Bayram Ali. Ikki hikoya

Ashampoo_Snap_2017.04.01_22h30m08s_001_b.png   Баҳриддин телефонини ўчирди-ю, пешонаси тиришди. Поччасининг гапи оҳангидаги мулозамати ёқинқирамади унга. Шунақа-да, мулозаматни қарз сўраётган одамдан ўргансанг экан!..

Байрам АЛИ
ИККИ ҲИКОЯ
02

022  Байрам Али (Байрамали Қўлдошев) 1991 йилнинг 23 – июн куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Чим қишлоғида туғилган. Илк таьлимни шу қишлоқдаги 81-умумий таьлим мактабида олган. Мактабни тугатгач, 2008-2011 йилларда Чим маиший касб-хунар коллежини битириб чиқади. Илк шеърлари ва ҳикоялари мактаб давриданоқ республика газета-журналларида эълон қилинган. Ҳозирги кунда ҳам республикамиз ва қўшни Қозоғистон давлати нашриётлари билан мунтазам ҳамкорлик қилади. Айни пайтда вилоятнинг «Дарё»газетасида мухбир сифатида фаолият бошлади. 2013 йилда “Dizayin press” нашриёти тамонидан “Болангман, дунё” номли шеър ва ҳикоялардан иборат китоби нашр этилган.

002

ПОЧЧА

  Баҳриддин телефонини ўчирди-ю, пешонаси тиришди. Поччасининг гапи оҳангидаги мулозамати ёқинқирамади унга. Шунақа-да, мулозаматни қарз сўраётган одамдан ургансанг экан!.. Яқинда қишлоққа борганида онаси: “Санам холангнинг эрини буйраги роса гаранг қилди, қарзга ботиб Ташкин духтирга қаннаб юрибди, бечара…” деяётганди. Ҳаммаси равшан, поччаси бу ерга келсаям пулга келади. Шаҳарда қоплаб бераяпди, деб ўйлайди бу одамлар…

— Нима гап адаси, ким экан? – сўради ўғилчасини чўмилтириб келиб кийинтираётган хотини.
— Қишлоқдан… Манзилимизни сўради… – худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандек минғирлади Баҳриддин. Унинг тушкун кайфияти айни дам хотинига ҳам юқди.
— Ким?..
— Эши почча.
— А?!… Нима дейди? – таққа ҳаракатидан тўхтади аёл.
— Қарздир-да, мазаси йўқ дейишаётувди…
Хотини ирғишлаб ўзига бўй синмаётган ўғилчасини зарда билан силтаб олди:
— Нафи тегмайдиган хешнинг, зарари ҳам тегмаса…

***

Кун якшанбалиги боис Баҳриддин оёғини узатиб телевизор кўрди. Уйда тимирскиланиб у ёқ-бу ёққа юрди, газета титкилади. Тушга яқин кутилган меҳмон ҳам келиб қолди.
— Айланайин, эрталабдан эсган шамол қаерники десам, Чимлиикларники экан-да! – Поччасига сир бой бермай тиржайган куйи остонада қаршилади у. – Буйтиб одамни илҳақ қилдингиз-ай, жезза…
Баҳриддин қишлоғи шевасида гапириб шаҳарда ўзгармаганини намойиш қилган бўлди. Оғиргина сумкани учинчи қаватга чиқаргунича терга ботган почча ҳам, қишлоқдан келтираётган нарсаларини қўйиб, қучоғини очди:
— Ўзимам телепон қилмасдан бораверай девдим-а, — деди, соддалик билан. — Шу, холанг қуймади-да. Шаҳарда одат булак дейди.
— Нега холамнинг ўзини олиб келмадингиз, бир айланиб кетардилар.

Почча хотини ва бирорта боласини олакелмаганига ичидан астойдил ачинди.
— Эй-й, ул рўзғордан бўшарканми, Бахриддинжон…
— Ттт-ти, тт-ти, — поччаси келтирган сумкага имо қилиб танглайини қоқди Баҳриддин. — Буларингиз нимангиз-а энди, жезза, овора бўлиб. Ўзингиз келавермайсизми бундоқ?
Почча негадир ҳайронлангандек бўлди.
— Овораси бўларканми?.. Туршак, чакки дегандай, қишлоқнинг нематлари-да ахир…

***

Баҳриддиннинг хотини ҳам почча билан кўришиб-сўрашгач, улар меҳмонхонага ўтишди. Келин дастирхон ёзди, чой келтирди.

Поччани шаҳарга мос безатилган хонанинг салобати босар, қариндошлари ўзига тўқ яшаётганига суюнса-да, ҳурмати бу қадар ошиб кетганидан аллатовур бўларди. Зум ўтмай дастурхонни “қишлоқнинг нематлари” ҳам эгаллай бошлади. Бундан кўнгли ёришди поччанинг, хижолати пича ариди. Устма-уст териб қўйилган телевизор, мўсиқий марказга ўхшаш нарсаларни, хонанинг бир ёнини тўлалигича эгаллаган сервант тўла чинни-биллур буюмлар-у, ўзлари ҳозир ўтирган деван-креслони яна бир қур ҳавас билан кузатиб чиқаркан, яйраб сўз қотди:
— Баҳриддин, сиз шаҳарликларга жуда маза-да! Ҳамма нарса тўкин-сочин, шароитлар зўр. Холанг айниқса чироқ учиб безор қилган паллалари кўп айтади: “Шу ўй-жойни сотсаг-у, бизам шаҳардан шарта битта дум олиб…”

Пастга қараб олма арчиётган бўлса-да, поччасига зимдан эътибор бериб ўтирган Баҳриддин у бошлаган гапнинг борар ерини тусмоллади.
-Е-е-йй, жезза, сизлар шунақа дейсизлар-да, — гапини кесди ҳаялламай. – Биз эса сизларга ҳавас қиламиз. Сиз уйдаги бу ашқол-дашқолларга қараманг, жезза. Сиз…
У нимадир қидиргандай атрофига аланглади-ю, ниҳоят қўлидаги ярим арчилган олмани поччасига нуқиб кўрсатди:
— Сиз масалан манави келтирган олмангизни айтинг. Экиб қўйсангиз уч йилда ҳосилга кирадиган нарса. Ўзингизники, истаганингизча қоқиб еявермайсизми. Бизда бунинг донаси фалон сум ҳозир. Масалан мана бу келтирган тарвузингизни олайлик, ё қовунингизни айтинг, а? Бекорчиликдан ҳам шуларни ерини чопиб, сўғориб қўяверасизда, тўғрими. Бозорга чиқарсангиз пул! Иб-ей-иб-ей, бизда-чи, сўраманг буни қанчадан олишимизни…

Баҳриддин “меҳмон иззати учун дастирхонга қўйилган” ширинликлар-у, бошқа ноз-неъматларнинг нархини чамалаб чиқишдан ҳам эринмади. Машинаси йўқлиги, хотини иккаласи ишига бориб келишининг ўзига қанча йўлкира сарфлаётганликларини роса куйиниб гапирди айниқса. Поччаси “Унчалик ношукур бўлма…” деб кўнглини кўтармоқчи эди, аксинча, йигитнинг баттар яраси тирналишига сабабчи бўлиб қолди, шўрлик.

Дами ичига тушди поччанинг. Кўнгли оғримади, кўнгли ғижимланган қоғоздай хижил бўлди поччанинг. Айтган гапига минг пушаймонлар еди. Анойи одам, бу ёқларда нарх-навонинг бунчалик кўтарилиб кетганини қаердан ҳам билибди.

Пича фурсатдан бери кўзга ташланмаётган келин дастирхонга ўртачароқ товоқда полов келтириб қўйди. Почча ҳар қанча қишлоқи бўлмасин чойхона-пойхонага чиқиб юрган одам эмасми, чойхонанинг половини дарров таниди. Чойхонада шунақа, полов сер сабзи бўлиб, устига саримсоқ ва қази босиб қўйилади. Ҳойна-ҳой буларнинг уйиида гуруч, ёғ деганлари ҳам тахчил чиқар. Чин, сувгача сотиб олгандан кейин шаҳарда яшашнинг ҳам ўзи бўлмаса керак, чин. Бечора келини, аҳволини сездирмай деб пастдаги тамаддихонадан овқат келтирибди шекилли.

