Anvar Obidjon. Oddiy ayriliq haqida ertak

Ashampoo_Snap_2017.11.06_18h00m08s_003_.png     Агар, Гоптай момо деган кампир ўнлаб йилларга чўзилган жудоликдан сўнг онасининг қабрини зиёратлаш ниятида Узумчи қишлоғини истаб келгани; хотирасида ўчмас ёлқинга дўнмиш Эртош отанинг тириклигидан қувониб, бир ойчадан бери уникида қўноқ бўлиб юргани; кампирнинг невараси уларни ўз машинада водий бўйлаб сайр қилдиргани; болаликнинг заҳматли, бироқ тотлидан тотли дамларини қайта жонлантирмоқ илинжида, тобора тароватли тус олаётган кўҳна чўлни икковлон яёв кезиб чиққани ҳақида одамлар шовшув кўтармаса; мен шовшувнинг тафсилотига чуқурроқ шўнғимоқдан эриниб, бу силсилали қисматни Ер кезғичида ҳар бир сония ичра юз бериб тургучи минглаб оддий айрилиқлардан бирига йўйиб қўяқолсам; кейинроқ эса, илоҳий ҳодисадек туюлуви ила бутун бошли қишлоқни ларзага солган маъракада қатнашмасам, оламда мунглигина янги бир эртак туғилганига шоҳид бўлолмай ўтиб кетаверар эканман.

АНВАР ОБИДЖОН
ОДДИЙ АЙРИЛИҚ ҲАҚИДА ЭРТАК
Қисса
021

022Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон 1947 йилда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган. Ҳозирги Миллий университетнинг журналистика факультетини битирган. Адибнинг бири болаларга, бири катталарга аталган “Жуда қизиқ воқеа”, “Масхарабоз бола”, “Аламазон ва Гулмат”, “Ўқ ўтмас болакай”, “Баҳромнинг ҳикоялари”, “Балога қолган футболчи”, “Кулгили тушлар”, “0099 рақамли ёлғончи”, “Жажжи-жажжи кулчалар”, “Даҳшатли Мешполвон” каби китоблари ўқувчилар орасида алоҳида тилга тушган.

021

Адирга туташ қишлоқчадаги орти деразасиз уйлар бадантарбияга сафланган бўйи паст-баланд ўқувчилардек, йўлнинг икки четида зич тизилиб турибди. Эшик-дарвозалар ҳам турлича: булари – бирқанот, одми, баъзиси бўёқ кўрмаган, тахталари қуёш куйдириғидан қорайиб, ёрилиб кетган; улари – қўшқанот, нақшиндор, ҳашаматли. Торгина тошлоқ кўчанинг чап ёғида – киши бемалол сакраб ўтса бўладиган сершағал ариқ, сувлари қушчаларга сайрашни ўргатмоқчидек қишин-ёзин чилдирагани чилдираган. Ариқ устида ҳар бир хонадоннинг ўз сўритоки бор, уларда турфа навли узумлар аёз пайти том четида ҳосил бўлгучи музбурунлардек шода-шода осилиб ётади. Энг эртапишари – баҳор тугамасиданоқ шира йиғиб улгирувчи чилги. Кейин кишмиш, ҳасайни, ҳусайни, қизбармоқ, шивирғони, қизилтўра, шакарангул, қорапирқилар бирин-кетин етилаверади. Юмалоқ дегани – энг кечкиси, қишнинг бошларида ҳам пўсти сўлимайди, оғизда бодрингдек карсиллайди.

Тунукатом болохона остидаги темир дарвозанинг сўл қаноти ғижирлоқланиб очилди-ю, фақат тўй-маъракалар муносабати билангина жавондан олинувчи оппоқ яктагини, оҳорли кўк тўнини кийиб, бошидаги марғилони дўппининг гирдига адрас қийиқни ихчамлатиб боғлаган дўнгманглай чол шошқалоқланиб кўчага чиқди. Чиқибоқ, калтагина соқолини энтикканича силай-силай, ёшига хос бўлмаган тарзда илдам одимлаб, кунботардаги мозор тарафга йўналди. Илдамлагани сайин ёшариб бораверди, охири етти ёшли болага дўнди-қолди.

Чол, кўнглида унинг исмини болаликдан ардоқлаб келаётган, орадан неча йиллар ўтмасин, чиройини заррачаям йўқотиши мумкин бўлмаган, кексаликни шунчаки ниқоб қилиб олган қумрикўз паривашнинг ёнига ошиқмоқда эди. Ҳадемай етиб боради, Худо насиб этса, дийдорига тўяди. Шуниси қизиқки, чолни таниб ололса, яна бир мўъжиза юз беради, кампир ҳам ўша заҳоти етти ёшли қизалоққа айланади…

* * *

Нуса холани ўзим данак чақиб ейишни ўрганган чоғимдан буён биламан, эшакаравада маҳаллама-маҳалла кезиб, пиёз, гуруч сотиб юради. Кўчамиздан ўтиб қолса, бизникига кирмасдан қўймайди. Бунинг сабаби бор.

Нуса холалар илгари жуда узоқ бир ўлкада яшаган экан. Кўп йиллар олдин уларни кимлардир, нима учундир бутун бир қавми билан тўсатдан қувғин қилибди-ю, биз томонларга келиб қолишибди. То муқим бошпана топилгунича, бирлари яримвайрона ҳонақоларга, бирлари колхознинг турли омборларига, бирлари дала шийпонларига жойлаштирилибди. Ортиқча томи бор кишилардан айримларининг ачиниши қўзиб, қувғиндиларга ўз ҳовлисидан хужра берибди. Мен ҳали туғилмасимдан бурун Нуса хола билан эри Садир тоға қиш ичи бизникида туришганини, ялпизлар қулоқлай бошлаган паллада икки кўтарим чиқиб-чиқмайдиган кўчини йиғиб, янги ерлар ўзлаштирилаётган чўлга кетишгач, ўзларига кичик бир кулба қуриб олишганини эшитгандим.

Дадамнинг айтишича, Садир тоғанинг асли исми корейсча Сугир, хотинининг исми русча Нюся экан. Қишлоқдагилар шунақа – миллати бошқа кишиларнинг отини ё бузиб айтишади, ё ўзбекча ном қўйиб олишади.

Одамларнинг феъли ғалати-да, баъзи қўшнилар тўпалончи болаларини тинчитишга уриниб, ҳадеб шўхлик қилаверсанг сени Нуса карисга бериб юбораман, деб қўрқитарди. Бир куни ўртоғимникига ўйнагани кириб, бузоқчасини шаталоқ оттирганча қувалаб юрсак, сопол тосда ем қораётган онаси бизни пўписалашга тутинди:
– Бас қилинглар! Ана, Нусанинг овози келяпти. Ҳозир икковингниям қўл-оёғингни бойлаб, аравасига ортиб бераман, чўлга опкетади.

Иккаламиз тўртта қулоқни тенгдан динг қилганимизча туриб қолдик. Кўчадан Нуса холанинг “Пиёзлар келди-и, гуручлар келди-и” деган товуши эшитилмаса-да, ўртоғим онасига ҳадикли боқиб, сўради:
– Чўлга опкетиб, кейин бизни нима қилади?
– Нима қиларди, тўхтатмай ишлатади, — тосга кепак сепаётиб ваҳимани кучайтирди онаси. – Офтобда бошинг қайнаб, пиёз ўтайсан. Шолипояда лой кечиб, ўт юласан.
Ўртоғимнинг кўзи гилдираб, орада овқат-повқат бериб турадими, деб сўраганида, онаси бирданига қақира-қақир кулиб юборганди.

Нуса холанинг эри Садир тоғани камдан-кам кўрардим. Уйимизга қадам босадиган бўлса, халтачада гуручи, бир-икки шиша арағи билан келиб, тунаб қоларди. Бир ухлаб уйғонсам ҳам, дадам иккови ҳали-ҳали отамлашаётган бўларди. Айрим гапларини уқардим, айримларини уқмасдим.
– Биз-ку оғирликларга кўникиб кетганмиз, — дерди Садир тоға. – Лекин, қизчамга жуда қийин бўлди-да. Хотиним аравасида тирикчиликка чиқиб кетса, уни далага опкетаман. Биласан, даламизда дарахт йўқ ҳисоби, қизимга катта сават шлапа кийдириб, шолипоянинг уватига ўтқазиб қўяман. Ора-сира ёнига борсам, терга пишилиб, ҳансироқланиб қолган бўлади. Хотиним қайтиб келса, тупроққа беланган, юзлари қизариб, ёноқлари пўст ташлагудек пўрсиллоқланган қизчани кўриб, болага умуман қарамабсан-ку, деганича мени ғадаблашга тушади.

– Ҳа энди, она зоти сен билан менга қараганда куйинчакроқ-да.
– Униям тушунаман, юраги безиллаб қолган. Бизни буёққа ҳайдашганда, эшиклари жипслаб ёпилган, тўрт жойда кичик-кичик туйнукларигина бўлган тиқин юк вагонида бир ярим ёшли ўғилчамиз бўғриқишдан ўлган. Хотинимнинг рўмолига ўраб, темирйўлнинг ёқасига кўмганмиз. Болачоғимнинг гўри қаёқларда қолиб кетди, деб йиғлагани йиғлаган эди хотиним. Қизим туғилганидан кейин ўртаниши анча тийилди. Ўғлим эсимга тушса, ўзимниям ичим ёниб кетади, ошна. Жизиллаб қовриламан-у, хотинимга сездирмайман.
– Нимасини айтасан, Садирвой! Фарзанд доғидан баттари бораканми? Мен бирмас, иккита боламни топширганман.
– Биламан, хотининг хотинимга айтган экан.
– Иккинчи қизим уч яшар бўпқолувди-я! Сенлар келмасингдан бир йилча олдин қизамиққа чалинди-ю… Э, қўй, яхшироқ гаплардан гаплашайлик. Ол манавини. Бахтимизга шу болаларимиз соғ бўлсин энди.

Пиёлаларнинг жаранглатиб чўқиштирилгани эшитилади. Бўшатилган идишлар дастурхонга дўқиллатиб қўйилганидан сўнг, нима учундир, орага жимлик чўкади.
Дадажоним кўпроқ ичволиб, меҳмоннинг олдида думалаб қолмасайди, деб хавфсирардим. Эрталаб хижолат тортиб ўтирмасин дердим-да.
Маҳалламиз болалари бири қадимда, бири шу даврларда тўқилган, буниси ўта қувноқ, унисиси жуда-жуда қайғули бўлган ўнлаб тилқайрамаларни худди қўшиқ куйлаётгандек оҳангга солиб айтиб юришарди.

Бугун бозорга ўхшайди,
Етимлар бунча қақшайди?
Бозордан қанд опкелувчи
Отагинаси йўққа ўхшайди.

Шунисини эшитганимда, юрагим “жиғ-ғ” этиб кетарди доим. Дадам ўлиб қолмасайди, деб қўрқишни бошлардим. Яхши кўргандан яхши кўрардим дадагинамни. Менга сира қаттиқ тегмасди.

Йил янгиланган ойнинг ўртароғидан бошлаб дадам негадир уйга келмай қўйди. Аямдан сўрасам, уни бир иш билан олисроққа жўнатишди, ҳали а-анча юради, дейишдан нарига ўтмайди.

Сал кейинроқ, гап нимадалигини кўчадаги ўртоқларимдан барибир билиб олдим. Улар ота-оналарининг ўзаро ғужурлашувидан илғаволган бўлса керак-да. Дадам колхоз фермасида омборчи эди, қандайдир текширувчилар келиб, ишидан у-бу камчиликлар топишибди, шунинг касридан қамоққа тушибди. Аямдан қамоқнинг нималигини суриштирсам, у жой – девори баланд бир қўрғон, то фурсати тўлмагунча, ичидагиларни ташқарига чиқармай туришади холос, лекин ётоқлари тайин, овқати бепул, деб уқтирди.

Оворагарчиликни қаранг! Айби бўлса, узоққа опкетиб бепул боқиб юргунча, уйимизга қамаб қўйишавермайдими…
Дадамни соғинавердим, соғинавердим. Қўшни хотинлар чиқиб аям билан жақир-жуқурни бошласа, дадам тўғрисида илиқроқ гап ўрмалашидан умид қилиб, уларнинг оғзини пойлаганим пойлаган эди.
Баъзида Садир тоға келиб қоларди. Унга кўзим тушиши биланоқ, худди дадамни кўргандек, қувониб кетардим. Ҳар гал у кичик бир тугунча кўтариб келар, костюмининг ички чўнтагида менга аталган попукдор қоғозли чайнамайшиминг ҳам бўларди.

Нуса хола эридан кўра серқатнов эди. Қоплар ортилган эшакаравасида кўчамизга оралагудек бўлса, одатдагидек, бизникига бош суқмасдан ўтмасди. Гоҳо бир-икки пиёла чой устида аям билан андак дардлашган бўларди.
– Нимага Гоптайни ҳеч опкелмайсизлар? – деб сўраб қолди бир куни аям. – Ёқимтойгина эди, соғинаман-да.
– Муштдек қиз кун бўйи аравада юришга чидаши қийин, — деди Нуса хола.
– Қўрқманг, олтига киряпти, суяги анча қотди.
– Қани, бир опкеларман.
Шунда аям кўз қирида менга қитмирона қараб, Гоптай эсингдами, қулоғини тишлаб ўзингники қилвол деганимда, картиллатибгина тишлаганидинг, деб кулди.

Қулоғидан тишлаганим, қизча бор товушда додлаб юборгани шувиллаб ёдимга тушди, аммо қиёфасини кўз олдимга яққолроқ келтиролмадим. Уч яшарлигимда ҳатна тўйим бўлганди, Садир тоға тўйга хотини билан қизчасиниям олиб келган, Гоптайни ўшанда биринчи марта кўрган эдим. Икковимиз сопол косачага бармоқ тиқиб нишолда ялаганимиз, сўйилган қўйнинг жонсираб питирлашини донг қотиб кузатиб турганимиз, болаларга қўшилиб чопқиллаб ўйнаганимиз, аямнинг ишқовига учиб, унинг қулоғидан тишлаганим узуқ-юлуқ эсимда. Аниқ билганим шуки, ўша куни ундан сира нари кетгим келмаганди. Чиройлидирки, ёнидан силжишни истамагандирман, деб ўйлаётгандим шу дамда (“Гоптай” сўзи маҳаллий карислар тилида “гўзал”ни англатишини ўшанда билмасдим).

