Ahmad A’zam.Ona tilim – jonu dilim.

099
Тилда атай бузғунчилик билан давлат қонунини бузиб, бунақа кинолару қўшиқларни ясаб ташлаётган, ҳаммаёқни чет атамалару чаласавод ёрлиқ, реклама матнларига тўлдираётган, алламбало алфозда жилд-жилд босмаларни “бадиий асар” деб чиқараётган, эфирда қанақадир яроқсиз “ўзбекча” вағиллаб турганларлар шу лоқайдлик ботқоғимизда гуркираб ўсаётган алафлардир ва уларни инсофга чақириш, тарбияли бўлишга ундаш, тил – бу тафаккуримиз замини, миллий бойлигимиз – ўзлигимиз, уни бузиш эмас, қўриқлаш, асраш, тозалаб туриш лозимлигини уқтириш ҳам бефойда. Худди мен ёзаётган шу гапларни ҳам деворга гапираётганим каби.

pero
Аҳмад Аъзам
ОНА ТИЛИМ – ЖОНУ ДИЛИМ
«Тил номуси» китобидан (тўртинчи мақола )
08

Бу гапларни бир мисолдан бошласам, мисолки, сизни ўзингиз кўриб келаётган шунга ўхшаш жуда кўп бошқа мисолларга яна рўпара қилади. Узр, шу гапим ҳам ўнқовсизроқ чиқяпти. Лекин муаммони бирга, кўпчилик бўлиб ўрганишим керак-ку, боиси унинг шунча кенг тарқалганида, ҳаммамиз бирга ўйлашимиз лозимлигида.

Хўш, янги бош директор эдим, студия ғаладонида маълум сабаблар билан беш йилми, кўпми “осилиб” ётган сценарийни ўқиб қолдим-да, дарров ишга тушириб юбордим. Киночиларга раҳбар бўлиб келишимдан илгари юзлаб кўрсатув, ҳужжатли фильм қилган бўлсам-да, ҳали бирор марта бадиий фильмни суратга тушириш жараёни тепасида турмаган эдим. Бир куни каттасиниб, шу фильм “съёмка”сига хабар олиб бордим, жуда мураккаб юмуш экан: “мотор-стоп”, “бошладик-тўхтат!”, “қайтадан кетдик”, “дубл!”… Таниқли санъаткорлар ўйнаб беряпти. Улардан сал ичимда ҳайиққаним боис, раҳбардек ақл ўргатмай, чеккада қараб ўтирдим. Лекин бир жойи келди, сюжет бўйича “эру хотин” айтишиб қолади, шунда “хотин” “эри”га аччиқ қилиб, сиз кетсангиз, мен ҳам биттасини топиб оламан мазмунида: “Тешик мунчоқ ерда ётмайди”, деди. Суратга олиш тез-тез тўхтаб, саҳналар қайта-қайта олинади, орадаги танаффусда ўша “хотин” актрисага: “Синглим, сценарийдан чиқманг. “Тешик мунчоқ ерда ётмайди” эмас, “Тешик кулча ерда ётмайди” эди”, дедим. Актриса русча ўқиган, табиий, муомаласи тили ҳам ўрисча эди, “Йўқ, мен шундай дейман! Мунчоқ тешик бўлади (Нет, я так говорю! Мунчаки тишик бывают»)”, деб менга ақл бўлди. Оббо, мунчоқнинг тешигини билар экан, лекин шундай мақол борлигидан тубдан бехабар! Тепадан пастга тушмаса, қаёқдан ҳам билсин! “Фалончихон, бу – кенг тарқалган ҳалқ мақоли, ўзбекчани бузиб айтманг. Ҳа, мунчоқ тешик бўлади, лекин майдалигидан ерга тушса ҳам, кўринмайди, ётаверади. Аммо кулча – бу нон, шунинг учун унинг тешиккулчаси ҳам ерда ётмайди. Мабодо тушиб қолса ҳам, одамлар олиб, кўзига суртади”, дедим. “А я не хочу! Из-за какого-то узбекского слова не буду менять свой язык”, деб, тил маданиятини оврупоча англар экан, айтганида туриб олди. Шунда режиссёр акамиз қулоғимга: “Унча фарқи йўғ-у? Майли, ҳозир кўнглини хира қилманг, мунчоғини дубляжда тўғрилармиз”, деб шивирлади. Биламан, тасвирга олиш жараёнида бировнинг аралашиши, ақл ўргатиши ножоиз, ҳам акстрисанинг тарбия кўрган муҳити бошқа, табиийки, халқникидан фарқли шароитда яшаётган бу “элита” вакилига минг тушунтирган билан фойдаси йўқ, она тилини шунча янтоққа судраб гапиришини ҳам унга бир марҳамат кўрсатиш деб ўйлайди. Турган гап, мендан ранжиб қолди. Рост-да, шундоқ таниқли санъаткорни қанақадир авом сўзни айтишга мажбур қиляпман… Асли бу томорқа режиссёрники, унга сценарийдан чиқмасликни тайинлаб, қайтдим.

Фильм суратга олиниб бўлди, йиғма, яъни монтаждан ҳам чиқди. Энди “овозлаштириш” (“озвучивать”нинг таржимаси-да бу сўз), яъни фильмга овоз бериш, дубляж гали келди. Биласиз, актёр энди экрандаги ўзига қараб яна “ролга кириб” овозини ёздиради (ҳозир кўп фильмларда бу қоида қолиб кетган – актёр ёдламайди, матнни олдига қўйиб ўқийверади, шундан диалоглар сунъий чиқади). Хўш, шунда режиссёр акамиз ҳузуримизга қадам ранжида қилдилар: “Шу, укажон, бир илтимос: шу, актёримиз ўз шевасида гапирса!”. “Гапиравермайдими, ким унинг оғзига хўжайин? Мендан нимага сўрайди?”, дедим ажабланиб. “Йўқ, фильмда ўз шевамда овоз берсам, шунга бош директордан рухсат олиб беринг, деяпти”. Ана холос! Қаёққа келиб қолдим! “Сценарий тоза адабий тилда ёзилган, тилни бузиб нима қилади?”, дедим. “Ўз шевамда овоз берсам, чапанилигим самимий чиқади, деяпти. Арзимас гап-ку! Йўқ деманг энди сиз”, деб ялинди режиссёр акамиз. Бу кишим ҳам актёр томонида! Рухсат сўраганига ҳам раҳмат – анов кунги баҳс эсида-да. “Ака! Давлат тили ҳақида қонун бор, бунга адабий тилга риоя ҳам киради. Қонун ҳар қандай бош директордан, ундан катталаридан ҳам баланд туради, уни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Кейин фильмда шевада гапириш чапанилик эмас, маданиятсизлик. Қаҳрамоннинг чапанилигини тил бузишда эмас, ижрода кўрсатсин эди”, дедим. Режиссёр акамиз босиқ-вазмин одам, бўлди, тушундим, деди-да, чиқиб кетди. Ўзимнинг ичимдан нималар ўтганини англаб турибсиз: бу шунақа, менга бегона бир дунё экан! Ҳалиги санъаткор жўрамиз ҳам, турган гап, бош директор ошириб юборяпти, шевага қарши, мана, шевада шунча фильм олиняпти-ку, биров бировдан қонунга бўйсунишни талаб қиляптими, деб ёзғиради.

