Ashurali Jo’rayev : Kitobning xarid qilingani emas, o’qilgani hisob.

088    Бир ёзувчи дўстимнинг таъбири билан айтадиган бўлсам, таассуфки, ҳозир қўлининг қичиғини қолдириш учун асар ёзадиганлар кўпайиб кетган. Ҳамма нарсани пул билан ҳал қилиш мумкин, китоб ёзиб шуҳрат қозониш мумкин дейдиганлар хато қиладилар.

КИТОБНИНГ ХАРИД ҚИЛИНГАНИ ЭМАС,
ЎҚИЛГАНИ ҲИСОБ
Таниқли ёзувчи  Ашурали Жўраев билан суҳбат
045

   Ашурали Жўраев 1956 йил 8 августда Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Жалойир кишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (1999). Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат маданият институтини тамомлаган (1978). «Тошбақалар пойгаси» (1986), «Юрак бўронлари» (1989), «Ўқ узган ким?» (1994), «Сенга кўнгил берсам» (1999), «Дил гавҳари» (2001), «Танимадинг-а?»  (2005) каби китоблари нашр этилган.
Бугун «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи директорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келмоқда.

045

— Ашурали ака, яқиндагина, айтайлик бундан 10-15 йиллар олдин ХХI асрни “Ахборот асри” бўлади, бутун инсониятни ахборотлар бошқаради, дейишарди. Дарҳақиқат, қисқа давр ичида ахборот технологиялари шу даражада шиддат билан ривожланиб кетдики, ҳозирга келиб ахборотлар жамиятнинг жиловини тўлалигича ўз қўлига олди. Биз инсонлар эса турмуш тарзимизни ахбротларсиз, ахборот технологияларисиз тасаввур қила олмай қолдик…
006

— Биласизми, ахборот асри деган таъриф бугун бутун ер юзини қамраб олди, десак муболаға бўлмайди. Чунки ахборотлар энг даҳшатли атом қуролларидан ҳам кучайиб кетди ва у инсоннинг қалби ва онгига ҳукмронлик қила бошлади. Агар салбий ахборотлар таъсирида инсоннинг қалби ва онги бузиладиган бўлса, бунинг қандай оқибатларга олиб келишини ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан ҳам кўриб турибмиз. Бугун айниқса, интернет аталмиш ахборот узаткич пайдо бўлдики, у инсониятни ўргимчак тўри сингари ўраб олди. Энди инсоният ўзи яратган мўжизанинг қулига айланиб қолди. Натижада, интернет онгимизга солаётган занжирлардан қутулиш ҳам йирик глобал муаммога айланиб улгурди. Демакки, бугун ахборотни ҳам танлаб, саралаб эшитиш, уни ўз ўрнида қўллай билиш даври келди. Фикр юритаётганимиз – ҳуқуқий-демократик давлатда ахборотлар ҳам қонунлаштирилган бўлиши керак. Агар бизга келаётган ахборотлар оқимини қонунлар оталиққа олмас экан, у инсонни турли зўровонлик, босқинчилик кўчаларига, ҳар хил талофатларга етаклаб кетиши турган гап.

Хабарингиз бор, дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларида интернетга боғланиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ давлат даражасидаги қонунлар ишлаб чиқилган. Айрим ривожланган давлатларда 12-14 ёшгача болаларнинг интернетдан фойдаланиши тақиқлаб қўйилганлигининг таг-замирида ҳам ана шундай масалалар ётибди. Бугунги ахборотлар оқимини сунамига қиёслаш мумкин. Баъзан у келтираётган зарар инсониятга табиий офатлар, тўфонлар келтираётган зарарлардан кам эмас.

Сир эмас, бугун телевидение жуда катта ахборот майдонини эгаллаб олди.

