A’zam Rahim. She’rlar & Rahimjon Ali. Bilasizmi sog’inchning yoshin?

005

Шеър гоҳ бизни қабулига киритса, гоҳида биз уни қабул қиламиз. Чақмоқдек чақнаётган лаҳзаларнинг оний ҳолатлари ичра кезиб юрган туйғуларни “чақнатиш” бу шоирнинг маҳорати. Шоир ўша лаҳзани суратга олиб беради. Айни шеърнинг туғилиш жараёни шоирдан катта истеъдод, кучли маҳорат ва албатта жасорат талаб этади.

Раҳимжон Али
БИЛАСИЗМИ СОҒИНЧНИНГ ЁШИН?
(Шоир Аъзам Раҳим ижодига чизгилар)
08

   Шеър — шубҳасиз, кўнгил мулки. Кўнгилдан қандай ижро этилса, шундай қабул қилинади. Ундаги оҳанглар оқими ўзга бир оҳанглар оқимига қўшилиб кетаверади.
Шеър кайфиятлар чизгиси ёки ҳолатлар “сотқини”. У ўша лаҳзадаги шоирнинг ички руҳиятини ёки кечинмасини овоза қилиб қўяди. Шеър гоҳ бизни қабулига киритса, гоҳида биз уни қабул қиламиз. Чақмоқдек чақнаётган лаҳзаларнинг оний ҳолатлари ичра кезиб юрган туйғуларни “чақнатиш” бу шоирнинг маҳорати. Шоир ўша лаҳзани суратга олиб беради. Айни шеърнинг туғилиш жараёни шоирдан катта истеъдод, кучли маҳорат ва албатта жасорат талаб этади.

Ўқувчи, яъни шеърхон ўша суратдаги манзарадан ўзини, аниқрорғи ўз дардини, ўз оламини қидира бошлайди, топгач эса унда бадиий – эстетик завқ ҳосил бўлади. Шеърхон учун айни завқни топиш, керак бўлса унутилган дардини янгилаш ёки дардига малҳам топиш муҳим ҳисобланади. Ҳеч бир инсон ўзини, ўзидаги кечаётган ҳолатларни, ўзидаги кўнгил босқичларини ҳеч қачон тўлиқ тушуниб етмайди. Ўзидаги тушунарсиз ҳолатлар гирдобида қолганида, ўша гирдобдан чиқиш учун йўл ахтара бошлайди. Кимдир ким биландир суҳбатдош бўлгиси келар, кимдир суҳбатдошни ҳам ёқтирмай жимгина қўшиқдан ёки шеърдан йўл топиши, кўнгил қийноқларига малҳам, хотиржамлик бериш йўлакларини излаши мумкин. Шеърни тушуниш, уни англаб етиш унчалик муҳим ҳисобланилмайди, асосийси уни ҳис қила билишдир.

Мавзудан узоқлашмаган ҳолда шуни айтиб ўтиш керакки, Ўш адабий муҳити ўтган ва ҳозирги асримизда Ўзбек адабиёти деб аталмиш улкан дарёга ўз ўзанини қуйиб келган. Ёки бошқача қилиб айтгсак, ўзбек адабиётининг бир бутоғи – ажралмас бир бўлаги бўлиб келган. Худо ҳоҳласа бунинг буёғига ҳам шундай бўлиб қолишидан умид қиламиз.

Кечган асримизнинг 60-йилларидан кейин ўз фаолиятини бошлаган Жанубий Қирғизистон ижодкорларини бирлаштирган”Илҳом” ижодий уюшмаси нафақат Ўзбекистон, Қирғизистон балки, Марказий Осиёга таниқли бўлган санарли даражадаги ижодкорларни, шоиру-ёзувчиларни етиштириб берди ва албатта бу жараён ҳали ҳануз давом этмоқда ҳамда ўз кучини йўқотмаган деб айтсак муболаға бўлмас.

ХХ асрнинг охирги 10 йиллиги ва айни кунгача бўлган вақт орасида ўзига хос қалб овози билан муҳит тўлқинига жўр бўлган устозимиз Аъзам Раҳим ўзбек адабиётига яхшигина таниш.

