BBC Uzbek: O’zbek adibi Isajon Sulton ijodiga chizgilar.

исажон

Румий айтадики, инсон учун емоқ, ухламоқ ва ўйин-кулги қилмоқдан бошқа яна бир озуқа бор. Кўпчилик дунёда шу озуқани унутади-да, ўзгаси билан машғул бўлади. У от, у улов — вужуддир, Тангри таоло инсонни вужуд деган бир от билан сийлаган. Кимдир у вужудни кеча-кундуз моддий озиқ билан боқади, бироқ, отнинг озуқаси унинг эгасининг озуқаси бўлолмайди. Эгасининг, яъни руҳнинг ўз озуқаси, ўз неъматлари бор. Шу сабабдан ҳам санъат аҳли ҳар доим ҳимояда бўлиб келган. Айнан юксак санъатнинг бозор қонунлари оёқ остида қолиб кетмаслиги учун ҳам уни давлат ўз ҳимоясига олиши керак. Бу ҳимоя глобал шаклда бўлади, санъат шу ҳимоя остида ўз дурдонасини яратади. Демакки, бозор — санъатни ўлдиради ва товарга айлантириб сотиб юборади, шу боисдан ҳам фабрикадан чиққан мол каби кунига ўн минглаб, юз минглаб маҳсулот талаб қила бошлайди. Юксак санъатнинг жойи бозор эмас, унинг иши — айнан Руҳ озуқасини яратиш.

микрофон

ЎЗБЕК АДИБИ ИСАЖОН СУЛТОН ИЖОДИГА ЧИЗГИЛАР

Бу галги Би-би-си меҳмони таниқли ўзбек адиби Исажон Султон бўладилар.

Би-би-си: Ассалому алайкум Исажон ака, дастуримизга хуш келибсиз!

Исажон Султон: Ваалайкум ассалом, хушвақт бўлинг.

Би-би-си: Илк саволимиз Лондондан, Феруза исмли тингловчимиз бир қатор саволлар йўллаганлар. Дастлабгисини ўқиб берсам: «Шу касбни танлашингизга нима туртки бўлган?» Марҳамат, Исажон ака.

Исажон Султон: Ёзувчиликни бир тақдир, қисмат, деб атасам, тўғрироқ бўлар. Мен Фарғонанинг Риштон туманидаги Авазбой деган қишлоқда туғилганман. Дадам Абдураим ака жуда оқкўнгил, беозор киши эди. Онамиз билан етти фарзандни вояга етказишган, мен шу фарзандларнинг тўнғичиман. Болаликда… тонг саҳар қоронғусида нон ёпиш учун тандирга ланғиллатиб ўт ёқилганлари, атрофда олов шуъласининг ўйнаши, шамолли кунларда кишиларнинг кўчаларда тўп-тўп туришлари хотирамда қолган. Ҳамма болалар каби ер чопар, ўтоқ қилар, далада ишлар… хуллас, улғайгани сайин тирикчилик ташвишлари ичига кириб бораётган бир ўсмир эдиму китобларга, адабиётга жуда қизиқар эдим. Шу тариқа Тошкент давлат университетига журналистика факультетига ўқишга кирдиму ижод дунёсига аста-секин кириб келдим, шунинг баробарида ижод сираям мен ўйлаган нарса эмаслигига, анчайин мураккаю ва ғалати жараён эканига, асосийси, инсонлар тан оладиган асар яратиш учун энг аввало билим ва кучли бадиий тафаккур кераклигига амин бўлдим.

Би-би-си: Навбатдаги савол: «Инсоннинг ҳаёти давомида севган ёзувчиси, доим илҳом бағишлаб турадиган маълум бир асари бўлади. Сизда-чи? Кимлар ва қайси асарлар?»

Исажон Султон: Бундай ижодкорлар ва асарлар кўп, кайфиятга, инсон қандай маъно исташига қараб ўзгариб туради. Навоий, Машраб, Фузулийдан Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом ва Ойбеккача. Жек Лондондан Камюгача, Ориповдан Воҳидовгача, Шавкат Раҳмондан Муҳаммад Юсуфгача, Иқбол Мирзодан Улуғбек Ҳамдамгача.

