Bibi Robia’ Saidova. Oqmaydigan tosh

Ashampoo_Snap_2017.11.04_15h55m08s_004_.png   Эшикнинг қаттиқ тақиллаши яна юракда умид уйғотди: “укажоним”. Опа бир оёғига ковуш илар-илмас жон ҳолатда эшикка қараб югурди…

Биби Робиаъ Саидова
ОҚМАЙДИГАН ТОШ
05

 Биби Робиаъ.jpg Биби Робиаъ Саидова 1991 йилда Урганч шаҳрида туғилган. ЎзМУ филология факультетининг магистратурасини тугатган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси асосида “Парвоз” номли ҳикоялар тўплами нашр қилинган. Ғ.Ғулом номли НМИУ да “Какку овози” номли китоби чоп этилмоқда.

05

Эшикнинг қаттиқ тақиллаши яна юракда умид уйғотди: “укажоним”. Опа бир оёғига ковуш илар-илмас жон ҳолатда эшикка қараб югурди.

– Опа, жон опа, Худо хайрингизни берсин! Бош урмаган эшигим қолмади. Бу боламдан ҳам айрилмай. Бир пиёла ун бериб туринг, жон опа…

Онанинг қоқсуяк қўлларидаги сарғайган пиёла ҳам бўм-бўш қурсоғини кўрсатганча унсиз ун тиланарди. Қурқшаган лабларини кўз ёшлари юпатмоққа уринарди. Мутаҳҳара опа дир-дир титраётган пиёлани олди. Ошхонага кирди ва эски ёғоч сандиқ ичидан оғзи тугунланган халтачани олиб очди…

– Илоҳим… илоҳим… нимаики ният қилган бўлсангиз ҳамма-ҳаммасига етинг! Фарзандларингизни роҳатини кўринг! Урушдан қайтмаган жигарингиз тўрт мучаси соғ қайтсин. Раҳмат… раҳмат, опажон! Худодан қайтсин, худодан… – ушбу титраган овоз қадам товушлари билан бирга олислай бошлади.

Опа оғир хўрсинди. Ҳовлидаги мўъжаз супага паришонхаёллик билан қўнди. “Фарзандларингизни роҳатини кўринг! Урушдан қайтмаган жигарингиз тўрт мучаси соғ қайтсин”. Хаёлини чалғитишга ҳар чандон уринмасин, шу жумла қулоқлари остида жаранглаб турди. Мана ўттиз йил бўлибдики, Худо фарзанд бермади. Устига-устак биргина укаси урушга кетганидан бери на бирор хабар, на хат бор. Уруш тугаганига ҳам бир йилдан ошди. “Тиқ” этган товуш эшитилса бўлди, опа беихтиёр укаси кириб келадигандек, кулга айланаётган ишонч билан, узилмаган умид билан пешвозга югуради. Этагидан тортаётган етти ёшлар чамасидаги қизча опанинг хаёлларини бир зумга бўлса-да тарқатиб юборди.

– Амма, қаранг. Ўргатганингиздай мана бу, яна мана бу жойларини ўқиб бўлдим. Сизга бошидан ўқиб берайми?

Амма беихтиёр бош ирғади. Қизча очилиб-букланаверганидан эзғиланган қоғозга қараб ўқий бошлади:
– Алиф, Бе, Те, Се…

Икки қўлида бўш челак кўтарган ёш жувон ёнида қадамларини санаётган ўғли билан кириб келди-да, Мутаҳҳара опанинг ёнига ҳорғин чўкди. Нафасини бир оз ростлагач:

– Опажон, қўшни гузардаги ариқниг суви ҳам қурибди. Эртага келади дейишса ҳам, одамлар сатиллари билан ариқ бошида пойлаб ўтиришибди, – деди қўли билан пешонасини, юзини артаркан. Мутаҳҳара опа аввалига, кўзини бир муддат оёғи остида уймаланиб юрган чумолилардан узмади. Сўнг эрининг хабарига илҳақликдан кўзлари киртайиб қолган, ичидагини тилига чиқаролмайдиган келинига тикилиб қолди. Раҳми келди. “Менику эрим танида ўқдан соғ жой қолмаган бўлса ҳам қайтиб келди. Бунга қийин. Сал чалғиса яхши бўларди”. Шуларни ўйларкан, секин гап бошлади:

̶ Келин, уйдагиларни, қишлоқдагиларни ҳам кўрмаганингизга икки-уч йил бўлиб қолди. Соғингандирсиз. Яқинларни йўқлаб туриш керак. Бир бориб кўриб келсангиз, нима дейсиз? Жиянлар ҳам тоғаси, холаларининг болалари билан ўйнаб, бир яйрашармиди.

̶ Майли.
̶ Лекин жуда узоқ қолиб кетманглар. Мен соғиниб қоламан. Агар эрингиздан хабар келса, дарров билдираман. – Мутаҳҳара опа кўзини яна ерга тикди. Нигоҳи уясига қайтаётган чумолилар сафига қўшилиб олди.

Эрталаб Мўътабар ҳар ювганда янгидай кўринадиган, келинлик бисотидан қолган яккаю ягона кўйлагини кийиб чиқди, тугунига ул-бул тугди. Қайин опаси билан хўшлашиб, ўғли Исомиддин ва қизчаси Хадичани етаклаганча йўлга тушди. Йўл оғир қадамлардан бир инграниб қўйди…

Қош қорайиб, чигирткалар ўз мушоирасини бошлаган пайтда қишлоқ таниш одимларни, таниш исни туйди. Бир пайтлар бағрида чопиб юрган қизи-ку! Ота-онаси ҳаётлигида қулф юзини кўрмаган эшикни чандон тақиллатяптики, сас-садо йўқ. Хайрият, мана, овоз чиқди:

– Кечаси жин чалган ким бўлдийкин-а? Ким у?
– Янга, мен Мўътабарман, очинг.
– Қайси Мўътабар?.. Вой ўлай, Мўътабархон, сизмисиз, ҳозир, ҳозир, шошманг.

Ниҳоят эшик кишандан озод этилди. Ичкаридан эснаганча ака ҳам чиқиб келди.

– Волайкум ассалом. Аҳволларинг яхшими, уйдагилар тинчми? Куёвдан ҳалиям хабар йўқми? Шунча вақт ўтди-я. Мана урушга кетганлар кўр бўлса ҳам, кар бўлса ҳам қайтди. Ҳеч бўлмаганда ўлими ҳақида хабар келди. Э, майли, қўй ўшани. Ўзингдан гапир-чи. Ҳалиям ўша аччиқ тош билан яшаяпсанми?..

Ой куни яқин қолган янга чой-нондан сўнг қизчани ғингшишига қарамай ичкари уйга олиб кирди. Исомиддин уларга эргашди. Ака-сингил тун сиёҳи оқиб кетгунга қадар суҳбатлашишар экан, ой Мўътабарнинг юзида биллурдай ялтираб тушаётган ёш доначаларида ўз аксини қидириш билан банд бўлди.

Супургининг ер билан шивирлашаётганидан Хадича уйғониб кетди. Ён-верига қараса, ҳеч ким йўқ. Ўрнидан жон ҳолатда турди-ю деразага қараб чопди:
– Она, онажон!

