A’zam O‘ktam. Oqlanish (1988)

93    Бугун шоир Аъзам Ўктам 55 ёшга тўлган бўларди

   Ҳамқишлоғимиз Арофат хола қазо қилибди, бюрога боролмадим. Сайфулла бобони ўша ерда учратарман деб ўйлагандим. Таажжубки, доим тўй-маъракалар теласида турадиган киши у ерда йўқ эди. Суриштирсам, Ҳабибулла амаки — бизнинг кекса муаллим уни ҳайдаб чиқарибди. «Кет!», дебди секин ёнига келиб. Бобонинг ранги бир ўзгарибди-ю, индамай кетаверибди…


Аъзам Ўктам
ОҚЛАНИШ
Ёзувчи архивидан
05

   Аъзам Ўктам (Аъзам Худойбердиев) 1960 йил 4 октябрда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини битирган (1985). «Кузда кулган чечаклар» (1989), «Кузатиш» (1990), «Зиёрат» (1992), «Тараддуд» (1993), «Икки дунё саодати» (1998), «Қирқинчи баҳор» (2000) шеърий тўпламлари нашр этилган. «Бола дунёни тебратар» (1988), «Хабар» (1995) каби насрий асарлар муаллифи. Рабиндранат Тагор ва Николай Рубцовнинг туркум шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 2002 йили Тошкент шаҳрида вафот этган.

05

Шижоатсиз ҳалоллик — ўлик сармоядир.
Абдулла Қаҳҳор

Собиқ курсдош дўстим ҳозир ёшлар газетасида хизмат қиляпти. У билан кўп суҳбатлашамиз. Яқинда гап айланиб, комсомолга қандай қилиб кирганимизга бориб тақалди.

Мен ўша кунни жуда яхши эслайман. Бутун синф пионер-вожатий ёрдамида бир ой тайёргарлик кўрди. Райком бюросининг кўчма йиғилиши бизнинг мактабда ўтадиган бўлибдию ўша куни бизни комсомолга қабул қилишга келишилибди. Ниҳоят, орзиқиб кутилган кун ҳам келди.

Мана, беш киши-беш кишидан кириб чиқяпмиз. Ҳали ичкарига кирмаган болалар комсомол сафига ўтганлардан: «Нима бўлди, қанақа савол беришди?» деб сўрашарди. Улар бепарвогина: «Э, осон!» деярдилару кулиб қўйишарди.

Навбатим етиб, мен ҳам ичкарига кирдим. Беш кишимиз. Раён комсомол комитетининг биринчи секретари энг олдинда турган болага қараб:

— КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари ким? — деб сўради.

Буни ким ҳам билмасди — у айтди. Ҳаммамиз тасдиқладик. Кейин республика партия ва давлат арбоблари, област, раён, колхоз, қишлоқ Совети, мактаб раҳбарларининг фамилияларини айтдик. Кейин «жиддий» саволларга ўтилди — дунёда нечта сотсиалистик мамлакат бор, иттифоқдош республикаларни, Қаҳрамон шаҳарларни номма-ном санадик. Бирдан руҳим тушиб кетди: ахир буларни билиш катта нарса эмас-ку? Наҳотки, комсомолга кираётган ўқувчининг сиёсий савияси шу даражада бўлса — бас, деб ҳисобланса?! Мен комсомол аъзоси бўлган бир-икки ўқитувчимизнинг дарсларидан қониқмаслигимни очиқ айтаман, ҳеч бўлмаса, ўқиган китобларим ҳақида гапириб бераман деб ўйлаган эканман. Афсус…

Секретар энг олдинда турган болани сўроққа тутяпти деб ўйлаб жим тураверибман. Шерикларим ҳам шу хаёлга боришган экан. У эса саволларга жавоб беролмади. Биз ҳам жиммиз. Саволлар устма-уст ёғиляпти. Охири ҳукм айтилди:

— Керакли нарсаларни билмадинглар, йиқилдиларинг. Бошқатдан тайёрланиб, райкомга борасизлар, ҳозир бўшсизлар.

Бош эгиб чиқиб кетдик. Кулги бўлдик ҳаммага. Мен у пайтда раён газетасига хабар, мақола ва аҳён-аҳёнда ғарибгина ҳикоялар ёзиб турардим. Ҳамқишлоғим, комсомол ветерани бўлган Сайфулла бобо ҳақида «Қалдирғоч қаримайди» деган лавҳа ҳам ёзгандим. У кишига: «Эртага комсомолга ўтиб, олдингизга келаман», деб қўйгандим. Энди унинг олдига қанақа қилиб бораман? Бунинг устига, ўзимнинг ҳам жуда-жуда комсомол бўлгим келаётган эди.

Колхоз комсомол комитетида аъзоликка қабул қилиш ҳуқуқи бор экан. Уларга шиор ёзиш, колхоз радиоузелида эшиттириш тайёрлашда ёрдамлашиб юрардим. Ўша ёққа бордим. Секретар менинг қабул қилинмаганимдан ранжиди ва кечқурун бюро аъзоларини йиғадиган бўлди.

— Биласанми,— деган эди у менинг бюро аъзолари берган саволларнинг бемаънилиги ҳақидаги гапларимни эшитиб,— улар фақат ўзлари биладиган нарсаларни сўрашган. Жиддий савол-жавоб қилинса, олий маълумотли комсомол ходимлари партия сЪездларини ҳам тузук-қуруқ билишмайди. Бари раёндаги катта-кичик раҳбарлару пулдорларнинг арзандалари. Бир оз бу ерда ишлашади, райижроқўм, райкомда жой бўшашини кутиб ўтиришади. Уларни бошқа нарса қизиқтирмайди. Анави колхоз раиси — ўғри, бориб турган товламачи. Чаласавод ўғли қишлоқ хўжалик институтини битирган. Раён халқ назорати раисига ўринбосар. Улар фақат «комсомол обрўйини бир пул қилиш» учун жон-жаҳдлари билан курашиб ётишибди. Мен, масалан, олий маълумотли экономистман. Бу вазифани раиснинг гумаштаси эгаллаб тургани учун менга жой йўқ. Ўқишни битириб келганимга беш йил бўлди. Ўз соҳамда ишлаганим йўқ. Зора зерикиб кетиб юборса, деган хаёлда комсомол етакчиси қилиб қўйишибди. Маккажўхоричилик бригадири деса ҳам бўлаверади..
.

Хуллас, ўша куни комсомолга ўтдим ва уйга кўкрак нишони тақиб бордим.

— Ҳалиги ветеран ҳақида, ҳозир айтганларингни қўшиб бизга бир мақола қилиб берсанг-чи,— деб қолди дўстим.— Ўша сарлавҳанинг ўзини қўявериш мумкин. Ростданам, қари қалдирғочни кўрмаганман. Бўлмаса керак. Илк комсомоллар ҳам шунақа-да. Қалдирғоч баҳор рамзи бўлганидек, улар ҳам янгилик, кураш тимсоли. Балки Ибод ҳақида ҳам ёзарсан… Менга ноқулай, ичида ўзим борман.

Мен «ўйлаб кўрадиган» бўлдиму хайрлашдим. Мақолани ёзиш учун қишлоққа бориб келишим керак. Дарвоқе, бобонинг набираси бу йил комсомолга ўтса керак. Ўша кунни оламан-да, икковини боғлаб бир нарса қилиб бераман.

Дўстим кетди-ю, бирдан унга боғлиқ воқеалар ёдимга тушиб кетди.

* * *

Куз келди. Кўплаб шеърларда сокинлик ва маҳзунлик рамзи сифатида тасвирланувчи фасл Ўзбекистонга бутунлай ўзгача бир маромда кириб келади, бошқача бир тарзда кечади.

Талабалар шаҳарчаси. Ёмғир ёғиб турибди. Автобуслар қатор-қатор. Одам ҳеч қаерга сиғмайди. Ғовур-ғувур, кулги. Биров қичқирган, биров асабийлашган. Студентлар ҳашарга кетишаётир. Талабалик даври аллақачон ортда қолган бўлсада, ҳар гал шу пайтда бу ерга албатта келаман. Курсдошларимни, ўзим ҳашарга кетган, пахта терган даврларимни эслайман.

Бу йил ҳам хаёл оғушида бир-бир босиб келаётгандим, ногоҳ кимдир отимни айтиб чақириб қолди. Овоз келган томонга қарадим: бир йигит ҳовлиқиб югуриб келяпти. Танимадим. Нимасидир таниш, бироқ эслолмаяпман. У чопиб келдию мени қучоқлаб олди. Ҳайрон бўлиб қолдим.

— Э мана, яна бахтиёр бўлдик — пахтага кетяпмиз! — деди у кулиб.

Шундай дегандан кейингина эсладим — у Назир эди! Бир йили шундай кетиш пайтида: «Ҳаммангизни уч маҳал иссиқ овқат ичиш бахти билан табриклайман!», деб ҳаммани кулдирган, иккимиз буни эслаб кўп кулишардик. Бу йигит учинчи курсдалигида биздан ҳайдалиб кетган эди. «Армияга кетибди» деб эшитгандим холос, у ҳақда бошқа ҳеч нарса билмасдим. Хизматдан сўнг ўқишни «тиклабди», бу йил яна учинчи курс бўлиб ҳашарга кетаётган эмиш.