Мана бугун телеэкранлар орқали намойиш этилаётган турли сериаллар, фильмларни олайлик. Уларни телевизор қаршисида бобо-буви ҳам, ота-она ҳам, бола ҳам бирдай ўтириб томоша қилаяпти. Узатилаётган ҳар битта ахборот уч авлодга уч хил таъсир кўрсатиши аён. Мисол учун, бир пайтлар телеэкранларимиз орқали намойиш этилган Корейс киноижодкорларининг “Жумонг” фильмига болаларимизнинг оммавий равишда тақлид қилаётганлигига шахсан гувоҳ бўлганман. Ўша пайтлар “Гулхан” журналининг бош муҳаррири эдим.Таҳририятга болалардан бир ойда ўрта ҳисобда 100 та расм келган бўлса, шундан қарийб 40 тасида фильм бош қаҳрамони Жумонг тасвирланганди. Ёки бўлмаса, “Человек паук”, “Маша и медвед” каби мультфилимларга фарзандларимизнинг қанчалик даражада тақлид қилаётганлигини ҳам инкор эта олмаймиз. Бугун болаларимиз ҳали ўзи тушунмаган ҳолда фильм қаҳрамонларига айлангиси, уларга ўхшаб кийингиси келяпти. Ҳатто, фарзандларини Машага ўхшатиб кийинтираётган, сочларини Машаникидек сариққа бўяётган оналаримиз ҳам учраяпти. Кўраяпсизми, мультфилмлар тарқатаётган тарғиботнинг таъсири қай даражада? Аслида, мультфилмлар ҳам ахборотнинг бир кўриниши, уларнинг тагида ҳам маълум бир тарғибот ётибди.

Мана биз чет эл эстрадасини кўрамиз. Тўғри, бир томондан бу санъат, иккинчи томондан эса унинг тагида ҳам тарғибот, хабар яширин. Кийими, мусиқаси ёки хатти-ҳаракати орқали нималарни тарғиб қилаётир, ёшларнинг онгига қай даражада таъсир ўтказаётир, менимча, ана шуларни ҳам синчковлик билан инобатга олиш даври келди.
Албатта, чет эл фильмларини умуман намойиш этмаслик керак, деган фикрдан йироқман. Алоҳида эътироф этишга арзигулик бўлган Япония киноижодкорларининг “Ошин” фильмини, Ҳинд эпоси бўлган “Маҳобҳорат” ни халқимиз мароқ билан томоша қилди. Бу каби филмьлар руҳиятимизга яқинлиги, юксак маънавий савияси, чуқур инсоний фалсафаси, айниқса, жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга эканлиги билан ажралиб туради. Чунки, инсоний фалсафа бор жойга ҳамма интилади, ундан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилади. Айтмоқчиманки, ахборот узатишда ҳам, уни қабул қилишда ҳам меъёр керак.

— Кейинги пайтларда “одамлар китоб ўқимай қўйдилар”, қабилидаги гапларни тез-тез эшитаяпмиз. Буюк жаҳон адиби В. Гюгонинг “Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар”, деган машҳур ибораси бор. Бу борада Сизнинг фикрингиз қандай?

— Дарҳақиқат, китобхонлик масаласи нафақат бизда, балки дунёнинг кўпгина ривожланган мамлакатларида ҳам ўта долзарблик касб этмоқда. Интернетнинг турмуш тарзимизга жадаллик билан кириб келиши, истаймизми-йўқми, китоб ўқиш жараёнига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Лекин бу, одамлар китоб ўқишдан тўхтадилар, китоб ўқимай қўйдилар дегани эмас. Ҳозир ҳам одамлар яхши китобларни топиб ўқияпти. Ҳали ҳам орамизда китобни севадиган, китобни қадрлайдиган, китобни ўзига ошно тутадиганлар кўп. Биласизми, ўқувчини нима бездираяпти? Олди-қочди, саёз детективлар, бир марта ўқишга зўрға ярайдиган китобларнинг кўпайиб кетаётганлиги ҳам ўқувчини китобхонликдан бир оз қайтараяпти назаримда. Ахир, чет эл детективлари номини шунчаки ўзбекчалаштириш, айтайлик, Зояни Зарифа ёки Наташани Нодира деган билан бу асарлар ўзбек детективи бўлиб қолмайди-ку! Ёки бўлмаса, ур-йиқит, фоҳишабозликни тарғиб қилиш ва уларни асар қаҳрамонларига айлантириш, истаймизми-йўқми, бу ўқувчининг руҳий, маънавий оламига фақатгина салбий таъсир кўрсатади. Бир ёзувчи дўстимнинг таъбири билан айтадиган бўлсам, таассуфки, ҳозир қўлининг қичиғини қолдириш учун асар ёзадиганлар кўпайиб кетган. Ҳамма нарсани пул билан ҳал қилиш мумкин, китоб ёзиб шуҳрат қозониш мумкин дейдиганлар хато қиладилар.

