Ahmad A’zam. Ro’yo yoxud G’ulistonga safar. Romanning boshlanishi.

жавоб беролмайди, деб баҳолашга асос беради», деб ёзибдилар. Тақриздан анграйиб қолдим: устоз танқидчи пъесадан кўра ўзимнинг чангимни қоқишга бел боғлаган кўринади. Кейин, бу воқеани тўқиганим йўқ, асли ростдан шундай эди, воқеанинг ўзи шунақа арзимас, одамлар шунақа бачкана, институтдаги ҳаётнинг ўзи тутуриқсиз бўлса, менда нима айб; мен шу кичкина ҳодисадан катта гап, майда ўғирликдан катта ўғирликлар ҳақида хулоса чиқаришга томошабиннинг ўзини ундамоқчи эдим деб, раддия ёзай дедим-у, фойдаси йўқ, биринчидан, танқидчи устоз одам, унинг юзига оёқ қўйиш одобдан эмас, иккинчидан, бу кишининг ҳукмномасидан кейин, минг тортишма, биронта театр пьесани олмайди, учинчидан, пьесани юрагимдан чиқариб эмас, балки театрга қўйилса, оладиган пулимга қизиқиб ёзган эдим. Лекин шундан бери кўрган-билган воқеаларимнинг замиридан катта ижтимоий мазмун ва улкан ижобий ибратлар чиқмаса, уларни ҳикоя ё қиссага айлантиришни ўйлаб кўрадиган бўлдим. Тўғрироғи, ҳали ҳам ўйлаб кўряпман, ёзмаяпман. Тумонат кўп, жуда ажойиб, баъзан ғаройиб воқеаларга дуч келаман, азбаройи ижтимоий мазмунсизлиги, замиридан катта хулосалар чиқмагани учун, ёзмайман, дўстларимга оғзаки айтиб бераман. Ҳаммаси эшитган, баъзиларини қайта-қайта тинглаган, лекин думоқ чоғ, кайфият баланд пайтлари: «Ҳалиги, бор-ку, ўшани айтиб беринг», деб илтимос қиладилар. Айрим оғзаки ҳикояларимни бошлашдан олдин: «Олдин айтиб бермаганманми? Айтган бўлсам, айтинглар, айтмайин», деб сўраб оламан. «Айтгансиз. Лекин айтаверинг, айтаверинг», деб қистайдилар, айтаман, улар худди биринчи марта эшитаётгандек берилиб тинглайдилар, ҳатто адаштирган жойларимни тўғрилаб ҳам қўядилар. Гоҳида эса баъзилари: «Йўқ, сиз яхшилаб айтолмаяпсиз, олдин айтганингиз бошқача эди, мана, ўзим ўшандай қилиб айтиб бераман», деб ҳикоямни оғзимдан олиб қўядилар. Шу ҳикояларим билан ҳангома қизийди. Ҳикояларим ҳар хил, ҳаммаси ҳаётдан олинган, лекин ҳаммасини ҳам ёзиб бўлмайди, чунки ўша пайтдаги талаблар даражасида катта ижтимоий мазмун йўқ, социал буюртмага тўғри келмайди. Лекин, қизиқ, тушунмайман — мазмуни саёзроқ, воқеаси ҳам анчайин, чуқурроқ хулосаси бўлмаса ҳам, одамлар маза қилиб эшитади. Ўзим ҳам айтишни яхши кўраман. Ё ўзим саёзроқманми, деб ўйлаб ҳам қоламан баъзан.

