Baxshichilik – o’zimiz, o’zligimiz

002

  Бахшининг дўмбирасидан таралаётган куй, унинг ширали овози киши қалбини беихтиёр тўлқинлантиради, жунбушга келтиради. Халқ қалбининг нолаларидан яралган достонлар асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб инсоният маънавий тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Негаки, ўзбек халқ достонларида халқимиз бадиий тафаккурининг жуда бой ва қадимий анъаналари мужассам.

Достончилик санъатининг бундай бадиий анъаналари халқ бахшиларининг такрорланмас амалиёти ва тинимсиз меҳнати билан бизгача етиб келган. Шу тариқа бир-биридан гўзал, бир-биридан сара термалар ва достонлар бутун салобати ва малоҳати билан ҳали-ҳануз тингловчиларни баҳраманд этиб келмоқда. Улар қадимдан инсон қалб торининг энг нозик ришталарини қўзғатган, эстетик ва руҳий озуқа улашиб келган. Бахши — қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор, халқ достончиси. Улар ижрочи ва ижодкор бахшиларга бўлиниб, ижрочи бахшилар, асосан, устозидан ўрганган достонларни жузъий ўзгаришлар билан aйнан куйлайдилар.

946 Ижодкор бахшилар эса оғзаки эпик анъана асосида достоннинг ўз вариантлари, ҳатто улар асосида янги достонлар ҳам яратадилар. Бахшилар достон ва қўшиқларни қўбиз, дўмбира, дутор каби созлар жўрлигида куйлайдилар.
Е.Поливановнинг ёзишича, “бахши” сўзи асли хитойча бўлиб, хитойча pak-si сўзи- “устоз”, “ёзувчи”, “котиб” маъноларини англатади. У асосан шомон эътиқодли турклар тилида “тўй-тантаналарни бошқарувчи киши” маъносида ишлатилган. Профессор Э.Р. Тенишев “бахсе” сўзи уйғур тилининг шарқий лаҳжасида “бахши”, “табиб”, “шомон”, шунингдек, долан лаҳжасида “афсунгар, “фолбин; уйғур ёдномаларида эса “устоз”, “шогирд” маъноларини ифодалаганини ёзади. В.В. Бартольд Туркистон ҳукмдорларининг форсча билмаган котиблари ҳам бахши деб аталганини қайд этади.

Охунжон Сафаровнинг маълумотларига кўра, фавқулодда хотира қудратига эга бўлган Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёддан билган. Ҳар бир достон икки-уч минг сатрдан тортиб, ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни, қарийб шунча прозаик қисмни ҳам ўз ичига олишини ҳисобга олсак, халқ бахшиларининг салоҳияти, ҳайратомуз ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти, ижод қилиш қудрати ўз-ўзидан аён бўлади. XX асрнинг ўрталарида ижод этган Пўлкан шоир 76 та, Фозил Йўлдош ўғли 60 та, Эргаш Жуманбулбул ўғли 50 та, Мардонақул Авлиёқул ўғли 43 та, Юсуф Ўтаган ўғли 31 та, Бола бахши 20 та достонни, 60-70 йилларда ижод этган Қодир бахши Раҳимов 62 та, Тош шоир 20 та, Сайидмурот Паноҳ ўғли 17 та достонни ёддан билганлар.

Ўзбекистон халқ бахшилари Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов, Қора бахши Умиров, Абдуқаҳҳор ва Абдумурот Раҳимовлар, Шомурод Тоғаев, Зиёдулла Исломов, Норбек бахши Абдуллаев, Қаландар бахши Норметовлар бетакрор ижролари билан бахшичилик санъати ривожига муносиб хисса қўшдилар. Ўзбек достончилигида анъанавий достон куйлаш тартиби бор. Бахши таклиф қилинган меҳмонхонага барча эшитувчилар қатор қўр ташлаб ўтирганлар. Бахшини энг тўрга ўтқизганлар.

