Azim Suyun. She’rlar & Zamira Egamberdiyeva. Norbibi ena & Azim Suyun. Ikki kitob: O’zlik & Javzo

0_166fee_5f30d5d_orig.pngАтоқли шоир Азим Суюн таваллудининг 70 йиллиги олдидан

Инсондаги эътиқод туйғусини жуда қадрлайман. Ғаламислик, иккиюзламачиликдан нафратланаман… «Тоғларда куз», «Тутқун», «Туннинг қора сукунатин…», «Чингиз Аҳмаров», «Аёл жангга кирса…», «Қуёш ботар пайти…», «Соғинч», «Вола» каби шеърларим, «Қадимги Нурота қўшиқлари» туркумим, «Замин тақдири» достоним ўзимга ардоқлироқ («Шарқ юлдузи» журнали саволларига жавоблардан).

Азим СУЮН
ДИЛДАГИ ГАПЛАР
«Шарқ юлдузи» журнали саволларига жавоблар
09

1. Биринчи асарингизнинг эълон қилиниши тарихини гапириб берсангиз?

— Журналимиз саволларини кўриб чиқиб, уларга жавоб беришдан олдин кўп йиллардан буён қадрдон бўлиб кетган эски чамадонни очдим. Унда бутун «бойлигим» — барча нашрларим сақланади. Бир сўз билан айтганда: архив.

Ёдимдан кўтарилган экан — биринчи «асар»им 1961 йил «Гулхан» журналининг март сонида босилган «Китоб ўқиган эдим» деган бадиийнамо мақола бўлиб чиқди. Имзо: Азимжон Олимов (отамнинг исми Олим).

Асосий машғулотим — шеърларимдан намуналар эса 1965 йил «Ғунча» журналида босилган. Лекин мен «биринчи асарларим» деб 1975 йил «Гулистон» журналининг 11-сонида чоп этилган бир туркум шеърларимни биламан. Шеъриятнинг ғоят нозиктаъб тадқиқотчиси Иброҳим Ғафуров «Оқ йўл» берган. Имзо: Азим Суюн (Суюн — бобомнинг исми). Шундан буён шу имзо остидаги шеърларни шахсан ўзимники деб ҳисоблайман.

2. Бевосита ёзиш жараёни Сизда қай тариқа кечади? Ижодда «туртки» деган тушунча бор. Масалан, Лев Толстой синиб ётган бўтакўзни кўриши билан қалбида, шуурида тўсатдан «чақмоқ чаққану» сизу биз яхши биладиган «Ҳожимурод» деган ажойиб асарини ёзган экан. Сизнинг тажрибангизда ҳам шундай ҳолатлар бўлганми? Қайси асарингизда?

  — Ёзиш жараёни… насрчиларни билмайману, аммо шоирларда бу ҳолат жуда турли-туман кечиши табиий. Асосан тунда — шовқинли ҳаётдан узилиб ишлайман.

«Туртки» масаласига келсак… у азалдан бор нарса. Менинг тажрибаларимда ҳам бўлган — эсимда қолганлари кўп.

1976 йил «Фан ва турмуш» журналининг қайси бир сонида Наури ороли ҳақида ўқиб қолдим. Гап шундаки, бу орол тупроғи фақат фосфатдан иборат. Унда 36 хонадон яшайди. Бу оролнинг эгалари ўз заминларини — Ватанини, яъни фосфатни тинимсиз қазиб олиб, чет элликларга сотади, шу кетишда кетса, тезда орол замини тугайди. Бирдан, ўзи ўтирган шохни арралаб, дарахтдан йиқилиб тушган ўзимизнинг Насриддин афанди ҳақидаги машҳур латифа ёдимга тушди.

Ана шу факт «Замин тақдири» достонимнинг яратилишига олиб келди.

3. Қайси асарингиз ўзингиз учун айниқса қадрли? Қайси биридан кўнглингиз тўлмаган?

— Тортинмайман, айтаман. «Тоғларда куз», «Тутқун», «Туннинг қора сукунатин…», «Чингиз Аҳмаров», «Аёл жангга кирса…», «Қуёш ботар пайти…», «Соғинч», «Вола» каби шеърларим, «Қадимги Нурота қўшиқлари» туркумим, «Замин тақдири» достоним ўзимга ардоқлироқ.

Кўнглим тўлмаганларини эса доимий равишда ишлаб бориш одатим бор.

4. Ижодда кимни устоз деб биласиз?

— Фалончи деб айтолмайман. Халқ оғзаки ижодини севаман. Халқимиз тарихи — менинг ижодим учун доимий манбалардан бири. Маҳмуд Қошғарий, Яссавий, Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон тилини ғоят қадрлайман. Прозани кўп ўқийман. Бир гап айтайинми? Энг нодон назмбоздан ҳам ўрганаман.

5. Ёзувчининг актив гражданлик позицияси деганда нималарни тушунасиз?

— Агар сенинг ижодинг халқингга, жамиятга ўз эзгу таъсир куч-қудратини кўрсата олса, бу гражданлик, позициянг тўғрилигидан далолатдир.

Тағин бир гап. Нега бир умр қўлидан қаламини қўймаган Алишер Навоий кези келганда қўлига қилич тутди? Нега Байрон мутлақ бегона элда — Юнонистонда озодлик учун курашувчилар тарафида жангга кирди? Нега Чернишевский  «Нима қилмоқ керак?» деган саволни кўндаланг қўйди? Нега? Чунки, уларнинг сўзи ва фаолияти бир эди!

6. Ҳаётингиздаги энг бахтли дамлар қайси-ю, энг бахтсиз кун қайси?

— Бахтли дамларни мен нимагадир тез унутаман. Бахтсиз дамлар… бирини хотирлашга рухсат беринг.

1961 йил. Декабрь. Олтинчи синф ўқувчисиман. Аълочиман. Синфкомман. «Шоир» деган номим бор. Ҳурматим жойида.

Дарсдан мени директор идорасига чақирди. Остонадан киришимни биламан, кучли қўл зарбидан учиб кетиб, йиқилдим. Тепкилаш бошланди. Қанча тепки едим, билмайман. Охири турғазишди. Зўрға турдим, зўрға кўзимни очдим. Қатор турган ўқитувчиларни кўрдим ва… елкамдан маҳкам сиқиб ушлаб турган Турсунқул магазинчини кўрдим. У: «Кеча қаерда эдинг?» — деди важоҳат билан. Мен зўрға «уйдайдим» деб жавоб бердим. «Уйдамидинг?» деди у яна. «Уйдайдим» дедим мен. Тағин кучли зарбдан йиқилдим. Директордан тортиб, оддий ўқитувчиларгача бу ҳолга бепарво қараб  турар эди. Мен ҳеч нарсани тушунмасдим, бошим, биқиним қаттиқ оғрирди, қалтирардим. Яна магазинчи бир неча бор тепди. Хайрият, илмий мудир «Бўлди, етар…» деди секингина. Кейин у менга «Ростини айт, кеча қаерда эдинг?» деди. Мен яна уйдалигимни айтдим. «Йўқ, сен кеча уйингга бормагансан, магазинга ўғриликка гушгансан, ручка, перо, чой ўғирлагансан, мана, синфдошинг айтди», деб бурчакка ишора қилди. Бурчакда… бир синфдошим — қариндошчам шумшайиб, кўзлари ўйнаб турар эди. Қисқаси, мен туҳматга қолгандим. Қариндошча — синфдош қишлоқ магазинининг ойнасини синдириб, пул ҳисобида 6 сўмлик нарса ўғирлаган, магазинчининг «сен бир ўзинг ўғирламагансан, шеригинг бўлган, шуни айт» деб уриб, тепиб зуғум қилгандан кейин у мени ўзига «шерик» қилиб олганди.

«Ўғри» деган номга эга бўлиб олдим. Исбот қилиб кўр-чи? Кимга борасан? Кимга тушунтирасан? Ҳамма қўлларини бигиз қилиб «ўғри» дегандек бўлади. Озиб- тўзиб кетдим. Мактабга бормай қўйдим. Синфкомликдан «тушуришган». Одамларга кўринмасликка ҳаракат қилдим. Ҳеч кимсага кўринмай йиғлайман. Одамови бўлиб қолдим. Ана шунда:

Қўй, ифлос сўзларга солмагил қулоқ,
Ҳар хил иғволарга бермагил қулоқ.
Туҳматга йўлиқсанг мабодо агар,
Ўз жойида қарор топадилар ҳақ, —

деб ёздим. (Айнан кўчирдим).

Азбаройи, жиддий фикрлашга ўтдим — одамлар ҳақида бошқача ўйлай бошладим.

Кейин, ҳақиқат-ку қарор топди. Аммо ўша дамларни, ўқитувчиларимнинг «томоша» қилиб туришларини асло унутолмайман. Менинг учун энг бахтсиз дамлар ўзимнинг ҳақлигимни исботлай олмай юрган ўша дамлар эди!

7. Чиқаётган асарларимизнинг қайси камчилиги Сизни кўпроқ ташвишга солади? Ўз ижодингизда ҳам камчилик сезасизми?

  —  Эркин вазнда ёзилган шеърларим талайгина. Кейинги пайтда нимагадир бу вазндан ихлосим қайтди.

8. Инсондаги қайси фазилатларни қадрлайсиз? Қандай қусурларни ёмон кўрасиз?

—  Инсондаги эътиқод туйғусини жуда қадрлайман. Ғаламислик, иккиюзламачиликдан нафратланаман.

9. Баъзи журналхонлар «фалон китобнинг фалон қаҳрамони ҳаётда борми ёки уни ёзувчи ичидан тўқиб чиқарганми?» — деб сўрашади. Ҳаёт ҳақиқатининг бадиий ҳақиқатга айланишини ўз ижодингиздаги айрим мисоллар билан айтиб берсангиз?

  — Ҳаёт ҳақиқати — бадиий ҳақиқатга айланмаган асарнинг кимга кераги бор?!

10. Танқидга муносабатингиз? Ўзингиз танқидчи бўлсангиз нима қилардингиз?

— Танқидчининг вазифаси ёзувчи ва ёки шоир ижоди мисолида ҳаёт ҳақидаги, давр, жамият ҳақида юрагидаги ўз гапларини, ўз ўйларини, ўз хулосаларини қувонч ё изтироб билан баралла айтиш деб тушунаман. Мабодо, танқидчи бўлганимда шу йўлни тутган бўлардим.

11. Ҳозир қандай асар устида ишлаяпсиз?

— Шу йил бошида «Сарбадорлар» деб номланган шеърий трагедия ёзиб тугатдим. Ҳозир сайқал бериш билан бандман.

Манба: «Шарқ голдузи» журнали, 1986 йил, 12-сон.

Замира ЭГАМБЕРДИЕВА
НОРБИБИ ЭНА
09

Оналарнинг ҳаммаси яхши. Оналарнинг ҳаммаси бахтли. Негаки, инсон боласиниг жисму тани, бутун вужуди, руҳияти унинг муҳаббати билан йўғрилган.

Биз Ватанга таъриф бериб, Она-Ватан деб улуғлаймиз. Она учун ватан фарзанддир. Бу шундай ватанки, она уни ўзидан бошқа ҳеч бир инсонга ишониб топширолмайди. Ҳамиша бағрида асрашни истайди. Бироқ…

Бизнинг тасаввуримизда табиатдаги ҳар бир тирик жон — ҳар бир инсон фақат бир марта туғилади. Фақат оналаргина бу темир қонуниятни четлаб ўтишга қодирдирлар. Улар ҳар гал фарзандлари билан қайта-қайта дунёга келадилар, улар билан бирга улғаядилар.

Одат бўйича мусулмон дунёсида ибодат пайти оламни сув босса ҳам намозни бузиш гуноҳ ҳисобланади. Фақат бир ҳолдагина, агар ўша муслим ёки муслимани волидаи муҳтарамаси чорлаб қолсагина намозни тўхтатишга рухсат этилади. Бу тасодиф ёки шунчаки урф эмас, балки фарзанд олдидаги она қадрининг  тимсолидир.

