Avliyoxon Eshon. She’rlar

02
Баъзи шеърларни ўқисангиз, кўксингизга баҳор ҳавоси урилгандай, дилингиз яйрайди, завқ-шавққа тўлади, бошқаси эса нўноқ машшоқнинг оҳанглари сингари зериктириб юборади. Яна бир шоирнинг шеърлари ўқувчини фикрлашга, мулоҳаза ва мушоҳадага, бир сўз билан айтганда, таҳлилга ўргатади. Бу ўринда шоирнинг шеър ҳақидаги тасаввури, тушунчаси, билими ҳам кўп нарсани белгилаб беришини ёдда тутишимиз лозим. Лекин, нима бўлганда ҳам, ҳар қандай шеърнинг асоси ҳаётга муҳаббат бўлиши керак, деб ўйлайман ( Авлиёхон Эшон билан суҳбатдан. Суҳбатни мана бу саҳифада ўқинг).

007
Авлиёхон Эшон
ШЕЪРЛАР
23

ТАДОРИК

Ўз уйимдан нарини кўрмадим.
Очилмаган эшик ортида
сирли маҳзанга элтувчи зиналардан иборат
йўл борлигини тасаввур қиламан, холос.
Эшик тирқишидан кираётган шуълалар
кўнглимни илитганида,
кўксимда ҳиммат уйғонади –
товон излари тегмаган остонамдан ҳатлаб ўтиб,
оёқларим қабаргунча йўл юрсам, дейман.
Ҳозирча
йўл хуржунининг бир кўзига олтин,
бошқа кўзига тупроқ солиб,
сайр тадоригини кўраётган
кўзлари сўқир одамман, холос.
Ҳозирча
хуржун кўзидаги тупроқ ва олтиннинг
қай бири афзаллигини –
кейингисини ғоят қадрлашимни яхши биламан.
Зеро,
ўнг қўлим тупроққа сочган олтин тангаларни
чап қўлим қайтадан териб,
хуржунга солади.
Нечоғлик моҳир,
нечоғлик меҳнаткаш бўлмасин,
баъзан чап қўлимдан воз кечгим келади.
Бу истак
тупроқ ва олтин солинган хуржунни
елкамга ташлаб,
олис йўлга чиқишга ундайди.
Бир куни сафардан уйимга қайтганимда,
хуржуннинг ҳар икки кўзида ҳам
тупрок бўлишини истайман,
тупроқ.
Ўшанда
хуржуннинг кўзларига ўхшаб қолган
чуқур ва сўқир кўзларим
очилса, ажабмас.

ҲУЖРА

Ул зотнинг
отаси бой-бадавлат эди.
Оғалари савдо қилар эди чорсу бозорида.
Бироқ Хўжа Алоуддин Аттор
фақирликни афзал кўрди.
Ҳужрасида
эски бўйра,
эски ёстиқ,
эски тахта –
китоб қўйиладиган лавҳ бор эди, холос.
Оғаларига қараганда бойлиги бисёр эди
Хўжа Алоуддин Атторнинг.
Ҳужрадаги эски бўйра –
учар гилам сингари шай эди парвозга.
Тошдай қаттиқ ёстиқ –
шоҳларнинг кўрпа-тўшагидан юмшоқ эди.
Лавҳ устидаги китоб –
Жамшид жоми сингари ул зотни
дунё сир-асроридан огоҳ этарди.
Шу қадар бой эди Хўжа Алоуддин Аттор.
Эски бўйранинг бир четида ўлтириб,
тариқатни ўрганмоқ истарди фаришталар.
Ёстиғига суяниб,
ором олмоқни орзу қиларди дунё.
Ул зот ҳужрасидаги лавҳ устида
ўз китобини кўрмоқ ниятида қалам тебратарди
нозимлар, носирлар.
Оғаларига қараганда,
бойлиги беҳад бисёр эди
Хўжа Алоуддин Атторнинг.