0023 Достон айтувчи ижро давомида ҳар бир тасвирга мос сўз ва куй топиб, авжга чиқиб боради, ўзларининг таъбири билан айтганда “қайнайди”. Бундай пайтларда тўрдаги бахши пойгакка, томошабин эса, тўрга чиқиб қолганини ҳеч ким пайқамай қолади. Бахши таклиф қилинган қишлоқ ёки хонадонда достончилик кечалари баъзан бир неча кун давом этади. Она юртга садоқат, муҳаббат, дўстлик, биродарлик, қаҳрамонликни тараннум этувчи хилма-хил мазмундаги достонларни бахшилар севиб куйлайдилар.

Республикамизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган бўлиб, ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шахрисабз, Қамай, Шеробод, Жанубий Тожикистон, Хоразм ҳамда Қарақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд. Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқланадилар. Хоразм достончилик мактаби вакилларининг ижросида асосан, мусиқа етакчилик қилади ҳамда матнлар ёд олинади. Қўшиқларнинг матнини яратишда мумтоз адабиёт шеърий жанрларининг ҳамма қоидаларига амал қилинади.

Бахши сўз ҳамда қўшиқни очиқ овозда дутор ёки тор билан доира жўрлигида ижро этади. Улар эпик асарларни тўла ижро этишдан кўра, парчалар, термалар ва ўзлари яратган асарларни куйлашга алоҳида эътибор берганлар. Эпик асарларни элга етказишда Ўзбекистоннинг деярли барча ерларида якка ижрочилик ҳукмрон бўлса, Хоразмда, асосан, жамоавий ижрочилик етакчилик қилади. Хоразм достончилиги репертуар таркиби жиҳатидан ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Масалан, бу ерда қаҳрамонлик достони “Алпомиш” учрамайди, аксинча, ишқий-романик достонларнинг аксарияти республикамизнинг бошқа ерларида мавжуд эмас.

Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд бахшичилик мактаби вакиллари дўмбира жўрлигида бўғиқ, яъни ёпиқ овозда қўшиқ ижро этиб, очиқ овозда достон жараёнига таъриф берадилар. Шеробод бахшичилик мактаби достонлари ўзининг соддалиги, мадҳининг ихчамлиги билан фарқланади. Ушбу достончилик мактабининг йирик вакилларидан бири Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаевдир. Алпомиш, Кунтуғмиш, Авазхон, Ойпарча каби ўнлаб достонларни завқ билан куйловчи Шоберди бахшининг ўз ижро услуби бор. У куйлаган достонлар бадиий мукаммаллиги ва жозибадорлиги билан алоҳида ажралиб туради. — Халқ достончиси сўз заргари бўлиши лозим. Бу эса ўз навбатида табиий истеъдод, кучли идрок, мунтазам равишда қунт ва чидам билан машқ қилишни талаб этади, дейди Шоберди бахши. -Бахши халқ турмуши ва маданиятини, ўзи яшаб турган юрт тарихини ва бирор соз чалишни билиши, ҳофизлик санъатини пухта эгаллаган бўлиши керак. У жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдалана олиши лозим.

Тингловчиларни ром этувчи оҳанг топа билиш, достонни жозибали ва қизиқарли қилиб айтиш достон айтишнинг асосий талабларидан. Халқимизнинг ўлмас дурдонаси-достонлар матнларини мактаб дарсликларига киритиш лозим. Фарзандларимизни миллий қадриятларимизга содиқ, ўзбекона руҳда тарбиялашда эзгуликка чорлайдиган, ватанпарвар, адолатли, мард, жасур бўлишга ундовчи достонларимизнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам кўплаб достончилик мактабларини ташкил қилиш, ҳаётий, халққа яқин, давримизга ҳамоҳанг достонларни яратиш лозим. Шукурки, истиқлол йилларида бошқа соҳалар қатори бахшичилик санъатига ҳам катта эътибор берилди. “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони таъсис этилишининг ўзи ҳам юртимизда миллий қадриятларимизни тиклашга қаратилган ана шундай юксак эътибор намунасидир. Хозиргача фольклоршунос олимлар томонидан 300га яқин достон номлари аниқланган бўлиб, улар миллий ўзликни англаш, тарихни ўрганиш, ўзбекона урф-одатларни тарғиб этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Бахшичилик санъатини сақлаб қолиш, қайта тиклаш, ўрганиш ва келажак авлодга етказишда Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2010 йил 7 октябрда тасдиқланган “2010 — 2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастури” ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мунтазам равишда ўтказиб келинаётган Бахши шоирлар ва оқинларнинг анъанавий Республика кўрик-фестивалини ўтказишдан мақсад ҳам бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият олиб бораётган бахши-шоирлар, оқинлар, жировлар ва халфаларнинг ижодий ишлари билан яқиндан танишиш, уларга амалий ёрдам бериш ва ёшларнинг бой маънавий меросимизга бўлган қизиқишини оширишдан иборат.

