Baxtiyor Nuriddinov. Ushalmagan orzu

099

   Улғайиб оқ-қорани ажратгунича “бий”, икки, уч деб санаб юрди. “Тўйт”, э-э, тўрт у учун гўё девор эди. Кейин-кейин уялиб тилини бураб гапира бошлади. Мактабда ўртоқлари “чуччи” деб масхара қилишга тушишганди. Ҳарқалай тақлидчилиги қолмаган экан. Жисмоний тарбия муаллими ириллаб гапирарди. Энди уям шуни ўрганди: қарр-ррға, арр-ррслон, арр-рра дерди. Айбини ювиши керак-ку! Устига устак “р”ни айта олишини ҳаммага исботлаш ўша пайт у учун кун тартибидаги бош масала эди. Хуллас кимни кўрса ирриллайди.

Бахтиёр Нуриддинов
УШАЛМАГАН ОРЗУ
04

048Бахтиёр Нуриддинов 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.

04

Бир, икки, уч…
Айтса ишонмайсиз-да. Ерни қарс-қарс тепиб юрганида товонидан ўт чақнайди. Саноқни ўрганганидан буён ҳарбий бўлиш дардида. Бирон куни йўқки, санамай қадам босса. Уч худди чегарадек у учун. Ҳеч қачон кейинги сонга ўтолмайди. Аслида ҳаммаси боғчадан бошланган. Тили чучук тарбиячиси бўларди. Баъзи рақамларни айтишга қийналганида, санашдан таққа тўхтарди. Сизга лоф – унга чин, бирни “бий” дерди. Қулоқлари шунга ўрганиб, тили шундай қотди. Улғайиб оқ-қорани ажратгунича “бий”, икки, уч деб санаб юрди. “Тўйт”, э-э, тўрт у учун гўё девор эди. Кейин-кейин уялиб тилини бураб гапира бошлади. Мактабда ўртоқлари “чуччи” деб масхара қилишга тушишганди. Ҳарқалай тақлидчилиги қолмаган экан. Жисмоний тарбия муаллими ириллаб гапирарди. Энди уям шуни ўрганди: қарр-ррға, арр-ррслон, арр-рра дерди. Айбини ювиши керак-ку! Устига устак “р”ни айта олишини ҳаммага исботлаш ўша пайт у учун кун тартибидаги бош масала эди. Хуллас кимни кўрса ирриллайди. Ирр… ирр…

— Итмисан? – деб уришди бир кун адабиёт муаллими.
— Нимага унақа дейсиз? – астойдил хафа бўлди қовоқ уйиб.
— Кимни отида “р” бўлса тишингни оқини кўрсатиб, ўшанга қараб ирриллайсан. Нима қилиқ бу!.. — дея танбеҳ берди яна.

Ўйлаб кўрса рост. Адабиёт маллимининг исмида ҳам иккита “р” бор эди. Кўпроқ ирриллаб юборганми, жаҳли чиққан кўринади. Шу кундан бошлаб адабиёт муаллимидек ҳаммага хушмуомалалик билан гапирадиган бўлди. Энди ирриллашни бас қилди. Кимни кўрса эгилади, букилади. Тавозе қилади. Ҳурматини жойига қўяди. Ҳарбий таълим муаллимига бу одати ёқмади.

— Сендан ҳарбий чиқмайди, — деди бир кун зарда билан.
— Нима учун?! – ҳайрон бўлиб сўради.
— Феълинг жуда юмшоқ. Йигит киши сал абжир, чўрт кесарроқ бўлади-да. Сени қара, лапшанинг ўзисан. Қаёққа тортса ўша ёққа чўзиласан, — деб койиди.

Қаттиқ таъсирланди. Бу одат орзуларини чилпарчин қилиб юбориши тайин. Ўша заҳоти ўзгарди. Мақсади ҳарбий бўлиш. Энди одамларнинг олдидан “дук-дук” юриб, “гурс-гурс” кўришиб ўтади. Бора-бора қўрс-қўпол деган лақаб олди. Бунисига чидайди. Катта орзуйи ҳаво қўшинларида хизмат қилиш. Булутлар орасида сузиш қанчалик мазза эканлигини билсангиз эди. Сиз ҳам қизиқиб қолардингиз. Ҳалиям кеч эмас, тасаввур қилиб кўринг!..

