Anvar Namozov. Hazil.

08

Чиқиб кетаётиб Шарофнинг столи устида ётган бир тахлам беш юзталикка кўзи тушди. Одатда шундай: “ярқираган” нарса тезда диққатни тортади. Уҳ, товланишини! Пул билан бирга Шарофнинг рўмолчаси, телефони ҳам турарди. Хонада ҳеч ким йўқ, кимдир кетган, кимдир шу атрофда ивирсиб юрибди.

001

Анвар Намозов
Ҳ А З И Л

Ҳикоя

07  Анвар Намозов Бойсунда туғилган. 1993 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатган. Талабалик давридаёқ унинг ижод намуналари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Оила ва жамият” газеталарида чоп этилган. “Зарафшон”, “Даракчи” газеталарида ишлаган. Бир талай мақолалари ва бадиий ижод намуналари “Ҳуррият”, “Моҳият”, “Бекажон”, “Парвона” ва бошқа вақтли матбуот нашларида ҳам эълон қилинган.

02

002Козим хонага шошиб кирди. Илгакдан костюмини олиб эгнига илди. Чиқиб кетаётиб Шарофнинг столи устида ётган бир тахлам беш юзталикка кўзи тушди. Одатда шундай: “ярқираган” нарса тезда диққатни тортади. Уҳ, товланишини! Пул билан бирга Шарофнинг рўмолчаси, телефони ҳам турарди. Хонада ҳеч ким йўқ, кимдир кетган, кимдир шу атрофда ивирсиб юрибди.
Оббо, Шароф-ей, пулим йўқ, деётганди-ку, писмиқ.