Бахшилар ижроларини аудио, видео тасмаларига ёзиб олиш, китоб ҳолига келтириш, нағмаларни нотага олиш, шу достонлардан имкон даражасида фильмлар яратишни йўлга қўйиш достончилик мактабларини ривожлантиришдаги асосий вазифалардан биридир. Зеро, халқ достонлари миллий ифтихор ва ўз-ўзини англаш, ватанпарварлик, дўстлик, биродарлик туйғуларини тарбиялашда “ҳаёт мактаби” вазифасини ўтайди.

Бу саҳифамизда машҳур Қодир бахши Раҳимов ва унинг изидан бораётган фарзандлари Қаҳҳор бахши билан Абдимурод бахши ҳақида ҳикоя қиламиз.

09
БАХШИСИ БОР ЭЛНИНГ — БАХТИ БОР
Моҳигул Қосимова

— Соддалик, камсуқумлик, кўнгилчанлик, ўта камтарлик, саховат Қодир бахшининг қон-қонига сингиб кетган эди, — дейди фольклоршунос олим Абдиолим Эргашев. – Уни юлдуз қадар юксакка кўтарган ҳам, гоҳо ташвишу қайғуларга дуч қилган ҳам шу фазилатлар бўлди. Бахши учун ёшу қари – барча азиз, мукаррам эди.

0087 Қодир бахши Раҳимов 1937 йилнинг 15 апрелида Деҳқонобод тумани Хўжамаҳмуд қишлоғининг Чалика овулида зиёли оиласида туғилди. 1986 йилнинг 29 августида 49 ёшида вафот этди. Аммо у қисқа умри давомида минглаб қалбларни забт этди. Бахшичилик санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшиб, уни дунё миқёсига олиб чиқди. Бахши репертуарида 76 достон, 200 дан ошиқ эртак ва ривоят, топишмоқ ҳамда бошқа жанрга оид асарлар мавжуд эдики, бу унинг эпик хотираси кенглиги, бойлигидан далолат.

«Алпомиш», «Бева Барчин», «Ёдгор», «Ширин билан Шакар», «Рустамхон», «Гавҳаройим», «Райҳоннинг Чамбил келиши», «Париларнинг қочиши», «Тоҳир ва Зуҳро», «Ойпарча» ҳамда «Айритоғ» каби асарларни бахши дўмбира жўрлигида бор овози билан куйлаган бўлса, «Келиной нағмаси», «Келмади», «От ҳайдаш», «Ғарибнома», «От чоптириш», «Алихон куйи», «Ҳайим бахши усули», «Йиғи йўқлов», «Бедана сайраш», «Каклик овлаш»ни дўмбирада чертди. Унинг айтганлари, чертганлари нафақат халқимиз, балки дунё аҳлини лол қолдирди. Халқаро анжуманларда (5 марта) иштирок этиб, ЮНЕСКО томонидан ўтказилган халқ ижодиётига доир халқаро конгресслар, танловлар (Москва, Олма-ота, Париж), Тошкентда ўтказилган туркологларнинг икки халқаро анжуманида фаол иштирок этди.