Бугун орзиқиб кутган дамлар келган. Учувчилар тайёрлаш билим юрти остонасида турибди. Ҳадемай синов имтиҳонлари бошланади. Ҳарбий бўлиш арафасида. Агар омади чопиб учувчи бўлса ҳаммангизни осмонда сайр қилдиради. Виз-зз…

Қаёқда?.. Тиббий кўрикдан бўйинг паст деб қайтаришди. Билганида бошмалдоқда юришни ўрганарди. Сал баландроқ кўринарди-да, шунда. Аммо шифокорлар меҳрибон экан. Умидини сўндиришмади. Пиёда аскарлар сафига тавсия қилишди. Бунисигаям рози. Чегарачи бўлади. Жисмоний тайёргарлик машқларида барзанги-бақалоқни кўриб, ёлғизмаслигидан терисига сиғмай кетди. Эсанкираганидан унинг ҳам тили айланмай қолди. Бақирмоқчи бўладию, овози чиқмайди. Қўлларини тепага кўтариб, чақиришга ҳаракат қилади. Мактабда бирга ўқишган. Доим оёғини босволарди. Кичкина, деб қийнагани қийнаган эди. Бўйининг ўсмай қолгани ҳам шундан асли. Югуриб бориб тумшуғига туширсинмикин… Ўзи зўрға юради-ю, ҳарбий бўлишга бало борми бу тўнкага, ўйлади ўзича ғайрлиги келиб, эски хотираларни эслаб. Ҳойнаҳой ҳарбийда текин овқат беришини эшитган-ов. Чучварани хом санапти. Уни олдида бақалоққа йўл бўлсин. Ҳали кўради, ортда қолдиради. Ҳаммасидан ўзиб кетади.

Бир… икки… уч…
Машғулотларда баланд тўсиқлардан ошиб ўтолмади. Осонмас экан. Бирда бир девор ошиб юровмиди. Ўғри одат йўқ унда. Ўзига таскин излади. Аммо бақалоққа қойил. Бесўнақай бўлса ҳам кучи кўп. Тирмашиб юриб ўтди-ей. Ҳаваси келди. Тўғриси бироз ҳасад ҳам қилди. Барибир мактабларидан икки кишини ҳарбийликка олишмасди, у барибир кучлироқ. Шу тариқа бироз ҳовуридан тушди.
— Хафа бўлма, — деди елкасига қўлини ташлаб мактабдоши.– Сени калланг яхши ишлайди. Математикадан олимпиадада ғолиб бўлганингни биламан. Кўчада қолмайсан.

Тили осилиб ҳансираши етмай, унинг зил-замбил қўлини кўтариши қолувди. Ўзи нима аҳволда-ю, маслаҳатини қаранг.
— Шу миянгдан чиқяптими бу фикр? – деди ғазаби қайнаб. – Калла катта бўлсаям ишламаса чатоқ экан-да.
— Мен сенга яхшилик қилмоқчи эдим, — тўнғиллади у қўлини бигиз қилиб. – Барибир қабул қилишмади-ку. Уям хизматда.
— Тўғри айтасан. Сенга ўхшаган ландавур, хомкаллалардан душман ўтиб кетса, мамлакат ичкарисида мендек ҳимоячи-шоввозлар керак бўлади ҳали. Узоқларга кетиб қолсанг хат ёзиб тур, – деб ўзини овунтирди хайрлашаётиб.

Барзанги-бақалоқ билан пачакилашиб ўтирмай, шарт ўрнидан туриб кетворди. Йўлда ҳартугул унинг гапида жон борлигини тан олди. Тўғри бориб ҳужжатларини молия ишини ўргатадиган ўқув юртига топширди. Уч йил ўқиди. Барзанги-бақалоқ ҳақ экан. У ерда омади чопди. Яхши мутахассис бўлиб етишди. Ҳозир калласи зўр ишлайди. Ўқиганда-а… ахир. Ҳар қанақа ҳисоб-китобни эшворади. Нафсиламрини айтса математикага бўлган истеъдоди туғма. Аждодларидан мерос, қондан-қонга ўтган. Отаси айтди. Бундан роппа-роса бир юз етмиш саккиз йил аввал бобосининг бобосини бобоси хон саройида мирзолик қилиб, барча ҳисоб-китоб ишлари билан шуғулланган экан. Салкам икки аср деганда бу иқтидор унда намоён бўлибди, қаранг. Хуллас узо-о-қ уруғида бор.

