A’zam Rahim. Erku muhabbatning muxtor elchisi.

033
“Рангин лаҳзалар”да юракнинг исёнга, шижоатга тўла қирраларини кашф қила олган шоир “Очиқ кунлар” умидида яшайди. Умид мисралар силсиласида буюк исёнга айланади. Бу исён тошларни ҳам гуллатиш қудратига эга. Давр таъсиридан лоқайдлашиб бораётган кимсаларни “Уйғоқ тоғлар” садоси келаётган кенгликларга чақиради. “Ҳулво”лар барқ уриб очиладиган кенгликлар шоирга бир умр Ватан бўлиб қолади. Айни пайтда шоир Ватанда ўсаётган “Қоп-қора чечаклар”ни армон билан куйлайди. Шеър авжида туғилган лаҳза шоирнинг ўктам қиёфасини, ўжар феъл-атворини, уйғоқ овозини ўзига муҳрлаб олади. Лаҳза овоз таъсиридан асрлар қадар буюклик, асрлар қадар салобат касб этиб улғаяди. Осмон қадар бўй чўзиб, уфқ қадар кенгаяди…

011
Аъзам Раҳим
ЭРКУ МУҲАББАТНИНГ МУХТОР ЭЛЧИСИ

Фақат мангуликка хизмат қиладиган, адолатга хизмат қиладиган баланд шеърият борлигини, қолажагини биламан…

Шавкат Раҳмон.
ИСЁН.
Шу сўзни яна бир қайтариб ўқинг.
ИСЁН!

Вужудингиз зирқирадими? Борлиқнинг ҳайқириғини ҳам эшитгандирсиз? Тоғлар сирқирашини, дарёлар шовуллашини, бўронлар гувуллашини ҳам эшитдингиз. Буни яширишнинг ҳожати ҳам йўқ…
Изоҳ талаб қилиб луғат титкилашдан фойда чиқмайди. Бир ёқлама изоҳдан кўнглингиз тўлмайди. Сўз сизни таъқиб қилишда давом этади. Тобора вужудингизни парчалаётган Руҳнинг ўсаётганини сезасиз. Тийранлашаётган кўзлар, уйғоқ дарёлар, гуллаётган тошлар, қонталаш оғриқлар руҳингизни қитиқлаб, алланечук хаёллар оғушига ғарқ бўлаётганингизни элас-элас илғаб оласиз. Демак, сўз сизнинг қўлингизга салтанатидаги энг муҳташам қасрларининг калидини тутқазди. Сиз унга хайриҳоҳсиз. Сўз салтанатидаги сайрингиз тобора узайиб боради…

Ва шунда… Ва шундагина “шеър” шоир юрагида кўпираётган “исён” эканлигига амин бўласиз. Шоирнинг маҳорати ҳам ана шу исённи алангалатиб, ўқувчига қай даражада етказиши билан ўлчанади. Бунинг учун шоир нафақат ўз қалбини тинглай билиши , балки энг зарра нурнинг-да , илк бора кўз очаётган гиёҳнинг-да, хуллас, тобора тилсимга айланаётган борлиқнинг-да тилини тинглай билиши керакдир.
Қалбнинг эзгу эҳтиёжини қондира олмоқлик, ундан (минг бир оғриқлар ила) лаззатлана билишлик, узоқ изтироблардан сўнг ором олмоқлик — буларнинг барчаси шоирликнинг Худо сийлаган қисматини ташкил этади. Мана шу қисматнинг тор ва узун кўчаларида адл юра олган шоир нафасига Ватан ҳам , Эзгулик ҳам , Севги ҳам эврилиши муқаррар.

Ана шундай танқис нафас соҳиби Шавкат Раҳмон ўзбек шеърияти бўстонида ўзининг ўжар, исёнкор, ва айни пайтда сокин шеърияти билан ажралиб туради.
Шеъриятда лаҳза яратиш анча мушкул вазифа. Лекин лаҳзалар устига юклатилган вазифанинг нақадар буюклиги шоирнинг илк шеърларидаёқ билиниб туради:

Ватан…
…Сенга етиб бормаклик учун
Узун умрим етмаса керак.

