Asqar Mahkam. Men — yarmi fors,yarmi turkiyman.»Tabriz daftari»dan she’rlar

asqar-mahkam
Шоирнинг шеърлари шунчаки ирфоний эмас. Агар теран нигоҳ ташласак, бу шеърлар замирида ҳикмат ва ибрат дунёсини кўра олишимиз мумкин. Зеро, Асқар Маҳкам тасаввуф руҳиятига мурожаат қилганида унинг қоидалари ва одобларига ижодда ҳам амал қила олган инсонлардандир. У ҳатто “Хожа Ҳофиз ғазали билан тили чиққан битта шоирман” деганида ҳам, ўз ижоди замирида Ҳофиздек устозлар туришини тевозеълик билан тан олади.
8787

МЕН — ЯРМИ ФОРС, ЯРМИ ТУРКИЙМАН…
(Асқар Маҳкам ижоди ҳақида)

Бу олам “Бўл”, яъни “Кун фаякун” сўзидан яралганини кўпгина улуғ алломаларимиз таъкидлашган(1). Жумладан, шоир Асқар Маҳкам сўз борасида энг зарурий жумлани келтиради: “Сўз ва руҳ билан ёлғиз қолган шоир иймонли бўлса, бу жараён ибодатдир. Агар борди-ю сўз билан ёлғиз қолган шоир жисмида нафсоният устун бўлса, бу айш ва шақоват. Ундан ҳам баттар – фитна ва бузғунчилик бўлиши мумкин. Иймонли сўз ва руҳнинг бир вужудда кечадиган умри хайрли тоат бўлиб, ўз соҳибини эзгуликлар сари элтади, ўзгаларга ҳам яхшилик келтиради…”(2)

Дарҳақиқат, лисонда мавжуд сўзлар, унинг ҳеч бир ҳарфини зое қилмаганимизда, бизнинг тоат-ибодатимизга айланиши мумкин. Шарқ дунёсида кишиларни эзгуликка чорлаш панд-насиҳат, суҳбатлар орқали амалга ошган (3). Суҳбатлар эса, жумлалар ва унинг таркибий қисми – сўзлардан ташкил топган. Ҳазрат Ф. Аттор, А. Жомий, Ж. Румий ҳамда А. Навоий каби шарқ мутафаккирлари ижодида “сўз”га эътибор қаратилади ва “калима” инсонни Оллоҳга яқин қилувчи восита сифатида хизмат қилади.

Сўздин ўлукнинг танида руҳи пок,
 Руҳ доғи тан аро сўздин ҳалок (4)

Сўз ила сўнган руҳни кўтариш ёки аксинча, кўтаринки руҳиятни бир зумда сўндириш мумкин. “Ҳайрат ул-аброр”да “сўз”га эҳтиром кўрсатар экан, ҳазрат Навоий уни жонбахш неъмат сифатида қадрлайди ва жонсизга жон бағишлай олиш хислатини айтади. Кунлик ҳаётимизда сўзлардан фойдаланиб ўз ишларимизни битирамиз, эҳтиёжларимизни қондирамиз, ҳаттоки руҳимиз учун қувват олиб турамиз. Аммо кўп ҳолда бу сўзларни биз нималарга ва қандай мақсадлар йўлида сарфлаётганимизга аҳамият бермаймиз. Ёки, бизга неъмат аталмиш “сўз” қудрати берилмаганида қандай аҳволга тушушимиз мумкинлиги ҳақида фикр юритмаймиз. Ҳозирда, кўпчилигимиз, балки барчамиз, жамият, оддий кишилар, турли соҳанинг олим ва мутахассислари ҳам сўзга нисбатан бепарво бўлмоқдамиз. Зеро, дунёни инсон ўзгартиради, инсонни эса унинг юраги. “Сўз” эса, юракни бошқаради. Баъзан ҳуда-беҳуда айтилаётган, эшитилаётган ва ўқилаётган сўзлар қалбларимизни ўлдириб, руҳимизни эса заифлаштириб, ақлимиз ва теран фикрлаш қобилиятимизни хиралаштириб, инсоний неъматлардан бизни мосуво қилиб бораётганини пайқамай қоламиз. Ҳадисларда тилни сақлаш одоби хусусида бежиз гапирилмаган: Абу Ҳурайрадан, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ривоят қилинди: Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Киши мусулмонлигининг гўзаллиги маъносиз сўзларни тарк қилишлигидир” (5).

