Baxtiyor Omon. Bahor, qish

07Азиз авлиёлар инсоннинг умрини тўрт фаслга ўхшатишади: баҳор, ёз, куз, қиш. Нимагалигини билмайман-у, улар ичида боши ва охирини кўпроқ эслашади. Сабаб, киши ёшлигида ҳаётга ташна, кўнгли тоза, ўзи самимий, ёқимтой бўлади. Ўртада неки ўтса ўтади – билмайди, эътибор бермайди, вақт бор-ку, улгураман, тузаламан, яхши одам бўламан, деб телбаворларча яшайверади…

Бахтиёр ОМОН
БАҲОР, ҚИШ…
«Ношир дафтари» китобидан


  033 Бахтиёр Омон 1959 йилда Нурота шаҳрида туғилган. Таниқли ношир, яхши олим, адиб, таржимон, сиёсий фанлар доктори. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
   У 1985-2005 йилларда “Абу Али ибн Сино”, “Ғафур Ғулом”, “Абдулла Қодирий”, “Ўзбекистон” номли нашриётларда ҳамда Матбуот ва ахборот агентлигида раҳбарлик лавозимида, 2005-2012 йилларда республика миқёсидаги идораларда масъул лавозимларда хизмат қилди. Шу билан бирга, бадиий ва илмий ижод билан шуғулланди. Унинг “Юрак оғриқлари” (1998), “Умр дафтари” (1999), “Последняя трагическая дуэль А.С.Пушкина” (1999, ҳаммуаллифликда), “Сиёсий етакчининг нотиқлик маҳорати” (2000), “Нотиқнинг нуфузи” (2001), “Бобурнинг болалиги” (2002), “Сиёсий модернизациялаш моделлари ва Ўзбекистон тажрибаси” (2012), “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш механизмлари” (2017), “Имконларим” (2018), “Жамиятни модернизациялашнинг концептуал асослари” (2019), “Ношир дафтари” (2019) каби китобларини мухлислар қизиқиш билан мутолаа қилишади. Таржимон сифатида Лев Толстойнинг “Акула” (1987, 2004), Шамсиддин Дунасарийнинг “Одамни билиш илми” (1994, 2015), Лао Шэнинг “Бева аёл қиссаси” (1994), “Мушуклар салтанати” (1996) роман, ҳикояларини маҳорат билан она тилимизга ўгирди.
   Қуйида Бахтиёр Омоннинг “Ношир дафтари” китобидан парчани сизнинг ҳукмингизга ҳавола этамиз.


Азиз авлиёлар инсоннинг умрини тўрт фаслга ўхшатишади: баҳор, ёз, куз, қиш. Нимагалигини билмайман-у, улар ичида боши ва охирини кўпроқ эслашади. Сабаб, киши ёшлигида ҳаётга ташна, кўнгли тоза, ўзи самимий, ёқимтой бўлади. Ўртада неки ўтса ўтади – билмайди, эътибор бермайди, вақт бор-ку, улгураман, тузаламан, яхши одам бўламан, деб телбаворларча яшайверади. Бир куни қарасаки, соқолига оқ оралабди, бобо бўлибди. Ёзи ва кузи шамолдай елиб ўтибди. Бор-йўғи қиши қолибди. Э, кўп нарсага ақлим, фаросатим етар экан-ку, нега адашиб, улоқиб олтин вақтимни беҳуда ўтказибман, дейди афсус чекиб.

Ушбу битиклар бир инсоннинг яхши-ёмон кунларидан чиқарган сабоқлари, ўзи тўқиган ҳикматларидир. Марҳамат, мутолаа қилинг.

Ҳаёт. Шахмат тахтасига ўхшаган ўйин у. Ё ютасан, ё ютқазасан. Пиёда кучсиз бўлса-да, отлиқ, вазир ва подшо билан курашишдан қайтмайди.

Умр йўлида. Йигирма ёш – телбавор хаёлларга берилиш;
ўттиз ёш – югурик ташвишларга кўмилиш;
қирқ ёш – сокинликка юз буриш;
эллик ёш – тозариш ва эврилиш;
олтмиш ёш – саждага кечикиб бош қўйиш;
етмиш ёш – умрни тарозига солиш;
саксон ёш – болаликка қайтиш;
тўқсон ёш – минг ойликдан сакраб ўтиш;
юз ёш – ўлимга тик боқиш.

Олтмиш ёш – ёшлик билан хайр-хўшлашиш дамлари.
Олтмиш ёш – қариликка тайёргарлик кўриш палласи.
Олтмиш ёш – дунёни англашда бир поғона юксалиш сониялари.

Етмиш ёш. Етмиш ёш – ўткинчи умрнинг майда-чуйда ишларидан воз кечиб, жомеъ масжидига бориш орзулари.
Етмиш ёш ¬¬¬¬– Аллоҳга сажда қилиш, хатоларни қалбан англаш ва ичдан разм солиш дақиқалари.

Рақиб ким? У сен сиғинган Ҳақ Каъбасига бош урмаган, доно фикрлару теран ўйларингдан олисда юрган танишинг.
Рақиб – сени кибр-ҳаводан асраган, дамба-дам қамчилаб, тўғри йўлга бошлаган ҳамроҳинг.
Рақиб – манманлик ва разиллик кўчасига кирганингда, юзингга ҳақни айтган, огоҳликка чақирган чин дўстинг.

Ғулом. Хизматкор азалдан бой-бадавлат одамларга хизмат қилиш учун яралган. Унинг фикри-ёди фақир кулбасига нон, овқат, кийим-кечак олиб келишдир. Шуни билгинки, ақл-идрокдан жисмоний меҳнатни устун қўйган ғулом фикрламайди – бу машғулотни у ўзига эп кўрмайди.

Мансаб театр томошасига ўхшайди. Ҳаётда ролингни қойилмақом бажармасанг, жамият сени… бошқаси билан алмаштиради.
Раҳбарликда узоқ ўтирган киши буюклик, халқ ичида танилган шахс соддалик касалига дучор бўлади.

