Bedil. G’azallar. & Usmon Azim. Biz — parishon bir kitob.

05

Саҳифа Шарқнинг машҳур адиби, файласуф ва шоир Мирзо Абдулқодир Бедил таваллудининг 370 йиллигига бағишланади.

   Матназар Бедил куллиётидан қилган таржималарини юборибди. Сир эмас, Бедил шеъриятининг Туркистон руҳини ифода этишдаги хизмати беқиёсдир. Биз, таассуфки, Шарқнинг буюк даҳолари, жумладан, Мирзо Бедил тафаккури яратган бешикда улғайганимизни унутаёздик. Ота-боболаримизнинг фикрату қонига сингган, тупроғимизни файласуф ва шоир диёрига айлантирган табаррук зотлардан бири биз унутган Бедил эмасми?

07
БИЗ – ПАРИШОН БИР КИТОБ…
Усмон Азим
«Тафаккур» журнали,1996,1-сон
08

021Матназар Абдулҳакимдан хат олдим. «Тошкентга ўтмоқчи бўламан, — деб ёзади бугун Урганч билан Тошкент ораси «олислаб» кетганини ўзича шарҳлаб шоир, — бироқ, Навоий бобомиз айтганларидек, «Тун тийраву куз хийра, от оқсоқу йўл буртоқ».
Аммо шу заҳотиёқ руҳининг тетиклигини ҳам қўшиб қўяди.

Сиртдан алланечук босиқ ва синиқроқ кўринадиган, лекин асли бутун бу инсонни кўз олдимга келтираман. Унинг «коммунизм сари олға бораётган» чоғларимизда ҳам бири икки бўлмаганини, оти учқурлар баҳсидан узоқда — камтаргина (“ночоргина» десам хафа бўласиз-да, Матназар) кийиниб, камтаргина еб-ичиб, соддагина умргузаронлик қилганини ўйлайман. Унинг Урганчдан туриб ёзган мағзи бут, Ҳавасга, ҳатто ҳасадга (кечирасиз) арзирли шеърларини хаёлимдан ўтказаман … Вилоятда яшаб туриб яхши шеър ёзиш осонми?

Бозорнинг суратини кўрганмисиз? Мағрибу Машриқдаги талай мамлакатларда аллақачон амалга оширилган ҳаётий реаллик. Яхши нарса. Аммо Ғарбдаги Сартрга ўхшаш доно ёзувчилар унга «истеъмолчилик жамияти» деб ғалати ном ҳам қўйиб олган. Эмишки, бозор иқтисодиёти туфайли бўладиган тараққиёт ўзига хос камчиликлардан холи эмас. Гўё шахс — алоҳида одам ўз қадрини йўқотиб қўйиб, ишлаб чиқариш тизимининг бир винтига (О, яна винт! Социализм давридаги Горький ака айтган «винт» эсингиздами?) айланиб қолармиш. Пул топ — сотиб ол, пул топ — сотиб ол … Пул, пул, пул … Топ! Топ! Топ! Одам эса истеъмолчи машинага айланиб қолаверармиш. Молу давлат ҳамманинг асосий мақсади, дабдаба, роҳат-фароғат эса ягона орзусига айланармиш. Одам одам билан фақат иш юзасидан учрашармиш, қариндош-уруғлар ўртасида мeҳр совиб кетармиш. Энг улуғ ва ягона қариндош пул бўлармиш.

Санъату адабиёт қорни тўқу қайғуси йўқларнинг эрмаги даражасига тушиб қолармиш. Аммо … Аммо инсоннинг улуғлиги қаёкда қолади? Азалдан шеърияту (Навоий) мусиқага (мақом) ўранган Шарқ ҳашаматли концерт залларида отарчиларнинг енгил-елпи лапарларига қарсак чалиб, Американинг олди-қочди фильмларини эснаб томоша қилиб ўтирадими? Кўнгилу руҳга ким боқади? Қорнимиз тўйса бўлдими? Ахир, санъату адабиёт кўнглимизни нурлантириб, руҳимиздан Семурғ бино этиб, бизни Ҳақ сари элтар эди-ку!