«Зулфия Исроилова таниқли ижодкорлар даврасида Қодир бахши куйлаётган «Қашқадарё» термасидаги:

Тоғ бошида оппоқ қор,
Тинмай соғар сутини
Бир томонда Қашқанг бор
Қамчилайди отини…

мисраларини тинглаб, «Қойил, бахши, 60 йил ижод қилиб, бундай мукаммал тасвирларни учратмаган эдим», – дея қутлайди ва ўша даврнинг темир қонунларига зид ҳолда эртаси куни уни Мирмуҳсин ва Назармат тавсияси билан ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилдиради», — деб ёзилади Абдиолим Эргашев ва Фотима Жумаева муаллифлигида чоп этилган «Қодир бахши Раҳимов» номли китобда.

Қодир бахши Раҳимов ана шундай ўзидан ўчмас из қолдирган инсонлардан бири. У терма ва достонлар, тарихий қўшиқлар, халқ қўшиқлари, ривоятлар ва асотирлар, эртаклар, мақол ҳамда топишмоқ сингари фольклор жанрларни кўп билиши жиҳатидан ҳам биринчилардан эди. Буни айтган достонлари матнидан ҳам билиш мумкин.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлари илмий-методик маркази, Деҳқонобод тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Қодир бахши Раҳимов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган «Бахшиси бор элнинг бахти бор» деб номланган хотира кечаси (республика семинар-тренинги) бўлиб ўтди. Ушбу кечада марҳумнинг яқинлари, шогирдлари, қадрдонлари, фольклоршунос олимлар, пойтахтлик меҳмонлар, вилоятимиз ва Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларидан ташриф буюрган 70 нафарга яқин бахши ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.

Тадбир қатнашчилари Қодир бахши Раҳимов қабрини зиёрат қилишди. Марҳумнинг руҳига Қуръон тиловат қилингач, барча бахшининг уйига ташриф буюрди. Бир пиёла чой устидаги суҳбат Қодир бахши Раҳимов, унинг ижоди хусусида бўлди.

Кеча доирасида ташкил этилган Қодир бахши ҳаёти ва ижоди ҳақидаги илмий анжуманни Деҳқонобод тумани ҳокими Абдишукур Омонов кириш сўзи билан очди ва бахшичилик санъатини ривожлантириш, уни келажак авлодга етказиш муҳим эканлигини таъкидлади. Бунинг учун ҳар бир ижодкор Қодир бахши Раҳимов сингари санъатни севиши, уни ҳаётининг мазмунига айлантириши кераклигини айтди.

Фольклоршунос олим Абдиолим Эргашевнинг «Қодир бахши Раҳимов ҳаёти ва фаолияти» мавзусидаги маърузаси айниқса, талаба-ёшларни бефарқ қолдирмади. Шунингдек, тадбирда Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти фольклор бўлими мудири, филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев, филология фанлари доктори Нафас Шодмонов, Ўзбекистон халқ бахшилари Қора бахши Умиров ҳамда Бобораҳим бахши Муродов сўзга чиқиб, Қодир бахши мероси ва бахшичиликни ўрганиш масалалари хусусида фикр юритдилар.

Тадбир бахшилар баҳси билан давом этди.

— Айтилаётган термаларни эшитиб, Қодир бахшини орамизда, дегим келади, — деди Абдиолим Эргашев. — Унинг икки ўғли — Қаҳҳор бахши ва Абдимурод бахши «Ўзбекистон Халқ бахшиси» унвонига сазовор бўлди. Қаҳҳор бахши шогирдлари ва фарзандлари тимсолида яшаяпти. Уларнинг овози, устозига эргашиб (унга ўхшатиб) айтаётган термаларда у яшаётгандек гўё.

Манба: «Қашқадарё» газетаси 

09
БАХШИЧИЛИК — ЎЗИМИЗ,ЎЗЛИГИМИЗ
Абдунаби Абдиев

Бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилидир.
Ислом Каримов

0011…Бу менинг Қаҳҳор бахши билан илк бора юзма-юз туриб, соз ва сўз сеҳрли оламига сайр қилишим эди.

