Одам Ота ва Момо Ҳаво ёпинчиқсиз қолишганда раҳми келиб, япроқларини бергани сабабли улар билан бирга ерга туширилди. Қиёматгача одам болалари пишганини билиш учун унинг меваларини бармоқлари билан қисиб кўриб, уларга азоб берадиган бўлди.

Ғариб бу дунёйи Ғурбатхонага шундай воқеалар билан кириб келди. Биз эса Наво денгизининг тор сўқмоғига шу сатр билан эниб тушдик.

Атторда йўқ ҳикоя

Лекин соҳилгача ҳали анча узоқ. Бу тор сўқмоқда юриш дорда юришдек гап. Балки ундан кўп карра хатарлироқдир. Атрофингда ҳаёт қайнаб тошгандек кўринади, беҳисоб рангларда кўнгилни аврайдиган чаманзорларга дуч келасан. Бу эл…

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш

Йўл-йўлакай турли ҳодисаларни кўриб бораверасан. Бир қўрғон ёнида тўхтаймиз. Унда Атторда йўқ ҳикояга дуч келамиз. Оқ, сариқ, қора мармарлардан бунёд этилган; кумуш, тилла, ёқутлар билан безатилган; салобати, чиройи ақлни лол қолдирадиган қўрғон. Товуш билан эшиги очилиши, ҳовузида сув исиши ё совуши, турфа чироқлар ёниб ўчиши мумкин. Атрофдаги уйлар ва мазкур қўрғон соҳиби ҳам бизни хурсандчилик билан кутиб олади. Бу элда ғам-ғуссадан асар йўқ. Ҳолбуки, тирноғидан сочига қадар дунёнинг кир чиркинига чуқур ботган. Бу манзилга келган барчадан хурсанд бўлиш талаб этилар экан. Лекин Ғарибнинг пешонасига висолга қадар бу туйғуга бегона бўлиш ёзилган.

Хира кўнгилнинг чийриқларини тарқатиш учун қўрғонга таклиф қилишади. Ажойиб зиёфат, куй-қўшиқлар… ҳаммаси жойида. Сўнгра қўрғон соҳиби хизматкорлари тилла, ёқут, олмос доналари билан тўла идиш олиб келиб, “дути-дути”лаб, уларни ерга сочаверди. Қаердандир баҳайбат қизил хўроз пайдо бўлди ва бу қимматбаҳо доналарни териб ея бошлади. Бу мўъжизанинг ўзгинаси эди. Хўроз улардан бошқа егулик емас экан. “Бундай ғаройиб томошани бошқа ерда ҳам кўрганмисан?” деб ғурурланади қўрғон соҳиби. “Қўшнимнинг мушуги фақат қутосининг шохлари орасига чиқиб ухлайди. Анови хонадоннинг кемиртик сичқони бир дуо билан дарёни чаппа оқизади…”

Сон-саноқсиз мўъжизалар ҳақида эшитдик. Эртага яна кўплаб мўъжизаларга дуч келишимизни сездик. Бизни оғир кун кутаётганди.

Тонг бизга бошқа воқеани ҳадя этди. Қўрғон соҳиби ниҳоятда дарғазаб, хафа эди. Тунда тиллахўр қизил хўрозини тулки ўғирлаб, ўрмоннинг чеккасида еб кетибди. Ундан фақат қонга буланган бир ҳовуч пат, тожсиз боши ва оёғи қолибди. Қимматбаҳо тошлар ҳам гумдон бўлган.

Эл йиғилди. Қизғин мунозаралардан сўнг, қўрғонга янги соҳиб тайинланди. У тунлари катта сандиқда қирқта заҳарли ва бўғма илонлар билан бирга ухлайдиган киши экан. Қўрғоннинг эски соҳиби яна тиллахўр хўроз топиб келиш учун кетди.

* * *

Биз нега бу ҳодиса билан тўқнашдик? Сўқмоқ бўйлаб бораверамиз. Мўъжизалар, ҳалокатлар, нафосат, фожиа… ортда қолаверади. Атрофдагилардан меҳр, шафқат, эъзоз умидвор бўлиш беҳуда ишдир. Чунки уларнинг ўзлари бунга зор.

Вафосизда вафо, шафқатсизда шафқат, меҳрсизда меҳр, маърифатсизда маърифат бўлгайми ҳеч? Фанода Бақочи? Бу ғурбатхона оламида ҳамма Ғариб муштоқ бўлган нарсага муштоқ, унда йўғи уларда ҳам йўқ. Уларнинг қалб ноласи ҳам Ғарибники сингаридир. Навоийдан уч ярим аср кейин бир шоир: “Ҳаётим – ғурбатхонага қамалган ғамдир, ундан шодлик сасини зинҳор кутмагил”, дея фарёд қилади.

Ҳаётда тиллахўр хўроз сингари қизиқарли томошалар кўрсатиб, сара бойликлар териб, жиғилдонингга йиғишинг мумкин. Бу аслида ҳеч қандай мўъжиза эмас. Бир куни Ўлим… тулки сингари келиб, судраб кетади.

Бизнинг соҳилгача масофа узоқ, йўлда давом этамиз.

Олтин қафас ичидаги воқеалар

Қафас нима? Нега шоир Ғариб ҳолини ундаги воқеага менгзади? Балки вужудимиз ёки инсоният яшаётган ер курраси олтин қафасдир?

Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса

Қафас, зиндон, қамоқнинг тури, шакли кўп. Бироқ барчаси битта вазифани бажаради. Қуш, ҳайвон ё одамдир… уларда маҳбуслар сақланади. Сўқмоқнинг энг қалтис ва ингичка жойига етиб келдик.

Жаннатдан қувғин қилинган Ғариб ҳаётда яшайди, бошқа жойда эмас. Навоий, Жомий, Машраб, Пушкин, Кафка, Хемингўй, Муктибодҳ, Мураками… Уларнинг ҳар бири ҳаёт деб аталган шу олтин қафас ичидаги Булбулдир. Зоҳирда шундай. Улар ёзадилар. Қаламларида тўқилган сатрлар ўқувчини ботинга олиб киради.

