Behzod Fazliddin. Uchsam.Hammasini unutsam.Ketsam…

777
Беҳзод Фазлиддин 1983 йил 20 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Наманган вилояти Чуст туманидаги Дамобод қишлоғида туғилган. 2005 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети бакалаврлик босқичини, 2007 йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистратурасининг халқаро журналистика бўлимини тамомлаган.
«Муқаддас замин» (1999), «Боғларингдан кетмасин баҳор» (2000), «Онамнинг кўнглига кетамиз» (2003), «Сен қачон гуллайсан» (2008), «Кутмаган кунларим, кутган кунларим» (2012) номли шеърий тўпламлари, кўплаб бадиий-публицистик, илмий мақолалари чоп этилган. Айни кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида илмий тадқиқот олиб бормоқда.

333

Беҳзод Фазлиддин
ЖАМОЛИНГ ЖИЛВАСИ ЖИСМУ ЖОНИМДА

ҲОЛ

Бир хос ишқ сўрадим – баркамол, салим,
Иссиқ-иссиқ ёшлар дийдамни ювди.
Кўксимдаги харсанг ипакдай ҳалим,
Ҳар заррам тўлғонди, ҳар заррам севди.

Севдим, вужудимда алвон нур оқди,
Руҳимга ўраниб, кўкка ўрладим.
Юлдузлар кўзимга машъала ёқди,
Кўнглимда тажаллий этдинг – порладим.

Жамолинг жилваси жисму жонимда,
Гарчи хоки пойман, гарчи бир хасман,
Шундай сувратимда, айни ҳолимда,
Ўзингдан бошқага муносибмасман.

* * *

Нега асли гўзал эмас гўзаллик,
Вафосиз йилларда бор менинг қасдим.
Ҳаммамизга тақдир номукаммаллик,
Бутун бўлганимда одам бўлмасдим.

Феълимдан ўпкалаб борар виждоним,
Кўзи очиқ кунлар мендан норози.
Бу томирчаларга сиғмайди қоним,
Ўртада овора ҳаёт – тарози.

Гоҳида, ҳақиқат билан қовушмас
Сўзларимдан қўрқиб кетаман бирдан.
Ё учиб кетмайди, ё ерга тушмас,
Яшаб бўлмайди-да, бу юрак билан.

* * *

Улар кўздан йироқ, кўнгилга яқин,
Мўъжиза яшринган япроқларига.
Ҳавасинг ва жиндай ҳасадинг келар
Йўқолиб кетмаган титроқларига.

Чирой очиб аста бошин кўтарар,
Сўнг гўзал бўлишга журъат қилгайдир.
Агар еб қўймаса қўю қўзилар,
Даштни бу чечаклар жаннат қилгайдир.

* * *

Бу хатолар, аччиқ хатолар,
Ҳузурингга очиб берди йўл.
Саволларга дуч келдим нуқул,
Юрагимда қадим садолар.

Қанотларим куйиб пастладим –
Баланд уча олмас ёлғизлар.
Мудом йўқлик изимни излар,
Ўзгинамни сенга асрадим.

Қўлда қолиб кетди дуолар –
Нима бўлди? Нима жин урди?
Кипригимга азоб ин қурди,
Энди мени дардлар даволар.

Яхшиямки, хатоларим бор,
Йўқса, мени суймасми эдинг,
Ёмғирларга тўймасми эдинг?
Дийдор юрти бўлди тавбазор…

Сизга гапим бор

Шунча узоқмиди меҳрингиз шаҳри,
Олис-олислардан босиб келдим йўл?
Шу зиёрат ҳаққи, шу сафар ҳаққи,
Кўнглимнинг қулфига уриб кўринг қўл.

Субҳидам юзида табассум балқиб,
Кўзларни яшнатган бир неъмат эдим.
Неларни ўйлайсиз офтобга боқиб,
Мен ҳам бир шуъладай ғанимат эдим.

Юлдузлар меҳримдан бўлди бир шингил,
Ниятни асрадим яхши ниятга.
Билмам, бу оламда бир соҳиби дил
Мен каби зормикан самимиятга?

Кўнглингизни очинг, кўнглим тўла нур,
Айланай энг ёруғ тилагингизга.
Дунё сўрамайман, сўрамам ҳузур,
Бир оғиз гапим бор юрагингизга.