Аълога ўқигани боис ўқув юрти маъмурияти шаҳардаги энг катта чарм-пойабзал корхонасига йўлланма бериб ишга жўнатишди. Бориб молия бўлимига жойлашди. Ҳар хил ўлчамда оёқ кийимлари чиқаришади: катталарга, болаларга, аёлларга, эркакларга – ҳаммасидан бор. Энди кўча-кўйда душмандек, одамларнинг оёғига қарайди. Бошқача тушунманг тағин, касби шунақа. Ўлчамига, фасонига эътибор беради-да. Олти ой деганда барзанги-бақалоқдан хат келди. Уч йил қаёқда эдинг шоввоз, деб қичқирворди. Ҳарнечук гапларини унутмаган кўринади. Уйидагилардан у ҳақида эшитиб, хурсанд бўлганини ёзибди. Жавоб хатида уям оғзини кўпиртириб, тоза мақтанди. Гап тагига бир жуфт хром этик совға қилишини қистириб ўтди. Ҳеч қанча бўлмай ундан яна мактуб олди. Этикни сўрабди занғар. Бутун бошли эски ҳужжатларни титкилаб, корхона омборини остун-устун қилиб юборди. Қани топилса. Унақаси тарихда ишланмаган экан. Фақат бозорда – косибларда бўларкан. Яқиндан бери корхоналарида замонавий оёқ кийимлари ишлаб чиқарилаётганини ёзиб, ёнига энг катта ўлчамдаги пишиққина чарм шиппак қўшиб қўйди. Бекорчиликда судраб юрар, унга бўлаверади, деб ўйлаганди.

Ўн беш кундан сўнг аскарларни қуритилган овқатларидан жўнатворибди. “Нима экан!”, деб ўйлабди. Бир энлик тамаки қутисининг қоғозига жимжимадор дастхат билан, чарм шиппак ёққанини, ёнидаги ўртоқлари учун яна ўн жуфт юборишини сўрабди. Сочлари тикка бўлиб кетди. Бу сафар мактубни жавобсиз қолдирди. Шиппакнинг пули маошидан босиб қолинганини билмайди-да. Шуни деб бошлиқ билан айтишиб ҳам олган. Ҳозир ҳар куни жиққа мушт. Қадамини пойлайди. Икки йил шундай ўтди. Ўрнига бошқаси келдию, қутулди. Лекин унисиям анойи эмас экан. Аввалгисидан ўтса ўтадики, қолишмайди. У ҳам узоққа бормади. Хуллас бир йилда тўққизта бошлиқ ўзгарди. Бу ёғига ўнинчининг ўйини бошланди. Бош омон бўлса кўраверади-да. Янгининг шашти баланд. У учун ҳамма нарса бир зумда муҳайё бўлсин экан. Айтганини айтган бажариш шарт. Ҳечқиси йўқ. Кўникиб кетади.

Ҳар куни мажлис. Киради-чиқади. Бош қашишга вақти йўқ. Раҳбар қурғур қуруқ гапдан нари ўтмайди. Нима эмиш, ишлаб чиқаришда ўсиш сурати пастмиш. Уни жадаллаштириш учун алоҳида топшириқ олди. Аввал йиллик, кейин беш, сўнг ўн йиллик режа ишлади. Иш сурати шунақаям тезлашиб кетдики, қўяверасиз. Тўхтатиб бўлмай қолди. Омборлар маҳсулотга тўлиб кетди. Баъзан кечаси ҳам ишлашга тўғри келяпти. Одам жуда чарчаркан. Темирданмас-ку, ахир. Уйланишни баҳона қилиб таътилга чиқволди. Ўқиб юрганида кўз остига олгани бор эди. Онасига ҳам ёқди. Оила қуришди. Чилласи чиқмай ишга чақириб олишди. Ноилож борди. Энди оилали. Кўпроқ пул топиши керак. Яна аввалги суратда иш бошлади. Зиммасига шунақанги юмушларни юклаб ташлашдики, адоғи йўқ. Кунига ишлаб чиқаришни ўстиришади.

Ўн ой ўтиб ўйлаб кўрса, молиявий ҳисоб бўйича эллик йил олдинга кетиб қолишибди. Ҳозир ҳарқалай икки минг олтимиш бешинчи йилда яшашяпти-ёв. Беиихтиёр ҳуштак чалворди. Бу кетишда одамнинг жигари эзилиб, калласи тутаб кетади-ку. Эртасига ишга чиқмади. Сўраб келганларга “Йўқ девор”, деб хотинига тайинлади. Бунақа корхонада ишлаб бўладими. Галварс бошлиқнинг найнов ёрдамчиси эринмай уч кун қатнади. Ўзининг ҳам раҳми келди. Ёнида ерга қараб жим ўтирибди. Найнов бошини лиқиллатиб:
— Ишга чиқмасангиз бўлмайди, — дейди.
— Ўзинг ўйлаб кўр. Эллик йиллик режани дўндириб қўйган бўлсак. Бошлиғингга яна нима керак? Бўшайман, — турволди.
— Бўлмайди, — деб тоза тихирлик қилди.

