Bibi Robia Saidova. Ikki hikoya

Ashampoo_Snap_2016.11.05_13h04m08s_002_.png    Она кўнглига куз билан бирга қўрқув, кўпдан кутилган бир хавотир ҳам кириб келди. Куз аста одимлай бошлади. Ваҳимага тушган Она сочлари паришон ҳолда қўлларини у ёқ, бу ёққа силкитар, куз қадами етмас жойларга қочиб кетиши учун оёғи йўқлигидан ўксинарди…

Биби Робиа Саидова
ИККИ ҲИКОЯ
012

28aa0915eb7e530467ce9d03cd292cee.jpg     Биби Робиа (Биби Робиа Саидова) 1991 йилда таниқли шоир Азиз Саид оиласида туғилган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультети талабаси. Ҳикоя, шеър ва мақолалари Республика матбуотида мунтазам равишда чоп этиб келинмоқда.

012

МАРВ ТУТИ

02ўшни ҳовлида Лутфулла амаки ёлғиз ўзи яшар эди. Бу чорсидеккина ҳовлида неча аср билан юз­лаш­ганини ҳеч ким билмайдиган баҳай­бат, ғадир-будур танасига кишининг қулочи етмай­диган тут дарахти бор. Тут ҳам Лутфулла амакига ўхшаб ёлғиз. Аммо тутнинг шохларидан турфа қушлар аримасди. Қизиғи шундаки, шаҳарда камдан-кам бўладиган қизилиштон, жимитдеккина жиблажибон, нахшак, фотмачумчуқ, кўкқарға-ю зарғалдоқларни илк бор шу тут шохларида кўрганмиз. Биз уларни ўзимизча тутнинг осмондаги болалари, дердик, кўчамизнинг болаларини эса, тутнинг ердаги болалари, деб атардик.

Маҳалладаги эллик-олтмиш ёшли амакилар болаликлари шу тутнинг устида ўтганлигини айтишади. Хуллас, тут фақат Лутфулла амакига эмас, биз учун ҳам бувимизгами, бобомизгами айланиб қолган эди. Бунинг бошқа сабаби ҳам бор. Тут пишиғи бошланди дегунча, ҳар куни тонг-ла эшигимизнинг зулфи тарақлайди. Чиқсам, Лутфулла амаки турган бўлади. “Қани, тутга чиқинглар. Акангни, синглингни ҳам айт, каттароқ идиш олволинглар”, – дейди-да, хасталиги туфайлими, аста-секин қадам ташлаб, изига қайтади. Борсак, кун бўйи тўкилган тут худди оппоқ гилам тўшалгандай ҳовли билан битта бўлиб ётарди. Биз бу “гилам”ни босмасдан, бир четдан “йиғиб” борардик. Ҳар замонда севинганиданми, ҳазиллашиб, бошимиз, елкамиз оша марваридларини ташларди. Лутфулла амаки эса ҳовлининг бир кунжагига курси қўйиб ўтирар ва биз билан суҳбатлашарди. Билардик: кекса тут ҳам қилт этмай гурунгимизни эшитар, қу­вонганидан шохлари навозиш ила шитирларди. Аҳён-аҳён бўғжома тутиб, тут қоқардик. Бунинг гашти ўзгача бўларди: боғжомага бамисоли кўкдан кумуш юлдузлар дув-дув тўкилаётганга ўхшарди… Терган тутимиздан Лутфулла амакига берсак: “Йўқ, мен тут остидаман-ку”, дерди. Барибир тутга чош бўлган бир товоқни ёнларига қўйиб кетардик.

