Ahmad A’zam. Aka & Xurshid Davron. Aka Naymanga & Mahmud Sa’diy «Meni o’zgartirgan kitob» teledasturida

Ashampoo_Snap_2018.01.28_19h38m34s_004_.png     Аҳмад Аъзам: Маҳмуд ака биринчи мақоламни чоп этиб, адабий жараёнга қўлимдан етаклаб олиб кирган, шу жараёнда сузишни ўргатган. Яна ўзимга келсам, ҳозир ҳам у кишига талпинаман, фикрини эшитгим келади. Чунки аямай гапиради. Кўп йиллар ёзмай юриб, бултур «Ҳали ҳаёт бор» деган бир қисса ёздим. Ўқишга биринчилардан бўлиб Маҳмуд акага берган эдим, у киши ўқиб, шунинг номига ҳам: «Анави аёл қаҳрамоннинг гапидан олинган экан, қўштирноқни ёпишдан олдин уч нуқта қўйиш керак», деб тузатиш киритди. Ўша Маҳмуд ака-да.

АКА НАЙМАНГА
044

0_1bb95f_a103c0da_orig.pngМаҳмуд Саъдийга бағишланган тўплам тайёрлашга киришган шогирдлари менга ҳам мурожаат қилишган эди.  Ваъдани бердиму дангасалигим тутиб мақолани вақтида ёзиб беролмадим. Ҳолбуки, Маҳмуд ака билан мен ўзбек адабиётидаги найман қавмининг вакилларимиз.  Бошқа найман борми-йўқми,билмайман.  Учрашганда мен Маҳмуд акага «Ака Найман» деб мурожаат қиламан. Ака найман ҳам ота, ҳам она тарафидан найман бўлгани учун,  мени фақат ота томондан бу уруғга алоқадорлигимни назарда тутиб  «Чала Найман» деб «жиғимга» тегади.  Аммо, ҳеч қачон уруғчиликка берилмаганмиз,  Маҳмуд ака шунча йил адабиёт газетасида ишлаб мен ҳақимда  бир сатр ёзмаган.  Аммо,тарихшуносликдаги саводсиз олимлар ва илмий ишлар ҳақида ёзган (жаҳл билан ёзилган) мақолаларимни «аччиқ» жойларини юмшатиб газетада бостирган.  Насиб қилса, ўша мақолаларнинг айримларини саҳифамда қўйиш ниятим бор.

Узоқ йиллар аввал Маҳкам Маҳмуд, Мурод Хидир, Маҳмуд Саъдийга «МММ» деб ном берган эдим (Россияда довруқ топган «МММ» кейин пайдо бўлган) . Бу «МММ» дан,  уларнинг ҳар биридан шахсан мен нималарнидир ўрганганман.  Энг аввало, китобга меҳр туйғусини ўргандим.  Адабиётга садоқат билан хизмат қилишни ўргандим.  Улардан кўп китоблар олиб ўқиганман.  Ўша олис 70-80 йилларда менинг тасаввуримда уларнинг кутубхоналарида дунёнинг бутун китоби жам бўлгандай туюлган. Уларнинг китобга ўчлиги, биз ёшларнинг назарида афандинамо хислатлари ҳақида соатлаб гапириш мумкин.  Давраларда гапирамиз ҳам.

Ака Найман,мабодо ушбу саҳифага кўзингиз тушса ёки шогирдларингиздан (жанқовуллардан) бирортаси бу саҳифа хусусда хабар етказса, билиб қўйинг,  мен бари бир сиз ҳақингизда Аҳмад акадан ўтказиб ёзолмасдим.  Яна шуни билингки,  сизга бўлган ҳурматим фақат найманчилик тарафдан эмас,  сизнинг ўзбек адабиётига қилган беқиёс хизматингиз туфайли жуда баланд.