Томошагоҳ гавжум. Бахшининг мўъжизакор бармоқлари остида дўмбира нолалари авжга чиқа бошлади: «Отамдан қолган ёдгорим, ўзинг менинг йўғ-у борим, черт­масам бўлмас қарорим, ўзингни синовга шайла, дилимни шодумон айла»…

Ё қудратингдан! Бу не синоат? Наҳот бир парча қуриган ёғочнинг дардлари шу қадар теран бўлса? Дўмбира сайраяптими ёки ошёнидан айрилган банди булбулнинг доду фарёдими бу?

Дўмбира оҳанглари изидан

Мен Қаҳҳор бахши Раҳимовни ғойи­бона танирдим. У машҳур Қодир бахши Раҳимовнинг зурриёди. Аммо шахсан танишиш, суҳбатини олиш истаги юрагимнинг бир чеккасида армон бўлиб келаётганди.

Қаҳҳор бахши билан дилдан суҳбат қурдик. Яхшилар, ким нима демасин, кураш ҳақида полвондан, от таърифида чавандоздан, дўмбира васфида бахшидан ўтказиб сўз айтиш оддий бандага хос хислат эмас экан. Бахши ўз номи билан бахши, ҳозиржавоблик унинг нақши бўларкан, дўмбира ҳақидаги машҳур қўшиқ сатрларини айтишим бахшининг дард-дунёсини янада кенгроқ очиб юборди:

Кел-эй, созим, сўзлашайлик,
Сенинг аслинг ёғочдандир.
Ёғоч десам, қаҳринг келар,
Хурмо пишган ёғочдандир…
«Ўғлимнинг эгизаги — дўмбира»

Бахшининг онаси, 76 ёшли Мопорхол момонинг ҳикояларидан:

— Дўмбира Қаҳҳорнинг эгизаги, десам хато бўлмайди. Раҳматли эрим йўргакдаги Қаҳҳорни бир суйса, созини икки суярди. Қаҳҳор бир парча эт чоғида ўчоқ бошида куймаланиб, тандирга олов қалаб юрганимда йиғлаб қолса, отаси раҳматли соз чалиб овутарди. Дўмбира садоси янграши билан йиғлаб турган чақалоқ тиниб, оҳангга қулоқ тутганча бир зумда пишиллаб уйқуга кетар, сўнгра отаси:

— Онаси, йиғлоқи ўғлинг ухлади,— дердилар.

Шу-шу Қаҳҳор дўмбирадан бир қадам ҳам узоқлашмади. Оёқ чиқарганидан сўнг, отаси мактабга (у киши қишлоқ мактабида ўқитувчи бўлиб ишлардилар) кетганида дўмбирани попугидан судраб юрарди.

— Бунинг бир куни дўмбирамни синдириб қўяди, — деб койинарди отаси.

Тўрт ёшга кирганида бўйига мослаб, қошиқдан сал катта дўмбира олиб бериб қутулди.

«Достон эшитиб тишимиз чиққан»

Қаҳҳор бахши хотираларидан:

— Уйимизда тез-тез бахшилар гурунги, гап-гаштак бўлиб турарди.

«Қодир, янгиларидан айтиб бер», дейишар, отам онамга қозонга ўт қалатиб, овқат тадоригини кўрдирар, сўнгра дўмбира чертиб, достон айтишга тушарди.

Меҳмонхонамизга айвондан ўтиб кириларди. Менга хонадан жой етмаса, кўпинча шу ерда ўтириб олардим.

