Abduvohid Hayit. Ivan Vasilyevich (chindan ham) kasbini o’zgartiradi

021“Агар Клеопатранинг бурни кичикроқ бўлганида бутун ер юзи ўзгача қиёфага эга бўлган бўлар эди ”, – деган француз олими ва мутафаккири Близ Паскал фикрининг маъноси шуки, аслида инсоният тарихи бир бутун ҳодиса, шу боис бугунги воқелигимизнинг илдизлари фақат ўз тарихимиз эмас, баъзан бошқа халқлар тарихига ҳам бориб тақалиши мумкин.

Абдувоҳид ҲАЙИТ
ИВАН ВАСИЛЬЕВИЧ (ЧИНДАН ҲАМ)
КАСБИНИ ЎЗГАРТИРАДИ


Мен Одам Атодан то бугунги кунгача ўтган барча жиноятчилардан жинояткорроқман…
Иван Грозный, 1572

034Тарихнинг шундай саҳифалари борки, сабоқ учун баъзан варақлаб туришга тўғри келади. Тарих бизники ёки бошқа халқники бўлиши мумкин – лекин унинг бизга дахли йўқ деёлмайсиз. “Агар Клеопатранинг бурни кичикроқ бўлганида бутун ер юзи ўзгача қиёфага эга бўлган бўлар эди (1)”, – деган француз олими ва мутафаккири Близ Паскал фикрининг маъноси шуки, аслида инсоният тарихи бир бутун ҳодиса, шу боис бугунги воқелигимизнинг илдизлари фақат ўз тарихимиз эмас, баъзан бошқа халқлар тарихига ҳам бориб тақалиши мумкин.
Иван Грозный, тўғрироғи, Ёвуз Иван (Иван IV) бизга совет (2) даври тарих китоблари, адабиёт, кино асарлари орқали таниш. Аммо совет даврида тарих, хусусан, Иван IV шахси ҳам синфийлик нуқтаи назаридан ўрганилган ва бу ҳамон ўзбек ўқувчиси онггида таҳрир этилмаган. Иван IV яккаҳокимлик (самодержавие) ўрнатиш йўлида опричниклик каби аччиқ тажриба ўтказган, бу жазо машинаси унга асло фаровонлик келтирмаган, охир-оқибат ўз фарзанди қотилига айланган мураккаб шахс. Россия тарихининг, шунингдек, Иван IV нинг ҳам туркий халқлар билан алоқадор жиҳатлари кўп. Ушбу мақолада мавзуни шу нуқтаи назардан ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Иван IV шажараси илк Рус давлати асосчиси Рюрикка бориб тақалади. Шу боис, мавзу тушунарлироқ бўлиши учун, сўзимиз аввалида илк Рус давлати ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтишга тўғри келади.

КИЕВ РУСИ ВА “РУС ҲОҚОНЛИГИ”

Расман Россия тарихи IX асрда ҳозирги Россия ғарби, Украина шимолида Киев Руси (Киевская Русь) давлати пайдо бўлишидан бошланади. Монах Нестор ва бошқа муаллифлар қаламига мансуб “Илк йилнома” (“Повесть временных лет”) асари Киев Руси ҳақидаги асосий манбалардан биридир. Несторга кўра, бир неча славян ва фин-угор қабилалари скандинавлардан бўлган варягларга: “келиб, бизга ҳукмронлик қилинг”, – деган мазмунда Чақирув (“Призвание варягов”) йўллайди. Чақирувга жавобан уч ака-ука варяглар: Рюрик, Синеус ва Трувор келишади ва Рюрик томонидан Улуғ Новгород шаҳрида илк Рус давлатига асос солинади.
Варяг деган алоҳида миллат йўқ, славянлар қадимда Скандинавия яриморолидан чиққан халқларни “варяг” деб билган, Болтиқ денгизининг қадимги славянча номи – “Варяг денгизи” бўлган. Айни ўша пайтларда Америка қитъасигача етиб келган викингларга қариндош варягларнинг мақсади аслида рус давлатини қуриш эмас, славянлар ерларидан ўтиб, Константинополга, Румга (Византияга) ҳужум қилиш эди. Ўша пайтларда Болтиқ денгизидан дарё сув йўллари орқали Азов ва Қора денгизларига туташиб, Константинополгача борадиган, худди Буюк ипак йўли каби, тижорат йўли мавжуд эди. Киев шаҳри “варягдан юнонгача” (“из варяг в греки”) деб номланган мазкур тижорат йўлидаги муҳим шаҳар эди. Хуллас, илк Рус давлати шу тижорат йўли шарофати билан майдонга келди. Рус давлати қурилишидан олдин Киев ва унинг жанубидаги ерлар Хазар турклари хоқонлиги таркибида эди. Киев Руси жанубга томон Хазар хоқонлигига мансуб ерлар ҳисобига кенгайди.
Аммо ҳали варяглар (862 йил) “чақирилмасдан” бурун, 839 йилга оид Оврўподаги Сант-Бертин аннали деган бир ҳужжатда қайд этилишича, бир рус (rhos) элчиси Константинополь орқали Ингелҳейм шаҳрига келган ва ҳукмдорларининг унвони – “хоқон” (“chacanus”) эканлигини, хоқон номидан келганини билдирган (3). Россия Фанлар Академиясида тайёрланган “Энциклопедия “Слова о полку Игореве” қўлланмасида ёзилишича, Киев Русининг дастлабки ҳукмдорларига нисбатан “хоқон” (“каган”) унвони ҳам “князь” билан биргаликда қўлланилган. Ибн Руст ва бошқа Ислом олами тарихчилари бажанаклар (печенеглар) ва сақолиблар (славянлар) яшайдиган ҳудудлар ўртасида “рус хоқонлиги” бўлганлигидан хабар берган. Америкалик тарихчи Н.В.Рязановский (4) ва бошқа тарихчилар, жанубий ҳудудларда Киев Русидан олдин Рус хоқонлиги бўлган бўлиши мумкин, Киев Русининг дастлабки ҳукмдорларига нисбатан “хоқон” унвони ҳам қўлланилиши эса ушбу ерларда улардан олдин ҳукмронлик қилган Хазар хоқонлиги таъсирида бўлган, деган фикр билдиради.
Аммо варяглар скандинавлардан бўлгани учун илк рус давлати ҳукмдорлари ўзларини “князь” деб аташган. Швед ва бошқа герман тилларида “kuning” – “ҳукмдор”, “kuningaz” (инглизча “king” сўзига ўзакдош) – “шаҳзода”, “ҳукмдор” маъноларини билдирган (5)  ва “князь” – “kuningaz”нинг славян тилларига мослаштирилган шаклидир.

КИЕВ РУСИ НЕГА ИСЛОМНИ ҚАБУЛ ҚИЛМАДИ?

Киев Руси ўша даврларда шарқдан Волга Булғорияси (татарча: Эдил Булғар) билан чегарадош эди. Идил булғор турклари, ҳозирги татар ва бошқирдларнинг аждодлари, 922 йили Ислом динини қабул қилди, кейинчалик эса кучсизланиб қолган Хазар хоқонлигидан ажралиб чиқди. Несторга кўра, 986 йили булғорларнинг элчилари Киевга келиб, улуғ князь Владимирни Ислом динини қабул қилишга даъват этади. Аммо руслар Ислом дини шартларини, айниқса, маст қилувчи ичимликларнинг тақиқланишини эшитиб, “Русда ичиш завқлидир, ичимликсиз биз яшолмаймиз” (“Руси веселье питье, не можемь безъ того быти (6)”), деб Ислом динини рад этади. Олтин Ўрда инқирозидан кейин Волга Булғорияси ўрнида Қозон хонлиги пайдо бўлди ва Иван VI томонидан босиб олинди.
Киев Руси жануби-шарқида илгари Хазар хоқонлиги таркибида бўлган туркий ва бошқа қавмлар яшар эдилар. Кейинчалик, Олтин Ўрда таназзулидан сўнг, бу ҳудудларда Катта Ўрда, Кўчманчи Ўзбеклар давлати, Нўғай хонлиги, Ҳожи Тархон (Астрахан) хонлиги пайдо бўлади. Кейинчалик Ҳожи Тархон Иван IV томонидан босиб олинди.
Киев Руси жануби, Қора денгиз шимолидаги ерларда эса ўғузлардан бўлган бажанаклар (русча: печенеги) ҳукмрон эди, Маҳмуд Кошғарий ҳам бажанакларни энг ғарбий, Румга (Византияга) энг яқин яшайдиган қабила, дейди ва ёзади: “Румгача чўзилган булғар, сувар, бэжэнэклар тили бир хилдаги сўзларнинг охири қисқартирилган бир туркчадир (7)”. XI асрда бажанаклар ўрнини қипчоқлар эгаллади, бажанак турклари ғарбга – Дунай дарёси томон сиқиб чиқарилди. Олтин Ўрда инқирозидан кейин бу ҳудудда Қирим хонлиги пайдо бўлди.

“БОЯРЛАР” – “БОЙЛАР”МИ?

Киев Руси иқтисодиёти асосан тижоратга қурилган эди. Киев Русининг дастлабки шаклланиш даврида князга ҳарбий юришларда ҳамроҳлик қилган унинг “дружина”си “сиёсий элита” ҳисобланган бўлса, кейинчалик, князга энг яқин тоифа – боярлар табақаси пайдо бўлди.
Боярлар думаси, яъни кенгаши рус давлатчилигида пайдо бўлган дастлабки сиёсий институтлардан бири эди, аммо у асло ғарбдаги парламентнинг муқобили бўлмаган, боярлар думасининг вазифаси князь ҳукмронлигини чеклаш ёки баҳам кўриш эмас, князга маслаҳат бериш, у билан ҳамкорлик қилишдан иборат бўлган холос. “Бояр” деганда ҳукмрон оилага, яъни князларга мансуб бўлмаган мулк эгалари, жамиятда алоҳида мавқега эга, саройга, ҳукмдорга яқин шахслар тушунилган.
Мутахассислар “бояр” (русча: “боярин”) сўзи этимологияси хусусида ҳамон бир тўхтамга келишмаган. М.Ф.Фасмер “Этимологический словарь русского языка” луғатида бир қанча изоҳлар қаторида бу сўзнинг дунай булғорлари (турк) тилидан рус тилига ўтгани, дастлаб бу сўз “боларин” шаклида дунай бўлғорлари томонидан қўлланилганини келтиради. Баъзи мутахассисларга кўра, “бояр” сўзи туркча “бай” (“бой”) ва “+äр” (“эр”) сўзлари қўшилишидан ясалган. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида “бай” сўзи бор, лекин айнан “бай эр” шакли учрамайди, шу билан бирга, “Девон”да “эр” сўзи қўшиб ясалган бошқа сўз бирикмаларини кўриш мумкин: “тиғрақ эр” – чаққон, ғайратли одам; “қулсиғ эр” – қилиқлари қулга ўхшаган, қулсимон одам; “қирғил эр” – ўрта ёшли одам ва ҳоказо (8). Бизга эса, агар бу сўз туркча этимологияга эга бўлса, кўплик шаклидаги “байлар”дан славянча “боларин” келиб чиққандай туюлади.
“Дружина”, “друг” сўзлари рус тилига скандинав, герман тилларидан ўтган бўлиб, “ҳарбий гуруҳ”, “аскар”, “дўст” каби маъноларни билдирган. Россиялик тилшунос Ю.А.Клейнер “бояр” сўзи ҳам скандинавча: “bœr – bœjarmenn” – “қурғонга, саройга оид” маъносидаги сўздан келиб чиққан, деган фикрни илгари сўради.
Н.В.Рязановскийнинг ёзишича, боярлар таркибига кейинчалик майда князларнинг ҳам қўшилиши оқибатида уларнинг сафи ниҳоятда кенгайиб кетди ва ҳатто ҳукмдорнинг ваколатларини чеклайдиган омиллардан бирига айланди. Иван IV (Грозный) болаликдан Боярлар думаси билан зиддиятга киришиб, бир умр уларга қарши курашиб ўтди (9).

АМИР ТЕМУР ҲИССАСИ

Киев Русидан кейин Россия тарихида “меросхўр (майда) князликлар” (“удельные княжества”) даври бошланади. Гап шундаки, илк Рус давлати ҳукмдорлари, яъни князларининг ворислик анъанаси йўқ эди. Князь ўлгач, унинг мулки барча ўғил фарзандларига бўлиб берилар, оқибатда мамлакат тезда бир-бирига душман майда князликларга бўлиниб кетди ва Жўчи улуси (Олтин Ўрда) ҳукмронлиги даврида улар Олтин Ўрда вассалларига айланди. Бу вассаллик уч аср – Олтин Ўрда инқирозидан кейин ҳам қарийб яна бир асир давом этди. Олтин Ўрда инқирози 1395 йилнинг 15 апрелида Терек дарёси бўйида Тўхтамишхон қўшинининг Соҳибқирон Амир Темур лашкари томонидан тор-мор этилишидан бошланади.
Хўш, Амир Темур бўлмаганида бугун Россия деган давлат бўлиши мумкинмиди?
Тўхтамишхон даврида Жўчи улуси (Олтин Ўрда) анча заифлашиб қолган бўлсада, ҳали ўз мавқени бутунлай йўқотмаган эди. 1382 йили Тўхтамиш Москвага ҳужум қилиб, шаҳарни ишғол этган, Ўрдага қайтгунча, йўл-йўлакай, бир неча рус шаҳарларини ҳам талон-тарож қилиб қайтган эди. Терек дарёси бўйидаги жангдан кейин Жўчи Улуси секин-аста иқтисодий барқарорлигини йўқота бошлади. Орадан чорак аср ўтиб Жўчи Улусидан Сибир хонлиги (1420), Ўзбек хонлиги (1428), Қозон хонлиги (1438), Қирим хонлиги (1441), Нўғай Ўрдаси (Манғит юрти – 1440), Қозоқ хонлиги (1465) ажралиб чиқди. Жўчи Улусининг вориси бўлиб қолган ҳудуд эса энди Катта Ўрда (Улуғ Ўрда) деб аталиб, Сарой-Беркани ўз пойтахти этиб сақлаб қолди. Москва эса энди Катта Ўрдага вассал бўлиб қолаверди. Гарчи Москванинг Катта Ўрдага вассаллиги сақланиб қолган бўлсада, шубҳасиз, Амир Темурнинг Жўчи улусига берган зарбаси рус ерларини бирлаштириш ҳаракатига ҳам туртки бўлди.
“Рус ерларини бирлаштириш” («собирание русских земель») ҳаракатини бошловчиси сифатида тарихга кирган Иван III (Иван IV, яъни Грозныйнинг бобоси) 1476 йилгача Катта Ўрдага ўлпон тўлашда давом этади. Вернадскийга кўра, Иван III нинг 1476 йили Катта Ўрдага ўлпон тўлашни рад этишида унинг румлик хотини Софья Палеологнинг ҳам таъсири бўлган. Софья Палеолог Рум (Византия) империясининг сўнгги императори, палеологлар сулоласи вакили Константин Палеологнинг жияни эди. Ўлпон тўлаш тўхтатилгач, албатта, Катта Ўрда билан тўқнашув муқаррар эди.
Бу пайтда Иван III Новгород князлигини Москва князлигига қўшиб олган, секин-аста кенгайиб бораётган эди. Бу эса Москванинг доимий рақиби Литва князлиги ва Польша қироллигига маъқул эмас эди. 1480 йили Литва улуғ князи ва Польша қироли Казимир IV Катта Ўрда хони Аҳмадхон билан Москвага қарши иттифоқ тузади. Айни пайтда, Қирим хонлиги Москва билан иттифоқдош, аммо Катта Ўрда билан уруш ҳолатида эди. 1480 йилнинг кузида Угра дарёси бўйида Катта Ўрда ва Москва қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жангга Литва-Польша ҳарбий ёрдам кучлари етиб келолмайди. Сабаби йўлда улар Қирим хонлиги қўшинлари билан тўқнаш келади. Шундай қилиб, Угра жангида қозонилган ғалабадан кейин Москва узил-кесил мустақил бўлади.

ИККИ БОШЛИ БУРГУТ

Рум (Византия) империясининг пойтахти Константинополь (бугунги Истанбул) ортодокс насронийларининг маркази, “иккинчи Рим” сифатида кўрилар эди. 1453 йили Константинополь фотиҳ Султон Меҳмет томонидан фатҳ этилди. 1480 йили Москва Катта Ўрда вассаллигидан халос бўлди. Майда-майда бўлиб кетган князликларни қўшиб, сотиб олиб, ёрлиқ бериб, босиб олиш йўллари билан кенгайган Москва энди янги Рус давлатининг марказига айланди. Энди бу янги давлатга бир мафкура керак эди. Ўша даврда руҳоний (метрополит) Филофей: “Икки Рим қўлади, учинчиси турибди, тўртинчиси – бўлмайди”, (“Два Рима пали, третий стоит, а четвёртому не бывать”) – дея, Москвани – “учинчи Рим” деб атайди.
Умуман, тарихда Рим империяси ворислигига даъвогар мамлакатлар кўп бўлган. Рим – бу ерда рамзий, насронийларнинг “Макка”си ўрнида кўрилиб, ҳар доим ундан мафкура сифатида фойдаланилган. Филофей мантиғига кўра, Москва ортодокс—православлар маркази бўлиши керак эди. Тарихчи олим Г.В.Вернадский ёзади: “Филофейга кўра, рус тсари Рум (Византия) императори меросхўри бўлиши, янги рус ҳукумати Рум империяси сингари черков ва давлат бирлигидан иборат бўлиши керак эди ”(10).
Рум империясининг: “император айни пайтда бош руҳоний ҳамдир”, деган маънони билдирувчи сўнгги рамзи: “икки бошли бургут” тасвири ҳам Иван III даврида Рус давлати рамзи (герби) сифатида қабул қилинди. Шунингдек, юқорида зикр этилганидек, Иван III нинг иккинчи хотини, Иван IV (Грозный) нинг бувиси – Софья Палеолог сўнгги Рум императори – Константин Палеологнинг жияни эди. Бу ҳам Москванинг ворислик, империяга даъвогарлигига дастак бўлган омиллардан бири эди.