“Сўз” бошқариш ва таъсир этиш лаёқатига эга экан, ундан унумли фойдалансаккина кўзланган мақсадга эришамиз ва руҳимизни поклаб, ҳаракатларимиз, феъл-атворимизни ислоҳ қила оламиз. Бунинг учун амалларимизни сўз қудрати даражасига кўтаришимиз, ён-атрофимиздагиларга ихчам, оқибатли сўз ва холис хизматларимиз билан ибрат бўла олишимиз керак. Айниқса, бу ҳар бир ёш филолог, адабиётшунос зиммасидаги масъулиятли вазифадир. Чунки филолог сўз билан муомала қилувчи санъаткор. Унинг бу маҳорати оддий кишиларга таъсир этмай иложи йўқ. Филолог нафақат сўз теришни, балки уни оммага етказа олишни, ўз навбатида ахборотни тўғри, ҳиссий таъсирларсиз ижобий қабул қилишни ва уларга фойдали жавоб беришни ҳам ўрганиши, мунтазам ўз устида шуғулланиб, руҳиятини сайқаллаб бориши керак. Шунда у жамиятга хизмат қилган, халқни эзгуликка чорлаган чинакам фидоий инсонга айланади.
Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда: “Одам эркин эканман деб оғзига келган нарсани валдираши, кўнглига келган номаъқулчиликни қилиши мумкин эмас… Ижод эркинлиги халққа, ватанга фидокорлик билан хизмат қилиш эркинлигидир… Бугунги дунёда ёвузликка қарши турадиган, муқаррар тарзда ундан ғолиб келадиган қудрат бор – бу муҳаббатдир, бу меҳрдир” (6).

Бугун сўзлар Айюбдек хаста
ё барчадан у ҳам тўйдими…
Менга барглар шивирлар аста:
“Энди биров шеър ўқийдими!…”
Наҳот Сўздан қолмади нишон
гарчи улар бозорда лак-лак…

Асқар Маҳкам ижодидаги сўзларнинг ўзгача таъсир кучи, жони бор дейиш мумкин. “Табриз дафтари” ёки “Аналҳақ” китобини ўқиган шеърхон буни дарров фаҳмлайди. Унда тил сўзлари эмас, балки дил сўзлари битилгандир. Сўзнинг ҳозирги аҳволини хаста Айюб пайғамбар (а.с.)га ўхшатган шоир, шахсий манфаатлар тобора кучайиб, инсон кимлигини унутиб қўяётганини, “сўз” эса ўз таъсирини йўқотган; эндиликда фақат кишиларнинг манфаат ва эҳтиёжлари йўлида хизмат қилаётган оддий муомала воситасига айланиб бораётганидан сўзлайди. Ва:

Менга гуллар шивирлар гирён:
 “Бугун шеъринг кимга ҳам керак!..”    – дея афсусланади.

Чунки назм ва наср баъзи эркин “ижодкорлар” томонидан эпласа бўладиган санъат турига, оддий қизиқиш ёки хусусий тижорат йўлига айланиб бораётганидан, улар таъсирида эса адабиёт оламида сўзнинг қадрсизланиши кишилар учун ижобий натижалар бера олмаяпти. Балки, шу сабабдан камдан кам кишилар китобларга, замонавий назм ва насрга эътибор беришади. Адабиёт учун оддий ҳисобланган нарсани қўллаб-қувватлашимиз, унга раҳм айлаб кўкларга кўтаришимиз оқибатида бадиий ижод оммавий эркин мулкка, кўпчилик қилиши мумкин бўлган осон вазифага айланиб бормоқда. Ваҳоланки, санъатда ҳам, куйлаш, расм чизиш, мусиқа басталаш каби жараёнлар илоҳий илҳом билан амалга ошади. Юзаки ҳамда шуҳратпарастлик ниятида қилинган ҳар қандай ҳаракатнинг мухлислари муваққатдир. Бугун ўртамиёна ижодкорга порлоқ келажак тилаганимиз билан, эртага унинг асарлари узоқ вақт яшаб қолишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. “Танқидда битта ижодкорга раҳм қилсангиз, бу билан кўплаб адабиёт мухлисларига жабр қилган бўласиз… Биз қаламкашлар одамни мақтаб кўкка кўтариш санъатини яхши эгаллаганмиз-у, одамнинг инсоний жозибасини юракларини жазиллатадиган даражада кўрсатишга нўноқмиз… Қуруқ мақтов, баландпарвоз ҳамд-санолар билан катта асарлар ҳақида дурустроқ нарса ёзиб бўлмайди… Ёзувчилик санъатининг ярмидан кўпи нимани ёзиш кераклигини билишдан эмас, нимани ёзиш керак эмаслигини билишдан иборат…” (7). Жон куйдириб айтган устоз О. Шарафиддиновнинг бадиий ижод хусусидаги формулаларини Асқар Маҳкам ўз шеърларида тасдиқлади ва одам бўлиш сирини қуйидаги мисраларида баён этди:

Осмон ўша…
Қадимий осмон…
Юлдузлар ҳам ёнар тўкилмай…
Одам бўлмас ҳеч ким ҳеч қачон
Буюк Қуръон сўзин ўқимай!..
Гарчи каждир чарх –
Бордир омон
У айланар азал шу йўсин…
Одам бўлмас ҳеч ким ҳеч қачон
Навоийнинг ўқимай сўзин!..
Ер айланиб турар ҳар қалай
Кўтарганча инсон зотини
Одам бўлмас ҳеч ким ўқимай
Мавлононинг Куллиётини!..
… Сўз ўлмайди!
Ўлдириб бўлмас!..
Сўз жони ҳам Оллоҳ қўлида!..

Эътиборга молик сўзлар қаршисидаги нигоҳлар чинакам ижод намунасидан баҳра олар экан, юрак беихтиёр ижод ҳақиқатини топишга интилади. Аммо, узун таърифга не ҳожат? Ижодни қисқа қилиб “илоҳий пайғом” дейиш мумкин. Шеърдаги қолиплар, жимжимадор сўзлар, гарчанд назарияга мувофиқлик бўлсин, унда илоҳий маърифат руҳи яшамас экан, у ўз-ўзидан ижод маҳсулига кириб қолмайди. Ижоднинг асосий белгиси унда яшайдиган илҳом билан намоён бўлади. Илҳомсиз ижод эса, қуруқ ҳаракатдан бошқа нарса эмасдир. Ижодкорликка даъвогар шахс, аввало ижодни англаш бахтига сазовор бўлмоғи керак.

Бу ўта мураккаб ишдир. Китобхон савияси ёзувчи нигоҳини кўра олиши учун теран дунёқарашга, юксак маърифат ва қалб поклигига соҳиб бўлиши талаб этилади. Аммо, ижодкорнинг имконияти чексиз дегани эмас, ўз навбатида адабиёт улкан ва чексиз уммондек кўринади; аслида унинг ҳам мезон нуқталари мавжуд. Чунки адабиётдан асл муддао “адаб”дир. Ижодкор бу мезон нуқталарида ҳаракатланмас экан, мақсадсиз қалам сурар экан, унинг маҳсули авлодларга мерос бўлиб қоладиган асарлар қаторидан ўрин ололмайди. Табиийки, нега бугунги куннинг Ҳофизлари, Саъдийлари, Навоий ва Жомийлари чиқмаяпти деган саволга жавоб, айнан шу ерда кўринади.

Кўнгил ва руҳ маънога ошуфтадир. Жисмнинг асоси эса жон ва руҳда. Инсон қачон бўлмасин, шаклбозликдан безиб, яна маънога қайтади. Ўшанда чанг босиб ўқилмаётган девонлар, куллиётлар, рубоийлар, ҳикматлар қўлга олинади. Қалам аҳли Навоий ва Жомий бўлишга интилади. Назм гулистонининг чексиз маърифат таратувчилари (8 ) юзага келади.