Шу жойда мияси ишлаб қолди.
— Бўлмаса нафақага чиқаман, — деди.
Найновнинг капалаги учиб кетди.
— Ҳал… ҳали ёшсиз-ку. Эндигина йигирма иккига чиқдингиз, — деди дудуқланиб. — Иш тажрибангиз ҳам етишмайди.
— Э-э, ўзинг ўйлаб кўр. Ҳозир корхона эллик йил олдинда бўлса… Демак менинг ёшим ҳам етмиш иккида. Тахминим бўйича тўғри келади.

Калласига келган фикрдан ўзи ҳам чўчиб тушди. Найнов индамай ўрнидан турди. Кетаётганда аризасини ёзиб, қўлига тутқазворди. Уч кун ўтса ҳам дарак йўқ. Биров йўқлаб келмади. Сабри чидамай эртасига ўзи ишга борди. Аҳвол ҳамон ўша. Индамай яна йигирма йилга режа қилди. Бошлиқнинг ёнидан чиқаётганида найнов:
— Ака, нафақадаям ишлаяпсизми? Тўқсонни ҳам уриб қўйибсизми? Кекса одам оёқ-қўлини узати-и..иб уйда ётмайдими? – дея қаҳ-қаҳ отиб кулди қўлидаги ҳужжатларга ишора қилиб.

Алам қилиб кетди. Рост. Ўйлаб кўрса одамнинг бунақа ёшда яшаши осонмас. Хўп, шундай бўлганда ҳам дуркун юриши ақлга сиғмайди. Уйга қайтиб яна кўрпа-тўшак қилиб ётволди. Индинги куни найнов шаҳарнинг бари тез ёрдамини бошлаб келибди. Хотинининг ранги қув ўчиб, олдига халлослаб кириб келди. Оёқ товушларидан бутун бошли қўшин дейсиз. Содда хотини дудуқланиб гапиргунча, бир зумда улар пайдо бўлишди. Ўзини беҳушликка солволди. Бошқа иложиси ҳам йўқ эди. Кўзини маҳкам юмиб ётибди. Берилиб кетганми, ростдан ҳам ҳуши учиб қолибди. Кўзини очиб қараса, устида оқ кийимли одамлар чуғурлаб, айланишиб юрибди. “Нима қиламиз буни?” деб бир-бирига имо-ишора қилишади. Бирови уни ўликхонага, бирови жиннихонага жўнатишни айтишяпти. Бошқаси, “Ҳали тирик-ку!” деса, яна бири “Э-э ўзи айтяпти экан-ку, юзга кирдим, деб. Бу ёшда тирик бўлиши мумкинмас” — дейди. Уларнинг гапларини эшитиб капалаги учиб кетди. Ирғиб ўрнидан турганини билмай қолди. Ичида: “Шифокормас, тирикни ўликка чиқарадиган қассоблар булар” деди-ю, кийим-бошини кийиб кўчага отилди. Тўғри ишга кириб борди. Орқасидан найнов етиб келди. Овсар бошлиғи тиржайиб кутиб олди. Курсига ўтириши билан ёнига бир уюм ҳужжатларни ташлади. Ўқиб “тахта” бўп қолди. Нариги ёқдан буюртма! Арвоҳларга пойабзал чиқаришаркан. Қани улар кўринса. “Ҳали ҳушим қайтмаганми?”, дея лабини тишлаб кўрди. Жони қаттиқ оғриди. Энди бу ёғига кавушни оёққа эмас, оёқни кавушга мослашлари аниқ. Ўлчамларини билиб, эллик йилга режа ишлаши керак тағин. Ҳозир шуни уддасидан чиқса у ёғи бир гап бўлар. Чуқур уф тортиб деразадан ташқарига қаради. Шахдам қадам ташлаб, аскарлар кетиб борарди. Қулоқлари остида гурс-гурс оёқ товушлари билан бирга зобитнинг ёқимли овози эшитиларди: бир, икки, уч…

2015 йил, январь

08

Baxtiyor Nuriddinov
USHALMAGAN ORZU
04

Baxtiyor Nuriddinov 1972 yil 15 noyabrda Andijon viloyati Jalaquduq tumani Oyim qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining filologiya fakul`tetida tahsil olgan. Uzoq yillardan buyon O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida faoliyat yuritadi. Uning bir qator hikoyalari matbuotda e’lon qilingan va stsenariylari asosida televizion badiiy fil`mlar suratga olingan.