Аммо, дунёда шундай китоблар борки, инсоният бу китобларсиз яшай олмайди. Дунёда шундай асарлар борки, бу инсониятнинг маънавий қуёши бўлиб абадий порлаб туради.

Яқинда набирам билан “Чорсу” бозори ёнидаги китоб дўконига боргандик. Ундан қайси китобни олиб берай, деб сўраганимда у “Ўтган кунлар”ни танлагани мени жуда қувонтирди. Дўконда ушбу китобдан бир дона қолган экан. Сотувчига саволомуз юзланганимда у айтдики, ана шу асар жуда тез сотилаётган экан.

Кўраяпсизми, бугун китобхонлик камайиб кетаяпти деган бир даврда ҳам одамлар “Ўтган кунлар”, “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар”, “Икки эшик ораси”, “Лолазор”, “Ёлғончи фаришталар” каби асарларни такрор ва такрор севиб ўқияптилар. Яхши асарнинг оҳанграбоси бўлади, у китоб жавонининг қаерида туришидан қатъий назар сизни ўзига чорлаб туради. Зеро, маънавий борлиқ, маънавий коинотнинг энг буюк чўққичиси, бу – китобдир. Демак, биз яхши китобларни кўпроқ чиқарайлик ва фарзандларимиз қўлига фақат яхши китобларни тутқазайлик.

Кези келганда, Асқад Мухторнинг қуйидаги иборасини таъкидлашни истардим: “Китобнинг харид қилингани эмас, унинг ўқилгани ҳисоб.” Инсониятнинг энг буюк кашфиётларидан бири китобдир. Шу боис, ҳар қандай кўринишдаги ахборот технологиялари яратилишидан қатъий назар, барибир китоб китоблигича қолаверади.

Агар, мендан “Дунё тараққиёти юксак манзилларга интилаётган бир пайтда инсоннинг ҳамроҳи, унинг қўлловчиси нима бўлади” деб сўрашса, ҳеч иккиланмасдан Китоб деган бўлардим. Яхши китоб ҳамиша бизнинг суянч тоғимиз, маънавий чироғимиздир. Биз катталар китоб танлашда, китоб ўқишда фарзандларимизга ибрат бўлишимиз керак.  Сизнинг наздингизда, ҳуқуқий-демократик давлат қандай характерланади?

— Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, инсоният ҳамиша ҳуқуқий-демократик давлатни орзу қилиб келган. Албатта, бугун ер юзида қатор ҳуқуқий-демократик давлатлар барпо бўлган, бўлаяпти ва бунга жиддий интилаётган мамлакатлар ҳам бор.

Жамият қонунлар асосига қурилмас экан, жамиятнинг қўрғони қонун бўлмас экан, биз уни ҳуқуқий давлат дея олмаймиз. Қачонки инсон ўз ҳуқуқларини билиб, қонунларга суяниб яшайдиган бўлса, балиқ сувда қанчалик эркин сузганидек, у ҳам жамиятда шундай эркин яшайди.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ишлари ниҳоятда жадаллик билан кетаётганлиги ва бу йўлда дадил қадамлар қўйилаётганлигини эътироф этган ҳолда шуни айтишим мумкинки, халқимиз тезроқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиб олиш керак, менинг назаримда.

Мана айтайлик, инсон истеъмолчилик билан ҳар куни шуғулланади. Ваҳоланки, бу унинг кундалик ҳуқуқий фаолияти. Лекин табиатимизда эринчоқлик, танбаллик, ҳақ-ҳуқуқларимиз билан қизиқмаслик каби иллатлар бор-ки, бу кун келиб ўз ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида кўп ҳам ўйлаб ўтирмаймиз. Бизда супермаркет, гипермаркет, мегапланетга ўхшаган дўконлар кўп. Ташвишланарлиси шундаки, аксарият одамлар ўзлари харид қилаётган маҳсулотларнинг ёрлиғи, қачон, ким томонидан ишлаб чиқилганлиги, яроқлилик муддати билан қизиқмайди. Шундоқ олади, пулини тўлаб чиқиб кетаверишади. Қизиғи, борди-ю, у эртага ана шу маҳсулотлардан заҳарланиб қолгудек бўлса, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўрнига, дорихонадан дори сотиб олади. Ҳатто дорилар билан боғлиқ ҳодисаларда ҳам шу сингари ҳолатни кузатиш мумкин. Нари борса, дорини ахлат қутисига ташлаб юборади-қўяди, тамом-вассалом. Ваҳоланки бизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган алоҳида ташкилотлар бор. Агар биз ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни билмоқчи бўлсак, йўлда юришдан тортиб, то яшаш қоидаларигача, барча-барчаси қонунларимизда белгилаб қўйилган. Масалан, Оила кодекси, Меҳнат кодексини олинг. Баъзан инсонлар қонунни билмаган ҳолда, уни бузишади, лекин билмаган ҳолда ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган инсонни ҳеч учратганмисиз?