Келини товоқни дастўрхонга қўйиб, синиққина табассум қилди:
— Олинг почча, дастурхонга қараб ўтиринг. Ўз уйингиздагидай бемалол… — сўнгра ўғилчасини етаклаб нариги хонага чиқиб кетди.
Баҳриддин ҳам поччани ошга уннай бошлади, лекин…

Почча қуйнукасининг уч-тўрт яшар ўғилчаси кетган эшикка тикилиб қолди… Шугина гўдакда бор виждон, поччада йўқми? Шугина гўдак ошдан мен ҳам ей демади, шугина гўдак ҳалитдан бери дастурхондаги бирор қанд-қурсга узанмади. Шугина гўдак… Қариндошнинг рўзғори бекорга бунчалик чарчамайди. Сир беришни истамаяпди, ишида бир ишкаллик чиққанга ўхшайди бунинг. Поччанинг ичидан ич-қириндиси кетди. “Ей, меҳмонга келмай ҳар бало бўл, Эшим говкалла! Етмай ётган ҳолинг бормиди, ўлармидинг шунча вақтдан бери хеш бўлиб бир хабар олсанг… Ўлармидинг хотиндай чакки кўтариб юргунча, бир қўйни сўйиб, айириб келсанг…” .

Почча алам билан нон кавшади. Еганлари захри-завқум бўлди, ичган чойи ичакларида шалдур-шулдур қилди. Қайнукаси шаҳар шароити-ю нархи-навосидан нолишдан чарчамади, почча ичида ўзини сўкишдан чарчамади. Ўртада овқат мустар қолди… Баҳриддин сезмагандек поччасини ошга уннаб қўяр, унинг тоборо тўнаётган рангига қараб “Касаллиги чинга ўхшайди, — дея ўйларди. — Қарз қайтарадиган ҳоли йўқ бунинг, сўраб қолса Худо урди!”.

Ниҳоят поччанинг сафари қариб, қайнукасидан кетишга рухсат сўради. Баҳриддин ётиб кетасиз деб ҳарчанд қисталанг қилмасин, унамади. Қайнукасини бағрига босиб хайрлашаркан, ўпкаси тўлди. Остонагача кўзатишга чиққан келинига, унинг қўлидан сиқиб турган маюсгина гўдагига қараб эса баттар эзилди. Сумкасини ҳам олишни унутиб, жўнаб кетди.

***

Қулоғи том битган почча шаҳарнинг гердайган, ҳиссиз бетон уйлари оралаб гандираклаб кетиб бораркан, буғзига аччиқдан-аччиқ нарса тиқиларди.
“-Эшим говкалла, ҳе одамгарчилигинга лаънат сени, мол!“ ,– сўкарди ўзини.
“-Нармат серри, ўғлинг шаҳарда бу кунда яшайди-ю, ота бўлиб бош кўтариб юрганингга ўлайми, эшшак!”, – сўкарди божасини.
“-Тағинам гўдакнинг тантилигини қара, ҳамма дарди ичида, барибир сир бой бермади-я. Аҳволи жа бунақа эмасди-ку, нима бўлди экан бунинг ишига…”

Айни пайтда эса Баҳриддин билан хотини ўзга бир кайфиятда эдилар.
-Гап билан “пишириб” юбордим, нимага келганини унутиб, яна сумкасини ҳам ташлаб кетибди бу тўнка, — тиззасига уриб куларди уйида қайнукаси.

Почча афтобус бекатига яқинлашганда ортига бурилиб, бошқа домларникидан ажралиб ялтиллаб турган кўкиш, олди балконли деразага яна бир марта назар ташлади:
-“Беш кунда жумабозор, кўр ғунажинни сотаман-у, пулини келтираман. Қариндош деган шундай кунда ярамаса, тўнғиз қўпсин!”.

ДАРДЛИ ҚУШ

Уйим сенинг уйингдир,
Айвонимда яшайсан.
Қараб турсам сен ҳам бир,
Дардли қушга ўхшайсан…
Муҳаммад  Юсуф.

Маҳкам бобо бошини сарак-сарак қилди:
-Эй-й, ҳали шуйтди денг…
-Шуйтди-да, ҳамсия бова… Бу, тўққиз йилдан бери ўзимизнинг духтирларга кўрсатавериб-ку, чарчаган эдик. Бир умид Ташкин духтирдан деб борсақ, шуйтди, — деди ота.
-Яшамагурлар, бундай отасини четга чақириб айтмайдими? Ўзининг олдида ҳам айтадими, қаранг, духтир оғирини олгурларнинг ишини.., — куйиниб арзи-ҳол қилди она.

Ота чуқур хўрсинди:
-Бўлди-да энаси… Аслида у духтирлардаям айб йўқ. Бунинниг ўзи шипохонага борганимиздан текшираётган прапессирни саволга тутса бўладими. “Духтир, менга тўғрисини айтаверинг, ўзим ҳамма нарсани тушинган боламан”, дейди. Кейин, духтирам шу… ўёғи оз қолган деди, қўйди-да… Оғриқ қолдирувчи дорилар ёзиб берамиз девди, суғин, бу ҳам кўнмади. Ота, бўлмаса бўлди, қайтаверайлик, сарсон бўлмайлиқ, дейди, гўдак…

-Барибир-да! – буғзига келган оҳдан титраниб кетди аёл. – Бу ҳали бир гўдак бўлса. Ўзи тортаётган оғриқлари, азоблари каммиди боламнинг?! Умид билан борган одамга қандай бу гапни айтишади?!
Шу чоқ уй тўридан боланинг ингроққа тортарли, ҳазин овози эшитилди:
-Бўлди, эна!.. Мен… Мен ҳеч нарсадан тушкунлика тушганим йўқ-ку…
— Барака топгин болам, — Маҳкам бобонинг адёлга ўраниб, бир сиқим бўлиб ётган болага тикилиб кўзлари ёшланди, — Худо ўзи сабир берсин сенга. Овчининг кечикканидан умид дийишади. Касалини берган Тангри, шипосиниям берар…

Чол бир муддат жимиб қолди. Лабларини кексаларга хос қимтиб тураркан:
— Қай бир замон шундай ривоят эшитган эдим, — деди, сўнг ўйчан. – Гўёки Аллоҳ кимга дард бермоқчи бўлса учта фариштасини ҳузурига чорлар эмиш. Улар етиб келганда биринчи фариштасига буйирар эмиш: “Бор, фалон ердаги бандамнинг фалон ерига оғриқ солгин, ҳаракатини сусайтириб, дардман қил!”. Иккинчи фариштасига буйирар эмиш: “Бор, сен бу бандамнинг оғзидан маъзасини олгин, оромини-ҳаловатини ол!”. Учинчи фариштасига бўлса: “Сен эса бор, ушбу бандамнинг бор гуноҳларини гарданинга ортиб, доимо олдида ҳозир бўл!” деб, амир этар, кейин, белгилаган муддати беш йил бўладими, ўн йилми, фаришталарига шу фурсатда қайтиб келишини тайинлаб, ерга тушириб юборар экан. Ерга тушган фаришталар ўз вазифаларини бажо келтириб белгиланган вақтда Аллоҳ даргоҳига қайтиб борар эканлар. Улардан Худо сўрар экан: “Бандам дардманликда ўзини қандай тутди?”. Агар дардман банда ўзини муносиб тутган бўлса, “Сабрли бўлди, берган ризқинга шукур, деди, парвардигор!“ – жавоб беришаркан фаришталар. Фаришталарининг гапини эшитган Худо биринчи фариштасига айтар экан: “Бандам синовимдан ўтибди. Унда бор, сен унинг таънасидан оғриқларини олиб, жисмининг ҳаракатини қайтадан равон қилгин!”. Иккинчисига айтар экан: “Сен ҳам бор, оғзининг маъзасини қайтиб бергин, ором-ҳаловатини бер! ”. “Раббим, менга бир пайтлар бандангнинг гуноҳларини кўтариб юришимни буйирган эдинг, энди мен нима қилай?” – тангридан сўрар экан учинчи фариштаси. Шунда қодири мутлақ учинчи фариштасига жавобан: “Энди сен то Қиёмат кунига қадар ушбу бандамнинг қилган гуноҳларини гарданингда кўтариб юргин, Қиёматда ўтга ташлайсан…”, — дер экан…

Хонани сукунат чўлғади. Айтилмиш ривоят умид гуллари сўлиган ота-онага ҳам, болага ҳам ўз тасирини етарлича кўрсатган, ташна бир хаёллар гирдобига тортиб кетган эди. Аммо шу асно Маҳкам бобонинг кутилмаганда, таъбир жоиз бўлса ўринсизроқ берган саволи уларни эсанкиратиб қўйди:
-Олдин келганларимда кўрмагандайман, бу қачон пайдо бўлди?

