Artur Samari. Dardi bedavolar

09

Рус тилида ижод қилувчи самарқандлик адиб Артур Самари бир қатор тарихий асарлар, хусусан «Амирнинг олтини», «Бухоро олтини», «Саҳро қизалоғи», «Орзу дарахти паноҳида» «Бухоро амирининг рус завжаси муҳаббати ва фожиаси», «Унутилган Суғд салтанати» каби роман ва қиссалар муаллифи. Унинг «Дарди бедаволар» қиссасини сизга тақдим этмоқдамиз. Рус тилида қиссани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин

-01
Артур САМАРИ
ДАРДИ БЕДАВОЛАР
Қиссани Умид Али таржима қилган
033

ОҚ ДОҒ

Айтишларича, ушбу воқеа ХIX асрнинг ўрталарида Самарқанддан унча узоқ бўлмаган Найман қишлоғида, ўз замонининг бадавлат кишиларидан бўлмиш Очилбой хонадонида юз берган экан. Ўшанда тирикчилигини деҳқонлар меҳнати ортидан юргизаётган, ўзига тўқ бу одам эндигина ўттизни қоралаган эди. У беҳисоб ер мулкига эга бўлиб, деҳқонларга устама ҳақи билан ижарага берар, яна бу камлик қилгандай, ижарагирлар тер тўкиб, не машаққатларда етиштириб, йиғиштириб олган ҳосилни арава-арава қилиб бозорга ташиб, ўз растасида сабзавотларни қиммат нархда пуллар эди. Бечора меҳнаткаш деҳқонларга эса ўз қўллари билан йиғиштириб олган ҳосилнинг ўндан бир қисмигина тегарди, холос. Албатта, бу ишларнинг таг замирида битмас-туганмас давлат орттириш, келажакни таъминлаш, ўзи ва оила аъзоларининг муҳтожлик кўчасига кирмаслик каби худбинона ниятлар бор эди. Шундан бўлса керак, оила аъзолари доимо тўқ юрар, эгниларидан ҳеч вақт қимматбаҳо кийимлар тушмасди. Очилбой ўзи яшаётган қишлоқда бир кўрганда эътиборни жалб этадиган, муҳташам уй ҳам қурдириб олган эди.

Очилбойни худо наслдан ҳам қисмаганди. Беш нафар фарзанди бор эди. Тўрт қиздан кейин дунёга келган Шоди исмли ўғлини эса еру кўкка ишонмай, парвариш этаётганди. Шоди туғилгунга қадар эса савдогар Тангрига астойдил тавалло қилиб, ўз наслининг давом этиши ва жамғарган давлатини мерос қилиб қолдириши учун ёлвориб ўғил инъом этишни сўрарди. Ниҳоят, неча йиллик тоату ибодати, илтижою таваллолари ижобат бўлиб, Очилбойнинг хонадонида ўғил дунёга келгач, чексиз шод бўлганидан у чақалоққа Шоди деб исм қўйди. Бироқ бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. У ўзининг ниятлари амалга ошмай қолиши мумкинлигидан қўрқа бошлаган, ўғлининг бахти ва келажаги ёруғ эканлигига бўлган ишончи сўнаёзганди. Бунга офтоб чарақлаб турган кунларнинг бирида, хотини Мушарраф Шодини ташқари ҳовлида чўмилтираётгани сабаб бўлди. Она боласини унча катта бўлмаган мис лаганда тик турғизган кўйи унинг яланғоч баданини совунлаб, устидан илиқ сув қуяркан, ногаҳон ўғлининг қўлтиғи тагида тирноқдай оқ доғга кўзи тушиб, қўрқиб кетди. Бу одам танасидаги холга ҳам унча ўхшамасди. У бир вақтлар моховлар ҳақида одамлардан эшитган эди. Шу дам кўнглига ёмон фикр келиб, қўрқиб кетди: «Оҳ, худойим ишқилиб, ўшанақа дард бўлмасин-да…» У тағин ўғлининг бошидан сув қуйиб, яна танасидаги ўша доғга синчиклаб разм солди. «Эҳ, художон, ўғлимга раҳминг келсин…»

Онасининг ҳаракатлари сусайганидан Шоди бетоқат бўлиб қолди. Ташқарида, эшик ортида унинг дўстлари кутиб туришарди.
— Ойи, бўлдими? Энди артиниб, кийинсам бўладими?
Мушарраф чиндан ҳам ўғлининг танасидаги доғ моховликнинг аломатими ё йўқми, иккиланиб қолди. Гарчи шу пайтга қадар ўзи ҳаётда бу каби дарди бедаволарга дуч келмаган, уларни ўз кўзи билан кўрмаган бўлса-да, одамлардан эшитгани — моховлик касаллигининг белгилари ўхшаш туйилаётганидан юрагига ваҳм оралаб, карахт бўлиб қолган эди. Аммо дарров ўзини ўнглаб олди. Шодига тўқ рангдаги ки¬йимларни кийдириб, бошига духоба дўпписини бостириб қўйдида, сўнг унга дўстлари олдига боришига рухсат берди. Болакай эшик сари чопқиллаб кетди-ю, унинг ортидан онаизор ҳали кўнглидан кетмаган хавотир билан қараб қолди.
Кечқурун Очилбой ҳовлига кириб келиб, отини отхонага қантариб, қайтгач, Мушарраф эрига шу бугунги юрагига ваҳм солган ҳодисани айтди.

Очилбой кенжатойи билан боғлиқ нохуш сирдан воқиф бўлгач, хотини сингари юрагида хавотир оралади.
-Бўлиши мумкинмас. Сен янглишмаяпсанми?-қайта-қайта сўради у Мушаррафдан.
Аёл индамади, фақат бошини қуйи солди, кўзиларидан шувиллаб ёш оқди. Шу кунларгача бахтдан сармаст юрган отанинг юраги зумда алам-изтиробларга тўлди. У шу пайтга қадар туяётган бахтдан зиғирча ҳам қолмаганди. Аммо у шунчаки қўл қовуштириб туришни ҳам лозим кўрмади. Ўғлининг чиндан ҳам одамлар ҳазар қиладиган дардга чалинганми-йўқми, ўз кўзлари билан кўриб бунга ишонч ҳосил қилмоқчи бўлди. Шу мақсадда ошхонада куймаланаётган тўнғич қизини чақириб, ҳовли томондаги боғда ўйнаб юрган Шодини айтиб келиш учун юборди. Ўзи эса хона четидаги хонтахта атрофига чўкди. Айни дам эгнидан тошдай босиб турган чопон ва салласини ечиб, Мушаррафга тутқазди. Аёл эрининг кийимларини илиб келиш учун бошқа хонага чиқиб кетиб, зум ўтмай қайтиб келди.

