Aziz Said. Yutdi tongday yorug‘ xayollar…

04    Мен шеъриятни инсоннинг ўз-ўзи билан, одамлар билан, табиат билан, Худо билан руҳоний суҳбати деб биламан. Бу суҳбатга эҳтиёж қачон туғилади? Ишончим комилки, одамзод дунёга келганда бу оламнинг пок тасвири қалбига муҳрланган бўлади – ота-она, Ватан, дўстдан тортиб Яратувчигача, меҳр, муҳаббат, адолат ва ҳурликдан тортиб эътиқодгача.

У рўбарў келган ҳаёт ана шу пок – идеал тасаввурдай гўзал бўлса, завқланади, унга мос келмаса изтироб чекади. Ким биландир руҳоний суҳбат эҳтиёжи туғилади. Юрагида туғилган дардларга малҳам, саволларга жавоб олгиси келади, руҳ таскин ва ҳамдард излайди…(Шоир билан суҳбатдан. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин)

Азиз САИД
ЮТДИ ТОНГДАЙ ЁРУҒ ХАЁЛЛАР…
055

БЕШ КУН
Туркумдан

Ичиндаги ичиндадур.
Жалолиддин Румий

1
Беш кундир, йўлдаман,
Кимлигим
Эслай олмайман –

Ярим – малак
Нурҳуққани отади зулматҳуққага,
Ўйнайди… бири ким… гардкам…
Тишлаб кўради – чақилмайди.
Тўққиз пардали созни тирнайди –
Чала олмайди.
Кетади – қайдасан
Нурманзил.

Ярмим илон
Оғзига гул тишлаб олган,
Кавакми, ғовакми,
Ғамакми, шамакми,
Суртиб адо қилар.
Чақмоқ ёнғоқ чақар
Бургуткўз, калхаткўз ёғар шивалаб,
Қочади – қайдасан
Қумманзил.

Ярмим балиқ
Қошини қоқмоқчи бўлади ойга.
Қанотларига қараб анграяр –
Учса юлдузтанга олиб қайтарди.
Ғоввосга қараб анграяр –
Ҳайраттанга, таажжубтанга.
Қамишдан қарзини уза олмайди.
Шўнғийди – қайдасан
Сувманзил.

2
Алқисса, қирқ кун қавмсиз қолди мамлакат,
Қирқ кун шайтони лаинга бўлди сайргоҳ.
Сичқонга ин қазди қирқ кун чўккалаб,
Қирқ кун қафас қурди – бўлсин тайргоҳ.
Ҳар эшик олдида бир тузоқ кўрди,
Ҳар кўча сўнгида қуртлаган зиндон.
Тикилди – чор атроф жарлиг-у ўпқон,
Ҳовузга қараса – қаради шайтон…

3
Уч тўртта қузғун-у битта ўлакса
Томоша беради беш кундан буён.
Ким гулхан ёқади, кимдир сангтарош,
Кимнингдир кафти қон, ким айтар азон?

Томошабин йўқ.

Беш кундир, тинмайди маст-у аластлик,
Кулади, йиғлайди – ёлғонми ростлик.
Беш кундир, кўр уста суяк жамлайди –
Терсам бас, йиғсам бас – битта қафаслик,

Томошабин йўқ.

Беш кундир, арранинг овози тинмас,
Беш кундир, тутатқи излар чироқчи,
Беш кундир, бармоғин санар саноқчи,
Беш кундир, карвонни пойлар қароқчи,

Томошабин йўқ.

Беш кундир, ойнасиз гардиш қўлимда,
Ёлғончи қуръатош ўнг-у сўлимда.
Қирқ тугун риштамдан дор ҳам тикилган,
Хазина қўрмаган илон бўйнимда,

Томошабин йўқ.