— Хафамасмисиз? — ундан шундай деб сўрадиму хижолат тортдим.

— Э йўқ, оқланган одам ҳам хафа бўладими?! Ҳа айтгандай, Ибод билан биргамиз. Икки ҳайдалган. У завхоз эди — нарсаларни тайёрлаб туришга кетган. Яна шунақа ишларга тўғри келиб қолдик. Пахтага боринг, гаплашамиз.

Анчагача суҳбатлашиб турдик. Уни кузатиб қўймаганим учун узр сўраб, ишга кетдим.

Назир ҳам, Ибод ҳам курсимиздаги аълочи, яхши йигитлардан эдилар. Ибод курсбошимиз эди. Учинчи курсда эканимизда пахта терими даврида ҳисобчи бўлиб ишларди. «Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, бегуноҳ бир қизни урганлиги, штаб бошлиғини ҳақорат қилганлиги учун» ўқишдан ҳайдалган эди. Назир эса ўзи кетиб юборди.

Студентлар ётоқхонаси ғалати жой. Турли-туман йигит-қизлар. Ҳар бирининг ўз дунёси бор. Биров йиғласа, биров кулади.

Индинига пахтага кетамиз, деган куни курсдошлар бир хонага йиғилишиб, ярим кечагача ўтиришдик. Биздан бир курс қуйида ўқийдиган, бугун қандайдир тасодиф билан бу даврага кириб қолган Гуландом исмли қиз кутилмаганда жуда яхши гап айтиб қолди.

— Мана, биз хурсанд ўтирибмиз. Индинга пахтага кетамиз. У ерда ҳам шундай кўтаринки руҳда, беғам юраверамиз. Бизни мана шу кунга етишимизга сабаб бўлган ота-оналаримиз эса бизни ўйлаб «оҳ» чекиб ўтиришибди. Улар тинч, соғ бўлишсин. Мен ҳозир сизларга онамга бағишланган шеъримни ўқиб бераман…

Айтганини қилди. Бехосдан маъюсланиб қолган давра шеър тугагач, бирпас гарангсигандек туриб қолди ва бирдан қарсак янгради…

Ибод эшикнинг қаттиқ тақиллашидан чўчиб уйғониб кетди. Бирдан қулоғига йиғи товуши эшитилдию уйқуси ўчди. Шошиб эшикни очса, курсдошлари туришибди.

— Гуландомнинг аяси вафот этибди. Тез кийининг. Сиз йўл юришга устасиз. Уни Жиззахга ташлайсизу қайтасиз, ё бўлмаса, эртага Сирдарёга ўтаверасиз,— дейишди.

Ибод нарсаларини дўстларига топширдию жўнаб кетди. Йўлда қизни қўлидан келганча овутди, тасалли бериб борди. Азахонага киргач, юраги вайрон бўлди.

Ўн беш кунлардан сўнг Гуландом дўстлари сафига қайтди. Ибод ҳисобчи бўлганлиги сабабли далага кам чиқар, қизни фақат «барак»да кўриб, кўнглини кўтарадиган гаплар айтарди. Бир куни нима бўлдию далага чиқди. Зимдан Гуландомни излаб бораверди. Бир маҳал қулоғига қўшиқ эшитилди. Тўхтаб қулоқ солди. Секин қараса, Гуландом! Ашула «нозаниннинг нози бор» цериясидан эди. Ибод бирдан карахт бўлиб қолди. Унинг назарида, онаси ўлган одам қўшиқ айтиш у ёқда турсин, умрбод яйраб кулолмаслиги керак?! Бу эса… Ғалати ўйлар исканжасида ортига қайтди. Бир-икки кун қийналиб юрди.

Бир-икки кун ичида факултет штаб бошлиғи билан қаттиқ уришиб қолди. Бошлиқ — ўзларининг муаллими, «юлдузлар чиқаришига ишқибоз, шу мақсадда уларга қўшиб ёзишни таклиф қилар эди. «Хозкоманда»дагилар ҳам ул-булли бўлиб қолиши учун аслида шаҳарда қолган, теримда йўқ кишиларга ҳам пахта ёзиб, пулини «тақсимлаш»ни шипшитди. Ҳар йили шундай бўлар экан. Баъзилар рухсат олиб уйга бориб келар, лекин қоғозда «килограмм ўлмас экан». Ибод бунга рози бўлмади. Шундан келишмовчилик бошланди. Бирданига теримчиларнинг баракаси учди. Ҳар куни икки-уч киши касалхонада ётиш учун йўлланма олади-ю, шу билан қайтиб келмасди. Қоғозни штабга бериб қўйиб, ўзлари уйга жўнаб қолишар экан! «Гап эшитмаслик учун», аслида, бояги мақсадларда уларнинг номига ҳам пахта ёзилади… У бунга чек қўйди. Дангасаларнинг миси чиқди: улар уйларидан чақириб олинди.

Ибод дўсти Назир билан тез-тез суҳбатлашиб турарди. Бирдан Гуландомнинг қўшиқ айтиб юрганидан дили ранжиганини гапириб берди.

— Э дўстим-а,— асабий кулди Назир,— кечқурун икки-учларда хирмонга боргин. Томошани кўрасан.

Ибод тушунмади. Назир эса, эртага ўз кўзинг билан кўрасан, деб гапни қисқа қилди.

Ибод эртасига ҳамма ухлагач, секин хирмон томонга кетди. Ойдин. Осудалик. Бекиниб бориб, хирмонга яқинлашди. Не кўз билан кўрсинки, пахта устида ўқитувчи билан Гуландом!.. Ибод бўғзига келган алланарсани «қилт» этиб ютдию шарпасиз изига қайтди. Шу бўйи кетаверди. Қулоғида қизнинг онаси қабрини қучоқлаб айтиб йиғлаганлари жарангларди. Шеър янграрди! Бирдан совуқ бир овоз келди — ўқитувчи: «Ҳеч кимга рози бўлмасангиз ҳам шу қизга оз-моз қўшиб қўйинг. Бир бечора, етим қиз бўлса», деганди! Мана сенга, ёрдам!

Эрталаб ҳамма Ибодни маст ҳолда кўриб ҳайрон қолди.

У ростдан ҳам оёғида туролмас, ҳадеб асабий куларди. Ўқитувчи бутун далани бошига кўтариб бақирди:

— Бу нима юриш? Уят борми сизда? Мана, мен индамай юрибман-ку, сизлар еган овқатни еб. Бола-чақамдан кечиб. Студентларимни бола ўрнида кўриб!

— Э виждонсиз, ота ўзининг боласини…— У давомини айтолмай йиғламсираб тишларини ғижирлатди.— Айт-чи, шунақами? Ҳе сени!..

Шунинг устига ичкаридан Гуландом чиқиб қолди. Ибод кутилмаганда унинг юзига бир тупурди ва қулоқ-чаккасига тарсаки тортиб юборди.

— Туйғуларимни ҳақорат қилганинг учун! — деди у.

Акт тузилди. Ибод милицияга топширилди. Ҳеч нарсани тушунтириб айтмади — ҳайдалди-кетди.

Назир дўстининг қарама-қарши туйғулар ичида қолиб, нима қиларини билмай, аламини энг аҳмоқона усулда олганидан хабардор, бироқ ҳеч кимга айтмасди, айтолмасди. Шундан кейин Назир ўзгариб қолди. Курсдошларига қўшилмас, ўзи бир четда ёлғиз юрарди. Бир куни линейкада: «Ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам далага чиқамиз!» деган ташаббус бошлангани, факултет студентлари ҳам бунга қўшилишлари лозимлиги айтилди. Биринчи бўлиб Назир қарши чиқди:

— Мен норозиман! Тўғри, пахтани ўйлаш керак! Бироқ, соғлигимиз-чи?! Расво бўламиз-ку! Ватанга пахта керак, лекин биз ҳам керакдирмиз?! «Ҳаво очиқ кунлари уч ҳисса ишлаймиз» десак, ярашар. Лекин ёмғир-қорда… бўлмайди.

Ола-ғовур бўлиб кетди.

— Нега комсомол комитетининг ташаббусига қарши чиқасан? — Штаб бошлиғи Назирга чақчайди.— Биз адабиёт посбонларимиз. Шундай ташаббус билан чиқсак, ҳаммамизнинг обрўйимиз.

— Сохта обрў бу! — деди Назир.— Майли, терайлик, фақат йигитлар терсин. Қизларга тўғри келмайди.

— Нега?

— Ахир эртага улар она бўлишади-ку! — У изтироб билан ҳаммага жовдираб қаради.— Шусиз ҳам бу ерда уларга оғир. Шамоллашади. Келажак авлодни ўйлаш керак.

— Ўчир овозингни, ўргилдим сендақа гинекологдан! — деди штаб бошлиғи. Кулги кўтарилди.