Кунлар шу тариқа сувдай оқиб ўтди. Бир куни Лутфулла амакининг укалари оиласи билан ҳовлига кўчиб келишди. Улар келишгач, бизни тут теришга камдан-кам чорлашадиган бўлишди. Бора-бора чақирмай ҳам қўйишди. Билсак, Лутфулла амакининг тоби қочиб, аҳволи оғирлашиб қолибди. Ҳаво айниб турган куни мактабга ошиқиб кетаётсам, кўчада тумонат одам сукутга чўмиб, хомуш ўтирибди. Очиқ кўча эшигидан ҳовлида турган, устига оқ мато ёпилган тобутни кўриб, юрагим орқага тортиб кетди: «Амаки вафот этибди-да…»

Синглим йиғлаб юборди, онамнинг ҳам кўзларида ёш қалқди. Нечоғлик йиғласак ҳам беҳудалигини билар эдик. Амакининг укалари бу ҳовлига тўла эга бўлиб олишди. Тут теришга йўқлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Биз эса азим тут дарахтини, унинг марварид меваларини теришни соғинардик. Балки у ҳам бизни қўмсаётгандир деб ўйлардим. Қадрдон тутнинг солланган чайир шохлари билан кўчадан туриб гаплашардик. Шохлардаги қушлар чуғурлашиб, гўё бизни чорлашарди. Биз эса боролмас эдик.

Якшанба куни синфдошимни йўқлаб кўчага чиқсам, худо раҳматли амакининг ҳовли эшиги рўпарасида бир тўп бола ғуж бўлиб турибди. Қизиқиб: “Бир кўрай-чи, нима гап экан”, – деб болаларнинг орасидан ўтиб, ҳовлига нигоҳим тушган заҳоти донг қотиб қолдим. Қадрдон, мунис тутимизнинг кекса танаси ярмигача чопилган. Ён-атрофга пайраҳалари сочилиб кетган. Арралаб ташланган шохлари эса уюм-уюм… Бир тўда одам тутнинг танасига арқон боғлаб: “ҳа, ҳув”, – дея зўр бериб тортқилашарди. Бу ҳол қандайдир мудҳиш қатл манзарасини эслатарди. Улар нуқул кулишар, қилаётган ишларидан негадир мамнун эдилар.

Юрагим гупуллаб урар, кўзларимдан ёш тинмай оқар, “Тўхтанглар, бераҳмлар” деб бақиргим келар, лекин овозим чиқмасди. Уларнинг қўлларига ёпишиб, арқонларини узиб ташласам, дейман-у, аммо бунга мажолим етмасди. Ва ниҳоят: “Лутфулла амакининг руҳини қақшатманглар, ахир, бу тут сизларга мерос-ку”, – деб йиғи аралаш бўғилиб пичирладим. Лекин ҳеч кимдан садо чиқмади. Мен бағритошлардан юз ўгириб, уйга кириб кетаётганимда, тутнинг улкан шохларининг қарсиллаганини эшитдим. У гурсиллаб ерга қулаганда, ер бир сира титраб кетди. Бу тутнинг энг сўнгги сўзи, яъни “Алвидо”си эди.

ЭЙ,ИНС…

07на кўнглига куз билан бирга қўрқув, кўпдан кутилган бир хавотир ҳам кириб келди. Куз аста одимлай бошлади. Ваҳимага тушган Она сочлари паришон ҳолда қўлларини у ёқ, бу ёққа силкитар, куз қадами етмас жойларга қочиб кетиши учун оёғи йўқлигидан ўксинарди. Болалари эса бир-бирлари билан ўйнашар, шеърлар айтиб, уларнинг дўсти – созанда шамолнинг баҳор ва ёзникига ўхшамаган янги куйларидан завқланиб рақс­га тушишар, яна қушларнинг қўшиғига жўр бўлишар, камдан-кам кўрина бошлаган бобо қуёшга эркаланишарди. Аммо табиат қонунини ҳали ўргатишга улгурмаган Она эса болаларига ғамгин термуларди.

Кунлар бирин-сирин ўтиб борарди. Япроқлар Онанинг дод-войига қарамай, савдогар Кузнинг дўконидан сотиб олган сариқ рангдаги либосларини бир-бирларига кўз-кўз қилишдан чарчашмасди. Она ҳар кечқурун болаларига эрки ўз қўлида бўлган, истаса дунёнинг хоҳлаган жойига бора оладиган Инсонлар ҳақида узундан-узун эртаклар айтарди. Саргузаштларининг кўплиги ва ғаройиблиги “Минг бир кеча”лардан ошадиган бу эртакларни барглар берилиб тинглар, улар инсон билан бир бора бўлса-да, cуҳ­батлашишни исташарди. Аммо ҳикоя қилиб бераётганлари эртак эканлигини айтиш Она дарахтнинг ёдидан кўтарилганди.