“Рангин лаҳзалар”да юракнинг исёнга, шижоатга тўла қирраларини кашф қила олган шоир “Очиқ кунлар” умидида яшайди. Умид мисралар силсиласида буюк исёнга айланади. Бу исён тошларни ҳам гуллатиш қудратига эга. Давр таъсиридан лоқайдлашиб бораётган кимсаларни “Уйғоқ тоғлар” садоси келаётган кенгликларга чақиради. “Ҳулво”лар барқ уриб очиладиган кенгликлар шоирга бир умр Ватан бўлиб қолади. Айни пайтда шоир Ватанда ўсаётган “Қоп-қора чечаклар”ни армон билан куйлайди. Шеър авжида туғилган лаҳза шоирнинг ўктам қиёфасини, ўжар феъл-атворини, уйғоқ овозини ўзига муҳрлаб олади. Лаҳза овоз таъсиридан асрлар қадар буюклик, асрлар қадар салобат касб этиб улғаяди. Осмон қадар бўй чўзиб, уфқ қадар кенгаяди…
Юракни куйдириб учаётган овозни, саркаш туғённи, ўтлиғ эҳтиросни босиқ сатрларга сиғдирмоқ жасорат эмасми?

Тўниб қолар вужудим ногоҳ,
Юрак тўхтар тошдайин қотиб.
Хайриятки, бу ойдин тунда
Юлдузларни бўлмайди отиб.
“Юлдузларни отиб бўлмайди…

Узоқни қўяйлик, яқин-яқингача ҳам бу гапни фақат шивирлаб айтмоқ мумкин эди. Лекин шоир журъатида бундай мисраларни унинг илк шеърларидаёқ кузатиш мумкин:

Бир қўшиқ бўламан дарёдай,
Юракнинг энг чуқур ерида.
Боқаман дунёга дунёдай
Ажойиб кунларнинг бирида.

Биз шон-шарафлар айтишдан чарчамас эдик . Биз меҳр қўйиб улгурган кишанлар тобора ўзига маҳлиё қилиб, жар ёқасига етаклаётганини кўзи очиқларгина ҳис қилаётганини сезсак ҳам, кузатиб туришдан нарига ўтмас эдик. Шоирнинг мўъжаз бир шеърида эркка ташна одамлар овози қуйидагича янграйди:

Жисмимиз ўраган тиканли симлар,
Тиканли фикрлар ичра руҳимиз .
Нигоҳимиз калта, нурсиз зиндонлар,
Юракларда чирир ғам-андуҳимиз.
Замин парча-парча
Кўксинга ғарчиллаб қадалар тиғлар.

Наинки, аҳвол шу тарзда давом этаверса? Наинки юракларда ғам-андуҳларни урчитадиган нурсиз зиндонлар башарият мулки бўлиб қолаверса? Йўқ, нигоҳлар ҳам узаяди, “тиканли симлар”, санчилган кўксинг лов-лов ёнади. Томирлар қизийди. Лекин бунинг учун:

Зулфиқор руҳ керак,
Керак чин ёғду…

Турғунлик йилларига келиб эрк тушунчаси бир қадар қадрсизликка учради. Одамлар қалбига эрк сўзини сингдирмоқ амри маҳол бўлиб қолди. Шундай бир қалтис турғун вазиятда кўзи очиқ, уйғоқ одамларгина бутун вужуди билан Эркни қўмсадилар. Ҳатто тушларида ҳам эркинлик уларни ўзига чорлар, қушга айлантириб осмону фалакка олиб чиқарди. Шавкат Раҳмон “Учаётган одам” шеърида қуш образига мурожаат қилади. Қуш – озодлик рамзи, озод руҳнинг парвози. Фақат осмонгина ҳақиқий эркин парвозга имкон беради. Лекин ердан кўтарилган “қора дарахт” шохларининг тиғдай учлари қушнинг парвозига ҳалал беради, ҳатто уининг қанотларини яралайди ҳам. Шундай бўлса-да, “қонталаш қанот”ларни силкиш билан осмонга кўтарилиш мумкин. “Минг бор ўлиб, минг бор тирилиб” ҳам юксакка талпинасан.
Лекин:

Юксакда бир олам мовий рангларда,
Озод руҳлар учун бошпана берган,
Учиб кетолмасдим
Гўё жисмимни
Кўринмас ришталар боғлаган ерга…

Хайриятки , бу туш, акс ҳолда инсон бу шум исканжадан қутулмоқлик илинжини ҳам йўқотиб қўйган бўлар эди.
Яна хаёллар, тушдан кейинги изтироблар туш таъбирини қидиради:

Нега мен учаман, қайга учаман,
Нега такрорланар ғаройиб тушлар?
Демак, қачонлардир қанотим бўлган,
Демак, аждодларим тўралган қушдан.

“Ҳа, ҳа қуш бўлганман! Қуш бўлганда ҳам эркин қуш! Энди атрофдагиларга буни етказиш керак.
Зора:

Қушдай бўлиб учдим бошларингиздан ,
Қушлигин унутган оғажонларим,
Балки насиб бўлар сизларга учмак.
Тилагим шундайдир, сақламадим кек,
Чунки мен одаммас, чунки мен қушман”.

Баъзан шоир тутқунлик ибтидосини қидиради. Сангин салтанатнинг макру ҳийлаларидан азобланади. Кўнгилни жунбушга келтириб оқиб келаётган саволларга жавоб қидиради. Баъзан умидсизликка ҳам тушади. Лекин у шоир. Умидсизлик-шоир учун ёт. У юксак ишончлар, умидлар билан яшашга маҳкум. Бу унинг тариқати, бу унинг қисмати.

Шоирнинг кўнгил салтанатида учишга шайланган, лекин қанотлари калталиги туфайли уча олмаётган “полапон” чирқиллайди. Полапонга бутун меҳрини бериб улгурган шоир унга қуйидагича васият қилади:

Ожизлар дуч келса, тилагин сабот,
Бир шоир сўзларин дадил сўзлагин:
“Кучли қанот”ларнинг бўлса умрбод,
Қафасни кўтариб учсанг бўлади.

Ҳа, шоир ҳақ, қафасни кўтариб бўлса ҳам учмоқлик керак. Ердан кўтарилган қафас қуёш ҳароратига дош беролмайди, кулга айланади. Полапон эса Қақнусга айланади. Қуш кучли қанотларини ёйиб узоқ парвоз қилади. Қанотларини ҳар силкиганда ердан осмон қадар чечаклар унади. Эрк қўшиғини баралла куйлайди.

Шоирни изтиробга солган ҳам, тилини учида авайлаб-асрагани ҳам — Эрк. Шавкат Раҳмон одамзоднинг ҳурликка бўлган эҳтиёжи нақадар буюклигини бутун вужуди билан ҳис қилади. “Сангин салтанат” да сал бўлмаса қалблари тошга айланиб улгурган одамларга бу сўзнинг асл моҳиятини етказишга астойдил бел боғлайди. У бунинг учун ҳамма нарсага тайёр. Етмиш икки томирида оқаётган аждодлар қони унинг гоҳ сокин, гоҳ саркаш сўзларига дош беролмайди. Шоир йўл қидиради. Йўллар гоҳ мисралар ичига яширинади, гоҳ ҳайқириққа айланади, гоҳ аччиқ ҳақиқат бўлиб қум босган кўзларни очишга ҳаракат қилади:

Насимлар гулламиш озод тоғларда,
Озодлик муждаси сўлу соғларда,
Боболар қийналиб тиккан боғларда
Ағанаб бир хаёл сурсак майлуму?