Навоий барча ғарибларга кўмак қўлини чўзади, ўзидан минг йил кейин яшайдиганларига ҳам. Жомий Мавлавий Румий ва Ибн Арабийдан маслаҳат сўрайди, қафасдан эрк сари йўл қидиради. Машраб мажзуб ҳолида Маҳшаргача рақс тушади. Пушкин аҳволини ўзгага билдирмасликка ҳаракат қилади, бироқ қафас ичра битган қизил гул учун ажал ўқини кўкси билан тутиб олади ва қафасдан учиб кетади. Кафка Оврупо маркази шаҳарларидан биридаги кулбасидан “Қашқирлар ва Араблар” воқеасига назар ташлайди. Деразасини ёпаётиб, дўстларидан бирига ёзганларининг барчасини ёқиб юборишни илтимос қилади. Хемингўй қафасдан Урушни қувиб чиқармоқчи бўлади, чангак ипини маҳкам ушлаб, бу ердан унга илинган ниманидир олиб чиқиб кетишга уринади. Эҳтимол бунга эришгандир ҳам, қафасдан ташқаридагилар уни кўриб ҳайратга тушаётгандир. Муктибодҳ қафаснинг ҳамма бурчакларигача қараб чиқди. Ҳеч вақо тополмасдан ҳафсаласи пир бўлди. Мураками ўша қизил гулни ҳидлаётир. Лекин у қафасда ўзини йўқотиб қўйди.

Мен ҳам ҳозир шу олтин қафас ичидаман. Унда содир бўлаётган воқеаларнинг барчасини шу ерда кузатиб ўтирибман. Унда шоир, олим, деҳқон, чорвадор, ҳукмдор, гадо, савдагор, тадбиркор, фазогир… сон-саноқсиз қавм бор. Барчаси ғариб.

Қизил гул… У булбулга тикандек ошён бўлолмаса ҳам, ҳамманинг эътиборини ўзига тортади. Аслида у ҳам ғариб. Худди Аёздек, Шоҳсанамдек. У Ғарибга асл манзилидан дарак бериб туради. Соғинчининг сўнишига йўл қўймайди.

Олам тумори

Наво денгизига яқинлашамиз. Сўқмоқ яна тораяди. Шоир томоғини туганмас узун нола тирнайди:

Булбулга тикандек ошён бўлмас эмиш…

Қафасдан учиб кетган булбул ҳақида ривоятлар кўп. Муҳаддислар ҳадис, бахшилар ҳар куни у тўғрида афсоналар сўйлайди. Воқеаларда пайғамбарлар, авлиёлар, Азроил, Мункир ва Накир, Қиёмат, Жаннат, Дўзах иштирок эта бошлайди. Гул ҳидини туйган Булбул эса тиканли манзили сари учаверади.

Ровий дейди: Ошиқнинг руҳи тан қафасини тарк этди. Малоиклардан бири унга нозир бўлди. Ошиқ бу дунёда ҳеч жаҳрий гапирмаган эди. Фаришта ундан сўради: “Нега ҳамиша сассиз, яширин турдинг.” У деди: “Ғарибликда ичимда аланга буюк эди, “ва-аҳ”, десам жаннату дўзах куйишидан қўрқдим.” Махлуқлар ва оламлар бори унинг сўзидан завқланди. Ундан сўрадилар: “Тангри таолодин нени тиларсан?” У деди: “Ўзига яқин тиканли бир масканни.” Ҳайратландилар: “Нега тиканли?” У жавоб берди: “Тиканлар ғофил онларимни йўқ қилурлар, висолни ширинроқ.”

Бу жавобни махлуқлар ва оламлар тумор қилиб, бўйинларига осиб олдилар. Ғариб ошиқларга бу тумор ҳануз кўриниб турур.

Сўқмоқ охирлашаётганда Аҳмад Сирҳиндийни учратамиз. У асҳобларидан бирига мактуб ёзарди: “…Чун, бу бечораи маҳжур ўзини висолга етишишга муносиб деб билмас. Зарурат важҳидан жойи номаълум ҳижрон кулбаси бўлди. Яқинликдан қочиб, йироқликдан ором ахтарди. Висолни тарк этиб, айрилиқдан қўним топди. Озодликни ихтиёр қилиб, тутқунликка гирифтор бўлди. Оқибатда тутқунлик миннати – ризқи бўлди. Байт:

Чун таъма хоҳанд з-ман султони дин,
Хок бар фарқи қаноат баъд аз ин.

(Таъма истар мендин чун, султони дин,
Не қолур эрса унда қаноатдин.)

Бу байтда сўзлар қовушмаган, ишоралар тарқоқдир. Узрлик бўлгайким, Оллоҳ таоло сизу бизни расуллар саййиди изидан бошласин, унга энг самимий олқишлар ва энг яхши қутловлар бўлсин!”

* * *

Наво денгизи шовқини эшитила бошлади. Соҳилда ҳазрат Навоий сатрлари чағалайлардек парвоз қилади:

Номаи аъмолим ул янглиғ қорадур журмдин
Ким, надомат ашкидин ани аритмақ ўлмағай.
Балки гар Баҳри муҳит ичра солиб, йиллар ювсанг,
Ул қора бўлғай саросар, лек бу оқ ўлмағай.

* * *

Номаи маъсиятим чашмаи хуршид ичра
Ювсалар, кўрмагай эл ўзга ёруғлуқ юзини.
Ҳарфини бир-бир этиб сочса фалак жавфи аро,
Шабихун қилғай ҳар нуқтаси бир юлдузини.

* * *

Биз фано туфрағи бўлдук дайр аро, эй аҳли зуҳд,
Хонақаҳ саҳнида сиз баҳси тақаддум айлангиз.
Эй муғаннийлар, Навоий маст эди – кеч уйғанур,
Ани уйғатмаққа бир дилкаш тараннум айлангиз.

* * *

Ҳали наво денгизи соҳилига қадам қўймаган бўлсак-да, унинг шиддатидан вужудимиз таваҳҳум бўлди. Оламлар бағрини пораловчи ҳайқириқлар, дилнинг энг нозик торларидан таралаётган нафис тароналар бор эди унда.