Кино ақлни ўтмаслаштиради, китоб ақлни чархлайди. Бекорчилик одамни сафсатабозга айлантиради, бозорда ишлаш – пул касалига йўлиқтиради.

Телевизор балои офат: олдин танангни, кейин онгни, сўнг қалбингни заҳарлайди. Охирги иши – умрингни қисқартиради. Олимлар телевизор томоша қилишнинг 8 та салбий оқибатини аниқлашган. Яъни, у бош мия фаоллигини кучсизлантиради, артериал босимни, асабийликни, онкологик касалликлар ривожланиши эҳтимолини 9 фоизга оширади. Агар цивилизациянинг бу ютуғидан кунига 1,5 – 2 соат баҳраманд бўлолсак, жисмоний ва руҳий саломатлигимизни сақлаган бўламиз.

Пулнинг кучи. Агар оилада пул кўпайса, хотин эрини топармон-тутармон киши сифатида қўшнилардан юқори қўяди, бировларга паст назар билан қарайди. Пулга зориқса… эрини ёмон кўради ва уни ёмонлашга тушади.
Пул, бойлик – хотиннинг кўзини ёпади. У эрини яна кўпроқ пул топишга кўндиради, кейин қурган ҳовли-жойи, машиналари билан мақтана бошлайди.
Пул, бойлик – камбағал ва бойлар ўртасида меҳр-оқибатни камайтиради.
Пулнинг кучи шундаки, у одамларни табақага бўлади: “юқори” табақа тез-тез учрашиб, бизнесни юргизади; “паст” табақа – пул топишдан йироқ кимсалар оддий умргузаронлик қилиб юради. Олтин ўрталикни танлайди. Лекин топган-тутган луқмалари ҳалол бўлади.
Пул, бойлик кетидан қувган кимсаларнинг ҳаёти қандай якун топишини эса ёлғиз Аллоҳ билади.

Душман ким? Чин дўстни тополмаган, дўстликни қадрига етмаган пайтингда рўпарангда душман пайдо бўлади. Билимсиз, ғўр, ҳавойи бўлсанг душманлар сени излаб келаверади. Шароит туғдирдингми, бўлди, энди у сени назорат қилади.
Сен яхшиликка юз буриб, жамиятда ақлинг, билиминг, тажрибанг билан ажралиб туришингда “душман”ингни ҳам хизмати бор, деб билгин.
Чунки душман кичик ишораси, кучли танқиди ва кутилмаган турткиси билан кўзингни очиб боради.

Димоғ. Ҳайвоний манмансираш, кибру ҳавонинг бир тури. Димоғдор бурнидан пастини кўрмайди, сал бундайроқ одамни писанд қилмайди… Аммо у ўзидан юқори мансабдаги “зот”ни кўрса, бирдан турланади, ўзини йўқотиб қўяди.

Булар ва улар. Бу тушунчани сизга соддароқ тилда етказаман.

Мен “Булар”нинг “Ватан мадҳи”ни қўшиғида у қадар куйлашига ишонгим келмайди. Чунки дили, дарди, юриш-туриши, кийиниши– енгил, ҳаёти ҳам енгиллик устига қурилган. Шу боисдан, “…Жоним фидо” деб баралла куйлаши қалбларга етиб бормайди. Юрагимиз жиз этмаса, бу санъат эмас-да.

Узоқ йиллар бурун саҳналаримизни тўлдирган “Улар”ни ҳам эслолмай туролмайман. Юрти учун жонини тиккан, камтар яшаган, жонфидо зотлар эди “улар”. Фикрлари ўзидек тоза, қўшиқлари оҳори тўкилмаган, дилга яқин, дилтортар, соғинчли эди. “Дугоҳ”, “Сегоҳ”, “Чоргоҳ”,”Наргиз”ни куйлашарди. Халқ лапарлари, куйлари, қўшиқлари мангулик лаззат; сиймолари қадрли; гаплари содда, ички туғёни элга яқин эди…

“Булар” (Бугунги қўшиқчилар) “Улар”дан юз баробар тўкин яшайди, лекин юлдуз бўла олмайди. Кучли фонограмма ҳам, улкан технологиялар ҳам, қоп-қоп пуллари ҳам, реклама ҳам юлдуз қилишга ожизлик қилади.

Уйқу. Бепарво одам эрталаб мириқиб ухлайди. Бошқалар нонуштага ўтирганда ҳам, пешинда ҳам ухлаётган бўлади. Шом маҳали кимлардир намоз ўқиётганда уйқуга чўмади, тунда олим ва шоирлар учқур илҳом отига миниб, фикр, ғояларини қоғозга тушираётганда ҳам ширин уйқуда кўрамиз.
Уйқу – даҳшатли туш, зерикарли эртак ва сароб аралаш ҳаёт.
Уйқу – узоқ давом этадиган алаҳсираш, нимадандир бебаҳра қолиш, бенасиб бўлиш дамлари.

Мулойим одам. Баланд бўйли, юмшоқкўнгил, сал соддароқ бу одам билан тоғ бағридаги санаторийда танишдим. Оғир-вазмин, ҳис-ҳаяжондан холи, мулоҳазали одам экан. Камина билган, учрашган зиёли шахсларнинг барини танишига қойил қолдим. Шаҳарга қайтиб келганимдан кейин саволларимга жавоб топгандай бўлдим. Узоқни кўра оладиган, уддабуррон танишим ҳаётда ҳеч кимни хафа қилмаган, бирон кишига ақалли қарши бормаган экан. Англашимча, у ишини хамирдан қил суғургандай осон битиради, лекин ишхонада, давраларда инқилобий фикрлар-у, ўткир ғояларни айтмайди. “Домла” ўзига ёрдами тегадиган, фойдали шахслар билан борди-келди қилар, тўй-маъракалардан қолмас, ёру биродарлари шифохонага ётса, кунора ҳолидан хабар оларди. Унинг сабр-қаноатига, “замонасоз” характерига тан бердим. Жамиятнинг талабларини бекаму кўст адо этгани сабабли, уйда ҳам, ишхонада ҳам уни эъзозлар эдилар.