Жалолиддин Румийни ўзига маънавий устоз ва раҳнамо деб ҳисоблаган Асқар шоирнинг шеърияти одатий шеър услуби эмас. Уни англаш учун катта руҳий ва маърифий тайёргарлик керак (9).  Чунки, у ирфон руҳида қалам тебратган, форс ва турк тасаввуф алломалар изидан бориб, улардан ўзига қувват ола билган ижодкордир. Бу ҳақда шоирнинг ўз эътирофи бор:

Мен – ярми форс
ярми – туркийман…
Бўлгани шу. Бошқасин билмам…
Хожа Ҳофиз ғазали билан
тили чиққан битта шоирман.
Менинг йиртиқ яқоларимни
Ғазал билан тиккан азизлар
Аллалади боболаримни
Ҳирот Шероз Балху Табризлар…

Бу бежирим, кўнгилни фараҳ этувчи мисраларга фақат шундай шарҳлар керак бўлади. Шоир азизларга бўлган меҳрини, шу жумладан ўзини ҳам камтарона руҳда тасвирламоқда. Тақдир тақозосига кўра, бу ижодкор юрагининг ярми форс, ярми туркий эди. Аммо унинг чок-чок ситилган ёқаларини азизлар ғазал билан бутлади. Адабиётга ҳавас, устозлар ижодига меҳр, либосининг зийнатига айланди. Навоий, Ҳофиз, Румий, Шамс Табризий каби етук алломалар бир-бирларига ҳамоҳанг бўлганларидек, Ҳирот, Шероз, Балху Табриз ҳам азиз авлиёлар ва устозлар қадамидан шарафланди ва ҳозирга қадар бу масканлар биз учун муборакдир.

Гарчи маъюс бу Мусаллода
пешонамнинг излари йўқдир
лекин бузруквор Бухорода
Мусаллонинг шаъни улуғдир
Нақшбанднинг чориғи билан
кездим Табриз кўчаларини
Авлиёлар қўпдилар бирдан
бошда тутиб қуббаларини…
Фаришталар учарди енгил
нурга чулғаб гўё бағрингни
Авлиёлар дедилар: “Бергил
эй мусофир чориқларингни…”

“Мусалло” сўзи луғатда “намозгоҳ, умумий намоз ўқиладиган жой” маъносини англатади. Масалан, Ҳирот ва Шероздаги мусаллолар, яъни масжидлар.10 “Гарчи бу юртлардаги маъюс мусаллоларда пешонам излари тегмаган бўлса-да, Бухорои шарифнинг мақоми улуғдир; ҳазрат Баҳоуддин чориқларини кийиб, яъни ул муборак зотнинг нафасларини олиб борар эканман, ўзга юртнинг авлиёлари “чориқларингни бер”, дея мени ўраб олдилар” – демоқда шоир.

Шоирнинг шеърлари шунчаки ирфоний эмас. Агар теран нигоҳ ташласак, бу шеърлар замирида ҳикмат ва ибрат дунёсини кўра олишимиз мумкин. Зеро, Асқар Маҳкам тасаввуф руҳиятига мурожаат қилганида унинг қоидалари ва одобларига ижодда ҳам амал қила олган инсонлардандир. У ҳатто “Хожа Ҳофиз ғазали билан тили чиққан битта шоирман” деганида ҳам, ўз ижоди замирида Ҳофиздек устозлар туришини тевозеълик билан тан олади. Навоий таъбири билан айтганда, ўз ижоди ва ҳаётидан масрурлик, унга маҳлиё бўлишлик шоирга мутлақо бегонадир (11). Унинг шеърларида камтарона фалсафий руҳ кезинади:

Умр кечди хобу хулёда
ўтди қанча азизлар йиғлаб…
Ҳамма шошиб турган дунёда
ўтирибман ялпизни ҳидлаб…
Сўнг ялпиз ҳам бир-бир тўкилди
ўз ҳукмини айтди тириклик…
Биров валий биров шайх бўлди
менга қолди томошабинлик…

Ушбу сатрларда дунёни четдан кузатаётган инсон тасвирланган. Гўё умр уйқу ва хаёл ичра ўтиб кетмоқда, одамлар нималаргадир шошиб, елиб-югурмоқда. Кимдир бу орада шайх бўлиб, кимдир валий бўлиб улгурди, аммо бир инсонгина уларни томоша қилди. Ўзгалар ортидан эргашмади, чунки унинг ҳаётдан ўз мақсади ва вазифаси бор. Асқар шоирнинг нафақат ушбу шеъри, балки умуман ижодида ҳаётга четдан нигоҳ ташлаган инсоннинг тасвири бор. Қайси бир мисрага ошино бўлмайлик, ташқи муҳитни юқорироқдан кузатиб турган сиймо гавдаланади унда. Бу бежизга эмас. Сабаби шоирнинг ўзи ҳаётда ҳақиқатпараст эди. Балки шу сабаб унинг ижодида ҳақиқат садолари баралла янграгандир.