Укангиз Хуршид Даврон
2012

Аҳмад Аъзам
АКА
044

8-1.jpgМаҳмуд ака билан, аниқ эсимда йўқ, ишқилиб, етмишинчи йилларнинг бошида Фанлар академиясининг аспирантлар ётоқхонасида танишганман. Тошкентга янги келганман, Самарқанддан ўзига укасидек яқин олиб, доим қўллаб юрадиган устозим Ҳотам ака Умуров дўсти Мурод ака Иброҳимовга учрашимни тайинлаб юборган, у киши қаёққа бош суқишимни билмай, сарсон юрган пайтларимда хонасидан бошпана бериб турган. Мурод акани оллоҳ раҳмат қилсин, жуда яхши одам эдилар, кўп яхшиликларини кўрганман. Маҳмуд ака Мурод аканинг дўсти, ёнига борганида суҳбатларида бўлиб, шу билан бир умрга ака-ука бўлиб қолганмиз.

Ўзи инсоннинг ҳаёти яхши одамлар кўрсатадиган яхшиликлар силсиласидан иборат, таржимаи ҳолингизга мундоқ разм солсангиз, сизни шу ҳолингизга олиб келган яқин кишилар кўз олдингизда узун қатор тизилиб, сиз қайтара олмаган хизматлари хотирингизни маълул қилади.

Етмиш бешинчи йили Маҳмуд ака «Гулистон» журналига мақоламни олган. Ёзувчи Турғун Пўлатнинг «Ичкуёв» қиссасига тақриз эди. «Вафот этган ёзувчининг асарига ёзиб, жуда хайрли иш қилибсан, берамиз», деб у киши ҳам мени хурсанд қилди, ҳам ўша пайтлардаги адабий жараён, танқидчиликнинг тагзаминида баъзан манфаат, ошна-оғайнигарчилик ҳам бўлишидан сергаклантириб қўйди. Мен учун «Гулистон» журналига мақолам олиниши тушимга ҳам кирмаган мартаба, чўққига олиб чиқадиган қанотни елкамга ёпиштириш билан баробар эди. Лекин уни маъқул деган одам яна кўзойнагини бурнининг устига қўндириб, мен не ҳасратда қойиллатяпман деб тўлдирган даста қоғознинг устидан «расм солиб» кетса! Ўзимча яхши ёзаман, ёзаётганда жумла нималигини қўлим билан ҳам ҳис қилишим керак деб, ҳатто ручкагача танлайдиган одамман, Маҳмуд аканинг чизмакашлигига қараб кайфим учиб кетди. Соғ қолган жумла йўқ, чизилган, ўчирилган, яна саҳифанинг ёнидан ҳам, бошидан ҳам, ҳар ёғидан бедана тузоққа тушириб киритилган ғиж-биж сўзлар. Қоғоз қора қонига бўлмаса-да, кўк сиёҳига бўялди. «Бўлди- қилди»ни, яъни «бўлмоқ», «қилмоқ» феълларини шунақа кўп урчитишимни ўзим мутлақо билмаган эканман.

Маҳмуд ака бир саҳифани кўргандан кейин: «Ма-э, саводсиз экансан-ку», деб қайтариб берса керак деган эдим, йўқ, «Мана, қара-да, мен ўзимдан бир фикр ҳам қўшмаяпман, сеникини тозалаб, очяпман. Яхши ёзгансан, лекин чиқит, паразит сўзлар кўп. «Бўлди-қилди»ни мунча яхши кўрмасанг», деб тақризимни охирги жумласигача битта ҳам қолдирмай бўяб чиқди; биронта сўз эътибордан четда қолмади. «Қора қони»га беланган «асар»имга қараб, бу тузоқлар, сиртмоқлар, киритмалар, устидан ҳам, остидан ҳам қилинган чумолийўл тузатишлардан биров бир нарсани тушунармикан десам, машинкачи қизлар Маҳмуд аканинг «ребус»ларини жуда осон ечар экан, босилганини ўқиб кўрсам, мен ёзган нарса, худди ўзгармагандек, лекин айтмоқчи бўлган гапларим шундай жаранглаб, равшан фикр бериб турибдики, ёзганимга ўзим ҳам ишонмайман.