Би-би-си: Улуғбек Ҳамдам «Озод» романингизни «ўзбек адабиётидаги янги ҳодиса», деб баҳолади. Бошқалар романдаги ҳикояларнинг муваффақиятини умуминсоний саволларга жавоб изланиши билан изоҳлашди. Айни мана шу асарнинг яратилиши тарихи ҳақида гапирсангиз…

Исажон Султон: «Озод» романининг бошланғич нуқтаси оддий бир воқеадан бошланган эди. Адабиётшунос Раҳимжон Раҳмат билан адабиёт ҳақида суҳбатлашганимизда адабий-танқидий мақолалар қанқа ёзилиши керак, қанақа шаклда адабий танқид ўзини бугунги кунда ўнглаб олиши керак, деганга ўхшаган баҳсларимиз кўп бўларди. Ўша пайтда айтдикки: «Адабиёт — бир боғ, яъни қош билан қовоғимизнинг ўртасида мавжуд бўлган маънавий бир дунё», дедик. Шу дунёга биттагина қадам қўйиб кирган одам қаттиқ шамолда ағанаб тушган битта чинорни кўриши мумкин. Чинорни тасаввур қилайлик, япроқлари энди-энди сўлиб бораётган бўлса, улкан чинор гавдаси узунасига ёрилиб-ёрилиб кетган, бағри оппоқ…Лекин маънавий дунёсига кирганимизда, шу чинордан битта садо чиқиши мумкин. Айтайлик: «Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир, бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон». Бу чинор ким эди? Кучга тўлган, бадиий тафаккур қуввати жуда кучайган маҳалда дунёдан ўтган Шавкат Раҳмонга тегишли бу чинор. Хабардор ўқувчи ҳам дарҳол англаб олади буни. Демак, шу шаклда ҳам адабиётни рамзий бир шаклда етказиб бериш мумкин экан. Шундан келиб чиққан ғоя эди — бу… Вояга етаётган ўсмирнинг қандай тарзда катта бўлишини нималарни ўрганиб, нималарни билиб, нималарга ақли етиб улғайишини истар эдик? Шу саволдан келиб чиққан эди «Озод». Бошқа томондан Алишер Навоийга эҳтиром, Навоийга бўлган ҳавас ҳам йўқ эмас. Чунки, «Озод» романининг қурилиши, унинг фабуласи, ниҳояси улардаги боблар кўпчилиги «Лисонут-тайр»га, Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»ига ўхшаш. Истеъдодлик ёзувчимиз Хайриддин Султоннинг «Кўнгил озодадир» қиссасига озгина ўхшаш жойлари бор. Ҳар қанақасига ҳам ўзимизнинг миллий қадриятларимизни бугунги замонавийроқ тушунчалар фонида, замонавийроқ тушунчалар ёруғида бошқачароқ жилвалантиришга уринишдан иборат.

Би-би-си: Ферузанинг навбатдаги саволлари: «Ёзувчи сифатида ўзингизга маъқул бўлмаган асарларни танқид қиласизми?»

Исажон Султон: Танқидга сира вақт йўқ-ку. Қайсидир асар ёққандир, қайси бири ёқмагандир. Мен аслида асарларни ёзувчи сифатида эмас, ўқувчи сифатида ўқийман. Турли маъно оқимларига, ост маъноларига, ёзувчини шу асарни ёзишга ундаган фикр, туйғу, ҳис нима эканига ҳам диққат қиламан, албатта. Наср кенгашининг аъзоси сифатида баъзи асарларга муносабат билдиришга тўғри келади. Қўлдан келганча, холис, некбин ёндошамиз, яхши асар келса қувонамиз.

Би-би-си: Исажон ака, мухлисларингиздан яна бири: «Ўзбек насри ва оммабоп Адабиёт, деймиз. Сизнинг назарингизда, бугун ана шу оммабоплик ютиб кетмаяптими?» деб сўраган.