Ниҳоят, катта фойдага эришаётган савдогар Куз табиатнинг бутун бир гўзаллигини сотиб олишга эришди. Бир қараганда табиат тиллаларга кўмилгандек кўринарди. Осмондаги булутлар ою қуёшнинг юзига қора ҳижоб тортишди. Она дарахт эса қўллари бўлмиш шохларини юқорига кўтарганча, Яратгандан болаларини эрта хазонга айланишидан паноҳ сўраб, туну кун илтижо қиларди.

Аммо кундан-кунга сарғайиб, ҳолсизланаётган барглар энди фақатгина инсонлар билан яқиндан учрашиш, уларга қушлардан эшитган достонларини ўқиб бериш, инсонлар ҳақида онаси айтиб берган эртаклар ҳақида суҳбатлашишни орзу қилишарди. Сабаби эртакдаги инсонлар ҳам буни астойдил исташларига қаттиқ ишонишарди.

Ниҳоят, кунларнинг бирида барглар ўзаро маслаҳатлашиб, ўз истакларини Онасига билдиришга жазм қилишди:

– Мана, шунча кунлардан бери бизни совуқ шамоллардан, аёвсиз жалалардан, қуёшнинг кучли оташи-ю қушларнинг ўткир тумшуқларидан асраб келдингиз. Аммо биз ношуд фарзандларингиз, сизнинг нола-ю зорларингизга қарамай, кузнинг тилларанг либосларини сотиб олишдан ўзимизни тиёлмадик. Ана шу нафсимиз туфайли томиримиздан куч кета бошлаяпти. Шу сабабли бизга, эҳтимол, сўнгги орзумизни амалга оширишга, яъни тунлари бедор бўлиб айтиб берадиган эртагингиздаги ўша инсон билан учрашишга аҳд қилдик. Илтимос, онажон, бизга ёрдам беринг, хўп, денг, – деди тўнғич фарзанди.

Бу гапларни эшитган Онанинг нидосидан еру осмон ларзага келди. Унинг акс-садоси қишу баҳор, ёзгача етиб бориб, уларни ҳам титратиб юборди. Ҳатто бу оҳни эшитган Куз ҳам қилган ишларидан қаттиқ афсусланди. Шамол эса дарахт фарзандларининг муддаосини эшитгач, “ув” тортганча булутларга етказди, қора булутлар ҳам баргларнинг бу истагидан чўчиб, дув-дув ёшларини тўка бошлади. Шунда Она оғир хўрсинди ва ҳорғин сўз бошлади:

– Дилбандим, сизлар тунлари тинглайдиганингиз, аслида, эртак эканлигини айтишдан чўчирдим. Ҳа, улар армонга айланган орзулардан тўқилган эртак эди. Бу фикрингиздан қайтинглар. Эртак бошқа, ҳаёт бошқа!

– Тушуна олмаяпман, онажон, армон нима дегани? Бу ҳақда ҳеч айтмаган экансиз. Ҳа, майли, нима бўлганда ҳам, ана шу истагимиз учун йўл очиб беринг. Ҳеч бўлмаса фақат менга рухсат беринг. Улар билан бир бора суҳбатлашишимга изн беринг, жон Она! Ахир сиз эртакларингизда инсоннинг олий махлуқот эканлигини кўп маротаба уқдирардингиз-ку!

Она дарахт бу саволга ҳеч қачон жавоб бера олмаслигини англаб, узоқ сукут қилди. Шунда унинг кўз олдидан болаларининг бир вақтлар куртаклагани-ю гулдай очилгани, яшилликда яшнагани-ю ҳозирги сўлғин қиёфалари бир-бир ўта бошлади. Ва ниҳоят, ичидан фарзандларига айта олмаган изтироблари ўтли бир “Оҳ” бўлиб отилиб чиқди ва эртага Кундуз меҳмонга келганида рухсат беришини айтди.

Тўнғич барг инилари ва сингилларига улар учун гўёки қувонч­ли бўлган хабарни етказди. Уларнинг Инсонга бўлган қизиқиш ва муҳаббатлари чексиз эди.