– Ўзи жимиттайгина-ю, овози балонинг ўқидай. Юрагимни ёрдинг-ку, мунча чириллайсан. Нима, онанг дадангни гўрига кетармиди? Шу ерда, сигир соғяпти, – деди янга қўлини белига тираганча халақит қилаётган қорнини авайлаб супурар экан. Қиз хижолатомуз бошини ичкарига олди. Четидан пахтаси титилиб чиққан кўрпачасини тўрт буклаб тахлагач, ҳовлига чиқди. Янгасига салом берди-да қўлидан супургини олди. Янга супургини берар экан қизнинг бўй-бастига кўз югуртириб чиқди. Шу пайт қўлида сут тўлга кичкина челак билан Мўътабар пайдо бўлди.

̶ Берган тарбиянгизга балли, юзини ҳам ювмай қўлимдан супургини олди-я, – деди илжайиб янга. Она қизига мамнун жилмайди. Сўнгра:

̶ Янга, қолганлар кўринмайди. Кеча акам билан анчагача гаплашиб чиққаним учун ухлаб қолибман, – деди.

– Қачонийди пахтага чиқиб кетишгани. Акангиз шу билан ҳали ухлагани йўқ. Бу ерда зерикмасин деб, ўғлингизни ҳам қўшиб юбордим. Эшитдингизми, кечга опаларингиз келишаркан. Сизни роса соғинишган-да.
Мўътабар маъюс табассумланди. Кеча акасининг санчган гаплари юрагида яна бир қўзғалиб қўйди.

Сафари қариган қуёш бисотини йиғиштираркан пахта чаноқлари ичини ҳам пайпаслаб чиқди. Чўпон қўйлари билан бирга аҳли қишлоқ ҳам ўз уйларига тарқашди. Шулардан еттитаси бизга таниш уйга кириб кетишди.

Ҳамма жамулжам бўлди. Дастурхонда ейишга кўп нарса бўлмагани учун уруш ва ундан қайтган-қайтмаганлар мавзуси оғизларда узоқ чайналди. Тоғанинг қизлари билан бирга Хадича бошқа хонага, тоға эса жияни Исомиддиннни эргаштириб қўйлардан хабар олгани кетди. Катта опа қолганларга кўзи билан имлади. Ўзингиз бошланг, дегандай бошқа кўзлардан имоли жавоблар қайтди. Мўътабар суҳбат мавзусини сезгани учун кўзидан шашқатор тўкилиб тушаётган бевош ёшларини бошқара олмади. Катта опа бир йўталди-да гап бошлади:

– Хуллас, эшитиб, кўриб юрганингдай уруш ҳамманинг уйини, жигарини қуритди. Рўзғорга деб йиққан нарсаларимизни фронтга бериб бўлганмиз. Йўқчиликдан айримлар болаларини сотишяпти. Кунжара еб, ўт еб шишиб, очликдан ўлганларни кўряпсизлар. Ҳаммамиз ҳам раҳматлик отамнинг орттирган обрўлари, қилган хизматлари эвазига амал-тақал қилиб юрибмиз. Мана, уруш тугаганига икки йил бўлди, эрингни на ўлигини, на тиригини биламиз. Гулдай умрингни шунча сарғайтирганинг етади… Гапнинг пўсткалласини айтадиган бўлсак, Қулмат мулланинг яқинда иккинчи хотини ҳам ўлди. Хуллас, сени сўратибди. Ҳозир унга ўхшаган чаламуллаларнинг куни туққан. Бундан кейин сени ким ҳам сўраб келарди. Йўқ дема, масалани тезроқ ҳал қилайлик. Авваламбор ўзинг учун, кейин биз учун ҳам рози бўл.

Мўътабар бошини тиззалари орасига олганча ҳўнграб юборди.

– Ахир… ахир у “Албатта қайтаман” деб ваъда берган. Шаҳардаги қайниопам билан язнам ҳам шу икки ёдгоримда укасининг дийдорини кўриб овуниб юришибди. Уларнинг олдида нима деган одам бўламан, – йиғи аралаш ҳиққилади Мўътабар.

– Э, илтимос, фақат ўша Худо қарғаганларни гапирма бизга. Боласи бўлмагандан кейин сенинг болаларингга қарайди-да. Ўша эр-хотин сени ўзи бу ерлардан қадамингни уздириб қўйишган.

– Бекорларни айтибсиз, – кўзида ёши билан ўшқирди катта опага Мўътабар. Ўзим истамаганман. Сенларни мана шу гапларингни сезиб, қўрқардим келишга. Уларни аралаштирманг!

̶ Вой-вў! Тоза ўзгарибсан-ку. Бўлди, ёш қизлардай кўп нозланма! Биз ёмонлик тилаган бўлсак, ҳеч йўқса гўдакларингни ўйла! Сен кетсанг, уларни ўз боламиздай парваришлаймиз, бу ерда зерикишмайди. Жин урсин, тушунсанг-чи, ўртадаги одамнинг айтишича, Қулмат мулла бизларга ҳам қарашиб турармиш… – Муддаосини айтиб юборганидан тилини тишлади. Ўзини ўнглаб яна бобиллай кетди:

̶ Ёки болаларингни бағрингда очликдан шишиб ўлганини томоша қилишни истайсанми-а, жувонмарг, гапирсанг-чи?!

Мўътабар энди ўкириб йиғлай бошлади. Шу орада опалар ним табассум билан кўз уриштириб олишди. Ўртанчаси ҳам ғудраниб қўйди:

– Оёқсиз эрим урушдан қайтмаганида ўзим тегиб олардим.

Мўътабар қаҳр билан бошини кўтариб нимадир демоқчи бўлди-ю, бўғзига отилиб келаётган йиғи бунга йўл қўймади.

Ҳафта ичи бу азобли машварат яна икки бор такрор бўлди…

Бир куни тўсатдан ҳовлида аёллар кўпайди. Ҳамма у ёқдан бу ёққа зув қатнарди. Шу орада Хадича туртила-суртила барча ўзини ураётган хонага бош суқди. Қараса, атрофида гирди капалак бўлаётганлар онасига чиройли кўйлак кийдиришган, бошига узун оқ рўмол ташлашган. Лекин юзига табассум югуртира олишмаган, томаётган ёшини тўхтатишолмаган эди. Қиз онасини бундай ҳолатда кўриб қучоқлаб олгиси келди. Аммо тиқилинчда ўтолмади, сўнг қувонганидан баралла қичқирди:

̶ Онажон, чиройли бўлиб кетибсиз. Эсиздами, қўшнимиз Соранинг дадаси келганда онаси ҳам шундай кийим кийганди. Ур-а, дадам келибдилар!