Камина эллик ёшга кирган бўлса-да, “Мулойимликнинг олтин қоидаси”дан бехабар эканман.

– Отам одамларга тўғри гап ёқмаслигини қулоғимга қуйган ўн икки яшарлигимдан бошлаб, пластинкани дарҳол бошқа томонга ўзгартирдим, –дейди танишим. – Уларнинг насиҳатлари олтин улашгандан ҳам зиёда бўлди: мен хизмат пиллапоясидан юқорилаб боравердим. Ҳозирда катта бир илмий тадқиқот даргоҳининг раҳбариман.
– Отангиз буюк экан, – дедим домлага.

Тоғай. Табиатан камгап бўлса-да, ўзи кучли шахс эди у. Журналларга ҳарф териш цехида мусаҳҳиҳ бўлиб бирга ишлаганимизда оғзига талқон солган, соқов одамдай юргувчи эди. Давра-гаштакларда фикр билдирмасди, фақат эшитарди.

Ҳамкасбим қақшатқич ҳаёт синовларига чидаб яшади. Бўёқ ҳиди анқиб турган босмахонадан уйига келгани ҳамон дардини, аламини қоғоздан оларди. Инсоннинг чексиз-чегарасиз имконлари-ю, руҳий исёнларини ёзишдан тўхтамасди.

Ички туйғуларини одамизоддан яширар, фақат парвардигорга ва оппоқ қоғозга ишонар эди. Ёзганида қоғозлар ғижимланиб кетарди. Тунлари уйқуни билмасди. Умри ўлчоғлик эканини ичдан сезарди. Ахийри, кунларнинг бирида “Полвон” деган қиссаси “Садо” журналида чиққандан кейин у ёшларнинг севимли адибига айланди-қолди.

Тоғай – ҳаёт куйчиси.
Тоғай – инсон дарду аламларини елкасига юклаган шоир.
Тоғай – кўнгли тоғдай юксак, маъсум шахс.

Синфдошлар. Мактабни битиргандан сўнг, қирқ баҳор ва қиш, қирқ ёз ва куздан иборат шиддаткор умр фаслларини бошдан кечирдик. Унинг йигирмаси уйқу билмаган майхонада, йигирмаси бола-чақани боқиш ташвиши билан ўтибди.

Биз яна ўша мактабдаги синфхонада учрашдик. Саксонга кирган собиқ физика муаллимимиз Қодир ота Ҳазратов оила жумбоқлари ҳақида қизиқ бир топишмоқни ўртага ташлади. Жавоб топа олмадик. Миялар толибди

Ўн етти яшарлигида кўрганим синфдош қизларнинг пешонасига ажин, сочига оқ тушиб, кўзларидаги нур сўнибди. Кимнингдир бошига ғам кўланкаси, кимнингдир юрагига дард чанг солганини кўрдим. Саккиз синфдошимиз ҳаёт билан видолашибди. Ўша болаликдаги нозик сиймолар бир-бир кўз олдимдан ўта бошлади. Мен жамалак сочларидан тортқилаган қизил кўйлакли қизча дунёдан кўз юмибди. Кўзларимга ёш қалқиди.

Хазонрезги кузнинг офтобли кунида ҳасратлашиш жуда оғир кечди. Ҳаяжон, алам, ўкинч, армон, ҳижронни ўзида жамлаган ўша дийдор куни “ҳаёт – ўткинчи”, “ҳаёт – жилвакор”, “ҳаёт – алдамчи” деган ҳикматларнинг мағзини чаққандай бўлдим.

Бино қўйма. Машҳур авлиёнинг умр бўйи такрорлаган ҳикмати менга жуда ёқади: “Ўзингизга бино қўйманг, ўзингизга бино қўйманг, ўзингизга бино қўйманг!”.

Шайх шу сўзларни такрорлаб, жон таслим қилади.

Нафс. Ҳам хатарли, ҳам даҳшатли тушунча!
Нафс – инсон фожиасининг бошланиш нуқтаси.
Нафс – меҳр-оқибатнинг йўқолиши, худбинликнинг бошланиши.
Нафс – ота-бола, эр-хотин, ака-ука, опа-сингилларни бегона, қалбсиз қилиб қўювчи куч.

Ёвузлик. Интернетга ҳар куни ёвузликни тарғиб этувчи минглаб видео, аудиоларнинг қўйилиши – ўзини ўзи ўлдириш, тўққизинчи қават айвонидан ерга қулаш, йўлда нобуд бўлиш, боласини пичоқлаш, отасини ўлдириш… инсон меҳр-шафқатсиз бўлиб бораётганининг далолати эмасми?!
Бу ёвузликлар – инсоннинг айниши, бузилиши даражаси, инсонда сифатий ўзгаришдан ботқоқлик сари қулашининг аломати.
Бу ёвузликлар – инсоннинг яхшилик, мурувват, меҳрибонликдан орқага қайтиши, ўлимга бурилиши (ёш умри хазон бўлган тиббиёт коллежи талабаси Жасурбекнинг қотиллари ҳам палид кимсалар ва уларнинг ёвуз тарбиячилари).
Бу ёвузликлар – ғарбда оила институтининг мағлуб бўлиши, шарқ одамининг глобаллашув олдида таслим бўлиш жараённинг тезлашуви.

Бечора отанинг тарбияси хотимаси.

Қиз – меҳрибон, суюкли, оқибатли, одобли.
Ўғил – тошбағир, калондимоғ, калтабин, шафқатсиз.
Қиз – ота-онанинг умрини узайтирувчи шарқ аёли.
Ўғил – ота асабларини қақшатиб, умрини қисқартирувчи телбавор европалик.