Ҳали соз, сўзнинг унчалик фаҳмига етмасам-да, давра тарқамагунча жойим­ни тарк этмасдим. Шундай гаштакларнинг бирида меҳмонхона тўлиблар кетди, кўпчилик ичкарида жой етишмаганидан айвонда чордона қуриб ўтиришди. Мен ҳам уларнинг сафига қўшилиб олдим. Отам шу куни ҳар кунгидан ҳам жўшиблар айтди, дўмбира сайради десам кам бўлар, бир парча ёғоч нолалар қилди. Отам бармоқларини боши устидан айлаблар чалди, дўмбира синиблар кетай деди. Ўтирибман, вужудим зир қақшаб, куй-қўшиқнинг охири кўринмас, одамлар тарқалишни хаёлларига ҳам келтирмасди. Тун ярмидан оққанда мургилаб қолибман. Онам секингина кўтариб, жойимга келтириб ётқизибдилар. Кўп ўтмай, уй­ғониб кетибман, дўмбира овози баландлагандан-баландлаб борарди, сакраб ўрнимдан туриб:

— Достон эшитмоқчи эдим, мени ким бу ерга келтирди? — деб тағин даврага бориб қўшилдим.

«Алпомиш — мукаммал мактаб экан»

Мактабга бориб, саводим чиққанидан сўнг, мен «ўғри»га айландим. Йўқ, бу бировларнинг мол-ҳолини ўмариш маъносидаги ўғирлик эмас эди. Отам ишга кетишлари билан астагина, ҳатто, онамга ҳам сездирмасдан, у кишининг хоналарига кириб олар, тун бўйи қилган ижодларини ўқир, давомини ёзишларини сабрсизлик билан кутардим. Айни ўша кезларда мен ўқиганларим таъсирида дўмбира чертиб, хиргойи этишни одатга айлантирдим.

Ай-й, дўст, ишонсангиз, «Алпомиш» катта мактаб экан, мукаммал мактаб экан. Бахши бўламан дегани уни тинглаб, мисраларини ёд олиб, оҳангларига жўр бўлиб, шу йўлга тетапоя қилар экан. Мен ҳам «Алпомиш» билан давраларга кириб келдим. Отамнинг етовида, у киши айтган достонларни, у киши ижод қилган термаларни куйлаб, аста-секин эл дилидан жой топдим.

Отам кутган замонлар

Санъат оламида эндигина тетапоя қилаётган ёш бахши учун отасининг вафоти — кутилмаган йўқотиш бўлди. Аммо у тезда ўзини ўнглаб олишига тўғри келди, энди унинг зиммасидаги юк икки баробар оғирлашганди. У ёмон куйлаши мумкин эмас эди. Унинг қисматига бахши бўлиш, бахши бўлганда ҳам эл суйган бахши бўлиш зарб этилганди. Агар қўл учида куйласа, нафақат ўзига, балки отасининг пок руҳига, қўлида сайраган созига хиёнат қилган бўларди. Шундай оғир дамлар унга отасининг сози мадад берди. Мана, қарийб қирқ йилдирки, у бахшиларнинг сардори, туғдик тепасининг сайроқ тили, «Алпомиш» оҳангларининг жарангдор сўзи бўлиб яшаяпти. 2001 йил ўзи, 2012 йил укаси Абдимурод «Ўзбекистон халқ бахшиси» деган фахрли унвонни олишди.

— Аммо отамнинг йўриғи бошқа эди, — дейди Қаҳҳор бахши. — Одамлар «Қодир бахшининг сўзи Қаҳҳорга, сози Абдимуродга, феъли Баҳодирга, овози Баҳромга ўтган» дейишади. Гапнинг сираси, тўрт ул бир бўлиб ҳам бир отамнинг ўрнини босишимиз гумон…

Бахши истиқлол, юрт истиқболи ҳақида тўлиб-тошиб гапиради, ўзи яшаётган Деҳқонобод туманидаги ўзгаришларни ўтли мисраларга солиб, эл орасида таъриф-тавсиф этади:

— Қани эди шу кунларни отам кўрганида, чинакамига қадриятлар қадр топган, урф-одатлар янада шаклланган, муҳими ўзимизни, ўзлигимизни англайдиган замонлар келди. Балки отам шу обод замонлар келишини илҳақ бўлиб кутгандир?!