04

 Bir, ikki, uch…
Aytsa ishonmaysiz-da. Yerni qars-qars tepib yurganida tovonidan o’t chaqnaydi. Sanoqni o’rganganidan buyon harbiy bo’lish dardida. Biron kuni yo’qki, sanamay qadam bossa. Uch xuddi chegaradek u uchun. Hech qachon keyingi songa o’tolmaydi. Aslida hammasi bog’chadan boshlangan. Tili chuchuk tarbiyachisi bo’lardi. Ba’zi raqamlarni aytishga qiynalganida, sanashdan taqqa to’xtardi. Sizga lof – unga chin, birni “biy” derdi. Quloqlari shunga o’rganib, tili shunday qotdi. Ulg’ayib oq-qorani ajratgunicha “biy”, ikki, uch deb sanab yurdi. “To’yt”, e-e, to’rt u uchun go’yo devor edi. Keyin-keyin uyalib tilini burab gapira boshladi. Maktabda o’rtoqlari “chuchchi” deb masxara qilishga tushishgandi. Harqalay taqlidchiligi qolmagan ekan. Jismoniy tarbiya muallimi irillab gapirardi. Endi uyam shuni o’rgandi: qarr-rrg’a, arr-rrslon, arr-rra derdi. Aybini yuvishi kerak-ku! Ustiga ustak “r”ni ayta olishini hammaga isbotlash o’sha payt u uchun kun tartibidagi bosh masala edi. Xullas kimni ko’rsa irrillaydi. Irr… irr…

— Itmisan? – deb urishdi bir kun adabiyot muallimi.
— Nimaga unaqa deysiz? – astoydil xafa bo’ldi qovoq uyib.
— Kimni otida “r” bo’lsa tishingni oqini ko’rsatib, o’shanga qarab irrillaysan. Nima qiliq bu!.. — deya tanbeh berdi yana.

O’ylab ko’rsa rost. Adabiyot mallimining ismida ham ikkita “r” bor edi. Ko’proq irrillab yuborganmi, jahli chiqqan ko’rinadi. Shu kundan boshlab adabiyot muallimidek hammaga xushmuomalalik bilan gapiradigan bo’ldi. Endi irrillashni bas qildi. Kimni ko’rsa egiladi, bukiladi. Tavoze qiladi. Hurmatini joyiga qo’yadi. Harbiy ta’lim muallimiga bu odati yoqmadi.

— Sendan harbiy chiqmaydi, — dedi bir kun zarda bilan.
— Nima uchun?! – hayron bo’lib so’radi.
— Fe’ling juda yumshoq. Yigit kishi sal abjir, cho’rt kesarroq bo’ladi-da. Seni qara, lapshaning o’zisan. Qayoqqa tortsa o’sha yoqqa cho’zilasan, — deb koyidi.

Qattiq ta’sirlandi. Bu odat orzularini chilparchin qilib yuborishi tayin. O’sha zahoti o’zgardi. Maqsadi harbiy bo’lish. Endi odamlarning oldidan “duk-duk” yurib, “gurs-gurs” ko’rishib o’tadi. Bora-bora qo’rs-qo’pol degan laqab oldi. Bunisiga chidaydi. Katta orzuyi havo qo’shinlarida xizmat qilish. Bulutlar orasida suzish qanchalik mazza ekanligini bilsangiz edi. Siz ham qiziqib qolardingiz. Haliyam kech emas, tasavvur qilib ko’ring!..