Кейин ўзи бир хил воқеалар бўладики, уларни фақат айтиб бериш мумкин, ёзишга ярамайди. Мана, биттаси. Бир куни Отчопар бозоридан чиқиб келаётсам, кўкрагига қора кучукчани босиб олган бир ўрис кампир олдимни тўсиб: «Эй, тўхтанг, яхши одамга ўхшайсиз, юзингиз шундоқ очиқ экан», деди. Ҳозир тиланади, деб ўйладим. Бозорнинг ичидагилари ҳам безор қилиб юборди ўзи. Кампирнинг кийимлари сал абгорроқ эди. Кучугини менга чўзиб: «Шуни олинг!», деб илтижо қилди. Ўзимни тортиб: «Э, йўқ, кучукни бошимга ураманми?», дедим. Кампир ичади, шу кучукни яримтанинг пулига сотмоқчи, деб ўйладим яна. «Майли, пули керак эмас, шундай олинг. Юзингиздан кўриниб турибди: сиз ҳайвонга озор берадиганлардан эмассиз. Яхши қўлга тушсин деяпман-да», деб кампир мени яна мақтади. Уста кампир экан, одамни шундай деб эритади-да дедим, лекин, бари бир, гапи ёқди, бозордан оёғимда оёқ йўқ, ҳориб-толиб чиқяпман, таъсир қилди. «Раҳмат! – дедим. — Раҳмат, лекин уйда кучукка қарайдиган одам йўқ. Ўғлим ҳам, қизим ҳам лицейда ўқийди, фақат шанба-якшанба куни келадилар». Кампир ҳайрон бўлди: «Ўзингиз қаранг. Ахир, бу жуда яхши кучук, бир яхши одамга бераман деган ниятда турган эдим, сизни узоқдан кўрдиму шу одамга бераман, дедим», деди. Кучукнинг кўзлари мўлтиллайди, ҳайвон тилида мени олиб кетинг, деб кампирга қўшилиб ялинаётгандек. Ноқулай аҳволда қолдим, бир томондан, кампирнинг гапларидан кетолмай турибман, у билан гаплашгим келяпти, бир томондан, одамлар қараб ўтяпти, кучук қучоқлаган кампир билан нимани гаплашяпти бу одам, деб айтмайдиларми… Олсам ҳам бўларди-ю, лекин қандай олиб кетаман, ўғри тегмасин деб, машинасиз келганман, кийимим ҳам кучук кўтарадиган эмас. Лекин энди кампирни ҳам хафа қилгим келмаяпти. Кучук ҳам чиройли, тим қора, кўзлари ҳам тўсдек, териси товланади, гавдаси узун, тумшуғи ҳам чўзинчоқ, ҳовлида ўйнаб юради-да, машинамни миниб келсам, олиб кетардим, деб ҳам ўйладим. Шуни кампирга тушунтиришга уриндим. «Бундай қиламиз, шу кучукни уйингизга бориб оламан, албатта бораман», дедим. Бу кампир кучугини ҳозир менга ўтказмагунича қўймайди, деб ўйлаган эдим, йўқ, у бирдан кўнди: «Яхши, — деди хурсанд бўлиб. – биламан, бир сўзлик одамсиз, албатта борасиз. Мен Чилонзорнинг ўн еттинчи мавзеида тураман. Шундоқ болалар боғчасининг ёнидаги, йўлга кўндаланг тушган уй, ёзиб олинг, йигирма тўрту ўн тўққиз». Ёзиб олдим. Кампирдан узоқлашишим билан бошқа одамга айландим, «Ол-а, бир куним шунга қолдими? Кучукни деб атай Чилонзорга келиб юраманми?», деб ўйладим. Уйга келиб, кечқурун чой ичиб ўтирганимизда: «Бозордан чиқаётганимда бир ўрис кампир, мени атай тўхтатиб, жуда яхши одам экансиз, юзингиздан кўриниб турибди, мен яхши одамларни юзидан танийман, деди», деб келинингизга талтайдим. «Ўрис кампирлар учун яхши одам бўлсангиз керак-да», деб чандиб қўйди келинингиз. «Э, ишонмадинг-а, текинга берди, олмадим. Чиройли, тоза кучукча эди», деган эдим, бирдан қизим: «Вой, дада, нега олмадингиз, шу вақтгача ҳовлимизда кучук бўлмаган», деб афсусланди. Ўғлим эса синглисига: «Э-э, ўчир! Ким қарайди унга? Ҳовлини бир марта ҳам супурмайсан», деди. «Ўзим қарайман, ҳовлини ҳам супураман», деди қизим. «Айтишманглар, — деди келинингиз. — Қанақа кучук? Дадангнинг ҳамишаги гапи-да, билмайсизларми?». «Э-э, ростдан. Ҳозир олиб кетолмайман, уйингизга бориб оламан, деган эдим, адресини берди. Бечора менга ишониб қолди», дедим. Шу-шу, қизим ҳар куни айтади, ўғлим: «Э-э, олиб келиб беринг шу қизингизга, бошни қотирворди-ку», дейди, келинингиз ҳали келмаган кучукка қарашни икковининг бўйнига қўяди, кампирнинг «Бир сўзлик одамсиз, биламан, албатта борасиз», деган гапи менинг қулоғимдан кетмайди. Охири ўн беш кунча ўтиб, бордим Чилонзорга. Боғчанинг ёнидаги, йўлга кўндаланг тушган ўша йигирма тўртинчи уйни топдим. Кампирнинг эшиги биринчи қаватда экан, қўнғироғини босган эдим, ичкарида бирданига тўрт-беш ит ҳар хил вовуллаб юборди. «Ҳозир!», деб кампир ҳам товуш берди. Эшик очилди, очилди-да… пасту баланд саккиз-ўн кучук баравар отилиб чиқиб, ёнимдан бир-бирига урилганча ўқдек ўтиб кетди, иккитаси думалаб ҳам тушди. Ўзимни зўрға четга олиб қолдим, ҳатто қўрқишга ҳам улгурмадим. Уларнинг орқасидан «Серий! Серий! Орқага!», деб қичқириб кампир чиқди. Мени кўрдию жилмайди, «Юрагим билан сезган эдим келишингизни, бугун деб ўтирган эдим», деди. Салом бердим.