ШУБҲАЛИ ТУҒИЛИШ

“Рус ерларини бирлаштириш” («собирание русских земель») Иван III дан кейин унинг ўғли Василий III даврида ҳам давом эттирилди.
Василий III биринчи хотини – Соломония Сабуровадан фарзанд кўрмади. Соломония таниқли боярлар сулоласи – сабуровлардан эди. Рус тарихчиси князь П.В. Долгоруковнинг “Российкая родословная книга” китобида ёзишича, Россия тарихида муҳим ўрин тутган насллар: сабуровлар, годуновлар, велъяминов-зерновлар татар (турк) миллатига мансуб – Чет Мурза исмли шахсга бориб тақалади. Чет Мурза Иван Калита замонида Олтин Ўрдадан чиқиб, Москвага келган (1330) ва Захария исми билан насронийлик динини қабул қилган (11). Шундай қилиб, Василий III нинг биринчи хотини – Соломония Сабурованинг қадим аждодлари туркийлар бўлишган (Шу ўринда изоҳ бериб ўтиш керакки, рус манбаларида Олтин Ўрда таркибидаги барча туркий халқларга нисбатан “татар”, дейилган. Ваҳоланки, ўзбекнинг тўқсон икки уруғи ҳам Олтин Ўрдадан чиққан эди).
Василий III, фарзанд кўрмагач, иккинчи хотинга – князь Василий Глинскийнинг қизи – Елена Глинскаяга уйланади ва улардан икки фарзанд: Иван (Грозный) ва Юрий туғилади. Одамлар бу фарзандлар Василий III дан эмас, Елена Глинскаянинг жазмани, келишган, ёш князь Тепелев-Оболенскийдан, деган миш-миш ҳам тарқатишади.
1533 йили Василий III қўққисдан вафот этади, 3 ёшли Иван (IV), ҳали эсини танимасдан, тахтга ўтиради. Бу номигагина, расман эълон қилинган эди, мамлакат унинг онаси – Елена Глинская регентлигида, князь Тепелов-Оболенский кўмагида бошқарилади.
Хўш, Елена  Глинская ким? Л.Н.Гумилев (12) ва бошқа тарихчиларга кўра, литва князлари – глинскийлар чингизийлар саркардаси Мамайга бориб тақалади. Мамай (Кичи Муҳаммад) Оқ Ўрда хони Бердибекнинг туманбошиси ва бекларбегиси бўлиб, қиёт уруғидан эди. Шу боис тахтга ҳеч қачон даъво қилмади, чингизийлар хизматида бўлди. Рус тарихчиси П.В.Долгоруков (1817-1868) ўзининг “Российская родословная книга” асарида глинскийлар шажараси ҳақида батафсил тўхталади: “Мамай Куликово жангида ютилиб, Дон дарёси қуйилиши ҳудудига қочди. У ерда Кўк Ўрда хони Тўхтамишдан енгилиб, Қиримдаги генуаликлар қасри Кафага чекинди ва генуаликлар томонидан ўлдирилди. Мамайнинг ўғли Мансур Қиёт Дон ва Дунай дарёлари оралиғида кўчиб юрди ва отасидан кейин кўп яшамади. Ундан икки ўғил: Лексу (?) ва Скидир (Искандар?) қолди. Искандар ўз туялари билан Азов (Азақ) денгизи томон кўчди ва бедарак йўқолди. Лексу Литва улуғ князи Витовтга қасамёд келтирди. Киев шаҳрида насронийлик динини қабул қилиб, Александр исмини олди. Витовт унга Глинск ва Полтава шаҳарларини мерос (удель) қилиб берди ва Александр ўзини “князь Глинский” деб ёзадиган бўлди… ” (13).
Бошқа манбаларга кўра, Мансур Қиёт ҳозирги Украина жануби, ўша даврда Литва князлигига қарашли Полтава ва Глинск ҳудудларида Мансур князлигига асос солади. Мансур князлиги пойтахти Глинск шаҳри эди. 1391 йили Мансур Қиёт Амир Тимур қўшини билан тўқнашувда Самара шаҳри остонасида ўлдирилган. Аммо баъзи тарихчилар глинскийларнинг Мамайга бориб тақалиши, биринчи Глинский – Александрнинг Мансур Қиёт ўғли бўлганлигига шубҳа билан қарашади.
Хуллас, П.В.Долгоруковга кўра, Мамай авлодлари шу тариқа литва князлари – глинскийларга айланади. 1508 йили уч ака-ука глинскийлар: Иван, Василий, Михаил Львовичлар Москвага кўчиб ўтади. Л.Н.Гумилевга кўра, глинскийлар ҳам ўша даврда ҳукмрон сулола рюриковичлардан кам мавқега эга эмас эди. Елена Глинская князь Василий Львовичнинг қизи эди.

БОЛАЛИКСИЗ БОЛАЛИК

Елена Глинская 1538 йили, эри вафотидан беш йил ўтиб, тахминларга кўра, заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Г.В.Вернадский ёзади: “Кичик Иванга онаси тириклигида, яъни саккиз ёшигача яхши ғамхўрлик қилишди. Онаси ўлимидан кейин эса уни суюкли тарбиячиси, онасининг жазмани Оболенскийнинг синглиси Аграфена Челяднинадан ҳам маҳрум қилишди. Бола уни хушламайдиган муҳитда ўзини мутлақо ёлғиз ҳис қиларди. У икки қарама-қарши қутбда яшарди: бир томондан, расман улуғ князь ўлароқ сарой ва черков маросимларида муҳим ўрин тутар, тантанавор тахтда ўтирарди, хорижий элчиларни қабул қилганда унга хушомад қилишар, юзаки ҳурмат кўрсатишарди. Бошқа пайтларда эса уни мутлақо унутишар, камситишарди, ҳатто қорни тўйиб овқат емасди. Нафақат унинг улуғ князь мақомига, балки отаси Василий III хотирасига ҳам ҳурматсизлик кўрсатишарди ” (14).
Елена Глинская ўлимидан кейин давлатни бошқариш Боярлар думаси зиммасига тушади, лекин дума аъзолари ўртасида зиддият кучли эди, князлар: Шуйский ва Вольский гуруҳлари ўртасида ҳокимият учун кураш боради. Кичик Иван, айниқса, шуйскийлар томонидан кўп камситилади.
Иван IV кейинчалик Андрей Курбский(15)га ёзган мактубида болалигини шундай эслайди: “Ўшанда устим юпун, очликдан не дардларни бошдан кечирмадим. Иродам мутлақо ўзимга тегишли эмас эди, ҳамма нарса менинг ихтиёримга қарши эди. Бир воқеани яхши эслайман: биз укам Юрий билан ўйнаб ўтирардик. Князь Иван Шуйский тирсагини отамнинг тўшагига, оёғини ўриндиққа қўйиб курсида ўтирар, бизга эътибор ҳам бермас эди. Бу такаббурликка қандай чидаш мумкин ”(16). Албатта, арзимаган бу эътиборсизлик Иван Шуйскийга қимматга тушади ва кейинчалик боши билан жавоб беради.
13 ёшли Иван тенгқур дўстлари билан базм қилиб турганда бошқа бир Шуйский – князь Андрей унинг бир ўртоғини тутиб калтаклайди. Шундан сўнг Иван IV Андрей Шуйскийни қамашга буйруқ беради, аммо қамоққа боргунча Иваннинг одамлари князни ўлдириб қўйишади. Кимнидир сийлаш ёки кимнидир қатлга буюриш Иваннинг кайфияти ўзгаришига боғлиқ эди.
Андрей Курбскийнинг ёзишига, ёвузлик, шафқатсизлик болалигидан Иваннинг фитратида бор эди. Унинг болаликдаги энг севимли ўйинларидан бири – ўз кўшкининг юқори қавати деразасидан ҳайвонларни пастга ташлаб, уларнинг қийналиб ўлишини кузатиб лаззатланиш бўлган. Ёш Иван ёвуз бўлиш билан бирга кучли зеҳният соҳиби ҳам эди. Айниқса, Инжил ва бошқа диний адабиётларни муккасидан кетиб ўқир, улардан шоҳликнинг илоҳиёт билан боғлиқлиги хусусида хулосалар чиқаришни хўш кўрарди, деб ёзади Г.В.Вернадский.

“САЛОМ, ШОҲ”

1547 йил 16 январда Кремлнинг Успенский соборида Иван IV га (16 ёшида) “Бутун Русия тсари” сифатида тож кийдирилди. Унгача Киев Русида ҳам, Москва давлатида ҳам ҳукмдорга “улуғ князь” (“великий князь”) сифатида тож кийдириларди. “Иван III ва Василий III га нисбатан ҳам баъзан “тсар” (“царь”) дейилган, аммо биринчи марта расман Иван IV “тсар” деб эълон қилинди ”(17), – деб ёзади Г.В.Вернадский. Хўш, нега “улуғ князь” эмас, “тсар”?
Юқорида зикр этилганидек, «Москва – учинчи Рим”, Константинополнинг вориси, деган мафкура Иван III даврида руҳоний Филофей томонидан тарғиб этилган. Ўша пайтларда Константинополнинг славян тилларидаги бошқа бир номи – “Царьград”, Рум императори эса – “царь”, деб ҳам аталарди (Киев Руси даврига оид манба – “Повесть временных лет” асарида Рум (Византия) императори – “цесарь”, Константинополь – “Цесарьград”, деб аталган (18) ).
Гап шундаки, эрамиздан олдинги Рим республикасининг дастлабки ҳукмдори Гай Юлий Сезар исми ундан кейинги ҳукмдорлар номига ҳам “Гай Юлий Сезар” ёки “Сезар” шаклида қўшиб айтилган ва кейинчалик у “ҳукмдор”, “император” сўзларининг синонимига айланган ва шу маънода бошқа оврўпо тилларига ҳам ўтган. М.Ф.Фасмер: “царь” сўзининг манбаси “cěsarь” – “император”, гот тилидаги “káisar” (“император”) орқали лотинча “cаеsаr”га бориб тақалади”, – деб ёзади (19).
Лотин тилида бу сўз “кайсар”га яқин талаффуз қилинган, шу боис шарқ тиллари ва улар орқали ўзбек тилига ҳам “қайсар” шаклида ўтган, айтайлик, “Рум императори”га нисбатан мусулмон ўлкаларда “Рум қайсари” дейилган. “Темур тузуклари”да ҳам Усмонли давлати – “Рум мамлакати”, Султон (Йилдирим) Боязидга нисбатан эса – “Рум қайсари”, дейилади (20). 1453 йил Константинополь фатҳидан кейин Султон Меҳмет ҳам Константинополь бош руҳонийси (патриархати) томонидан “Рум қайсари” деб аталган.
Хуллас, Иван IV га “тсар” деб тож кийдирилишида Москва Ғарбий Рим империяси, ундан кейин Шарқий Рим империяси (яъни, Рум – Византия) нинг вориси, “учинчи Рим”, деган даъво бор эди. Бу анъана Романовлар сулоласи вакили Пётр I гача давом этди. 1721 йили Пётр I нинг “царь, улуғ князь” унвони “Бутун Россия императори” унвони билан алмаштирилди. Аммо кейинги даврларда ҳам “царь”, “царизм”, “царская Россия” каби атамалар истеъмолдан чиқиб кетмади. Ўтмишда бу атамалар ўзбек тилига “чор”, “чоризм”, “Чор Россияси” деб таржима қилинган.

ОҚ ПОДШО

Одатда, “царь” туркий тилларга “шоҳ”, “подшоҳ” деб таржима қилинади. Юқорида гувоҳи бўлдикки, “царь” атамасига юкланган алоҳида, фақат рус воқелигига хос маъно бор. Шу боис бу атама ғарб тилларига кўпинча “tsar”, “czar”, “le tsar”, “der zar” шаклларида таржимасиз берилади. Шунингдек, рус тилига: “шоҳ” сўзи – “шах”, “хоқон” – “хакан”, – деб ўгирилгани каби ўзбек тилида ҳам “царь”ни “тсар” (“tsar”) деб ёзиш мақсадга мувофиқ ва, шу боис, биз ушбу мақолада “шоҳ” ёки “подшоҳ” эмас, айнан “тсар” деб қўллашни маъқул топдик. Ўтмишда “царь”нинг “чор” (“چار”) дейилиши араб ёзуви билан боғлиқ ҳодиса бўлган.
Оврўосиёчилик (евразийство) сиёсий-фалсафий оқими асосчиси, лингвист Н.С.Трубецкой Россия Киев Русининг эмас, Олтин Ўрданинг вориси, деган ғояни илгари сўради (21). Н.С.Трубецкойга кўра, Чингизхон ўз давлатини шарқдан ғарбга томон кенгайтирган бўлса, Россия айни шу ҳудудларда, аксинча, ғарбдан шарққа қараб кенгайди. Албатта, бу қарашда империячилик кайфияти уфуриб турибди. Оврўосиёчилик оқимининг яна бир йирик вакили Г.В.Вернадский шундай ёзади: “Олтин Ўрда дастлаб Оқ Ўрда сифатида маълум эди. Оқ Ўрда хонининг вориси ўлароқ Москва ҳукмдори энди ўзининг татар ва мўғул вассаллари учун “Оқ хон” ёки “Оқ подшо”га айланди (22)”. Оқ ранг туркий халқларда ғарбни билдирар эди. Шу боис Туркистон ерлари Россия томонидан босиб олингандан кейин ҳам Россия императорлари туркистонликлар томонидан “оқ подшо” деб аталган.

ИСЛОҲОТЧИ ИВАН

Иван IV ҳукмронлик даврини икки қисм: яхши ва ёмон қисмларга бўлиш мумкин, дейди Н.В.Рязановский (23). Тож кийдириш маросимидан кейин орадан икки ҳафта ўтиб (1547 йилнинг 3 феврали, 16 ёшида), Иван IV ёш ва гўзал Анастасия Романовна (Захарьина-Юрьева) га уйланди. Анастасия шарофати билан боярлар наслидан бўлган Захарьин-Юрьевлар илк бор тахтга яқинлашди ва орадан 66 йил ўтиб (1613) Романовлар сулоласи сифатида ҳукумат тепасига келди ва уч аср давомида Россия империясини бошқарди.
“Ёш тсар ўзининг гўзал ва оқила рафиқасининг ижобий таъсири остида зиёли ва чуқур билимга эга шахслардан иборат кичик бир гуруҳ билан ҳамкорлик қилди. “Сайланган кенгаш” (“Избранная Рада”) деб аталувчи бу гуруҳга: митрополит (бош руҳоний) Макарий, руҳоний Сильвестр ва кичик суд ходими Алексей Адашевлар кирар эди ” (24), – деб ёзади Н.В.Рязановский. Шу ўринда метрополит Макарий ҳақида икки оғиз сўз: тож кийдириш маросимини бошқарган ва Иван IV ни “тсар” деб эълон қилган, болаликдан то умрининг охиригача тсарга яқин қолган, подшоҳнинг ғазабига ҳам, қувғинга ҳам учрамаган ягона шахс Макарий эди. Қолган барча тсар билан яқин ҳамкорлик қилганлар, хусусан, Сильвестр ва Адашев ҳам, Иван IV ҳукмронлик даври иккинчи палласи – “ёмон қисми”да албатта ё ғазабга учраган, ё қувғин қилинган, ё қатл этилган.
Илгари барча муҳим қарорлар Боярлар думасида муҳокама қилинган бўлса, энди ислоҳотлар, ўзгаришлар кичик гуруҳ – “Сайланган кенгаш” (“Избранная Рада”) да муҳокама этиларди. Ҳали майда князликлар даври таъсири ўтиб кетмаган, марказлашган давлат қуришга тўғоноқ бўладиган омиллар кўп эди. Шу боис Иван IV дастлаб “Сайланган кенгаш” билан енг шимариб асосий қонунлар мажмуаси – “Судебник”ни янгилашга киришиб кетди. 1550 йили тузилган юз бобдан иборат “Судебник” жойлардаги майда меросхўр князларнинг имтиёзларини камайтирар, марказлашган давлат суд органлари ҳуқуқларини оширар эди. “Янги тизим жойларда марказий ҳукумат суд вакилларининг порахўрлик, зулмкорлик билан шуғулланишини олдини олиш мақсадида жойларда аҳолига ҳам судда иштирок этувчи ўз вакилларини сайлаш ҳуқуқини берди”, – деб ёзади Н.В.Рязановский(25) . Яъни, давлат суд вакили аҳоли томонидан сайланган вакил иштирокисиз суд қила олмас эди. Хуллас, Иван IV “судебник”и ундан олдинги (1497) – биринчи “судебник”ка нисбатан анча прогрессив эди.
Шу ўринда бир аҳамиятли жиҳатга эътибор қаратмоқчиман: Киев Руси даврида Ярослав Мудрый томонидан жиноят ишлари ва меросхўрлик масалаларини тартибга солувчи “Русская правда” қонунлар мажмуаси яратилган (XI аср). 1497 йилги Иван III жорий этган биринчи “судебник”ка ҳам “Русская Правда” асос қилиб олинган. Орадан ярим аср ўтиб, 1550 йили Иван IV мазкур “судебник”ни янгилаб, уни 100 бобга етказади. Афсуски, Олтин Ўрда ёки кўпгина туркий давлатларда қонунчиликда бундай тадрижийлик йўқ эди.
.