Мана, ўша кун ҳам етиб келди. Бутун борлиқ нима рўй беришини кузатиш учун кўзга айланди ва вақтни тўхтатиб қўйди. Мана, тўнғич барг укалари билан хайрлашаркан, деди:

– Мен инсонга, албатта, сизлар ҳақда, меҳрибон Онам ҳақида айтиб бераман. У билан узоқ суҳбатлашаман. Сўнгра сизлар билан уни таништириш учун бу ерга олиб келаман. Шунда унга ўз шеърларимиз, достонларимиз, қўшиқларимиз ва улар ҳақидаги эртагимизни айтиб берамиз. Кейин у ҳам бизга биз ҳақимиздаги ўз эртагини айтиб беради. Мени, албатта, кутинглар, қадрдонларим, сиз ҳам, муштипарим, фақат мендан ранжиманг! Дийдорлашгунча!

Она дарахт кўзларини маҳкам юмганча тўнғич фарзандини аста қўлидан қўйвора бошлади. Юраги ҳаприқаётган барг бир силкиниб онасининг қўлидан чиқди-ю, пастга қараб оҳиста парвоз этди. Шу пайт Она дарахт Яратгандан қўлларини кўкка етгудек кўтарганча, силкина-силкина кўзида ёш билан ёлвора бошлади:

– Сўнгги илтижомни қабул эт, ўтинаман. Тўнғичимнинг эндиги аҳволини болаларимга кўрсатма. Улар акасининг қай кўйга тушишини кўрмасин, ўтинаман, ё Раббим!

Она дарахтнинг илтижолари тугар-тугамас, қалин бир туман сузиб келди-ю, дарахт болаларини ўз бағрига олди. Натижада ҳаяжон билан кузатиб турган баргларга ердаги акаси кўринмай қолди. Фақатгина Она дарахт юрагини тешиб ўтаётган аламли йиғи билан ердаги фарзандидан кўз узмасди. Борлиқ эса ҳамон жим.

Ерга енгилгина қўнган барг интизорлик ва қувончли бир ҳаяжон билан эртакдаги ўша Инсонни кута бошлади. Атроф эса нафас чиқарса кимдир сезиб қоладигандек сукутда. Мана, ниҳоят аста одимлаб келаётган қадам товушлари. Узоқдан бир қора шарпа ғира-шира кўзга ташланяпти. Тўнғич баргга бутун борлиқдан фақатгина юрагининг тобора қаттиқроқ гупиллаётгани эшитилаётгандек туюларди. Она дарахтнинг юраги ҳам ердаги фарзандининг юраги билан баравар урарди: Дук-дук, дук-дук, дук-дук. Шарпа яққолроқ намоён бўла бошлади. Ду-ук, ду-уук… Ана, инсон қиёфаси бир-икки қадамдан сўнг баргнинг ёнида бўлади. Суҳбатни бошлашга ҳозирланди Барг:

– Салом, эй Инс…

Гапи охирига етар-етмас барча орзуларининг тимсолига айланган ўша Инсон уни оёқлари билан эзғилаганча ўтиб кетди. Орқасидан қуриган баргларнинг қисирлашига иштиёқманд бўл­ган яна бири келиб, уни икки-уч маротаба босганча йўлида давом этди. Ерда эзилиб ётган Она дарахтнинг тўн­ғич фарзанди барча мадорини тўплаб, сўнгги сўзини айтди:

– Онажон, мен, албатта, қайтаман, ҳа, албатта қайтаман, фақат эртакдаги ўша инсонга айланиб…

Акасининг овозини эшитиб, онасидан рухсат сўрашни ҳам унутганча япроқлар ерга дувва ёпирилишди. Шу пайт узоқдан қўлларига узун супурги кўтарган яна икки шарпа кўринди. Улар етиб келганда япроқлар савол беришди:

– Салом, эй инсон, акамизни нега…

Уларнинг овозини ногаҳон таралган “ширт-ширт” деган овозлар босиб кетди, ака-укалар бир-бирларига остин-устун бўлиб қалашиб қолишди ва она-дарахт остида катта уюм пайдо бўлди. Сўнгра оппоқ ва аччиқ тутун юқорига ўрлади ва онанинг танини либосдай қоплаб олди.