* * *

Ортиқ ушлаб турмай очиқ осмонга
Қўйиб юбораман юракни – шарни.
Аста сингиб кетар мовий майдонга
Паналаб ўтгандай машъум хатарни.

Ҳеч ким ниқтамаса, ҳеч зоғ тегмаса,
Боладай ўйноқлар завққа берилиб.
Қўрқаман, кўкда ҳам озор чекмаса,
Ёрилиб кетмаса эди, ёрилиб.

Нажот

Тақдир қандай тадбир этар эртага,
Кўнглимда муқаддас ният кўкарар.
Ким қўлга ишонар, биров елкага,
Мени эса, бир кун сўзлар кўтарар.

Бору йўқлик билан келсам юзма-юз,
Изимдан эргашса қора нуқталар;
Иймоним сўз эрур, амалим ҳам сўз,
Ўшанда ҳам мени сўзлар қутқарар.

«Шарқ юлдузи» журнали,2011 йил,4-сон

888

УЧСАМ. ҲАММАСИНИ УНУТСАМ.КЕТСАМ…

УЗУН ОРЗУ

Бирдан қанот ўсиб чиқса елкамдан,
Учсам. Ҳаммасини унутсам. Кетсам.
Асар ҳам қолмаса шум кўланкамдан,
Армон етолмаган манзилга етсам.

Қувиб тутолмаса ортимдан лаъин,
Муҳаббат ўртада бўлмаса даллол.
Худди шу энг мақбул, тўғри йўлдайин –
Учишим ҳеч кимга келмаса малол.

2008

БОЗОР

Бугун ҳам пул эмас, Нур излаб чиқдим,
Нигоҳларим тоза – кўзимда кир йўқ.
Яна назари оч тўпга йўлиқдим,
Одамман деган кўп, юзида нур йўқ.

Қандай юрак очай юраксизларга,
Наҳот, шуларни деб тўкмоқчиман тер?
Ёрдам бергим келар маҳбус сўзларга,
Гаплар осмондадир, пойгакларда Шеър.

Яшаш ҳадисини билмасман, балки,
Инсонлик илмидан олурман таълим.
Ҳалолликдан сабоқ берарми ёки
Ўзи амал қилмас Ҳаётмуаллим?

Тошларни чайнашга темир тишим бор,
Чўкиб кетмасликка топарман қудрат.
Меншунослар билан нима ишим бор,
Бу йўлдан кўз юмиб ўтгум йўқ фақат…

2008

ЭСКИ ҲАҚИҚАТ

Дунё эски, ташвишлар эски,
Навқирондай бу ғамлар кўҳна.
Қарсак чалиб топамиз таскин,
Ҳаёт ўзи эски бир саҳна.

Гар пихини ёрган фуқаро
Ўзлаштирмоқ бўлар бугунни,
Ечолмаслар минг йиллар аро
Севги деган эски тугунни.

Ким бировни йиғлатиб кулар,
Шу ўйинлар менга қизиқми?
Ё ўчириб берарми улар
Пешонамда турган ёзуқни?

Фақат сира тинч қўймас бир ҳол,
Ўйлатади дунё ишлари:
Нигоҳлари маъюс мажнунтол,
Чинорларнинг хўрсинишлари…

2008

ЎҒИЛ

Дада, далангизга дард сочиб келдим,
Яна машаққату заҳматлар Сизга.
Белингиз оғриди, мен қочиб келдим,
Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?

Ая, соғинчингиз сочи оқарди,
Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим.
Шу ёшимда фақат севиш ёқарди,
Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.

Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ,
Кимдир тўкаверди нур изларимга.
Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ,
Озор бериб қўйдим азизларимга.

Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса,
Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг.
Боласини ўйлаб юраги куйса,
Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.

Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб,
Мени кутиш учун келган оламга.
Қўллари толмасин челак кўтариб,
Булутлар, сув ташиб туринг Онамга.

Дада, дардингизга бошман, биламан,
Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг.
Ҳали юзингизни ёруғ қиламан,
Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг.

2008

“УЧЛИК”ЛАРИМ

Сўқирнинг қўлига шам берма, дедим,
Ҳаёт кафгирига дам берма, дедим,
Мендан бошқасига ғам берма, дедим.

***

Соядай қадамим пойлайди Гуноҳ,
Мени ўзимдан кўп ўйлайди Гуноҳ,
Нимага яшашга қўймайди Гуноҳ?!

