Baxtiyor Nuriddinov. Salom, bahor, alvido, Bahor!

090   Биласанми, қишлоққа яна баҳор келди. Ҳаммаёқ ям-яшил тусга кириб, жонланаётгандек гўё. Дарахтлар ҳам гуллай бошлади. Эндигина тугуни ечилаётган гулбарглар кўзингни қамаштирворади: ҳаммаси пушти рангда. Қир-адирлар қип-қизил лолақизғалдоққа бурканган. Сен яхши кўрган бинафшалар ҳам очилди. Ариқ бўйларидаги чучмомаларни яшнаганини кўрсанг эди…

Бахтиёр Нуриддинов
САЛОМ, БАҲОР, АЛВИДО, БАҲОР!
033

08Бахтиёр Нуриддинов 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.

033

07Биласанми, қишлоққа яна баҳор келди. Ҳаммаёқ ям-яшил тусга кириб, жонланаётгандек гўё. Дарахтлар ҳам гуллай бошлади. Эндигина тугуни ечилаётган гулбарглар кўзингни қамаштирворади: ҳаммаси пушти рангда. Қир-адирлар қип-қизил лолақизғалдоққа бурканган. Сен яхши кўрган бинафшалар ҳам очилди. Ариқ бўйларидаги чучмомаларни яшнаганини кўрсанг эди… Оҳ-оҳ-оҳ! Уларнинг хушбўйлигини айтмайсанми. Димоғни калака қилгани майли, юракни ўйнатгани ёмон. Ифори дунёни бузади. Тасаввур қиляпсанми, бизни соғинтирган баҳор келди. Сен учун қанчалик қувончли билмадиму, аммо биз уни совуқларда жунжикиб-жунжукиб жуда узоқ кутдик. Ҳа-ҳа! Бизнинг ёқларга баҳор келди. Қаҳратон қишнинг бағрини ёриб бойчечаклар униб чиқди. Эсингдами, қояларга урилиб тушаётган шаршарага борганимиз. Ирмоқларни томоша қилиб, мириқиб-мириқиб зилол сувларидан симирганимиз… Мажнунтолларнинг новдаларида икковлашиб учганларимиз. Толпопукдан кокил таққанларинг-чи!? Момақаймоқлардан чамбар ясаб берганимни унутмагандирсан ҳойнаҳой?! Ҳеч йўғи адирда варрак учирганимиз ёдингдадир. Майсазорда қиқир-қиқир қувлашмачоқ ўйнаганларимизни, Етимқирда кўм-кўк осмонга тикилиб орзуларимизни куйлаганларимизни, елиб-югуриб шамолларни қучоқлаганларимизни, ариқ бўйларида пичирлаб тушларимизни айтганларимизни, ойдин кечаларда юлдузлар билан сирлашганларимизни бир эслаб кўргин-а! Қандай бахтли дамлар эди, тўғрими?.. Ўшанда сенга бир гапни айтмоқчи бўлардим, Баҳор. Авваллардагидек исмингни баҳорга қиёслаб мақтаганларимдан бутунлай ўзгача изҳорларим бор эди. Тушуняпсанми, ичимдагини тўкиб солишни хоҳлардим сенга. Лекин қандайдир кўринмас куч бунга йўл бермасди. Унинг нималигини ўзим ҳам билолмасдим. Бутун борлиғим чирмаб ташлангандек эди. Муносабатларимизнинг бари дўстона туюларди-да. Ўйлаб кўрсам ўзимни ўзим алдаб юрган эканман. Ҳамма гапни айтишни орқага ташлабман-у, сенга етишишга шошилмабман. Энди бўлса кечикканимни тушуниб турибман. Қанақалигингни билсам-да, туйғуларингни англаб етмаганим учун ҳозиргача азоб чекаман. Ҳамма айб ўзимда. Ё атай дунёнинг ҳажрини бўйнимга илиб кетдингми, а?.. Баъзан саволлар гирдобида қийналаман, Баҳор. Нима бўлганда ҳам сенинг йироқдалигингга кўникдим. Бироқ бир зум хаёлимни тарк этганинг йўқ. Ҳар баҳор сени кутардим. Бизнинг қишлоқда яйрашингни кўриб қувонардим. Далаларга, боғларга термилиб янаям очилиб кетишингни бир неча марта зимдан кузатганман. Сен буни сезмагансан ҳам. Ўша диққинафас шаҳарда ўсган ҳар қандай жон бизнинг Қорадарё бўйларида қувнашини жуда яхши биламан. Ақлимни таниб сени қидириб борганимда ўзим ҳам бўғилиб ўлай деганимни кўнглингга олмагин, деб айтмагандим. Тўғрида, шовқин-сурон уфуриб турган шаҳарнинг аждарҳо кўчалари манаман деган мавжудотни ямламай ютиши аниқ-ку! Менга худди шундай туюлганди-да. Яна ким билади дейсан. Биринчи бор катта шаҳарда эсанкираб қолганимни жуда яхши эслайман. Атрофдагилардан нажот кутишнинг фойдаси йўқ экан. У ернинг одамлари бизнинг тўпори қишлоқ кишиларига ўхшашмайди. Ўзим гувоҳ бўлганман бунга. Ўша куни тўйингнинг устидан чиққандим. Сени оппоқ либосларда кўриб анча улғайганингни ҳис қилувдим. Негадир келинлик қиёфанг кечагидек кўз ўнгимда турибди. Шаҳарга қанчалик катта умид билан борган бўлсам, ўшандай ноумидлик билан қайтганимни тасаввур қилолмайсан. Узоқдан чеҳрангга тўйиб-тўйиб тикилганларимни пайқамадинг ҳам. Ахир қаёқданам кўрардинг. Бутунлай қувончу шодлик оғушида эдинг-ку! Кўзларингни бахтиёрлик пардаси қоплаб олган, лабларингда ним табассум барқ урарди унда. Ўша пайт ҳеч нарса ҳақида ўйлагим келмасди. Дунёнинг бўлгани шу-ку, ахир. Бироқ катта шаҳар назаримда бутун борлиғимни тортиб олгандай эди. Мен эски сарқит бўлса ҳам ўзимнинг ширин хотираларим, одамларга бўлган меҳрибон ўйларим, сенга нисбатан ширин туйғуларим билан яшардим. Уларнинг бари бир зумда ҳавога сингиди-ю кетди гўё. Яна нима қолди?.. Ўша эски-туски, ашқал-дашқалларга ўхшаш ўйларми? Керак бўлса ол уни ҳам, эй ҳиссиз, шармсиз шаҳар, деб ҳайқиргим келарди.