Бахшилик эъзоз топди

…Томошагоҳда сув сепгандек сокинлик ҳукмрон, достон қўшиқлари термага уланиб кетар, бахши ҳар авжга чиққанда у ер-бу ердан «Яшанг бахши», «Умрингиз зиёда бўлсин», деган хитоблар янграр, одамлар хаёлот дунёсига шўнғиб, соз ва сўз қудратини аён этувчи айтимларни тингларди.

…Бахши Алпомиш, Кунтуғмишдек мардларни таърифлади. Куйлаганда ҳам хўб ва кўп куйлади, сўнгра…

…Сўнгра эса овозини баралла қўйиб, истиқлол, юрт истиқболи, унга жонфидо кишиларни мадҳ этишга тушди…

— Истиқлол туфайли биз бахши-шоирларнинг ҳам елкаси офтоб кўрди. Юртимизга, истиқлолимизга кўз тегмасин, 1999 йил «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвони таъсис этилди. Икки йилда бир бахши-шоирлар кўрик-танлови ўтказилиб турибди. Яқинда Навоий­нинг Сармишсойида ўтказилган «Асрлар садоси» тадбирида иштирок этиб келдим. Кўрсангиз, кўз қувонади, етти иқлимдан меҳмонлар бор. Улар халқимизнинг қадимий урф-одатларини кўриб, лол қоляпти.

Ай-й-й, дўстим, бахшичилик бизнинг ўзимиз, ўзлигимиз. Уни тушунмаган, ундан юз ўгирган, ўзидан, ўзлигидан юз бурган саналади…

Бахшининг мактаби ҳам, устози ҳам халқ, у қанчалик кўп тингловчисини топса, эл ардоғида юрганини ҳис қилса, эл-юрт тинч, дастурхон обод, турмуш фаровон бўлса, шунча тўлиб-тошиб куйлайверади.

Қаҳҳор бахшининг ҳаяжондан овози қалтираблар кетди, мижжаларида ёш қалқди, кўзларини бир нуқтага жамлаб, дўмбиранинг косасига бир-икки чертиб, оҳангга мос тебранганча хиргойи қилишга тушди:

Оталардан мерос қолган достоним,
Қўлларимда сайраб турган шўх созим,
Қир-адирда янграб турган овозим,
Барисига фидо бўлсин бу жоним…

Манба: «Оила даврасида» газетаси

09
ДЎМБИРАГА МЕҲР ҚОНИМДА БЎЛГАН…
Абдиолим Эргашев
фольклоршунос

08 Хушхабарнинг қаноти бор, деганлари рост. Эрталаб телефон жирингладию, журналист шогирдларимдан бири: «Домла, табриклайман. Раҳимов Абдимурод Абдиевич «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвонини олибди. Сиз биласиз, ким у?» – деб қолди. Бир олам қувонч билан марҳум Қодир бахши Раҳимовнинг ўғли эканлигини айтсам, ҳайратланиб: «Ўша Абдимурод аками? Унда нега исми-шарифида Қодир бахши номи йўқ?», — деди. «Қодир бахши» Абди Раҳимовнинг тахаллуси эканлигини айтар эканман, 23 йил бурун Қодир бахшининг ҳарбий хизматдаги ўғлини соғиниб, унинг келажагига ишониб: «Сиз Қаҳҳор укангизни кўп мақтайсиз. Ҳали Абдимурод келсин, кўрасиз. У ҳамма мусиқа асбобини чала олади. Ҳам бахшилар йўлида, ҳам артистлар йўлида айтади», — деганларини эсладим.

Афсуски Қодир бахшига ўғлининг ҳарбий хизматдан қайтишини кўриш насиб этмади. Балки ўшанда ҳуда-беҳудага ҳеч вақт фарзандларини мақтамайдиган отанинг кўнгли буни сезгандир. Нима бўлганда ҳам ота башорати рост чиқди. Абдимурод акаси Абдуқаҳҳор (2002 йилда «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвонини олган) ва укаси Баҳром билан ота созини қўлга олиб, давраларга кирди. Ширали овози, дўмбира, рубоб, тор, дутордаги жарангдор оҳанги, ўнлаб достонлар, кўплаб термалар ва қўшиқлар билан қалблардан жой олди.

