Ahmad A’zam & Nodir Jonuzoq. Samarqandning o’zi bir tush…

055
Самарқанднинг ўзи бир туш. Тошкентнинг ҳавоси Самарқандникига қараганда димроқ, саратонларда соат тўрт-бешларга бориб айниқса лоҳас қилади. Ана шунақа пайтлари кун бўйи ёнган Самарқандда ғир-ғир салқин эсиб бошлашини кўз олдимга келтириб, соғиниб ўтираман. Ўнгимда гўзал Самарқанд кўчаларини кезгандек бўламан.

022
САМАРҚАНДНИНГ  ЎЗИ  БИР  ТУШ…
Ёзувчи Аҳмад Аъзам билан шоир Нодир Жонузоқ суҳбати

— Аҳмад ака, сиз Самарқанд адабий муҳитида тарбияланиб, кейин пойтахтга келган ижодкорсиз. Айтинг-чи, СамДУ ижодий муҳитида шаклланган, сизга бир умр ҳамроҳлик қилган, ҳар хил вазиятларда асқотган жиҳат, кўникмаларингиз борми?
— СамДУ ижодий муҳити, дарҳақиқат, агар Самарқанд адабий муҳити деб гапирадиган бўлсак, унинг маркази-мағзи Самарқанд давлат университети эди. Ёш қаламкашларнинг бошини қовуштирган “Шалола” шеърият клуби ҳам шу даргоҳда эди. Ўзининг Омон Матжонга ўхшаган етакчилари бўлиши билан бирга, вилоят газетаси ижодий жамоаси ҳам СамДУнинг обу ҳавосидан нафас оларди. Нормурод Нарзуллаев сингари ўша пайтлари республикага таниқли шоирлар “Шалола”га келиб шеърларини ўқиб беришни бир мартаба деб билардилар. Мен ўқиган ўзбек ва тожик филологияси факультетининг ҳар курсида камида уч-тўрт ҳаваскор шоир ё ёзувчи бўлар, клубда сўзга чиқиш ё ўз асарини ўқиб беришга кўпларга навбат ҳам тегмас эди. Ҳа, энди, табиий, ҳамма ҳаваскор ҳам ижодкор даражасигача чиқмайди, лекин ёшлигида қўлига қалам олиб кўрган одам борки, уни ижод завқи, бадиий тафаккур жозибаси бир умр тарк этмайди. “Шалола” – шу руҳни берган, бир умрга ёзиш, изланиш кўникмасини шакллантирган. Битта менга эмас, албатта.

— Тўғри айтяпсиз, «Шалола» тарбиячиларидан биттаси, масалан, менман. Эсласам, қандай аёвсиз баҳслар, адабий тортишувлар бўларди. Минбарга чиққан талаба борки, ўзини атоқли танқидчидан кам билмасди. Дарвоқе, Аҳмад ака, сизни бир пайтлар адабий жамоатчилик муросасиз, ўткир мушоҳадали адабий танқидчи деб тан олган. Бироқ, кейинчалик адабий-таҳлилий мақолалар ёзмай қўйдингиз. Сабаби нима? Вақтингиз, хоҳишингиз бўлмадими? Ё вақт ўтган сайин сизда ҳам андиша кучайиб, кескин, аммо холис мақолалар ёзишга йўл бермадими?

— Мен СамДУда ўқиб юрган йилларим, очиғи, ёзувчиликни орзу қилишга ҳаддим ҳам сиғмас эди. Биринчи курсда ўнбеш-йигирма кун ўқимай пахтага чиқдик, кундузи терим, кечқурун ғазалхонлик, шеър ёзадиган бешта қизимиз бор экан, шулар навбатма-навбат мушоира қилади. Кейин биз буни ҳангомада ўзимизча унисининг ёзгани ундай, бунисиники бундай, деб муҳокама қиламиз-ку; ана шунда мен бу қиз яна бир йил ёзади, ана униси эса учинчи курсгача боради, бунисининг ижоди тўртинчи курсда тугайди, фақат биттаси – Уллибиби шоира бўлиб етишади, деб “каромат” қилганман, шу билан менга “Э-э, сен танқидчи экансан”, деб қарашган, шу-шу, отим танқидчига чиқиб кетган. Кейинроқ “Шалола”нинг наср бўйича “расмий” танқидчисига айландим. Мендан бошқа талаба бу кори хайрга қўл урмади шекилли, насрий асарлар ҳақида фикр билдириш менинг чекимга тушди (ё сурбетлик қилиб ўзим эгаллаб олдим). “Шалола” йиғилишини кўрсангиз — томоша: аввал шоирлар шеърини ўқийди, кейин Сулаймон Ҳусаинов туриб уларнинг чангини чиқаради, ундан кейин ёзувчиларимиз насрий асарини ўқийди – менга худо беради. Йиғилишда бугун ҳикоя ўқилармикан, ишқилиб ўқилсин-да, бўлмаса каминага гап тегмайди, кимга «болта кўтараман», деб бораман. “Шалола”да гапириш ҳам катта мартаба эди-да. Балки ўша гаплар ҳозир кулгили, мулоҳазаларимиз ёшимиз, савиямизга яраша жуда саёз бўлгандир, лекин жиддий қабул қилинарди. Танқидга учраш ҳам ёзилган асарнинг давомидек табиий эди.