Шоир бизни тўрт сатрлик энг қисқа туркий сўқмоқ билан Мабдаъга бошлаб келди. Бу ҳудудда фақат фано ҳолида жон сақлаш, ёмонликлардан асраниш, бақо сари йўлни давом эттириш мумкин. Висол кўйида Ғариб йўлидан ўзгасини топиб бўлмади.

images (3).jpgTo‘satdan duch kelgan bir voqea yurakni uyg‘otib yuboradi. U yumuq ko‘z ortidagi va ochig‘i oldidagi bir biriga o‘xshamaydigan hayotni ko‘rib qoladi. Tanlov ixtiyorini o‘zingga beradi…

QAY BIRINI AYTAY…
Sharqshunos olim Abdusattor Jumanazar bilan suhbat
033

— Kitob va Adabiyot dunyosiga qachon, qanday kirib kelgansiz?

— Eslay olmayman. Juda yosh edim, hali maktabga bormasdim. Ertalabki nonushta dasturxoni yozilguncha, otam Kenja Jumanazarboy o‘g‘li ukamni tizzasiga o‘tqizib “hi-y-y-y” deya “Kuntug‘mish”, “Alpomish”, “Go‘ro‘g‘li” turkumidagi dostonlardan birini so‘zlab, kuylay boshlardi. Bu aytuv do‘mbirasiz ijro qilinardi. O‘sha ohanglar hozirgacha yuragimda kezadi. Ayniqsa, kuzning ikkinchi yarmi, qish va ko‘klam mavsumining birinchi yarimlarida gashtli bo‘lardi. Qishda hayotimizning o‘zi ertakka aylanib ketardi. Mol-holga qarab bo‘lib, ayni ayoz qisganda uyda sandal atrofiga to‘planardik. Sovuq kunlari uyni isitadagan tunuka g‘ulbali o‘chog‘imiz ham bo‘lardi. Mamir amma, Ro‘ziqul jiyan, Qirmiz momo, Oytosh amma, Rejab opa va yana boshqalar ba’zan har kuni kechqurun, gohida kun ora biznikida to‘planishardi. Ayollar paxta chigillar, urchuq iyirar, erkaklar g‘aroyib mavzularda suhbatlashishardi. Otamning suyukli jiyani Ro‘ziqul aka jamoa xo‘jaligi podachisi edi. Bizning nazarimizda u kishining ko‘rmagan joyi, bilmagan narsasi qolmagandi. Tog‘u toshlar, dalalar, Samarqand, Surxondaryo, Buxoro… shunday davom etaveradi. Ko‘rgan-kechirganlaridan aytib berganlari Marko Pola yo Paula Kaule yozganlaridan qiziqarliroq edi. Katta oilamizning o‘tmishi haqida gap borganda otam tez-tez Mamir ammadan “Shunday bo‘lganmidi opa?” yoki “Shodi akam Afg‘onistonga borib savdo qilib kelarkan-a?” deya suhbat orasida so‘rab qolardi. Shunday paytlari Mamir amma gapga tushib ketardi.

Bularning barchasi Kitob bo‘sag‘asidagi Adabiyot voqealari edi. Ularda ishtirok etmaslik mumkin emasdi. Oltinchi sinfdalik chog‘larimdayoq xalq aytimlari, mayda, o‘lan, ertaklar, “Yozi va Zebo” dostonining bir qismini yozib olgandim. Bir necha daftar to‘lgandi. Daftarlar keyinchalik yo‘qolgan, ammo o‘sha davrlar zavqi va sururi hozirgacha bor. Hayot – qiyossiz buyuk Adabiyot. Rostdan ham, bu dunyoga qachon duch kelganim, unga qaysi darvozasidan kirganimni eslay olmayman.

— Siz voyaga yetgan oilada ilm va ma’rifatga munosabat qanday bo‘lgan?

— Onam Mingsuluv mulla Tifli qizi biz uchun qorong‘u dunyoni yoritib turgan chiroq edi. Tasvir uchun boshqa so‘z topolmayman. Vafot etganida dunyo qorong‘u bo‘lib qoldi. Keyin uning yorishishi juda qiyin bo‘ldi, uzoqqa cho‘zildi…

Bobom mulla Tifli mulla Javliboy o‘g‘li Qirg‘izsaroy (“Boyli” ham deyishadi) qishlog‘ining so‘fi to‘pidan edi. Xonning to‘pchiboshisi Jo‘ja mergan avlodidan bo‘lgan. Qirg‘izsaroydagi tog‘alarning yoshi ulug‘lari duch kelganda odatda “Ha, Jo‘ja merganning nevarasi, yaxshi yuribsanmi jiyan?” deya so‘rashishardi. O‘sha mashhur bobomizning asl ismini so‘ramagan ekanman. Otganda osmondagi qushning ko‘ziga tegdirar ekan. Shu sababdan Jo‘ja mergan nomi bilan tanilgan. Oti shunday bo‘lgan, deb o‘ylaganman.

Eski qishloq tomonda jamoa xo‘jaligi tashkil qilingan yillari yer haydaydigan birinchi traktorni shu mulla Javliboy sotib olib bergan ekan. Aytishlaricha, ukam To‘raqobilning jussasi va ko‘rinishi u kishiga o‘xsharmish.

Tifli bobomning qaddi qomati, chehrasi esimda qolgan. Onam bobomga o‘xshardi. Ikkisi ham oqquva yuzli, bo‘yi o‘rtadan tikroq, qotmadan kelgan edi. Bobomning oq eshagi bor edi. Uyimizga kelgan mahallari o‘rik, mayiz, yong‘oq kabi quruq mevalardan keltirar va engashib yengilgina harakat bilan dasturxonga chachala qilib tashlardi. Har safar dasturxon boshida juda yoqimli qiroat qilardi. Uyimiz fayzga to‘lib-toshgani aniq sezilardi. Men bilgan ertaklarning eng zo‘ri shu voqealar edi. Unda o‘zim ham ishtirok etardim.

