Abdusattor Jumanazar. Yo’qolgan vaqt.

Ashampoo_Snap_2017.08.26_13h59m35s_002_.png    Осмон тунд. Тобора совуқлашиб бораётган салқин этни жунжиктиради. Товушингни ёмғир томчилари юз бўлакка майдалаб юборади. Уларни ўзингдан бўлак кимса эшитмайди. Сўзлар атрофдаги «шитир-шитир»лар билан қоришиб кетади…

Абдусаттор Жуманазар
ЙЎҚОЛГАН ВАҚТ
01

Абдусаттор Жуманазар  1961 йилда Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Наймансарой қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаган. Газета ва журналларда фаолият юритган. Ҳозир ЎЗ ФА Беруний номидаги шарқшунослик инстутида катта илмий ходим бўлиб ишлайди. “Ҳилват аҳли”, “Мадорис”, “Насаф”, “Машраб”, “Вахшувор”, “Бухоро” каби илмий-бадиий китоблари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

01

0-19.jpgҲаво оғир, ёмғир майдалаб ёғмоқда. Ҳали-бери тинадиганга ўхшамайди. Осмон тунд. Тобора совуқлашиб бораётган салқин этни жунжиктиради. Товушингни ёмғир томчилари юз бўлакка майдалаб юборади. Уларни ўзингдан бўлак кимса эшитмайди. Сўзлар атрофдаги «шитир-шитир»лар билан қоришиб кетади…

Тундлик ва ёрқинликнинг турли парчаларидан шаклланган тинимсиз ҳаракатдаги бу манзара орасида Мужовурнинг қораси кўринди. Эгнига эски чопонни ёмғирпўш ўрнида ташлаб олибди. Қаршимиздаги қулфланган Дунё калити унда эди. Унинг эскириб кетган кўҳна нақшин эшиги қисқа бўғиқ овоз чиқариб, қийналиб очилди. Эшикнинг аҳволи ўрнидан туриши машаққат бўлиб қолган кекса кишини эслатарди… Биз ундан бошқа дунёга ўтдик.

Бу ерда товуш бирдан ўзгарди. Енгилгина томоқ қиришдан ажраб чиққан сас анча вақтгача гирдимизда айланиб юрди. Ҳатто, унинг парвозини бемалол кузатса бўлади. Бу ерда қадимий жангчининг бурғуси билан бутун Коинотни… ўтмишга кетган барча қўшинларни, ғафлат уйқусига чуқур ғарқ бўлган ҳар қандай қалбни уйғотиш мумкин. Бир пайтлар Туркистоннинг навқирон ҳукмдори Туғлуқ Темурхонни (1331–1364) уйғонишга мажбур қилган чорлов ҳам шу ерда эди. Биз шундай сирли бир Илоҳий қўноқда эдик. Бу ғаройиб макон соҳиби ким? Уни ким қурган?

* * *

Кўп асрлар ортида рўй берган воқеалар ҳақида сўзловчи ўтмиш муаррихлари бу файзли масканни музаффарият кошонаси сифатида таърифлашади. Бу жойни ҳануз олис хорижий ўлкалардан ҳам кишилар излаб келади. Эгнига эски чопонни ёмғирпўш ўрнида ташлаб ёнимга келган Мужовур уларни кутиб олади. Унинг бу ерда хизмат қилаётгани беш асрга етиб қолди.

Товушлар тиниқлашадиган, чеҳралар ёришадиган, қалблар тозарадиган бу Илоҳий қўноқ ҳикоятини тинглаш мароқли. Мужовур ҳар сафар уни менга айни олдин тўхтаган жойидан давом эттириб, сўзлай бошлайди. Бу гал сўнгги шайбоний Пир Муҳаммадхон ва илк аштархоний ҳукмдор Боқи Муҳаммадхон ўртасида бўлиб ўтган жанг ҳамда мазкур музаффарият кошонасининг пайдо бўлиши ривоят қилинди. Уни тинглаб, ҳамма нарсанинг олам воқеалари силсиласи, замон ва маконда ўз қиссаси борлигига шубҳасиз, амин бўласиз…

Воқеалар силсиласининг бир парчаси

AbdullakhanII.jpgҲижрий 1006 йили ражаб ойининг 2-куни (1598 йил 8 феврал) шайбонийлар сулоласининг шавкатли ҳукмдори Абдуллахон ибн Искандархон ибн Жонибекхон 65 ёшида вафот этди. Тахтга унинг ўғли Абдулмўминхон ўтирди. У анча фаросатсиз, қабиҳ табиатли ва узоқни кўра билмайдиган калтабин, аммо ғайратли шахс эди. Шу сабабли отаси билан ҳам ораларида тез-тез жанжал чиқиб турарди.