Менда адабий танқидчидан кўра адабиётшунос бўлишга интилганман. Тошкентга келдим, Алишер Навоий музейига ишга кирдим, О.Шарафиддинов раҳбарлигида “Автобиографик жанрда психологик таҳлил” деган мавзуда иш бошладим, диссертацияни ёзиб тугатаётганда музей билан ТошДУ ўртасида бир ихтилоф чиқди-да, Озод ака менга М. Қўшжоновга ўтишимни маслаҳат бердилар. Матёқуб домла қилган ишларим, диссертациянинг ёзилган қисми билан танишиб, “Сен тайёр танқидчи экансан, матбуотга чиқишинг керак”, дедилар. Шеърият ҳақида бир мақола ёзган эдим, домлам ҳеч бўлмаган ишни қилиб, менга оқ йўл ҳам тиладилар. Сўнг “Шарқ юлдузи”да менга қарши давра суҳбати қилиб, гумбурлатиб “уришди”. Бу тескари реакция бериб, бирдан танқидчи сифатида танилиб қолдим. “Гулистон” журналига ишга кирдим. Шу билан адабий жараёнга шўнғиб кетдим.

Ҳарбий хизматдан рус тилини ўрганиб, дунё адабиёти таржималарни ўқий бошлаган эдим, шу аснода қилаётган ишим, фикрларим жуда ғариб туюлиб, мутолаага муккасидан кетдим. Япон, Лотин Америкаси, Америка, француз, инглиз, испан ёзувчилари…. ўқиган нарсаларимнинг сон-саноғи йўқ; миямни информация босиб, у-бу нарса ёзишга ҳам чоғим келмай юрдим. Ўқиганларимнинг юкини кўтариш оғир бўлди. Тенгдошларим ижоди ҳақида ҳам ёздим, битта китобча ҳам чиқардим, кейин шу билан адабий танқидчилигимни давом эттирмадим. Берилиб ўқийдиган асарларим билан жорий адабий жараёнимиз ўртасидаги тафовут гангитиб қўйди. Бу ўринда бошқа сабаблар ҳам бор, албатта, масалан, лоқайдлик, ҳафсаласизлик каби.

— Асарларингизни ўкирканман, уларнинг ўзига хос тили эътиборимни тортади. Қандайдир ўзингизнинг оғзаки ҳикоя услубингизга яқинроқ. Эҳтимол, сизни яқиндан билганим учун менга шундай туюлар. Ҳарҳолда, улар – шаклланган, бир қолипга тушган, “эга-кесими жойида” жумлалар эмас. Очиғи, бу услуб айримларга сал эришроқ ҳам туюлади. Бу ҳақда ўзингиз нима дейсиз?