ҚОСИМ ХОНЛИГИ

Иван IV ҳарбий соҳада ҳам қатор ислоҳотлар ўтказди. Ўша пайтларда Қозон ва Қирим татарлари Москва давлатига тез-тез босқинлар уюштириб тутар, ғарбдан эса Литва князлиги ва Польша қироллиги таҳдиди мавжуд эди. “Москванинг кучли ва самарали армияга эҳтиёжи бор эди. Шу мақсадда найзачилар (стрельцы) корпуси кенгайтирилди, кўнгилли казаклар армияга жалб этилди. Бу борада Қосимов татарлари катта ёрдам кўрсатди”, – деб ёзади Г.В.Вернадский.
Қосимов татарлари – бу номга қуйида яна кўп дуч келамиз – шу боис, ушбу ўринда Қосим хонлиги ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтишга тўғри келади: Москванинг шундоқ биқинида (250 км), ҳозирги Рязань области ҳудудида 1452-1681 йиллар мобайнида мавжуд бўлган мазкур хонликка Олтин Ўрда хони, кейинчалик Қозон хони, Чингизхон наслидан бўлган Улуғ Муҳаммадхон ўғли Қосим асос солган ва шу боис Қосим хонлиги деб аталган. Шаклан Олтин Ўрданинг бир парчасига ўхшаш, мазмунан Москвага тобеъ Қосим хонлиги Москва ҳомийлигида майдонга келган эди. Хонликнинг аҳолиси асосан туркий қавмлар (рус манбаларига кўра, татарлар), мишор-татарлари ва мордвинлардан иборат, асосий дини – Ислом бўлган. Руслар томонидан Қосим хонлиги – “Касимовское царство”, унинг хони – “касимовский царь”, деб аталган. Қосим хонлиги армияси асосан казаклардан иборат эди. Юқорида қайд этилганидек, қосимов татарлари Иван IV нинг ҳарбий ислоҳотларида катта ёрдам берди, рус армиясининг муайян қисмини хизматга ёлланган қосимов татарлари ва казаклар ташкил этар эди.

“ҚОЗОННИ ОЛГАНМАН, АСТРАХАННИ ОЛГАНМАН”

Москва марказлашган давлат қуриш, империячилик режаларини тузаётган бир пайтда унга қўшни туркий халқлар: Қозон хонлиги, Қирим хонлиги, Сибир хонлиги, Нўғай хонлиги, Ҳожи Тархон хонлиги ва ҳоказо хонликларга бўлиниб кетган эди. Қозон ва Қирим татарлари Москва давлатига уюштирган босқинларда кўплаб ўлжа ва асирлар билан ортга қайтишар, асирлар Қозон ва Қиримдаги қул бозорларида сотилар ва бу яхши даромад манбаи эди. “1551 йили Қозонда юз мингга яқин асирга тушган руслар бор эди  (26)”, – деб ёзади Вернадский.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Қозон ва Ҳожи Тархон (Астрахан) нинг олинишида фақат ҳарбий амалиёт эмас, Москва юргизган сиёсат ҳам муҳим роль ўйнаган. Айтайлик, ўша даврларда татар ва бошқа туркий қавмлар асилзодалари, мурзалари Москва томонга ўтса ёки насронийликни қабул қилса, улар ўша заҳоти дворян (ҳукумат одами), бояр ёки князь ҳисобланар ва рус зодагонлари билан бир хил имтиёзларга эга бўлар эди. Тарихчи Н.П.Загоскиннинг ҳисобига кўра, ўша даврда 156 рус дворян оиласининг келиб чиқиши ё татар ёки бошқа Шарқ миллатларига мансуб бўлган. Дин масаласида ҳам Москва бағрикенглик сиёсатини танлайди. 1570 йили рус элчиси И.П. Новосильцев турк султонига Иван IV нинг Ислом динига муносабати хусусида шундай маълумот беради: “Бизнинг ҳукмдоримиз Ислом душмани эмас. Унинг вассали – тсар Саин-Булат – Қосимовда, шаҳзода Қайбула – Юрьевда, Ибоқ – Сурожский даҳасида, нўғай князлари – Романовда ҳукмронлик қилади. Уларнинг барчаси ўз масжидларида Муҳаммад (САВ. А.Ҳ.) динига эркин ибодат қилишади (27)”.
Шу билан бирга, Москва юргизган сиёсат самараси ўлароқ Қозон сиёсий элитаси москвапараст ва Москвага қарши кучларга бўлинган эди. 1552 йили Иван IV Қозоннинг босиб олинишида айнан шу – Москвага мойил кучларга таянади. Ҳожи Тархон (Астрахан) хонлигини босиб олишда ҳам Москва шундай йўл тутади, яъни Москвага мойил сиёсий кучлардан фойдаланади. Иван IV Ливония урушига отланганда А.Адашев ва тсарнинг бошқа маслаҳатчилари Ливониядан олдин Қиримга ҳужум қилишни ва Қиримда ҳам Қозон ва Ҳожи Тархонда бўлгани каби Москвага мойил сиёсий кучлардан фойдаланишни маслаҳат беришади. Аммо тсар Қиримга ҳужум қилишни негадир ҳар гал орқага сўради, Ливония ордени (ҳозирги Эстония ва Латвия ўрнида бўлган тарихий вилоят) эса тсар учун Оврўпога очилажак эшик, Оврўпо мамлакатлари билан муносабатлар ўрнатиш учун муҳим эди.

ИВАННИНГ ЁВУЗГА АЙЛАНИШИ

Қозон шаҳри Иван III ва Василий III даврларида ҳам тўрт маротаба қамал қилинган, аммо қозонликлар бу ҳужумларни осонлик билан қайтарган эди. Сўнгги йилларда Қозон хонлигига Қирим хонлари сулоласи вакили Сафо Керайнинг келиши Москва учун алоҳида таҳдид туғдирар, чунки Қирим хонлари Турк султонлари билан қон-қариндош бўлиб кетган, Қозон ҳам Усмонли давлати таъсирига тушиб қолиши мумкин, деган хавотир бор эди.
Шу боис бу гал Москва Қозонни босиб олиш учун жуда қаттиқ тайёргарлик кўради, энг илғор артиллерия, энг сўнгги ҳарбий техникалардан фойдаланади. Шаҳарга яқин, Волга дарёсидаги Свияжск оролида бир йил олдин Москва ҳарбий қўшинларини жойлаштириш учун қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Тсар ҳарбий ҳаракатларни Свияжскдан туриб ўзи бошқаради. Ҳарбий тайёргарликка катта маблағ сарфланади, қамални узоқ вақт, ҳатто қишда ҳам давом эттириш учун Свияжкда бутун бошли ҳарбий шаҳарча барпо этилади.
Қозонликлар ҳам бу ҳаракатлардан хабар топишади ва тезда, 1552 йили, Қозон тахтига тажрибали нўғайли шаҳзода Ёдгор Муҳаммадни ўтқазишади. Москванинг режаси Қозон забт этилгач, тахтга Қосимов хонлиги шаҳзодаси Шоҳ Алини ўтқазиш эди. Шу боис Қозон қамалида Москва томонидан Шоҳ Али тарафдорлари бўлган Қосимов татарлари ҳам иштирок этади. Тарихчиларга кўра, қамалга жалб этилган Москва ҳарбий кучлари сони қозонлик мудофаачилардан деярли икки баробар кўп эди. Шунга қарамасдан, қозонликлар босқинчиларга қаттиқ қаршилик кўрсатади, ҳатто Москва қўшинлари умидсизликка туша бошлайди. Ниҳоят, 1552 йилнинг 2 октябрида Қозон забт этилади (Татар миллиятчилари бу кунни татар халқи қатли ом этилган кун деб атайди).
Йигирма икки ёшли тсар Иван IV ғалаба билан ортга қайтади. Бу ҳақда Г.Вернадский шундай ёзади: “29 октябрь куни тсар Москва шаҳрида руҳонийлар, таниқли шахслар ва шаҳар аҳолиси томонидан тантанавор кутиб олинди. Айнан ана шу кундан бошлаб Иван IV руслар ва татарлар ўртасида “даҳшатга солувчи” (“грозный”) сифатида танилди. Руслар ўз доҳийлари, душмандан ҳимоя қилувчи маъносида уни “Грозный” деб, татарлар эса “Ёвуз” деб атай бошлади (28)”. Г.В.Вернадский ҳам таъкидлаганидек, Иван IV га берилган илк туркий-татарча лақаб: “Ёвуз”, “Ёвуз Иван” эди. “Грозный“ лақаби инглиз ва француз тилларида ҳам “terrible” шаклида таржима орқали берилади. Шу нуқтаи назардан, ўзбек тилида ҳам, бизнингча, Иван Грозный эмас, Ёвуз Иван деб айтилиши тарихийлик жиҳатидан ҳам тўғри бўлади, деб ўйлаймиз ва қуйида шундай қўллаймиз.

ИЛК “ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ”


1560 йили Ливония орденида рус қўшинлари қозонган ғалаба Литва князлиги, Польша қироллиги ва шведларнинг мазкур ҳудудда фаоллашишига сабаб бўлади ва тезда босиб олинган ерлар Литва князлиги ва шведлар томонидан қайтариб олинади. Устига устак, 1560 йили тсарнинг хотини Анастасия вафот этади. Қаҳрга минган Ёвуз Иван энг яқин маслаҳатчилари, Сайланган кенгаш (Избранная Рада) аъзолари: руҳоний Сильвестр ва тажрибали қўмондонлари: Алексей Адашев, Андрей Курбскийларни ҳам Анастасия ўлимида қисман алоқадор деган миш-мишларга ишониб, Сильвестрни сургун қилади, А.Адашев қамоққа ташланиб, ўша ерда вафот этади, А.Курбский Литва князлигига қочиб ўтади. Анастасия ўлимидан бир ҳафта ўтиб, тсар яна ўйланиш хоҳишини билдиради ва кабардин маликаси Кученейга ўйланади.
Ливония ерларида самарасиз жанглар кейинги йиллардаям давом эттирилади. Бу орада Қирим хони Давлат Керай Москва давлатининг бир неча шаҳарларига босқин уюштириб, катта ўлжалар, асирлар билан ортга қайтади. Иван IV ва Боярлар думаси ўртасидаги зиддият кескин тус ола бошлайди. Дума, яъни бошқарувчи ҳокимият вакиллари тсардан қатлларни камайтириш, Ливония жанггини тўхтатиб, Қирим томон юзланишни талаб қилади.
Хуллас, шу каби сабаблар Иван IV ни опричнинани тузишга ундайди. 1564 йили тсар оиласи, кутубхонаси, давлат хазинаси ва рамзларини олиб қўққисдан пойтахтдан кўп узоқ бўлмаган Александровская Слобода шаҳарчасига кўчиб ўтади. Тарихчи Н. Рязановскийга кўра, тсар у ердан туриб Москвага икки мактуб йўллайди. Биринчиси бош руҳоний (метрополит) га бўлиб, унда тсар ўз ўғли Иван Иванович фойдасига тахтдан воз кечганини, бунга уни Боярлар думаси, ҳарбий қумондонлар, руҳонийлар ва амалдорлар билан келишмовчиликлар мажбур этганлигини ёзади. Иккинчи мактуб аҳолига йўналтирилган бўлиб, унда тсар халқдан норози эмаслигини айтади. Ушбу мактублардан кейин жамиятда бошбошдоқлик, аҳоли ўртасида саросима бошланади (29). Аҳоли Боярлар думасига қарши исён кўтаради. Шу тахлит Ёвуз Иван кўзлаган мақсадига эришади: халқ ва ижроия ҳокимият ундан Москвага қайтиб, уларга ҳукмронлик қилишини сўрашади. Қачонки, ижроия ҳокимият унинг барча талабларига рози эканлигини билдиргач, 1565 йилнинг февралида тсар Москвага қайтади. Унинг талабларидан бири эса –опричнинани жорий этиш эди.
Хўш, опричнина нима? Бу атама – “бошқа”, “ўзга”, “махсус” каби маъноларни билдирувчи қадимги русча “опричь” (ҳозирги “прочь”, “прочий” каби сўзларга ўзакдош) сўзидан ясалган бўлиб, опричнина – мавжуд давлат тизимларидан ташқари бошқа бир тизим, фақат тсарга бўйсунадиган махсус хизмат, тсарнинг шахсий “хавфсизлик хизмати”эди. Н. Рязановскийга кўра, шу тахлит тсар бошқарув тизимини иккига бўлди. Анъанавий миллий бошқарув тизими “земщина” (яъни “ерга, ҳудудга оид”, маъносида) деб, тсарга бўйсунувчи махсус хизмат эса “опричнина” деб атала бошлади (30).
“Опричный двор”, яъни “опричниклар уйи”ни иқтисодий таъминот манбасини яратиш учун кўпгина шаҳар ва туманлар ерлари ва даромадлари билан опричниклар ихтиёрига топширилди. Опричнина дастлаб минг кишилик кучли армияга эга эди, кейинчалик бу рақам 15 мингга етди. Хуллас, тсар опричнина жорий этилган дастлабки йилларда ўзини Боярлар думасини мағлуб этгандай, хавфсизлигини таъминлагандай ҳис этади.
Опричникларнинг асосий вазифаси тсарга, давлатга қарши кайфиятда бўлган “хоин” шахсларни аниқлаш ва уларни жазолашдан иборат эди. Лекин бу хизматга ёлланганлар ичида камдан-кам кишилар чиндан ҳам тсарга садоқатли шахслар эди, аксарият кишилар, хусусан чет элликлар, яхши даромад олиш, мансабга эришиш, бойиш мақсадида бу хизматга ёлланар эди. Тарихчиларга кўра, опричниклар махсус қора кийим кийиб, отларининг эгарларига итнинг калласи ва супурги осиб юришар, бу рамзлар уларнинг тсарга итдай содиқликларини ва “ҳар қандай хоинликни мамлакатдан супуриб ташлаймиз”, – деган маънони билдирарди.
Опричнина жорий этилгандан кейин тсарга аён бўладики, унга, ватанга хиёнат қилишга қодир “хоинлар” ниҳоятда кўп экан. Г.Вернадский ёзади: “Тсар уларнинг ҳаммаси ҳақида ўз жосус ва айғоқчиларидан билиши керак эди, шубҳасиз, айғоқчилар опричнинанинг қанчалик “фойдали” эканини, ўз хизматларини урғулаш, тсарнинг назарига тушиш мақсадида хавфни ошириб-тошириб, бўрттириб кўрсатишар эди. Тсар энди боярлар ва руҳонийлар ўртасида ҳам унга қарши фитна борлигига ишона бошлади. Аммо бирорта ишончли тарихий манбада тсарга қарши фитна бўлганлиги айтилмайди. Вазият жуда оғир, кўп одамлар саросимада, кўпчилик мамлакатдан қочиб кетишни ўйлар ва қочқинликка юз тутганлар ҳам кўп эди (31)”.
Опричниклар хиёнатда гумон қилинган шахсларни айбига иқрор этиш учун мисли кўрилмаган қийноқлар қўллашар, кўпинча бундай тергов жараёнларида тсарнинг ўзи ҳам иштирок этарди. “Айбдорлар” ҳатто оила аъзолари билан жазоланар, кўпинча, қатл этилар эди. Опричникларга гумондор шахснинг мулкини талон-тарож этишга рухсат этилганди.