Овоз беришда у жумлани бузмади-ю, лекин барибир талаффузни шевача қилди. Буни тўғрилаш, албатта, мумкин эди, аммо сут билан кирганни чиқариш… ўзингиз биласиз. У кишим сал ўтиб бир мустақил телеканалда кўрсатув олиб бора бошлади, албатта атайин шевада ва… мана бўлмасам деб, мустақил бир газетада “Мен атайлаб шевада гапираман” деган чиқиш ҳам қилдилар.

Бу бир мисол ўша, етти-саккиз йил олдин урчиб бошлаган, кўп одамларга арзимас туюлган ҳолатларнинг бир кўриниши эди. Эндига келиб, уни юз ё мингга кўпайтиринг, ўзимиз кўниккан, кўникаётган манзара — киночилигимиз тилининг кундалик манзараси кўз олдингизга келади. Нетонгки, тил ҳам айниб, маънавий тарбияга зид шалоқ аҳволга тушган!

Мен бу мисолни ўзингиз биладиган муаммони яна бир ўйлаб олиш таклифида айтяпман.

Юксак минбарлардан ҳам айтиляпти, матбуотнинг ўзида гапириляпти, бонг ураётганлар чиқяпти, аммо ўз – ўзбек тилимизнинг бугуни ва эртаси борасидаги бу ташвишу даъватлар ўзимизнинг лоқайдлигимиз ботқоғига чўкиб кетаётир.

Дод деб юборгинг келади – қоғозга додлайсан одам! Қоғознинг эса фақат қулоғи бор, оғзи йўқ – садо бермайди! Ахир, ҳамдардга додлайсан-да, одам!

Тилда атай бузғунчилик билан давлат қонунини бузиб, бунақа кинолару қўшиқларни ясаб ташлаётган, ҳаммаёқни чет атамалару чаласавод ёрлиқ, реклама матнларига тўлдираётган, алламбало алфозда жилд-жилд босмаларни “бадиий асар” деб чиқараётган, эфирда қанақадир яроқсиз “ўзбекча” вағиллаб турганларлар шу лоқайдлик ботқоғимизда гуркираб ўсаётган алафлардир ва уларни инсофга чақириш, тарбияли бўлишга ундаш, тил – бу тафаккуримиз замини, миллий бойлигимиз – ўзлигимиз, уни бузиш эмас, қўриқлаш, асраш, тозалаб туриш лозимлигини уқтириш ҳам бефойда. Худди мен ёзаётган шу гапларни ҳам деворга гапираётганим каби.

Албатта, шевада гапирсинлар, туйиб гаплашсинлар, зеро шевалар тилнинг илдизлари, тўғрироғи, булоқлари; улар ҳам қуриб қолмаслиги лозим. Лекин, афсуски, шеваларни ҳам ОАВнинг сунъий тили тангликка солиб қўйган, глобаллашувни рўкач қилиб, унинг панасида ёт атама, ёт ибора, бузуқ бирикмалар уларга ҳам бостириб кираётир. Ҳаётнинг равиши – кексалар ўтиб кетади, катталар кексаяди, изимиздан келаётган ёш авлод “глобаллашиб”, ўз шевасини майиқ-майриқ қилиб гаплашади – бу булоқларнинг ҳам қуриб бошлаганини шундан ҳам билса бўлади.

Гап жамоат минбари эгаси адабий тил экани ҳақида кетаётир! Миллатнинг таркиб топиш омили ва шу миллатдаги бошларни бир-бирига қовуштириб келаётган тилимиз ҳақида. ОАВ минбарига чиққан, кўпчиликка юзланган одам, агар ўзини ҳурмат қилса, марҳамат қилиб адабий тилда гапиришсин! Минбарга етган одамнинг елкасида умуммиллат юки бўлиши зарур! Мактабдан олий ўқув юртларигача, мажлису йиғинлардан расмий тадбирларгача давлат тилида бўлиши лозим ва лобид! Давлатимизга мадҳу сано ўқиманг, унинг тилига амал қилинг. Ахир, кеча уни ҳимоя қилиб кўчага чиққан ўзимиз эмасми! Ҳамма дарслар адабий тилда ўтиладиган, устозлар ўқувчилар шевасини адабий тилга буриб, уни ўргатадиган чиройли қонун мажбуриятлари қаерда қолди? Энди буни қилиб бўлмайди, деб ўйлайсизми? Йўқ, бўлади! Мен эски шаҳарнинг қоқ марказида тураман, шу маҳалладаги мактабда мучал тадбири бўляпти экан. Таклиф қилдилар, бордим. Икки соатча ўтириб, ўқитувчиларнинг гапларини. болаларнинг сўзга чиқишлари, шеър ўқишлари ва қўйган саҳналарини томоша қилдим. Болаларнинг ҳаммаси шу атрофдан, асосан туб тошкентлик оилалардан, ўқитувчилар ҳам шундай. Лекин бир оғиз ҳам шева эшитмадим. Ҳайрону хурсанд бўлиб ёнимда ўтирган ўқитувчига: “Қандай яхши, болалар мактабда адабий тилга риоя қилар экан”, десам, ўқитувчи сапчиб тушди: “Вой, нима деяпсиз, мумкин эмас! Дарсларни адабий тилда ўтамиз, ҳовлида ҳам болаларнинг адабий тилни бузиб гапиришига йўл қўймаймиз. Ахир, бу давлат тилимиз-ку!” деди. Бўлар экан-ку! Қойил бўлдим, лекин қани эди ҳамма мактабда шундай бўлса! Афсус!