Ташаббус «қабул қилинди».

Кўп ўтмай у яна жанжал кўтарди. Бир кеча уч бола бригадир билан бирга ариқдан сув олиб, терилган пахтага қуяётганда Назир бориб қолди. Штаб бошлиғига бу ҳақда айтганда у парво қилмади. Яна бир воқеа содир бўлдию Назир ҳам кетиб юборди.

Ўша пайтда катта бир амални эгаллаб турган ёзувчининг қиссаси журналда босилиб чиқди. Факультет декани журнални олиб келди. Икки кун шу ерда юриб, охири муддаосини баён қилди:

— Шу кишига, «Пахтазорда юриб асарингизни ўқидик, бизга ёқди» мазмунида студентлар ва ўқитувчилар номидан очиқ хат ёзамиз. Мен, комсорг ва профком раислари қўл қўяди. Бу факултетга обрў олиб келади. Адабиётдаги янгиликлардан хабардорлигимиз ва оперативлигимиздан далолат бўлади.

Кўпчилик буни маъқуллади. Назир сўз сўради.

— Мен ҳам ўша асарни ўқидим. Ёқмади. Бутунлай ёлғон, чучмал нарсалар. Хат ёзишга қаршиман. Бошқача хат ёзиш тарафдориман: «Қачон кўзбўямачилик тугайди? Қачон ҳамма ўз иши билан банд бўлади? Қачон биз тўлиқ ўқиймиз?» деган мазмунда хат ёзайлик, биринчи бўлиб қўл қўяман!

Деканнинг ранги ўчиб кетди. Эртаси куни тушлик пайтида Назирнинг кетиб қолганлиги маълум бўлди. Декан уни «инсофга чақирган» экан, лекин эшитишни истамабди. Кейин: «Армияга жўнатиб юбораман», деб пўписа қилибди. «Кетавераман», дебди Назир. «Балога кетасан! — кулибди декан. — Кундузгига хизматдан қочиб киргансан-у, яна кетавераман, деб олифтагарчилик қиласан!» Шу гап учун Назир кетибди…

Мана, улар иккови ҳам хизматни ўтаб, яна қайта студент бўлишибди. Ўша Назир, юқорида айтганимдек, ҳозир редакцияда ишлаяпти. Унга ваъда бериб қўйганим учун раёндан телефон орқали аниқладим: яқинда бюрода қабул бўлар экан. Ўша мактаб. Вақтини келишиб олдигу қишлоққа бордим.

Ҳамқишлоғимиз Арофат хола қазо қилибди, бюрога боролмадим. Сайфулла бобони ўша ерда учратарман деб ўйлагандим. Таажжубки, доим тўй-маъракалар теласида турадиган киши у ерда йўқ эди. Суриштирсам, Ҳабибулла амаки — бизнинг кекса муаллим уни ҳайдаб чиқарибди. «Кет!», дебди секин ёнига келиб. Бобонинг ранги бир ўзгарибди-ю, индамай кетаверибди. Сабабини ҳеч ким билмасмиш. Ўрни бўлмаганлиги сабабли ортиқча ижикилаб ўтирмадим. Кечлатиб бобоникига бордим. У касал кишидек бемажол ётарди. Ҳадеб «уф» тортади. Мен билан ҳам очилиб гаплашмади. Ўзимни ноқулай сезиб ўрнимдан қўзғалаётгандим: «Ўтир», деди шикаста оҳангда. Ўтирдим. Ниятимдан хабардор экан.

— Самад бугун комсомолга ўтиб келди, — деди бобо базўр. — Хурсанд. «Сизга ўхшаган бўламан», дейди. «Менга ўхшамагин, мен аблаҳман» деёлмадим.

Ҳайрон бўлиб қарагандим, бобо бош чайқаб аччиқ кулди.

— Сен ҳам ҳайратланасан. Ҳамманг мени умри курашларда ўтган, ҳалол-покиза одам деб ўйлайсан. Қалдирғочга ўхшатган эдинг бир пайтлар. Э афсу-ус! Қушлар бегуноҳ, мен эса.. Юрагимни тимдалаб ётган галларни сенга айтмасам бўлмайди, болам. Лекин зинҳор-базинҳор бировга оғиз очмайман деб қасам ич. Э қўй, қасам ёмон. Мен бир марта шунақа қилиб, уддасидан чиқолмаганман. Онамнинг олдида, Ҳабиб, Арофат, Лайлонинг олдида юзи қораман. Шармандаман. Одам эмасман. Мен инсонлик шаънига доғ туширдим… Ке, бир бошдан гапириб берай. Лекин мақола қилиб ёзиб чиқасан. Ҳабиб ўқиши керак. Лекин исмларини ўзгартирасан. Шундай қилмасанг бўлмайди. Ҳечам бўлмайди. Шундай сўз берсанг — бас. Қасам ичма…

Мен бу гаплар ўртамизда қолишини айтдим. У кўнмади. «Ёзасан», деб туриб олди. Кўндим.

Бобо шикаста товуш билан ўз кечмишини айта бошлади. У қариб қолганди, умри тугаши аниқ эди — шунинг учун ҳам ўз ўтмишидан қўрқмай қўйган, унга фақат гапириб қолиш муҳим эди. Шу боисдан шошилмай, яширмай барини очиқ айтарди. Узоқ ўйлаб юрганиданми, бу воқеага алоқадор ҳар бир кишининг кечинмаларини аниқ тасвирлаб берарди…

Арофат кўрган кишининг суқи киргудай бир қиз бўлди. Аммо у тунлар ғам билан ётиб, тонгда беруҳ ўрнидан турар эди. Қариндошлар ўзини четга тортган, отанинг эса ичкиликбозликдан бўлак иши йўқ. Уни битта сир тинмай қийнар, ўйлаб тоқати тоқ бўларди: шу ой юзли, малакдек қизининг нақ кўксида кафтдек оппоқ доғи бор эди.

Қиз турфа ҳисларга эрк бермай, ўзини тийиброқ ўсди. Соғлом қизларга ич-ичидан ҳасад қила-қила бўйига етди. У ўзини ишонтириб, ҳатто тайёрлаб ҳам қўйганди — унга ким уйланса, у ё бир бедаво, ё «бир дилхаста ошиқ» бўлади.

Аммо ён қўшниси Сайфулла қизни тинмай таъқиб қилар, кўрганда хўрсиниб қўярди. Кейин-кейин бориб дадил-дадил гапирадиган бўлди. Қиз ҳам ўзига йигит киши одамдек муомала қилганидан суюнар, айтганларига итоат этарди.

Ҳаммаси шундан бошланди: кеч бўлиб, эл ётгандан сўнг қиз ҳовли орқасидаги буғдойзорга чиқар, ёшликнинг бетизгин ҳисларига берилган йигитнинг пинжига кирарди. Қиз охири нима бўлишини билмас, ўйламас, унинг хатти-ҳаракатларини кузатадиган, тергайдиган ота эса маст-аласт, арақдан бош кўтарай демасди.

— Нима бўлса бўлар, — дерди қиз ўз-ўзига кундузлари, — шунинг ўзи етади менга. Қиз қолиб ҳам бахт топмасдим. Айбим нима ахир? Мен ҳам дунёга келиб севишим, севилишим керак-ку? Балки Сайфи алдамас?

Тўрт ой ана шундай телбалик ила ўтиб кетди. Сайфулла ўз тентаклиги оқибатини сезди. Қиз ҳам.

— Менинг сенга уйланишимга отам сираям қўймайди, — деди у бир кун сурбетларча.

Қиз йиғлади. У шўрлик «болам бор» деёлмас, бунга ишонгиси келмас, гўё бу ёлғон-у, агар овоз чиқариб айтса рост бўлиб чиқадигандек қўрқарди. Сайфулла эса дам уни, дам ўзини сўкарди.

— Қўй! — деб аччиқ кулди Арофат. — Энди сен кўнглимни сиёҳ қилма. Сен бари бир мени ташлаб кетардинг, бола бўлса ҳам. Мана, кўргин, кўксимда доғ бор — мен песман…

Сайфулла қўрқув ва даҳшатдан титраб кетди. У қизнинг номуси учун куймасди, балки: «Бу лаънати доғ менга юқиб қолмасмикан?» деб қўрқарди, холос!

— Агар бир шартимга рози бўлсанг, бу гап узоқ пайтгача сир бўлиб қолади, — секин, аммо кескин деди Арофат.

— Айт, тезроқ айт, розиман. Айт — Талвасага тушди йигит.

— Ўзим буёғига туриб бераман, катта қиламан. Агар қиз бўлса, узатганимда келиб, фотиҳа берасан. Йигит бўлса, ота бўлиб келинни кутиб оласан.

Сайфулла узоқ жим туриб қолди.

— Розимисан?

— Розиман.

— Агар келмасам, нон урсин, деб қасам ич.

— Агар келмасам… нон…

— Бўпти, кетавер! — деди Арофат. — Лекин эсингдан чиқарма, келмасанг — ўлдираман!