Абдулмўмин ҳокимият тепасига келгач, отаси даврида мамлакатда иззат-обрў топган бир қанча таниқли шахсларни ўлдиришга тушди. Бу ҳам етмагандай, жон-жаҳди билан тахтга даъвогарлик қилиши мумкин бўлган шайбонийларнинг ҳаммасини қириб юборишга саъй қилди. Бироқ кўп ўтмай, ҳукмронлик даври олти ойга етмасдан ҳижрий 1006 йили зулқаъда ойида (1598 йил, июн) Жиззахнинг Зомин вилоятида ўзи ҳам ўлдирилди. Натижада шайбонийлар давлати тахти бир оз муддат эгасиз турди. Бу нохуш вазиятдан амирлар, юқори табақали амалдорлар гангиб қолдилар ва улар ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлди. Улардан бир гуруҳи 1598 йилнинг июл ойи атрофида шайбоний Ибодуллоҳ султон ибн Искандархоннинг ўғли, деб гумон қилинган Абдуламин султонни Балхда хон кўтаришди.

Марказий ҳокимиятнинг бош шаҳри Бухорода Пир Муҳаммадхон (Иккинчи) ибн Сулаймон султон ибн Жонибек султон тахтга ўтирди. У Абдуллахоннинг амакиваччаси бўлиб, уларнинг оталари Искандархон ва Сулаймон султон бир кишининг яъни, Жонибек султоннинг ўғиллари эди. Пир Муҳаммадхон Иккинчи тарихда шайбонийлар давлатининг охирги олий ҳукмдори бўлиб қолди. Ушбу сулолада яна бир Пир Муҳаммадхон (Биринчи) ибн Жонибек султон анча машҳурдир. У ҳижрий 974 йили шаъбоннинг 20-куни (1567 йил, 2 март) саксон ёшга яқинлашиб вафот этади. Дарсликлар ва айрим тадқиқотчилар ишларида ҳозиргача бу икки ҳукмдор шахси чалкаштириб юборилаётгани маълум бўлди. Ишимиздаги баъзи муаммолар ечимига эга бўлиш учун воқеалар силсиласининг ушбу мавҳум парчаси орқали ўтишга тўғри келди.

Якдилликдаги хилма-хилликлар

Пир Муҳаммадхон Иккинчининг ҳукмронлик даври ҳозирга қадар аниқлаштирилмаган. Қадимги муаррихлар ва бизнинг замонимиздаги тарихчилар ҳам бу тўғрида бир-бирига мос келмайдиган турли маълумотлар беришади. Манбалар ва илмий адабиётларда Пир Муҳаммадхоннинг жангда ўлим топгани айтилади. Бироқ бу воқеа содир бўлган сана 1599, 1601, 1602 тарзда ҳар хил кўрсатилади. Бу аҳволни бугун ўқувчилар ва талабаларни ўқитишда фойдаланиладиган турли ўқув қўлланмалари ва дарсликларда ҳам кўрамиз.

Ўтган асрнинг охирги чорагида таниқли тарихчи академик Бўрибой Аҳмедов бу чигал масалага эътибор қаратиб, муаммони бартараф этишга уриниб кўрганди. Тадқиқотчи мавзуга оид ўнга яқин бирламчи манбалардаги ахборотлар таҳлили асосида: «Шундай қилиб, 1601 йилда Бухоро хонлигида ҳокимият янги сулола – жонийлар (Жони Муҳаммадхон номидан) ёки аштархонийлар (келиб чиқиш ўрни бўйича) деган ном олган Тўқай Темурийлар сулоласи қўлига ўтди. Бухоро тахтига ўтирган унинг биринчи намояндаси Жон Муҳаммадхон бўлган ва Цамбаурнинг фикрига кўра, 1601 йилда ҳукмронлик қилган. Унинг номига танга зарб қилинган», дея якуний қарорга келади. Шу хулоса таъсирида бўлса керак, кейинги пайтларда кўпчилик тадқиқотчилар мазкур масалада сўз юритишганда ушбу санани кўрсатишмоқда. Жанг тафсилоти эса ҳозирга қадар етарли ёритилмаган.

Лекин биз дуч келган маълумотлар академик Бўрибой Аҳмедовнинг шайбонийлар ва аштархонийлар ҳукмронлиги даври чегарасини аниқ ажратишга қаратилган уриниши муваффақиятли чиқмаганига ишора қилмоқда. (Аштархонийларнинг биринчи ҳукмдор вакили Жон Муҳаммадхон, деб кўрсатилиши ҳам изоҳ талаб маълумотдир.) Аввало, муаллиф мазкур мақоласида бир-бирига зид фикрларни билдирган. Иккинчидан, у «Мусаххир ал-билад», «Тарихи оламаройи Аббосий» каби ёзилиш вақти бўйича бирламчи аҳамиятга эга манбалардан кўра, «Баҳр ул-асрор», «Матлаб ут-толибин», «Силсилат ус-салотин» сингари иккинчи даражали асарлардаги маълумотларни олдинги ўринга ўтказиб юборган. Бундан ташқари, ушбу воқеа билан боғлиқ яна баъзи тарихий манбалар тадқиқотга жалб қилинмаган. Улар аҳамияти жиҳатдан юқорида номлари келтирилган бирламчи даражадаги манбалар қаторида туради.