Tangri taolo va uning payg‘ambarini menga birinchi bo‘lib Bobom, Otam va Onam tanitgan. Qalbimni yoritgan ilk ma’rifat yog‘dulari ularning so‘zlari, mehri edi. U paytlar buni hozirgidek anglamaganman. Harflarni, kitob o‘qishni hali maktabga bormasimdan Oybahor opam o‘rgatgan. Akam Yo‘ldoshbek Kenja mashhur ToshDU oliy o‘quv yurtida tahsil olardi. Ko‘pchilikning akamga havasi kelardi. Ikki hovli naridagi qishloq sovetining boy kutubxonasi menga shaxsiydek bo‘lib qolgandi. Kutubxonachi opa axiyri, olayotgan kitoblarimni daftariga qayd etmay qo‘ygandi. Kitoblarni taxlash yo changlardan tozalash kabi ishlariga tez-tez yordamlashib turardim. Bu o‘zimga ham juda yoqardi.

Oybahor opam ikkimiz darsliklardan tashqari matematika, fizika, kimyo, astronomiyaga oid qiziqarli qo‘shimcha ilmiy kitoblarni ko‘p yig‘ardik. Adabiyot, tarix, jurnallar, gazetalar… Eh-hey, u davrlar o‘xshashi yo‘q go‘zal dunyo edi. Men ma’rifat olamida voyaga yetganman. Hayotimda kechgan har bir hodisada hamisha barcha qapug‘lari lang ochiq Ma’rifat olamiga duch kelaverardim. U tengsiz va mustahkam, juda-juda uzoq zamonlar… ming-ming yillar qati bilan o‘ralgan qadimiy, sirli qal’a edi. U mening shaxsiy qo‘rg‘onim bo‘lib qolgandi. Jaholat tajovuz qilganda, uning hujumini daf etishga ojiz qolganimda unga kirib yashirinardim… Hovlimizda yomon ko‘zlarga ko‘rinmaydigan shunday sirli qal’a bor edi.

— Nega jurnalistika yo filologiya emas, sharqshunoslik fakultetiga o‘qishga kirgansiz?

— Har bir odamning qismati bor. Qismat har bir bandaga Tangri taolo tomonidan berilgan umr va unga joylashtirilgan mazmundir. Filologiya fakultetiga hujjat topshirish uchun borganman. Talabgor ko‘pligidan qabul joyiga yaqinlishishning iloji bo‘lmadi. Uchoqtuzar korxonasida ishlardim. Hujjat topshirishga ko‘p vaqt ajrata olmasdim. Muxbirlikka hujjat topshirish uchun matbuotda chop qilingan maqolalarim kam edi. Sharqshunoslik fakulteti qabuli yaqinida tanish talabalarni uchratib qoldim. Ular qabulxonaga olib kirishdi. Taqdir shu tariqa meni sharqshunoslikka boshlagan ekan. U ham… qalbimdagi umid uchqularidan biri edi.

— Talabalik yillaringiz qanday kechgan?

— Suronli, gashtli… Axir, biz o‘tgan asrning saksoninchi yillarida tarixiy buyuk milliy uyg‘onish hodisasini boshdan kechirdik. O‘zbek xalqi, adabiyoti, san’ati yuksalishinining guvohi, ishtirokchisi bo‘ldik. Shu yuksalish jarayonlari o‘zbek Tiliga davlat tili maqomini olib berdi. SO‘Z aytish, Haq va Yolg‘onni farqlay olishni o‘rgandik. Bu davrning xislatlari ko‘p va xosiyati ulug‘ edi. Qani biror davr u bilan bo‘ylashib ko‘rsin-chi… tenglasha olarmikan!

— Ustozlaringizni qanday eslaysiz?

— Ulardan umrbod minnatdorman. Barchasiga cheksiz rahmat! Maktabdagi ilk ustozim Eshman Qo‘ziyev, sinf rahbarim Meyli Do‘sanov domladan o‘zbek xalqining sharafli farzandi shoir Rauf Parfiga qadar ko‘p insonlardan hayot sabog‘ini oldim, ilm o‘rgandim. Hozir ulardan birining nomini aytsam, ko‘nglim aytilmayotgan boshqalari oldida xijolat bo‘lyapti. Ular juda ko‘pchilik.

Nasib etsin, vaqti kelganda ular to‘g‘risida batafsil yozarman. Xayolimga shunday fikr tez-tez kelib turadi. Hayotimning katta qismi ularga tutashib ketgan. Ularni aslo unutib bo‘lmaydi.

— Bilishimcha she’rga qiziqasiz va yozib turasiz. Nega birdan tarixga sho‘ng‘ib ketdingiz?

— Hayotni aldanib o‘tkazib qo‘yish ayanchli. Bir umr birovlarni aldab yashash qo‘rqinchli. To‘satdan duch kelgan bir voqea yurakni uyg‘otib yuboradi. U yumuq ko‘z ortidagi va ochig‘i oldidagi bir biriga o‘xshamaydigan hayotni ko‘rib qoladi. Tanlov ixtiyorini o‘zingga beradi.

Puch…
Dedi ustoz.

Masalan:
Yolg‘on,
Hech narsa,
Vaznsiz.

Undan hech kim yol topmagan.
Tayanib bo‘lmaydi,
Soyaday bir gap,
Ichi bo‘sh yong‘oq.

Yanglishgan ekan ustoz,
Mutlaqo.

Puch –
Bo‘lsaydi soya,
Vaznsiz bo‘lsaydi…

Bukilmasdik bunchalar.

Soyasiz sahroda uluqqan
Yalang‘och kimsadek,
Laxta-laxta terimizni
Shilmasdik,
O‘zimiz o‘zimizning.

Puch –
Ustoz tushuntirganiday,
Bo‘lsaydi.

Turkiy qavmlarning bosh bo‘g‘ini bo‘lgan o‘zbek millatining ulkan o‘tmishi bor. Unga qaray olsang, u sening haqiqiy qiyofangni ko‘rsatadi, o‘zingni o‘zingga tanitadi. Umrni aldanib o‘tkazish yo birovni aldab yashashni istamayman. Bu vujudga she’r va tarix bir vaqtda kirib kelgan bo‘lsa kerak.

Maktabda tarix fanidan dars bergan hurmatli ustozim Murodov domla hayot bo‘lganida menga bunday savol bermasdi.

— Bir necha marta xorijiy yurtlarda bo‘lgansiz. Aytingchi, xorijda yashayotgan o‘zbeklar o‘tmishimiz va madaniyatimiz tarixini qay darajada bilishadi?