Устозимизнинг шеърлари ўзига хос ранг-барангликлардан иборат. Гоҳо бу ранг-барангликлар кўзингизни қамаштирса, гоҳида кутилмаган ташбеҳлар ҳайратингизни оловлантириб қўяди. Аъзам Раҳим ижодида очиғи, кўпинча мураккаб ташбеҳлар қўлланилади, бир ўқишда «ҳазм» қилиш қийин иш, лекин қуйидаги шеър эса ўзининг содда ва лўнда, шунингдек кутилмаган ўхшашликларни чиқариб бериши билан ажралиб туради.

Биласизми соғинчнинг ёшин?

Шоир ўз шеърини кутилмаган савол билан бошлайди. Ростдан ҳам биласизми соғинчнинг ёшини? Соғинчнинг ёши бормикан ўзи? Ҳа, сиз кейинги сатрларда янада шу жараёнга қўшилиб кетасиз. Албатта, бу ерда “ёш” тушунчаси шубҳасиз “вақт” билан боғлиқ. Демак, вақт ҳукми соғинчга боғлиқми? Балки, сиз боғлиқ деб ўйлаётгандирсиз…

Вақтнинг ҳукми унгадир бекор.

Шу билан шоир биринчи сатрдаги гумонларга барҳам беради. Яъни сиз кечираётган гумонларга. Сўнгра шоир дарҳол сизнинг тарқалиб кетган ҳаёлларингизни жамлайди ёки кейинги сатрларда юқори сатрдаги инкорни тасдиқлайди:

Шунинг учун соғинчларимнинг
Анов тоғдан буюклиги бор.

Шубҳасиз, бу ерда тоғ вақт билан боғлиқ. Шоирнинг соғинчи эса тоғлардан ҳам буюкдир. Ҳўш, бу буюк соғинч ниманинг соғинчи ёки қандай соғинч? Вақтдан ҳам юксак, тоғлардан ҳам буюк қандай соғинч бўлди? Шоир сизни кўп ўйлантирмайди. Дарҳол ечимини айтади-қўяди.

Кичик жуссам сиғмас ҳеч ерга,
Талпинаман она юрт сари.

Соғинчнинг улкан лашкарлари орасида шоирнинг тани кичрайиб боради. Оқибат ҳеч қаерга сиғмай қолади.

Сочлари оқ мўйсафид соғинч
Ўсиб борар вақтдан ташқари.

дея ўз шеърини якунлайди шоир. Бу ерда ўқувчини ўйлантириб қўядиган савол туғилади. Соғинчга “сочлари оқ мўйсафид” деб таъриф берилмоқда. “Мўйсафид” қандайдир бир узоқ ёшни яшаб қўйганларга айтилади. Демак, вақт билан боғлиқ бўлиб қоляпти. Йўқ, бу гумон холос. Аслида бу ердаги соғинч шоирнинг ичидаги соғинч. Бу соғинч туғиладиган соғинч ва барҳам топадиган соғинч. Умуман инсониятда соғинч пайдо бўлади, инсон туғилишиданоқ бир нарсани соғиниб қолмайди. Вазият, ҳолатларга қараб соғинч яралади: Бу ерда икки жиҳатни кузатишимиз мумкин. Вужудда “мўйсафидлашувчи”соғинч. Бу қалбдаги соғинч бўлиб, бунда соғинч туғилганидан бошлаб сониялар соатлардек туюлиши мумкин. Иккинчи жиҳатдаги соғинч эса умумий, яъни ташқи муҳитга солиштириладиган соғинч. Бундаги соғинч ҳақиқатдан юксак, ҳақиқатдан буюкдир. У қанча вақт ўтгани сари шунчалик вақтдан ўсиб бораверади.

Ўш

Аъзам Раҳим
ШЕЪРЛАР
009

Аъзам Раҳим 1971 йил Ўш шаҳрида туғилган. 1978-1986 йиллари Ўшдаги 23-ўрта мактабда ўқиган.1986-1990 йиллари Ўш қурилиш техникумида таҳсил олган. 1991- 1997 йиллари Фарғона Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. 1991 йилдан буён мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради. Маориф аълочиси. Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси. «Сабр чечаклари» (1995), «Ялдо карвони»(1999), «Шаҳсувор туйғулар» (2005) шеърий тўпламлари муаллифи. Шавкат Рамон номидаги мукофот лауреати (2005). Туркийзабон шоирларнинг халқаро ўнинчи анжуманининг иштирокчиси (2013).