«Мана, кўряпсиз, менинг ҳаётим — шулар», деди кампир. «Нечта ўзи булар?», деб сўрадим. «Ўн саккизта!», деди фахр билан кампир. «Уйингиз неччи хонали?», деб сўрадим. «Бир хонали», деди кампир. Анграйиб қолдим, «Қанақасига? Битта хонада шунча ит!», дедим тилим тутилиб.

Ташқарига чиқдик, итларнинг қайсиси буталарнинг тагини ҳидласа, қайсиси дарахтлар тагида оёғини кўтарган, бир-бири билан иши йўқ. Ҳалиги қора кучукча ҳам пилдираб юрибди. «Серий!» деб пўписа қилиб қўйди кампир катта оласига. «Шуларни деб яшайман-да, — деди яна кампир маъюсланиб. – Бошқа кимим бор. Официантка эдим, пенсиядаман, лекин идиш-оёқ ювувчиликка ўтиб олдим. Ҳар куни челак-челак сарқит олиб келаман, талашиб-тортишиб ейди булар. Шулар учун ишлаяпман-да. Раҳмат келганингизга, лекин нега дарров келмадингиз, бари бир келар эдингиз-ку?». «Иш кўп эди», дедим. Тезроқ кетгим келди. Итлар у ёқ-бу ёққа ивирсийди, ҳалиги Серий дегани ёнимизга келиб, мени искалайди. Атрофда уч-тўрт одам ола қарайди, турган гап, итлар ҳам, кампир ҳам уларнинг жонига теккан, бақириб бермоқчилар, лекин кампирнинг олдида пўрим кийинган одам турибди. Кампир ҳам менинг ёнимда ўзини катта одам сезган. Кучуклар орасидан менга кўкиш-оқ бароқ кучукча ёқиб қолди, кампирнинг қарашидан билдимки, у ҳам шу кучукни сўрашимни билди, лекин бермоқчи эмас. «Оти нима шу кучугингизни?», деб сўрадим. «Пушок», деди кампир. «Шуни менга берсангиз?», дедим. «Ладани билмаяпсиз-да. Пушок нима – оддий кучук. Ладани берамиз сизга», деди кампир ҳамма кучукларининг ҳам номидан. Мен Пушокни беринг, дедим, кампир Ладани бераман, деди, охири: «Ладани ҳам олсангиз, Пушокни қўшиб бераман», деди. Шунга келишдик. Ўзим ҳам бирон нарса берсамми, деб турган эдим, кампир мени ноқулайликдан қутқариб, иримига – «итларининг ризқига» атиги ўн сўм сўради. Кучукларни уйга олиб келдим, бирпасда ҳовлига ўрганиб кетишди. Лекин бир-икки кун ўтиб қарасам, дарвозанинг олдида маҳалланинг итлари уймалашадиган бўлиб қопти, Fазирага бораётганда Ладани машинага солдим-да, ундан уч қишлоқ бери — Ботботда тўхтаб, итни бир ҳовлининг тўғрисига ташлаб кетдим. Ит бўлса ҳам, сезди шекилли, машинадан тушгандан кейин қимирламади, ортимдан қараб қолаверди. Жуда ичим ачиди, анчагача ўзимни гуноҳкор билиб юрдим. Шундан кейин олти-етти ойлар ўтди-ёв, бир куни ичкари уйда қоғоз қоралаб ўтирган эдим, қизим ҳовлидан ранги ўчиб кирди. «Ҳа?», дедим. «Дада, Пушогимизни сўраб бир кампир келди, олиб кетмаса эди», деди. «Қизим, хаёлингга нималар келмайди-я», дедим-у, лекин бирдан ўша кампир ёдимга тушди. Мумкин эмас, унга қайси кўча, қайси уйда туришимни айтмаганман-ку, деб ўйладим. «Пушок, деб чақирган эди, Пушок югуриб бориб суйкалди. Аниқ ўша кампир!», деди қизим. Ҳовлига чиқсам, ҳа, ростдан ҳам ўша кампир, у ҳовлига аланглайди, Пушокбой эса думини ликиллатиб, «гостинец» – совғани чангитиб уряпти. «А, Лада қани?» — кампирнинг саломлашгандан кейин сўрагани шу бўлди. «Уни қишлоққа бериб юбордим», дедим, тўғрисини айтишга кўнглим бўлмади. «Яхши одамлар олдими, ишқилиб?», деб мунғайди кампир. «Ҳа, албатта, қариндошларим, ўзлари сўраб қўймади», дедим. Кампир лаққа ишонди: «Раҳмат сизга, Ладамни ёмон одамларга бермаганингизга ишонаман!», деди. Мени ҳали ҳам яхши одам деб билганига сал ноқулай бўлди. «Менга қаранг, ҳовлимни қандай топиб келдингиз? Адрес бермаган эдим шекилли, отимни ҳам билмайсиз», деб сўрадим. Кампир ожизона жилмайиб: «Топдим-да, эски шаҳарда тураман, деган эдингиз-ку», деди. «Қанақасига?! – деб тонг қотдим. – Эски шаҳар катта-ю, Самарқанд дарвоза, Чуқур кўприкни билмасдингиз-ку?». «Шу, келавердим, юрагим қаёққа бошласа, шу ёққа қараб юравердим. Ичимдан туйдим-да, мана, топиб келдим», деди кампир.