1992 йил Сурхондарёнинг Денов шаҳридаги истироҳат боғида республика халқ бахши-шоирларининг кўрик-танлови ўтмоқда. Иккинчи кун Абдимуродга навбат берилди. Қодирона жаранглаган дўмбира куйи барчани сергаклантирди ва у куйлай бошлаганда юзлаб кишилар лол қолди, тош қотди. Ҳатто йиғлаганлар қанча. Халқ назарида Қодир бахши тирилиб келган эди. Ўша куни унга келган илҳом ҳайратланган дилларда ўз номини муҳрлади.

Зеро унинг:

Дўмбирага меҳр қонимда бўлган,
Элу юртга меҳр жонимда бўлган,
Қодир бахши — отам,менинг устозим,
Достон куйлаш жисму танимда бўлган,-

деб куйлаши бежиз эмас.

«Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Гўр-ўғлининг туғилиши», «Жорхун мастон», «Авазхон», «Нурали», «Ёзи билан Зебо», «Мозондара», «Келиной», «Санамгавҳар», «Олтин қабоқ», «Олланазар Олчинбек» каби ўттизга яқин достонни маромига етказиб ижро этадиган Абдимурод бахши фақат ижрочи эмас, балки бадиҳагўй ижодкордир. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги достончилик жонли жараёнда давом этаётган (дунёнинг ҳамма жойида ҳозир достончиликнинг жонли жараёни сўнган, яъни тугаган)ини ҳисобга олсак ва бадиҳагўй бахшиларнинг бугун ҳаёт бўлганлари ўн беш нафардан ошмаслигига эътибор берсак, Абдимурод Раҳимовнинг таланти, маҳорати, хизматини англаш қийин бўлмайди. Унинг юксак унвонга сазовор бўлиши мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг халқ ижодига, халқ бахшиларига кўрсатаётган буюк ҳурмат-эҳтиромидир. Зеро ўн йил бурун қаҳрамонлик эпосимиз «Алпомиш» достонининг 1000 йиллик юбилейи тантаналарида сўзлаган нутқида Юртбошимиз: «Бугун биз минг йиллар давомида, бу достонни куйлаб, гавҳардай асраб-авайлаб, бойитиб келган, номлари бизга номаълум бўлган юзлаб халқ бахшиларининг истеъдоди қаршисида таъзим қиламиз. Агар иложи бўлса, мен ана шу инсонларнинг номларини маънавиятимиз тарихига олтин ҳарфлар билан ёзган бўлур эдим», – деганди. Кўп ўтмай 2000 йилдан бошлаб «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвони таъсис этилди. Ҳақиқатан ҳам халқ куйчилари номларини тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзишга киришилди. Улар сафига вилоятимиздан тўртинчи бўлиб Абдимурод бахши қўшилди. Биз уни юксак унвон билан қутлар эканмиз, бахши қувончини бадиҳа йўли билан шундай ифода этди:

Истиқлолнинг йўлларида
Юртбошимиз қўллади.
Отам кўрмаган бахтни,
Аллоҳ менга йўллади.

Содда, самимий, фахр-ифтихорга тўла кўнгил изҳори эди бу.

(Tashriflar: umumiy 2 988, bugungi 1)

5 izoh

  1. Xurmatli, Xurshid Davron! Sizning saytingizdagi berilayotgan ma’lumotlar hamisha menga as qotadi, biror ma’lumot qidirsam birinchilardan bo’lib shu saytdan chiqib keladi. Sizga katta rahmat! Baxshichilik haqida bergan bu ma’lumot tufayli ijodiy izlanishlarimda ko’pgina muvaffaqiyatlarga erishdim.

  2. Салом алайкум,
    Бугунги кунда Бахши сузи европада табиб ёки шомон термини урнида кулланила, бу тугри келадими ёки ? урта Осиёда шомончилик ва табиблар тугрисида илмий ишлар олиб борган олимлар борми?

    Жавоб учун рахмат

Izoh qoldiring