Кузнинг бошларида Нуса хола ўзбекча узун иштон, енги шалвироқ чит кўйлак кийган қизчаси билан келиб қолди.
– Вой, бу – Гоптайми? – аям борасолиб, калтагина сочининг ўртасидан ялма очиб олган меҳмончани бағрига босди. – Катта қиз бўпкетибди-ку! Вой, ўзим ўргилайин сендан!
Бирга тушлик қилдик. Гоптай бизга эликолмай, қунишганича тамаддиланиб ўтирди. Ора-сира унга пастдан кўз ташлайман, у ҳам ҳуркаклик билан менга қиялаб-қиялаб қўяди.

Овқатланиб бўлганимиздан кейин, ток остидаги ёғоч сўримиздан тушиб, қиттай иккиланиб тургач, юр, Гоптай, эшагингга ўт берамиз, дедим. Гоптай мунғайиб онасига қаради.
– Борақол, — деди Нуса хола, — эшакниям қорни очди-да.
Гоптай сўридан сирғалиб тушиб, патакли калишчасини кийди, мен билан боришга оёғи тортмаётгандек иштиёқсиз одимлаб, ортимдан эргашди.

Уни томорқага бошлаб кирдим. Оғилнинг олдида тўхтаб, қўйларимиз учун жодида қирқиб қўйилган хашакдан бир қучоғини олдим-да, Гоптайга узатдим. Гоптай қорни очилиб қолаётганини хаёлигаям келтирмай, кўйлагининг этагини тутди. Хашакни этакка солиб, ўзим яна бир қучоғини кўтарганча ташқарига юрдим. Кўчага чиқиб бориб, озиқларни эшакнинг олдига тўкдик.

Қўшни қизлар ерга бўр билан чизилган катакларда бир оёқлаб сопол суриб, “ҳаккалакам” ўйнашаётган экан, бу меҳмон ким, деб сўрашган эди, Нуса холанинг қизи, дедим. Бирдан Гоптай ҳам тилга кириб, уларга дадил яқинлашди:
– Отим – Гоптай. Бирга ўйнасам майлими? Мениям ўйинга қўшинглар.
– Ие, ўзбекчада боплаб гапирдинг-ку, — деди қизлардан бири. – Карисчаниям биларсан?
– Биламан.
Гоптай “ҳаккалакам”га қўшилди. Мен четда сўппайиб қолмайин деб, уларга қозилик қилишни бошладим. Ўйинда гоҳ кимдир бир оёқда мувозанатини йўқотиб тебраниб кетади, йиқилмаслик учун, тепага букиб олган оёғиниям беихтиёр ишга солади. Икки оёқлаб тўхтадинг, ўйиндан чиқ, деб жовирлайди қизлар. Баъзан оёқда сурилган сопол саккизта катакдан бирининг оқ чизиғига қадалиб тўхтайди. Яна ўша жовур-жувурлар:
– Сополинг чизиқни босди, ўйиндан чиқдинг!

Гоптай ҳам икки марта ана шундай ҳолатга тушди. Биринчисида қизларга ўшқиргудек бўлиб, букилган оёғини чўзишга чўзди-ю, ерга теккизгани йўқ, деб; иккинчисида эса, сопол билан чизиқнинг орасида қошлиқчўп сиққудек жой турибди, деб унинг ёнини олдим. Қизларга гапимни ўтказолганим сайин талтаявердим. Гоптайнинг олдида обрўйим тоғ бўйи кўтарилдими дейман-да!

Шунақага ўхшайди. Уйимиздан чиқиб келган Нуса хола қизчасини аравадаги қопларнинг олд томонига ўтирғизиб, ўзи ҳам четроққа ялпайиб чўкканича эшагини олдинга силжитгач, аста олислаб бораётган Гоптай йўл-йўлакай менга икки-уч бор ўгирилиб, ёқимли-ёқимли жилмайиб қўйди.

Дадамни бир йилга қамашган экан, бошлиқлари инсофлироқ бўлса керак, оилангда байрам қилақол, деб муддатидан аввалроқ бўшатиб юборишибди, янги йил киришига икки кун қолганида лоп этиб уйимизда пайдо бўлди.

Ҳовлимиз олдин қўни-қўшнига, кейин қариндош-уруғларга тўлди. Қўй сўйилди. Уйқозондан каттароқ бўлган далақозонда бир шўрва қайнаса, бир палов дамланади. Садир тоға ҳам эртаси куниёқ эшакаравага хотини билан қизини ўтқазиб етиб келди. Янги йилни бизникида кутишди. Гоптай бу сафар мендан ётсирамай, бирга ўйнаб ўтирди. Тишимнинг изи қолмаганмикин деб, қулоқчаларининг дам унисига, дам бунисига зоғланиб кўз қадар эдим. Охири, ўрик ўтиннинг чўғи солинган сандалга оёқ тиққанча, биқинма-биқин ухлаб қолибмиз.

Дадамга колхоздан иш беришмади. Дамо-дам маҳалладаги иссиқ-совуқ маъракаларга аралашиб туришини ҳисобга олмаганда, қиш ичи уйда уймаланиб юрди. Йўқчиликданми, ўзини одамлардан олиб қочадиган бўлиб қолди. Илгарилари бизникида тез-тез йиғилиб турадиган улфатлари ҳам қорасини кўрсатмай кетишганди. Гузардаги чойхонага чиқиб, одамлар билан бир чақчақлашсангиз, кўнглингиз ёзилармиди, деб қўярди аям баъзида.
– Нимани чақчақлашасан? – деб ўқраяр эди дадам. – Бири майда-чуйда дардини чувалашга тушади, бири иғводан бўшамайди…
Тўққизта қўйимиз бўларди. Дадам қамоқдалигида иккитасини сотиб рўзғорга харжлагандик, қамоқдан чиққанида биттасини элга егиздик. Етишмовчилик бордирки, кейинроқ яна иккитасини сотдик.
– Битта қўчқор, учта бўғоз совлиғимиз қолди, — деб дадамга бир куни панд айтган бўлди аям. – Қанча қийналсак қийналайлик, то кўпайиб олмагунча, энди қўйларга тегмай туринг. Хамиртуришдек гап булар.

Ҳар йилгидек, томорқамиз четидаги икки туп бодом баҳор кириб-кирмасиданоқ гуллай бошлаган кунлар эди. Садир тоға келиб, дадам билан ярим кечагача улфатчилик қилди. Эрталаб чала-чулпа нонушталанди-ю, ўзбекона одатга кўра юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди. Эшикдан чиқаётиб, эшакаравани миниб келайми, ё ўзинг улов топасанми, деб сўради дадамдан. Овора бўлиб юрма, ўзим борарман, деди дадам. Садир тоға кетгач, аямнинг кўзлари синчиковланиб, бу ўртоғингиз қанақа арава тўғрисида гапиряпти ўзи, деб суриштирган эди, дадам парвосизгина боқиб, тузукроқ иш топгунингча мен билан деҳқончилик қиптурақол, даромад – ўртада, деганиди, таваккалига розилик бервордим, деди.
– Бошқа иш қуриб кетганакан-да! – кўзини чақчайтириб бидирлади аям. – Чўлга чидаш осонаканми?

Дадам индамасдан четга юзланди. Унинг кўзларида мунг яллиғлангани, киприклари ўксик боланикидек тез-тез пирпирай бошлаганини кўриб, бирдан кўнглим бузилди…

Чўл деганлари Узумчи қишлоғимиздан унча узоқ эмасдирки, пахта етиштирувчи бригада аъзолари қўш отли, тўрт ғилдиракли, сўриси кенг “ҳаптакач”да тонг ёришиб-ёришмасидан йўлга тушиб, ишлари битгач, қоронғи тушганда яна қайтиб келишарди. Дадам эса, ўн-ўн беш кунда бир келиб-кетарди холос. Аямдан бунинг боисини сўрасам, даданг деҳқончилик қилаётган жой пахтазорлардан анча нарида, чўлнинг этакроғида, дерди.

Ёзнинг ўрталари эди. Дадам навбатдаги келишида мени ҳам чўлга олиб кетмоқчи эканини айтди. Аямнинг туйқус аччиғи чиқиб, ўйлаб гапиряпсизми, уйда битта ўзим қолсам, одамлар нима дейди, деб бобиллашга тушди.
– Битта ўзинг қолмайсан, — деб қошини чимирди дадам. – Ана, тўрт эшик наридаги бева опанг келини билан ғижиллашаверишдан безиб, қаёққа қочишни билмай юрибди. Бутунлай кўчиб чиқмасаям, кечалари жон-жон деб ёнингда ётиб юради. Эртош олтидан ўтяпти, далани кўрсин, ишга кўзи пишиб борсин, дейман-да, хотин.
– Баҳона тўқиманг! Биламан, бу боласиз туролмайсиз. Ким вақтида едириб-ичиради, ким кирини ювади? Буёғиниям ўйланг-да.
– Нуса холаси бор-ку! Ўртоғинггаям ишонмайсанми?
Ҳаяжоним ичимга сиғмай бораётганди. Дадажонимга кунда эш-қўш бўлиб яйрашдан кўра шу чоғда, негадир, Гоптайни кўпроқ ўйлаётган эдим…

Садир тоғанинг уйидан тепароқдаги тупроғи арзикли, камқувват, серкесак, шу сабабли пахта экишга яроқсиз ҳисобланган далаларда пиёзлар пишиб-етилиб ётарди. Ер ости сувини пастлатиш мақсадида қазилган серқамиш зовурдан нарига ўтишингиз биланоқ, шўри тепага уриб оқ қатқалоқ ҳосил қилган қумлоқ ерлар бошланади. Уёғи энди – шолипоялар. Бошқа соҳадаги олимларнинг кўпчилигига маълум бўлмаган бир сирни – ернинг шўрини ювишда, унумдор қилишда катак-катак марзалар ичра сув доимо лимиллаб тургучи, лойқали чўкмалар балчиқланиб, қумларни аста-секин тупроққа айлантира боргувчи шолипоядан зўрроқ омил йўқ эканлигини бу даланинг чақалоқлариям яхши биларди.
Дастлабки кунларда, пиёз қазишга ёлланганлар ишини бошқариш, уларга овқат ташкиллаб бериш билан банд бўлган дадамнинг ёнида Гоптай иккаламиз ивирсиб юрдик.

Катталарнинг ишига аралашгимиз келаверарди. Кўпинча, қазув чоғида четини кетмон тирнаб захалаган, биринчи ўринда сотиб ёки овқатга ишлатиб юбориладиган пиёзларни алоҳидалатиб тўплашга қаралашар эдик. Буларнинг бир қисмини ўта майдаларига қўшиб, уйга опкетарсизлар, дея ёлланмачиларга текин тарқатишда қатнашиш, раҳмат эшитиш бизга ўзгача завқ бағишларди. Кейин пиёзнинг қўланса исини йўқотиш учун, қўлимизни ора-сира ҳидлай-ҳидлай, лойда ишқалаб ювишга тушардик.
– Лойдаги тошча бошмалдоғимни тилди, ачишяпти, — деб юзини бужмайтирарди Гоптай.
Йиқилиб-нетган чоғимда аямнинг эркалатишига тақлид қилиб, ке, оғриган жойингни бир ўпиб қўяй, десам, Гоптай “ҳо-о” дея қўлини биқинга яширарди.

Пиёзлар тўлиқ қазиб олиниб, ер ҳақи учун қарийб ярми колхозга топширилгач, қолганининг бир қисми даладаёқ кўтарасига сотилди, бир қисмини юксўрисига баланд четан тўсиқчалар ўрнатилган қўқонараваларга юклаб, ёйиб қуритиш учун хирмонга ташиш бошланди. Яхшилаб қуритилган пиёз ҳар қанча узоқ сақланмасин, чиримас экан.
Қанча-қанча одамга қирон келтирган урушнинг нафаси ҳануз кухкухланиб турарди – далада кетмон чопишга ярамагани учун бўлса керак, пиёз ташувчи аравакашларнинг кўпчилиги ногиронлардан иборат эди: бири оқсоқ, бошқасининг бир қўли ёки бир оёғи йўқ, контузиянинг жаддидан қалтироққа йўлиққанлариям бор. Айримларида аскарча шим-кўйлак, белида энли қайиш тасма. Садир тоғани нега урушга юборишмаганини билмайман-у, дадамнинг ўнг кўзи туғма шилпиқ бўлиб, қизариб яллиғланганича хиёл қисилиб туриши туфайли ҳарбийга олишмаган экан.

Қишда сотишга қолдирилган пиёзлар қуритилиб, ижара омборга жойлаб бўлингач, дадам шолипояни ёввойи ўтлардан тозалашда, экинларни ўғитлашда Садир тоғага ёрдам беришга ўтди. Гоптай иккаламизнинг кунимиз ҳам энди шу томонда кеча бошлади.
Оталаримизга кўмаклашмоқчи бўлсак, гоҳ нарироқдаги пастаккина, танаси кетмон сопидан озгина йўғонроқ бўлган ёш мажнунтолни кўрсатиб, тезда сояга боришимизни буюришади, гоҳ, кечки салқин туша бошлаганиданми, индамай қўйиб беришарди. Менга қўшилиб Гоптай ҳам иштонининг почасини тиззагача шимариб, марзалардан биридаги бўтана сувга тушиб борарди. Курмакларни тортқилаб юлмасдан, томиридан тепароғини чимдиб узиб олинглар, йўқса ёнидаги шоли ҳам таг-туби билан қўпорилиб чиқади, деб уқтиришарди бизга.

Томири бутун қолганиданми, тўрт-беш кун ўтмаёқ, курмаклар яна шолидан баландлаб кетаверарди. Қарабсизки, ҳамма иш бошқатдан бошланиб турибди-да. Муҳими – бу лаънатиларни уруғи пишмасдан бурун гумдон қилиш. Уруғи тўкилиб, бир болалаб берса, шолига кун йўқ.