Қаранг, ҳайҳот шаҳарда, яна ҳайҳотдек эски шаҳарда турар жойимни ҳам, отимни ҳам билмай, ҳеч кимдан сўраб-суриштирмай, тўппа-тўғри Каттабоғ кўчасидаги ҳовлимга кириб келаверибди. Юраги сезиб! Бировга айтсанг, икки дунёда ишонмайди! Мен ишхонада, дўстлар даврасида, ишқилиб, ажабтовур воқеалар ҳақида гап кетса, албатта шуни айтаман, оғзаки ҳикояга ёзишдан ҳам устароқман, аввалига «Йўғ-э, э-э, қойил!», деб эшитадилар, кейин бир пас ўйлагандан кейин, «Йўқ, мумкин эмас, адресни билган, юраги ҳар қанча сезгир бўлмасин, Эски шаҳар жуда катта, билмаса, топиши мутлақо мумкин эмас. Ё обқочяпсиз!» деб туриб оладилар. Лекин рост! Айнан шундай бўлган.

Пушокбой ҳали ҳам бор. Ҳозир ҳовлига ўрганиб кетган, эшикка чиқишим билан оёғимга тармашади, думини ликиллатиб қараб туради, кейин ҳаҳ-ҳаҳ деб думалайди, бирдан туриб қочиб кетади, яна пилдираб келади, орқа панжасида тик туриб, менга термулади, хуллас, дардини биламан – бир нарса бериб қолар деган ўйда умидвор! Кампирнинг хонасида яшамаганми, авваллари уй ичига киравериб безор қилди, ҳовлига чиқариб, эшикни ёпиб олсак, панжалари билан тақ-тақ уради денг! Шуни Пушоклигини билиб турсак ҳам одамнинг кўнглини ваҳм босар экан. Худди ақлли бир катта жонивордек! Лекин кейин бу ерда бошқа одамлар туриши, итни ҳеч қачон уйга қўймасликларини бўйнига олди, шунга ҳам ҳамиша хурсанд. Машинамни танийди, дарвозанинг очиқ эшигидан пилдираб-думалаб отилади, машинанинг атрофини айланиб чопади. Бир марта мен келиб тўхтадим, шу пайти бир «Москвич» ҳам ўтиб қолди, дарвозадан учиб чиққан Пушок тўппа-тўғри унинг тагига кириб кетса денг! «Москвич» ғийқиллаб тўхтади. Ўлди, деб ўйлаган эдим, бир лаҳзадан кейин кучукча бечора шунақа ангиллаб бердики, «Москвич»идан тушган ҳайдовчи кишининг ранги ўчиб кетди. Пушок бўлса, шу ангиллаганича машина тагидан чиқиб, ичкарига отилди. Уч-тўрт кун оқсаб юрди-да, тузалиб кетди.