Ўтирган аёллардан кимдир: “Тасаввур қиляпман, Қулмат муллани”, деди. Енгил кулги кўтарилди. Мўътабар силкиниб-силкиниб йиғлади ва қизини хаста товуш билан ёнига чақирди. Хадичани ўтказиб юборишди. Она қизини қучоғидан чиқиб кетишини билиб маҳкам қучоқлади. “Қизим, қизгинам, кечир мени… мени кечиринглар. Сизларни жуда ҳам яхши кўраман! Шуни унутманглар – мен учун ҳам, отанг учун ҳам яшашингиз керак!..” Мўътабар йиғи аралаш қизининг қулоғига шивирлади. Кимдир бир силташда қизни тортиб, қўлидан судраганча ташқарига аста итариб юборди. Хадича алам тўла нигоҳи билан бу жафокашга қаради. Катта холаси бир иржайди-ю яна ғойиб бўлди. Кимлардир уни туртиб-туртиб ўтиб кетди. Бир этак пахта тўлар вақт ўтгач, аёллар тўда бўлиб ичкаридан чиқишди. Аёллар қий-чуви билан қадамлар ҳам аста узоқлаша бошлади. Бола-бақра улар кетидан югуришди, қийқиришди. Хадича ҳам улар кетидан югурди. Аммо… бирданига, ўртадаги оппоқ рўмолли онасини қаёққадир бутунлай олиб кетишаётганини, энди бирга яшамасликларини туйди, юраги зириллаб кетди. Йўл ўртасида қотиб қолди. Болалиги эса онасига эргашиб кетди.

Осмон қора чодирини тикди. Чодирининг йиртиқ жойларига юлдузлардан ямоқ солди. Лекин жажжи юракнинг кемтик жойига соладиган ямоқ топилмади. Кечга яқин опалар яна йиғилишди. Фақат кенжа сингилсиз. Тоға гап бошлади:

– Исомиддин, Хадича, энди онангиз ҳам, отангиз ҳам биз бўламиз. Бундан кейин бизнинг чизган чизиқдан чиқиш бўлмасин! Хўш… Исом, сен ҳозир мана бу ўртанча холанг билан жўнайсан. Эри урушда оёғини ташлаб келган. Оғир-енгил юмушларига қарашиб юрасан. Хадича қизим, сен биз билан қоласан. Янгангни аҳволини кўриб турибсан… хуллас, сенгаям шу гап. Бўлди, гап тамом. Омин!

– Лекин, – Исомиддин гапининг кескин оҳангидан ўзи ҳам сесканди-ю, пастроқ товуш билан давом эттирди: – Лекин… аммам синглингни ёнингдан айирма, унга доим кўз-қулоқ бўл, дегандилар, – бир ютинди-ю, – онам ҳам, – деди.

– Ў, тиллари бийрон-ку! Бу уйда фақат мени гапим бўлади, тушундингми? Ўша амманг сенларни… Раҳмат дейиш ўрнига… – ўшқирди тоға.

Тезда юзларга фотиҳа тортилди. Қиз индамас, маъюсланган кўзларини томдаги мусичадан узмасди. Ака синглисини узоқ вақт қучоғидан қўймади. “Мен келиб тураман”, деб шивирлади йиғи аралаш. Сўнгра айрилишди.

Илк тонг отди. Онасиз, акасиз илк тонг отди. Баданига нимадир қадалиб Хадича уйғониб кетди. Тепасида янгаси биқинига оёғини ниқтаб турарди:

– Тур-эй, молга ўхшаб ётавераркансан-да. Кўчани ман супурайми, а? Кейин пақирларга сувни тўлдир!

Қиз уятдан ўрнидан дик этиб турди-ю, тандир ёнида ётган бўйи тенги келадиган супургини ва ғадир-будур тунука челакни олди. Кўча лабидаги ариқдан сув олиб сепди, супурди. Кеча дарахтидан айрилган баргларни бир жойга тўплади-да, тилингани учун ачишаётган қўлларини пуф-пуфлади. Янга деразадан овозини баландлатди:

– Сани қолдирган ман ўлай, ҳолинг битта ҳовли супуришлик экан-ку. Тезда мана бу икки сатилни олиб, пахтазорга етмасингдан анҳор бор, ўша ердан тоза сув олиб кел… Лойқалатмай ол. Имиллама!

Хадича челакларни олди-да чиқиб кетди. Борса, анҳор бўйида сочларини сувга солганча мажнунтол хаёлга берилиб ўлтирибди. Сув унинг аксини ҳар лаҳза янгилаб, “Дунёдаги энг гўзали – сен” деб ҳарчанд ишонтирмасин, шамол сочларини силаб, эркалаб қанча эртак айтмасин нима учундир боши эгик. Хадича челакларни дарахт ёнига қўйди. Мажнунтолнинг толларини сийпаб: “Сени ҳам онанг ташлаб кетдими?”, деди. Анҳор ҳам, шамол ҳам саволига жавоб топгандек бўлди. Қиз челакнинг бирини олиб аста сувга солди. Оқим шаштига қизнинг кучи етмади. Челак қирғоқ бўйлаб оқа кетди. Хадича дод деганча сув ёқалаб кетидан югурди. Хайрият, челак анҳор юзасига тегар-тегмас осилиб турган дарахт шохига илиниб қолди. Енгил нафас тортди-да, дарров челакни тўлиб қолган суви билан кўтарди. Азбаройи қўрққанидан челакнинг оғирлигини ҳам сезмай анча ергача олиб борди. Нафас ростлаш учун ерга қўйди. Яна кўтармоқчи бўлганди, уддалай олмади. Ниҳоят, икки қўллаб, зўр-базўр кўтариб, бир неча қадам юрди. Шу алфозда икки челакни ҳам ташиди. Кейин панароқ жойга ўтди-да қўлидаги ва юрагидаги оғриқнинг зўридан ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Тақдири танлаган йўлни билиб йиғлади.

– Хадича, қай гўрдасан?

Хадича чанг инган енглари билан юзини шоша-пиша артди-да, чақириққа юзланди.

– Мана буни пахтазорга олиб бориб тоғангга берасан. Жуда имилларкансан. Агар ичини очганингни билсам, ер билан бир қиламан. Тез қимирла!

Хадича дарҳол янгасининг қўлидан тугунни олган ҳам эдики, ёқимли ҳид уни аммасининг, онасининг ёнига қайтаргандек бўлди. Қорни ғулдиради. Ютиниб-ютиниб пахтазорга жўнади. Тоғасини пахтазор ичига чўкиб кетган одамлар орасидан зўрға топди.

Бўш тугунни олиб қайтаркан, бехосдан кўз олди қоронғулашиб, деворга суяниб қолди. Истамаса-да, чанг қўнган юзини томчи ёшлар ювиб туша бошлади. Қўлини белига тираганча қўшнисиникига гап бергани чиқаётган янга уни кўриб юраги ёрилаёзди.

̶ Бугунча етар. Бор, уйга кириб бир пас чўзилиб ол. Хонтахта устига чой-нонингни қўйганман. Нимжонлигини-чи, – деди зарда билан.

Туш кўрди. Истаганидек аммасини, онасини эмас – мусичани. Мусича унга қараб “ку-ку”лабди. Сўнг аллақаердан тумшуғида ўзиникидек қанот олиб келиб, унинг елкасига ташлабди. Қиз шивир-шивирдан уйғониб кетди. “Қўрқиб кетдим, ўлиб қоладими деб. Ҳартигур жони қаттиғакан”. “Сенам, ур деса кўзини чиқарма-да, аҳмоқ. Кўниккунча, ая”. Қиз ҳолсизгина ўрнидан турди, ҳовлига аланглади.

̶ Жим. – Тоға хотинига имлади. Сўнгра Хадичага: – Кел, қизим. Ҳозиргина янганг чаққонгина чиқиб қолди, деб мақтаётувди. Мана буни ол-чи, – деб бир бош узумдан узиб берди тоға.