07

Bibi Robia Saidova
IKKI HIKOYA
012

   Bibi Robia (Bibi Robia Saidova) 1991 yilda taniqli shoir Aziz Said oilasida tug’ilgan. Hozirda O’zbekiston Milliy universiteti o’zbek filologiyasi fakul`teti talabasi. Hikoya, she’r va maqolalari Respublika matbuotida muntazam ravishda chop etib kelinmoqda.

012

MARV TUTI

02o’shni hovlida Lutfulla amaki yolg’iz o’zi yashar edi. Bu chorsidekkina hovlida necha asr bilan yuz­lash­ganini hech kim bilmaydigan bahay­bat, g’adir-budur tanasiga kishining qulochi yetmay­digan tut daraxti bor. Tut ham Lutfulla amakiga o’xshab yolg’iz. Ammo tutning shoxlaridan turfa qushlar arimasdi. Qizig’i shundaki, shaharda kamdan-kam bo’ladigan qizilishton, jimitdekkina jiblajibon, naxshak, fotmachumchuq, ko’kqarg’a-yu zarg’aldoqlarni ilk bor shu tut shoxlarida ko’rganmiz. Biz ularni o’zimizcha tutning osmondagi bolalari, derdik, ko’chamizning bolalarini esa, tutning yerdagi bolalari, deb atardik.

Mahalladagi ellik-oltmish yoshli amakilar bolaliklari shu tutning ustida o’tganligini aytishadi. Xullas, tut faqat Lutfulla amakiga emas, biz uchun ham buvimizgami, bobomizgami aylanib qolgan edi. Buning boshqa sababi ham bor. Tut pishig’i boshlandi deguncha, har kuni tong-la eshigimizning zulfi taraqlaydi. Chiqsam, Lutfulla amaki turgan bo’ladi. “Qani, tutga chiqinglar. Akangni, singlingni ham ayt, kattaroq idish olvolinglar”, – deydi-da, xastaligi tufaylimi, asta-sekin qadam tashlab, iziga qaytadi. Borsak, kun bo’yi to’kilgan tut xuddi oppoq gilam to’shalganday hovli bilan bitta bo’lib yotardi. Biz bu “gilam”ni bosmasdan, bir chetdan “yig’ib” borardik. Har zamonda sevinganidanmi, hazillashib, boshimiz, yelkamiz osha marvaridlarini tashlardi. Lutfulla amaki esa hovlining bir kunjagiga kursi qo’yib o’tirar va biz bilan suhbatlashardi. Bilardik: keksa tut ham qilt etmay gurungimizni eshitar, qu­vonganidan shoxlari navozish ila shitirlardi. Ahyon-ahyon bo’g’joma tutib, tut qoqardik. Buning gashti o’zgacha bo’lardi: bog’jomaga bamisoli ko’kdan kumush yulduzlar duv-duv to’kilayotganga o’xshardi… Tergan tutimizdan Lutfulla amakiga bersak: “Yo’q, men tut ostidaman-ku”, derdi. Baribir tutga chosh bo’lgan bir tovoqni yonlariga qo’yib ketardik.

Kunlar shu tariqa suvday oqib o’tdi. Bir kuni Lutfulla amakining ukalari oilasi bilan hovliga ko’chib kelishdi. Ular kelishgach, bizni tut terishga kamdan-kam chorlashadigan bo’lishdi. Bora-bora chaqirmay ham qo’yishdi. Bilsak, Lutfulla amakining tobi qochib, ahvoli og’irlashib qolibdi. Havo aynib turgan kuni maktabga oshiqib ketayotsam, ko’chada tumonat odam sukutga cho’mib, xomush o’tiribdi. Ochiq ko’cha eshigidan hovlida turgan, ustiga oq mato yopilgan tobutni ko’rib, yuragim orqaga tortib ketdi: «Amaki vafot etibdi-da…»

Singlim yig’lab yubordi, onamning ham ko’zlarida yosh qalqdi. Nechog’lik yig’lasak ham behudaligini bilar edik. Amakining ukalari bu hovliga to’la ega bo’lib olishdi. Tut terishga yo’qlash hech kimning xayoliga kelmasdi. Biz esa azim tut daraxtini, uning marvarid mevalarini terishni sog’inardik. Balki u ham bizni qo’msayotgandir deb o’ylardim. Qadrdon tutning sollangan chayir shoxlari bilan ko’chadan turib gaplashardik. Shoxlardagi qushlar chug’urlashib, go’yo bizni chorlashardi. Biz esa borolmas edik.

