Ahmad A’zam. Ro’yo yoxud G’ulistonga safar. Romanning boshlanishi.

033
Ўзи одатда, асарларга сўзбошилар, шундай аталишига қарамай, асар якунига етгач, уни аввал ёзувчининг ёру дўстлари кўриб бериб, сўнгра каттароқ, масалан, рўмон бўлса, Ёзувчилар уюшмасида муҳокама этилиб, кичикроғи, дейлик, қисса, нашриётда ўқилиб, босишга лойиқ топилгандан сўнг, у-бу изоҳ, тушунтириш лозим топилса, кейин ёзилар эди. Мен эса мазкур сўзбошини энди ёзишга чоғланган йўл хотираларимга бошлама қиляпман. Ёзмоқчи бўлаётганларимнинг яхлит бир сюжети йўқлигини ҳам айтиб қўяй, чунончи сизга таништирадиганим ғулийлар ҳам тўқима бадиий образлар эмас, балки, танқидчилар ибораси билан айтганда, образга прототип, яъни жонли одамлар.

011

Аҳмад Аъзам
РЎЁ ЁХУД ҒУЛИСТОНГА САФАР
021
Романнинг бошланиши

“Юсуф алайҳиссалом қиссаси”

Бошлама

   Бу савдога учраганимга кўп бўлди. Ўн беш йиллар, эҳтимол ундан ҳам кўпдир. Шунча вақтдан бери тинчим йўқ, на унутиб, эсимдан чиқариб, хотиржам яшадим, на кўрган-билганларим асосида у-бу нарса ёзиб, чиқардим. Ёзишни-ку ўша пайти, яъни бориб келган вақтларимдаёқ бошлаган эдим, лекин бунақа гапларга ишонадиган одам топилармикан, айтишга айтиб, кейин ҳаммага кулги бўлиб юрмасам эди деган истиҳола билан тўхтатганман. Кейинлар ҳам кўп уринганман, туркум ҳикоялар қилмоқчи бўлдим, рўмон ёзишга чоғландим, тажрибам йўқ, қўлим келмади. Кейин вақт ўтиб, ўз кўзим билан кўрганларимга ўзим ҳам унча ишонмай қолдим, йўқ… Йўқ, нотўғри гапирдим, кўрганларимга ўзим шубҳалансам бўлмас, туб-тубигача тушуниб етганим йўқ, десам тўғрироқ. Лекин энди айтиб бермай ҳам иложим қолмади. Шу сатрларни ўқиётган битта сизга эмас, ҳаммага, бутун инсониятга етказишим керак. Ҳа, бу – бир киши ўзида сақлайдиган сирий гап эмас! Олтмишга етдим, бошқатдан йигит бўлиб қолмайман, қирқ бешимда ёза олмаган рўмонга энди ҳам кучим етмаса керак, бу ёғи соғлиқ ҳам ҳаминқадар. Шунинг учун ҳам қанақа асар бўлиб чиқишидан қатъи назар, қисса дейманми, рўмонми ё кузатувларми, балки сафар таассуротларидир, ўқиб чиқсангиз, ундаги воқеалардан воқиф бўлсангиз кифоя. Уларга ишониш-ишонмаслигингиз ҳам иккинчи даражали масала. Энг муҳими – шундай бир мамлакатнинг борлиги ва менинг ўша ёққа бориб келганим.