НОВГОРОД ОММАВИЙ ҚИРҒИНИ

1569 йили Ёвуз Иваннинг амакиваччаси князь Владимир Старицкий опричниклар томонидан тсарга нисбатан фитнакорликда гумон қилиниб заҳарлаб ўлдирилади. Аслида, В.Старицкий ҳукмдор амакисига энг содиқ шахслардан бири, тсар Қозонга юриш қилганда ва, иккинчи марта, тсар касал бўлганда вақтинча унинг вазифасини бажариб турган, айни пайтда, боярлар томонидан тахтга муносиб номзодлардан бири сифатида кўрилар эди. Бу эса Ёвуз Иванга маъқул эмас эди. В.Старицкий ўлимидан кейин опричниклар томонидан унинг хотини ва қизи, ҳатто қари онаси ҳам қатл этилади.
В.Старицкий ўлими ва Новгород қирғинига аслида В.Старицкий номи билан боғлиқ бир миш-миш сабаб бўлади. Эмишки, Новгород шаҳри бош руҳонийси (епископ) Новгород ва Псковда В. Старицкийни тахтга ўтқазиб, бу ҳудудни автоном вилоят шаклида Литва улуғ князлиги ва Польша қироли Сигизмунд Август қўлига топширмоқчи бўлган. Бу миш-мишдан опричниклар катта воқеа ясайдилар. В.Старицкий қатл этилгандан кейин Ёвуз Иван “фитначиларни” йўқ қилиш учун опричникларнинг катта қўшини, тарихчи А.А.Зиминга кўра, 15 минглик қўшин билан Новгородга юриш бошлайди. “Опричниклар қўшини томонидан аҳолини қатли ом, талон-тарож этиш йўл-йўлакай Тверь ўлкаси шаҳарларидан бошланди. Нафақат савдогар ва ҳунармандлар, балки барча аҳоли қатлами қатли ом қурбонига айланди. Аниқ қурбонлар сони маълум эмас, аммо фақат Тверда тахминан 9 минг киши ўлдирилган”, – деб ёзади Вернадский (32).
1569-1570 йилларда Новгород шаҳри қатли ом этилади. Тарихчиларга кўра, шаҳарнинг 30 минглик аҳолисининг ярми, яъни 15 мингги опричниклар қирғини қурбони бўлади. Ундан кейин қурғоқчилик, очарчилик, шаҳарда тарқалган вабо яна минглаб кишилар ҳаётига зомин бўлади. Одамлар ҳатто одамхўрлик, яъни одам гўштини ейишгача боришади, дейилади манбаларда. Новгороддан кейин қирғинлар Псков шаҳрида ҳам давом эттирилади.
Л.Н.Гумилев шундай ёзади: “Опричнина 1565 йил Ёвуз Иваннинг вос-вос касали қўзиган пайтда жорий этилди ва расман 7 йил давом этди. Опричникларнинг вазифаси “ҳукмдорга нисбатан хоинлик ҳолатларини фош этиш”, айни пайтда, “фитначиларни” опричникларнинг ўзлари аниқлашлари керак эди. Бу эса уларга исталган кишини фитначи деб эълон қилиб, қатл этиш ҳуқуқини берарди. Биргина айбловнинг ўзи гумондорни исталган турдаги жазога маҳкум этиш учун кифоя эди. Энг юмшоқ жазо тури – бошини олиш ёки осиб ўлдириш эди. Бундан ташқари опричниклар гумондорларни тириклай ўтда ёқиш, танасини тўртга бўлиш, терисини шилиб олиш, қорда музлатиш, итларга ем қилиш, қозиққа ўтирғизиш… ва ҳоказо қийноқ турлари орқали ўлдириш амалиётларини қўллардилар (33) ”.

ҚОЧҚОҚ ИВАН. ОПРИЧНИНАНИНГ ТУГАТИЛИШИ

Ёвуз Иваннинг вос-вос касаллиги шу қадар эдики, унинг кўзига ҳамма фитначи бўлиб кўринар, ҳатто чет элга қочиб кетиш йўлларини ҳам ўйларди. 1567 йили Англия қироличаси Елизаветага йўллаган махфий мактубида Ёвуз Иван ҳатто қироличага, ҳар эҳтимолга қарши, “ўзаро сиёсий бошпана бериш”га келишувни таклиф этади. Ўз навбатида қиролича тсарга: “агар мамлакатингизда бирор бахтсизлик юз берса, ишонтириб айтамизки, тсар бизнинг заминда дўстона кутиб олинади”, деб жавоб қилади (34).
1571 йили Қирим хони Давлат Керай Усмонли давлати кўмаги билан Русга навбатдаги ҳужумини бошлайди ва пойтахт Москвани ҳам босиб олади. Новгород шаҳрида опричник қўшинлари билан аҳолини қатли ом этиш билан машғул Ёзув Иван Москвага қайтади, аммо ваҳимага тушиб, ўз жонини қутқариш мақсадида Москвага кирмасдан Ростов шаҳрига қочади. Мамлакатни қутқариш учун тсар ёки унинг ишонган “хавфсизлик хизмати” – опричнина қўшинлари эмас, балки айнан тсар томонидан рад этилган миллий бошқарув тизими – земщина қўшинлари қўмондонлари: князь И.Д.Бельский, ярим татар бояр И.Ф.Мстиславский ва князь М.И.Воротынскийлар мудофаага келишади ва Давлат Керай ҳужумини қайтаришади. Ортга қайтаркан, Давлат Керай Москва шаҳрига ўт қўяди ва 3 соат ичида шаҳар ёниб битиб, кўли кўкка соврилади. Йўл-йўлакай қиримликлар русларнинг кўпгина шаҳарларини талон-тарож этиб, минглаб ҳарбий асирлар билан ортга қайтишади. Москвани олганлиги учун Давлат Керайга қиримликлар томонидан “тахт олған” лақаби берилади.
1572 йили Давлат Керай яна Москвага қўшин тортади. Ёвуз Иван Давлат Керай номини эшитганда шу қадар ваҳимага тушадики, бу гал давлат хазинасини олиб Новгород шаҳрига, гўёки шведлар билан тинчлик тўғрисида сулҳ тузиш учун, аслида эса бошпана истаб кўчиб ўтади. Қиримликлар ҳужумини қайтариш учун тсар земщина ва опричнина қўшинларидан иборат ҳарбий кучларни сафарбар этади, аммо улар ўртасида келишмовчилик чиқиб, тсар опричнинанинг бутунлай фойдасиз ташкилот, аксинча, мамлакат бирлиги учун хатарли эканлигига яна бир бор иқрор бўлади. Шунга қарамасдан, бу гал Давлат Керай бутунлай мағлубиятга учрайди. Ёвуз Иван Москвага қайтади ва 1572 йили опричнина бекор қилинади. Г.В.Вернадский ёзади: “Кўпчилик тарихчиларга кўра, опричнина расман бекор қилинган, опричникларнинг энг жирканч кирдикорлари тўхтатилган бўлсада, аслида тсар ўлимигача бу институт “двор” номи билан фаолиятини давом эттирди (35)”. Бизнингча эса, бу институт кейинги даврларда, хусусан Ленин, Сталин даврларида ҳам давом эттирилди…

“ИВАН ВАСИЛЬЕВИЧ КАСБИНИ ЎЗГАРТИРАДИ”

Ёвуз Иваннинг собиқ қўмондони Андрей Курбскийнинг ёзишича, опричнина жорий этилишидан анча олдин, 1553 йили, Ёвуз Иван монах Вассиан Топорков билан учрашади ва Вассиан унга: “Агар мутлақ ҳоким (самодержец) бўлишни истасанг, ҳеч қачон ёнингда ўзингдан ақллироқ маслаҳатчиларни тутма”, деб насиҳат қилади (36). Бу насиҳатга Иван қанчалик амал қилганлиги бизга маълум эмас, балки Ёвуз Иван ўз табиатидан келиб чиқиб, маслакдошлари, унга содиқ бўлган мулозимлари, “ўзидан ақлли” кишиларнинг аксариятини қатоғон, қатл этган, десак тўғрироқ бўлади.
1572 йили Қирим хони Давлат Керай устидан қозонилган ғалабада қўмондонлар: М.И.Воротынский, Н.М.Одоевский ва М.Я.Морозовлар катта ҳисса қўшади ва халқ қаҳрамонларига айланади, бу ҳолат, албатта, ўша пайтда Новгородда қочиб-писиб юрган Ёзув Иваннинг нафсониятига тегади. 1573 йили яна Қирим татарлари ҳужумга тайёрланяпди, деган миш-миш тарқалади, тсар мазкур уч қўмондонни Ока дарёси мудофаа чизиғига сафарбар этади ва “хоин” сифатида уларни ўша ерда, пойтахтдан нарида, қатл этишга буюради. Гарчи опричнина давридаги каби бўлмасада, кўзга кўринган шахсларни қатл этиш яна давом этаверади.
“Бу қатллар бояр ва юқори лавозимли амалдорларда яна тсарга нисбатан ғазаб ва нафрат уйғотди. Иван IV яна опричнина жорий этиш арафасида бўлгани сингари хавотирга туша бошлади. Бу гал тсар ўзига қаратилган ғазабга чап бериш учун бошқача – айёрона бир йўл танлади”, – деб ёзади Г.В.Вернадский (37).
Хуллас, 1575 йили, опричнина бекор қилингандан кейин 3 йил ўтиб, Ёвуз Иван олий ҳокимиятни бошқа бир кишига топшириб, ўзини оддий ўлка князи сифатида тақдим этади. Яъни, бу гал Ёвуз Иван ўзига “Москва князи” унвонини қабул қилиб, олий ҳокимият бошлиғига “Бутун Руснинг улуғ князи” унвонини беради. “Тсар” деган мақом эса ўртада кимга тегишли эканлиги тушунарсиз бўлиб қолади. Ёвуз Иваннинг бундан кўзлаган мақсади, Г.В.Вернадскийга кўра, ўзига қадарилган барча ғазаб ва нафратни ана шу бўшлиққа йўналтириш эди.
Аммо “Бутун Руснинг улуғ князи”, биринчидан, Ёвуз Иванга ўта содиқ, ўзига юклатилган мажбуриятни жиддий қабул қилмасдан, Ёвуз Иваннинг махфий буйруқларини астойдил бажарадиган шахс бўлиши, иккинчидан, у князлар ва рус боярлари наслидан бўлмаслиги керак эди. Шундай одам топилади.
Хуллас, 1575 йилнинг 1 сентябрида Чингизхон наслидан бўлган Симеон Бекбулатович “Бутун Руснинг улуғ князи” деб эълон қилинади.
Унинг асл исми чўқинтирилишидан олдин Саинбўлатхон бўлиб, 1560 йили Ёвуз Иван томонидан Қосимов хонлиги хони этиб тайинланади. Унинг отаси Бекбўлатхон асли аштархоний (ҳожитархоний, астраханлик) шаҳзодалардан бўлиб, Ҳожи Тарҳон Ёвуз Иван томонидан босиб олингач, 1558 йили, Бекбўлатхон Нўғай хонлигидан Москвага Ёвуз Иван хизматига чақирилади. Бекбўлатхоннинг отаси Аҳмадхон Катта Ўрда хони, унинг отаси Кичи Муҳаммадхон эса Жўчи Улусининг (Олтин Ўрданинг) сўнгги хони бўлган эди. Хуллас, бу шажара Жўчихон орқали Чингизхонга бориб тақалади. Саинбўлат 1573 йили Москва шаҳрида Симеон исми билан насронийликни қабул қилади. 1573-1575 йилларда Ливония урушида ўзининг Қосимов хонлиги татар (туркий) ларидан иборат лашкари билан иштирок этади.

“ШОҲ СОХТА ЭКАН”

Г.В.Вернадскийга кўра, Ёвуз Иван ҳам ўз замондошлари қатори хурофот, ирим-сиримлар, башоратларга қаттиқ ишонган. Тарихчи XVII асрда ёзилган “Пискарёв йилномачиси” (“Пискаревский летописец») дан шундай иқтибос келтиради: “Баъзи одамлар гапиришадики, Симеонни (тахтга) ўтқазилишининг сабаби – башоратчилар: “мана шу йил Москва тсари ўлади”, деб Иванни огоҳлантиришган. Бошқалар эса (Иван) одамларнинг муносабатини билиш учун шундай қилди, деб ҳисоблашади”.
Ҳар ҳолда, 1575 йил ўтади, фақат 1576 йилнинг 29 январида Ёвуз Иван Англия қироличаси элчиси Ж.Сильвестр билан бўлиб ўтган суҳбатда ўз режасини очиқлайди: “Биз бошқа бир ҳукмрон оила вакилини гўёки тахтга ўтирган қилиб кўрсатган бўлсак-да, аммо бу бизнинг истеъфога кетганимизни билдирмайди. Тўғрироғи, қарор қилсак, яна бу вазифани ўз зиммамизга олишимиз мумкин ва Тангри иродаси билан шундай қиламиз ҳам, чунки унга тож кийдирилмаган ёки сайланмаган, шунчаки бизнинг хоҳишимиз билан тахтга ўтқазилган эди ”.
Опричнина бекор қилингандан кейин Ёвуз Иван ўзини бир қадар ҳимоясиз, ёлғиз ҳис эта бошлаган эди. Симеон Бекбулатович тахтда ўтирган бир йил мобайнида Ёвуз Иван яна ўзининг шахсий хавфсизлик хизматини шакллантиради, ўз яқинлари, тарафдорларини атрофига тўплайди. Симеон ҳукмронлиги даврида Қирим татарлари ҳам Русга ҳужум қилмайди.
Шу йили Шарқий Оврўпода ҳам муҳим сиёсий ўзгаришлар содир бўлади, хусусан, 1576 йилнинг 1 майида Польша қироли ва Литва улуғ князи сифатида Стефан Баторийга тож кийдирилади. Стефан Баторий номзоди Усмонли давлати томонидан ҳам қўллаб-кувватланади, аммо Москва давлати учун ғайратли, кучли қумондон бўлган Стефан Баторийнинг тахтга ўтириши хавфли эди. Яна Москва ва Литва ўртасида уруш холати юзага келади ва 1576 йилнинг 1 сентябрида, роппа-роса бир йил ўтиб, Ёвуз Иван “Бутун Руснинг улуғ князи” мақомини Симеон Бекбулатовичдан қайтариб олади ва уни Тверь улуғ князи этиб тайинлайди.

ИЗОҲЛАР

1. «Si le nez de Cléopâtre eût été plus court, toute la face du monde aurait changé.»
2. “совет” атамасини ўзбек тилида “шўро” (арабча: “شورى” – “кенгаш”) деб эмас, ўзгаришсиз бериш тўғри деб ўйлайман. Чунки русча “маслаҳат, кенгаш” маъносидаги бу атама бошқа тиллар, хусусан, инглиз, француз тилларида (“soviet”), ҳатто араб тилида ҳам (“السوفييتي”) таржима қилинмасдан, русча шаклда берилади.
3. Nicholas V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005. 35-бет.
4. Ўша китоб, ўша бет.
5. Фасмер М.Ф. “Этимологический словарь русского языка”.
6. Повесть временных лет. http://lib2.pushkinskijdom.ru/tabid-4869
7. Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит-турк. I том. 66-бет. Тошкент. ФА нашриёти. 1960.
8. Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит-турк. I том. Тошкент. ФА нашриёти. 1960. 433,446-бетлар.
9. Nicholas V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005.
10. Вернадский Г.В.. Московское царство.
11. Долгоруков П.В.. Российкая родословная книга. Санкт-Петербург: тип. К.Вингебера. 1854-1857. IV-том. 76-бет.
12. Гумилёв Л.Н.. От Руси к России. Москва. 1992
13. Долгоруков П.В.. Российкая родословная книга. Санкт-Петербург: тип. К.Вингебера. 1854. III том. 358-бет.
14. Вернадский Г.В.. Московское царство.
15. Князь Андрей Курбский Иван IV нинг ҳарбий саркардаси, энг яқин кишиларидан бири бўлган. Қозон, Қирим урушларида қатнашган. Аммо Ливония урушидаги мағлубиятдан кейин Иван IV томонидан кечирим бўлмаслигини билиб Литва-Польша князлигига қочиб ўтган илк рус диссиденти. Аммо кейин ҳам Иван IV нинг А.Курбский билан мактуб орқали муносабатлари давом этган.
16. Вернадский Г.В.. Ўша асар.
17. Вернадский Г.В.. Ўша асар.
18. Повесть временных лет. http://lib2.pushkinskijdom.ru/tabid-4869
19. Фасмер М.Ф. “Этимологический словарь русского языка”.
20. Тимур тузуклари. Тошкент. 1991. 51-бет.
21. Қаранг: Трубецкой Н.С.. Наследие Чингисхана. Взгляд на русскую историю не с Запада, а с Востока.
22. Вернадский Г.В.. Ўша асар.
23. Nicholas V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005. 162-бет
24. Nicholas V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005. 163-бет.
25. Ўша китоб, ўша бет.
26. Вернадский Г.В.. Московское царство.
27. Вернадский Г.В.. Московское царство.
28. Вернадский Г.В.. Московское царство.
29. Nicholas V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005. 167-бет
30. Ўша асар, ўша бет.
31. Ўша асар.
32. Вернадский Г.В.. Московское царство.
33. Гумилев Л.Н.. От Руси к России.
34. Вернадский Г.В.. Московское царство.
35. Вернадский Г.В.. Московское царство.
36. Ўша асар
37.  Вернадский Г.В.. Московское царство.

0333“Agar Kleopatraning burni kichikroq bo’lganida butun yer yuzi o’zgacha qiyofaga ega bo’lgan bo’lar edi ”, – degan frantsuz olimi va mutafakkiri Bliz Paskal fikrining ma’nosi shuki, aslida insoniyat tarixi bir butun hodisa, shu bois bugungi voqeligimizning ildizlari faqat o’z tariximiz emas, ba’zan boshqa xalqlar tarixiga ham borib taqalishi mumkin.

Abduvohid HAYIT
IVAN VASILYEVICH (CHINDAN HAM)
KASBINI O’ZGARTIRADI


Men Odam Atodan to bugungi kungacha o’tgan barcha jinoyatchilardan jinoyatkorroqman…
Ivan Groznыy, 1572

Tarixning shunday sahifalari borki, saboq uchun ba’zan varaqlab turishga to’g’ri keladi. Tarix bizniki yoki boshqa xalqniki bo’lishi mumkin – lekin uning bizga daxli yo’q deyolmaysiz. “Agar Kleopatraning burni kichikroq bo’lganida butun yer yuzi o’zgacha qiyofaga ega bo’lgan bo’lar edi (1)”, – degan frantsuz olimi va mutafakkiri Bliz Paskal fikrining ma’nosi shuki, aslida insoniyat tarixi bir butun hodisa, shu bois bugungi voqeligimizning ildizlari faqat o’z tariximiz emas, ba’zan boshqa xalqlar tarixiga ham borib taqalishi mumkin.
Ivan Groznыy, to’g’rirog’i, Yovuz Ivan (Ivan IV) bizga sovet (2) davri tarix kitoblari, adabiyot, kino asarlari orqali tanish. Ammo sovet davrida tarix, xususan, Ivan IV shaxsi ham sinfiylik nuqtai nazaridan o’rganilgan va bu hamon o’zbek o’quvchisi onggida tahrir etilmagan. Ivan IV yakkahokimlik (samoderjaviye) o’rnatish yo’lida oprichniklik kabi achchiq tajriba o’tkazgan, bu jazo mashinasi unga aslo farovonlik keltirmagan, oxir-oqibat o’z farzandi qotiliga aylangan murakkab shaxs. Rossiya tarixining, shuningdek, Ivan IV ning ham turkiy xalqlar bilan aloqador jihatlari ko’p. Ushbu maqolada mavzuni shu nuqtai nazardan o’rganishga harakat qilamiz.
Ivan IV shajarasi ilk Rus davlati asoschisi Ryurikka borib taqaladi. Shu bois, mavzu tushunarliroq bo’lishi uchun, so’zimiz avvalida ilk Rus davlati haqida ham qisqacha to’xtalib o’tishga to’g’ri keladi.