Козим кулимсираб, столга яқин келди. Пулни қўлига олиб, эшикка қараганча Шарофнинг келишини кутиб турди. Аммо у ҳадеганда келавермади. Имиллаб юради – шу одати бор. Тавба, пулим стол устида турибди, деб ўйламайдиям!
Эллик минг! Қаердан олди экан? Боя, тушлик пайти нолиётганди-ку!
– Шошмай тур, – Козим шундай деб пулни костюмининг ички чўнтагига солди. – Сени бир чирқиратай!
Кейин шошилмай хонада чиқди. У ёқ-бу ёққа қараб, нигоҳи билан Шарофни излаган бўлди.
– Ўв, йигит, тез келинг, – деди Козимни имлаб Эминов. – Ҳа, сизга айтяпман, Козимжон. Бунақа талмовсираманг.
Козим аччиқланганини сездирмасликка тиришиб Эминовнинг олдига борди. Аксига олиб Эминов индамай хонасига кирди. Демак, Козим унинг ортидан тчкарига кириши керак. Бу вайсақи чол энди ярим соат лақиллайди. Кимга кўзи тушса, чақириб олиб, миясини қоқиб қўлига берадиган одати бор. Пенсияга чиқиб ҳам ходимлар ундан қутулишмади. Нима эмиш, Эминов – зўр мутахассис, ишхонани кўтариб турармиш! Энди у – маслаҳатчи! Ўринбосарлардан ҳам юқори турар эмиш! Буни мажлисда Юнусовнинг шахсан ўзи томоқ қириб, алоҳида таъкидлаган.
Қаери маслаҳатчи? Қайтага ходимларни чақириб, ишдан қолдириб ўтиради-ку! Вайсайверади-вайсайверади. “Биз бир пайтлар ундоқ ишлаганмиз, бундоқ ишлаганмиз, сизлар нега ландовурсизлар? Иш тугагандан уйга ҳайдаб кетасизлар! Ишхона учун қайғурмайсизлар!..”
– Менга иш режангиз умуман ёқмади, – деб гап бошлади Эминов. – Сиз ўзи режа тузишни биласизми, Козимжон?
Козим бетоқатланиб очиқ қолган эшикка қараган эди, Эминов эринмай ўрнидан туриб, эшикни ёпиб қўйди. Козим яна диққат бўлди. Шароф хонага кириб келган бўлса, ҳамма ёқни титкилаб ташлайди. Нега шу пулни олди?..
– Ҳозир, Собит ака, бир дақиқага, – ортига қайтмоқчи бўлди Козим. Қўлини кўксига олиб борди: – Мановини…
– Ўтиринг, – Эминовнинг овози буйруқ оҳангида янгради. – Қанақа боласизлар-ей, мен ишдан гапирсам, сизларнинг ҳушларинг аллақаёда бўлади-я! Кеча Санжар Юнусович нима дедилар, эшитдингизми, ақлларингни йиғиштириб олинглар, дедилар… Ўтиринг, дедим сизга… Билиб қўйинг, ҳеч бир иш номига қилинмаслиги керак. Сиз агар жони жаҳонингизни бермасангиз, ишда унум бўлмайди. Нима бу? Режа ҳам шундай ёзиладими? Сал жон куйдиринглар, одам-л-а-р! Мана бу пунктни қаранг… Буни қаранг, деяпман…
Козимнинг телефони жиринглай бошлади. У Эминовга бор эътибор қаратгандек бўлиб ўтираверди.
– Э, олинг телефонингизни! – жеркиб берди Эминов. – Шу соткани чиқарганга минг лаънат. Асабларим ўйнаб кетади.
Козим телефондаги рақамга қаради: “Баҳром қўшни!” Кейин тезда қулоғига олиб борди.
– Э, қанақа одамсиз? – деди телефоннинг нариги томонидаги одам. – Шунча одам кутиб ўтирибди.
– Ҳозир, ҳозир, – жавоб берди Козим мумкин қадар паст овозда.
– Хотинидан қўрқади, десалар, ишонмасдим. Ё ўзим рухсат олиб берайми?
– Сизлар бораверинглар, мен ўзим, – Козим шундай деб телефонинин ўчирди.
Эминов унга олайиб қараб турарди.
– Бир тўда бекорчиларда-а? – деди у. – Мана бунга қаранг… Э, қаёққа қараяпсиз?.. Мана бунга, деяпман. Сиз ўзи инфратузилма нималигини биласизми? Билмайсиз, билмайсиз. Билмасангиз, нима қилиб юрибсиз бу ишхонада?! Иш режаси дегани юқоридан келган дастурни шундоқ кўчириб қўйиш эмас, тушундингизми? Айтаман-ку, шунчаки номига, хўжакўрсинга ишлайсизлар. Кейин эса Санжар Юнусович билан мен тозалаб чиқишимиз керак…
Козим коридор бўйлаб бир-бир кетаётган ходимларнинг қадам товушини эшитганича, ичидан зил кетиб ўтирди. Бошқа чораси ҳам йўқ. Ҳозир мабодо бир оғиз гап қайтарадиган бўлса, Эминов ҳаммасини қайтадан бошлайди. Жаҳли чиқса, Козимнинг устидан билдиришнома ёзиб беришдан ҳам тоймайди. Кейин додингни Худога айтасан.
Айни дамда қайсидир шоирнинг мисраси Козимнинг ёдига тушди. “Кўзим чиқсин сенга тикилгунча” эди, шекилли, деб эслашга уринди.
Бироздан сўнг унинг телефони яна жиринглади. Козим тезда ўчирди. Эминов эса гапираверди, алланималарни сўраб, ўзи жавоб бераверди, сира чарчамади, аксинча гапирган сайин куч олиб, вайсайверди. Козимнинг “иш режаси”ни чизиб-чизиб ташлади.
Орадан бир аср ўтди. Агар эшик очилиб, Санжар Юнусович мўраламаганида у ҳалиям тинмасди.
Эминовнинг юзига бирданига табассум югуриб, ўрнидан турди. Козим ҳам эшикдан ҳурлик шабадаси эсгандек беихтиёр туриб кетди.
– Э, қойил, Собит ака, токи мен кетмасам кетмайсиз-а?! – деди Санжар Юнусович Козимга парво ҳам қилмай, Эминовга кўз тикканча. – А, бу эртароқ бориб, набираларни қўйнингизга олиб ўтирмайсизми!
– Ҳа, энди биласиз-ку, ишни кўзимиз қиймайди, – шундай деб Эминов қўлини Козимга қарата бигиз қилди. – Мана бу ёшларни айтаман, Санжар Юнусович, қўлидан бир иш келмайди. Иш режаси эмас, враньё! Қачон одам бўлади-я булар? Умумий гап билан тўлдириб ташлаган, аниқ режалар йўқ?..
Санжар Юнусович Козимга норози қараб қўйди. Кейин ичкарига кириб келиб, Эминовга яқинлашди:
– Бошқармадан хат келган, сизга ҳали беришмадими?
– Йўқ, – деб бош чайқади Эминов.
– Айтаман, беришади. Шунга бир чиройли жавоб ёзиб беринг, ўзингиз кифтини келтириб ташлайсиз-ку! Ўзи бошидан серғалва иш эди, аммо нега бунча ёпишиб олишган, ҳайронман. Анови масала, эсланг, Туробова! Шикоят ёзишни қўймайди, – шундай деб Санжар Юнусович Козимга ўгирилди: – Сен бор, чиқ, гап пойлаб турмай.
Козим бўйнини эгиб, хўп, деганча хонадан чиқиб кетди. Тезда хонаси томон югурди.
Эшикни қулфлаб кетишибди. Козимнинг папкаси ичкарида қолиб кетган. Яни телефони жиринглади.
– Э, жа лаълига солдингиз-да ўзиям! – деди Содиқ. – Бир сафар вақтли келармикан, девдик.
– Боряпман, боряпман, – шошилиб жавоб берди Козим…
Йўловчи машинани тўхтатиб, манзилни тушунтиргунча яна икки марта қўнғироқ қилишди. Қай бирига тушунтирасан Эминов ҳақида? Козим машинага ўтиргачгина ички чўнтагида пул борлигини илғаб, Шароф ҳақида ўйлади. Нима қилган экан у? Излаб тополмай, хуноб бўлиб кетган бўлса керак. Қўнғироқ қилиб, ҳазиллашганини айтиш керак эди-да!.. Ҳойнаҳой, сўкиб берса керак у. Кейин – эртага у ҳам шумликни бошлайди…

