Asqad Muxtor: Yosh yozuvchi bo’lish qiyin & Asqad Muxtor ijodiga bag’ishlangan «Go’zal yozg’ichlar» teledasturi

09    Ёш бўлиш яхши. Аммо бу ҳам қийин. Айниқса, ёш ёзувчи бўлиш қийин. Чунки ҳам ўзингни, ҳам бировларни тарбиялашинг керак. Ёш бўлиш қийин. Ҳамма сенга насиҳат беравергани учунгина эмас, ёш бўлиш аввало шунинг учун қийинки, ёшликнинг иши, масъулияти оғир бўлади…

Асқад Мухтор
ЁШ ЁЗУВЧИ БЎЛИШ ҚИЙИН
  “Ёш дўстларимга” китоби асосида тайёрланди
033

067    Ёш бўлиш яхши. Аммо бу ҳам қийин. Айниқса, ёш ёзувчи бўлиш қийин. Чунки ҳам ўзингни, ҳам бировларни тарбиялашинг керак. Ёш бўлиш қийин. Ҳамма сенга насиҳат беравергани учунгина эмас, ёш бўлиш аввало шунинг учун қийинки, ёшликнинг иши, масъулияти оғир бўлади: ўқиш, устозлардан ўрганиш керак, олдинги авлодлар яратган ҳамма билим ва маҳоратни эгаллаш керак, энг муҳими — устозларни қувиб етишгина эмас, ўтиб кетиш, улар яратган хазинага нимадир қўшиш керак. Акс ҳолда, тараққиёт бўлмайди. Баъзан шогирд устоздан ўтипти деб ҳайрон бўлишади, бу — нотўғри. Устоздан ўтмаса, шогирд бўлишнинг нима моҳияти бор?! Шогирдлар устозлардан ўтмаса, тараққиёт тўхтаб қолади-ку, ахир? Авлодлардан авлодларга ўтишнинг маъниси бўлмай қолади. Агар бирор оқсоқол ёшларга: “Сен биздан олдинга интилма, ўз жойингни бил!” деб таълим берса, бу мутлақо хато бўларди. Абдулла Қаҳҳор “Талант — халқ мулкидир” деган мақоласида бу масалада баъзи оқсоқолларнигина эмас, эски удумни догмага айлантириб, ўз журъатини тийиб юрган баъзи ҳуркович ёшларни ҳам танқид қилади. “Ҳурмат билан саломингни бер-да, ишинг зарур бўлса, ўтиб кетавер”, дейди Абдулла ака.

Бахтимизга, оқсоқолларимизнинг деярли ҳаммаси ёшларнинг дадил интилишларидан, кексалар қилиб улгуролмаган ишларни бажаришга уринишларидан доим хурсанд. Устозларимиз ҳам, Ёзувчилар уюшмаси ҳам ёшларнинг барча ижодий синовларини, журъатли интилишларини, адабиётимизга қўшмоқчи бўлган янгиликларини жон-дилдан қўллаб-қувватлайди.

* * *

   Адабиёт ҳавасга кириладиган шон-шуҳрат боғчаси ёки шунчаки, кўп қатори бажариб юриладиган касб эмас. Адабиётга одам бир умр ёнгани киради. Ҳар бир асарда бир ловиллаб ёнмаса, ёзувчининг бўлмагани маъқул. Ёзувчилик, менинг назаримда, энг қизиқ, энг эҳтиросли ҳаёт. Бунда фаолият натижаси — асарнинг ўзигина эмас, жараён, изланиш жараёни, излаб топиш, излаб яшашнинг ўзи қизиқ. Ҳар сафар ўзингга ҳам, китобхонга ҳам янги бир олам очишинг керак. Адабиёт жараёни узлуксиз; қанча ёзувчи бўлса шунча усул; ҳаёт мураккабликларининг мағзини ҳамма ўзича излайди, ҳамма ўз юрагида қайнатади, ўз илҳомини, ўз эҳтиросини тақдим этади. Озгина сўз айтиш учун у жуда кўп билиши, жуда кўп кўриши, воқеаларни, биографияларни, фактларни, ҳисларни, ўйларни, психологияни билиши керак. Муҳандис ёки академик билиши шарт бўлмаган соҳалар бор. Ёзувчида эса бундай соҳа йўқ. Ёзувчининг ҳаёт тажрибаси, биографияси — олтин фонд. Уни ҳозирдан ярата бошлаши керак.

Йигитликда йиғ илмнинг махзани,
Қарилик чоғи харж қилгил ани!