Шу нарсам устида ишлаётганида Маҳмуд аканинг завқини кўрганман. Таҳрир қилиш завқини. Маҳмуд аканинг газета ва журналларда ишлаган бутун умрида шу завқ бор ва бу завқ умуман бугунги адабиётимизга катта таъсир ўтказган. Ҳали бу гапга қайтаман.

Тақризим «Гулистон»да босилгандан бир йил ўтиб, ўзим ҳам Маҳмуд аканинг ёнида ўтириб бошқаларнинг асарларига «расм солиш», жумла «бўяш»ни ўргана бошладим. Яъни шу журналга ишга ўтдим. Албатта, Маҳмуд аканинг таклифи ва бош муҳаррир Асқад Мухтор, у кишининг ўринбосари Ваҳоб Рўзиматовга тавсияси билан. Журналнинг шу кишилар раҳбарлик қилган даври адабиётимизда алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда таниқли, номдор ўнлаб ёзувчи ва шоирларимиз ўша пайти, яъни етмишинчи йилларнинг иккинчи ярмида айнан «Гулистон» журналида тетапоя бўлган. Ҳеч муболағаси йўқ, унда тўрт қатор сатри босилган ҳаваскор тан олинган катта шоирга айланиб, ютуғини бир ҳафта «ювар» эди. Ўттиз тийинлик журнал шу қадар машҳур, адабий жараёнда айниқса ёшлар ижодини ёритиш бўйича дарғалигидан қўлда бир сўмга чиқиб кетган эди.

Журнални бундай мартабага кўтаришнинг замирида, албатта, ҳали айтганим, завқли ва… ниҳоятда оғир меҳнат ётар эди. Буни нашрлар саҳифаси устида тер тўкиб ётган заҳматкашлар жуда яхши билади. Ўшанда кун бўйи «Гулистон» материалларидан бош кўтармай, кечқурун «Кўк гумбаз» чойхонасида кундузи қилган ишининг ҳаяжонини боса олмай, чойнак-чойнак чой бўшатиб, томоғи бўғилиб қолгунча баҳслашган Мурод Хидир, Тоҳир Малик, Эркин Аъзамов, Сулаймон Раҳмон, Саъдулла Аҳмад, Абдулла Шер каби ҳамкасблар таҳрир завқини ҳали-ҳануз унутолмаймиз. Маҳмуд ака эса ўзгармаган, ўн йил олдин ҳам, йигирма йил, ўттиз-қирқ йил олдин ҳам шундай эди. Ҳозир ҳам қўлига тушган мақолага шундай берилиб, завқ билан билан ишлов беради. Бир ўйлаб кўринг, Маҳмуд ака ҳозир етмишга чиқиб, таҳрирчилик фаолиятини, дейлик, йигирма беш ёшларидан бошлаган бўлса, шу давр бадалида қўлидан ўтган асарлар неча-неча юз жилд китоб бўлади! Шуларнинг ҳаммасига сўзма-сўз кўз нурини берган, ҳар битта жумланинг устида букчайган. Ҳар бир мақола ё ҳикоянинг устида фақат мен билан эмас, умуман қоғозини кўтариб келган қалам аҳли борки, ҳаммамиз билан яккама-якка ўтириб, бирга «расм солган». «Торта олмаган», қайтарилган асарларни ҳеч ким ҳисобига етмаган. Уларнинг ҳам биронтаси ўқилмай, муаллифига тушунтирилмай қолмайди Бу меҳнатга кундалик бўлгани учун кўникилган, билмаган одамга одатий туюлади. Лекин… адабиётни шу меҳнат яратади. Адабиётнинг бугунги мавқе-даражасида Маҳмуд акага ўхшаган таҳрирчиларнинг сиртдан бўртиб турмайдиган, камтар-камсуқум, лекин буюк меҳнати ётади. Бу ҳақиқатан ҳам буюк, юки фақат чидаганга чиқарган оғир, одамнинг бутун умрини оладиган, баъзан ҳаммасини бошқаларга бериб, ўзига миннатдорликдан бошқа нарса қолдирмайдиган ниҳоятда ғалати меҳнат. Одам қўлига тушган нарсаларга талаб билан ёндашади, бировники бўлгани учун талабнинг оғирлиги аввалло ўзининг зиммасига тушади, кун-кундан ошган талаб бир кун келиб «фетиш» – «маъбуд»га айланади, ўнлаб одамларнинг юзлаб асарларини таҳрир қилиб ўрганган одамнинг ўзи ёзишига… хуллас, масъулияти имкониятидан ҳам каттариб кетади. Кейин, йиллаб бошқаларнинг ҳар хил мавзу, ҳар хил жанрда, фикр услуби, ифода усуллари ёзиш турлича асарларини йиллаб таҳрир қилиш, адбатта, ниҳоятда керак, хайрли, шарафли иш, аммо муҳаррирнинг ижодий қувватини сўриб, ўзи ёзишини ҳеч нарса қолдирмайдиган сурункали, ниҳояси йўқ бир заҳмат ҳам. Бутун умрини шу тарзда сўз санъатига фидо қилиб, ўз ижодлари орзуларидагина мавжуд ҳамкасбларимизнинг қолаётган ҳамкасбларимизнинг шовқинсиз, кўринмайдиган тер тўкишлари билан матбуотимиз матбуот, адабиётимиз шу даражада. Бизда таҳрир меҳнатига алоҳида ҳақ тўланмайди, муҳаррир лавозими учун маош олади, лекин унинг бошқа муаллифлар асарига ишлов бериши ўзиникини ёзишидан устун туради ва уни маош билангина баҳолаб бўлмайди.