Гарчи ўқувчиларимизга оғир ботса ҳам, бир нарсани тан олишимиз керак, биз табиатан бироз эринчоқ, танбалликка мойилроқмиз. Агар ён-веримизда биров ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб қолса, унга ёмон кўз билан қараймиз, “Ҳа, у закончи!”, “Ҳа, у дарров қонунни рўкач қилади”, деймиз. Йўқ, ўша одам тўғри қилаяпти! Аслида, қонунни талаб қиладиганлардан ибрат олишимиз, уларга эргашишимиз керак!

Бугунги кунда инсон манфаатларини ўзида мужассам этган қанчадан-қанча қонунлар яратилди, чиройли китоблар бўлиб чиқди. Хўш, улар китоб жовонларида савлат тўкиб туриши учун яратилганми? Менинг назаримда, катта-катта корхоналарда ускуналар, двигателлар қандай чиройли маҳсулотлар ишлаб чиқараётган бўлса, худди шундай, қонунлар ҳам жамиятнинг улкан двигателларидир. Ва инсонлар қонунларни қанчалик даражада яхши билса ва ҳурмат қилса, у шунчалик даражада бахтли яшайди.

Гулбаҳор Сатторова суҳбатлашди

055

KITOBNING XARID QILINGANI EMAS,
O’QILGANI HISOB
Taniqli yozuvchi Ashurali Jo’raev bilan suhbat
045

Ashurali Jo’raev 1956 yil 8 avgustda Navoiy viloyatining Karmana tumanidagi Jaloyir kishlog’ida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan jurnalist (1999). Abdulla Qodiriy nomidagi Toshkent Davlat madaniyat institutini tamomlagan (1978). «Toshbaqalar poygasi» (1986), «Yurak bo’ronlari» (1989), «O’q uzgan kim?» (1994), «Senga ko’ngil bersam» (1999), «Dil gavhari» (2001), «Tanimading-a?» (2005) kabi kitoblari nashr etilgan.Bugun «O’zbekiston» nashriyot-matbaa ijodiy uyi direktorining birinchi o’rinbosari bo’lib ishlab kelmoqda.

045

035— Ashurali aka, yaqindagina, aytaylik bundan 10-15 yillar oldin XXI asrni “Axborot asri” bo’ladi, butun insoniyatni axborotlar boshqaradi, deyishardi. Darhaqiqat, qisqa davr ichida axborot texnologiyalari shu darajada shiddat bilan rivojlanib ketdiki, hozirga kelib axborotlar jamiyatning jilovini to’laligicha o’z qo’liga oldi. Biz insonlar esa turmush tarzimizni axbrotlarsiz, axborot texnologiyalarisiz tasavvur qila olmay qoldik…

— Bilasizmi, axborot asri degan ta’rif bugun butun yer yuzini qamrab oldi, desak mubolag’a bo’lmaydi. Chunki axborotlar eng dahshatli atom qurollaridan ham kuchayib ketdi va u insonning qalbi va ongiga hukmronlik qila boshladi. Agar salbiy axborotlar ta’sirida insonning qalbi va ongi buziladigan bo’lsa, buning qanday oqibatlarga olib kelishini yon-atrofimizda sodir bo’layotgan voqea-hodisalardan ham ko’rib turibmiz. Bugun ayniqsa, internet atalmish axborot uzatkich paydo bo’ldiki, u insoniyatni o’rgimchak to’ri singari o’rab oldi. Endi insoniyat o’zi yaratgan mo’jizaning quliga aylanib qoldi. Natijada, internet ongimizga solayotgan zanjirlardan qutulish ham yirik global muammoga aylanib ulgurdi. Demakki, bugun axborotni ham tanlab, saralab eshitish, uni o’z o’rnida qo’llay bilish davri keldi. Fikr yuritayotganimiz – huquqiy-demokratik davlatda axborotlar ham qonunlashtirilgan bo’lishi kerak. Agar bizga kelayotgan axborotlar oqimini qonunlar otaliqqa olmas ekan, u insonni turli zo’rovonlik, bosqinchilik ko’chalariga, har xil talofatlarga yetaklab ketishi turgan gap.