009

ШУКРОНА

Эврилар,
Эврилар,
Эврилар кўнгил.
Буюк кенгликларнинг уфқида мудом.
Гўдакнинг ғунчадай лабида кўрдим
Ҳайратнинг сатҳига сингмаган ором.
Энди
Мувозанатин йўқотиб қўяр
Эркин ҳаволарда муаллақ ўйлар.
Чиркин ташвишларим ўзини сўяр.
Умидим бўйлари осмонни бўйлар.

Кунларнинг тилида муқаддас оят.
Сўзимга кўчади шукрона калом.
Тунлар оромида фақат муножот,
Тазарру боьларин кезиб бардавом.

Ҳар бир қарич ерга экиб кетаман
Хокисор илинжим уруғларини.
Очиқ қўллар қазган ариқчаларда
Оқизиб кўзимнинг шўр сувларини.

Ҳидоят нуридан талпиниб қалбим
Осойиш юртида кезади масрур.
Оралиқ оламнинг ҳайратларига
Кўзини чирт юмиб кетади мағрур.

Ризолик қидирган илинжим тили
Бутун вужудимни турар титратиб.
Йўқотган китобим топиб олдимку,
Баьримга босаман гардини артиб.

Энди фикру ўйим сарҳадларида
Илоҳий шукуҳдан юрак парвона.
Гарчанд тилим лолу ҳайрон турса-да,
Ундан таралади садо — шукрона..

***

Биласизми соғинчнинг ёшин?
Вақтнинг ҳукми унгадир бекор.
Шунинг учун соғинчларимнинг
Анов тоғдан буюклиги бор.

Кичик жуссам сиғмас ҳеч ерга,
Талпинаман она юрт сари.
Сочлари оқ мўйсафид соғинч
Ўсиб борар вақтдан ташқари.

1996

БЎСАҒА

Ҳайрат кўзларига қон тўлар бугун,
Бугун гупиради сокин ҳаяжон.
Гўёки зулматни енга олган нур
Ўлик сукунатга бахш этади жон.

Ўша кўҳна толнинг паҳмоқ сочлари
Қора рангга эмас,
оқ рангга дўнар.
Ялтоқланаётган музнинг ҳайбати
Эркин хаёлларнинг тафтидан сўнар.

Гувала деворнинг ковакларидан
Асрий ғуборларнинг гуллайди барги.
Ёлғон эртакларин айтиб чарчаган
Тунни уйғотади нотаниш сезги.

Сийму зар тақади қонталаш рўё,
Йўйилган таъбири кенгликлар алвон.
Шиддат-ла қоришиқ руҳлар сасидан
Энг зарра гиёҳнинг тили ҳам бийрон.

Фақат лол чеҳралар мудрайди узоқ,
Минг бир титроғидан чиқмайди кори.
Фақат қувват берар,
қувват берар тонг,
Ёрқин ёмғирларнинг ўйноқи тори.

ШЕЪР ҲАҚИДА СЎРАМА

Шеър ҳақида сўрама мендан,
Дардни сўра, аламни сўра.
Хотиралар ёзиб чарчаган
Қалб дардкаши қаламни сўра.

Шеър ҳақида сўрама мендан,
Ловуллаган оловни сўра.
Юракдаги улкан минордан
Балқиб турган яловни сўра.

Шеър ҳақида сўрама мендан,
Руҳ исинган маҳзанни сўра.
Тил учида айтолмай қолган
Таърифи йўқ масканни сўра.

Шеър ҳақида сўрама мендан,
Сукунатнинг тилсимин сўра.
Қаердадир унутиб қўйган
Шеърнинг сўнгги қисмини сўра…

ШУКРОНА

Эврилар,
Эврилар,
Эврилар кўнгил.
Буюк кенгликларнинг уфқида мудом.
Гўдакнинг ғунчадай лабида кўрдим
Ҳайратнинг сатҳига сингмаган ором.
Энди
Мувозанатин йўқотиб қўяр
Эркин ҳаволарда муаллақ ўйлар.
Чиркин ташвишларим ўзини сўяр.
Умидим бўйлари осмонни бўйлар.

Кунларнинг тилида муқаддас оят.
Сўзимга кўчади шукрона калом.
Тунлар оромида фақат муножот,
Тазарру боьларин кезиб бардавом.