4
Алқисса, эшагин йўқотди Одам,
Уч кун рўза тутди Тангридан сўраб.
Топди-ю қараса, эшаги ўлган,
Алам қип дўғлади осмонга қараб:
– Жонини олибсан бергил демасман,
Энди от йўқолса ҳам сендан сўрмасман.
Уч кун рўзам ҳақи моҳи рамазон
Олти кун емасам Одам эмасман…

5
Кечиринг, онажон,
Бугун ёнингизга бора олмадим.
Чиқай десам,
Кулча бўлиб
Ўлиб қопти йўл.
Оч эди беш кундан буён –
Тановвул қилмаган бирорта қадам.
Қириб четга ташлай десам,
Хокандозни йўқотиб қўйибман.
Қўлимда сояандоз,
Чойнак тўла соя қайнаётир,
Қозон тўла соя пишаётир.
Беш кундан буён
Хаёлсоя – ғизойим,
Ақлсоя – жазойим,
Тасаввурсоя – сазойим.
Қўлимда сояандоз.
…Биров ичкари кирди,
Ғафлатда қолдим.
Онажон, мени кечиринг,
Яқинда бораман,
Фақат
Айтинг –
Соя олдин кирдими,
Одам олдин кирдими,
Қай бирини олай сояандозга?

6
Алқисса,
Сўрайман –
Оқ сигирдан қора сигир пайдо қилган зот
Қаерда яшайди?

Жавоб бермайди ҳеч ким…

Бўлмасам,
Қора сигирдан оқ сигир пайдо қилган зотни
Биларсиз?

Жавоб бермайди ҳеч ким…

МИНГ ТЎҚҚИЗ  ЮЗ ЎТТИЗ ЕТТИНЧИ

Бобом Муҳаммад Мақсуд  ўғли хотирасига

Ит акиллаши каби бир овоз:
– “Минг тўққиз юз ўттиз еттинчи!”
Нафасини ютар уруш
Ва фашистлар изғиган ўлимхона.
Ёғоч калиш ғўлдирайди –
У бир қадам чиқар олдинга.
– Доно бўлиб кетяпсан, чўчқа,
Қаердан кеп қолди фронт газети?
Автомат ўқдонидаги ўқлардай
Тишлари қисилган, у жим.
Жағига қарсиллаб тушади қўндоқ,
У йиқилар, юраги ғижим.
Янчилган лабидан томади ерга
Қонолуд нафрат.

– Сендан сўраяпман,
“Минг тўққиз юз ўттиз еттинчи?”

Кўзига санчилар тикнак рақам,
Хаёли йиртилар – шариллаб оқади
Машъум суратлар.
Ялайди минг тўққиз юз
Ўттиз еттинчи йил:
Саводсизликни тугатар пайти
Яъни оқшом кўлмакдан чиққанда сакраб,
Кириб келишди,
Қўлида қурбонлар рўйхати.
– Доно бўлиб кетяпсан…
Ҳайрон қолди бошлиғи
Ҳақорат халтасига қўлини тиқиб.
Ўзининг номидан бўлак
Ҳеч вақо йўқ эди бу халққа аталган.
Ғижинди: халқ душмани…
Отасининг сўнг икки акасининг
Қўллари боғланди пўлат чивиқлар билан.
(У билмасди, билолмай ўтди
Пўлат чивиқнинг таржимаси
Ста-лин эканлигини).
Сўнг унга тикилди “ҳукумат”.
– Унинг саводи йўқ, – деди отаси.
– Саводсизларни ҳам тугатамиз,
(Саводсизликни, деб эшитди у)
Саводлилар тугайверсин-чи.
Кейин…

– “Минг тўққиз юз ўттиз еттинчи!”
Йил
Яна бир суратни ялайди:
– Ўқишни биласанми?
Жағига қарсиллаб тушади милтиқ қўндоғи.
У йиқилмайди,
Қонга қўшиб туфлар саволни.
Ёддан билишини айтмайди
Бобоси ўргатган “Қуръон”ни…