Қиз ярим тунда уйғониб кетди. Негадир Сайфулла келиб уни кутиб тургандек туюлдию секин буғдойзор томонга чиқди. Нарироқдан шивир-шивир эшитиларди.

— Мени нимага бу ерда судраб юрибсан?

Қиз ҳайрон бўлиб қолди: бу Ҳабибулланинг овози-ку! Қизиқ у нима қилиб юрибди бу ерда? Юраги ёмон бир нарсани сезгандек титраб, оёқ-қўли бўшашиб, тўхтаб қолди.

— Сенга йўлда айтмовдим, — дерди Сайфулла. — Ҳозир Арофат чиқади. Ҳеч гап-сўзсиз. Ҳуштак урсам бас. Навбат билан бир яйрайлик. Йигитчилик-да энди.

— Нима? — сўради Ҳабиб. — Севгилингни шундай дегани қандай тилинг борди?

Сайфулла кулди:

— Ўйнашингни де! Ҳамма билади-ю, сен бехабармисан?

Қиз кўксини чангаллаганча бемажол, беҳол бўлиб ортига қайтди. «Демак, ўйнаб юрган экан-да. Ўйнаш… Оҳ, нақадар жирканч, уят. Ҳабибга ағдармоқчи экан-да. Вой, ифлос!»

Арофат даҳшат ичра кутиб юрган кун келди — сир очилди. Отаси унинг кўз ўнгида ўзига ўзи пичоқ урди.

— Сенга раҳмат, қизим! — деди у иҳраб. — Чексиз қийноқларга нуқта қўйдинг. Ҳаётдан зериккан, чарчаган, тўйган эдим-у, ўлишга баҳона тополмай юргандим!

Арофат қизчасини: «Отанг тўй куни келади», деб юпатди. Ўзини гоҳ бунга ишонтириб юрса, гоҳ кўнглига ғулу тушарди. Уруш йиллари Ҳабибулла жангга кетди, Сайфулла ҳосилот, раис бўлиб юрди. Тинч кунлар бошланиб, Ҳабибулла ўқитувчилик қила бошлади. Арофатнинг Сайфуллага уйқашроқ қилиб исм қўйган қизчаси Лайло онасининг гапларига ишониб ўсди. Доим тўйини ўйларди. Кўча-кўйда эзилса ҳамки, шу нарса унинг кўнглини тўлдирарди. Ниҳоят, ўша кун ҳам етиб келди. Қиз ҳам, она ҳам ҳаяжонда. Гарчанд тумонат одам бўлса ҳам ҳовли бўм-бўшдек туюларди уларга. Қизлар доира чертиб, «ёр-ёр» айтиб кириб келишди. Худди шу пайтда қизнинг отаси унга оқ фотиҳа бериши керак. Икки юрак қаттиқ дукурларди. Арофатнинг кўзлари олазарак. Бироқ… Бироқ йигирма уч йил кутган бахти сира келмасди. Бирдан кўзлари хира тортиб, боши айланиб кетди. Тўйхонада бир муддат ўнғайсизлик ҳукм суриб қолди.

— Наҳот у баттол келмайди? — эзиларди Арофат. — Ахир, ёмон қасам ичган эди-ку? Наҳот шу аҳдиниям бузса? Шунданам қўрқмаса-я? Э йўқ, ана, кимдир чиқяпти-ку… Сайфуллами, йўқ, Ҳабибулла экан.

Унинг оёқ-қўлидан дармон кетиб, ўтириб қолди.

Ҳабибулла муаллим сифатида Лайлога оқ йўл тилади, келин кетди. Арофат ўйлаб ўйига етолмасди. Бирдан барчаси алам қилиб, ғазаби жўшиб кетди, Ошхонага кириб, болтачани қўйнига яширдию колхоз идорасига қараб жўнади. Раис икки-уч киши билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Улар Арофатни кўриб, чиқиб кетишди. Сайфулла бориб, эшикни ёпди.

— Арофат, мени кечир. Кечир, ҳеч ишдан ортинолмадим. Пахта, мажлис… барига лаънат! Энди куёв иккаласига ростини айтаман. Уларга ёрдам қиламан. Шунда яхши бўлади — озчилик. Бугун халқдан қаттиқ ҳайиқдим.

Ҳозиргина ғазабдан титраб, кўзига қон тўлиб турган Арофат бирдан бўшашиб кетди:

— Шундай борсанг ҳам билинмасди. Сен бари бир колхозга отасан-ку? Бугун боришинг шарт эди. Қизинг мени ёмон аёл деб ўйламаслиги учун боришинг керак эди. Унинг олдида юзим ёруғ бўлиши лозим эди. Мажлис, пахта, дейсан… Ахир сен қасам ичгансан-ку? Қизинг икковимиз қаттиқ ишониб, нуқул келишингни кутардик. Афсуски… Ҳабибулла унга оқ йўл тилади. Сен номардлик қилган пайтданоқ у сиримизни биларди. Ҳаммасини яшириб келди. Сен пастлик қилдинг. Айт-чи, сенга инсон ўйинчоғу унинг туйғулари эрмакми-а? Ўз сўзининг устидан чиқолмай қочиб юрган эркакни эркак деб бўладими? Сен гапингда турмасанг, мен аҳдимни бажараман!

Арофат шу сўзларни айтиб, унга болта урди.

Ташқаридагилар ғалати овозларни эшитишиб, югуриб кириб келишди. Милиция чақирилди. Арофат: «Ўзим, шунчаки ўлдириб ташлагим келди», деб тураверди. Сайфулла ҳам, «Хусумати борми, нима бало», деб қўйдию қутулди.

Арофат қамоқдан келгач, ўтган йили рафиқаси қазо қилган Ҳабибулла унга уйланди. Аммо бирон жойда Сайфулланинг сирини очмади.

Йиллар ўтди. Кўп маънавий ва жисмоний азоблар чеккан Арофат ҳам қазо қилди. «Энди бари унутилгандир» дегаи умидда Сайфулла уларникига борди. Бироқ… Ҳабибулла ёнига келиб: «Кет!», деди. Бўлди, бошқа гапирмади. У ҳам индамай чиқиб кетди.

— Мени одам дейиш, бировга ибрат қилиб мақола ёзиш мумкин эмаслигини энди билдингми, болам? — деди ранги бир ҳолатга тушган Сайфулла бобо. — Кимгаки мурувват қилсам, раҳматни якка ўзим эшитдим. Ким ёмонлик кўрса, фақат мени сўкмади, давлатни қўшиб сўкди. Камчилигимни айтган одамни «халқ душмани, бузғунчи» деб ёқасидан олавердим. Кимдир бу сўздан чинакамига қўрқса, кимлар тенг бўлишни эп билмади. «Ҳукуматнинг одамиман» деган гапни қурол қилиб олдим. Тинсам — четда қолиб кетардим, гапираверардим. Амалда юрдим доим, оёғим узангидан тушмади. Ҳозир ветеран деб иззат-ҳурмат қилишади. Ҳамма ҳалол эмаслигимни билади. Катталар ҳам. Лекин ўзлари ҳам ўзларининг фаришталигига ишонишмайди шекилли, биронтаси тик қараб бирон нарса деёлмаган… Бугун ўзгаришларни кўриб, бирдан чўчиб кетаман. Мендайлар кўп, ҳали яна учраши мумкин. Курсдошларингни айтиб берувдинг. Ўшалар ҳақиқий комсомоллар. Ҳеч нарса таъма қилмай, беминнат, ҳалол яшашади. Менга ўхшаганлар эса энг улуғ номларни сотиб кун кўришади. Онам гўрида тик тургандир! Ёзмасанг бўлмайди, болам. Ҳабиб буни кўриб қолиши керак. Сирни очмай туриб онамнинг ёнига боролмайман. Мен тўғри гапни очиқ айтаоладиган одам бўлолмадим. — Унинг овози титраб кетди. — Отимни ўзгартирсанг бўлди. Очиқ айтишга чидолмайман, чидолмайман. Лекин оқлангим келяпти бари бир…

* * *

Тонг отмоқда. Чол оппоқ чойшабга ўралганча ётарди. Менинг олдимда оппоқ қоғоз, ҳайрон ўтирардим. Борлиқ тоза. Ишга тушиб кетган халқ онгида ҳам шундай тиниқлик. Янги куннинг оппоқ тонгида фақат иккимиз карахт эдик.

“Ёшлик” журнали, 1988 йил, 1-сон

07

A’zam O’ktam
OQLANISH
Yozuvchi arxividan
05

076A’zam O’ktam (A’zam Xudoyberdiev) 1960 yil 4 oktyabrda Farg’ona viloyatining Buvayda tumanida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini bitirgan (1985). «Kuzda kulgan chechaklar» (1989), «Kuzatish» (1990), «Ziyorat» (1992), «Taraddud» (1993), «Ikki dunyo saodati» (1998), «Qirqinchi bahor» (2000) she’riy to’plamlari nashr etilgan. «Bola dunyoni tebratar» (1988), «Xabar» (1995) kabi nasriy asarlar muallifi. Rabindranat Tagor va Nikolay Rubtsovning turkum she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. 2002 yili Toshkent shahrida vafot etgan.