Исажон Султон: Катта бир оломон томоша талаб қилмоқда, замонавий маркетинг назари билан қараганимизда вазият шундай. Оломон севги қиссасини, детективни, қўрқинчли асарларни ва шунга ўхшаш кўп нарсаларни талаб истайди. Оммабоп адабиёт шу маънода оломон адабиётидир. Бу адабиётни сираям тафаккур адабиёти деб бўлмайди, у кишиларнинг дам олиши, ҳордиқ чиқариши ва кўнгил ёзиши учун, вақт ўтказиши учун хизмат қиладиган ток шоуга ўхшайди. Кечаги куннинг оммабоп асарлари қай тарз ёзилганини унутганимиз йўқ. Ҳа, ўтган асрлар истеъдодларининг тақдири шундоққина кўз ўнгимизда турибди. Уларнинг бари онгимизга, ақлимизга хитоб қилаётир. Жамият янгиланди ва тушунарсиз дунёга юз бурди. Ижтимоий барча ҳимоялар давлат томонидан амалга оширилади, истеъдодни ҳимоялаш ҳам. Истеъдод сираям бозор учун хизмат қилмайди. Шу ғалати дунёда мен кимман? Сен кимсан? Билсангиз, «Эй, отамнинг ўғли…» деб мурожаат қилади Ҳомон, Мусо алайҳиссаломга. Не тонгки, «эй отамнинг ўғли» деб мурожаат қилса бўладиган бирон кишининг топилмагани ғалат. Ота ўғиллари турли ҳийла-найрангларга тўлиб-тошиб кетган мана шу оламда тентираб-довдираб юришар экан, ота кимлигини, қавму қариндош кимлигини, дунёдаги жамики яратиқлар аро инсон болалари деб аталадиган, фикрини баён этиш ва орзу қилиш қобилиятига эга улуғ ва мукаррам сулола эканини кўзининг олдига яққол олиб келиб, кўрсатиб қўядиган бир санъатга эҳтиёж туйилмаяптими? Бутун олам мана шундай янги Ғояга, илҳомлантирувчи ва жўштирувчи Ғояга муҳтож. Мана шу боис ҳам маркетинг механизмлари дунёда кўпириб тўлқинланиб турган оломон истагини уддабуронларча илғаб олиб, танга-чақа тўплаш билан овора. Лекин, истеъдод ҳеч қачон оммавий тарзда етишиб чиқмайди. Истеъдоднинг туғилиши ижтимоий тузумларга ҳам боғлиқ эмас. Бугун жамиятимизда янгича тафаккур тарзи пайдо бўлди. «Менинг илинжим ҳам, қувончим ҳам шунда-да», деб такрорлайди Айтматов, «Оқ кема» асарининг ниҳоясида. Ҳа, ҳаммамизнинг илинжимиз ҳам, қувончимиз ҳам шунда-да. Назар Эшонқул «Қултой» ҳикоясида жуда узоқ тарих қатида қолиб кетган бир тимсолни шундоқ олиб чиқиб шууримизга рўпара қилганида севиндикми, ҳайратландикми? Улуғбек Ҳамдам «Бир пиёла сув» ҳикоясида яна бир кўҳна ҳикматнинг турли инжа қирраларини кўрсатди, Дарҳақиқат, булар жуда эски ва азим маънолар эди. Ўз халқининг қадим ва мангу ҳикматларига мурожаат қилиш ва уни замонавий адабий тушунчалар ёруғида қайта жилвалантириб кўрсатиш санъати Айтматов, Маркес, Акутагава ижодида яққол намоён бўлганини билган ҳолда, яна иккиланишлар гирдобига шўнғиймиз: бу буюкларнинг бари ўтган аср фалсафасининг ва эстетикасининг илғорлари эдилар. Бугун янги эстетика, мезонларининг ўзгариши ҳақида гап юритмоқдамиз, наҳотки улар ҳам мос келмай қўйган бўлса? Асарлар, ғоялар, ишончлар, умидлар… Ҳақиқатан ҳам, «Кунда» ёки «Асрга татигулик кун», «Ёлғизликнинг юз йили» ёки «Расёмон дарвозаси» бугунимиз учун имдод бера оладими? Тўсатдан лоп этиб онгимизда яна «Жамила», «Оқ кема», (Айтматов),»Дашту далаларда» (М.М.Дўст), «Ойдинда юрган одамлар» (Т. Мурод),, «Кўнгил озодадур» (Х.Султонов), каби ажойиб асарлар хотирамизда қалқиб чиқади: юз йиллардир ўзгармаган, машаққатли ҳаёт гирдоблари аро муҳаббат орзумандлиги, Тангри таоло қалбларга жойлаган юксак туйғу тараннуми… Шохдор Она буғу тимсолидаги халқнинг қайғулари, изтироблари ва у изтиробларнинг ёш болакай кўнглидаги ажабтовур акслари… Йўқ, дейман, классиклар сира эскирмайди, унда бугуннинг ёзувчиси нима қилсин? Мана шу сабаб ҳам Йўл изланаётгани аниқ ва очиқ-равшан.

