Alisher Navoiy. Mukammal asarlar to’plami.20 tomlik.T. 7.Xamsa: Hayratul-abror

7 tom

Mukammal asarlar to’plami.20 tomlik.T. 7.Xamsa: Hayratul-abror / Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т.. 7. Хамса: Хайратул-аброр
Muallif: Alisher Navoiy / Алишер Навоий
Nashrga tayyorlagan va izohlar mualliflari: P. Shamsiyev,A.Hayitmetov,I.Haqqulov
Mas’ul muharrir: Y. Ishoqov
ISBN 5—648—00150—9
Nashriyot: Т.: «Fan», 1991. Varaqlar soni: 392

09

ИНСТИТУТДАН
08

Ўзбекистон ССЖ Фанлар академияси қошидаги Адабиёт институти ҳамиша ўз илмий-тематик режаларида улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий асарларини, айниқса унинг «Хамса»си таркибидаги достонларни матншунослик жиҳатидан ўрганишга ва нашр этишга катта аҳамият бериб келди.
«Хамса» достонлари ўтмишда, хусусан XV— XVIII асрларда қўлёзма ҳолида, сўнгги XIX аср охири ва XX аср бошларида тошбосма нашрларда халқ орасида тарқалди. Навоий «Хамса»сининг илк нашри тўла ҳолда Хевада (1880 йил), сўнгроқ Тошкентда (1904, 1905 йиллар) амалга оширилган.
Совет даврида «Хамса» достонлари биринчи марта Тил ва адабиёт институти илмий ходимлари томонидан 1939—1940 йилларда бирмунча қисқартирилган ва шарҳланган ҳолда лотин алфавитида нашрга тайёрланиб, насрий баён билан ёнма-ён ҳолда эълон қилинди. Бу ишга Ғафур Ғулом, Солиҳ Муталлибов, Ғулом Каримов, Амин Умарий, Ҳусайнзода, Тўхтасин Жалолов каби шоир ва олимлар катта ҳисса қўшдилар. «Хамса» достонлари, «Ҳайратул-аброр»ни мустасно қилганда, 1948 йилда улуғ шоир таваллудининг 500 йиллигини нншонлаш билан боғлиқ равишда, насрий баёнларсиз янги — рус алфавитида иккинчи марта чоп этилди. Бу нашр ҳам оммавий нашр бўлиб, маълум даражада қисқартирилган ва етарли даражада илмий шарҳланмаган эди.
Улуғ Ватан уруши арафасида Садриддин Айний Тил ва адабиёт институти билан боғланган ҳолда Навоий «Хамса»сининг қисқартирилган, тушиб қолган қисмлари мазмуни насрда берилган ва изоҳланган нашрини тайёрлади ва чоп эттирди. Бу китоб 1947 йили янгитдан нашр этилди.
Алишер Навоий асарларининг илмий-танқидий матнларини тайёрлаш навоийшуносликда, хусусан унинг асарлари матнини илмий қатъийлаштиришда алоҳида аҳамиятга эга. Шу маънода биринчи марта «Хамса»нинг илк достони — «Ҳайратул-аброр» достонининг илмий-танқидий тексти С. Муталлибов, «Лайли ва Мажнун» достони илмий-танқиднй тексти Ғулом Каримов томонидан тайёрлангани муҳим ишнинг бошланиши бўлди. Бироқ, бу текстларнинг ўз вақтида эълон қилинмагани афсусланишга лойиқдир.
«Хамса» достонларининг илмий-танқидий матнларини янги қўлёзмалар асосида янгитдан тузиш қирқинчи йиллар охири, эллигинчи йиллар бошида навоийшунос Порсо Шамсиев (1897—1972) томонидан бошланди. Олим 1956 йили «Сабъаи сайёр»нинг, 1963 йили «Фарҳод ва Ширин»нинг, 1970 йили «Ҳайратул-аброр»нинг илмий-танқидий матнларини эълон қилди. У «Лайли ва Мажнун», «Садди Искандарий» достонларининг илмий-танқидий матнларини ҳам тайёрлаган ҳолда уларни чоп этишга улгурмади.
П. Шамсиевнинг Навоий достонларини нашрга тайёрлаш билан боғлиқ ишлари орасида «Хамса»ни тўла ҳолда 1959 ва 1960 йилларда чоп эттиргани фанда ва улуғ шоир меросини ўрганиш ва тарғиб этишда катта аҳамиятга эга бўлди. Бунда институтнинг етакчи матншунос олими бўлган Порсо Шамсиевнинг илмий фазилатлари янада тўлароқ намоён бўлди.
Лекин Навоий асарлари, хусусан «Хамса» достонларининг том маънодаги илмий матнларини яратиш ва эълон қилиш мураккаб жараён. Бунинг учун матн тузиш ишига жаҳон қўлёзма фондларида мавжуд барча қимматли қўлёзмалардан фойдаланиш талаб этилади. Порсо Шамсиев «Хамса» матнлари устида тадқиқот олиб борган вақтларда эса бунинг имкони йўқ эди. Шунинг учун у «Хамса»нинг Иттифоқда мавжуд қўлёзма нусхалари асосидагина ишлашга мажбур бўлди. «Хамса»нинг чет эллардаги, хусусан, Париж, Стамбул нусхалари тадқиқотдан четда қолди. Шуни назарда тутиб, Адабиёт институти, Қўлёзмалар институти илмий ходимлари ҳозир олим бошлаган ишни давом эттирмоқдалар ва «Хамса» достонларининг янада мукаммал текстларини яратиш устида тадқиқот ишлари олиб бормоқдалар.
Алишер Навоийнинг йигирма жилдлик «Мукаммал асарлар тўллами»ни яратиш муаммоси Адабиёт инситути илмий ходимлари олдига «Хамса» достонларининг илмий текширилган ва изоҳланган нашрини тузиш вазифасини қўйди. Бунда улар ўз устозлари — Порсо Шамсиев тузган матнларни асос қилиб олдилар аа текстларга маълум даражада тузатишлар ҳамда аниқликлар киритишга муваффақ бўлдилар.
«Ҳайратул-аброр» достони матни, унга илмий изоҳлар филология фанлари доктори Абдуқодир Ҳайитметов ва филология фанларн номзоди Иброҳим Ҳаққулов томонидан тузилди.