Яна бир томони ҳам борки, ҳаммани тузатиб, таҳрир қиладиган одам ўзидан ҳаммадан баланд ёзишни кутади ва жуда кам ёзади ёки бошқаларнинг устидан ишлаб, чиқариб берган асарларини ўзиники қабул қилиб ҳам ишлайверади. Бу маънода Маҳмуд ака дунёга келтирган асарларнинг саноғи йўқ. Тўғри маънода ҳам шундай. Маҳмуд ака қўлидан етаклаб, елкасидан итариб, юрмаганларини судраб ҳам адабиётга олиб кирган ижодкорлар жуда кўп. Шуларнинг қарийб ҳаммаси у билан бир умр ҳамкорликда, доим у кишидан аниқ фикр кутади, у киши ҳам қаламини қайраб, ҳамиша тайёр…

Гапни ўзимдан бошладим – Маҳмуд ака биринчи мақоламни чоп этиб, адабий жараёнга қўлимдан етаклаб олиб кирган, шу жараёнда сузишни ўргатган. Яна ўзимга келсам, ҳозир ҳам у кишига талпинаман, фикрини эшитгим келади. Чунки аямай гапиради. Кўп йиллар ёзмай юриб, бултур «Ҳали ҳаёт бор» деган бир қисса ёздим. Ўқишга биринчилардан бўлиб Маҳмуд акага берган эдим, у киши ўқиб, шунинг номига ҳам: «Анави аёл қаҳрамоннинг гапидан олинган экан, қўштирноқни ёпишдан олдин уч нуқта қўйиш керак», деб тузатиш киритди. Ўша Маҳмуд ака-да.

Ўша-ўша, жуда кўп ижодкорларга акалик қилган, адабиётда укалари жуда кўп, ҳали ҳам кўзойнагини бурнининг устига қўндириб, « ўзимизнинг Жанқовуллар тумтумаклари» устидан эринмай бўяб, яна орада чаёнқалампирдай аччиқ истеҳзо қилиб ўтирадиган Маҳмуд акамиз – ҳамманинг бирдек ҳурматини қозонган хизмат кўрсатган муҳаррир.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2009 й.