СОЯСУПУРУВЧИ

У ҳар куни
яйдоқ дала ўртасидаги улкан дарахт соясини
супуриб, умр кечиради.
Дарахт атрофида айлангани-айланган.
Тўрт қадам нарига кетишни истамайди ҳеч.
Дарахт сояси озгина жилиши билан
у ҳам эринмай ўрнидан туриб,
супурги тутади қўлига –
иштиёқ ила дарахт соясини супура бошлайди.
Олтин ғилдирак шафақ томон йўл босган чоғда
дарахтнинг терскай томонида соя қуюқлашади.
Эринмаган одам
содиқ ҳамроҳи –
шувоқдан ясалган соясупургични қўлига олади.
Дарахт атрофида тупроқнинг ўйилиб бораётганидан
хабарсиз ҳолда,
ҳафсала билан юмушини бажаришга киришади –
супура бошлайди дарахт соясини.
Қиём пайтидагина андак ростлайди нафасини.
Дарахт атрофини бир айланиб чиққунига қадар
оқшом палак ёзиб улгуради.
Бугунги ишидан мамнун бўлган соясупурувчи
дарахт танасига суяниб уйқуга кетиб,
тонгни қўлида супурги билан кутиб олади.
Тағин севимли юмушини бажаришга киришади.
…Неча муддат ўтиб уни
саксовул остида учратдим.
Кексайиб қолдим,
энди дарахт соясини супуришга
кучим етмай қолди, дейди у.
Эҳ, бир замонлар билагимда кучим кўп,
юрагимда иштиёқ зўр эди, дейди у.
Барибир аҳдимдан қайтмайман,
саксовулнинг соясини бўлса ҳам супуравераман, дейди у.
Мен ундан узоқлашиб бораётиб,
ортимга ўгирилиб қарадим:
у бошида айланган қузғунларни
содиқ ҳамроҳи –
соясупургич билан ҳайдай бошлади.
Супурги ўзининг яроғи,
супурги ўзининг қалқони,
супурги ўзининг суянчиғи эканини жуда яхши билади у.
Мен ҳам.

2013.

ИККИГА БЎЛИНГАН ОДАМ

Иккига бўлинган одам –
икки қирғоқда туриб,
бир-бирини дарёдан сузиб ўтишга ундайди.
Иккиси ҳам
чўкиб ўлишдан қўрқиб,
дарёдан сузиб ўтмайди,
тушмайди бировнинг қайиғига ҳам.
Ўзанидан тошган дарё
иккига бўлинган одам турган соҳилларни
юва бошлайди.
Аввал тўпиғи,
сўнг белига қадар сувга чўккан икки кимса
ҳамон кўксига муштлаб,
бир-бирига уқтиради:
– Менинг ёшим улуғ,
ёнимга сузиб ўтишинг шарт…
– Сендан кичик эмасман,
мен томонга сузиб ўт…
Пешин маҳали
дарё суви кўпайиб,
иккига бўлинган одам бўғзигача сувга ботади.
Лекин
иккиси ҳамон аҳдидан кайтмайди –
бир-бирини ўзи турган соҳилга чорлайверади.
Шом чоғида
уларнинг овози элас-элас қулоққа чалинади.
Иккига бўлинган одам
бир бутун бўлмай,
неча замонлардан буён бир-бирига тинимсиз уқтиради:
Мен… Сен…

ҲАДЯ

У бировнинг совғасини қабул қилишдан ҳайиқади.
У бировнинг ҳадясини олишдан қўрқади.
Борди-ю, эшиги тақилласа,
вужудини хавотир чулғаб,
манглайида реза-реза тер пайдо бўлади.
Остонага етгунига қадар –
икки оёғини ерга михлаб,
кейин қадам босади.
Қўллари қўрқиб икки қўлтиғи остига яширинади.
Юраги ҳуркович қушдай учиб,
томининг тепасида айлана бошлайди.
Сиз тутқазмоқчи бўлган совғани кўргач,
нафаси ичига тушиб,
ҳолсиз шивирлайди:
“Қайси гуноҳим учун?
Қайси…?”
У ҳеч қачон совға олмаслик орзусида –
забонини кесиб ташлашга ҳозир туради.
Тилсиз яшасам қанийди, дейди.
Тилсиз…
У кўнглини Аллоҳ ёдидан ўзга нарсалардан
пок тутмоқ учун ҳар куни супуриб-сидириб,
унинг ойнадай тоза бўлишини истайди.
Фақат
унга совға юбормасангиз, бас.
Фақат
унга ниманидир ҳадя қилмасангиз, кифоя.
У совғасиз яшаш умиди ила умргузаронлик қилади.
Бу умид уни саодат сари етаклайди,
саодат сари.