KIEV RUSI VA “RUS HOQONLIGI”

Rasman Rossiya tarixi IX asrda hozirgi Rossiya g’arbi, Ukraina shimolida Kiyev Rusi (Kiyevskaya Rusь) davlati paydo bo’lishidan boshlanadi. Monax Nestor va boshqa mualliflar qalamiga mansub “Ilk yilnoma” (“Povestь vremennыx let”) asari Kiyev Rusi haqidagi asosiy manbalardan biridir. Nestorga ko’ra, bir necha slavyan va fin-ugor qabilalari skandinavlardan bo’lgan varyaglarga: “kelib, bizga hukmronlik qiling”, – degan mazmunda Chaqiruv (“Prizvaniye varyagov”) yo’llaydi. Chaqiruvga javoban uch aka-uka varyaglar: Ryurik, Sineus va Truvor kelishadi va Ryurik tomonidan Ulug’ Novgorod shahrida ilk Rus davlatiga asos solinadi.
Varyag degan alohida millat yo’q, slavyanlar qadimda Skandinaviya yarimorolidan chiqqan xalqlarni “varyag” deb bilgan, Boltiq dengizining qadimgi slavyancha nomi – “Varyag dengizi” bo’lgan. Ayni o’sha paytlarda Amerika qit’asigacha yetib kelgan vikinglarga qarindosh varyaglarning maqsadi aslida rus davlatini qurish emas, slavyanlar yerlaridan o’tib, Konstantinopolga, Rumga (Vizantiyaga) hujum qilish edi. O’sha paytlarda Boltiq dengizidan daryo suv yo’llari orqali Azov va Qora dengizlariga tutashib, Konstantinopolgacha boradigan, xuddi Buyuk ipak yo’li kabi, tijorat yo’li mavjud edi. Kiyev shahri “varyagdan yunongacha” (“iz varyag v greki”) deb nomlangan mazkur tijorat yo’lidagi muhim shahar edi. Xullas, ilk Rus davlati shu tijorat yo’li sharofati bilan maydonga keldi. Rus davlati qurilishidan oldin Kiyev va uning janubidagi yerlar Xazar turklari xoqonligi tarkibida edi. Kiyev Rusi janubga tomon Xazar xoqonligiga mansub yerlar hisobiga kengaydi.
Ammo hali varyaglar (862 yil) “chaqirilmasdan” burun, 839 yilga oid Ovro’podagi Sant-Bertin annali degan bir hujjatda qayd etilishicha, bir rus (rhos) elchisi Konstantinopolь orqali Ingelheym shahriga kelgan va hukmdorlarining unvoni – “xoqon” (“chacanus”) ekanligini, xoqon nomidan kelganini bildirgan (3). Rossiya Fanlar Akademiyasida tayyorlangan “Entsiklopediya “Slova o polku Igoreve” qo’llanmasida yozilishicha, Kiyev Rusining dastlabki hukmdorlariga nisbatan “xoqon” (“kagan”) unvoni ham “knyazь” bilan birgalikda qo’llanilgan. Ibn Rust va boshqa Islom olami tarixchilari bajanaklar (pecheneglar) va saqoliblar (slavyanlar) yashaydigan hududlar o’rtasida “rus xoqonligi” bo’lganligidan xabar bergan. Amerikalik tarixchi N.V.Ryazanovskiy (4) va boshqa tarixchilar, janubiy hududlarda Kiyev Rusidan oldin Rus xoqonligi bo’lgan bo’lishi mumkin, Kiyev Rusining dastlabki hukmdorlariga nisbatan “xoqon” unvoni ham qo’llanilishi esa ushbu yerlarda ulardan oldin hukmronlik qilgan Xazar xoqonligi ta’sirida bo’lgan, degan fikr bildiradi.
Ammo varyaglar skandinavlardan bo’lgani uchun ilk rus davlati hukmdorlari o’zlarini “knyazь” deb atashgan. Shved va boshqa german tillarida “kuning” – “hukmdor”, “kuningaz” (inglizcha “king” so’ziga o’zakdosh) – “shahzoda”, “hukmdor” ma’nolarini bildirgan (5) va “knyazь” – “kuningaz”ning slavyan tillariga moslashtirilgan shaklidir.

KIEV RUSI NEGA ISLOMNI QABUL QILMADI?

Kiyev Rusi o’sha davrlarda sharqdan Volga Bulg’oriyasi (tatarcha: Edil Bulg’ar) bilan chegaradosh edi. Idil bulg’or turklari, hozirgi tatar va boshqirdlarning ajdodlari, 922 yili Islom dinini qabul qildi, keyinchalik esa kuchsizlanib qolgan Xazar xoqonligidan ajralib chiqdi. Nestorga ko’ra, 986 yili bulg’orlarning elchilari Kiyevga kelib, ulug’ knyazь Vladimirni Islom dinini qabul qilishga da’vat etadi. Ammo ruslar Islom dini shartlarini, ayniqsa, mast qiluvchi ichimliklarning taqiqlanishini eshitib, “Rusda ichish zavqlidir, ichimliksiz biz yasholmaymiz” (“Rusi veselьe pitьe, ne mojemь bez’ togo bыti (6)”), deb Islom dinini rad etadi. Oltin O’rda inqirozidan keyin Volga Bulg’oriyasi o’rnida Qozon xonligi paydo bo’ldi va Ivan VI tomonidan bosib olindi.
Kiyev Rusi janubi-sharqida ilgari Xazar xoqonligi tarkibida bo’lgan turkiy va boshqa qavmlar yashar edilar. Keyinchalik, Oltin O’rda tanazzulidan so’ng, bu hududlarda Katta O’rda, Ko’chmanchi O’zbeklar davlati, No’g’ay xonligi, Hoji Tarxon (Astraxan) xonligi paydo bo’ladi. Keyinchalik Hoji Tarxon Ivan IV tomonidan bosib olindi.
Kiyev Rusi janubi, Qora dengiz shimolidagi yerlarda esa o’g’uzlardan bo’lgan bajanaklar (ruscha: pechenegi) hukmron edi, Mahmud Koshg’ariy ham bajanaklarni eng g’arbiy, Rumga (Vizantiyaga) eng yaqin yashaydigan qabila, deydi va yozadi: “Rumgacha cho’zilgan bulg’ar, suvar, bejeneklar tili bir xildagi so’zlarning oxiri qisqartirilgan bir turkchadir (7)”. XI asrda bajanaklar o’rnini qipchoqlar egalladi, bajanak turklari g’arbga – Dunay daryosi tomon siqib chiqarildi. Oltin O’rda inqirozidan keyin bu hududda Qirim xonligi paydo bo’ldi.

“BOYARLAR” – “BOYLAR”MI?

Kiyev Rusi iqtisodiyoti asosan tijoratga qurilgan edi. Kiyev Rusining dastlabki shakllanish davrida knyazga harbiy yurishlarda hamrohlik qilgan uning “drujina”si “siyosiy elita” hisoblangan bo’lsa, keyinchalik, knyazga eng yaqin toifa – boyarlar tabaqasi paydo bo’ldi.
Boyarlar dumasi, ya’ni kengashi rus davlatchiligida paydo bo’lgan dastlabki siyosiy institutlardan biri edi, ammo u aslo g’arbdagi parlamentning muqobili bo’lmagan, boyarlar dumasining vazifasi knyazь hukmronligini cheklash yoki baham ko’rish emas, knyazga maslahat berish, u bilan hamkorlik qilishdan iborat bo’lgan xolos. “Boyar” deganda hukmron oilaga, ya’ni knyazlarga mansub bo’lmagan mulk egalari, jamiyatda alohida mavqega ega, saroyga, hukmdorga yaqin shaxslar tushunilgan.
Mutaxassislar “boyar” (ruscha: “boyarin”) so’zi etimologiyasi xususida hamon bir to’xtamga kelishmagan. M.F.Fasmer “Etimologicheskiy slovarь russkogo yazыka” lug’atida bir qancha izohlar qatorida bu so’zning dunay bulg’orlari (turk) tilidan rus tiliga o’tgani, dastlab bu so’z “bolarin” shaklida dunay bo’lg’orlari tomonidan qo’llanilganini keltiradi. Ba’zi mutaxassislarga ko’ra, “boyar” so’zi turkcha “bay” (“boy”) va “+är” (“er”) so’zlari qo’shilishidan yasalgan. Mahmud Koshg’ariyning “Devonu lug’otit-turk” asarida “bay” so’zi bor, lekin aynan “bay er” shakli uchramaydi, shu bilan birga, “Devon”da “er” so’zi qo’shib yasalgan boshqa so’z birikmalarini ko’rish mumkin: “tig’raq er” – chaqqon, g’ayratli odam; “qulsig’ er” – qiliqlari qulga o’xshagan, qulsimon odam; “qirg’il er” – o’rta yoshli odam va hokazo (8). Bizga esa, agar bu so’z turkcha etimologiyaga ega bo’lsa, ko’plik shaklidagi “baylar”dan slavyancha “bolarin” kelib chiqqanday tuyuladi.
“Drujina”, “drug” so’zlari rus tiliga skandinav, german tillaridan o’tgan bo’lib, “harbiy guruh”, “askar”, “do’st” kabi ma’nolarni bildirgan. Rossiyalik tilshunos Yu.A.Kleyner “boyar” so’zi ham skandinavcha: “bœr – bœjarmenn” – “qurg’onga, saroyga oid” ma’nosidagi so’zdan kelib chiqqan, degan fikrni ilgari so’radi.
N.V.Ryazanovskiyning yozishicha, boyarlar tarkibiga keyinchalik mayda knyazlarning ham qo’shilishi oqibatida ularning safi nihoyatda kengayib ketdi va hatto hukmdorning vakolatlarini cheklaydigan omillardan biriga aylandi. Ivan IV (Groznыy) bolalikdan Boyarlar dumasi bilan ziddiyatga kirishib, bir umr ularga qarshi kurashib o’tdi (9).

AMIR TEMUR HISSASI

Kiyev Rusidan keyin Rossiya tarixida “merosxo’r (mayda) knyazliklar” (“udelьnыye knyajestva”) davri boshlanadi. Gap shundaki, ilk Rus davlati hukmdorlari, ya’ni knyazlarining vorislik an’anasi yo’q edi. Knyazь o’lgach, uning mulki barcha o’g’il farzandlariga bo’lib berilar, oqibatda mamlakat tezda bir-biriga dushman mayda knyazliklarga bo’linib ketdi va Jo’chi ulusi (Oltin O’rda) hukmronligi davrida ular Oltin O’rda vassallariga aylandi. Bu vassallik uch asr – Oltin O’rda inqirozidan keyin ham qariyb yana bir asir davom etdi. Oltin O’rda inqirozi 1395 yilning 15 aprelida Terek daryosi bo’yida To’xtamishxon qo’shinining Sohibqiron Amir Temur lashkari tomonidan tor-mor etilishidan boshlanadi.
Xo’sh, Amir Temur bo’lmaganida bugun Rossiya degan davlat bo’lishi mumkinmidi?
To’xtamishxon davrida Jo’chi ulusi (Oltin O’rda) ancha zaiflashib qolgan bo’lsada, hali o’z mavqeni butunlay yo’qotmagan edi. 1382 yili To’xtamish Moskvaga hujum qilib, shaharni ishg’ol etgan, O’rdaga qaytguncha, yo’l-yo’lakay, bir necha rus shaharlarini ham talon-taroj qilib qaytgan edi. Terek daryosi bo’yidagi jangdan keyin Jo’chi Ulusi sekin-asta iqtisodiy barqarorligini yo’qota boshladi. Oradan chorak asr o’tib Jo’chi Ulusidan Sibir xonligi (1420), O’zbek xonligi (1428), Qozon xonligi (1438), Qirim xonligi (1441), No’g’ay O’rdasi (Mang’it yurti – 1440), Qozoq xonligi (1465) ajralib chiqdi. Jo’chi Ulusining vorisi bo’lib qolgan hudud esa endi Katta O’rda (Ulug’ O’rda) deb atalib, Saroy-Berkani o’z poytaxti etib saqlab qoldi. Moskva esa endi Katta O’rdaga vassal bo’lib qolaverdi. Garchi Moskvaning Katta O’rdaga vassalligi saqlanib qolgan bo’lsada, shubhasiz, Amir Temurning Jo’chi ulusiga bergan zarbasi rus yerlarini birlashtirish harakatiga ham turtki bo’ldi.
“Rus yerlarini birlashtirish” («sobiraniye russkix zemelь») harakatini boshlovchisi sifatida tarixga kirgan Ivan III (Ivan IV, ya’ni Groznыyning bobosi) 1476 yilgacha Katta O’rdaga o’lpon to’lashda davom etadi. Vernadskiyga ko’ra, Ivan III ning 1476 yili Katta O’rdaga o’lpon to’lashni rad etishida uning rumlik xotini Sofьya Paleologning ham ta’siri bo’lgan. Sofьya Paleolog Rum (Vizantiya) imperiyasining so’nggi imperatori, paleologlar sulolasi vakili Konstantin Paleologning jiyani edi. O’lpon to’lash to’xtatilgach, albatta, Katta O’rda bilan to’qnashuv muqarrar edi.
Bu paytda Ivan III Novgorod knyazligini Moskva knyazligiga qo’shib olgan, sekin-asta kengayib borayotgan edi. Bu esa Moskvaning doimiy raqibi Litva knyazligi va Polьsha qirolligiga ma’qul emas edi. 1480 yili Litva ulug’ knyazi va Polьsha qiroli Kazimir IV Katta O’rda xoni Ahmadxon bilan Moskvaga qarshi ittifoq tuzadi. Ayni paytda, Qirim xonligi Moskva bilan ittifoqdosh, ammo Katta O’rda bilan urush holatida edi. 1480 yilning kuzida Ugra daryosi bo’yida Katta O’rda va Moskva qo’shinlari o’rtasida bo’lib o’tgan jangga Litva-Polьsha harbiy yordam kuchlari yetib kelolmaydi. Sababi yo’lda ular Qirim xonligi qo’shinlari bilan to’qnash keladi. Shunday qilib, Ugra jangida qozonilgan g’alabadan keyin Moskva uzil-kesil mustaqil bo’ladi.

IKKI BOShLI BURGUT

Rum (Vizantiya) imperiyasining poytaxti Konstantinopolь (bugungi Istanbul) ortodoks nasroniylarining markazi, “ikkinchi Rim” sifatida ko’rilar edi. 1453 yili Konstantinopolь fotih Sulton Mehmet tomonidan fath etildi. 1480 yili Moskva Katta O’rda vassalligidan xalos bo’ldi. Mayda-mayda bo’lib ketgan knyazliklarni qo’shib, sotib olib, yorliq berib, bosib olish yo’llari bilan kengaygan Moskva endi yangi Rus davlatining markaziga aylandi. Endi bu yangi davlatga bir mafkura kerak edi. O’sha davrda ruhoniy (metropolit) Filofey: “Ikki Rim qo’ladi, uchinchisi turibdi, to’rtinchisi – bo’lmaydi”, (“Dva Rima pali, tretiy stoit, a chetvyortomu ne bыvatь”) – deya, Moskvani – “uchinchi Rim” deb ataydi.
Umuman, tarixda Rim imperiyasi vorisligiga da’vogar mamlakatlar ko’p bo’lgan. Rim – bu yerda ramziy, nasroniylarning “Makka”si o’rnida ko’rilib, har doim undan mafkura sifatida foydalanilgan. Filofey mantig’iga ko’ra, Moskva ortodoks—pravoslavlar markazi bo’lishi kerak edi. Tarixchi olim G.V.Vernadskiy yozadi: “Filofeyga ko’ra, rus tsari Rum (Vizantiya) imperatori merosxo’ri bo’lishi, yangi rus hukumati Rum imperiyasi singari cherkov va davlat birligidan iborat bo’lishi kerak edi ”(10).
Rum imperiyasining: “imperator ayni paytda bosh ruhoniy hamdir”, degan ma’noni bildiruvchi so’nggi ramzi: “ikki boshli burgut” tasviri ham Ivan III davrida Rus davlati ramzi (gerbi) sifatida qabul qilindi. Shuningdek, yuqorida zikr etilganidek, Ivan III ning ikkinchi xotini, Ivan IV (Groznыy) ning buvisi – Sofьya Paleolog so’nggi Rum imperatori – Konstantin Paleologning jiyani edi. Bu ham Moskvaning vorislik, imperiyaga da’vogarligiga dastak bo’lgan omillardan biri edi.