Қўшнилар ғала-ғовур билан кутиб олдилар. “Штрафной”, деб пиёлани тўлдириб беришди. Козим бу пиёлани бўшатгунича кўз ёшлари чиқиб кетди. Кейин газакка ёпишди. Овқатга ўзини урди. Пиёлалар тўқиштирилди… Яна… Баҳромнинг шаънига илиқ сўзлар айтилди…

– Э, э, э, мен биттасига телефон қилишим керак эди-ку, – деди Козим. – Ҳозир… ҳозир…
У Шарофнинг рақамини терган ҳам эди, Мақсуд ака телефонини тортиб олди. Индамай ўзининг чўнтагига солди. Кейин ёнидаги Баҳромга қараб, уни тинглай бошлади.
– Бу ҳаёт-мамот масаласи, – деб тиржайди Козим. – Бериб туринг, Мақсуд ака, шундоқ гапираман-у ўчираман.
Мақсуд ака Козимга қарамадиям…

Анча кеч қайтдилар. Козим ҳамма қатори сархуш, кайфи чоғ, кундузги ғалвалардан холи, руҳи кўтаринки эди. Уйга келиб, хотинини роса кулдириб, чин дилдан севги изҳор қилди. Костюмини жавонга илаётиб, чўнтакдаги пулга кўзи тушди. Кеч бўлсаям Шарофга қўнғироқ қилмоқчи бўлди. Аммо… қўл телефони Мақсуд акада қолиб кетган, Шарофнинг рақами ўша телефонда ёзилган эди.
– Анови Мақсуд акаларнинг уй телефони неччи? – деб сўради Василадан. – Қайси подъездда туради ўзи?
– Қизиқсиз, мен қаёқдан биламан? – деди хотини. – Нима гап? Ҳозир борсангиз, у одам яна ичиради…