Ҳа, дарвоқе, бир дўстим шу ҳақда рўмон ёзган, кўп нусхада чиққан, ўқигансиз, лекин уни энди ўқиманг, сабабини ҳали кўп айтаман, гап ҳам кўп.
Ўзи одатда, асарларга сўзбошилар, шундай аталишига қарамай, асар якунига етгач, уни аввал ёзувчининг ёру дўстлари кўриб бериб, сўнгра каттароқ, масалан, рўмон бўлса, Ёзувчилар уюшмасида муҳокама этилиб, кичикроғи, дейлик, қисса, нашриётда ўқилиб, босишга лойиқ топилгандан сўнг, у-бу изоҳ, тушунтириш лозим топилса, кейин ёзилар эди. Мен эса мазкур сўзбошини энди ёзишга чоғланган йўл хотираларимга бошлама қиляпман. Ёзмоқчи бўлаётганларимнинг яхлит бир сюжети йўқлигини ҳам айтиб қўяй, чунончи сизга таништирадиганим ғулийлар ҳам тўқима бадиий образлар эмас, балки, танқидчилар ибораси билан айтганда, образга прототип, яъни жонли одамлар. Мен бир воқеа ёки ишқий саргузашт тўқиб, уларни бош ёки иккинчи даражали қаҳрамонлар сифатида ҳаракатлантира олмайман. Чунки маълум тоифа одамлардан бадиий образ яратиш, уларнинг бошидан кечган воқеаларни қаламга олиш учун, аввало уларнинг ўзини, яшаётган ҳаёт муҳитини ҳам билиш керак, мен эса бир кўрдим, булар қанақа одамлар, туриш-турмушлари нега бунақа, деб эсим оғиб юрганимда, худога шукр, яна ўзимизга қайтиб қолдим, демоқчиманки, кўрганларимнинг тубигача етишга улгурмадим. Шунинг учун қандай кўрган бўлсам, шундайича гапириб, яъни ёзиб беришга мажбурман. Шубҳасиз, уларнинг ҳаётида ҳам бадиий асар қилишга арзигулик турли воқеа-ҳодисалар, ибратли ишқий савдою саргузаштлар кўп бўлса керак, талайини эшитдим ҳам, аммо айтганларига асосланиб, кўрганларимга таяниб, рўмонни-ку қўяверинг, бирон ҳикоя ё қисса яратиш қўлимдан келмайди. Балки ўрнимда устоз адибларимиз бўлса, бир марта кўрганларининг ўзиданоқ катта асарлар чиқарардилар, чунки уларнинг тажрибалари катта, хаёлотлари бой, хоҳлаган воқеа ё саргузаштдан хоҳлаган жанрда асар чиқариб беришлари мумкин. Ёзувчи дўстим ҳам тўқишга жуда уста. Менда бунақа тажриба йўқ, ғулийлар ҳаётини ўрганиш, тушуниб тадқиқ этиш учун эса ёзувчилик малакасидан бошқа ҳам кўп фазилатлар зарур эди: ўзида идеолог, файласуф, иқтисодчи, социолог, этнолог, археолог, психолог, геолог, манбашунос, гидролог, маъданшунос, математик, хуллас, ҳаётда қайси мутахассислик учраса, ҳаммасини мужассам қилган, шунда ҳам жами таҳсилини бу ёқда эмас, у ёқда, яъни Fулистонда олган, яна бу ихтисосларнинг ҳаммаси битта одамда бўлиши керак. Чунки у ёққа шунча мутахассисни тўплаб, бирга юборишнинг сира иложи йўқ, ҳатто бир кишининг бориши ҳам маҳол муаммо. Шу бугунги кунгача Fулистонга битта мен бориб-қайтганман, олдин ўзимиздаги бошқа мамлакатлардан бирон сайёҳнинг йўли тушганми, йўқми, бу ҳам номаълум, боргани бўлса-да, қайтмагани аниқ, ўша ерда қолиб, ғулийлашиб кетган бўлса эҳтимол, чунки уларда бунақа маълумотлар мутлоқ ошкор этилмайди. Алалхусус, ғулийларни бу дунёмизга ошкор этиш битта менинг чекимга тушиб турибди. Шундан келиб чиқиб айтяпманки, у ёққа борадиган одам дунёдаги ҳамма мутахассисликни эгаллаган бўлиши шарт. Айниқса, жуғрофиюн — географлик касбини. Мана, мен бориб, бутун бошли мамлакат, бутун бошли бир халқнинг ҳаётини ўз кўзим билан кўрдим, ғулийларнинг орасида яшадим, шаҳару қишлоқ, боғу роғ, далаю чўлларининг ҳаммасини кезмаган бўлсам-да, оралаб ўтдим, тупроғига қадам босдим, ҳавосидан нафас олдим, кундузи осмону булутларини, кечалари ою юлдуз ғужжаларини томоша қилдим, лекин келганимдан сўнг ўзимизнинг хариталардан у мамлакатнинг жуғрофий ўрнини тополмадим, дунёнинг энг майда аҳоли мавзеларигача белгиланган атласларидан ахтардим, уларда бунақа мамлакат йўқ! Катта хариталарнинг кичик нуқталарини катталаштирувчи заррабин ойналар билан текшириб чиқдим. Тупканинг тагидаги Яшил бурун ороллари деган мамлакатчанинг оролчаларигача бор, лекин Fулистон хариталарга тушмаган. Ўзимиздаги жуғрофия билимдонларига буни айтган эдим, менга маъноли қараб қўйдилар, холос. Йўқ, биродарлар, менинг ақлим жойида, уларнинг бунақа қараб қўйишларида нима борлигини ҳам тушунаман, ўзлари билмаган нарсани сўрагандан кейин хаёлларига ҳар нарса келиши табиий. Қанча кутубхоналарда ўтирдим, қомусларни варақладим, талай илмий китобларни титкиладим, бадиий асарларни ўқидим — ғулийларнинг ҳаётига тегишли бирон ишора топилармикан деб, тополмадим. Наҳотки дунёда бутун бошли бир халқ яшаса, унинг бутун бошли ҳаёти, мамлакати, тарихи, илм-фани, маданияти, урф-одатлари, эътиқоди, хуллас, жами нарсаси бут бўлса-да, бошқа халқ ёки давлатлар унинг борлигидан мутлақо бехабар юрса, деб кўп ўйладим. Йўқ, ғулийлар билан борди-келди алоқалар ўрнатилишининг иложи топилмас, лекин уларнинг бу жаҳон саҳнида борлигини бизнинг бутун дунёмиз билиши лозим, юртларига бориб қолганимда кўрганларимни ёзишим керак, деб аҳд қилдим.