Ютди тонгдай ёруғ хаёллар-у
Дилни чайнаб семирган қамоқ
Отаси ва акаларини.
Унга тамға босишди – қулоқ.
Урушгача тошлар ташиди
Ҳуқуқсизлик шахталарида.
Қишлоқ эса, қишлоқ ўша йил
Ўғлонларин кутди изиллаб…

Шивирлади кимдир кимгадир:
Ҳаммасига гуноҳкор
Китоб…

Ўша кун анграйиб қолди токчалар,
Китоб-у қоғоздан ясашди гулхан.
Варракларни ёқишди ҳатто
Болаларнинг олиб қўлидан.
Халқ, дея ловуллаб ёнди Навоий,
Қалқ, дея ловуллаб ёнди Бобур ҳам.
Машрабни ёқишди дор билан қўшиб,
Хайёмни ёқишди кўзага солиб.
“Илми нужум” ёнди –
Бу халқнинг бошида юлдуз қолмади.
“Таворих” гурлади –
Авлод-у аждод қолмади.
Кул бўлди Сино ҳам, халқнинг дардига
Шифобахш мўмиё-ю малҳам қолмади.
Кейинги китоблар Бухорий ва Қодирий…
Келажак қолмади, манзил қолмади.

Сўнг кулни эзғилаб ваҳший бир шамол
Қозонда қайнатди, уни ичдилар.
Томирга югурди заҳарга ўхшаб
Машъум бир касаллик, ҳеч ким сезмади.
Қўр-рр-қуввв!
Виждонни, мияни ҳамда забонни
Ютди у.
Кўз кўзга тушганда
Юқди у.
Кўчада юқди у, тўшакда юқди,
Кўкракдан гўдакка сут билан юқди,
Очликдан юқди у, тўқликдан юқди,
Тобутдан юқди у, бешикдан юқди.
Фақат омон қолди меҳнаткаш, қўллар
(Қуллар, деб ўқийсиз эски ёзувда).

“Минг тўққиз юз ўттиз еттинчи”
ертўлага гурсиллаб тушди.
Қарсиллаб ёпилди темир панжара.
Ҳамон суратларни ялар эди йил:
Келди яна отасини ва акаларини
Олиб кетганлар.
Бошлиғи тиғ билан темир кукунни
Хириллаб қўлида кўтарди баланд:
– Қани ким биринчи?
“Изм”га бошлаймиз музаффар юриш.
Бутун қишлоқ бўлди биринчи.
Бош чаноғин тиғ билан очиб,
Мияларин сихга тортдилар.
Темир кукун сепиб пиширгач
– Биз олмаймиз ҳеч нарсангизни,
дея бошни қайта тикдилар.
– Шиор энди пўлат интизом
Қориндаги ҳомилага ҳам.
(У билмасди, билолмай ўтди
Стал-ин эканлигини
Пўлат интизомнинг таржимаси ҳам).

Сўнгра секин пичирлади бир жуҳуд маҳбус:
Буғдойнинг пишишини кутадилар
Азал-азал ал замон.
Бўлмаса оч қолади
Тандир билан тегирмон.
Подшоҳ кўзин ўяди
Деҳқон билан чўпонни.
Кўриб қолса тахт йўлин
Кўтаради исённи.

– “Минг тўққиз юз ўттиз еттинчи!”
Уни яна олиб чиқдилар.
Йилнинг ошқозони тўлди суратдан,
Лекин тўймади кўзи.
Чўлпонни ютди у, Фитратни ютди,
Ва ғажий бошлади ўзини ўзи…

Йилнинг қорни тўйди.
Эллик йил ухлади, халқни ухлатди…

Сўнг чақмоқ чақди-ю ногаҳон,
Ғофил ётибсанлар, деди аллаким.
Уйқудан уйғонди фақат тўйганлар
(Тўймаган уйқуда ётибди ҳамон).
Гулхан ясадилар.
Пўлат чивиқлар-у пўлат миядан.
Яна бир тўлғониб туғди оналар,
Қўрқувга тупуриб ўсган фарзандлар
Сўйдилар эллик йил ухлаган йилни…

Қон ҳамон оқмоқда, қон ҳамон
Касал. Пичирлар:
Саводхон, саводхон, саводхон.

