Ahmad A’zam. Ro’yo yoxud G’ulistonga safar. Romanning boshlanishi.

чўпони жуда ҳам баҳайбат туя минган, худди чош қилиб жун ортилган араванинг тепасида ўтиргандек. Шунақа туялар ҳали бор экан-да, дейман. Одамни кўрганимга кўнглим сал жойига тушди-ю, лекин ғашлигим тарқалмади.

Биринчи кўзим тушганда унча эътибор қилмаган эканман, ҳадеб унда-бунда учрайверганидан кейин қарасам, олма кўп экан. Далаларнинг чеккасида, ичида ё ёлғиз, ё тўп бўлиб ўсиб ётибди, бошини еб битган, етилиб қолган мевалари офтобда товланади. Худди ўзимиздаги тутга ўхшаб ҳамма ерга тарқалган. Олмафурушларнинг макони шекилли, қайтишда келинингизда пул бўлса, бирон челак олиб кетамиз, болаларим карсиллатиб еб юради, деб кўнглимга тугиб ҳам қўйдим.

Яна «ДАН» манзили учради, боягидақа бўялган, унда ҳам бояги кийимдаги посбон, оқ-яшил таёғини ўйнатиб, елкасидан оёғигача йилтираб йўлга чиқди-ю, машинамни тўхтатмади. Бу ҳам шоша-пиша рациясига ёпишди. Шундан билдимки, йўл кета-кетгунча «ДАН» назоратида, бугун булар рейд ўтказаётганга ўхшайди. Фақат тўхтатиб жарима солса ё қўлига сўраса, чўнтак касал, китоб ўқимайман деб туриб олса, албатта ёзади, деб кўнглим ғашланди.

Бир қишлоққа кириб бордим, одамлар юрган экан, машинадан қараганда ғалатироқ кўринди, буларнинг кийимида ҳам узун-узун бир нарса йилт-йилт қилади, арқонми десам, унча ўхшамайди. Машинамга ҳайрон бўлиб қарайдилар-да, ичида ўтирган ўзимга кўзлари тушгани заҳоти худди кўрмаётгандек бефарқ бўлиб қоладилар. Нима бало, буларнинг қишлоғига бегона одам келмаганми, дейман. Кейинги қишлоқда эса ҳалиги кийимдаги посбонлар кўчадагиларни уй-уйига ҳайдаб киритаётганини кўрдим. Ундан кейинги қишлоқнинг кўчаларида одам йўқ, фақат ҳар эллик-юз метрда посбонлар қатор, йўлга орқа ўгириб турарди. Қачон шунча кийимни алмаштириб улгурибдилар, деб ҳайронман.

Лекин бу ерларда ҳам ҳалиги манзара: ҳамма ёқда олма, унда-бунда тол, терак ҳам бор, лекин олма жуда кўп, кейин худди шунақа йўл бўйларида хурмо ҳам олмага аралаш экилган, шиғил, чақалоқнинг муштидай кўм-кўк меваси кўплигидан, пишмаган бўлса ҳам, шохлари ҳалитдан осилиб ерга теккан. Ҳаммаси сал бошқача туюлди-ю, лекин бирпасда кўзим ўрганди. Ҳозир кўнглимга боғдорчилик сиғмаётган эди.

Эсимда йўқ, ишқилиб, анча юрдим, бир «ДАН» масканида тўхтатдилар. Саёҳатим шуми, мусибатимми ё уларга бир мусибат бўлдимми, ишқилиб, шу ердан бошланди. Кейин саёҳат саргузашту риёзати бисёр бўлса, у, менингча, саёҳат эмас, сафар дейилади. Fулистонга қидириб келмадим, келгандан кейин қийналган жойларим, айниқса кўнгил сиқинтиларим бор, шунга бемалол сафар десам бўлади.

Сафарнинг бошланиши

Боядан бери ялт-юлт, йилт-йилт этиб, кўзимга урилиб, хаёлимга ҳам кириб қолган нарса – занжир, кўкан экан. Мени тўхтатган посбонлару ҳарбийлар занжир таққан, ҳаммаси бўйнидаги занжир бўйинтасмадан икки қўлининг билагигача, яна шу бўйинтасмадан белидаги занжир белбоққа, ундан икки тўпиғигача яна занжир билан боғланган эди.