Шоли бошоқламагунча уни курмакдан фарқлаш қийин. Курмакнинг курмаклигини баргида оқ чизиқча борлигидангина ажратиб олса бўлади. Ўйлашимча, шуни янглиштириб қўйишимиздан чўчиб, бизни шолипояга яқинлатгилари келавермасди. Жуда ғайратларинг қўзиётган бўлса, ана, марзанинг устини тозаланглар, дейишарди.
Марза сувдан баландлиги учунми, муттаҳам курмаклар бу ерда қорасиниям кўрсатмас, муғамбирдан муғамбир семиз ўтларгина ўсарди. Муғамбирлиги шундаки, шохларидан бирининг учини ўт ўчирувчиларнинг ичагидек сувга тушириб олса бас, суюқликни керагича сўриб, бутун тана бўйлаб писмайиб тарқатаверади.

Бир гал марза устидаги ўтларни юлаётиб, олдимиздан сузиб ўтаётган бақани тутиб олдик. Икковимиз бир пайтда ташланганимиз боис мен бақанинг орқа оёғидан, Гоптай олдинги оёғидан ушлаганча сувдан кўтардик, биринчи бўлиб мен тутдим, дея талаша кетдик. Тортди-тортдида орқа оёқ узилиб чангалимда қолди-ю, қўлига қон сачраган Гоптай бақани ташлаб юбориб, унинг типирчилашига йиғламсираб тикилиб турди, сўнг менга бир ўқрайиб қўйиб, шартта ортга бурилди, марзадан чиқибоқ, уйи томонга йўналди.

Кечки овқат пайтидаям Гоптайнинг арази босилмади, тумтайган асно, менга умуман қарамасдан, жим кавшаниб ўтирди. Нуса хола мийиғида кулимсираб, бу иккови бугун росаям ювошланиб қолибдими, дея ёнидагилар билан маънодор кўз уриштириб қўйди. Билдимки, орамиз бузилганини булар аллақачон пайқаб бўлишган.

Садир тоғанинг бир ойнакли уйи ёнида кичкина омборча бор эди. Дадам омборчанинг четига тахта териб, устига кўрпа тўшаб олган экан, шу жойда ёлғиз ухларди. Бир ойнакли уйда эса, гиламдек-гиламдек келадиган ўзбекона кўрпаларнинг таглигиям, ёпинчиғиям узунасига тўшалиб, у четида Нуса хола, бу четида Садир тоға ётар, Гоптай иккаламиз уларнинг ўртасига суқилиб олардик. Ўша куни Гоптай онасининг нариги ёғига ўтиб ухлади.
Қаёқданам йўлиқа қолди ўша олакўз бақа? Ушлашга ушладик, уни Гоптайга индамасдан бериб қўяқолсам, ўлармидим?
Юрагим сиқила-сиқила, пинакка кетибман.

Нонуштага уйғотишди. Чивин чаққан жойларимни қашлай-қашлай, ланжланиб ўрнимдан турдим. Оёғимни судраб босганча уйдан чиқиб, ариқчада юзимни ювдим, толга илинган сочиқни олиб, сустланиб артина бошладим. Кўнглим ҳамон қоронғи эди.
Бир пайт Гоптай келиб, курагимга турткилади:
– Ҳей, менга қара!
Юрагим бошқача тепиниб, унга ўгирилдим.
– Бугун яна бақа ушласак, бўпти, сен олақол, — деб жилмайди у. – Энди талашмайман.

Ичимда ярқ этиб қуёш порлагандек бўлди.
– Э, бақаям қуриб кетсин, — дея қўл силтадим мен. – Ўшани деб, сени хафа қипқўйдим.
Шу тариқа, кунларим Гоптай билан биргаликда чарақлаб-чарақлаб ўтаверди. Мен унинг кўнглини авайлашга тиришадиган бўлиб қолдимми, ёки у менга кўпроқ ён берармиди, ҳартугур ўртамизга қайтиб совуқчилик тушмади. Уни бирор соат кўрмасам, энг суюмли ўйинчоғимни йўқотиб қўйгандек бетоқат эловлана бошлардим. Бу элитмакўз қизалоқ шу ёшимдаёқ қалбим чечакзорини бутунлай ўзиники қилиб олаётгани, мазкур масканда бошқа кезаргонга жой қолдирмай бораётганини билмасдим ҳали.

Ҳеч унутолмайман – Гоптайнинг бир эртаги этимда ғалатидан ғалати жимирлоқ уйғотган эди. Ўша куни эрталабки салқинда дадаларимизга озгина кўмаклашган бўлдик, кейин бизни яна сояга қувишди. Бориб, мажнунтолнинг остига ўтирдим. Гоптай ёнимга чўкди. Ўзимизга янги эрмак топиб, иштонимизнинг шалаббо бўлган почасини сиқишга тутиндик.
– Даданг ҳозир ишини ташлаб келиб, бизга тағин эртак айтиб берса, зўр бўларди-да, Эртош, — деб қолди бир пайт Гоптай. – Айниқса, Алпомишни бошқатдан эшитгим келяпти. Ўшандай полвон йигитга ёқиб қолганига қараганда, Барчиной жуда чиройли бўлса керак, а?
– Шунақага ўхшайди, — дедим мен.
Сўнг, карисларниям эртаги борми, деб сўрадим. Бор, деган жавобни эшитиб, қани, биттасини айтиб бер-чи, дедим.
– Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим-қадим замонда битта кичкина бола билан битта кичкина қиз бўлган экан, — деб эртагини бошлади Гоптай. – Иккаласи доим бирга ўйнаркан. Бир куни уларга авлиё чол йўлиқибди-ю, тилакларинг бўлса, айтинглар, дебди. Қиз, буни эшитиб, бизни ҳозироқ катта қилиб қўя оласизми, деб сўрабди. Авлиё чол уларни тезда катта қилиб қўйибди. Шунда йигит қизга қараб, сени яхши кўраман, менга хотин бўласанми, дебди. Майли, дебди қиз. Тўй қилишибди. Кейин йигит ўша қизнинг ота-онасиниям уйларига кўчириб келибди. Йигит билан қиз ота-оналарига қўшилиб, битта жойда яшаб-яшаб юраверибди…

Шолипоя яқинидаги тошўчоққа кичкина қозон осилган бўлиб, дадаларимиз тушлик овқатни шу ернинг ўзида пишириб ейишарди. Кўпинча қайнатма шўрва қилинарди. Ўтин ҳўлроқ бўлса, бизни ўчоққа яқин бордиришмас эди. Ҳўл ўтин чарсиллагани чарсиллаган. Чарсиллоқдан учган чўғ кийимни куйдиради, баданинггга тегса, яра қилади.
Тушлик маҳали четлари титилган бўз дастурхонни ёйиб, олдимизга иккита косада шўрва қўйишди. Кейин ўзларига овқат келтиришди, нонни майда-майда тўғраб, шўрвага бўктиришди. Мен ҳам ўшандай қилдим. Чимтомоқ Гоптай эса, нон бўлагини шошмасдан шўрвага ботириб, истамайгина оғзига солди.
– Могора! – деб жеркиб берди Садир тоға.

Карисчада бу “еяқол” дегани. Келганимдан бери, бунақа гаплардан беш-ўнтасини ўрганиб олганман: ёш онара – буёққа кел, иго кадера – ол, гаман андяра – жим ўтир, чагара – ухла, гадя – юр, кетдик… Карисларнинг “салом”и узунроқ холос – аненси хасимника.
Садир тоға бўғма халтадан тўртта кўк қалампир олиб, пичоқда парраклаб-парраклаб қирқди, ярмини ўз косасига, ярмини дадамнинг овқатига тўкди. Айтишларича, қалампир одамни терлатиб, баданидаги бор совуқликни қувиб чиқараркан. Шолипояда кун бўйи сув кечиб юрганларнинг эса, суяк-суягигача захлик синггиб кетармиш.
Овқатланиб ўтирганимизда, мўйловдор, тўлпоқюз киши зовурнинг кўпригидан ўтиб, биз сари яқинлашаверди. Келинг, домла, келинг, деб дадам уни Садир тоғанинг ёнига ўтқазди-да, қорним тўқ, деса ҳам, барибир шўрва қуйиб келиб, олдига қўйди.

Мўйловдор киши мактаб ўқитувчиси бўлиб, далада яшовчиларнинг болаларини рўйхатга олиб юрган экан. Бизнинг ёшимизни суриштирган эди, дадам мени кўрсатиб, ўғлим март ойининг бошида олти ёшга тўлди, Гоптай ундан ўн беш кунлик кичик, деди. Мўйловдор киши исмларимизни, туғилган вақтимизни дафтарига ёзиб бўлиб, булар сентябрда олти яримга кираркан, биз мактабга етти ёшдан ошганларни оламиз, келаси йили ўқишга боришади энди, деб тушунтириш берди. Кейин, шўрвадан ҳўпларкан, Садир тоғага қараб, аввалги юртларингда қачондан бери яшар эдиларинг, деб савол ташлади.
– Аниқ билмадим-у, отам ҳам, отамнинг отаси ҳам, унинг отаси ҳам ўша ерда яшаб ўтган экан, — деди Садир тоға. – Нимага сўраяпсиз?

Мўйловдор киши охирини бир кўтаришда косани бўшатгач, попукли сатин рўмолчада оғзини артиб, Садир тоғага салмоқли сиёқда юзланди:
– Сўраганимнинг боиси – ўшанча вақт руслар билан аралаш яшаб, ҳалиям русчага тилларинг келишмайди. Ўзбекистонда яшаётганларингга ҳеч қанча бўлгани йўғ-у, ўзбекчада худди ўзбекдек тоза гапирадиган бўлдиларинг. Хўш, бу нимани англатади? Бу шуни англатадики, тилларимизнинг томири бир!

Дадаларимиз меҳмонни кузатиб қўйиб, яна юмушга берилишди. Садир тоға ишлаётиб, одатига кўра, қандайдир қўшиқни димоғида тинмай ҳиргойи қила бошлади.
– Қачон қарама, шу ашулани айтганинг айтган, — дея тегишқоқланиб сўз қотди дадам. – Бошқаси йўқми?
– Бошқалариям кўп, — деб жавоб қилди Садир тоға. – Лекин, ҳеч қайсиниси бу қўшиққа тенг келолмайди, ошна.
Дадам кесатишини қўймади:
– Шунчалик кучли бўлса, мазмуниниям билайлик-чи.
Садир тоғанинг айтишича, бу қўшиқнинг маъноси шундай экан:

Эй, юртимдан келаётган шамол!
Отам бўлиб, онам бўлиб,
Сочларимни силаб ўт!

Эй, юртимга кетаётган шамол!
Мен ўғлига айланиб,
Отам билан онамнинг қабрини силаб ўт!

Садир тоға манглайини тириштириб туриб қолди. Дадам унга ҳилвироқланиб тикилганича деди:
– Қўшиқмисан қўшиқ экан! Айтавер, оғайни, айтавер!
Лекин, Садир тоға ашуласини давом эттирмади, чўнтагидан папирос олиб, оғзига қистирди. Гугуртда ёндириб, устма-уст сўрди-ю, ўқчиб-ўқчиб йўталди.
– Аччиқдан аччиқ бўлсаям, арзонлигига учиб, шу ўлати “Байкал”ни чекканим чеккан, — дея кўкрагини силаб хирқироқланди.

Ўз-ўзидан кўзим сузила бошлади, бирам уйқим келяптики, деб толга елка тирадим.
– Мениям уйқи босяпти, — деди Гоптай. – Елкангга суянсам майлими? Ерга ётсам, чумолилар тишлаб қочади.
Мен толга, Гоптай менга суяниб, уйқуга кетдик. Уйғонсам, Гоптайнинг боши елкамдан сирғалиб тушибди, чўзилган оёғимни ёстиқ қилганича тиниқиб ухлаяпти.
Эртакдаги ўша авлиё чол Гоптайни сеҳрлаб қўйса-ю, қанийди, мана шу ётишда уйғонмай ётаверса, деб ўйлаётгандим шу онда.
Қиш бошланиб, пахта терими охирлаб бораётганида, колхоздаги каттаконлар дадамга иш беришди – боғ бригадири қилиб тайинлашди. Буни эшитиб, Садир тоғанинг боши осмонга етди, Нуса хола қуюқроқ зиёфат уюштирган бўлди.
Тонгда дадам икковимиз қишлоққа жўнадик. Гоптай ота-онасига эргашганича бир ойнакли уйчадан чиқиб келиб, кўзи мўлтираган асно бизни кузатиб қолди. Ўзимни қувноқроқ кўрсатишга уриндимми, аненси гасио, дея карисчалаб хайрлашган эдим, лабининг четида хирагина кулиб қўйди. Анча юриб боргач, ортга қайрилсам, уйчанинг олдида энди битта ўзи ҳалиям ўшандай тикилиб турибди. Унга кафтимни тебратиб қичқирдим:
– Яна келама-а-н!

Қишлоққа қайтсак, қўчқоримиз лорсиллаб кетибди. Совлиқлардан бири эгиз туққани учун тўртта қўйимиз саккизта бўлувди, қўзичоқлар аллақачон тўхлига айланиб улгурибди. Бошимизга давлат ёғилгани шу-да. Бунинг устига, Садир тоға биринчи қор тушган куни уйимизга келиб, бу сени улушинг, дея дадамга бир чорси пул ташлаб кетди.
– Қадаминг енгил экан, — деганди у ўшанда дадамга. – Шунча экин экиб юриб, ҳосил бу йилгидек мўл бўлганини сира кўрмаганидим.
Орадан икки ҳафта ўтиб-ўтмай, Садир тоға яна дарвозамиздан кириб келди. Ёнида Гоптай ҳам бор эди. Бир-биримизни кўришимиз биланоқ, кўзларимиз яшнагандан яшнаб кетди.