tumor

HAYRATUL-ABROR

[I]
Бисмиллоҳир-раҳмонир-раҳим,
Риштаға чекти неча дурри ятим.

Ҳар дур анга жавҳари жондин фузун,
Қиймат аро икки жаҳондин фузун.

Риштаси худ иқди жаҳон риштаси,
Дема жаҳон риштаси, жон риштаси.

Ганжи бақо зикрига улким етиб,
Бу дур ила риштани тасбиҳ этиб.

Ришта эмас, турфа камандедур ул,
Давлату дин сайдиға бандедур ул.

Қайси каманд, ўлмади ҳаргиз каманд,
Равзаи фирдавс ғазолиға банд.

Бал ариғедурки оқар жон суйи,
Йўқ, демаким жон суйи, ҳайвон суйи.

Ул сув яқосида алифдин шажар,
Шамрасидин ул шажар узра самар.

Йўқки ўшул риштаи гавҳар баҳо,
Ганжи илоҳийға эрур аждаҳо.

Ёки булар барчаси таъвил эрур,
Арши муалло аро қандил эрур.

Балки бу қандил аро айлаб аён,
Боғи аҳад фохтаси ошён.

Йўқки эрур махзани ваҳдатқа йўл,
Йўлу не йўл, асру яқин йўлдур ул.

Лекин эрур ҳам қатиқу ҳам махуф,
Уйлаки ожиздурур андин вуқуф.

Қилғучи бу бодия қатъиға майл,
Аҳли қабулу рад эрур икки хайл,

Азмиға чун қўйди қадам аҳли рад,
Раҳбари тавфиқдин ўлмай мадад,

«Бо»си ибодин урар аввал сало,
«Ё»ки дегайло не бўлур жуз бало.

«Син»и наҳанг арқосининг арраси,
Юз кеманинг офати ҳар парраси.

«Син» била «мим»и йўлида кўп ҳумум,
Йўли ҳумум анингу ели самум.

«Мим»и йилони дамидин ўт сочиб,
Йўл бошида ётибон оғзин очиб,

Уч «алиф», уч «лом»и солиб рустахез,
Олти жиҳатдин чекибон тиғи тез.

«Ҳе» ( ) лар учи қатл ишида тез ўлуб,
Румҳ учидек ҳар бири хунрез ўлиб.

«Ре»лариким зоҳир этиб иқтирон,
Фош ўлуб ондин зарари бегарон.

«Ҳе» ( ) си ҳалок этгали қуллобваш,
Маҳлака қалби аро қуллобкаш.

«Нун» чекиб эл саҳми учун ёсини,
Балки бақо заръи учун досини

«Ё»си мухолиф сори ҳарфи нидо,
Яъни эт оллимда ҳаётинг фидо.

Нуқталари ул йўл аро тошлар,
Тошлар ўлмайки кесук бошлар.

«Мим»лар анда гириҳ узра гириҳ,
Жазмлар анда зириҳ узра зириҳ,

Ҳар сори «ташдид» тааддуд била,
Зоҳир ўлуб элга ташаддуд била.

Ҳар нечаким нозири мақсуд ўлуб,
Аҳли назар кўзига мардуд ўлуб.

Лек қачон қатъиға аҳли қабул,
Азм қилиб айласа ул ён нузул,

«Бо»си бурун «бо»и башорат дурур
Шамраси кирмакка ишорат дурур.

«Син»и саломат йўлининг зийнаси,
Балки саодат юзи ойинаси.

