Abu Nasr Al-Forobiy she’r san’ati haqida

muallim

АБУ НАСР АЛ-ФОРОБИЙ ШЕЪР САНЪАТИ ҲАҚИДА

Шарқда “ал-Муаллим ас-соний” яъни “Иккинчи Муаллим” деган фахрли номга сазовор бўлган буюк мутафаккир Абу Наср ал-Форобий 873 йилда Сирдарё бўйидаги Фороб шаҳрида турк ҳарбий саркардаси оиласида таваллуд топди. У аввал ҳунармандчилик ишлари билан банд бўлиб, кейин фалсафа илми билан машғул бўлади. У 70 тилни билган, деган ривоятлар бор, 160 дан ошиқ асарлар муаллифи бўлиши билан бирга мусиқа ва шеърият илмларини ҳам мукаммал билиб,шеърлар ҳам ёзиб турган. Олим ниҳоятда камтар ва ғарибона ҳаёт кечирган. У Сайф уд-Давладан кунига 4 дирҳамдан ошиқ пулни олмаган. Ал-Форобий “Катта мусиқа китоби” номли асар ёзиш билан бирга янги мусиқа асбобини ҳам яратади. Бугунги кунгача фақатгина 40 га яқин асаригина бизга етиб келган. Унинг машҳур асарлари: “Шарҳ китоб ал-Бурҳон ли Аристутолис” (Арастунинг “Исбот” – “Иккинчи аналитика” китобларига оид шарҳ китоби), “Шарҳ китоб ал-Хитоба ли Аристутолис” (Арастунинг “Риторика” асарига ёзилган шарҳ китоб), “Шарҳ ал мақола ас-сония ва ас-сомина мин “Китоб ал-жадал” ли Аристутолис (Арастунинг “ал-Жадал” – “Диалектика” китобидан иккинчи ва саккизинчи мақолалар шарҳи),“Шарҳ китоб ал-Муғолата ли Аристутолис (Аристотелнинг “Софистика” китобига битилган шарҳи), “Шарҳ китоб ал-Мақулот ли Аристутолис ало жиҳат ат таълиқ” (Арастунинг категорияларни шарҳлаб ёзилган китобига шарҳ), “Китоб ал-жадал” (“Диалектика” китоби), “Китоб фи мабоди оройи аҳл ал-мадинат ал-фозила” (“Фозил шаҳар аҳли қарашлари ҳақида китоб),“Китоб ал-алфоз ва ал-ҳуруф” (Лафз сўзлари ва ҳарфлар ҳақида китоб), “Рисола фи ат-танбиҳ ало асбоб ас-саода” (“Саодатга эришиш сабаблари кўрсатилган рисола”), “Китоб фи ал-хитоба кабир, ишрун мажалла” (“Риторика ҳақида йигирма жилдлик катта китоб”), “Калом лаҳу фи аш-шеър ва ал-қавофий” (“Абу Насрнинг шеър ва қофиялар тўғрисидаги сўзи”) ва бошқалар ҳисобланади.
Олим араб тилида ижод қилган. У ўз шеърларида байтларнинг охирларига кўпроқ эътибор қаратган. Ўша давр шеъриятида ишлатиладиган иборалар ритмли, маълум бўлакларга ажратилган бўлиши керак деб ҳисобланган, ҳатто ундаги ҳар бир ритм (зарб), туроқ, сабаб, ватадлар (1) сони ҳам чегараланиши зарур.