— Bu to‘g‘rida aniq va uzil-kesil fikr bildirish qiyin. Bizda tarix va tarixshunoslik, adabiyot va adabiyotshunoslik ilmini juda rivojlangan, deb bo‘lmaydi. Biroq xorijdagi o‘zbeklarda ham bu sohalarning o‘ta iste’dodli va yirik bilgirlari ko‘zga tashlanmaydi. Abdurauf Fitrat va jadidlar bu sohalarning haqiqiy o‘zanini topishga yaqinlashib qolishgandi. Ammo biz bu o‘zandan hozir ham ancha yiroqda yuribmiz.

Yurti va elining Tarixini bilmagan, Madaniyatini qayerdan va qanday qilib biladi?

— Amir Temur haqida yozilgan badiiy-tarixiy, ilmiy asarlar saviyasini qanday baholaysiz?

— Chorak asr oldin bu soha qariyb bo‘m-bo‘sh edi. Darsliklar va boshqa kitoblarda yozilgan axborotlar shaxsan meni yo tengdoshlarimni quvontirmagan. Aksincha bo‘lgan.

Birdan ma’lumotlar misli ko‘rilmagan shiddat bilan ko‘paya boshladi. Orasida puchlari ham juda ko‘p. Ayniqsa, aynan ular tez va keng tarqaldi, mashhur bo‘ldi. Ular adabiyot, san’at va badiiy asarlarga salbiy ta’sir qildi. Ilmiy yo‘nalish ijtimoiy hayot talab qilayotganidan ancha orqada qolib ketdi. Shunga qaramay, ilm va ijod ahli o‘rtasida bu sohaning fidokorlari va kuyunchaklari borligi qalbga ozgina taskin berib, umid shamchirog‘ini o‘chirmay turibdi.

— Amir Temur tug‘ilgan joy haqida qanday fikrdasiz?

— O‘tgan asrning saksoninchi yillari oxiri va to‘qsoninchi yillari boshlariga qadar hech kim bunday so‘roq bilan birovga murojaat qilmagan. Domla Poyon Ravshanovning Zanjirsaroy qissasi chop qilingandan keyin bu sohada besaranjomlik boshlandi. Mamlakatning zabardast olimlari va ziyolilari bu masalani qattiq muhokama qilishib, yana Xoja Ilg‘orni qoldirishdi. Hammasi joyiga tushgandek edi. Ammo Muiniddin Natanziy ma’lumotlarining ilmga kirib kelishi vaziyatni boshqa tarafga burib yubordi. Ko‘pchilik Sohibqiron Amir Temur tug‘ilgan Niyoza mavzesini izlashga kirishdi. Uni topish oson bo‘lmadi va nihoyat, u Xoja Ilg‘or yaqinidagi yoki unga qo‘shni qishloq bo‘lsa kerak, degan taxminda to‘xtashdi. Bu juda mavhum va omonat xulosa edi.

Qadimiy manbalardagi bu mavzuga taalluqli barcha ma’lumotlarni boricha o‘quvchiga yetkazish tadqiqotchining burchidir. Undan bo‘yin tovlab bo‘lmaydi. Akademik Bartoldning: “So‘rovlar o‘tkazganimizda Amir Temurning tug‘ilgan joyi haqida Xoja Ilg‘ordan boshqa ma’lumot chiqmadi”, qabilida aytgan gapi xom so‘zlar edi. U shoshilinch ish qilgan va tadqiqotni talab qilinadigan ilmiy darajada bajarmasdan o‘quvchiga xato xulosani taqdim etgandi. Akademik Bo‘rivoy Ahmedov ham uning xato yo‘lini tanlaydi va yoqlaydi. Hozir ham ilmda bu ma’lumotning yagona ekanini jon-jahdi bilan ta’kidlash va o‘quvchini ishontirishga urinishlar ustivor bo‘lib turibdi. Bu albatta, vaqtinchalik holat. Bugun ilm sohasida o‘zgacha fikrlaydigan va masalaga butkul mustaqil yondashadigan yangi avlod shakllanayotir. Ularning o‘z zarrabini va ignasi bor.

Ayni damda Amir Temur tug‘ilgan joy to‘g‘risida bizda qiziqarli ma’lumotlar to‘planib qoldi. Ular xalq orasida ko‘chib yuruvchi turli og‘zaki afsonalar emas, ko‘hna qo‘lyozmalar qatlaridan sug‘urib olingan satrlardir. Ular juda qiziq va bir nechta. Tadqiqotni oxiriga yetkazish va nashr imkoniyatini kutyapmiz.

— Hozir qanday mavzuda ilmiy tadqiqot olib boryapsiz?

— Bulung‘ur tumanidagi Hofiz Merosiy ziyoratgohi tarixini o‘rganyapman. U sabab bo‘lib, qiziqarli dunyoga duch keldim.

Ayni chog‘da fursat topgan chog‘larimda Samarqand ta’lim tizimi va madrasalari tarixini nashrga tayyorlashga harakat qilyapman. Bu yanayam ajoyib…

— Kelgusi ish rejalaringiz qanday?

— Mo‘ljaldagi ishlar ko‘p. Aniq reja yo‘q. Ishlarimni sakson foiz vaziyat boshqaradi. Yigirma foizini o‘zimda saqlab tursam ham katta gap. Qadimgi Turon, Onaqut, Sartiya, Samarqand, Kesh, Qabay Mitan, Ishqiylar, Amir Temur tarixiga doir ishlar turli darajalarda bajarilgan holda turibdi. Qissalar, she’riy to‘plamlar… hammasi bor. Ba’zilari nashr chegarasida to‘xtagan, ayrimlari yetish arafasida.

— Qamashi tumanining uzoq o‘tmishi, madaniyati tarixi va tarixiy yodgorliklari haqida nima deya olasiz?

— O‘tgan yaqin yillarda g‘oyib bo‘lgan dunyoda yashab yurganimni bilib qoldim. Unga bir asrdan beri hatto olimlarning nazari tushmagan. Ammo ular qidirgan. Undan oldingi asrdagi mualliflar nigohidan ham panada turgan ekan u.