Bugun orziqib kutgan damlar kelgan. Uchuvchilar tayyorlash bilim yurti ostonasida turibdi. Hademay sinov imtihonlari boshlanadi. Harbiy bo’lish arafasida. Agar omadi chopib uchuvchi bo’lsa hammangizni osmonda sayr qildiradi. Viz-zz…

Qayoqda?.. Tibbiy ko’rikdan bo’ying past deb qaytarishdi. Bilganida boshmaldoqda yurishni o’rganardi. Sal balandroq ko’rinardi-da, shunda. Ammo shifokorlar mehribon ekan. Umidini so’ndirishmadi. Piyoda askarlar safiga tavsiya qilishdi. Bunisigayam rozi. Chegarachi bo’ladi. Jismoniy tayyorgarlik mashqlarida barzangi-baqaloqni ko’rib, yolg’izmasligidan terisiga sig’may ketdi. Esankiraganidan uning ham tili aylanmay qoldi. Baqirmoqchi bo’ladiyu, ovozi chiqmaydi. Qo’llarini tepaga ko’tarib, chaqirishga harakat qiladi. Maktabda birga o’qishgan. Doim oyog’ini bosvolardi. Kichkina, deb qiynagani qiynagan edi. Bo’yining o’smay qolgani ham shundan asli. Yugurib borib tumshug’iga tushirsinmikin… O’zi zo’rg’a yuradi-yu, harbiy bo’lishga balo bormi bu to’nkaga, o’yladi o’zicha g’ayrligi kelib, eski xotiralarni eslab. Hoynahoy harbiyda tekin ovqat berishini eshitgan-ov. Chuchvarani xom sanapti. Uni oldida baqaloqqa yo’l bo’lsin. Hali ko’radi, ortda qoldiradi. Hammasidan o’zib ketadi.

Bir… ikki… uch…
Mashg’ulotlarda baland to’siqlardan oshib o’tolmadi. Osonmas ekan. Birda bir devor oshib yurovmidi. O’g’ri odat yo’q unda. O’ziga taskin izladi. Ammo baqaloqqa qoyil. Beso’naqay bo’lsa ham kuchi ko’p. Tirmashib yurib o’tdi-yey. Havasi keldi. To’g’risi biroz hasad ham qildi. Baribir maktablaridan ikki kishini harbiylikka olishmasdi, u baribir kuchliroq. Shu tariqa biroz hovuridan tushdi.
— Xafa bo’lma, — dedi yelkasiga qo’lini tashlab maktabdoshi.– Seni kallang yaxshi ishlaydi. Matematikadan olimpiadada g’olib bo’lganingni bilaman. Ko’chada qolmaysan.

Tili osilib hansirashi yetmay, uning zil-zambil qo’lini ko’tarishi qoluvdi. O’zi nima ahvolda-yu, maslahatini qarang.
— Shu miyangdan chiqyaptimi bu fikr? – dedi g’azabi qaynab. – Kalla katta bo’lsayam ishlamasa chatoq ekan-da.
— Men senga yaxshilik qilmoqchi edim, — to’ng’illadi u qo’lini bigiz qilib. – Baribir qabul qilishmadi-ku. Uyam xizmatda.
— To’g’ri aytasan. Senga o’xshagan landavur, xomkallalardan dushman o’tib ketsa, mamlakat ichkarisida mendek himoyachi-shovvozlar kerak bo’ladi hali. Uzoqlarga ketib qolsang xat yozib tur, – deb o’zini ovuntirdi xayrlashayotib.

Barzangi-baqaloq bilan pachakilashib o’tirmay, shart o’rnidan turib ketvordi. Yo’lda hartugul uning gapida jon borligini tan oldi. To’g’ri borib hujjatlarini moliya ishini o’rgatadigan o’quv yurtiga topshirdi. Uch yil o’qidi. Barzangi-baqaloq haq ekan. U yerda omadi chopdi. Yaxshi mutaxassis bo’lib yetishdi. Hozir kallasi zo’r ishlaydi. O’qiganda-a… axir. Har qanaqa hisob-kitobni eshvoradi. Nafsilamrini aytsa matematikaga bo’lgan iste’dodi tug’ma. Ajdodlaridan meros, qondan-qonga o’tgan. Otasi aytdi. Bundan roppa-rosa bir yuz yetmish sakkiz yil avval bobosining bobosini bobosi xon saroyida mirzolik qilib, barcha hisob-kitob ishlari bilan shug’ullangan ekan. Salkam ikki asr deganda bu iqtidor unda namoyon bo’libdi, qarang. Xullas uzo-o-q urug’ida bor.