Шеърнинг ҳар бир вазнида қўлланиладиган сўз бўлаклари тартибининг ҳам муайян чегараси бўлади.Шеър байтларининг ҳар бир бўлагидан вазн тартиби билан бошқа қисмдаги тартиб ҳамоҳанг бўлмоғи керак. Натижада мана шу юқоридаги шартларга риоя қилинар экан, унинг ҳар бир бўлаклари ўқилиш пайтида бир бирига баробар вақтда ўқилади ва равон чиқади. Ҳар бир вазнда ишлатиладиган байт сўзларининг ҳам маълум бир тартиби, чегараси бор. Бунда байт сўзларининг охирлари ҳам чекланган: ё товушлар худди ўзидагидек ёки уни талаффуз қилганда баробар келадиган сўзлар бўлмоғи kерак 2. Шу билан бирга байтларнинг бир-бирига ҳамоҳанг бўлиши ҳам талаб қилинади 3. Агарда байтларнинг охирларига аҳамият берилмаса, яъни на вазнга на товушларнинг оҳанграболигига аҳамият берилмаса бу шеър бўлмайди.
Шеър бирор нарсага тақлид қилинган сўзлардан ташкил топиши керак 4. Бу ҳолат шеърнинг мазмунини ва кўтарилаётган мавзунинг моҳиятини очиб беради.
Хитоба (риторика)да ҳам тақлидий нарсалар ишлатилади. Шуниси борки, бу хил нарсалар кўпчиликка жудаям яқин, аён ва машҳурдир. Балки шунинг учун ҳам нотиқларнинг кўпчилиги табиатларида асли шеърий мулоҳаза юритиш қобилияти бўла туриб, хитоба талаб қилганидан ортиқроқ даражада тақлидни ишга солмоқчи бўлганлар ва шу билан хатога йўл қўйганлар. Аммо уларнинг бу мулоҳазаларига ҳеч ким ишониб қарамаган, балки аксинча, уларнинг бу хил сўзлари кўпчилик назарида жуда муболағали хитоба сифатида қабул қилинган. Аслини олганда эса уларнинг бу сўзлари шеърий мулоҳазаларнинг ўзигина бўлиб, нотиқлар бунда фақат хитоба йўлидан бормасдан, балки шеърий йўлга майл қўйган эдилар, холос 5. Қадимги Юнонистон ва Римда нотиқлик санъати кенг ривожланган. Нотиқлар асосан суд жараёнларида ўз истеъдодларини кўрсатганлар.
Одатда шоирлар ўз фикр-мулоҳазаларини шеърий йўл билан ифодалаганлар. Бунинг оқибатида кўпчиликка шеър таъсир қилиб, унинг мазмунига маҳлиё бўлганлар. Шоирларнинг асли мақсади ҳам шу бўлган.
Нотиқлар кўпинча ўз нутқларида мана шу икки ҳолатни жамлаган бўладилар6. Кўпчилик шоирларда ҳам аҳвол худди шундай. Масалан, мавжуд шеър ва шеърий мулоҳазаларнинг ҳаммаси нима ҳақида сўз кетаётган бўлса, ўшаларга бориб тақаладиган нарсалардан тузилган бўлади. Нарсаларга тақлид этиш эса ҳам феъл билан, ҳам мулоҳазалар билан билдириш йўлида амалга оширилади. Феъл билан юзага келадиган тақлид икки хил бўлади, уларнинг бири шуки, инсон ўз қўли билан бирор нарсага ўхшаган шаклни ясайди, чунончи, инсон бировнинг тимсолини ишлаб, уни муайян бир кишига ёки бошқа бирор нарсага ўхшатмоқчи бўлади. Ёки бўлмаса инсон бирор бошқа одамнинг хатти-ҳаракатига ўхшаган ҳаракатлар қилади7.
Сўз – мулоҳаза билан бўладиган тақлид-ташбиҳ ҳам икки турли бўлади: бир турида тақлид ўша нарсанинг ўзида деб тасаввур қилинса, иккинчисида эса бир нарсанинг борлигини бошқа нарса орқали тасаввур қилинади.