05

Shijoatsiz halollik — o‘lik sarmoyadir.
Abdulla Qahhor

Sobiq kursdosh do‘stim hozir yoshlar gazetasida xizmat qilyapti. U bilan ko‘p suhbatlashamiz. Yaqinda gap aylanib, komsomolga qanday qilib kirganimizga borib taqaldi.

Men o‘sha kunni juda yaxshi eslayman. Butun sinf pioner-vojatiy yordamida bir oy tayyorgarlik ko‘rdi. Raykom byurosining ko‘chma yig‘ilishi bizning maktabda o‘tadigan bo‘libdiyu o‘sha kuni bizni komsomolga qabul qilishga kelishilibdi. Nihoyat, orziqib kutilgan kun ham keldi.

Mana, besh kishi-besh kishidan kirib chiqyapmiz. Hali ichkariga kirmagan bolalar komsomol safiga o‘tganlardan: «Nima bo‘ldi, qanaqa savol berishdi?» deb so‘rashardi. Ular beparvogina: «E, oson!» deyardilaru kulib qo‘yishardi.

Navbatim yetib, men ham ichkariga kirdim. Besh kishimiz. Rayon komsomol komitetining birinchi sekretari eng oldinda turgan bolaga qarab:

— KPSS Markaziy Komitetining Bosh sekretari kim? — deb so‘radi.

Buni kim ham bilmasdi — u aytdi. Hammamiz tasdiqladik. Keyin respublika partiya va davlat arboblari, oblast, rayon, kolxoz, qishloq Soveti, maktab rahbarlarining familiyalarini aytdik. Keyin «jiddiy» savollarga o‘tildi — dunyoda nechta sotsialistik mamlakat bor, ittifoqdosh respublikalarni, Qahramon shaharlarni nomma-nom sanadik. Birdan ruhim tushib ketdi: axir bularni bilish katta narsa emas-ku? Nahotki, komsomolga kirayotgan o‘quvchining siyosiy saviyasi shu darajada bo‘lsa — bas, deb hisoblansa?! Men komsomol a’zosi bo‘lgan bir-ikki o‘qituvchimizning darslaridan qoniqmasligimni ochiq aytaman, hech bo‘lmasa, o‘qigan kitoblarim haqida gapirib beraman deb o‘ylagan ekanman. Afsus…

Sekretar eng oldinda turgan bolani so‘roqqa tutyapti deb o‘ylab jim turaveribman. Sheriklarim ham shu xayolga borishgan ekan. U esa savollarga javob berolmadi. Biz ham jimmiz. Savollar ustma-ust yog‘ilyapti. Oxiri hukm aytildi:

— Kerakli narsalarni bilmadinglar, yiqildilaring. Boshqatdan tayyorlanib, raykomga borasizlar, hozir bo‘shsizlar.

Bosh egib chiqib ketdik. Kulgi bo‘ldik hammaga. Men u paytda rayon gazetasiga xabar, maqola va ahyon-ahyonda g‘aribgina hikoyalar yozib turardim. Hamqishlog‘im, komsomol veterani bo‘lgan Sayfulla bobo haqida «Qaldirg‘och qarimaydi» degan lavha ham yozgandim. U kishiga: «Ertaga komsomolga o‘tib, oldingizga kelaman», deb qo‘ygandim. Endi uning oldiga qanaqa qilib boraman? Buning ustiga, o‘zimning ham juda-juda komsomol bo‘lgim kelayotgan edi.

Kolxoz komsomol komitetida a’zolikka qabul qilish huquqi bor ekan. Ularga shior yozish, kolxoz radiouzelida eshittirish tayyorlashda yordamlashib yurardim. O‘sha yoqqa bordim. Sekretar mening qabul qilinmaganimdan ranjidi va kechqurun byuro a’zolarini yig‘adigan bo‘ldi.

— Bilasanmi,— degan edi u mening byuro a’zolari bergan savollarning bema’niligi haqidagi gaplarimni eshitib,— ular faqat o‘zlari biladigan narsalarni so‘rashgan. Jiddiy savol-javob qilinsa, oliy ma’lumotli komsomol xodimlari partiya s’ezdlarini ham tuzuk-quruq bilishmaydi. Bari rayondagi katta-kichik rahbarlaru puldorlarning arzandalari. Bir oz bu yerda ishlashadi, rayijroqo‘m, raykomda joy bo‘shashini kutib o‘tirishadi. Ularni boshqa narsa qiziqtirmaydi. Anavi kolxoz raisi — o‘g‘ri, borib turgan tovlamachi. Chalasavod o‘g‘li qishloq xo‘jalik institutini bitirgan. Rayon xalq nazorati raisiga o‘rinbosar. Ular faqat «komsomol obro‘yini bir pul qilish» uchun jon-jahdlari bilan kurashib yotishibdi. Men, masalan, oliy ma’lumotli ekonomistman. Bu vazifani raisning gumashtasi egallab turgani uchun menga joy yo‘q. O‘qishni bitirib kelganimga besh yil bo‘ldi. O‘z sohamda ishlaganim yo‘q. Zora zerikib ketib yuborsa, degan xayolda komsomol yetakchisi qilib qo‘yishibdi. Makkajo‘xorichilik brigadiri desa ham bo‘laveradi…

Xullas, o‘sha kuni komsomolga o‘tdim va uyga ko‘krak nishoni taqib bordim.

— Haligi veteran haqida, hozir aytganlaringni qo‘shib bizga bir maqola qilib bersang-chi,— deb qoldi do‘stim.— O‘sha sarlavhaning o‘zini qo‘yaverish mumkin. Rostdanam, qari qaldirg‘ochni ko‘rmaganman. Bo‘lmasa kerak. Ilk komsomollar ham shunaqa-da. Qaldirg‘och bahor ramzi bo‘lganidek, ular ham yangilik, kurash timsoli. Balki Ibod haqida ham yozarsan… Menga noqulay, ichida o‘zim borman.

Men «o‘ylab ko‘radigan» bo‘ldimu xayrlashdim. Maqolani yozish uchun qishloqqa borib kelishim kerak. Darvoqe, boboning nabirasi bu yil komsomolga o‘tsa kerak. O‘sha kunni olaman-da, ikkovini bog‘lab bir narsa qilib beraman.

Do‘stim ketdi-yu, birdan unga bog‘liq voqealar yodimga tushib ketdi.

* * *

Kuz keldi. Ko‘plab she’rlarda sokinlik va mahzunlik ramzi sifatida tasvirlanuvchi fasl O‘zbekistonga butunlay o‘zgacha bir maromda kirib keladi, boshqacha bir tarzda kechadi.

Talabalar shaharchasi. Yomg‘ir yog‘ib turibdi. Avtobuslar qator-qator. Odam hech qaerga sig‘maydi. G‘ovur-g‘uvur, kulgi. Birov qichqirgan, birov asabiylashgan. Studentlar hasharga ketishayotir. Talabalik davri allaqachon ortda qolgan bo‘lsada, har gal shu paytda bu yerga albatta kelaman. Kursdoshlarimni, o‘zim hasharga ketgan, paxta tergan davrlarimni eslayman.

Bu yil ham xayol og‘ushida bir-bir bosib kelayotgandim, nogoh kimdir otimni aytib chaqirib qoldi. Ovoz kelgan tomonga qaradim: bir yigit hovliqib yugurib kelyapti. Tanimadim. Nimasidir tanish, biroq eslolmayapman. U chopib keldiyu meni quchoqlab oldi. Hayron bo‘lib qoldim.

— E mana, yana baxtiyor bo‘ldik — paxtaga ketyapmiz! — dedi u kulib.

Shunday degandan keyingina esladim — u Nazir edi! Bir yili shunday ketish paytida: «Hammangizni uch mahal issiq ovqat ichish baxti bilan tabriklayman!», deb hammani kuldirgan, ikkimiz buni eslab ko‘p kulishardik. Bu yigit uchinchi kursdaligida bizdan haydalib ketgan edi. «Armiyaga ketibdi» deb eshitgandim xolos, u haqda boshqa hech narsa bilmasdim. Xizmatdan so‘ng o‘qishni «tiklabdi», bu yil yana uchinchi kurs bo‘lib hasharga ketayotgan emish.

— Xafamasmisiz? — undan shunday deb so‘radimu xijolat tortdim.

— E yo‘q, oqlangan odam ham xafa bo‘ladimi?! Ha aytganday, Ibod bilan birgamiz. Ikki haydalgan. U zavxoz edi — narsalarni tayyorlab turishga ketgan. Yana shunaqa ishlarga to‘g‘ri kelib qoldik. Paxtaga boring, gaplashamiz.

Anchagacha suhbatlashib turdik. Uni kuzatib qo‘ymaganim uchun uzr so‘rab, ishga ketdim.