Ота ва она аввалига чолни тушунолмай юзига боқдилар. Кейин унинг шифтидаги қалдирғоч уясига тикилиб турганини пайқаган ота:
-Доим бор эди.., — деди, энсаси қотиброқ.
-Ҳмм, пайқамаган эканман-да.., — суҳбат мавзусини қовушмаган тарафга ўзгартирганидан хижолатга тушган чол каловланди. – Аввал бирда ҳеч тузалмаётган беморларни қалдирғочнинг уяси билан чўмилтирса даво топади деб эшитган эдим, кўриб эсимга тушиб кетди…

Маҳкам бобо айни дам аҳамиятлик бир гап айтмагандек индамай дастурхоннинг бир четига тикилиб ўтирар, ота билан она эса унинг гапини давом эттиришини кутиб маҳтал эди. Ниҳоят сабри чидамаган она:
— Гапддирда ҳамсия бова… Ўзи бир парча лой бўлса…- гапиринди, шифтдаги уяга тикилган куйи.
— Тўғри айтасиз келин, — ортиқча тортишиб ўтирмади Маҳкам бобо. – Бу ҳам бир афсона чиқар… Очиғи, шу давони қўллаб бирор тузалган касалниям билмайман-ку, лекин, илгариттан шу гап юради. Эмишки, қалдирғоч Қуръонни хатм қилган қуш бўлармиш. Газанда-мазанда айланмасин учун доимо уясига дуо ўқиб, дам солиб ўтирармиш. Энди-и, қалдирғоч бор хонадонга барака энишиям бежиз эмасдир-да. Эътибор қилган бўлсангизлар қалдирғоч учиб юрганида бошқача, уясида ўтирганида бир бошқача сайрайди. Уясида сайраган нолиши ростдан ҳам Қуръон сураларига оҳанг бериб кетади, жониворнинг…

Яна бир пас ул-бул насиҳат гаплардан гапириб ўтирган Маҳкам бобо уйига чиқиб кетди. Бироқ ота ва онанинг хаёлидан ҳамон унинг қалдирғоч ҳақидаги гапи кетмас, ўзлари сезмаган ҳолатда тез-тез шифтдаги уяга тикилар эдилар. Бу орада боланинг акаси, уларнинг шу қишлоқнинг чеккароғидан уй тиккан катта ўғли келиб қолди. Ака оиласидагилар билан номига сўрашди-ю, курпачага ўтираётиб:
-Ҳа, ота, нимага бунча тез қайтдингизлар? — сўради ҳовлиққаннамо. -Нима деди Ташкин духтир, укамни кўрдими?

Аканинг саволи онанинг аламларини баттар алангалатди:
-Нима дерди болам, укангнинг тақдир амалларини куйган дебди, эна-отангнинг манглайлари шўр, дебди… Яна ўз-ўзгинасига айтибди ҳаммасини уйинг куйгурлар…

Юзига панжаларини босиб “Уҳ!” деб юборди ака. Аслида бу ерга келаётиб бир ҳамқишлоғидан оталарининг уйга мўлжалдан эртароқ қайтганини эшитганидаёқ ҳаммасини тушунган бўлсада, онасининг зорланишидан бутун вужуди қақшаб кетди. Кўзидан ситилиб тушаётган ёшларни учакишгандай тет-тез сидириб ташларкан, тутоқиб сўкинди:
-Эй энасини эмсин шулар! Худомиди, оғзига келганини гапираберади-да, эна! Шунга энди укамниям бундай эзиб, мустар қилиб ўтирибсизларми?!

Ўғлининг сўзлари онанинг қулоғига кирмасди.
— Билмадим гуноҳ мендан ўтдимикан, отасиданми?!.. Ё ўзининг мурғак бошиданми?!.. – йиғлар эди аёл. — Худо шу дардни берганда мактабга энди бораётган гўдак эди. Мана, ўн олтидан ошиб йигит бўлаяпди, Худойимнинг раҳми келмади! Бўлмаса духтирдан оёқ узганимиз йўқ, ўзбекчилик дедик, қанча югурдик…
Шу вақтгача жим турган бола инграб ўзини тушакнинг у ёнидан-бу ёнига ташлади:
-Бўлди дийман, эна-ёв! Бўлди энажон! Бўлди!…
Боланинг овозида инсон бардош беролмайдиган изтироб, тортаётган оғриқ азобларидан кўкармиш юзларида аянч бир манзара мужассам эди. У бошига қийналиб адёлини тортди. Хонага пашша учса эшитилар даражада сукунат чўмди. Юзларни юваётган сассиз кўзёшлар эса киприклардан ситилиб-ситилиб думаларди…

***

Баҳорнинг қисқа куни пардаланиб навбатдаги тун чукди. Неча кундан бери жон талашаётган бола иситма оташидан гоҳ инграб, гоҳ маъносиз сўзларни гапириниб ётар, ота-онаси ва акаси мижжа қоқмай бошида эдилар.
-Яна Райим духтирни топиб келсаммикин..? – сўради, бу ҳолга бардош беролмаётган ака.
— Билмасам… Ё тонг отса бирор мулла-пулла топиб келсанг, ўқитиб кўрсак яхшимиди… – жавоб берди отаси.
— Шуйтиш керак, — зорланди аёл. –Райим нима дейди, битта укол ҳам урмайди у. Ўзини опқочади. Аслида Ташкин духтирга бошқариб юбориши ҳам бежизга бўлмаган, илгариттан билган умид йўқлигини…
Иложсизлик тағин ҳаммага мўм тишлатди. Бироздан кейин ота худди кучли ҳаяжонга тушмиш кишидек, кескин:
-Марипа..? –сўз қотди аёлига.- Даво деб бош суқмаган эшигимиз-ку қолмади. Лекин шу кундан бери анов гапни эслаб-эслаб қўяман-да. Маҳкам бованинг айтгани-чи, эсингдами ?

Табиати қайсарроқ бўлганлигидан насиҳатгуй чолни унча хушламайдиган ака отасининг гапидан ғашланди.
-Ҳа, нима девди шу Маҳкам бова?! – деди, онасидан олдин зарда аралаш.
-Анови… Маҳкам бова ажаб бир гап айтувди-да, – ҳамон аллатавир ҳаяжонда турган ота чук тушган жойида қалпоғини уч-тўрт тузатиб кийди. – Сен йўғингда, ҳей келганида,- деди ўғлига. — Ҳеч тузалмаган кассалларни қалдирғочнинг уяси билан чўмилтирса соғайиб кетиши мумкин девди…
-Гапда, — ғудранди ака. – Маҳкам чол ижоди келган бўлса айтган-қўйган!
-Ҳар нарса дияверасанми! — ота бу гал аччиқланди. Бу амалдан иш чиқишига азборойи умидвор бўлганиданми, ёлғон гапираётганини ўзи сезмади:
– Мен ўзи шу гапни Маҳкам бовадан бошқа битта-иккитадан ҳам эшитгандай бўламан…
— Бўлмаса қишлоқдан бирор қалдирғочи ташлаб кетган уяни сўраштириб кўрсакмикан?! – гапга аралашди она. Кейин оғир-оғир нафас олиб ётган ўғлига боқиб, – ўзимиздаги тухум қўйган чиқар, биттаси уясидан кўп учмаётувди, бузсак ҳам гунай.., — деди.
Ота ўйланиб қолди.
-Леки-и-ин, гунайликка гунай-ку, даволиги бўлса қалдирғоч яшаб турган уянинг даволиги бўлади, қалдирғочи бўлмаса даво бўлмас дейманов…

…Хира чироқ ёритиб турган уйда ота билан ака оёққа қалққан, она ўтирган жойида боши хам эди. Укасининг инграшларидан ичи ёниб кетаётган ака ўз манглайига асабий-асабий уриб қўярди. Бир вақт у бир жуфт қалдирғоч ётган уяга яқин бориб тикилди. Ич-ичидан титраниб ҳўрсинди.
-Бўлмаса бузайлиқ шуни, бу ҳам бир гапи! Шундан бир умид бўладиган бўлса гунайи менинг бўйнимда, ота! – деди, сўнг овози товланиб.
-А?!- отанинг қулоғига ўғлининг кийинги сўзлари чалинмади ҳам. У ҳудди шу биргина ҳамфикрга маҳтал турган каби ошиқди. -Нарвонни келтирайми бўлмаса, а?!!!
-Тўхтангизлар, — қўйиб берса ҳозироқ уяни бузишга шайланаётган эрини тўхтатиб қолди аёл. – Агар чин бузсақ эрталабгача кутиш керак. Тонг саҳар қалдирғочларни ҳайдаб чиқарамизда, ўзларига кўрсатмай бузамиз. Тухум-пухими бўлсаям шаройит қилиб жойлаштириб қўйсақ, яна уя қуриб олишармиди..?

Бу гап ҳаммага маъқул бўлди. Энди улар тонг отишини сабирсизлик билан кутишарди. Мисли бу тонг кўплаб ўзгаришларга сабаб бўладигандек ҳаяжонга тушишарди.
Тонг оқариб кела бошлади. Ушбу тонгнинг отмоғи жон талвасасида ётган бола учун ҳам ҳар кунгидан машаққатли кечди. У ярим очиқ кўзларини атрофидагиларга тикиб нималарнидир илтижо қилар, афсуски, сўзларидаги маънони англаб бўлмасди. Ҳатто оила аъзоларини таниётганлиги ҳам мавҳум эди унинг.
-Бўлди энажон, мен нарвонни опкеламан!–ака шаҳт билан эшикка чиқиб кетди. Кўп утмай эса ёғочдан ясалган кичикроқ нарвончани кўтариб кирди.