Бойваччанинг дегани. “Сергели машина бозоридан битта Лаcетти олсам, уни ясантириб, қимматроққа сотсам. Учта машинамни, иккита квартирамни сотиб, “коробка”ли ҳовлини қўлга киритсам. Кейин меъмор, буёқчи-ю сувоқчи, том ёпувчиларни ишга солиб, уни гўзал ҳолга келтирсам, ўртасига бассейн қурсам, сўнг битта пулдорга беш юз минг кўкига пулласам-да, ўрнига иккита ўғлимга йигирма сотихдан қирқ сотих ерни арзонгаровга олиб, зўр лойиҳачи, бинокор усталар ёрдамида янгисини кўтарсам…”

Камбағал одамнинг дегани. “Бугун ҳам беҳудага эллик минг сўм харажатга тушдим. Иккита юбиляр чолга пул йиғилармиш. Эҳ, мен шу қароқчи чолларнинг ёшига (бири етмиш, бири саксонга кирибди) етаманми – йўқми, билмадим. Маошимнинг камлиги, доимий йўқчилик, асаббузарлик, боз устига, болаларимнинг ҳақгўйлигимни юзимга солиши мени адойи тамом қилди…”.

Ижод. Парвардигор қудратини англаш ҳиссини туйиш.
Ижод – инсоннинг олам ичидаги одамни тасвирлаш сониялари.
Ижод – инсоннинг қадр-қимматини тушунишга интилиш имконлари.
Ижод – инсоннинг ўзини тўла кашф этиш, намоён қила билиш санъати.

“Хомсиз” (дўстим ҳикояси). Ўттиз ёшимда қишлоқдаги маҳалла оқсоқолининг олдига кирдим. Ҳол-аҳвол сўраш, мулоқот, мулоҳазалардан сўнг, гапларимдан қониқмай: “Ҳали анча хом экансиз”, деди.
Шаҳарга қайтиб ишга шўнғидим. Нимагадир интилдим. Кунларнинг бирида қишлоққа келибоқ, оқсоқолнинг ҳузурига ошиқдим. Гапларимни тинглаб бўлгач, кейин менга юзланиб, “Ҳалиям хомсиз, майли, ҳаёт пиширади”, деди.

Маъюс ҳолда, ортимга қайтдим. Ишга сидқидилдан ёндошдим. Тиним билмадим. Шаҳарда ошна-оғайниларим кўпайди. Хизмат даражам ҳам икки поғона кўтарилди.
Орадан ўн беш йил ўтиб кетди. Оқсоқол қариб қолган пайтлар эди. Умид ила олдига кирдик.
–Энди баҳо беринг жўрамга. Яқинда вазир бўлди! – деди ҳамроҳ дўстим.

Устоз менга бошдан-оёқ разм солди, кўзларимга синчиклаб қаради. Ҳаётим ва рўзғорим билан қизиқди. Янглишмай жавоб бердим.
Оқсоқол бошини сарак-сарак қилиб: “Хомсиз, озгина бор пишишга”, деди.
–Нима қилсам, кўнглингиз тўлади, –сўрадим хафа бўлиб.
–Буни ўзинг билишинг зарур, – жавоб берди у.

Камолотга етишиш учун тинмай изландим.
Йиллар ўтди. Устознинг оғир касалланиб ётганини эшитиб, яна қошига бордим. Аниқроғи, ўзлари чақирди.
– Умрим тугаб бораяпти, – деди оқсоқол. – Гапларимга қулоқ солгин.
– Устоз, қулоғим сизда.
–Биринчи насиҳатим шулки, амалга ошмайдиган ҳавойи орзулардан воз кеч. Ерга туш. Иккинчидан, кўп ўқимагин, чунки кўп ўқисанг, кўп фикрлар билан тўқнаш келиб янглишасан. Учинчидан, содда бўлма, кўп алдашади. Тўртинчидан, табиатинг очиқ эмас, балки ёпиқ бўлсин, ишинг ва дардингни ҳаммага очаверма. Устингдан кулишади, фикрларингни эса ўғирлашади.
– Тушундим, устоз. Бу сўзларни нега аввалроқ айтмадингиз?
– Буларни олдиндан айтиб бўлмасди, чунки ҳаётнинг ўзи инсонни пишитади, муаллимлик қилади. Илоҳим, тушунганинг рост бўлсин, болам. Омин!

Доно ҳикматлардан бағоят мамнун бўлдим. Дарвоқе, ҳаёт қозонида пишиб борганим сари, ишларим илдамлай бошлади. Ўз хатти-ҳаракатимни ўзим назорат қиладиган бўлдим. Устозга раҳмат айтишга чоғландим.

Бироқ оқсоқол вафот этган эди.

Биз. Инсон моддий ва маънавий поғонага етишиш, ҳаётда муносиб ўрнини топиш йўлида туну кун меҳнат қилади. Оиласини боқади. Қийин дамларда давлатдан кўмак сўрайди.
Инсон кўп ўқийди, изланади. Фаровон яшашни истайди. Орзулар оғушида яшайди. Аммо унинг замон, макон, жамият, ҳаёт, одамлар ҳақидаги билими, тасаввури у қадар тўлиқ бўлмайди. Шайх Хожа Аҳрорнинг сўзлари маъносини ҳам у кеч тушунади.