Очилбойни оғир ўй босди: «Ҳали буниси ҳам бормиди? Худойим, ишқилиб, хотиним янглишаётган бўлиб чиқсин-да…»
Отасининг қайтганидан хабар топган Шоди югуриб келиб, у ўтирган хонага кирди-да, одатдагидек икки қўлини кўксига қўйиб одоб билан салом берди. Унинг ортидан келган тўнғич қизига эса ота ўз ишларини давом эттириши учун кетишга рухсат берди. Сўнг Мушарраф эрининг имоси билан ўғлига яқинлашиб, унинг кўйлаги барини қўлтиғига қадар кўтарди ва кўзга ялт этиб кўриниб турган тирноқдай оппоқ доғга нуқиди. Нималар юз бераётганига тушунмай, ҳайрон қараб турган Шоди кўзларини пирпиратди, холос.
— Нима деб ўйлайсиз, отаси?-сўради Мушарраф эридан.
-Бир галда худди шунақа доғи бор одамни кўрганман.-тушкун овозда жавоб қилди Очилбой. Сўнг ўғлига юзланди:-Ўғлим, менга айтчи, мана бу еринг,-қўлтиғи остини силади у,-оғриб, безовта қилмайдими?
Шоди ота-онаси ҳамон хомуш термилиб турган ўз қўлтиғи остидаги доғга ўгирилиб қараб, бош чай¬қади.
-Йўқ. Ҳеч ҳам оғримайди.
— Ўртоқларингдан бирортаси кўриб қолгани йўқми?-хавотир ичида сўради Очилбой.
— Билмайман. Ўртоқларим ҳали бу ҳақида сўрашмади.

Боланинг сўзини она ўз фикри билан қувватлаган бўлди:
— Менимча, ҳали ҳеч ким бу сирдан огоҳ эмас.-деди ўғлининг кўйлагини тушириб.
Отанинг боши эгилди. Сир бугун бўлмаса, эртага фош бўлиши, ҳамма воқиф бўлиши муқаррар. Хонага оғир сукунат чўкди. Бир муддатлик жимликдан сўнг Очилбой фикрларини жамлаб олгач, бошини кўтариб, ўта қатъий оҳангда ўғлига буюрди.
-Қўлтиғинг тагида доғ борлигини ҳеч ким билмасин! Ҳеч кимга айтма! — кейинги амр Мушаррафга қаратилди:-Кун иссиқ бўлган пайтлари ҳам унга енги узун кўйлак кийдирасан!
-Дадажон, нега баданимдаги доғга бировнинг кўзи тушишидан қўрқаяпсиз? У юқумлими?-сўради қизиқиб Шоди.
Ота ўғлидан бу саволни кутмаган эди. Айни дам унинг саволига нима деб жавоб беришни ҳам билмай қолди, бироқ тушунтиришга уринди.

— Ўғлим, агар ўртоқларинг баданингдаги доғни кўриб қолишса, сени масхара қилиб кулиб юришади, кейин бирга ўйнамай ҳам қўйишади. Ёлғизланиб қоласан. Шунинг учун ҳам ҳеч кимга кўрсата кўрма, уқдингми? Лекин-чи, зинҳор қўрқма, бу бор-йўғи кичкинагина бир доғ, унча қўрқинчли ҳам эмас, ҳадемай ўчиб, ўрни билинмай кетади. Унгача кўчага чиқа кўрма, мана шу ҳовлида ўйнаб юравер. Онангга энг зўр доривор суртма олиб келаман, баданингга суртса, тузалиб кетади.

Очилбой хотинига нигоҳ ташлаган эди, у эрининг кўз қарашларидан ҳаммасини англади. Энди иккови уйда, махфий равишда, Шодини даволашади. Ажабмас, умид билан қилинган муолажа наф берса. Балки, ҳозир улар болакай баданида пайдо бўлган доғни моховликдан аломат деб янглишаётгандирлар. Эҳтимол, бу дарди бедавога алоқаси бўлмаган бошқа бир касаллик бўлса-чи? Туриш-тузилиши, келиб чиқиши, аломатлари бир-бирига ўхшаш, аммо моҳият жиҳатидан бутунлай бошқа касалликлар йўқ эмасми? Агар ҳозирдан мохов деб жар солиб юборишса, бундан хабар топган қўни-қўшни, қишлоқдагилар Очилбойнинг уйига қадам ранжида қилмай қўйишади. Бу хонадондан ҳазар қилишиб, оила аъзоларидан неча чақирим узоқ юришади.

Ота ўғлига ўйнаб келиш учун бояги жойга, ҳовли томондаги боққа боришга рухсат берди. Ўзи эса отни суғориш ва ем бериш учун отхона сари чоғланди. Отга икки пақир сув ва барра ўт тутиб, орқасига қайтди. У қўлларини ювиш учун қудуқ олдида офтоба ушлаб турган хотини сари юрди. Яқинлашгач, ювинишга чоғланиб, енгларини шимарди, сўнг чўккалаб ўтириб, бошини пича эгди. Боши узра шариллаб тушган илиқ сувнинг ҳарорати вужуд-вужудига тарқалдию, аммо илиқлик туйиш ўрнига ногаҳон миясига келган фикрдан эти жунжикиб кетди.
-Қизларингни ҳам бирма-бир текишириб кўр! Уларда ҳам ўшанақа доғ бор-йўқлигини билишимиз керак.
— Қизлардан кўнглингиз хотиржам бўлсин.-ишончла деди Мушарраф.-Мен ўғлимиздан қўрқяпман. Бирор бир табибни чақириб, даволатсак-чи? Сўраганидан икки-уч ҳисса ортиғи билан берардик.
— Калланг жойидами? «Очилбойнинг ўғли мохов экан», деб ҳамма ёқни саситиб юрсинми? Кейин у ёғи нима бўлишини тасаввур қиляпсанми?
— Э, худойим-эй…
— Бўпти, аюҳаннос солма, бирор чорасини излаб топармиз,-деди Очилбой хотинининг қўлидан сочиқни юлқиб олиб, бошини ишқалаб артаркан.-Агар бир ой ичида доғ кетмаса, у ҳақиқатданам…-мохов дейишга тили бормади унинг. — Шунда Шодига алоҳида хона ажратиб, қамаб қўямиз. Мен ўғлимнинг тузалиб кетишини истайман. Эҳ, ёлғиз ўғлим-а?