Шоир ижоди ранг-баранг ва жозибадор; унда ҳаёт фалсафаси ётади. “Табриз дафтари”даги шеърлар кишига илоҳий завқ, руҳий қувват бағишлайди. Ундаги пок хаёллар, шоир ички кечинмалари ва ўзига хос теран нигоҳи, инсон ва табиатга берган баҳоси, пинҳоний масъулият кўзга яққол ташланади. Унинг Табриз ҳамда улуғ зотларга бўлган муҳаббати ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Мусофирман…
ғарибман…
билмам…
Табриз менга афсоналар айт!
Юриб-юриб бунда келибман
Табриз менга афсоналар айт!..

Дедим: “Исминг надир эй моҳи тобон?”
Деди: “Исмим ёлғиз Худога аён!..”
Дедим: “Наҳот шунча сирлидир исминг?..”
Деди: “Сўрма мени гуноҳкор қилдинг!..”
Дедим: “Осийларга тўладир дунё!..”
Деди: “Мен билмасман… Билар Кибриё!..”
Дедим: “Мен шоирман… Ҳофиз наслидан…”
Деди: “Мен Табризнинг муслимасиман!..”

Асқар шоир шеърлари бир-бирига ҳамоҳанг сўзлардан таркиб топган. Шу сабаб улар ўқилганда равон, мусиқийликни ифодалайди. Айниқса, ғазалларида товушларнинг жаранггига алоҳида аҳамият қаратган. Такрорий қўлланган сўзлар унда маъноларнинг бир-бирини тўлдиришга хизмат қилади. Такрорий қўлланган сўзлар шунчаки саҳифани тўлдиришга эмас, балки ўқувчининг ички туйғуларини, шеърга муносабатини жўштиришга қаратилган. Ўз навбатида, шеърий санъатлардан унумли ва меъёрида фойдалана олган. Айниқса, Асқар шоирнинг савол-жавоб шеърий санъатини қўллаши ўзгача; у ўзига хос яширин фалсафани, охират ва дунё, инсоният, жамият, ташқи муҳит ва алдов, ноҳақлик, меҳр-муҳаббат, асл ҳақиқат тушунчаларини бера олади. “Табриз муслимаси” аслида тақво хусусида сўзлайди. Табризнинг оддий бир муслимаси, шунчаки сўзламаяпти, балки у андиша ва Оллоҳдан қўрқувчи бандасининг ожизона тақвосини ифодаламоқда. Ундан савол сўраган кимса эса, ҳали бу тақводан йироқдир. Шу сабаб, унинг саволлари ҳам оддий. Демак, бу мисралар шунчаки ошиқ ва маъшуқ ўртасидаги суҳбат ҳам эмас, “Аналҳақ”қа яқин бўлган Мансур Ҳалложларнинг йўли ва уларнинг нигоҳлари билан ҳаётга разм солишдир.

Асқар Маҳкам ижоди улкан уммон ва бетакрор жозибадан иборат. Уни қанчалик тадқиқ қилмайлик бу хазина чашмаси сира тугамайди. Ҳатто бир байтнинг устида соатлаб баҳс олиб бориш, фикр юритиш мумкин. Сабаби, унда ирфон дунёси яшайди. Асқар шоир шеърларига илҳом берган нарса Қуръон оятлари, ҳадис илми деб ҳисоблардим. Ва бу китобларга бўлган улкан муҳаббат унинг ижодида ўз таъсирини кўрсатган.

Шеърлардаги кескир қарашлар, ширин ва баъзан аччиқ сўзлар шоир ижодида ҳаққоний тилга олинган. Яъни, у ясама сўз термайди, ҳижрон деганида, бошқалар ҳам қўшилиб ёнади. Ишқ деганида, ўзгалар ҳам ошиқ бўлади, шоир надомат чекканида, ўқувчи ҳам қўшилиб, ўша руҳий ҳолга беихтиёр туша олади.

Шундан билиш мумкинки, Асқар Маҳкам Ҳақ йўлида ҳақиқатни куйлаб ўтган йирик шоирлардан бири бўлган. Унинг ижодидан баҳра олган қалб эса, ҳамиша осудаликда, шоир дунёсида у билан бирга яшайди.