Садир тоғанинг, негадир, тафти суст эди, дадамни четга тортиб, қовоқ солганича алланималарни шипшитди. Томорқадан чиқиб келган аям Садир тоғани кўриб, эндигина ҳол-аҳвол сўрашни бошлаганди, дадам яқинроқ бориб, унгаям нимадир деб пичирлади. Аямнинг тўсатдан ранги қув ўчди, вой ўлмасам, деб кўйлагининг ёқасини тутамлади.
Дадам уйга кириб, тезда кийиниб чиқди, аямга қараб, бугун келолмасам керак, деди. Садир тоға иккови шоша-пиша йўлга тушди. Шу кетганча қайтишмади, Гоптай бизникида тунаб қолди. Даданг нимага хафа, деб сўрасам, онам касал, деди холос.

Нима воқеа юз берганини эртаси куни аям қўшни хотинга сўзлаб бераётганида билиб олдим. Бундан уч-тўрт кун аввал Нуса хола кўксини чангаллаб йиқилибди-ю, шу-шу, қимирлолмай қолибди. Дарровда дўхтирхонага олиб боришибди. Фойдаси бўлмабди. Кеча тушликка яқин жони узилган экан.

Гоптайга буни айтишга тилим бормади. Чамаси, аям ҳам нима дейишни билмаётганди.
– Кўчада бир ўйнаб келсаларинг-чи, — деб қўлимизга уч-тўрттадан ёнғоқ тутқазди охири.

Кўчага чиқмасак ҳам бўларкан, Гоптайни “ҳа, карисча”, деб эрмаклагани учун ўзимдан каттароқ бола билан ёқалашиб қолдим. Қаттиқ олишдик. Ерга думалаб йиқилганимизда, билагим яхшигина шилинди, унинг кўйлаги йиртилди.
Ҳовлига қайтиб кириб, қўлимиз совуқдан қалтираганича товуқнинг катаги ёнида ҳаммомпиш ўйнашга уннадик. Нам тупроқдан юмалоқ гумбазли ҳаммом ясагач, устига мўри ўрнатиб, ёнидан эшикча очаётганимда, қара, мен зўр уй қурдим, деб қолди Гоптай. Кўрсам, каттагина уй тиклаб, ҳовлисининг атрофини чўп деворда ўраб қўйибди.
– Пулимиз кўпайса, дадам шунақа уй солади, — деб орзиқди Гоптай. – Сизларникига яқинроқ жойга қурсак, ҳар куни бирга ўйнардик.

Бу иш эрта-индиноқ амалга ошадигандек, суюниб кетдим:
– Ие, қишлоққа кўчиб келасизларми?
– Чўлда мактаб йўқ, — ҳўрсинди Гоптай. – Келмасак, қаерда ўқийман?
– Уйни қуришга неччи кун кетаркин?
– Билмадим… Улгуришар…
Бирдан қувлигим қўзиди:
– Агар улгуришмаса, сени қишлоққа эрга бериб қўяқолишсин.
– Эрга беришсин? – чарақланиб боқди Гоптай. – Кимга?
– Кимга бўларди, менга-да!

Гоптайнинг лўппи юзи туйқус дувиллаб қизарди.
– Сенга-я? – деди сўнг илжайиб. – Сен уришқоқсан-ку! Юмдалоғич мушукка ўхшайсан!
Шундай дея, қотиб-қотиб кула кетди. Мен ҳам кулгига қўшилдим. Куляпман-у, ичимда нимадир титраниб эриб боряпти.
Кечаси аям узунлатиб жой тўшади, учаламиз битта кўрпага кирдик. Гоптай ҳаял ўтмасданоқ уйқунинг қопқонига илинди. Анча маҳал унга тикилиб ётдим. Ўзимни чинакамига куёвчадек ҳис этмоғим учун аям шу топда ортиқчалик қилаётгандек эди.
Садир тоға биз ухлаганимиздан кейин дадам билан келиб, дарвозамиз ёнидаги меҳмонхонада тунаб қолган экан, Гоптай эрталаб уни кўрибоқ, онам қани, деб сўради. Садир тоға чуқур ҳомуза тортиб олгач, онанг узо-о-ққа кетди, деди.
Гоптай дадасига хавотирли боқиб, яна сўроққа тутди:
– Қачон келади?
– Билмадим, — деди дадаси. – Келавермаса, бир куни ўзимиз олдига борамиз-да, қизим.

Буни эшитиб, аям ўзини йиғидан тиёлмай, шапалоғида кўзини тўсганича, уй ичига тезланиб кириб кетди…
Келгуси йили мактабга бордим. Шу ерда бўлганида, ҳозир Гоптай иккаламиз бирга ўқиётган бўлармидик, деган ўй бошимда тез-тез айланиб турарди. Афсуски, улар кетиб қолишган. Нуса хола вафот этганидан кейин, Қозоғистоннинг аллақаерида яшовчи синглиси келиб, жиянимни бошқа аёлга ўгайлатиб қўймайман, дебди-ю, ўзи билан олиб кетибди.
Қизини қўмсаган бўлса керак, қишнинг қирчилламасида Садир тоға ҳам ўша ёққа жўнади. Кетишдан аввал бизникига келгани, дадам билан қучоқлашиб-қучоқлашиб хайрлашгани эсимда.
– Хотинимнинг қабрига қараб-нетиб туринглар, мен келолмасам, бир кунмас бир куни боламми, неварамми келиб зиёрат қилар.
Садир тоға айтган охирги гап шу бўлди.

Оқсоқолларнинг розилиги билан, Нуса холани қишлоғимиздаги мусулмон қабристонига дафн этишганди. Дадам ҳар баҳорда бориб, ўз ота-онасиники қаторида Нуса холанинг гўрини ҳам ўтлардан тозалаб келарди. Бунақа пайтда Садир тоғанинг ўша ашуласи ёдимга тушаверарди. Дадам газетада ишлайдиган бир танишига бу қўшиқнинг мазмунини айтиб бериб, кейинчалик шеър қилдириб олганди:

Шамол келди юртимдан,
Ёйдим мен қулочимни.
Отам бўлиб,
Онам бўлиб,
Силаб ўтсин сочимни.

Кўзларимни ёшлатиб,
Шамол кетди юртимга.
Отам қабрин,
Онам қабрин
Силаб ўтсин ўрнимга.

Қозоғистон томонларда бўлиб қайтган таниш бир карис киши дадамни учратиб қолиб, Садир тоға автомашиналар тўқнашувида ўлганини айтганлиги эски қадрдонининг эзгин қўшиғини ўзбекча шеърга айлантириб асраб юришга туртки берган экан. Дадам ўшанда унинг қизини суриштирса, иккаласи бирга ҳалок бўлганмиш, дебди.

Буни дадамдан талай фурсат ўтибгина эшитганимда, юрагим уқаланиб кетгудек бўлувди. Қачонки Гоптай эсимга тушса, кўзларим ўз-ўзидан ёшланишни бошларди. Уни олиб кетган аёлни топиб, аямасдан савалагим келаверарди.

Шундай чарақлаган қизни нима қипқўйишди-я?!
…Қабристон жимжит эди, ёмғир сийрак томчилаб турарди.

– Агар тириклигингни билсам, сени ернинг тагидан бўлсаям излаб топмасмидим, Гоптай. Нега ўзинг хат-пат ёзмадинг? Нега?
– Бир-икки марта ёзмоқчиям бўлдим, лекин манзилимнинг тайини йўқ эди. Умримнинг энг чарсиллаган даври қозоқларнинг у даласидан бу даласига кўчиб юриш билан ўтди. Бошим кулфатдан чиқмади. Холамнинг ичувчи эри қиморбоз, жанжалкаш, бетайин киши эди, ҳеч кимга ёқмасди, ҳеч ерга сиғмасди.

– Ҳарбийда бўлдим, институтда ўқидим. Битирганимдан кейин ҳам анчагача уйланмай юрдим. Учраган қиздан сендаги қиёфани, сендаги қилиқларни ахтаравердим. Ҳатто тўйим бўлаётган куниям кўз олдимга келиб турволдинг…
– Мен-чи, мен? Сени эсламаган, сенга талпинмаган куним йўқ эди. Саргардонликдан қутулиб, йўлимни топиб олганимда, йигирма бешдан ўтиб қолувдим. Эртош – ёлғиз ўғил, аллақачон уйлангандир, деб ўйлардим. Сени ҳеч бўлмаса яна бир марта кўрай, армоним арисин, дердим-у, ўзбек аёлларининг феъли нозиклигини билганим учун, турмушингга совуқчилик тушириб қўйишдан чўчирдим, ўзимни зўрлаб йўлдан қайтарардим.
– Ўшанда имилламаслигинг керак эди, Гоптай. Мен йигирма еттимда уйланганман, йигирма еттимда!
– Сенам мени яхши кўришингни қаердан билибман…
– Ваҳ, пишмаган калла-я! Ҳамма айб ўзимда, қаёқдаги мишмишга ишониб, сени тириклайин кўмиб ўтирибман-а! Нимага яхшироқ суриштирмадим? Нимага қидириб кўрмадим? Мен ландавурни кечир, Гоптай! Кечир мен хумбошни… Кечир…

* * *

Бунақасини тўқиб бўларканми?! Бир мистовоқ сомсани кўтариб, қишлоқдаги удумга кўра, қўшнининг меҳмонини йўқлашга кирганимда Эртош отадан нимани эшитган бўлсам, шуни ёздим.

Қарангки, Эртош ота билан шунча йил битта кўчада яшаб, бир пайтлар таниқли мелиоратор бўлгани, қанчадан-қанча сув иншоотлари унинг лойиҳаси асосида қурилганидан бўлак нарсани билмай юраверибман. Буям одам-ку, балки, кўнглида ҳали ҳеч кимга айтмаган сирлари бордир, деган ўй бирор марта бошимга қўнмабди. Агар, Гоптай момо деган кампир ўнлаб йилларга чўзилган жудоликдан сўнг онасининг қабрини зиёратлаш ниятида Узумчи қишлоғини истаб келгани; хотирасида ўчмас ёлқинга дўнмиш Эртош отанинг тириклигидан қувониб, бир ойчадан бери уникида қўноқ бўлиб юргани; кампирнинг невараси уларни ўз машинада водий бўйлаб сайр қилдиргани; болаликнинг заҳматли, бироқ тотлидан тотли дамларини қайта жонлантирмоқ илинжида, тобора тароватли тус олаётган кўҳна чўлни икковлон яёв кезиб чиққани ҳақида одамлар шовшув кўтармаса; мен шовшувнинг тафсилотига чуқурроқ шўнғимоқдан эриниб, бу силсилали қисматни Ер кезғичида ҳар бир сония ичра юз бериб тургучи минглаб оддий айрилиқлардан бирига йўйиб қўяқолсам; кейинроқ эса, илоҳий ҳодисадек туюлуви ила бутун бошли қишлоқни ларзага солган маъракада қатнашмасам, оламда мунглигина янги бир эртак туғилганига шоҳид бўлолмай ўтиб кетаверар эканман.

Хатомни тўғрилашга ошиқманг, хотима топган умрлар баёни ўлароқ идрок этилгучи “эртак” деган сўзни янглиш ишлатмадим. Юртига йўл олишга жовланган Гоптай момо сўнгги кечада Эртош ота билан узоқ суҳбатлашиб ўтиргач, тун яримдан оғганида ухлашга ётибди-ю, қайтиб уйғонмабди.

Хонадон тонгдаёқ одамга тўлди. Маҳалла оқсоқоли гоҳ кампирнинг невараси, гоҳ чолнинг фарзандлари билан нималарнидир маслаҳатлашар, ланг очиқ дераза тарафга бот-бот жаланглаб, уй ичига бойқушнамо қараб қўярди. Уй ичида эса, Эртош ота каравотдаги жасадга киприк қоқмай термилган куйи тош қотиб ўтирар, ҳеч кимга гапирмас, ўзгаларнинг гапи ҳам қулоғига мутлақо чалинмаётгандек эди. Бурноқ йили кампиридан айрилганидаям чолни бундай карахт кепатада кўрмагандик.

Оқсоқол охири Эртош отанинг олдига кириб борди. Елкасидан секингина қучиб тебратганича, энди нима қиламиз, деб сўраган эди, у кескин товушда: “Гоптай ёнимда қолади!” деди. Шундай деди-ю, кўзлари тўсатдан тепага битиб, боши билангланиб чайқалди, остидаги курсидан каравот томонга мудгий бошлади. Оқсоқол потранган алфозда унинг қўлтиғидан тутди, авайлаб гиламга ётқизди.

Эртош ота билан Гоптай момо қабристонга бирга кетди, ёнма-ён қазилган лаҳадларга бир пайтда қўйилди.
Улар энди орамизда эмас. Бир-бирининг жаҳонда ўхшаши йўқ чеҳрасига қониб-қониб олиб, бу муваққат чайлани армонсиз тарк этишди-ю, иккови битта эртакка айланди…

Эртами-кеч, биз ҳам эртакка айланамиз. Аммо, шу томониям борки, бунинг учун одамдек яшаб, бировга айтишга арзигулик, лоақал, бирон-бир жимжимали кечинмани бошдан ўткармоғимиз лозим шекилли.

Тошкент, 2014 йил.

Манба: «Ёшлик» журнали, 2014/12

033

Agar, Goptay momo degan kampir o‘nlab yillarga cho‘zilgan judolikdan so‘ng onasining qabrini ziyoratlash niyatida Uzumchi qishlog‘ini istab kelgani; xotirasida o‘chmas yolqinga do‘nmish Ertosh otaning tirikligidan quvonib, bir oychadan beri unikida qo‘noq bo‘lib yurgani; kampirning nevarasi ularni o‘z mashinada vodiy bo‘ylab sayr qildirgani; bolalikning zahmatli, biroq totlidan totli damlarini qayta jonlantirmoq ilinjida, tobora tarovatli tus olayotgan ko‘hna cho‘lni ikkovlon yayov kezib chiqqani haqida odamlar shovshuv ko‘tarmasa; men shovshuvning tafsilotiga chuqurroq sho‘ng‘imoqdan erinib, bu silsilali qismatni Yer kezg‘ichida har bir soniya ichra yuz berib turguchi minglab oddiy ayriliqlardan biriga yo‘yib qo‘yaqolsam; keyinroq esa, ilohiy hodisadek tuyuluvi ila butun boshli qishloqni larzaga solgan ma’rakada qatnashmasam, olamda mungligina yangi bir ertak tug‘ilganiga shohid bo‘lolmay o‘tib ketaverar ekanman.