   Ҳазрат Навоий буни 6ежиз айтмаган. Ишни кейинга қолдириш керак эмас. Қариганида одам юмшоқроқда ётгиси, ўнғайроқ ўтиргиси, фақат машинада юргиси кела бошлайди, дарё кечиш, тоғ ошиш, саҳро кезиш — малол келади.

   Ёзувчи талантли бўлиши керак — талантни қайдан олиш ҳақида маслаҳат беролмайман. Ёзувчи билимли, ўқимишли, баланд савияли одам бўлиши керак. Буни қайдан олишни, бир умр ўқиш-ўрганиш кераклигини биласизлар. Мутолаа қилиш керак деб, ишни алифбодан бошлаб ўтиргим келмайди.

   Ёзувчи кўпни кўрган, аччиқ-чучукни татиган, хайру бадни таҳлил қила билувчи, тажрибали одам бўлиши шарт. Мана шунисига келганда бироз тўхталиб ўтиш керак деб ўйлайман. Яъни, гап муаллиф образи ҳақида. Аминманки, ҳар қандай бадиий асарда ҳамма нарсани бирлаштирувчи, бутун асарга ранг берувчи — “муаллиф образи”дир. Белинский ҳам “Евгений Онегин” ҳақида гапириб, романда бадиий марказ муаллиф образидир, деган эди. Асарнинг савияси муаллиф савиясидан ошиқ бўлмайди. Муаллифнинг завқи, билими, хулқи, қалби, қарашлари, тажрибаси — асарга муҳр бўлиб босилади. Китоб бу жиҳатдан ниҳоятда субъектив нарса. Шунинг учун ёзувчи аввало ўзини халқ ҳаётидаги муайян, зарур ўринга қўя билиши керак. Халқ ҳаётининг ҳамма томонлари — оғир томонлари ҳам, гўзал томонлари ҳам яққол кўринадиган жойга қўя билиши керак.

* * *

   Талант келиб чиқишидаги китобийлик халақит берар экан, талант ёш вақтида ҳаёт билан боғланолмай қийналиши бор гап. Афтидан, турмушни кўриш, билиш, мазмундор ҳаёт йўли — кифоя эмас. Булар ўзидан-ўзи асарга шундоққина кўчиб қўя қолмас экан. Оламни кўриш билан бирга, уни ёзувчи кўзи билан қабул этиш, идрок қилиш, юракдан ўтказиб қоғозга тушира билиш зарур экан. Адабиётнинг ҳаётий моҳиятини қаттиқ ўзлаштириб олиб, ижодни ҳаёт билан боғлай билиш жуда муҳим экан.

Мен айтмоқчи эмасманки, китобда персонажлар рашк қилмасин, касал бўлмасин, меҳмонга бормасин, деб. Аксинча, буларнинг ҳаммаси ҳаётий; лекин асар қаҳрамони ҳаётида уни бизнинг жамиятимиз кишиси сифатида улуғловчи мазмундор воқеалар бўлиши керак, ахир.

* * *

   Классика бундай деб ўргатади: аввал тўлишиш керак. Бош фикр ўзи тўлишиб келади. Уни севиб қоласиз. Уни айтгингиз келади.

   Шундай безовталик, истак, кучли эҳтиёж сезмай туриб ёза бошламаслик керак.

   Ҳар бир чинакам асарнинг ўзига яраша фалсафаси бўлади. Бош фалсафий фикр асарни ёза бошлашдан олдин ҳам, ёзаётганда ҳам, ёзиб бўлгандан кейин ҳам сизни безовта қилиб, қийнаб, ўртаб туриши керак. Шусиз ёзилган асар дарров эътибордан қолади, асарда бош фикр, ҳаёт фалсафаси, чўғ бўлмагандан кейин, китобхон ҳам ёнмайди.

* * *

    Кўпгина ўйчан, фалсафий шеърлар туркумига ўхшаган поэмаларимиз бор. Уларда баъзан ўнлаб лирик чекинишлар қилинади, бундай турлари ҳам керак, “Поэма фақат бундай бўлиши зарур”, деб рецепт бериб бўлмайди. Аммо инсон характери, жонли қиёфаси, исмли-жисмли, еб-ичиб, меҳнат қилиб ёнимизда юрадиган кишидай конкрет, прозадагидай кенг яшайдиган одам характерини кўргимиз келади.