Ушбу мавзуга тегишли барча тарихий манбалар ва илмий адабиётлар Пир Муҳаммадхон ва Боқи Муҳаммадхон ўртасидаги жанг ҳақида якдиллик билан дарак беради. Аммо унинг содир бўлган вақти бу якдилликдаги бир-бирига мос тушмаган турли йилларга сочилиб кетган ва… йўқолиб қолган. Икки машҳур тарихий сулолани ажратиб, бир сирли жангни яшириб турган бу вақт бизга ҳозир жуда зарур. Уни топсак, унга боғланиб турган кўпгина тарихий воқеаларга олиб борадиган йўлларга чиқамиз.

Вақт илдизлари

Мазкур жанг қачон бўлиб ўтди ва шайбонийлар сулоласи қайси санада тарих саҳнасини бошқа ҳукмрон сулолага бўшатиб берди? Бу вақтни қаердан топса бўлади? …Аста-секин ўша вақтнинг олис ўтмиш ҳодисаларига ботиб, чирмашиб кетган илдизлари кўрина бошлади.

Биринчи воқеа. 1600 йил феврал ойи охирида Пир Муҳаммадхон (Иккинчи) Эрон ҳукмдори Шоҳ Аббос Сафавий ҳузурига элчи жўнатди. Унинг зиммасига Эронда тутқинда турган шайбоний Муҳаммад Иброҳим султонни олиб келиш вазифаси юкланган эди. Элчи март ойининг тўққизинчи куни Машҳад шаҳрига кириб боради. Қисқа фурсатда Пир Муҳаммадхоннинг илтимоси битилган мактубни «Наврўз»ни кутиб олиш учун Машҳадга келган Шоҳ Аббосга етказади.

Эрон шоҳининг Турон ўлкаси билан сиёсий ва ҳарбий муносабатлар олиб боришга оид узоқни кўзлаб тузган аниқ режаси бор эди. Бу режага мувофиқ имкон топилиши билан Муҳаммад Иброҳим султон унинг кўрсатмалари асосида Мовароуннаҳрни тасарруфига киритиши лозим эди. Шоҳ Аббос элчига Муҳаммад Иброҳим султонни шайбонийлар тахтининг меросхўри деб билишини очиқ айтади. Бу воқеа тўғрисида Бўрибой Аҳмедов: «Искандар муншийнинг кейинги ҳикояларига қараганда, шоҳ Бухоро элчисига Муҳаммад Иброҳимхонни қўйиб юборишга ваъда берган. Аммо уни эътиборли маҳбус тарзида эмас, олий ҳукмдор сифатида кузатиб қўйишини таъкидлайди. Айнан шу пайт Боқий Муҳаммадхоннинг Пир Муҳаммадхон қўшинини тор-мор келтиргани ва Бухорони эгаллагани ҳақида Марвдан хабар келади», деб ёзади.

«Айнан шу пайт» иборасига диққат қилинг. Элчи қанча фурсат шоҳ қабулида тургани бизга маълум бўлган ҳеч бир манбада аниқ кўрсатилмаган. У нари борса, Эронда бир-бир ярим ой тургандир. Пир Муҳаммадхоннинг ўлими ҳақидаги хабар ҳам демак, 1600 йилнинг апрел ойида шоҳга етиб келган бўлса керак.

Иккинчи воқеа. Боқи Муҳаммадхон тарихини ёзган Муҳаммадёр ибн Араб Қатаған сўзларига қараганда Шоҳ Аббос кучли душманининг ўлимидан кейин Муҳаммад Иброҳим султонни уруш заруратлари билан таъминлаб, Мовароуннаҳрни қўлга киритиш учун юборади. У йўлда жанг¬дан омон қолиб қочиб келаётган бир гуруҳни учратади. Муаллиф улар тўғрисида: «Пир Муҳаммадхон амирларидан бири Худойназарбий қўнғирот қонли майдон ичидан соғ-омон чиқиб, Бухорода қолишни ҳам маъқул топмай, юрагига йўл топган қўрқинч чексизлигидан Бухородан шу чиққанча муқаддас Машҳад сари ошиқаркан ҳеч қаерда тўхташни эп кўрмади.