— Кўп ўқишнинг мусбат ва манфий томонлари бор. Манфийси – дунё адабиётининг гўзал намуналарини ўқийверганингиздан кейин, фикрлаш чегараларингизни бузиб, бошқа уфқларга тортиб кетади; бу денгизга чўкиб кетишингиз ҳам мумкин. Мусбат томони – кенгликка, юксакликка ўргатади, ташбеҳ, истиора билан фикрлашга чорлайди, дунёга бошқача нигоҳда қарашга сабаб бўлади. Дунё адабиёти деганда мен унинг фақат рус тилига қилинган таржималарини ўқиганман. Бари бир, таъсири жуда катта. Энди… ёзувчи учун энг асосий нарса – бу тил! Бадиий тафаккур тил ифодаси билан! Мен шу маънода, насрга кеч қўл урган бўлсам-да, анча “тайёр” ҳолда кириб келганман (агар кирганман десак). Кам ёзувчиларимизга насиб қилган “Гулистон” журнали мактабидан ўтганман, жуда зукко сўз устаси, таниқли таржимон Ваҳоб Рўзиматов (Оллоҳ раҳмат қилсин у кишини) ва Маҳмуд Саъдий каби устозларим қўлида таҳрир санъатини ўрганганман. Ҳа, таҳрир – санъат. Жуда оғир меҳнат. “Гулистон” журнали, кейин “Ёш гвардия” нашриёти, ундан сўнг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида тоғ-тоғ материалларни кўзимнинг нурини бериб таҳрир қилганман. Бир-иккита ёзувчиларнинг китоблари ҳам тўлиғича қўлимдан чиққан. Энди, шу… бошқаларни таҳрир қилишни ўзим ҳам ёқламайман. Ёзувчининг тили ўзиники бўлиши керак, уни ўзи қайта ишлаши керак. Қоп-қорага бўялиб таҳрирдан чиққан нарса – шерикчилик маҳсули. Гап шундаки, тил, адабий тил ҳам ўзига хос, у ёзувчида туғма бўлади, тил тубдан ўзгариб кетмайди, лекин таҳрирда ихчамлашади, сайқал топади. Ўз асарларим тилига келсак… меҳнатимни гапиришим мумкин, баҳосини эмас. “Ҳикоянгизни худди ўзим ёзгандек берилиб ўқидим” деса ўқувчи, демак, меҳнатим зое кетмаган.

— Сиз бир муддат жамоат ишларида фаол иштирок этдингиз. Олий Мажлис депутати сифатида кўпроқ ижтимоий масалалар билан банд бўлдингиз. Бугун ўша дамларни таҳлил қиларкансиз, қандай хулосага келасиз: ижодкор, аниқроқ айтадиган бўлсак, ёзувчи одам жамоат арбоби сифатида бевосита фаолият юритгани маъқулми, ёки жамиятга фақат асарлари орқали аралашгани, таъсир ўтказгани тўғрими?

— Бу – оғриқли савол. Жамоат иши деганда сиёсий фаолиятни назарда тутсангиз, унда мусбатидан манфий томонлари кўпроқ. Энг асосийси – вақт масаласи. Ёзувчига энг керакли нарса – вақт. Ёзувчи биринчи ўринда ўз ишини — ёзувчилигини қилиши керак. Чунки бошқа ҳар қандай фаолият ўткинчи, уни бошқалар ҳам қилиши мумкин, лекин ёзувчи ёзадиган, ёзиши керак бўлган нарсаларни бошқалар айнан шундай ёза олмайди. Ҳақиқий ёзувчининг ҳар бири бетакрор дунё. Ижтимоий аҳамиятига келадиган бўлсак, ижоднинг аҳамияти ҳеч бириникидан кам эмас. Жамоат арбоби… мен шу хулосага келдимки, бу юмушни ҳам тўғри келган одам қилиши жуда нотўғри. Бунинг учун ҳам одамда махсус билим базаси, маълумот ва тажриба бўлиши керак. Ҳамма таниқли одамдан ҳам жамоат арбоби чиқарвермас экан.

— Тўғри. Лекин ижодкор – ижтимоий шахс. У ўз қобиғига ўралиб яшолмайди. Қолаверса, унинг ҳам бола-чақаси бор, эл қатори оиласини боқиши керак. Демакким, истаса-истамаса, бирор даргоҳда ишлашга мажбур. Мана, сиз ҳам ўн йилдан кўпроқ вақтингизни телевидениега бағишладингиз. Масъул лавозимларда ишладингиз, кўплаб телекўрсатувлар тайёрладингиз, бир сўз билан айтганда, ТВнинг “қайноқ қозони”да тўлиб-тошиб қайнадингиз. Бу давр сизга нима берди? Нималарни йўқотдингиз?