ANVAR OBIDJON
ODDIY AYRILIQ HAQIDA ERTAK
Qissa
021

O’zbekiston xalq shoiri Anvar Obidjon 1947 yilda Farg’ona viloyatining Oltiariq tumanida tug’ilgan. Hozirgi Milliy universitetning jurnalistika fakul`tetini bitirgan. Adibning biri bolalarga, biri kattalarga atalgan “Juda qiziq voqea”, “Masxaraboz bola”, “Alamazon va Gulmat”, “O’q o’tmas bolakay”, “Bahromning hikoyalari”, “Baloga qolgan futbolchi”, “Kulgili tushlar”, “0099 raqamli yolg’onchi”, “Jajji-jajji kulchalar”, “Dahshatli Meshpolvon” kabi kitoblari o’quvchilar orasida alohida tilga tushgan.

021

07dirga tutash qishloqchadagi orti derazasiz uylar badantarbiyaga saflangan bo’yi past-baland o’quvchilardek, yo’lning ikki chetida zich tizilib turibdi. Eshik-darvozalar ham turlicha: bulari – birqanot, odmi, ba’zisi bo’yoq ko’rmagan, taxtalari quyosh kuydirig’idan qorayib, yorilib ketgan; ulari – qo’shqanot, naqshindor, hashamatli. Torgina toshloq ko’chaning chap yog’ida – kishi bemalol sakrab o’tsa bo’ladigan sershag’al ariq, suvlari qushchalarga sayrashni o’rgatmoqchidek qishin-yozin childiragani childiragan. Ariq ustida har bir xonadonning o’z so’ritoki bor, ularda turfa navli uzumlar ayoz payti tom chetida hosil bo’lguchi muzburunlardek shoda-shoda osilib yotadi. Eng ertapishari – bahor tugamasidanoq shira yig’ib ulgiruvchi chilgi. Keyin kishmish, hasayni, husayni, qizbarmoq, shivirg’oni, qizilto’ra, shakarangul, qorapirqilar birin-ketin yetilaveradi. Yumaloq degani – eng kechkisi, qishning boshlarida ham po’sti so’limaydi, og’izda bodringdekkarsillaydi.

Tunukatom boloxona ostidagi temir darvozaning so’l qanoti g’ijirloqlanib ochildi-yu, faqat to’y-ma’rakalar munosabati bilangina javondan olinuvchi oppoq yaktagini, ohorli ko’k to’nini kiyib, boshidagi marg’iloni do’ppining girdiga adras qiyiqni ixchamlatib bog’lagan do’ngmanglay chol shoshqaloqlanib ko’chaga chiqdi. Chiqiboq, kaltagina soqolini entikkanicha silay-silay, yoshiga xos bo’lmagan tarzda ildam odimlab, kunbotardagi mozor tarafga yo’naldi. Ildamlagani sayin yosharib boraverdi, oxiri yetti yoshli bolaga do’ndi-qoldi.

Chol, ko’nglida uning ismini bolalikdan ardoqlab kelayotgan, oradan necha yillar o’tmasin, chiroyini zarrachayam yo’qotishi mumkin bo’lmagan, keksalikni shunchaki niqob qilib olgan qumriko’z parivashning yoniga oshiqmoqda edi. Hademay yetib boradi, Xudo nasib etsa, diydoriga to’yadi. Shunisi qiziqki, cholni tanib ololsa, yana bir mo»jiza yuz beradi, kampir ham o’sha zahoti yetti yoshli qizaloqqa aylanadi…

* * *

Nusa xolani o’zim danak chaqib yeyishni o’rgangan chog’imdan buyon bilaman, eshakaravada mahallama-mahalla kezib, piyoz, guruch sotib yuradi. Ko’chamizdan o’tib qolsa, biznikiga kirmasdan qo’ymaydi. Buning sababi bor.

Nusa xolalar ilgari juda uzoq bir o’lkada yashagan ekan. Ko’p yillar oldin ularni kimlardir, nima uchundir butun bir qavmi bilan to’satdan quvg’in qilibdi-yu, biz tomonlarga kelib qolishibdi. To muqim boshpana topilgunicha, birlari yarimvayrona honaqolarga, birlari kolxozning turli omborlariga, birlari dala shiyponlariga joylashtirilibdi. Ortiqcha tomi bor kishilardan ayrimlarining achinishi qo’zib, quvg’indilarga o’z hovlisidan xujra beribdi. Men hali tug’ilmasimdan burun Nusa xola bilan eri Sadir tog’a qish ichi biznikida turishganini, yalpizlar quloqlay boshlagan pallada ikki ko’tarim chiqib-chiqmaydigan ko’chini yig’ib, yangi yerlar o’zlashtirilayotgan cho’lga ketishgach, o’zlariga kichik bir kulba qurib olishganini eshitgandim.

Dadamning aytishicha, Sadir tog’aning asli ismi koreyscha Sugir, xotinining ismi ruscha Nyusya ekan. Qishloqdagilar shunaqa – millati boshqa kishilarning otini yo buzib aytishadi, yo o’zbekcha nom qo’yib olishadi.

Odamlarning fe’li g’alati-da, ba’zi qo’shnilar to’palonchi bolalarini tinchitishga urinib, hadeb sho’xlik qilaversang seni Nusa karisga berib yuboraman, deb qo’rqitardi. Bir kuni o’rtog’imnikiga o’ynagani kirib, buzoqchasini shataloq ottirgancha quvalab yursak, sopol tosda yem qorayotgan onasi bizni po’pisalashga tutindi:
– Bas qilinglar! Ana, Nusaning ovozi kelyapti. Hozir ikkovingniyam qo’l-oyog’ingni boylab, aravasiga ortib beraman, cho’lga opketadi.

Ikkalamiz to’rtta quloqni tengdan ding qilganimizcha turib qoldik. Ko’chadan Nusa xolaning “Piyozlar keldi-i, guruchlar keldi-i” degan tovushi eshitilmasa-da, o’rtog’im onasiga hadikli boqib, so’radi:
– Cho’lga opketib, keyin bizni nima qiladi?
– Nima qilardi, to’xtatmay ishlatadi, — tosga kepak sepayotib vahimani kuchaytirdi onasi. – Oftobda boshing qaynab, piyoz o’taysan. Sholipoyada loy kechib, o’t yulasan.
O’rtog’imning ko’zi gildirab, orada ovqat-povqat berib turadimi, deb so’raganida, onasi birdaniga qaqira-qaqir kulib yuborgandi.

Nusa xolaning eri Sadir tog’ani kamdan-kam ko’rardim. Uyimizga qadam bosadigan bo’lsa, xaltachada guruchi, bir-ikki shisha arag’i bilan kelib, tunab qolardi. Bir uxlab uyg’onsam ham, dadam ikkovi hali-hali otamlashayotgan bo’lardi. Ayrim gaplarini uqardim, ayrimlarini uqmasdim.
– Biz-ku og’irliklarga ko’nikib ketganmiz, — derdi Sadir tog’a. – Lekin, qizchamga juda qiyin bo’ldi-da. Xotinim aravasida tirikchilikka chiqib ketsa, uni dalaga opketaman. Bilasan, dalamizda daraxt yo’q hisobi, qizimga katta savat shlapa kiydirib, sholipoyaning uvatiga o’tqazib qo’yaman. Ora-sira yoniga borsam, terga pishilib, hansiroqlanib qolgan bo’ladi. Xotinim qaytib kelsa, tuproqqa belangan, yuzlari qizarib, yonoqlari po’st tashlagudek po’rsilloqlangan qizchani ko’rib, bolaga umuman qaramabsan-ku, deganicha meni g’adablashga tushadi.

– Ha endi, ona zoti sen bilan menga qaraganda kuyinchakroq-da.
– Uniyam tushunaman, yuragi bezillab qolgan. Bizni buyoqqa haydashganda, eshiklari jipslab yopilgan, to’rt joyda kichik-kichik tuynuklarigina bo’lgan tiqin yuk vagonida bir yarim yoshli o’g’ilchamiz bo’g’riqishdan o’lgan. Xotinimning ro’moliga o’rab, temiryo’lning yoqasiga ko’mganmiz. Bolachog’imning go’ri qayoqlarda qolib ketdi, deb yig’lagani yig’lagan edi xotinim. Qizim tug’ilganidan keyin o’rtanishi ancha tiyildi. O’g’lim esimga tushsa, o’zimniyam ichim yonib ketadi, oshna. Jizillab qovrilaman-u, xotinimga sezdirmayman.
– Nimasini aytasan, Sadirvoy! Farzand dog’idan battari borakanmi? Men birmas, ikkita bolamni topshirganman.
– Bilaman, xotining xotinimga aytgan ekan.
– Ikkinchi qizim uch yashar bo’pqoluvdi-ya! Senlar kelmasingdan bir yilcha oldin qizamiqqa chalindi-yu… E, qo’y, yaxshiroq gaplardan gaplashaylik. Ol manavini. Baxtimizga shu bolalarimiz sog’ bo’lsin endi.

Piyolalarning jaranglatib cho’qishtirilgani eshitiladi. Bo’shatilgan idishlar dasturxonga do’qillatib qo’yilganidan so’ng, nima uchundir, oraga jimlik cho’kadi.
Dadajonim ko’proq ichvolib, mehmonning oldida dumalab qolmasaydi, deb xavfsirardim. Ertalab xijolat tortib o’tirmasin derdim-da.
Mahallamiz bolalari biri qadimda, biri shu davrlarda to’qilgan, bunisi o’ta quvnoq, unisisi juda-juda qayg’uli bo’lgan o’nlab tilqayramalarni
xuddi qo’shiq kuylayotgandek ohangga solib aytib yurishardi.

Bugun bozorga o’xshaydi,
Yetimlar buncha qaqshaydi?
Bozordan qand opkeluvchi
Otaginasi yo’qqa o’xshaydi.

Shunisini eshitganimda, yuragim “jig’-g’” etib ketardi doim. Dadam o’lib qolmasaydi, deb qo’rqishni boshlardim. Yaxshi ko’rgandan yaxshi ko’rardim dadaginamni. Menga sira qattiq tegmasdi.

Yil yangilangan oyning o’rtarog’idan boshlab dadam negadir uyga kelmay qo’ydi. Ayamdan so’rasam, uni bir ish bilan olisroqqa jo’natishdi, hali a-ancha yuradi, deyishdan nariga o’tmaydi.

Sal keyinroq, gap nimadaligini ko’chadagi o’rtoqlarimdan baribir bilib oldim. Ular ota-onalarining o’zaro g’ujurlashuvidan ilg’avolgan bo’lsa kerak-da. Dadam kolxoz fermasida omborchi edi, qandaydir tekshiruvchilar kelib, ishidan u-bu kamchiliklar topishibdi, shuning kasridan qamoqqa tushibdi. Ayamdan qamoqning nimaligini surishtirsam, u joy – devori baland bir qo’rg’on, to fursati to’lmaguncha, ichidagilarni tashqariga chiqarmay turishadi xolos, lekin yotoqlari tayin, ovqati bepul, deb uqtirdi.

Ovoragarchilikni qarang! Aybi bo’lsa, uzoqqa opketib bepul boqib yurguncha, uyimizga qamab qo’yishavermaydimi…
Dadamni sog’inaverdim, sog’inaverdim. Qo’shni xotinlar chiqib ayam bilan jaqir-juqurni boshlasa, dadam to’g’risida iliqroq gap o’rmalashidan umid qilib, ularning og’zini poylaganim poylagan edi.
Ba’zida Sadir tog’a kelib qolardi. Unga ko’zim tushishi bilanoq, xuddi dadamni ko’rgandek, quvonib ketardim. Har gal u kichik bir tuguncha ko’tarib kelar, kostyumining ichki cho’ntagida menga atalgan popukdor qog’ozli chaynamayshiming ham bo’lardi.

Nusa xola eridan ko’ra serqatnov edi. Qoplar ortilgan eshakaravasida ko’chamizga oralagudek bo’lsa, odatdagidek, biznikiga bosh suqmasdan o’tmasdi. Goho bir-ikki piyola choy ustida ayam bilan andak dardlashgan bo’lardi.
– Nimaga Goptayni hech opkelmaysizlar? – deb so’rab qoldi bir kuni ayam. – Yoqimtoygina edi, sog’inaman-da.
– Mushtdek qiz kun bo’yi aravada yurishga chidashi qiyin, — dedi Nusa xola.
– Qo’rqmang, oltiga kiryapti, suyagi ancha qotdi.
– Qani, bir opkelarman.
Shunda ayam ko’z qirida menga qitmirona qarab, Goptay esingdami, qulog’ini tishlab o’zingniki qilvol deganimda, kartillatibgina tishlaganiding, deb kuldi.

Qulog’idan tishlaganim, qizcha bor tovushda dodlab yuborgani shuvillab yodimga tushdi, ammo qiyofasini ko’z oldimga yaqqolroq keltirolmadim. Uch yasharligimda hatna to’yim bo’lgandi, Sadir tog’a to’yga xotini bilan qizchasiniyam olib kelgan, Goptayni o’shanda birinchi marta ko’rgan edim. Ikkovimiz sopol kosachaga barmoq tiqib nisholda yalaganimiz, so’yilgan qo’yning jonsirab pitirlashini dong qotib kuzatib turganimiz, bolalarga qo’shilib chopqillab o’ynaganimiz, ayamning ishqoviga uchib, uning qulog’idan tishlaganim uzuq-yuluq esimda. Aniq bilganim shuki, o’sha kuni undan sira nari ketgim kelmagandi. Chiroylidirki, yonidan siljishni istamagandirman, deb o’ylayotgandim shu damda (“Goptay” so’zi mahalliy karislar tilida “go’zal”ni anglatishini o’shanda bilmasdim).