Би-би-си: Деновдан Абдулло Азимов исмли ўқувчимиз: «Нега ҳозирги ўзбек адабиётида Чингиз Айтматов каби ёзувчилар кўринмайди? деб сўраганлар. Шу билан бирга: «Мен ҳам қалам тебратаман, лекин ўз ишларимни чоп этишга қийналяпман, шунга ёрдам бера оласизми?» дея маслаҳат сўраганлар. Марҳамат.

Исажон Султон: Нега кўринмас экан? Айтматов шубҳасиз улуғ ёзувчи эди. Улуғлиги шундаки, тақдири ва анъаналари, илдизлари бизга ғоят ўхшаш бўлган халқлар орзумандлигини ифода этиб кетди. Маҳдудлик ва жоҳиллик ичида гулдай чечак очган муҳаббат ва меҳрнинг жуда тиниқ одам ҳавас қиладиган ва энг асосийси, инсоннинг инсонлигига ишонч уйғотадиган асарларини ёзди. Лекин бизнинг ўзимизнинг ҳам катта истеъдодларимиз бор. Гап шундаки, бизлар беихтиёр муқояса қила бошлаймиз ва хатога йўл қўямиз. Чунки истеъдод такрорланмас бўлади. Уни фалончига ўхшатиб бўлмайди. Машрабга «нима учун Навоийдек эмас?» деб савол бериб бўладими? Барча халқлар адабиётининг ўз улуғлари бор. Бизда ҳам оз эмас, ўзимиз учун жуда мўътабар. Ижод намуналарингизни чоп этиш масаласида айтсак, ҳозир шуни тўла ишонч билан айтаман: таҳририятлар, нашриётлар яхши асарга муҳтож. Яхши асар учун ҳамма эшиклар очиқ. Марҳамат, «Шарқ юлдузи»ми, «Ёшлик» журналими. «Жаҳон адабиёти»ми — истаган таҳририятингизга мурожаат қилинг. Яхши асар албатта босилади. Мен билан боғланишга келсак, «Фейсбук», «Мир» каби ижтимоий тармоқларда саҳифаларим бор, қидирув тизимига кириб менинг исму шарифимни ёзсангиз кифоя, шу орқали бемалол мулоқот қилишингиз мумкин.

Би-би-си: Исажон ака, Абдулло яна: «Бугунги ўзбек адабиёти тушкунлик кайфиятида, буни сабаблари нималарда, деб ўйлайсиз?» дея яна савол қўйганлар. Тошкентдан Хожиахмаднинг мактуби ҳам шу мазмунда: «Ассалому алайкум. Ҳурматли домла, нима деб ўйлайсиз, ҳозирги кунда ўзбек ёзувчиларига шижоат етишмаётгандек, муҳим воқеълигига эътибор сағал сусайгандек. Ёзувчиларимиз асосан олди-қочди асарлардан бош кўтара олмай қолди. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз. (Буни асосан вақтли давр нашрларидаги кўпгина таниқли адиблар мисолида кўрса бўлади. Севги-муҳаббат асосий мавзу деса бўлади, бу қарийб 90% нашрларда…)»

Исажон Султон: Ҳечам тушкунлик кайфиятида эмас. Ўзбек адабиётига глобал тафаккур шакллари кириб келмоқда. Бадиий тафаккур ўтмишини сарҳисоб, келажагини тахмин қилиб кўрмоқда ва шу тўс-тўполон аро ўзининг ўрнини чамалаб, қай сори илгарилаш кераклигини тахмин қилиб кўрмоқда. Ўтган юз йил адабиёти инсоният қатори ўзбек миллатига ҳам бебаҳо хазиналарни тақдим этди. Бу орада бир маҳаллар учта айри хонликдан таркиб топган ҳудудда ягона давлат барпо бўлди, бундай саодат Амир Темур замонидан бери энди насиб этди. Инсонлар билан суҳбатлашсангиз, амин бўласиз, қанақадир қийинчиликлардан нолиса нолир, аммо шу давлатни, шу озодликни сира қўлдан бермаслигини сезиб турасиз. Катта глобал ҳодисалар фонида туғилади катта асарлар. Ўзбекистон деган давлатнинг барпо бўлиши шубҳасиз жуда улкан ҳодиса. Энди халқ тафаккурида глобал фикрлаш ҳосил бўлмоқда. Асарларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилади. Олдингиларига сира ўхшамаган янги асарлар ёзиляпти, у асарлар дунёни ўзбек кўзи билан кўриш нима эканини, миллий бадиий тафаккур қанақа эканини намойиш қила оладиган даражада. Катта авлоддан Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам асарлари, тендош-тенгқур адиблардан Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Раҳимжон Раҳмат, ёки Абдуқаюм Йўлдошнинг «Пуанкаре» ҳикояси… Яқинда Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган ёшлар семинарида қатнашдим. Улар — истеъдодининг учқунлари бир-икки йилт этган, нигоҳлари тиниқ ўсмир йигит-қизлар. Агар ҳар йили ўтказиладиган шундай тадбирлардаги юзлаб ёшлар орасидан миллат бадиий тафаккурини олға сурадиган битта истеъдод етишиб чиқса, бундай тадбирлар ўзини тамомила оқлайди. Хуллас, адабиётимизда янги тўлқин, янги руҳ сезила бошлаганига анча бўлди.