Козим эртасига боши зилдай бўлиб уйғонди. Банкадаги муздай қатиқни ичаркан, ташналиги қонгандек бўлди. Кейин ишга шошилди.
Ҳаммадан кейин Шароф кириб келди.
– Кеча столим устида эллик минг сўм турганди, ўша йўқ, – деди дарҳол.
Козим ҳушига келгандек бўлди. Шундай бўлса-да, сир бой бермай, Шарофни хуноб қилишни режа қилди:
– Пулим йўқ, дегандингиз-ку, Шарофбой. Эллик мингни Ибн Ҳаттоб бериб кетганмиди?
– Кассирдан олувдим, кассирдан, – Шароф тортмаларни титкилашда давом этаркан минғирлади. – Норози бўлиб берганди-я, онангни…
Олим маҳмадоналик билан деди:
– Фаррош опа олган, бошқа ҳеч ким эмас. Эшикни ўша қулфлайди-ку!
– Бировга туҳмат қилиш яхши эмас, – деди Козим кулгиси қистагани учун бошини кўтармай. Кейин секин қўлини костюмининг ички чўнтагига солиб, жим бўлди: пул йўқ эди!
– Бу туҳмат эмас, агар ҳозирдан олдини олмасак, эртага бошқаларнинг ҳам пули йўқолади, – давом этди Олим.
Козим чўнтакларини астагина пайпаслаб кўрар, кеча кечқурун тушириб қўймаганмикан, деган ўйга ҳам борган эди. Кейин туйқус хулоса чиқарди: “хотиним олган”.

Зокир ака Шарофга роса панд-насиҳат қилди. Нима эмиш, ҳозир ёнингдаги одамга ҳам ишонма! Қайси калла билан стол устига қўйиб, чиқиб кетасан? Шу пайтгача ҳеч нима ўғирланмаган, деганинг нимаси? Кўза кунда эмас, кунида синади. Мана, синди-ку!.. Ўша пайтда қўшни бўлимда бало бормиди? Пулингни киссангга солиб юр эди…

Хуллас, бўлимда ваҳима авжига чиқди. Козим индамай ўтиришни лозим топди. Чунки энди гап болалаб бўлган эди. Кеча кечқурун жилла қурса машинада кетаётиб Шарофга қўнғироқ қилиб қўйганида бунчалик ваҳима чиқмасди.

Аста-секин бошқа бўлимдагилар ҳам пул йўқолгани ҳақида эшитишди. Қаердандир фаррош опани ҳам топиб келдилар. У кўзларини катта-катта очганича кеча пул-мул кўрмаганини айтиб, тавалло қилди. Ҳаммадан кўра Шарофнинг ўзини айблаганлар кўп эди: шу анқовлиги бўлса, ҳадемай уйини тунаб кетишсаям билмай қолади!

Пайт топиб, Козим бўшроқ хона топди-да, уйга қўнғироқ қилди:
– Ҳа, мен олдим, – деди Васила. – Қаттиқроқ гапирсангиз-чи, эшитилмаяпти.
– Нега сўрамай оласан? – бўғриқди Козим. – У бировнинг пули эди.
– Алдаманг, – деб кулди хотини. – Бировнинг пули чўнтагингизда нима қилади?
– Э, ўчир, – ўдағайлади Козим. – Эрталаб бир оғиз айтсанг ўласанми шуни? Онанг ўғри бўлсин, деб туққанми сени? Шошмай тур, уйга борай, ўзим биламан!

Василанинг саси чиқмади. Козим гўшакни қўйиб, қанча асабийлашмасин, юзига хотиржам тус беришга ҳаракат қилди. “Ёки ҳозир ҳам кечмасикан? Мен олганимни айтсаммикан?” – деб ўйлади. Хонага зўрға қайтиб кирди. Энди Олим фаррошни ёқлаб, у олмаганига ишонтириш билан овора эди. Қасам ичибди. Роса йиғлабди. Болаларини ўртага қўйиб қасам ичибди.

– Бундай қўйиб бўлмайди, – деди Зокир ака. – Санжар Юнусовичга айтиш керак.

Шароф бош чайқади:
–– Йўғ-ей!.. Ундай қилмаймиз. Ўзи шундоқ ҳам хонамиз ваҳиманинг уяси бўлиб кетди. Майли, эллик минг экан-ку, садқайи сар!
– Гап эллик мингда эмас, ўғриликда! – бўш келмади Зокир ака. – Мелиса чақирадиган бўлсак, Санжар Юнусовичнинг олдидан ўтишимиз керак-ку, ахир!..

Козим мук тушган кўйи индамай ўтирарди.