«Мим»и очиб манзили мақсадға йўл,
Балки бу манзил аро сарчашма ул.

Ҳар «алиф»иким еридур жон аро,
Шамъ ўлуб ул тоза шабистон аро.

«Лом»лари борча ливойи зафар,
Бериб анга жилва ҳавойи зафар.

«Ҳо» ( ) си ҳувиятни қилиб жилвагаҳ,
«Лом»и била қойили «ал-мулку лаҳ».

Равзаи жаннатға эшик «ро»лари,
Ғунчаи ваҳдатға бешик «ҳо» ( ) лари.

«Мим»ки «нун»дин қилибон интиҳо,
Жонға қўюб миннати бемунтаҳо.

«Ё» била «мим»и қилиб изҳори ям
Айлагали ғарқаи баҳри карам.

Нуқтау ташдид анга чақмоқу тош,
Қилмоқ учун партав «алиф» шамъи фош.

Жазми солиб тавқ кўнгул бўйниға,
Нуқта бақо дуррини жон қўйниға.

Ҳам ҳаракотидин ионат етиб,
Етгали мақсудқа таҳрик этиб.

Ҳам саканоти қилиб ифшо сукун,
Анда таваққуфқа бўлуб раҳнамун.

Сойири чун пўяға гомин очиб,
Гардидин атрофиға жонлар сочиб.

Бош-аёғи боштин-аёқ жон бўлуб,
Бошдин-аёғ жон неки, жонон бўлуб.
Азмида ул қавмға доғ узра доғ,
Қатъида бу хайлға боғ узра боғ.

Ҳикмати ул қаҳр аро, бу лутф аро,
Ушбуки тўлғай икки меҳмонсаро.

То агар ўт солса жалолияти,
Лутф ила урғай сув жамолияти.

Истабон, эй хаста Навоий, наво,
Бўйла сафарға қилур эрсанг ҳаво,

Йўл ёмону яхшисидин ема ғам,
Бисмиллоҳ, дегилу қўйғил қадам.

«Ҳайра саноин лимуфизил-карам»,
Ким карамидин эрур эл муҳтарам.

[II]
Ул холиқ ҳамдиким, махлуқот тасвириға анинг қалами сунъи чеҳракушодурур ва маснуот таҳририға анинг хомаи ҳикмати жамол афзо ва ҳар кўнгул ғунчасиға бир ҳусн гули сори анинг силсилаи шавқидин вобасталиқ ва ҳар куз ахтариға бир қош ҳилоли сори анинг риштаи муҳаббатидин пайвасталиқ1

Ҳамд ангаким вожиби биззот эрур,
Ҳомид анинг зотиға заррот эрур.

Ваҳдати зотиға қуёшдек тонуқ,
Заррадин афзуну қуёшдин ёруқ.

Жисм сипеҳрини масир этгучи,
Руҳ қуёшини мунир этгучи.

Гулшани фирузани чеккан баланд,
Гулларидин меҳрни гулдаста банд.

Ҳар сори анжум гуликим очилиб,
Кўкка бу гулдастасидин сочилиб.

Минтақа бирла фалаки ложувард,
Сунъи бисотида ики тахта нард.

Солмоқ учун тоси сипеҳр ичра шайн,
Ою қуёшдин қилибон Каъбатайн.

Тахта келиб чархи мунаққаш анга,
Бурж ҳисобидин ики шаш анга.

Тун кун ила муҳра намудорлиқ,
Анжум ила тахта садафкорлиқ.

Дахрда ҳар нақши савобу қусур,
Борчаси бу нарддин айлаб зуҳур.

Кўргузубон нақши хасису шариф,
Мисли қазову қадар икки ҳариф.

Чун очибон субҳ узори гулин,
Зулф этиб ул юз уза тун сунбулнн.

Ул юз ўлуб даҳрға кофурбез,
Устида ул зулф бўлуб мушкрез.

Оқу қаро узра бериб иштиҳор,
Мушк ила кофурини лайлу наҳор.

Чун ясабон ҳужраи тори димоғ,
Ақлдин ул ҳужрада ёқиб чароғ.

Ришта анга тори иноят бўлуб,
Шуъла анга нури ҳидоят бўлуб.

Андин олиб нур кўнгул маскани,
Лек ўчуруб ишқ елидин ани.

Ишқ елин еткурубон тунду тез,
Ақл алочуғин этиб рез-рез.

Ҳам учуруб зуҳду вараъ хирманин,
Ҳам совуруб сабру сукун масканин,

Боғи хирад нахлини хошок этиб,
Баҳри бало мавжини кўлок этиб.

Дарду бало ўтини тез айлабон,
Тез неким, чарх ситез айлабон.

Васл саҳобин чу қилиб қатрабор
Айлабон ул ўтқа сукун ошкор.

Ҳусн қуёшин қилиб офоқ сўз,
Партавини айлади олам фуруз.