SHUBHALI  TUG’ILISH

“Rus yerlarini birlashtirish” («sobiraniye russkix zemelь») Ivan III dan keyin uning o’g’li Vasiliy III davrida ham davom ettirildi.
Vasiliy III birinchi xotini – Solomoniya Saburovadan farzand ko’rmadi. Solomoniya taniqli boyarlar sulolasi – saburovlardan edi. Rus tarixchisi knyazь P.V. Dolgorukovning “Rossiykaya rodoslovnaya kniga” kitobida yozishicha, Rossiya tarixida muhim o’rin tutgan nasllar: saburovlar, godunovlar, vel’yaminov-zernovlar tatar (turk) millatiga mansub – Chet Murza ismli shaxsga borib taqaladi. Chet Murza Ivan Kalita zamonida Oltin O’rdadan chiqib, Moskvaga kelgan (1330) va Zaxariya ismi bilan nasroniylik dinini qabul qilgan (11). Shunday qilib, Vasiliy III ning birinchi xotini – Solomoniya Saburovaning qadim ajdodlari turkiylar bo’lishgan (Shu o’rinda izoh berib o’tish kerakki, rus manbalarida Oltin O’rda tarkibidagi barcha turkiy xalqlarga nisbatan “tatar”, deyilgan. Vaholanki, o’zbekning to’qson ikki urug’i ham Oltin O’rdadan chiqqan edi).
Vasiliy III, farzand ko’rmagach, ikkinchi xotinga – knyazь Vasiliy Glinskiyning qizi – Yelena Glinskayaga uylanadi va ulardan ikki farzand: Ivan (Groznыy) va Yuriy tug’iladi. Odamlar bu farzandlar Vasiliy III dan emas, Yelena Glinskayaning jazmani, kelishgan, yosh knyazь Tepelev-Obolenskiydan, degan mish-mish ham tarqatishadi.
1533 yili Vasiliy III qo’qqisdan vafot etadi, 3 yoshli Ivan (IV), hali esini tanimasdan, taxtga o’tiradi. Bu nomigagina, rasman e’lon qilingan edi, mamlakat uning onasi – Yelena Glinskaya regentligida, knyazь Tepelov-Obolenskiy ko’magida boshqariladi.
Xo’sh, Yelena Glinskaya kim? L.N.Gumilev (12) va boshqa tarixchilarga ko’ra, litva knyazlari – glinskiylar chingiziylar sarkardasi Mamayga borib taqaladi. Mamay (Kichi Muhammad) Oq O’rda xoni Berdibekning tumanboshisi va beklarbegisi bo’lib, qiyot urug’idan edi. Shu bois taxtga hech qachon da’vo qilmadi, chingiziylar xizmatida bo’ldi. Rus tarixchisi P.V.Dolgorukov (1817-1868) o’zining “Rossiyskaya rodoslovnaya kniga” asarida glinskiylar shajarasi haqida batafsil to’xtaladi: “Mamay Kulikovo jangida yutilib, Don daryosi quyilishi hududiga qochdi. U yerda Ko’k O’rda xoni To’xtamishdan yengilib, Qirimdagi genualiklar qasri Kafaga chekindi va genualiklar tomonidan o’ldirildi. Mamayning o’g’li Mansur Qiyot Don va Dunay daryolari oralig’ida ko’chib yurdi va otasidan keyin ko’p yashamadi. Undan ikki o’g’il: Leksu (?) va Skidir (Iskandar?) qoldi. Iskandar o’z tuyalari bilan Azov (Azaq) dengizi tomon ko’chdi va bedarak yo’qoldi. Leksu Litva ulug’ knyazi Vitovtga qasamyod keltirdi. Kiyev shahrida nasroniylik dinini qabul qilib, Aleksandr ismini oldi. Vitovt unga Glinsk va Poltava shaharlarini meros (udelь) qilib berdi va Aleksandr o’zini “knyazь Glinskiy” deb yozadigan bo’ldi… ” (13).
Boshqa manbalarga ko’ra, Mansur Qiyot hozirgi Ukraina janubi, o’sha davrda Litva knyazligiga qarashli Poltava va Glinsk hududlarida Mansur knyazligiga asos soladi. Mansur knyazligi poytaxti Glinsk shahri edi. 1391 yili Mansur Qiyot Amir Timur qo’shini bilan to’qnashuvda Samara shahri ostonasida o’ldirilgan. Ammo ba’zi tarixchilar glinskiylarning Mamayga borib taqalishi, birinchi Glinskiy – Aleksandrning Mansur Qiyot o’g’li bo’lganligiga shubha bilan qarashadi.
Xullas, P.V.Dolgorukovga ko’ra, Mamay avlodlari shu tariqa litva knyazlari – glinskiylarga aylanadi. 1508 yili uch aka-uka glinskiylar: Ivan, Vasiliy, Mixail Lьvovichlar Moskvaga ko’chib o’tadi. L.N.Gumilevga ko’ra, glinskiylar ham o’sha davrda hukmron sulola ryurikovichlardan kam mavqega ega emas edi. Yelena Glinskaya knyazь Vasiliy Lьvovichning qizi edi.

BOLALIKSIZ BOLALIK

Yelena Glinskaya 1538 yili, eri vafotidan besh yil o’tib, taxminlarga ko’ra, zaharlanish oqibatida hayotdan ko’z yumadi. G.V.Vernadskiy yozadi: “Kichik Ivanga onasi tirikligida, ya’ni sakkiz yoshigacha yaxshi g’amxo’rlik qilishdi. Onasi o’limidan keyin esa uni suyukli tarbiyachisi, onasining jazmani Obolenskiyning singlisi Agrafena Chelyadninadan ham mahrum qilishdi. Bola uni xushlamaydigan muhitda o’zini mutlaqo yolg’iz his qilardi. U ikki qarama-qarshi qutbda yashardi: bir tomondan, rasman ulug’ knyazь o’laroq saroy va cherkov marosimlarida muhim o’rin tutar, tantanavor taxtda o’tirardi, xorijiy elchilarni qabul qilganda unga xushomad qilishar, yuzaki hurmat ko’rsatishardi. Boshqa paytlarda esa uni mutlaqo unutishar, kamsitishardi, hatto qorni to’yib ovqat yemasdi. Nafaqat uning ulug’ knyazь maqomiga, balki otasi Vasiliy III xotirasiga ham hurmatsizlik ko’rsatishardi ” (14).
Yelena Glinskaya o’limidan keyin davlatni boshqarish Boyarlar dumasi zimmasiga tushadi, lekin duma a’zolari o’rtasida ziddiyat kuchli edi, knyazlar: Shuyskiy va Volьskiy guruhlari o’rtasida hokimiyat uchun kurash boradi. Kichik Ivan, ayniqsa, shuyskiylar tomonidan ko’p kamsitiladi.
Ivan IV keyinchalik Andrey Kurbskiy(15)ga yozgan maktubida bolaligini shunday eslaydi: “O’shanda ustim yupun, ochlikdan ne dardlarni boshdan kechirmadim. Irodam mutlaqo o’zimga tegishli emas edi, hamma narsa mening ixtiyorimga qarshi edi. Bir voqeani yaxshi eslayman: biz ukam Yuriy bilan o’ynab o’tirardik. Knyazь Ivan Shuyskiy tirsagini otamning to’shagiga, oyog’ini o’rindiqqa qo’yib kursida o’tirar, bizga e’tibor ham bermas edi. Bu takabburlikka qanday chidash mumkin ”(16). Albatta, arzimagan bu e’tiborsizlik Ivan Shuyskiyga qimmatga tushadi va keyinchalik boshi bilan javob beradi.
13 yoshli Ivan tengqur do’stlari bilan bazm qilib turganda boshqa bir Shuyskiy – knyazь Andrey uning bir o’rtog’ini tutib kaltaklaydi. Shundan so’ng Ivan IV Andrey Shuyskiyni qamashga buyruq beradi, ammo qamoqqa borguncha Ivanning odamlari knyazni o’ldirib qo’yishadi. Kimnidir siylash yoki kimnidir qatlga buyurish Ivanning kayfiyati o’zgarishiga bog’liq edi.
Andrey Kurbskiyning yozishiga, yovuzlik, shafqatsizlik bolaligidan Ivanning fitratida bor edi. Uning bolalikdagi eng sevimli o’yinlaridan biri – o’z ko’shkining yuqori qavati derazasidan hayvonlarni pastga tashlab, ularning qiynalib o’lishini kuzatib lazzatlanish bo’lgan. Yosh Ivan yovuz bo’lish bilan birga kuchli zehniyat sohibi ham edi. Ayniqsa, Injil va boshqa diniy adabiyotlarni mukkasidan ketib o’qir, ulardan shohlikning ilohiyot bilan bog’liqligi xususida xulosalar chiqarishni xo’sh ko’rardi, deb yozadi G.V.Vernadskiy.

“SALOM, SHOH”

1547 yil 16 yanvarda Kremlning Uspenskiy soborida Ivan IV ga (16 yoshida) “Butun Rusiya tsari” sifatida toj kiydirildi. Ungacha Kiyev Rusida ham, Moskva davlatida ham hukmdorga “ulug’ knyazь” (“velikiy knyazь”) sifatida toj kiydirilardi. “Ivan III va Vasiliy III ga nisbatan ham ba’zan “tsar” (“tsarь”) deyilgan, ammo birinchi marta rasman Ivan IV “tsar” deb e’lon qilindi ”(17), – deb yozadi G.V.Vernadskiy. Xo’sh, nega “ulug’ knyazь” emas, “tsar”?
Yuqorida zikr etilganidek, «Moskva – uchinchi Rim”, Konstantinopolning vorisi, degan mafkura Ivan III davrida ruhoniy Filofey tomonidan targ’ib etilgan. O’sha paytlarda Konstantinopolning slavyan tillaridagi boshqa bir nomi – “TSarьgrad”, Rum imperatori esa – “tsarь”, deb ham atalardi (Kiyev Rusi davriga oid manba – “Povestь vremennыx let” asarida Rum (Vizantiya) imperatori – “tsesarь”, Konstantinopolь – “TSesarьgrad”, deb atalgan (18) ).
Gap shundaki, eramizdan oldingi Rim respublikasining dastlabki hukmdori Gay Yuliy Sezar ismi undan keyingi hukmdorlar nomiga ham “Gay Yuliy Sezar” yoki “Sezar” shaklida qo’shib aytilgan va keyinchalik u “hukmdor”, “imperator” so’zlarining sinonimiga aylangan va shu ma’noda boshqa ovro’po tillariga ham o’tgan. M.F.Fasmer: “tsarь” so’zining manbasi “cěsarь” – “imperator”, got tilidagi “káisar” (“imperator”) orqali lotincha “cayesar”ga borib taqaladi”, – deb yozadi (19).
Lotin tilida bu so’z “kaysar”ga yaqin talaffuz qilingan, shu bois sharq tillari va ular orqali o’zbek tiliga ham “qaysar” shaklida o’tgan, aytaylik, “Rum imperatori”ga nisbatan musulmon o’lkalarda “Rum qaysari” deyilgan. “Temur tuzuklari”da ham Usmonli davlati – “Rum mamlakati”, Sulton (Yildirim) Boyazidga nisbatan esa – “Rum qaysari”, deyiladi (20). 1453 yil Konstantinopolь fathidan keyin Sulton Mehmet ham Konstantinopolь bosh ruhoniysi (patriarxati) tomonidan “Rum qaysari” deb atalgan.
Xullas, Ivan IV ga “tsar” deb toj kiydirilishida Moskva G’arbiy Rim imperiyasi, undan keyin Sharqiy Rim imperiyasi (ya’ni, Rum – Vizantiya) ning vorisi, “uchinchi Rim”, degan da’vo bor edi. Bu an’ana Romanovlar sulolasi vakili Pyotr I gacha davom etdi. 1721 yili Pyotr I ning “tsarь, ulug’ knyazь” unvoni “Butun Rossiya imperatori” unvoni bilan almashtirildi. Ammo keyingi davrlarda ham “tsarь”, “tsarizm”, “tsarskaya Rossiya” kabi atamalar iste’moldan chiqib ketmadi. O’tmishda bu atamalar o’zbek tiliga “chor”, “chorizm”, “Chor Rossiyasi” deb tarjima qilingan.

OQ PODSHO

Odatda, “tsarь” turkiy tillarga “shoh”, “podshoh” deb tarjima qilinadi. Yuqorida guvohi bo’ldikki, “tsarь” atamasiga yuklangan alohida, faqat rus voqeligiga xos ma’no bor. Shu bois bu atama g’arb tillariga ko’pincha “tsar”, “czar”, “le tsar”, “der zar” shakllarida tarjimasiz beriladi. Shuningdek, rus tiliga: “shoh” so’zi – “shax”, “xoqon” – “xakan”, – deb o’girilgani kabi o’zbek tilida ham “tsarь”ni “tsar” (“tsar”) deb yozish maqsadga muvofiq va, shu bois, biz ushbu maqolada “shoh” yoki “podshoh” emas, aynan “tsar” deb qo’llashni ma’qul topdik. O’tmishda “tsarь”ning “chor” (“چار”) deyilishi arab yozuvi bilan bog’liq hodisa bo’lgan.
Ovro’osiyochilik (evraziystvo) siyosiy-falsafiy oqimi asoschisi, lingvist N.S.Trubetskoy Rossiya Kiyev Rusining emas, Oltin O’rdaning vorisi, degan g’oyani ilgari so’radi (21). N.S.Trubetskoyga ko’ra, Chingizxon o’z davlatini sharqdan g’arbga tomon kengaytirgan bo’lsa, Rossiya ayni shu hududlarda, aksincha, g’arbdan sharqqa qarab kengaydi. Albatta, bu qarashda imperiyachilik kayfiyati ufurib turibdi. Ovro’osiyochilik oqimining yana bir yirik vakili G.V.Vernadskiy shunday yozadi: “Oltin O’rda dastlab Oq O’rda sifatida ma’lum edi. Oq O’rda xonining vorisi o’laroq Moskva hukmdori endi o’zining tatar va mo’g’ul vassallari uchun “Oq xon” yoki “Oq podsho”ga aylandi (22)”. Oq rang turkiy xalqlarda g’arbni bildirar edi. Shu bois Turkiston yerlari Rossiya tomonidan bosib olingandan keyin ham Rossiya imperatorlari turkistonliklar tomonidan “oq podsho” deb atalgan.

ISLOHOTCHI IVAN

Ivan IV hukmronlik davrini ikki qism: yaxshi va yomon qismlarga bo’lish mumkin, deydi N.V.Ryazanovskiy (23). Toj kiydirish marosimidan keyin oradan ikki hafta o’tib (1547 yilning 3 fevrali, 16 yoshida), Ivan IV yosh va go’zal Anastasiya Romanovna (Zaxarьina-Yurьeva) ga uylandi. Anastasiya sharofati bilan boyarlar naslidan bo’lgan Zaxarьin-Yurьevlar ilk bor taxtga yaqinlashdi va oradan 66 yil o’tib (1613) Romanovlar sulolasi sifatida hukumat tepasiga keldi va uch asr davomida Rossiya imperiyasini boshqardi.
“Yosh tsar o’zining go’zal va oqila rafiqasining ijobiy ta’siri ostida ziyoli va chuqur bilimga ega shaxslardan iborat kichik bir guruh bilan hamkorlik qildi. “Saylangan kengash” (“Izbrannaya Rada”) deb ataluvchi bu guruhga: mitropolit (bosh ruhoniy) Makariy, ruhoniy Silьvestr va kichik sud xodimi Aleksey Adashevlar kirar edi ” (24), – deb yozadi N.V.Ryazanovskiy. Shu o’rinda metropolit Makariy haqida ikki og’iz so’z: toj kiydirish marosimini boshqargan va Ivan IV ni “tsar” deb e’lon qilgan, bolalikdan to umrining oxirigacha tsarga yaqin qolgan, podshohning g’azabiga ham, quvg’inga ham uchramagan yagona shaxs Makariy edi. Qolgan barcha tsar bilan yaqin hamkorlik qilganlar, xususan, Silьvestr va Adashev ham, Ivan IV hukmronlik davri ikkinchi pallasi – “yomon qismi”da albatta yo g’azabga uchragan, yo quvg’in qilingan, yo qatl etilgan.
Ilgari barcha muhim qarorlar Boyarlar dumasida muhokama qilingan bo’lsa, endi islohotlar, o’zgarishlar kichik guruh – “Saylangan kengash” (“Izbrannaya Rada”) da muhokama etilardi. Hali mayda knyazliklar davri ta’siri o’tib ketmagan, markazlashgan davlat qurishga to’g’onoq bo’ladigan omillar ko’p edi. Shu bois Ivan IV dastlab “Saylangan kengash” bilan yeng shimarib asosiy qonunlar majmuasi – “Sudebnik”ni yangilashga kirishib ketdi. 1550 yili tuzilgan yuz bobdan iborat “Sudebnik” joylardagi mayda merosxo’r knyazlarning imtiyozlarini kamaytirar, markazlashgan davlat sud organlari huquqlarini oshirar edi. “Yangi tizim joylarda markaziy hukumat sud vakillarining poraxo’rlik, zulmkorlik bilan shug’ullanishini oldini olish maqsadida joylarda aholiga ham sudda ishtirok etuvchi o’z vakillarini saylash huquqini berdi”, – deb yozadi N.V.Ryazanovskiy(25) . Ya’ni, davlat sud vakili aholi tomonidan saylangan vakil ishtirokisiz sud qila olmas edi. Xullas, Ivan IV “sudebnik”i undan oldingi (1497) – birinchi “sudebnik”ka nisbatan ancha progressiv edi.
Shu o’rinda bir ahamiyatli jihatga e’tibor qaratmoqchiman: Kiyev Rusi davrida Yaroslav Mudrыy tomonidan jinoyat ishlari va merosxo’rlik masalalarini tartibga soluvchi “Russkaya pravda” qonunlar majmuasi yaratilgan (XI asr). 1497 yilgi Ivan III joriy etgan birinchi “sudebnik”ka ham “Russkaya Pravda” asos qilib olingan. Oradan yarim asr o’tib, 1550 yili Ivan IV mazkur “sudebnik”ni yangilab, uni 100 bobga yetkazadi. Afsuski, Oltin O’rda yoki ko’pgina turkiy davlatlarda qonunchilikda bunday tadrijiylik yo’q edi