Асли муаммонинг туби чуқурроқ, масала тилнинг сут билан қачондан қириши, боланинг она тилини қаердан ўрганиб бошлашида. Бешик тебратадиган келинларнинг бир қўли бешикда, икки кўзи телевизорда – алла айтиш фақат кўрик тадбирларида қолди. Оналар рўзғордан бўшамай ҳам телевизорга қадалиб олади. Бола бир нарса сўраса, бошимни қотирма, бор кўчага ўйна ё дарсингни қил, деб ҳайдайди. Эркаклар иш билан, боласи билан гаплашиб ўтиришдан ўзини олиб қочади. У ҳам хотинига қўшилиб сериал кўради. Эртак айтиб берадиган бувилар ўзи азалдан сийрак, экранга кўзи ўтгани… бунда ҳам ўша аҳвол. Булар ҳам ўтиб кетяпти. Дастурхон устида гурунглар йўқ бўлиб кетди. Бола қаердан тил машқини олади – у ҳам ноилож, телевизорга тикилади, сал эси киргани компьютерни титкилайди, суррогат нарсалар онгига қуйилаверади, жумладан бузуқ тил ҳам.

Албатта, ота-она болаларига эга-кесим ундоқ бўлади, тил қоидалари бундоқ бўлади деб ўргатиб ўтирмайди, аксинча, боланинг тили табиий муҳитда: ўзаро мулоқот, сўзлашув, ўйинлар, ҳангомаларда камол топади. Ва мактабда бу тарбияни олади. Тўғрироғи, олиши лозим. Мактабларда эса тил ўқитилиши ўқувчи болалар учун оғирлик қиладиган, зерикарли қоидаю боғланишлар изоҳига ўтиб қолган. Азалдан бери шундай. Мактаблар жонли мулоқот тилини ўргатмайди, эгаю кесим, гап бўлакларини кўрсатиб беради,холос, бинобарин, тирик тилга муҳаббат ҳам уйғотмайди,

Фикр шаклланиши, тилни билишнинг яна муҳим омили – китоб, бадиий асар. Ҳозир ўқувчиларнинг аксарияти қитоб ўқимайди, бадиий асарларни варақлаб кўрмайди. Устила устак, дарслик – хрестоматиялар ҳам камбағал, улар ном санаш билан, ўтмишдаги катта адибларимизнинг ҳозирги ёшларнинг дунёқараши, қизиқиши, дунёбинлиги, кўнгил кечинмаларидан йироқ асарлари билан тўла. Ёшлар ўқийдиган нарса кам. Мана, бугуни кунга келиб шу мактаблар эккан арпа ҳосилини ўряпмиз-да, ёшларимизнинг тили бунча камбағал, бунча сунъий деб, нимага булар беодоб бўлиб кетяпти, деб ёзғирамиз. Қўшиқ айтяпман деб алмойи-алжойи шанғиллаб ётганлар, уларга шайдойи қарсак уриб, ўйинга тушаётганлар нафақат тил масъулияти, тил номуси нималигини, балки унинг ўзи нималигини ҳам билмайдилар. Ғулийликни ўзи ихтиёр қилиб танлаган ва шу билан фахрланадиган манқурт тоифа! Бу ўзимиз етиштираётган авлод.

Миллат руҳининг ифодаси бўлмиш адабий тилни бузмай, бўлакламай ривожлантириш керак. Зеро у давлатчилигимиз асоси ҳамдир. Тўқсон икки бовли ўзбекни бирлаштирган! Энди бу ўзбекнинг ҳар элати мактабдан бошлаб ўз шевасида гапириб, ўқиб-ёзадиган бўлса, кейин адабий тилни ҳар ёққа тортқиласа, тасаввур қиласиз-ку қаёққа ўтиб кетишимизни! Ўзи-ку шўро яхлит яшаб келаётган туркий миллатни сен алоҳида, сен алоҳида, мана, сенга битта республика, камроғингга, мана, мухторият деб улусларга бўлиб, орага қутқу уруғини қадаб қўйган эди. Туркистон туркийлари ҳар бири алоҳида миллат бўлиб олди, майли, бу миллатларга ҳам баракасини берсин, лекин ягона туркий тил бўлакланди, ҳар бўлаги ўзича иҳоталаниб олди. Бир-бирини балодай тушунган эллар бугун қон-қардоши тилини луғатсиз англаши мушкул. Майли, ҳар бири ўз давлатида униб-ўссин, тараққий топсин, лекин умумтуркий тил бирлигини йўқотмасинлар. Бу тил Туркистондай улкан ҳудудда умргузаронлик қилаётган миллатлар тафаккури ривожининг гаровидир. Бу тил бирлигига раҳна солиш бугунги кунда ҳар бир туркий миллатнинг ўзини ичдан парчалашга ҳам олиб келади. Ўтмиш тарихларда бу неча бор қайтарилган, ялакатмағиз катта улуслар парчалаган.

Умумтуркий дарёни ариқларга бўлаклаб ташлангани етмагандай, чиғатой тилини адабий тилга айлантиришда лексик бой имкониятлар яна ҳам торайтирилган, бугунги ўзбек адабий тилига асос қилиб қарлуқ-чигил-уйғур шеваларигина олинган. Масалан, жуда улкан ареал – қипчоқ лаҳжаси шеваларининг аксари бойликлари адабий тилга киритилмагани бизни қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, татар, бошқирд, олтой тиллари… умуман Россиянинг марказий. жанубий, шимолий ҳудудлари, Олтой ўлкалари, Мўғулистон, ҳитой ҳудудларида яшаётган туркий халқ, эл-элатлардан орамизни узоқ қилиб, лексикамизни ҳам торайтириб қўйган, бинобарин тилимизнинг ифода имкониятлари чекланиб қолган. Жаҳоннинг етакчи тиллари қаторига чиқа олмаслигимиз сабабларини ҳам шу ердан излаш керак. Бу менинг эмас, тилчи мутахассислар фикри ва бу ҳақиқат. Айни пайтда лексикографиямизга ўғуз ўғуз шевалари бойликларидан жуда оз қиритилгани учун, мана, бугунги кунга келиб усмонли турк ва туркман тилларини гаплашганда англашимиз қийин, ўқишда эса луғатга муҳтожмиз. Бу “илмий” тадбирлар оқибатида адабий тилимизнинг сўз бойликлари камбағаллашиб, ифода имкониятлари яроқсиз аҳволга тушиб боряпти. Гап тилимизнинг чиндан-да бугунги замон талабларига жавоб бера олиши ё бера олмаслиги борасида кетаяпти.