Би-би-си: Яна бир тингловчимиз: «Ёзувчи, шоирлар фақат ижод билан кун қилинган 20 йил аввал…Бугун вазият қандай?» деб сўраганлар.

Исажон Султон: Бугун билан 20 йил олдинги эталонларни таққослаб бўлмайди-ку? У маҳалда онгларни қайта ишлаш механизми бетиним ишлаб турар ва у механизмга жуда катта ёзувчи — шоирлар оммаси зарур эди. Яъни, ижодкор турмуш ташвишларига чалғимасин, ташвиқот ишида давом этсин. У империянинг мақсади ҳам улкан эди-да — дунёни тамомила эгаллаб олиш кўзланган эди. Бугун аҳвол анчайин бошқача. Ё оммага манзур бўладиган, унинг ейиш-ичиш, кийиниш каби эҳтиёжларига ўхшаган, дам олиш, ҳордиқ чиқариш эҳтиёжига хизмат қилиш керак, ё юксак санъат учун. Румий айтадики, инсон учун емоқ, ухламоқ ва ўйин-кулги қилмоқдан бошқа яна бир озуқа бор. Кўпчилик дунёда шу озуқани унутади-да, ўзгаси билан машғул бўлади. У от, у улов — вужуддир, Тангри таоло инсонни вужуд деган бир от билан сийлаган. Кимдир у вужудни кеча-кундуз моддий озиқ билан боқади, бироқ, отнинг озуқаси унинг эгасининг озуқаси бўлолмайди. Эгасининг, яъни руҳнинг ўз озуқаси, ўз неъматлари бор. Шу сабабдан ҳам санъат аҳли ҳар доим ҳимояда бўлиб келган. Айнан юксак санъатнинг бозор қонунлари оёқ остида қолиб кетмаслиги учун ҳам уни давлат ўз ҳимоясига олиши керак. Бу ҳимоя глобал шаклда бўлади, санъат шу ҳимоя остида ўз дурдонасини яратади. Демакки, бозор — санъатни ўлдиради ва товарга айлантириб сотиб юборади, шу боисдан ҳам фабрикадан чиққан мол каби кунига ўн минглаб, юз минглаб маҳсулот талаб қила бошлайди. Юксак санъатнинг жойи бозор эмас, унинг иши — айнан Руҳ озуқасини яратиш.

Би-би-си: Лондондан Ферузанинг мактубига қайтсам: «Ҳозирги кунда ёшларнинг китобга, умуман, китоб ўқишга қизиқишларини қандай баҳолайсиз? Сизнинг фикрингизча, кутубхоналар қандай бўлиши керак?»

Исажон Султон: Бизлар ўзимиз севган асарларни болаларимиз ҳам ўқишини, биз ошно бўлган ҳайратларга болаларнинг ҳам ошно бўлишини қаттиқ истаймиз. Аммо, жуда тезлашиб кетган ахборот сурони аро болаларимиз у ҳисларни биз истагандай қабул қилмаслигидан хавотирланамиз. Даврларнинг ҳислари ҳам эскиради. Бугуннинг ёшлари чет тилларни биладиган, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан етарлича хабардор ва энг асосийси, жуда динамик болалар. Уларнинг шиддат билан кенгайиб бораётган тафаккури истаётган асарларни рўпара қила оляпмизми-йўқми, гап мана шунда. Шунингдек, оригиналлик масаласини ҳам унутиб бўлмайди. Оригинал асар албатта ўқилади. Чунки, ҳамма мазмундан иборат ва ўзидан кучлироқ маъноларга интилади. Лекин, ҳамма ҳам маънога муҳтож-ку. Одам боласи азалдан «мен кимман» деган саволга жавоб излай-излай дунёдан ўтади. Демакки, ҳамма ўзига қиймат берилишини хоҳлайди ва олам аро ўзининг қадр қийматини излайди. Ана шу қадр-қийматни кўрсатиб, бошини баланд ва адл кўтариб қўядиган нарсадир адабиёт.