Kuzning boshlarida Nusa xola o’zbekcha uzun ishton, yengi shalviroq chit ko’ylak kiygan qizchasi bilan kelib qoldi.
– Voy, bu – Goptaymi? – ayam borasolib, kaltagina sochining o’rtasidan yalma ochib olgan mehmonchani bag’riga bosdi. – Katta qiz bo’pketibdi-ku! Voy, o’zim o’rgilayin sendan!
Birga tushlik qildik. Goptay bizga elikolmay, qunishganicha tamaddilanib o’tirdi. Ora-sira unga pastdan ko’z tashlayman, u ham hurkaklik bilan menga qiyalab-qiyalab qo’yadi.

Ovqatlanib bo’lganimizdan keyin, tok ostidagi yog’och so’rimizdan tushib, qittay ikkilanib turgach, yur, Goptay, eshagingga o’t beramiz, dedim. Goptay mung’ayib onasiga qaradi.
– Boraqol, — dedi Nusa xola, — eshakniyam qorni ochdi-da.
Goptay so’ridan sirg’alib tushib, patakli kalishchasini kiydi, men bilan borishga oyog’i tortmayotgandek ishtiyoqsiz odimlab, ortimdan ergashdi.

Uni tomorqaga boshlab kirdim. Og’ilning oldida to’xtab, qo’ylarimiz uchun jodida qirqib qo’yilgan xashakdan bir quchog’ini oldim-da, Goptayga uzatdim. Goptay qorni ochilib qolayotganini xayoligayam keltirmay, ko’ylagining etagini tutdi. Xashakni etakka solib, o’zim yana bir quchog’ini ko’targancha tashqariga yurdim. Ko’chaga chiqib borib, oziqlarni eshakning oldiga to’kdik.

Qo’shni qizlar yerga bo’r bilan chizilgan kataklarda bir oyoqlab sopol surib, “hakkalakam” o’ynashayotgan ekan, bu mehmon kim, deb so’rashgan edi, Nusa xolaning qizi, dedim. Birdan Goptay ham tilga kirib, ularga dadil yaqinlashdi:
– Otim – Goptay. Birga o’ynasam maylimi? Meniyam o’yinga qo’shinglar.
– Ie, o’zbekchada boplab gapirding-ku, — dedi qizlardan biri. – Karischaniyam bilarsan?
– Bilaman.
Goptay “hakkalakam”ga qo’shildi. Men chetda so’ppayib qolmayin deb, ularga qozilik qilishni boshladim. O’yinda goh kimdir bir oyoqda muvozanatini yo’qotib tebranib ketadi, yiqilmaslik uchun, tepaga bukib olgan oyog’iniyam beixtiyor ishga soladi. Ikki oyoqlab to’xtading, o’yindan chiq, deb jovirlaydi qizlar. Ba’zan oyoqda surilgan sopol sakkizta katakdan birining oq chizig’iga qadalib to’xtaydi. Yana o’sha jovur-juvurlar:
– Sopoling chiziqni bosdi, o’yindan chiqding!

Goptay ham ikki marta ana shunday holatga tushdi. Birinchisida qizlarga o’shqirgudek bo’lib, bukilgan oyog’ini cho’zishga cho’zdi-yu, yerga tekkizgani yo’q, deb; ikkinchisida esa, sopol bilan chiziqning orasida qoshliqcho’p siqqudek joy turibdi, deb uning yonini oldim. Qizlarga gapimni o’tkazolganim sayin taltayaverdim. Goptayning oldida obro’yim tog’ bo’yi ko’tarildimi deyman-da!

Shunaqaga o’xshaydi. Uyimizdan chiqib kelgan Nusa xola qizchasini aravadagi qoplarning old tomoniga o’tirg’izib, o’zi ham chetroqqa yalpayib cho’kkanicha eshagini oldinga siljitgach, asta olislab borayotgan Goptay yo’l-yo’lakay menga ikki-uch bor o’girilib, yoqimli-yoqimli jilmayib qo’ydi.

Dadamni bir yilga qamashgan ekan, boshliqlari insofliroq bo’lsa kerak, oilangda bayram qilaqol, deb muddatidan avvalroq bo’shatib yuborishibdi, yangi yil kirishiga ikki kun qolganida lop etib uyimizda paydo bo’ldi.

Hovlimiz oldin qo’ni-qo’shniga, keyin qarindosh-urug’larga to’ldi. Qo’y so’yildi. Uyqozondan kattaroq bo’lgan dalaqozonda bir sho’rva qaynasa, bir palov damlanadi. Sadir tog’a ham ertasi kuniyoq eshakaravaga xotini bilan qizini o’tqazib yetib keldi. Yangi yilni biznikida kutishdi. Goptay bu safar mendan yotsiramay, birga o’ynab o’tirdi. Tishimning izi qolmaganmikin deb, quloqchalarining dam unisiga, dam bunisiga zog’lanib ko’z qadar edim. Oxiri, o’rik o’tinning cho’g’i solingan sandalga oyoq tiqqancha, biqinma-biqin uxlab qolibmiz.

Dadamga kolxozdan ish berishmadi. Damo-dam mahalladagi issiq-sovuq ma’rakalarga aralashib turishini hisobga olmaganda, qish ichi uyda uymalanib yurdi. Yo’qchilikdanmi, o’zini odamlardan olib qochadigan bo’lib qoldi. Ilgarilari biznikida tez-tez yig’ilib turadigan ulfatlari ham qorasini ko’rsatmay ketishgandi. Guzardagi choyxonaga chiqib, odamlar bilan bir chaqchaqlashsangiz, ko’nglingiz yozilarmidi, deb qo’yardi ayam ba’zida.
– Nimani chaqchaqlashasan? – deb o’qrayar edi dadam. – Biri mayda-chuyda dardini chuvalashga tushadi, biri ig’vodan bo’shamaydi…
To’qqizta qo’yimiz bo’lardi. Dadam qamoqdaligida ikkitasini sotib ro’zg’orga xarjlagandik, qamoqdan chiqqanida bittasini elga yegizdik. Yetishmovchilik bordirki, keyinroq yana ikkitasini sotdik.
– Bitta qo’chqor, uchta bo’g’oz sovlig’imiz qoldi, — deb dadamga bir kuni pand aytgan bo’ldi ayam. – Qancha qiynalsak qiynalaylik, to ko’payib olmaguncha, endi qo’ylarga tegmay turing. Xamirturishdek gap bular.

Har yilgidek, tomorqamiz chetidagi ikki tup bodom bahor kirib-kirmasidanoq gullay boshlagan kunlar edi. Sadir tog’a kelib, dadam bilan yarim kechagacha ulfatchilik qildi. Ertalab chala-chulpa nonushtalandi-yu, o’zbekona odatga ko’ra yuziga fotiha tortib, o’rnidan turdi. Eshikdan chiqayotib, eshakaravani minib kelaymi, yo o’zing ulov topasanmi, deb so’radi dadamdan. Ovora bo’lib yurma, o’zim borarman, dedi dadam. Sadir tog’a ketgach, ayamning ko’zlari sinchikovlanib, bu o’rtog’ingiz qanaqa arava to’g’risida gapiryapti o’zi, deb surishtirgan edi, dadam parvosizgina boqib, tuzukroq ish topguningcha men bilan dehqonchilik qipturaqol, daromad – o’rtada, deganidi, tavakkaliga rozilik bervordim, dedi.
– Boshqa ish qurib ketganakan-da! – ko’zini chaqchaytirib bidirladi ayam. – Cho’lga chidash osonakanmi?

Dadam indamasdan chetga yuzlandi. Uning ko’zlarida mung yallig’langani, kipriklari o’ksik bolanikidek tez-tez pirpiray boshlaganini ko’rib, birdan ko’nglim buzildi…

Cho’l deganlari Uzumchi qishlog’imizdan uncha uzoq emasdirki, paxta yetishtiruvchi brigada a’zolari qo’sh otli, to’rt g’ildirakli, so’risi keng “haptakach”da tong yorishib-yorishmasidan yo’lga tushib, ishlari bitgach, qorong’i tushganda yana qaytib kelishardi. Dadam esa, o’n-o’n besh kunda bir kelib-ketardi xolos. Ayamdan buning boisini so’rasam, dadang dehqonchilik qilayotgan joy paxtazorlardan ancha narida, cho’lning etakrog’ida, derdi.

Yozning o’rtalari edi. Dadam navbatdagi kelishida meni ham cho’lga olib ketmoqchi ekanini aytdi. Ayamning tuyqus achchig’i chiqib, o’ylab gapiryapsizmi, uyda bitta o’zim qolsam, odamlar nima deydi, deb bobillashga tushdi.
– Bitta o’zing qolmaysan, — deb qoshini chimirdi dadam. – Ana, to’rt eshik naridagi beva opang kelini bilan g’ijillashaverishdan bezib, qayoqqa qochishni bilmay yuribdi. Butunlay ko’chib chiqmasayam, kechalari jon-jon deb yoningda yotib yuradi. Ertosh oltidan o’tyapti, dalani ko’rsin, ishga ko’zi pishib borsin, deyman-da, xotin.
– Bahona to’qimang! Bilaman, bu bolasiz turolmaysiz. Kim vaqtida yedirib-ichiradi, kim kirini yuvadi? Buyog’iniyam o’ylang-da.
– Nusa xolasi bor-ku! O’rtog’inggayam ishonmaysanmi?
Hayajonim ichimga sig’may borayotgandi. Dadajonimga kunda esh-qo’sh bo’lib yayrashdan ko’ra shu chog’da, negadir, Goptayni ko’proq
o’ylayotgan edim…

Sadir tog’aning uyidan teparoqdagi tuprog’i arzikli, kamquvvat, serkesak, shu sababli paxta ekishga yaroqsiz hisoblangan dalalarda piyozlar pishib-yetilib yotardi. Yer osti suvini pastlatish maqsadida qazilgan serqamish zovurdan nariga o’tishingiz bilanoq, sho’ri tepaga urib oq qatqaloq hosil qilgan qumloq yerlar boshlanadi. Uyog’i endi – sholipoyalar. Boshqa sohadagi olimlarning ko’pchiligiga ma’lum bo’lmagan bir sirni – yerning sho’rini yuvishda, unumdor qilishda katak-katak marzalar ichra suv doimo limillab turguchi, loyqali cho’kmalar balchiqlanib, qumlarni asta-sekin tuproqqa aylantira borguvchi sholipoyadan zo’rroq omil yo’q ekanligini bu dalaning chaqaloqlariyam yaxshi bilardi.
Dastlabki kunlarda, piyoz qazishga yollanganlar ishini boshqarish, ularga ovqat tashkillab berish bilan band bo’lgan dadamning yonida Goptay ikkalamiz ivirsib yurdik.

Kattalarning ishiga aralashgimiz kelaverardi. Ko’pincha, qazuv chog’ida chetini ketmon tirnab zaxalagan, birinchi o’rinda sotib yoki ovqatga ishlatib yuboriladigan piyozlarni alohidalatib to’plashga qaralashar edik. Bularning bir qismini o’ta maydalariga qo’shib, uyga opketarsizlar, deya yollanmachilarga tekin tarqatishda qatnashish, rahmat eshitish bizga o’zgacha zavq bag’ishlardi. Keyin piyozning qo’lansa isini yo’qotish uchun,
qo’limizni ora-sira hidlay-hidlay, loyda ishqalab yuvishga tushardik.

– Loydagi toshcha boshmaldog’imni tildi, achishyapti, — deb yuzini bujmaytirardi Goptay.
Yiqilib-netgan chog’imda ayamning erkalatishiga taqlid qilib, ke, og’rigan joyingni bir o’pib qo’yay, desam, Goptay “ho-o” deya qo’lini biqinga yashirardi.

Piyozlar to’liq qazib olinib, yer haqi uchun qariyb yarmi kolxozga topshirilgach, qolganining bir qismi daladayoq ko’tarasiga sotildi, bir qismini yukso’risiga baland chetan to’siqchalar o’rnatilgan qo’qonaravalarga yuklab, yoyib quritish uchun xirmonga tashish boshlandi. Yaxshilab quritilgan piyoz har qancha uzoq saqlanmasin, chirimas ekan.
Qancha-qancha odamga qiron keltirgan urushning nafasi hanuz kuxkuxlanib turardi – dalada ketmon chopishga yaramagani uchun bo’lsa kerak, piyoz tashuvchi aravakashlarning ko’pchiligi nogironlardan iborat edi: biri oqsoq, boshqasining bir qo’li yoki bir oyog’i yo’q, kontuziyaning jaddidan qaltiroqqa yo’liqqanlariyam bor. Ayrimlarida askarcha shim-ko’ylak, belida enli qayish tasma. Sadir tog’ani nega urushga yuborishmaganini bilmayman-u, dadamning o’ng ko’zi tug’ma shilpiq bo’lib, qizarib yallig’langanicha xiyol qisilib turishi tufayli harbiyga olishmagan ekan.

Qishda sotishga qoldirilgan piyozlar quritilib, ijara omborga joylab bo’lingach, dadam sholipoyani yovvoyi o’tlardan tozalashda, ekinlarni o’g’itlashda Sadir tog’aga yordam berishga o’tdi. Goptay ikkalamizning kunimiz ham endi shu tomonda kecha boshladi.
Otalarimizga ko’maklashmoqchi bo’lsak, goh nariroqdagi pastakkina, tanasi ketmon sopidan ozgina yo’g’onroq bo’lgan yosh majnuntolni ko’rsatib, tezda soyaga borishimizni buyurishadi, goh, kechki salqin tusha boshlaganidanmi, indamay qo’yib berishardi. Menga qo’shilib Goptay ham ishtonining pochasini tizzagacha shimarib, marzalardan biridagi bo’tana suvga tushib borardi. Kurmaklarni tortqilab yulmasdan, tomiridan teparog’ini chimdib uzib olinglar, yo’qsa yonidagi sholi ham tag-tubi bilan qo’porilib chiqadi, deb uqtirishardi bizga.