Давр, тақдир, тарих, жамият, шахс, фожиа, фалсафа, кураш, қувонч — барини ўз ичига олган одам ҳаёти тасвирланса эди. Бундай лиро-эпик характердаги классик поэманинг имкониятлари тугаган эмас. Ёшлар шу имкониятларни ўз қўлларига олсалар эди. Ички монолог типидаги поэманинг имкониятлари эса, менинг назаримда, тугаб боряпти. Бу уларнинг кейинги вақтда бир-бирига ўхшаб қолаётганидан ҳам, бу соҳада кўп шоирларнинг муваффақиятсизлигидан ҳам билиняпти. Поэманинг кейинги тамойили назариячиларнинг фикрига муҳтож, танқидчилар бу бобдаги тажрибани якунласалар яхши бўларди.

Поэмадан бошқа жанрларда ёшлар поэзияси ажабтовур улғайиб келмоқда.  Унда ўйлар, ёшликнинг мавқеи, ҳаёт йўлини белгилаб олиши ҳақидаги ташвиш, ички бир безовталик тобора кўпроқ ўрин эгаллаяпти. Ўй, ҳис, фалсафа тантанаворликни қувиб чиқармоқда.

* * *

   Шуни қайд этиш муҳимки, ёшлар ижодининг, шу жумладан, ёш поэзиянинг умумий ғоявий-бадиий йўналиши соғлом, Энг ёрқин талантлар тинимсиз излаб, ажойиб образлар топмоқда, нозик ҳис-туйғулар қўзғатмоқда, давр ва инсон ҳақида ўйга солмоқда, юксак ғояларни — халқнинг эзгу тилакларини, интилиш ва курашларини бадиий ифодалашга интилмоқда… Булар ҳаётни бутун гўзаллиги, мураккаблиги, бутун ҳақиқати билан, янада чуқур ва кенг қамраб олишни ўрганишлари керак.

Поэзияда ҳикоя қилиш, тасвир этиш, кўрсатиш, ўргатишгина етмайди, поэзия сеҳрлаши керак, ўйлатиши, руҳни кўтариши, куч бағишлаши, ҳар бир образли сўзнинг бутун гўзаллигини очиб ташлаб, ҳайратга солиши керак.

Шу ўринда бир камчиликни айтиб ўтай. Бу — шеърнинг ниҳоятда кўп ёзилаётганлиги. Бемаза қовуннинг уруғи кўп дегандай, қайси таҳририятга, қайси нашриётга, қайси муҳокама кенгашига  борманг — албатта 5-10 папка шеър топишингиз мумкин.

“Яхши шеърни ёзиш — осон иш эмас!»  Бу Пушкин сатри. Пушкин буни 14 ёшарлигида айтган.

“Яхши шеърга ўх шайди ҳаёт, Яхши шеърни ёзиш — осон иш эмас!» Буни Степан Шипачёв айтган. 60 ёшида. 

Бу фикр ҳамма замонлар учун, ёшлар ва доно кексалар учун, ҳамма учун хос. Бугун уни биз такрорлаймиз. Инсоннинг гўзалликка интилиши чексиз. Шеърда, бадиий Сўзда гўзаллик имкониятлари бениҳоя. Шунинг учун Лев Толстой буюк  эпопеясини етти марта кўчиргани рост.

Шеърнинг  кўп .. ёзилаётганини баъзи газеталар кўпириб мақтайди, айниқса, ёшларнинг шеърларига берилган таҳлилларда. Яъни, ёшларимиз серзавқ, меҳнаткашлар бахтиёрлигидан фикрини шеърга солади ва ҳоказо.

Бир “муаллиф” бор. Унинг номини билмаган хатлар бўлими мудири бўлмаса керак. У ўн йилдан бери ҳамма таҳририятга мунтазам равишда кунига бештадан шеър юбориб туради. Ўн йилдан бери бирор шеъри босилиб чиққани йўқ. Уни таҳририятдагилар дастхатиданоқ танишади. Жавоб ёзмай қўйишди: фойдаси йўқ, “шоир” қофиялагани қофиялаган.

Менимча, бу — бахтиёрликдан эмас. Бу — сўзга ҳурматсизликдан, гўзаллик олдида ҳайратда қола билмасликдан, баъзан эса беорлик ва нодонликдан.

Азизлар, Лермонтов умрида биттагина китоб чиқарган.

Блок кўнгил дафтарига бундай деб ёзган экан: “Шеърни ёзмай қўйсаммикин, деган ўй келди бошимга. Чунки шеър ёзишга жуда уста бўлиб кетмадиммикин деб қўрқаман”.