Пир айтадики, “Сен бойликни узоқдан қидириб юрма, у ёнгинангда, гиламнинг тагида ётибди…”

03Aziz avliyolar insonning umrini to’rt faslga o’xshatishadi: bahor, yoz, kuz, qish. Nimagaligini bilmayman-u, ular ichida boshi va oxirini ko’proq eslashadi. Sabab, kishi yoshligida hayotga tashna, ko’ngli toza, o’zi samimiy, yoqimtoy bo’ladi. O’rtada neki o’tsa o’tadi – bilmaydi, e’tibor bermaydi, vaqt bor-ku, ulguraman, tuzalaman, yaxshi odam bo’laman, deb telbavorlarcha yashayveradi…

Baxtiyor OMON
BAHOR, QISH…
«Noshir daftari» kitobidan


Baxtiyor Omon 1959 yilda Nurota shahrida tug’ilgan. Taniqli noshir, yaxshi olim, adib, tarjimon, siyosiy fanlar doktori. O’zbekiston yozuvchilar uyushmasi a’zosi.
U 1985-2005 yillarda “Abu Ali ibn Sino”, “G’afur G’ulom”, “Abdulla Qodiriy”, “O’zbekiston” nomli nashriyotlarda hamda Matbuot va axborot agentligida rahbarlik lavozimida, 2005-2012 yillarda respublika miqyosidagi idoralarda mas’ul lavozimlarda xizmat qildi. Shu bilan birga, badiiy va ilmiy ijod bilan shug’ullandi. Uning “Yurak og’riqlari” (1998), “Umr daftari” (1999), “Poslednyaya tragicheskaya duelь A.S.Pushkina” (1999, hammualliflikda), “Siyosiy yetakchining notiqlik mahorati” (2000), “Notiqning nufuzi” (2001), “Boburning bolaligi” (2002), “Siyosiy modernizatsiyalash modellari va O’zbekiston tajribasi” (2012), “Davlat hokimiyati va boshqaruv organlari faoliyati ochiqligini ta’minlash mexanizmlari” (2017), “Imkonlarim” (2018), “Jamiyatni modernizatsiyalashning kontseptual asoslari” (2019), “Noshir daftari” (2019) kabi kitoblarini muxlislar qiziqish bilan mutolaa qilishadi. Tarjimon sifatida Lev Tolstoyning “Akula” (1987, 2004), Shamsiddin Dunasariyning “Odamni bilish ilmi” (1994, 2015), Lao Shening “Beva ayol qissasi” (1994), “Mushuklar saltanati” (1996) roman, hikoyalarini mahorat bilan ona tilimizga o’girdi.
Quyida Baxtiyor Omonning “Noshir daftari” kitobidan parchani sizning hukmingizga havola etamiz.


Aziz avliyolar insonning umrini to’rt faslga o’xshatishadi: bahor, yoz, kuz, qish. Nimagaligini bilmayman-u, ular ichida boshi va oxirini ko’proq eslashadi. Sabab, kishi yoshligida hayotga tashna, ko’ngli toza, o’zi samimiy, yoqimtoy bo’ladi. O’rtada neki o’tsa o’tadi – bilmaydi, e’tibor bermaydi, vaqt bor-ku, ulguraman, tuzalaman, yaxshi odam bo’laman, deb telbavorlarcha yashayveradi. Bir kuni qarasaki, soqoliga oq oralabdi, bobo bo’libdi. Yozi va kuzi shamolday yelib o’tibdi. Bor-yo’g’i qishi qolibdi. E, ko’p narsaga aqlim, farosatim yetar ekan-ku, nega adashib, uloqib oltin vaqtimni behuda o’tkazibman, deydi afsus chekib.

Ushbu bitiklar bir insonning yaxshi-yomon kunlaridan chiqargan saboqlari, o’zi to’qigan hikmatlaridir. Marhamat, mutolaa qiling.

Hayot. Shaxmat taxtasiga o’xshagan o’yin u. Yo yutasan, yo yutqazasan. Piyoda kuchsiz bo’lsa-da, otliq, vazir va podsho bilan kurashishdan qaytmaydi.

Umr yo’lida. Yigirma yosh – telbavor xayollarga berilish;
o’ttiz yosh – yugurik tashvishlarga ko’milish;
qirq yosh – sokinlikka yuz burish;
ellik yosh – tozarish va evrilish;
oltmish yosh – sajdaga kechikib bosh qo’yish;
yetmish yosh – umrni taroziga solish;
sakson yosh – bolalikka qaytish;
to’qson yosh – ming oylikdan sakrab o’tish;
yuz yosh – o’limga tik boqish.

Oltmish yosh – yoshlik bilan xayr-xo’shlashish damlari.
Oltmish yosh – qarilikka tayyorgarlik ko’rish pallasi.
Oltmish yosh – dunyoni anglashda bir pog’ona yuksalish soniyalari.

Yetmish yosh. Yetmish yosh – o’tkinchi umrning mayda-chuyda ishlaridan voz kechib, jome’ masjidiga borish orzulari.
Yetmish yosh ¬¬¬¬– Allohga sajda qilish, xatolarni qalban anglash va ichdan razm solish daqiqalari.

Raqib kim? U sen sig’ingan Haq Ka’basiga bosh urmagan, dono fikrlaru teran o’ylaringdan olisda yurgan tanishing.
Raqib – seni kibr-havodan asragan, damba-dam qamchilab, to’g’ri yo’lga boshlagan hamrohing.
Raqib – manmanlik va razillik ko’chasiga kirganingda, yuzingga haqni aytgan, ogohlikka chaqirgan chin do’sting.

G’ulom. Xizmatkor azaldan boy-badavlat odamlarga xizmat qilish uchun yaralgan. Uning fikri-yodi faqir kulbasiga non, ovqat, kiyim-kechak olib kelishdir. Shuni bilginki, aql-idrokdan jismoniy mehnatni ustun qo’ygan g’ulom fikrlamaydi – bu mashg’ulotni u o’ziga ep ko’rmaydi.

Mansab teatr tomoshasiga o’xshaydi. Hayotda rolingni qoyilmaqom bajarmasang, jamiyat seni… boshqasi bilan almashtiradi.
Rahbarlikda uzoq o’tirgan kishi buyuklik, xalq ichida tanilgan shaxs soddalik kasaliga duchor bo’ladi.