Мовароуннаҳрга юзланган Муҳаммад Иброҳим султон ўзи турган ул беҳишт асосли манзилда унга дуч келди», дея хабар беради. Улар биргаликда ҳарбий ҳаракатлар режасини маслаҳатлашиб, аввал, кучсизроқ ҳисобланган Балх вилоятини эгаллашга аҳд қилинади ва Абдуламин ибн Ибодуллоҳ султон устига юриш бошланади. Оқибатда Абдуламин султон «ҳижрий 1008 санага (1599 йил 24 июл–1600 йил 12 июл) мувофиқ сичқон йили» ўлдирилади. Сичқон йили ҳозирги милодий ҳисобда 1600 йил 21 мартдан бошланиб, 1601 йил 20 мартда тугайди. Воқеа 1600 йил 21 март–12 июл оралиғида содир этилган. Шу тариқа Абдуламинхон 1598–1600 июлига қадар Балхда ҳукмронлик қилгани ва Пир Муҳаммадхон Иккинчидан кейин ўлдирилгани маълум бўлмоқда. Бу пайтда Боқи Муҳаммадхон аллақачон Мовароуннаҳр тахтини эгаллаб бўлганди.

Учинчи воқеа. Муҳаммад Иброҳим султон ҳам давлат тепасида кўп турмайди. Унинг ҳукмронлик даври эндигина бир йилдан ошганда аштархоний Вали Муҳаммадхон унга барҳам беради. Улар 1601 йилнинг июл-август ойлари Соғарж мавзесида тўқнашади. Мазкур фурсатда Боқи Муҳаммадхон олий ҳокимиятни қўлга киритганига салкам бир ярим йил тўлганди.

Ушбу воқеалар бизнинг давримиздаги тарихчилар ахтарган сананинг илдизларидир. Улар ўзаро уйғунлашиб, Пир Муҳаммадхон ва Боқи Муҳаммадхон ўртасида бўлиб ўтган жанг вақти академик Бўрибой Аҳмедов айтганидай 1601 йил эмас, 1600 йил март охири ва апрел ойининг биринчи ярмига тўғри келишини кўрсатмоқда. (Бу ҳижрий 1008 йилнинг охирги чорагидир.) Демак, шайбонийлар худди шу санада аштархонийлар сулоласига тарих саҳнасини бўшатиб берган. Буни бошқа тарихий ҳодисалар ҳам тасдиқлай бошлади. Йўқолган вақт… шу алфозда пайдо бўлди. Энди унинг ичидаги воқеани кўришга имконимиз бор.

Жанг Руҳи

Ҳодисада эътиборимизни тортган биринчи манзара Жанг Руҳи бўлди. У бурғу саси… сафлар жимжитлиги… туғлар пирпирағи… табл бонгида чиқиб келди ва жанг майдони тепасида, булутлардан қуйироқда қанот қоқмай муаллақ тураверди.

Кўз ўнгимиздаги муаллақлик – этни жимирлатадиган сирли ҳаракат эди. Кураш майдонига туша олгангина уни ўз вужудида ҳис қилади. Табиатда уни ҳосил қиладиган назардан пинҳоний куч бор. Ундан кимдир умуман бехабар, у пайдо бўлгандаёқ кўрмасдан унинг маҳобатини туядиган ҳам бор… бошқа биров аниқ кўради. 1979 йили қирчиллама қишнинг бир туни Яккабоғ тумани Тўқбой қишлоғида унга дуч келганман. Катта кураш майдонида (камида 400-500 одам бўлса керак) барчанинг нафас олиши тақа-тақ тўхтади. Давра Кураш Руҳи қанотларида кўкда муаллақ туриб қолди. Барча бир навжавон баҳодирнинг пишқириғида жонини ҳовучлади. Ҳушини, ўзини йўқотди. Атрофда унинг пишқириққа айланаётган нафасидан бошқа ҳеч қандай товуш, шиддат… унда эса асло қўрқув йўқ эди. Ўша Тун юракларга шундай манзарани чизганди.

Олдимизда бизни 413 йил олдин тарих саҳифасига чизилган яна бир бетакрор тасвир кутмоқда. У Самарқанд ёнида шайбонийлар ва аштархонийлар ўртасида бўлиб ўтган жанг эди. Ўшанда кўп саркардалар, жангчилар… йўловчилар унинг тепасида ҳам Жанг Руҳи парвозини кўрганди.

У кимнинг елкасига қўнса, шу тараф ғолиб чиқади. Қўшин сафида уни кўриб, ўз томонига чақира оладиган бирорта Йада Жангчиси бўлиши керак. Жанг Руҳи чақмоқлар хизматида турадиган, осмонни тўлдирган булутлар лашкари, ўта ўр қудратли бўронларни измига сола биладиган шу жангчига бўйсунади.

Яқинлашув

Улар иккиси ҳаракатини бошлаганда майдонда бошқа қилт этган ҳаракат қолмайди. Мардларнинг чўнг хатарни сезган юраклари дук-дук уриши секинлашади.