Тушлик вақти ҳам бўлди. Бешовлон ўртасида яна шу мавзу кўтарилди. Бу сафар Козим зўрма-зўракилик билан бўлса-да, ўзича фикр билдирди. Аммо у Шарофнинг кўзига қарай олмас, ўзини айбдор, ожиз, нотавон сезарди.
– Агар бошлиқ билса, биринчи бўлиб кассирни уришади, – деди Шароф. – Ўзи юз минг сўрагандим, бор-йўғи шу деб берганди. Шунинг учун ҳеч кимга билдирмаслик керак эди. Аҳмоқлар эса гап тарқатиб бўлди…

Кечга яқин бу гаплар унутилай деганда Шарофни Эминов чақирибди. Роса эзғилаб сўрабди. Эллик минг сўмни қаердан олгани, нима учун йўқотгани… хуллас, абжағини чиқариб суриштирибди. Козим ҳисобчидан олганини айтмабди, албатта. Қарз олгандим, дебди. “Хўш, кимдан?” “Бир танишимдан”. “Ўша танишингиз ким?” “Сиз танимайсиз, Собит ака”. “Ким билади, балки алдаётгандирсиз?” “Ие, менга алдаб зарурми, нега алдайман?” “Кимдан олгансиз?” “Ўша пулдан кечиб юбордим, менга умуман керак эмас”. “Сиз нега иддао қиласиз, нега бетимга сакрайсиз?..” ва ҳоказо… ҳоказо…

– Ким олган бўлса, қўли синсин, менга бало орттирмай, – дея бўғилди хонада Шароф. – Кичкинамизга қиш олдидан кийим-кечак олмоқчи эдик, бир тийин бўлди…

Кечқурун Козим хотинини бўралатиб сўкди. У жилла қурса, ўша пулни Шарофнинг тормасига билдирмай солиб қўймоқчи эди. Васила эса эрталабданоқ пулни ўзининг “гапи”га бериб юборганмиш! Эрининг ўғри деган гапига чидолмай, йиғлаб юборди:
– Мен ўғрими ё сизми? Мен-ку, сиздан сўрамай олибман, эримники, деб. Хотинингизман, ҳаққим бор, сиз-чи? Ҳамма балони бошлаган ўзингиз-ку! Отамдан олиб онамга соласиз, ўғрининг боласи бўлсам, нега менга уйлангансиз?!.

Козим жаҳл билан хотинига бир шапалоқ туширди. Болалар ҳам онасига қўшилиб ҳўнграб юбордилар. Ҳамманинг дили сиёҳ, оиладан тинчлик қочган эди. Айниқса, Козим жиғибийрон эди. Уйда озгина пул бор. Энди эллик мингни қаердан топади? Агар ўрнига қўймаса…

Козимга ҳадемай ишхонадагилар унинг пулни олганидан бохабар бўладигандек туюлиб кетди. Йўқ, ҳозир пул топиб, Шарофга элтиб бериши керак. Бор гапни бўйнига олиши керак. Ўлдими, Шароф тушунар!.. Кимдан олса экан эллик мингни? Аниқроғи, ким бераркан?..
– Телефоним қани? – деб бақирди у. – Олиб келди, девдинг, қани, деяпман!.. Сен, аҳмоқ, фақат гапингни ўйлайсан. Бу пул қаердан келди, деб бир оғиз сўрасанг ўлармидинг?!.
Кўзлари қизарган Васила ҳиқиллаб-ҳиқиллаб, телефонни олиб келди. Кейин ўқрайиб қараб, ортига қайтди.

Шу пайтда кимдан пул сўрашни билмасди Козим. Таваккал қилиб Мақсуд аканинг рақамини терди. “Меники доллар, – деди у, – сўмим йўқ эди-я, укамга бермоқчи эдим…” Содиқ дангалини айтди: “Мен ҳеч кимга қарз бермайман, биласиз-ку!” Козим Баҳромга қўнғироқ қилолмади: еган оғиз уялар!.. Бир-икки таниши билан боғланиб сўраб кўрди… Тавба, ўзингда йўқ – оламда йўқ!.. Ҳамкасблардан сўрашга ҳайиқди, сўрагани билан ҳам уларнинг аҳволини билади. Кўз олдига совуқдан жунжикиб турган Шарофнинг қизчаси гавдаланиб, виждони қийналди.
Ўйлаб-ўйлаб хотинини чақирди:
– Менга қара, – деди босиқлик билан, – агар Шарофга айтсам, тушунар-а? Бир-икки кунда топиб бераман, дейман. Пулимни топдим, уйга қўйган эканман, дегин, деб илтимос қиламан. Шундай десам бўладими?.. Ўв, бас қил энди, нега гапирмайсан?.. Сени одам деб маслаҳат сўраяпман.
– Билмадим, – деди Васила тумтайиб.