Дема қуёш, равзаи ризвон дегил,
Равза ичинда гули хандон дегил.

Жилваси жон гулшани орониши,
Кўрмаги махзун кўнгул осойиши.

Зотиға жуз лутфу сафо бермайин,
Лекин анга бўйи вафо бермайин,

Ул чу вафо рангидин озод ўлуб,
Аҳли вафо жониға бедод ўлуб.

Кимга вафодин берибон чошни,
Бир нафас олмай кўзидин ёшни.

Кимки иши ғайри вафо қилмайин,
Баҳра анга ғайри жафо қилмайин.

Ишқни жон риштасиға банд этиб,
Васл кўнгул ториға пайванд этиб,

Водийи ҳажр ичра солиб кўп хатар,
Хору гиёҳини қилиб ништар,

Лоласини шуълаи оҳ айлабон,
Сабзасини заҳри гиёҳ айлабон.

Лола била сабзаси бу навъ бум
Ели эмас мумкин анинг жуз самум.

Ул ел эмасдур бу биёбон ўти,
Бил бу биёбон ўти — ҳижрон ўти.

Қимники бу шуъла била куйдуруб,
Кўкка ҳамул ел кулини совуруб.

Кимни кул айлаб бу самуми бало,
Дарду бало кўзгуси топиб жало.

Чун солиб ул кўзгу аро то бу нур
Ишқ юзига бериб андин зуҳур.

Дойирани жуз бу сифат тузмайин,
Силсилани бир-биридин узмайин.

Бир-бирига бўйла тузуб марҳала.
Силсилаға боғланибон силсила.

Айлади сокин қураи хокни,
Сойир этиб давраи афлокни.

Токи муҳит ўрниға афлок эрур,
Маркази онинг кураи хок эрур.

Лутфи била борчаға мавжудлуқ,
Қаҳридин-ўқ бўлғуси нобудлуқ.

[III]
АВВАЛҒИ МУНОЖОТ

Ҳақнинг аввалиятидаким, хирад анга соний билмас, балки аввал ва охир эли сано десалар анга лойиқи соний топилмас ва мумкинот гулша-нидағи гулларнинг адам шабистонидин вужуд гулистониға келмагининг сифати ва коинот бозо-ридағи дурларнинг хафо саҳобидин зуҳур дарё-сига тушганининг маърифати1.

Эй санга мабдаъда абаддек азал,
Зоти қадиминг абадий ламъязал.

Не бўлуб аввалда бидоят санга,
Не келиб охирда ниҳоят санга.

Аввал ўзунг, охиру мобайн ўзунг,
Борчаға холиқ, бориға айн ўзунг.

Андаки бор эрди ниҳон бу жаҳон,
Балки ниҳон доғи жаҳондек ниҳон.

Не сочибон кун юзи барги суман,
Не кечанинг турраси мушки Хутан.

Не очибон кўкда шафақ лолалар,
Не ёғиб дин анга жолалар.

Не еру не ер юзида бир киши,
Не кўку не ғайри ситам ер иши.

Ҳусн ўти ҳангома фуруз ўлмайин,
Ишқ элига мояи сўз ўлмайин.

Ерумайин шамъ ила кошонаи,
Куймай анинг ишқида парвонаи.

Жилваи ноз айламайин гул ҳануз,
Замзама чекмай анга булбул ҳануз.

Демаки наргис кўзи масти хароб,
Балки адам гулшанида масти хоб.

Хам боши муғ дайрида очилмайин,
Аҳли вараъ хирқа гарав қилмайин.

Ишва била муғбачаи майфуруш,
Зуҳд элини айламайин дурд нўш.

Кўргузуб орому сукун баҳри зот,
Мавж аён айламайин мумкинот.

Сен эдингу бас яна мавжуд йўқ,
Жилва қилиб ўзунгга ўз ҳуснунг-ўқ.

Мазҳар ўлуб ҳуснунгга миръоти ғайб,
Жилва қилиб анда хаёлоти ғайб.

Нозир ўзунг эрдинггу манзур ўзунг.
Ишқингга хуш ҳуснунгга мағрур ўзунг.

Бирлик эдию адади йўқ эди,
Бирдин ўзга аҳаде йўқ эди.

Йўқ эди худ илмингга ижмоли зот,
Монии тафсили шуюну сифот.

Лек ўшул чеҳраи ушшоқ сўз,
Ким анга ҳар ламъадур офоқ сўз,

Қилди мазоҳирда хаёли зуҳур,
Топқали ул ҳусн камоли зуҳур.

Жилваи ҳуснунгға чу йўқ эрди ҳад,
Кўзгу керак бўлди анга беадад.

Очти бу гулшанники рангин эрур,
Ҳар гул анга ойинаи чин эрур.

Жилваи ҳусн ўлғали зоҳир анга,
Бўлди бу миръот мазоҳир анга.