 

0 eskibuxoro.jpg Osmon tund. Tobora sovuqlashib borayotgan salqin etni junjiktiradi. Tovushingni yomg‘ir tomchilari yuz bo‘lakka maydalab yuboradi. Ularni o‘zingdan bo‘lak kimsa eshitmaydi. So‘zlar atrofdagi «shitir-shitir»lar  bilan qorishib ketadi…

Abdusattor Jumanazar
YO‘QOLGAN VAQT
01

Abdusattor Jumanazar 1961 yilda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumani Naymansaroy qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining sharqshunoslik fakultetini tamomlagan. Gazeta va jurnallarda faoliyat yuritgan. Hozir O‘Z FA Beruniy nomidagi sharqshunoslik instutida katta ilmiy xodim bo‘lib ishlaydi. “Hilvat ahli”, “Madoris”, “Nasaf”, “Mashrab”, “Vaxshuvor”, “Buxoro” kabi ilmiy-badiiy kitoblari nashr etilgan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.

01

56-221617-aqul603.jpgHavo og‘ir, yomg‘ir maydalab yog‘moqda. Hali-beri tinadiganga o‘xshamaydi. Osmon tund. Tobora sovuqlashib borayotgan salqin etni junjiktiradi. Tovushingni yomg‘ir tomchilari yuz bo‘lakka maydalab yuboradi. Ularni o‘zingdan bo‘lak kimsa eshitmaydi. So‘zlar atrofdagi «shitir-shitir»lar bilan qorishib ketadi…

Tundlik va yorqinlikning turli parchalaridan shakllangan tinimsiz harakatdagi bu manzara orasida Mujovurning qorasi ko‘rindi. Egniga eski choponni yomg‘irpo‘sh o‘rnida tashlab olibdi. Qarshimizdagi qulflangan Dunyo kaliti unda edi. Uning eskirib ketgan ko‘hna naqshin eshigi qisqa bo‘g‘iq ovoz chiqarib, qiynalib ochildi. Eshikning ahvoli o‘rnidan turishi mashaqqat bo‘lib qolgan keksa kishini eslatardi… Biz undan boshqa dunyoga o‘tdik.

Bu yerda tovush birdan o‘zgardi. Yengilgina tomoq qirishdan ajrab chiqqan sas ancha vaqtgacha girdimizda aylanib yurdi. Hatto, uning parvozini bemalol kuzatsa bo‘ladi. Bu yerda qadimiy jangchining burg‘usi bilan butun Koinotni… o‘tmishga ketgan barcha qo‘shinlarni, g‘aflat uyqusiga chuqur g‘arq bo‘lgan har qanday qalbni uyg‘otish mumkin. Bir paytlar Turkistonning navqiron hukmdori Tug‘luq Temurxonni (1331–1364) uyg‘onishga majbur qilgan chorlov ham shu yerda edi. Biz shunday sirli bir Ilohiy qo‘noqda edik. Bu g‘aroyib makon sohibi kim? Uni kim qurgan?

* * *

Ko‘p asrlar ortida ro‘y bergan voqealar haqida so‘zlovchi o‘tmish muarrixlari bu fayzli maskanni muzaffariyat koshonasi sifatida ta’riflashadi. Bu joyni hanuz olis xorijiy o‘lkalardan ham kishilar izlab keladi. Egniga eski choponni yomg‘irpo‘sh o‘rnida tashlab yonimga kelgan Mujovur ularni kutib oladi. Uning bu yerda xizmat qilayotgani besh asrga yetib qoldi.

Tovushlar tiniqlashadigan, chehralar yorishadigan, qalblar tozaradigan bu Ilohiy qo‘noq hikoyatini tinglash maroqli. Mujovur har safar uni menga ayni oldin to‘xtagan joyidan davom ettirib, so‘zlay boshlaydi. Bu gal so‘nggi shayboniy Pir Muhammadxon va ilk ashtarxoniy hukmdor Boqi Muhammadxon o‘rtasida bo‘lib o‘tgan jang hamda mazkur muzaffariyat koshonasining paydo bo‘lishi rivoyat qilindi. Uni tinglab, hamma narsaning olam voqealari silsilasi, zamon va makonda o‘z qissasi borligiga shubhasiz, amin bo‘lasiz…

Voqealar silsilasining bir parchasi

1-1.jpgHijriy 1006 yili rajab oyining 2-kuni (1598 yil 8 fevral) shayboniylar sulolasining shavkatli hukmdori Abdullaxon ibn Iskandarxon ibn Jonibekxon 65 yoshida vafot etdi. Taxtga uning o‘g‘li Abdulmo‘minxon o‘tirdi. U ancha farosatsiz, qabih tabiatli va uzoqni ko‘ra bilmaydigan kaltabin, ammo g‘ayratli shaxs edi. Shu sababli otasi bilan ham oralarida tez-tez janjal chiqib turardi.