A’loga o’qigani bois o’quv yurti ma’muriyati shahardagi eng katta charm-poyabzal korxonasiga yo’llanma berib ishga jo’natishdi. Borib moliya bo’limiga joylashdi. Har xil o’lchamda oyoq kiyimlari chiqarishadi: kattalarga, bolalarga, ayollarga, erkaklarga – hammasidan bor. Endi ko’cha-ko’yda dushmandek, odamlarning oyog’iga qaraydi. Boshqacha tushunmang tag’in, kasbi shunaqa. O’lchamiga, fasoniga e’tibor beradi-da. Olti oy deganda barzangi-baqaloqdan xat keldi. Uch yil qayoqda eding shovvoz, deb qichqirvordi. Harnechuk gaplarini unutmagan ko’rinadi. Uyidagilardan u haqida eshitib, xursand bo’lganini yozibdi. Javob xatida uyam og’zini ko’pirtirib, toza maqtandi. Gap tagiga bir juft xrom etik sovg’a qilishini qistirib o’tdi. Hech qancha bo’lmay undan yana maktub oldi. Etikni so’rabdi zang’ar. Butun boshli eski hujjatlarni titkilab, korxona omborini ostun-ustun qilib yubordi. Qani topilsa. Unaqasi tarixda ishlanmagan ekan. Faqat bozorda – kosiblarda bo’larkan. Yaqindan beri korxonalarida zamonaviy oyoq kiyimlari ishlab chiqarilayotganini yozib, yoniga eng katta o’lchamdagi pishiqqina charm shippak qo’shib qo’ydi. Bekorchilikda sudrab yurar, unga bo’laveradi, deb o’ylagandi.

O’n besh kundan so’ng askarlarni quritilgan ovqatlaridan jo’natvoribdi. “Nima ekan!”, deb o’ylabdi. Bir enlik tamaki qutisining qog’oziga jimjimador dastxat bilan, charm shippak yoqqanini, yonidagi o’rtoqlari uchun yana o’n juft yuborishini so’rabdi. Sochlari tikka bo’lib ketdi. Bu safar maktubni javobsiz qoldirdi. Shippakning puli maoshidan bosib qolinganini bilmaydi-da. Shuni deb boshliq bilan aytishib ham olgan. Hozir har kuni jiqqa musht. Qadamini poylaydi. Ikki yil shunday o’tdi. O’rniga boshqasi keldiyu, qutuldi. Lekin unisiyam anoyi emas ekan. Avvalgisidan o’tsa o’tadiki, qolishmaydi. U ham uzoqqa bormadi. Xullas bir yilda to’qqizta boshliq o’zgardi. Bu yog’iga o’ninchining o’yini boshlandi. Bosh omon bo’lsa ko’raveradi-da. Yangining shashti baland. U uchun hamma narsa bir zumda muhayyo bo’lsin ekan. Aytganini aytgan bajarish shart. Hechqisi yo’q. Ko’nikib ketadi.

Har kuni majlis. Kiradi-chiqadi. Bosh qashishga vaqti yo’q. Rahbar qurg’ur quruq gapdan nari o’tmaydi. Nima emish, ishlab chiqarishda o’sish surati pastmish. Uni jadallashtirish uchun alohida topshiriq oldi. Avval yillik, keyin besh, so’ng o’n yillik reja ishladi. Ish surati shunaqayam tezlashib ketdiki, qo’yaverasiz. To’xtatib bo’lmay qoldi. Omborlar mahsulotga to’lib ketdi. Ba’zan kechasi ham ishlashga to’g’ri kelyapti. Odam juda charcharkan. Temirdanmas-ku, axir. Uylanishni bahona qilib ta’tilga chiqvoldi. O’qib yurganida ko’z ostiga olgani bor edi. Onasiga ham yoqdi. Oila qurishdi. Chillasi chiqmay ishga chaqirib olishdi. Noiloj bordi. Endi oilali. Ko’proq pul topishi kerak. Yana avvalgi suratda ish boshladi. Zimmasiga shunaqangi yumushlarni yuklab tashlashdiki, adog’i yo’q. Kuniga ishlab chiqarishni o’stirishadi.

O’n oy o’tib o’ylab ko’rsa, moliyaviy hisob bo’yicha ellik yil oldinga ketib qolishibdi. Hozir harqalay ikki ming oltimish beshinchi yilda yashashyapti-yov. Beiixtiyor hushtak chalvordi. Bu ketishda odamning jigari ezilib, kallasi tutab ketadi-ku. Ertasiga ishga chiqmadi. So’rab kelganlarga “Yo’q devor”, deb xotiniga tayinladi. Bunaqa korxonada ishlab bo’ladimi. Galvars boshliqning naynov yordamchisi erinmay uch kun qatnadi. O’zining ham rahmi keldi. Yonida yerga qarab jim o’tiribdi. Naynov boshini liqillatib:
— Ishga chiqmasangiz bo’lmaydi, — deydi.
— O’zing o’ylab ko’r. Ellik yillik rejani do’ndirib qo’ygan bo’lsak. Boshlig’ingga yana nima kerak? Bo’shayman, — turvoldi.
— Bo’lmaydi, — deb toza tixirlik qildi.