Шу ўринда адабий танқидчилигимизнинг ёшлар ижодига муносабати масаласига тўхтаб ўтгим келади. Ҳозирча танқидчиларимиз ёшлар ижоди билан махсус шуғулланаётгани йўқ. Ёшларнинг асарлари умумий мақолалардагина, кўпинча салбий мисол тариқасидагина тилга олинмоқда Бунинг устига, баъзан асарнинг моҳиятини уқмасдан туриб, юзаки назар ташлабгина тилга олинмоқда. Юзаки қараганда эса, Навоий айтганидек, қанд ҳам оқ, туз ҳам.

Ёшларни танқидга соғлом муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш учун аввало танқиднинг ўзи оқилона, самимий ва ишонарли бўлиши керак Танқидни ҳеч ким яхши кўрмайди, дейишади; лекин самимий, меҳрибон ва талабчан танқидни талантли ёшлар ҳурмат қиладилар. Мен қаердадир бир айтган эдим: фақат қоғоз гул ёмғирдан қўрқади.

* * *

Ёшлар ижодида яна бир муҳим масала шуки, биз ёш адабиётда жанрлар, услублар ранг-баранглигига етарли эътибор бермаяпмиз. Қисса, ҳикоя, шеър — жанрлар ҳозирча шулардангина иборат.

* * *

055— Вақтнинг ўтишини қаранг-а! Янги йилни яқиндагина кутмаганмидик? Мана тағин остонага келиб турипти…

Айниқса, янги йил арафасида бу хилдаги гапни кўп эшитасиз. Биров буни шўхлик билан айтади, биров — фалсафий бир ўйчанлик билан. Лекин барибир маъноси битта: умр ўтяпти…

Янги йил байрамини зап ўйлаб чиқаришган-да! Шу байрам бўлмаса, одамлар тўпланишиб хушчақчақлик қилишмаса борми, ҳар ким ёлғиз қолиб, кўнгилсиз ўйларга толар, эзилиб кетар эди.

Борди-ю, у беҳуда ўтган бўлса-чи? Беҳуда ўтган умрни эслашдан ҳам катта фожеа борми!

Бекор ўтган соатларни-ку унча эсламаймиз, улар унутилади. Аслида улар ҳам ҳар бири кичик бир фожеа. Чунки уларни йиғиб келсангиз, умрнинг ўзи бўлмаса ҳам, унинг маълум бир қисми зое кетганини англайсиз. Умрнинг “маълум қисми”да кимдир илмий иш ёқлайди, кимдир жаҳонни кезиб чиқади, кимдир араб тилини ўрганиб олади, кимдир…

Кимлардир уни тун бўйи магнитофон атрофида “чақчақлашиб», ёки чарчамаган бўлса ҳам куни билан “мириқиб” ухлаб, чойхонада кечгача лақиллашиб, ёки телевизорга томошабин эмас, унда нима кўрсатса қаторасига бепарво кўраверадиган телеқул бўлиб, бекорга ўтказиб юборади.

Ўзининг бой маънавий дунёси, зарур ўйлари бўлмаган одам тез зерикади, ёлғиз қолишдан қўрқади.

У пулини ҳам, вақтини ҳам улфатчиликда баҳам кўришга уринади.
— Бир лақиллашиб келайлик бекорчиликда… — дейди ўзига ўхшаганларга.

Бир қарорга келишади-да, шиша-пиша олиб, вақтни “ўлдиргани» кетишади. Соатлаб фойдасиз гап, нархи-наво ҳақида, кимнингдир хотин қўйиши ҳақида…

Биз улфатчиликка, кўнгил очадиган учрашувларга, бир-бирининг маънавий таъсирига муҳтож одамларнинг самимий ўтиришларига қарши эмасмиз. Аммо вақтини қаёққа қўйишни билмайдиган одамлар борлиги ажаблантиради. Соатларни аямайдиган одамлар умрнинг шу соатлардан ташкил топишини ўйлармикин?

“Э, ўладиган дунёда…” дейиши мумкин баъзилар.

Афлотун ўлимга ҳукм қилинган куни кечаси билан ўтириб тор чалишни ўрганган эмиш. «Эрталаб ўладиган одам бу ҳунарни нима қиласиз?” дейишса, “Буни ўрганиш учун эртага вақтим бўлмайди, ахир”, деб жавоб берган экан.