Kino aqlni o’tmaslashtiradi, kitob aqlni charxlaydi. Bekorchilik odamni safsatabozga aylantiradi, bozorda ishlash – pul kasaliga yo’liqtiradi.

Televizor baloi ofat: oldin tanangni, keyin ongni, so’ng qalbingni zaharlaydi. Oxirgi ishi – umringni qisqartiradi. Olimlar televizor tomosha qilishning 8 ta salbiy oqibatini aniqlashgan. Ya’ni, u bosh miya faolligini kuchsizlantiradi, arterial bosimni, asabiylikni, onkologik kasalliklar rivojlanishi ehtimolini 9 foizga oshiradi. Agar sivilizatsiyaning bu yutug’idan kuniga 1,5 – 2 soat bahramand bo’lolsak, jismoniy va ruhiy salomatligimizni saqlagan bo’lamiz.

Pulning kuchi. Agar oilada pul ko’paysa, xotin erini toparmon-tutarmon kishi sifatida qo’shnilardan yuqori qo’yadi, birovlarga past nazar bilan qaraydi. Pulga zoriqsa… erini yomon ko’radi va uni yomonlashga tushadi.
Pul, boylik – xotinning ko’zini yopadi. U erini yana ko’proq pul topishga ko’ndiradi, keyin qurgan hovli-joyi, mashinalari bilan maqtana boshlaydi.
Pul, boylik – kambag’al va boylar o’rtasida mehr-oqibatni kamaytiradi.
Pulning kuchi shundaki, u odamlarni tabaqaga bo’ladi: “yuqori” tabaqa tez-tez uchrashib, biznesni yurgizadi; “past” tabaqa – pul topishdan yiroq kimsalar oddiy umrguzaronlik qilib yuradi. Oltin o’rtalikni tanlaydi. Lekin topgan-tutgan luqmalari halol bo’ladi.
Pul, boylik ketidan quvgan kimsalarning hayoti qanday yakun topishini esa yolg’iz Alloh biladi.

Dushman kim? Chin do’stni topolmagan, do’stlikni qadriga yetmagan paytingda ro’parangda dushman paydo bo’ladi. Bilimsiz, g’o’r, havoyi bo’lsang dushmanlar seni izlab kelaveradi. Sharoit tug’dirdingmi, bo’ldi, endi u seni nazorat qiladi.
Sen yaxshilikka yuz burib, jamiyatda aqling, biliming, tajribang bilan ajralib turishingda “dushman”ingni ham xizmati bor, deb bilgin.
Chunki dushman kichik ishorasi, kuchli tanqidi va kutilmagan turtkisi bilan ko’zingni ochib boradi.

Dimog’. Hayvoniy manmansirash, kibru havoning bir turi. Dimog’dor burnidan pastini ko’rmaydi, sal bundayroq odamni pisand qilmaydi… Ammo u o’zidan yuqori mansabdagi “zot”ni ko’rsa, birdan turlanadi, o’zini yo’qotib qo’yadi.

Bular va ular. Bu tushunchani sizga soddaroq tilda yetkazaman.

Men “Bular”ning “Vatan madhi”ni qo’shig’ida u qadar kuylashiga ishongim kelmaydi. Chunki dili, dardi, yurish-turishi, kiyinishi– yengil, hayoti ham yengillik ustiga qurilgan. Shu boisdan, “…Jonim fido” deb baralla kuylashi qalblarga yetib bormaydi. Yuragimiz jiz etmasa, bu san’at emas-da.

Uzoq yillar burun sahnalarimizni to’ldirgan “Ular”ni ham eslolmay turolmayman. Yurti uchun jonini tikkan, kamtar yashagan, jonfido zotlar edi “ular”. Fikrlari o’zidek toza, qo’shiqlari ohori to’kilmagan, dilga yaqin, diltortar, sog’inchli edi. “Dugoh”, “Segoh”, “Chorgoh”,”Nargiz”ni kuylashardi. Xalq laparlari, kuylari, qo’shiqlari mangulik lazzat; siymolari qadrli; gaplari sodda, ichki tug’yoni elga yaqin edi…

“Bular” (Bugungi qo’shiqchilar) “Ular”dan yuz barobar to’kin yashaydi, lekin yulduz bo’la olmaydi. Kuchli fonogramma ham, ulkan texnologiyalar ham, qop-qop pullari ham, reklama ham yulduz qilishga ojizlik qiladi.

Uyqu. Beparvo odam ertalab miriqib uxlaydi. Boshqalar nonushtaga o’tirganda ham, peshinda ham uxlayotgan bo’ladi. Shom mahali kimlardir namoz o’qiyotganda uyquga cho’madi, tunda olim va shoirlar uchqur ilhom otiga minib, fikr, g’oyalarini qog’ozga tushirayotganda ham shirin uyquda ko’ramiz.
Uyqu – dahshatli tush, zerikarli ertak va sarob aralash hayot.
Uyqu – uzoq davom etadigan alahsirash, nimadandir bebahra qolish, benasib bo’lish damlari.

Muloyim odam. Baland bo’yli, yumshoqko’ngil, sal soddaroq bu odam bilan tog’ bag’ridagi sanatoriyda tanishdim. Og’ir-vazmin, his-hayajondan xoli, mulohazali odam ekan. Kamina bilgan, uchrashgan ziyoli shaxslarning barini tanishiga qoyil qoldim. Shaharga qaytib kelganimdan keyin savollarimga javob topganday bo’ldim. Uzoqni ko’ra oladigan, uddaburron tanishim hayotda hech kimni xafa qilmagan, biron kishiga aqalli qarshi bormagan ekan. Anglashimcha, u ishini xamirdan qil sug’urganday oson bitiradi, lekin ishxonada, davralarda inqilobiy fikrlar-u, o’tkir g’oyalarni aytmaydi. “Domla” o’ziga yordami tegadigan, foydali shaxslar bilan bordi-keldi qilar, to’y-ma’rakalardan qolmas, yoru birodarlari shifoxonaga yotsa, kunora holidan xabar olardi. Uning sabr-qanoatiga, “zamonasoz” xarakteriga tan berdim. Jamiyatning talablarini bekamu ko’st ado etgani sababli, uyda ham, ishxonada ham uni e’zozlar edilar.