Тескари иш қиляпмизми дейман. Тепада мен келтирган мисол майда, аммо катта ҳам майдадан каттаради. Ҳозир биз ОАВ, ТВ-радио тилини ҳар биримиз ўз маҳалламиз, ўз туман-вилоятимиз шеваларига тортқиласак, бу майдаликлар ёриғи эртага бориб жарликка айланади, алал-оқибат ўзбек миллатининг ҳам бирбутунлигига таҳдид солади. Бу ваҳима гап ё муболаға эмас, энди уч бериб ўсаётган хавф. Миллатнинг ялакатмағизлигига даф қилаётган хатар! Наҳотки бўрини кўриб туриб ўзимизни асрамасак, узоқ ва яқин ўтмишдаги бўлинишлар сабоқ бўлмаса!

Соҳибқирон бобомизнинг: “Бизким, малики Турон, амири Туркистонмиз, миллатларнинг энг қадими ва улуғи туркнинг бош бўғинимиз” деган гапларини айтиб фахр қиламиз-у, бу ўгит-васиятни танимизга олмаймиз

Туркий чиғатой, яъни ҳозирги ўзбек тилимиз ўтмишда барча туркий эл ва элатларга тушунарли бир ўзак тил эди. Турк Юнус Эмро, туркман Махтумқули, озар Насимий, қозоқ Абай, қорақалпоқ Бердақ битта тил дарёсидан баҳра олган ва бугун уларни ўгириш ҳам унча шарт эмас. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Манас”, “Ўғузнома”, “Кўрқут ота” бир тил заминида яратилган. Бу тилнинг бош бўғини – шу, она тилимиздир. Уни асраб-авайлаш, унинг шева-лаҳжаларининг тоза булоқларидан яна сув олиш, фақат ўзимиз учунгина эмас, қардош тиллар ривожи учун ҳам ниҳоятда керак. Тилда олди-берди ўзимиз учун ҳам сув билан ҳаводек зарур.

Негаки тилимизнинг оҳори тўкиляпти, тақирланиб бораётир. Гулу чаманзор бўлиши лозим замин сувсиз биёбонга айланаётир. Гап фақатгина чет истилоҳлар истилосида ҳам эмас – тилимиз ичдан ҳам емириляпти: “Мен ёлғиз қолишни хоҳлайман” – нима дегани бу, эри ўлиб, бева қолишни истаяптими ёки ёнимдан кетинг, демоқчими? Қайси тилда бу? “Мени ўз ҳолимга (тинчимга) қўйинг” деса бўлар эди-ку! Йўқ, шунақа бесўнақай гап қулоғимизга ҳар куни қайта-қайта қуйилади шундай гапиришни одатга айлантиради. “Айиқларнинг билиш қобилиятлари жуда ривожланган”, “Юзлаб шундай иплар осилиб туришади” (Ғорда тепадан силқиб тушадиган олтингугурт қислотаси ҳақида), “Барнео қурбақалари мана шундай имо-ишоралардан фойдаланишади”, “Улар истаганча яшашимга имкон беришади” (баланд биноларга тирмашиб чиқадиган анув одам ўз оиласи ҳақида) “Ҳозир кайфиятингни кўтаришга ҳаракат қилиб кўраман”, «Қайнатилган қозондаги сув бунчалик буғланмайди“, “…дастлабки мағлубиятни қабул қилиб олган”, “Анча паст туриш ҳолатига эга” (боксчи ҳақида), “Табиатга нооқилона муносабатда бўлиш…” –мен бу ўламса бирикмаларни эътиборингизни тортиш учун мисол қиляпман. Бўлмаса ўзингиз ҳам ҳар куни мудом эшитасиз. Нафақат ортиқча, сунъий сўзлар, балки жумланинг таркиби, лексикаси ҳам бузуқ. Шу бузуқлик урфга, қоидага айланиб, тилимизни чок-чокидан сўкиб юбораётир. Баъзан худога шукр дейман – ҳалича кўпимиз сўзлашувда шундай бурама-бурмали гапирмаймиз, тўғри, равон, оғзаки тил меъёрларига беихтиёр амал қилиб сўзлашамиз. Лекин ОАВга чиқишимиз билан тилимиз айнийдиган бўлмоқда, ОАВнинг айниган тилининг нуқси қайтиб ўзимизга уряпти.

Бир эътибор беринг: оддийгина мисол: “Янги йил муборак!” Ҳамма ерда шундай ёзадиган бўлдик. “Бўлсин”ни қўшмаганимиз боис жумла маъноси силжиб, йил бизга эмас, ўзига муборак бўлиб қоляпти. Худди гапиришга арзимайдигандек туюлади бу ҳам. Лекин шундай ёзиш ва ўқиш одатга айланаётганиб бораётгани одамни сескантиради. Бир синглимиз чиқишини ҳе-бе йўқ, саломсиз: “Омонмисиз, азизим?”, деб бошлайди. Салом қани? Нима, биз экранга қараб ўтирганлар ур-тўполон муштлашувдан чиқдикми, омонлигимизни сўрайди? “Мен сизлар билан хайрлашаман” – гўё бизга қараб бир ўн киши гапираётган эди, шулардан биттаси биздан аразлаб қолди! Нимага хайрлашади, юз кўрмас бўлиб кетгулик қилганимиз йўқ-ку? “Хайр” билан “хайрлашаман”нинг фарқига бормаса, “Кўришгунча, омон бўлинг”” деб қўя қолсин – шу кифоя-ку!

Демоқчиманки, ўз тилимиздаги сўз, ибора, бириқмаларнинг маънисига бормаслик кўникма бўляпти ва бу, айланиб келиб ёшларнинг тилини бузяпти.

Катталар эса эътиборсиз.