Умр битта. Одамнинг биладиган, ўрганадиган, кашф этадиган нарсалари эса беҳисоб. Маъноли ўтган умр — бир мўъжизадир. Беҳуда ўтган умр эса… бу ҳақда Алишер Навоийдан ўтказиб айтиш қийин:

Камол эт касбким., олам  уйидин
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмоқ; биайниҳ
Эрур ҳаммомдин нопок  чиқмоқ…

Манба: «Ёшлик» журнали, 2015, 11-сон


044

Asqad Muxtor
YOSH YOZUVCHI BO’LISH QIYIN
“Yosh do’stlarimga” kitobi asosida tayyorlandi
033

 Yosh bo’lish yaxshi. Ammo bu ham qiyin. Ayniqsa, yosh yozuvchi bo’lish qiyin. Chunki ham o’zingni, ham birovlarni tarbiyalashing kerak. Yosh bo’lish qiyin. Hamma senga nasihat beravergani uchungina emas, yosh bo’lish avvalo shuning uchun qiyinki, yoshlikning ishi, mas’uliyati og’ir bo’ladi: o’qish, ustozlardan o’rganish kerak, oldingi avlodlar yaratgan hamma bilim va mahoratni egallash kerak, eng muhimi — ustozlarni quvib yetishgina emas, o’tib ketish, ular yaratgan xazinaga nimadir qo’shish kerak. Aks holda, taraqqiyot bo’lmaydi. Ba’zan shogird ustozdan o’tipti deb hayron bo’lishadi, bu — noto’g’ri. Ustozdan o’tmasa, shogird bo’lishning nima mohiyati bor?! Shogirdlar ustozlardan o’tmasa, taraqqiyot to’xtab qoladi-ku, axir? Avlodlardan avlodlarga o’tishning ma’nisi bo’lmay qoladi. Agar biror oqsoqol yoshlarga: “Sen bizdan oldinga intilma, o’z joyingni bil!” deb ta’lim bersa, bu mutlaqo xato bo’lardi. Abdulla Qahhor “Talant — xalq mulkidir” degan maqolasida bu masalada ba’zi oqsoqollarnigina emas, eski udumni dogmaga aylantirib, o’z jur’atini tiyib yurgan ba’zi hurkovich yoshlarni ham tanqid qiladi. “Hurmat bilan salomingni ber-da, ishing zarur bo’lsa, o’tib ketaver”, deydi Abdulla aka.

Baxtimizga, oqsoqollarimizning deyarli hammasi yoshlarning dadil intilishlaridan, keksalar qilib ulgurolmagan ishlarni bajarishga urinishlaridan doim xursand. Ustozlarimiz ham, Yozuvchilar uyushmasi ham yoshlarning barcha ijodiy sinovlarini, jur’atli intilishlarini, adabiyotimizga qo’shmoqchi bo’lgan yangiliklarini jon-dildan qo’llab-quvvatlaydi.

* * *

Adabiyot havasga kiriladigan shon-shuhrat bog’chasi yoki shunchaki, ko’p qatori bajarib yuriladigan kasb emas. Adabiyotga odam bir umr yongani kiradi. Har bir asarda bir lovillab yonmasa, yozuvchining bo’lmagani ma’qul. Yozuvchilik, mening nazarimda, eng qiziq, eng ehtirosli hayot. Bunda faoliyat natijasi — asarning o’zigina emas, jarayon, izlanish jarayoni, izlab topish, izlab yashashning o’zi qiziq. Har safar o’zingga ham, kitobxonga ham yangi bir olam ochishing kerak. Adabiyot jarayoni uzluksiz; qancha yozuvchi bo’lsa shuncha usul; hayot murakkabliklarining mag’zini hamma o’zicha izlaydi, hamma o’z yuragida qaynatadi, o’z ilhomini, o’z ehtirosini taqdim etadi. Ozgina so’z aytish uchun u juda ko’p bilishi, juda ko’p ko’rishi, voqealarni, biografiyalarni, faktlarni, hislarni, o’ylarni, psixologiyani bilishi kerak. Muhandis yoki akademik bilishi shart bo’lmagan sohalar bor. Yozuvchida esa bunday soha yo’q. Yozuvchining hayot tajribasi, biografiyasi — oltin fond. Uni hozirdan yarata boshlashi kerak.

Yigitlikda yig’ ilmning maxzani,
Qarilik chog’i xarj qilgil ani!

Hazrat Navoiy buni 6ejiz aytmagan. Ishni keyinga qoldirish kerak emas. Qariganida odam yumshoqroqda yotgisi, o’ng’ayroq o’tirgisi, faqat mashinada yurgisi kela boshlaydi, daryo kechish, tog’ oshish, sahro kezish — malol keladi.