Томирни титкилаб эриган кулни
Ҳижжалаб ўқийлик, юртнинг бошига
Интиҳо келмасдан топайлик давом.
У хабарсиз кетди ушбу гаплардан.

Ит аккиллаши каби бир овоз:
– “Минг тўққиз юз ўттиз еттинчи!”
Нафасини ютмади уруш
Ва фашистлар изғиган ўлимхона.
Ёғоч кавуш ғўлдирамади.
Бир қадам олдинга чиқмади ҳеч ким,
– Қочибди! Оҳ, мен айтган эдим:
Маҳбус доно бўлиб кетса гар
Албатта, қонида исён туғилар!

АҲЛИ (Қ)АЛАМ

Бирининг қулоғида
Дарё шовуллар эмиш.
Бирисида шамоллар
Тинмай гувиллар эмиш.

Бирисида бўрилар
Увиллармиш тун бўйи.
Чигирткалар басма-бас
Чириллармиш кун бўйи.

Бирининг қулоғига
Шайтон пичирлар эмиш.
Бири шикоят қилар –
Сичқон қитирлар эмиш.

Юрсалар ҳам шу эмиш,
Турсалар ҳам шу эмиш.
Қулоққа бир-икки мушт
Урсалар ҳам шу эмиш.

Табиб дермиш: ижодкор
Юрар доим аламда.
Балки илҳом чоғида
Кавлагандир қаламда.

Қулоқнинг шоҳ томири
Ё сиқилиб қолгандир.
Юракда қолиб кетган
Сўз тиқилиб қолгандир…

  Men she’riyatni insonning o‘z-o‘zi bilan, odamlar bilan, tabiat bilan, Xudo bilan ruhoniy suhbati deb bilaman. Bu suhbatga ehtiyoj qachon tug‘iladi? Ishonchim komilki, odamzod dunyoga kelganda bu olamning pok tasviri qalbiga muhrlangan bo‘ladi – ota-ona, Vatan, do‘stdan tortib Yaratuvchigacha, mehr, muhabbat, adolat va hurlikdan tortib e’tiqodgacha. U ro‘baro‘ kelgan hayot ana shu pok – ideal tasavvurday go‘zal bo‘lsa, zavqlanadi, unga mos kelmasa iztirob chekadi…(Shoir bilan suhbatdan. Uni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin)

Aziz SAID
YUTDI TONGDAY YORUG’ XAYOLLAR
055

BESH KUN
Turkumdan

Ichindagi ichindadur.
Jaloliddin Rumiy

1
Besh kundir, yo‘ldaman,
Kimligim
Eslay olmayman –

Yarim – malak
Nurhuqqani otadi zulmathuqqaga,
O‘ynaydi… biri kim… gardkam…
Tishlab ko‘radi – chaqilmaydi.
To‘qqiz pardali sozni tirnaydi –
Chala olmaydi.
Ketadi – qaydasan
Nurmanzil.

Yarmim ilon
Og‘ziga gul tishlab olgan,
Kavakmi, g‘ovakmi,
G‘amakmi, shamakmi,
Surtib ado qilar.
Chaqmoq yong‘oq chaqar
Burgutko‘z, kalxatko‘z yog‘ar shivalab,
Qochadi – qaydasan
Qummanzil.

Yarmim baliq
Qoshini qoqmoqchi bo‘ladi oyga.
Qanotlariga qarab angrayar –
Uchsa yulduztanga olib qaytardi.
G‘ovvosga qarab angrayar –
Hayrattanga, taajjubtanga.
Qamishdan qarzini uza olmaydi.
Sho‘ng‘iydi – qaydasan
Suvmanzil.