Мустабид тузум сиёсати одамни шундай аҳволга солиб қўйдики, у ҳатто Севги билан Нафратнинг ҳам асл моҳиятини билмайдиган бўлди. Бунда сиёсатга аралашган ҳақгўй кимсага алоҳида махсус ҳукм ўз-ўзидан ижро этилаверар эди. Бу четлатиш (ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам). Бу аҳволни кўриб билган шоир “Шоҳруҳмирзо билан суҳбат” шеърида қуйидаги хулосага келади:

Дунёга келдиму кетарман қарғаб ,
Сиёсат энг катта қимордир болам.

Шундай бўлса ҳам шоир яна саволлар исканжжасида қолиб, йўл қидиради. Фарзандларга қолдираётган “ноҳақ дунё” ёлғонлари яна изтиробга солади:

Нечун Туронзамин чечакдай сўлар,
Бу замин бормиди бизларда болам?
Эрк қани, Эр қани , асл ер қани?

Эзгулик фақат шоирлар тилида камолга етади. Шоир башорат қилади. Башоратига ўзи ҳам ишонади, ўзгаларни ҳам ишонтиради:

Сурилар бу темир пардалар ,
Истибдоднинг туғлари қулар.
Моғор босган нурсиз қаърлардан
Милён озод руҳлилар турар.

Шоир бир шеърида отни “шаклга қамалаб қолган аланга” деб тасвирлайди. Қачонлардир қаноти бўлган отга қараб, эски дардлари янги бўлади. Шоир алангани шаклдан чиқишлигига астойдил ишонади, унга ҳавас қилади:

Оҳ-ҳ, кўнгил, бир нафас отга айлансак,
Энг кўркам байталга маҳкам бойлансак,
Бир шоир келса-ю унинг шеърида
Энг бахтли, энг эркин зотга айлансак.

Шавкат Раҳмон “Туркийлар”номли шеърини 1990 йилда ёзган. Шеърни мазмунан 1921 илда шоир Чўлпон томонидан ёзилган “Бузилган ўлкага” шеърининг мантиқий давоми, десак бўлади. Чунки иккала шеърда ҳам Турон тупроғида рўй бераётган фожеалар руйи рост тасвирланади. Ўлкада амалга оширалаётган ноҳақликлар, адолатсизликлар, зўравонликлар иккала шоирни ҳам изтиробга солади.

Чўлпон:

Эй ,тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка,
Нега сенинг бошинг узра қуюқ булут кўланка.

Шавкат Раҳмон:

Қиличлар занглади, фалокат хушёр,
Туркийлар қувватин берди ерларга.
Хийлагар дўстлардай яқинлашди ёв,
Комиллик қидирган жасур эрларга.

Чўлпоннинг Туркистон ўлкасидаги рўй бераётган адолатсизликларни тасвирлашдан мақсади халқнинг кўзини очишдан, тузумнинг асл башарасини кўрсатишдан иборат эди. Хўш, халқнинг кўзи очилдими? Йўқ, ҳийлагар зулм аврай-аврай бутун вужудимизни кишанлаб қўйишга улгурди. Яна уйғоқ сўз эҳтиёжи туғилди. Қарийб етмиш йилдан сўнг Шавкат Раҳмон ҳам наъра тортиб элни уйғотмакка шайланди.

Эркни фақат эрюракли кишилар ҳис қилиши мумкин, шунинг учун иккала шоир ҳам энг биринчи ёшларни, ҳали бутунлай таслим бўлмаган юракларни қидиришади. Уларни уйғонишга даъват этади.

Чўлпон:

От минганда қушлар каби учғувчи,
Эркин-эркин ҳаволарни қучғувчи,
От чопганда учар қушни тутғувчи,
Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?
Тоғ эгаси –сор бургутлар қаерда?

Шавкат Раҳмон:

Борми эр йигитлар,
Борми эр қизлар,
Борми гул бағрингда жўмард нолалар,
Борми бу туфроқда ўзлигин излаб,
Осмону фалакка етган болалар.
Бор бўлса , аларга еткариб қўйинг,
Бир бошга бир ўлим, демаган эрмас,
Шаҳидлар ўлмайди, бир қараб тўйинг,
Ёвга терс қараган мусулмон эмас.