Бу ҳол илмий мулоҳаза юритилганда худди шундай бўлади. Буларнинг бирида нарсани ўзида борлиги ҳақида маълумот беради, чунончи, айтайлик, таъриф; иккинчисида эса бир нарсанинг борлиги бошқа бир нарсанинг борлиги билан юзага келиши ҳақида маълумот беради. Масалан, айтайлик бурҳон — исбот 8. Нарсанинг ўзида тақлид бўлган сўзларга масалан, гулнинг гўзаллиги,булбулнинг сайраши, қорнинг оппоқлиги ва ҳоказолар гувоҳ бўлса, иккинчисида, масалан “она” деган сўзни эшитсак, унинг “фарзанди” борлигидан дарак ёки “ўқитувчи ва ўқувчи”, “Осмон билан Қуёш, Ой ва юлдузлар” бизда мужассамланади. Юқорида келтирилган сўзлар бири иккинчисини тақозо қилиши натижасида, уларнинг мавжудлигини билдиради.
Демак, бундан маълум бўлишича, исботда илм, тортишувда иккиланиш, хитобда ишонтириш қанчалик аҳамиятли бўлса, шеъриятда ҳам хаёл ва тасаввур шунчалик зарур бўлади. Баъзида инсон феъли кўпроқ хаёл суришга боғлиқ бўлади. Бу шундайки, инсон бир нарсани бошқа нарсада бор, деб тасаввур қилади. Бунинг натижасида у нарсаларнинг борлигини ҳис ва исботда тасдиқлаганда ва унинг ўша нарсада борлигига ишониб, ўшандай қилиш мумкин. Ҳатто бу ишда унинг борлиги ёлғон бўлиб, фақат хаёл қилинган тақдирда ҳам, бу ҳаракат — феълни амалга оширади. Чунончи, агар киши бирор нарсага назар солса-ю, у нарса унинг хуш кўрмайдиган нарсасига ўхшаган бўлса, у ҳолда унинг тасаввурида ўша заҳотиёқ бу нарсага нисбатан хуш кўрмаслик ҳисси пайдо бўлади. Шу билан ҳалиги киши у нарсадан ўзини тийиб, четлашиб юришга уринади. Ваҳоланки, аслини олганда бу нарсанинг ўзи ўша хаёл қилингандай ёмон нарса бўлмаслиги ҳам мумкин 9. Шунингдек,ёмон нарсани кўрган инсон уни яхши нарсага ўхшатса, у ҳолда унда шу ёмон нарсага нисбатан илиқлик ҳисси ёки ижобий муносабат пайдо бўлади. Масалан, ароқ (хамр)ни кўрган бола уни сувга ўхшатади ёки ҳаётда актёр беномус инсон бўлса-да, аммо саҳнада ориятли, иболи инсон образини маҳорат билан ижро эта олса, бизда унга нисбатан ижобий хулоса келиб чиқади.
Мазали, аммо безатилмаган таомни кўриб, уни бемаза бўлса керак, деймиз ёки аксинча ҳам бўлиши мумкин, ниҳоятда безатилган таомни (европа таомлари) кўриб биз уни мазали бўлса керак, деган хулосага келишимиз мумкин, ваҳоланки аслида бундай эмас.Оламдаги ҳар бир нарса ўзаро боғлиқ ва алоқадор бўлиши билан бирга улар ўхшаш ҳамдир. Оламдаги нарсаларни тўғридан-тўғри тасаввур қилишимиз мумкин ва бир ёки икки нарса воситасида ҳам тасаввур қила оламиз. Бир гуруҳ шоирлар нарсаларни шу нарсага яқин бўлган нарса билан тақлид қилишса, бошқалари тақлид қилаётган нарсани шу нарсадан анча йироқ нарсалар билан ҳам тақлид қилиб шеър битишади. Иккинчи гуруҳ шоирлари шеър санъатида лаёқатли ҳисобланадилар ва улар тақлиддан моҳирлик билан фойдаланадилар. Мисол учун, чўп билан илонни, ёмғир билан кўз ёшини, баҳор билан ёшликка тақлид қилиш осон бўлса-да, аммо ҳаёт билан чойнак ва пиёла (чойнак қанчалик мағрур бўлмасин, у барибир пиёлага эгилади), илм билан уммон (илмнинг мисқоллаб йиғилиши-ю, уммоннинг денгиз ва дарёларнинг сувидан ҳосил бўлиши) ва бошқалар бунга мисол бўла олади.