Мушаррафнинг чекаётган изтироблари эриникидан кам эмас эди. У айни дам олов ичида қолган бенажот одам кўйига тушган, ўғлининг келажаги, бахтини деб ич-этини еяётганди.
Бахтли дамлар бахтсизликка кўчгач, севинчу қувончлар ўрнини қайғу-ҳасрат эгаллагач, орадан уч ҳафта ўтди. Сумбула кирган кунлар. Мушарраф бу фурсат оралиғида эри даво бўлар деб умид қилган ҳолда Самарқанддан олиб келган тери касаллигига оид ҳар бир суртмани ўғлининг доғ тошиб чиққан жойига суртди. Бироқ доғ хиралашиб, сўниш ўрнига тўқ тусга кириб, қип-қизарди. Очилбой бир куни нима ўзгариш бўляпти, деган мақсадда доғ ўрнини кўриш учун ўғлига кўйлагини ечишни буюрди. Отасининг буйруғини сўзсиз адо этишга ўрганган Шоди кўйлагини танасидан суғуриб ечгач, Очилбой аввалги сутдай оппоқ ранг ўрнини қизиллик эгаллаганини кўргач, хотиржам бўлди.
-Мана, касаллик чекиняпти, доғ секин-аста изига қайтяпти, -деди. Мушаррафнинг кўкси бир кўтарилиб тушгандек бўлди.
-Айтганингиз келсин, дадаси.

Ота ўғлига тағин кўйлагини кийишни буюрди. Сўнг хотинига амр этди:
-Суртмаларни суртавер, нафи тегаяпти.
Шоди эртаси куни ўртоқлари билан чўмилиш учун анҳор лабига келгач, бирдан отасининг сўзлари ёдига келди. У зинҳор-базинҳор кўйлагини ечмасликка, баданидаги доғни бировга кўрсатмасликка сўз берган эди. Сир фош бўлса, шарманда бўлишини фаҳмлаган Шоди кийимларини ечмасликка қарор қилди ва қирғоқдан сал нарига ўтиб, ўтириб олди. Унинг юзларига қайғу соя солган эди. Шодининг ўртоқлари эса кийим-бошларини ечиб, муздек ариқ сувига завқ-шавқ билан шалоплаб туша бошлашди.

Ҳозир жазирама ёз. Атроф қайнаяпти. Шоди қизиб, терлаб кетганди. У дўстлари каби анҳорга сакраб тушиб, маза қилиб чўмилишни, балиқдек сузиб, шўнғишни шу қадар истаб тургандию, аммо отасининг сўзлари қулоқларидан нари кетмасди. Шоди боши узра оташ ҳавони уфураётган офтобдан тоқатсизланиб, ўрнидан туриб кетди. Яна қирғоққа яқинлашди. Анҳор лабига ўтириб олиб, кафтлари билан сувни шалоплата бошлади.
Ҳеч вақт даврадан ажралмайдиган, ҳамма ерда ҳозиру нозир болакайнинг бу гал тортиниб, ўзини четга олаётгани Шодининг дўстларини ажаблантирди. Улар «тортинчоқ» болани бирин-кетин чақира кетишди:
-Кел, туш сувга?!
— Чўмилмайсанми?
— Шоди, нима бўлди?

Шоди «мен чўмилмайман»,деган маънода бош чайқади. Шу дам унинг дўстларидан бири Ҳасан Шодининг олдига сузиб келди-да, чаққонлик билан қирғоққа кўтарилди. У атрофига сув сачратиб, маъюс ҳолда ўтирган Шодига яқинлашди.
— Нега биз билан чўмилмаяпсан. Ё сувдан қўрқадаиган бўлиб қолдингми?
— Ҳозир менга мумкин эмас, томоғим оғрияпти,-ёлғон гапирди Шоди.
— Сени қара-ю, қиз боламассанку, туш сувга, ҳеч нарса қилмайди.

Бу дам яна бир бола сув бўйига сузиб келганди. У икки дўстнинг суҳбатига қўшилиб, луқма ташлади:
— Ўзи охирги пайтлар Шоди қиз болага ўхшаб юрибди. Қачон қарасанг, эгнида енги узун кўйлак. Биздан уяляпти чоғи…
Бу гапдан сўнг беғубор кулги янгради.
— Йўқ, менимча, у бизга ҳаммамиздан бой эканлигини эслатмоқчи, уларда пул кўп-да?!- деди темирчининг ўғли Карим қирғоқдан сал нарида туриб.

Ортиқ тоқати қолмаган Шоди бу беаёв ҳақоратларга нуқта қўйиш учун ердан лой юмалоқлаб олди-да, анҳор ичида турган Каримга улоқтирди. «Ўқ» хато кетди. Карим хохолаб кулиб юборди. Шодининг қони баттар қайнаб кетди. У эгнида кийим бўлишига қарамай, анҳорга отилди-да, Каримнинг юзига мўлжаллаб мушт туширди. Карим сувга шалоп этиб, орқаси билан йиқилди. У дарров ўзини ўнглаб олди-да, бурнидан қон оқаётганига ҳам қарамай, Шодига ташланди. Сув ичида жанг бошланди. Гоҳ бир-бирини бўғиб, гоҳ муштлашган икки рақибни икки томонга ажратиб, жангга хотима беришга киришган бошқа болалар ҳам эҳтиётсизликдан мушт еб олишди. Бир-бирини қонга ботирган Шоди ва Каримни ажратиш осон бўлмади. Болалар иккига бўлиниб, ярми бир «жангчи»ни сўл тарафга, қолгани эса иккинчи «жангчи»ни ўнг тарафга судраб олиб кетишди.
Хиёл ўтиб, «жангчи»лар ҳам, тарафкашлар ҳам тарқалишди. Сочлари тўзғиган, кийими шалаббо, афт-ангори қонга бўялган Шоди уйига қайтаётганида Ҳасан унга ҳамроҳ бўлди.
-Ҳалиям бурнингдан қон келяпти, бошингни кўтариб юр, тўхтайди.-маслаҳат берди у.

Шоди ҳануз жаҳлдан тушмаганди.
— Мен у ярамасга кўрсатиб қўяман,-қўллари мушт бўлиб тугилди. -Шундай адабини берайки, бир умр эслаб юрсин.
Шодининг бурнидан келаётган қон ҳеч тўхтамаётган эди. Ҳасан яна шунга ишора қилди. Дўстининг ғамхўрлигидан мамнунлик туйган «жангчи» болакай шу яқин атрофдаги ариқча олдида тўхтаб, чўккалаб ўтирди. Таги тиниқ, шаффоф ариқчадан ҳовучини тўлдириб сув олди-да, юзларини бир-икки чайди. Ҳасан ҳам дўстининг ёнидан чўккалаб олди.
— Аммо сенга қойил қолдим. Бир мушт билан сувга ағанатиб ташладинг-а? Ўзиям сувга пишиб кетди бечора. Қочганини кўрдингми?-Шодини ҳовуридан туширишга уринди у.-Кўйлагинг ивиб кетибди. Шу истинг билан уйга борсанг, даданг уришса керак. Еч, сиқиб мана бу дарахтга илиб қўямиз, дарров қурийди.
Ариқчадан сал нарида, йўл чеккасида кекса тут бор эди. Ҳасан шунга ишора қилди. Шоди ивиб, баданига чиппа ёпишган, қон юққан кўйлагини танидан суғуриб ечди. Ариқдан сув олиб, бир-икки марта ишқалаб, сувини сирқди-да, сўнг тутнинг пастки шохларидан бирига илиб қўйди. Ўзи эса дарахтга суяниб олди. Ҳасан унинг ёнига келиб ўтирди.