Nazir ham, Ibod ham kursimizdagi a’lochi, yaxshi yigitlardan edilar. Ibod kursboshimiz edi. Uchinchi kursda ekanimizda paxta terimi davrida hisobchi bo‘lib ishlardi. «Spirtli ichimlik iste’mol qilib, begunoh bir qizni urganligi, shtab boshlig‘ini haqorat qilganligi uchun» o‘qishdan haydalgan edi. Nazir esa o‘zi ketib yubordi.

Studentlar yotoqxonasi g‘alati joy. Turli-tuman yigit-qizlar. Har birining o‘z dunyosi bor. Birov yig‘lasa, birov kuladi.

Indiniga paxtaga ketamiz, degan kuni kursdoshlar bir xonaga yig‘ilishib, yarim kechagacha o‘tirishdik. Bizdan bir kurs quyida o‘qiydigan, bugun qandaydir tasodif bilan bu davraga kirib qolgan Gulandom ismli qiz kutilmaganda juda yaxshi gap aytib qoldi.

— Mana, biz xursand o‘tiribmiz. Indinga paxtaga ketamiz. U yerda ham shunday ko‘tarinki ruhda, beg‘am yuraveramiz. Bizni mana shu kunga yetishimizga sabab bo‘lgan ota-onalarimiz esa bizni o‘ylab «oh» chekib o‘tirishibdi. Ular tinch, sog‘ bo‘lishsin. Men hozir sizlarga onamga bag‘ishlangan she’rimni o‘qib beraman…

Aytganini qildi. Bexosdan ma’yuslanib qolgan davra she’r tugagach, birpas garangsigandek turib qoldi va birdan qarsak yangradi…

Ibod eshikning qattiq taqillashidan cho‘chib uyg‘onib ketdi. Birdan qulog‘iga yig‘i tovushi eshitildiyu uyqusi o‘chdi. Shoshib eshikni ochsa, kursdoshlari turishibdi.

— Gulandomning ayasi vafot etibdi. Tez kiyining. Siz yo‘l yurishga ustasiz. Uni Jizzaxga tashlaysizu qaytasiz, yo bo‘lmasa, ertaga Sirdaryoga o‘taverasiz,— deyishdi.

Ibod narsalarini do‘stlariga topshirdiyu jo‘nab ketdi. Yo‘lda qizni qo‘lidan kelgancha ovutdi, tasalli berib bordi. Azaxonaga kirgach, yuragi vayron bo‘ldi.

O‘n besh kunlardan so‘ng Gulandom do‘stlari safiga qaytdi. Ibod hisobchi bo‘lganligi sababli dalaga kam chiqar, qizni faqat «barak»da ko‘rib, ko‘nglini ko‘taradigan gaplar aytardi. Bir kuni nima bo‘ldiyu dalaga chiqdi. Zimdan Gulandomni izlab boraverdi. Bir mahal qulog‘iga qo‘shiq eshitildi. To‘xtab quloq soldi. Sekin qarasa, Gulandom! Ashula «nozaninning nozi bor» seriyasidan edi. Ibod birdan karaxt bo‘lib qoldi. Uning nazarida, onasi o‘lgan odam qo‘shiq aytish u yoqda tursin, umrbod yayrab kulolmasligi kerak?! Bu esa… G‘alati o‘ylar iskanjasida ortiga qaytdi. Bir-ikki kun qiynalib yurdi.

Bir-ikki kun ichida fakultet shtab boshlig‘i bilan qattiq urishib qoldi. Boshliq — o‘zlarining muallimi, «yulduzlar chiqarishiga ishqiboz, shu maqsadda ularga qo‘shib yozishni taklif qilar edi. «Xozkomanda»dagilar ham ul-bulli bo‘lib qolishi uchun aslida shaharda qolgan, terimda yo‘q kishilarga ham paxta yozib, pulini «taqsimlash»ni shipshitdi. Har yili shunday bo‘lar ekan. Ba’zilar ruxsat olib uyga borib kelar, lekin qog‘ozda «kilogramm o‘lmas ekan». Ibod bunga rozi bo‘lmadi. Shundan kelishmovchilik boshlandi. Birdaniga terimchilarning barakasi uchdi. Har kuni ikki-uch kishi kasalxonada yotish uchun yo‘llanma oladi-yu, shu bilan qaytib kelmasdi. Qog‘ozni shtabga berib qo‘yib, o‘zlari uyga jo‘nab qolishar ekan! «Gap eshitmaslik uchun», aslida, boyagi maqsadlarda ularning nomiga ham paxta yoziladi… U bunga chek qo‘ydi. Dangasalarning misi chiqdi: ular uylaridan chaqirib olindi.

Ibod do‘sti Nazir bilan tez-tez suhbatlashib turardi. Birdan Gulandomning qo‘shiq aytib yurganidan dili ranjiganini gapirib berdi.

— E do‘stim-a,— asabiy kuldi Nazir,— kechqurun ikki-uchlarda xirmonga borgin. Tomoshani ko‘rasan.

Ibod tushunmadi. Nazir esa, ertaga o‘z ko‘zing bilan ko‘rasan, deb gapni qisqa qildi.

Ibod ertasiga hamma uxlagach, sekin xirmon tomonga ketdi. Oydin. Osudalik. Bekinib borib, xirmonga yaqinlashdi. Ne ko‘z bilan ko‘rsinki, paxta ustida o‘qituvchi bilan Gulandom!.. Ibod bo‘g‘ziga kelgan allanarsani «qilt» etib yutdiyu sharpasiz iziga qaytdi. Shu bo‘yi ketaverdi. Qulog‘ida qizning onasi qabrini quchoqlab aytib yig‘laganlari jaranglardi. She’r yangrardi! Birdan sovuq bir ovoz keldi — o‘qituvchi: «Hech kimga rozi bo‘lmasangiz ham shu qizga oz-moz qo‘shib qo‘ying. Bir bechora, yetim qiz bo‘lsa», degandi! Mana senga, yordam!

Ertalab hamma Ibodni mast holda ko‘rib hayron qoldi.

U rostdan ham oyog‘ida turolmas, hadeb asabiy kulardi. O‘qituvchi butun dalani boshiga ko‘tarib baqirdi:

— Bu nima yurish? Uyat bormi sizda? Mana, men indamay yuribman-ku, sizlar yegan ovqatni yeb. Bola-chaqamdan kechib. Studentlarimni bola o‘rnida ko‘rib!

— E vijdonsiz, ota o‘zining bolasini…— U davomini aytolmay yig‘lamsirab tishlarini g‘ijirlatdi.— Ayt-chi, shunaqami? He seni!..

Shuning ustiga ichkaridan Gulandom chiqib qoldi. Ibod kutilmaganda uning yuziga bir tupurdi va quloq-chakkasiga tarsaki tortib yubordi.

— Tuyg‘ularimni haqorat qilganing uchun! — dedi u.

Akt tuzildi. Ibod militsiyaga topshirildi. Hech narsani tushuntirib aytmadi — haydaldi-ketdi.

Nazir do‘stining qarama-qarshi tuyg‘ular ichida qolib, nima qilarini bilmay, alamini eng ahmoqona usulda olganidan xabardor, biroq hech kimga aytmasdi, aytolmasdi. Shundan keyin Nazir o‘zgarib qoldi. Kursdoshlariga qo‘shilmas, o‘zi bir chetda yolg‘iz yurardi. Bir kuni lineykada: «Har qanday ob-havo sharoitida ham dalaga chiqamiz!» degan tashabbus boshlangani, fakultet studentlari ham bunga qo‘shilishlari lozimligi aytildi. Birinchi bo‘lib Nazir qarshi chiqdi:

— Men noroziman! To‘g‘ri, paxtani o‘ylash kerak! Biroq, sog‘ligimiz-chi?! Rasvo bo‘lamiz-ku! Vatanga paxta kerak, lekin biz ham kerakdirmiz?! «Havo ochiq kunlari uch hissa ishlaymiz» desak, yarashar. Lekin yomg‘ir-qorda… bo‘lmaydi.

Ola-g‘ovur bo‘lib ketdi.

— Nega komsomol komitetining tashabbusiga qarshi chiqasan? — Shtab boshlig‘i Nazirga chaqchaydi.— Biz adabiyot posbonlarimiz. Shunday tashabbus bilan chiqsak, hammamizning obro‘yimiz.

— Soxta obro‘ bu! — dedi Nazir.— Mayli, teraylik, faqat yigitlar tersin. Qizlarga to‘g‘ri kelmaydi.

— Nega?

— Axir ertaga ular ona bo‘lishadi-ku! — U iztirob bilan hammaga jovdirab qaradi.— Shusiz ham bu yerda ularga og‘ir. Shamollashadi. Kelajak avlodni o‘ylash kerak.

— O‘chir ovozingni, o‘rgildim sendaqa ginekologdan! — dedi shtab boshlig‘i. Kulgi ko‘tarildi.

Tashabbus «qabul qilindi».