Abdulmo‘min hokimiyat tepasiga kelgach, otasi davrida mamlakatda izzat-obro‘ topgan bir qancha taniqli shaxslarni o‘ldirishga tushdi. Bu ham yetmaganday, jon-jahdi bilan taxtga da’vogarlik qilishi mumkin bo‘lgan shayboniylarning hammasini qirib yuborishga sa’y qildi. Biroq ko‘p o‘tmay, hukmronlik davri olti oyga yetmasdan hijriy 1006 yili zulqa’da oyida (1598 yil, iyun) Jizzaxning Zomin viloyatida o‘zi ham o‘ldirildi. Natijada shayboniylar davlati taxti bir oz muddat egasiz turdi. Bu noxush vaziyatdan amirlar, yuqori tabaqali amaldorlar gangib qoldilar va ular o‘rtasida kelishmovchiliklar paydo bo‘ldi. Ulardan bir guruhi 1598 yilning iyul oyi atrofida shayboniy Ibodulloh sulton ibn Iskandarxonning o‘g‘li, deb gumon qilingan Abdulamin sultonni Balxda xon ko‘tarishdi.

Markaziy hokimiyatning bosh shahri Buxoroda Pir Muhammadxon (Ikkinchi) ibn Sulaymon sulton ibn Jonibek sulton taxtga o‘tirdi. U Abdullaxonning amakivachchasi bo‘lib, ularning otalari Iskandarxon va Sulaymon sulton bir kishining ya’ni, Jonibek sultonning o‘g‘illari edi. Pir Muhammadxon Ikkinchi tarixda shayboniylar davlatining oxirgi oliy hukmdori bo‘lib qoldi. Ushbu sulolada yana bir Pir Muhammadxon (Birinchi) ibn Jonibek sulton ancha mashhurdir. U hijriy 974 yili sha’bonning 20-kuni (1567 yil, 2 mart) sakson yoshga yaqinlashib vafot etadi. Darsliklar va ayrim tadqiqotchilar ishlarida hozirgacha bu ikki hukmdor shaxsi chalkashtirib yuborilayotgani ma’lum bo‘ldi. Ishimizdagi ba’zi muammolar yechimiga ega bo‘lish uchun voqealar silsilasining ushbu mavhum parchasi orqali o‘tishga to‘g‘ri keldi.

Yakdillikdagi xilma-xilliklar

Pir Muhammadxon Ikkinchining hukmronlik davri hozirga qadar aniqlashtirilmagan. Qadimgi muarrixlar va bizning zamonimizdagi tarixchilar ham bu to‘g‘rida bir-biriga mos kelmaydigan turli ma’lumotlar berishadi. Manbalar va ilmiy adabiyotlarda Pir Muhammadxonning jangda o‘lim topgani aytiladi. Biroq bu voqea sodir bo‘lgan sana 1599, 1601, 1602 tarzda har xil ko‘rsatiladi. Bu ahvolni bugun o‘quvchilar va talabalarni o‘qitishda foydalaniladigan turli o‘quv qo‘llanmalari va darsliklarda ham ko‘ramiz.

O‘tgan asrning oxirgi choragida taniqli tarixchi akademik Bo‘riboy Ahmedov bu chigal masalaga e’tibor qaratib, muammoni bartaraf etishga urinib ko‘rgandi. Tadqiqotchi mavzuga oid o‘nga yaqin birlamchi manbalardagi axborotlar tahlili asosida: «Shunday qilib, 1601 yilda Buxoro xonligida hokimiyat yangi sulola – joniylar (Joni Muhammadxon nomidan) yoki ashtarxoniylar (kelib chiqish o‘rni bo‘yicha) degan nom olgan To‘qay Temuriylar sulolasi qo‘liga o‘tdi. Buxoro taxtiga o‘tirgan uning birinchi namoyandasi Jon Muhammadxon bo‘lgan va Sambaurning fikriga ko‘ra, 1601 yilda hukmronlik qilgan. Uning nomiga tanga zarb qilingan», deya yakuniy qarorga keladi. Shu xulosa ta’sirida bo‘lsa kerak, keyingi paytlarda ko‘pchilik tadqiqotchilar mazkur masalada so‘z yuritishganda ushbu sanani ko‘rsatishmoqda. Jang tafsiloti esa hozirga qadar yetarli yoritilmagan.

Lekin biz duch kelgan ma’lumotlar akademik Bo‘riboy Ahmedovning shayboniylar va ashtarxoniylar hukmronligi davri chegarasini aniq ajratishga qaratilgan urinishi muvaffaqiyatli chiqmaganiga ishora qilmoqda. (Ashtarxoniylarning birinchi hukmdor vakili Jon Muhammadxon, deb ko‘rsatilishi ham izoh talab ma’lumotdir.) Avvalo, muallif mazkur maqolasida bir-biriga zid fikrlarni bildirgan. Ikkinchidan, u «Musaxxir al-bilad», «Tarixi olamaroyi Abbosiy» kabi yozilish vaqti bo‘yicha birlamchi ahamiyatga ega manbalardan ko‘ra, «Bahr ul-asror», «Matlab ut-tolibin», «Silsilat us-salotin» singari ikkinchi darajali asarlardagi ma’lumotlarni oldingi o‘ringa o‘tkazib yuborgan. Bundan tashqari, ushbu voqea bilan bog‘liq yana ba’zi tarixiy manbalar tadqiqotga jalb qilinmagan. Ular ahamiyati jihatdan yuqorida nomlari keltirilgan birlamchi darajadagi manbalar qatorida turadi.