-Хўш, қон тўхтадими?-сўради Шоди ўртоғига юзланиб.
-Ҳа, энди оқмаяпти,-деди Ҳасан.
-Ҳасан, сен менга чин дўст экансан. Буни ҳеч қачон унутмайман.
Шодининг ўзига нисбатан мамнуниятда эканлигидан Ҳасан хижолат тортиб, «қўйсанг-чи», деб унинг яланғоч кифтига кафтини ташлади. Икки дўст бир муддат жим қолишди. Бирдан Шоди баданида доғи борлиги эсига тушиб, юзларига маҳзунлик тошди. Кўзлари ёшга тўлди.
— Дўстим, нима гап? Бирор жойинг оғрияптими?-хавотирга тушди Ҳасан.
Шоди Ҳасанга айни дам ҳақиқатни айтишни, сирни фош этишни лозим кўрмаётганди. Шунинг учун ҳам дўстининг саволи жавобсиз қолиб, индамай ўтираверди.
-Мен сенинг дўстингман. Нега индамайсан, Шоди?

Шоди бошини кўтариб, ҳамон хавотирланаётган Ҳасаннинг юзларига боқди.
-Ҳеч кимга айтмайсанми?
— Сенинг сиринг менинг сирим бўлиб қолади, Шоди,-хитоб қилди Ҳасан.
-Йўқ, журъат қила олмаяпман. Дадамга сўз берганман.
-Ахир, биз қадрдон дўстмизку? Менга ишонмайсанми? Майли, унда ўзинг биласан…
Шоди Ҳасаннинг ранжиганини сезди. Охир, унга ҳақиқатни айтишга қарор қилди.
-Отам менга тайинлаганди. Агар ҳозир сақлаб юрган сирни фош этсам, унда одамлар билан бирга яшаш имкониятидан маҳрум бўламан. Мени зиндонга ташлашади. У ерда умримнинг охиригача қолиб кетаман.
-Шоди, нималар деяпсан? Гапларингга тушунмаяпман. Ё отанг бирор ёмон гап айтдими?
-Майли, сенга сиримни оча қолай. Бироқ олдин онт ичишинг керак. Ҳеч кимга айтмайман, деб ваъда бер.
-Онт ичаман. Агар сирингни бировга сўзласам, кўзларим кўр бўлсин, мана шу қўлларим узилиб тушсин.
-Бўлди, ишондим. Мана бу қўлтиғим остидаги доғни кўряпсанми?-шундай деб Шоди ўнг қўлини тепага чўзди.
-Ҳмм.

— Бу доғ моховларда бўларкан. Буни ҳеч кимга кўрсатмаслигимни отам қаттиқ тайинлаган. Бордию, биров билиб қолса, менинг уйда яшашим даргумон, оқсоқол маҳалладан бадарға қилиб юборар экан.
Ҳасан Шодининг қўлтиғи остидаги қизаринган тирноқдай доғга синчиклаб, разм солиб, кейин дўстига юзланди.
— Отанг янглишган. Чунки бунга ўхшаш доғ менда ҳам, сингилларимда ҳам бор эди. Бобом ўзи тайёрлаган суртмадан суртгач, доғлар ўз-ўзидан йўқолди. Бизни ҳеч ким зиндонга олиб бориб ташлагани йўқ. Отанг сени қўрқитиш учун ҳам шу гапни ўйлаб топган. Менга қара,-бирдан хитоб қилиб юборди Ҳасан.-Бобом табиб эканлигини яхши биласан. У кишида ҳар қандай дардга шифо бўладиган дорилар бор. Ҳатто, қўшни қишлоқлардан беморлар дардига даво излаш учун келишади. Ҳали бирортасининг тузалмай қолганини ё шикоят қилганини билмайман. Юр, бобомнинг олдига борамиз. У киши баданингдаги доғни ўзи тайёрлаган суртмалар билан кеткизади. Кейин тилинг қисиқ бўлиб, тортиниб юрмайсан. Бемалол ечиниб, чўмилишинг ҳам мумкин.
-Бобонг мендаги бу лаънати доғни кеткиза оладими?-кўнглида умид уйғониб, сўради Шоди.
-Агар ёлғон гапираётган бўлсам, тилим тугилиб, ҳамма тишларим тўкилиб тушсин.
Боядан бери ғуссага берилиб ўтирган Шодининг юзларига севинч югурди.
-Унда тезроқ бора қолайлик, юр.

Шоди ўрнидан дик этиб туриб, қўлини дарахт шохи томон чўзди-да, ҳали қуриб улгурмаган кўйлагини олиб, кийди. Сўнг икки дўст қувноқ кайфиятда дала узра қадамларни ташлаб, қишлоқ ичкариси бўйлаб кетишди.
Ҳасан ўртоғини табиблик билан шуғулланадиган бобосининг олдига эргаштириб келди. Катта ҳовли этагидаги кичкинагина уй шу кекса табибники экан. Уй ёнида дарахт бўй чўзган бўлиб, унинг пастки шохларидан деразага қадар турли туман доривор гиёҳлар илинган дор тизилганди. Девор тагидаги эски латта-путталар устига ҳам худди шундай алафлар сочиб ташланган эди.

Болалар бўсағадан ҳатлаб, ичкари хонага кирганлари билан уларнинг бурунларига бадбўй ҳид урилди. Бошига кичкина оқ қалпоқча қўндирган кекса табиб айни дам мис тосдаги қуритилган ўтларни қошиқ билан аралаштириб, дори тайёрлаётган экан. У шарпаларни сезиб, бир муддат ишидан тўхтаб, бошини кўтарди. Рўпарасида невараси ва нотаниш бола турар эди.
-Қани, бери келчи, дайдиб юришларинг қолмади-қолмади-да? Ма, буни аралаштириб тур,-у шундай деб қўлидаги мис товоқни неварасига тутқазди.-Тезроқ улғая қолсайдинг, сенга табибликни ўргатардим.
-Бобожон, мана бу ўртоғимнинг баданида кичкина доғ бор. Бирор суртмангиздан суртсангиз, деб олиб келгандим.-Бирдан муддаога кўчди Ҳасан.
-Қани, кўрайлик-чи,-табиб Шодини имлаб олдига чақирди-да, кўйлагини ечишни буюрди, сўнг сўради.-Кимнинг ўғли бўласан?