Yozuvchi talantli bo’lishi kerak — talantni qaydan olish haqida maslahat berolmayman. Yozuvchi bilimli, o’qimishli, baland saviyali odam bo’lishi kerak. Buni qaydan olishni, bir umr o’qish-o’rganish kerakligini bilasizlar. Mutolaa qilish kerak deb, ishni alifbodan boshlab o’tirgim kelmaydi.

Yozuvchi ko’pni ko’rgan, achchiq-chuchukni tatigan, xayru badni tahlil qila biluvchi, tajribali odam bo’lishi shart. Mana shunisiga kelganda biroz to’xtalib o’tish kerak deb o’ylayman. Ya’ni, gap muallif obrazi haqida. Aminmanki, har qanday badiiy asarda hamma narsani birlashtiruvchi, butun asarga rang beruvchi — “muallif obrazi”dir. Belinskiy ham “Evgeniy Onegin” haqida gapirib, romanda badiiy markaz muallif obrazidir, degan edi. Asarning saviyasi muallif saviyasidan oshiq bo’lmaydi. Muallifning zavqi, bilimi, xulqi, qalbi, qarashlari, tajribasi — asarga muhr bo’lib bosiladi. Kitob bu jihatdan nihoyatda sub’ektiv narsa. Shuning uchun yozuvchi avvalo o’zini xalq hayotidagi muayyan, zarur o’ringa qo’ya bilishi kerak. Xalq hayotining hamma tomonlari — og’ir tomonlari ham, go’zal tomonlari ham yaqqol ko’rinadigan joyga qo’ya bilishi kerak.

* * *

Talant kelib chiqishidagi kitobiylik xalaqit berar ekan, talant yosh vaqtida hayot bilan bog’lanolmay qiynalishi bor gap. Aftidan, turmushni ko’rish, bilish, mazmundor hayot yo’li — kifoya emas. Bular o’zidan-o’zi asarga shundoqqina ko’chib qo’ya qolmas ekan. Olamni ko’rish bilan birga, uni yozuvchi ko’zi bilan qabul etish, idrok qilish, yurakdan o’tkazib qog’ozga tushira bilish zarur ekan. Adabiyotning hayotiy mohiyatini qattiq o’zlashtirib olib, ijodni hayot bilan bog’lay bilish juda muhim ekan.

Men aytmoqchi emasmanki, kitobda personajlar rashk qilmasin, kasal bo’lmasin, mehmonga bormasin, deb. Aksincha, bularning hammasi hayotiy; lekin asar qahramoni hayotida uni bizning jamiyatimiz kishisi sifatida ulug’lovchi mazmundor voqealar bo’lishi kerak, axir.

* * *

Klassika bunday deb o’rgatadi: avval to’lishish kerak. Bosh fikr o’zi to’lishib keladi. Uni sevib qolasiz. Uni aytgingiz keladi.

Shunday bezovtalik, istak, kuchli ehtiyoj sezmay turib yoza boshlamaslik kerak.

Har bir chinakam asarning o’ziga yarasha falsafasi bo’ladi. Bosh falsafiy fikr asarni yoza boshlashdan oldin ham, yozayotganda ham, yozib bo’lgandan keyin ham sizni bezovta qilib, qiynab, o’rtab turishi kerak. Shusiz yozilgan asar darrov e’tibordan qoladi, asarda bosh fikr, hayot falsafasi, cho’g’ bo’lmagandan keyin, kitobxon ham yonmaydi.

* * *

Ko’pgina o’ychan, falsafiy she’rlar turkumiga o’xshagan poemalarimiz bor. Ularda ba’zan o’nlab lirik chekinishlar qilinadi, bunday turlari ham kerak, “Poema faqat bunday bo’lishi zarur”, deb retsept berib bo’lmaydi. Ammo inson xarakteri, jonli qiyofasi, ismli-jismli, yeb-ichib, mehnat qilib yonimizda yuradigan kishiday konkret, prozadagiday keng yashaydigan odam xarakterini ko’rgimiz keladi.

Davr, taqdir, tarix, jamiyat, shaxs, fojia, falsafa, kurash, quvonch — barini o’z ichiga olgan odam hayoti tasvirlansa edi. Bunday liro-epik xarakterdagi klassik poemaning imkoniyatlari tugagan emas. Yoshlar shu imkoniyatlarni o’z qo’llariga olsalar edi. Ichki monolog tipidagi poemaning imkoniyatlari esa, mening nazarimda, tugab boryapti. Bu ularning keyingi vaqtda bir-biriga o’xshab qolayotganidan ham, bu sohada ko’p shoirlarning muvaffaqiyatsizligidan ham bilinyapti. Poemaning keyingi tamoyili nazariyachilarning fikriga muhtoj, tanqidchilar bu bobdagi tajribani yakunlasalar yaxshi bo’lardi.