Qamashi kamida ikki mingdan ko‘proq yilni ko‘rgan shahar. O‘rta asrlarda Qabay Mitan nomi bilan mashhur bo‘lgan. Uning tarixiy o‘rni g‘arb tarafida taxminan, 13 – 15 chaqirim masofada “Qamay tepa” bo‘lib turibdi. Bu qutlug‘ zaminda Imom Buxoriyning ustozi, Najmiddin Umar an-Nasafiy, Sohibqiron Amir Temur, Mirzo Ulug‘bek, Muhammad Sodiq Ishqiy kabi ko‘plab buyuk tarixiy shaxslar yashagan, dunyoga tanilgan. Iskandar Zulqarnayn, Muqanna, Chingizxon qo‘shinlari ham shu zaminda yirik va hal qiluvchi savashlar oldidan nafas rostlagan, harbiy mashqlar o‘tkazgan.

Qamashining uzoq o‘tmishi, qadimiy madaniyati tarixi hozircha 300 sahifani to‘ldirdi. Yana qo‘shilayotir. Barchasi “Qabay Mitan” sarlavhasi ortida nashrga shay.
Ga-ap juda ko‘p. Qay birini aytay.

O‘rolboy QOBIL suhbatlashdi

Abdusattor Jumanazar
NAVO DЕNGIZI
yoxud hammaga ma’lum to‘rt satr sharhi
033

 Abdusattor Jumanazar 1961 yilda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumani Naymansaroy qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining sharqshunoslik fakultetini tamomlagan. Gazeta va jurnallarda faoliyat yuritgan. Hozir O‘Z FA Beruniy nomidagi sharqshunoslik instutida katta ilmiy xodim bo‘lib ishlaydi. “Xilvat ahli”, “Madoris”, “Nasaf”, “Mashrab”, “Vaxshuvor”, “Buxoro” kabi ilmiy-badiiy kitoblari nashr etilgan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.

033

So‘qmoq

Bu shunday dengiz, unga o‘n sakkiz ming olam sho‘ng‘iydi, suzadi. Qirg‘oq izlaydi… Koinotdagi qora tuynuklar ham unda bir zarra misoli zaif va muhtoj adashib yuradi. Visoldan bebahra barcha nochorlarni… oshiqu nooshiqlarni unda uchratasiz. Bu cheksiz va vahmkor dengizga soch tolasiday bir so‘qmoq borib tutashadi. Uning ikkinchi uchini shoir so‘zlardan satr tuzib, o‘quvchi tafakkuriga ulagan:

G‘urbatda g‘arib shodmon bo‘lmas emish

Borliq va Yo‘qlik, Ezgulik va Yovuzlik, Behisht va Do‘zax tarixi satrdagi mana shu “mish”dan iboratdir. Odam Ota va Momo Havo yaratilishidan oldin Tangri taolo mamoliki ulkan G‘urbatxona edi. Chunki unda ishq va ayriliq yo‘q edi. Mashoyixlar der: “Ishq yo‘q joy g‘urbatxonadir.”

Tangri ajib sirlar bilan siylab, insonni mukarram va aziz etdi, imon bilan ziynatladi. Bu paytda u G‘arib emasdi. U jannatda e’zoz va ikromda yashardi. Nasibasi faqat jannatda mavjud bo‘ladigan “shod man”lik edi. Bu hududda g‘arib bo‘lishning sira iloji yo‘q edi. Ammo bir kuni…

Tavqi la’natga uchrab, jannatdan quvilgan Iblis turli rejalar tuzdi. Ilonni avradi. U tishining kovagida la’inni jannatga olib kirdi. Tovusni “go‘zalim” deb maqtadi. U naqshlar bilan ziynatlangan patlari ila qo‘riqchilardan pana qildi. Nihoyat, Momo Havogacha yetib bordi va turli ig‘vo, yolg‘on ko‘zyoshlar bilan jannatda iste’mol qilish man etilgan o‘simlikni yeyishga uni ko‘ndirdi. Maqsadiga yetib, quvonganicha, ortiga shappatlab, bir necha olamlarni hatlab o‘tib qochdi.

Uning izidan g‘ariblik tarixi boshlandi. Insonlar orasida Odam Ota va Momo Havo birinchi g‘ariblar edi. G‘ariblik holi ular va avlodlarida Mahshar kunigacha zohiran aks etib boradi. Biroq haqiqiy voqea botinda sodir bo‘ladi. Unda g‘ariblikning vahshatkor to‘lqinlari bir zum to‘xtamaydi, shu sabab g‘aribning ko‘zida hamisha yosh. Uning poyonsiz sahrolari har lahzada jonni jizg‘anak qiladi, manzilga yetishga to‘siq bo‘laveradi. Lekin u to‘xtashni xayoliga ham keltirmaydi, suyuklisi huzuriga intilaveradi.

Shunday qilib, odam jannatdan quvildi. Visoldan ayrildi. Vujud Tangri jamolini unutdi. So‘zlari hozirgacha Uning vasfiga ojizdir. Jon unutolmadi… Ishq shunday boshlandi.

La’inga ko‘maklashganlar ham jannatdan quvg‘in qilindi. Ilonning la’in bekinib o‘tirgan tishi kovagida xatarli zahar paydo bo‘ldi. Tovus yerga tushib, o‘zini tomosha qilish uchun patlarini yoydi. Chiroyiga zarar yetmagan ekan. “Go‘zalman”, deb qichqirdi va ovozidan o‘zi qo‘rqib ketdi. Tovushidan nafislik va latofat, diltortar ohang olib qo‘yilgan, bo‘g‘zidan eshitganni cho‘chitadigan xunuk bo‘kirikka o‘xshash sas chiqardi. Bu mojarodan anjir ko‘p ozor chekdi. U Odam Ota va Momo Havo yopinchiqsiz qolishganda rahmi kelib, yaproqlarini bergani sababli ular bilan birga yerga tushirildi. Qiyomatgacha odam bolalari pishganini bilish uchun uning mevalarini barmoqlari bilan qisib ko‘rib, ularga azob beradigan bo‘ldi.

G‘arib bu dunyoyi G‘urbatxonaga shunday voqealar bilan kirib keldi. Biz esa Navo dengizining tor so‘qmog‘iga shu satr bilan enib tushdik.