Эртасига ўзи зўрға омонат турган дунё ўз бағридан яна икки инсонга жой берди. Янга енгил бўлди. Эгизак Ҳасан-Ҳусан ўғил кўрди. Келди-кетди бошланиб, ниҳоясига ҳам етди.

– Ташвишлар билан бўлиб индамадим. Сени қучоғимда эркалаб ётиш учун олиб қолганим йўқ. Куз келяпти. Бундан кейин ҳар эрталаб даштга тезак тергани чиқасан. Пешингача халтани тўлдир. Тушундингми, писмиқ?
Хадича секингина бош ирғаб қўйди.

Эртасига Хадича халтани олди-ю даштга қараб жўнади. Ҳам меҳрини, ҳам қаҳрини сочиб тургувчи қуёш билан ёлғиз қолди. Узоқ юрди. Мана, иссиқда тарашадай қотиб қолган тезакларни базўр олиб халтасига сола бошлади. Ана, яна биттаси. Лекин булар камлик қилади. Юриб-юриб бошқа бир қишлоқнинг биқинидан чиқди.

– Ия, – кўзини қаттиқ юмиб, яна очди. – Ахир.. ана, онам-ку! Онажон! – халтасини ерга ташлаб югурди. Мўътабар орқасидан эргашиб чиққан малларанг қизни қўлига олди-да, ғиштин деворли уйга кириб кетди. Хадича қадамларини секинлатди, тўхтади. Дарвозага узоқ тикилди. Кўзидаги мўлтираб турган ёш томчисида ҳам ўша дарвоза узоқ қалқиб турди. Қиз изига шашт билан қайтди-да, халтани судраб йўлига равона бўлди…

– Тавба, ёз охиригаям ўхшамайди. Сув сепиб бўлдингми? Ичкарига кир-да, бешикларни тебрат. Жувонмарг, тез бўл!

Йиғи товуши эшитилди. Қиз ўзини хонага отди ва икки бешик орасига ўтириб, бараварига тебрата бошлади. Қиз чақалоқларнинг гоҳ унисига, гоҳ бунисига тикилар экан, ўз ўрнида онасини тасаввур қилди. Анча фурсат ўтгач, янги меҳмонлар бармоқчаларини оғизларига тиққанча ухлаб қолишди. Хадичанинг кўзи энди илинмоқчи ҳам эдики, ҳайтовур ҳовлидан кечки овқатга чақириб қолишди. Янгаси билан вақтинча ўрин алмашди. Чиқиб супадаги дастурхонда қолдирилган насибасини еди. Бироздан сўнг ичкаридан чақириқ бўлди. Хадича яна икки бешик ўртасида, қўллари у ёқдан-бу ёққа бориб келди.

Бошига тушган тарсакидан Хадича сапчиб уйғонди.

– Ер ютсин сени, ергина ютсин! Очликдан ўлгур! Кўзинг қаёқда? Буларни йиғлашини қара. Қулоғинг тешилгур, эшитмаяпсанми? Шундай ширин уйқу бузилди-я. Аниқ, сенга онанг ўргатиб кетган, – жавраб-жавраб чиқиб кетди янга. Тун деразадан совуқроқ оҳ уриб қўйди. “Аллаё, алла” бешик тебранишига мос айтила бошланди.

Тонг эринибгина кўзини очди. Чақалоқлар аллақачон уйқуга кетган бўлса-да, бешик тиним билмаяпти. Қуёш заркокилларини ёйган ҳам эдики, янга кириб келди:

– Тухум босган товуқдай ўтирибсанми? – мийиғида кулди. – Тур, даштга қараб жўна. Бошқалар териб кетмасин яна.

Хадича ўрнидан туришга бир интилди-да, мадори етмай яна ўтириб қолди.

– Эй, менга бунақа қилиқларинг ўтмайди. Индамаганимга ўзингдан кетдинг-ку, – янга зардаси қайнаб, Хадичанинг қўлидан тортқилаб судрай бошлади.

Хадича тезак ҳидига анча кўникди, жирканмайдиган ҳам бўлди. Фақат ўша қишлоқнинг ўша уйи яқинига бориб, узоқ термулишни ҳам канда қилмади. Қайтганидан сўнг эса яна ўша икки бешик, яна ўша оралиқ.

Мана, бугун ҳам “тезак терим”ига қараб йўл олди. Анчасини тиконлар ичидан топди. Бу сафар тиконлар қўлини қонатолмади. Аммо боши яна айланиб, лаблари қуруқшаб, мадорсиз йиқилди. Қиз тошга бошини қўйганча, бир муддат мизғиб олди. Сўнг яна ўша ғиштин уй томон юзланди.

“Йўқ, бундан кейин бормайман. Шунча кунлар ичида бир марта бўлсаям хабар олишга, аҳволимни кўришга келмадилар”.

Бошини қўйган тош оғирроқ бўлиб юрагига кўчди. Дадиллангач, уйга – эгизакларнинг олдига қайтди. Бешиклар шитоб билан тебрала бошланди. Хадича уларга диққат билан разм солди: “Сизлар ҳам катта бўлгач, урушга борасизлар. Сизлар ҳам у ерда йўқолиб кетасиз. Сизларнинг хотинингиз ҳам болаларини ташлаб кетади. Кейин болаларингиз мендай… мендай…” У ёғига ҳўнграб йиғлаб юборди. Чақалоқлар ҳам жўр бўлишди. Бу йиғи оғилхонага кириб кетган янгага эшитилмади.

Яна азобли кунни чорлаётганидан хижолат бўлиб тонг оқарди. Тарашадай қотган таппилар халтага бирин-кетин тушарди. Бу сафар Хадича янада узоқ кезинди. Қайтишда аскарлардай тик турган тераклардан бири уни ўз ҳифзу ҳимоясига олмоқчи бўлиб соясига чорлади. Халтани ерга қўйди ва қонталаш бўлиб қолган қўлчаларини бир-бирига ишқалади. Шунда кўйлаги қатидан нимадир ўзининг борлигини билдириб шитирлади. Аммаси доим кўйлакчалари этагининг ички томонига чўнтакча тикиб қўярди. Хадича этагидан бир қарич тепада бўлган ички чўнтагидан букланган қоғоз олди. Кейинги пайтларда унутиб қўйган табассуми яна юзига меҳмон бўлди. Ва аввалига лаблари аста пичирлади, сўнгра овоз чиқариб ўқий бошлади: “Алиф, бе, те, се…”

У, ёшига қараганда анча бақувват кўринадиган мўйсафид чолнинг ўтиб кетаётиб тўхтаганини ҳам, ўзига қизиқсиниб қараб турганини ҳам сезмади. Чол томоқ қирди.

– Ассалому алайкум, устоз! – Хадича бу чолга кўпчилик шундай мурожаат қилганини эшитган эди.

– Ваалайкум ассалом, қизим! Барака топинг. Овозингизни эшитиб қолдим. Қўлингиздагини бошқатдан ўқиб кўринг қани.

Қиз тетиклашди. Энтикиб бошидан бошлади ва тўхтамасдан охирига етказди.

– Бале, қизим! Саводингиз бор экан-ку. Устозингиз ким бўладилар?
– Мутаҳҳара аммам.