-Менга бер, ўзим, — ота ўғлининг қўлидан нарвончани олиб, уя тагидан ўрнатиб чиқа бошлади. Қалпоғини силтаб-силтаб инида қунишибгина ётган қушларни қўзғатди. Ҳали тонг унча ёришиб улгурмагани сабабли уядан кўтарилган қалдирғочлар хона бўйлаб учишар, ташқарига чиқишни исташмасди. Улар пича шундай қушларни қувиб ҳалак бўлдилар. Қушлар хонани тарк этгач эшик деразаларни беркитишиб, ота катта пичоқ ёрдамида уяни бузишга киришди. Ниҳоят бармоқлари қалт-қалт титраганча уяни бус-бутун кўчириб пастга тушди.
-Ҳайрият, тухуми йўқ экан, — деди, тин олиб.

-Энди чўмилтиришни қайтамиз?- сўради ака. – Уйнинг ичига чўмилтирмасақ, бошқа иложи йўқдир дейман.
-Мен ҳозир, — аёл уйдан чиқиб, ошхонаданми, аллақаердан ноярамроқ стулча топиб келди.
-Сен укангни шунга йиқитмай ўтқазиб турсанг, мен сув қуярдим, сўғин отанг ишқалаб чўмилтираверарди…
-Яхши! – деди ака. Улар хонанинг бир бурчаги гиламини қайириб, стулчани қўйишди. Бамисоли ҳушсиз ётган болани уст кийимларини йичиб, ўтқазишди. Оёғининг тагига тоғара қўйиб, сув қўйиб ювинтира бошлашди.

Отанинг қўлидаги лой парчаси бола баданидан худди совундек купириб-лойқаланиб оқар-у, ҳеч адо бўлмасди. Улар эса ниҳоятда шошилишар, бундан бир иш чиқишига негадир ҳамма қаттиқ ишонаётган эди. Шу пайт.., шу пайт улар хаёлида ростдан ҳам мўжиза рўй бергандай бўлди.

-Эна… – деди, баданига сув тегаётганиданми, ёки қалдирғоч уясининг кароматиданми, иситмаси пича тушиб ўзига кела бошлаган бола. – …Барибир бузибсизларда..? – кейин хафа бўлгандек “қулт” ютиниб, кўзларини юмиб олди.
Ҳамма бир муддатга ҳаракатдан тўхташди. Ҳа, боланинг бу гапи алахсираш эмас, онгли равишда уя ҳақида гапираётган эди у.
-Бўлди! – пичирлади ота. Қўлидаги лойнинг қолган қисмини тоғарага ташлади. — Энди тоза сувдан қуявер. Совуқотмасин, тезроқ ўрантириб ётқизиш керак!

Болани кийинтириб ўрнига ётқизишганда, у анча тетик эди. Бундан бутун оила терисига сиғмас, ажаб бир талвасада эдилар. Эшик очилиб-ёпилганида ичкариги кириб уясини топмаса ҳам, негадир, шовқин кўтармасдан парданинг қошига жимгина қўнган қалдирғочларга эса ҳеч ким эътибор ҳам бермасди. Сал ўтиб бола онасининг қистови билан бир-неча қошиқ қайнатилган сут ичди. Юзлари терлаб, қизиллик югурди. Энди унинг нафаслари енгил эди.
-Эй-й, айтдим-ку Маҳкам бова чин айтади деб, қари билганни пари билмайди-да! – деди, ота йиғламсиқ жилмайиб.
-Тўғри, тўйида тўнлар кийсин боваси, — эрининг сўзларини мақуллади, йинги учи билан кўз ёшларини сидириб она. Сўнг катта ўғлининг елкасига қоқди. – Болам, сен бор, оғасининг яхшилигини бориб чечасигаям етказ. Ёки ўзини эргаштириб келавер буёққа. Бечора кечадан бери юрак ҳовичлаб кутиб ўтиргандир ул ҳам.

Ғайрати ичига сиғмаётган ака сапчиб турди ўрнидан.
–Майли, бўлмасам, мен бориб бирров мол-ҳолларга қарайман-у, келинингиз билан неварангизни олиб келаман.
Ака укасига ҳам эгилиб нимадир демоқчи бўлди-ю, тўлқинланганидан гапира олмади. Салом бераётган киши тақлид бошини қимирлатиб қўйиб, жунаб кетди.

Бироз утиб болани уйқу элита бошлади.
-Ухлаяпди, — она отага қараб секин пичирлади. – Юринг бўлмаса бизлар ҳам сигирни соғиб келайлик…
Улар болани холи қўйиб рўзғор юмушларига уннаб кетишди. Орадан ярим соатдан ошиқроқ вақт ўтди. Бир вақт ота ва она бузоқни ҳовлидан ҳайдаб ўтаётганларида уйнинг берк деразасига ўзини уриб шовқин кутараётган қалдирғочлар овозини эшитишди. Улар қараб ҳам улгурмай эса деразанинг дарз кетган ойнаси “чарсиллаб” синди.
-Ё худойим!!! Деразами?! – сесканиб кетди она. Қўлидаги сут соғилган челаги ерга тушиб, тўкилди.
-Тўхта-чи, — ота етаклаб келаётган бузоғининг арқонини қўйиб юбориб, уйи томон юрди. Аввал секин юрди, кейин югурганча уйига ошиқди. Юраги ёмон нимадир рўй берганини сезаётган она ҳам ортидан эргашди. У йитиб келмасдан эса, ичкаридан эрининг аламли фиғони эшитилди:
-Бол-а-а-м! Отанг ўлсин бол-а-а-м..!

Ота шарт изига қайтиб, остонада аёлининг йўлини тўсди:
-Марипа кирма! Кирма Марипа!!!
Лолу-ҳайрон аёл мутлақо телбага айланган эди.
-А..?! А, нимага..?! Нимага ўндай бўлади..?! – англаган воқеасига ишониб-ишонмай девонаваш пичирлар эди у. Кейин эрининг ёнидан юлқиниб ўтиб, ўзини тушакда ётган ўғлининг устига отди. Бола эса… тепага қараб ухлаётган мисоли жим ётар, бадани совий бошлаган эди.
-Қалдирғочнинг уяларини кутиб ётибмидинг, бол-а-а-а-м!!! – ўкраб юборди она. Эшик остонасида мувозанатини сақлайолмай тебралиб-тебралиб қолган ота ҳам қайрилиб, ўзини жувонмарг боласининг устига ташлади.
-Бол-а-м-о-о-ов…!

Бу вақтда кечикиб келаётган ака ва янга ҳам улар фарёдини эшитиб, кўча тарафдан дод солиб кела бошлашди:
-Оғам-о-о-в..! Жигарим-о-о-в..! Алдаблар кетган жигар-и-им!..
…Зум утмай хонадон аҳллариннг фарёдидан нима ҳодиса рўй берганини тушунган эл-улус мотам либосларида дўниб келишди. Ҳовлида, ичкарига кириб кетган ота-онасининг ортидан қўрқибгина жавдираб турган наберага ҳам қўшнилардан кимдир эгалик қилди.

Тушга довур болани ювиш учун кирганлардан бири Маҳкам бобо, ҳайратдан донг қотди. Боланинг аниқ-тиниқ сезиларли даражада нур ёғилиб турган жасадиги камоли таажжуб билан тикиларкан, пичирлади:
-Худо ҳаққи… Худо ҳаққи бола фаришталарга қўшилиб кетганга ўхшайди…

Болани чиқаришаётганида қўлма-қўл лапанглаб бораётган тобут ортидан тумонат одам фарёд кутариб “оғамлаб” боришарди. Улар орасида эса овозини ҳеч ким эшитмаётган бир жуфт қалдирғочнинг ҳам ноласи бор эди. Ҳудди Маҳкам бобо айтганидай Қуръондаги қайсидир оятларга оҳангдор эди уларнинг нолиши:
-Ви-ж-и-р, в-и-и-жжж-и-и-иррр, виж-виж…

***

Кунлар ўтиб хонадонга тазияга келгувчилар қадами ҳам сийраклашди. Бу пайтда қалдирғочларнинг бузилган уя ўрнидан тиклаётган янги ини ҳам битган эди.