Матназар Абдулҳакимнинг ўткинчи машмашалар билан иши йўқ. Чунки у бу дунёнинг бозорига кечиримли бир тарзда кулибгина қарайдиган одам. Молу давлат — китоблари ҳам кўп. Ёлғиз қолишдан ҳам чўчимайди. Ҳамсуҳбати таваллуд топганларидан буён инсониятга ғамгусорлик қилиб келган улуғ зотлар — Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Шайх Саъдий, Мирзо Бедил. .. Юраги тўлса, шеър ёзади. Дили қақpaca, ўқийди. Ўзи яхши билган форсийзабон шоирларни мутолаа этар экан, улардан олган завқу шавқини бошқаларга ҳам улашгиси келади, таржима қилади…

Матназар Бедил куллиётидан қилган таржималарини юборибди. Сир эмас, Бедил шеъриятининг Туркистон руҳини ифода этишдаги хизмати беқиёсдир. Биз, таассуфки, Шарқнинг буюк даҳолари, жумладан, Мирзо Бедил тафаккури яратган бешикда улғайганимизни унутаёздик. Ота-боболаримизнинг фикрату қонига сингган, тупроғимизни файласуф ва шоир диёрига айлантирган табаррук зотлардан бири биз унутган Бедил эмасми? Шўролар давридан олдин мадрасаларда Бедил шеъриятидан сабоқ берилган, унинг ғазалларидаги ботиний мағзни чақиш эса маърифатли кишиларнинг фикр чархлар машғулоти бўлган. «Бедилхонлик» аталган бундай «тўгарак»ларда бирубор — Xaқ яратган улкан борлиқ ва ундан ҳам улуғвор сирли йўқлик ўртасида саросар юрган одамзодга фақат руҳ нурлари ёриб ўта оладиган ҳақиқатдан дарс берилганки, бу сабоқлар инсон кўнглини теранлик ва юксаклик сари элтган. Бедил ғазалларининг турфа маъноларидан ҳар ким ўзига яраша маъно топган.

Бедилнинг замонаси йўқ. У ҳамма замон учун замонавийдир.

Мабодо бирор бир давр Бедил ва ул зотга монанд буюк санъаткорларни сезмаганга олса, бедилликда ўтишга маҳкумдир…

Мен бу кунларимиз Бедилсиз қолмаётганидан бахтиёрман. Чунки Матназар кабилар бор. У дилини бериб Бедилни таржима қиляпти. Менга бугун сиғинаётганимиз сўфийларни эслатади бу одам: камтар, истеъдодли, камсуқум, кучли. У замонага боқмайди. Иншооллоҳ, замона унга боққусидир!

04

09  Мирзо Абдулқодир Бедил — қиёси йўқ шоир, мутафаккир ва жамиятшунос олим, ўзига хос файласуфона қарашлар соҳиби бўлган инсондир. Асли Шаҳрисабзнинг барлос уруғидан бўлган шоирнинг ота-боболари Ҳиндистонга кўчиб бориб, ўша ерда турғун яшаб қолишган. Ҳиндистоннинг Азимобод шаҳри яқинидаги Патнада 1644 йилда ҳарбий хизматчи оиласида таваллуд топган Бедил 1720 йилнинг 5 декабрида Деҳлида вафот этади.
Отасидан етим қолган Абдулқодир онасининг қўлида тарбияланади. Унинг билим олишга бўлган чанқоқлигини сезган амакиси Мирзо Қаландар билан тоғаси Мирзо Зарифнинг яқиндан ёрдами туфайли саводини оширади, араб тили грамматикасини, ҳинд ва урду тилларини, сўфиёна қарашларни ўзлаштиради. Унинг тинимсиз интилишлари ва изланишлари ҳатто ўн ёшида ёзган илк рубоийларида яққол сезилиб, атрофидагиларни ҳайратга солади. Олтмиш ёшга борганида ёзган «Чор унсур» асарида ўзининг ҳаётига, таржимаи ҳолига ва дунёқарашига оид фикрларини баён қилган.
Йигирма ёшида биринчи марта шеърларини жамлаган Бедил умри давомида кўп йўлларни босиб ўтди. Халқ ҳаётини яқиндан ўрганди, замон эврилишлари ва мунофиқликларини кўрди, буларни ўз ижодида акс эттиришга, инсонларни доимо юксакликда, иттифоқлик ва меҳр-мурувватлиликда бўлишга чақирди, бу туйғуларни гоҳ ошкор, гоҳ кинояли, гоҳ ташбеҳлар воситасида қалбларга етказишга ҳаракат қилди…
Ниҳоятда сермаҳсул, тинмас ва изланувчан шоир бўлган Бедил катта мерос қолдирди. Унинг «Куллиёт»ига киритилган асарларининг ўзи 130 минг мисра шеър ва 50 босма тобоқдан ортиқ насрни ташкил этади. «Тилсими ҳайрат», «Таркибот ва таржеот», «Муҳити аъзам», «Тури маърифат», «Ишорат ва ҳикоят», «Руқаъот», «Чор унсур», «Ирфон», «Нукот», «Ғазалиёт», «Рубоиёт» каби бир қанча асарлари мавжуд.
Энг долзарб жанр ҳисобланган рубоийлар ёзишда ҳам Мирзо Бедил катта меҳнат қилди. Унинг 3861 рубоий ёзиб қолдирганини айтадилар.