Чол кўзини бир нуқтага қадаб турди. Бундай аёлни эслолмагач, яна савол қотди:
– Яхши-яхши. Кимнинг қизисан?

Қиз юзидаги меҳмон табассум ўрнини маъюсликка бўшатиб берди. Кўзини ерга қадади.

– Дадамнинг қизиман. Аммо… урушдан қайтмаяптилар. Шунинг учун ҳозир аммамнинг қизиман. Лекин… – Хадича кўзига қуйилиб келган ёшни базўр ушлаб қолди. Чол кулимсираб гапида давом этди:

– Қизим, мактабга боришни истайсанми? Ўзингга ўхшаган дугоналаринг билан бирга ўқийсан.

Энди йиғилиб турган кўз ёшлари танаффусга чиққан болалардай бирин-кетин ташқарига отилди.

– Ҳа, – йиғламсираганча кулди Хадича, – ҳа, жудаям боргим келади.

Чолни қаттиқ қучоқлаб олгиси келди-ю, ийманди.

– Эрта-индин ўқиш бошланади. Қаерда яшайсан, қизим? Уйдагиларинг билан гаплашай?

– Ҳув анави ерда, – қўли билан кўрсатганига кўнгли тўлмай, югургилаб кетди. Чол эргашди. Дарвоза олдига етгач:
– Мана шу ерда яшайман, – деди.

– Э, бўлди-бўлди, Темирқулнинг шаҳарлик жияни экансан-ку. Унда эртага албатта кираман.

Хадича хурсандлигидан халтасининг оғирлигини сезмаган ҳолда ҳовлига кирди. Янгаси ҳали ичкарида эканлигидан фойдаланиб, супага сув сепди. Қўллари шилинишини ўйламай, супурди. Сўнг нафасини ростлагани ерга чўк тушди.

– Хадича! – деб бақирганча ичкаридан янга чиқди.
– Шу ердаман, янга.

Янга бир ҳовлига, бир қизга, бир унинг юзидаги табассумга қаради-да, ғашланди.
– Бор, бешикни терват.

Хадича чексиз хаёлларга берилганча, ичкарига кириб кетди. Алланинг ўрнига туни билан эгизакларга мактаб ҳақида, устоз – чол ҳақида, орзулари ҳақида айтиб чиқди.

Орзулар тонги уни уйғотгач, чойни ҳам ичмай даштга равона бўлди. У ёқдан бу ёққа югуриб, халтасини тезроқ тўлдиришга интилди. Қиз у йўғида устоз – чолнинг уйга бориб қолишидан хавфсирарди. Ана, бўлди. Хадича умидлар, хаёллар билан ким ўзарга баҳслашиб уй томон югура кетди. Шунчалик тез чопардики, уни йўлдан тўхтатишга уринаётган тошларга бир-икки қоқилиб ҳам олди. Энтикиб-энтикиб нафас олганча дарвозадан ичкари кирди ва ҳовли ўртасида турган янганинг важоҳатини кўриб қўрқувдан кўзлари косасидан чиқиб кетай деди.

– Ҳа, итнинг боласи! Кел, берироқ кел. – Янганинг қўлидаги ҳозиргина тандир ковланган косовдан ингичка оқиш тутун ипдай сизилиб турарди. – Сан эшакни юкинг енгиллик қилибди шекилли, ҳайвон! Бизлар номини эшитмаган мактабда ўқигилари келиб қолибди-да. Ўқимишли қиз бўлгингиз келдими, а? Мана сенга мактаб! Мана сенга китоб! Мана сенга… – Янга ғазаб билан қизнинг оёқ-қўлларига косов билан ура кетди.

– Лахта-лахта қон ютгур! Мен айтдим, нега бу кечадан бери диконглаб қолди деб! Ичидан пишган ифлос, писмиқ экансан-ку. Ўқишни биламан дегин! Қани ўша қоғоз, қани? Чийиллама, ит, чийиллама! Бер тез!

Хадича ерга йиқилиб тушди, оғриқ зарбидан томаётган ёшлари тупроққа қоришди. Этагидаги чўнтакчадан қоғозни чиқариб дарров узатди.

– Тавба, шу муштдай бошига бунча айёрлиг-эй! Шайтоннинг сутини ичгансан, сен чаён. Мана! Мана сенга “алиф”! Мана сенга “бе”! – Янга жон аччиғида букланган қоғозни майдалаб ташлади. Ҳовури босилмай телбаларча бақира бошлади:

– Бошингни кўтар! Оч оғзингни, оч деяпман, падарлаънати! Оч!.. Ҳа, энди мана буларни ют! Оғзингда битта бўлагиниям кўрмай… Ҳа, ана шундай… Мана сенга сабоқ. Ҳиқиллама. Йиғлама деяпман. Энди тур ўрнингдан, тур! – янга Хадичани қўлидан судраганча оғилхона биқинидаги уйчага олиб кирди. Ичкаридан эшикни маҳкам ёпди.

– Манимча, санларнинг отанг тирик. Санлардан қочиш учун ҳам урушдан қайтмаган. Илонда ёғ қолдимикан, ё барини ялаб бўлдиларингми? Менга қара, яшшамагур! Кўзимга қара! – қизнинг юзига шапатилади. – Кечроқ анави чириган чол яна келади. Сандан уми, тоғангми, мактабда ўқигинг келяптими, деб сўрашса, йўқ дейсан! Тушундингми? Йўқ, ўқимайман, дейсан. Агар ортиқча бир оғиз гапирсанг, бугунгидан бешбаттар қиламан, бешбаттар. Тушундингми? – Боя косов куйдирган еридан янга қаттиқ чимчилаб сўради.

Қиз оғриқдан дод деганча, янгасининг оёғига шилқ этиб тушди. Ва ҳолсиз: “Тушундим, ҳаммасини тушундим. Кечиринг”, деб йиғи аралаш пичирлай бошлади. Кўнгли жойига тушган янга уйчани тарк этди. Қўрқувдан ташқари чиқа олмаган аламли йиғини кекса пахса деворлар ҳамдардлик билан тинглар ва қизни қандай юпатишни билмасди.

Ой доғларини анҳорга кўрсатгани яна келди. Янга Хадичага қўл-оёқларидаги косов излари кўринмаслиги учун енги узун чопонча берди. Темирқул хотини билан алланималарни шивирлашиб олди. Шу пайт дарвоза тақиллаб, “Темирқулбек, уйдамисиз?” деган таниш овоз янгради.

– Устоз, қани келинг, марҳамат. Тўрдан ўтинг, тўрдан, – супадаги хонтахта атрофига тўшалган кўрпачадан жой кўрсатди Темирқул.

– Асло овора бўлманг, ташрифим тез қарийди. Хўш, эрталаб айтган таклифимизга жавоб олгани келдим. Болаларимизнинг саводи чиқса, ўзимизга яхши. Хадичанинг ўзи нима деса, шу дегандингиз. Чамамда, ўзи ҳам астойдил истаётганди.