0021

0000tqxw.jpg Bayram ALI
IKKI HIKOYA
02

 Bayram Ali  (Bayramali Qo’ldoshev)   1991 yilning 23 – iyun kuni Qashqadaryo viloyatining Qamashi tumanidagi Chim qishlog’ida to’g’ilgan. Ilk ta`limni shu qishloqdagi 81-umumiy ta`lim maktabida olgan. Umum ta`lim maktabini tugatgach, 2008-2011 yillarda Chim maishiy kasb-xunar kollejini bitirib chiqadi. Ilk she’rlari va hikoyalari maktab davridanoq respublika gazeta-jurnallarida e’lon qilingan. Hozirgi kunda ham respublikamiz va qo’shni Qozog’iston davlati nashriyotlari bilan muntazam hamkorlik qiladi. Ayni paytda viloyatning DARYO gazetasida muxbir sifatida faoliyat boshladi.2013-yilda “Dizayin press” nashriyoti tamonidan “Bolangman, dunyo” nomli she’r va hikoyalardan iborat kitobi nashr etilgan.

002

DARDLI QUSH

Uyim sening uyingdir,
Ayvonimda yashaysan.
Qarab tursam sen ham bir,
Dardli qushga o’xshaysan…
Muhammad Yusuf.

Mahkam bobo boshini sarak-sarak qildi:
-Ey-y, hali shuytdi deng…
-Shuytdi-da, hamsiya bova… Bu, to’qqiz yildan beri o’zimizning duxtirlarga ko’rsataverib-ku, charchagan edik. Bir umid Tashkin duxtirdan deb borsaq, shuytdi, — dedi ota.
-Yashamagurlar, bunday otasini chetga chaqirib aytmaydimi? O’zining oldida ham aytadimi, qarang, duxtir og’irini olgurlarning ishini.., — kuyinib arzi-hol qildi
ona.

Ota chuqur xo’rsindi:
-Bo’ldi-da enasi… Aslida u duxtirlardayam ayb yo’q. Buninnig o’zi shipoxonaga borganimizdan tekshirayotgan prapessirni savolga tutsa bo’ladimi. “Duxtir, menga to’g’risini aytavering, o’zim hamma narsani tushingan bolaman”, deydi. Keyin, duxtiram shu… o’yog’i oz qolgan dedi, qo’ydi-da… Og’riq qoldiruvchi dorilar yozib beramiz devdi, sug’in, bu ham ko’nmadi. Ota, bo’lmasa bo’ldi, qaytaveraylik, sarson bo’lmayliq, deydi, go’dak…
-Baribir-da! – bug’ziga kelgan ohdan titranib ketdi ayol. – Bu hali bir go’dak bo’lsa. O’zi tortayotgan og’riqlari, azoblari kammidi bolamning?! Umid bilan borgan odamga qanday bu gapni aytishadi?!
Shu choq uy to’ridan bolaning ingroqqa tortarli, hazin ovozi eshitildi:
-Bo’ldi, ena!.. Men… Men hech narsadan tushkunlika tushganim yo’q-ku…
— Baraka topgin bolam, — Mahkam boboning adyolga o’ranib, bir siqim bo’lib yotgan bolaga tikilib ko’zlari yoshlandi, — Xudo o’zi sabir bersin senga. Ovchining kechikkanidan umid diyishadi. Kasalini bergan Tangri, shiposiniyam berar…

Chol bir muddat jimib qoldi. Lablarini keksalarga xos qimtib turarkan:
— Qay bir zamon shunday rivoyat eshitgan edim, — dedi, so’ng o’ychan. – Go’yoki Alloh kimga dard bermoqchi bo’lsa uchta farishtasini huzuriga chorlar emish. Ular yetib kelganda birinchi farishtasiga buyirar emish: “Bor, falon yerdagi bandamning falon yeriga og’riq solgin, harakatini susaytirib, dardman qil!”. Ikkinchi farishtasiga buyirar emish: “Bor, sen bu bandamning og’zidan ma’zasini olgin, oromini-halovatini ol!”. Uchinchi farishtasiga bo’lsa: “Sen esa bor, ushbu bandamning bor gunohlarini gardaninga ortib, doimo oldida hozir bo’l!” deb, amir etar, keyin, belgilagan muddati besh yil bo’ladimi, o’n yilmi, farishtalariga shu fursatda qaytib kelishini tayinlab, yerga tushirib yuborar ekan. Yerga tushgan farishtalar o’z vazifalarini bajo keltirib belgilangan vaqtda Alloh dargoxiga qaytib borar ekanlar. Ulardan Xudo so’rar ekan: “Bandam dardmanlikda o’zini qanday tutdi?”. Agar dardman banda o’zini munosib tutgan bo’lsa, “Sabirli bo’ldi, bergan rizqinga shukur, dedi, parvardigor!“ – javob berisharkan farishtalar. Farishtalarining gapini eshitgan Xudo birinchi farishtasiga aytar ekan: “Bandam sinovimdan o’tibdi. Unda bor, sen uning ta’nasidan og’riqlarini olib, jismining harakatini qaytadan ravon qilgin!”. Ikkinchisiga aytar ekan: “Sen ham bor, og’zining ma’zasini qaytib bergin, orom-halovatini ber! ”. “Rabbim, menga bir paytlar bandangning gunohlarini ko’tarib yurishimni buyirgan eding, endi men nima qilay?” – tangridan so’rar ekan uchinchi farishtasi. Shunda qodiri mutlaq uchinchi farishtasiga javoban: “Endi sen to Qiyomat kuniga qadar ushbu bandamning qilgan gunohlarini gardaningda ko’tarib yurgin, Qiyomatda o’tga tashlaysan…”, — der ekan…

Xonani sukunat cho’lg’adi. Aytilmish rivoyat umid gullari so’ligan ota-onaga ham, bolaga ham o’z tasirini yitarlicha ko’rsatgan, tashna bir xayollar girdobiga tortib ketgan edi. Ammo shu asno Mahkam boboning kutilmaganda, ta’bir joiz bo’lsa o’rinsizroq bergan savoli ularni esankiratib qo’ydi:
-Oldin kelganlarimda ko’rmagandayman, bu qachon paydo bo’ldi?
Ota va ona avvaliga cholni tushunolmay yuziga boqdilar. Keyin uning shiftidagi qaldirg’och uyasiga tikilib turganini payqagan ota:
-Doim bor edi.., — dedi, ensasi qotibroq.
-Hmm, payqamagan ekanman-da.., — suhbat mavzusini qovushmagan tarafga o’zgartirganidan xijolatga tushgan chol kalovlandi. – Avval birda hech tuzalmayotgan bemorlarni qaldirg’ochning uyasi bilan cho’miltirsa davo topadi deb eshitgan edim, ko’rib esimga tushib ketdi…

Mahkam bobo ayni dam ahamiyatlik bir gap aytmagandek indamay dasturxonning bir chetiga tikilib o’tirar, ota bilan ona esa uning gapini davom ettirishini kutib mahtal edi. Nihoyat sabri chidamagan ona:
— Gapddirda hamsiya bova… O’zi bir parcha loy bo’lsa…- gapirindi, shiftdagi uyaga tikilgan kuyi.
— To’g’ri aytasiz kelin, — ortiqcha tortishib o’tirmadi Mahkam bobo. – Bu ham bir afsona chiqar… Ochig’i, shu davoni qo’llab biror tuzalgan kasalniyam bilmayman-ku, lekin, ilgarittan shu gap yuradi. Emishki, qaldirg’och Qur’onni xatm qilgan qush bo’larmish. Gazanda-mazanda aylanmasin uchun doimo uyasiga duo o’qib, dam solib o’tirarmish. Endi-i, qaldirg’och bor xonadonga baraka enishiyam bejiz emasdir-da. E’tibor qilgan bo’lsangizlar qaldirg’och uchib yurganida boshqacha, uyasida o’tirganida bir boshqacha sayraydi. Uyasida sayragan nolishi rostdan ham Qur’on  suralariga ohang berib ketadi, jonivorning…

Yana bir pas ul-bul nasihat gaplardan gapirib o’tirgan Mahkam bobo uyiga chiqib ketdi. Biroq ota va onaning xayolidan hamon uning qaldirg’och haqidagi gapi ketmas, o’zlari sezmagan holatda tez-tez shiftdagi uyaga tikilar edilar. Bu orada bolaning akasi, ularning shu qishloqning chekkarog’idan uy tikkan katta o’g’li kelib qoldi. Aka oilasidagilar bilan nomiga so’rashdi-yu, kurpachaga o’tirayotib:
-Ha, ota, nimaga buncha tez qaytdingizlar? — so’radi hovliqqannamo. -Nima dedi Tashkin duxtir, ukamni ko’rdimi?