***

Товланишни бас қил, зарга оғмайман,
Шеър билан овутма, сўзга сиғмайман,
Мен йиғлай олмаслар учун йиғлайман.

2008

ЖАВОБ

Мени тушунмади тушунганларим,
Уларни тингладим, ўзимни тийдим.
Ишонмай қийнади ишонганларим,
Митти озорларни кечирдим-қўйдим.

Ёт сўзга беркитдим қулоқларимни,
Ҳақгўй кўзларимни атадим ғаним.
Шамоли ўчирди чироқларимни,
Мендан кечиб кетди кечмаганларим.

Дўстлар, дўстларимга айтинг, шошмасин,
Арзонга учмасин сотмоқчи бўлса.
Хиёнатида ҳам майдалашмасин,
Каттароқ тош отсин отмоқчи бўлса!

2008

***

Қолган чақаларни эслагим йўқдир –
Чироқ бўлолмайди ортимда, ўлсам.
Фақат нур сўрадим, фақат нур йиғдим,
Фақат меҳр олдим, қарз олган бўлсам.

2010

***

Қош қорайди, ўйчан қисқарди кунлар,
Тағин не ташвишда кўнгли юпунлар?
Ҳали кул остида мудрар учқунлар,
Кутинг…

Бирдай ўтди ойнинг икки ўн беши,
Кечанинг бугунга ўтмади тиши,
Азалнинг иши бу, абаднинг иши,
Кутинг…

Севмаса севмасин сиз якто билган,
Келмаса келмасин сизни қон қилган,
Кутган ҳам ҳақ эрур, ҳақдир кутилган,
Кутинг…

Ким кимни ўчирди хотирасидан,
Ким четлашди ишонч доирасидан,
Кимдир боқар кўнгил ойинасидан,
Кутинг…

Бу асрий лаҳзалар сиғмайди сўзга,
Севги бир шарпадир, кўринмас кўзга,
Яхши биласиз-ку, чора йўқ ўзга,
Кутинг…

2009

ДОВОН

Шу халқ ўссин, шу юрт кўкарсин,
Изга тушиб кетар қолгани.
Бошин мангу баланд кўтарсин,
Олтин бўлсин тош деб олгани.

Омон ўтди йиллар заҳридан,
Туришлари мардона бўлди.
Ғаним эриб кетди меҳридан,
Оқибати афсона бўлди.

Бек боласин қадами шахдам,
Бағри бутун, илиги тўла.
Гижинглаган тойчоқлари ҳам
Ёв дилига солар ғулғула.

Эндигина тонглар отганда
Парчаланмас азалий тоқат.
У кунларга қиёс этганда,
Бу кунларнинг заҳмати – роҳат.

Юракларда бирдамлашайлик,
Суягани етар қудрати.
Ўзимиздан баланд яшайлик,
Шу юрт ҳаққи, шу халқ ҳурмати.

2009

***

Онангнинг эгнига камзул бўлмаса –
Ҳар дайди шамолдан асраб тургани,
Отангнинг қўлига омбур бўлмаса –
Ёғочлардан нобоп мих суғургани,

Синглингга сарупо, сеп йиғилганда
Фойдаси тегмаса чит кўйлакчалик,
Ташвишлар укангга зўрлик қилганда,
Ҳимоя этмаса бир билакчалик,

Лаббай, деб келмаса ғовларни ёриб,
Мунаввар тонгларга йўргак бўлмаса,
Ғанимнинг кўзини ўймаса бориб,
Эгилган элингга тиргак бўлмаса…

Шу шеърни тўқимай турганинг яхши,
Ҳар сатри қонингдан ўтмагунича,
Шу шеърни ўқимай турганинг яхши,
Оламни хотиржам этмагунича…

2009

ОСМОНДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Еру осмон ораси – ҳаёт,
Сафаримнинг номи – алданиш.
Бунда менга ҳамма нарса ёт,
Бунда менга ҳаммаси таниш.

Ёпилмоқда илинж дарчаси,
Кўчишлардан бўлганман ҳориб.
Унутмоқчи эдим барчасин
Пўлат лочин бағрига кириб.

Бир ён булут, бир томон туман,
Қайга олиб қочай кўзимни?
Ҳар йўловчи нигоҳи билан
Тафтиш этдим яна ўзимни.