Сен мен учун бошқача эдинг, Баҳор. Очиғи яна қишлоғимизга келишингга кўп бора интизор бўлганимни яшириб ўтирмайман. Энди бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Йўлларимиз айро тушган. Бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқат, шундайми?.. Бари орзуларимиз чиппакка чиққани ҳам рост-ку. Биз у вақтларда бола эдик, буни жуда яхши биламан. Бутун борлиққа беғубор қарашимиз ҳам табиий эди унда. Ҳозир у кунларни эслашни истамайман. Шундай бўлса-да негадир сенга барибир бир омонат гапни айтишдан ўзимни тия олмаяпман. Бу сенинг бувинг – доимо хархашаларингга чидаб, юракдан севиб эркалагувчи ўша Қумри холам ҳақида. Наҳот уларни унутган бўлсанг. Бизга иссиқ кулчалар ёпиб берганини эсингдан чиқардингми!? Бечоранинг дарди ичида. Қачон мени кўрса сен ҳақингда гапиради. “Баҳорим яқин кунларда келади” дейди. Шаҳарга боролмаслигидан зорланади. Ҳатто тўйинг куни олиб кетмаганингга ҳайронман. Шунчалар бағритош эканлигингга ишонгим келмайди. Унақа эмас эдинг-ку! Ёки мен пайқамаганманми? Тўғриси сени кўп марта унутишга ҳаракат қилиб кўрдим. Аммо уддалай олмадим. Вақт ўтиб яна сени эслатувчи баҳор келади, Баҳор. Ўша қаҳ-қаҳ отиб кулишларинг, қувончли чеҳраларинг сени ёдга солаверади.