— ТВнинг “қайноқ қозони”га келсак… шўро даврида қатағон қилинган, репрессия домига тортилиб, қамалиб, отилиб йўқ бўлиб кетган икки юзга яқин одамнинг фожиасини “Ўзлик” кўрсатувида эфирга олиб чиқдим. Бошқа кўрсатувларимни ҳисобга олмаганда ҳам, шу “Ўзлик”ни ўйласам, нонимни ҳалоллаб топдим деб ҳисоблайман. Йўқотишлар масаласига келсак… Соғлиғим кўтара олмай, ишдан, раҳбарликдан бўшаганимдан кейин икки-уч ой “Йигирма йил ҳеч нарса ёза олмадим, қўлим чиқиб кетди, энди кучим етмаса керак, қарилик кунимни қандай кеч қиламан”, деб жуда сиқилиб юрдим. Шу орада дардни енгишга уриниб, секин-секин ёзишга яна ўргандим. Столда ярим соат, бир соат, кўпроқ, тобора кўпроқ ўтириб, худога шукр, йўқотган нарсаларимни яна топдим. Ёзувчи одамнинг энг катта бойлиги – бу ёзиш, китоб чиқариш қийин даврда ҳам. У одамлар учун, келажак учун ёзади.

— Охирги пайтларда кетма-кет эълон қилинаётган ҳикоя, қиссаларингиз ана шу хулосангизнинг маҳсули бўлса керак. Қолаверса, сценарийларингиз асосида фильмлар, сериаллар саҳналаштирилмоқда, янги роман ҳам ёзибсиз. Айтинг-чи, муайян танаффусдан сўнг яна бир изга тушиб олиш, таъбир жоиз бўлса, қаламни аввалгидай чархлаш қийин кечмадими? Чунки ижоддан четга чиқиб, кейин қайта олмаганлар кўп-да…

— Яна бир изга тушиб олиш сал бошқача жараён. Одам кўп вақт ёзмай юрса, ёзиш истаги, ният-режалари кўнгилда дамланиб қолган бўлади-ю, қўли келишмайди, ёзгиси келади, лекин ёзгани қовушмайди. Ёзишга қайта кўникма ўйғотиш керак. Кўп йиллик танаффусда анча нарса бой берилган бўлади. Қирқ ёшингиздаги ғайрат, руҳ билан олтмиш ёшингиздаги уринишларингиз ҳам бирдай эмас. Кейин, албатта, ёзиш, столда соатлаб ўтириш ёши ўтаётган одамдан жисмоний куч, соғлик талаб қилади. Шундоқ экан, ёзувчи одам ҳар хил фаолиятларга чалғийвермасдан, ёзадиган асарларини ўз вақтида ёзгани маъқул.

— Назаримда, ўз вақтида ёзилмай қолган асарлар учун ҳам ижодкор ўзини бир қадар гуноҳкор сезади, шекилли. Умуман олганда, тавба-тазарру – ҳар бир инсон учун хос бўлган табиий ҳолат. Бироқ, буу жараён ижодкорларда чуқурроқ, зиддиятлироқ кечади. Негаки, ижодкор аҳли бошқалардан кўра ўзига нисбатан бешафқатроқ, кечиримсизроқ бўлади-да. Агар сир бўлмаса, сиз кўпроқ нималар учун ўзингизни маломат қиласиз?

— Қайси бирини айтасиз! Баъзан ўйлайман, шу, одамнинг умри хато қилишу шу хатоларни тузатишдангина иборатми деб. Ўзимни айблайдиган жиҳатларим жуда кўп, кўп. Одам баъзан “Эҳ, қайта туғилганимда бундай яшамаган бўлар эдим” деб надомат чекиб қолади-ю, лекин… шу яшаган ҳаётини бошқа одам яшамаган, ўзи яшаган. Ҳаёт одамга қайта берилса, ютуғи, ютқизиқлари – ҳаммаси қўшиб қайта берилади. Яъни у яна шундай яшаган бўлур эди. Шундоқ экан, энди қолган умримни тўғри яшай, бу ёғида ҳам хато қилавермай дейман…

— Асарларингизни ўқирканман, бош қаҳрамонларингизнинг прототипи сифатида кўп ҳолларда ўзингизни кўргандай бўламан. Умуман олганда, бу табиий ҳол. Ёзувчи қоғоз қораларкан, истайдими-йўқми, ўзига тегишли хусусиятлар акс этади. Айтинг-чи, ўзингизга энг кўп “ўхшайдиган” қаҳрамонингиз қайси? Нима учун шундай деб ҳисоблайсиз?