-Очил амакининг ўғли. Отасининг растаси бор,-Шоди ўрнига жавоб берди Ҳасан.
-Ҳа, ҳа, танийман. Бобонгни ҳам танирдим. Улар касал бўлган пайтлари олдимга келишарди. Қани баданингда қанақа доғ бор экан, менга кўрсат-чи,- зумда бадани яланғоч бўлган Шодини ёруғлик томонга ўтказиб, унинг қўлтиғи остига кўз ташлади. Бирдан кўзга ташланган оқ доғни кўриб, ортга тисарилганини ўзи ҳам сезмай қолди. Юзлари жиддий тус олиб, Шодига юзланди:
-Бу доғ баданингда қачон пайдо бўлди? Ота-онангга кўрсатдингми?
— Кўп бўлди. Ота-онам билишади.

Табиб ва Шодининг суҳбатига Ҳасан ҳам қўшилди.
-Шодининг отаси унинг баданидаги доғни ҳеч кимга кўрсатмасликни буюрган экан. У киши ёмон хаёлга бориб, Шодини қўрқитиб қўйганлар. Эсингиздами, бобо, худди шунақа доғ менда ҳам, сингилларимда ҳам бор эди-а? Аллақачонлар битиб, ўрни ҳам билинмай кетган. Мен Шодига бобом суртма суриб, тузатганлар дедим. Шодини ҳам шундай тузата оласиз-а, бобо, қўрқинчли эмас-а? Тўғрими, бобо?
Табиб индамади. Унинг ҳушу хаёлини Шодининг баданидаги оқариб қолган доғ ўғирлаган эди. У шу кўйи хонадаги токчалардан бирига яқинлашиб, суртма сақланадиган кичкина кўзачани қўлига илди-да, оғзига ёпиштирилган қоғозни олиб, ортига қайтди. Табиб қуюқ, сарғиш суртма илашган бармоғини Шодининг терисини оқартириб турган доғ устига суртди. Сўнг у «бемор»га тўғри уйга боришни, доғ сўниб, изи билинмай кетмагунча уйдан ташқарига чиқмасликни тайинлади. Шоди табибнинг сўзларини қулоғига илиб, остонадан ҳатлади. Дўстини кузатиш учун Ҳасан ўрнидан қўзғолган эди, бобоси унга рухсат бермади.
-Сен гиёҳларни майдалаб туйиб, яхшилаб аралаштир, Ўзим кузатиб келаман,- деб, ташқарига чиқди.

Табиб боши қуйи эгилган йигитчани ҳовли йўлаги оша дарвозагача кузатиб борди. Сўнг ўзи унинг ортидан то кўздан ғойиб бўлгунига қадар қараб турди.
Шоди узоқдан ўз нақшли, ёғоч дарвозаларини кўриб, юраги гуп-гуп ура кетди. Кўнглидан шундай фикрлар ўтди: «Мен дадамга берган ваъдамнинг устидан чиқолмадим. Сирни фош этдим. Лекин баданимдаги доғ қўрқинчли эмаслигини Ҳасан айтдику? Бир вақтлар ўзида ҳам шунақа доғ пайдо бўлган экан. Бобоси суртма суриб, тузатибди. Мана, менга ҳам доривор суртмадан суртди. Тузаларман. Отам ҳам, онам ҳам бундан суйинишади».

Шоди бир табақаси очиқ дарвозадан ичкарига кираётиб, ҳовлида, эски ўрикка туташган пастаккина сўрида ёстиқларга суяниб ўтирган отасига кўзлари тушди. Очилбой оппоқ яктак кийган, олдида чойнак ва пиёла турар, ўзи бўйни ва юзларидан резалаб тушаётган терни дастрўмолчаси билан артаётган эди. Болакай отасини хурсанд қилиш учун топиб келган «янгилигини» етказмоқчи эди, бироқ унинг хавотир ва мунг тўла кўзларига қараб, шашти пасайди. У отасига яқинлашиб, икки қўлини кўксига қўйиб салом берди.
— Сенга кўчага чиқишни таъқиқлаган эдим, эсингдан чиқдими? Ҳойнаҳой, бутун қишлоқни айланиб келаётгандирсан?-ғазабдан кўзлари чақнаб кетди Очилбойнинг. — Сен саводингни чиқаришинг, ўқиш-ёзишни ўрганишинг керак. Домланинг ўзи уйга келиб сабоқ беради сенга. Эртага шаҳарга бориб, бир-иккита китоб олиб келаман. Яна бир гапни қулоғингга қуйиб ол, энди умуман эшикдан ташқарига чиқмайсан. Одамлар кўзига кўринмайсан. Уқдингми?

Отанинг кейинги хитоби ўғлининг ёруғ дунёсини зулматга чўмдирди.
-Ўртоқларим…
-Ўртоқ-пўртоқ йўқ.-Отанинг овози бир парда кўтарилди.
Шоди тушунди. Отаси унинг баданидаги доғдан одамлар хабар топишидан қўрқиб, ташқарига чиқишини буткул чеклаб қўйяпти. Энди ўртоқлари билан ҳам ўйнамайди, уларнинг олдига бормайди. Бу уй зиндонга айланади. Мана шуларни кўнглидан кечириб, умидвор оҳангда деди:
-Отажон, яқин ўртоғимнинг бобоси табиб. У киши мени суртмалари, дори-дармонлари билан даволаши мумкин. Яхши одам.

-Бу гапларни миянгдан чиқариб ташла. Мен нима қилиш кераклигини яхши биламан. Муштдай бошинг билан отангга ақл ўргатасанми? Хонадонимизда мусибат соя солганини ҳали ҳам англаб улгурмадингми? Яна бир гап. Бугундан бошлаб, хонанг алоҳида бўлади. Еб-ичишинг ҳам. Бўлмаса, касалинг опаларингга ҳам юқади.
Шоди лом-мим демади. У бошини қуйи эгиб, кўзларидан тошиб келаётган аччиқ ёшни муштлари билан артди.
Эртаси куни Очилбой шаҳар сафарига тараддуд кўра бошлади. У таги кўриниб қолган растасини янги маҳсулотлар билан тўлдириш учун ҳам шошаётганди. Мушарраф нонуштага қизлари билан бирга емак тайёрлади: сариёғ аралаштирилган гурунчли бўтқа пиширди. Бутун оила супага тўшалган рангли, гулдор кўрпачалардан ўрин олгач, дастурхон ёзилди. Унда иккита катта товоққа буғи ҳавога ўрлаётган бўтқа ва нон қўйилди. Ёлғиз Шодигина оила аъзоларидан ажралиб, хонасида овқатланаётганди.