Xabaringiz bor, dunyoning juda ko’plab mamlakatlarida internetga bog’lanish va undan foydalanish bilan bog’liq davlat darajasidagi qonunlar ishlab chiqilgan. Ayrim rivojlangan davlatlarda 12-14 yoshgacha bolalarning internetdan foydalanishi taqiqlab qo’yilganligining tag-zamirida ham ana shunday masalalar yotibdi. Bugungi axborotlar oqimini sunamiga qiyoslash mumkin. Ba’zan u keltirayotgan zarar insoniyatga tabiiy ofatlar, to’fonlar keltirayotgan zararlardan kam emas.

Sir emas, bugun televidenie juda katta axborot maydonini egallab oldi.

Mana bugun teleekranlar orqali namoyish etilayotgan turli seriallar, fil`mlarni olaylik. Ularni televizor qarshisida bobo-buvi ham, ota-ona ham, bola ham birday o’tirib tomosha qilayapti. Uzatilayotgan har bitta axborot uch avlodga uch xil ta’sir ko’rsatishi ayon. Misol uchun, bir paytlar teleekranlarimiz orqali namoyish etilgan Koreys kinoijodkorlarining “Jumong” fil`miga bolalarimizning ommaviy ravishda taqlid qilayotganligiga shaxsan guvoh bo’lganman. O’sha paytlar “Gulxan” jurnalining bosh muharriri edim.Tahririyatga bolalardan bir oyda o’rta hisobda 100 ta rasm kelgan bo’lsa, shundan qariyb 40 tasida fil`m bosh qahramoni Jumong tasvirlangandi. Yoki bo’lmasa, “Chelovek pauk”, “Masha i medved” kabi mul`tfilimlarga farzandlarimizning qanchalik darajada taqlid qilayotganligini ham inkor eta olmaymiz. Bugun bolalarimiz hali o’zi tushunmagan holda fil`m qahramonlariga aylangisi, ularga o’xshab kiyingisi kelyapti. Hatto, farzandlarini Mashaga o’xshatib kiyintirayotgan, sochlarini Mashanikidek sariqqa bo’yayotgan onalarimiz ham uchrayapti. Ko’rayapsizmi, mul`tfilmlar tarqatayotgan targ’ibotning ta’siri qay darajada? Aslida, multfilmlar ham axborotning bir ko’rinishi, ularning tagida ham ma’lum bir targ’ibot yotibdi.

Mana biz chet el estradasini ko’ramiz. To’g’ri, bir tomondan bu san’at, ikkinchi tomondan esa uning tagida ham targ’ibot, xabar yashirin. Kiyimi, musiqasi yoki xatti-harakati orqali nimalarni targ’ib qilayotir, yoshlarning ongiga qay darajada ta’sir o’tkazayotir, menimcha, ana shularni ham sinchkovlik bilan inobatga olish davri keldi.
Albatta, chet el fil`mlarini umuman namoyish etmaslik kerak, degan fikrdan yiroqman. Alohida e’tirof etishga arzigulik bo’lgan Yaponiya kinoijodkorlarining “Oshin” fil`mini, Hind eposi bo’lgan “Mahobhorat” ni xalqimiz maroq bilan tomosha qildi. Bu kabi film`lar ruhiyatimizga yaqinligi, yuksak ma’naviy saviyasi, chuqur insoniy falsafasi, ayniqsa, juda katta tarbiyaviy ahamiyatga ega ekanligi bilan ajralib turadi. Chunki, insoniy falsafa bor joyga hamma intiladi, undan bahramand bo’lishga harakat qiladi. Aytmoqchimanki, axborot uzatishda ham, uni qabul qilishda ham me’yor kerak.

— Keyingi paytlarda “odamlar kitob o’qimay qo’ydilar”, qabilidagi gaplarni tez-tez eshitayapmiz. Buyuk jahon adibi V. Gyugoning “Odamlar kitob o’qishdan to’xtasalar, fikrlashdan ham to’xtaydilar”, degan mashhur iborasi bor. Bu borada Sizning fikringiz qanday?