09Mirzo Abdulqodir Bedil — qiyosi yo’q shoir, mutafakkir va jamiyatshunos olim, o’ziga xos faylasufona qarashlar sohibi bo’lgan insondir. Asli Shahrisabzning barlos urug’idan bo’lgan shoirning ota-bobolari Hindistonga ko’chib borib, o’sha yerda turg’un yashab qolishgan. Hindistonning Azimobod shahri yaqinidagi Patnada 1644 yilda harbiy xizmatchi oilasida tavallud topgan Bedil 1720 yilning 5 dekabrida Dehlida vafot etadi.Otasidan yetim qolgan Abdulqodir onasining qo’lida tarbiyalanadi. Uning bilim olishga bo’lgan chanqoqligini sezgan amakisi Mirzo Qalandar bilan tog’asi Mirzo Zarifning yaqindan yordami tufayli savodini oshiradi, arab tili grammatikasini, hind va urdu tillarini, so’fiyona qarashlarni o’zlashtiradi. Uning tinimsiz intilishlari va izlanishlari hatto o’n yoshida yozgan ilk ruboiylarida yaqqol sezilib, atrofidagilarni hayratga soladi. Oltmish yoshga borganida yozgan «Chor unsur» asarida o’zining hayotiga, tarjimai holiga va dunyoqarashiga oid fikrlarini bayon qilgan.Yigirma yoshida birinchi marta she’rlarini jamlagan Bedil umri davomida ko’p yo’llarni bosib o’tdi. Xalq hayotini yaqindan o’rgandi, zamon evrilishlari va munofiqliklarini ko’rdi, bularni o’z ijodida aks ettirishga, insonlarni doimo yuksaklikda, ittifoqlik va mehr-muruvvatlilikda bo’lishga chaqirdi, bu tuyg’ularni goh oshkor, goh kinoyali, goh tashbehlar vositasida qalblarga yetkazishga harakat qildi…Nihoyatda sermahsul, tinmas va izlanuvchan shoir bo’lgan Bedil katta meros qoldirdi. Uning «Kulliyot»iga kiritilgan asarlarining o’zi 130 ming misra she’r va 50 bosma toboqdan ortiq nasrni tashkil etadi. «Tilsimi hayrat», «Tarkibot va tarjeot», «Muhiti a’zam», «Turi ma’rifat», «Ishorat va hikoyat», «Ruqa’ot», «Chor unsur», «Irfon», «Nukot», «G’azaliyot», «Ruboiyot» kabi bir qancha asarlari mavjud.Eng dolzarb janr hisoblangan ruboiylar yozishda ham Mirzo Bedil katta mehnat qildi. Uning 3861 ruboiy yozib qoldirganini aytadilar.

07
BIZ – PARISHON BIR KITOB…
Usmon Azim
«Tafakkur» jurnali,1996,1-son
08

Matnazar Abdulhakimdan xat oldim. «Toshkentga o’tmoqchi bo’laman, — deb yozadi bugun Urganch bilan Toshkent orasi «olislab» ketganini o’zicha sharhlab shoir, — biroq, Navoiy bobomiz aytganlaridek, «Tun tiyravu kuz xiyra, ot oqsoqu yo’l burtoq». Ammo shu zahotiyoq ruhining tetikligini ham qo’shib qo’yadi.

Sirtdan allanechuk bosiq va siniqroq ko’rinadigan, lekin asli butun bu insonni ko’z oldimga keltiraman. Uning «kommunizm sari olg’a borayotgan» chog’larimizda ham biri ikki bo’lmaganini, oti uchqurlar bahsidan uzoqda — kamtargina (“nochorgina» desam xafa bo’lasiz-da, Matnazar) kiyinib, kamtargina yeb-ichib, soddagina umrguzaronlik qilganini o’ylayman. Uning Urganchdan turib yozgan mag’zi but, Havasga, hatto hasadga (kechirasiz) arzirli she’rlarini xayolimdan o’tkazaman … Viloyatda yashab turib yaxshi she’r yozish osonmi?