Yakshanba kuni sinfdoshimni yo’qlab ko’chaga chiqsam, xudo rahmatli amakining hovli eshigi ro’parasida bir to’p bola g’uj bo’lib turibdi. Qiziqib: “Bir ko’ray-chi, nima gap ekan”, – deb bolalarning orasidan o’tib, hovliga nigohim tushgan zahoti dong qotib qoldim. Qadrdon, munis tutimizning keksa tanasi yarmigacha chopilgan. Yon-atrofga payrahalari sochilib ketgan. Arralab tashlangan shoxlari esa uyum-uyum… Bir to’da odam tutning tanasiga arqon bog’lab: “ha, huv”, – deya zo’r berib tortqilashardi. Bu hol qandaydir mudhish qatl manzarasini eslatardi. Ular nuqul kulishar, qilayotgan ishlaridan negadir mamnun edilar.

Yuragim gupullab urar, ko’zlarimdan yosh tinmay oqar, “To’xtanglar, berahmlar” deb baqirgim kelar, lekin ovozim chiqmasdi. Ularning qo’llariga yopishib, arqonlarini uzib tashlasam, deyman-u, ammo bunga majolim yetmasdi. Va nihoyat: “Lutfulla amakining ruhini qaqshatmanglar, axir, bu tut sizlarga meros-ku”, – deb yig’i aralash bo’g’ilib pichirladim. Lekin hech kimdan sado chiqmadi. Men bag’ritoshlardan yuz o’girib, uyga kirib ketayotganimda, tutning ulkan shoxlarining qarsillaganini eshitdim. U gursillab yerga qulaganda, yer bir sira titrab ketdi. Bu tutning eng so’nggi so’zi, ya’ni “Alvido”si edi.

EY,INS…

07na ko’ngliga kuz bilan birga qo’rquv, ko’pdan kutilgan bir xavotir ham kirib keldi. Kuz asta odimlay boshladi. Vahimaga tushgan Ona sochlari parishon holda qo’llarini u yoq, bu yoqqa silkitar, kuz qadami yetmas joylarga qochib ketishi uchun oyog’i yo’qligidan o’ksinardi. Bolalari esa bir-birlari bilan o’ynashar, she’rlar aytib, ularning do’sti – sozanda shamolning bahor va yoznikiga o’xshamagan yangi kuylaridan zavqlanib raqs­ga tushishar, yana qushlarning qo’shig’iga jo’r bo’lishar, kamdan-kam ko’rina boshlagan bobo quyoshga erkalanishardi. Ammo tabiat qonunini hali o’rgatishga ulgurmagan Ona esa bolalariga g’amgin termulardi.

Kunlar birin-sirin o’tib borardi. Yaproqlar Onaning dod-voyiga qaramay, savdogar Kuzning do’konidan sotib olgan sariq rangdagi liboslarini bir-birlariga ko’z-ko’z qilishdan charchashmasdi. Ona har kechqurun bolalariga erki o’z qo’lida bo’lgan, istasa dunyoning xohlagan joyiga bora oladigan Insonlar haqida uzundan-uzun ertaklar aytardi. Sarguzashtlarining ko’pligi va g’aroyibligi “Ming bir kecha”lardan oshadigan bu ertaklarni barglar berilib tinglar, ular inson bilan bir bora bo’lsa-da, cuh­batlashishni istashardi. Ammo hikoya qilib berayotganlari ertak ekanligini aytish Ona daraxtning yodidan ko’tarilgandi.