Учган сайин улғаяр ғуссам,
Хавотирнинг кўзлари лўқдир.
Бир он мизғиб олайин десам,
Осмонда ҳам ҳаловат йўқдир.

Тошкент – Москва – Берлин

2009

***
Ҳар куни кўксимда кўпкари,
Олишар чавандоз туйғулар –
Ғирромга ўрганган кўплари.

Уялиб кетаман ўзимдан,
Тағинам гуноҳнинг ҳиди йўқ,
Кун қочиб боради изимдан.

Улуғ бир хатони бошладим,
Қаламнинг юргиси келмайди,
Шўрликни… синдириб ташладим…

2009

НОМА

Настарин гуллари муштоқ хатимга…
Ёдингиз бағрида тунларим оқдир.
Қайси хизматимга, қай заҳматимга
Мени зулфингизга боғламиш тақдир?!

Ғуборлар текизмай хаёлингизга,
Ҳаёни нарига қувмай севасиз.
Юрагимни тугиб рўмолингизга,
Сиз айтмай севасиз, “севмай” севасиз.

Бемаврид хатарни пайқаган қушдай,
Қаёққа беркинди туйғулар – инжа?
Хунобдир амалга ошмаган тушдай,
Гумон кўксингизга сололмас панжа.

Кўнгил қўрғонига етказмас шикаст,
Парволар қилмайсиз ёмғирга, дўлга.
Куйдириб кетолмас – тафти жуда паст,
Сув сепиб қўясиз ҳижронли йўлга.

Улар севгим каби шаффоф, бетамаъ,
Юзга солмас олис гуноҳларимни –
Боғимга бегона хазон, деб яна
Супуриб юборманг нигоҳларимни…

2008

***

Шу кеча эртагин тугатмаса қор,
Сен совуқ қотмасанг – уйга кирмасак,
Оқ, оппоқдан бўлак рангни билмасак,
Майлига, кечикса кечиксин баҳор.

Эртани ўйлама, чўчима сира,
Айни дам йиқилиб тушмасанг бўлди,
Қўлимдан маҳкамроқ ушласанг бўлди,
Ҳар босган изимиз биллур хотира.

Кумуш осмон гулдай сочар меҳрини,
Оҳиста чекиниб тун пардалари,
Юзингда порласа ой парчалари,
Қорлар ўчиролмас севгим муҳрини.

2008

САС

Соя солмиш сабримга Соғинч,
Саратонда сенсиз совқотдим.
Соҳилларда сарғайди севинч,
Сирларимни сўзларга сотдим.

Сочинг силаб саболар сархуш,
Сезмайсанми, сездирмайсанми?
Савол сонсиз, ситамлар серпушт,
Севмайсанми, севдирмайсанми?..

2010

***

Кўзларимга ишон, қўлларингни бер,
Ахир, ғамларингни тугатмоқчиман.
Ўзим билмайман-у, лекин, барибир,
Мен сенга яшашни ўргатмоқчиман.

Кел, илми ушшоқни ўзлаштирайлик,
Бирга нажот топсин бу яримжонлар.
Орзунинг исмини ўзгартирайлик,
Имконлар навбатда турар, имконлар.

Кўнглингдан ўзгага қулоқ солмагин,
Чорла, безовта қил, тушларимга кир.
Аммо аро йўлда туриб олмагин,
Фақат кетмасингга мени ишонтир.

2008

***

Ҳар кимга ҳам насиб этмайдиган Бахт
Зарра нигоҳимга бўлганида зор.
Жавобимни кутиб пойлаб турса Вақт,
Барини рад этсам такрор ва такрор;

Мазлум кўзёшига қоқилмай деб бот,
Дорда юрган каби ҳушёр қадам-ла –
Қўлларимда лангар, сўрасам нажот,
Саодат тонгига элтса бу ғамлар.

Ногаҳон Руҳ қуши тилга кирганда,
Асли ким эканим туйқус англадим.
Сип-силлиқ кўчалар чорлаб турганда,
Мен шу бахтиқаро йўлни танладим.

Нечун чорлайверар сир тўла само?
Балки, кимдир бизга илҳақ кўкда ҳам.
Учиб кетгим келар юлдуздай, аммо
Ерда Одам танқис, бунда Одам кам.