___________________
1. Тафаккур журнали, 2004, 4-сон, 93-бет;
2. А.Маҳкам. Аналҳақ. А. Қод. Т.: 2003;
3. Н. Комилов. Хизр чашмаси. Маънав., Т.: 2005, 36-бет;
4. А. Навоий. Ҳайратул аброр. Ғ.Ғ. Т.: 2006;
5. Абу Лайс Ас-Самарқандий. Танбеҳул ғофилийн. Мовор. Т.: 2003, 218-бет;
6. Тафаккур. 2004, 3-сон, 60-65 бетлар;
7. Тафаккур. 2004, 3-сон, 60-65 бетлар;
8. А. Навоий. Маҳбуб ул қулуб.Ғ.Ғ. Т.: 1983, 26-бет;
9. А. Маҳкам. Ҳақ. Адиб. Душанбе. 1998;
10. Фарҳанги забони точики. СЭ. М.: 1969;
11. А. Навоий. Маҳбуб ул қулуб. Ғ.Ғ. Т.: 1983, 27-бет.

Мақола муаллифи Кавсархонга ажойиб мақоласи учун миннатдорчилигимизни билдирамиз.
2011 (с)

asqar

«ТАБРИЗ ДАФТАРИ»ДАН

* * *

Мен — ярми форс
ярми — туркийман…
Бўлгани шу. Бошқасин билмам…
Хожа Ҳофиз ғазали билан
тили чиққан битта шоирман
Менинг йиртиқ яқоларимни
ғазал билан тиккан азизлар
Аллалади боболаримни
Ҳирот Шероз Балху Табризлар…
Гарчи маъюс бу Мусаллода
пешонамнинг излари йўқдир
лекин бузруквор Бухорода
Мусаллонинг шаъни улуғдир
Нақшбанднинг чориғи билан
кездим Табриз кўчаларини

Авлиёлар қўпдилар бирдан
бошда тутиб қуббаларини…
Фаришталар учарди енгил
нурга чулғаб гўё бағрингни
Авлиёлар дедилар: «Бергил
эй мусофир чориқларингни…»
Ўйладим Шайх розидир балки
боқдим Жайҳун узра шафаққа…
«Олинг Шамс Табризий ҳаққи
чориқ эмас жоним садақа»..

* * *

Шерозга олиб бор мени эй Табриз
бодлар маснадида Сулаймон каби…
Мусалло саҳнида Ҳофизга бир қиз
холин имо этмиш ва тутмиш лабин
Ҳофизи бечора хирқасин ёйиб
Рукнобод лабида туш кўрар сармаст
Гўзаллар қирмизи олмалар отиб
унинг теграсида чарх урар пайваст
Беёд бодафуруш яқосин йиртиб
хумга бу дунёни сотиб ўтмоқда
Ошуфта шоирнинг илкидан тутиб
«Фақат май ичгил» деб бода тутмоқда…
Муҳтасиб калтаклаб бодафурушни
хумин парча-парча қилар тутақиб
«Бас қил дер Ҳофизга бу бад қилмишни
кулин совурармиз девонинг ёқиб!…»
Ҳофиз имо қилар. Гирдида ҳурлар
муҳтасиб ғазабдан тутақар баттар
«Ҳолимга қўймайди мени оққувлар
боқ ахир маст эрур бор фаришталар…»
Муҳтасиб қамчини учар ҳавода
«Мазах қилаяпсан мени эй Ҳофиз!
Фаришта не қилар бу Мусаллода
ҳурлар не қилади бунда бетамиз!»
Мусаллода кезар сочлари тўзиб
дунёни ларзага солган бир гадо
Ҳурлар бода тутар унга қўл чўзиб
фаришталар бўлар кўкда ҳувайдо.
Ва яна муҳтасиб қамчини эсиз…
Ва яна гўзаллар холию лаби…
Шерозга олиб бор мени эй Табриз
бодлар маснадида Сулаймон каби…

* * *

Қораяди Табриз шамоли
дарвиш тоғлар аста кўз юмар
Эртакларда ўлмас шоҳларни
пари қизлар ўпиб ўлдирар…
Лаб тутаркан бу маккоралар
оғу билан бўяниб рангин
Шоҳаншоҳлар ҳай бечоралар
жон бераркан ушлаб юрагин…
Қорайганда қора қасрлар
жим-жит ҳарам ичра тўлғаниб
мана неча-неча асрлар
шоҳлар ётар ерда булғаниб
балки эртак балки чин-ёлғон
нима дердим менга бари бир…
Паривашлар бўярлар ҳамон
оғу билан ғунча лабларин…

* * *

Мусофирман…
ғарибман…
билмам…
Табриз менга афсоналар айт!
Юриб-юриб бунда келибман
Табриз менга афсоналар айт!..