ҚУШ ТИЛИ

Қушлар тилини билсам эди, дейман.
Ерга ҳеч қўнмай,
парвоз қилаётган қуш шевасини.
Илдизлари чирсиллаб,
бармоқлари учига қадар ҳарорат югураётган
дарахт лафзини тушунсам эди, дейман.
Илоҳий нафасни туйиб,
тонг маҳали бир-бирини шивирлаб уйғотаётган
майса лисонида сўзласам эди, дейман.

Ўргансам эди, дейман –
тупроқдан узилмаган танамга нигоҳини қадаб,
шукрона айтаётган қушлар дуосини.
Англасам эди, дейман –
қишлоқ болаларидай сойни кечиб ўтиб,
ҳансираб-ҳансираб қирга ўрлаётган
дарахтлар зикрини.
Тушунсам эди, дейман –
борлиққа қўшилиб,
Аллоҳга
сажда қилаётган майса тилини.

БОБОМ

Улуғ бобом
бомдод намозини ўқиб бўлгач,
хайрлашди бу дунё билан.
Тўкилиб кетган тишлари ўрнига
бир жуфт мошгуруч тиш чиққани учун
бобомнинг ёшини юздан ошиб кетган бўлса керак,
деб ўйлашарди.
Аслида
бобом қазо қилди етмиш иккида.
Қабрга қўймоқчи бўлишди пешиндан кейин.
«Ёлғиз ўғли етиб келсин».
«Отасини ўзи қабрга қўйсин».
«Оқсоқол дунёдан армонсиз кетсин».
Пешинга яқин ўғли етиб келди шаҳардан.
Дарвозадан кириши билан «вой, отам», деб овоз солди.
Дарвозадан кириши билан хотин-халаж уввос солиб,
унга пешвоз чиқишди:
«Отангдан айрилиб колдинг, болам,
отангдан айрилдинг!»
Кўкка фарёд ўрлади.
Шунда…
Бобомнинг кўзлари очилди ярқ этиб.
Кўзлари очилди-ю,
бу ҳолдан эс-ҳушини йўқотганларга ҳеч нима демай,
эзилиб-эзилиб йиғлай бошлади бобом.
Кўз ёшлари оппоқ соқолини,
озғин кўксини, узун яктагини ҳўл қилиб юборди.
«Бу дунёга нега кайтиб келдим?»
«Нега кайта тирилдим?»
Бобомнинг саволларига ҳеч ким жавоб беролмади.
Ҳеч ким бобомни юпатишга сўз тополмади.
Бобом йиғлайверди эзилиб-эзилиб.
Уч кунга қадар давом этди бу аҳвол.
Ниҳоят,
учинчи куни бобом тилга кирди:
«У дунёга етиб боргач,
вафот этган фарзандларим билан учрашиб,
уларни бир-бир бағримга босдим.
Лекин болаларимнинг дийдорига тўйиб улгурмай,
тағин бу дунёга кайтиб келдим.
Энди…
Энди уларни қаердан топаман?»
Бобом йиғлаб-йиғлаб узилди учинчи куни.
Қабрга қўйишди пешиндан кейин.
…Ривоятга айланган бу воқеани эшитиб,
бобом у дунёга боргач,
болаларини топиб олган бўлсин-да,
дейман хаёлга ботиб.