— Darhaqiqat, kitobxonlik masalasi nafaqat bizda, balki dunyoning ko’pgina rivojlangan mamlakatlarida ham o’ta dolzarblik kasb etmoqda. Internetning turmush tarzimizga jadallik bilan kirib kelishi, istaymizmi-yo’qmi, kitob o’qish jarayoniga o’z ta’sirini o’tkazmay qolmadi.

Lekin bu, odamlar kitob o’qishdan to’xtadilar, kitob o’qimay qo’ydilar degani emas. Hozir ham odamlar yaxshi kitoblarni topib o’qiyapti. Hali ham oramizda kitobni sevadigan, kitobni qadrlaydigan, kitobni o’ziga oshno tutadiganlar ko’p. Bilasizmi, o’quvchini nima bezdirayapti? Oldi-qochdi, sayoz detektivlar, bir marta o’qishga zo’rg’a yaraydigan kitoblarning ko’payib ketayotganligi ham o’quvchini kitobxonlikdan bir oz qaytarayapti nazarimda. Axir, chet el detektivlari nomini shunchaki o’zbekchalashtirish, aytaylik, Zoyani Zarifa yoki Natashani Nodira degan bilan bu asarlar o’zbek detektivi bo’lib qolmaydi-ku! Yoki bo’lmasa, ur-yiqit, fohishabozlikni targ’ib qilish va ularni asar qahramonlariga aylantirish, istaymizmi-yo’qmi, bu o’quvchining ruhiy, ma’naviy olamiga faqatgina salbiy ta’sir ko’rsatadi. Bir yozuvchi do’stimning ta’biri bilan aytadigan bo’lsam, taassufki, hozir qo’lining qichig’ini qoldirish uchun asar yozadiganlar ko’payib ketgan. Hamma narsani pul bilan hal qilish mumkin, kitob yozib shuhrat qozonish mumkin deydiganlar xato qiladilar.

Ammo, dunyoda shunday kitoblar borki, insoniyat bu kitoblarsiz yashay olmaydi. Dunyoda shunday asarlar borki, bu insoniyatning ma’naviy quyoshi bo’lib abadiy porlab turadi.

Yaqinda nabiram bilan “Chorsu” bozori yonidagi kitob do’koniga borgandik. Undan qaysi kitobni olib beray, deb so’raganimda u “O’tgan kunlar”ni tanlagani meni juda quvontirdi. Do’konda ushbu kitobdan bir dona qolgan ekan. Sotuvchiga savolomuz yuzlanganimda u aytdiki, ana shu asar juda tez sotilayotgan ekan.

Ko’rayapsizmi, bugun kitobxonlik kamayib ketayapti degan bir davrda ham odamlar “O’tgan kunlar”, “Ulug’bek xazinasi”, “Yulduzli tunlar”, “Ikki eshik orasi”, “Lolazor”, “Yolg’onchi farishtalar” kabi asarlarni takror va takror sevib o’qiyaptilar. Yaxshi asarning ohangrabosi bo’ladi, u kitob javonining qaerida turishidan qat’iy nazar sizni o’ziga chorlab turadi. Zero, ma’naviy borliq, ma’naviy koinotning eng buyuk cho’qqichisi, bu – kitobdir. Demak, biz yaxshi kitoblarni ko’proq chiqaraylik va farzandlarimiz qo’liga faqat yaxshi kitoblarni tutqazaylik.

Kezi kelganda, Asqad Muxtorning quyidagi iborasini ta’kidlashni istardim: “Kitobning xarid qilingani emas, uning o’qilgani hisob.” Insoniyatning eng buyuk kashfiyotlaridan biri kitobdir. Shu bois, har qanday ko’rinishdagi axborot texnologiyalari yaratilishidan qat’iy nazar, baribir kitob kitobligicha qolaveradi.

Agar, mendan “Dunyo taraqqiyoti yuksak manzillarga intilayotgan bir paytda insonning hamrohi, uning qo’llovchisi nima bo’ladi” deb so’rashsa, hech ikkilanmasdan Kitob degan bo’lardim. Yaxshi kitob hamisha bizning suyanch tog’imiz, ma’naviy chirog’imizdir. Biz kattalar kitob tanlashda, kitob o’qishda farzandlarimizga ibrat bo’lishimiz kerak. Sizning nazdingizda, huquqiy-demokratik davlat qanday xarakterlanadi?