QOSIM XONLIGI

Ivan IV harbiy sohada ham qator islohotlar o’tkazdi. O’sha paytlarda Qozon va Qirim tatarlari Moskva davlatiga tez-tez bosqinlar uyushtirib tutar, g’arbdan esa Litva knyazligi va Polьsha qirolligi tahdidi mavjud edi. “Moskvaning kuchli va samarali armiyaga ehtiyoji bor edi. Shu maqsadda nayzachilar (strelьtsы) korpusi kengaytirildi, ko’ngilli kazaklar armiyaga jalb etildi. Bu borada Qosimov tatarlari katta yordam ko’rsatdi”, – deb yozadi G.V.Vernadskiy.
Qosimov tatarlari – bu nomga quyida yana ko’p duch kelamiz – shu bois, ushbu o’rinda Qosim xonligi haqida ikki og’iz to’xtalib o’tishga to’g’ri keladi: Moskvaning shundoq biqinida (250 km), hozirgi Ryazanь oblasti hududida 1452-1681 yillar mobaynida mavjud bo’lgan mazkur xonlikka Oltin O’rda xoni, keyinchalik Qozon xoni, Chingizxon naslidan bo’lgan Ulug’ Muhammadxon o’g’li Qosim asos solgan va shu bois Qosim xonligi deb atalgan. Shaklan Oltin O’rdaning bir parchasiga o’xshash, mazmunan Moskvaga tobe’ Qosim xonligi Moskva homiyligida maydonga kelgan edi. Xonlikning aholisi asosan turkiy qavmlar (rus manbalariga ko’ra, tatarlar), mishor-tatarlari va mordvinlardan iborat, asosiy dini – Islom bo’lgan. Ruslar tomonidan Qosim xonligi – “Kasimovskoye sarstvo”, uning xoni – “kasimovskiy sarь”, deb atalgan. Qosim xonligi armiyasi asosan kazaklardan iborat edi. Yuqorida qayd etilganidek, qosimov tatarlari Ivan IV ning harbiy islohotlarida katta yordam berdi, rus armiyasining muayyan qismini xizmatga yollangan qosimov tatarlari va kazaklar tashkil etar edi.

“QOZONNI OLGANMAN, ASTRAXANNI OLGANMAN”

Moskva markazlashgan davlat qurish, imperiyachilik rejalarini tuzayotgan bir paytda unga qo’shni turkiy xalqlar: Qozon xonligi, Qirim xonligi, Sibir xonligi, No’g’ay xonligi, Hoji Tarxon xonligi va hokazo xonliklarga bo’linib ketgan edi. Qozon va Qirim tatarlari Moskva davlatiga uyushtirgan bosqinlarda ko’plab o’lja va asirlar bilan ortga qaytishar, asirlar Qozon va Qirimdagi qul bozorlarida sotilar va bu yaxshi daromad manbai edi. “1551 yili Qozonda yuz mingga yaqin asirga tushgan ruslar bor edi (26)”, – deb yozadi Vernadskiy.
Shuni alohida qayd etish kerakki, Qozon va Hoji Tarxon (Astraxan) ning olinishida faqat harbiy amaliyot emas, Moskva yurgizgan siyosat ham muhim rolь o’ynagan. Aytaylik, o’sha davrlarda tatar va boshqa turkiy qavmlar asilzodalari, murzalari Moskva tomonga o’tsa yoki nasroniylikni qabul qilsa, ular o’sha zahoti dvoryan (hukumat odami), boyar yoki knyazь hisoblanar va rus zodagonlari bilan bir xil imtiyozlarga ega bo’lar edi. Tarixchi N.P.Zagoskinning hisobiga ko’ra, o’sha davrda 156 rus dvoryan oilasining kelib chiqishi yo tatar yoki boshqa Sharq millatlariga mansub bo’lgan. Din masalasida ham Moskva bag’rikenglik siyosatini tanlaydi. 1570 yili rus elchisi I.P. Novosilьtsev turk sultoniga Ivan IV ning Islom diniga munosabati xususida shunday ma’lumot beradi: “Bizning hukmdorimiz Islom dushmani emas. Uning vassali – tsar Sain-Bulat – Qosimovda, shahzoda Qaybula – Yurьevda, Iboq – Surojskiy dahasida, no’g’ay knyazlari – Romanovda hukmronlik qiladi. Ularning barchasi o’z masjidlarida Muhammad (SAV. A.H.) diniga erkin ibodat qilishadi (27)”.
Shu bilan birga, Moskva yurgizgan siyosat samarasi o’laroq Qozon siyosiy elitasi moskvaparast va Moskvaga qarshi kuchlarga bo’lingan edi. 1552 yili Ivan IV Qozonning bosib olinishida aynan shu – Moskvaga moyil kuchlarga tayanadi. Hoji Tarxon (Astraxan) xonligini bosib olishda ham Moskva shunday yo’l tutadi, ya’ni Moskvaga moyil siyosiy kuchlardan foydalanadi. Ivan IV Livoniya urushiga otlanganda A.Adashev va tsarning boshqa maslahatchilari Livoniyadan oldin Qirimga hujum qilishni va Qirimda ham Qozon va Hoji Tarxonda bo’lgani kabi Moskvaga moyil siyosiy kuchlardan foydalanishni maslahat berishadi. Ammo tsar Qirimga hujum qilishni negadir har gal orqaga so’radi, Livoniya ordeni (hozirgi Estoniya va Latviya o’rnida bo’lgan tarixiy viloyat) esa tsar uchun Ovro’poga ochilajak eshik, Ovro’po mamlakatlari bilan munosabatlar o’rnatish uchun muhim edi.

IVANNING YOVUZGA AYLANISHI

Qozon shahri Ivan III va Vasiliy III davrlarida ham to’rt marotaba qamal qilingan, ammo qozonliklar bu hujumlarni osonlik bilan qaytargan edi. So’nggi yillarda Qozon xonligiga Qirim xonlari sulolasi vakili Safo Kerayning kelishi Moskva uchun alohida tahdid tug’dirar, chunki Qirim xonlari Turk sultonlari bilan qon-qarindosh bo’lib ketgan, Qozon ham Usmonli davlati ta’siriga tushib qolishi mumkin, degan xavotir bor edi.
Shu bois bu gal Moskva Qozonni bosib olish uchun juda qattiq tayyorgarlik ko’radi, eng ilg’or artilleriya, eng so’nggi harbiy texnikalardan foydalanadi. Shaharga yaqin, Volga daryosidagi Sviyajsk orolida bir yil oldin Moskva harbiy qo’shinlarini joylashtirish uchun qurilish ishlari boshlab yuboriladi. Tsar harbiy harakatlarni Sviyajskdan turib o’zi boshqaradi. Harbiy tayyorgarlikka katta mablag’ sarflanadi, qamalni uzoq vaqt, hatto qishda ham davom ettirish uchun Sviyajkda butun boshli harbiy shaharcha barpo etiladi.
Qozonliklar ham bu harakatlardan xabar topishadi va tezda, 1552 yili, Qozon taxtiga tajribali no’g’ayli shahzoda Yodgor Muhammadni o’tqazishadi. Moskvaning rejasi Qozon zabt etilgach, taxtga Qosimov xonligi shahzodasi Shoh Alini o’tqazish edi. Shu bois Qozon qamalida Moskva tomonidan Shoh Ali tarafdorlari bo’lgan Qosimov tatarlari ham ishtirok etadi. Tarixchilarga ko’ra, qamalga jalb etilgan Moskva harbiy kuchlari soni qozonlik mudofaachilardan deyarli ikki barobar ko’p edi. Shunga qaramasdan, qozonliklar bosqinchilarga qattiq qarshilik ko’rsatadi, hatto Moskva qo’shinlari umidsizlikka tusha boshlaydi. Nihoyat, 1552 yilning 2 oktyabrida Qozon zabt etiladi (Tatar milliyatchilari bu kunni tatar xalqi qatli om etilgan kun deb ataydi).
Yigirma ikki yoshli tsar Ivan IV g’alaba bilan ortga qaytadi. Bu haqda G.Vernadskiy shunday yozadi: “29 oktyabrь kuni tsar Moskva shahrida ruhoniylar, taniqli shaxslar va shahar aholisi tomonidan tantanavor kutib olindi. Aynan ana shu kundan boshlab Ivan IV ruslar va tatarlar o’rtasida “dahshatga soluvchi” (“groznыy”) sifatida tanildi. Ruslar o’z dohiylari, dushmandan himoya qiluvchi ma’nosida uni “Groznыy” deb, tatarlar esa “Yovuz” deb atay boshladi (28)”. G.V.Vernadskiy ham ta’kidlaganidek, Ivan IV ga berilgan ilk turkiy-tatarcha laqab: “Yovuz”, “Yovuz Ivan” edi. “Groznыy“ laqabi ingliz va frantsuz tillarida ham “terrible” shaklida tarjima orqali beriladi. Shu nuqtai nazardan, o’zbek tilida ham, bizningcha, Ivan Groznыy emas, Yovuz Ivan deb aytilishi tarixiylik jihatidan ham to’g’ri bo’ladi, deb o’ylaymiz va quyida shunday qo’llaymiz.

ILK “XAVFSIZLIK XIZMATI”

1560 yili Livoniya ordenida rus qo’shinlari qozongan g’alaba Litva knyazligi, Polьsha qirolligi va shvedlarning mazkur hududda faollashishiga sabab bo’ladi va tezda bosib olingan yerlar Litva knyazligi va shvedlar tomonidan qaytarib olinadi. Ustiga ustak, 1560 yili tsarning xotini Anastasiya vafot etadi. Qahrga mingan Yovuz Ivan eng yaqin maslahatchilari, Saylangan kengash (Izbrannaya Rada) a’zolari: ruhoniy Silьvestr va tajribali qo’mondonlari: Aleksey Adashev, Andrey Kurbskiylarni ham Anastasiya o’limida qisman aloqador degan mish-mishlarga ishonib, Silьvestrni surgun qiladi, A.Adashev qamoqqa tashlanib, o’sha yerda vafot etadi, A.Kurbskiy Litva knyazligiga qochib o’tadi. Anastasiya o’limidan bir hafta o’tib, tsar yana o’ylanish xohishini bildiradi va kabardin malikasi Kucheneyga o’ylanadi.
Livoniya yerlarida samarasiz janglar keyingi yillardayam davom ettiriladi. Bu orada Qirim xoni Davlat Keray Moskva davlatining bir necha shaharlariga bosqin uyushtirib, katta o’ljalar, asirlar bilan ortga qaytadi. Ivan IV va Boyarlar dumasi o’rtasidagi ziddiyat keskin tus ola boshlaydi. Duma, ya’ni boshqaruvchi hokimiyat vakillari tsardan qatllarni kamaytirish, Livoniya janggini to’xtatib, Qirim tomon yuzlanishni talab qiladi.
Xullas, shu kabi sabablar Ivan IV ni oprichninani tuzishga undaydi. 1564 yili tsar oilasi, kutubxonasi, davlat xazinasi va ramzlarini olib qo’qqisdan poytaxtdan ko’p uzoq bo’lmagan Aleksandrovskaya Sloboda shaharchasiga ko’chib o’tadi. Tarixchi N. Ryazanovskiyga ko’ra, tsar u yerdan turib Moskvaga ikki maktub yo’llaydi. Birinchisi bosh ruhoniy (metropolit) ga bo’lib, unda tsar o’z o’g’li Ivan Ivanovich foydasiga taxtdan voz kechganini, bunga uni Boyarlar dumasi, harbiy qumondonlar, ruhoniylar va amaldorlar bilan kelishmovchiliklar majbur etganligini yozadi. Ikkinchi maktub aholiga yo’naltirilgan bo’lib, unda tsar xalqdan norozi emasligini aytadi. Ushbu maktublardan keyin jamiyatda boshboshdoqlik, aholi o’rtasida sarosima boshlanadi (29). Aholi Boyarlar dumasiga qarshi isyon ko’taradi. Shu taxlit Yovuz Ivan ko’zlagan maqsadiga erishadi: xalq va ijroiya hokimiyat undan Moskvaga qaytib, ularga hukmronlik qilishini so’rashadi. Qachonki, ijroiya hokimiyat uning barcha talablariga rozi ekanligini bildirgach, 1565 yilning fevralida tsar Moskvaga qaytadi. Uning talablaridan biri esa –oprichninani joriy etish edi.
Xo’sh, oprichnina nima? Bu atama – “boshqa”, “o’zga”, “maxsus” kabi ma’nolarni bildiruvchi qadimgi ruscha “oprichь” (hozirgi “prochь”, “prochiy” kabi so’zlarga o’zakdosh) so’zidan yasalgan bo’lib, oprichnina – mavjud davlat tizimlaridan tashqari boshqa bir tizim, faqat tsarga bo’ysunadigan maxsus xizmat, tsarning shaxsiy “xavfsizlik xizmati”edi. N. Ryazanovskiyga ko’ra, shu taxlit tsar boshqaruv tizimini ikkiga bo’ldi. An’anaviy milliy boshqaruv tizimi “zemщina” (ya’ni “erga, hududga oid”, ma’nosida) deb, tsarga bo’ysunuvchi maxsus xizmat esa “oprichnina” deb atala boshladi (30).
“Oprichnыy dvor”, ya’ni “oprichniklar uyi”ni iqtisodiy ta’minot manbasini yaratish uchun ko’pgina shahar va tumanlar yerlari va daromadlari bilan oprichniklar ixtiyoriga topshirildi. Oprichnina dastlab ming kishilik kuchli armiyaga ega edi, keyinchalik bu raqam 15 mingga yetdi. Xullas, tsar oprichnina joriy etilgan dastlabki yillarda o’zini Boyarlar dumasini mag’lub etganday, xavfsizligini ta’minlaganday his etadi.
Oprichniklarning asosiy vazifasi tsarga, davlatga qarshi kayfiyatda bo’lgan “xoin” shaxslarni aniqlash va ularni jazolashdan iborat edi. Lekin bu xizmatga yollanganlar ichida kamdan-kam kishilar chindan ham tsarga sadoqatli shaxslar edi, aksariyat kishilar, xususan chet elliklar, yaxshi daromad olish, mansabga erishish, boyish maqsadida bu xizmatga yollanar edi. Tarixchilarga ko’ra, oprichniklar maxsus qora kiyim kiyib, otlarining egarlariga itning kallasi va supurgi osib yurishar, bu ramzlar ularning tsarga itday sodiqliklarini va “har qanday xoinlikni mamlakatdan supurib tashlaymiz”, – degan ma’noni bildirardi.
Oprichnina joriy etilgandan keyin tsarga ayon bo’ladiki, unga, vatanga xiyonat qilishga qodir “xoinlar” nihoyatda ko’p ekan. G.Vernadskiy yozadi: “Tsar ularning hammasi haqida o’z josus va ayg’oqchilaridan bilishi kerak edi, shubhasiz, ayg’oqchilar oprichninaning qanchalik “foydali” ekanini, o’z xizmatlarini urg’ulash, tsarning nazariga tushish maqsadida xavfni oshirib-toshirib, bo’rttirib ko’rsatishar edi. Tsar endi boyarlar va ruhoniylar o’rtasida ham unga qarshi fitna borligiga ishona boshladi. Ammo birorta ishonchli tarixiy manbada tsarga qarshi fitna bo’lganligi aytilmaydi. Vaziyat juda og’ir, ko’p odamlar sarosimada, ko’pchilik mamlakatdan qochib ketishni o’ylar va qochqinlikka yuz tutganlar ham ko’p edi (31)”.
Oprichniklar xiyonatda gumon qilingan shaxslarni aybiga iqror etish uchun misli ko’rilmagan qiynoqlar qo’llashar, ko’pincha bunday tergov jarayonlarida tsarning o’zi ham ishtirok etardi. “Aybdorlar” hatto oila a’zolari bilan jazolanar, ko’pincha, qatl etilar edi. Oprichniklarga gumondor shaxsning mulkini talon-taroj etishga ruxsat etilgandi.