Akaning savoli onaning alamlarini battar alangalatdi:
-Nima derdi bolam, ukangning taqdir amallarini kuygan debdi, ena-otangning manglaylari sho’r, debdi… Yana o’z-o’zginasiga aytibdi hammasini uying kuygurlar…
Yuziga panjalarini bosib “Uh!” deb yubordi aka. Aslida bu yerga kelayotib bir hamqishlog’idan otalarining uyga mo’ljaldan ertaroq qaytganini eshitganidayoq hammasini tushungan bo’lsada, onasining zorlanishidan butun vujudi qaqshab ketdi. Ko’zidan sitilib tushayotgan yoshlarni uchakishganday tet-tez sidirib tashlarkan, tutoqib so’kindi:
-Ey enasini emsin shular! Xudomidi, og’ziga kelganini gapiraberadi-da, ena! Shunga endi ukamniyam bunday ezib, mustar qilib o’tiribsizlarmi?!

O’g’lining so’zlari onaning qulog’iga kirmasdi.
— Bilmadim gunoh mendan o’tdimikan, otasidanmi?!.. YO o’zining murg’ak boshidanmi?!.. – yig’lar edi ayol. — Xudo shu dardni berganda maktabga endi borayotgan go’dak
edi. Mana, o’n oltidan oshib yigit bo’layapdi, Xudoyimning rahmi kelmadi! Bo’lmasa duxtirdan oyoq uzganimiz yo’q, o’zbekchilik dedik, qancha yugurdik…
Shu vaqtgacha jim turgan bola ingrab o’zini tushakning u yonidan-bu yoniga tashladi:
-Bo’ldi diyman, ena-yov! Bo’ldi enajon! Bo’ldi!…
Bolaning ovozida inson bardosh berolmaydigan iztirob, tortayotgan og’riq azoblaridan ko’karmish yuzlarida ayanch bir manzara mujassam edi. U boshiga qiynalib adyolini tortdi. Xonaga pashsha uchsa eshitilar darajada sukunat cho’mdi. Yuzlarni yuvayotgan sassiz ko’zyoshlar esa kipriklardan sitilib-sitilib dumalardi…

***

Bahorning qisqa kuni pardalanib navbatdagi tun chukdi. Necha kundan beri jon talashayotgan bola isitma otashidan goh ingrab, goh ma’nosiz so’zlarni gapirinib yotar, ota-onasi va akasi mijja qoqmay boshida edilar.
-Yana Rayim duxtirni topib kelsammikin..? – so’radi, bu holga bardosh berolmayotgan aka.
— Bilmasam… YO tong otsa biror mulla-pulla topib kelsang, o’qitib ko’rsak yaxshimidi… – javob berdi otasi.
— Shuytish kerak, — zorlandi ayol. –Rayim nima deydi, bitta ukol ham urmaydi u. O’zini opqochadi. Aslida Tashkin duxtirga boshqarib yuborishi ham bejizga bo’lmagan, ilgarittan bilgan umid yo’qligini…

Ilojsizlik tag’in hammaga mo’m tishlatdi. Birozdan keyin ota xuddi kuchli hayajonga tushmish kishidek, keskin:
-Maripa..? –so’z qotdi ayoliga.- Davo deb bosh suqmagan eshigimiz-ku qolmadi. Lekin shu kundan beri anov gapni eslab-eslab qo’yaman-da. Mahkam bovaning aytgani-chi,
esingdami ?
Tabiati qaysarroq bo’lganligidan nasihatguy cholni uncha xushlamaydigan aka otasining gapidan g’ashlandi.

-Ha, nima devdi shu Mahkam bova?! – dedi, onasidan oldin zarda aralash.
-Anovi… Mahkam bova ajab bir gap aytuvdi-da, – hamon allatavir hayajonda turgan ota chuk tushgan joyida qalpog’ini uch-to’rt tuzatib kiydi. – Sen yo’g’ingda, hey kelganida,- dedi o’g’liga. — Hech tuzalmagan kassallarni qaldirg’ochning uyasi bilan cho’miltirsa sog’ayib ketishi mumkin devdi…
-Gapda, — g’udrandi aka. – Mahkam chol ijodi kelgan bo’lsa aytgan-qo’ygan!

-Har narsa diyaverasanmi! — ota bu gal achchiqlandi. Bu amaldan ish chiqishiga azboroyi umidvor bo’lganidanmi, yolg’on gapirayotganini o’zi sezmadi:
– Men o’zi shu gapni Mahkam bovadan boshqa bitta-ikkitadan ham eshitganday bo’laman…
— Bo’lmasa qishloqdan biror qaldirg’ochi tashlab ketgan uyani so’rashtirib ko’rsakmikan?! – gapga aralashdi ona. Keyin og’ir-og’ir nafas olib yotgan o’g’liga boqib, – o’zimizdagi tuxum qo’ygan chiqar, bittasi uyasidan ko’p uchmayotuvdi, buzsak ham gunay.., — dedi.
Ota o’ylanib qoldi.
-Leki-i-in, gunaylikka gunay-ku, davoligi bo’lsa qaldirg’och yashab turgan uyaning davoligi bo’ladi, qaldirg’ochi bo’lmasa davo bo’lmas deymanov…

…Xira chiroq yoritib turgan uyda ota bilan aka oyoqqa qalqqan, ona o’tirgan joyida boshi xam edi. Ukasining ingrashlaridan ichi yonib ketayotgan aka o’z manglayiga asabiy-asabiy urib qo’yardi. Bir vaqt u bir juft qaldirg’och yotgan uyaga yaqin borib tikildi. Ich-ichidan titranib ho’rsindi.
-Bo’lmasa buzayliq shuni, bu ham bir gapi! Shundan bir umid bo’ladigan bo’lsa gunayi mening bo’ynimda, ota! – dedi, so’ng ovozi tovlanib.
-A?!- otaning qulog’iga o’g’lining kiyingi so’zlari chalinmadi ham. U huddi shu birgina hamfikrga mahtal turgan kabi oshiqdi. -Narvonni keltiraymi bo’lmasa, a?!!!
-To’xtangizlar, — qo’yib bersa hoziroq uyani buzishga shaylanayotgan erini to’xtatib qoldi ayol. – Agar chin buzsaq ertalabgacha kutish kerak. Tong sahar qaldirg’ochlarni haydab chiqaramizda, o’zlariga ko’rsatmay buzamiz. Tuxum-puximi bo’lsayam sharoyit qilib joylashtirib qo’ysaq, yana uya qurib olisharmidi..?

Bu gap hammaga ma’qul bo’ldi. Endi ular tong otishini sabirsizlik bilan kutishardi. Misli bu tong ko’plab o’zgarishlarga sabab bo’ladigandek hayajonga tushishardi.Tong oqarib kela boshladi. Ushbu tongning otmog’i jon talvasasida yotgan bola uchun ham har kungidan mashaqqatli kechdi. U yarim ochiq ko’zlarini atrofidagilarga tikib nimalarnidir iltijo qilar, afsuski, so’zlaridagi ma’noni anglab bo’lmasdi. Hatto oila a’zolarini taniyotganligi ham mavhum edi uning.
-Bo’ldi enajon, men narvonni opkelaman!–aka shaht bilan eshikka chiqib ketdi. Ko’p utmay esa yog’ochdan yasalgan kichikroq narvonchani ko’tarib kirdi.

-Menga ber, o’zim, — ota o’g’lining qo’lidan narvonchani olib, uya tagidan o’rnatib chiqa boshladi. Qalpog’ini siltab-siltab inida qunishibgina yotgan qushlarni qo’zg’atdi. Hali tong uncha yorishib ulgurmagani sababli uyadan ko’tarilgan qaldirg’ochlar xona bo’ylab uchishar, tashqariga chiqishni istashmasdi. Ular picha shunday qushlarni quvib halak bo’ldilar. Qushlar xonani tark etgach eshik derazalarni berkitishib, ota katta pichoq yordamida uyani buzishga kirishdi. Nihoyat barmoqlari qalt-qalt titragancha uyani bus-butun ko’chirib pastga tushdi.
-Hayriyat, tuxumi yo’q ekan, — dedi, tin olib.
-Endi cho’miltirishni qaytamiz?- so’radi aka. – Uyning ichiga cho’miltirmasaq, boshqa iloji yo’qdir deyman.

-Men hozir, — ayol uydan chiqib, oshxonadanmi, allaqaerdan noyaramroq stulcha topib keldi.
-Sen ukangni shunga yiqitmay o’tqazib tursang, men suv quyardim, so’g’in otang ishqalab cho’miltiraverardi…
-Yaxshi! – dedi aka. Ular xonaning bir burchagi gilamini qayirib, stulchani qo’yishdi. Bamisoli hushsiz yotgan bolani ust kiyimlarini yichib, o’tqazishdi. Oyog’ining tagiga tog’ara qo’yib, suv qo’yib yuvintira boshlashdi.

Otaning qo’lidagi loy parchasi bola badanidan xuddi sovundek kupirib-loyqalanib oqar-u, hech ado bo’lmasdi. Ular esa nihoyatda shoshilishar, bundan bir ish chiqishiga negadir hamma qattiq ishonayotgan edi. Shu payt.., shu payt ular xayolida rostdan ham mo’jiza ro’y berganday bo’ldi.
-Ena… – dedi, badaniga suv tegayotganidanmi, yoki qaldirg’och uyasining karomatidanmi, isitmasi picha tushib o’ziga kela boshlagan bola. – …Baribir buzibsizlarda..? – keyin xafa bo’lgandek “qult” yutinib, ko’zlarini yumib oldi.