2
Alqissa, qirq kun qavmsiz qoldi mamlakat,
Qirq kun shaytoni lainga bo‘ldi sayrgoh.
Sichqonga in qazdi qirq kun cho‘kkalab,
Qirq kun qafas qurdi – bo‘lsin tayrgoh.
Har eshik oldida bir tuzoq ko‘rdi,
Har ko‘cha so‘ngida qurtlagan zindon.
Tikildi – chor atrof jarlig-u o‘pqon,
Hovuzga qarasa – qaradi shayton…

3
Uch to‘rtta quzg‘un-u bitta o‘laksa
Tomosha beradi besh kundan buyon.
Kim gulxan yoqadi, kimdir sangtarosh,
Kimningdir kafti qon, kim aytar azon?

Tomoshabin yo‘q.

Besh kundir, tinmaydi mast-u alastlik,
Kuladi, yig‘laydi – yolg‘onmi rostlik.
Besh kundir, ko‘r usta suyak jamlaydi –
Tersam bas, yig‘sam bas – bitta qafaslik,

Tomoshabin yo‘q.

Besh kundir, arraning ovozi tinmas,
Besh kundir, tutatqi izlar chiroqchi,
Besh kundir, barmog‘in sanar sanoqchi,
Besh kundir, karvonni poylar qaroqchi,

Tomoshabin yo‘q.

Besh kundir, oynasiz gardish qo‘limda,
Yolg‘onchi qur’atosh o‘ng-u so‘limda.
Qirq tugun rishtamdan dor ham tikilgan,
Xazina qo‘rmagan ilon bo‘ynimda,

Tomoshabin yo‘q.

4
Alqissa, eshagin yo‘qotdi Odam,
Uch kun ro‘za tutdi Tangridan so‘rab.
Topdi-yu qarasa, eshagi o‘lgan,
Alam qip do‘g‘ladi osmonga qarab:
– Jonini olibsan bergil demasman,
Endi ot yo‘qolsa ham sendan so‘rmasman.
Uch kun ro‘zam haqi mohi ramazon
Olti kun yemasam Odam emasman…

5
Kechiring, onajon,
Bugun yoningizga bora olmadim.
Chiqay desam,
Kulcha bo‘lib
O‘lib qopti yo‘l.
Och edi besh kundan buyon –
Tanovvul qilmagan birorta qadam.
Qirib chetga tashlay desam,
Xokandozni yo‘qotib qo‘yibman.
Qo‘limda soyaandoz,
Choynak to‘la soya qaynayotir,
Qozon to‘la soya pishayotir.
Besh kundan buyon
Xayolsoya – g‘izoyim,
Aqlsoya – jazoyim,
Tasavvursoya – sazoyim.
Qo‘limda soyaandoz.
…Birov ichkari kirdi,
G‘aflatda qoldim.
Onajon, meni kechiring,
Yaqinda boraman,
Faqat
Ayting –
Soya oldin kirdimi,
Odam oldin kirdimi,
Qay birini olay soyaandozga?

6
Alqissa,
So‘rayman –
Oq sigirdan qora sigir paydo qilgan zot
Qayerda yashaydi?

Javob bermaydi hech kim…

Bo‘lmasam,
Qora sigirdan oq sigir paydo qilgan zotni
Bilarsiz?

Javob bermaydi hech kim…

MING TO‘QQIZ  YUZ O‘TTIZ YETTINCHI

Bobom Muhammad Maqsud o‘g‘li xotirasiga

It akillashi kabi bir ovoz:
– “Ming to‘qqiz yuz o‘ttiz yettinchi!”
Nafasini yutar urush
Va fashistlar izg‘igan o‘limxona.
Yog‘och kalish g‘o‘ldiraydi –
U bir qadam chiqar oldinga.
– Dono bo‘lib ketyapsan, cho‘chqa,
Qayerdan kep qoldi front gazeti?
Avtomat o‘qdonidagi o‘qlarday
Tishlari qisilgan, u jim.
Jag‘iga qarsillab tushadi qo‘ndoq,
U yiqilar, yuragi g‘ijim.
Yanchilgan labidan tomadi yerga
Qonolud nafrat.