Tomiri butun qolganidanmi, to’rt-besh kun o’tmayoq, kurmaklar yana sholidan balandlab ketaverardi. Qarabsizki, hamma ish boshqatdan boshlanib turibdi-da. Muhimi – bu la’natilarni urug’i pishmasdan burun gumdon qilish. Urug’i to’kilib, bir bolalab bersa, sholiga kun yo’q.

Sholi boshoqlamaguncha uni kurmakdan farqlash qiyin. Kurmakning kurmakligini bargida oq chiziqcha borligidangina ajratib olsa bo’ladi. O’ylashimcha, shuni yanglishtirib qo’yishimizdan cho’chib, bizni sholipoyaga yaqinlatgilari kelavermasdi. Juda g’ayratlaring qo’ziyotgan bo’lsa, ana, marzaning ustini tozalanglar, deyishardi.
Marza suvdan balandligi uchunmi, muttaham kurmaklar bu yerda qorasiniyam ko’rsatmas, mug’ambirdan mug’ambir semiz o’tlargina o’sardi. Mug’ambirligi shundaki, shoxlaridan birining uchini o’t o’chiruvchilarning ichagidek suvga tushirib olsa bas, suyuqlikni keragicha so’rib, butun tana bo’ylab pismayib tarqataveradi.

Bir gal marza ustidagi o’tlarni yulayotib, oldimizdan suzib o’tayotgan baqani tutib oldik. Ikkovimiz bir paytda tashlanganimiz bois men baqaning orqa oyog’idan, Goptay oldingi oyog’idan ushlagancha suvdan ko’tardik, birinchi bo’lib men tutdim, deya talasha ketdik. Tortdi-tortdida orqa oyoq uzilib changalimda qoldi-yu, qo’liga qon sachragan Goptay baqani tashlab yuborib, uning tipirchilashiga yig’lamsirab tikilib turdi, so’ng menga bir o’qrayib qo’yib, shartta ortga burildi, marzadan chiqiboq, uyi tomonga yo’naldi.

Kechki ovqat paytidayam Goptayning arazi bosilmadi, tumtaygan asno, menga umuman qaramasdan, jim kavshanib o’tirdi. Nusa xola miyig’ida kulimsirab, bu ikkovi bugun rosayam yuvoshlanib qolibdimi, deya yonidagilar bilan ma’nodor ko’z urishtirib qo’ydi. Bildimki, oramiz buzilganini bular allaqachon payqab bo’lishgan.

Sadir tog’aning bir oynakli uyi yonida kichkina omborcha bor edi. Dadam omborchaning chetiga taxta terib, ustiga ko’rpa to’shab olgan ekan, shu joyda yolg’iz uxlardi. Bir oynakli uyda esa, gilamdek-gilamdek keladigan o’zbekona ko’rpalarning tagligiyam, yopinchig’iyam uzunasiga to’shalib, u chetida Nusa xola, bu chetida Sadir tog’a yotar, Goptay ikkalamiz ularning o’rtasiga suqilib olardik. O’sha kuni Goptay onasining narigi yog’iga o’tib uxladi.
Qayoqdanam yo’liqa qoldi o’sha olako’z baqa? Ushlashga ushladik, uni Goptayga indamasdan berib qo’yaqolsam, o’larmidim?
Yuragim siqila-siqila, pinakka ketibman.

Nonushtaga uyg’otishdi. Chivin chaqqan joylarimni qashlay-qashlay, lanjlanib o’rnimdan turdim. Oyog’imni sudrab bosgancha uydan chiqib, ariqchada yuzimni yuvdim, tolga ilingan sochiqni olib, sustlanib artina boshladim. Ko’nglim hamon qorong’i edi.
Bir payt Goptay kelib, kuragimga turtkiladi:
– Hey, menga qara!
Yuragim boshqacha tepinib, unga o’girildim.
– Bugun yana baqa ushlasak, bo’pti, sen olaqol, — deb jilmaydi u. – Endi talashmayman.

Ichimda yarq etib quyosh porlagandek bo’ldi.
– E, baqayam qurib ketsin, — deya qo’l siltadim men. – O’shani deb, seni xafa qipqo’ydim.
Shu tariqa, kunlarim Goptay bilan birgalikda charaqlab-charaqlab o’taverdi. Men uning ko’nglini avaylashga tirishadigan bo’lib qoldimmi, yoki u menga ko’proq yon berarmidi, hartugur o’rtamizga qaytib sovuqchilik tushmadi. Uni biror soat ko’rmasam, eng suyumli o’yinchog’imni yo’qotib qo’ygandek betoqat elovlana boshlardim. Bu elitmako’z qizaloq shu yoshimdayoq qalbim chechakzorini butunlay o’ziniki qilib olayotgani, mazkur maskanda boshqa kezargonga joy qoldirmay borayotganini bilmasdim hali.

Hech unutolmayman – Goptayning bir ertagi etimda g’alatidan g’alati jimirloq uyg’otgan edi. O’sha kuni ertalabki salqinda dadalarimizga ozgina ko’maklashgan bo’ldik, keyin bizni yana soyaga quvishdi. Borib, majnuntolning ostiga o’tirdim. Goptay yonimga cho’kdi. O’zimizga yangi ermak topib, ishtonimizning shalabbo bo’lgan pochasini siqishga tutindik.
– Dadang hozir ishini tashlab kelib, bizga tag’in ertak aytib bersa, zo’r bo’lardi-da, Ertosh, — deb qoldi bir payt Goptay. – Ayniqsa, Alpomishni boshqatdan eshitgim kelyapti. O’shanday polvon yigitga yoqib qolganiga qaraganda, Barchinoy juda chiroyli bo’lsa kerak, a?
– Shunaqaga o’xshaydi, — dedim men.
So’ng, karislarniyam ertagi bormi, deb so’radim. Bor, degan javobni eshitib, qani, bittasini aytib ber-chi, dedim.
– Bir bor ekan, bir yo’q ekan, qadim-qadim zamonda bitta kichkina bola bilan bitta kichkina qiz bo’lgan ekan, — deb ertagini boshladi Goptay. – Ikkalasi doim birga o’ynarkan. Bir kuni ularga avliyo chol yo’liqibdi-yu, tilaklaring bo’lsa, aytinglar, debdi. Qiz, buni eshitib, bizni hoziroq katta qilib qo’ya olasizmi, deb so’rabdi. Avliyo chol ularni tezda katta qilib qo’yibdi. Shunda yigit qizga qarab, seni yaxshi ko’raman, menga xotin bo’lasanmi, debdi. Mayli, debdi qiz. To’y qilishibdi. Keyin yigit o’sha qizning ota-onasiniyam uylariga ko’chirib kelibdi. Yigit bilan qiz ota-onalariga qo’shilib, bitta joyda yashab-yashab yuraveribdi…

Sholipoya yaqinidagi tosho’choqqa kichkina qozon osilgan bo’lib, dadalarimiz tushlik ovqatni shu yerning o’zida pishirib yeyishardi. Ko’pincha qaynatma sho’rva qilinardi. O’tin ho’lroq bo’lsa, bizni o’choqqa yaqin bordirishmas edi. Ho’l o’tin charsillagani charsillagan. Charsilloqdan
uchgan cho’g’ kiyimni kuydiradi, badaninggga tegsa, yara qiladi.

Tushlik mahali chetlari titilgan bo’z dasturxonni yoyib, oldimizga ikkita kosada sho’rva qo’yishdi. Keyin o’zlariga ovqat keltirishdi, nonni mayda-mayda to’g’rab, sho’rvaga bo’ktirishdi. Men ham o’shanday qildim. Chimtomoq Goptay esa, non bo’lagini shoshmasdan sho’rvaga botirib, istamaygina og’ziga soldi.
– Mogora! – deb jerkib berdi Sadir tog’a.

Karischada bu “eyaqol” degani. Kelganimdan beri, bunaqa gaplardan besh-o’ntasini o’rganib olganman: yosh
onara – buyoqqa kel, igo kadera – ol, gaman andyara – jim o’tir, chagara – uxla, gadya – yur, ketdik… Karislarning “salom”i uzunroq xolos – anensi xasimnika.

Sadir tog’a bo’g’ma xaltadan to’rtta ko’k qalampir olib, pichoqda parraklab-parraklab qirqdi, yarmini o’z kosasiga, yarmini dadamning ovqatiga to’kdi. Aytishlaricha, qalampir odamni terlatib, badanidagi bor sovuqlikni quvib chiqararkan. Sholipoyada kun bo’yi suv kechib yurganlarning esa, suyak-suyagigacha zaxlik singgib ketarmish.
Ovqatlanib o’tirganimizda, mo’ylovdor, to’lpoqyuz kishi zovurning ko’prigidan o’tib, biz sari yaqinlashaverdi. Keling, domla, keling, deb dadam uni Sadir tog’aning yoniga o’tqazdi-da, qornim to’q, desa ham, baribir sho’rva quyib kelib, oldiga qo’ydi.

Mo’ylovdor kishi maktab o’qituvchisi bo’lib, dalada yashovchilarning bolalarini ro’yxatga olib yurgan ekan. Bizning yoshimizni surishtirgan edi, dadam meni ko’rsatib, o’g’lim mart oyining boshida olti yoshga to’ldi, Goptay undan o’n besh kunlik kichik, dedi. Mo’ylovdor kishi ismlarimizni, tug’ilgan vaqtimizni daftariga yozib bo’lib, bular sentyabrda olti yarimga kirarkan, biz maktabga yetti yoshdan oshganlarni olamiz, kelasi yili o’qishga borishadi endi, deb tushuntirish berdi. Keyin, sho’rvadan ho’plarkan, Sadir tog’aga qarab, avvalgi yurtlaringda qachondan beri yashar edilaring, deb savol tashladi.
– Aniq bilmadim-u, otam ham, otamning otasi ham, uning otasi ham o’sha yerda yashab o’tgan ekan, — dedi Sadir tog’a. – Nimaga so’rayapsiz?

Mo’ylovdor kishi oxirini bir ko’tarishda kosani bo’shatgach, popukli satin ro’molchada og’zini artib, Sadir tog’aga salmoqli siyoqda yuzlandi:
– So’raganimning boisi – o’shancha vaqt ruslar bilan aralash yashab, haliyam ruschaga tillaring kelishmaydi. O’zbekistonda yashayotganlaringga hech qancha bo’lgani yo’g’-u, o’zbekchada xuddi o’zbekdek toza gapiradigan bo’ldilaring. Xo’sh, bu nimani anglatadi? Bu shuni anglatadiki, tillarimizning tomiri bir!

Dadalarimiz mehmonni kuzatib qo’yib, yana yumushga berilishdi. Sadir tog’a ishlayotib, odatiga ko’ra, qandaydir qo’shiqni dimog’ida tinmay hirgoyi qila boshladi.
– Qachon qarama, shu ashulani aytganing aytgan, — deya tegishqoqlanib so’z qotdi dadam. – Boshqasi yo’qmi?
– Boshqalariyam ko’p, — deb javob qildi Sadir tog’a. – Lekin, hech qaysinisi bu qo’shiqqa teng kelolmaydi, oshna.
Dadam kesatishini qo’ymadi:
– Shunchalik kuchli bo’lsa, mazmuniniyam bilaylik-chi.
Sadir tog’aning aytishicha, bu qo’shiqning ma’nosi shunday ekan:

Ey, yurtimdan kelayotgan shamol!
Otam bo’lib, onam bo’lib,
Sochlarimni silab o’t!

Ey, yurtimga ketayotgan shamol!
Men o’g’liga aylanib,
Otam bilan onamning qabrini silab o’t!

Sadir tog’a manglayini tirishtirib turib qoldi. Dadam unga hilviroqlanib tikilganicha dedi:
– Qo’shiqmisan qo’shiq ekan! Aytaver, og’ayni, aytaver!
Lekin, Sadir tog’a ashulasini davom ettirmadi, cho’ntagidan papiros olib, og’ziga qistirdi. Gugurtda yondirib, ustma-ust so’rdi-yu, o’qchib-o’qchib yo’taldi.
– Achchiqdan achchiq bo’lsayam, arzonligiga uchib, shu o’lati “Baykal”ni chekkanim chekkan, — deya ko’kragini silab xirqiroqlandi.

O’z-o’zidan ko’zim suzila boshladi, biram uyqim kelyaptiki, deb tolga yelka tiradim.
– Meniyam uyqi bosyapti, — dedi Goptay. – Yelkangga suyansam maylimi? Yerga yotsam, chumolilar tishlab qochadi.
Men tolga, Goptay menga suyanib, uyquga ketdik. Uyg’onsam, Goptayning boshi yelkamdan sirg’alib tushibdi, cho’zilgan oyog’imni yostiq
qilganicha tiniqib uxlayapti.

Ertakdagi o’sha avliyo chol Goptayni sehrlab qo’ysa-yu, qaniydi, mana shu yotishda uyg’onmay yotaversa, deb o’ylayotgandim shu onda.
Qish boshlanib, paxta terimi oxirlab borayotganida, kolxozdagi kattakonlar dadamga ish berishdi – bog’ brigadiri qilib tayinlashdi. Buni eshitib, Sadir tog’aning boshi osmonga yetdi, Nusa xola quyuqroq ziyofat uyushtirgan bo’ldi.
Tongda dadam ikkovimiz qishloqqa jo’nadik. Goptay ota-onasiga ergashganicha bir oynakli uychadan chiqib kelib, ko’zi mo’ltiragan asno bizni kuzatib qoldi. O’zimni quvnoqroq ko’rsatishga urindimmi, anensi gasio, deya karischalab xayrlashgan edim, labining chetida xiragina kulib qo’ydi. Ancha yurib borgach, ortga qayrilsam, uychaning oldida endi bitta o’zi haliyam o’shanday tikilib turibdi. Unga kaftimni tebratib qichqirdim:
– Yana kelama-a-n!