Шавкат Раҳмон яна бир шеърида Ватанни гулга қиёс қилади, унинг оғриқларидан азобланади. Очиқ яраларига малҳам излайди. Унинг ёлғиз дарди эркинлик эканлигини ҳис
қилади. Ватаннинг ёлғиз дардини анлаган шоир энди эрк учун жиҳодга чиқади. Муқаддас жиҳодда ёлғизлик қилиб қолган шоир атрофига элни чорлайди, миллатни чақиради. Шоир миллат тушунчасини кенг идрок қилади:

Ҳаромни хуш кўрган маслакфурушлар
Зиғирдай ҳамматин қилганда миннат,
Яфроғдек сарғардим буюк урушда,
Мусулмон қайдасан, қайдасан миллат?!

Шавкат Раҳмон “Тутзор хотиралари” шеърида ҳурлик фалсафасини ўзига хос образлар орқали ифодалайди. Шоир назарида каллакланган тутлар ўзларининг майишган баданлари билан бутун бир осмонни кўтариб тургандай. Шоир уларни бир қарашда маҳзун қулларга ўхшатса, яна бир қарашда туркий шевали паҳлавонларга қиёс қилади . Ҳаваснинг зўридан лирик қаҳрамон ўзини тутлардай ҳис қилишни ҳоҳлаб қолади. Тутнинг дастлабки ҳайратлари қуйидагича:

…Воҳ, ер тагидиям боболар эрдир,
Шу лаҳза тиғ мисол илдизларимга
Кафтларини тираб , тасалли берди,
Кўзингни узма деб юлдузларингдан.

Юлдузларга талпиниб, юлдузлар қадар юксалаётган тутни тез-тез каллаклаб туришади. Лекин бу билан у исёндан қайтмайди, аксинча эрксизликка қарши муштини тобора маҳкамроқ тугиб боради. Исёнкор тутлар ўсишдан тўхтаса ҳам фожеа юз бермайди. Энди улар эркини қирқаётганлар учун гурзига айланади. Аслида унинг муқаддас вазифаси ҳам шу эди-да…

Шоир бир шеърида лаҳзадай ўтажагини айтиб ўтган эди. Лаҳза. Бу – асрлар қадар буюк, асарлар қадар салобатли. Шоирнинг бу қисқа фурсатда айтиб улгурган сўзлари, менинг назаримда, гоҳ шошиб айтилган васиятларга, гоҳ чин кўнгилдан айтилган самимий тилакларга ўхшайди:

Лаҳзадай ўтарман .
Қолур заминда
Сўнгги тилакларим — сўнгги сўзларим.
Эй, осмон,
Эй, буюк ошиқлар йўли,
Бағрингда ҳамиша қуёшинг бўлсин .
Сенинг ошиқлар ўзингдай улуғ
Хамиша ўзингга муносиб бўлсин.

Шавкат Раҳмон бу дунёга “Эрку муҳаббатнинг мухтор элчиси” бўлиб келган эди ва у бу вазафани шараф билан адо этди. Гарчанд шоир ҳозир орамизда йўқ бўлса ҳам, лекин унинг уйғоқ овози ҳали узоқ вақт эзгу васият каби яшаши тайин:

Агар етти қават ернинг тагида,
Ётсам-да ларзага солиб ҳавони,
Элимнинг юрагин топиб боражак,
Жисмимни куйдириб учган овозим.