Она ўз жигарбандини Яратганнинг мукофоти, тирикликнинг неъмати деб эъзозлайди, гард юқтирмай катта қилади. Ҳамиша кўз ўнгида юришини, ҳар бир ҳаракати, ҳатто ўй-хаёлларидан ҳам воқиф бўлиб яшашни истайди. Бироқ  ҳаёт шафқатли эмас: бир-биримизга қанча интилмайлик, фурсат етиб тақдир деб аталмиш уммоннинг икки соҳили эканлигимиз намоён бўлиб қолади. Эндигина онажонимизнинг қадрига етаётганимизда ундан беихтиёр узоқдашиб кетамиз. Онаизоримизни меҳримизга илҳақ, йўлларимизга интизор қилиб қўямиз.

img345a.jpgОлти нафар ўғилни дунёга келтириб камолга етказган Норбиби эна Нурота тоғ тизмаларининг пинжига кирай-кирай деб турган дўппидеккина Накурт қишлоғида кечаю кундуз болаларини дуо қилиб яшайди. Гоҳо дуодан бўлак юмушга ярамасам, нима қилай, деб ўзича зорланиб қўяди. Йўқ, аслида тошлардан гул ундириб, дарёларни тескари оқизган ҳам, қирғинбарот урушларга барҳам бериб, ҳурлик ниҳолларини ундирган ҳам оналар дуосидир.

77 ёшли онахон ширин хаёллар билан ёстиққа бош қўяди. Энанинг сергак кўзларига ҳадеганда уйқу келавермайди. Улар ҳар бир нуқтадан ёруғлик излашга, ҳар бир сониядан яхшилик кутишга ўрганиб қолган. Қолаверса, бу қишлоқда юлдузлар шунчалар ёрқин чарақлайдики, осмон тўла ой дейсиз.

Халқимиз шоирларни азиз билиб, бошига кўтарган улуғ халқ. Бизнинг юртимизда қадим-қадимдан шоир туғилган уй, шоир юрган йўллар, шоир сув ичган булоқлар табаррук аталган. Шоирнинг турмуш ўртоғи, ўғил-қизларининг кўрар кунларини ҳам элнинг муборак назари мунаввар этади. Лекин не-не тарихий битиклар борки, уларда шоирларнинг оналари ҳақида биз излаганчалик кўп маълумотлар йўқлиги кишига малол келади. Ҳолбуки, биз Навоийнинг, Машрабнинг, Нодиранинг волидаи муҳтарамалари тўғрисида кўпроқ билишимиз, уларнинг ҳаётий тажрибалари ва ўгитларини ўрганишимиз даркор эди.

Норбиби эна ҳам шоирнинг онаси. Бахшиёна шеърлар муаллифи, эл назарига тушган Азим СУЮНни аллалаб, улғайтирган она.

Норбиби эна ўғлининг шеърларини эмас, шеър ўқиш оҳангларини ёддан билади, китобларини муқовадаги ёзувиданмас, ҳидидан танийди. Эна телевизор кўришга иштиёқманд эмас, лекин шоир ўғли чиқадиган кунларни кўнгли сезиб, ойнайи жаҳонга термулиб ўтиради.

— Азимбой жуда яхши бола бўлган. Инжиқлик қилишни ҳеч билмасди. Оёғи чиқиши билан отасининг ортидан эргашиб мол боққани тоққа чиқиб кетган. Мактабга ҳам тўққиз ёшга етиб, бўйи анча чўзилиб қолганда борган. Лекин бир гап эшитса, тагига етмасдан қўймай савол бераверарди. Газета-журнал қўлига тушиб қолса, биринчи варағидан тортиб охирги бетигача битта сўзиниям қолдирмай ўқиб чиқарди.

  — Эна, мана сизнинг олти ўғлингиз бор. Азим ака болаликда ака-укаларидан нимаси билан фарқ қиларди? Ўғлим катта бўлса зўр бир шоир бўлади деб ҳеч хаёлингизга келтирганмидингиз?

— Бир қориндан талашиб тушгани билан болаларнинг ҳаммаси бир хил бўлмаскан, ҳар хил бўларкан. Азимбой бирор иш қилса, ҳеч кимдан тап тортмай қиларди. Томни бошига кўтариб қўшиқ айтишни яхши кўрарди. Китоб-питоб ўқисаям овозини баланд чиқариб бақириб-бақириб ўқирди. Акаси Нурбек ва укалари ҳам ўқишарди-ю, лекин улар анча тортинчоқ эди. Шоир бўлар деб ўйламовдим-у, лекин шу боламдан ҳар доим кўнглим тўқ юрарди. Азимбойим тегирмонданам бутун чиқади худо хоҳласа, деб қўярдим ўзимча. Мана, айтганимдай бўлди. Элликка кираяптики, ҳеч куйдиргани йўқ. Мартабаси бундан ҳам улуғ, насибаси бутун бўлсин, илойим!

— Азим аканинг қишлоққа — бағрингизга қайтиб келишини хоҳлайсизми?

—  Қайси она хоҳламайди дейсиз, боласининг ёнида бўлишини… Мен ҳам ўғилларимнинг ҳаммасини кунда кўриб турсам дейман. Лекин бунинг иложи йўқлигини ҳам биламан. Чунки болам бундан ўттиз йил олдин Тошканга бир ўзи кетган бўлса, ҳозир ёлғизмас. Аёли, бола-чақа билан ҳам ҳисоблашиш керак-да! Ўзи жон деб келарди-ю, ўғил-қизлари шаҳарда туғилиб, Тошканга ўрганиб кетишган. Майли, қайда бўлишсаям, омон бўлишса бўлгани. Бошлари тошдан бўлсин болаларимнинг…

Норбиби эна ҳар бир гапини қутлуғ дуолар билан якунлайди. У менга қарамайди ҳам, ерга тикилганча, хотиржам, сокин бир оҳангда сўзлайверади. Мен эса нуроний қиёфага қараб ўйланиб қоламан: бу ажинлар қисмат чизиқларимикин ёки тақдир дарахтининг томирларимикин! Уларнинг қаърида онахоннинг ёлғиз ўзигагина аён бўлган қанча сиру синоат, меҳнат ва машаққат, хуш ва нохуш хотиралари яшириндир…

—  Отам уста Мамадалибой 80 ёшда, энам Бегимой 84 ёшида қазо қилишган. Жойлари жаннатда бўлган бўлсин, илойим. У пайтларда куёв ҳам тайёр турган эканми, мени 14 яшарлигимдаёқ 5-6 та оҳорли кўйлагу 3-4 сўзанани сеп қилиб узатиб юборишган. Бир қўра молимиз бўларди. Кунда икки маҳал 18-20 талаб сигирни кўрдим демай соғиб ташлардим.

Норбиби энанинг ҳикояларини ярим тунгача алла эшитгандек ҳузур қилиб тингладим. Онахон ҳозир қаддини тик тутиб юролмайди. Лекин ёшлигида ниҳоятда сарвқомат, дилбар аёл бўлганлиги шундоққина кўриниб турибди.

— Ўзим яхши келин бўлганим учун Яратган менга ҳам оёқ-қўли чаққонгина келинларни насиб этди.

Эна ҳовлида елиб-югуриб хизмат қилаётган келини Зулайҳога астагина кўз қирини ташлаб қўяди. Дарвоқе, беш қиз ва икки ўғилнинг онаси бўлган Зулайҳо қайнонасининг кўнглидаги гапни кўз қарашиданоқ сезади

Қайнона-келин меҳмонлар ёнида ҳеч бир гап-сўзсиз, имо-ишорасиз, фақат кўзлари билангина сўзлашадилар.

Одамзот одатда болаликда бетоқат бўлади. Сал-пал оқ-қорани таний бошлагач ношукурлик дардига учрайди. Сабр-бардошлилик эса кексалар фазилатидир. Норбиби эна ҳам ҳар бир ҳодисани табиийдек қабул қилади, ҳеч қачон нолимайди, зерикмайди, «уфф» тортмайди. Ўғилларининг, бир-биридан ширин невараларининг йўлига кўз тикишдан толиқмайди.

Накурт худо ярлақаган қишлоқ. Бу қишлоқнинг сон-саноқсиз хуштаъм булоқлари бор. Норбиби эна ҳовлисининг биқингинасида ҳам оби ҳаёт — кечаю кундуз қайнаётган булоқни одамлар АҲМАДБУВА БУЛОҒИ деб атайдилар. Булоқдан сув олиш учун келган кишилар бир этак невара, эвара ва чевараларнинг пиру бадавлат буваси — 86 ёшли Аҳмад бува ва унинг 85 ёшли фариштадай кампири Яхшигул эналарнинг оқ фотиҳаларини ҳам қўшиб олиб қайтадилар.

Азим Суюннинг жўшқин болалиги ҳам шу булоқ бошида ўтди. Кексалар булоқнинг бошидан сув ичган элнинг палаги тоза, дийдаси юмшоқ, юраги бақувват бўлади, дейишарди. Рост экан…

Норбиби эна бизни қандай кутиб олган бўлса, худди шундай кузатиб қўйди. Онахон яна дуога қўл очади. Мен интизор кўнгилнинг дуолари албатта ижобат бўлгай деб ишонаман. Ғуборларим аригандай, бир қадар таскин топгандай бўламан.

Одамлар шоирларнинг турмуш ўртоқларига ҳам қийин бўлса керак деб ўйлайдилар. Бу тахминда жон бор. Ижод оловида тоблангувчи вужудга, юракка далда бўлмоқ чиндан-да мушкул. Лекин энди билсам, шоирларнинг оналарига ҳам осон эмаскан. Шоир онасини соғиниб кечалари безовта бўлади, шеър ёзади. Она фарзандини қўмсаб кўз юммай тунларни тонгларга улайди. Шоир шеър ўқиса руҳланади, она дуо қилса енгил тортади.

Меникимас кўпники бўл, деб боласини алқайди. Шоир эса кўпчиликнинг кўрки бўлиб юраверади. Она бугунни ҳам, келажакни ҳам, қувончни ҳам, бахтни ҳам болалари тимсолида тасаввур қилади.

Қуёш порлар шудринг бағрида,
Бахтсиз бўлмас сира аёллар.
Оналарни ҳар куни тунда
Эркалайди ёруғ хаёллар.

Шоирлар қанча бўлса, уларни соғиниб яшаётган Норбиби энадай кўзлари йўлларга нигорон оналар ҳам ўшанчадир. Шоирга она бўлмоқ осонмас, бунинг учун меҳру муҳаббатнинг ўзигина камлик қилади. Ўшанча сабру тоқат, заковат ва жасорат ҳам керак бўлади. Кўнглим сезиб турибди, бир кунмас бир кун «Шоир оналари» деган муборак мажмуа яратилади ва у Ер юзидаги барча аёлларга ҳаёт сабоғи сифатида тортиқ қилинади.

avtorskii-matierial-na-tiemu-azim-suiun_1.jpegАзим СУЮН
ШЕЪРЛАР
09

ОНАЛАР

Қўл силкитиб қолар оналар,
Хайр, десак мунис қучоққа.
Қўл силкитиб толмас оналар
Биз кетар чоғ йироқ-йироққа.

Турналардек тоғлардан ошиб,
Денгизлардан шошиб ўтармиз.
Уфқларга аста ёндошиб,
Кенгликларга сингиб кетармиз.

Қўл силкитиб турар оналар,
Бизлар кетган ёқларга қараб.
Узун хаёл сурар оналар
Ўтган учқур дамларни санаб.

Бизлар-чи, гоҳ осмону фалак,
Ўйларимиз бегона, холи.
Орзулар деб жонимиз ҳалак,
Ахтарамиз саодат, толеъ.

Оқ сочларин жимгина тараб,
Кўзлари тўрт кутар оналар.
Бизнинг кетган йўлларга қараб,
Қўл силкитиб ўтар оналар…

ТУТҚУН

Ғанимлар таҳқирлаб бешафқат,
Онангдан айрилдинг, дедилар,
Тутқуннинг кўзида бетоқат,
Қатра ёш кўрмоқчи эдилар,
Қатра ёш…
Мағрур қолди мағрур бош.

Кўз ёшлар боиси — ғам, алам,
Ёрингдан айрилдинг, дедилар.
Кўзига боқдилар, шод, хуррам —
Қатра ёш кўрмоқчи эдилар,
Қатра ёш…
Мағрур қолди мағрур бош.