ОСМОН ЭШИКЛАРИ

Мутакаббир руҳ
вайрона вужудни ерга ташлаб,
осмон сари учадир қушлар тўдасида.
Ул қушлар осмонни шодликка тўлдириб,
ўз тилида чуғурлаб-чуғурлаб,
чарх уриб-чарх уриб,
илоҳий ватанни кўзлаб учадилар.
Тупроқдан қанотларини кўтара олмаган
ер қушлари
осмонга боқади ҳавасланиб-ҳавасланиб.
Осмон эшиклари очилиб,
қушлар учиб кира бошлар нурга беланиб.
Мутакаббир руҳ каршисида
очиқ эшиклар, очиқ эшиклар, очиқ эшиклар –
беркилади,
беркилади,
беркилади.
Ул руҳ ёпик эшикларни бир-бир қоқиб чиқади.
Ул руҳ ёпик эшиклар олдида ялиниб-ёлворади.
Ул руҳ…
Лекин эшиклар ҳеч қачон очилмас.
Эшиклар очилмас.
Эшиклар…
Мутакаббир руҳ ерга қайтади.
Мутакаббир руҳ тупроққа қулайди.
Энди олдинда факат
жазо бор,
жазо бор,
жазо бор…
Юзидан иймон нури ёғилиб турган
оппоқ соқолли қария
вазмин ва босиқ овозда тиловат қилади:
«…кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас…»
Кибр қилганларга…

БУ ДАҲР ИЧИНДА

(Тўртликлар)

1.
Аҳли дунё – сархуш, ғафлат ичинда,
Нафсини тизгинлаб солмагай изга.
Ўз ҳолини билмас, гўдак сингари
Қўлига не тутса, солар оғизга.

2.
Бу даҳр ичинда эътибор топғай,
Ҳар нодон – баландроқ бақирган чоғи.
Тўй ила базмда карнай белига
Боғланмиш одамнинг шойи белбоғи.

3.
Дўстдан шафкат етар, ғанимдан – озор,
Англаб ет, бу ҳикмат фалсафасини.
Зеро, димоғингга келтирар шамол –
Гоҳи гул, гоҳида тутун исини.

4.
Руҳинг заиф бўлса, нафсин покламай,
Ҳасрат ўчоғида қоврилади жон.
Бир ҳадик ичинда боқурман, зотан –
Ингичка еридан узилгай арқон.

5.
Хаёлингдан кечган фикрни шошиб,
Элга ошкор этма, топмагай кадр.
Зеро, баҳор чоғи янги казилган
Ариқдан келган сув боши лойқадир.

6.
Такдирим ҳақида тинмайин сўзлаб,
Эл ичра лоф урдинг, билмайин ҳадни.
Ўқиб билмагайсан ҳеч қачон, гумроҳ,
Менинг манглайимга битилган хатни.

7.
Руҳим – ипак арқон, тан-вужудимни
Маҳкам боғлаб, тутиб тургай, узилмай.
Куну тун қайнатиб турсанг ҳам, шакар –
Новвотга айланмас ипга тизилмай.

8.
Ўйламай сўз айтиб эл орасида,
Ҳавас осмонига қўйма шотини.
Кечувни топмасдан, асил чавандоз
Ҳеч қачон дарёга солмас отини.

9.
Қурсоғинг дардида ўргимчак янглиғ
Тўр тўқиб яшама, одам гумроҳи.
Сен ипак қуртидан ибрат олгин, дўст,
Унинг толасидан тўқилар шоҳи.

10.
Шеър гулга ўхшайди – хушбўй ва нафис,
Авайла, бир нодон кетмасин узиб.
Ям-яшил япроғин кўриб, ҳар куни –
Неча ҳайвон ўтар бўйнини чўзиб.

11.
Ёмон сўзни айтиб, тилингни нопок
Айлама, неча дил бўлмасин мажруҳ.
Зеро, оқил айтмиш, оғиздан чиққан
Тупук ерга тушса, бўлғуси макруҳ.

12.
Fофиллик пардасин кийибсан, эй дил,
Нафсинг ғолиб эди, тийибсан, эй дил.
Ҳолим юпун дема, саодат яқин –
Тақво либосини кийибсан, эй дил.