Ko‘p o‘tmay u yana janjal ko‘tardi. Bir kecha uch bola brigadir bilan birga ariqdan suv olib, terilgan paxtaga quyayotganda Nazir borib qoldi. Shtab boshlig‘iga bu haqda aytganda u parvo qilmadi. Yana bir voqea sodir bo‘ldiyu Nazir ham ketib yubordi.

O‘sha paytda katta bir amalni egallab turgan yozuvchining qissasi jurnalda bosilib chiqdi. Fakultet dekani jurnalni olib keldi. Ikki kun shu yerda yurib, oxiri muddaosini bayon qildi:

— Shu kishiga, «Paxtazorda yurib asaringizni o‘qidik, bizga yoqdi» mazmunida studentlar va o‘qituvchilar nomidan ochiq xat yozamiz. Men, komsorg va profkom raislari qo‘l qo‘yadi. Bu fakultetga obro‘ olib keladi. Adabiyotdagi yangiliklardan xabardorligimiz va operativligimizdan dalolat bo‘ladi.

Ko‘pchilik buni ma’qulladi. Nazir so‘z so‘radi.

— Men ham o‘sha asarni o‘qidim. Yoqmadi. Butunlay yolg‘on, chuchmal narsalar. Xat yozishga qarshiman. Boshqacha xat yozish tarafdoriman: «Qachon ko‘zbo‘yamachilik tugaydi? Qachon hamma o‘z ishi bilan band bo‘ladi? Qachon biz to‘liq o‘qiymiz?» degan mazmunda xat yozaylik, birinchi bo‘lib qo‘l qo‘yaman!

Dekanning rangi o‘chib ketdi. Ertasi kuni tushlik paytida Nazirning ketib qolganligi ma’lum bo‘ldi. Dekan uni «insofga chaqirgan» ekan, lekin eshitishni istamabdi. Keyin: «Armiyaga jo‘natib yuboraman», deb po‘pisa qilibdi. «Ketaveraman», debdi Nazir. «Baloga ketasan! — kulibdi dekan. — Kunduzgiga xizmatdan qochib kirgansan-u, yana ketaveraman, deb oliftagarchilik qilasan!» Shu gap uchun Nazir ketibdi…

Mana, ular ikkovi ham xizmatni o‘tab, yana qayta student bo‘lishibdi. O‘sha Nazir, yuqorida aytganimdek, hozir redaktsiyada ishlayapti. Unga va’da berib qo‘yganim uchun rayondan telefon orqali aniqladim: yaqinda byuroda qabul bo‘lar ekan. O‘sha maktab. Vaqtini kelishib oldigu qishloqqa bordim.

Hamqishlog‘imiz Arofat xola qazo qilibdi, byuroga borolmadim. Sayfulla boboni o‘sha yerda uchratarman deb o‘ylagandim. Taajjubki, doim to‘y-ma’rakalar telasida turadigan kishi u yerda yo‘q edi. Surishtirsam, Habibulla amaki — bizning keksa muallim uni haydab chiqaribdi. «Ket!», debdi sekin yoniga kelib. Boboning rangi bir o‘zgaribdi-yu, indamay ketaveribdi. Sababini hech kim bilmasmish. O‘rni bo‘lmaganligi sababli ortiqcha ijikilab o‘tirmadim. Kechlatib bobonikiga bordim. U kasal kishidek bemajol yotardi. Hadeb «uf» tortadi. Men bilan ham ochilib gaplashmadi. O‘zimni noqulay sezib o‘rnimdan qo‘zg‘alayotgandim: «O‘tir», dedi shikasta ohangda. O‘tirdim. Niyatimdan xabardor ekan.

— Samad bugun komsomolga o‘tib keldi, — dedi bobo bazo‘r. — Xursand. «Sizga o‘xshagan bo‘laman», deydi. «Menga o‘xshamagin, men ablahman» deyolmadim.

Hayron bo‘lib qaragandim, bobo bosh chayqab achchiq kuldi.

— Sen ham hayratlanasan. Hammang meni umri kurashlarda o‘tgan, halol-pokiza odam deb o‘ylaysan. Qaldirg‘ochga o‘xshatgan eding bir paytlar. E afsu-us! Qushlar begunoh, men esa.. Yuragimni timdalab yotgan gallarni senga aytmasam bo‘lmaydi, bolam. Lekin zinhor-bazinhor birovga og‘iz ochmayman deb qasam ich. E qo‘y, qasam yomon. Men bir marta shunaqa qilib, uddasidan chiqolmaganman. Onamning oldida, Habib, Arofat, Layloning oldida yuzi qoraman. Sharmandaman. Odam emasman. Men insonlik sha’niga dog‘ tushirdim… Ke, bir boshdan gapirib beray. Lekin maqola qilib yozib chiqasan. Habib o‘qishi kerak. Lekin ismlarini o‘zgartirasan. Shunday qilmasang bo‘lmaydi. Hecham bo‘lmaydi. Shunday so‘z bersang — bas. Qasam ichma…

Men bu gaplar o‘rtamizda qolishini aytdim. U ko‘nmadi. «Yozasan», deb turib oldi. Ko‘ndim.

Bobo shikasta tovush bilan o‘z kechmishini ayta boshladi. U qarib qolgandi, umri tugashi aniq edi — shuning uchun ham o‘z o‘tmishidan qo‘rqmay qo‘ygan, unga faqat gapirib qolish muhim edi. Shu boisdan shoshilmay, yashirmay barini ochiq aytardi. Uzoq o‘ylab yurganidanmi, bu voqeaga aloqador har bir kishining kechinmalarini aniq tasvirlab berardi…

Arofat ko‘rgan kishining suqi kirguday bir qiz bo‘ldi. Ammo u tunlar g‘am bilan yotib, tongda beruh o‘rnidan turar edi. Qarindoshlar o‘zini chetga tortgan, otaning esa ichkilikbozlikdan bo‘lak ishi yo‘q. Uni bitta sir tinmay qiynar, o‘ylab toqati toq bo‘lardi: shu oy yuzli, malakdek qizining naq ko‘ksida kaftdek oppoq dog‘i bor edi.

Qiz turfa hislarga erk bermay, o‘zini tiyibroq o‘sdi. Sog‘lom qizlarga ich-ichidan hasad qila-qila bo‘yiga yetdi. U o‘zini ishontirib, hatto tayyorlab ham qo‘ygandi — unga kim uylansa, u yo bir bedavo, yo «bir dilxasta oshiq» bo‘ladi.

Ammo yon qo‘shnisi Sayfulla qizni tinmay ta’qib qilar, ko‘rganda xo‘rsinib qo‘yardi. Keyin-keyin borib dadil-dadil gapiradigan bo‘ldi. Qiz ham o‘ziga yigit kishi odamdek muomala qilganidan suyunar, aytganlariga itoat etardi.

Hammasi shundan boshlandi: kech bo‘lib, el yotgandan so‘ng qiz hovli orqasidagi bug‘doyzorga chiqar, yoshlikning betizgin hislariga berilgan yigitning pinjiga kirardi. Qiz oxiri nima bo‘lishini bilmas, o‘ylamas, uning xatti-harakatlarini kuzatadigan, tergaydigan ota esa mast-alast, araqdan bosh ko‘taray demasdi.

— Nima bo‘lsa bo‘lar, — derdi qiz o‘z-o‘ziga kunduzlari, — shuning o‘zi yetadi menga. Qiz qolib ham baxt topmasdim. Aybim nima axir? Men ham dunyoga kelib sevishim, sevilishim kerak-ku? Balki Sayfi aldamas?

To‘rt oy ana shunday telbalik ila o‘tib ketdi. Sayfulla o‘z tentakligi oqibatini sezdi. Qiz ham.

— Mening senga uylanishimga otam sirayam qo‘ymaydi, — dedi u bir kun surbetlarcha.

Qiz yig‘ladi. U sho‘rlik «bolam bor» deyolmas, bunga ishongisi kelmas, go‘yo bu yolg‘on-u, agar ovoz chiqarib aytsa rost bo‘lib chiqadigandek qo‘rqardi. Sayfulla esa dam uni, dam o‘zini so‘kardi.

— Qo‘y! — deb achchiq kuldi Arofat. — Endi sen ko‘nglimni siyoh qilma. Sen bari bir meni tashlab ketarding, bola bo‘lsa ham. Mana, ko‘rgin, ko‘ksimda dog‘ bor — men pesman…

Sayfulla qo‘rquv va dahshatdan titrab ketdi. U qizning nomusi uchun kuymasdi, balki: «Bu la’nati dog‘ menga yuqib qolmasmikan?» deb qo‘rqardi, xolos!

— Agar bir shartimga rozi bo‘lsang, bu gap uzoq paytgacha sir bo‘lib qoladi, — sekin, ammo keskin dedi Arofat.

— Ayt, tezroq ayt, roziman. Ayt — Talvasaga tushdi yigit.

— O‘zim buyog‘iga turib beraman, katta qilaman. Agar qiz bo‘lsa, uzatganimda kelib, fotiha berasan. Yigit bo‘lsa, ota bo‘lib kelinni kutib olasan.

Sayfulla uzoq jim turib qoldi.