Қасоскор хабарлар билмас ҳад,
Ватандан айрилдинг, дедилар
Ва унинг кўзида сўнгги дард —
Қатра ёш кўрмоқчи эдилар,
Қатра ёш…

Бир қалқди…
Жон эди ўша ёш!

1971

НАКУРТ ҚИШЛОҒИ

Ложувард уфқда менинг уйим бор,
Бир ўйки, ўйларим ойдин, сараси.
Шу уфқ тагида менинг уйим бор,
Нурота тоғларин у ер ораси.

Унинг осмонида бургут қанотин
Шиддати ҳавони қалқитар тинмай.
Чексиз кенгликларга бўз муҳаббатин
Чўпон тили билан изҳор этар най.

Олмос қояларда олмос нур ўйнар,
Чўққилар узра, ҳув, жайрон боласи.
Булоқлар бошида какликлар куйлар,
Созларин басталар тоғ шалоласи.

Азалдан ҳаётнинг тўймас ошиғи
Шер ёлли чинорлар шовиллар сокин.
Бир ажиб муҳаббат улар қўшиғи,
Бу қўшиқ менинг ҳам қалбимга ҳоким.

Наъматак шохида сайрар бир қушча,
Туғилган жойидан сайрар миннатдор.
У митти, келмайди вужуди муштча
Ва лекин қалбида бир олам куй бор.

Тоғ қизи куйлайди, сочин тарайди,
Зар чашма қошида — ой ёғдусида.
Олис юлдузларга нигоҳ қадайди,
Севганин кўради ўй кўзгусида.

Беташвиш оқ булут жим юрган куйи,
Мангу тоғ бағрини айлар томоша.
Яна мен бағрингда қишлоғим, уйим,
Бағрингда, о, лекин хаёллар оша.

Хаёллар қўйнида ёришар осмон,
Ёришиб бормоқда тоғлар дараси.
Ассалом қишлоғим — жонбахш ошиён.
Ассалом хилватгоҳ — тоғлар ораси.

Тош девор, лой сувоқ уйим ассалом,
Ассалом бобомнинг азиз маскани.
(Бунчалар гўзалсан, ҳей, ёруғ олам)
Ассалом муборак менинг ватаним.

Шарафлар  ёғилсин қутлуғ маъвога,
Шараф-ла юрагим токи бир умр.
Не бошлар эгилди шу остонага,
Ёвлар қаршисида туролган мағрур.

Мен қўшиқ тўқидим шунда илк дафъа,
Шунда илк муҳаббат берди бир хаёл…
Шунда илк оламга айладим сафар
Йигитлик ёшимни олиб безавол.

Аён, темир қанот қушлар доимо,
Онасин оғзидан емак олмагай.
Маъсум, мўрт гўдаклар бир умр, она
Ё бешик бағрида ожиз қолмагай.

Мен бу кун олисда шовқинли шаҳар
Қўйнида сен ҳақда хаёл сураман.
Қанотим бўлсайди, қанотим агар…
Қалбимга бир буюк соғинч туяман

Ва лекин ёқтирмас бизнинг бу аср
Бир умр хилватда хаёл сурмоқни.
Асрингга муносиб фарзанд бўлгин дер.
Ҳайқир дер, истамас сокин юрмоқни.

Истамас тоғларда сайри тоғ этиб,
Умрнинг чақмоқдай ўтиб кетмоғин.
Истамас, йўқ фақат дилни чоғ этиб,
Ўт босиб қолишин умр сўқмоғин.

Туғилган уйидан нари чиқмайин,
Дунёни туғилган уйим деган эр,
Тақдирим шу экан, қисматим тайин
Деб юрган шўрликни истамас аср!

Эй, она қишлоғим, кечиргил мени,
Эҳтимол шаънингга ортиқча гап бу
Ва лекин кимда-ким унутса сени,
Сен уни фарзандим демассан мангу!

Онасин унутган нодондан, ахир,
Нима ҳам кўрибди бу кўҳна олам.
Заъфарон варағинг узра, ҳей, тарих
Қолганми улардан бирор яхши ном?..

О, она, сен мени чорла бетиним,
Қаён элтса ҳам бу серташвиш замон.
Туғилган жойига содиқ бўлса ким,
Она юрт, халқига содиқ ҳар қачон!

1972

БАЛЛАДА

Туннинг қора сукунатин,
Бундай бевақт бузган ким?
Эшик қолиб даричадан
Кириб кетди аллаким.

Том устида ётган бола
Қўрқиб-писиб қарайди.
Лекин товуш беришга на,
На туришга ярайди.

Эҳ, онаси бўлса эди,
(Қазо қилди ўтган йил)
Секингина шивирларди:
— Биров келди она, бил…

Ичкарида ғивир-ғивир,
Ичкарида бир ҳолат.
Нима бўлди янгасига,
Унда етти ёт наҳот?!

Ишонмайди, мумкин эмас,
Ишонмайди ўт-сувга.
Унинг учун оламда, бас,
Ишонгани шу янга.

Ичкарида… шивир-шивир,
Ичкарида зил-зиллат.
Наҳот ойдек янгажони…
Наҳот унда етти ёт?!

Эҳ, акаси бўлса эди,
Ўша ёлғиз акаси.
Афсус, жуда узоқда у,
Қирмоқда ёв галасин!

Юборибди кеча бир хат,
Янгасининг номига:
«…Сен укамни ташламагин,
Ғирт етимлик домига.

Ў, соғиндим, кутгил мени
Тоғлар каби сабот-ла.
Ғалабага яқин қолди,
Мен қайтаман, албатга!»

…Соя каби липиллаган,
Ғивир-шивир қилган ким?
Эшик қолиб даричадан,
Чиқди, ана, аллаким.

Йўқ, бўлмади бола эрдай
Сакраб турди ўрнидан
Ва отилди у йўлбарсдай
Барзанги бир гавдага!..

Қора туннинг ифлос сирин
Бола элга билдирар.
…Мард йигитни жанглар эмас,
Бевафо ёр ўлдирар!

1978

АНҒИЗ ЎСГАН ЕРЛАРДА
«Қадимги Нурато қўшиқлари» туркумидан

img346d.jpg

Анғиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмагай,
Яхши бўлса аёллар эрлар юзи сўлмагай.
Қайси юртда чинакам ботир бўлса йигитлар,
Ўшал юртнинг эллари ёвларга қул бўлмагай.

От минмаган от минса, чопа-чопа ўлдирар,
Боғ кўрмаган боғ кўрса, пайҳон қилар, сўлдирар.
Ҳушёр бўлгил, жон элим, элдай сақла элингни,
Ёвларингга йўл берсанг, поймонангни тўлдирар.

Бош кесилса, ёронлар, сочга мотам тутилмас,
Қон қусилса, ёронлар, ичга сувдек ютилмас.
Қай бир миллат тупроғин топтар экан маккор ёв,
Ўзлигин билганларнинг бахти асло бутунмас!

Арғумоғларга мининг,
Ғолиб қилич ёр бўлсин!
Бу дунёда ҳар кимнинг
ўз Ватани бор бўлсин!

БАҲОДИРНИНГ ҚИЛИЧИ

Баҳодирнинг қиличи синди…
Сўнгги нуқта.
Тугади эртак.

Пастак ҳовли четида дилхун
Бир бола йиғлайди —
қўлида китоб.
Баҳодирнинг қиличи синди,
Баҳодирнинг қиличи синди.
Ёвники бутун!

Қайга кетди япроқдек бола,
Бўта каби қайда бўзлайди?
Учиб юрган варақлар, ана,
Шамолларга эртак сўзлайди.
Бола қани?.. Билмайман, аммо,
Ишонаман, қайлардадир у
Баҳодирга қилич излайди..

1978

АЁЛ ЖАНГГА КИРСА

Аёл жангга кирса — шердир, бўридир,
ағёр шўридир,
уйи қурийдир,
Спаретра гувоҳ бунга,
Тўмарис гувоҳдир,—
Ёвуз Кирнинг муроди ўтга ёққан қор бўлди.

Аёл жангга кирса эрки кирадир,
юрти кирадир,
кеки кирадир,
Барчиной гувоҳ бунга,
Гулойим гувоҳдир,—
Ёвларининг топгани — ой ўроғи — дор бўлди.

Аёл жангга кирса — томчи — сел денг, ҳей,
ел — довул денг, ҳей,
Зебо — эр денг, ҳей,
Ватаним гувоҳ бунга,
Башар гувоҳдир,—
Халқим она қизларин жони номус-ор бўлди.

Аёл жангга кирса — кўз-қош ул тараф,
тоғ-тош ул тараф,
қуёш ул тараф,
Тупроқ кўп гувоҳ бунга,
Дунё кўп гувоҳдир,—
Эркаклар гуноҳидан улар қадди дол бўлди.

Аёл жангга кирмайди — ёниб турса ўчоғи,
Узилмаса ёт қўлдан бўйнидаги мунчоғи,
Ватани омон бўлса, топталмаса эл боғи,
Доимо гулдай нафис, доим бахти ёр бўлди!

1983

ВОЛА

Суйган суйиб-суйиб айтар, суйган ўзим, суйган ўзим,
Куйган куйиб-куйиб айтар, куйган ўзим, куйган ўзим.

Қум устига бино қурдим, мисоли тоғ кўкрак кердим,
Лекин қулаб тушди — кўрдим, кўрган ўзим, кўрган ўзим.

Қалбим қийр осмон эрур, ғам қушлари чархлар урур,
Толе қушин топмай зуҳур бўлган ўзим, бўлган ўзим.

Гулзор излаб йўлга чиқиб, тиконлардан алам чекиб,
Дил даштига умид экиб юрган ўзим, юрган ўзим.

Дунё билан ишим бўлмай, шон-шуҳратни кўзга илмай,
Рақибимга завол ўлмай, сўлган ўзим, сўлган ўзим.

Ошиқларнинг тили бўлиб, маъшуқларнинг эли бўлиб,
Бағрим тилим-тилим бўлиб кулган ўзим, кулган ўзим.

Дардлар борки йўқдир даво: гоҳи ҳижрон, гоҳи видо,
Бу дунёга сирли нидо урган ўзим, урган ўзим.

1985

ЧИНГИЗ АҲМАРОВ

Тошкентда шом эди. Ҳаво очиқ эди.
Биз
тўққизинчи қаватдан олис-олисларга —
аста-аста қоронғилик босиб келаётган
Чимён тоғларига қараб турар эдик.
Нигоҳларимизда оқлик акс этарди.

Сирпанчиқ учаётган болалардек нимагадир
хушнуд эдик
ё ростдан сирпанчиқ учаётганмидик?..

«Мағриб қанчалик яланғочланган бўлса,
Машриқ шунчалик қат-қат либосга бурканган эди…»
оҳиста сўзладим ўзимга-ўзим
(бу хонадаги суҳбатимизнинг хаёлий давоми эди асли).

Аҳмаров ялт этиб қаради менга —
кўзларидан учқун сачраб кетди чамамда.
«Йўқ! — деди у. — Шарқ ҳарир либосда, ҳарир кўйлакда!»
«Реалистик санъат… нима у?» — сўрадим жиддий.
«…ҳарир кўйлакда» — деди у ўз-ўзига гапиргандай.

«Услубингиз… ғалати» — дедим қўрслигим тутиб
(романтиксиз, демоқчи эдим аслида).
«Менинг услубим… Шамсирўй* услуби» — деди у
мени ҳайратда қолдириб,
Ва тағин қўшиб қўйди:
«Мен мусаввир эмасман —
Шамсирўй мусаввир эди!»

«Нусхакаш экансиз-да?..» — асабийлашдим андишани унутиб.
«Қандай нусхакаш бўлай?
Менинг кўксимда тепаётган юрак
Шамсирўй юраги-ку, ахир!»

Тонг. Биз яна…
тўққизинчи қаватдан олис-олисларга —
аста-секин оқлик оқиб келаётган
Чимён тоғларига қараб турар эдик.