Poemadan boshqa janrlarda yoshlar poeziyasi ajabtovur ulg’ayib kelmoqda. Unda o’ylar, yoshlikning mavqei, hayot yo’lini belgilab olishi haqidagi tashvish, ichki bir bezovtalik tobora ko’proq o’rin egallayapti. O’y, his, falsafa tantanavorlikni quvib chiqarmoqda.

* * *

Shuni qayd etish muhimki, yoshlar ijodining, shu jumladan, yosh poeziyaning umumiy g’oyaviy-badiiy yo’nalishi sog’lom, Eng yorqin talantlar tinimsiz izlab, ajoyib obrazlar topmoqda, nozik his-tuyg’ular qo’zg’atmoqda, davr va inson haqida o’yga solmoqda, yuksak g’oyalarni — xalqning ezgu tilaklarini, intilish va kurashlarini badiiy ifodalashga intilmoqda… Bular hayotni butun go’zalligi, murakkabligi, butun haqiqati bilan, yanada chuqur va keng qamrab olishni o’rganishlari kerak.

Poeziyada hikoya qilish, tasvir etish, ko’rsatish, o’rgatishgina yetmaydi, poeziya sehrlashi kerak, o’ylatishi, ruhni ko’tarishi, kuch bag’ishlashi, har bir obrazli so’zning butun go’zalligini ochib tashlab, hayratga solishi kerak.

Shu o’rinda bir kamchilikni aytib o’tay. Bu — she’rning nihoyatda ko’p yozilayotganligi. Bemaza qovunning urug’i ko’p deganday, qaysi tahririyatga, qaysi nashriyotga, qaysi muhokama kengashiga  bormang — albatta 5-10 papka she’r topishingiz mumkin.

“Yaxshi she’rni yozish — oson ish emas!» Bu Pushkin satri. Pushkin buni 14 yosharligida aytgan.

“Yaxshi she’rga o’x shaydi hayot, Yaxshi she’rni yozish — oson ish emas!» Buni Stepan Shipachyov aytgan. 60 yoshida.

Bu fikr hamma zamonlar uchun, yoshlar va dono keksalar uchun, hamma uchun xos. Bugun uni biz takrorlaymiz. Insonning go’zallikka intilishi cheksiz. She’rda, badiiy So’zda go’zallik imkoniyatlari benihoya. Shuning uchun Lev Tolstoy buyuk epopeyasini yetti marta ko’chirgani rost.

She’rning ko’p .. yozilayotganini ba’zi gazetalar ko’pirib maqtaydi, ayniqsa, yoshlarning she’rlariga berilgan tahlillarda. Ya’ni, yoshlarimiz serzavq, mehnatkashlar baxtiyorligidan fikrini she’rga soladi va hokazo.

Bir “muallif” bor. Uning nomini bilmagan xatlar bo’limi mudiri bo’lmasa kerak. U o’n yildan beri hamma tahririyatga muntazam ravishda kuniga beshtadan she’r yuborib turadi. O’n yildan beri biror she’ri bosilib chiqqani yo’q. Uni tahririyatdagilar dastxatidanoq tanishadi. Javob yozmay qo’yishdi: foydasi yo’q, “shoir” qofiyalagani qofiyalagan.

Menimcha, bu — baxtiyorlikdan emas. Bu — so’zga hurmatsizlikdan, go’zallik oldida hayratda qola bilmaslikdan, ba’zan esa beorlik va nodonlikdan.

Azizlar, Lermontov umrida bittagina kitob chiqargan.

Blok ko’ngil daftariga bunday deb yozgan ekan: “She’rni yozmay qo’ysammikin, degan o’y keldi boshimga. Chunki she’r yozishga juda usta bo’lib ketmadimmikin deb qo’rqaman”.

Shu o’rinda adabiy tanqidchiligimizning yoshlar ijodiga munosabati masalasiga to’xtab o’tgim keladi. Hozircha tanqidchilarimiz yoshlar ijodi bilan maxsus shug’ullanayotgani yo’q. Yoshlarning asarlari umumiy maqolalardagina, ko’pincha salbiy misol tariqasidagina tilga olinmoqda Buning ustiga, ba’zan asarning mohiyatini uqmasdan turib, yuzaki nazar tashlabgina tilga olinmoqda. Yuzaki qaraganda esa, Navoiy aytganidek, qand ham oq, tuz ham.