— Бадиий асарда ҳамма нарса – қаҳрамондан тортиб сўзгача, сюжетдан тортиб воқеликкача сўз билан яратилади, бу сўз — ёзувчиники. Шундоқ экан, ҳар бир қаҳрамонида ёзувчининг ўзи ҳам акс этади. Қаҳрамон – ёзувчининг кўз қарашида чизган сурати. Ҳатто муайян бир одамни прототип танлаб, унинг феъли, гап-сўзи, ҳатти-ҳаракатларини миридан сиригача кўчириб қоғозга туширса ҳам, бу қаҳрамон ўша одам эмас, балки у ҳақда ёзувчининг тасаввури бўлиб чиқади Шунинг учун ёзувчига бегона қаҳрамоннинг ўзи йўқ. Қаҳрамонлар – ёзувчининг турли қиёфадаги сийратлари. Ўзимга энг кўп “ўхшайдиган”ига келсак, ҳозир айтганимдек, ҳатто салбий қаҳрамонни ҳам “ўзимдан чиқараман”, фалон образ ўзимга ўхшайди, деб ажратиб қарамайман.

— Бугунги ўзбек адабиёти, хусусан, прозаси ҳақида нима дея оласиз? Сўнгги йилларда сизни ҳаяжонлантирган, ҳавасингизни келтирган ҳикоя, қисса, роман бўлдими?

— Кўп нарса босиляпти. Ҳатто шевада ёзилган проза маҳсуллари ҳам бор.(Билмадим, адабий тилга зараркунандалик қиладиган бунақа “шиғармалар” кимга керак экан.) Очиғини айтиш керак, саводсиз ёзилган китоблар кўп. Сюжет ясама, қаҳрамонлари сохта, диалоги сунъий, тилини “ҳакка чўқиган” асар эмас асарлар кўпайиб кетди. Уларни ўқиб бўлмайди. Яхши намуналар кам. Катта адибларимиз кам ёзяпти. Эркин Аъзам яхши роман ёзибди, ҳали ўқиганим йўқ, унинг бошқа асарларидан, хусусан тилидаги ўзига хосликдан келиб чиқиб айтяпман. Назар Эшонқул ижодини жуда қадрлайман. Мурод Муҳаммад Дўстга ҳавас қилиб, янги асари қачон чиқар экан, деб юраман…

— Давр, замон ҳар бир одамга янгича талаб қўймоқда. Эски услублар ҳеч бир соҳа вакилига иш бермай қўйди. Хўш, ёзувчилар-чи? Бугунги мустақил юрт ёзувчиси қандай бўлиши керак, деб ўйлайсиз?

— Юртимиздан бошқа юртлар ҳам бор, дуунёга чиқдик, кенг оламда яшаймиз. Машҳур маданиятлар, машҳур адабиётларга бўйлаб кўришимиз керак ўзимизни, Тўйтепадан берида қолиш кетиш энди ярашмайди бизга.

— Ижодкорнинг уйқусида кўрган туши ҳам бир асарга ўхшайди. Айтинг-чи, тушингизда киндик қонингиз тўкилган юрт – Самарқандни ҳам кўриб турасизми?

— Самарқанднинг ўзи бир туш. Тошкентнинг ҳавоси Самарқандникига қараганда димроқ, саратонларда соат тўрт-бешларга бориб айниқса лоҳас қилади. Ана шунақа пайтлари кун бўйи ёнган Самарқандда ғир-ғир салқин эсиб бошлашини кўз олдимга келтириб, соғиниб ўтираман. Ўнгимда гўзал Самарқанд кўчаларини кезгандек бўламан.

— “Зарафшон” ўқувчиларига тилакларингиз, истакларингиз?

— Ўқиш, иш билан жонажон ватанимизнинг қаерида ҳижратда бўлмайлик, бари бир, туғилган жойимизнинг меҳри бирдек сақланади, балки кучайиб ҳам боради. Болалигим маскани – Ғазира, йигитлигимни яллиғлантирган Самарқанд — бир умр кўкрагим ичидаги суврат, бу сувратда мен севган ҳамюртларим яшайди. Шулар борки, мен ҳам бор. Бор бўлайлик!  Қаторингизда бўлишдан бенасиб қилмасин!

(Tashriflar: umumiy 31, bugungi 1)

Izoh qoldiring