«Мағриб қанчалик яланғочланган бўлса,
Машриқ шунчалик қат-қат либосга бурканган эди…» —
хаёлимда чақмоқ чақди нимагадир.

Аҳмаров ялт этиб қаради менга
(Энди ишондим, у телепат эди!).
«Йўқ! — деди у, — Шарқ ҳарир либосда, ҳарир куйлакда!»

Бирдан
Қуёш
кўтарила
бошлади.
Қуёш… ҳарир куйлакда эди!
Шарқ… ҳарир куйлақда эди!!!

Мен
Чингиз
Аҳмаров
кўзларига
тик
қарай
олмадим.

1983

* Шамсирўй Ҳасанова (1917—1956) рассом, Ч. Аҳмаров рафиқаси.

ҚУЁШ БОТАР ПАЙТИ…
Оловиддинга

Отанг сўзларини қуруқ сўз дема,
Қуёш ботар пайти, ўғлим, ухлама.
Дарахтлар ухлашга тутинар бу кез,
Гуллар танидаги мудроқликни сез.
Илло, сен ухлашга шошилма сира.

Лой каби юмшашиб қолар кучуклар,
Ҳатто рақибига ўтрикдан ҳурар.
Қўю қўзилар ҳам, отлар ҳам толғин,
Сирда-да ҳорғинлик, Аму ҳам ҳорғин.
Кузнинг кеч кунига ўхшайди улар.

Кексалар бу пайтда қўрқар уйқудан,
Этлари сесканар мубҳам туйғудан.
Ҳали сен билурсан — келур замони,
Ҳозир ухламоқнинг эмасдир они.
Тўрт ён жарангласин садаф кулгингдан.

Қуёш, бу жодугар, унинг нурлари
Шомда нурлар эмас — ғафлат иплари.
Тонгги нурларига ишонгил фақат,
Ул нурлар тириклик, ул нурлар ҳает.
Инқилоб ясайдур танингда бари.

Ўғлим, қумқулоқ бўл, қулоқ бер менга,
Битта ҳақиқатни айтурман сенга:
Юртга қоронғулик тушаётган пайт,
Ташга чиқ, жасорат қўшиқларин айт —
Бемор юракларга солгин аланга!

Тарракдай сен қотиб ухлаб қолсанг гар,
Мастона бу олам ухлар муқаррар.
Тун кунга баробар эмасдир, ўғлим,
Кун тунга баробар эмасдир, ўғлим,
Бевақт уйқулардан сақлан, алҳазар!

1985

ТОҒЛАРДА КУЗ

1
Салқин тушиб қолди тоғлар бағрига,
Вазмин кўтарилар дарадан тумон.
Эл-юрт кўчиб энди тоғ этагига,
Ёзги чорбоғларда намхушдир хазон.
Кеч қолган чўпон ҳам ҳайдар сурувни,
Серка йўл бошлайди чалиб қўнғироқ,
Жаранглаб турар у узоқ ва узоқ,
Уфқларга сингиб кетар охири…

2
Нурота тоғларин қучоғида куз
Анча қисқа бўлар ва лекин гўзал.
Мен унинг қўйнида кезаман ёлғиз,
Ҳар қандай фаслдан куз менга афзал.
Аммо сиз ўйламанг: жўшқин ва қайноқ
Жабҳалардан қочиб у юрар сарсон.
Хилват унгурларда дайдир бегумон,
Она юрт, халқининг ташвиши йироқ.

3
Бундай гумонларга борсангиз, тайин,
Кечира олмасман бир умр сизни.
Кўрганмисиз ҳалол меҳнат қилмайин
Бурда нон синдирган асл ўзбекни?!
Ё айри тушганми ўз замонидан
Қоядан парча тош учгани мисол.
Робинзон қисмати бу халққа малол
Оташга сиғинган олис онидан.

4
Мен шу халқ фарзанди, базми, тўйида
Қамишдан бел боғлаб хизмат қилгум соз,
О, халқим тўйлари, жоним кўйингда…
Кўпкари урроси ёдга тушди боз —
Боболарнинг ўтли юраги, қони,
Шу шонли майдонда бўлур намоён.
Ҳей, бўм-бўш қолмасин бу қадим майдон,
Танти чавандозлар, гуркиранг, қани!

5
Лекин аза йўқ деб ким айта олар
Тўйлар гуриллаган улуғ майдонда.
Бешафқат ажал гоҳ чангалин солар,
Азиз дўстни олиб кетар бир онда.
Азадор ғамига бўламан шерик,
Дардига дарддошман ҳаёт шомлари,
Фахрия битгандай у тўй дамлари,
Марсия битаман ғамгин ва ўксик.

6
Меҳнат эса менга ҳамиша ҳамдам,
Инсон учун бурч у бизнинг замонда.
Эркин, озод сеҳри қадам-бақадам
Жонга сингиб борар дориламонда.
Агар кимга буюк мақсад бўлса ёр,
Кимда орзу бўлса эзгу, бепоён,
Унга қанот берар муборак Ватан,
Ким бизнинг сафларда бўлса барқарор.

7
Аммо куз тоғларга ейганда сепин,
Бағрига чиқмоққа топаман имкон!
Серташвиш меҳнатлар юкидан кейин,
Бағишлар руҳга у лаззат ва дармон.
Узун хаёлларга қилур занжирбанд,
Юракда қўзғатар ажиб туйғулар.
Номини тутқазмас қаламга улар,
Ҳар қандай жарангдор сўзлардан баланд.

8
Тоғ қизларин ибо, назокатлари,

Кузнинг рухсорида бўлади зоҳир.
Жонингни оладир латофатлари,
Гоҳ улар ҳикматли, гоҳида соҳир.
Гоҳо кексаларнинг ўйчан ва мунис
Қарашларин бирдан туширар ёдга…
Даврада тикилиб тургандай ўтга,
Қалбларин ёндириб аллақандай ҳис.

9
Ғазабин бемаврид тукувчи ғаддор,
Ёки асаблари нозиклар, ҳай-ҳай,
Ишонгум, тоғ кузин, кузатса бир бор,
Ўзгалар қалбига ғашлик солмагай.
Ёки руҳи инжиқ, ё такаббур зот,
Унинг лавҳаларин уқсайди, қани,
Умридан ажратиб оларди маъни,
Билсайди қанчалар табиб табиат.

10
Гарчи куз чеҳраси эмас серкулгу,
Гарчи кўп эркалаб куйламас шодон,
Гоҳ дилда титроқ мунг уйғотса ҳам у,
Дилгир сукутларга кўмса ҳам, инон,
У собир режалар дояси эрур,
Донишманд отадай олади қўлга
Ва бошлаб юборар муқаддас йўлга,
Қаршингда манзиллар рахшон кўринур.

11
О куз, сенинг турлик кўринишларинг
Мен учун суюмли ва азиз бирам.
Оқшом чўккандаги уринишларинг,
Тонгги шафақларинг сирли ва теран.
Фируза сойларнинг қирғоқларида
Хазондан бехабар яшил майсалар…
Менчалик севмагай ўзга кимсалар,
Умрнинг сермаъсул бу чоғларида.

12
Эрта саҳарлар, ҳей, салқин саҳарлар,

Чашма елларидай сарин ва латиф,
Сайёд шошиб ўтар бундай саҳарлар,
Хаёлида семиз ўлжасин тутиб.
Йилқи уюрлари қулоқларини
Динг қилиб шарпага тикилиб турар.
Сўнг бирдан ўзларин дарага урар
Қолдириб хазонрез ўтлоқларини.

13
Тоғда тунаб кетмоқ куз пайти маза,
Шериклар бўлса гар давра қурилар,
Ўртада қуруқ шох ёнар чарсиллаб,
Тун зулмати бундан нари сурилар.
Омонат ўчоқда шўрва қайнайди,
Ривоят бошланур тоғлар ҳақинда
Ва ё ўтмиш — олис чоғлар ҳақинда
Қайдадир укки қуш бўғиқ сайрайди.

14
Ҳаво айниб турар тоғларда тез-тез,
Гоҳо у бадқовоқ, гоҳ ўйга чўмар.
Гоҳо булут тошиб келар ва шу кез
Қўнғир тоғ ўрмонин ёмғирга кўмар.
Тағин кўп ўтмайин сертўлқин осмон
Оқариб ёришар — ним боқар офтоб.
Хуш ислар димоққа урилар шитоб,
Бу исларга туйиб бўлмас ҳеч қачон.

15
Лекин кунлар чумчуқ галаси каби
Қўним нима билмай енгил учишар.
Қорайиб боради булоқлар лаби,
Йўллар узра базўр изларинг тушар.
Тонглар теваракда шабнамлар бўлиқ,
Алқорлар жунжикиб чиқар қояга,
Ғалати тикилар қуюқ сояга —
Сезгайлар: куз ваъда этмайди иссиқ.

16
Ҳеч нарсага парво қилмайин, фақат
Мангу яшиллиқда яшнар арчазор.
Уни қизиқтирмас гуё бу фурсат,
Гўё бу хилқатда биргина баҳор.
Ёйилиб етгандир чўққигача то —
Қақшаган тошларни чиқишган ёриб.
Ҳатто бу тоғларнинг совуғи, қори,
Яшил либосидан қилолмас жудо.

17
Оҳ, сиру асрорим — куз, сендан мудом
Хушбахтман! Нақадар севаман сени!!!
Тезда қиш аёзин олиб келсанг ҳам,
Унинг муз бағрига отсанг ҳам мени.
Умрим меҳмонлиги фикримдан йироқ,
Сенинг нашьаларинг симириб, тўйиб,
Куйлагим келади гоҳ жим, гоҳ тўлиб
Ва саркаш илҳом ҳам куттирмас узоқ…

18
Салқин тушиб қолди тоғлар бағрига,
Вазмин кўтарилар дарадан тумон.
Эл-юрт кўчиб энди тоғ этагига,
Ёзги чорбоғларда намхушдур хазон.
Кеч қолган чўпон ҳам ҳайдар сурувни,
Серка йўл бошлайди чалиб қўнғироқ,
Жаранглаб турар у узоқ ва узоқ,
Уфқларга сингиб кетар охири…

1975

ҚУЛҲУОЛЛОҲУ АҲАД

Бу дунёга келганим,
Келиб энди билганим,
Дилга жойлаб юрганим
Қулҳуоллоҳу аҳад.

Ағёрларга, қирқ ёшим,
Эгилмади бу бошим,
Уларга оғир тошим,
Қулҳуоллоҳу аҳад.

Камғоқ ўзин тоғ айлар,
Янғоқ ўзин боғ айлар,
Ёв — сиринг олиб бойлар…
Қулҳуоллоҳу аҳад.

Кенгаш қилган эл — озмас,
Катта дарё ҳайқирмас,
Ҳикматларга кирдим, бас,
Қулҳуоллоҳу аҳад.

Қондошлардан қочмадим,
Кофирга дил очмадим,
Оқ бўлсам онт ичмадим,
Қулҳуоллоҳу аҳад.

Кўнгли сўқир — ёт менга,
Кўзи сўқир — соф менга.
Тилдошдир — ким пок менга,
Қулҳуоллоҳу аҳад.

Эл билан кечар умрим,
Эр етказди, англадим,
Шундан ёруғ манглайим,
Қулҳуоллоҳу аҳад.

Азим, ўлим бўйнимда,
Чиқармадим ўйимдан,
Муножотим, куйимда
Қулҳуоллоҳу аҳад.

1990

Atoqli shoir Azim Suyun tavalludining 70 yilligi oldidan

Insondagi e’tiqod tuyg‘usini juda qadrlayman. G‘alamislik, ikkiyuzlamachilikdan nafratlanaman… “Tog‘larda kuz”, “Tutqun”, “Tunning qora sukunatin…”, “Chingiz Ahmarov”, “Ayol jangga kirsa…”, “Quyosh botar payti…”, “Sog‘inch”, “Vola” kabi she’rlarim, “Qadimgi Nurota qo‘shiqlari” turkumim, “Zamin taqdiri” dostonim o‘zimga ardoqliroq (“Sharq yulduzi” jurnali savollariga javoblardan).