Ҳа, бу овоз ҳали кўп одамлар қалбини уйғоқликка чорлаб туради. Шоир жисмини куйдириб, қақнусга айлантириб учган овоз парвози давомида ҳали кўп одамлар – бутун бир эл, миллат юрагида манзиллар, масканлар барпо бўлади. Ҳар бир юрак бу масканга ўзича исм қўяди. Албатта улар Шавкат Раҳмон бадииятига, Шавкат Раҳмон абадиятига қўйилган муносиб исмлар бўлиб қолади. Эзгуликка ташна дилнинг Шавкат Раҳмон овозини тинглаш жараёнида унга жўровоз бўлишдан ўзга чораси қолмайди. Сабаб… Сабаби овоз ўктам, руҳ уйғоқ, залворли ва айни чоқда ишончлидир… Алдамаётганлигини бутун вужудингиз билан ҳис қилиб турасиз. Ёрқин тасаввурлар сизнинг кўнглингизга-да ёруғлик олиб келишга улгуради. Зиёдан, таралаётган нурдан кўзингиз қамашади… Лекин тикиласиз, ўша томонга узоқ тикиласиз…

Безовта овоз олдида сиз анча вақтлар кўникиб қолган овозлар сассиз йўқолади. Кўкрак қафасингизда алланечук ғалат туғён пайдо бўлади. Сиз уни шошиб “Исён” деб атайсиз. Ажаб, унинг зарбидан безовталанмайсиз, аксинча, таскин топасиз. Таассуротларингизнинг эса поёни йўқ…

1997

011
ШАВКАТ РАҲМОНГА БАҒИШЛАНГАН ИККИ ШЕЪР

ҚОП-ҚОРА ЧЕЧАКЛАР
(Шоир вафотига)

Сокинлик ёйилган зулумот
Букчайиб боради тобора.
Ғамбода юлдузлар қиёмат
Яширган номаълум сайёра.

Барокўҳ тошқалби — паришон,
Жимликдан юраги ёрилмас.
Аламдан узаяр бу ҳуфтон,
Ўлчови вақтга қорилмас.

Сокин сув ўзанин бузмайди,
Тубига яширар шиддатин.
Ҳар битта гирдобга беркитар,
Исёнга ўралган ҳайратин.

Қоп-қора чечаклар ингроқ-ла,
Бу кеча барқ уриб очилган.
Қисматга айланган ташбеҳлар
Сирлари ҳал бўлган, ечилган…
1996.

ШАВКАТ РАҲМОННИНГ ЭНГ СЎНГГИ ТУШИ

Юлдузларга тўладир осмон,
Нурларида минг битта жилва.
Ой сузади, танҳо фаришта.
Жилдирайди қадрдон жилға.

Девор орти чорбоғ томонда…
Чигирткалар сайрайди тинмай.
Ой нурида салобат билан
Сулаймонтоғ туради жилмай.

Чекка уйда чироқ нурида
Алла айтар онаси хушҳол.
Бутун борлиқ қотиб қолгану
Сал шовиллаб қўяр эди тол.

Барчасини кузатиб ётган
Ўспириннинг хаёли мисол.
Бутун борлиқ бирдан жонланар,
Сўри томон елади ҳилол.

Юлдузлар ҳам энди ёнида,
Қўл узатса ушлаб олгудай.
Қулоғининг остида алла,
Барчасини куйга солгудай.

Ортда қолар салобатли тоғ,
Таниш дарё шовиллаши ҳам.
Тарк этмайди қадрдон алла.
Кун ёйилиб борса-да тарам…

Тонг отади.
Мунаввар оқ тонг.
Нафасида абадий алла…

Муаллиф ҳақида

azam-rahimАъзам Раҳим (Абдуразаков) 1971 йили Ўш шаҳрида туғилган. Фарғона Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. 1991 йилдан буён мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради. Қирғизистон маорифи аълочиси. Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.«Сабр чечаклари» (1995), «Ялдо карвони»(1999), «Шаҳсувор туйғулар» (2005) шеърий тўпламлари муаллифи. Шавкат Рамон номидаги мукофот лауреати (2005). Туркийзабон шоирларнинг халқаро ўнинчи анжуманининг иштирокчиси (2013).

Манба: www.ijodkor.com ва www.ziyouz.uz

(Tashriflar: umumiy 109, bugungi 1)

Izoh qoldiring