23

96Ўтган асрнинг 80-йилларида ўзбек шеъриятига кириб келган авлод вакилларидан бири, истеъдодли шоир Авлиёхон Эшон (Шукруллаев) 1957 йили Ўш (ҳозирги Баткен) вилоятининг Лайлак туманидаги Андархан қишлоғида туғилган. Хўжанд Давлат педагогика институтини тамомлаган. Бир неча йил “Ҳақиқати Ленинобод” газетаси ходими, сўнгра, “Қадрият ” вилоят газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлади Кейинги йилларда шоирнинг “Қайғу гули” (1995), “Қўшқанот” (2004), “Тилсим” (2006), “Кўзгу ичида” (2008) каби китоблари нашр этилди.

O’tgan asrning 80-yillarida o’zbek she’riyatiga kirib kelgan avlod vakillaridan biri, iste’dodli shoir Avliyoxon Eshon (Shukrullaev) 1957 yili O’sh (hozirgi Batken) viloyatining Laylak tumanidagi Andarxan qishlog’ida tug’ilgan. Xo’jand Davlat pedagogika institutini tamomlagan. Bir necha yil “Haqiqati Leninobod” gazetasi xodimi, so’ngra, “Qadriyat ” viloyat gazetasining bosh muharriri bo’lib ishladi Keyingi yillarda shoirning “Qayg’u guli” (1995), “Qo’shqanot” (2004), “Tilsim” (2006), “Ko’zgu ichida” (2008) kabi kitoblari nashr etildi.

007
Avliyoxon Eshon
SHE’RLAR
23

TADORIK

O’z uyimdan narini ko’rmadim.
Ochilmagan eshik ortida
sirli mahzanga eltuvchi zinalardan iborat
yo’l borligini tasavvur qilaman, xolos.
Eshik tirqishidan kirayotgan shu’lalar
ko’nglimni ilitganida,
ko’ksimda himmat uyg’onadi –
tovon izlari tegmagan ostonamdan hatlab o’tib,
oyoqlarim qabarguncha yo’l yursam, deyman.
Hozircha
yo’l xurjunining bir ko’ziga oltin,
boshqa ko’ziga tuproq solib,
sayr tadorigini ko’rayotgan
ko’zlari so’qir odamman, xolos.
Hozircha
xurjun ko’zidagi tuproq va oltinning
qay biri afzalligini –
keyingisini g’oyat qadrlashimni yaxshi bilaman.
Zero,
o’ng qo’lim tuproqqa sochgan oltin tangalarni
chap qo’lim qaytadan terib,
xurjunga soladi.
Nechog’lik mohir,
nechog’lik mehnatkash bo’lmasin,
ba’zan chap qo’limdan voz kechgim keladi.
Bu istak
tuproq va oltin solingan xurjunni
yelkamga tashlab,
olis yo’lga chiqishga undaydi.
Bir kuni safardan uyimga qaytganimda,
xurjunning har ikki ko’zida ham
tuprok bo’lishini istayman,
tuproq.
O’shanda
xurjunning ko’zlariga o’xshab qolgan
chuqur va so’qir ko’zlarim
ochilsa, ajabmas.

HUJRA

Ul zotning
otasi boy-badavlat edi.
Og’alari savdo qilar edi chorsu bozorida.
Biroq Xo’ja Alouddin Attor
faqirlikni afzal ko’rdi.
Hujrasida
eski bo’yra,
eski yostiq,
eski taxta –
kitob qo’yiladigan lavh bor edi, xolos.
Og’alariga qaraganda boyligi bisyor edi
Xo’ja Alouddin Attorning.
Hujradagi eski bo’yra –
uchar gilam singari shay edi parvozga.
Toshday qattiq yostiq –
shohlarning ko’rpa-to’shagidan yumshoq edi.
Lavh ustidagi kitob –
Jamshid jomi singari ul zotni
dunyo sir-asroridan ogoh etardi.
Shu qadar boy edi Xo’ja Alouddin Attor.
Eski bo’yraning bir chetida o’ltirib,
tariqatni o’rganmoq istardi farishtalar.
Yostig’iga suyanib,
orom olmoqni orzu qilardi dunyo.
Ul zot hujrasidagi lavh ustida
o’z kitobini ko’rmoq niyatida qalam tebratardi
nozimlar, nosirlar.
Og’alariga qaraganda,
boyligi behad bisyor edi
Xo’ja Alouddin Attorning.