Восита бу эрдики қилдинг тамом,
Кўкни тўқуз лавҳаи ойинафом.

Бўлди сафо важҳида ҳар ахтари
Кўзгу киби ҳуснунг учун мазҳаре.

Меҳр юзин ойина ранг айладинг,
Юзда кусуфин анга занг айладинг.

Кўкни қилиб сафҳаи мину киби,
Айладинг ул сафҳани кўзгу киби.

Боғчасин даҳрнинг эттинг назиҳ,
Панжараси бўлди мусаддас гириҳ.

Сунъунг этиб конни муламмаъ гуҳар,
Ҳукмунг этиб тоғни мурассаъ камар.

Топти ёғин риштаси чун баҳри соф,
Ел илигин қилдинг анга ҳуллабоф.

Ел била чирмаштурубон тийрагард,
Чархдек эттинг ани гети навард.

Мунча ғаройибки мисол айладинг,
Борчани миръоти жамол айладинг.

Ганжинг аро нақд фаровон эди,
Лек боридин ғараз инсон эди.

Турфа каломингға доғи комил ул,
Сирри ниҳонингға доғи ҳомил ул.

Кўнглига қилдинг чу яқин ганжи қисм,
Жисмини ул ганжга қилдинг тилисм.

«Каррамано» келди маноқиб анга,
«Аҳсани тақвим» муносиб анга.

Маърифатинг ким қила олмай сифат,
Қилдинг ани орифи ул маърифат.

Илмиға ҳар зотни хайл айладинг,
Зотиға оламни туфайл айладинг.

Ёраб, ўшул ганжки маҳрам анга,
Кимса эмастур, магар одам анга,

Айла Навоийни бурун одамий,
Ким бўла олғай бу ҳарам маҳрами.

Ончаки розингға амин қил ани,
Ҳарне қилурсен яна сен бил ани.

[IV]
ИККИНЧИ МУНОЖОТ

Махлуқот зеболарининг жилваи зуҳуридаким, холиқи ашё азамати даргоҳига ондин суде етмас ва мавжудот раъноларининг ҳодисаи футуридаким, воҳиди доно жабарути боргоҳиға кимса андин зиёнбуде тасаввур этмас1.

Эй бори мавжудға сендин вужуд,
Балки вужуд аҳлиға файёзи жуд.

Катми адамдин неки мавжуд ўлуб,
Сожид ўлуб, сен анга масжуд ўлуб,

Кимки боши саждада — масжудисен,
Кимки юзи қиблада — маъбудисен.

Мунчаки афлок сабук санг эрур,
Ё кураи хок куҳан ланг эрур.

Сендин алар жунбишу ороми ҳам,
Уйлаки, ижоди ҳам, эъдоми ҳам,

Гунбади мино била тоқи сипеҳр,
Ким анга шамъ анжум эрур, шамса — меҳр.

Даркида қосир бўлубон ҳислари,
Чун кўрубон ақл муҳандислари.

Бўлмади юз ончаға меъморлиқ,
Санъатинг устодиға душворлиқ

Ё десанг ул вазъға етсун халал,
Қаҳринга бордур бу халал филмасал.

Тунд ел олинда овуч хокдек,
Илдирим ўтрусида хошокдек.

Сарсари қаҳринг чу бўлуб кўҳкан,
Тоғ булут янглиғ бўлуб наъразан.

Соврулубон кўк бир этак кул киби,
Қўзғалиб анжум бир овуч гул киби,

Майл адам даштиға айлаб Зуҳал
Пар бутуб эгнида нечукким жуал.

Қатъ ҳаётин кўрубон Муштари
Тахтаву тобути бўлуб минбари.

Тез этибон қатлиға Баҳром тиғ,
Тортибон ўз ҳолиға ҳардам дариғ.

Бўйла қаро кун аро меҳри мунир,
Тийра бўлуб ўйлаки бир курси қийр.

Зуҳра ушотиб даф ила чангини,
Навҳа кўкида тузуб оҳангини

Тийр илигида не қалам, не рақам,
Балки рақам ояти «жаффал-қалам».

Аҳли адам шомиға зулмат физой,
Таҳти шиои абадий ичра ой.

Ўт чекибон шуълаи бебокни.
Чўркабон анжум била афлокни.

Ел кўк ила ерни табоҳ айлабон,
Ўйлаки мазлумлар оҳ айлабон.

Баҳрға бир валвалау изтироб,
Ким тегиб ахтар юзига ҳар ҳубоб.

Ер қўпуб ўрнидин ўлуб ҳамла гард,
Ким итиб анда фалаки ложувард.

Одамий ул дамда анингдек адам,
Ким бу дам одамда вафову карам

Ер тутубон авжу фалак таҳ тушуб,
Гаҳ бу чиқиб юқори, ул гаҳ тушуб.

Ўт қилибон баҳрда ғаввослиқ,
Тоғ этибон чарх уза раққослиқ.

