ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси. Асқад Мухтор

023
Ўзбекистон халқ шоири Асқад Мухтор 1920 йил 23 декабрда Фарғона шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўрта Осиё университетининг филология факултетини тугатган (1942). Дастлабки достони — «Бизнинг авлодлар» (1939). «99 миниатюра» (1962), «Шеърлар» (1966), «Сирли нидо» (1984) ва бошқа шеърий тўпламлар муаллифи. «Бўронларда бордек ҳаловат» (1976) қиссаси ҳамда «Давр — менинг тақдиримда» (1964), «Чинор» (1969), «Амударё» (1986),»Опа-сингиллар» каби романлари бор. «Мардлик чўққиси» (1948), «Чин юракдан» (1956), «Дунё болалари» (1962), «Илдизлар», «Жар ёқасидаги чақмоқ» (1984), «Кумуш тола» (1988) сингари асарлари болаларга бағишланган. «Тонг билан учрашув» (1987) пьесалар тўплами нашр этилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1972). «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1995).
1997 йил 17 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.


099

Асқад МУХТОР
ШЕЪРЛАР

* * *

Икки нарса оғир кўнглимга асли,
Икки нарса учун йўқ менда бардош:
Бири — душманимнинг шодон қаҳқаҳаси,
Бири — дўст кўзида милтиллаган ёш.

* * *

Дарахтларни буркаб
Оқ туман сузар.
Эшитилмас қушлар навоси.
Нега мунча ғамгин…
Нега дилни эзар
Эрта баҳор куни бу куз ҳавоси?
Мен нега юрибман
Боғни айланиб,
Уйда ахир ишим оз эмас:
Столда ётибди чала сатрлар…
Мен нега юрибман,
Кўнглим ёзилмас?..

Бир қиз,
бир йигитни кўрдим шу дамда.
Улар шошиб келиб,
тез қўл олишди.
Шумшайган дарахтлар тагида, намда
Узоқ,
узоқ туриб қолишди…
Бахтлиман.
О, менинг толеим кўркам.
Кўнглим қувончларга тўлди лиммо-лим,
Чунки, қаердадир,
узоқда бўлса ҳам,
Ер юзида сен борсан, жоним.

* * *

Кузги еллар, хазонрез еллар,
Боғлардан боғларга кўчасиз.
Гуллар хушбўйини,
Олтин баргларини
Қаёқларга олиб учасиз?

Яланғоч шохларда изғиб,
Кўчиб кетган
Қушлар уясини титасиз.
Кўз олдимда тортқилаб, юлқиб,
Ёз ҳуснини олиб кетасиз.

Аммо мен биламан —
Олиб кетолмайсиз
Умрим баҳорининг бир япроғини.
Кўклам шаббодаси бўлиб қайтарсиз
Ғарқ пишган боғларим соғиниб.

Умр

Куни кеча шу сўрида ётганимда
Ой шуъласи тушмас эди юзларимга:
Япроқпарнинг титроқ, яшил шарпалари
Ором олиб келар эди кўзларимга.
Бугун бўлса танга-танга нур тушипти.
Мижжам ҳорғин, уйқу бермас ёруғ юлдуз.
Бирданига юрагим шув этиб кетди:
Куз келипти, куз…

* * *

Мен кўп йўллар юрдим,
Кўп нарсани кўрдим,
Гоҳ соғиниб,
Гоҳо
Шодликдан жўшиб;
Қанот чиққан қушдай
Уясига сигмай,
Юрагимда талпинар қўшиқ.

* * *

Мен сени ўйлайман,
ўйларим чексиз,
Шундай чексиз бўлсин бахтли кезларинг.
Мен сени ўйлайман.
ўйларим тенгсиз.
Шундай тенгсиз сенинг тиниқ кўзларинг.
Мен сени ўйлайман,
ўйларим узун,
Ки ундан шундайин бир арқон ўрсам,
Чирмаб тутиб берсам севган юлдузинг
Сўнгра сен кўксингда порлатиб юрсанг
Мен сени ўйлайман…

* * *

Орадан гап қочса, ярадай қийнар.
Шундай из қолдирар сўзнинг қамчиси
Гоҳ тун сукутида эшитиб қоламан —
Гурс этиб тушади кўз ёш томчиси.
Нима гап ўзи?

Наҳот кўқтсан узилиб тушган бўлса
Никоҳ ёшимизнинг ёруғ юлдузи…

Гуллар

Лола гулханлари йўл ёқасида…
Умримда жуда кўп йўллар босдим мен
Баҳор эпкинидан юрак орзиқади,
Йўллардан ҳам кўпроқ гуллар босдим мен.

Кўксим билан босдим,
ездим пошнам билан,
Чаманлар, чаманлар топтадим!
Балки шунинг учун
йигирма йил излаб,
Гулгун юзларингдан ором топмадим.

Балки ўша йиллар
дил хазинасидан
Қандайдир жавоҳир йўқотдим.
Ёвга ўқ отишим керак эди менинг,
Гулларни кўрмадим.
Ёвга ўқ отдим.

Шошиш зарур эди,
шошиш, отиш зарур,
Мен ўлим гирдоби бўлишим керак.
Тунлар созлиқларда ўрмаларканман,
Гулларнинг инфашин тингларди юрак.

Ҳа, кўп гул босдим мен.
Ўрни тўлармикан
Гул бўлиб очилса ҳар қалб тепиши?
Қирда лола фасли чалқанча ётиб,
Борлиқни унутгинг келади киши.

Мени нафратламас лолам, жонгинам,
У ҳамон меҳр ила менга боқади.
Мен қулоқ соламан:
томирларидан,
Мангулик шарбати силқиб оқади.

Гулгун ёноғида шабнам қатралари…
Негадир эслайман болаларимни.
Борлиқни унутиш керак эмас, йўқ,
Ардоқлайман лолаларимни!

Этик пошнасидан ардоклайман, ўкдан,
Довул турса — қалқон бўламан!
Ўлсам, фақат Белоянис каби
Тишимда гул тишлаб ўламан.

Тишимда гул тишлаб ўламан…

Asqad Muxtorning o’zi o’qigan   she’rlarni yuklab oling (Audio/ mp3)

(Tashriflar: umumiy 78, bugungi 1)

Izoh qoldiring