Отанинг сафарга отланаётганини эшитибоқ қизларнинг севинчи ичига сиғмади. Ахир, ота ширинликлар, ўйинчоқлар, янги кийимлар олиб келади-да. Нонушта маҳали суҳбат ҳам фақат шу мавзу атрофида айланди. Ота қизларидан «сизларга шаҳардан нима олиб келай», деб сўраганида, улар бирин-кетин ўз буюртмаларини бера бошлашди:
— Менга шақилдоқ…-деди оиланинг арзандаси бўлмиш энг кенжа қизалоқ.
-Менга ҳолва,-кўнглидагини тортинибгина айтди ширинликка ўч, яна бир қиз.

Шу пайт дарвоза эшиги шарақ очилиб, ичкари сари ташланган қадам товушлари эшитилди. Очилбой шарпаларни сезиб, ўша томонга ўгирилди. Ҳовлига нақшли ҳассасини «дўқ»иллатганча мош-гуруч соқолли қишлоқ оқсоқоли Эшон бобо, унинг ортидан тим қора соқолли мулла ва чопон ҳамда қизил шарвар кийиб, белига қилич илган миршаб кириб келишди. Ташриф буюрганларнинг орқасидан кекса табиб, Ҳасаннинг бобоси кўринди.
Очилбой ва Мушарраф луқмаларини чала-чулпа ютиб, меҳмонларни кўрганлари заҳот ўринларидан туришди. Ҳовлига кириб келганлар қишлоқнинг баобрў, эътиборли одамлари бўлишса-да, бир қарашда, уларнинг ташрифи яхшиликдан дарак бермасди. Мушарраф дарров бошига рўмол ташлаб, юзларини номаҳрамлардан яширди. Хонадон соҳиби эса шошиб, супадан тушди, оёқларига калишни илиб, меҳмонларга пешвоз чиқди.

-Қадамларингизга ҳасанот, марҳамат, дастурхонга,-деди Очилбой одоб юзасидан саломлашиб, сўнг меҳмонлар супага таклиф қиларкан.
— Очилбой, сен ҳурмат-иззатга сазовор кишисан, қишлоқда ҳам ўз ўрнинг, обрўйинг бор.-Сўз бошлади оқсоқол узун соқолини тутамлаб оларкан.- Раҳматли отанг ҳам яхши инсон эди. Қишлоғимизнинг обод бўлиши учун катта маблағ ажратганди. Буни унутганимиз йўқ. Буни қараки, ҳаёт фақат қувончу шодликлардан иборат эмас экан. Ҳар кимнинг ўзига яраша ташвиши, дарди бор. Нимага шама қилаётганимни ўзинг ҳам англаб олдинг, чамамда.
-Тушунтириброқ гапиринг, оқсоқол,-сўради Очилбой гап ўзининг ўғли устида бораётганлигини фаҳмлаб турган бўлса-да.
-Кеча қишлоғимизнинг тажрибали, ҳурматли табиби,-оқсоқол ёнидаги Ҳасаннинг бобосига имо қилди,-ўғлингни баданида доғ борлигини аниқлабди. Бу кишининг айтишича, доғ юқумли экан. Бу бутун қишлоқ одамлари учун хавфли. Касаллик тарқалиб кетмасидан, унинг олдини олишимиз лозим.

Оқсоқолнинг ҳар бир айтган сўзи Очилбойнинг юрагига игна бўлиб санчилди. Юзлари пирпираб, кўзларига мунг чўкди. Қайғуга ботди. У супа лабига ўтириб, юзларини беркитиб олди. Мушаррафнинг кўз ёшлари сел бўлиб оқиб, юрак-бағрини изтироблар олови куйдира кетди. Дастурхон атрофида миқ этмай ўтирган қизларнинг юрагига ҳам қўрқув тушганди. Улар гоҳ ота-оналарининг аянчли аҳволига, гоҳ келгиндиларнинг хонадон соҳибу соҳибаларига ачиниш назари билан боқишаётганини кўриб, ҳайрон қолишганди.
Бу дам ҳовлида Шоди ҳам кўринди. У чақирилмаган меҳмонларни, йиғлаб ўтирган ота-онасини кўриб, қўрқиб кетди. «Табиб, миршаб нима қиляпти бу ерда?»-кўнглига дарров шу ўй келди. Бир вақтлар отасининг юқумли касали бор одамларнинг зиндонга солиниши ҳақидаги гапи ёдига келиб, ваҳимага тушди. Кўзларидан ёш тирқираб чиқиб кетди.
«Наҳотки…»
Шоди отилиб бориб, ўзини онаси бағрига ташлади.
-Нега? Нега, ойижон? Мени зиндонга солишадими? Ахир, мен нима ёмонлик қилдим уларга. Ўғирлик қилганим йўқ-ку, одам ҳам ўлдирмадим. Гуноҳим нима?

Она ўғлини қаттиқ қучоқлаб олди. Унинг юз-кўзларидан меҳр билан ўпа кетди.
-Сенинг гуноҳинг йўқ, болам. Йўқ!
Очил қуйи эгилган бошини юқори кўтариб, қизаринган кўзларини оқсоқолга тикди. Умид илинжида сўради:
-Балки табиб яна бир бор текшириб кўрар. Ҳар ким ҳам хато қилади.
-Табиб хато қилмайди. У ишонч ҳосил қилгач, менинг олдимга келди.-Қатъий оҳангда деди Эшон бобо. -Сени тушуниб турибман, Очилбой, бу ҳол ҳар бир ота учун мусибат. Майли, сазанг ўлмасин, табиб кўрса кўрар, аммо унинг хулосаси аввалгидек бўлиб чиқса, кейин ўпкалама.

Ота ўғлига ёнига яқин келишини буюрди. Аммо юрагини ваҳм, қўрқув эгаллаб олган бечора болакай онасининг қучоғидан ажралишни истамади. Очилбой ўрнидан туриб, бориб ўғлини онаси бағридан юлқиладида, унинг эгнидаги кўйлагини шарт ечди, сўнг бадани яланғоч болакайни оқсоқол олдига судради. Оқсоқолнинг амри билан табиб тағин ишга киришди. У Шодининг қўлтиғи остида бездай бўлиб турган тирноқдек доғга синчиклаб кўз ташлади-да, афсусланганнамо бош чайқади. Оқсоқол ва бошқалар ҳам хўрсиниб юборишди.
-Бу мен сизга айтган дард.-хитоб қилди табиб.