Пушокнинг ўзбекчаси – Паҳмоқ, Паҳмоққа аҳмоқ уйқаш. «Ҳей, Паҳмоқ — Аҳмоқ!» десам, негадир жўшиб кетади. Ҳовлини гирр айланиб, кумуш пўстак ер бағирлаб учаётгандек, хўб чопади, кейин ёнимга келиб, икки оёғини кўтарганча таққа қотади, худди мукофот сўрагандек. Мен унга яна: «Эй Паҳмоқ! Аҳмоқсан-да, Аҳмоқ!» дейман, у яна бирдан бурилиб чопишга тушади. Қаранг, ҳайвон-да, ҳайвоннинг кўнгли оқ, «аҳмоқ» деган товушни ўзига мақтов деб билади.

Қизиқ, қани эди шуларни ёзсанг, лекин булардан чуқурроқ маъни тополмай одамни қийнайдилар. Баъзан уларга керак катта маъни ўйлаб топасан-у, шунга мос саргузашт тополмайсан. Уларга катта воқеа, қаҳрамон бўлса! Бир куни ўзим ҳам аввал қаҳрамон бўлдим, кейин шу қаҳрамонликдан «тушиб қолдим». Ишдан чиқиб Шайхонтаҳурдаги бекатда турган эдим, трамвай келиб қолди, бирдан ҳамма қичқириб юборди. Бир одам релсни кесиб, биз томонга келаётганини кўргандек эдим, шу одамни трамвай гуппа босиб кетибди! Одамлар қичқириб юборганда кўрмаган эканман, кейин қарасам, шундоқ рўпарамда, трамвай тагидан иккита оёғи чиқиб турибди. Ҳамма қотиб қолган. Қараб турсам, оёқнинг иккови ҳам қимирлаяпти! Илгариги қўш вагонли эски еттинчи трамвай эсингиздами, олди узун, бир ярим метрча келарди, бечорани шундоқ кўндаланг йиқитиб, тумшуғи тагига думалатиб босиб, ғилдиракларига атиги ярим қарич қолганда тўхтабди. Секин палахса бетондан тушиб бордим-да, ҳалиги иккита оёқни ушлаб, тортдим. Ишқилиб, бирон жойидан илиниб қолмаган бўлсин-да, деб ўйлаганим эсимда. Бечорани суғуриб олдим, костюми бошига ёпилиб қолган экан, ҳамма «Ҳи-ий!» деб юборди. Қаранг-эй, мен тамом деб ўйлаган одам, бирдан туриб ўтирди, костюмини шарт туширди, кўзи аланг-жаланг, нима бўлганига ақли етмаяпти, фақат бурни эзилган, қонталаш кўкариб турибди. Худонинг асраганини! Бир-икки одам келиб елкамга қоқиб: «Маладес!», деди. Қаранг, ростдан-эй, қўрқиб қолмабман, ўзимни йўқотмай буни трамвай тагидан бамайлихотир тортиб олибман! «Қалай, у ер-бу ерингиз лат емадими?», деб қўлларини ҳам ушлаб кўрдим, жойида! Турмоқчи бўлиб, қўлини мендан силтаб тортиб олди, лекин туролмади, ғирт маст ҳам экан. Шу вақти бир киши: «Манг, сизларники», деб қўлимга қоғозга ўралган бир нарса тутди. Ушласам, икки кило музлаган гўшт. Буники экан, мени шериги деб ўйлабди. Мен гўштни унинг тиззасига қўйдим. Бирпасда тумонат тўпланди, муҳокама

(Tashriflar: umumiy 353, bugungi 1)

Izoh qoldiring