Ҳамон имлайверар юлдузлар зимдан
Тангрининг беминнат назари ила –
Оёқ узгим келмас мушфиқ Заминдан,
Видолашгим йўқдир майсалар билан!

2011

***

Алам қилмай қўйди ҳеч бири,
«Чиқ» дейди-ю, ўзи чиқмас Вақт.
Мен Ҳаётни борича суйдим,
Ҳар томонда, ҳар қадамда Бахт.

Озор санчмас юракка ортиқ,
Бу гулларнинг ифори ўзга.
Кечаги жўн, совуқ одамлар
Жуда иссиқ кўринар кўзга.

Аллақачон овутиб олдим
Кўнглимни(нг) шўр кўз ёшин артиб.
Ҳаммасини кечириб бўлдим
Ўзгалару ўзимдан тортиб.

Қандай ёвуз кучлар бор бунда,
Билмаганим яхши – билмадим.
Ғўр мавсумдан розиман, шаксиз,
Хато қилиб хато қилмадим…

2009

***

Ҳар лаҳза тийилиш азобига банд,
Юрак – қафасдаги некбин орзуманд.
Зулмат мил тортишга чоғланар ҳарчанд,
Мудом шамси анвар кўзимга пайванд.

2010

?..

Йўқ, ҳали олдинда видо онлари,
Фақат бир қайрилиб ортимга боқдим.
Мени деб ёришди кимнинг тонглари,
Кимнинг қароғига шамчироқ ёқдим?

Йиртиб отмайдиган шеърларим борми?
Менга қарши гувоҳ бўлмасми сўзлар?
Ранжитганим йўқми қишни, баҳорни?
Рози кетдимикан меҳмон ёз, кузлар?

Бир куни Юрагим тилга кирганда,
Суйганим ўзимга бўлмасми зиён?
Кўзларим барини сотиб турганда,
Мени қутқаргани келарми Иймон?

Қандай бўлар экан ишонч меваси?
Эккан-тикканларим пушмон бермасми?
Оғир ботмасмикан қалбим шеваси?
Қаттиқроқ йўталим исён эмасми?!.

2008

***

Чиқиб кетса эди шу иблис қондан,
Сўнг топа олмаса мангуга изим.
Бир Ҳаёт бошласам ўшал ҳур ондан,
Ўз олдимда шувут бўлмаса юзим.

Қайтадан тозарсам – севсам қайтадан,
Чалғитмаса машъум хаёллар бир зум,
Арш сари зиналар қўйсам тавбадан,
Саодат асрини эслатса умрим…

2010

ТАВАЛЛО

Ҳар ким ўз қисмати қошида ёлғиз,
Гарчи атрофимда дўстлар бор – холис,
Улар уммондаги хас каби ожиз,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.

Оғир бу йилларнинг тоши енгилми,
Биров ечолмади тилсим севгимни,
Учратмасанг, қайдан топай тенгимни,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.

Умримни чўқилаб зоғлар алмашди,
Йўқолиб-йўқолмай доғлар алмашди,
Елкамдан тушолмай тоғлар алмашди,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.

Ўйларим кишанда, кўнглим кишанда,
Сўрадим – сўрашни қилмадим канда,
Авлиё бўлса ҳам бандаси – банда,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.

Савобу гуноҳда беқарордирман,
Ажаб, шу ҳолимга сервиқордирман,
Умидсизлик аро умидвордирман,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ!

2009

ТАҚВО

Улар ўктам, минг бор шижоатлироқ,
Кеча-кундуз қойим, қўлида тасбеҳ.
Яратганга мендан итоатлироқ,
Ҳар нега соатлаб изламас ташбеҳ.

Шамол шовқинидан бежоланмайди,
Тунлари дув-дув ёш тўккани билан.
Шохларин силкитиб ҳаволанмайди,
Кунда бир мўъжиза туккани билан.

Ҳар нечук, қисмати ойдин экан-да,
Ғўдир пешонаси бунча ярақлар.
Бош эгиб ҳам ўсиш мумкин, дегандай,
Таъзим қилиб турар мулло дарахтлар.

2010

ЎРТАР

Ғуссалардан олтин қафас қургандайман,
Лахча-лахча чўғ устида юргандайман,
Бу дунёда ижарада тургандайман,
Толеъ деган қилмас писанд, Машраб бобо.