Шу гапларни айтяпман-у, лекин, масалан, менга телевизорда футбол матчини шарҳла, десалар, ўзим ҳам шу “Коптокни боши билан уриб қиритди”, “Коптокни оёғи билан олиб қочди” каби сунъий иборалар тортанагида типирчилаб қолсам керак, чунки тинмай такрорланадиган шу “зарбаю кучли зарбалар”дан каллам гангиб, очиқ гап, шарҳнинг ҳақиқий тили қандай бўлишига ақлим ҳам етмай қолган. Жумла ўзбекча, шарҳловчи (шуни бемалол “шарҳчи” деса ҳам бўларди) ўзбек, сўзлари ҳам ўзбекча, лекин шарҳи ўзбекча гапиришга ўхшамайди. “Футболчи тўпни ўйинга киритади”, оёғидан, бошидан, умуман ҳамма ёғидан нуқул “жароҳат олади”, оёғи қайриладими, лат ейдими, эти ё пайи чўзиладими, боши ёриладими, сийриладими, суяги дарз кетадими, фарқи йўқ – “жароҳат олади”, тамом! Бошқа сўзни қўлламаймизз. Ҳолбуки, тилимизда “жароҳат” – очиқ шикаст. “Жароҳат” билан “яра”нинг ҳам фарқи бор. Ҳужум қилинмайди, балки албатта “уюштирилади” ё “амалга оширилади”. Барака топгур, жилла қурса, “ҳужумга ўтди” де, нима қанақа “амалга оширилаётганини” кўриб турибмиз-ку. Яна қаранг, икки боксчи муштлашяпти, биттаси кўпроқ мушт еяпти, “зарбаларни қабул қиляпти” экан, чидаш беряпти, шу “ютқизиш ниятидан воз кечмоқчи эмас”, деб, кейин гўё тўғриланади: “ютқизиш ниятидан чекинмоқчи эмасга ўхшайди”. Эй жўра, гапинг ўхшамайди, ахир, боксчи “ютқизиш ниятида” эмас, балки ютаман деган умидда ўртага тушган. Ютқизяпти, аммо ҳали умидини узганича йўқ. Кейин нимага у фақат “жанг қилади”, уруш жабҳасида эмас-ку, “жанг уюштиради” – бир ўзи-ку, бу ишга яна нечта боксчини уюштирган бўляпти? “Урди”, “муштлади”, “туширди”. “солди” (масалан, кутилмаган “зарба-а!”нинг ўрнига “со-ол!”, “у-ур!” футболда ”те-еп!”) каби синонимлари тилимизда кўп-ку.) Нуқул “зарба” билан “жанг” қиладилар бу чулчит тилида. Ҳимоя қилмайдилар, балки “ҳимояни амалга оширадилар”. Бир кишига “зарба”га нима бало бор, ўзимизда “тепки” деган сўз турибди-ку, десам, э-э, энди бунақа деб бўлмайди-да, деди у ишонч билан. Нимага бўлмас экан, бошдан шундай ишлатиб келганимизда жуда бўлар эди-да! Ҳозир “жарима тўпини тепди”, примитив туюлади-да, “жарима тўпини амалга оширди”, деймиз. Завқингиз ҳам келади: “Боксёр кўп зарба қабул қилаётган бўлса-да, икки оёғи ёрдамида тик туришга эришяпти”. Куласиз ҳам, қизиқчилик: “Жанг (боксда) бошқача суратда ривожланиши мумкин”, “Шунда оёқларида туриб зарбаларни давом эттиряпти”, “Босим уюштиришга ҳаракат қиялпти”. Қизиғ-а: “У ҳужумни ташкил этишга уринди” – бир боксчи ўзи билан ташкил қилади! “Тана қисмига йўлланадиган зарба ҳам ўз самарасини бериши мумкин” – бунақа гапларга гап топиб бериш ҳам қийин.

Ўн йиллардан ошиб кетди, русча “доброе утро” “добрый день”, “доброй ночи”, усмонли туркчадан “ийи сабаҳлар”, “ийи гунлар”, “ийи гежалер”, “ийи акшамлар”, “ийи уйкулар”, (“ийи” – эгу, эгулик; турчада тилак билдиришнинг “хайирли…” муқобили ҳам кенг қўлланади) ёзма тилимиздан “хайрли тонг”, “хайрли кун”, “хайрли тун” тарзида хусусан ТВнинг кино ва таржима сериаллари туфайли болалаб, ёзма тилимиздан жой олиб бўлди. Усмонли туркий бизга тушунарли, чунки туби бир тил, лекин сўз қўллашдаги тафовутларни бефарқ таржимонларимиз фарқлаб ўтирмайдилар. Энди бу ясамалик оғзаки тилимизга ва ҳатто шеваларга ҳам ўтиб кетаётир.

Чет истилоҳларни она тилимизга киришига меъёрида йўл қўйиб бериш билан уларни ўрганишни аралаштирмаслик керак. Лекин, масала шундаки, чет истилоҳни, ўз онгингизда айни луғавий маъно ифодаси – миллий сўз бўлмаса, қандай англайсиз, ўрганишда нимага суянасиз, хорижий истилоҳни нимага қиёсан тушунасиз? Англанган онг – тафаккурнинг сийрати, бу сўз. Миллий Сўз чет тилни ўрганишда замин, шу боисдан ҳам она тилимизни қанча теран билсак, чет тилни шунча пухта ўзлаштирамиз. Бу оддий аксиома. Мана ўйланг, масалан, ўзи асли ўзбек бўлатуриб, болалигидан русча боғчага қатнаб, русча мактабда ўқиб ва, табиийки, кейинги ҳаёти давомида еврупоча ҳаёт (бу ҳам бир гибрид тушунча, таъсири жиҳатидан кўпроқ саёз русча) муҳитида яшаган одамларнинг тили ҳаминқадар, фикрлаш тарзлари на у, на бу бўлиб қолади. Тил заминидан оёғи узилгандан кейин тафаккур таркиби ҳам ўзгаради, бузилади. Бунга, масалан, бадиий адабиётимиз ҳам бир мисол. Ўзи ўзбек бўлатуриб бошқа тилда ёзган истеъдодларнинг асарлари ўзбек заминида унча илдиз ота олмади, ҳатто уларни таржима қилганда ҳам ташқаридан қараш, бадиий тафаккур бегоналиги аён сезилиб қолади. Чет тилни ўртадаги бошқа тил орқали ўрганишда шуурда шу ҳол юз беради.

Тилимиздаги асл сўзлар маъноси, оҳанги билан тушунча, кечинма, ҳаракат. нарса, ашё, манзара, ҳолатни аниқ кўз олдимизга келтиради, фикрни теранлаштиради. Бошқа тил, бошқа маданиятдаги одамни тўла англамаганимиз каби ўзимиздаги нарса ва ҳодисаларга уларнинг атамаларини қўлласак, ақлимиз ҳам шундай ётсираб туради, тушуниб турганимиз билан сўзнинг ички маъно ифодалари шуурга бегоналигича қолади.

Миллий истилоҳларни излаб топиш, янгиларининг қандай илдиз, аффикс, суффикс, префикслардан ясалишини тилчиларимизга қўйиб берайлик, бу иш уларсиз битмайди ҳам. Бизнинг фикрларимиз ундаш, холос. Миллий тилнинг тасарруфда келаётган сўзларидан сўз ясаш, буни билган тилчиларимиз учун тинқани қуритадиган оғир, кенг кўламли, лекин қилиб бўлмайдиган иш эмас. Худди шундай, шеваларимиздан сўзлар олишнинг меҳнати бор, менингча. Яъни улар адабий тилнинг меъёр, қоидалари ва орфография шартларига мослаштириб истеъмолга қиритилиши лозим, бу ҳам мутахассислар юмуши. Фақат тайсалламаслик лозим. “Ўқувчи”, “ёзувчи” каби нисбатан “ёш” ўнлаб истилоҳлар илк истеъмолга киритилганда булар ҳам ғалати туюлган бўлса керак: “адиб”, “нависанда”, “талаба”, “толиб” каби ўрганган сўзларимиз турганда буларга на ҳожат, деб. Лекин ҳозир муомалада табиий бўлиб кетди, арабий “адиб”, “талаба”га қараганда кенгроқ кўламда истифода этилади. Шеваларимизда эса адабий тилдан четда қолаётган бошқа муқобиллари ҳам бор: “ёзарман”, “ўқирман”. Негадир, шу “+ман” қўшимчали сўзлар адабий тилда жуда сийрак, бу суффикс имкониятларидан янги сўз ясашда фойдаланмаймиз. Аҳоли тилида эса кенг қўлланади: “Бу сотарман, у оларман бўпти. Бу оларман, қиз тегарман”, Мана, “Зоминнинг тил қомуси”да шунақа “-ман” қўшимчаси билан ясалган, адабий тилга кирмаган йигирмадан ортиқ сўз келтирилади. Яна бир мисол “+гилик”, “+гулик” каби қўшимчалар билан ясаладиган “боргулик”, “кетгулик”, “келгулик”, “ўтгулик” (“ўтгилик”) адабий тилда жуда сийрак, аҳён-аҳёнда, бу ҳам бадиий асарларда қўлланиб қолади. Истамбул кўчаларида енгил уловлар кўчада қатор териб сотувга қўйилган, ҳаммасининг олд ойнасида “сатилик” деган ёзув. Демак, сотилади, тушунарли, лекин бизга ўхшаб “сотилади” деб китобий эмас, нимадир туб туркий, бизда унинг айнан шундай лўнда муқобили бории-йўқми деб роса ўйлаганман. Яқинда “Қашқадарё халқ сўзлари”ни варақлаб, айниятини топиб олдим: “сотқилиқ!” Ўзимизнинг сўз! Ёнимизда турган! Халқ бемалол қўллайди. Биз эса русча “продажа”дан олиб, мас., “уй сотилади” (“дом продается”), “сотиладиган уй” (“дом на продажу”) деб бирикмани сўлжайтирганмиз. “Балиқлар тозаловчилик вазифасини бажаради” — бу не жумла эканини баҳолашни ўзингиз “амалга оширинг”!

Бунақа ҳолатларда, майли, луғат титкиламайлик, ўзимизга қулоқ солайлик: сўзлашув – жонли авом тилимиз минг кўргуликка дуч келаётган бўлса-да, ҳали ҳам бой, асл сўзларимизнинг маъноси теран, кўлами кенг.

Ўзимиз ҳар куни тасарруф қиладиган таниш сўзларнинг жуда кўп нотаниш маъноларини топиб, ҳайратга тушаман. Кундалик истеъмолда бисёр сўзлар қўллаймиз, кўпинча унинг келиб чиқишига эътибор бермаймиз. Мана, «боқиш», «боқмоқ» сўзини олинг, ўндан ортиқ маъноси бор. Ҳазрат бобомиз “Муҳокаматул – луғатайн”да “йиғламоқ”нинг ўн тўққизта синонимини келтиради. Проф. Тўра Нафасов ўз тадқиқотида “қора” сўзининг ўндан ошиқ маъноси ва етмишдан ортиқ маъно товланишини мисол қилади. Гапим ҳавойи бўлиб қолмаслиги учун шу парчани кўчирма қилай. Ўқинг, сизга ҳам қизиқ:

“1. Пишган гўштнинг ёғсиз қисми*. Гўштнинг қорасини ҳамма яхши кўради. 2. Жонли мавжудотлар тўдаси.* Қорада кўрсам, кўнглим тўқ. 3. Улоқни чавандозлар тўдасидан олиб чиқиб маълум бир масофадаги белгига олиб бориб ташлаш.* Қорани олдим. Қорани опчиқди. 4. Қорамол.* Беш-ўнта қорам бор. 5. Эр.* Мени қораси йўқ аёл деманг. 6. Эга.* Ҳамманинг қораси бўлсин.”

Энди яна қаранг:

Қора бермоқ – пайдо бўлмоқ.* “Бирдан отаси қора берди. Қора босмоқ – оғир хастталанмоқ. Қорага бормоқ – каттароқ ёшга етмоқ. *Бир қорага бориб қолибди. Қорага етмоқ – бирон мақсад, мартаба, обрўга эришмоқ. Қора йўл – юриш қийин, созланмаган (йўл). Қора қиш – ёғин-сочин (қор)ли, қаттиқ совуқ пайт.* Қора қишда мол боқиш ҳазилми? Қора овқат – гўштсиз пиширилган (овқат). Қора пиёда – улов (эшак. от) ёки транспорт (енгил ё юк машина)си бўлмаган.* Қора пиёдаман. Қандай бораман қора қишда? Қора хуптон (хуфтон) – қоронғи тушиб, атроф қоп-қоронғи бўлган вақт.* Қора хуптонда танимадик. Нарса-қора – бисот, бойлик, уй анжомлари ва моллар. * Нарса-қораси кўп, тўй қилса бўлади.

Ва шевашунос олим “қора” сўзи иштирокида ясалган яна етмиш битта истилоҳни луғавий маъноси билан бирма-бир кўрсатади!

Бир истилоҳнинг кўлами шундай кенг ва теран! Ўзингиз Б.Тўйчибоев, Қ.Қашқирлининг “Зоминнинг тил қомуси” китобини варақлаб кўринг, адабий тилда ишлатилмайдиган ана шундай сўз, мақол, маталларнинг юзлабига дус келасиз. Шеваларимизда бойликларимиз кўмилиб, устидан шўро тупроғи тортиб қўйилган. Биз эса сўз ахтарамиз, ўз истилоҳларимиз жўн, примитив, бугунги кун терминологияси тўғри келмайди, тилимизда чет атамалар муқобили йўқ, деб, ўзимизни таназзулга ростлаймиз.

Излаш, изланиш керак. Сўз ҳам тирик, тил дарёси оқимида нафас олиб яшайди, таъбир жоиз бўлса, ўрчийди ҳам. Биз эса ўз сўзларимизни жонсиз қиляпмиз ҳамда уларнинг устига кўп кушанда қўйиб юборяпмиз.

Бугуни кунда гўё соф ўзбекча сўзлардан тузилган бирикмаларларнинг сунъийлиги, бир сўз ифода қиладиган тушунчани тўрт-беш сўз билан ифодалашга ўтиб кетаётганимизга ажабланасиз. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” қирқдан ортиқ йўналишда парвозларни амалга оширади”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” истиқбол сари дадил қадам ташламоқда”, “Бундай уйғунлик ҳамма ўсимликлар томонидан амалга оширилавермайди” – сиртдан ўзбекчага ўхшаган мазкур жумлаларни тилчи олимларимиз бир лексема қоидаларига солиб текширсалар, нима бўляпти ўзи деб ташвишга тушиб қоладилар.

Сўзга эътиборсизлик, бефарқликдан у ўлиши ҳам, аниқроғи бошқа сўз унинг ўрнини эгаллаб, ўлдириши ҳам мумкин. Мана, ҳаммамиз “ахлат”ни оғизга оладиган ва бунинг нақадар бемаънилигини эътибор қилмайдиган бўлиб кетдик: “Ахлат ташлама! Ахлат мошин келди.. Ахлат челакни олиб тушаман”. Миллий аҳлоқу одобимиз тагида покизалик ётади. Ахлат эса – бу нажосат, инсоннинг эксременти. Маъносини билган одам шу сўзни ёзишга ҳам ийманади. Ахир, уйимиздан чиққан сабзавоту мева пўчоғи, овқат сарқити, супуриндини шундай деяпмиз! Фариштали келинлардан тортиб, нуроний тақволи буваларгача. Жонли, авом тилида ҳам, ОАВ ёзма нутқида ҳам эътиборсиз “ахлат” деб қўллайверамиз. Ҳолбуки, тилимизда асл маъносини берадиган “чиқит”, “чиқинди” каби беш-олтита истилоҳ беэга ётибди. Аммо буларнинг устидан русча “мусор”дан кўчирма ўгирилган “ахлат” босиб қолди. Қизиғ-эй, “тезак”, “тезаклади” турганда каптару чумчуқдан каркидону филгача – ҳаммаси “ахлат ташлайдиган ё сочадиган” бўлиб кетди. Дарвоқе. ТВга раҳмат, яқиндан бери ора-сира “чиқит”ни қўллайдиган бўлди.

Бунақа бесўнақай, русчадан ҳайдашовур ўгириб олинган сўз ва мантиғи бетайин иборалар умумтилимизда симга тизилган очофат чуғурчиқдек қатор-қатор. Юқорида айтганим, спорт шарҳларининг шу жиҳатига бир зеҳн солинг, абракадабра гаплардан эсингиз оғиб кетади. Лекин шу рус-инглиз-немис-француз-лотин лаҳжадарини солиб (спортнинг истилоҳ-атамалари ҳам бор-ку) ўзбек бўтқасини “қайнатишни бемалол амалга ошириб” ётибдилар, “жараён қойилмақом ташкил қилинган”. Ҳамма жойда ҳам таржима ишларида бир гуруҳгина одам бор, улар эса ўзлари билган бир туркум сўз ва иборалар билан чекланиб қолганлар. Лексикон деган нарса жуда қашшоқ! Дейлик, шу “ҳужум уюштирди”, “нападал” таржимасида ўрнига қараб, “ташланди”, “босди”, “даф қилди”, “қувлади” “изига тушди”, “дориди”… Масалан битта дарранда ўзи қанақасига ҳужум уюштиради? Билмадим, бунақа ёзиш, гапиришни энди тузатиш қийин-ов, лекин шу ҳолида қолдириш ҳам она тилимизга нисбатан нонкўрлик!

Ўтириб олиб тилимизда бугун истеъмолда бўлаётган сўзларни бир тафтиш қилиб, сарагини саракка, пучагини пучакқа ажратиш, яъни тилимизни тозалашимиз керак. Чунки чиқитга тўлиб боряпти, чиқит асл истилоҳларни босиб кетяпти.

Она тилимизга муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз лозим. Тилимиз хароб аҳволга тушиб боряпти, уни қайта жонлантириш учун ҳаялламай иш бошлаш керак.

Ўзим унча чуқур билмайдиган мавзу устида беш-олти ойдан бери ўтириб, анча ёзиб енгил тортганимдан иккилана бошладим: тилимиз аҳволи ҳақиқатан ҳам шундай таҳликалими ё таҳлика меникими? Чунки ўйлаганим сари гирдобга ютилиб кетаётгандекман, тилимизни асраш борасидаги муаммолар ҳам ниҳоятда чуқурлашиб, сира кечиктириб бўлмайдиган доли зарбдек. Бошқа мамлакатларда ўз миллий тиллари аҳволи қандай экан, уларда ҳам ўз тилига қайғуриш борми-йўқми ё иллатлар қўрққанимдан кўзимга шода-шода қўшалоқ кўриняптими? Рус тилининг Россияда қандай улуғлангани ва бу жаҳоний тилнинг бугунги аҳволи ҳақида унча-мунча биламан: жуда куйиниб ёзишларига қараганда, биздагидек, глобаллашув экспанциясига учраган. Бўлмаса, дунёни лол қилган доҳиёна асарлар яратилган ноёб ақиқ тил! У ҳам худди биздагидек чет истилоҳлар, чет тамойиллар босқинида инграб ётибди.

Бу борада, масалан, французлар ҳар жиҳатдан ибратли. Умуман ривожланган давлатларда ўз миллий тилларини асраб-авайлаш, янги имкониятларини очиш, тилни жамият ҳаётида муносиб ўринга кўтариш, мамлакат ҳудуди ва ташқариларда тасарруфининг меъёрларини белгилаб қўйиш қонуний йўлга қўйилган.бунда асосий урғу миллат тилига берилади. Қонун масаласида бизнинг ҳам нолишимиз инсофдан эмас. Давлат тили ҳақидаги қонунимиз бизга бир дунё имкониятлар очиб беради. Гап унга қандай амал қилишда, яъни ўзимизда. Худди шунинг учун ҳам, масалан, французларга эргашгулик. Энг аввало, ҳар бир француз ўз тилини миллий бойлик, француз руҳияти ифодаси деб ўрганган ва бундан ифтихор қилади. тилни бузиб қўллашни ор деб билади. Француз тилига беписандлик ориятни поймол этиш деб қаралади. Улар фақат ифтихор қилибгина қолмайди, жаҳоннинг шундай маданият маркази. Оврупо борди келдилари ва турли тиллари чорраҳасида француз тилининг асил софлигини сақлаш, муҳофаза этиш борасида аниқ тадбир чоралар билан иш кўрадилар. Бўлмаса, таъсири дунёга ёйилган: Франция, унинг денгиз орти мулки ўлкалари, собиқ қарамлари, Канада, Бельгия, Швейцария, Ливан, Люксембург, Монако, Марокаш, Жазоир, Тунис; кўплаб, масалан Кот-Дивуар, Конго демократик республикаси, Нигерия, Сенегал, Гаити, Маврикий каби марказий ва шарқий африка давлатлари, Лаос, Камбоджа, Веътнам каби Осиё мамлакатлари; Мексика: АҚШнинг Луизиана штати ва Белгия, Швейцария, Канадада яшовчи француз аҳолиси (уларда француз тили расмий деб тан олинган). Ўттиздан ортиқ мамлакатнинг миллий тили! Ундан 130 миллион одам гаплашади 200 миллион одам эркин фикр юрита олади. Франкофония (аҳолиси француз тилида гаплашадиган давлатлар уюшмаси) 56 давлатни аъзо ва 14 давлатни кузатувчи мақомида ўз атрофига уюштирган. Бу ишларнинг ҳаммаси француз руҳиятининг, миллий маданиятининг ифодачиси – тилнинг яшовчанлиги таъминлаш учун!

Қарангки, шундай қудратли, таъсири кенг кўламли тил глобаллашув гирдобининг кўзида ва уни бошқа тиллар таъсиридан иҳоталаш керак экан!

Керак экан – қилиняпти! Айни шу глобаллшувдан ҳимоялаш учун қонунлар қабул қилинган. Жумладан бири – 1975 йили француз тилини ёт таъсирлардан муҳофаза қилиш, иккинчиси – 1995 йили француз тили англо-американ ва бошқа тиллар, бошқа маданиятлар таъсиридан ҳимоялаш тўғрисида (Жак Тубон қонуни). Айнан ҳимоялаш учун, бўлмаса, давлат тили ҳақидаги қонунлари азал-азалдан бор. Ва бу қонунларда француз тилининг расмий, норасмий муомалада қандай қўлланиши, унга ҳорижий истилоҳлар киритиш тартиблари, жамоат жойларидаги эълон, реклама, дўқон, ресторан, қаҳвахона, нақлиёт, умуман кўз тушадиган барча жой ва ўтадиган тадбирлардаги ёзувлар, ҳатто мамлакат ўтадиган халқаро учрашув, илмий конференцияларнинг ҳам француз тилида бўлишигача мажбуриятлар белгиланган. Айтишадики, француз тилида муқобили ва ё ясалиши мумкин бўлгани ҳолда четдан истилоҳ киритилган расмий ёзишма ҳам инобатга ўтмайди. Ҳатто кўча нақлиёти, реклама матнлари, жамоат жойидаги ҳар қандай ёзув, ёрлиқларда француз тилида муқобили бўлган ё ясалиши мумкин чет сўз ишлатилса, жаримага тортиш, ўша мулкни, кимга тегишли эканидан қатъий назар, мусодара қилишгача борилади. Ёзишларича, ўтган йили махсус рейд ўтказилиб, 1236та тилда қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилган, 33 ҳолатга нисбатан суд ҳукми чиқарилган.

Бу ишга бош вазир ҳузуридаги Олий комиссия бош-қош; Институт (Фанлар академияси шундай номланади) ҳузурида бешта ассоциация нафақат англо-американ экспанциясига учраётган француз тилининг тозалиги, балки француз руҳияти ва миллий ўзига хослигини софлигини сақлаш учун ҳам масъул. “Барҳаётлар” (институгга аъзолик бир умр) давлатнинг француз тилини муҳофаза қилиш дастурларини ҳаётга тадбиқ этилишини доимий назоратда ушлайди Декрет, циркуляр, директива, инструкция… борингки, барча расмий ҳужжатларда Институт розилиги ва рухсатисиз четдан биронта янги истилоҳ киритилиши мамну. Ва бунинг учун давлат қарамоғидаги “журналь оффисьель” каби ва бошқа ассоциацияларнинг нашрларида янги атамалар, тавсиялар мунтазам бериб борилади. Яъни қонун амали ҳам давлатнинг зиммасида, тегишли ишларни у бошқаради.

Э-э, хуллас, “Ўзгага қилма ҳавас, сенга ҳам ҳавас қилгувчилар бор”. Французларнинг қонунлари бизникига солиштирганда қаттиқ, қатъий, лекин бизнинг қонун “зарурат туғилганда”си кўп-у, бари бир ўзимизники. Бор! Биз шу борига қатъий амал қилайлик. У ёғига тилнинг ўзи руҳиятимизга. ориятимизга, ўзи йўл очиб олади, бебаҳо миллий бойлик сифатида қайта жилоланади, ўзлигимизни ёриштиради. Ҳозир уни тушовлаб турибмиз, гўё ўз-ўзича яшайверса бўладигандек. Миллий ғурур эса барчамизда бўлиши керак. Кундалик ҳаёт ташвишлари, моддий сиқинтиликлар кўнглимиз устуни, ўзлигимиз таянчи, миллий ориятимизни – тилимизни босиб кетмаслиги керак. Чунки бу она тилимиз минг-минг йиллардан қаддимизни тик тутиб келаётирки, энди замон шамолларида тиз букиб қолмайлик!

Хуллас, тилимизнинг бугунги аҳволи ҳақида гапирсак, гап жуда кўп-у, лекин бу ёғини ўзингиз ўйланг: хулосага келиш, хулосадан амалга ўтиш сиздан…

2013 й.

Манба: Аҳмад Аъзам блоги

044

(Tashriflar: umumiy 1 432, bugungi 1)

Izoh qoldiring