Qishloqqa qaytsak, qo’chqorimiz lorsillab ketibdi. Sovliqlardan biri egiz tuqqani uchun to’rtta qo’yimiz sakkizta bo’luvdi, qo’zichoqlar allaqachon to’xliga aylanib ulguribdi. Boshimizga davlat yog’ilgani shu-da. Buning ustiga, Sadir tog’a birinchi qor tushgan kuni uyimizga kelib, bu seni ulushing, deya dadamga bir chorsi pul tashlab ketdi.
– Qadaming yengil ekan, — degandi u o’shanda dadamga. – Shuncha ekin ekib yurib, hosil bu yilgidek mo’l bo’lganini sira ko’rmaganidim.
Oradan ikki hafta o’tib-o’tmay, Sadir tog’a yana darvozamizdan kirib keldi. Yonida Goptay ham bor edi. Bir-birimizni ko’rishimiz bilanoq, ko’zlarimiz yashnagandan yashnab ketdi.

Sadir tog’aning, negadir, tafti sust edi, dadamni chetga tortib, qovoq solganicha allanimalarni shipshitdi. Tomorqadan chiqib kelgan ayam Sadir tog’ani ko’rib, endigina hol-ahvol so’rashni boshlagandi, dadam yaqinroq borib, ungayam nimadir deb pichirladi. Ayamning to’satdan rangi quv o’chdi, voy o’lmasam, deb ko’ylagining yoqasini tutamladi.
Dadam uyga kirib, tezda kiyinib chiqdi, ayamga qarab, bugun kelolmasam kerak, dedi. Sadir tog’a ikkovi shosha-pisha yo’lga tushdi. Shu ketgancha qaytishmadi, Goptay biznikida tunab qoldi. Dadang nimaga xafa, deb so’rasam, onam kasal, dedi xolos.

Nima voqea yuz berganini ertasi kuni ayam qo’shni xotinga so’zlab berayotganida bilib oldim. Bundan uch-to’rt kun avval Nusa xola ko’ksini changallab yiqilibdi-yu, shu-shu, qimirlolmay qolibdi. Darrovda do’xtirxonaga olib borishibdi. Foydasi bo’lmabdi. Kecha tushlikka yaqin joni uzilgan ekan.

Goptayga buni aytishga tilim bormadi. Chamasi, ayam ham nima deyishni bilmayotgandi.
– Ko’chada bir o’ynab kelsalaring-chi, — deb qo’limizga uch-to’rttadan yong’oq tutqazdi oxiri.

Ko’chaga chiqmasak ham bo’larkan, Goptayni “ha, karischa”, deb ermaklagani uchun o’zimdan kattaroq bola bilan yoqalashib qoldim. Qattiq olishdik. Yerga dumalab yiqilganimizda, bilagim yaxshigina shilindi, uning ko’ylagi yirtildi.
Hovliga qaytib kirib, qo’limiz sovuqdan qaltiraganicha tovuqning katagi yonida hammompish o’ynashga unnadik. Nam tuproqdan yumaloq gumbazli hammom yasagach, ustiga mo’ri o’rnatib, yonidan eshikcha ochayotganimda, qara, men zo’r uy qurdim, deb qoldi Goptay. Ko’rsam, kattagina uy tiklab, hovlisining atrofini cho’p devorda o’rab qo’yibdi.
– Pulimiz ko’paysa, dadam shunaqa uy soladi, — deb orziqdi Goptay. – Sizlarnikiga yaqinroq joyga qursak, har kuni birga o’ynardik.

Bu ish erta-indinoq amalga oshadigandek, suyunib ketdim:
– Ie, qishloqqa ko’chib kelasizlarmi?
– Cho’lda maktab yo’q, — ho’rsindi Goptay. – Kelmasak, qaerda o’qiyman?
– Uyni qurishga nechchi kun ketarkin?
– Bilmadim… Ulgurishar…
Birdan quvligim qo’zidi:
– Agar ulgurishmasa, seni qishloqqa erga berib qo’yaqolishsin.
– Erga berishsin? – charaqlanib boqdi Goptay. – Kimga?
– Kimga bo’lardi, menga-da!

Goptayning lo’ppi yuzi tuyqus duvillab qizardi.
– Senga-ya? – dedi so’ng iljayib. – Sen urishqoqsan-ku! Yumdalog’ich mushukka o’xshaysan!
Shunday deya, qotib-qotib kula ketdi. Men ham kulgiga qo’shildim. Kulyapman-u, ichimda nimadir titranib erib boryapti.
Kechasi ayam uzunlatib joy to’shadi, uchalamiz bitta ko’rpaga kirdik. Goptay hayal o’tmasdanoq uyquning qopqoniga ilindi. Ancha mahal unga tikilib yotdim. O’zimni chinakamiga kuyovchadek his etmog’im uchun ayam shu topda ortiqchalik qilayotgandek edi.
Sadir tog’a biz uxlaganimizdan keyin dadam bilan kelib, darvozamiz yonidagi mehmonxonada tunab qolgan ekan, Goptay ertalab uni ko’riboq, onam qani, deb so’radi. Sadir tog’a chuqur homuza tortib olgach, onang uzo-o-qqa ketdi, dedi.
Goptay dadasiga xavotirli boqib, yana so’roqqa tutdi:
– Qachon keladi?
– Bilmadim, — dedi dadasi. – Kelavermasa, bir kuni o’zimiz oldiga boramiz-da, qizim.

Buni eshitib, ayam o’zini yig’idan tiyolmay, shapalog’ida ko’zini to’sganicha, uy ichiga tezlanib kirib ketdi…
Kelgusi yili maktabga bordim. Shu yerda bo’lganida, hozir Goptay ikkalamiz birga o’qiyotgan bo’larmidik, degan o’y boshimda tez-tez aylanib turardi. Afsuski, ular ketib qolishgan. Nusa xola vafot etganidan keyin, Qozog’istonning allaqaerida yashovchi singlisi kelib, jiyanimni boshqa ayolga o’gaylatib qo’ymayman, debdi-yu, o’zi bilan olib ketibdi.
Qizini qo’msagan bo’lsa kerak, qishning qirchillamasida Sadir tog’a ham o’sha yoqqa jo’nadi. Ketishdan avval biznikiga kelgani, dadam bilan quchoqlashib-quchoqlashib xayrlashgani esimda.
– Xotinimning qabriga qarab-netib turinglar, men kelolmasam, bir kunmas bir kuni bolammi, nevarammi kelib ziyorat qilar.
Sadir tog’a aytgan oxirgi gap shu bo’ldi.

Oqsoqollarning roziligi bilan, Nusa xolani qishlog’imizdagi musulmon qabristoniga dafn etishgandi. Dadam har bahorda borib, o’z ota-onasiniki qatorida Nusa xolaning go’rini ham o’tlardan tozalab kelardi. Bunaqa paytda Sadir tog’aning o’sha ashulasi yodimga tushaverardi. Dadam gazetada ishlaydigan bir tanishiga bu qo’shiqning mazmunini aytib berib, keyinchalik she’r qildirib olgandi:

Shamol keldi yurtimdan,
Yoydim men qulochimni.
Otam bo’lib,
Onam bo’lib,
Silab o’tsin sochimni.

Ko’zlarimni yoshlatib,
Shamol ketdi yurtimga.
Otam qabrin,
Onam qabrin
Silab o’tsin o’rnimga.

Qozog’iston tomonlarda bo’lib qaytgan tanish bir karis kishi dadamni uchratib qolib, Sadir tog’a avtomashinalar to’qnashuvida o’lganini aytganligi eski qadrdonining ezgin qo’shig’ini o’zbekcha she’rga aylantirib asrab yurishga turtki bergan ekan. Dadam o’shanda uning qizini surishtirsa, ikkalasi birga halok bo’lganmish, debdi.

Buni dadamdan talay fursat o’tibgina eshitganimda, yuragim uqalanib ketgudek bo’luvdi. Qachonki Goptay esimga tushsa, ko’zlarim o’z-o’zidan yoshlanishni boshlardi. Uni olib ketgan ayolni topib, ayamasdan savalagim kelaverardi.

Shunday charaqlagan qizni nima qipqo’yishdi-ya?!
…Qabriston jimjit edi, yomg’ir siyrak tomchilab turardi.

– Agar tirikligingni bilsam, seni yerning tagidan bo’lsayam izlab topmasmidim, Goptay. Nega o’zing xat-pat yozmading? Nega?
– Bir-ikki marta yozmoqchiyam bo’ldim, lekin manzilimning tayini yo’q edi. Umrimning eng charsillagan davri qozoqlarning u dalasidan bu dalasiga ko’chib yurish bilan o’tdi. Boshim kulfatdan chiqmadi. Xolamning ichuvchi eri qimorboz, janjalkash, betayin kishi edi, hech kimga yoqmasdi, hech yerga sig’masdi.

– Harbiyda bo’ldim, institutda o’qidim. Bitirganimdan keyin ham anchagacha uylanmay yurdim. Uchragan qizdan sendagi qiyofani, sendagi qiliqlarni axtaraverdim. Hatto to’yim bo’layotgan kuniyam ko’z oldimga kelib turvolding…
– Men-chi, men? Seni eslamagan, senga talpinmagan kunim yo’q edi. Sargardonlikdan qutulib, yo’limni topib olganimda, yigirma beshdan o’tib qoluvdim. Ertosh – yolg’iz o’g’il, allaqachon uylangandir, deb o’ylardim. Seni hech bo’lmasa yana bir marta ko’ray, armonim arisin, derdim-u, o’zbek ayollarining fe’li nozikligini bilganim uchun, turmushingga sovuqchilik tushirib qo’yishdan cho’chirdim, o’zimni zo’rlab yo’ldan qaytarardim.
– O’shanda imillamasliging kerak edi, Goptay. Men yigirma yettimda uylanganman, yigirma yettimda!
– Senam meni yaxshi ko’rishingni qaerdan bilibman…
– Vah, pishmagan kalla-ya! Hamma ayb o’zimda, qayoqdagi mishmishga ishonib, seni tiriklayin ko’mib o’tiribman-a! Nimaga yaxshiroq surishtirmadim? Nimaga qidirib ko’rmadim? Men landavurni kechir, Goptay! Kechir men xumboshni… Kechir…

* * *

Bunaqasini to’qib bo’larkanmi?! Bir mistovoq somsani ko’tarib, qishloqdagi udumga ko’ra, qo’shnining mehmonini yo’qlashga kirganimda Ertosh otadan nimani eshitgan bo’lsam, shuni yozdim.

Qarangki, Ertosh ota bilan shuncha yil bitta ko’chada yashab, bir paytlar taniqli meliorator bo’lgani, qanchadan-qancha suv inshootlari uning loyihasi asosida qurilganidan bo’lak narsani bilmay yuraveribman. Buyam odam-ku, balki, ko’nglida hali hech kimga aytmagan
sirlari bordir, degan o’y biror marta boshimga qo’nmabdi. Agar, Goptay momo degan kampir o’nlab yillarga cho’zilgan judolikdan so’ng onasining qabrini ziyoratlash niyatida Uzumchi qishlog’ini istab kelgani; xotirasida o’chmas yolqinga do’nmish Ertosh otaning tirikligidan quvonib, bir oychadan beri unikida qo’noq
bo’lib yurgani; kampirning nevarasi ularni o’z mashinada vodiy bo’ylab sayr qildirgani; bolalikning zahmatli, biroq totlidan totli damlarini qayta jonlantirmoq ilinjida, tobora tarovatli tus olayotgan ko’hna cho’lni ikkovlon yayov kezib chiqqani haqida odamlar shovshuv ko’tarmasa; men shovshuvning tafsilotiga chuqurroq sho’ng’imoqdan erinib, bu silsilali qismatni Yer kezg’ichida har bir soniya ichra yuz berib turguchi minglab oddiy ayriliqlardan biriga yo’yib qo’yaqolsam; keyinroq esa, ilohiy hodisadek tuyuluvi ila butun boshli qishloqni larzaga solgan ma’rakada qatnashmasam, olamda mungligina yangi bir ertak tug’ilganiga shohid bo’lolmay o’tib ketaverar ekanman.

Xatomni to’g’rilashga oshiqmang, xotima topgan umrlar bayoni o’laroq idrok etilguchi “ertak” degan so’zni yanglish ishlatmadim. Yurtiga yo’l olishga jovlangan Goptay momo so’nggi kechada Ertosh ota bilan uzoq suhbatlashib o’tirgach, tun yarimdan og’ganida uxlashga yotibdi-yu, qaytib uyg’onmabdi.

Xonadon tongdayoq odamga to’ldi. Mahalla oqsoqoli goh kampirning nevarasi, goh cholning farzandlari bilan nimalarnidir maslahatlashar, lang ochiq deraza tarafga bot-bot jalanglab, uy ichiga boyqushnamo qarab qo’yardi. Uy ichida esa, Ertosh ota karavotdagi jasadga kiprik qoqmay termilgan kuyi tosh qotib o’tirar, hech kimga gapirmas, o’zgalarning gapi ham qulog’iga mutlaqo chalinmayotgandek edi. Burnoq yili kampiridan ayrilganidayam cholni bunday karaxt kepatada ko’rmagandik.

Oqsoqol oxiri Ertosh otaning oldiga kirib bordi. Yelkasidan sekingina quchib tebratganicha, endi nima qilamiz, deb so’ragan edi, u keskin tovushda: “Goptay yonimda qoladi!” dedi. Shunday dedi-yu, ko’zlari to’satdan tepaga bitib, boshi bilanglanib chayqaldi, ostidagi kursidan karavot tomonga mudgiy boshladi. Oqsoqol potrangan alfozda uning qo’ltig’idan tutdi, avaylab gilamga yotqizdi.

Ertosh ota bilan Goptay momo qabristonga birga ketdi, yonma-yon qazilgan lahadlarga bir paytda qo’yildi.
Ular endi oramizda emas. Bir-birining jahonda o’xshashi yo’q chehrasiga qonib-qonib olib, bu muvaqqat chaylani armonsiz tark etishdi-yu, ikkovi bitta ertakka aylandi…

Ertami-kech, biz ham ertakka aylanamiz. Ammo, shu tomoniyam borki, buning uchun odamdek yashab,birovga aytishga arzigulik, loaqal, biron-bir jimjimali kechinmani boshdan o’tkarmog’imiz lozim shekilli.

Toshkent, 2014 yil.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2014/12

033

(Tashriflar: umumiy 736, bugungi 1)

Izoh qoldiring