   Ahmad A’zam: Mahmud aka birinchi maqolamni chop etib, adabiy jarayonga qo‘limdan yetaklab olib kirgan, shu jarayonda suzishni o‘rgatgan. Yana o‘zimga kelsam, hozir ham u kishiga talpinaman, fikrini eshitgim keladi. Chunki ayamay gapiradi. Ko‘p yillar yozmay yurib, bultur “Hali hayot bor” degan bir qissa yozdim. O‘qishga birinchilardan bo‘lib Mahmud akaga bergan edim, u kishi o‘qib, shuning nomiga ham: “Anavi ayol qahramonning gapidan olingan ekan, qo‘shtirnoqni yopishdan oldin uch nuqta qo‘yish kerak”, deb tuzatish kiritdi. O‘sha Mahmud aka-da.

AKA NAYMANGA
044

Mahmud Sa’diyga bag’ishlangan to’plam tayyorlashga kirishgan shogirdlari menga ham murojaat qilishgan edi. Va’dani berdimu dangasaligim tutib maqolani vaqtida yozib berolmadim. Holbuki,Mahmud aka bilan men o’zbek adabiyotidagi nayman qavmining vakillarimiz. Boshqa nayman bormi-yo’qmi,bilmayman. Uchrashganda men Mahmud akaga «Aka Nayman» deb murojaat qilaman. Aka nayman ham ota, ham ona tarafidan nayman bo’lgani uchun, meni faqat ota tomondan bu urug’ga aloqadorligimni nazarda tutib «Chala Nayman» deb «jig’imga» tegadi. Ammo, hech qachon urug’chilikka berilmaganmiz, Mahmud aka shuncha yil adabiyot gazetasida ishlab men haqimda bir satr yozmagan. Ammo,tarixshunoslikdagi savodsiz olimlar va ilmiy ishlar haqida yozgan (jahl bilan yozilgan) maqolalarimni «achchiq» joylarini yumshatib gazetada bostirgan. Nasib qilsa, o’sha maqolalarning ayrimlarini sahifamda qo’yish niyatim bor.

Uzoq yillar avval Mahkam Mahmud,Murod Xidir,Mahmud Sa’diyga «MMM» deb nom bergan edim (Rossiyada dovruq topgan «MMM» keyin paydo bo’lgan) . Bu «MMM» dan, ularning har biridan shaxsan men nimalarnidir o’rganganman. Eng avvalo,kitobga mehr tuyg’usini o’rgandim. Adabiyotga sadoqat bilan xizmat qilishni o’rgandim. Ulardan ko’p kitoblar olib o’qiganman. O’sha olis 70-80 yillarda mening tasavvurimda ularning kutubxonalarida dunyoning butun kitobi jam bo’lganday tuyulgan. Ularning kitobga o’chligi,biz yoshlarning nazarida afandinamo xislatlari haqida soatlab gapirish mumkin. Davralarda gapiramiz ham.

Aka Nayman,mabodo ushbu sahifaga ko’zingiz tushsa yoki shogirdlaringizdan (janqovullardan) birortasi bu sahifa xususda xabar yetkazsa, bilib qo’ying, men bari bir siz haqingizda Ahmad akadan o’tkazib yozolmasdim. Yana shuni bilingki, sizga bo’lgan hurmatim faqat naymanchilik tarafdan emas, sizning o’zbek adabiyotiga qilgan beqiyos xizmatingiz tufayli juda baland.