Azim SUYUN
DILDAGI GAPLAR
“Sharq yulduzi” jurnali savollariga javoblar
09

1. Birinchi asaringizning e’lon qilinishi tarixini gapirib bersangiz?

— Jurnalimiz savollarini ko‘rib chiqib, ularga javob berishdan oldin ko‘p yillardan buyon qadrdon bo‘lib ketgan eski chamadonni ochdim. Unda butun “boyligim” — barcha nashrlarim saqlanadi. Bir so‘z bilan aytganda: arxiv.

Yodimdan ko‘tarilgan ekan — birinchi “asar”im 1961 yil “Gulxan” jurnalining mart sonida bosilgan “Kitob o‘qigan edim” degan badiiynamo maqola bo‘lib chiqdi. Imzo: Azimjon Olimov (otamning ismi Olim).

Asosiy mashg‘ulotim — she’rlarimdan namunalar esa 1965 yil “G‘uncha” jurnalida bosilgan. Lekin men “birinchi asarlarim” deb 1975 yil “Guliston” jurnalining 11-sonida chop etilgan bir turkum she’rlarimni bilaman. She’riyatning g‘oyat nozikta’b tadqiqotchisi Ibrohim G‘afurov “Oq yo‘l” bergan. Imzo: Azim Suyun (Suyun — bobomning ismi). Shundan buyon shu imzo ostidagi she’rlarni shaxsan o‘zimniki deb hisoblayman.

2. Bevosita yozish jarayoni Sizda qay tariqa kechadi? Ijodda “turtki” degan tushuncha bor. Masalan, Lev Tolstoy sinib yotgan bo‘tako‘zni ko‘rishi bilan qalbida, shuurida to‘satdan “chaqmoq chaqqanu” sizu biz yaxshi biladigan “Hojimurod” degan ajoyib asarini yozgan ekan. Sizning tajribangizda ham shunday holatlar bo‘lganmi? Qaysi asaringizda?

— Yozish jarayoni… nasrchilarni bilmaymanu, ammo shoirlarda bu holat juda turli-tuman kechishi tabiiy. Asosan tunda — shovqinli hayotdan uzilib ishlayman.

“Turtki” masalasiga kelsak… u azaldan bor narsa. Mening tajribalarimda ham bo‘lgan — esimda qolganlari ko‘p.

1976 yil “Fan va turmush” jurnalining qaysi bir sonida Nauri oroli haqida o‘qib qoldim. Gap shundaki, bu orol tuprog‘i faqat fosfatdan iborat. Unda 36 xonadon yashaydi. Bu orolning egalari o‘z zaminlarini — Vatanini, ya’ni fosfatni tinimsiz qazib olib, chet elliklarga sotadi, shu ketishda ketsa, tezda orol zamini tugaydi. Birdan, o‘zi o‘tirgan shoxni arralab, daraxtdan yiqilib tushgan o‘zimizning Nasriddin afandi haqidagi mashhur latifa yodimga tushdi.

Ana shu fakt “Zamin taqdiri” dostonimning yaratilishiga olib keldi.

3. Qaysi asaringiz o‘zingiz uchun ayniqsa qadrli? Qaysi biridan ko‘nglingiz to‘lmagan?

— Tortinmayman, aytaman. “Tog‘larda kuz”, “Tutqun”, “Tunning qora sukunatin…”, “Chingiz Ahmarov”, “Ayol jangga kirsa…”, “Quyosh botar payti…”, “Sog‘inch”, “Vola” kabi she’rlarim, “Qadimgi Nurota qo‘shiqlari” turkumim, “Zamin taqdiri” dostonim o‘zimga ardoqliroq.

Ko‘nglim to‘lmaganlarini esa doimiy ravishda ishlab borish odatim bor.

4. Ijodda kimni ustoz deb bilasiz?

— Falonchi deb aytolmayman. Xalq og‘zaki ijodini sevaman. Xalqimiz tarixi — mening ijodim uchun doimiy manbalardan biri. Mahmud Qoshg‘ariy, Yassaviy, Bobur, Abdulla Qodiriy, Cho‘lpon tilini g‘oyat qadrlayman. Prozani ko‘p o‘qiyman. Bir gap aytayinmi? Eng nodon nazmbozdan ham o‘rganaman.

5. Yozuvchining aktiv grajdanlik pozitsiyasi deganda nimalarni tushunasiz?

— Agar sening ijoding xalqingga, jamiyatga o‘z ezgu ta’sir kuch-qudratini ko‘rsata olsa, bu grajdanlik, pozitsiyang to‘g‘riligidan dalolatdir.

Tag‘in bir gap. Nega bir umr qo‘lidan qalamini qo‘ymagan Alisher Navoiy kezi kelganda qo‘liga qilich tutdi? Nega Bayron mutlaq begona elda — Yunonistonda ozodlik uchun kurashuvchilar tarafida jangga kirdi? Nega Chernishevskiy “Nima qilmoq kerak?” degan savolni ko‘ndalang qo‘ydi? Nega? Chunki, ularning so‘zi va faoliyati bir edi!

6. Hayotingizdagi eng baxtli damlar qaysi-yu, eng baxtsiz kun qaysi?

— Baxtli damlarni men nimagadir tez unutaman. Baxtsiz damlar… birini xotirlashga ruxsat bering.

1961 yil. Dekabr. Oltinchi sinf o‘quvchisiman. A’lochiman. Sinfkomman. “Shoir” degan nomim bor. Hurmatim joyida.

Darsdan meni direktor idorasiga chaqirdi. Ostonadan kirishimni bilaman, kuchli qo‘l zarbidan uchib ketib, yiqildim. Tepkilash boshlandi. Qancha tepki yedim, bilmayman. Oxiri turg‘azishdi. Zo‘rg‘a turdim, zo‘rg‘a ko‘zimni ochdim. Qator turgan o‘qituvchilarni ko‘rdim va… yelkamdan mahkam siqib ushlab turgan Tursunqul magazinchini ko‘rdim. U: “Kecha qayerda eding?” — dedi vajohat bilan. Men zo‘rg‘a “uydaydim” deb javob berdim. “Uydamiding?” dedi u yana. “Uydaydim” dedim men. Tag‘in kuchli zarbdan yiqildim. Direktordan tortib, oddiy o‘qituvchilargacha bu holga beparvo qarab turar edi. Men hech narsani tushunmasdim, boshim, biqinim qattiq og‘rirdi, qaltirardim. Yana magazinchi bir necha bor tepdi. Xayriyat, ilmiy mudir “Bo‘ldi, yetar…” dedi sekingina. Keyin u menga “Rostini ayt, kecha qayerda eding?” dedi. Men yana uydaligimni aytdim. “Yo‘q, sen kecha uyingga bormagansan, magazinga o‘g‘rilikka gushgansan, ruchka, pero, choy o‘g‘irlagansan, mana, sinfdoshing aytdi”, deb burchakka ishora qildi. Burchakda… bir sinfdoshim — qarindoshcham shumshayib, ko‘zlari o‘ynab turar edi. Qisqasi, men tuhmatga qolgandim. Qarindoshcha — sinfdosh qishloq magazinining oynasini sindirib, pul hisobida 6 so‘mlik narsa o‘g‘irlagan, magazinchining “sen bir o‘zing o‘g‘irlamagansan, sheriging bo‘lgan, shuni ayt” deb urib, tepib zug‘um qilgandan keyin u meni o‘ziga “sherik” qilib olgandi.

“O‘g‘ri” degan nomga ega bo‘lib oldim. Isbot qilib ko‘r-chi? Kimga borasan? Kimga tushuntirasan? Hamma qo‘llarini bigiz qilib “o‘g‘ri” degandek bo‘ladi. Ozib- to‘zib ketdim. Maktabga bormay qo‘ydim. Sinfkomlikdan “tushurishgan”. Odamlarga ko‘rinmaslikka harakat qildim. Hech kimsaga ko‘rinmay yig‘layman. Odamovi bo‘lib qoldim. Ana shunda:

Qo‘y, iflos so‘zlarga solmagil quloq,
Har xil ig‘volarga bermagil quloq.
Tuhmatga yo‘liqsang mabodo agar,
O‘z joyida qaror topadilar haq, —

deb yozdim. (Aynan ko‘chirdim).

Azbaroyi, jiddiy fikrlashga o‘tdim — odamlar haqida boshqacha o‘ylay boshladim.

Keyin, haqiqat-ku qaror topdi. Ammo o‘sha damlarni, o‘qituvchilarimning “tomosha” qilib turishlarini aslo unutolmayman. Mening uchun eng baxtsiz damlar o‘zimning haqligimni isbotlay olmay yurgan o‘sha damlar edi!

7. Chiqayotgan asarlarimizning qaysi kamchiligi Sizni ko‘proq tashvishga soladi? O‘z ijodingizda ham kamchilik sezasizmi?

— Erkin vaznda yozilgan she’rlarim talaygina. Keyingi paytda nimagadir bu vazndan ixlosim qaytdi.

8. Insondagi qaysi fazilatlarni qadrlaysiz? Qanday qusurlarni yomon ko‘rasiz?

— Insondagi e’tiqod tuyg‘usini juda qadrlayman. G‘alamislik, ikkiyuzlamachilikdan nafratlanaman.

9. Ba’zi jurnalxonlar “falon kitobning falon qahramoni hayotda bormi yoki uni yozuvchi ichidan to‘qib chiqarganmi?” — deb so‘rashadi. Hayot haqiqatining badiiy haqiqatga aylanishini o‘z ijodingizdagi ayrim misollar bilan aytib bersangiz?

— Hayot haqiqati — badiiy haqiqatga aylanmagan asarning kimga keragi bor?!

10. Tanqidga munosabatingiz? O‘zingiz tanqidchi bo‘lsangiz nima qilardingiz?

— Tanqidchining vazifasi yozuvchi va yoki shoir ijodi misolida hayot haqidagi, davr, jamiyat haqida yuragidagi o‘z gaplarini, o‘z o‘ylarini, o‘z xulosalarini quvonch yo iztirob bilan baralla aytish deb tushunaman. Mabodo, tanqidchi bo‘lganimda shu yo‘lni tutgan bo‘lardim.

11. Hozir qanday asar ustida ishlayapsiz?

— Shu yil boshida “Sarbadorlar” deb nomlangan she’riy tragediya yozib tugatdim. Hozir sayqal berish bilan bandman.

Manba: “Sharq golduzi” jurnali, 1986 yil, 12-son.

Zamira EGAMBЕRDIYEVA
NORBIBI ENA
09

Onalarning hammasi yaxshi. Onalarning hammasi baxtli. Negaki, inson bolasinig jismu tani, butun vujudi, ruhiyati uning muhabbati bilan yo‘g‘rilgan.

Biz Vatanga ta’rif berib, Ona-Vatan deb ulug‘laymiz. Ona uchun vatan farzanddir. Bu shunday vatanki, ona uni o‘zidan boshqa hech bir insonga ishonib topshirolmaydi. Hamisha bag‘rida asrashni istaydi. Biroq…

Bizning tasavvurimizda tabiatdagi har bir tirik jon — har bir inson faqat bir marta tug‘iladi. Faqat onalargina bu temir qonuniyatni chetlab o‘tishga qodirdirlar. Ular har gal farzandlari bilan qayta-qayta dunyoga keladilar, ular bilan birga ulg‘ayadilar.

Odat bo‘yicha musulmon dunyosida ibodat payti olamni suv bossa ham namozni buzish gunoh hisoblanadi. Faqat bir holdagina, agar o‘sha muslim yoki muslimani volidai muhtaramasi chorlab qolsagina namozni to‘xtatishga ruxsat etiladi. Bu tasodif yoki shunchaki urf emas, balki farzand oldidagi ona qadrining timsolidir.

Ona o‘z jigarbandini Yaratganning mukofoti, tiriklikning ne’mati deb e’zozlaydi, gard yuqtirmay katta qiladi. Hamisha ko‘z o‘ngida yurishini, har bir harakati, hatto o‘y-xayollaridan ham voqif bo‘lib yashashni istaydi. Biroq hayot shafqatli emas: bir-birimizga qancha intilmaylik, fursat yetib taqdir deb atalmish ummonning ikki sohili ekanligimiz namoyon bo‘lib qoladi. Endigina onajonimizning qadriga yetayotganimizda undan beixtiyor uzoqdashib ketamiz. Onaizorimizni mehrimizga ilhaq, yo‘llarimizga intizor qilib qo‘yamiz.