Одам шу пайтгача сира кўрмаган, умуман бўлиши мумкин бўлмаган нарса ё воқеани ўз кўзи билан кўриб турса, жуда ғалати аҳволга тушади. Мана, дейлик, бу ёқда, куппа-кундуз куни Тошкентнинг автолар гавжум кўчасида шунча одам бошқараётган машинанинг орасида биттасини маймун ҳайдаб кетаётганини кўриб қолсангиз, кўзимга шундай кўриняпти деб, ўзингиздан хавотир оласиз, қўрқув босади сизни. Агар ёнингизда бошқа одамлар бўлса, «Э-э! Қаранглар! Маймун машина ҳайдаяпти! Ўзи ҳайдаб кетяпти-эй!», деб беихтиёр қичқириб юборасиз, негаки ёлғизликдаги қўрқувнинг ўзи қўрқинчли, сизга шерик керак. Бошқалар ҳам буни кўриб, хавотирга тушса, қўрқса, қичқириб юборса, демак, маймун ростдан ҳам машина ҳайдаб кетяпти, кўзингизга шундай кўринмаяпти, демак, сизга ҳеч нарса бўлмаган, ақлдан озмагансиз, шунинг ўзи сизга катта мадад. Кейин, шерикликдаги қўрқув қўрқинчли эмас, одам фақат ёлғиз қолганда, ёлғизликдан қўрқади, кўплашгандаги қўрқув – ботирларнинг ҳайронлиги, холос. Одам кўпчиликнинг ичида бир ўзи қўрқмайди, кўпчилик билан биргалашиб қўрқиш нотаниш, номаълум бир нарсага ёки мубҳам бир хавфга шунчаки қизиқсинишга ўхшаб кетади. Кўпнинг ичида турганда маймуннинг машина ҳайдаб кетаётганини кўриб қолсангиз, чалаҳайрон бўласиз-да, дарров ғайриоддий ҳодисани оддийлаштириб оласиз, масалан, «Оддий маймун эмас бу, ўргатилган, ҳа, циркдан қочган», деб сабаб топасиз. Бир ўзингиз кимсасиз катта кўчада маймун машина ҳайдаб кетаётганини кўрганда албатта қўрқасиз, ақлдан озяпман, деган хаёлга ҳам борасиз-да, шу заҳоти ақлингиз жойидалигини кўрсатадиган сабаблар излайсиз, буларни топасиз-да, кейин, бўлиши мумкин, циркда ҳайдаса, нега кўчада ҳайдай олмайди, ҳайдашни ўрганган экан, мана, ҳайдаяпти, дейсиз. Яна шуниси борки, одам ногаҳонда ақли етган ҳодисадан қўрқади, агар ақл бу ҳодисага изоҳ топа олмай қолса, қўрқув ҳам тўхтайди, ақл эса ғайриоддий ҳодисани ўзи ўрганган андазалар билан ўлчаб, уни оддий мантиққа мослаштиришга, шу билан қўрқув туйғусини ҳимоялашга ўтади: қойил, зап ўрганиб олибди, худди одамдек ҳайдаб кетяпти-я, дейди одам.

Албатта, қўрқувнинг шакли-шамойили кўп. Бировга: «Оғайни, тун ҳам кундуз, фақат қуёши йўқ», деб минг тушунтиринг, у бари бир, қоронғи тундан қўрқаверади, бир умр қўрқади. Биз билан бир барзанги йигит ишлар эди, юриш-туриши ваҳима, ҳамкасбимиз уйланганда, тўйда шу гавдаси билан ўйинга тушиб, ҳаммани қўрқитди, шундан кейин унинг Боқи оти Боқизавр бўлиб кетди. Энди, қаранг, шу гавда, боши шифтга тегадиган бўй билан қоронғидан жуда қўрқар, кечаси ташқари чиқмоқчи бўлса, албатта ёнидаги ҳамхонасини уйғотиб, бирга борайлик, деб ялинар экан. Агар ўзи кечаси одамнинг олдидан туйқусдан чиқиб қолса, қўрқмаган одамнинг ҳам юрагига ваҳима солар эди. Қўрқув деган нарса гавдага қарамас экан-да.