Шу кунларда худди жонсиз касга ўхшайман. Тирикману аммо ҳаётимда мазмун йўқдай. Мен шунчаки болалик хотираларим билан яшаяпман, холос. Вақт шунчалик тез ўтишини билмаган эканман. Мен учун қадрдон бўлиб қолган туйғуларни йўқотишни ўйлаб ҳам кўрмагандим. Улғайган сари ҳаммасини тушуниб етяпман. Вақтни ортга қайтариб бўлмас экан, Баҳор. Бир кун келиб сени ҳам унутарман. Аммо барча хотираларни таг-туги билан ўчириб юборишга қурбим етмаса керак. Буни эплай олмайман, деб қўрқаман. Доим шаҳарга қайтаётганда мендан хат ёзишимни сўрардинг. Уни жўнатмасам ҳам иккимизнинг исмимиз ўйилган анҳор бўйидаги бақатерак ғовагига қистириб қўйишимга шама қилардинг. Қишлоққа келганингда албатта олиб ўқишингни айтардинг. Бугун истагингни бажармоқчиман. Бу сенга ёзган биринчи ва сўнгги мактубим. Ҳа эсим қурсин! Сенга айтишни унутаёзибман. У бақатеракни бу қиш совуқ урди. Ўрни келганда билиб қўйсанг ёмон бўлмас. Балким менинг хатойим сабаб азоблангандир. Танасига озор бериб исмимизни ёзмасам бўларкан ўшанда. Яна қайдам. Ёзганларимни сен сўрагандек унинг сўлиб бораётган танасига жойлайман. Балким ёмғир ювиб мактубимни ўқишга улгурмассан. Шу билан дарахт ҳам бутунлай қуриб битар. Мен унга ачинаман, Баҳор. У билан бирга кўп яхши кунларни ўтказгандим. Сояларида офтобдан жон сақлаганман. Ҳар қалай қадрдон дарахт эди. Агар билсанг қишлоқдаги ҳар бир гиёҳ мен учун азиз. Буни сенга тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Бундай дейишдан ҳижолатдаман, албатта. Ичимдагиларни тўкиб-солганим учун мени койимассан, деб умид қиламан. Бу сенга айта олмаган сўзларим эди, холос. Билиб қўй, дунёнинг қай четида бўлса ҳам яхшилаб эшит! Мен сени… Энди бу унчалик муҳим эмас. Бироз чалғидим, шекилли. Сенга бошқа бир гапни айтмоқчи эдим. Қишлоғимизга баҳор келди, Баҳор. Қалдирғочлар уйимизнинг томларига ин қуришяпти. Сумалаклар чаккиллаб хаёлни бузишяпти. Ариқларда сувлар шилдираб-шилдираб оқа бошлади. Эшитяпсанми, Баҳор! Бизнинг баҳор келди. Мен бўлса бугун сен билан хайрлашмоқчиман: хайр, Баҳор.
Алвидо!..

2016 йил, 2 февраль

045

Baxtiyor Nuriddinov
SALOM, BAHOR, ALVIDO, BAHOR!
033

Baxtiyor Nuriddinov 1972 yil 15 noyabrda Andijon viloyati Jalaquduq tumani Oyim qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining filologiya fakul`tetida tahsil olgan. Uzoq yillardan buyon O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida faoliyat yuritadi. Uning bir qator hikoyalari matbuotda e’lon qilingan va stsenariylari asosida televizion badiiy fil`mlar suratga olingan.