Лафз — сўзлар ё бирор маънони билдириши ҳам, билдирмаслиги ҳам мумкин; улар шу икки ҳолатнинг бирида бўлишидан холи эмас. Маънони билдирадиган сўзлар бирор мулоҳазани ё англатади, ё англатмайди 10.
Бирор маънони билдирмайдиган сўзларга “ва”, “билан”, “аммо”, “лекин”,“бироқ”, … бўлса, маънога эга сўзлар: “гўзаллик”, “адолат”, “давлат”, “фалсафа” ва бошқалар, яъни бу сўзларни эшитганимизда ёки ўқиганимизда онгимизда шу сўзлар ҳақида маълумотлар пайдо бўлади. Мулоҳазани англатадиганларнинг қатъий жазмлилиги ва жазмсизи бўлади. Қатъийлари ё тўғри, ё ёлғон бўлади: офтоб сариқ – офтоб оқ. Ёлғонларидан баъзилари эшитувчилар зеҳнига уни англатадиган маъно билан бирга ўрнашиб қолади, ваҳоланки бошқалари унинг онгида нарсаларнинг ўхшаши — акси билан ўрнашиб қолади.
Мана шу акс ўхшашликларнинг баъзилари энг мукаммал бўлади, бошқалари нуқсонли эканини аниқлаш шоирлар, турли-туман тил ва луғатлардаги шеъриятни ўрганаётган маърифат аҳлининг фикр доирасига киради. Лекин бундан ҳеч ким софистика 11 билан акс тақлид икковини бир сўз деб ўйламасин. Булар иккови ҳам баъзи сабабларга кўра бир-биридан бутунлай фарқ қилади 12.
Софистик тафаккур усули илк бор қадимги Юнонистонда пайдо бўлган.Софистика мунозарали ўткир ақл, зийраклик, устомонлик, уқувлик билан олиб бориш каби маъноларни билдирган бўлса, кейинчалик “софист” сўзи билимдон, уста, санъаткор, донишманд маъноларини англата бошлади. Софистларни ҳақиқат қизиқтирган бўлса ҳам, аммо улар гапга усталикдан фойдаланиб, одамларни ўз фикрларига ишонтира олиш учун уларни чалғитиб бўлса ҳам ўз иродаларини сингдиришга ҳаракат қилишган. Улар ҳам сўз билимдони, ҳам нотиқ бўлганлар, аммо ҳамма вақт ҳам ахлоқий меъёрлар билан ҳисоблашишмаган. Софистлар сўз санъатига катта эътибор берганлар, улар ўз обрўларини сақлаш мақсадида гоҳида одамларга ёлғон гапларни ҳам айтиб юбораверганлар. Шунинг учун Абу Наср ал-Форобий софистикани “ёлғондакам донолик” деб атайди. “Унинг фикрича, софистик тафаккур усули билан фикр юритувчи киши ўрганилиши лозим бўлган нарсаларни ўрганишда ақлни тўғри йўлдан чалкаштиради ва ёлғонни рост шаклда тасаввур қилишга мажбур қилиб, кишини тўғри фикрлашдан адаштиради” 13.
Софистнинг мақсади билан тақлидчининг мақсади бир-биридан фарқ қилади. Софист эшитувчини ўзига ишонишга ундаб, гоҳида ҳақиқатга тўғри келмайдиган нуқсонли нарсаларни унинг кўз олдига келтириб қўяди. Ҳатто у мавжуд нарсани номавжуд деб, номавжуд нарсаларни эса мавжуд деб тасаввур қилдиради14. Мисол учун, бозорда қўйни харид қилиш жараёни. Харидор сотувчидан: “Қўйни ҳолати қандай, нуқсонлари йўқми?”-деди. Сотувчи: “Кўр”-деди. Бу ерда “кўр” сўзи ожиз маъносида қўлланилса-да, харидор уни “кўрмоқ” феъли маъносида тушунади.