Шўрлик она ўзини кўрпача устига ташлаб, унсиз йиғлаб юборди. Отанинг кўзларида яна ёш кўринди. Боши эгилди. Боядан бери ҳайрон қараб турган қизлар хонадонларида ҳақиқатдан ҳам мусибат соя солганини, кенжа укалари дарди бедавога чалинганини энди тушуниб етишганди.
-Очилбой, энди ўзинг тушуниб етгандирсан, ўғлингни олиб кетишдан бошқа чорамиз йўқ.-охири қарор қилди оқсоқол.
-Бардамроқ бўлинг Очилбой, Оллоҳ меҳрибон, ҳали яна ўғил фарзанд кўрасиз,-келганидан бери жим турган мулла тилга кирди.-Мен ҳам ибодатларимда ўғлингизга шифои комил беришини худодан сўрайман. У марҳаматини дариғ тутмайди.

Ўз ёғида қоврилаётган ота қишлоқ мулласига нима деб жавоб беришни билмай, индамай қўя қолди. Оғир дамларда ҳам эркак иродали бўлиши лозимлигини тушунган мусибатзада Очилбой, ёшларини артиб, ўрнидан турди.
-Ўғлингнинг нарсаларини оливол, уни Оқ чегарагача кузатиб қўйишади.
Очилбой юрагини шу дам тиғ тилиб юборгандек бўлди. У Оқ чегара қандай жой эканлигини яхши биларди. Аҳоли яшайдиган ҳудуднинг шу ном билан аталадиган жойидан бошлаб, ичкарисига қадар терисида оқ доғлари бор «ҳазарли» одамларга тегишли эканлигини, ана шу ердан моховлар танда қўйган, ватан қилиб олган замин бошланиши унга беш қўлдай аён эди. Яна шу маълум эдики, бу «Оқ чегарадан» ҳатлаб ўтган дарди бедаво одамга ортга қайтишига йўл йўқ эди. У гўё борса келмас манзили сари йўл олгандек, умрининг охирига қадар моховлар макон қурган заминда қолиб кетар эди.

Очилбой энг сўнгги чорани ишга солишга уриниб кўрди.
-Шошманглар, — деди у ортларига бурилиб, қайтишга чоғланаётган қишлоқ нозирларига.-Балки келишиб олармиз-а? Бу сир ўртамизда қолади. Мен ҳаммангизни рози қиламан. Онт ичиб айтаман, ўғлимни уйдан ташқарига чиқармай, уй қамоғида сақлайман. У остона ҳатлаб чиқмайди эшикка.
— Калта ўйлаяпсиз, Очилбой,-эътироз билдирди,-ўғлингизнинг дарди ўта оғир, юқумли. Уни хонадан чиқармай, кишанлаб сақлаган тақдирингизда ҳам барибир, юқади. Аввал сиз билан хотинингизга, сўнг қизларингизга. Хўш, кейини-чи? Ўзларингиз ҳам эшикдан чиқмай яшайверасизларми? Гап бир жойда турмайди. Бир кунмас, бир кун ёйилади.
-Биз бирор йўлини ўйлаб топармиз. Оила аъзоларимни ҳам ҳимоялаш чорасини кўраман.
-Иложи йўқ,-ўз сўзида қолди кекса табиб.-Барибир, юқади. Бу касалликка ҳатто, ибн Синодек буюк табиб даво топа олмаган.

Орага юракни эзадиган оғир сукунат қўнди. Ҳеч кимдан сас-садо чиқмади. Очилбой сўнгги чораси ҳам имконсиз эканлигини тушуниб, чуқур қайғуга ботди.

Ҳамманинг нигоҳи оқсоқолга қадалди. У ҳал қилувчи сўзни айтишга чоғланди:
-Очилбой, сенга ёрдам бера олмаймиз. Дарвозадан чиқиб, қара, нима гаплигини тушуниб оласан.
Ғам-ғусса бирпасда чўктирган Очилбой хоҳламайгина дарвоза сари юрди. Қия очиқ эшикдан ташқарига мўралади. Бир четда турган от-арава ва тобора тўпланиб бораётган оломонга шоҳид бўлди. Паранжига ўраниб, нима воқеа юз берганига қизиқаётган ёшу кекса аёллар ҳам йўқ эмас эди. Ғала-ғовур Очилбой ташқарига чиққан заҳот тинди. «Наҳотки, қўни-қўшнилар ҳам сезган бўлишса…»-дилидан аччиқ ўй ўтди унинг. Қишлоқ аҳли аллақачонлар Очилбойнинг ўғли моховга чалинганини сезишган эди. Уларнинг бу ерга келиб, тўпланишида бир мақсад бор эди: «ҳазарли» касаллик тарқалмасидан тезроқ беморни қишлоқдан қувиб солиш. Одамлар бундан ўн йиллар муқаддам бир қизалоқ вабога чалиниб, унинг дастидан қишлоқликлар ҳалок бўлишганини унутишмаганди. Ҳар балога ақли етадиган бу жоҳил инсонларнинг мохов касаллиги ҳақида ҳам тушунчалари бор эди. Уларнинг фикрича, моховни юқтириб олган бемор дўзах азобини бошидан кечириб, жони узилади. Ўлим топгунига қадар эса юзларининг айрим қисми ириб, териси шилиниб тушади, гўштлари орасидан суяги бўртиб чиқар эмиш. Бу аянчли қиёфага бемор терида пайдо бўлган оқ доғдан сўнг маълум вақт ўтгач, кирар экан. Ягона ва маъқул йўл беморни жамиятдан қувиб, кўчириб юбориш керак эканлигини мана шу юрагига ваҳм ва қўрқув оралаган, ҳалитдан эҳтиёт чораларини кўраётган оломон яхши биларди. Шунинг учун ҳам ўз ҳузури жонини биладиган одамлар Очилбойнинг дарвозаси яқинида тўпланиб, уни бутун бир қишлоқни қутқариб қолиш учун ўғлидан воз кечишга ундашни дилларига тугган эдилар.

Очилбой бошини эгиб, дарвозадан тағин ичкари кирди. Ҳануз йиғиштирилмаган дастурхон теграсида қаққайиб туриган қизларини кўриб, бор аламини уларга сочди.
-Нимага анқайиб қолдиларинг. Йиғиштиринглар. Мени яккаю ягона ўғлимдан жудо қилишаётганда сенлар нима қила олардиларинг?!

Қизлар оталарининг важоҳатидан эсанкираб, дарров уй юмушларни бажаришга тушиб кетишди.
Очилбой хотинига ўғлининг нарсаларини йиғиштиришни тайинлади. Эрининг амрига шу хонадонга кириб келганидан, келинчаклик пайтларидан буён сўзсиз бўйсунадиган Мушарраф гарчи дарду аламлари ичида оловга айланиб, юрагини лов-лов куйдираётган бўлса-да, кўзёшлари юзларини ювиб тушаётган, ҳалитдан оила аъзоларидан жудолик ҳиссини туя бошлаган ўғлини билагидан тутиб, ичкари хонага судради. Тамоман юраги чил-чил бўлган, бор умид-орзулари сўнаёзган ота супа лабига энди чўккан ҳам эдики, унинг акалари паранжига ўранган хотинлари билан ҳовлига шошиб кириб келишди. Аллақачон уйдаги нохуш гап уларнинг қулоқларига бориб етган эди. Оға-инилар ҳамдардлик билдириш истагида шўрлик Очилбойни бағирларига босиб, сабр-бардош тилашди. Аёллар эса Мушарраф кириб кетган хонага йўналишди.