SOYASUPURUVCHI

U har kuni
yaydoq dala o’rtasidagi ulkan daraxt soyasini
supurib, umr kechiradi.
Daraxt atrofida aylangani-aylangan.
To’rt qadam nariga ketishni istamaydi hech.
Daraxt soyasi ozgina jilishi bilan
u ham erinmay o’rnidan turib,
supurgi tutadi qo’liga –
ishtiyoq ila daraxt soyasini supura boshlaydi.
Oltin g’ildirak shafaq tomon yo’l bosgan chog’da
daraxtning terskay tomonida soya quyuqlashadi.
Erinmagan odam
sodiq hamrohi –
shuvoqdan yasalgan soyasupurgichni qo’liga oladi.
Daraxt atrofida tuproqning o’yilib borayotganidan
xabarsiz holda,
hafsala bilan yumushini bajarishga kirishadi –
supura boshlaydi daraxt soyasini.
Qiyom paytidagina andak rostlaydi nafasini.
Daraxt atrofini bir aylanib chiqquniga qadar
oqshom palak yozib ulguradi.
Bugungi ishidan mamnun bo’lgan soyasupuruvchi
daraxt tanasiga suyanib uyquga ketib,
tongni qo’lida supurgi bilan kutib oladi.
Tag’in sevimli yumushini bajarishga kirishadi.
…Necha muddat o’tib uni
saksovul ostida uchratdim.
Keksayib qoldim,
endi daraxt soyasini supurishga
kuchim yetmay qoldi, deydi u.
Eh, bir zamonlar bilagimda kuchim ko’p,
yuragimda ishtiyoq zo’r edi, deydi u.
Baribir ahdimdan qaytmayman,
saksovulning soyasini bo’lsa ham supuraveraman, deydi u.
Men undan uzoqlashib borayotib,
ortimga o’girilib qaradim:
u boshida aylangan quzg’unlarni
sodiq hamrohi –
soyasupurgich bilan hayday boshladi.
Supurgi o’zining yarog’i,
supurgi o’zining qalqoni,
supurgi o’zining suyanchig’i ekanini juda yaxshi biladi u.
Men ham.

2013.

IKKIGA BO’LINGAN ODAM

Ikkiga bo’lingan odam –
ikki qirg’oqda turib,
bir-birini daryodan suzib o’tishga undaydi.
Ikkisi ham
cho’kib o’lishdan qo’rqib,
daryodan suzib o’tmaydi,
tushmaydi birovning qayig’iga ham.
O’zanidan toshgan daryo
ikkiga bo’lingan odam turgan sohillarni
yuva boshlaydi.
Avval to’pig’i,
so’ng beliga qadar suvga cho’kkan ikki kimsa
hamon ko’ksiga mushtlab,
bir-biriga uqtiradi:
– Mening yoshim ulug’,
yonimga suzib o’tishing shart…
– Sendan kichik emasman,
men tomonga suzib o’t…
Peshin mahali
daryo suvi ko’payib,
ikkiga bo’lingan odam bo’g’zigacha suvga botadi.
Lekin
ikkisi hamon ahdidan kaytmaydi –
bir-birini o’zi turgan sohilga chorlayveradi.
Shom chog’ida
ularning ovozi elas-elas quloqqa chalinadi.
Ikkiga bo’lingan odam
bir butun bo’lmay,
necha zamonlardan buyon bir-biriga tinimsiz uqtiradi:
Men… Sen…