– У ўқиса, саводли бўлса, албатта биз ҳам хурсандмиз. Аммо ҳайронман, эрталабки суҳбатимиздан сўнг Хадичадан сўрасам, “Тоғажон, боя устозга ҳаяжонланганимдан ўқишни истайман, деб юборибман. Кейин яхшилаб ўйлаб кўрдим. Илм олишга қизиқишим унчалик эмас, устознинг ишончларини оқлай олмайман”, деса бўладими. Биласиз, бировнинг омонати. Кўнглига қарамасак бўлмайди. Юраги яримтага яна озор бериб қўймайлик дедиму, бошқа гап очмадим.

Устоз қовушмаган гапларни ҳазм қилолмай оғринди. Бир Темирқулга, бир ичкари уй томон қаради-да:
– Темирқулбек, қарши бўлмасангиз, Хадичани кўндиришга ўзим бир ҳаракат қилиб кўрай. Ёш бўлса-да, зеҳни жуда ўткир экан. Бунақа ёшларнинг қобилиятини сўндирмаслигимиз керак.

– Хўп бўлади, устоз. Зора сизнинг гапингизга кўнса.

Тоға уйга юзланди:
– Қизим, Хадича, бу ёққа бир келиб кет.

Олдиндан тайёргарлик кўрилгани бежиз эмас. Уйдагилар чолнинг қайсарлигидан хабардор эди. Янга Хадичанинг қулоғига: “Айтганимдай гапирасан, гўштингни ейман”, деб шивирлади-ю, ортидан енгилгина итариб хонадан олиб чиқди. Хадича кўзини ердан узмаган кўйи катталар қошига келди:
– Ассалому алайкум! – сўниккина овоз эшитилди.

Чол қизнинг кечаги шижоатидан увоқча ҳам тополмай ҳайратланди.

– Қизим, кеча сизнинг саводингиздан анча мамнун бўлдим. Агар мактабга борсангиз ёзишни ҳам ўрганасиз, бошқа илмларни ҳам ўқийсиз Нима сабабдан фикрингиздан бунчалик тез қайтдингиз? Нимага, қизим?

Хадича ёшларини кўзи билан ютоқиб-ютоқиб ютди. Ўргатилган жавобни айтмоқчи бўлди-ю, томоғига тиқилиб келаётган йиғи бунга йўл қўймади. Қиз бир муддат жим қолди.

– Хадича, устознинг гаплари тўғри. Бунчалик тихирлик қилма, – деди тоға.

Хадичанинг кўзи тўсатдан тоғасининг хонтахта остидан ўқталиб турган муштига тушди.

– Ўқишни хоҳламайман. Ўқимайман. Адашдим. Ўқишни истамайман. – Қиз шу сўзларни тинмай бир неча бор такрорлади-да, оғир хўрсинди.

Устоз тушунди.

– Ҳечқиси йўқ, майли, қизим. Сизга рухсат, – деди чол маъюс оҳангда. Сўнг беихтиёр қизчанинг оёғидаги қизариб чиққан пуфакчаларга, қонталаш изларга кўзи тушди. Агар қиз кўнса, унга ёмон бўлишини англади. Дарҳол ўрнидан қўзғалди.

– Фақат ранжиманг, устоз. Ёш-да ҳали. Вақти келса, хатосини англаб етади.

Чол нафратомуз нигоҳини ҳамқишлоғига қадади-да, дарвоза томон шошилди.

Шу кундан бошлаб янга Хадичани бировга айтиб қўймасин деб, уйдан чиқармай қўйди. Бешик тебратиш асносида кирларни ювдирар, ўтин ташитар ва бошқа майда-чуйда ишларни қилдирадиган бўлди.

Хадича бешикларни туни билан қон ютиб тебратиб чиқар экан, уни орзуларидан, акасидан айрилишига, бутун азоб-уқубатларига сабаб бўлаётган икки чақалоққа нафрат билан боқар, “аллаё, алла” сўзларини алам ва қарғиш оҳангига ўраб айтарди. Шу зайлда орадан ҳафталар ўтди.

Кунларнинг бирида тоға билан янга супада овқатланиб ўтирганда дарвоза қаттиқ тақиллади. Аллақандай қўрқув бир зумда иккаласининг юрагига мўралаб чиқди. Темирқул аста ўрнидан қўзғалиб, дарвоза томон яқинлашди. Бу орада эшик яна ҳалигидай тақиллади.

– Ким у? – ўдағайлагандай бўлди Темирқул.
– Бизмиз, тоға, очаверинг.

– Э, етимчанинг ярми-ку бу, – янгага қараб имо қилди-да, занжирни еча бошлади.

– Кучини қаранглар. Нима, отанг гўридан тирилиб ортингдан қувдими? Ичкарига кир. – Дарвозани очиб, не кўз билан қарасинки, эшик оғзида бўйлари баланд, бошига қорамтир рўмол ташлаган амма Исомиддиннинг қўлидан ушлаганча юзидан қаҳр томиб турибди.

– Ўлганларни безовта қилаверманг. Сиздайларнинг оғзида номлари тилга олиниб, руҳлари чирқирамасин, – деди амма.

Темирқул каловланиб қолди:
– Ие, келинг, келинг, опа. Яхшимисиз? Тоғам яхшимилар?.. Хотин, Хизирни йўқласак бўлар экан а?! …Ҳозиргина… йўғе… деярли ҳар кун сизни эслаб, мақтаб ўтирамиз. Қаранг…

– Вой, бизни йўқлаганингиздан айланай. Ўтинг, уйимизнинг тўри сизники. Узоқ йўлдан келгансиз. Яқинда Хадича сиз ўргатган ҳарфларни мақтаниб ўқиб берди бизга, – ялтоқланишга сўз тополмаётган янганинг гаплари пайдар-пай эди.

Шашт билан ҳовли ўртасигача келган амма чўрт кесди:
– Хабарим бор. Хадичани чақиринг.

– Овқат устига келганингизни қаранг… Қайнонаси суйган одам экансиз…

– Келинимни сотиб, пиширган овқатингиз ўзингизга буюрсин. Мен сизга Хадичани чақиринг дедим.
Амманинг қиличдан-да ўткир тилидан ҳамма зирқирарди.

– Мана… мана, ҳозир… – ўтда қолган одамдай питирларди янга.

– Унақа деманг, опа. Мўътабар сизга келин бўлса, менга сингил. Унга ёмонликни раво кўрмаймиз, – ғудранди Темирқул.

Бу гапдан сўнг амма унга шундай қарадики, Темирқулнинг ўзи ерни ёриб кириб кетгудай бўлди. Янга лип этиб ўзини ичкарига урди.

– Тез кийимингни еч, бўлақол. – Тахмон орасидаги тугунни титкилаб янги кўйлак олди, – энди мана буни кий. Уфф, сендан сассиқ ҳид келяпти. Чўмилтириб қўйинг, деб айтмайсанми, бегона эмасман-ку, ўзим айланиб кетай сендан. Тўхта, – бошқа хонага югургилаб кириб ёғоч тароқни олиб келди-да, апил-тапил Хадичанинг сочини тараб, бир ўрим қилди. Бағрига қаттиқ босиб, юз-кўзларидан ўпди. – Аслида сени жуда яхши кўраман. Энди юр.

Хадича тўсатдан бўлаётган бундай муомалага ҳайрон эди. Гўё туш кўраётгандай. Аммо ҳовлига чиқиши билан барчасини англаб етди.