Очилбойнинг акалари оқсоқолнинг иқроридан воқиф бўлишгач, ўз жиянларини қандай қилиб бўлмасин, уйда олиб қолиш йўлларини излашди. Аммо на катта акадан, на кичик акадан тузукроқ фикр чиқмади. «Жиянимизнинг пешонасига шу шум қисмат ёзилган экан, на илож, қўлимиздан нима ҳам келарди. Сен кўп куюнма, ука. Худо ҳали ўғил фарзанд ато этади сизларга. Ҳа, мени айтди дерсан?»

Очилбой айни дам оғаларининг шунчаки кўнгил олиш учун келишганини фаҳмлади. Уларга бошқа лом-мим демади. Шу дам аёллар Шодининг шўр қисмати устидан нолиб, аюҳаннос солиб уни ҳовлига олиб чиқишди. Ҳамон ўзини йиғидан тута олмаётган Шодининг эгнида мовий ранг иштон, кўйлак ва бошида сернақш, рангли қалпоқ бор эди. Бир аёлнинг қўлида тугунча ҳам бор эди, афтидан унда Шодининг бошқа нарсалари тугунланганди.
-Мана, у тайёр,-деди онаси ўрнига аёллардан бири сўз қотиб. Мушарраф қайғуга чўмганидан аранг оёқда турар, сўзлашга ҳам тоби йўқ эди.

Шодининг амакилари бирин-кетин жиянларини бағрига маҳкам босиб, андак кўз ёш ҳам қилиб олишди. Сўнг уни ташқарига, тоқатсизланиб кутаётган оқсоқол одамлари олдига олиб бориш учун ҳаракатга келишди. Кичик амаки жиянининг билагидан ушлаб, дарвозага йўналди. Уларнинг ортидан катта амаки аравага тўшаш учун кўрпача буклаб олиб, эргашди.

Аёллар йиғи-сиғиси авж олди. Тобора узоқлашиб бораётган ўғлига интилаётган онаизорни икки билагидан янгалари ушлаб қолишди. Можаро қандай якун топишини сабрсизлик билан кутаётган оломон ҳали тарқалиб улгурмаганди. Хотин-халаж ҳам йиғилганидан буён қўшниларига ачиниш назари билан қараб турар, айрим аёллар бу бедаво дард болаларига яқин йўламаслигини астойдил зорланиб тангридан сўрашарди. Шоди амакилари билан дарвозахона олдида пайдо бўлгач эса оломон «ғув-ғув»и тиниб, кўчани қуюқ сукунат қамраб олди. Бу жимликни, худди дардли товуш чиқаргандек «ғийқ» очилган дарвоза дарчаси ва отнинг туёқ овозлари бузди. Очилбой отининг жиловидан тутиб аравага яқинлашди. Йўлга отланиш учун ҳамма нарса тап-тайёр эди. Йўловчилар от ва аравага минишга чоғланишаётган ҳам эдиларки, мулла хитоб қилди:
-Шошманглар, йўл бехатар ва тинч бўлишини сўраб, дуо қилайлик.
Ҳамма чўккалаб ўтириб, кафтларини дуога очди. Мулла фотиҳа ўқиб, кафтларини юзига суртгач, Шодига яқинлашиб, деди:
-Сен ибодат қилишни биласанми?

Шоди «Қуръон»дан икки сурани ёд олганини айтди.
-Баракалла, бўтам. Қолган сураларни ҳам ёд олиб, намоз ўқишни ҳам ўрганишинг лозим. Шунда доим кўнглинг мунаввар тортиб, Оллоҳни ёдингдан чиқармайсан. Гапларимни ёдингда тут, хўпми?
Шоди, «хўп» дегандек бош ирғади.

Хайрлашув онлари ўта қайғули ва азоб ичида кечмоқда эди. Оқсоқол вақт ғанимат эканлигини, бу ҳол узоқ давом этса, яна бирор кўнгилсизлик вужудга келишини англаб, миршабларга болакайни олиб кетишлари учун қўл силкиди. Шоди ортига қарай-қарай, аравага чиқиб ўрнашгач, унга бириктирилган от ўрнидан жилди. Улов тупроқ йўлда қуюқ чанг кўтариб, икки ғилдирак изини қолдирганча узоқлаша бошлади. Очилбой тўриқ отда ўғлининг ортидан эргашди. Шу дам еру кўкни ларзага келтирган онанинг аччиқ нидоси эшитилди. Мушарраф боласи кетиб бораётган арава орқасидан йиғлаб, яланг оёқлари билан чопди. Бироқ у узоққа бора олмади. Икки эркак унинг икки қўлидан тутиб, овута бошлашди.

Деворлари оҳакланган бир уй ёнида Шодининг ўртоқлари тўпланган эди. Улар жасур ва мард, аммо пешонаси шўр бу дўстнинг қишлоқдан қайтмас бўлиб кетаётганидан хабар топишган, бироқ унга ёрдам бера олмасликларини тушуниб етганлари учун ҳам хафа бўлиб йиғлашаётганди. Айниқса, ҳаммадан ҳам кўп ўзидан ранжиётган Ҳасан виждон азобида қолганди. У кўз қўяман деб қош чиқарганидан, англамаган ҳолда Шодининг сирини фош этиб, унинг кимсасиз жойларга бадарға бўлаётганидан ёлғиз ўзини айбдор деб санаётганди.
Арава мана шу уй рўпарасига келганида, Шодининг ўртоқлари гув этиб, унинг изидан тушишди. Болаларнинг кўз ёшлари тинмас, баланд овозда «Шоди, дўстим», дея ҳиқ-ҳиқ йиғлаб, қисмат айрилиқни раво кўрган, эндиликда «мохов» номини олган йигитча билан бошқа учраша олмасликлари, ўйнамасликларини ўйлаб, жажжи юраклари куймоқда эди.

Йўловчилар қишлоқ ортда қолиб, пахта экилган далага етганда, Очилбой болаларга орқага қайтишни буюрди. Бироқ Шодининг ўртоқлари жойларида тўхташди-ю, орқага тисарилишмади. То Шодини банд этган от-арава узоқлашиб, кўздан ғойиб бўлгунга қадар жажжи қўлларини силкиб тураверишди.

ҚИССАНИНГ ДАВОМИНИ CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ
033

099

(Tashriflar: umumiy 419, bugungi 1)

Izoh qoldiring