Тақлидчи бўлса нарса тасаввурининг тескарисини эмас, балки унга ўхшашини тасаввур қилдиради. Бунга ўхшаш нарсалар ҳисда ҳам учрайди. Бу шундайки, ўз жойида жим турган киши шундай ҳолатга тушса, гўё ҳаракат қилаётгандай бўлади15. Масалан, автомобилда кетаётган инсон ҳаракат қилмаса-да, ташқаридан қараганда худди у ҳаракат қилаётгандай туюлади.
Аммо кўзгуга ёки ялтироқ-силлиқ жисмга қараган кишининг ҳоли худди шундай бўлади, унга назар ташлаб, ўша нарсаларга ўхшаш нарсани кўраётгандай туюлади. Мулоҳазалар бошқа қисмларга ҳам бўлиниши мумкин. Хулласи калом, бу шулардан иборат: мулоҳаза ё қатъий,ё қатъий эмасликдан холи бўлмайди. Борди-ю, агар у қиёсий бўлса, у ҳолда билқувват — унинг табиатидан бўлади, ё бўлмаса билфеъл — ҳаракатидан бўлади. Борди-ю, агар у унинг табиатидан бўлса, у ҳолда истиқро (индуктив) бўлади, ё бўлмаса мулоҳаза тамсилий (аналогия) бўлади. Тамсил эса кўпинча шеър санъатида ишлатилади. Бундан аён бўлишича, шеърий мулоҳаза, тамсил-аналогияга киради16. Аслида, мантиқдаги дедуктив, индуктив ва аналогия бўйича хулоса чиқариш шеър санъатида ҳам кенг қўлланилади. Дедуктив хулоса чиқаришга мисол:

Баъзининг ҳасад-ла ёнади қалби,
Ботинда қарғиш-у кулади лаби,
Ҳайвоннинг оласи устида каби
Одамнинг оласи ичида экан 17.

Ёки шеърларда олдин табиатга таъриф берилади, сўнг ундаги гуллар,ҳайвонлару тоғлар тасвирланади, яъни юқоридаги мисолда халқ умумийдан яккага қараб боради.Индуктив хулоса чиқариш бу дедуктив хулоса чиқаришнинг акси, яъни яккадан умумийга қараб борилади. Масалан ораз, қад-қоматни, нигоҳларни гўзаллик билан ифодалаган шоир шеърининг охирида аёлни гавдалантиради.
Аналогия бўйича хулоса чиқаришда иккита предмет бир-бири билан солиштирилади. Масалан, тасаввуфда тана ва жон (руҳ)ни қафас ва унинг ичидаги қушга ўхшатилади. Камон, қалам ва қалдирғоч қанотини қизларнинг қошига ўхшатилиши ҳам тамсилий мулоҳаза саналади.Қиёслар ҳам, умуман олганда, мулоҳазалар ҳам бошқа турларга бўлиниши мумкин. Айтишларича, мулоҳазалар ё бутунлай рост, ё бўлмаса бутунлай ёлғон бўлиши ҳам мумкин. Ё бунинг тескариси ёки тўғри ва ёлғон меъёрда баб-баравар бўлиши мумкин. Буткул рост мулоҳаза, ҳеч сўзсиз,бурҳоний — исботли деб аталади. Борди-ю, унинг бутунлай рост томони кўпроқ бўлса, у ҳолда жадалий — диалектик бўлади. Борди-ю, рост ва ёлғон иккови тенг келиб қолгудай бўлса, у ҳолда у хитобий — риторик бўлади. Рост бутунлай камайиб бораверса, у ҳолда суфастоий — софистик бўлади, бутунлай ёлғон бўлса, у ҳолда уни, ҳеч шубҳасиз, шеърий деб аталади. Ушбу қисмларга бўлинишдан кўринишича, шеърий мулоҳаза на исботли, на диалектик, на хитобий-риторик ва на софистикдир 18.