Kamina ellik yoshga kirgan bo’lsa-da, “Muloyimlikning oltin qoidasi”dan bexabar ekanman.

– Otam odamlarga to’g’ri gap yoqmasligini qulog’imga quygan o’n ikki yasharligimdan boshlab, plastinkani darhol boshqa tomonga o’zgartirdim, –deydi tanishim. – Ularning nasihatlari oltin ulashgandan ham ziyoda bo’ldi: men xizmat pillapoyasidan yuqorilab boraverdim. Hozirda katta bir ilmiy tadqiqot dargohining rahbariman.
– Otangiz buyuk ekan, – dedim domlaga.

Tog’ay. Tabiatan kamgap bo’lsa-da, o’zi kuchli shaxs edi u. Jurnallarga harf terish sexida musahhih bo’lib birga ishlaganimizda og’ziga talqon solgan, soqov odamday yurguvchi edi. Davra-gashtaklarda fikr bildirmasdi, faqat eshitardi.

Hamkasbim qaqshatqich hayot sinovlariga chidab yashadi. Bo’yoq hidi anqib turgan bosmaxonadan uyiga kelgani hamon dardini, alamini qog’ozdan olardi. Insonning cheksiz-chegarasiz imkonlari-yu, ruhiy isyonlarini yozishdan to’xtamasdi.

Ichki tuyg’ularini odamizoddan yashirar, faqat parvardigorga va oppoq qog’ozga ishonar edi. Yozganida qog’ozlar g’ijimlanib ketardi. Tunlari uyquni bilmasdi. Umri o’lchog’lik ekanini ichdan sezardi. Axiyri, kunlarning birida “Polvon” degan qissasi “Sado” jurnalida chiqqandan keyin u yoshlarning sevimli adibiga aylandi-qoldi.

Tog’ay – hayot kuychisi.
Tog’ay – inson dardu alamlarini yelkasiga yuklagan shoir.
Tog’ay – ko’ngli tog’day yuksak, ma’sum shaxs.

Sinfdoshlar. Maktabni bitirgandan so’ng, qirq bahor va qish, qirq yoz va kuzdan iborat shiddatkor umr fasllarini boshdan kechirdik. Uning yigirmasi uyqu bilmagan mayxonada, yigirmasi bola-chaqani boqish tashvishi bilan o’tibdi.

Biz yana o’sha maktabdagi sinfxonada uchrashdik. Saksonga kirgan sobiq fizika muallimimiz Qodir ota Hazratov oila jumboqlari haqida qiziq bir topishmoqni o’rtaga tashladi. Javob topa olmadik. Miyalar tolibdi

O’n yetti yasharligida ko’rganim sinfdosh qizlarning peshonasiga ajin, sochiga oq tushib, ko’zlaridagi nur so’nibdi. Kimningdir boshiga g’am ko’lankasi, kimningdir yuragiga dard chang solganini ko’rdim. Sakkiz sinfdoshimiz hayot bilan vidolashibdi. O’sha bolalikdagi nozik siymolar bir-bir ko’z oldimdan o’ta boshladi. Men jamalak sochlaridan tortqilagan qizil ko’ylakli qizcha dunyodan ko’z yumibdi. Ko’zlarimga yosh qalqidi.

Xazonrezgi kuzning oftobli kunida hasratlashish juda og’ir kechdi. Hayajon, alam, o’kinch, armon, hijronni o’zida jamlagan o’sha diydor kuni “hayot – o’tkinchi”, “hayot – jilvakor”, “hayot – aldamchi” degan hikmatlarning mag’zini chaqqanday bo’ldim.

Bino qo’yma. Mashhur avliyoning umr bo’yi takrorlagan hikmati menga juda yoqadi: “O’zingizga bino qo’ymang, o’zingizga bino qo’ymang, o’zingizga bino qo’ymang!”.

Shayx shu so’zlarni takrorlab, jon taslim qiladi.

Nafs. Ham xatarli, ham dahshatli tushuncha!
Nafs – inson fojiasining boshlanish nuqtasi.
Nafs – mehr-oqibatning yo’qolishi, xudbinlikning boshlanishi.
Nafs – ota-bola, er-xotin, aka-uka, opa-singillarni begona, qalbsiz qilib qo’yuvchi kuch.

Yovuzlik. Internetga har kuni yovuzlikni targ’ib etuvchi minglab video, audiolarning qo’yilishi – o’zini o’zi o’ldirish, to’qqizinchi qavat ayvonidan yerga qulash, yo’lda nobud bo’lish, bolasini pichoqlash, otasini o’ldirish… inson mehr-shafqatsiz bo’lib borayotganining dalolati emasmi?!
Bu yovuzliklar – insonning aynishi, buzilishi darajasi, insonda sifatiy o’zgarishdan botqoqlik sari qulashining alomati.
Bu yovuzliklar – insonning yaxshilik, muruvvat, mehribonlikdan orqaga qaytishi, o’limga burilishi (yosh umri xazon bo’lgan tibbiyot kolleji talabasi Jasurbekning qotillari ham palid kimsalar va ularning yovuz tarbiyachilari).
Bu yovuzliklar – g’arbda oila institutining mag’lub bo’lishi, sharq odamining globallashuv oldida taslim bo’lish jarayonning tezlashuvi.

Bechora otaning tarbiyasi xotimasi.

Qiz – mehribon, suyukli, oqibatli, odobli.
O’g’il – toshbag’ir, kalondimog’, kaltabin, shafqatsiz.
Qiz – ota-onaning umrini uzaytiruvchi sharq ayoli.
O’g’il – ota asablarini qaqshatib, umrini qisqartiruvchi telbavor yevropalik.