Энди, албатта, катта ёзувчи эмас-у, ул-бул нарсалар ёзган одам сифатида айрим саҳифаларда, хусусан ўз аҳвол-руҳиям, таассуротларимни ёзаётганимда тилим ёзувчиликка кетиб қолиши мумкин. У ёқда энг панд бергани ҳам шу ёзувчилик бўлди. Асли бу кори хайр кейинги йиллари тирикчиликка тиргак бўлолмай қолган эди, Fулистонда у мутлоқ тескари иш берди. Ёзувчи — ўз мамлакатида, ўзи биладиган одамлар ва, энг асосийси, ўзи билган ҳаёт ичида ёзувчи, унинг хаёл-тасаввурга бойлиги ўз юртида иш беради, яъни у асарларига материални шу ҳаётнинг ўзидан олади, ҳатто хаёлий асарлар яратса ҳам, хаёли шу ҳаётга таянади. Лекин мен кўрган Fулистон шундай мамлакат эдики, унинг ўзи хаёл, у ерда ёзувчи одамнинг оғзини очиб томоша қилишдан бошқа ҳеч иш қўлидан келмайди. Кўрганларининг ҳам ҳаммаси савол! Шунга айтяпман-да, ёзувчилик сал ҳавойироқ деб, агар ўрнимда ҳамма саволларга жавобни биладиган бир қомусий олим — жомиул-улум бўлганда, Fулистон ва ғулийлар ҳаёти ҳақида чуқур бир тадқиқот, яъни катта бир китоб яратиб, биздаги одамларни шундай бир унут мамлакат, шунақа унут бир халқ борлигидан воқиф этар эди. Каминада бунақа ноёб иқтидор йўқ, ундан-бундан чўқилаб ўқиган одамман, холос. Ҳозир жомиул улумларнинг ҳам вақти ўтган, битта олим минг доно, минг билимдон бўлмасин, бутун бир мамлакат, бутун бошли бир халқ ҳақида нимани ҳам айта олади?

Начора, бор – борича, йўқ — ҳолича, кўрганим кўп, билганим оз бўлса-да, бир бошдан, баҳоли қудрат айтаверишга тўғри келади. ёзадиганларим сизга ғалатироқ туюлса ё кузатишларим саёз чиқса – мен тан, бергани ҳам, бўлганимиз ҳам шу.