Чарх мисосида булутдек ғирев,
Девзада ўйлаки кўрганда дев.

Тоғу фалакларда тароқо тароқ,
Борча тароқида аён алфироқ.

Бир неча дам борчаға бу рустахез,
Токи фано сарсари эсгунча тез.

Ул чу эсиб тоза вагар худ куҳун,
Бир дам аро «кона каан лам якун»,

Тенгри қолиб боқию дайёр йўқ,
Ер муаббад бўлуб ағёр йўқ,

Арз у фалак йўқидину боридин,
Борчанинг ихфосию изҳоридин.

Не азамат ичра анга суд ўлуб,
Не жабарутиға зиёнбуд ўлуб.

Сўз «Лиманил-мулк» ўлуб ул дам анга,
Ким ангадур мулк мусаллам анга.

Ёраб, агар етсам ўшул кунга жазм,
Ёки бурун айласам ул ёнға азм,

Ул нафас имон манга ҳамроҳ қил,
Кўнглум аро маҳви сиваллоҳ қил.

Раҳмати омингни нисор эт манга,
Лутфи амийминг манга ёр эт манга.

[V]
УЧУНЧИ МУНОЖОТ

Ул маънидаким, олам ва одамни вужуд кошона-сидин адам фаромушхонасиға солмоқ вужуди мутлақдин ўзга вужуд тутмас ва бу маънини вужуд аҳли андин ўзга вужудқа мутлақо ёвутмас ва исён зулматида аёқдин тушганларга хулосаи олам шафоати дастгир дурур ва ул шафиъ-шафоат қилғонларға холиқи олам ва одам шафоат пазир1.

Эй қилибон қаҳр ила лутфунг шиор,
Борни йўқ айламаку йўқни бор,

Йўқ эдилар ҳар неки — бор айладинг,
Фаҳму хирад бориға ёр айладинг.

Ҳам тўқуз афлокни чектинг рафиъ,
Ҳам кураи хокни ёйдинг васиъ

Гар фалакиёту аносир дурур,
Борча самин қадр жавоҳир дурур.

Конию ҳайвони, агар худ набот,
Ҳар бири бир гавҳари олий сифот.

Борчасини гарчи латиф айладинг,
Борчадин инсонни шариф айладинг,

Қатрағача қулзуми заҳҳордин,
Заррағача шамсаи заркордин,

Они мунга, муни анга банд этиб,
Бир-бирига борчани пайванд этиб,

Воситалар бўлди аён тў-батў,
Бир-бирига боғланибон мў-бамў.

То тикилиб ушбу биник боргоҳ,
Бўлди муҳайё бу улуғ коргоҳ.

Онча бўлуб вусъату оройиши,
Ким сари мў йўқ яна гунжойиши.

Борчасини бузмоқ агар истасанг,
Боштин-оёқ зеру забар истасанг,

Гарчи эрур ақл ҳаросон басе,
Ул доғи олингдадур осон басе

Чун қилибон қудратинг изҳорини,
Бирисининг қўймағунг осорини.

Эмдики жунбушқа келиб баҳри жуд,
Зоҳир этарсен чу адамдин вужуд,

Кимки ҳисоб айласалар мавтидин,
Минг йилу ўн минг йил ўтуб фавтидин,

Қолабинииг дафтари ажзо бўлуб,
Жузвлари лоятажаззо бўлуб.

Зоҳир ўлур «буъсира мо фил-қубур»,
Жилва қилур «ҳуссила мо фис-судур».

«Явмаизин мохалақаллоҳу фиҳ»
«Явма яфиррул-маръу мин ахиҳ».

Не кун ўшул оҳу надомат куни,
Оҳу надомат не, қиёмат куни.

Аввалу охир эли зору асир,
Ҳар бир ўз аҳволиға тортиб нафир.

Бу чекиб ўз дарди учун вой-вой,
Йиғлаб ул ўз меҳнатиға ҳой-ҳой.

Қайси фиғонким жазаи маҳшар ул,
Қайси йиғиким фазаи акбар ул.

Номалар эл олниға паррон ўлуб,
Кўрмагидин эл юраги қон ўлуб,

Борчаси исён била бадхўйлуқ
Бадхўлуқ йўқки, сияҳ рўйлуқ.

Қизға ано боқмай, ўғулға ато
Борчасининг оғзида воҳасрато!

Ҳар сори журм аҳли гуруҳо-гуруҳ,
Юкланибон журмлари кўҳ-кўҳ.

Ҳар бири бир ҳайати ҳойил била,
Боғланиб ағлолу салосил била.

Ҳам томуғ ўти солибон рустхез,
Кўрмагидин эл сўнгаки рез-рез.

Ҳам гули фирдавс бўлуб жилвагар,
Ҳасрати дўзах ўтидин ҳам батар.