Attorda yo‘q hikoya

Lekin sohilgacha hali ancha uzoq. Bu tor so‘qmoqda yurish dorda yurishdek gap. Balki undan ko‘p karra xatarliroqdir. Atrofingda hayot qaynab toshgandek ko‘rinadi, behisob ranglarda ko‘ngilni avraydigan chamanzorlarga duch kelasan. Bu el…

El anga shafiqu mehribon bo‘lmas emish

Yo‘l-yo‘lakay turli hodisalarni ko‘rib boraverasan. Bir qo‘rg‘on yonida to‘xtaymiz. Unda Attorda yo‘q hikoyaga duch kelamiz. Oq, sariq, qora marmarlardan bunyod etilgan; kumush, tilla, yoqutlar bilan bezatilgan; salobati, chiroyi aqlni lol qoldiradigan qo‘rg‘on. Tovush bilan eshigi ochilishi, hovuzida suv isishi yo sovushi, turfa chiroqlar yonib o‘chishi mumkin. Atrofdagi uylar va mazkur qo‘rg‘on sohibi ham bizni xursandchilik bilan kutib oladi. Bu elda g‘am-g‘ussadan asar yo‘q. Holbuki, tirnog‘idan sochiga qadar dunyoning kir chirkiniga chuqur botgan. Bu manzilga kelgan barchadan xursand bo‘lish talab etilar ekan. Lekin G‘aribning peshonasiga visolga qadar bu tuyg‘uga begona bo‘lish yozilgan.

Xira ko‘ngilning chiyriqlarini tarqatish uchun qo‘rg‘onga taklif qilishadi. Ajoyib ziyofat, kuy-qo‘shiqlar… hammasi joyida. So‘ngra qo‘rg‘on sohibi xizmatkorlari tilla, yoqut, olmos donalari bilan to‘la idish olib kelib, “duti-duti”lab, ularni yerga sochaverdi. Qayerdandir bahaybat qizil xo‘roz paydo bo‘ldi va bu qimmatbaho donalarni terib yeya boshladi. Bu mo‘jizaning o‘zginasi edi. Xo‘roz ulardan boshqa yegulik yemas ekan. “Bunday g‘aroyib tomoshani boshqa yerda ham ko‘rganmisan?” deb g‘ururlanadi qo‘rg‘on sohibi. “Qo‘shnimning mushugi faqat qutosining shoxlari orasiga chiqib uxlaydi. Anovi xonadonning kemirtik sichqoni bir duo bilan daryoni chappa oqizadi…”

Son-sanoqsiz mo‘jizalar haqida eshitdik. Ertaga yana ko‘plab mo‘jizalarga duch kelishimizni sezdik. Bizni og‘ir kun kutayotgandi.

Tong bizga boshqa voqeani hadya etdi. Qo‘rg‘on sohibi nihoyatda darg‘azab, xafa edi. Tunda tillaxo‘r qizil xo‘rozini tulki o‘g‘irlab, o‘rmonning chekkasida yeb ketibdi. Undan faqat qonga bulangan bir hovuch pat, tojsiz boshi va oyog‘i qolibdi. Qimmatbaho toshlar ham gumdon bo‘lgan.

El yig‘ildi. Qizg‘in munozaralardan so‘ng, qo‘rg‘onga yangi sohib tayinlandi. U tunlari katta sandiqda qirqta zaharli va bo‘g‘ma ilonlar bilan birga uxlaydigan kishi ekan. Qo‘rg‘onning eski sohibi yana tillaxo‘r xo‘roz topib kelish uchun ketdi.

* * *

Biz nega bu hodisa bilan to‘qnashdik? So‘qmoq bo‘ylab boraveramiz. Mo‘jizalar, halokatlar, nafosat, fojia… ortda qolaveradi. Atrofdagilardan mehr, shafqat, e’zoz umidvor bo‘lish behuda ishdir. Chunki ularning o‘zlari bunga zor.

Vafosizda vafo, shafqatsizda shafqat, mehrsizda mehr, ma’rifatsizda ma’rifat bo‘lgaymi hech? Fanoda Baqochi? Bu g‘urbatxona olamida hamma G‘arib mushtoq bo‘lgan narsaga mushtoq, unda yo‘g‘i ularda ham yo‘q. Ularning qalb nolasi ham G‘aribniki singaridir. Navoiydan uch yarim asr keyin bir shoir: “Hayotim – g‘urbatxonaga qamalgan g‘amdir, undan shodlik sasini zinhor kutmagil”, deya faryod qiladi.

Hayotda tillaxo‘r xo‘roz singari qiziqarli tomoshalar ko‘rsatib, sara boyliklar terib, jig‘ildoningga yig‘ishing mumkin. Bu aslida hech qanday mo‘jiza emas. Bir kuni O‘lim… tulki singari kelib, sudrab ketadi.

Bizning sohilgacha masofa uzoq, yo‘lda davom etamiz.

Oltin qafas ichidagi voqealar

Qafas nima? Nega shoir G‘arib holini undagi voqeaga mengzadi? Balki vujudimiz yoki insoniyat yashayotgan yer kurrasi oltin qafasdir?

Oltin qafas ichra gar qizil gul butsa

Qafas, zindon, qamoqning turi, shakli ko‘p. Biroq barchasi bitta vazifani bajaradi. Qush, hayvon yo odamdir… ularda mahbuslar saqlanadi. So‘qmoqning eng qaltis va ingichka joyiga yetib keldik.

Jannatdan quvg‘in qilingan G‘arib hayotda yashaydi, boshqa joyda emas. Navoiy, Jomiy, Mashrab, Pushkin, Kafka, Xemingo‘y, Muktibodh, Murakami… Ularning har biri hayot deb atalgan shu oltin qafas ichidagi Bulbuldir. Zohirda shunday. Ular yozadilar. Qalamlarida to‘qilgan satrlar o‘quvchini botinga olib kiradi.