Яна бир одамни биламан, кечқурундан бошлаб, анув кулбача жойга борадиган бўлса, аввал бормасликнинг чорасини хўп излайди, заҳар танг қилавергандан кейин, ноилож, ариқнинг пастидаги катта ҳовлисининг ҳамма чироқларини чарақлатиб ёқиб, чароғон йўлакдан салобат билан кўкрак кериб, томоғини қаҳрли қириб, йўлга тушади. Қоронғида ногаҳонда ҳамла қилиши мумкин бўлган рўдапоми, яна нима балоларни ҳуркитишга мўлжалланган бу ҳаракат шу атрофда бошқашиларми ё бекинмачоқ ўйнаб юрадиган шумғия болакайларни ўзига чорлайди. Амаки кулбачага кириб, эшигини тамбалаб олиши билан… томчага тўп-тўп кесак тушиб бошлайди-ку. Амаки ичкаридан мардона наъра тортади: «Ким бу ҳазиллашаётган? Қулоқсиз, беодоб! Ҳозир қулоғини кесаман! Ўзидан каттага ҳам шундай қиладими, а?» Қишлоқда нима кўп, кесак, тўп-тўп тўхтамайди, наъра бўкиришга айланади, «Билиб турибман, сен Эшматнинг боласи Тошматсан, кун чиқсин, бўйнингни узиб оламан, қараб тур!» Бу ёқдан албатта садо берилмайди, пиқир-пиқир кулги кулбагача етмайди. Сал ўтмай мардона бўкириш пасайиб, ғулдирашга, ғулдираш эса ошкора ялинишга айланади. Болаларга эмас. Амаки зорланиб хотинини чақиради: «Шапо! Шапожон, бу ёққа қара! Бу балодан ўзинг қутқар. Ўлдириб қўяди мени! Э-э, бунинг бостириб келишини қара! Ўлиб қоламан!» Шафоат хола ичкаридан: «Ҳай, қирчинингда қирилгур, шу катта одамдан бошқа одам қуриб кетдими сизларга», деб қарғаниб чиқади-да, устидан бекитиб олган эрини асоратдан халос қилиб, эргаштириб келади. «Э тавба, шунча чироқ ёруғ, мунча юрагингиз ёрилмаса?», дейди. Ростакамига ўтакаси ёрилган амаки: «Томнинг устидан гуп-гуп бостириб келгандан кейин юрак қоладими? Ичида ўзинг бўлмадинг-да», деб ўзини оқлайди. «Минг марта айтаман, — дейди шўрлик хотини. – Узоққа бориб юрманг, майли, шу атрофда ишингизни қилаверинг деб». Энди хотинининг ҳимоясида ўзини анча босиб, дадилланиб олган амаки шовқин солади: «Э-э, мени нима деб ўйлаяпсан? Қоронғида қўрққаним билан, худога шукр, ҳали оёқдан қолганим йўқ». Бу-ку майли, қоронғида ким кесак отгани кўринмайди, инсу жинс ҳам ҳазиллашиши мумкин, лекин кун ботгандан кейин таниш одам чақириб келиб, амаки овозини таниб турса ҳам: «Шапо, Шапожон, ўзинг қара, биров чақиряпти», деб яна зорланади.

Нима дейсиз энди?