– Амма! Аммажон!.. – Хадича югуриб аммасининг бағрига ўзини урди. Унинг бўғзидан отилиб чиқаётган нидо ва кўз ёшлари тўхтамасди. Сўнг акаси билан ҳам ҳўнг-ҳўнг йиғлаб кўришди.

– Хўш, энди кетсак ҳам бўлади, – деди амма мурғак жонларга меҳрли нигоҳларини тикиб.

Хадичанинг тўсатдан юзи оқарди. Тепасида қизиган косов тургандай қўрқиб, орқасига ўгирилди.
– Э, шошманг, опа. Хадичани бизга қолдириб кетасиз. Эндигина у бизга, биз унга ўрганиб қолгандик. Ахир онасига сўз берганмиз. Ҳеч қурса, ўзидан сўранг.

Амма Хадичага қаради. Хадича яна йиғлади-да, аммасини қучоқлаб олди. Шунда амманинг кўзи қизчанинг қўлларидаги, оёқларидаги жароҳатларга тушди-ю, янганинг олдига тутоқиб борди. Кўзларини у ёқдан бу ёққа олиб қочаётган янганинг юзига бор кучи билан тарсаки тортиб юборди.

– Болаларимни ўзим катта қиламан, – деди амирона оҳангда. Бу ҳовлида охирги қадамларини ташлаб, дарвозадан уч инсон қайтмас бўлиб чиқиб кетишди. Чиқаётиб қизнинг кўзи дарвоза тепасида турган мусичага тушди…

Улар узоқ йўл юриб, баҳайбат чинор олдига келганларида амма тўхтади.

– Исомиддин, Хадича, ҳув анави ғиштин ҳовлига кириб, онангиз билан хайрлашиб чиқинглар.

– Амма, сиз ҳам биз билан юринг, – деди Исомиддин ҳаяжонланиб.
– Йўқ, мен сизларни шу ерда кутаман.
– Тезда чиқамиз. Кетдик, Хадича. Онамни бирам соғиндимки.

Хадича акасининг кўкарган кўзига, юзининг тимдаланган жойларига тикилиб турди. Сўнг онаси кетгандан кейин кечирган куну-тунларини хаёл тасмасидан бир-бир ўтказди.

– Йўқ, мен бормайман. Ҳеч қачон бормайман.

Амма ҳам, ака ҳам Хадичага ҳайратомуз нигоҳларини қадашди. Амма унинг бошини силаганча:
– Онангни яна қачон кўрасан, худо билади. Борақол, – деди.

– Йўқ, истамайман. Бизни ташлаб кетдилар. Бир мартаям мени йўқлаб келмадилар. Қанча кутдим, қанча… – Хадича йиғлаб юборди.

Ака ёлғиз ўзи жўнади. Берироқдаги шилдираётган, шивирлаётган ариқнинг бўйида амма-жиян, йўқ, она-қиз ёлғиз қолди.

– Аммажон, бизни қандай топдингиз? – сўради қиз.
– Устоз… – деди амма жилмайиб.

Қиз ҳайратланди ва юзига масъумгина табассум югурди. Ариқ меҳмонларига анча сирларини шивирлагач, узоқдан темир дарвозанинг очилиб-ёпилгани эшитилди. Ака ҳар қанча енглари билан кўзини артмасин, ёшларини тиёлмасди:
– Кетдик, – деди у оҳиста.

Бир йилдан кейин тоғанинг эгизакларидан бири ўлибди, деган хабар келди…

Кунлар, ойлар, йиллар умрни, одамларни, ҳатто уруш деган даҳшатли ваҳимани ҳам оқизиб кетди. Фақат… фақат… Хадичанинг юрагидан умр бўйи азоб берган тошни оқизиб кетолмади…

46-46.jpgEshikning qattiq taqillashi yana yurakda umid uyg‘otdi: “ukajonim”. Opa bir oyog‘iga kovush ilar-ilmas jon holatda eshikka qarab yugurdi…

Bibi Robia’ Saidova
OQMAYDIGAN TOSH
05

04Bibi Robia’ Saidova 1991 yilda Urganch shahrida tug‘ilgan. O‘zMU filologiya fakultetining magistraturasini tugatgan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi va “Ijod” fondi tomonidan “Birinchi kitobim” loyihasi asosida “Parvoz” nomli hikoyalar to‘plami nashr qilingan. G‘.G‘ulom nomli NMIU da “Kakku ovozi” nomli kitobi chop etilmoqda.

05

Eshikning qattiq taqillashi yana yurakda umid uyg‘otdi: “ukajonim”. Opa bir oyog‘iga kovush ilar-ilmas jon holatda eshikka qarab yugurdi.

– Opa, jon opa, Xudo xayringizni bersin! Bosh urmagan eshigim qolmadi. Bu bolamdan ham ayrilmay. Bir piyola un berib turing, jon opa…

Onaning qoqsuyak qo‘llaridagi sarg‘aygan piyola ham bo‘m-bo‘sh qursog‘ini ko‘rsatgancha unsiz un tilanardi. Qurqshagan lablarini ko‘z yoshlari yupatmoqqa urinardi. Mutahhara opa dir-dir titrayotgan piyolani oldi. Oshxonaga kirdi va eski yog‘och sandiq ichidan og‘zi tugunlangan xaltachani olib ochdi…

– Ilohim… ilohim… nimaiki niyat qilgan bo‘lsangiz hamma-hammasiga yeting! Farzandlaringizni rohatini ko‘ring! Urushdan qaytmagan jigaringiz to‘rt muchasi sog‘ qaytsin. Rahmat… rahmat, opajon! Xudodan qaytsin, xudodan… – ushbu titragan ovoz qadam tovushlari bilan birga olislay boshladi.

Opa og‘ir xo‘rsindi. Hovlidagi mo‘jaz supaga parishonxayollik bilan qo‘ndi. “Farzandlaringizni rohatini ko‘ring! Urushdan qaytmagan jigaringiz to‘rt muchasi sog‘ qaytsin”. Xayolini chalg‘itishga har chandon urinmasin, shu jumla quloqlari ostida jaranglab turdi. Mana o‘ttiz yil bo‘libdiki, Xudo farzand bermadi. Ustiga-ustak birgina ukasi urushga ketganidan beri na biror xabar, na xat bor. Urush tugaganiga ham bir yildan oshdi. “Tiq” etgan tovush eshitilsa bo‘ldi, opa beixtiyor ukasi kirib keladigandek, kulga aylanayotgan ishonch bilan, uzilmagan umid bilan peshvozga yuguradi. Etagidan tortayotgan yetti yoshlar chamasidagi qizcha opaning xayollarini bir zumga bo‘lsa-da tarqatib yubordi.

– Amma, qarang. O‘rgatganingizday mana bu, yana mana bu joylarini o‘qib bo‘ldim. Sizga boshidan o‘qib beraymi?