Navoiy barcha g‘ariblarga ko‘mak qo‘lini cho‘zadi, o‘zidan ming yil keyin yashaydiganlariga ham. Jomiy Mavlaviy Rumiy va Ibn Arabiydan maslahat so‘raydi, qafasdan erk sari yo‘l qidiradi. Mashrab majzub holida Mahshargacha raqs tushadi. Pushkin ahvolini o‘zgaga bildirmaslikka harakat qiladi, biroq qafas ichra bitgan qizil gul uchun ajal o‘qini ko‘ksi bilan tutib oladi va qafasdan uchib ketadi. Kafka Ovrupo markazi shaharlaridan biridagi kulbasidan “Qashqirlar va Arablar” voqeasiga nazar tashlaydi. Derazasini yopayotib, do‘stlaridan biriga yozganlarining barchasini yoqib yuborishni iltimos qiladi. Xemingo‘y qafasdan Urushni quvib chiqarmoqchi bo‘ladi, changak ipini mahkam ushlab, bu yerdan unga ilingan nimanidir olib chiqib ketishga urinadi. Ehtimol bunga erishgandir ham, qafasdan tashqaridagilar uni ko‘rib hayratga tushayotgandir. Muktibodh qafasning hamma burchaklarigacha qarab chiqdi. Hech vaqo topolmasdan hafsalasi pir bo‘ldi. Murakami o‘sha qizil gulni hidlayotir. Lekin u qafasda o‘zini yo‘qotib qo‘ydi.

Men ham hozir shu oltin qafas ichidaman. Unda sodir bo‘layotgan voqealarning barchasini shu yerda kuzatib o‘tiribman. Unda shoir, olim, dehqon, chorvador, hukmdor, gado, savdagor, tadbirkor, fazogir… son-sanoqsiz qavm bor. Barchasi g‘arib.

Qizil gul… U bulbulga tikandek oshyon bo‘lolmasa ham, hammaning e’tiborini o‘ziga tortadi. Aslida u ham g‘arib. Xuddi Ayozdek, Shohsanamdek. U G‘aribga asl manzilidan darak berib turadi. Sog‘inchining so‘nishiga yo‘l qo‘ymaydi.

Olam tumori

Navo dengiziga yaqinlashamiz. So‘qmoq yana torayadi. Shoir tomog‘ini tuganmas uzun nola tirnaydi:

Bulbulga tikandek oshyon bo‘lmas emish…

Qafasdan uchib ketgan bulbul haqida rivoyatlar ko‘p. Muhaddislar hadis, baxshilar har kuni u to‘g‘rida afsonalar so‘ylaydi. Voqealarda payg‘ambarlar, avliyolar, Azroil, Munkir va Nakir, Qiyomat, Jannat, Do‘zax ishtirok eta boshlaydi. Gul hidini tuygan Bulbul esa tikanli manzili sari uchaveradi.

Roviy deydi: Oshiqning ruhi tan qafasini tark etdi. Maloiklardan biri unga nozir bo‘ldi. Oshiq bu dunyoda hech jahriy gapirmagan edi. Farishta undan so‘radi: “Nega hamisha sassiz, yashirin turding.” U dedi: “G‘ariblikda ichimda alanga buyuk edi, “va-ah”, desam jannatu do‘zax kuyishidan qo‘rqdim.” Maxluqlar va olamlar bori uning so‘zidan zavqlandi. Undan so‘radilar: “Tangri taolodin neni tilarsan?” U dedi: “O‘ziga yaqin tikanli bir maskanni.” Hayratlandilar: “Nega tikanli?” U javob berdi: “Tikanlar g‘ofil onlarimni yo‘q qilurlar, visolni shirinroq.”

Bu javobni maxluqlar va olamlar tumor qilib, bo‘yinlariga osib oldilar. G‘arib oshiqlarga bu tumor hanuz ko‘rinib turur.

So‘qmoq oxirlashayotganda Ahmad Sirhindiyni uchratamiz. U as’hoblaridan biriga maktub yozardi: “…Chun, bu bechorai mahjur o‘zini visolga yetishishga munosib deb bilmas. Zarurat vajhidan joyi noma’lum hijron kulbasi bo‘ldi. Yaqinlikdan qochib, yiroqlikdan orom axtardi. Visolni tark etib, ayriliqdan qo‘nim topdi. Ozodlikni ixtiyor qilib, tutqunlikka giriftor bo‘ldi. Oqibatda tutqunlik minnati – rizqi bo‘ldi. Bayt:

Chun ta’ma xohand z-man sultoni din,
Xok bar farqi qanoat ba’d az in.

(Ta’ma istar mendin chun, sultoni din,
Ne qolur ersa unda qanoatdin.)

Bu baytda so‘zlar qovushmagan, ishoralar tarqoqdir. Uzrlik bo‘lgaykim, Olloh taolo sizu bizni rasullar sayyidi izidan boshlasin, unga eng samimiy olqishlar va eng yaxshi qutlovlar bo‘lsin!”

* * *

Navo dengizi shovqini eshitila boshladi. Sohilda hazrat Navoiy satrlari chag‘alaylardek parvoz qiladi:

Nomai a’molim ul yanglig‘ qoradur jurmdin
Kim, nadomat ashkidin ani aritmaq o‘lmag‘ay.
Balki gar Bahri muhit ichra solib, yillar yuvsang,
Ul qora bo‘lg‘ay sarosar, lek bu oq o‘lmag‘ay.

* * *

Nomai ma’siyatim chashmai xurshid ichra
Yuvsalar, ko‘rmagay el o‘zga yorug‘luq yuzini.
Harfini bir-bir etib sochsa falak javfi aro,
Shabixun qilg‘ay har nuqtasi bir yulduzini.

* * *

Biz fano tufrag‘i bo‘lduk dayr aro, ey ahli zuhd,
Xonaqah sahnida siz bahsi taqaddum aylangiz.
Ey mug‘anniylar, Navoiy mast edi – kech uyg‘anur,
Ani uyg‘atmaqqa bir dilkash tarannum aylangiz.

* * *

Hali navo dengizi sohiliga qadam qo‘ymagan bo‘lsak-da, uning shiddatidan vujudimiz tavahhum bo‘ldi. Olamlar bag‘rini poralovchi hayqiriqlar, dilning eng nozik torlaridan taralayotgan nafis taronalar bor edi unda.

Shoir bizni to‘rt satrlik eng qisqa turkiy so‘qmoq bilan Mabda’ga boshlab keldi. Bu hududda faqat fano holida jon saqlash, yomonliklardan asranish, baqo sari yo‘lni davom ettirish mumkin. Visol ko‘yida G‘arib yo‘lidan o‘zgasini topib bo‘lmadi.

07

(Tashriflar: umumiy 326, bugungi 1)

Izoh qoldiring