0_166ff0_6eb95743_orig.jpgOlti nafar o‘g‘ilni dunyoga keltirib kamolga yetkazgan Norbibi ena Nurota tog‘ tizmalarining pinjiga kiray-kiray deb turgan do‘ppidekkina Nakurt qishlog‘ida kechayu kunduz bolalarini duo qilib yashaydi. Goho duodan bo‘lak yumushga yaramasam, nima qilay, deb o‘zicha zorlanib qo‘yadi. Yo‘q, aslida toshlardan gul undirib, daryolarni teskari oqizgan ham, qirg‘inbarot urushlarga barham berib, hurlik nihollarini undirgan ham onalar duosidir.

77 yoshli onaxon shirin xayollar bilan yostiqqa bosh qo‘yadi. Enaning sergak ko‘zlariga hadeganda uyqu kelavermaydi. Ular har bir nuqtadan yorug‘lik izlashga, har bir soniyadan yaxshilik kutishga o‘rganib qolgan. Qolaversa, bu qishloqda yulduzlar shunchalar yorqin charaqlaydiki, osmon to‘la oy deysiz.

Xalqimiz shoirlarni aziz bilib, boshiga ko‘targan ulug‘ xalq. Bizning yurtimizda qadim-qadimdan shoir tug‘ilgan uy, shoir yurgan yo‘llar, shoir suv ichgan buloqlar tabarruk atalgan. Shoirning turmush o‘rtog‘i, o‘g‘il-qizlarining ko‘rar kunlarini ham elning muborak nazari munavvar etadi. Lekin ne-ne tarixiy bitiklar borki, ularda shoirlarning onalari haqida biz izlaganchalik ko‘p ma’lumotlar yo‘qligi kishiga malol keladi. Holbuki, biz Navoiyning, Mashrabning, Nodiraning volidai muhtaramalari to‘g‘risida ko‘proq bilishimiz, ularning hayotiy tajribalari va o‘gitlarini o‘rganishimiz darkor edi.

Norbibi ena ham shoirning onasi. Baxshiyona she’rlar muallifi, el nazariga tushgan Azim SUYUNni allalab, ulg‘aytirgan ona.

Norbibi ena o‘g‘lining she’rlarini emas, she’r o‘qish ohanglarini yoddan biladi, kitoblarini muqovadagi yozuvidanmas, hididan taniydi. Ena televizor ko‘rishga ishtiyoqmand emas, lekin shoir o‘g‘li chiqadigan kunlarni ko‘ngli sezib, oynayi jahonga termulib o‘tiradi.

— Azimboy juda yaxshi bola bo‘lgan. Injiqlik qilishni hech bilmasdi. Oyog‘i chiqishi bilan otasining ortidan ergashib mol boqqani toqqa chiqib ketgan. Maktabga ham to‘qqiz yoshga yetib, bo‘yi ancha cho‘zilib qolganda borgan. Lekin bir gap eshitsa, tagiga yetmasdan qo‘ymay savol beraverardi. Gazeta-jurnal qo‘liga tushib qolsa, birinchi varag‘idan tortib oxirgi betigacha bitta so‘ziniyam qoldirmay o‘qib chiqardi.

— Ena, mana sizning olti o‘g‘lingiz bor. Azim aka bolalikda aka-ukalaridan nimasi bilan farq qilardi? O‘g‘lim katta bo‘lsa zo‘r bir shoir bo‘ladi deb hech xayolingizga keltirganmidingiz?

— Bir qorindan talashib tushgani bilan bolalarning hammasi bir xil bo‘lmaskan, har xil bo‘larkan. Azimboy biror ish qilsa, hech kimdan tap tortmay qilardi. Tomni boshiga ko‘tarib qo‘shiq aytishni yaxshi ko‘rardi. Kitob-pitob o‘qisayam ovozini baland chiqarib baqirib-baqirib o‘qirdi. Akasi Nurbek va ukalari ham o‘qishardi-yu, lekin ular ancha tortinchoq edi. Shoir bo‘lar deb o‘ylamovdim-u, lekin shu bolamdan har doim ko‘nglim to‘q yurardi. Azimboyim tegirmondanam butun chiqadi xudo xohlasa, deb qo‘yardim o‘zimcha. Mana, aytganimday bo‘ldi. Ellikka kirayaptiki, hech kuydirgani yo‘q. Martabasi bundan ham ulug‘, nasibasi butun bo‘lsin, iloyim!

— Azim akaning qishloqqa — bag‘ringizga qaytib kelishini xohlaysizmi?

— Qaysi ona xohlamaydi deysiz, bolasining yonida bo‘lishini… Men ham o‘g‘illarimning hammasini kunda ko‘rib tursam deyman. Lekin buning iloji yo‘qligini ham bilaman. Chunki bolam bundan o‘ttiz yil oldin Toshkanga bir o‘zi ketgan bo‘lsa, hozir yolg‘izmas. Ayoli, bola-chaqa bilan ham hisoblashish kerak-da! O‘zi jon deb kelardi-yu, o‘g‘il-qizlari shaharda tug‘ilib, Toshkanga o‘rganib ketishgan. Mayli, qayda bo‘lishsayam, omon bo‘lishsa bo‘lgani. Boshlari toshdan bo‘lsin bolalarimning…

Norbibi ena har bir gapini qutlug‘ duolar bilan yakunlaydi. U menga qaramaydi ham, yerga tikilgancha, xotirjam, sokin bir ohangda so‘zlayveradi. Men esa nuroniy qiyofaga qarab o‘ylanib qolaman: bu ajinlar qismat chiziqlarimikin yoki taqdir daraxtining tomirlarimikin! Ularning qa’rida onaxonning yolg‘iz o‘zigagina ayon bo‘lgan qancha siru sinoat, mehnat va mashaqqat, xush va noxush xotiralari yashirindir…

— Otam usta Mamadaliboy 80 yoshda, enam Begimoy 84 yoshida qazo qilishgan. Joylari jannatda bo‘lgan bo‘lsin, iloyim. U paytlarda kuyov ham tayyor turgan ekanmi, meni 14 yasharligimdayoq 5-6 ta ohorli ko‘ylagu 3-4 so‘zanani sep qilib uzatib yuborishgan. Bir qo‘ra molimiz bo‘lardi. Kunda ikki mahal 18-20 talab sigirni ko‘rdim demay sog‘ib tashlardim.

Norbibi enaning hikoyalarini yarim tungacha alla eshitgandek huzur qilib tingladim. Onaxon hozir qaddini tik tutib yurolmaydi. Lekin yoshligida nihoyatda sarvqomat, dilbar ayol bo‘lganligi shundoqqina ko‘rinib turibdi.

— O‘zim yaxshi kelin bo‘lganim uchun Yaratgan menga ham oyoq-qo‘li chaqqongina kelinlarni nasib etdi.

Ena hovlida yelib-yugurib xizmat qilayotgan kelini Zulayhoga astagina ko‘z qirini tashlab qo‘yadi. Darvoqe, besh qiz va ikki o‘g‘ilning onasi bo‘lgan Zulayho qaynonasining ko‘nglidagi gapni ko‘z qarashidanoq sezadi

Qaynona-kelin mehmonlar yonida hech bir gap-so‘zsiz, imo-ishorasiz, faqat ko‘zlari bilangina so‘zlashadilar.

Odamzot odatda bolalikda betoqat bo‘ladi. Sal-pal oq-qorani taniy boshlagach noshukurlik dardiga uchraydi. Sabr-bardoshlilik esa keksalar fazilatidir. Norbibi ena ham har bir hodisani tabiiydek qabul qiladi, hech qachon nolimaydi, zerikmaydi, “uff” tortmaydi. O‘g‘illarining, bir-biridan shirin nevaralarining yo‘liga ko‘z tikishdan toliqmaydi.

Nakurt xudo yarlaqagan qishloq. Bu qishloqning son-sanoqsiz xushta’m buloqlari bor. Norbibi ena hovlisining biqinginasida ham obi hayot — kechayu kunduz qaynayotgan buloqni odamlar AHMADBUVA BULOG‘I deb ataydilar. Buloqdan suv olish uchun kelgan kishilar bir etak nevara, evara va chevaralarning piru badavlat buvasi — 86 yoshli Ahmad buva va uning 85 yoshli farishtaday kampiri Yaxshigul enalarning oq fotihalarini ham qo‘shib olib qaytadilar.

Azim Suyunning jo‘shqin bolaligi ham shu buloq boshida o‘tdi. Keksalar buloqning boshidan suv ichgan elning palagi toza, diydasi yumshoq, yuragi baquvvat bo‘ladi, deyishardi. Rost ekan…

Norbibi ena bizni qanday kutib olgan bo‘lsa, xuddi shunday kuzatib qo‘ydi. Onaxon yana duoga qo‘l ochadi. Men intizor ko‘ngilning duolari albatta ijobat bo‘lgay deb ishonaman. G‘uborlarim ariganday, bir qadar taskin topganday bo‘laman.

Odamlar shoirlarning turmush o‘rtoqlariga ham qiyin bo‘lsa kerak deb o‘ylaydilar. Bu taxminda jon bor. Ijod olovida toblanguvchi vujudga, yurakka dalda bo‘lmoq chindan-da mushkul. Lekin endi bilsam, shoirlarning onalariga ham oson emaskan. Shoir onasini sog‘inib kechalari bezovta bo‘ladi, she’r yozadi. Ona farzandini qo‘msab ko‘z yummay tunlarni tonglarga ulaydi. Shoir she’r o‘qisa ruhlanadi, ona duo qilsa yengil tortadi.

Menikimas ko‘pniki bo‘l, deb bolasini alqaydi. Shoir esa ko‘pchilikning ko‘rki bo‘lib yuraveradi. Ona bugunni ham, kelajakni ham, quvonchni ham, baxtni ham bolalari timsolida tasavvur qiladi.

Quyosh porlar shudring bag‘rida,
Baxtsiz bo‘lmas sira ayollar.
Onalarni har kuni tunda
Erkalaydi yorug‘ xayollar.

Shoirlar qancha bo‘lsa, ularni sog‘inib yashayotgan Norbibi enaday ko‘zlari yo‘llarga nigoron onalar ham o‘shanchadir. Shoirga ona bo‘lmoq osonmas, buning uchun mehru muhabbatning o‘zigina kamlik qiladi. O‘shancha sabru toqat, zakovat va jasorat ham kerak bo‘ladi. Ko‘nglim sezib turibdi, bir kunmas bir kun “Shoir onalari” degan muborak majmua yaratiladi va u Yer yuzidagi barcha ayollarga hayot sabog‘i sifatida tortiq qilinadi.

0_166ff1_a0204571_orig.jpgAzim SUYUN
SHE’RLAR
09

ONALAR

Qo‘l silkitib qolar onalar,
Xayr, desak munis quchoqqa.
Qo‘l silkitib tolmas onalar
Biz ketar chog‘ yiroq-yiroqqa.

Turnalardek tog‘lardan oshib,
Dengizlardan shoshib o‘tarmiz.
Ufqlarga asta yondoshib,
Kengliklarga singib ketarmiz.

Qo‘l silkitib turar onalar,
Bizlar ketgan yoqlarga qarab.
Uzun xayol surar onalar
O‘tgan uchqur damlarni sanab.

Bizlar-chi, goh osmonu falak,
O‘ylarimiz begona, xoli.
Orzular deb jonimiz halak,
Axtaramiz saodat, tole’.

Oq sochlarin jimgina tarab,
Ko‘zlari to‘rt kutar onalar.
Bizning ketgan yo‘llarga qarab,
Qo‘l silkitib o‘tar onalar…

TUTQUN

G‘animlar tahqirlab beshafqat,
Onangdan ayrilding, dedilar,
Tutqunning ko‘zida betoqat,
Qatra yosh ko‘rmoqchi edilar,
Qatra yosh…
Mag‘rur qoldi mag‘rur bosh.