— Rozimisan?

— Roziman.

— Agar kelmasam, non ursin, deb qasam ich.

— Agar kelmasam… non…

— Bo‘pti, ketaver! — dedi Arofat. — Lekin esingdan chiqarma, kelmasang — o‘ldiraman!

Qiz yarim tunda uyg‘onib ketdi. Negadir Sayfulla kelib uni kutib turgandek tuyuldiyu sekin bug‘doyzor tomonga chiqdi. Nariroqdan shivir-shivir eshitilardi.

— Meni nimaga bu yerda sudrab yuribsan?

Qiz hayron bo‘lib qoldi: bu Habibullaning ovozi-ku! Qiziq u nima qilib yuribdi bu yerda? Yuragi yomon bir narsani sezgandek titrab, oyoq-qo‘li bo‘shashib, to‘xtab qoldi.

— Senga yo‘lda aytmovdim, — derdi Sayfulla. — Hozir Arofat chiqadi. Hech gap-so‘zsiz. Hushtak ursam bas. Navbat bilan bir yayraylik. Yigitchilik-da endi.

— Nima? — so‘radi Habib. — Sevgilingni shunday degani qanday tiling bordi?

Sayfulla kuldi:

— O‘ynashingni de! Hamma biladi-yu, sen bexabarmisan?

Qiz ko‘ksini changallagancha bemajol, behol bo‘lib ortiga qaytdi. «Demak, o‘ynab yurgan ekan-da. O‘ynash… Oh, naqadar jirkanch, uyat. Habibga ag‘darmoqchi ekan-da. Voy, iflos!»

Arofat dahshat ichra kutib yurgan kun keldi — sir ochildi. Otasi uning ko‘z o‘ngida o‘ziga o‘zi pichoq urdi.

— Senga rahmat, qizim! — dedi u ihrab. — Cheksiz qiynoqlarga nuqta qo‘yding. Hayotdan zerikkan, charchagan, to‘ygan edim-u, o‘lishga bahona topolmay yurgandim!

Arofat qizchasini: «Otang to‘y kuni keladi», deb yupatdi. O‘zini goh bunga ishontirib yursa, goh ko‘ngliga g‘ulu tushardi. Urush yillari Habibulla jangga ketdi, Sayfulla hosilot, rais bo‘lib yurdi. Tinch kunlar boshlanib, Habibulla o‘qituvchilik qila boshladi. Arofatning Sayfullaga uyqashroq qilib ism qo‘ygan qizchasi Laylo onasining gaplariga ishonib o‘sdi. Doim to‘yini o‘ylardi. Ko‘cha-ko‘yda ezilsa hamki, shu narsa uning ko‘nglini to‘ldirardi. Nihoyat, o‘sha kun ham yetib keldi. Qiz ham, ona ham hayajonda. Garchand tumonat odam bo‘lsa ham hovli bo‘m-bo‘shdek tuyulardi ularga. Qizlar doira chertib, «yor-yor» aytib kirib kelishdi. Xuddi shu paytda qizning otasi unga oq fotiha berishi kerak. Ikki yurak qattiq dukurlardi. Arofatning ko‘zlari olazarak. Biroq… Biroq yigirma uch yil kutgan baxti sira kelmasdi. Birdan ko‘zlari xira tortib, boshi aylanib ketdi. To‘yxonada bir muddat o‘ng‘aysizlik hukm surib qoldi.

— Nahot u battol kelmaydi? — ezilardi Arofat. — Axir, yomon qasam ichgan edi-ku? Nahot shu ahdiniyam buzsa? Shundanam qo‘rqmasa-ya? E yo‘q, ana, kimdir chiqyapti-ku… Sayfullami, yo‘q, Habibulla ekan.

Uning oyoq-qo‘lidan darmon ketib, o‘tirib qoldi.

Habibulla muallim sifatida Layloga oq yo‘l tiladi, kelin ketdi. Arofat o‘ylab o‘yiga yetolmasdi. Birdan barchasi alam qilib, g‘azabi jo‘shib ketdi, Oshxonaga kirib, boltachani qo‘yniga yashirdiyu kolxoz idorasiga qarab jo‘nadi. Rais ikki-uch kishi bilan suhbatlashib o‘tirgan ekan. Ular Arofatni ko‘rib, chiqib ketishdi. Sayfulla borib, eshikni yopdi.

— Arofat, meni kechir. Kechir, hech ishdan ortinolmadim. Paxta, majlis… bariga la’nat! Endi kuyov ikkalasiga rostini aytaman. Ularga yordam qilaman. Shunda yaxshi bo‘ladi — ozchilik. Bugun xalqdan qattiq hayiqdim.

Hozirgina g‘azabdan titrab, ko‘ziga qon to‘lib turgan Arofat birdan bo‘shashib ketdi:

— Shunday borsang ham bilinmasdi. Sen bari bir kolxozga otasan-ku? Bugun borishing shart edi. Qizing meni yomon ayol deb o‘ylamasligi uchun borishing kerak edi. Uning oldida yuzim yorug‘ bo‘lishi lozim edi. Majlis, paxta, deysan… Axir sen qasam ichgansan-ku? Qizing ikkovimiz qattiq ishonib, nuqul kelishingni kutardik. Afsuski… Habibulla unga oq yo‘l tiladi. Sen nomardlik qilgan paytdanoq u sirimizni bilardi. Hammasini yashirib keldi. Sen pastlik qilding. Ayt-chi, senga inson o‘yinchog‘u uning tuyg‘ulari ermakmi-a? O‘z so‘zining ustidan chiqolmay qochib yurgan erkakni erkak deb bo‘ladimi? Sen gapingda turmasang, men ahdimni bajaraman!

Arofat shu so‘zlarni aytib, unga bolta urdi.

Tashqaridagilar g‘alati ovozlarni eshitishib, yugurib kirib kelishdi. Militsiya chaqirildi. Arofat: «O‘zim, shunchaki o‘ldirib tashlagim keldi», deb turaverdi. Sayfulla ham, «Xusumati bormi, nima balo», deb qo‘ydiyu qutuldi.

Arofat qamoqdan kelgach, o‘tgan yili rafiqasi qazo qilgan Habibulla unga uylandi. Ammo biron joyda Sayfullaning sirini ochmadi.

Yillar o‘tdi. Ko‘p ma’naviy va jismoniy azoblar chekkan Arofat ham qazo qildi. «Endi bari unutilgandir» degai umidda Sayfulla ularnikiga bordi. Biroq… Habibulla yoniga kelib: «Ket!», dedi. Bo‘ldi, boshqa gapirmadi. U ham indamay chiqib ketdi.

— Meni odam deyish, birovga ibrat qilib maqola yozish mumkin emasligini endi bildingmi, bolam? — dedi rangi bir holatga tushgan Sayfulla bobo. — Kimgaki muruvvat qilsam, rahmatni yakka o‘zim eshitdim. Kim yomonlik ko‘rsa, faqat meni so‘kmadi, davlatni qo‘shib so‘kdi. Kamchiligimni aytgan odamni «xalq dushmani, buzg‘unchi» deb yoqasidan olaverdim. Kimdir bu so‘zdan chinakamiga qo‘rqsa, kimlar teng bo‘lishni ep bilmadi. «Hukumatning odamiman» degan gapni qurol qilib oldim. Tinsam — chetda qolib ketardim, gapiraverardim. Amalda yurdim doim, oyog‘im uzangidan tushmadi. Hozir veteran deb izzat-hurmat qilishadi. Hamma halol emasligimni biladi. Kattalar ham. Lekin o‘zlari ham o‘zlarining farishtaligiga ishonishmaydi shekilli, birontasi tik qarab biron narsa deyolmagan… Bugun o‘zgarishlarni ko‘rib, birdan cho‘chib ketaman. Mendaylar ko‘p, hali yana uchrashi mumkin. Kursdoshlaringni aytib beruvding. O‘shalar haqiqiy komsomollar. Hech narsa ta’ma qilmay, beminnat, halol yashashadi. Menga o‘xshaganlar esa eng ulug‘ nomlarni sotib kun ko‘rishadi. Onam go‘rida tik turgandir! Yozmasang bo‘lmaydi, bolam. Habib buni ko‘rib qolishi kerak. Sirni ochmay turib onamning yoniga borolmayman. Men to‘g‘ri gapni ochiq aytaoladigan odam bo‘lolmadim. — Uning ovozi titrab ketdi. — Otimni o‘zgartirsang bo‘ldi. Ochiq aytishga chidolmayman, chidolmayman. Lekin oqlangim kelyapti bari bir…

* * *

Tong otmoqda. Chol oppoq choyshabga o‘ralgancha yotardi. Mening oldimda oppoq qog‘oz, hayron o‘tirardim. Borliq toza. Ishga tushib ketgan xalq ongida ham shunday tiniqlik. Yangi kunning oppoq tongida faqat ikkimiz karaxt edik.

“Yoshlik” jurnali, 1988 yil, 1-son

055

(Tashriflar: umumiy 183, bugungi 1)

Izoh qoldiring