Ҳар бир қарич ерга экиб кетаман
Хокисор илинжим уруғларини.
Очиқ қўллар қазган ариқчаларда
Оқизиб кўзимнинг шўр сувларини.

Ҳидоят нуридан талпиниб қалбим
Осойиш юртида кезади масрур.
Оралиқ оламнинг ҳайратларига
Кўзини чирт юмиб кетади мағрур.

Ризолик қидирган илинжим тили
Бутун вужудимни турар титратиб.
Йўқотган китобим топиб олдимку,
Баьримга босаман гардини артиб.

Энди фикру ўйим сарҳадларида
Илоҳий шукуҳдан юрак парвона.
Гарчанд тилим лолу ҳайрон турса-да,
Ундан таралади садо — шукрона..

* * *

Ўттизни қоралаб умрим оқарди,
Бир тутам нур ила ўйнашди кўнгил.
Гоҳ сокин , гоҳ саркаш кунлар селида
Оқди,
оқаверди мажнунсифат дил.

Кунларнинг ўзимас,
кўзига боқиб,
Хаёл уммонидан дурлар изладим.
Тизимлаб улгурмай дурлар сочилди.
Ёруғ ҳасратлардан эртак сўзладим.

Эртагим чўзилди,
чўзилди чунон.
Кўзим қорасига жойланди олам.
Бағримга ботган қуёш оловранг
Тафтидан кўнгилда яшарар кўклам.

Кўкламнинг умрига умрлар тилаб,
Вақтнинг қабоғига термулиб толдим.
Дуне чархпалагин ғичирларига
Мен энди анчайин кўникиб қолдим.

Жайдари сўзимнинг аксу садоси
Кўнгил сарҳадларин турар тебратиб.
Қашқирлар овози қоплаган тунда
Кичраяр сўзимнинг бўйи, келбати.

Бундайин хорликка дош бериш мушкул.
Тишларим қисирлаб кетар ушалиб.
Тунлар адоғига айтилган тилак.
Ойнинг дудоғида қолар тўшалиб.

Энди ойлар, йиллар силсиласига,
Уланиб кетади мўйсафид ёшим.
Барибир кўнгилни ёритиб турар,
Оҳорий сўзимнинг аввали, боши…

* * *

Қашқирлар галаси,
кулранг сукунат.
Ёлғизлик даҳшати солмаган қўрқув.
Ишончнинг сийратин соғиниб яшаб,
Кўзимни элитар кутмаган уйқу.

Кўзларни каттароқ очиш истаги
Эътиёж мулкига борар айланиб.
Қашқирлар овози қоплаган кунлар
Оғриқдан кўзларим кетади тиниб.

Юракнинг қатига беркинган тонглар
Уйқусин очмоққа етар мадорим.
Ғалат куч сеҳридан вужудим соҳир,
Тубдан қимирлашга йўл бермас корим.

Мен энди ўзга бир тариқат излаб,
Заҳмат ҳирқасини ёпинган солик.
Ўзга бир туйғулар муқаддас жойда
Ризолик излайман таъмадан ҳоли.

Қашқирлар галаси,
кулранг сукунат.
Карвон этагида жасадим ёлғиз.
Қалбда моҳим,
тўла ҳуржунимда нур.
Ортимдан қолади фақиргина из.

Қашқирлар галаси,
кулранг сукунат.
Карвон этагида вужудимда нур.
Қум сатҳига ботиб кетмайди бутим.
Сийратда заҳматим,
кўнглим эса ҳур…

ҚОР ЁҒАР

Қор ёғар,
қор ёғар,
оппоқ қор ёғар.
Қарғалар қишлайди юрак даштида.…
Замҳарир кунларга ҳоким сукунат,
Талтаяр тош қотган сўзим гаштида.

Ногоҳ ҳоким тинчин бузар қарғалар,
Чулғаб олар нохуш сас йироқларни.
Энди бутун даштни ларзага солар,
Уйғонган сўзимнинг ҳансироқлари.

Ўйноқлаб ёғаётган қорнинг шаштига,
Сўзимнинг парвози кетар қўшилиб.
Оппоқ олам узра ёйилиб кетар,
Нурли қанотлари аста эшилиб.