033

07Bilasanmi, qishloqqa yana bahor keldi. Hammayoq yam-yashil tusga kirib, jonlanayotgandek go’yo. Daraxtlar ham gullay boshladi. Endigina tuguni yechilayotgan gulbarglar ko’zingni qamashtirvoradi: hammasi pushti rangda. Qir-adirlar qip-qizil lolaqizg’aldoqqa burkangan. Sen yaxshi ko’rgan binafshalar ham ochildi. Ariq bo’ylaridagi chuchmomalarni yashnaganini ko’rsang edi… Oh-oh-oh! Ularning xushbo’yligini aytmaysanmi. Dimog’ni kalaka qilgani mayli, yurakni o’ynatgani yomon. Ifori dunyoni buzadi. Tasavvur qilyapsanmi, bizni sog’intirgan bahor keldi. Sen uchun qanchalik quvonchli bilmadimu, ammo biz uni sovuqlarda junjikib-junjukib juda uzoq kutdik. Ha-ha! Bizning yoqlarga bahor keldi. Qahraton qishning bag’rini yorib boychechaklar unib chiqdi. Esingdami, qoyalarga urilib tushayotgan sharsharaga borganimiz. Irmoqlarni tomosha qilib, miriqib-miriqib zilol suvlaridan simirganimiz… Majnuntollarning novdalarida ikkovlashib uchganlarimiz. Tolpopukdan kokil taqqanlaring-chi!? Momaqaymoqlardan chambar yasab berganimni unutmagandirsan hoynahoy?! Hech yo’g’i adirda varrak uchirganimiz yodingdadir. Maysazorda qiqir-qiqir quvlashmachoq o’ynaganlarimizni, Yetimqirda ko’m-ko’k osmonga tikilib orzularimizni kuylaganlarimizni, yelib-yugurib shamollarni quchoqlaganlarimizni, ariq bo’ylarida pichirlab tushlarimizni aytganlarimizni, oydin kechalarda yulduzlar bilan sirlashganlarimizni bir eslab ko’rgin-a! Qanday baxtli damlar edi, to’g’rimi?.. O’shanda senga bir gapni aytmoqchi bo’lardim, Bahor. Avvallardagidek ismingni bahorga qiyoslab maqtaganlarimdan butunlay o’zgacha izhorlarim bor edi. Tushunyapsanmi, ichimdagini to’kib solishni xohlardim senga. Lekin qandaydir ko’rinmas kuch bunga yo’l bermasdi. Uning nimaligini o’zim ham bilolmasdim. Butun borlig’im chirmab tashlangandek edi. Munosabatlarimizning bari do’stona tuyulardi-da. O’ylab ko’rsam o’zimni o’zim aldab yurgan ekanman. Hamma gapni aytishni orqaga tashlabman-u, senga yetishishga shoshilmabman. Endi bo’lsa kechikkanimni tushunib turibman. Qanaqaligingni bilsam-da, tuyg’ularingni anglab yetmaganim uchun hozirgacha azob chekaman. Hamma ayb o’zimda. YO atay dunyoning hajrini bo’ynimga ilib ketdingmi, a?.. Ba’zan savollar girdobida qiynalaman, Bahor. Nima bo’lganda ham sening yiroqdaligingga ko’nikdim. Biroq bir zum xayolimni tark etganing yo’q. Har bahor seni kutardim. Bizning qishloqda yayrashingni ko’rib quvonardim. Dalalarga, bog’larga termilib yanayam ochilib ketishingni bir necha marta zimdan kuzatganman. Sen buni sezmagansan ham. O’sha diqqinafas shaharda o’sgan har qanday jon bizning Qoradaryo bo’ylarida quvnashini juda yaxshi bilaman. Aqlimni tanib seni qidirib borganimda o’zim ham bo’g’ilib o’lay deganimni ko’nglingga olmagin, deb aytmagandim. To’g’rida, shovqin-suron ufurib turgan shaharning ajdarho ko’chalari manaman degan mavjudotni yamlamay yutishi aniq-ku! Menga xuddi shunday tuyulgandi-da. Yana kim biladi deysan. Birinchi bor katta shaharda esankirab qolganimni juda yaxshi eslayman. Atrofdagilardan najot kutishning foydasi yo’q ekan. U yerning odamlari bizning to’pori qishloq kishilariga o’xshashmaydi. O’zim guvoh bo’lganman bunga. O’sha kuni to’yingning ustidan chiqqandim. Seni oppoq liboslarda ko’rib ancha ulg’ayganingni his qiluvdim. Negadir kelinlik qiyofang kechagidek ko’z o’ngimda turibdi. Shaharga qanchalik katta umid bilan borgan bo’lsam, o’shanday noumidlik bilan qaytganimni tasavvur qilolmaysan. Uzoqdan chehrangga to’yib-to’yib tikilganlarimni payqamading ham. Axir qayoqdanam ko’rarding. Butunlay quvonchu shodlik og’ushida eding-ku! Ko’zlaringni baxtiyorlik pardasi qoplab olgan, lablaringda nim tabassum barq urardi unda. O’sha payt hech narsa haqida o’ylagim kelmasdi. Dunyoning bo’lgani shu-ku, axir. Biroq katta shahar nazarimda butun borlig’imni tortib olganday edi. Men eski sarqit bo’lsa ham o’zimning shirin xotiralarim, odamlarga bo’lgan mehribon o’ylarim, senga nisbatan shirin tuyg’ularim bilan yashardim. Ularning bari bir zumda havoga singidi-yu ketdi go’yo. Yana nima qoldi?.. O’sha eski-tuski, ashqal-dashqallarga o’xshash o’ylarmi? Kerak bo’lsa ol uni ham, ey hissiz, sharmsiz shahar, deb hayqirgim kelardi.