Кун қизиғидин қилибон мағз жўш,
Кўкка чекиб аҳли қиёмат хуруш.

Кўпрук ўлуб ўйлаки тори хаёл,
Лек хаёлеки ул ўлғай маҳол.

Кучланибон панжау бозуйи адл,
Асрабон ойини тарозуйи адл.

Ҳокими одил бўлубон ҳукмрон,
«Дома лаҳул-мулк, ва лаҳул-ҳукм шон»,

Авж тутуб шуълаи жабборлиқ,
Мавж уруб лужжаи қаҳҳорлиқ,

Ҳам мутафаккир бўлубон авлиё,
Ҳам мутаҳаййир қолибон анбиё.

Ғайри набийи арабий ул нафас,
Ким бўлубон халқ шафиию бас.

Гоҳ сирот устигача рўй уруб,
Лаҳзаи мезонға таку пўй уруб.

Солибон оғзига бийик ҳиммати,
Замзамаи «уммати во уммати!»

Йўқки ҳамин уммати гумроҳни,
Балки тилаб мохалақаллоҳни

Ҳарне таманноки расул айлабон,
Борчасини тенгри қабул айлабон,

Бўлса не мақсудға майли анинг,
Ҳақдин ўлуб барча туфайли анинг.

Ёраб, анинг ҳаққики қилдинг насиб,
Мартабаиким санга бўлди ҳабиб,

Ким бу сифат анжумани ғам аро,
Ғам демайин, мажмаи мотам аро,

Ким ани оламға шафиъ айлагунг,
Сўзунгга лутфунгни мутиъ айлагунг.

Бўлғуси журм аҳлини истар замон,
Истамагию караминг тавъамон.

Умматидин келса бир ул навъ хайл,
Ким бориға бўлса жазо чоҳу вайл,

Умрида келмай биридин бир амал,
Ғайри хатоеки, топиб дин халал.

Жонлари андуҳ ўтидин ғам аро,
Юзлари исён тутунидин қаро.

Истаса ул қавм халосини ҳам,
Кўзига учрат мени осийни ҳам.

[VI]
ТЎРТУНЧИ МУНОЖОТ

Карам дарёси васфидаким, иноят насимидин мавжға кирса, исён хасу хошокин қироғларға итурур ва кўҳи гуноҳдин лангар солғонларнинг гаронжонлиқ кемасин бир пари коҳдек мақсуд соҳилиға еткурур1.

Эй караминг оллида кўҳи гуноҳ,
Елга учуб ўйлаки бир парри коҳ.

Нечаки жамъ ўлса сомон кўҳ-кўҳ,
Ел қошида анга не бўлғай шукуҳ.

Жумла жаҳон аҳли хато қилсалар,
Журм билан нома қаро қилсалар,

Номани оқ айламак осон санга,
Ким йўқ ўшул амрда нуқсон санга

Тунки тузуб шуъбада ҳангомасин,
Қилди қаро аҳли жаҳон номасин.

Лутф қуёшиға чу бердинг зуҳур,
Меҳр ила қилдинг бори зулматни нур.

Чун санаме айлади эл кийнидан,
Гулни ниҳон сунбули мушкинидин

Елни қилиб чобуки бурқаъ рабой,
Кеча саводида аён қилдинг ой.

Афв чароғи қачон ўлғай ёруқ,
Қилмаса исён туни осий ёзуқ?

Журм ўтиға бўлмаса гар шуъла тез,
Абри карам қайда бўлур қатра рез?

Қилмаса олуда этак хирқапўш,
Ҳожат эмас баҳри иноятқа жўш.

Йиқмаса май айлабон элни асир,
Лутф илиги кимга бўлур дастгир?

Зуҳд ила қавмеки вараъ қилдилар,
Қилғон учун музд тамаъ қилдилар.

Ҳар амалеким киши хайр айлагай,
Коми буким равзада сайр айлагай.

Айламаган май била олуда лаб,
Тонгла қилур бодаи кавсар талаб,

Мунда жамил истамаган ҳеч кас,
Анда қилур ҳур жамолин ҳавас.

Гўшаи вайрнани қилғон паноҳ,
Қасри мурассаъ тилар оромгоҳ.

Ҳар киши бир қатъ таматтуъ қилур,
Муздини юз онча таваққуъ қилур.

Аҳли вараъ гар бори музд олсалар,
Нома сияҳ хайл боқиб қолсалар,

Айламагинг афви хато бас қани?
Баҳри карам бирла ато бас қани?

Лутфу карам баҳри лаболаб туруб,
Бир неча лаб ташнанинг оғзи қуруб,

Барчаларин ташна лаб ўлтурмагинг,
Ё бу тенгиз теграсиднн сурмагинг,

Мумкин эрурму экин оё бу иш?
Айлагасен сен ҳар иш, илло бу иш!

Ҳар киши осию гунаҳкорроқ,
Афв ила раҳматқа сазоворроқ.