Nihoyat, katta foydaga erishayotgan savdogar Kuz tabiatning butun bir go’zalligini sotib olishga erishdi. Bir qaraganda tabiat tillalarga ko’milgandek ko’rinardi. Osmondagi bulutlar oyu quyoshning yuziga qora hijob tortishdi. Ona daraxt esa qo’llari bo’lmish shoxlarini yuqoriga ko’targancha, Yaratgandan bolalarini erta xazonga aylanishidan panoh so’rab, tunu kun iltijo qilardi.

Ammo kundan-kunga sarg’ayib, holsizlanayotgan barglar endi faqatgina insonlar bilan yaqindan uchrashish, ularga qushlardan eshitgan dostonlarini o’qib berish, insonlar haqida onasi aytib bergan ertaklar haqida suhbatlashishni orzu qilishardi. Sababi ertakdagi insonlar ham buni astoydil istashlariga qattiq ishonishardi.

Nihoyat, kunlarning birida barglar o’zaro maslahatlashib, o’z istaklarini Onasiga bildirishga jazm qilishdi:

– Mana, shuncha kunlardan beri bizni sovuq shamollardan, ayovsiz jalalardan, quyoshning kuchli otashi-yu qushlarning o’tkir tumshuqlaridan asrab keldingiz. Ammo biz noshud farzandlaringiz, sizning nola-yu zorlaringizga qaramay, kuzning tillarang liboslarini sotib olishdan o’zimizni tiyolmadik. Ana shu nafsimiz tufayli tomirimizdan kuch keta boshlayapti. Shu sababli bizga, ehtimol, so’nggi orzumizni amalga oshirishga, ya’ni tunlari bedor bo’lib aytib beradigan ertagingizdagi o’sha inson bilan uchrashishga ahd qildik. Iltimos, onajon, bizga yordam bering, xo’p, deng, – dedi to’ng’ich farzandi.

Bu gaplarni eshitgan Onaning nidosidan yeru osmon larzaga keldi. Uning aks-sadosi qishu bahor, yozgachayetib borib, ularni ham titratib yubordi. Hatto bu ohni eshitgan Kuz ham qilgan ishlaridan qattiq afsuslandi. Shamol esa daraxt farzandlarining muddaosini eshitgach, “uv” tortgancha bulutlarga yetkazdi, qora bulutlar ham barglarning bu istagidan cho’chib, duv-duv yoshlarini to’ka boshladi. Shunda Ona og’ir xo’rsindi va horg’in so’z boshladi:

– Dilbandim, sizlar tunlari tinglaydiganingiz, aslida, ertak ekanligini aytishdan cho’chirdim. Ha, ular armonga aylangan orzulardan to’qilgan ertak edi. Bu fikringizdan qaytinglar. Ertak boshqa, hayot boshqa!

– Tushuna olmayapman, onajon, armon nima degani? Bu haqda hech aytmagan ekansiz. Ha, mayli, nima bo’lganda ham, ana shu istagimiz uchun yo’l ochib bering. Hech bo’lmasa faqat menga ruxsat bering. Ular bilan bir bora suhbatlashishimga izn bering, jon Ona! Axir siz ertaklaringizda insonning oliy maxluqot ekanligini ko’p marotaba uqdirardingiz-ku!

Ona daraxt bu savolga hech qachon javob bera olmasligini anglab, uzoq sukut qildi. Shunda uning ko’z oldidan bolalarining bir vaqtlar kurtaklagani-yu gulday ochilgani, yashillikda yashnagani-yu hozirgi so’lg’in qiyofalari bir-bir o’ta boshladi. Va nihoyat, ichidan farzandlariga ayta olmagan iztiroblari o’tli bir “Oh” bo’lib otilib chiqdi va ertaga Kunduz mehmonga kelganida ruxsat berishini aytdi.

To’ng’ich barg inilari va singillariga ular uchun go’yoki quvonch­li bo’lgan xabarni yetkazdi. Ularning Insonga bo’lgan qiziqish va muhabbatlari cheksiz edi.