Ushbu mavzuga tegishli barcha tarixiy manbalar va ilmiy adabiyotlar Pir Muhammadxon va Boqi Muhammadxon o‘rtasidagi jang haqida yakdillik bilan darak beradi. Ammo uning sodir bo‘lgan vaqti bu yakdillikdagi bir-biriga mos tushmagan turli yillarga sochilib ketgan va… yo‘qolib qolgan. Ikki mashhur tarixiy sulolani ajratib, bir sirli jangni yashirib turgan bu vaqt bizga hozir juda zarur. Uni topsak, unga bog‘lanib turgan ko‘pgina tarixiy voqealarga olib boradigan yo‘llarga chiqamiz.

Vaqt ildizlari

Mazkur jang qachon bo‘lib o‘tdi va shayboniylar sulolasi qaysi sanada tarix sahnasini boshqa hukmron sulolaga bo‘shatib berdi? Bu vaqtni qayerdan topsa bo‘ladi? …Asta-sekin o‘sha vaqtning olis o‘tmish hodisalariga botib, chirmashib ketgan ildizlari ko‘rina boshladi.

Birinchi voqea. 1600 yil fevral oyi oxirida Pir Muhammadxon (Ikkinchi) Eron hukmdori Shoh Abbos Safaviy huzuriga elchi jo‘natdi. Uning zimmasiga Eronda tutqinda turgan shayboniy Muhammad Ibrohim sultonni olib kelish vazifasi yuklangan edi. Elchi mart oyining to‘qqizinchi kuni Mashhad shahriga kirib boradi. Qisqa fursatda Pir Muhammadxonning iltimosi bitilgan maktubni «Navro‘z»ni kutib olish uchun Mashhadga kelgan Shoh Abbosga yetkazadi.

Eron shohining Turon o‘lkasi bilan siyosiy va harbiy munosabatlar olib borishga oid uzoqni ko‘zlab tuzgan aniq rejasi bor edi. Bu rejaga muvofiq imkon topilishi bilan Muhammad Ibrohim sulton uning ko‘rsatmalari asosida Movarounnahrni tasarrufiga kiritishi lozim edi. Shoh Abbos elchiga Muhammad Ibrohim sultonni shayboniylar taxtining merosxo‘ri deb bilishini ochiq aytadi. Bu voqea to‘g‘risida Bo‘riboy Ahmedov: «Iskandar munshiyning keyingi hikoyalariga qaraganda, shoh Buxoro elchisiga Muhammad Ibrohimxonni qo‘yib yuborishga va’da bergan. Ammo uni e’tiborli mahbus tarzida emas, oliy hukmdor sifatida kuzatib qo‘yishini ta’kidlaydi. Aynan shu payt Boqiy Muhammadxonning Pir Muhammadxon qo‘shinini tor-mor keltirgani va Buxoroni egallagani haqida Marvdan xabar keladi», deb yozadi.

«Aynan shu payt» iborasiga diqqat qiling. Elchi qancha fursat shoh qabulida turgani bizga ma’lum bo‘lgan hech bir manbada aniq ko‘rsatilmagan. U nari borsa, Eronda bir-bir yarim oy turgandir. Pir Muhammadxonning o‘limi haqidagi xabar ham demak, 1600 yilning aprel oyida shohga yetib kelgan bo‘lsa kerak.

Ikkinchi voqea. Boqi Muhammadxon tarixini yozgan Muhammadyor ibn Arab Qatag‘an so‘zlariga qaraganda Shoh Abbos kuchli dushmanining o‘limidan keyin Muhammad Ibrohim sultonni urush zaruratlari bilan ta’minlab, Movarounnahrni qo‘lga kiritish uchun yuboradi. U yo‘lda jang¬dan omon qolib qochib kelayotgan bir guruhni uchratadi. Muallif ular to‘g‘risida: «Pir Muhammadxon amirlaridan biri Xudoynazarbiy qo‘ng‘irot qonli maydon ichidan sog‘-omon chiqib, Buxoroda qolishni ham ma’qul topmay, yuragiga yo‘l topgan qo‘rqinch cheksizligidan Buxorodan shu chiqqancha muqaddas Mashhad sari oshiqarkan hech qayerda to‘xtashni ep ko‘rmadi.