NOVGOROD OMMAVIY QIRG’INI

1569 yili Yovuz Ivanning amakivachchasi knyazь Vladimir Staritskiy oprichniklar tomonidan tsarga nisbatan fitnakorlikda gumon qilinib zaharlab o’ldiriladi. Aslida, V.Staritskiy hukmdor amakisiga eng sodiq shaxslardan biri, tsar Qozonga yurish qilganda va, ikkinchi marta, tsar kasal bo’lganda vaqtincha uning vazifasini bajarib turgan, ayni paytda, boyarlar tomonidan taxtga munosib nomzodlardan biri sifatida ko’rilar edi. Bu esa Yovuz Ivanga ma’qul emas edi. V.Staritskiy o’limidan keyin oprichniklar tomonidan uning xotini va qizi, hatto qari onasi ham qatl etiladi.
V.Staritskiy o’limi va Novgorod qirg’iniga aslida V.Staritskiy nomi bilan bog’liq bir mish-mish sabab bo’ladi. Emishki, Novgorod shahri bosh ruhoniysi (episkop) Novgorod va Pskovda V. Staritskiyni taxtga o’tqazib, bu hududni avtonom viloyat shaklida Litva ulug’ knyazligi va Polьsha qiroli Sigizmund Avgust qo’liga topshirmoqchi bo’lgan. Bu mish-mishdan oprichniklar katta voqea yasaydilar. V.Staritskiy qatl etilgandan keyin Yovuz Ivan “fitnachilarni” yo’q qilish uchun oprichniklarning katta qo’shini, tarixchi A.A.Ziminga ko’ra, 15 minglik qo’shin bilan Novgorodga yurish boshlaydi. “Oprichniklar qo’shini tomonidan aholini qatli om, talon-taroj etish yo’l-yo’lakay Tverь o’lkasi shaharlaridan boshlandi. Nafaqat savdogar va hunarmandlar, balki barcha aholi qatlami qatli om qurboniga aylandi. Aniq qurbonlar soni ma’lum emas, ammo faqat Tverda taxminan 9 ming kishi o’ldirilgan”, – deb yozadi Vernadskiy (32).
1569-1570 yillarda Novgorod shahri qatli om etiladi. Tarixchilarga ko’ra, shaharning 30 minglik aholisining yarmi, ya’ni 15 minggi oprichniklar qirg’ini qurboni bo’ladi. Undan keyin qurg’oqchilik, ocharchilik, shaharda tarqalgan vabo yana minglab kishilar hayotiga zomin bo’ladi. Odamlar hatto odamxo’rlik, ya’ni odam go’shtini yeyishgacha borishadi, deyiladi manbalarda. Novgoroddan keyin qirg’inlar Pskov shahrida ham davom ettiriladi.
L.N.Gumilev shunday yozadi: “Oprichnina 1565 yil Yovuz Ivanning vos-vos kasali qo’zigan paytda joriy etildi va rasman 7 yil davom etdi. Oprichniklarning vazifasi “hukmdorga nisbatan xoinlik holatlarini fosh etish”, ayni paytda, “fitnachilarni” oprichniklarning o’zlari aniqlashlari kerak edi. Bu esa ularga istalgan kishini fitnachi deb e’lon qilib, qatl etish huquqini berardi. Birgina ayblovning o’zi gumondorni istalgan turdagi jazoga mahkum etish uchun kifoya edi. Eng yumshoq jazo turi – boshini olish yoki osib o’ldirish edi. Bundan tashqari oprichniklar gumondorlarni tiriklay o’tda yoqish, tanasini to’rtga bo’lish, terisini shilib olish, qorda muzlatish, itlarga yem qilish, qoziqqa o’tirg’izish… va hokazo qiynoq turlari orqali o’ldirish amaliyotlarini qo’llardilar (33) ”.

QOCHQOQ IVAN. OPRIChNINANING TUGATILISHI

Yovuz Ivanning vos-vos kasalligi shu qadar ediki, uning ko’ziga hamma fitnachi bo’lib ko’rinar, hatto chet elga qochib ketish yo’llarini ham o’ylardi. 1567 yili Angliya qirolichasi Yelizavetaga yo’llagan maxfiy maktubida Yovuz Ivan hatto qirolichaga, har ehtimolga qarshi, “o’zaro siyosiy boshpana berish”ga kelishuvni taklif etadi. O’z navbatida qirolicha tsarga: “agar mamlakatingizda biror baxtsizlik yuz bersa, ishontirib aytamizki, tsar bizning zaminda do’stona kutib olinadi”, deb javob qiladi (34).
1571 yili Qirim xoni Davlat Keray Usmonli davlati ko’magi bilan Rusga navbatdagi hujumini boshlaydi va poytaxt Moskvani ham bosib oladi. Novgorod shahrida oprichnik qo’shinlari bilan aholini qatli om etish bilan mashg’ul Yozuv Ivan Moskvaga qaytadi, ammo vahimaga tushib, o’z jonini qutqarish maqsadida Moskvaga kirmasdan Rostov shahriga qochadi. Mamlakatni qutqarish uchun tsar yoki uning ishongan “xavfsizlik xizmati” – oprichnina qo’shinlari emas, balki aynan tsar tomonidan rad etilgan milliy boshqaruv tizimi – zemщina qo’shinlari qo’mondonlari: knyazь I.D.Belьskiy, yarim tatar boyar I.F.Mstislavskiy va knyazь M.I.Vorotыnskiylar mudofaaga kelishadi va Davlat Keray hujumini qaytarishadi. Ortga qaytarkan, Davlat Keray Moskva shahriga o’t qo’yadi va 3 soat ichida shahar yonib bitib, ko’li ko’kka sovriladi. Yo’l-yo’lakay qirimliklar ruslarning ko’pgina shaharlarini talon-taroj etib, minglab harbiy asirlar bilan ortga qaytishadi. Moskvani olganligi uchun Davlat Kerayga qirimliklar tomonidan “taxt olg’an” laqabi beriladi.
1572 yili Davlat Keray yana Moskvaga qo’shin tortadi. Yovuz Ivan Davlat Keray nomini eshitganda shu qadar vahimaga tushadiki, bu gal davlat xazinasini olib Novgorod shahriga, go’yoki shvedlar bilan tinchlik to’g’risida sulh tuzish uchun, aslida esa boshpana istab ko’chib o’tadi. Qirimliklar hujumini qaytarish uchun tsar zemщina va oprichnina qo’shinlaridan iborat harbiy kuchlarni safarbar etadi, ammo ular o’rtasida kelishmovchilik chiqib, tsar oprichninaning butunlay foydasiz tashkilot, aksincha, mamlakat birligi uchun xatarli ekanligiga yana bir bor iqror bo’ladi. Shunga qaramasdan, bu gal Davlat Keray butunlay mag’lubiyatga uchraydi. Yovuz Ivan Moskvaga qaytadi va 1572 yili oprichnina bekor qilinadi. G.V.Vernadskiy yozadi: “Ko’pchilik tarixchilarga ko’ra, oprichnina rasman bekor qilingan, oprichniklarning eng jirkanch kirdikorlari to’xtatilgan bo’lsada, aslida tsar o’limigacha bu institut “dvor” nomi bilan faoliyatini davom ettirdi (35)”. Bizningcha esa, bu institut keyingi davrlarda, xususan Lenin, Stalin davrlarida ham davom ettirildi…

“IVAN VASILEVICh KASBINI O’ZGARTIRADI”

Yovuz Ivanning sobiq qo’mondoni Andrey Kurbskiyning yozishicha, oprichnina joriy etilishidan ancha oldin, 1553 yili, Yovuz Ivan monax Vassian Toporkov bilan uchrashadi va Vassian unga: “Agar mutlaq hokim (samoderjets) bo’lishni istasang, hech qachon yoningda o’zingdan aqlliroq maslahatchilarni tutma”, deb nasihat qiladi (36). Bu nasihatga Ivan qanchalik amal qilganligi bizga ma’lum emas, balki Yovuz Ivan o’z tabiatidan kelib chiqib, maslakdoshlari, unga sodiq bo’lgan mulozimlari, “o’zidan aqlli” kishilarning aksariyatini qatog’on, qatl etgan, desak to’g’riroq bo’ladi.
1572 yili Qirim xoni Davlat Keray ustidan qozonilgan g’alabada qo’mondonlar: M.I.Vorotыnskiy, N.M.Odoyevskiy va M.Ya.Morozovlar katta hissa qo’shadi va xalq qahramonlariga aylanadi, bu holat, albatta, o’sha paytda Novgorodda qochib-pisib yurgan Yozuv Ivanning nafsoniyatiga tegadi. 1573 yili yana Qirim tatarlari hujumga tayyorlanyapdi, degan mish-mish tarqaladi, tsar mazkur uch qo’mondonni Oka daryosi mudofaa chizig’iga safarbar etadi va “xoin” sifatida ularni o’sha yerda, poytaxtdan narida, qatl etishga buyuradi. Garchi oprichnina davridagi kabi bo’lmasada, ko’zga ko’ringan shaxslarni qatl etish yana davom etaveradi.
“Bu qatllar boyar va yuqori lavozimli amaldorlarda yana tsarga nisbatan g’azab va nafrat uyg’otdi. Ivan IV yana oprichnina joriy etish arafasida bo’lgani singari xavotirga tusha boshladi. Bu gal tsar o’ziga qaratilgan g’azabga chap berish uchun boshqacha – ayyorona bir yo’l tanladi”, – deb yozadi G.V.Vernadskiy (37).
Xullas, 1575 yili, oprichnina bekor qilingandan keyin 3 yil o’tib, Yovuz Ivan oliy hokimiyatni boshqa bir kishiga topshirib, o’zini oddiy o’lka knyazi sifatida taqdim etadi. Ya’ni, bu gal Yovuz Ivan o’ziga “Moskva knyazi” unvonini qabul qilib, oliy hokimiyat boshlig’iga “Butun Rusning ulug’ knyazi” unvonini beradi. “Tsar” degan maqom esa o’rtada kimga tegishli ekanligi tushunarsiz bo’lib qoladi. Yovuz Ivanning bundan ko’zlagan maqsadi, G.V.Vernadskiyga ko’ra, o’ziga qadarilgan barcha g’azab va nafratni ana shu bo’shliqqa yo’naltirish edi.
Ammo “Butun Rusning ulug’ knyazi”, birinchidan, Yovuz Ivanga o’ta sodiq, o’ziga yuklatilgan majburiyatni jiddiy qabul qilmasdan, Yovuz Ivanning maxfiy buyruqlarini astoydil bajaradigan shaxs bo’lishi, ikkinchidan, u knyazlar va rus boyarlari naslidan bo’lmasligi kerak edi. Shunday odam topiladi.
Xullas, 1575 yilning 1 sentyabrida Chingizxon naslidan bo’lgan Simeon Bekbulatovich “Butun Rusning ulug’ knyazi” deb e’lon qilinadi.
Uning asl ismi cho’qintirilishidan oldin Sainbo’latxon bo’lib, 1560 yili Yovuz Ivan tomonidan Qosimov xonligi xoni etib tayinlanadi. Uning otasi Bekbo’latxon asli ashtarxoniy (hojitarxoniy, astraxanlik) shahzodalardan bo’lib, Hoji Tarhon Yovuz Ivan tomonidan bosib olingach, 1558 yili, Bekbo’latxon No’g’ay xonligidan Moskvaga Yovuz Ivan xizmatiga chaqiriladi. Bekbo’latxonning otasi Ahmadxon Katta O’rda xoni, uning otasi Kichi Muhammadxon esa Jo’chi Ulusining (Oltin O’rdaning) so’nggi xoni bo’lgan edi. Xullas, bu shajara Jo’chixon orqali Chingizxonga borib taqaladi. Sainbo’lat 1573 yili Moskva shahrida Simeon ismi bilan nasroniylikni qabul qiladi. 1573-1575 yillarda Livoniya urushida o’zining Qosimov xonligi tatar (turkiy) laridan iborat lashkari bilan ishtirok etadi.

“SHOH SOXTA EKAN”

G.V.Vernadskiyga ko’ra, Yovuz Ivan ham o’z zamondoshlari qatori xurofot, irim-sirimlar, bashoratlarga qattiq ishongan. Tarixchi XVII asrda yozilgan “Piskaryov yilnomachisi” (“Piskarevskiy letopisets») dan shunday iqtibos keltiradi: “Ba’zi odamlar gapirishadiki, Simeonni (taxtga) o’tqazilishining sababi – bashoratchilar: “mana shu yil Moskva tsari o’ladi”, deb Ivanni ogohlantirishgan. Boshqalar esa (Ivan) odamlarning munosabatini bilish uchun shunday qildi, deb hisoblashadi”.
Har holda, 1575 yil o’tadi, faqat 1576 yilning 29 yanvarida Yovuz Ivan Angliya qirolichasi elchisi J.Silьvestr bilan bo’lib o’tgan suhbatda o’z rejasini ochiqlaydi: “Biz boshqa bir hukmron oila vakilini go’yoki taxtga o’tirgan qilib ko’rsatgan bo’lsak-da, ammo bu bizning iste’foga ketganimizni bildirmaydi. To’g’rirog’i, qaror qilsak, yana bu vazifani o’z zimmamizga olishimiz mumkin va Tangri irodasi bilan shunday qilamiz ham, chunki unga toj kiydirilmagan yoki saylanmagan, shunchaki bizning xohishimiz bilan taxtga o’tqazilgan edi ”.
Oprichnina bekor qilingandan keyin Yovuz Ivan o’zini bir qadar himoyasiz, yolg’iz his eta boshlagan edi. Simeon Bekbulatovich taxtda o’tirgan bir yil mobaynida Yovuz Ivan yana o’zining shaxsiy xavfsizlik xizmatini shakllantiradi, o’z yaqinlari, tarafdorlarini atrofiga to’playdi. Simeon hukmronligi davrida Qirim tatarlari ham Rusga hujum qilmaydi.
Shu yili Sharqiy Ovro’poda ham muhim siyosiy o’zgarishlar sodir bo’ladi, xususan, 1576 yilning 1 mayida Polьsha qiroli va Litva ulug’ knyazi sifatida Stefan Batoriyga toj kiydiriladi. Stefan Batoriy nomzodi Usmonli davlati tomonidan ham qo’llab-kuvvatlanadi, ammo Moskva davlati uchun g’ayratli, kuchli qumondon bo’lgan Stefan Batoriyning taxtga o’tirishi xavfli edi. Yana Moskva va Litva o’rtasida urush xolati yuzaga keladi va 1576 yilning 1 sentyabrida, roppa-rosa bir yil o’tib, Yovuz Ivan “Butun Rusning ulug’ knyazi” maqomini Simeon Bekbulatovichdan qaytarib oladi va uni Tverь ulug’ knyazi etib tayinlaydi.

IZOHLAR

1. «Si le nez de Cléopâtre eût été plus court, toute la face du monde aurait changé.»
2. “sovet” atamasini o’zbek tilida “sho’ro” (arabcha: “شورى” – “kengash”) deb emas, o’zgarishsiz berish to’g’ri deb o’ylayman. Chunki ruscha “maslahat, kengash” ma’nosidagi bu atama boshqa tillar, xususan, ingliz, frantsuz tillarida (“soviet”), hatto arab tilida ham (“السوفييتي”) tarjima qilinmasdan, ruscha shaklda beriladi.
3. Nicholas V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005. 35-bet.
4. O’sha kitob, o’sha bet.
5. Fasmer M.F. “Etimologicheskiy slovarь russkogo yazыka”.
6. Povestь vremennыx let. http://lib2.pushkinskijdom.ru/tabid-4869
7. Mahmud Koshg’ariy. Devonu lug’otit-turk. I tom. 66-bet. Toshkent. FA nashriyoti. 1960.
8. Mahmud Koshg’ariy. Devonu lug’otit-turk. I tom. Toshkent. FA nashriyoti. 1960. 433,446-betlar.
9. Nicholas V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005.
10. Vernadskiy G.V.. Moskovskoye sarstvo.
11. Dolgorukov P.V.. Rossiykaya rodoslovnaya kniga. Sankt-Peterburg: tip. K.Vingebera. 1854-1857. IV-tom. 76-bet.
12. Gumilyov L.N.. Ot Rusi k Rossii. Moskva. 1992
13. Dolgorukov P.V.. Rossiykaya rodoslovnaya kniga. Sankt-Peterburg: tip. K.Vingebera. 1854. III tom. 358-bet.
14. Vernadskiy G.V.. Moskovskoye sarstvo.
15. Knyazь Andrey Kurbskiy Ivan IV ning harbiy sarkardasi, eng yaqin kishilaridan biri bo’lgan. Qozon, Qirim urushlarida qatnashgan. Ammo Livoniya urushidagi mag’lubiyatdan keyin Ivan IV tomonidan kechirim bo’lmasligini bilib Litva-Polьsha knyazligiga qochib o’tgan ilk rus dissidenti. Ammo keyin ham Ivan IV ning A.Kurbskiy bilan maktub orqali munosabatlari davom etgan.
16. Vernadskiy G.V.. O’sha asar.
17. Vernadskiy G.V.. O’sha asar.
18. Povestь vremennыx let. http://lib2.pushkinskijdom.ru/tabid-4869
19. Fasmer M.F. “Etimologicheskiy slovarь russkogo yazыka”.
20. Timur tuzuklari. Toshkent. 1991. 51-bet.
21. Qarang: Trubetskoy N.S.. Naslediye Chingisxana. Vzglyad na russkuyu istoriyu ne s Zapada, a s Vostoka.
22. Vernadskiy G.V.. O’sha asar.
23. Nicholas V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005. 162-bet
24. Nicholas V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005. 163-bet.
25. O’sha kitob, o’sha bet.
26. Vernadskiy G.V.. Moskovskoye sarstvo.
27. Vernadskiy G.V.. Moskovskoye sarstvo.
28. Vernadskiy G.V.. Moskovskoye sarstvo.
29. Nicholas V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005. 167-bet
30. O’sha asar, o’sha bet.
31. O’sha asar.
32. Vernadskiy G.V.. Moskovskoye sarstvo.
33. Gumilev L.N.. Ot Rusi k Rossii.
34. Vernadskiy G.V.. Moskovskoye sarstvo.
35. Vernadskiy G.V.. Moskovskoye sarstvo.
36. O’sha asar
37. Vernadskiy G.V.. Moskovskoye sarstvo.

03

(Tashriflar: umumiy 610, bugungi 1)

Izoh qoldiring