Boyvachchaning degani. “Sergeli mashina bozoridan bitta Lacetti olsam, uni yasantirib, qimmatroqqa sotsam. Uchta mashinamni, ikkita kvartiramni sotib, “korobka”li hovlini qo’lga kiritsam. Keyin me’mor, buyoqchi-yu suvoqchi, tom yopuvchilarni ishga solib, uni go’zal holga keltirsam, o’rtasiga basseyn qursam, so’ng bitta puldorga besh yuz ming ko’kiga pullasam-da, o’rniga ikkita o’g’limga yigirma sotixdan qirq sotix yerni arzongarovga olib, zo’r loyihachi, binokor ustalar yordamida yangisini ko’tarsam…”

Kambag’al odamning degani. “Bugun ham behudaga ellik ming so’m xarajatga tushdim. Ikkita yubilyar cholga pul yig’ilarmish. Eh, men shu qaroqchi chollarning yoshiga (biri yetmish, biri saksonga kiribdi) yetamanmi – yo’qmi, bilmadim. Maoshimning kamligi, doimiy yo’qchilik, asabbuzarlik, boz ustiga, bolalarimning haqgo’yligimni yuzimga solishi meni adoyi tamom qildi…”.

Ijod. Parvardigor qudratini anglash hissini tuyish.
Ijod – insonning olam ichidagi odamni tasvirlash soniyalari.
Ijod – insonning qadr-qimmatini tushunishga intilish imkonlari.
Ijod – insonning o’zini to’la kashf etish, namoyon qila bilish san’ati.

“Xomsiz” (do’stim hikoyasi). O’ttiz yoshimda qishloqdagi mahalla oqsoqolining oldiga kirdim. Hol-ahvol so’rash, muloqot, mulohazalardan so’ng, gaplarimdan qoniqmay: “Hali ancha xom ekansiz”, dedi.
Shaharga qaytib ishga sho’ng’idim. Nimagadir intildim. Kunlarning birida qishloqqa keliboq, oqsoqolning huzuriga oshiqdim. Gaplarimni tinglab bo’lgach, keyin menga yuzlanib, “Haliyam xomsiz, mayli, hayot pishiradi”, dedi.

Ma’yus holda, ortimga qaytdim. Ishga sidqidildan yondoshdim. Tinim bilmadim. Shaharda oshna-og’aynilarim ko’paydi. Xizmat darajam ham ikki pog’ona ko’tarildi.
Oradan o’n besh yil o’tib ketdi. Oqsoqol qarib qolgan paytlar edi. Umid ila oldiga kirdik.
–Endi baho bering jo’ramga. Yaqinda vazir bo’ldi! – dedi hamroh do’stim.

Ustoz menga boshdan-oyoq razm soldi, ko’zlarimga sinchiklab qaradi. Hayotim va ro’zg’orim bilan qiziqdi. Yanglishmay javob berdim.
Oqsoqol boshini sarak-sarak qilib: “Xomsiz, ozgina bor pishishga”, dedi.
–Nima qilsam, ko’nglingiz to’ladi, –so’radim xafa bo’lib.
–Buni o’zing bilishing zarur, – javob berdi u.

Kamolotga yetishish uchun tinmay izlandim.
Yillar o’tdi. Ustozning og’ir kasallanib yotganini eshitib, yana qoshiga bordim. Aniqrog’i, o’zlari chaqirdi.
– Umrim tugab borayapti, – dedi oqsoqol. – Gaplarimga quloq solgin.
– Ustoz, qulog’im sizda.
–Birinchi nasihatim shulki, amalga oshmaydigan havoyi orzulardan voz kech. Yerga tush. Ikkinchidan, ko’p o’qimagin, chunki ko’p o’qisang, ko’p fikrlar bilan to’qnash kelib yanglishasan. Uchinchidan, sodda bo’lma, ko’p aldashadi. To’rtinchidan, tabiating ochiq emas, balki yopiq bo’lsin, ishing va dardingni hammaga ochaverma. Ustingdan kulishadi, fikrlaringni esa o’g’irlashadi.
– Tushundim, ustoz. Bu so’zlarni nega avvalroq aytmadingiz?
– Bularni oldindan aytib bo’lmasdi, chunki hayotning o’zi insonni pishitadi, muallimlik qiladi. Ilohim, tushunganing rost bo’lsin, bolam. Omin!

Dono hikmatlardan bag’oyat mamnun bo’ldim. Darvoqe, hayot qozonida pishib borganim sari, ishlarim ildamlay boshladi. O’z xatti-harakatimni o’zim nazorat qiladigan bo’ldim. Ustozga rahmat aytishga chog’landim.

Biroq oqsoqol vafot etgan edi.

Biz. Inson moddiy va ma’naviy pog’onaga yetishish, hayotda munosib o’rnini topish yo’lida tunu kun mehnat qiladi. Oilasini boqadi. Qiyin damlarda davlatdan ko’mak so’raydi.
Inson ko’p o’qiydi, izlanadi. Farovon yashashni istaydi. Orzular og’ushida yashaydi. Ammo uning zamon, makon, jamiyat, hayot, odamlar haqidagi bilimi, tasavvuri u qadar to’liq bo’lmaydi. Shayx Xoja Ahrorning so’zlari ma’nosini ham u kech tushunadi.

Pir aytadiki, “Sen boylikni uzoqdan qidirib yurma, u yonginangda, gilamning tagida yotibdi…”

012

(Tashriflar: umumiy 227, bugungi 1)

1 izoh

  1. Умуман укиган китобларим ичида енг якшиси хаетни тог устидан карагандай разим солиб еритиб Берган. Ха тугри бу кандайдир бир харита бир формула деса хам булади енг якши фикирлар йуриклар келтирилган яна мен бунга ухшаган бошкаларга Толстой ни хам асарларини укишни Тавсия киламан севили китоб мутаолачиларга!

Izoh qoldiring