Ko‘z yoshlar boisi — g‘am, alam,
Yoringdan ayrilding, dedilar.
Ko‘ziga boqdilar, shod, xurram —
Qatra yosh ko‘rmoqchi edilar,
Qatra yosh…
Mag‘rur qoldi mag‘rur bosh.

Qasoskor xabarlar bilmas had,
Vatandan ayrilding, dedilar
Va uning ko‘zida so‘nggi dard —
Qatra yosh ko‘rmoqchi edilar,
Qatra yosh…

Bir qalqdi…
Jon edi o‘sha yosh!

1971

NAKURT QISHLOG‘I

Lojuvard ufqda mening uyim bor,
Bir o‘yki, o‘ylarim oydin, sarasi.
Shu ufq tagida mening uyim bor,
Nurota tog‘larin u yer orasi.

Uning osmonida burgut qanotin
Shiddati havoni qalqitar tinmay.
Cheksiz kengliklarga bo‘z muhabbatin
Cho‘pon tili bilan izhor etar nay.

Olmos qoyalarda olmos nur o‘ynar,
Cho‘qqilar uzra, huv, jayron bolasi.
Buloqlar boshida kakliklar kuylar,
Sozlarin bastalar tog‘ shalolasi.

Azaldan hayotning to‘ymas oshig‘i
Sher yolli chinorlar shovillar sokin.
Bir ajib muhabbat ular qo‘shig‘i,
Bu qo‘shiq mening ham qalbimga hokim.

Na’matak shoxida sayrar bir qushcha,
Tug‘ilgan joyidan sayrar minnatdor.
U mitti, kelmaydi vujudi mushtcha
Va lekin qalbida bir olam kuy bor.

Tog‘ qizi kuylaydi, sochin taraydi,
Zar chashma qoshida — oy yog‘dusida.
Olis yulduzlarga nigoh qadaydi,
Sevganin ko‘radi o‘y ko‘zgusida.

Betashvish oq bulut jim yurgan kuyi,
Mangu tog‘ bag‘rini aylar tomosha.
Yana men bag‘ringda qishlog‘im, uyim,
Bag‘ringda, o, lekin xayollar osha.

Xayollar qo‘ynida yorishar osmon,
Yorishib bormoqda tog‘lar darasi.
Assalom qishlog‘im — jonbaxsh oshiyon.
Assalom xilvatgoh — tog‘lar orasi.

Tosh devor, loy suvoq uyim assalom,
Assalom bobomning aziz maskani.
(Bunchalar go‘zalsan, hey, yorug‘ olam)
Assalom muborak mening vatanim.

Sharaflar yog‘ilsin qutlug‘ ma’voga,
Sharaf-la yuragim toki bir umr.
Ne boshlar egildi shu ostonaga,
Yovlar qarshisida turolgan mag‘rur.

Men qo‘shiq to‘qidim shunda ilk daf’a,
Shunda ilk muhabbat berdi bir xayol…
Shunda ilk olamga ayladim safar
Yigitlik yoshimni olib bezavol.

Ayon, temir qanot qushlar doimo,
Onasin og‘zidan yemak olmagay.
Ma’sum, mo‘rt go‘daklar bir umr, ona
Yo beshik bag‘rida ojiz qolmagay.

Men bu kun olisda shovqinli shahar
Qo‘ynida sen haqda xayol suraman.
Qanotim bo‘lsaydi, qanotim agar…
Qalbimga bir buyuk sog‘inch tuyaman

Va lekin yoqtirmas bizning bu asr
Bir umr xilvatda xayol surmoqni.
Asringga munosib farzand bo‘lgin der.
Hayqir der, istamas sokin yurmoqni.

Istamas tog‘larda sayri tog‘ etib,
Umrning chaqmoqday o‘tib ketmog‘in.
Istamas, yo‘q faqat dilni chog‘ etib,
O‘t bosib qolishin umr so‘qmog‘in.

Tug‘ilgan uyidan nari chiqmayin,
Dunyoni tug‘ilgan uyim degan er,
Taqdirim shu ekan, qismatim tayin
Deb yurgan sho‘rlikni istamas asr!

Ey, ona qishlog‘im, kechirgil meni,
Ehtimol sha’ningga ortiqcha gap bu
Va lekin kimda-kim unutsa seni,
Sen uni farzandim demassan mangu!

Onasin unutgan nodondan, axir,
Nima ham ko‘ribdi bu ko‘hna olam.
Za’faron varag‘ing uzra, hey, tarix
Qolganmi ulardan biror yaxshi nom?..

O, ona, sen meni chorla betinim,
Qayon eltsa ham bu sertashvish zamon.
Tug‘ilgan joyiga sodiq bo‘lsa kim,
Ona yurt, xalqiga sodiq har qachon!

1972

BALLADA

Tunning qora sukunatin,
Bunday bevaqt buzgan kim?
Eshik qolib darichadan
Kirib ketdi allakim.

Tom ustida yotgan bola
Qo‘rqib-pisib qaraydi.
Lekin tovush berishga na,
Na turishga yaraydi.

Eh, onasi bo‘lsa edi,
(Qazo qildi o‘tgan yil)
Sekingina shivirlardi:
— Birov keldi ona, bil…

Ichkarida g‘ivir-g‘ivir,
Ichkarida bir holat.
Nima bo‘ldi yangasiga,
Unda yetti yot nahot?!

Ishonmaydi, mumkin emas,
Ishonmaydi o‘t-suvga.
Uning uchun olamda, bas,
Ishongani shu yanga.

Ichkarida… shivir-shivir,
Ichkarida zil-zillat.
Nahot oydek yangajoni…
Nahot unda yetti yot?!

Eh, akasi bo‘lsa edi,
O‘sha yolg‘iz akasi.
Afsus, juda uzoqda u,
Qirmoqda yov galasin!

Yuboribdi kecha bir xat,
Yangasining nomiga:
«…Sen ukamni tashlamagin,
G‘irt yetimlik domiga.

O‘, sog‘indim, kutgil meni
Tog‘lar kabi sabot-la.
G‘alabaga yaqin qoldi,
Men qaytaman, albatga!»

…Soya kabi lipillagan,
G‘ivir-shivir qilgan kim?
Eshik qolib darichadan,
Chiqdi, ana, allakim.

Yo‘q, bo‘lmadi bola erday
Sakrab turdi o‘rnidan
Va otildi u yo‘lbarsday
Barzangi bir gavdaga!..

Qora tunning iflos sirin
Bola elga bildirar.
…Mard yigitni janglar emas,
Bevafo yor o‘ldirar!

1978

ANG‘IZ O‘SGAN YERLARDA
“Qadimgi Nurato qo‘shiqlari” turkumidan

Ang‘iz o‘sgan yerlarda otlar bevaqt o‘lmagay,
Yaxshi bo‘lsa ayollar erlar yuzi so‘lmagay.
Qaysi yurtda chinakam botir bo‘lsa yigitlar,
O‘shal yurtning ellari yovlarga qul bo‘lmagay.

Ot minmagan ot minsa, chopa-chopa o‘ldirar,
Bog‘ ko‘rmagan bog‘ ko‘rsa, payhon qilar, so‘ldirar.
Hushyor bo‘lgil, jon elim, elday saqla elingni,
Yovlaringga yo‘l bersang, poymonangni to‘ldirar.

Bosh kesilsa, yoronlar, sochga motam tutilmas,
Qon qusilsa, yoronlar, ichga suvdek yutilmas.
Qay bir millat tuprog‘in toptar ekan makkor yov,
O‘zligin bilganlarning baxti aslo butunmas!

Arg‘umog‘larga mining,
G‘olib qilich yor bo‘lsin!
Bu dunyoda har kimning
o‘z Vatani bor bo‘lsin!

BAHODIRNING QILICHI

Bahodirning qilichi sindi…
So‘nggi nuqta.
Tugadi ertak.

Pastak hovli chetida dilxun
Bir bola yig‘laydi —
qo‘lida kitob.
Bahodirning qilichi sindi,
Bahodirning qilichi sindi.
Yovniki butun!

Qayga ketdi yaproqdek bola,
Bo‘ta kabi qayda bo‘zlaydi?
Uchib yurgan varaqlar, ana,
Shamollarga ertak so‘zlaydi.
Bola qani?.. Bilmayman, ammo,
Ishonaman, qaylardadir u
Bahodirga qilich izlaydi..

1978

AYOL JANGGA KIRSA

Ayol jangga kirsa — sherdir, bo‘ridir,
ag‘yor sho‘ridir,
uyi quriydir,
Sparetra guvoh bunga,
To‘maris guvohdir,—
Yovuz Kirning murodi o‘tga yoqqan qor bo‘ldi.

Ayol jangga kirsa erki kiradir,
yurti kiradir,
keki kiradir,
Barchinoy guvoh bunga,
Guloyim guvohdir,—
Yovlarining topgani — oy o‘rog‘i — dor bo‘ldi.

Ayol jangga kirsa — tomchi — sel deng, hey,
yel — dovul deng, hey,
Zebo — er deng, hey,
Vatanim guvoh bunga,
Bashar guvohdir,—
Xalqim ona qizlarin joni nomus-or bo‘ldi.

Ayol jangga kirsa — ko‘z-qosh ul taraf,
tog‘-tosh ul taraf,
quyosh ul taraf,
Tuproq ko‘p guvoh bunga,
Dunyo ko‘p guvohdir,—
Erkaklar gunohidan ular qaddi dol bo‘ldi.

Ayol jangga kirmaydi — yonib tursa o‘chog‘i,
Uzilmasa yot qo‘ldan bo‘ynidagi munchog‘i,
Vatani omon bo‘lsa, toptalmasa el bog‘i,
Doimo gulday nafis, doim baxti yor bo‘ldi!

1983

VOLA

Suygan suyib-suyib aytar, suygan o‘zim, suygan o‘zim,
Kuygan kuyib-kuyib aytar, kuygan o‘zim, kuygan o‘zim.

Qum ustiga bino qurdim, misoli tog‘ ko‘krak kerdim,
Lekin qulab tushdi — ko‘rdim, ko‘rgan o‘zim, ko‘rgan o‘zim.

Qalbim qiyr osmon erur, g‘am qushlari charxlar urur,
Tole qushin topmay zuhur bo‘lgan o‘zim, bo‘lgan o‘zim.

Gulzor izlab yo‘lga chiqib, tikonlardan alam chekib,
Dil dashtiga umid ekib yurgan o‘zim, yurgan o‘zim.

Dunyo bilan ishim bo‘lmay, shon-shuhratni ko‘zga ilmay,
Raqibimga zavol o‘lmay, so‘lgan o‘zim, so‘lgan o‘zim.

Oshiqlarning tili bo‘lib, ma’shuqlarning eli bo‘lib,
Bag‘rim tilim-tilim bo‘lib kulgan o‘zim, kulgan o‘zim.

Dardlar borki yo‘qdir davo: gohi hijron, gohi vido,
Bu dunyoga sirli nido urgan o‘zim, urgan o‘zim.

1985

CHINGIZ AHMAROV

Toshkentda shom edi. Havo ochiq edi.
Biz
to‘qqizinchi qavatdan olis-olislarga —
asta-asta qorong‘ilik bosib kelayotgan
Chimyon tog‘lariga qarab turar edik.
Nigohlarimizda oqlik aks etardi.

Sirpanchiq uchayotgan bolalardek nimagadir
xushnud edik
yo rostdan sirpanchiq uchayotganmidik?..

«Mag‘rib qanchalik yalang‘ochlangan bo‘lsa,
Mashriq shunchalik qat-qat libosga burkangan edi…»
ohista so‘zladim o‘zimga-o‘zim
(bu xonadagi suhbatimizning xayoliy davomi edi asli).

Ahmarov yalt etib qaradi menga —
ko‘zlaridan uchqun sachrab ketdi chamamda.
“Yo‘q! — dedi u. — Sharq harir libosda, harir ko‘ylakda!”
“Realistik san’at… nima u?” — so‘radim jiddiy.
“…harir ko‘ylakda” — dedi u o‘z-o‘ziga gapirganday.

“Uslubingiz… g‘alati” — dedim qo‘rsligim tutib
(romantiksiz, demoqchi edim aslida).
“Mening uslubim… Shamsiro‘y* uslubi” — dedi u
meni hayratda qoldirib,
Va tag‘in qo‘shib qo‘ydi:
«Men musavvir emasman —
Shamsiro‘y musavvir edi!»