Яна бировлар бор, илондан қўрқади, буралиб ётган чилвиргами, сигирнинг ерда судралиб кетаётган арқонигами, хуллас, чўзилиб ҳаракатланаётган нимаигаки кўзи тушса бас, ваҳима босади. Бир курсдошимиз бўларди, ҳарбий хизматни ўтаган, уйланган, фарзанди бор, биздан тўрт-беш ёш катта, оти Али ака, «Алака!» деб қисқартириб айтамиз. Пахтага чиқамиз, унинг фартуғи тўлай деганда мен: «Ҳў, Алака!», дейман, у: «Ҳа!», дейди. Ҳамма курсдош теримдан тўхтаб, тез-тез қайтариладиган томошага мунтазир қараб туради. «Мана, қараб туринг!» дейман-да, битта бақувват ғўзапояни томир-помири билан суғуриб, баланд кўтараман, «Нима бу?», дейман, «Fўзапоя! Қўрқмайман!», дейди. «Қўрқмайсиз-а», деб ғўзапояни шу туришида Али акага кўрсатиб сидириб ташлайман-да, учидан тутиб айлантириб боравераман, Али ака: «Бари бир қўрқитолмайсан!», деб жойида илжайиб тураверади. Яқинлашганим сайин илжайиши йиғламсирашга айланади, кўзи ола-кула бўлаверади, охири ёнига бориб улгурмасимдан фартуғини қучоқлаб, урра қочади, икки ёнидан пахта тўкилади. Бизга шу керак. Мен ундан: «Алака, жиддий, нега ғўзапоянинг ғўзапоялигини кўриб туриб, қўрқиб қочасиз? Томирлари ҳам осилиб туради-ку!», деб сўрайман. «Кўриб тураман, ғўзапоя-ку, ғўзапоя-ку, қўрқмайман деб туравераман-да, туйиқсиндан тағин илон бўлиб чиқса-я, деган хаёл келади, билиб турсам ҳам, ўзимни тўхтатолмайман», дейди. Қаранг, қўрқувга сабаб йўқ, лекин кўриб-билиб туриб ҳам қўрқаверади ё қўрқувга ўрганиб, мослашиб, ҳатто қўрқувни яхши ҳам кўриб қолган, қўрқувсиз яшай олмайди, ундан айрилгиси келмайди. «Бу юрак билан ҳарбийда қандай хизмат қилгансиз?» леб сўраганимда, «Мен қисмдан кўп чиқмаганман, ҳарбий машқларга тягачда борар эдик, бу палакат яқин йўлай олмас эди», деган.

Момақалдироқдан қўрқадиганлар бор. Гумбурласа бўлди, кўрпанинг тагига кириб кетади. Бу ҳам майли, аридан, чумолидан қўрқадиганларга нима дейсиз? Итдан қўрқадиганлар бор, каттасидан ҳам, кичигидан ҳам, бор-йўғи телпакдай келадиганидан ҳам, ҳурса бўлди, ҳатто бир чақирим нарида безарар ётганидан ҳам юраги ёрилаверади. Аёлларнинг кўпи сичқондан қўрқади, сичқон бечора-ку одамни сезгани заҳоти тирақайлаб жўнайди, бари бир, сичқоннинг ўзидан қўрқиб қочганини тушуниб турса ҳам, заифа зотининг юраги қинидан чиқиб кетади.

Бир бош бухгалтерни биламан, шунинг нимадан қўрқишини ўйлаб ҳам тополмайсиз, — телефондан! Ички, шаҳар, мобил телефонидан чақиринг, бари бир, ҳеч қачон гўшакни олмайди, бош бухгалтер, албатта сизга керак, овора бўлиб учинчи қаватга чиқсангиз, кетма-кет жиринглаган аппаратларга мазаси қочиб қараб ўтирган бўлади. Гўшакни кўтармай гап эшитган, кейин жирингласа яна гап эшитаман деб кўтармаган, бу чексиз давом этаверганидан кейин юрагининг мазаси қочган, юрагининг мазаси қочгандан кейин хуруж қилмасин деб, яна жиринглаган аппаратга қараб ўтирса ҳам, гўшакни кўтармаган, хуллас, ўзига сурункали дард орттирган, иши шунақа, тинмай телефондан излайдилар, у эса ўзини йўқликка солиб ўтиради, борлигини билдиришдан қўрқиб, касали кучайиб кетаверади. Ҳатто хотини телефон қилса ҳам ўйнашим эмасмикан деб ваҳимага тушади, шу ҳолига яна ўйнаш тутганига ўласиз, ўйнаши сим қоқса, хотиним бўлиб чиқса-я, деб ўтакаси ёрилаверади, умуман қўрқув домидан чиқолмайди.

Демак, ҳамма қўрқувнинг тагида қанақадир тушунча бор, ақл ишлаб туради, шу ақл кейин таскин ҳам беради. Лекин одам ғайриоддий ҳодисаларни кўрганда бошқача аҳволга тушади: у ўйламай, ажабланмай қўяди, чунки минг ўйлагани-ажаблангани билан ақл чегарасидан нариёққа ўта олмайди, ҳодиса қандай бўлса, шундайлигича кўришга ўзини мажбур қилади.