Shu joyda miyasi ishlab qoldi.
— Bo’lmasa nafaqaga chiqaman, — dedi.
Naynovning kapalagi uchib ketdi.
— Hal… hali yoshsiz-ku. Endigina yigirma ikkiga chiqdingiz, — dedi duduqlanib. — Ish tajribangiz ham yetishmaydi.
— E-e, o’zing o’ylab ko’r. Hozir korxona ellik yil oldinda bo’lsa… Demak mening yoshim ham yetmish ikkida. Taxminim bo’yicha to’g’ri keladi.

Kallasiga kelgan fikrdan o’zi ham cho’chib tushdi. Naynov indamay o’rnidan turdi. Ketayotganda arizasini yozib, qo’liga tutqazvordi. Uch kun o’tsa ham darak yo’q. Birov yo’qlab kelmadi. Sabri chidamay ertasiga o’zi ishga bordi. Ahvol hamon o’sha. Indamay yana yigirma yilga reja qildi. Boshliqning yonidan chiqayotganida naynov:
— Aka, nafaqadayam ishlayapsizmi? To’qsonni ham urib qo’yibsizmi? Keksa odam oyoq-qo’lini uzati-i..ib uyda yotmaydimi? – deya qah-qah otib kuldi qo’lidagi hujjatlarga ishora qilib.

Alam qilib ketdi. Rost. O’ylab ko’rsa odamning bunaqa yoshda yashashi osonmas. Xo’p, shunday bo’lganda ham durkun yurishi aqlga sig’maydi. Uyga qaytib yana ko’rpa-to’shak qilib yotvoldi. Indingi kuni naynov shaharning bari tez yordamini boshlab kelibdi. Xotinining rangi
quv o’chib, oldiga xalloslab kirib keldi. Oyoq tovushlaridan butun boshli qo’shin deysiz. Sodda xotini duduqlanib gapirguncha, bir zumda ular paydo bo’lishdi. O’zini behushlikka solvoldi. Boshqa ilojisi ham yo’q edi. Ko’zini mahkam yumib yotibdi. Berilib ketganmi, rostdan ham hushi uchib qolibdi. Ko’zini ochib qarasa, ustida oq kiyimli odamlar chug’urlab, aylanishib yuribdi. “Nima qilamiz buni?” deb bir-biriga imo-ishora qilishadi. Birovi uni o’likxonaga, birovi jinnixonaga jo’natishni aytishyapti. Boshqasi, “Hali tirik-ku!” desa, yana biri “E-e o’zi aytyapti ekan-ku, yuzga kirdim, deb. Bu yoshda tirik bo’lishi mumkinmas” — deydi. Ularning gaplarini eshitib kapalagi uchib ketdi. Irg’ib o’rnidan turganini bilmay qoldi. Ichida: “Shifokormas, tirikni o’likka chiqaradigan qassoblar bular” dedi-yu, kiyim-boshini kiyib ko’chaga otildi. To’g’ri ishga kirib bordi. Orqasidan naynov yetib keldi. Ovsar boshlig’i tirjayib kutib oldi. Kursiga o’tirishi bilan yoniga bir uyum hujjatlarni tashladi. O’qib “taxta” bo’p qoldi. Narigi yoqdan buyurtma! Arvohlarga poyabzal chiqarisharkan. Qani ular ko’rinsa. “Hali hushim qaytmaganmi?”, deya labini tishlab ko’rdi. Joni qattiq og’ridi. Endi bu yog’iga kavushni oyoqqa emas, oyoqni kavushga moslashlari aniq. O’lchamlarini bilib, ellik yilga reja ishlashi kerak tag’in. Hozir shuni uddasidan chiqsa u yog’i bir gap bo’lar. Chuqur uf tortib derazadan tashqariga qaradi. Shaxdam qadam tashlab, askarlar ketib borardi. Quloqlari ostida gurs-gurs oyoq tovushlari bilan birga zobitning yoqimli ovozi eshitilardi: bir, ikki, uch…

2015 yil, yanvar

08

(Tashriflar: umumiy 192, bugungi 1)

Izoh qoldiring