Енгилгина қўшиқлари ялло-ялло,
Оёқларнинг остиндаги лойми, тилло?
Каминанинг тахаллуси чаламулло,
Тутумим ҳам шунга монанд, Машраб бобо.

Нега келдим манов ғурбат маконига?
Тутиб бердим ўзимни ғам пайконига,
Кўзим куйди кириб севги дўконига,
Жандангиздан олмадим панд, Машраб бобо.

Томиримдан куйлар оқар – сувораман,
Кўзёшлари завқ улашган фаввораман,
Ўз-ўзимни авраш билан овораман,
Кўнглим синиқ, дилим дардманд, Машраб бобо.

Йўл юраман, мўл юраман, йўлим етмас,
Хирожига на жоним, на молим етмас,
Йигирма беш йилдан бери қўлим етмас,
Этагингиз бунча баланд, Машраб бобо?!

2008

***

Шу чиркин матоҳга борми учмаган?
Барининг онгига ғубор сачраган.
Бойликни кир қоғоз билан ўлчаган
Тўдага тескари боқишни ўргат.

Бу йўлда юзини йўқотган кўпдир,
Илдизу изини йўқотган кўпдир,
Энг керак сўзини йўқотган кўпдир,
Аларнинг сафидан чиқишни ўргат.

Дарёлар бағрига сиғмас жилғаман,
Бирда сокин эсам, бирда долғаман,
Лойқа ҳислар билан тағин булғамай –
Тубигача тиниқ оқишни ўргат.

Тошларнинг кўнглига бир бор қўл солсам,
Ранжима қошингга пича кеч қолсам,
Адашиб-адашиб йўл топиб олсам,
Юракдан чангларни қоқишни ўргат.

2009

***

Раҳматига ихлос айлаб заҳмат чексанг,
Оғриқларинг ҳаловатга айлансалар.
Дил боғига алвон-алвон гуллар эксанг,
Хушбўйлари салавотга айлансалар.

Марвариддай лаҳзаларни йиққанингда,
Уфқлар сари манзур-манзур боққанингда,
Камтарликнинг чўққисига чиққанингда,
Таъзимларинг салобатга айлансалар.

Ёлғиз Унинг ёди бирла ўйга чўмсанг,
Ёлғонларни қайтиб чиқмас жойга кўмсанг,
Ором чоғи кўзни қўрқмай, қўрқмай юмсанг –
Уйқуларинг ибодатга айлансалар.

Томирингда оқар ҳаёт нашидаси,
Ҳар қадаминг – тирикликнинг қасидаси,
Бир ўзгариб ғамнок дунё харитаси,
Андуҳлари саодатга айлансалар.

Тафаккурдан қанот боғлаб кўкка учсанг,
Сўнг юракнинг суханида гавҳар сочсанг,
Жумла жаҳон бахтин сўраб кафтинг очсанг –
Дуоларинг ижобатга айлансалар…

2010

***

Шамоллар абадий, ёмғирлар мангу,
Биздан сўнг ҳам оппоқ қорлар қолади.
Шаксиз, яшайверар қувончу қайғу,
Изҳорлар, иқрорлар, зорлар қолади.

Минг йилларки, аслин ўзгартмас тоғлар,
Салобати ўша, виқори ўша.
Таровати сўнмас диловар боғлар –
Ҳануз тошқин ҳислар талпинган гўша.

Бехос такрор-такрор чорладим, чоғи,
Япроқлар тизилиб келди сўзимга.
Қобирғаси синган хазонлар оҳи
Оҳангдор ҳасратдек туюлмас кимга?

Шунчаки тақлидга ўхшарми бу ҳол –
Демангиз, бу фақат илҳом онлари.
Руҳимда яшади шундай безавол
Ҳаёт деган шеърнинг қаҳрамонлари.

Шамоллар. Ёмғирлар. Дарёлар. Тоғлар…
Азал нафасини келтиргай абад.
Япроқлари оят ўқиган боғлар…
Табиат тилида илоҳий суҳбат.

2011

ҚОРШЕЪР

Осмон бодроқ тўкди кун бўйи –
Борлиқ қўйни тўла оппоқ дур.
Табиатнинг бу кумуш тўйи
Бўғотларга улашар ҳузур.