– Sendan so‘rayapman,
“Ming to‘qqiz yuz o‘ttiz yettinchi?”

Ko‘ziga sanchilar tiknak raqam,
Xayoli yirtilar – sharillab oqadi
Mash’um suratlar.
Yalaydi ming to‘qqiz yuz
O‘ttiz yettinchi yil:
Savodsizlikni tugatar payti
Ya’ni oqshom ko‘lmakdan chiqqanda sakrab,
Kirib kelishdi,
Qo‘lida qurbonlar ro‘yxati.
– Dono bo‘lib ketyapsan…
Hayron qoldi boshlig‘i
Haqorat xaltasiga qo‘lini tiqib.
O‘zining nomidan bo‘lak
Hech vaqo yo‘q edi bu xalqqa atalgan.
G‘ijindi: xalq dushmani…
Otasining so‘ng ikki akasining
Qo‘llari bog‘landi po‘lat chiviqlar bilan.
(U bilmasdi, bilolmay o‘tdi
Po‘lat chiviqning tarjimasi
Sta-lin ekanligini).
So‘ng unga tikildi “hukumat”.
– Uning savodi yo‘q, – dedi otasi.
– Savodsizlarni ham tugatamiz,
(Savodsizlikni, deb eshitdi u)
Savodlilar tugayversin-chi.
Keyin…

– “Ming to‘qqiz yuz o‘ttiz yettinchi!”
Yil
Yana bir suratni yalaydi:
– O‘qishni bilasanmi?
Jag‘iga qarsillab tushadi miltiq qo‘ndog‘i.
U yiqilmaydi,
Qonga qo‘shib tuflar savolni.
Yoddan bilishini aytmaydi
Bobosi o‘rgatgan “Qur’on”ni…

Yutdi tongday yorug‘ xayollar-u
Dilni chaynab semirgan qamoq
Otasi va akalarini.
Unga tamg‘a bosishdi – quloq.
Urushgacha toshlar tashidi
Huquqsizlik shaxtalarida.
Qishloq esa, qishloq o‘sha yil
O‘g‘lonlarin kutdi izillab…

Shivirladi kimdir kimgadir:
Hammasiga gunohkor
Kitob…

O‘sha kun angrayib qoldi tokchalar,
Kitob-u qog‘ozdan yasashdi gulxan.
Varraklarni yoqishdi hatto
Bolalarning olib qo‘lidan.
Xalq, deya lovullab yondi Navoiy,
Qalq, deya lovullab yondi Bobur ham.
Mashrabni yoqishdi dor bilan qo‘shib,
Xayyomni yoqishdi ko‘zaga solib.
“Ilmi nujum” yondi –
Bu xalqning boshida yulduz qolmadi.
“Tavorix” gurladi –
Avlod-u ajdod qolmadi.
Kul bo‘ldi Sino ham, xalqning dardiga
Shifobaxsh mo‘miyo-yu malham qolmadi.
Keyingi kitoblar Buxoriy va Qodiriy…
Kelajak qolmadi, manzil qolmadi.

So‘ng kulni ezg‘ilab vahshiy bir shamol
Qozonda qaynatdi, uni ichdilar.
Tomirga yugurdi zaharga o‘xshab
Mash’um bir kasallik, hech kim sezmadi.
Qo‘r-rr-quvvv!
Vijdonni, miyani hamda zabonni
Yutdi u.
Ko‘z ko‘zga tushganda
Yuqdi u.
Ko‘chada yuqdi u, to‘shakda yuqdi,
Ko‘krakdan go‘dakka sut bilan yuqdi,
Ochlikdan yuqdi u, to‘qlikdan yuqdi,
Tobutdan yuqdi u, beshikdan yuqdi.
Faqat omon qoldi mehnatkash, qo‘llar
(Qullar, deb o‘qiysiz eski yozuvda).