– Йўқ, ҳозир барибир пул топиб беролмайсан-ку, тўғрими? Мен ҳам ҳаммадан сўраб кўрдим. Шунга айтяпман, агар Шарофга ётиғи билан тушунтирсам… одам-ку, ҳайвон эмас-ку!.. Ўзи ҳаммадан аҳмоғи кассир! Нега ишхонадаги пулдан беради?.. Бу Шароф ялиниб-ёлворган бўлса, битта шоколад учун берган бўлса керак. Ҳа, шундай қилган, мен биламан… Э, айтгандай, бозордаги Ҳайдарни айтган эди Баҳром. Майли, фоизга берсаям, бошқа чорам йўқ. Аммо у эллик мингларни бериб ўтирмайди-да! Берса, юз беради, яна кўкидан! Кейин кимга майдалатаман?..

Эртасига Козим ҳаммадан барвақт ишга борди. Пулни Шароф ўтирадиган стол тортмасига солишдан аввал яна ўйланиб қолди: ахир, Шароф бу пулни кўрса, Козим қўйганини билади-ку! Ким олдин келган – Козим! “Нега ўзига айтолмайман, – деди ўзига-ўзи, – шунчалик қўрқоқманми?..” Деразани очиб, пулни отворгиси келди.

Кўз очиб-юмгунча ходимлар бир-бир кириб келишди. Хиёл ўтмай котиба қиз пайдо бўлди. Санжар Юнусович чақираётганини айтиб, Шарофни олдига солганича чиқиб кетди.
Ҳар ким ҳар хил фикр билдирди. Козимнинг юраги така-пука бўлди. Ичида минг хаёл билан Шарофнинг қайтишини кутиб ўтирди.

У анчадан кейин қайтиб кирди. Ранги-қути ўчган. Нима бўлди, деганларга жавоб бермади.
– Юринглар, чекайлик, – деди фақат.
Чиқишди.
– Гапирсангиз-чи! – қистади Олим.

– Пулни Санжар Юнусович олган экан, – деди Шароф кутилмаганда. – Мен энди бу ердан кетаман. Бу одам билан ишламайман. Пулни олмадим… Бу мараздан пул олмайман!
Ҳозир кассирни чақираман, дейди, менга Санжар ака айтган эди, сени синаб кўришимни тайинлаган эди, дейсан, дейди. Пулни топдим, ўзимда экан, дедим. Аввал яхши гапирди, кейин бақирди. Мен бундай виждонсизлик қилолмайман, деб дангалини айтдим. Нима қилади, мени ифлос ишларига аралаштириб?! Кассир опани биламан-ку! Уни ўзининг йўриғига юрмагани учун йўқотмоқчи! Ўғри, муттаҳам! Пулни ўзи олиб, шунча вақт кутганини қаранглар-да, нима дейиш мумкин?!. Бошидан қолсин ўша эллинг минг! Режасини қаранг-да! Вой, аблаҳ!.. Ҳозир сал ўзимни босиб олай, аризамни ёзиб, қурийман бу ердан… Ахир, эри йўқ шу аёлнинг, касал онаси билан яшайди. Шунчалик ноинсоф бўлиш мумкинми?.. Йўқ, опани ҳам огоҳлантириб қўйишим керак, кейин кетаман.
– Тўхтанг, Шароф, – деди Козим.

Шароф индамай шитоб билан ҳисобхона томонга кетди. Орқасидан бошқалар эргашишди. Фақат Козим жойида қолди. У қаттиқ ҳаяжонланган, сўкинар, бироқ кимни сўкаётганини ўзи ҳам билмасди. Кейин дадил қадамлар билан қабулхона томонга юрди. У ерда котиба қизнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, худди шу шиддат билан эшикни очди-да, Санжар Юнусовичнинг ҳузурига кириб кетди. У қўлини ички чўнтагига солган, юрагими-пулми, кўксини оловдай ловуллатар эди…

хдк

(Tashriflar: umumiy 77, bugungi 1)

Izoh qoldiring