HADYA

U birovning sovg’asini qabul qilishdan hayiqadi.
U birovning hadyasini olishdan qo’rqadi.
Bordi-yu, eshigi taqillasa,
vujudini xavotir chulg’ab,
manglayida reza-reza ter paydo bo’ladi.
Ostonaga yetguniga qadar –
ikki oyog’ini yerga mixlab,
keyin qadam bosadi.
Qo’llari qo’rqib ikki qo’ltig’i ostiga yashirinadi.
Yuragi hurkovich qushday uchib,
tomining tepasida aylana boshlaydi.
Siz tutqazmoqchi bo’lgan sovg’ani ko’rgach,
nafasi ichiga tushib,
holsiz shivirlaydi:
“Qaysi gunohim uchun?
Qaysi…?”
U hech qachon sovg’a olmaslik orzusida –
zabonini kesib tashlashga hozir turadi.
Tilsiz yashasam qaniydi, deydi.
Tilsiz…
U ko’nglini Alloh yodidan o’zga narsalardan
pok tutmoq uchun har kuni supurib-sidirib,
uning oynaday toza bo’lishini istaydi.
Faqat
unga sovg’a yubormasangiz, bas.
Faqat
unga nimanidir hadya qilmasangiz, kifoya.
U sovg’asiz yashash umidi ila umrguzaronlik qiladi.
Bu umid uni saodat sari yetaklaydi,
saodat sari.

QUSH TILI

Qushlar tilini bilsam edi, deyman.
Yerga hech qo’nmay,
parvoz qilayotgan qush shevasini.
Ildizlari chirsillab,
barmoqlari uchiga qadar harorat yugurayotgan
daraxt lafzini tushunsam edi, deyman.
Ilohiy nafasni tuyib,
tong mahali bir-birini shivirlab uyg’otayotgan
maysa lisonida so’zlasam edi, deyman.

O’rgansam edi, deyman –
tuproqdan uzilmagan tanamga nigohini qadab,
shukrona aytayotgan qushlar duosini.
Anglasam edi, deyman –
qishloq bolalariday soyni kechib o’tib,
hansirab-hansirab qirga o’rlayotgan
daraxtlar zikrini.
Tushunsam edi, deyman –
borliqqa qo’shilib,
Allohga
sajda qilayotgan maysa tilini.

BOBOM

Ulug’ bobom
bomdod namozini o’qib bo’lgach,
xayrlashdi bu dunyo bilan.
To’kilib ketgan tishlari o’rniga
bir juft moshguruch tish chiqqani uchun
bobomning yoshini yuzdan oshib ketgan bo’lsa kerak,
deb o’ylashardi.
Aslida
bobom qazo qildi yetmish ikkida.
Qabrga qo’ymoqchi bo’lishdi peshindan keyin.
«Yolg’iz o’g’li yetib kelsin».
«Otasini o’zi qabrga qo’ysin».
«Oqsoqol dunyodan armonsiz ketsin».
Peshinga yaqin o’g’li yetib keldi shahardan.
Darvozadan kirishi bilan «voy, otam», deb ovoz soldi.
Darvozadan kirishi bilan xotin-xalaj uvvos solib,
unga peshvoz chiqishdi:
«Otangdan ayrilib kolding, bolam,
otangdan ayrilding!»
Ko’kka faryod o’rladi.
Shunda…
Bobomning ko’zlari ochildi yarq etib.
Ko’zlari ochildi-yu,
bu holdan es-hushini yo’qotganlarga hech nima demay,
ezilib-ezilib yig’lay boshladi bobom.
Ko’z yoshlari oppoq soqolini,
ozg’in ko’ksini, uzun yaktagini ho’l qilib yubordi.
«Bu dunyoga nega kaytib keldim?»
«Nega kayta tirildim?»
Bobomning savollariga hech kim javob berolmadi.
Hech kim bobomni yupatishga so’z topolmadi.
Bobom yig’layverdi ezilib-ezilib.
Uch kunga qadar davom etdi bu ahvol.
Nihoyat,
uchinchi kuni bobom tilga kirdi:
«U dunyoga yetib borgach,
vafot etgan farzandlarim bilan uchrashib,
ularni bir-bir bag’rimga bosdim.
Lekin bolalarimning diydoriga to’yib ulgurmay,
tag’in bu dunyoga kaytib keldim.
Endi…
Endi ularni qaerdan topaman?»
Bobom yig’lab-yig’lab uzildi uchinchi kuni.
Qabrga qo’yishdi peshindan keyin.
…Rivoyatga aylangan bu voqeani eshitib,
bobom u dunyoga borgach,
bolalarini topib olgan bo’lsin-da,
deyman xayolga botib.