Mana, o’sha kun ham yetib keldi. Butun borliq nima ro’y berishini kuzatish uchun ko’zga aylandi va vaqtni to’xtatib qo’ydi. Mana, to’ng’ich barg ukalari bilan xayrlasharkan, dedi:

– Men insonga, albatta, sizlar haqda, mehribon Onam haqida aytib beraman. U bilan uzoq suhbatlashaman. So’ngra sizlar bilan uni tanishtirish uchun bu yerga olib kelaman. Shunda unga o’z she’rlarimiz, dostonlarimiz, qo’shiqlarimiz va ular haqidagi ertagimizni aytib beramiz. Keyin u ham bizga biz haqimizdagi o’z ertagini aytib beradi. Meni, albatta, kutinglar, qadrdonlarim, siz ham, mushtiparim, faqat mendan ranjimang! Diydorlashguncha!

Ona daraxt ko’zlarini mahkam yumgancha to’ng’ich farzandini asta qo’lidan qo’yvora boshladi. Yuragi hapriqayotgan barg bir silkinib onasining qo’lidan chiqdi-yu, pastga qarab ohista parvoz etdi. Shu payt Ona daraxt Yaratgandan qo’llarini ko’kka yetgudek ko’targancha, silkina-silkina ko’zida yosh bilan yolvora boshladi:

– So’nggi iltijomni qabul et, o’tinaman. To’ng’ichimning endigi ahvolini bolalarimga ko’rsatma. Ular akasining qay ko’yga tushishini ko’rmasin, o’tinaman, yo Rabbim!

Ona daraxtning iltijolari tugar-tugamas, qalin bir tuman suzib keldi-yu, daraxt bolalarini o’z bag’riga oldi. Natijada hayajon bilan kuzatib turgan barglarga yerdagi akasi ko’rinmay qoldi. Faqatgina Ona daraxt yuragini teshib o’tayotgan alamli yig’i bilan yerdagi farzandidan ko’z uzmasdi. Borliq esa hamon jim.

Yerga yengilgina qo’ngan barg intizorlik va quvonchli bir hayajon bilan ertakdagi o’sha Insonni kuta boshladi. Atrof esa nafas chiqarsa kimdir sezib qoladigandek sukutda. Mana, nihoyat asta odimlab kelayotgan qadam tovushlari. Uzoqdan bir qora sharpa g’ira-shira ko’zga tashlanyapti. To’ng’ich bargga butun borliqdan faqatgina yuragining tobora qattiqroq gupillayotgani eshitilayotgandek tuyulardi. Ona daraxtning yuragi ham yerdagi farzandining yuragi bilan baravar urardi: Duk-duk, duk-duk, duk-duk. Sharpa yaqqolroq namoyon bo’la boshladi. Du-uk, du-uuk… Ana, inson qiyofasi bir-ikki qadamdan so’ng bargning yonida bo’ladi. Suhbatni boshlashga hozirlandi Barg:

– Salom, ey Ins…

Gapi oxiriga yetar-yetmas barcha orzularining timsoliga aylangan o’sha Inson uni oyoqlari bilan ezg’ilagancha o’tib ketdi. Orqasidan qurigan barglarning qisirlashiga ishtiyoqmand bo’l­gan yana biri kelib, uni ikki-uch marotaba bosgancha yo’lida davom etdi. Yerda ezilib yotgan Ona daraxtning to’n­g’ich farzandi barcha madorini to’plab, so’nggi so’zini aytdi:

– Onajon, men, albatta, qaytaman, ha, albatta qaytaman, faqat ertakdagi o’sha insonga aylanib…

Akasining ovozini eshitib, onasidan ruxsat so’rashni ham unutgancha yaproqlar yerga duvva yopirilishdi. Shu payt uzoqdan qo’llariga uzun supurgi ko’targan yana ikki sharpa ko’rindi. Ular yetib kelganda yaproqlar savol berishdi:

– Salom, ey inson, akamizni nega…

Ularning ovozini nogahon taralgan “shirt-shirt” degan ovozlar bosib ketdi, aka-ukalar bir-birlariga ostin-ustun bo’lib qalashib qolishdi va ona-daraxt ostida katta uyum paydo bo’ldi. So’ngra oppoq va achchiq tutun yuqoriga o’rladi va onaning tanini libosday qoplab oldi.

07

(Tashriflar: umumiy 206, bugungi 1)

Izoh qoldiring