— Tarixga nazar tashlaydigan bo’lsak, insoniyat hamisha huquqiy-demokratik davlatni orzu qilib kelgan. Albatta, bugun yer yuzida qator huquqiy-demokratik davlatlar barpo bo’lgan, bo’layapti va bunga jiddiy intilayotgan mamlakatlar ham bor.

Jamiyat qonunlar asosiga qurilmas ekan, jamiyatning qo’rg’oni qonun bo’lmas ekan, biz uni huquqiy davlat deya olmaymiz. Qachonki inson o’z huquqlarini bilib, qonunlarga suyanib yashaydigan bo’lsa, baliq suvda qanchalik erkin suzganidek, u ham jamiyatda shunday erkin yashaydi.

Bizning mamlakatimizda ham huquqiy-demokratik davlat qurish ishlari nihoyatda jadallik bilan ketayotganligi va bu yo’lda dadil qadamlar qo’yilayotganligini e’tirof etgan holda shuni aytishim mumkinki, xalqimiz tezroq o’z haq-huquqlarini bilib olish kerak, mening nazarimda.

Mana aytaylik, inson iste’molchilik bilan har kuni shug’ullanadi. Vaholanki, bu uning kundalik huquqiy faoliyati. Lekin tabiatimizda erinchoqlik, tanballik, haq-huquqlarimiz bilan qiziqmaslik kabi illatlar bor-ki, bu kun kelib o’z hayotimizga salbiy ta’sir ko’rsatishi mumkinligi haqida ko’p ham o’ylab o’tirmaymiz. Bizda supermarket, gipermarket, megaplanetga o’xshagan do’konlar ko’p. Tashvishlanarlisi shundaki, aksariyat odamlar o’zlari xarid qilayotgan mahsulotlarning yorlig’i, qachon, kim tomonidan ishlab chiqilganligi, yaroqlilik muddati bilan qiziqmaydi. Shundoq oladi, pulini to’lab chiqib ketaverishadi. Qizig’i, bordi-yu, u ertaga ana shu mahsulotlardan zaharlanib qolgudek bo’lsa, o’z huquqlarini himoya qilish o’rniga, dorixonadan dori sotib oladi. Hatto dorilar bilan bog’liq hodisalarda ham shu singari holatni kuzatish mumkin. Nari borsa, dorini axlat qutisiga tashlab yuboradi-qo’yadi, tamom-vassalom. Vaholanki bizda iste’molchilar huquqlarini himoya qiladigan alohida tashkilotlar bor. Agar biz o’z haq-huquqlarimizni bilmoqchi bo’lsak, yo’lda yurishdan tortib, to yashash qoidalarigacha, barcha-barchasi qonunlarimizda belgilab qo’yilgan. Masalan, Oila kodeksi, Mehnat kodeksini oling. Ba’zan insonlar qonunni bilmagan holda, uni buzishadi, lekin bilmagan holda o’zining haq-huquqini talab qilgan insonni hech uchratganmisiz?

Garchi o’quvchilarimizga og’ir botsa ham, bir narsani tan olishimiz kerak, biz tabiatan biroz erinchoq, tanballikka moyilroqmiz. Agar yon-verimizda birov o’zining haq-huquqini talab qilib qolsa, unga yomon ko’z bilan qaraymiz, “Ha, u zakonchi!”, “Ha, u darrov qonunni ro’kach qiladi”, deymiz. Yo’q, o’sha odam to’g’ri qilayapti! Aslida, qonunni talab qiladiganlardan ibrat olishimiz, ularga ergashishimiz kerak!

Bugungi kunda inson manfaatlarini o’zida mujassam etgan qanchadan-qancha qonunlar yaratildi, chiroyli kitoblar bo’lib chiqdi. Xo’sh, ular kitob jovonlarida savlat to’kib turishi uchun yaratilganmi? Mening nazarimda, katta-katta korxonalarda uskunalar, dvigatellar qanday chiroyli mahsulotlar ishlab chiqarayotgan bo’lsa, xuddi shunday, qonunlar ham jamiyatning ulkan dvigatellaridir. Va insonlar qonunlarni qanchalik darajada yaxshi bilsa va hurmat qilsa, u shunchalik darajada baxtli yashaydi.

Gulbahor Sattorova suhbatlashdi

055

(Tashriflar: umumiy 123, bugungi 1)

Izoh qoldiring