Ёзадиганларим, ҳозир шу узрни сўраётганимда сезиб турибман, парокандароқ, боғланишлари сустроқ чиқар, Fулистон ҳақида сизга яхлит, бирбутун тасаввур беролмас, аммо бу мамлакатга биздан, такрор айтаман, мендан бошқа бирон инсон борган эмас, биз биладиган мамлакатлардан ҳам бирон сайёҳнинг қадами тегмаган, мен ҳам у ерда кўп турмадим, аниқроғи, қанча яшаганим ноаниқ, шу боис таассуротларимдан ўзимнинг ҳам кўнглим тўлмаса-да, уларни сизга тортиқ қилишни бурч деб биламан. Тортиқ ҳам эмас, яшириб юришга ҳаққим ҳам йўқдек туюлади: хотираларимни эълон этишим сизга қизиқ бўлса, ғулийлар ҳам шунга жуда муҳтождек. Ўқисангиз, қандай аҳволга тушганим ва нимага бунақа ғалатироқ ёзишимнинг сабабларини ўзингиз ҳам англайсиз деган умиддаман. Ҳа, кейин «Fулистон» атамасини қулоғимиз ўрганиб қолган «Гулистон» билан зинҳор адаштирмасангиз, сабаби — булар маъноси бир-биридан жуда йироқ сўзлар, ўқиш давомида буни ҳам билиб борасиз, албатта.

Мен ёзадиган Fулистоннинг ёзувчи дўстим ёзган уйдирма мамлакатга ҳеч бир алоқаси йўқ, унинг тилингизга тушган рўмонидаги мен ҳам мен эмасман; қизиқ нарса, лекин у ёқдаги ҳаёт ҳақида мендан эшитганларини ўз билганича бу ёқдаги ҳаётга мослаб тўқиган, оқибатда нотўғри нарса чиққан. Ўзим ёзган бу асар муайян маънода ёзувчи дўстимнинг яхши ниятда, аммо мени мутлақо бошқача қилиб кўрсатган рўмонига тўғридан-тўғри раддия ҳам. Нима сабабдан дўстимнинг яхшилигига оқибат кўрсатмаяпман, буни ҳам йўл-йўлакай айтиб ўтаман. Ёзганларим, такрор узр сўрайман, мукаммал эмас, лекин уларни мукаммал қиламан дегунча, умр ўтиб кетиши мумкин.

Кетдик, бўлмаса.

Муаллиф

077

КИРИШ



Кечқурунлари безовталанаман. Калламда шовқин туради. Айниқса, эл ухлаб, ҳаммаёқ тинчигандан кейин кучаяди. Ётолмайман, босиқ ғовур, аллақандай шивир-шивир, узуқ-юлуқ сурнай куйи, жуда олисда қизиган бир бозорнинг ғала-ғовури келади. Шу ерда ётганим кўйи яна аллақандай издиҳомга аралашиб юргандек бўламан. Кундузги шовқин худди тошқин сувдек калламга кириб, ўтиб кетаётганда унинг ҳар жой-ҳар жойдаги чуқурчоқларида қолиб кетгану энди шу лойқа кўлмаклар шилпиллаётганга ўхшайди. Кечалари кундуз давом этаётгандек…

Ухлаб, ухладимми, уйғоқманми, билмайман: баъзан одамлар шундоқ ёнимда гаплашади, атайлаб, мен ётганимни билиб, шундоқ тепамда шанғиллаб туради. Fовур-ғувур, ғўнғир-ғўнғирнинг ичида, бошим итирқин, алла-паллага бориб ниҳоят уйқуга кетаман. Кундузи ланж, гарангсиб уйғонаман, юрагим ўйнаб туради, лекин қулоғимдаги шовқин йўқолади. Эрталабки офтобдан қийналаман, кўзим ачишиб ёшланади, ичим дирдираб юраман. Чошгоҳларга бориб, аччиқ чой дамлайман, бостириб-бостириб ичаман, чанқовим босилиб, бошим терлайди, сочим жиқ-жиқ ҳўлланади, ҳаётга қайтиб одам бўлгандек бўламан, дунё билан одам қатори тиллашаман. Ҳангомалашишни яхши кўраман, тўймай қолишдан қўрқиб кўп гапириб юбораман. Ҳаяжон билан, худди ҳамсуҳбатларим эшитмай кетиб қоладигандек, илҳомланиб гурунг бераман. Асрларга бориб бошим енгил айланаётганини туяман. Тамакидан дейман, рост, қанча чексам, шунча ёқмай қолади, аммо шу бемаза аҳволдан қутулиш учун баттар чекаман. Бирдан толиқаман, юришга ҳам, ётишга ҳам бўлмай қоламан. Китоб ўқий олмайман, телевизорга қараб юрагим сиқилади, қулоғини шарақ-шуруқ бураб каналларини алмаштираман. Ётишдан юрагим безиллайди – бошланади: яна босиқ ғовур, ғўнғиллаш, кимлардир паст товушда тинмай шанғиллайверади, одамзоднинг майда гапи сира тугамас экан, деб эзилиб ётаман.