«Сизнинг фикрингизча, ҳозирги кунда кутубхоналар қандай бўлиши керак?» деган саволга келсак, китоб ҳолидаги кутубхоналар хазинадай гап, улар маънавий хазинанинг олтин хазинаси каби бўлса-да, бундан кейин электрон кутубхоналар кўпаяди. Ҳозирнинг ўзида смартфонларга, планшетларга юзлаб китоблар кўчириб олинган, кўчада шу митти компютерида ўқиб кетаётан кўплаб кишиларни кўрасиз. Китобми, электрон шаклми ҳаммаси маълумот алмашиш йўллари. Истаган китоб сотиб олсин, истаган уни планшетида ўқисин, қанчалик фарқи бор? Инсонларнинг маълум шароит ва вазиятдаги ҳислари ва туйғуларининг, армон ва орзуларининг улкан архиви кутубхона. Гоҳо халқлар ва миллатлар тарихини ҳам ифода этади.

Би-би-си: Бугунги ўзбек ўқувчиси жаҳон адабиётидан узилиб қолмаяптими? Улар хорижда яратилаётган адабиётдан не қадар хабардорлар бугун? Ўзбек ёзувчи шоирларининг ўзлари-чи?

Исажон Султон: Унчалик хабардор эмас. Ўзбекистонда ҳозир «Жаҳон адабиёти» деган журналимиз бор. Дунёдаги энг илғор, энг шов-шувли, энг янги ҳисобланган асарларни ўзбек тилига ўгириб, босиш билан шуғулланади. Қолган таҳиририятлар ўзларининг ташаббусларига кўра, ўзларига маъқул келган ҳар хил асарларни босишади. Лекин, ҳар йили дунёда Нобел мукофоти лауреатлари эълон қилинади. Унда дунёни қабул қилишнинг янги эстетик мезонларини яратганлиги учун деганга ўхшаган номинациялар қўйилади. Мана яқинда Хитой ёзувчиси Нобел мукофотини олди. Унга ҳам шунга ўхшаган, инсоннинг хаёлида бино бўладиган дунёни яратгани учун. Демакки, дунё адабиётида ҳар хил жараёнлар содир бўлаяпти. Ҳар хил янгиликлар бор. Қайси биридир фикрда, қайси биридир шаклда, қайси биридир ғояда. Ва биз улардан етарлича хабардор эмасмиз. Сабаби, аввало яхши таржимон мутахассисларимиз йўқ. Борлари сал адабиётдан йироқ одамлар. Дунёда бўлаётган ҳамма жараёнлардан адабиёт аҳлини, санъат аҳлини хабардор қилиш имконияти бўлганда эди, бугунги кундаги илгарилаш яна ҳам тезроқ рўй берган бўларди. Афсуски, ҳозир етарлича хабардор эмасмиз. Ёзувчи-шоирларимиз ҳақида ҳам шу фикрни айтишим мумкин.

Би-би-си: Исажон ака, қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат! Энди Би-би-си тингловчиларига тилакларингиз бўлса, марҳамат.

Исажон Султон: Аввало, ҳаммамиз соғ бўлайлик, саломат бўлайлик. Атрофимиздаги яқинларимиз, севган инсонларимиздан жудо қилмасин. Ҳамманинг ичида ўзининг ёруғ-ёруғ орзулари бор, ёруғ ниятлари бор. Шу кунларда ҳаммамиз шу ёруғ ниятларимизга етишиб, яқинларимиз, дўстларимизнинг ҳам ичларидаги ёруғ ниятларига эришганларини биргаликда кўрайлик.

Манбаъ: www.bbc.co.uk/uzbek

(Tashriflar: umumiy 74, bugungi 1)

Izoh qoldiring