Кўпни кўрган оғочлар яна
Елкасига олар бор юкни.
Ҳали давом этар тантана –
Асраш керак ҳар нозикликни

Кекса мўри зерикмас чекиб,
Лек ҳавони қилмас бемаза.
Изғириннинг қалами тегиб
Гулзор бўлиб кетди дераза.

“Оққуш бўлиб қанот ёзайлик!..”
Хаёлларнинг йўқдир поёни.
Ташқарига шошар гўзаллик
Шарфга ўраб олиб ҳаёни.

Поклик чулғаб борар ҳар ерни,
Оқлик инар далаю боққа.
Аёзкотиб энг дилбар шеърни
Доғ юқтирмай кўчирар оққа…

2008

***

Улар кўздан йироқ, кўнгилга яқин,
Мўъжиза яшринган япроқларига.
Ҳавасинг ва жиндай ҳасадинг келар
Йўқолиб кетмаган титроқларига.

Чирой очиб аста бошин кўтарар,
Сўнг гўзал бўлишга журъат қилгайдир.
Агар еб қўймаса қўю қўзилар,
Даштни бу чечаклар жаннат қилгайдир.

2009

***

Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз,
Заҳардан ўткирроқ чой бериб қўйиб.
Тортинмай бемалол ўтиринг, дейсиз,
Игнанинг учидан жой бериб қўйиб.

2010

***

Кундузнинг ризқи бор туннинг ортида,
Кимларнинг бахти бут кимнинг дардида,
Тентираб юрибман сўзлар юртида –
Ҳақиқат аралаш, ёлғон аралаш.

Кунда нафс отига тиларман тўзим,
Гоҳ кўнглим алдайди, гоҳида кўзим,
Қоврилиб ётибман ўзимда ўзим –
Муҳаббат аралаш, исён аралаш.

Узилиб-узилмас ишонч иплари,
Аёвсиз отилар бало тўплари,
Руҳимда эврилиш талотўплари –
Эътиқод аралаш, гумон аралаш.

Бўтадай бўзлайман, тойдай кишнайман,
На асал ялайман, на тош тишлайман,
Бирда сарғаяман, бирда яшнайман –
Умримда Ҳамалу Мезон аралаш.

2009

ДЎСТ

Мени телбаларча қўмсар Ёлғизлик,
Кўзлари йўлимда илҳақ, нигорон.
Уни ҳам ҳар кўйга солар ёрсизлик,
Шуниси ёмон-да, шуниси ёмон.

Нечундир, бу ҳолга осон кўникдим,
Кўнглим чопар унинг кўнглин олгани.
Ёнингга бормасам, кечир, севиклим,
Қўрқади Ёлғизлик ёлғиз қолгани.

2008

МАЙДОН
1
Ойдинда от ўйнатдим,
Ёнсин-ёнсин юлдузлар.
Дилбулоқни қайнатдим,
Ўнгурларда тош музлар.

Доғлар босиб юзини
Ой ухлар қай қўйинда?
Нур йўқотди ўзини
Ҳалол-ҳаром ўйинда.

Ёлғон ётар болалаб,
Ор аламда қоврилар.
Ялтир-юлтур шон талаб,
Кимга қолди давралар?

2
Юрак чиқди қинидан,
Дунёларга сиғмайман.
Ўлганимнинг кунидан
Қўшиқ айтиб йиғлайман.

Кўксингни нур доғласа,
Ёруғ ният бўлади.
Йигит ошкор йиғласа,
Элга уят бўлади.

Ўрнингизни қизғонинг,
Асли тоза мардларим.
Уйғонинг-а, уйғонинг,
Ай, полвонча дардларим!

2008

НАЖОТ

Тақдир қандай тадбир этар эртага?
Кўнглимда муқаддас ният кўкарар.
Ким қўлга ишонар, биров елкага,
Мени эса бир кун сўзлар кўтарар.

Бору йўқлик билан келсам юзма-юз,
Изимдан эргашса қора нуқталар;
Иймоним сўз эрур, амалим ҳам сўз,
Ўшанда ҳам мени сўзлар қутқарар.

2009

СЎНГСЎЗ

Қанот қилиб энг учқур сўзни,
Юлдузларни эттириб хиром,
Ҳаммасига чирт юмиб кўзни
Шартта учиш керак – вассалом!

2009

“Кутмаган кунларим, кутган кунларим”(2012) китобидан.

(Tashriflar: umumiy 93, bugungi 1)

4 izoh

Izoh qoldiring