Тушларим ҳам жуда ғалати: кундузи нимани кўрсам, ким билан гаплашсам, нимани тортишган бўлсам, ҳаммаси тўппа-тўғри тушимга ўтиб кетади, яна бунинг туш эканини билиб ётаман, билиб турсам-да, тушимда яйраб юролмайман, кундузи гапимни ўтказолмаганлар билан яна айтишаман, бўғиламан, асабим бузилгандан кейин тушим секин ғувиллаб айнийди: хотиним, болаларим борлигини билиб ётган ҳолимда ҳали уйланмай юрган йилларимга ўтиб қоламан, машинамга ўтираман, лекин ҳайдай олмай, қандай юрғизиш керак, деб қийналаман, машинанинг ўзи юриб кетади, мен уни бошқаролмайман, чунки оёғим қимирламайди, тепинаман-да, илкис уйғонаман, чунки оёғимга кўрпа ўралиб қолган бўлади. Баъзан қийналиб кетсам, тушимдаёқ уйғониб оламан, давомини кўриш азобини ўзим тўхтатаман. Йўқ, тушим тўхтамайди, лекин ана шу тушимда «Ҳа! Ҳа! Қани, очдик!», деб бир силкиниб кўзимни мажбурлаб очаман.

Бир тушни тез-тез кўраман: ўн беш йилча олдин Жарариқда бир кампирнинг ҳовлисида турганман. Бу ҳовли қизининг уйига девор-дармиён, кампир қизиникида турар, ўзининг ҳовлисига, яъни биз турган жойга камдан-кам ўтар, ижара пулини ҳам қизиникидан чақириб олиб, берар эдик. Ким билади, кампирнинг пулга зорлиги йўқ, шунчаки ҳовли ҳувилламасин, чироғи ёниб турсин дер эдими, лекин бир қиз невараси бор эди, мени шунақа ёмон кўрардики, қўнғироқни босиб, тақиллатиб, бир амаллаб дарвозани очдирганимдан кейин бошини чиқариб нима гаплигини сўраш ўрнига «Ҳа-а!» деб шунақа бақириб бир берарди, худди мен кампирни ўлдиргани келганману бу мегажиннинг паҳлавони мени фош қилиб қўйгандек, юрагим ёрилиб кетай дерди. Кампирнинг неварасини кейин ҳам унда-бунда кўриб қолсам, мазам қочарди, ўша қўрқув ҳали-ҳануз юрагимдан чиқмаган, бўлмаса, ёши мендан кичкина, ушоққина қиз эди, албатта, тешик кулча ерда ётмас, турмушга чиқиб, бир рўзғорни тебратиб юргандир, лекин эри шўрликка қандай экан, деб сесканиб кетаман.

Ана шу ҳовли ҳадеб тушимга киради. Яъни, бошқа жойга кўчганимда неча ойликдир ижара пулини бермаган бўламан-да, шуни тушимда ич-ичимдан эзилиб ўйлайвераман, ўйлайвераман, кампирни ахтариб боришни ният қиламан, лекин орадан шунча йиллар ўтган, Жарариқ бузилиб, у ҳовлининг ўрнига ҳам кўпқаватли уй тушган, кампир қизи билан кўчиб кетган, қизининг уйини топсам, кампирнинг ўзи борми ё ўтганми, эшигини тақиллатсам, яна ҳалиги невара чиқиб бақиради деган хавотир, хуллас, у ёқдан ўйлаганда ҳам, бу ёқдан ўйлаганда ҳам, чораси-ечими йўқ эзгин бир хаёлда ётавераман. Қизиқ лекин, ижара пулини баъзан ўз вақтида бермагандирман, лекин бирон марта еб кетганим йўқ, охирги марта, кўчиш олдидан, кампир билан ҳисоб-китоб қилиб, дуосини олганман, ҳалиги мени ёмон кўрадиган неварасига бирон ёмонлик қилмаганман, ёмон ҳам гапирмаганман, у билан умуман ишим йўқ эди, билмадим, нега шунча йил ўтибдики, худди кампирга ижара пулини тўламай қочиб кетгандек туш кўраман – ҳайронман; гоҳида уйғониб ўйлайман, балки бўш ҳовлига, икки хонали,

(Tashriflar: umumiy 339, bugungi 1)

Izoh qoldiring