“Ming to‘qqiz yuz o‘ttiz yettinchi”
yerto‘laga gursillab tushdi.
Qarsillab yopildi temir panjara.
Hamon suratlarni yalar edi yil:
Keldi yana otasini va akalarini
Olib ketganlar.
Boshlig‘i tig‘ bilan temir kukunni
Xirillab qo‘lida ko‘tardi baland:
– Qani kim birinchi?
“Izm”ga boshlaymiz muzaffar yurish.
Butun qishloq bo‘ldi birinchi.
Bosh chanog‘in tig‘ bilan ochib,
Miyalarin sixga tortdilar.
Temir kukun sepib pishirgach
– Biz olmaymiz hech narsangizni,
deya boshni qayta tikdilar.
– Shior endi po‘lat intizom
Qorindagi homilaga ham.
(U bilmasdi, bilolmay o‘tdi
Stal-in ekanligini
Po‘lat intizomning tarjimasi ham).

So‘ngra sekin pichirladi bir juhud mahbus:
Bug‘doyning pishishini kutadilar
Azal-azal al zamon.
Bo‘lmasa och qoladi
Tandir bilan tegirmon.
Podshoh ko‘zin o‘yadi
Dehqon bilan cho‘ponni.
Ko‘rib qolsa taxt yo‘lin
Ko‘taradi isyonni.

– “Ming to‘qqiz yuz o‘ttiz yettinchi!”
Uni yana olib chiqdilar.
Yilning oshqozoni to‘ldi suratdan,
Lekin to‘ymadi ko‘zi.
Cho‘lponni yutdi u, Fitratni yutdi,
Va g‘ajiy boshladi o‘zini o‘zi…

Yilning qorni to‘ydi.
Ellik yil uxladi, xalqni uxlatdi…

So‘ng chaqmoq chaqdi-yu nogahon,
G‘ofil yotibsanlar, dedi allakim.
Uyqudan uyg‘ondi faqat to‘yganlar
(To‘ymagan uyquda yotibdi hamon).
Gulxan yasadilar.
Po‘lat chiviqlar-u po‘lat miyadan.
Yana bir to‘lg‘onib tug‘di onalar,
Qo‘rquvga tupurib o‘sgan farzandlar
So‘ydilar ellik yil uxlagan yilni…

Qon hamon oqmoqda, qon hamon
Kasal. Pichirlar:
Savodxon, savodxon, savodxon.

Tomirni titkilab erigan kulni
Hijjalab o‘qiylik, yurtning boshiga
Intiho kelmasdan topaylik davom.
U xabarsiz ketdi ushbu gaplardan.

It akkillashi kabi bir ovoz:
– “Ming to‘qqiz yuz o‘ttiz yettinchi!”
Nafasini yutmadi urush
Va fashistlar izg‘igan o‘limxona.
Yog‘och kavush g‘o‘ldiramadi.
Bir qadam oldinga chiqmadi hech kim,
– Qochibdi! Oh, men aytgan edim:
Mahbus dono bo‘lib ketsa gar
Albatta, qonida isyon tug‘ilar!

AHLI (Q)ALAM

Birining qulog‘ida
Daryo shovullar emish.
Birisida shamollar
Tinmay guvillar emish.

Birisida bo‘rilar
Uvillarmish tun bo‘yi.
Chigirtkalar basma-bas
Chirillarmish kun bo‘yi.

Birining qulog‘iga
Shayton pichirlar emish.
Biri shikoyat qilar –
Sichqon qitirlar emish.

Yursalar ham shu emish,
Tursalar ham shu emish.
Quloqqa bir-ikki musht
Ursalar ham shu emish.

Tabib dermish: ijodkor
Yurar doim alamda.
Balki ilhom chog‘ida
Kavlagandir qalamda.

Quloqning shoh tomiri
Yo siqilib qolgandir.
Yurakda qolib ketgan
So‘z tiqilib qolgandir…

023

(Tashriflar: umumiy 314, bugungi 1)

Izoh qoldiring