Hamma bir muddatga harakatdan to’xtashdi. Ha, bolaning bu gapi alaxsirash emas, ongli ravishda uya haqida gapirayotgan edi u.
-Bo’ldi! – pichirladi ota. Qo’lidagi loyning qolgan qismini tog’araga tashladi. — Endi toza suvdan quyaver. Sovuqotmasin, tezroq o’rantirib yotqizish kerak!

Bolani kiyintirib o’rniga yotqizishganda, u ancha tetik edi. Bundan butun oila terisiga sig’mas, ajab bir talvasada edilar. Eshik ochilib-yopilganida ichkarigi kirib uyasini topmasa ham, negadir, shovqin ko’tarmasdan pardaning qoshiga jimgina qo’ngan qaldirg’ochlarga esa hech kim e’tibor ham bermasdi. Sal o’tib bola onasining qistovi bilan bir-necha qoshiq qaynatilgan sut ichdi. Yuzlari terlab, qizillik yugurdi. Endi uning nafaslari yengil edi.
-Ey-y, aytdim-ku Mahkam bova chin aytadi deb, qari bilganni pari bilmaydi-da! – dedi, ota yig’lamsiq jilmayib.
-To’g’ri, to’yida to’nlar kiysin bovasi, — erining so’zlarini maqulladi, yingi uchi bilan ko’z yoshlarini sidirib ona. So’ng katta o’g’lining yelkasiga qoqdi. – Bolam, sen bor, og’asining yaxshiligini borib chechasigayam yetkaz. Yoki o’zini ergashtirib kelaver buyoqqa. Bechora kechadan beri yurak hovichlab kutib o’tirgandir ul ham.

G’ayrati ichiga sig’mayotgan aka sapchib turdi o’rnidan.
–Mayli, bo’lmasam, men borib birrov mol-hollarga qarayman-u, keliningiz bilan nevarangizni olib kelaman.
Aka ukasiga ham egilib nimadir demoqchi bo’ldi-yu, to’lqinlanganidan gapira olmadi. Salom berayotgan kishi taqlid boshini qimirlatib qo’yib, junab ketdi.

Biroz utib bolani uyqu elita boshladi.
-Uxlayapdi, — ona otaga qarab sekin pichirladi. – Yuring bo’lmasa bizlar ham sigirni sog’ib kelaylik… Ular bolani xoli qo’yib ro’zg’or yumushlariga unnab ketishdi. Oradan yarim soatdan oshiqroq vaqt o’tdi. Bir vaqt ota va ona buzoqni hovlidan haydab o’tayotganlarida uyning berk derazasiga o’zini urib shovqin kutarayotgan qaldirg’ochlar ovozini eshitishdi. Ular qarab ham ulgurmay esa derazaning darz ketgan oynasi “charsillab” sindi.

-Yo xudoyim!!! Derazami?! – seskanib ketdi ona. Qo’lidagi sut sog’ilgan chelagi yerga tushib, to’kildi.
-To’xta-chi, — ota yetaklab kelayotgan buzog’ining arqonini qo’yib yuborib, uyi tomon yurdi. Avval sekin yurdi, keyin yugurgancha uyiga oshiqdi. Yuragi yomon nimadir
ro’y berganini sezayotgan ona ham ortidan ergashdi. U yitib kelmasdan esa, ichkaridan erining alamli fig’oni eshitildi:
-Bol-a-a-m! Otang o’lsin bol-a-a-m..!
Ota shart iziga qaytib, ostonada ayolining yo’lini to’sdi:
-Maripa kirma! Kirma Maripa!!!

Lolu-hayron ayol mutlaqo telbaga aylangan edi.
-A..?! A, nimaga..?! Nimaga o’nday bo’ladi..?! – anglagan voqeasiga ishonib-ishonmay devonavash pichirlar edi u. Keyin erining yonidan yulqinib o’tib, o’zini tushakda yotgan o’g’lining ustiga otdi. Bola esa… tepaga qarab uxlayotgan misoli jim yotar, badani soviy boshlagan edi.
-Qaldirg’ochning uyalarini kutib yotibmiding, bol-a-a-a-m!!! – o’krab yubordi ona. Eshik ostonasida muvozanatini saqlayolmay tebralib-tebralib qolgan ota ham qayrilib, o’zini juvonmarg bolasining ustiga tashladi.
-Bol-a-m-o-o-ov…!

Bu vaqtda kechikib kelayotgan aka va yanga ham ular faryodini eshitib, ko’cha tarafdan dod solib kela boshlashdi:
-Og’am-o-o-v..! Jigarim-o-o-v..! Aldablar ketgan jigar-i-im!..
…Zum utmay xonadon ahllarinng faryodidan nima hodisa ro’y berganini tushungan el-ulus motam liboslarida do’nib kelishdi. Hovlida, ichkariga kirib ketgan ota-onasining ortidan qo’rqibgina javdirab turgan naberaga ham qo’shnilardan kimdir egalik qildi.

Tushga dovur bolani yuvish uchun kirganlardan biri Mahkam bobo, hayratdan dong qotdi. Bolaning aniq-tiniq sezilarli darajada nur yog’ilib turgan jasadigi kamoli taajjub bilan tikilarkan, pichirladi:
-Xudo haqqi… Xudo haqqi bola farishtalarga qo’shilib ketganga o’xshaydi…
Bolani chiqarishayotganida qo’lma-qo’l lapanglab borayotgan tobut ortidan tumonat odam faryod kutarib “og’amlab” borishardi. Ular orasida esa ovozini hech kim eshitmayotgan bir juft qaldirg’ochning ham nolasi bor edi. Huddi Mahkam bobo aytganiday Qur’ondagi qaysidir oyatlarga ohangdor edi ularning nolishi:
-Vi-j-i-r, v-i-i-jjj-i-i-irrr, vij-vij…

***

Kunlar o’tib xonadonga taziyaga kelguvchilar qadami ham siyraklashdi. Bu paytda qaldirg’ochlarning buzilgan uya o’rnidan tiklayotgan yangi ini ham bitgan edi.

POCHCHA

Bahriddin telefonini o’chirdi-yu, peshonasi tirishdi. Pochchasining gapi ohangidagi mulozamati yoqinqiramadi unga. Shunaqa-da, mulozamatni qarz so’rayotgan odamdan urgansang ekan!.. Yaqinda qishloqqa borganida onasi: “Sanam xolangning erini buyragi rosa garang qildi, qarzga botib Tashkin duxtirga qannab yuribdi, bechara…” deyayotgandi. Hammasi ravshan, pochchasi bu yerga kelsayam pulga keladi. Shaharda qoplab berayapdi, deb o’ylaydi bu odamlar…

— Nima gap adasi, kim ekan? – so’radi o’g’ilchasini cho’miltirib kelib kiyintirayotgan xotini.
— Qishloqdan… Manzilimizni so’radi… – xuddi o’zi bilan o’zi gaplashayotgandek ming’irladi Bahriddin. Uning tushkun kayfiyati ayni dam xotiniga ham yuqdi.
— Kim?..
— Eshi pochcha.
— A?!… Nima deydi? – taqqa harakatidan to’xtadi ayol.
— Qarzdir-da, mazasi yo’q deyishayotuvdi…
Xotini irg’ishlab o’ziga bo’y sinmayotgan o’g’ilchasini zarda bilan siltab oldi:
— Nafi tegmaydigan xeshning, zarari ham tegmasa…

***

Kun yakshaanbaligi bois Bahriddin oyog’ini uzatib televizor ko’rdi. Uyda timirskilanib u yoq-bu yoqqa yurdi, gazeta titkiladi. Tushga yaqin kutilgan mehmon ham kelib qoldi.
— Aylanayin, ertalabdan esgan shamol qaerniki desam, Chimliiklarniki ekan-da! – Pochchasiga sir boy bermay tirjaygan kuyi ostonada qarshiladi u. – Buytib odamni ilhaq qildingiz-ay, jezza…
Bahriddin qishlog’i shevasida gapirib shaharda o’zgarmaganini namoyish qilgan bo’ldi. Og’irgina sumkani uchinchi qavatga chiqargunicha terga botgan pochcha ham, qishloqdan keltirayotgan narsalarini qo’yib, quchog’ini ochdi:
— O’zimam telepon qilmasdan boraveray devdim-a, — dedi, soddalik bilan. — Shu, xolang quymadi-da. Shaharda odat bulak deydi.
— Nega xolamning o’zini olib kelmadingiz, bir aylanib ketardilar.
Pochcha xotini va birorta bolasini olakelmaganiga ichidan astoydil achindi.
— Ey-y, ul ro’zg’ordan bo’sharkanmi, Baxriddinjon…
— Ttt-ti, tt-ti, — pochchasi keltirgan sumkaga imo qilib tanglayini qoqdi Bahriddin. — Bularingiz nimangiz-a endi, jezza, ovora bo’lib. O’zingiz kelavermaysizmi bundoq?
Pochcha negadir hayronlangandek bo’ldi.
— Ovorasi bo’larkanmi?.. Turshak, chakki deganday, qishloqning nematlari-da axir…