Ukangiz Xurshid Davron

Ahmad A’zam
AKA
044

Ashampoo_Snap_2018.01.28_19h23m55s_003_.pngMahmud aka bilan, aniq esimda yo’q, ishqilib, yetmishinchi yillarning boshida Fanlar akademiyasining aspirantlar yotoqxonasida tanishganman. Toshkentga yangi kelganman, Samarqanddan o’ziga ukasidek yaqin olib, doim qo’llab yuradigan ustozim Hotam aka Umurov do’sti Murod aka Ibrohimovga uchrashimni tayinlab yuborgan, u kishi qayoqqa bosh suqishimni bilmay, sarson yurgan paytlarimda xonasidan boshpana berib turgan. Murod akani olloh rahmat qilsin, juda yaxshi odam edilar, ko’p yaxshiliklarini ko’rganman. Mahmud aka Murod akaning do’sti, yoniga borganida suhbatlarida bo’lib, shu bilan bir umrga aka-uka bo’lib qolganmiz.

O’zi insonning hayoti yaxshi odamlar ko’rsatadigan yaxshiliklar silsilasidan iborat, tarjimai holingizga mundoq razm solsangiz, sizni shu holingizga olib kelgan yaqin kishilar ko’z oldingizda uzun qator tizilib, siz qaytara olmagan xizmatlari xotiringizni ma’lul qiladi.

Yetmish beshinchi yili Mahmud aka «Guliston» jurnaliga maqolamni olgan. Yozuvchi Turg’un Po’latning «Ichkuyov» qissasiga taqriz edi. «Vafot etgan yozuvchining asariga yozib, juda xayrli ish qilibsan, beramiz», deb u kishi ham meni xursand qildi, ham o’sha paytlardagi adabiy jarayon, tanqidchilikning tagzaminida ba’zan manfaat, oshna-og’aynigarchilik ham bo’lishidan sergaklantirib qo’ydi. Men uchun «Guliston» jurnaliga maqolam olinishi tushimga ham kirmagan martaba, cho’qqiga olib chiqadigan qanotni yelkamga yopishtirish bilan barobar edi. Lekin uni ma’qul degan odam yana ko’zoynagini burnining ustiga qo’ndirib, men ne hasratda qoyillatyapman deb to’ldirgan dasta qog’ozning ustidan «rasm solib» ketsa! O’zimcha yaxshi yozaman, yozayotganda jumla nimaligini qo’lim bilan ham his qilishim kerak deb, hatto ruchkagacha tanlaydigan odamman, Mahmud akaning chizmakashligiga qarab kayfim uchib ketdi. Sog’ qolgan jumla yo’q, chizilgan, o’chirilgan, yana sahifaning yonidan ham, boshidan ham, har yog’idan bedana tuzoqqa tushirib kiritilgan g’ij-bij so’zlar. Qog’oz qora qoniga bo’lmasa-da, ko’k siyohiga bo’yaldi. «Bo’ldi- qildi»ni, ya’ni «bo’lmoq», «qilmoq» fe’llarini shunaqa ko’p urchitishimni o’zim mutlaqo bilmagan ekanman.

Mahmud aka bir sahifani ko’rgandan keyin: «Ma-e, savodsiz ekansan-ku», deb qaytarib bersa kerak degan edim, yo’q, «Mana, qara-da, men o’zimdan bir fikr ham qo’shmayapman, senikini tozalab, ochyapman. Yaxshi yozgansan, lekin chiqit, parazit so’zlar ko’p. «Bo’ldi-qildi»ni muncha yaxshi ko’rmasang», deb taqrizimni oxirgi jumlasigacha bitta ham qoldirmay bo’yab chiqdi; bironta so’z e’tibordan chetda qolmadi. «Qora qoni»ga belangan «asar»imga qarab, bu tuzoqlar, sirtmoqlar, kiritmalar, ustidan ham, ostidan ham qilingan chumoliyo’l tuzatishlardan birov bir narsani tushunarmikan desam, mashinkachi qizlar Mahmud akaning «rebus»larini juda oson yechar ekan, bosilganini o’qib ko’rsam, men yozgan narsa, xuddi o’zgarmagandek, lekin aytmoqchi bo’lgan gaplarim shunday jaranglab, ravshan fikr berib turibdiki, yozganimga o’zim ham ishonmayman.