Шеърий мулоҳазаларга келганда, шуни айтиш мумкинки, у ё вазнларга қараб бўлинади, ё бўлмаса маъноларга қараб турларга бўлинади.Аммо вазнларга қараб бўлишишларга келганда шуни айтиш керакки,бундан буёғига мулоҳаза юритиш мусиқор — мусиқачи ва арузчиларга тегишлидир. Шу билан бирга, мулоҳазалар (яъни шеърий сўзлар) қайси тилда бўлгани ва мусиқачининг қайси тоифадан чиққанига боғлиқ.
Форс ва араб шеърияти олимлари шеърларни турли навларга, чунончи, ҳажвия, мадҳия, муфохара, луғз — топишмоқли шеър, кулгили ғазалиёт,васфий шеър ҳамда китобларда топилиши қийин бўлмаган бошқа навларга бўладилар 19.
Юнон шеър турлари қуйидагилардан иборат: трагедия (трағўзиё), дифирамби (дисирамби), комедия (кумузия), ёмби (иёмбу), драма (драмото), эйний, диаграмма(диакрамма), эпика, риторика (риторий), сатира (сотуро), поэма, эфижоносоус, акустика 20. Демак, Абу Наср Форобий қомусий олим бўлиш билан бирга мусиқа ва шеъриятни ҳам билган ва бу ҳақда асарлар ёзиб қолдирган. Аммо бугунги кунгача асосан унинг фалсафий, сиёсий, мантиқий асарлари кенг ўрганилган. Олимнинг ҳатто ўзи ёзган шеърлари ҳам сақланиб қолган.
Деҳхудонинг “Луғати”да унинг қуйидаги шеъри келтирилган
(таржимаси):

Гапида маъно йўқдир, тили ғализ, тумтароқ.
Кўрдим аҳли замонни боши эгилган андоқ
Ҳар бошлиқда бир ташвиш: ҳар бошда бир мусибат.
Шунинг учун уйимдан чиқолмай тоқатим тоқ.
Номусни асрамоққа узлатдаман, панада,
Мен иззатимни асраб, қаноат этдим ҳар чоқ.
Сабр-чидам майини йиғиб қуйдим жомига,
Кафтимда у нурафшон, мен анга бўлдим ўртоқ.
Бор давлатим, ичурман, май шиша менга улфат.
Қулт-қулт овози наво, эшитай дейман кўпроқ.
Бўшаб қолган диёрлар, одамлар сўзларидан
Мева териб олурман, йўқолмиш йўқса мутлоқ.

________________________________________________________________________________
1 Арузда ҳаракатли икки бўғинли сўзлар сабаб (кўплиги асбоб), уч бўғинлилар ватад (кўплиги автод) деб
юритилади.
2 Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. –Т.: А. Қодирий номидаги Халқ мероси нашриёти, 1993.
–Б.110.
3 Ўша жойда.
4 Буни “шеър бирор нарсага ўхшатилган ё ташбиҳ қилинган рамзли сўзлардан иборат бўлиши керак”, деб
тушунмоқ лозим.
5 Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. –Б.112.
6 Матнда Хитоба-хитоб қилувчи – нотиқлар.
7 Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. –Б.112-113.
8 Ўша асар. –Б.113.
9 Ўша асар. –Б.113-114.
10 Ўша асар. –Б.116.
11 Софистика (юн. sopism – атайлаб хато асослар асосида, кўп маъноли сўзларга асосланиб фикр юритиш)
– билиб туриб, хато асослардан ёлғон хулоса чиқаришдир.
12 Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. –Б.117.
13 Фалсафа. Э.Юсуповнинг умумий таҳрири остида. –Т.: Шарқ, 1999. –Б.195.
14 Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. –Б.117.
15 Ўша жойда.
16 Ўша жойда.
17 Турсунов Р. Дил қуши. – Фарғона, 2008. –Б. 17.
18 Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. –Б.118.
19 Ўша асар. –Б.118.
20 Ўша асар. –Б.120-121.

Саодат УМАРОВА, Мунира ХЎЖАҚУЛОВА

(Tashriflar: umumiy 13 632, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring