Ahmad A’zam. Tiluvzani maqivoppiza? Uchinchi maqola.

665
Авом тилнинг ривожи асрлар давомида табиий кечди, ўтган аср бошларигача арабий ва форсий тиллар билан доимий мулоқотдан бошқа унчалик таъсирларга учрамаган; адабий тил эса авом тили, қора тил (ҳам улкан, ҳам ишлов берилмаган, ёмби маъносида) чашмаларидан чиқадиган зилоллардан йиғилиб, асрлар мобайнида сайқал ишлов берилиб, сайқал топган ва бугунги замон талаби билан яна ҳам шева неъматларидан озиқланиб такомилда келаётган наҳрул ҳаёт.

09

Аҳмад Аъзам
ТИЛИВЗАНИ МАҚИВОППИЗА?

Ўзбек халқ тили – улкан, у Марказий Осиёда катта бир ареални қамраб олган, бугунги кун у қирқ миллион, балки кўпроқ одамларнинг она тили. Адабий тил унинг ичида – мисоли давлат ичидаги давлат, бу давлатнинг асоси эса Ўзбекистонимиз, қўшни давлатлардаги ўзбеклар асосан ўз шева ва лаҳжаларида сўзлашадилар; адабий тилнинг улардаги ривожи жуда кўп жиҳатдан бизга боғлиқ, бизда адабий тил давлат мақомида ҳамда қонун ҳимоясида ва боис бу тилни асраб-авайлаш, тоза сақлаш, чет тиллар таъсирини бир меъёрга келтириш зарурияти бизнинг, кўпроқ қалам аҳлининг зиммасида.

Мақоламиз мавзуи шу мазмунда.

Авом тилнинг ривожи асрлар давомида табиий кечди, ўтган аср бошларигача арабий ва форсий тиллар билан доимий мулоқотдан бошқа унчалик таъсирларга учрамаган; адабий тил эса авом тили, қора тил (ҳам улкан, ҳам ишлов берилмаган, ёмби маъносида) чашмаларидан чиқадиган зилоллардан йиғилиб, асрлар мобайнида сайқал ишлов берилиб, сайқал топган ва бугунги замон талаби билан яна ҳам шева неъматларидан озиқланиб такомилда келаётган наҳрул ҳаёт.

Халқ тилининг насли тоза бўлади, четдан кўп оқова қўшилиб, усти лойқаланса-да, туби тиниқлигича қолади. Оқованинг лойқаси ҳам вақт ўтиши билан чўкади, шу туб оқимга аралашиб кетади. Лекин кўп қуйилаверса, уни ҳам бўтана қилади, қайта тинитиш учун не-не йиллар, балки асрлар керак бўлади. Йигирманчи аср бошларидан бери тилларнинг аралашув жараёни бир текис муқаррар кечаётгани учун нотоза сувни ичишга кўникиб боряпмиз, тил тамини билишимиз сусайган. Бу эса тафаккурни тўмтоқлаштиради.

Авом сарфу наҳв қоидаларини атайлаб ўрганмайди, бунинг унга зарили ҳам йўқ, унинг тили табиий туғма, у тил қоидаларидан махсус дарс олмаган ҳолида ҳам бу қоидаларга тўқис амал қилади. Яна ҳам тўғрироғи, табиий тил жараёнини илм учун биз – …шунослар қоида-қолипга солиб ўрганамиз, назария билан мезон-меъёрларга соламиз. Айниқса кейинги йлларда шу мезон-меъёрлар билан ҳам ишимиз бўлмай қолди.

Авом тилини, дўппини ечиб ўйласак, халқнинг ўзи бузмайди, бузадиган ёт истилоҳ-ибораларни бу тирик оқим устига биз – қалам аҳли сочамиз, халқ эса уларни ўз талаффузига мослаб, сўзлашув нутқига қўшиб олиб ишлатаверади. Мана, масалан, “варақа”, “хурушип” (кампирлар “қуруқ чўп” ҳам дейди), “карчўпка” сўзларининг асли русчада нима бўлганини бирдан англаш қийин: “варақа” “ворохоочиститель” (кўсак чувиш ускунаси)дан, “хурушип” ё “хурушчўп” – “Хрушчёв”… “Карчўпка”ни болалигимда ғўзанинг чўпини илдизидан қирққани учун ўзимизнинг “чўп”дан олинган деб ўйлар эдим, бу сўз “корчёвка”, “корчеватель”дан экан. Матбуот тилидан ўзимиздаги сихмола “борона” деб кирган, халқ “барана” деб қўллайверади. Кенг омма учун бегона сўз кириб келдими ё ўз сўзини бузиб ишлатяптими, унча фарқи йўқ, истилоҳ ўз вазифасини бажарса кифоя, луғавий маъноси сўзнинг аъмоли бўлаверади. Тилимиздаги талаффуз қонуниятлари билан ҳисоблашмай қандай бўлса, шундайлигича киритилган сўз-атамаларни халқ ўз лаҳжаларига мослаб олган. Бу ҳам ғалати жараён – жуда кўп ҳорижий тилларда чет сўзлар тубжой аҳоли (титул миллат) талаффузига мувофиқ қилиб истеъмолга қиритилади, биз эса ҳатто бошқа туркий тиллардан ҳам фарқли ўлароқ, асл ҳолида, ҳатто бирон товуш ҳарфини ҳам ўзгартирмай оламиз: “эмпириокритицизм”, “компиляция”, “коммуникация” ва ҳ.қ. Биз қалам аҳли “цемент” деб ёзамиз, халқ эса “семон” дейди, биз “целлофан” деб ёзамиз, авом эса “салафан” деб кетаверади. Халқнинг айтгани тўғри, чет атамани унинг талаффузига зўрлаб тиқиштирган бизники нотўғри. Япон насронийлари Исо алайҳиссаломни ”Эсу Киристо” (“Эсу Киристо-сама”) деб ўз талаффузларига мослаб ёзадилар. Бу билан ўзлари сиғинадиган Иусус Христосга шак келтирган бўлмайдилар-ку. Биз ҳам рус тилиданми, бошқа тилларданми бизда ўзи бўлмаган, муқобил атамаси йўқ истилоҳларни тил талаффузимизга мослаб олсак бўлмайдими? Хўп, дейлик, “целлулоид”ни ким шундай талаффуз қила олади? “Эмпириокритицизм” деган мўътабар мафкура сўзини барибир “импракратизм” деб кетган эмасмидик? Ёзмада бир хил ёзиб, оғзакида бошқача талаффуз этиб, тилимизни қийнаб бораверамиз.

Чет истилоҳларни шундайича қиритиш она тилимиз ифода бойликларини қашшоқлантиради. Бу бойликлар ичида товуш талаффузи ҳам алоҳида ўрин тутади. Мен бу билан ўтмишда қолган атамаларга қайтиш керак демоқчи эмасман, бунинг иложи ҳам йўқдир энди, лекин тилимизда шунақа сўзлар билан бирга уларнинг оҳори, товушнинг ўзидаги қадрдон маъно кенгликлари ҳам орқада қолиб кетяпти, яъни тилимизда сўз бойликлари истеъмолдан чиқиши баробарида ифода имкониятлари ҳам торайиб боряпти. Кўплар “Байрут”ни “Бейрут”, “Баҳрайн”ни “Баҳрейн”, “ўтар”ни “отар”, Балужистон”ни “Белужистон”, “Тиёншон”ни “Тяншан”, “Қорақурум”ни “Коракорум”, “Байтуллоҳ”ни “Бетлехем”, “Дамашқ”ни “Дамаск” деб талаффуз қилишда унча фарқ кўрмайдилар, худди “борларинг”, “келларинг” (мас., “Бу ерда турмаларинг”) адабий тилга хилоф эканини билмасликка олишдек, лекин айни шу талаффузда миллий тил оҳанглари, шу оҳанглар уйғотадиган шуурости сезимларигача бузилади. Мана, сингармонизм йўқоляпти, унинг йўқолиши тугул, ўзи ҳақида ҳам тасаввур ҳам йитиб кетяпти ва бунинг оқибати ўз навбатида фикр ифодасини камбағалантиряпти.

Германиянинг “Олмония”, “Ливан”нинг “Лубнон”, “Болгария”нинг “Булғористон” бўлгани хотирамиздан ўчяпти, энди ўзимиз ҳам “Миср”ни “Египет”, “Ҳабашистон”ни “Эфиопия” дейишга ўтиб кетяпмиз. “Иерусалим” “Қуддус”ни, “Алжир” “Жазоир”ни сиқиб чиқаряпти. “Венгрия”нинг “Мажористон”, венгрларни “мадяр”, “мажор” бўлгани ўтмишга чўкди. Нимага “Ҳолландия”ни ўрисча ёзиб, ўрисча талаффуз қилиб тилимизни зўрлаймиз? Нима учун хорижий истилоҳларни рус тили орқали икки айлантириб ёзишимиз керак? Муқобили ўзимизда мавжуд атамаларни ҳам рус тилидагисини оламиз, ўзимизда “ҳ” товуш ҳарфи бўлгани ҳолда рус тилидаги “г” товуш ҳарфини қўллаймиз. “Гонконг”, “Гейне”, “Гёте”… Бунақа ном, атамаларни санасак бир қоп бўлади.

Ўрганиб кетганимиз боис эътибор қилмаймиз: ўтган аср бошларидан русча эгалик қўшимчаси “-ов”нинг кенг ёйилиши (туркшуносликда асли бу туркий “-эв” (уй, уйи)дан олинган деган қараш ҳам бор) исми шарифни айтишда талаффузни, ёзувда товуш ҳарфларини ўзгартириб юборди. “Орипов” деб ёзсак-да (“Орифов” деб ёзмаймиз), “Орипуф” деймиз. “Фаттоҳов”ни эса эсини тескари қилиб юборамиз: “Паттахип”. “-ов” қўшимчаси ўзидан олдин келадиган истилоҳларни ҳам бузиб ёзиб, бузиб айтишга олиб келади: “Муҳаммедов”, “Маҳаметов”, “Аҳмедов”, “Порсайип”, “Ибрагимов” . Мазкур қўшимча бари бир талаффузда тилимизга эш бўлмай. “-ип”, “-уп“,”-уф” тарзида тилга тўғрилаб талаффуз қилинади. Талаффузга ҳам нимага босим ўтказмоқчи бўламиз, тушуниш қийин.

Тилларни унификация қилиш, олис келажакда улар қўшилиб кетиб, битта умум бўлиб қолади деган ишончми, луғатчиларимиз ҳам анча ўринларда тескари ғайрат кўрсатганлар. Эллик тўққизинчи йилги ўзбекча–русчса луғатда “Мўғўлистон” – “Монголия” дейилиб, ўзбекча асл истилоҳ – “Мўғулистон” эскирган тоифага киритилиб, “монголлар”, “монголга оид” деб замонга мосланган бўлса, саксон учинчи йилги русча-ўзбекча луғатда умуман тушириб қолдирилган. Яъни “Монголия” – “Монголия”, вассалом! Шўро даврида зимдан юритилган тил сиёсатининг оқибатими, “Вавилон”ни “Бобил” деб эскирган атамалар қаторида унутишга ҳозирлаб қўйилган. “Балтика” – “Балтика”, “Бальтийское море” – “Балтика денгизи” деб ёзилиб, “Болтиқ” истилоҳи қавсга олиниб, бунинг ҳам ковуши тўғриланган.

Баъзан луғатчиларни ҳам тушунолмайсан: “мыс Доброй Надежды» – «Яхши ният буруни», «Берега слоновой кости» – «Фил суяги қирғоқлари” деб ўзбекчага ўгирилган бўлса, мас., “Драконовые горы» – “Дракон тоғлари” деб ағдарилганки, тилмочликнинг тамойил-тайини бўлганми ўзи деган шубҳага борасан киши. Бу луғатлардан мақсад ўзбек тилининг сўз бойликларини очиб беришми ё тилимизга рус тилини киритишми деб гумонсираб, луғат заҳматкашларида миллий орият туйғуси жуда заиф эканига амин бўласан.

Талай-талай байналмилал истилоҳлар энди ўзимизники бўлиб кетди. Албатта, кўпининг тилимизда муқобили азалдан бўлмаган. Эски луғатлардан уларга муқобил ахтариш бефойда, лекин атамани ўз тилимиз бойликларига суянган ҳолда янгидан ясаш мумкин, луғатларимизда эса бунинг терси: истилоҳни тайёр ҳолича ўзга тилдан кўчирадилар ёки муқобилини излашга эриниб ўзлари мафҳуман таржима қилиб қўя қоладилар: “гусь – эркак ғоз”, “витрина” – “витрина”, “магазин витринаси” (“пешойна” ёки “пештахта”, “дўкон”ни гўё билмайдилар).

Чет тиллар олдида ўз тилимизни, унга давлат мақомини берганимиз билан, паст кўриш урф бўлиб боряпти. Мисол учун, шаҳримиз кўчаларига бир қараанг! Учрашув, конференцияларнинг таклифнома ё дастурларини олайлик: инглизча ё русча таржимаси бор, ўзбек тилида ёзилган қисми ҳам ё инглизча, ё русча терминларга тўлиб тошган. Йиғин танаффусида бериладиган бир пиёла чойни “кофе-брек” деб кетдик, “чойтатил” дейишга қишлоқилигимиздан уяламиз.

Бепарвомиз. Мана, «мышка», «презентация», «лайк» («лайк қилмоқ»), «парол», «логин», «онлайн», «блог», «пост» «статус», «мобил версия», «домен», «интернет–провайдер», «оператор», «модератор», «спам», «е-майл», «сайт-вебсайт», «чат» ва ҳоказо шундай ўнлаб атамаларни қандай бўлса, шундайича ўзимиз қиритяпмиз, буларнинг анчаси ўзбек тилида муқобилига эга, йўқларини эса бор сўзларимиздан яратишимиз мумкин. Лекин оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин деб, четкиларга тилимиз тўридан жой беряпмиз.

Кўп ҳорижий атамалар адабий тилга сингиб кетган, лекин авом тилида кам қўлланади. Бу ҳам табиийдек туюлади. Масалан, “шимол”, “жануб”, “шарқ”, “ғарб” атамалари асосан ёзма нутқда, илмий маъруза, маълумот бериладиган ҳолатларда кенг истеъмолда, аммо ҳали-ҳануз сўзлашувда унча кўп қўлламаймиз. Авом ҳали ҳам “кунботиш”, “кунчиқиш”ни маъқул кўради, шеваларда эса ана шу тўрт арабий истилоҳнинг соф ўзбекча муқобиллари бор: “чиқиш”, “кунчиқиш”, “ботиш”, “кунботиш”. “кунтуғар”, “тўманбет” (ғарб) “орқабет”, “орқовул” (шимол, баъзи шеваларда ғарб ҳам), “манглайбет”, “ўнгбет”, “кунюрар” (жануб), “обқора” (жануби ғарбий) ва ҳоказо (мас., қозоқ тилида “шиғис” – шарқ, “батис” – ғарб, “ўнгтустиқ” – жануб маъносини билдиради ва бу атамалар ҳозирда қўлланади: “Ўнгтустиқ Қазақистан” – Жанубий Қозоғистон). Мана бир-икки мисол: “Кун юрарга уч чақирим юрсанг, етасан”, “Обқоранинг шамоли турдими, ҳаво ёғади”, “Кунчиқар ёришибди” – ҳар бир сўзи юқумли-суйкумли, ҳар бир товуш ҳарфи қадрдон лўнда-йиғноқ жумлалар. Адабий тилда бу хил “эскирган” истилоҳларимизни кейингилари билан мувозий тарзда, масалан “тўманбет, яъни ғарбдан”, деб ишлатсак, шу тарзда тил бойликларимизни янада тиклаб бориш мумкин-ку.

Йўқ, замон талаби деб ёпишиб қолганмиз, “туппа” минг йиллик таомимиз бўлса-да, “лапша”да ой кўрганмиз, ҳар куни ўн марталаб “лапша”ни реклама қилаверамиз. Қизиқ, ўзимизда мавжуд истилоҳлар ўрнига ўрисчасини қўлламасак, отамиз уришадими!

ТВ-радио тили алоҳида мураккаб тил, у кенг оммага айтилади ва омма билан доимий мулоқотдалиги боис бу тил адабий тил билан сўзлашув тили ўрталиғидаги мартабада бўлади, ундаги нутқ ишлов ишлаб берилиб, тажрибадан ўтиб, туриш, ярим туриш, хатбошилардан тортиб ўқишда урғуларнинг жой-жойига қўйилишигача қоидалашган тил. У қанчалик равон, жонли тилга қанчалар яқин бўлса, унга ишлов берилганини тингловчи шунча сезмайди. Лекин эшитувчи сезмас экан деб сидирғасига, нафас ростланмай, суриб кетавериш инсофдан эмас. Атай шевада “воттилаш”, “маған-саған”, “буйтиб-шуйтиб”, “галди-гатти” қилиш (ТВ-радиода шевада гапирган одам атайлаб қилади, чунки у мактабда адабий тилда ўқиган, балодай билади ҳам), ўзидан бошқа шеваларга беписандлик, умуман элга беҳурматлик, калтабинликдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун ҳам экранда гапирган одамнинг ҳатто талаффузидаги шева ҳам эшитганнинг ғашига тегади. Ҳали бу мавзуга қайтамиз ҳам.

Бугунги кунда чет сўзлар ёзма адабиёт, матбуот, оммавий нашрлар, радио-ТВ, кўчанинг ёзув ва шиорлари, реклама матнлари орқали кириб келаётир. Бир-бир ярим аср бурун авом тили ҳар бири нисбатан иҳоталанган шевалардан иборат бўлиб, адабий тил асосан битма китобларда муҳрланган, истифодаси мактаб ва мадрасалар таъсирига боғлиқ кечган, бошқача айтсак, ахборот-коммуникация кўламининг торлиги адабий тил тараққийсига ҳам унча эрк бермаган. Тошбосма матбаанинг пайдо бўлиши газетачилик ривожига олиб келди ва натижада адабий тилнинг истифода кўлами ҳам кенгая бошлади. Газета-журнал, китобларнинг кўплаб чоп этилиши, кейинроқ радио, ундан сўнг телевидениенинг пайдо бўлиши адабий тилни умумтасарруф миқёсга олиб чиқди. Жумладан матбуот ва телевидение кенг халқ оммасини қамраб олди, ОАВ адабий тилда бўлиши лозим ва лобидлиги боис, бугунги кунда ўзи шу тил ўргатувчи мартабасига қўтарилди. Бурунда шоирлар олдинги битмалардан, бахшилар халқ орасида юриб адабий тилни (минг афсуски, эндига келиб шева бойликлари каби фольклор тилини ҳам адабий тилдан сал мундайроқ кўрамиз, унинг хазинасига маҳлиё бўлганимиз ҳолда, адабий тилдан жуда кам фойдаланамиз) ўрганган бўлса (бу гап ҳам ҳаводан нафас олган деганга ўхшайди), бугун эса ўргатувчиликнинг асосий юки ОАВ, хусусан радио ва ТВнинг зиммасига тушяпти.

Қизиқ бир ўрама ҳалқа ҳосил бўлади. Мана, луғат изоҳида ёзадилар: “Кам қўлланадиган, эскирган, диалектал ва фольклорга оид сўзларнинг ҳозири ўзбек адабий тилида мавжудлигини тасдиқлаш, уларнинг индивидуал қўлланишини кўрсатиш учун, зарур ўринларда, ўзбек бадиий адабиёти фольклор ва матбуотдан цитаталар келтирилган эскирган ва диалектал сўзлардан ўзбек совет ёзувчилари асарларида кўп учрайдиганлари кўчма маънода ишлатиладиганлари ёки мақол ва маталлар таркибида учрайдиганларигина олинган сўзлар ёнига тегишли пометалар қўйилган.” Бу изоҳнинг икки жиҳатига эътибор қилинг: “ўзбек бадиий адабиёти, фольклор ва матбуотдан цитаталар келтирилган эскирган ва диалектал сўзлардан ўзбек совет ёзувчилари асарарида кўп учрайдиганлар ё мақол ва маталлар таркибида учрайдиганларигина олинган сўзлар ёнига помета қўйилган” – яъни буларга аҳамиятсиз деган мамну тамғаси босилган: иккинчи жиҳати луғатда сўз шунақа тоифаланган бўлса, демак кўпи “эскирган”, “китобий”, “областной” сифатида сафдан чиқарилиб, тил бойликлари торайтирилган, оқибатда “бадиий асар — луғат – бадиий асар” тор ўрамаси юзага келган ва бу ўрама ҳозиргача очилай демайди. Шеваларимиздаги сўз бойлиги ҳар бири ўз элатининг кўчасида беэътибор қолган. Ҳолбуки адабий тил шева, диалект, лаҳжалардаги сўз заҳиралари ҳисобига тинмай бойиб, ривож топиб бориши керак. Ишлатилмай ётган заҳиранинг кўлами ниҳоятда кенг. Ҳатто адабий тилга асос қилиб олинган қарлуқ-чигил-уйғур шеваларининг (фонетика Тошкент, грамматикаси Фарғона шеваларидан) ўзидаги ранг-баранглик ҳам ҳали тўлиғича ўрганилмаган. Сиз Т.Нафасовнинг “Қашқадарё халқ сўзлари”, Б.Тўйчибоев ва Қ.Қашқирлининг “Зоминнинг тил қомуси” деган фидойи тадқиқотларини яна бир ўқинг, не-не сўз бойликларимиз қаерларда кўмилиб ётганига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Биз эса шевада воттилаб ё галди-гаттилаб, маҳалламизни дунёга олиб чиққандек ғўдаямиз. Асли бу миллатнинг бирбутунлигига қарши ишлаш, ҳа, ҳа, зараркунандалик эканига ақлимиз етмайди ё кибримиз дилимиз кўзини кўр қилган.

Яна мисоллар оламига қайтамиз.

Айни пайтда чет сўз, ибораларнинг ўринли-ўринсиз тарзда истеъмолга кириши, гап таркибида сунъий ифодаларнинг пайдо бўлиши чет тиллар таъсири ва коммуникация оқибати ўлароқ тилимизнинг бузилиш ҳолатларининг авом тилигача кириб бориши ҳам шулар туфайли. Мулоҳаза учун рекламадан бир мисол: “Узоқ ва қулай ҳаёт қечиринг!”. Бунақа масхараси ўзига эш жумлаларни ҳар куни ўнларча марта кўрамиз, эшитамиз, фикри балоғатга етмаган бола-ёшларнинг қулоғига қуямиз (биз сўз усталари). “Истаган жойимдан ўп!” – э бетингдан бузулгур, деб юборгинг келади! “Буни билишни хоҳлардим деб ўйлардим”, “Аксарият буғучалар шу ерда дунёга келишади”, “Бу ҳудудда жуда иродали жонзотлар яшашади”, “Улар (яъни пашша) бу ерларда кўлдан кўлга учиб ҳаёт кечирадилар”, “Оддий кўз билан ҳам бу бетакрор манзаранинг шоҳиди бўлиш мумкин”, “Бу заминнинг мусаффо осмонида Анди кондорлари парвоз қилишади”, “Гоби бўрилари қувлашади” (туяни), “…бўрилар фойдаланишади”, “…бўрилар бўғизлашади”, “Деворларга ишлов берилган сомон қатлами емирилиб тушган”, “Қалъа деворлари лойдан тикланган”… – бу қанақа тил ўзи? Шу жумлаларни ёзган, ўқиб бераётганларнинг ўзи бирон ерда ўқиганми экан?! Ғазабингиз келади, хунобингиз ошади, лекин бу жумлалар четнинг масаллиғидан ўзимиз пиширган ош – ўзимиз ичяпмиз.

Ғализ жумла, хато сўзни қанча кўп гапирсирсангиз, шунча кўникасиз, ғализ-хато экани билинмай қолади. Қулоқ ўргангани, кўникканимиз боис учун шуниси табиийдек туюлади, сиртдан ўзбекча, лекин бир разм солинг: биринчиси “Я хотел бы этого знать” иборасининг жуда беўхшов ўгирилиши; ундан кейинги жумлада ҳайвон кўпликда айтиляпти, “буғучалар” деб “оленёнки”дан шундоқ ағдариб қўя қолинган; шуни “Аксарият буғу шу ерда болалайди”, деса бўлмайдими? Ундан кейингисида яна шу: ҳайвон кўплик феълида ҳудди сизлангандек; “ирода” инсонга, ҳайвонга эса “чидамли” (яна бир иккита чиройли сўз бор, эсимга келмаяпти) нисбатан қўлланади. “Бу ерлардаги жонзотларинг жони қаттиқ” деса одамга сал тушунарли бўлармиди? Бўри(лар) қандай қилиб фойдаланишади? Бир нарсадан фойдаланиш учун ақл бўлиши керак-ку. Бўрилар қувлашиб ўйнашмаяпти, балки ўлжанинг изига тушган, уни қувлаяпти. Кейин, бўри туяни одамга ўхшаб пичоқ билан бўғизламайди, бўғизлаб кетади. Тўғрироғи, бўри туяга “тегинади” ёки уни “олади”.

Навбатдаги жумлани ўзимиз гапиргандек осонгина қилиб “Деворнинг сомон сувоғи кўчиб тушган”, охиргисини “Қалъа девори пахсадан (тикланган)”, десак бўлмас эканми? Рус тилида “пахса”нинг муқобили йўқ, уларда лой ҳам, унинг қуритилгани ҳам, тупроқ ҳам “глина” дейилади (“глинобытная стена» – “пахса девор»). “Оддий кўз” дегани нимаси, Анддан бошқа “Анди” тоғи ҳам борми? Кондорлар парвоз қилади, “қилишади” эмас! Пашшалар “ҳаёт кечирадилар”ми?

Бундай ўйлаб қарасанг, кўпинча муқобили бўлатуриб, баъзи ҳолларда эса иложсизликдан киритилган ёт сўзларнинг унча ҳам зарари йўқдек туюлади, лойдан тикланган, деса нима бўпти, одамлар тасвирда пахса эканини кўриб турибди-ку, “матрас” “тўшак”ка нисбатан тушунарли, ҳам аниқ, ҳамма нима деса, шуни қилайлик-да. Энди “барана” (“борона”)дан “сихмола”га қайтиб қанча барака топардик! Силовсин билан қорақулоқни кўрмаган бўлсак, фарқини билмасак, иккови ҳам йўқ бўлиб кетаётган бўлса, уларни “ёввойи мушук” деганимиз ўнғайроқ эмасми? (Бир фильмда русча “каракал” ўзбекчага “каракол” деб ўгирилган, оппа-сон, қулай — икки тилда ҳам бирдек тушунарли! “Қорақулоқ” деб қишлоқча чўзиб юрадими!) Олдинги луғатлардан бирида “двойник” — “ҳамафт”, “ҳамбет” деб таржима қилинган экан (“бетдош”, “афтдош” демабди ҳам яхши). Ўшанақа таржималардан русча атаманинг ўзи яхши эмасми? Мен шу баъзи луғатларни варақлаб талай атамалар таржимаси луғатчиларнинг ўз ижоди эмасмикан деган шубҳага бораман. Масалан, “Серна – тоғ кийик, қора эчки”. “Серна”нинг туби туркий эмасмикин, йўқ эса қора тилда “тоғ кийик”, демайдилар, кейин бу ўзи кийикми, эчкими, унинг аниқ бир атамаси бўлиши керак. Балки турдошлиги бордир, лекин бизда кийик билан эчки фарқланади.

Ўз тилимиз, шева сўз бойликларига эътиборсизлигимиз туфайли, масалан, оҳу, кийик, марал, буғуни фарқламаймиз. Сайғоқни бир “сайгак”, “кийик” деймиз, бир “оҳу”, унинг номини ҳам русчадан ўзбекчалаштирганмиз (русларнинг ўзи биздан олган шекилли), йўқ эса асл истилоҳлари бор: “бўка”,“оққуйруқ” (Америка қитъасидаги оққуйруқ билан аралаштирмаслик керак). “Кийик боласи” деймиз, “қуралай” эса фолклорда қолиб кетяпти ё кўчма маънода ишлатилади (“қўзлари қуралай”). Бир фильмда гну антилопаси “гну оҳуси” деб таржима қилинди. Гну – гавдаси қорамолдек, шохи ҳам буқа шохи менгзаш йирик ҳайвон, биз эса оҳуни нозик кийик сифатида тасаввур қиламиз. “Чиябўри ё шоқол боласи” дейилади, халқ эса “войвояк” дейди. Асл муқобилини билмайгандан кейин ҳар мақомга йўрғалашнинг нима кераги бор: “ҳайвонларнинг кўпайиш мавсуми” эмиш! Бу фасл луғавий маъносида ҳам кўпайиш мавсуми эмас, куйга келиш, куйикиш, илиқиш, қочиш палласи. Кўпайишнинг жониворларнинг турига қараб, “қўзилаш”, “қулунлаш”, “кучуклаш”, “болалаш” каби ўрнида қўлланадиган истилоҳлари мавжуд. Матбуот тилидаги беўхшов “қўзилатиш мавсуми”ни халқ соддагина қилиб “тўл” дейди-қўяди. “Ёмғирлар мавсуми” эмас, “ёмғир мавсуми”, аниқроғи “ёғин мавсуми”, яна ҳам аниқроғи “ёғингарчилик”, авом тилида бундан ҳам тўғрироқ – “ҳўлгарчилик”.

Муаммонинг яна бир жиҳати бор. Мен ҳужжатли фильмларни жуда ёқтираман, кўп кўраман. Турли мамлакатлардаги одамларнинг туриш-турмуши, ҳар хил юртларнинг табиати, ҳайвоноти, набототи ҳақида. Бу фильмлар чет элларда жуда катта меҳнат, ундан кам бўлмаган маблағ билан яратилади. Бир пингвинни суратга тушириш учун қаҳратон Антарктидада ойлаб қолиб кетадилар ва бу парранда ҳақидаги жилд-жилд тадқиқотлар устида кўз нурини тўкадилар. Наҳангни тасвирга тушириш ва уни гапириб бериш учун у билан, билмайман, ҳаётни гаровга қўйиб, қанча вақт бирга сузадилар. Наҳанг борасидаги жами адабиётни титкилаб чиқадилар, бошқалар яратган фильмларни кўриб оладилар. Э хуллас, бу фильмлар минг машаққат билан юзага келади ва шу машаққатлар самараси ўлароқ тасвирлари кўримли, мазмуни маълумотларга бой, таржимасига қараб тахмин қилсангиз, яратилган тили ҳам гўзал. Хорижий телеканалларда яратилган ҳужжатли фильмларни рус тилига қилинган таржималарда кўраман, уларда ҳар бир гиёҳ, ҳар бир ашё, ҳар бир жонзотнинг ўзига хосликларини айтибгина қолмай, номигача, маҳаллий аҳолининг ўзи нима дейди, рус тилидаги муқобили қандай, барчаси аниқ-таниқ. Лекин биз бунақа асарларни устидан суваб олашовур ағдараверамиз. Яйдоқ далами, демак, чўл, қумлими, демак, қум саҳроси, чўлми, унда чўл – вассалом! Атамаларнинг ҳар хиллиги, ифода ранг-баранглиги, сўз бойликлари нима керак, одамлар тушунса бўлди-да! Тоққа хос сўзларни билиб, нима, тоғчи бўлармидик! “Маҳобатли”, “осмонўпар” деб қўшиб қўйсак етмайдими!. Биттаси “жонсиз чўққилар” деб ўқияпти, ҳеч бўлмаса, ўрисчасини яхшилаб уққан бўлса экан: “безжизненные скалы»ни шундай ўгириб, чўққини ўлдига чиқарибди. “Бўзқоя”, “бўсқиё”ни билмасангиз, жилла қурса “яланғоч қоялар” деб ўгиринг, барака топгур!

Халқнинг ўзи қўйган атамалари аниқ-таниқ, содда ва ихчам бўлади.

Масалан, тоғнинг баданд чўққисини “осмонўпар қоялар”, “кўкка бўй чўзган” деб бўяб-бежаб чўзмайди, “нурама” деб қўя қолади (“нурама” қорли ё яйдоқ чўққининг нур қайтаришидан олинган бўлса ҳам бордир, яна билмадим). Чўққи учи – нураманинг шакл-шамойили, ўрнига қараб “қироқ”, “хорра, “ҳуччи”, “сала”… каби бир нечта муқобили борки, ҳар бири муайян ўшанақа чўққи ё қоя учини билдиради. Халқ “тоғнинг қиялик жойи” демайди, балки “эниш” дейди, энишнинг майда тош қопланганини лўнда қилиб “чағил” дейди (“Чағил қизима ер бўлади” – бу лўнда ибора маъносини бериш учун қанча ортиқча сўз ишлатамиз биз). “Тоғ бағридаги ингичка йўл” битта атама билан “чизиқ” деб айтилади.

Нима бу: нуқул “тоғ”, “қоя” (ё чўққи”), “дара”, тоққа тегишли бошқа атамалар йўқми, деб эринмай луғат варақладим, қаранг, қанча атама-номларга дуч келдим: “қироқ”, (қоянинг усти, “Ой туғади қироқдан”), “ҳуччи” (қоя учи), “ширам” (узунасига чўзилган қоя), “сала” (чўққининг уч қисми), “қасноқ” (дараларининг айлана нуқтаси), “қат” (қир, чўққининг баланд учи, унда фақат архар юради), “қатал” (ёлғизоёқ йўли бўлган эниш), “чуқун” (тоғли ҳудудлардаги табиий чуқурлик, яшин уриб чуқур бўлган жой), “чағил” (майда тошли қия ёнбағир), “чунгул” (дара ичида юриш қийин, чуқур-чоп жой), “қасаға” (қуйидан юқорига кетган қат-қат ясси тош уюми), “қиррак”, “қисилчанг”, “қоязов”, “чағал”, “чағат”, “чийир”, “чинг”, “чалтов”, “таранг”… етар, а?

Чўққи тоғнинг энг баланд нуқтаси, у бир тоғда битта ё бир нечтагина бўлади, қоя эса ўнлаб, минглаб ҳам бўлиши мумкин. Рус тилида “вершина” билан “скала”ни фарқлайдилар, таржимонларимиз эса аралаш қўллайверадилар. Худди шундай “скалыстие горы”ни “қояли тоғлар” деб ўгираверадилар, ҳолбуки тасвирда кўриниб тургани фақат битта тоғ, уни “қояли” деб айтиш ортиқча. Ясси тоғнинг эса ўзбек тилида ўз атамаси бор. Албатта, бу атамаларни, табиийки, билмаймиз, чунки тоғда яшамаймиз, ҳар куни тоққа чиқмаймиз. Шу боисдан тоғда ўсадиган “умрзоқгул”, “эрбаҳоси”, “эчкимчак”, “шатраж”, “қораяпроқ”, “қарғатирноқ”, “қизилпойча”. “айиққулоқ”, “шаппа”, “белдирғон”, “бирсепар”, “бирчаноқ”, “абрик”, “далачой”, “каравуш”, “бўймодарон”, “дармана”, “дасторбош”, “гулдавғач”, “дўғбўйин”, “қилқанот”, “чиранак”. “тошбақатол”, “жанжабил” (“занжабил”), “игир” каби ўнлаб гиёҳларнинг (аксарияти доривор) номидан ҳам бехабармиз (мен ҳам бу атамаларни Т.Нафасов, Б,Тўйчибоев, Қ.Қашқирлининг китобларидан тергилаб олдим ва ҳеч бўлмаса бир ёдга олиб қўяйлик деб, завқ билан санаяпман)… Албатта тоғчи одам ё мутахассис бўлмаса, бунақа атамаларни эслаб юриш мушкул, шарт ҳам эмас. Лекин шу гиёҳу ўту ўланлар ўз тоғларимизда ўсиб ётибди. Тоғ ва унинг наботот дунёси ҳақида фильм бўладими, мақолами, китобми таржима қиладиган тилмоч буларни билиши, жилла қурса, луғатлардан излаши керак. Луғат тузувчилар ҳам муқобилларни ўзидан урчитмай, эски луғатларга суяниши, шева бойликларидан изланишлари лозим.

Мана, масалан, энди кераксиздек бир мисолни олайлик. Шевада уйурбов – уюрбоғ истилоҳи бор, бунинг изоҳини қаранг: “қора уй тувурлиғининг бошига тикилган тасма”. Энди бунда “тувурлиқ”ни билмаймиз. Унинг ҳам изоҳи бор экан: “Қора уй эрганаги билан тувур боғланган қисмидан кераганинг чий ёйиладиган қисмигача ёпиладиган тўрт бўлак кигиз”. Энди “эрганак” – “қора уй, мол қўра, қўтонларнинг эшиги”. Хўп, “чий”, “қора уй”, “мол қўра” тусмол биламиз. Қаранг-да, қанақа истилоҳларни билмаймиз, ишлатмаймиз: “қошғари”, “қушоёқ”, “ғилдиравик”, “қўшқанот”, “қайчиқулоқ”, “тўякўз”, “тўдагул”, “барчин”, “қиягул”, “турум”, “тупак”, “туйнукёпқич”, “туйнукбов”, “қўйкувшурма”, “тувуқ”, “тўнкарма”, “увуқ”, “увуқбов”, “чанғароқ”, “узук”, “узукбов”, “уйқозиқ”, “уйарқон”, “уйбоғиш”… Ўтов, қора уйга, унинг узвларига тегишли мазкур атамаларни яна ўша Т.Нафасов, Б.Тўйчибоев, Қ.Қашқирлининг тадқиқотларидан олдим. Шу бойликлар энди гўё кераксиз, оғзакида қолиб кетган эскилик!

Бунақа атама, истилоҳлар адабий тилга ҳам кирмаган, уларни ёзишга биз қалам аҳли инжиламиз, кўпимиз билмаймиз ҳам, билиш шарт эмас деб қараймиз, лекин туби биз билан бир туркий тилли қўшниларимиз қора уйнинг ҳар ашёсигача номма-ном биладилар, уни эҳтиром қиладилар, давлат рамзларига киритганлар. Биз нимага ўтмишимизни эсдан чиқаришимиз керак? Тил ўтмишидан юз буриш – ўзлигидан юз буриш, сўз бойликларини суррогат атамаларга алмаштириш – бу тафаккурни суррогат қолипга солиб, адабий тилни муайян тушовга солиб қўйишдир. Минг йил илгариги “Девону луғатит турк”дан бу ёғига тараққийда бўлган тилимизни бугун нима аҳволга солаётганимиз ўзини ўзбек деб ўйлайдиган, ўзини фиқр қилгувчи ҳисоблайдиган ҳар бир фуқаронинг ўз танига ақллашадиган муаммоси ва шунга бепарволиги учун виждони, орияти олдида, қолаверса, давлат тили ҳақидаги Қонун олдида жавоб берадиган масаладир. Зеро давлат қанақадир бир умумий макон эмас, у – ўзимиз, ҳар биримиз.

Ҳали бу гапларимиз ҳаммаси эмас.

2013 й.

Шу мавзудаги мақолалар:
Buzuq til havosi. Birinchi maqola.
Tilda machchoyi sayil. Ikkinchi maqola

Manba: Ahmad A’zam blogi.

(Tashriflar: umumiy 124, bugungi 1)

Izoh qoldiring