Shu narsam ustida ishlayotganida Mahmud akaning zavqini ko’rganman. Tahrir qilish zavqini. Mahmud akaning gazeta va jurnallarda ishlagan butun umrida shu zavq bor va bu zavq umuman bugungi adabiyotimizga katta ta’sir o’tkazgan. Hali bu gapga qaytaman.

Taqrizim «Guliston»da bosilgandan bir yil o’tib, o’zim ham Mahmud akaning yonida o’tirib boshqalarning asarlariga «rasm solish», jumla «bo’yash»ni o’rgana boshladim. Ya’ni shu jurnalga ishga o’tdim. Albatta, Mahmud akaning taklifi va bosh muharrir Asqad Muxtor, u kishining o’rinbosari Vahob Ro’zimatovga tavsiyasi bilan. Jurnalning shu kishilar rahbarlik qilgan davri adabiyotimizda alohida o’rin tutadi. Bugungi kunda taniqli, nomdor o’nlab yozuvchi va shoirlarimiz o’sha payti, ya’ni yetmishinchi yillarning ikkinchi yarmida aynan «Guliston» jurnalida tetapoya bo’lgan. Hech mubolag’asi yo’q, unda to’rt qator satri bosilgan havaskor tan olingan katta shoirga aylanib, yutug’ini bir hafta «yuvar» edi. O’ttiz tiyinlik jurnal shu qadar mashhur, adabiy jarayonda ayniqsa yoshlar ijodini yoritish bo’yicha darg’aligidan qo’lda bir so’mga chiqib ketgan edi.

Jurnalni bunday martabaga ko’tarishning zamirida, albatta, hali aytganim, zavqli va… nihoyatda og’ir mehnat yotar edi. Buni nashrlar sahifasi ustida ter to’kib yotgan zahmatkashlar juda yaxshi biladi. O’shanda kun bo’yi «Guliston» materiallaridan bosh ko’tarmay, kechqurun «Ko’k gumbaz» choyxonasida kunduzi qilgan ishining hayajonini bosa olmay, choynak-choynak choy bo’shatib, tomog’i bo’g’ilib qolguncha bahslashgan Murod Xidir, Tohir Malik, ErkinA’zamov, Sulaymon Rahmon, Sa’dulla Ahmad, Abdulla Sher kabi hamkasblar tahrir zavqini hali-hanuz unutolmaymiz. Mahmud aka esa o’zgarmagan, o’n yil oldin ham, yigirma yil, o’ttiz-qirq yil oldin ham shunday edi. Hozir ham qo’liga tushgan maqolaga shunday berilib, zavq bilan bilan ishlov beradi. Bir o’ylab ko’ring, Mahmud aka hozir yetmishga chiqib, tahrirchilik faoliyatini, deylik, yigirma besh yoshlaridan boshlagan bo’lsa, shu davr badalida qo’lidan o’tgan asarlar necha-necha yuz jild kitob bo’ladi! Shularning hammasiga so’zma-so’z ko’z nurini bergan, har bitta jumlaning ustida bukchaygan. Har bir maqola yo hikoyaning ustida faqat men bilan emas, umuman qog’ozini ko’tarib kelgan qalam ahli borki, hammamiz bilan yakkama-yakka o’tirib, birga «rasm solgan». «Torta olmagan», qaytarilgan asarlarni hech kim hisobiga yetmagan. Ularning ham birontasi o’qilmay, muallifiga tushuntirilmay qolmaydi Bu mehnatga kundalik bo’lgani uchun ko’nikilgan, bilmagan odamga odatiy tuyuladi. Lekin… adabiyotni shu mehnat yaratadi. Adabiyotning bugungi mavqe-darajasida Mahmud akaga o’xshagan tahrirchilarning sirtdan bo’rtib turmaydigan, kamtar-kamsuqum, lekin buyuk mehnati yotadi. Bu haqiqatan ham buyuk, yuki faqat chidaganga chiqargan og’ir, odamning butun umrini oladigan, ba’zan hammasini boshqalarga berib, o’ziga minnatdorlikdan boshqa narsa qoldirmaydigan nihoyatda g’alati mehnat. Odam qo’liga tushgan narsalarga talab bilan yondashadi, birovniki bo’lgani uchun talabning og’irligi avvallo o’zining zimmasiga tushadi, kun-kundan oshgan talab bir kun kelib «fetish» – «ma’bud»ga aylanadi, o’nlab odamlarning yuzlab asarlarini tahrir qilib o’rgangan odamning o’zi yozishiga… xullas, mas’uliyati imkoniyatidan ham kattarib ketadi. Keyin, yillab boshqalarning har xil mavzu, har xil janrda, fikr uslubi, ifoda usullari yozish turlicha asarlarini yillab tahrir qilish, adbatta, nihoyatda kerak, xayrli, sharafli ish, ammo muharrirning ijodiy quvvatini so’rib, o’zi yozishini hech narsa qoldirmaydigan surunkali, nihoyasi yo’q bir zahmat ham. Butun umrini shu tarzda so’z san’atiga fido qilib, o’z ijodlari orzularidagina mavjud hamkasblarimizning qolayotgan hamkasblarimizning shovqinsiz, ko’rinmaydigan ter to’kishlari bilan matbuotimiz matbuot, adabiyotimiz shu darajada. Bizda tahrir mehnatiga alohida haq to’lanmaydi, muharrir lavozimi uchun maosh oladi, lekin uning boshqa mualliflar asariga ishlov berishi o’zinikini yozishidan ustun turadi va uni maosh bilangina baholab bo’lmaydi.