Мен ҳам шу ҳолатларнинг ҳаммасига бирваракай ўхшаб кетадиган бир аҳволга тушдим. Аввалига, боя айтганимдек, ҳайрон бўлдим, ҳайронлигим ҳам бир тийрак, сачраб турадиган таассурот эмас, балки қанақадир карахтроқ, доноликка ўхшаб кетадиган ғаройиб бир лоқайдлик эди, нега бунақа ўзимга ўхшамаяпман деган бир таҳлика ҳам бор эди кўнглимда: бу ҳам худди ҳукми ўқилган одамнинг энди ҳаммаси бефойда деган бир хулосага келганидек. Яна денг, бу жойга худди сўрамай келиб қолганман-у, лекин нега сўрашим керак, рухсатни қаердан ҳам олардим, ахир, тўғри йўлдан келяпман-ку, тўғри йўлимдан буларнинг ўзи чиқиб қолди-ку, деган ўжарлик ҳам бор, хуллас, ҳамма туйғу-таассуротларим аралаш-қуралаш, лекин тагида нимадандир хавотирли бир қўрқув симиллаб турар эди – бу шунча занжир таққаннинг ичида ёлғиз ўзим занжир тақмаган эдим.

Машинамни тўхтатдилар, аниқроғи, бу аҳволда бошқа юриб бўлмаслигидан, худди йўл сўраётгандек, беихтиёр ўзим тўхтадим. Улар ҳам мени худди шу жойда кутиб турган экан, лекин эътиборсизроқ қарши олдилар. Уларга ҳурмат билан машинадан тушдим. Машинамнинг эшигини улар ёпдилар, шу пайтда улар билан кўришаётган эдим, эшикнинг оҳиста ширқ этишидан юрагим шувиллаб қўйди: сиз ўз уйингиз эшигини очиб чиқсангиз-у, орқангиздан эшигингизни сизга келган одамлар қулфласа, кўнглингиздан нима кечади, менда ҳам шундай бўлди, нимагадир, энди машинамнинг менга ёпиб қўйилганини англадим. Одатим бўйича, ҳеч бирининг юзига тик қарамай, жамоатга салом бериб, кейин ҳаммаси билан бир-бир қўл олишдим. Бўлади-ку: бир узоқ танишингизникига, масалан, тўйга ё маъракага, ишқилиб, лозиматга борасиз, борган пайтингизда мезбоннинг ўзи бўлмайди, эшик олдида кутаётганларнинг ҳаммаси сизга нотаниш, лекин улар сизни танийди, нафақат танийди, балки уларга шу одам келса, албатта шунақа кутиб оласизлар, ўзини қандай тутишни унинг ўзи билади, деб тайинланган бўлади, сиз ҳам шуни билиб турган ҳолда танимаган одамларингиз билан, мажбурият юзасидан худди уларни яхши танийдигандек иштиёқ билан кўришасиз, улар ҳам шундай, саломни менсимайдиган энг ғўдайганлари ҳам эшик олдида мезбон бўлиб тургани боис қўлингизни оғринмай олади. Лекин булар билан кўришаётганда мен билан кўришгилари келмаётгандек, қўлимга қўл бераётганда кўзларида аллақандай саросима қалққанини пайқагандек бўлдим. Худди менга қўл бергилари келмаётгандек туюлди. Илжайиб ҳурмат кўрсатишларида ҳам, юзлари очиқ бўлса-да, қандайдир қатъий қоида, ҳатто мен ҳам бўйсунишим керак бўлган бир талаб бор эди. Яна ғалати, нокамтарлиг-у, лекин ғаним томонга асир тушган саркардага ўхшатдим ўзимни. Улар ҳамма гапимга, ҳамма истагимга лаббай деб турибдилар, мен эса айни шуларнинг ўзлари белгилаган чегарадан ташқари чиқолмаслигимни билиб, ўша истагим ё гапимни айтмайман, айтмаслигим керак. Масалан, «Оғайнилар, мен сизлар ўйлагандек, катта одам эмасман, бор-йўғи, фақат бир-иккита жўраси қаторга қўшадиган қаламкашман, холос. Адашибми, адашмайми, бу ерга

(Tashriflar: umumiy 353, bugungi 1)

Izoh qoldiring