Movarounnahrga yuzlangan Muhammad Ibrohim sulton o‘zi turgan ul behisht asosli manzilda unga duch keldi», deya xabar beradi. Ular birgalikda harbiy harakatlar rejasini maslahatlashib, avval, kuchsizroq hisoblangan Balx viloyatini egallashga ahd qilinadi va Abdulamin ibn Ibodulloh sulton ustiga yurish boshlanadi. Oqibatda Abdulamin sulton «hijriy 1008 sanaga (1599 yil 24 iyul–1600 yil 12 iyul) muvofiq sichqon yili» o‘ldiriladi. Sichqon yili hozirgi milodiy hisobda 1600 yil 21 martdan boshlanib, 1601 yil 20 martda tugaydi. Voqea 1600 yil 21 mart–12 iyul oralig‘ida sodir etilgan. Shu tariqa Abdulaminxon 1598–1600 iyuliga qadar Balxda hukmronlik qilgani va Pir Muhammadxon Ikkinchidan keyin o‘ldirilgani ma’lum bo‘lmoqda. Bu paytda Boqi Muhammadxon allaqachon Movarounnahr taxtini egallab bo‘lgandi.

Uchinchi voqea. Muhammad Ibrohim sulton ham davlat tepasida ko‘p turmaydi. Uning hukmronlik davri endigina bir yildan oshganda ashtarxoniy Vali Muhammadxon unga barham beradi. Ular 1601 yilning iyul-avgust oylari Sog‘arj mavzesida to‘qnashadi. Mazkur fursatda Boqi Muhammadxon oliy hokimiyatni qo‘lga kiritganiga salkam bir yarim yil to‘lgandi.

Ushbu voqealar bizning davrimizdagi tarixchilar axtargan sananing ildizlaridir. Ular o‘zaro uyg‘unlashib, Pir Muhammadxon va Boqi Muhammadxon o‘rtasida bo‘lib o‘tgan jang vaqti akademik Bo‘riboy Ahmedov aytganiday 1601 yil emas, 1600 yil mart oxiri va aprel oyining birinchi yarmiga to‘g‘ri kelishini ko‘rsatmoqda. (Bu hijriy 1008 yilning oxirgi choragidir.) Demak, shayboniylar xuddi shu sanada ashtarxoniylar sulolasiga tarix sahnasini bo‘shatib bergan. Buni boshqa tarixiy hodisalar ham tasdiqlay boshladi. Yo‘qolgan vaqt… shu alfozda paydo bo‘ldi. Endi uning ichidagi voqeani ko‘rishga imkonimiz bor.

Jang Ruhi

Hodisada e’tiborimizni tortgan birinchi manzara Jang Ruhi bo‘ldi. U burg‘u sasi… saflar jimjitligi… tug‘lar pirpirag‘i… tabl bongida chiqib keldi va jang maydoni tepasida, bulutlardan quyiroqda qanot qoqmay muallaq turaverdi.

Ko‘z o‘ngimizdagi muallaqlik – etni jimirlatadigan sirli harakat edi. Kurash maydoniga tusha olgangina uni o‘z vujudida his qiladi. Tabiatda uni hosil qiladigan nazardan pinhoniy kuch bor. Undan kimdir umuman bexabar, u paydo bo‘lgandayoq ko‘rmasdan uning mahobatini tuyadigan ham bor… boshqa birov aniq ko‘radi. 1979 yili qirchillama qishning bir tuni Yakkabog‘ tumani To‘qboy qishlog‘ida unga duch kelganman. Katta kurash maydonida (kamida 400-500 odam bo‘lsa kerak) barchaning nafas olishi taqa-taq to‘xtadi. Davra Kurash Ruhi qanotlarida ko‘kda muallaq turib qoldi. Barcha bir navjavon bahodirning pishqirig‘ida jonini hovuchladi. Hushini, o‘zini yo‘qotdi. Atrofda uning pishqiriqqa aylanayotgan nafasidan boshqa hech qanday tovush, shiddat… unda esa aslo qo‘rquv yo‘q edi. O‘sha Tun yuraklarga shunday manzarani chizgandi.

Oldimizda bizni 413 yil oldin tarix sahifasiga chizilgan yana bir betakror tasvir kutmoqda. U Samarqand yonida shayboniylar va ashtarxoniylar o‘rtasida bo‘lib o‘tgan jang edi. O‘shanda ko‘p sarkardalar, jangchilar… yo‘lovchilar uning tepasida ham Jang Ruhi parvozini ko‘rgandi.

U kimning yelkasiga qo‘nsa, shu taraf g‘olib chiqadi. Qo‘shin safida uni ko‘rib, o‘z tomoniga chaqira oladigan birorta Yada Jangchisi bo‘lishi kerak. Jang Ruhi chaqmoqlar xizmatida turadigan, osmonni to‘ldirgan bulutlar lashkari, o‘ta o‘r qudratli bo‘ronlarni izmiga sola biladigan shu jangchiga bo‘ysunadi.

Yaqinlashuv

Ular ikkisi harakatini boshlaganda maydonda boshqa qilt etgan harakat qolmaydi. Mardlarning cho‘ng xatarni sezgan yuraklari duk-duk urishi sekinlashadi.

06

(Tashriflar: umumiy 84, bugungi 1)

Izoh qoldiring