Bozorning suratini ko’rganmisiz? Mag’ribu Mashriqdagi talay mamlakatlarda allaqachon amalga oshirilgan hayotiy reallik. Yaxshi narsa. Ammo G’arbdagi Sartrga o’xshash dono yozuvchilar unga «iste’molchilik jamiyati» deb g’alati nom ham qo’yib olgan. Emishki, bozor iqtisodiyoti tufayli bo’ladigan taraqqiyot o’ziga xos kamchiliklardan xoli emas. Go’yo shaxs — alohida odam o’z qadrini yo’qotib qo’yib, ishlab chiqarish tizimining bir vintiga (O, yana vint! Sotsializm davridagi Gor`kiy aka aytgan «vint» esingizdami?) aylanib qolarmish. Pul top — sotib ol, pul top — sotib ol … Pul, pul, pul … Top! Top! Top! Odam esa iste’molchi mashinaga aylanib qolaverarmish. Molu davlat hammaning asosiy maqsadi, dabdaba, rohat-farog’at esa yagona orzusiga aylanarmish. Odam odam bilan faqat ish yuzasidan uchrasharmish, qarindosh-urug’lar o’rtasida mehr sovib ketarmish. Eng ulug’ va yagona qarindosh pul bo’larmish.

San’atu adabiyot qorni to’qu qayg’usi yo’qlarning ermagi darajasiga tushib qolarmish. Ammo … Ammo insonning ulug’ligi qayokda qoladi? Azaldan she’riyatu (Navoiy) musiqaga (maqom) o’rangan Sharq hashamatli kontsert zallarida otarchilarning yengil-yelpi laparlariga qarsak chalib, Amerikaning oldi-qochdi fil`mlarini esnab tomosha qilib o’tiradimi? Ko’ngilu ruhga kim boqadi? Qornimiz to’ysa bo’ldimi? Axir, san’atu adabiyot ko’nglimizni nurlantirib, ruhimizdan Semurg’ bino etib, bizni Haq sari eltar edi-ku!

Matnazar Abdulhakimning o’tkinchi mashmashalar bilan ishi yo’q. Chunki u bu dunyoning bozoriga kechirimli bir tarzda kulibgina qaraydigan odam. Molu davlat — kitoblari ham ko’p. Yolg’iz qolishdan ham cho’chimaydi. Hamsuhbati tavallud topganlaridan buyon insoniyatga g’amgusorlik qilib kelgan ulug’ zotlar — Alisher Navoiy, Bobur Mirzo, Shayx Sa’diy, Mirzo Bedil. .. Yuragi to’lsa, she’r yozadi. Dili qaqpaca, o’qiydi. O’zi yaxshi bilgan forsiyzabon shoirlarni mutolaa etar ekan, ulardan olgan zavqu shavqini boshqalarga ham ulashgisi keladi, tarjima qiladi…

Matnazar Bedil kulliyotidan qilgan tarjimalarini yuboribdi. Sir emas, Bedil she’riyatining Turkiston ruhini ifoda etishdagi xizmati beqiyosdir. Biz, taassufki, Sharqning buyuk daholari, jumladan, Mirzo Bedil tafakkuri yaratgan beshikda ulg’ayganimizni unutayozdik. Ota-bobolarimizning fikratu qoniga singgan, tuprog’imizni faylasuf va shoir diyoriga aylantirgan tabarruk zotlardan biri biz unutgan Bedil emasmi? Sho’rolar davridan oldin madrasalarda Bedil she’riyatidan saboq berilgan, uning g’azallaridagi botiniy mag’zni chaqish esa ma’rifatli kishilarning fikr charxlar mashg’uloti bo’lgan. «Bedilxonlik» atalgan bunday «to’garak»larda birubor — Xaq yaratgan ulkan borliq va undan ham ulug’vor sirli yo’qlik o’rtasida sarosar yurgan odamzodga faqat ruh nurlari yorib o’ta oladigan haqiqatdan dars berilganki, bu saboqlar inson ko’nglini teranlik va yuksaklik sari eltgan. Bedil g’azallarining turfa ma’nolaridan har kim o’ziga yarasha ma’no topgan.

Bedilning zamonasi yo’q. U hamma zamon uchun zamonaviydir.

Mabodo biror bir davr Bedil va ul zotga monand buyuk san’atkorlarni sezmaganga olsa, bedillikda o’tishga mahkumdir…

Men bu kunlarimiz Bedilsiz qolmayotganidan baxtiyorman. Chunki Matnazar kabilar bor. U dilini berib Bedilni tarjima qilyapti. Menga bugun sig’inayotganimiz so’fiylarni eslatadi bu odam: kamtar, iste’dodli, kamsuqum, kuchli. U zamonaga boqmaydi. Inshoolloh, zamona unga boqqusidir!

033

БЕДИЛ ҒАЗАЛЛАРИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ — BEDIL G’AZALLARINI MUTOLAA QILING
08

012

(Tashriflar: umumiy 571, bugungi 1)

Izoh qoldiring