OSMON ESHIKLARI

Mutakabbir ruh
vayrona vujudni yerga tashlab,
osmon sari uchadir qushlar to’dasida.
Ul qushlar osmonni shodlikka to’ldirib,
o’z tilida chug’urlab-chug’urlab,
charx urib-charx urib,
ilohiy vatanni ko’zlab uchadilar.
Tuproqdan qanotlarini ko’tara olmagan
yer qushlari
osmonga boqadi havaslanib-havaslanib.
Osmon eshiklari ochilib,
qushlar uchib kira boshlar nurga belanib.
Mutakabbir ruh karshisida
ochiq eshiklar, ochiq eshiklar, ochiq eshiklar –
berkiladi,
berkiladi,
berkiladi.
Ul ruh yopik eshiklarni bir-bir qoqib chiqadi.
Ul ruh yopik eshiklar oldida yalinib-yolvoradi.
Ul ruh…
Lekin eshiklar hech qachon ochilmas.
Eshiklar ochilmas.
Eshiklar…
Mutakabbir ruh yerga qaytadi.
Mutakabbir ruh tuproqqa qulaydi.
Endi oldinda fakat
jazo bor,
jazo bor,
jazo bor…
Yuzidan iymon nuri yog’ilib turgan
oppoq soqolli qariya
vazmin va bosiq ovozda tilovat qiladi:
«…kibr qilganlarga osmon eshiklari ochilmas…»
Kibr qilganlarga…

BU DAHR ICHINDA

(To’rtliklar)

1.
Ahli dunyo – sarxush, g’aflat ichinda,
Nafsini tizginlab solmagay izga.
O’z holini bilmas, go’dak singari
Qo’liga ne tutsa, solar og’izga.

2.
Bu dahr ichinda e’tibor topg’ay,
Har nodon – balandroq baqirgan chog’i.
To’y ila bazmda karnay beliga
Bog’lanmish odamning shoyi belbog’i.

3.
Do’stdan shafkat yetar, g’animdan – ozor,
Anglab yet, bu hikmat falsafasini.
Zero, dimog’ingga keltirar shamol –
Gohi gul, gohida tutun isini.

4.
Ruhing zaif bo’lsa, nafsin poklamay,
Hasrat o’chog’ida qovriladi jon.
Bir hadik ichinda boqurman, zotan –
Ingichka yeridan uzilgay arqon.

5.
Xayolingdan kechgan fikrni shoshib,
Elga oshkor etma, topmagay kadr.
Zero, bahor chog’i yangi kazilgan
Ariqdan kelgan suv boshi loyqadir.

6.
Takdirim haqida tinmayin so’zlab,
El ichra lof urding, bilmayin hadni.
O’qib bilmagaysan hech qachon, gumroh,
Mening manglayimga bitilgan xatni.

7.
Ruhim – ipak arqon, tan-vujudimni
Mahkam bog’lab, tutib turgay, uzilmay.
Kunu tun qaynatib tursang ham, shakar –
Novvotga aylanmas ipga tizilmay.

8.
O’ylamay so’z aytib el orasida,
Havas osmoniga qo’yma shotini.
Kechuvni topmasdan, asil chavandoz
Hech qachon daryoga solmas otini.

9.
Qursog’ing dardida o’rgimchak yanglig’
To’r to’qib yashama, odam gumrohi.
Sen ipak qurtidan ibrat olgin, do’st,
Uning tolasidan to’qilar shohi.

10.
She’r gulga o’xshaydi – xushbo’y va nafis,
Avayla, bir nodon ketmasin uzib.
Yam-yashil yaprog’in ko’rib, har kuni –
Necha hayvon o’tar bo’ynini cho’zib.

11.
Yomon so’zni aytib, tilingni nopok
Aylama, necha dil bo’lmasin majruh.
Zero, oqil aytmish, og’izdan chiqqan
Tupuk yerga tushsa, bo’lg’usi makruh.

12.
Fofillik pardasin kiyibsan, ey dil,
Nafsing g’olib edi, tiyibsan, ey dil.
Holim yupun dema, saodat yaqin –
Taqvo libosini kiyibsan, ey dil.

05

(Tashriflar: umumiy 68, bugungi 1)

Izoh qoldiring