Yana bir tomoni ham borki, hammani tuzatib, tahrir qiladigan odam o’zidan hammadan baland yozishni kutadi va juda kam yozadi yoki boshqalarning ustidan ishlab, chiqarib bergan asarlarini o’ziniki qabul qilib ham ishlayveradi. Bu ma’noda Mahmud aka dunyoga keltirgan asarlarning sanog’i yo’q. To’g’ri ma’noda ham shunday. Mahmud aka qo’lidan yetaklab, yelkasidan itarib, yurmaganlarini sudrab ham adabiyotga olib kirgan ijodkorlar juda ko’p. Shularning qariyb hammasi u bilan bir umr hamkorlikda, doim u kishidan aniq fikr kutadi, u kishi ham qalamini qayrab, hamisha tayyor…

Gapni o’zimdan boshladim – Mahmud aka birinchi maqolamni chop etib, adabiy jarayonga qo’limdan yetaklab olib kirgan, shu jarayonda suzishni o’rgatgan. Yana o’zimga kelsam, hozir ham u kishiga talpinaman, fikrini eshitgim keladi. Chunki ayamay gapiradi. Ko’p yillar yozmay yurib, bultur «Hali hayot bor» degan bir qissa yozdim. O’qishga birinchilardan bo’lib Mahmud akaga bergan edim, u kishi o’qib, shuning nomiga ham: «Anavi ayol qahramonning gapidan olingan ekan, qo’shtirnoqni yopishdan oldin uch nuqta qo’yish kerak», deb tuzatish kiritdi. O’sha Mahmud aka-da.

O’sha-o’sha, juda ko’p ijodkorlarga akalik qilgan, adabiyotda ukalari juda ko’p, hali ham ko’zoynagini burnining ustiga qo’ndirib, « o’zimizning Janqovullar tumtumaklari» ustidan erinmay bo’yab, yana orada chayonqalampirday achchiq istehzo qilib o’tiradigan Mahmud akamiz – hammaning birdek hurmatini qozongan xizmat ko’rsatgan muharrir.

М: “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” 2009 y.

09

(Tashriflar: umumiy 517, bugungi 1)

Izoh qoldiring