Sen men uchun boshqacha eding, Bahor. Ochig’i yana qishlog’imizga kelishingga ko’p bora intizor bo’lganimni yashirib o’tirmayman. Endi buning unchalik ahamiyati yo’q. Yo’llarimiz ayro tushgan. Bu inkor qilib bo’lmas haqiqat, shundaymi?.. Bari orzularimiz chippakka chiqqani ham rost-ku. Biz u vaqtlarda bola edik, buni juda yaxshi bilaman. Butun borliqqa beg’ubor qarashimiz ham tabiiy edi unda. Hozir u kunlarni eslashni istamayman. Shunday bo’lsa-da negadir senga baribir bir omonat gapni aytishdan o’zimni tiya olmayapman. Bu sening buving – doimo xarxashalaringga chidab, yurakdan sevib erkalaguvchi o’sha Qumri xolam haqida. Nahot ularni unutgan bo’lsang. Bizga issiq kulchalar yopib berganini esingdan chiqardingmi!? Bechoraning dardi ichida. Qachon meni ko’rsa sen haqingda gapiradi. “Bahorim yaqin kunlarda keladi” deydi. Shaharga borolmasligidan zorlanadi. Hatto to’ying kuni olib ketmaganingga hayronman. Shunchalar bag’ritosh ekanligingga ishongim kelmaydi. Unaqa emas eding-ku! Yoki men payqamaganmanmi? To’g’risi seni ko’p marta unutishga harakat qilib ko’rdim. Ammo uddalay olmadim. Vaqt o’tib yana seni eslatuvchi bahor keladi, Bahor. O’sha qah-qah otib kulishlaring, quvonchli chehralaring seni yodga solaveradi.

Shu kunlarda xuddi jonsiz kasga o’xshayman. Tirikmanu ammo hayotimda mazmun yo’qday. Men shunchaki bolalik xotiralarim bilan yashayapman, xolos. Vaqt shunchalik tez o’tishini bilmagan ekanman. Men uchun qadrdon bo’lib qolgan tuyg’ularni yo’qotishni o’ylab ham ko’rmagandim. Ulg’aygan sari hammasini tushunib yetyapman. Vaqtni ortga qaytarib bo’lmas ekan, Bahor. Bir kun kelib seni ham unutarman. Ammo barcha xotiralarni tag-tugi bilan o’chirib yuborishga qurbim yetmasa kerak. Buni eplay olmayman, deb qo’rqaman. Doim shaharga qaytayotganda mendan xat yozishimni so’rarding. Uni jo’natmasam ham ikkimizning ismimiz o’yilgan anhor bo’yidagi baqaterak g’ovagiga qistirib qo’yishimga shama qilarding. Qishloqqa kelganingda albatta olib o’qishingni aytarding. Bugun istagingni bajarmoqchiman. Bu senga yozgan birinchi va so’nggi maktubim. Ha esim qursin! Senga aytishni unutayozibman. U baqaterakni bu qish sovuq urdi. O’rni kelganda bilib qo’ysang yomon bo’lmas. Balkim mening xatoyim sabab azoblangandir. Tanasiga ozor berib ismimizni yozmasam bo’larkan o’shanda. Yana qaydam. Yozganlarimni sen so’ragandek uning so’lib borayotgan tanasiga joylayman. Balkim yomg’ir yuvib maktubimni o’qishga ulgurmassan. Shu bilan daraxt ham butunlay qurib bitar. Men unga achinaman, Bahor. U bilan birga ko’p yaxshi kunlarni o’tkazgandim. Soyalarida oftobdan jon saqlaganman. Har qalay qadrdon daraxt edi. Agar bilsang qishloqdagi har bir giyoh men uchun aziz. Buni senga tushuntirishning hojati yo’q. Bunday deyishdan hijolatdaman, albatta. Ichimdagilarni to’kib-solganim uchun meni koyimassan, deb umid qilaman. Bu senga ayta olmagan so’zlarim edi, xolos. Bilib qo’y, dunyoning qay chetida bo’lsa ham yaxshilab eshit! Men seni… Endi bu unchalik muhim emas. Biroz chalg’idim, shekilli. Senga boshqa bir gapni aytmoqchi edim. Qishlog’imizga bahor keldi, Bahor. Qaldirg’ochlar uyimizning tomlariga in qurishyapti. Sumalaklar chakkillab xayolni buzishyapti. Ariqlarda suvlar shildirab-shildirab oqa boshladi. Eshityapsanmi, Bahor! Bizning bahor keldi. Men bo’lsa bugun sen bilan xayrlashmoqchiman: xayr, Bahor.
Alvido!..

2016 yil, 2 fevral`

045

(Tashriflar: umumiy 1 176, bugungi 3)

Izoh qoldiring