Энди ер ҳам,
кўк ҳам бирлашиб кетар,
Оралиқ тўлади оҳорий мавжга.
Бу онлар кўзларни юммоқлик — даҳшат.
Кучли нигоҳлардан ранг чиқар авжга.

Туғёнларим учқур қаноти билан,
Фалак оғушида сузади масрур.
Бедор ҳисларимнинг шалоласида,
Оқлик оламида қоламан мағрур…

ҚЎШИҚ

Ҳаёт, сенинг кўзларингни
Аро йўлда кўрмадим.
Ғафлат, сенинг сўзларингга
Фақат баъзан кирмадим.
Лекин қалбим буюрганин
Қалтис йўлга бурмадим.
Шундан менинг пешонамнинг
Кенглиги ҳам торлиги.…

Кўкдан эса бир нигоҳнинг
Оғушига талпиндим.
Ўшал гўзал чеккан оҳнинг
Бир оҳига айландим.
Тутқич бермас хаёлотнинг
Тушовига бойландим.
Шундан менинг пешонамнинг
Кенглиги ҳам торлиги.

Балким менинг пешонамнинг
Кенглиги ҳам торлиги.
Эмиш балки бу юракнинг
Пок ҳисларга ёрлиги.
Қалбда унган бир туйғунинг
Бир туйғуга зорлиги.
Шундан менинг пешонамнинг
Кенглиги ҳам торлиги.

МИННАТ

Тасқара миннатнинг кўзига
Тик қараш мушкулдир, биламан.
Кўп оғир, залворли юкини
Бемажол елкамга оламан.

Чирпирак тошлари кўксимни
Мажақлаб янчийди, ўяди.
Бир қарич тили ҳам кўксимни …
Барибир бир куни сўяди.

Чарчадим илжайиб боқишдан.
Нафрат-ла йўлингни тўсаман.
Миннат, сен зўр бўлсанг, мен энди
Қисилган тилимни кесаман.

ЭРКИНЛИК

Ҳар кун киядиган оппоқ яктагинг
Эгнингга иласан андиша билан.
Кўйлакка ҳам сенинг келади раҳминг.
Ранжитиб қўйишдан жуда қўрқасан.

Ёлғиз дардларингга ҳамдард хонангга
Ҳайр, деб чиқасан,
эшик ғичирлар.
… Ортингдан эргашиб қолар йўқчилик.
Соянг қулоғингга аста пичирлар.
Тўйиб-тўйиб эркин нафас оласан.

Вужудинг эзилар,
кўнглинг тўлмайди.
Юрагинг орзиқар,
кутиб толасан.
Ичингда ўлмасинг – умид ўлмайди.
Атрофга қарайсан,
таскин излайсан.

Қўлларинг шалвираб тушар бўшлиққа.
… Изғиб елаётган дарбадар шамол
Овози ўхшайди мунгли қўшиққа.
Дарахтнинг учида қолган япроқ-чун
Илтижо қиласан,
бардош тилайсан.

Совуқда тентираб юрган кучукнинг
Бошини меҳр-ла секин силайсан…
…Қайтасан қадрдон хонангга охир,
Елкангга осилиб умид ухлайди.
Умидни кўтариб юрмоқлик оғир.
Кўча-кўйга ташлаб кетиб бўлмайди.

ЯЛДО

Тундайин кун бўлди, тундайин.
Ялдога уланди пешлари.
Паришон хаёллар вақт сайин
Айланиб боради тескари.

Эрк бериб дилафгор ҳисларга,
Ётибман илкимда остона.
Ҳатласам, бетайин сасларга…
Зулумот тебрангай мастона.

Қошлари чимирилган ғурурнинг
Яраси айлангай исёнга.
Кечаги алданган сурурнинг
Хотири эврилгай илонга.

Ўйларим ялдога муштарак,
Узайиб боради бўйлари.
Йилт этган нур каби жон ҳалак,
Умиднинг ёришгай рўйлари.

КЎЗЛАР

Оғушига тортган рангнинг кўксида
Ўша сенинг маъюс жамолинг тумор.
Оппоқ хотиржамлик бўсағасида
Титроққа юкиниб йиғлайди хумор.

Кузакнинг шамоли пардалар тортган…
Андуҳлар қаърида сўлғин қорачиқ.
Асабий аттанглар эрта қаритган
Тим қора сочларнинг сояси очиқ.