“Nusxakash ekansiz-da?..” — asabiylashdim andishani unutib.
«Qanday nusxakash bo‘lay?
Mening ko‘ksimda tepayotgan yurak
Shamsiro‘y yuragi-ku, axir!»

Tong. Biz yana…
to‘qqizinchi qavatdan olis-olislarga —
asta-sekin oqlik oqib kelayotgan
Chimyon tog‘lariga qarab turar edik.

«Mag‘rib qanchalik yalang‘ochlangan bo‘lsa,
Mashriq shunchalik qat-qat libosga burkangan edi…» —
xayolimda chaqmoq chaqdi nimagadir.

Ahmarov yalt etib qaradi menga
(Endi ishondim, u telepat edi!).
“Yo‘q! — dedi u, — Sharq harir libosda, harir kuylakda!”

Birdan
Quyosh
ko‘tarila
boshladi.
Quyosh… harir kuylakda edi!
Sharq… harir kuylaqda edi!!!

Men
Chingiz
Ahmarov
ko‘zlariga
tik
qaray
olmadim.

1983

* Shamsiro‘y Hasanova (1917—1956) rassom, Ch. Ahmarov rafiqasi.

QUYOSH BOTAR PAYTI…
Oloviddinga

Otang so‘zlarini quruq so‘z dema,
Quyosh botar payti, o‘g‘lim, uxlama.
Daraxtlar uxlashga tutinar bu kez,
Gullar tanidagi mudroqlikni sez.
Illo, sen uxlashga shoshilma sira.

Loy kabi yumshashib qolar kuchuklar,
Hatto raqibiga o‘trikdan hurar.
Qo‘yu qo‘zilar ham, otlar ham tolg‘in,
Sirda-da horg‘inlik, Amu ham horg‘in.
Kuzning kech kuniga o‘xshaydi ular.

Keksalar bu paytda qo‘rqar uyqudan,
Etlari seskanar mubham tuyg‘udan.
Hali sen bilursan — kelur zamoni,
Hozir uxlamoqning emasdir oni.
To‘rt yon jaranglasin sadaf kulgingdan.

Quyosh, bu jodugar, uning nurlari
Shomda nurlar emas — g‘aflat iplari.
Tonggi nurlariga ishongil faqat,
Ul nurlar tiriklik, ul nurlar hayet.
Inqilob yasaydur taningda bari.

O‘g‘lim, qumquloq bo‘l, quloq ber menga,
Bitta haqiqatni ayturman senga:
Yurtga qorong‘ulik tushayotgan payt,
Tashga chiq, jasorat qo‘shiqlarin ayt —
Bemor yuraklarga solgin alanga!

Tarrakday sen qotib uxlab qolsang gar,
Mastona bu olam uxlar muqarrar.
Tun kunga barobar emasdir, o‘g‘lim,
Kun tunga barobar emasdir, o‘g‘lim,
Bevaqt uyqulardan saqlan, alhazar!

1985

TOG‘LARDA KUZ

1
Salqin tushib qoldi tog‘lar bag‘riga,
Vazmin ko‘tarilar daradan tumon.
El-yurt ko‘chib endi tog‘ etagiga,
Yozgi chorbog‘larda namxushdir xazon.
Kech qolgan cho‘pon ham haydar suruvni,
Serka yo‘l boshlaydi chalib qo‘ng‘iroq,
Jaranglab turar u uzoq va uzoq,
Ufqlarga singib ketar oxiri…

2
Nurota tog‘larin quchog‘ida kuz
Ancha qisqa bo‘lar va lekin go‘zal.
Men uning qo‘ynida kezaman yolg‘iz,
Har qanday fasldan kuz menga afzal.
Ammo siz o‘ylamang: jo‘shqin va qaynoq
Jabhalardan qochib u yurar sarson.
Xilvat ungurlarda daydir begumon,
Ona yurt, xalqining tashvishi yiroq.

3
Bunday gumonlarga borsangiz, tayin,
Kechira olmasman bir umr sizni.
Ko‘rganmisiz halol mehnat qilmayin
Burda non sindirgan asl o‘zbekni?!
Yo ayri tushganmi o‘z zamonidan
Qoyadan parcha tosh uchgani misol.
Robinzon qismati bu xalqqa malol
Otashga sig‘ingan olis onidan.

4
Men shu xalq farzandi, bazmi, to‘yida
Qamishdan bel bog‘lab xizmat qilgum soz,
O, xalqim to‘ylari, jonim ko‘yingda…
Ko‘pkari urrosi yodga tushdi boz —
Bobolarning o‘tli yuragi, qoni,
Shu shonli maydonda bo‘lur namoyon.
Hey, bo‘m-bo‘sh qolmasin bu qadim maydon,
Tanti chavandozlar, gurkirang, qani!

5
Lekin aza yo‘q deb kim ayta olar
To‘ylar gurillagan ulug‘ maydonda.
Beshafqat ajal goh changalin solar,
Aziz do‘stni olib ketar bir onda.
Azador g‘amiga bo‘laman sherik,
Dardiga darddoshman hayot shomlari,
Faxriya bitganday u to‘y damlari,
Marsiya bitaman g‘amgin va o‘ksik.

6
Mehnat esa menga hamisha hamdam,
Inson uchun burch u bizning zamonda.
Erkin, ozod sehri qadam-baqadam
Jonga singib borar dorilamonda.
Agar kimga buyuk maqsad bo‘lsa yor,
Kimda orzu bo‘lsa ezgu, bepoyon,
Unga qanot berar muborak Vatan,
Kim bizning saflarda bo‘lsa barqaror.

7
Ammo kuz tog‘larga yeyganda sepin,
Bag‘riga chiqmoqqa topaman imkon!
Sertashvish mehnatlar yukidan keyin,
Bag‘ishlar ruhga u lazzat va darmon.
Uzun xayollarga qilur zanjirband,
Yurakda qo‘zg‘atar ajib tuyg‘ular.
Nomini tutqazmas qalamga ular,
Har qanday jarangdor so‘zlardan baland.

8
Tog‘ qizlarin ibo, nazokatlari,
Kuzning ruxsorida bo‘ladi zohir.
Joningni oladir latofatlari,
Goh ular hikmatli, gohida sohir.
Goho keksalarning o‘ychan va munis
Qarashlarin birdan tushirar yodga…
Davrada tikilib turganday o‘tga,
Qalblarin yondirib allaqanday his.

9
G‘azabin bemavrid tukuvchi g‘addor,
Yoki asablari noziklar, hay-hay,
Ishongum, tog‘ kuzin, kuzatsa bir bor,
O‘zgalar qalbiga g‘ashlik solmagay.
Yoki ruhi injiq, yo takabbur zot,
Uning lavhalarin uqsaydi, qani,
Umridan ajratib olardi ma’ni,
Bilsaydi qanchalar tabib tabiat.

10
Garchi kuz chehrasi emas serkulgu,
Garchi ko‘p erkalab kuylamas shodon,
Goh dilda titroq mung uyg‘otsa ham u,
Dilgir sukutlarga ko‘msa ham, inon,
U sobir rejalar doyasi erur,
Donishmand otaday oladi qo‘lga
Va boshlab yuborar muqaddas yo‘lga,
Qarshingda manzillar raxshon ko‘rinur.

11
O kuz, sening turlik ko‘rinishlaring
Men uchun suyumli va aziz biram.
Oqshom cho‘kkandagi urinishlaring,
Tonggi shafaqlaring sirli va teran.
Firuza soylarning qirg‘oqlarida
Xazondan bexabar yashil maysalar…
Menchalik sevmagay o‘zga kimsalar,
Umrning serma’sul bu chog‘larida.

12
Erta saharlar, hey, salqin saharlar,
Chashma yellariday sarin va latif,
Sayyod shoshib o‘tar bunday saharlar,
Xayolida semiz o‘ljasin tutib.
Yilqi uyurlari quloqlarini
Ding qilib sharpaga tikilib turar.
So‘ng birdan o‘zlarin daraga urar
Qoldirib xazonrez o‘tloqlarini.

13
Tog‘da tunab ketmoq kuz payti maza,
Sheriklar bo‘lsa gar davra qurilar,
O‘rtada quruq shox yonar charsillab,
Tun zulmati bundan nari surilar.
Omonat o‘choqda sho‘rva qaynaydi,
Rivoyat boshlanur tog‘lar haqinda
Va yo o‘tmish — olis chog‘lar haqinda
Qaydadir ukki qush bo‘g‘iq sayraydi.

14
Havo aynib turar tog‘larda tez-tez,
Goho u badqovoq, goh o‘yga cho‘mar.
Goho bulut toshib kelar va shu kez
Qo‘ng‘ir tog‘ o‘rmonin yomg‘irga ko‘mar.
Tag‘in ko‘p o‘tmayin serto‘lqin osmon
Oqarib yorishar — nim boqar oftob.
Xush islar dimoqqa urilar shitob,
Bu islarga tuyib bo‘lmas hech qachon.

15
Lekin kunlar chumchuq galasi kabi
Qo‘nim nima bilmay yengil uchishar.
Qorayib boradi buloqlar labi,
Yo‘llar uzra bazo‘r izlaring tushar.
Tonglar tevarakda shabnamlar bo‘liq,
Alqorlar junjikib chiqar qoyaga,
G‘alati tikilar quyuq soyaga —
Sezgaylar: kuz va’da etmaydi issiq.

16
Hech narsaga parvo qilmayin, faqat
Mangu yashilliqda yashnar archazor.
Uni qiziqtirmas guyo bu fursat,
Go‘yo bu xilqatda birgina bahor.
Yoyilib yetgandir cho‘qqigacha to —
Qaqshagan toshlarni chiqishgan yorib.
Hatto bu tog‘larning sovug‘i, qori,
Yashil libosidan qilolmas judo.

17
Oh, siru asrorim — kuz, sendan mudom
Xushbaxtman! Naqadar sevaman seni!!!
Tezda qish ayozin olib kelsang ham,
Uning muz bag‘riga otsang ham meni.
Umrim mehmonligi fikrimdan yiroq,
Sening nashalaring simirib, to‘yib,
Kuylagim keladi goh jim, goh to‘lib
Va sarkash ilhom ham kuttirmas uzoq…

18
Salqin tushib qoldi tog‘lar bag‘riga,
Vazmin ko‘tarilar daradan tumon.
El-yurt ko‘chib endi tog‘ etagiga,
Yozgi chorbog‘larda namxushdur xazon.
Kech qolgan cho‘pon ham haydar suruvni,
Serka yo‘l boshlaydi chalib qo‘ng‘iroq,
Jaranglab turar u uzoq va uzoq,
Ufqlarga singib ketar oxiri…

1975

QULHUOLLOHU AHAD

Bu dunyoga kelganim,
Kelib endi bilganim,
Dilga joylab yurganim
Qulhuollohu ahad.

Ag‘yorlarga, qirq yoshim,
Egilmadi bu boshim,
Ularga og‘ir toshim,
Qulhuollohu ahad.

Kamg‘oq o‘zin tog‘ aylar,
Yang‘oq o‘zin bog‘ aylar,
Yov — siring olib boylar…
Qulhuollohu ahad.

Kengash qilgan el — ozmas,
Katta daryo hayqirmas,
Hikmatlarga kirdim, bas,
Qulhuollohu ahad.

Qondoshlardan qochmadim,
Kofirga dil ochmadim,
Oq bo‘lsam ont ichmadim,
Qulhuollohu ahad.

Ko‘ngli so‘qir — yot menga,
Ko‘zi so‘qir — sof menga.
Tildoshdir — kim pok menga,
Qulhuollohu ahad.

El bilan kechar umrim,
Er yetkazdi, angladim,
Shundan yorug‘ manglayim,
Qulhuollohu ahad.

Azim, o‘lim bo‘ynimda,
Chiqarmadim o‘yimdan,
Munojotim, kuyimda
Qulhuollohu ahad.

1990

09

(Tashriflar: umumiy 1 840, bugungi 1)

Izoh qoldiring