***

Bahriddinning xotini ham pochcha bilan ko’rishib-so’rashgach, ular mehmonxonaga o’tishdi. Kelin dastirxon yozdi, choy keltirdi.  Pochchani shaharga mos bezatilgan xonaning salobati bosar, qarindoshlari o’ziga to’q yashayotganiga suyunsa-da, hurmati bu qadar oshib ketganidan allatovur bo’lardi. Zum o’tmay dasturxonni “qishloqning nematlari” ham egallay boshladi. Bundan ko’ngli yorishdi pochchaning, xijolati picha aridi. Ustma-ust terib qo’yilgan televizor, mo’siqiy markazga o’xshash narsalarni, xonaning bir yonini to’laligicha egallagan servant to’la chinni-billur buyumlar-u, o’zlari hozir o’tirgan devan-kresloni yana bir qur havas bilan kuzatib chiqarkan, yayrab so’z qotdi:
— Bahriddin, siz shaharliklarga juda maza-da! Hamma narsa to’kin-sochin, sharoitlar zo’r. Xolang ayniqsa chiroq uchib bezor qilgan pallalari ko’p aytadi: “Shu o’y-joyni sotsag-u, bizam shahardan sharta bitta dum olib…”

Pastga qarab olma archiyotgan bo’lsa-da, pochchasiga zimdan e’tibor berib o’tirgan Bahriddin u boshlagan gapning borar yerini tusmolladi.
-YE-ye-yy, jezza, sizlar shunaqa deysizlar-da, — gapini kesdi hayallamay. – Biz esa sizlarga havas qilamiz. Siz uydagi bu ashqol-dashqollarga qaramang, jezza. Siz…
U nimadir qidirganday atrofiga alangladi-yu, nihoyat qo’lidagi yarim archilgan olmani pochchasiga nuqib ko’rsatdi:
— Siz masalan manavi keltirgan olmangizni ayting. Ekib qo’ysangiz uch yilda hosilga kiradigan narsa. O’zingizniki, istaganingizcha qoqib yeyavermaysizmi. Bizda buning donasi falon sum hozir. Masalan mana bu keltirgan tarvuzingizni olaylik, yo qovuningizni ayting, a? Bekorchilikdan ham shularni yerini chopib, so’g’orib qo’yaverasizda, to’g’rimi. Bozorga chiqarsangiz pul! Ib-yey-ib-yey, bizda-chi, so’ramang buni qanchadan olishimizni…

Bahriddin “mehmon izzati uchun dastirxonga qo’yilgan” shirinliklar-u, boshqa noz-ne’matlarning narxini chamalab chiqishdan ham erinmadi. Mashinasi yo’qligi, xotini ikkalasi ishiga borib kelishining o’ziga qancha yo’lkira sarflayotganliklarini rosa kuyinib gapirdi ayniqsa. Pochchasi “Unchalik noshukur bo’lma…” deb ko’nglini ko’tarmoqchi edi, aksincha, yigitning battar yarasi tirnalishiga sababchi bo’lib qoldi, sho’rlik.

Dami ichiga tushdi pochchaning. Ko’ngli og’rimadi, ko’ngli g’ijimlangan qog’ozday xijil bo’ldi pochchaning. Aytgan gapiga ming pushaymonlar yedi. Anoyi odam, bu yoqlarda narx-navoning bunchalik ko’tarilib ketganini qaerdan ham bilibdi.

Picha fursatdan beri ko’zga tashlanmayotgan kelin dastirxonga o’rtacharoq tovoqda polov keltirib qo’ydi. Pochcha har qancha qishloqi bo’lmasin choyxona-poyxonaga chiqib yurgan odam emasmi, choyxonaning polovini darrov tanidi. Choyxonada shunaqa, polov ser sabzi bo’lib, ustiga sarimsoq va qazi bosib qo’yiladi. Hoyna-hoy bularning uyiida guruch, yog’ deganlari ham taxchil chiqar. Chin, suvgacha sotib olgandan keyin shaharda yashashning ham o’zi bo’lmasa kerak, chin. Bechora kelini, ahvolini sezdirmay deb pastdagi tamaddixonadan ovqat keltiribdi shekilli.

Kelini tovoqni dasto’rxonga qo’yib, siniqqina tabassum qildi:
— Oling pochcha, dasturxonga qarab o’tiring. O’z uyingizdagiday bemalol… — so’ngra o’g’ilchasini yetaklab narigi xonaga chiqib ketdi.
Bahriddin ham pochchani oshga unnay boshladi, lekin…

Pochcha quynukasining uch-to’rt yashar o’g’ilchasi ketgan eshikka tikilib qoldi… Shugina go’dakda bor vijdon, pochchada yo’qmi? Shugina go’dak oshdan men ham yey demadi, shugina go’dak halitdan beri dasturxondagi biror qand-qursga uzanmadi. Shugina go’dak… Qarindoshning ro’zg’ori bekorga bunchalik charchamaydi. Sir berishni istamayapdi, ishida bir ishkallik chiqqanga o’xshaydi buning. Pochchaning ichidan ich-qirindisi ketdi. “Ey, mehmonga kelmay har balo bo’l, Eshim govkalla! Yetmay yotgan holing bormidi, o’larmiding shuncha vaqtdan beri xesh bo’lib bir xabar olsang… O’larmiding xotinday chakki ko’tarib yurguncha, bir qo’yni so’yib, ayirib kelsang…” .

Pochcha alam bilan non kavshadi. Yeganlari zaxri-zavqum bo’ldi, ichgan choyi ichaklarida shaldur-shuldur qildi. Qaynukasi shahar sharoiti-yu narxi-navosidan nolishdan charchamadi, pochcha ichida o’zini so’kishdan charchamadi. O’rtada ovqat mustar qoldi… Bahriddin sezmagandek pochchasini oshga unnab qo’yar, uning toboro to’nayotgan rangiga qarab “Kasalligi chinga o’xshaydi, — deya o’ylardi. — Qarz qaytaradigan holi yo’q buning, so’rab qolsa Xudo urdi!”.

Nihoyat pochchaning safari qarib, qaynukasidan ketishga ruxsat so’radi. Bahriddin yotib ketasiz deb harchand qistalang qilmasin, unamadi. Qaynukasini bag’riga bosib xayrlasharkan, o’pkasi to’ldi. Ostonagacha ko’zatishga chiqqan keliniga, uning qo’lidan siqib turgan mayusgina go’dagiga qarab esa battar ezildi. Sumkasini ham olishni unutib, jo’nab ketdi.

***

Qulog’i tom bitgan pochcha shaharning gerdaygan, hissiz beton uylari oralab gandiraklab ketib borarkan, bug’ziga achchiqdan-achchiq narsa tiqilardi.
“-Eshim govkalla, he odamgarchiliginga la’nat seni, mol!“ ,– so’kardi o’zini.
“-Narmat serri, o’g’ling shaharda bu kunda yashaydi-yu, ota bo’lib bosh ko’tarib yurganingga o’laymi, eshshak!”, – so’kardi bojasini.
“-Tag’inam go’dakning tantiligini qara, hamma dardi ichida, baribir sir boy bermadi-ya. Ahvoli ja bunaqa emasdi-ku, nima bo’ldi ekan buning ishiga…”
Ayni paytda esa Bahriddin bilan xotini o’zga bir kayfiyatda edilar.
-Gap bilan “pishirib” yubordim, nimaga kelganini unutib, yana sumkasini ham tashlab ketibdi bu to’nka, — tizzasiga urib kulardi uyida qaynukasi.

Pochcha aftobus bekatiga yaqinlashganda ortiga burilib, boshqa domlarnikidan ajralib yaltillab turgan ko’kish, oldi balkonli derazaga yana bir marta nazar tashladi:
-“Besh kunda jumabozor, ko’r g’unajinni sotaman-u, pulini keltiraman. Qarindosh degan shunday kunda yaramasa, to’ng’iz qo’psin!”.

011

(Tashriflar: umumiy 371, bugungi 1)

2 izoh

  1. nahotki shunchalik yosh bo’lsa bu yozuvchi??? Ko’plab hikoyalarini o’qiganman. lekin ayniqsa men ham uni sevardim qalbni yig’latadi

Izoh qoldiring