Yoshlarni tanqidga sog’lom munosabatda bo’lish ruhida tarbiyalash uchun avvalo tanqidning o’zi oqilona, samimiy va ishonarli bo’lishi kerak Tanqidni hech kim yaxshi ko’rmaydi, deyishadi;
lekin samimiy, mehribon va talabchan tanqidni talantli yoshlar hurmat qiladilar. Men qaerdadir bir aytgan edim: faqat qog’oz gul yomg’irdan qo’rqadi.

* * *

Yoshlar ijodida yana bir muhim masala shuki, biz yosh adabiyotda janrlar, uslublar rang-barangligiga yetarli e’tibor bermayapmiz. Qissa, hikoya, she’r — janrlar hozircha shulardangina iborat.

* * *

055— Vaqtning o’tishini qarang-a! Yangi yilni yaqindagina kutmaganmidik? Mana tag’in ostonaga kelib turipti…

Ayniqsa, yangi yil arafasida bu xildagi gapni ko’p eshitasiz. Birov buni sho’xlik bilan aytadi, birov — falsafiy bir o’ychanlik bilan. Lekin baribir ma’nosi bitta: umr o’tyapti…

Yangi yil bayramini zap o’ylab chiqarishgan-da! Shu bayram bo’lmasa, odamlar to’planishib xushchaqchaqlik qilishmasa bormi, har kim yolg’iz qolib, ko’ngilsiz o’ylarga tolar, ezilib ketar edi.

Bordi-yu, u behuda o’tgan bo’lsa-chi? Behuda o’tgan umrni eslashdan ham katta fojea bormi!

Bekor o’tgan soatlarni-ku uncha eslamaymiz, ular unutiladi. Aslida ular ham har biri kichik bir fojea. Chunki ularni yig’ib kelsangiz, umrning o’zi bo’lmasa ham, uning ma’lum bir qismi zoe ketganini anglaysiz. Umrning “ma’lum qismi”da kimdir ilmiy ish yoqlaydi, kimdir jahonni kezib chiqadi, kimdir arab tilini o’rganib oladi, kimdir…

Kimlardir uni tun bo’yi magnitofon atrofida “chaqchaqlashib», yoki charchamagan bo’lsa ham kuni bilan “miriqib” uxlab, choyxonada kechgacha laqillashib, yoki televizorga tomoshabin emas,
unda nima ko’rsatsa qatorasiga beparvo ko’raveradigan telequl bo’lib, bekorga o’tkazib yuboradi.

O’zining boy ma’naviy dunyosi, zarur o’ylari bo’lmagan odam tez zerikadi, yolg’iz qolishdan qo’rqadi.

U pulini ham, vaqtini ham ulfatchilikda baham ko’rishga urinadi.
— Bir laqillashib kelaylik bekorchilikda… — deydi o’ziga o’xshaganlarga.

Bir qarorga kelishadi-da, shisha-pisha olib, vaqtni “o’ldirgani» ketishadi. Soatlab foydasiz gap, narxi-navo haqida, kimningdir xotin qo’yishi haqida…

Biz ulfatchilikka, ko’ngil ochadigan uchrashuvlarga, bir-birining ma’naviy ta’siriga muhtoj odamlarning samimiy o’tirishlariga qarshi emasmiz. Ammo vaqtini qayoqqa qo’yishni bilmaydigan odamlar borligi ajablantiradi. Soatlarni ayamaydigan odamlar umrning shu soatlardan tashkil topishini o’ylarmikin?

“E, o’ladigan dunyoda…” deyishi mumkin ba’zilar.

Aflotun o’limga hukm qilingan kuni kechasi bilan o’tirib tor chalishni o’rgangan emish. «Ertalab o’ladigan odam bu hunarni nima qilasiz?” deyishsa, “Buni o’rganish uchun ertaga vaqtim bo’lmaydi, axir”, deb javob bergan ekan.

Umr bitta. Odamning biladigan, o’rganadigan, kashf etadigan narsalari esa behisob. Ma’noli o’tgan umr — bir mo»jizadir. Behuda o’tgan umr esa… bu haqda Alisher Navoiydan o’tkazib aytish qiyin:

Kamol et kasbkim., olam uyidin
Senga farz o’lmag’ay g’amnok chiqmoq.
Jahondin notamom o’tmoq; biaynih
Erur hammomdin nopok chiqmoq...

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2015, 11-son

044

(Tashriflar: umumiy 1 485, bugungi 1)

Izoh qoldiring