Аразладинг ва қаро кийдинг
Қаро зулфинг қародир қошинг
Карбалода йиғлаб йиқилдинг
Ҳусайндек кесилди бошинг…

Табриз менга афсоналар айт!
Тунлар ҳижоб кийганида тек
Менинг кампир бувим ҳам бир пайт
ҳижоб кийиб юрарди сендек…

Табриз менга афсоналар айт
мен-да ғариб
сен-да ғарибсан…
Табриз менга афсоналар айт!
Мен-да Табриз
сен-да Табризсан!…

КАНДУВОН

Табриз Шимолида, шаҳардан тақрибан 50-60 чақирим нарида «Кандувон» деб номлангувчи тоғ қишлоғи бор. Бу қишлоқ аҳли қарийб минг йилдан буён тоғ ўнгиридаги ўйилган сунъий ғорларда яшашади. Бу ерда 950 хонадон бўлиб, аҳоли икки мингдан зиёдроқдир.

Бу дунё аслида Кандувон экан
ҳаётнинг маъниси шунда жамулжам
Оламни вайрона бир работ деган
машойих қай ҳолда яшашган билмам…
Ва лекин Кандувон бир ғордир тамом
ўйилган кўзлари туйнук тирқишдир
Молингни ҳайда эй аҳли мусалмон
дунё бу охират сари юришдир…
Мен келдим уялиб энгил-бошимдан
термилдим бу яланг оёқларга жим
Қачондир фаромуш бўлди ёдимдан
нур эмас тупроқдан яралганлигим…
Тур узра тургандек ҳазрати Мусо
ўқраяр чўққи даҳр нокасларига
Кандувон тўлқиндек тупурар гўё
дунёнинг бемаъни ҳавасларига…
Иштонли-иштонсиз салла-салласиз
бу ерга келишар аҳли томоша
Бақрайиб сўкиниб маза-матрасиз
қайтишар олифта шаҳарга шоша…
Кандувон ғорларин кўзи чуқурдир
тубида азалий ҳикмат намоён
Эй катта шаҳарлик юзларингни бур
Кандувон мўминдир Канду — мусалмон…
Сирғалиб туртиниб жиркиб юрганлар
тикилар ғорларга: «Тирикми булар?…»
Бир сариқ хонимга қораси айтар:
«Оҳ Худо, ваҳшийлар нуқул ваҳшийлар…»
Ахтариб юргандим дунё тубини
тубсизлик қошига келдим ногаҳон
Салмоқлаб чўққининг пок тупугини
дедим: «бу дунёнинг туби — Кандувон!..»
Бўларкан оқ қаср, кўк қасрдамас,
ғорларда яшаса бўларкан ўз ҳолича ҳам…
Эй дунё золлари!
Эй такаббурлар!
Эй сутда чўмилиб сипқорганлар жом!
Сизни ҳам емоққа шайдир қубурлар!
Сизни ҳам ер ютар бир кун батамом!…

МАШҲАД САРИ

Мамлакат «Оллоҳ» деб айқирди гўё
оламни босгандек қайтадан тўфон
Имоми Ҳусайн бу ё Шери Худо
Карбало даштига айланди Теҳрон…
Имом қалқар буюк уммон устида
узанган қўлларми ёхуд зулфиқор?..
Улуғ Фирдавсийнинг мағрур юртида
Рустам от сурарди ёвқур сервиқор
Шундайин Имомга шундай халқ лойиқ
халқига муносиб Имоми замон
ва унинг ортидан бутун халойиқ
юзланди муқаддас Машҳадга томон…