Аҳли вараъ ажри бўлуб гар биҳишт,
Куйса томуғ ўтиға исён сиришт.

Ул топибон равзани этса фароғ,
Дўзах аро бўлса мунга дарду доғ.

Лутфу карам ганжини неткунг дурур?
Кимга ато ву карам эткунг дурур?

Бир неча муҳтожу асиру гадо,
Юзлари силлийи гунаҳдин қаро,

Қайтса хони ниамингдин сенинг,
Ҳошо, лутфу карамингдин сенинг!

Хон анга ёйғилки эрур муштаҳи,
Тўқ емас, ар еса бўлур мумтали.

Ўтса қуруб қолғон экиндин булут
Баҳр уза ё асради ё ёғди тут.

Ансаб анга луқмаки ул оч эрур,
Авли анга тўнки яланғоч эрур.

Бу бори афсонаи беҳудадур,
Кимки сен уммиди сен осудадур.

Ёраб, урарда караминг баҳри жўш,
Чексалар ул хайл фиғону хурўш.

Гарчи гунаҳнинг ҳаду поёни йўқ,
Айламасанг раҳм ҳам имкони йўқ.

Чун чекибон лутф саропардасин,
Кечсанг алар кардау нокардасин,

Бўлса наво бирла бори муҳтарам,
Айлама маҳрум Навоийни ҳам.

Эрмас анга ҳур ила жаннат ҳавас,
Сен анга бўлғилки, анга ушбу бас.

[VII]
АВВАЛҒИ НАЪТ

Ул ҳазратнинг нури қидамиятидаким зот баҳ-рининг аввалғи жунбушида ул дурри бебаҳо ламъаси хафо риштасин узди ва ул гавҳари якто ашиъаси ламъа кўргузди ва дурждин дуржға интиқол этти то Сафиюллоҳдин Абдуллоҳға етти1.

Эй қилибон ламъаи нурунг зуҳур,
Андаки не соя бор эрди, не нур.

Нурунгга тоб икки жаҳондин бурун,
Ҳарне йўқ андин бурун, андин бурун.

Зовияи ҳашмға ҳар зотдин,
Руҳ ёқиб шамъ бу мишкотдин.

Топти азал субҳи чу базминг чароғ,
Не тонг агар ёруса юз минг чароғ.

Бўлди санга Одам сабқатнамо,
Аввал ўғул, сўнгра гар ўлса ато.

Наслида ҳарким анга пайванд ўлуб,
Борчаси фарзандингга фарзанд ўлуб.

Кимки мунга даъвийи ҳужжат этар,
«Кунту набийян» анга ҳужжат етар.

Ўзга далил истаса табъи сақим,
Басдурур Одамда «алиф», «долу», «мим».

Борчаси Аҳмадда топиб иззу шон,
Ўғлида уч ҳарф атодин нишон.

«Ҳо» ( ) и муҳаббат санга-ўқдур насиб,
Ким сени ҳақ деди ўзига ҳабиб.

Ҳар неки ҳақ важҳи аро мубҳам ул,
Зоҳир этиб юзда ҳабиби ҳам ул.

Шоҳид этиб чеҳра бу кўзгу анга,
Ул не қилиб, кўргузубон бу анга.

Айлади чун одами хокий зуҳур,
Солди анга партавин ул пок нур.

Нур дема, бориқаи сармадий,
Бориқа йўқ, шаъшаи Аҳмадий.

Бўлди чу Одамда бу партав ниҳон,
Анда ниҳон, лек юзида аён.

Эгнига ёпилди дуввожи шараф,
Қилди макон бошиға тожи шараф

Тахти рисолат уза шоҳ ўлди ул,
Хайли малойикка паноҳ ўлди ул.

Истади Ҳавво била чун иттисол,
Айлади Ҳаввоға бу нур интиқол.

Поку жамил айлади Ҳавво юзин,
Уйлаки ҳақ партави ҳавро юзин.

Шисқа чун бўлди яна мунтақил,
Ойни қилур эрди юзи мунфаил.

Риштасидин чун бу гуҳар бўлди кам,
Бир садаф ўлди яна гавҳар шикам.

То атодин ато, анодин ано,
Бир ано ким йўқ эди андоқ яно.

Бўлди рисолат дурининг махзани,
Балки нубувват гулининг гулшани.

Бўлғач-ўқ ул дурға садаф пардапўш,
Тушти жаҳон баҳриға жўшу хурўш.

Эмдики рафъ этти юзидин ниқоб,
Туғмади андоқ яна бир офтоб.

Ғам тунини нур сиришт айлади,
Ер юзини боғи биҳишт айлади.

https://lh4.googleusercontent.com/-jU8o9amW6LY/U8u3tgMicvI/AAAAAAAAP4Q/w47e0VoLnFE/s485/0%2520content.JPG

(Tashriflar: umumiy 320, bugungi 1)

Izoh qoldiring