Тасодиф нигоҳдан ўйларим карахт.
Кўзимга сиғмаган кўзлар баланд дор.
Ўтинч бор, сенга эй,
Ҳазонрез сайёд —
Мен билган кўзларга бермагин озор.

ЁР-ЁР

Ўзини қўярга жой тополмасдан,
Изғиб елаётган дарбадар шамол.
Қўшни маҳалладан ёр-ёр садосин
Ҳовлимга ташлаб кетар бемажол.

Кўчага етаклар, етаклар ёр-ёр,
Оёқлар ўзимга бўйсунмай қолар.
Юракнинг тубидан жой олган озор,…
Ўрнини хаёллар эгаллаб олар.

Хаёллар, хаёллар, беор хаёллар,
Ҳар турли йўлларга кетар етаклаб.
Йўд четида уввос солади толлар.
Гўё борлиқ ҳамдард менга атайлаб.

Тушади бир томчиёмғир юзимга,
Хаёл ўзга , ўнгимда эвоҳ.
Сен бўзлаб кетяпсан, ёр-ёр авжида
Андиша йўлимга қўяди тузоқ.

Шамоллар елкамга қўлини қўйиб,
Бас етар, ортга қайт , дея ёлворар.
Сен кетган йўлакни жалалар ювиб,
Осмонни ҳам менинг фарёдим ёрар.

Қайтаман ортимга, қадамлар оғир,
Дарвозам олдида кутар мунисам.
Ўйчан кўзларида минг бир хавотир,
Қанийди бир сўз-ла уни аритсам.

— қайда қолдинг болам, овқат совиди,
Деган сўзларига мен эмас йўқ, йўқ,
Ботиний ғалаён жавоб беради,
Кўксимга отилар энг охирги ўқ.

-Ойижон нимайди овқат совиса,
Кўнглим совиганда бутун дунёдан…

КУЗ

Абрнинг кўксида илон болалар,
Уфқ ҳам қизармас, куймайди лаби.
Елвизак тиллари ҳар ён оралар,
Жимликни кўтармас табиат таъби.

Сўкибми ё шу дам кимнидир қарғаб,
Қағиллаб ўтади дайди қарғалар.
Заминга бахмалдан поёндоз тўшаб,…
Дарахтдан тўкилар тилло сирғалар.

Узуқ-юлуқ эслаб қолар дарахтлар,
Далли шамолларнинг эртакларини.
Гўё табиат ҳам унутиб қўяр,
Баҳорнинг тилаган тилакларини.

ЯПРОҚ

Тўкилар пойингга куз япроқлари,
Сен бемалол уни босиб ўтасан.
Қизиқтирмас сени чеккан оҳлари,
Борлиқни титратиб ўтиб кетасан.…

Сўнггиси сочингга осилиб қолар,
Бўйингга маст бўлиб тебранар телба.
Сен юлиб оласан,
олмасанг агар,
У юрак остига урар бир зарба.

Қўлингда ғижимлаб эзасан аста,
Минг битта бўлакка бўлинар япроқ.
Бир дарахт қолади — юраги хаста,
Сочларини юлиб қолади бир боғ.

СУНБУЛА

Сунбула эзғилар хаёлларимни,
Сокинлик бағрига қулаб бораман.
Жонсарак ўтказган ҳар онларимнинг
Битталаб-битталаб сабрин ёраман.

Жунжикиб, мудраган салқин тунларни
Узоққа оқизиб кетар ўйларим.
Ташвиш соч таратган оқ соч кунларнинг…
Дардини ёяди маҳзун куйларим.

Мажнунтол сочларин силаб оҳиста,
Эсин йиғиб олган сув оқар сокин.
Ғубор япроқларга тикади кашта,
Олисларда ухлар гулдурос эпкин…

Эврилган юрагим тонгни алқайди,
Қутқариб қолган-чун азоб қаъридан.
Еллар дарахтларни ялаб-юлқайди,
Қўрқмайин сокинлик- ҳоким қаҳридан…

Осмонда карнайчи сайёҳ турналар,
Соғинчнинг дардларин тўкиб кетади.
Сунбула юракни эзиб тирналар,
Ортингдан оҳларим қувиб етади

Сунбула эзғилар хаёлларимни…

22

(Tashriflar: umumiy 226, bugungi 1)

Izoh qoldiring