БУЮК ИМОМ ҲУЖРАСИДА

бу уйда эҳтимол Ҳофиз яшарди
хирқасин тўрт букиб оёғин чўзиб
Гар тужжор бўлганда бузиб ташларди
ўрнига кошона қўярди қуриб
Эҳтимол Хаём ҳам яшарди бунда
кўзасин бошига бошлишдан қўйиб
лекин бу ўлгудай хасис очунда
у кетиб қоларди жонидан тўйиб…
Ким билсин Саъдий ҳам яшарди балки
ҳарчандким Шерозни қиймасди кўзи
лек олис ёрини кутгани каби
яшарди Маҳшарга қадар бир ўзи…
Бу уйни ижара олди… дунёни
ларзага келтирган буюк бир Имом
У деди: «Мен бунда ёлғиз Худони
ёд этай қолган шу умримда тамом…»
Абурз этагида хомуш ва маҳзун
кулбага малаклар қўнган тунларда
буюк бу Имомни бир кўрмоқ учун
султонлар келарди «лимузин»ларда…
Албурз этагида кўримсиз ва тор
кулбага фалакдан тушганда ҳурлар
Буюк Имом кўрай деб бир бор
пиёда келарди императўрлар…
Бир боқмай шоҳларнинг кошонасига
Имом рихлат қилди Маҳшарга томон…
Бугун бу кулбанинг остонасида
йиқилиб йиғлайди аҳли мусалмон…

* * *

Табриз шаҳрида энг сўнгги оқшом мушоира бўлди. Мушоирада Теҳрон ва Табризнинг забардаст шоирлари, ёш афғон шоирлари иштирок этдилар. Мушоиранинг бошланиши хийла оғир кечди. Ҳеч ким биринчи бўлиб шеър айтишга журъат қилолмасди…

Табриз тупроғида оғир кечди тун
Ҳатто шоирларни босди салобат
Кел эй Мавлононинг ҳурмати учун
Менга Шерозийнинг шеърларидан айт!

Табриз тупроғида чайқаларди тун
Нилий қуббаларда Қуръоний оят
Кел эй Табризийнинг ҳурмати учун
Менга Ширвонийнинг шеърларидан айт!

Табриз тупроғида адашгандек тун
Юлдуз сачроғида шода-шода байт
Кел эй Фирдавсийнинг ҳурмати учун
Менга Шаҳриёрнинг шеърларидан айт!

Табриз тупроғида энг охирги тун
Май ичмай шоирлар яшарди сармаст…
Кел эй меҳмонингнинг ҳурмати учун
Менга Навоийнинг шеърларидан айт!..

ТАБРИЗ МУСЛИМАСИ

Дедим: «Исминг надир эй моҳи тобон?»
Деди: «Исмим ёлғиз Худога аён!..»
Дедим: «Наҳот шунча сирлидир исминг?..»
Деди: «Сўрма, мени гуноҳкор қилдинг!..»
Дедим: «Осийларга тўладир дунё!..»
Деди: «Мен билмасман… Билар Кибриё!..»
Дедим: «Мен шоирман… Ҳофиз наслидан…»
Деди: «Мен Табризнинг муслимасиман!…»

ХОЖА ҲОФИЗ ДЕВОНИ ҲОШИЯСИГА

«Эй Жаҳонгир барини ташла
Шерозга бор йиқил-да юкин
Тахтингни бус-бутун бахш айла
Хожа Ҳофиз девони учун!…»

«Эй Савдогар бўлма ҳеч малол
тарк эт дунё шаҳарларини
Бисотингни бериб сотиб ол
Хожа Ҳофиз ғазалларини…»

«Эй Қароқчи жон чекиб тунлар
карвон келар Балху Табриздан
Қиличингдан кеч мусофирлар
бир байт айтса Хожа Ҳофиздан!..»

«Сен эй Жаллод оқизма хунлар
чопма қози ҳукм гар қилса
Кундага бош қўйган муқтуллар
Ҳофиздан бир қатор шеър билса..»

«Эй Зиндонбон бандаларингни уз
қўйгил кетсин тўсма роҳини
чоҳ ичида урён бир маҳбус
тилга олса Ҳофиз номини…»

«Эй Биродар чида барига
чида дўсту ёрлар тарк этса
Бошингни қўй оёқларига
кимдир бир кун «Ҳофизман» деса…»

 

(Tashriflar: umumiy 59, bugungi 1)

Izoh qoldiring