Amma beixtiyor bosh irg‘adi. Qizcha ochilib-buklanaverganidan ezg‘ilangan qog‘ozga qarab o‘qiy boshladi:
– Alif, Be, Te, Se…

Ikki qo‘lida bo‘sh chelak ko‘targan yosh juvon yonida qadamlarini sanayotgan o‘g‘li bilan kirib keldi-da, Mutahhara opaning yoniga horg‘in cho‘kdi. Nafasini bir oz rostlagach:

– Opajon, qo‘shni guzardagi ariqnig suvi ham quribdi. Ertaga keladi deyishsa ham, odamlar satillari bilan ariq boshida poylab o‘tirishibdi, – dedi qo‘li bilan peshonasini, yuzini artarkan. Mutahhara opa avvaliga, ko‘zini bir muddat oyog‘i ostida uymalanib yurgan chumolilardan uzmadi. So‘ng erining xabariga ilhaqlikdan ko‘zlari kirtayib qolgan, ichidagini tiliga chiqarolmaydigan keliniga tikilib qoldi. Rahmi keldi. “Meniku erim tanida o‘qdan sog‘ joy qolmagan bo‘lsa ham qaytib keldi. Bunga qiyin. Sal chalg‘isa yaxshi bo‘lardi”. Shularni o‘ylarkan, sekin gap boshladi:

̶ Kelin, uydagilarni, qishloqdagilarni ham ko‘rmaganingizga ikki-uch yil bo‘lib qoldi. Sog‘ingandirsiz. Yaqinlarni yo‘qlab turish kerak. Bir borib ko‘rib kelsangiz, nima deysiz? Jiyanlar ham tog‘asi, xolalarining bolalari bilan o‘ynab, bir yayrasharmidi.

̶ Mayli.
̶ Lekin juda uzoq qolib ketmanglar. Men sog‘inib qolaman. Agar eringizdan xabar kelsa, darrov bildiraman. – Mutahhara opa ko‘zini yana yerga tikdi. Nigohi uyasiga qaytayotgan chumolilar safiga qo‘shilib oldi.

Ertalab Mo‘tabar har yuvganda yangiday ko‘rinadigan, kelinlik bisotidan qolgan yakkayu yagona ko‘ylagini kiyib chiqdi, tuguniga ul-bul tugdi. Qayin opasi bilan xo‘shlashib, o‘g‘li Isomiddin va qizchasi Xadichani yetaklagancha yo‘lga tushdi. Yo‘l og‘ir qadamlardan bir ingranib qo‘ydi…

Qosh qorayib, chigirtkalar o‘z mushoirasini boshlagan paytda qishloq tanish odimlarni, tanish isni tuydi. Bir paytlar bag‘rida chopib yurgan qizi-ku! Ota-onasi hayotligida qulf yuzini ko‘rmagan eshikni chandon taqillatyaptiki, sas-sado yo‘q. Xayriyat, mana, ovoz chiqdi:

– Kechasi jin chalgan kim bo‘ldiykin-a? Kim u?
– Yanga, men Mo‘tabarman, oching.
– Qaysi Mo‘tabar?.. Voy o‘lay, Mo‘tabarxon, sizmisiz, hozir, hozir, shoshmang.

Nihoyat eshik kishandan ozod etildi. Ichkaridan esnagancha aka ham chiqib keldi.

– Volaykum assalom. Ahvollaring yaxshimi, uydagilar tinchmi? Kuyovdan haliyam xabar yo‘qmi? Shuncha vaqt o‘tdi-ya. Mana urushga ketganlar ko‘r bo‘lsa ham, kar bo‘lsa ham qaytdi. Hech bo‘lmaganda o‘limi haqida xabar keldi. E, mayli, qo‘y o‘shani. O‘zingdan gapir-chi. Haliyam o‘sha achchiq tosh bilan yashayapsanmi?..

Oy kuni yaqin qolgan yanga choy-nondan so‘ng qizchani g‘ingshishiga qaramay ichkari uyga olib kirdi. Isomiddin ularga ergashdi. Aka-singil tun siyohi oqib ketgunga qadar suhbatlashishar ekan, oy Mo‘tabarning yuzida billurday yaltirab tushayotgan yosh donachalarida o‘z aksini qidirish bilan band bo‘ldi.

Supurgining yer bilan shivirlashayotganidan Xadicha uyg‘onib ketdi. Yon-veriga qarasa, hech kim yo‘q. O‘rnidan jon holatda turdi-yu derazaga qarab chopdi:
– Ona, onajon!

– O‘zi jimittaygina-yu, ovozi baloning o‘qiday. Yuragimni yording-ku, muncha chirillaysan. Nima, onang dadangni go‘riga ketarmidi? Shu yerda, sigir sog‘yapti, – dedi yanga qo‘lini beliga tiragancha xalaqit qilayotgan qornini avaylab supurar ekan. Qiz xijolatomuz boshini ichkariga oldi. Chetidan paxtasi titilib chiqqan ko‘rpachasini to‘rt buklab taxlagach, hovliga chiqdi. Yangasiga salom berdi-da qo‘lidan supurgini oldi. Yanga supurgini berar ekan qizning bo‘y-bastiga ko‘z yugurtirib chiqdi. Shu payt qo‘lida sut to‘lga kichkina chelak bilan Mo‘tabar paydo bo‘ldi.

̶ Bergan tarbiyangizga balli, yuzini ham yuvmay qo‘limdan supurgini oldi-ya, – dedi iljayib yanga. Ona qiziga mamnun jilmaydi. So‘ngra:

̶ Yanga, qolganlar ko‘rinmaydi. Kecha akam bilan anchagacha gaplashib chiqqanim uchun uxlab qolibman, – dedi.

– Qachoniydi paxtaga chiqib ketishgani. Akangiz shu bilan hali uxlagani yo‘q. Bu yerda zerikmasin deb, o‘g‘lingizni ham qo‘shib yubordim. Eshitdingizmi, kechga opalaringiz kelisharkan. Sizni rosa sog‘inishgan-da.
Mo‘tabar ma’yus tabassumlandi. Kecha akasining sanchgan gaplari yuragida yana bir qo‘zg‘alib qo‘ydi.

Safari qarigan quyosh bisotini yig‘ishtirarkan paxta chanoqlari ichini ham paypaslab chiqdi. Cho‘pon qo‘ylari bilan birga ahli qishloq ham o‘z uylariga tarqashdi. Shulardan yettitasi bizga tanish uyga kirib ketishdi.

Hamma jamuljam bo‘ldi. Dasturxonda yeyishga ko‘p narsa bo‘lmagani uchun urush va undan qaytgan-qaytmaganlar mavzusi og‘izlarda uzoq chaynaldi. Tog‘aning qizlari bilan birga Xadicha boshqa xonaga, tog‘a esa jiyani Isomiddinnni ergashtirib qo‘ylardan xabar olgani ketdi. Katta opa qolganlarga ko‘zi bilan imladi. O‘zingiz boshlang, deganday boshqa ko‘zlardan imoli javoblar qaytdi. Mo‘tabar suhbat mavzusini sezgani uchun ko‘zidan shashqator to‘kilib tushayotgan bevosh yoshlarini boshqara olmadi. Katta opa bir yo‘taldi-da gap boshladi:

– Xullas, eshitib, ko‘rib yurganingday urush hammaning uyini, jigarini quritdi. Ro‘zg‘orga deb yiqqan narsalarimizni frontga berib bo‘lganmiz. Yo‘qchilikdan ayrimlar bolalarini sotishyapti. Kunjara yeb, o‘t yeb shishib, ochlikdan o‘lganlarni ko‘ryapsizlar. Hammamiz ham rahmatlik otamning orttirgan obro‘lari, qilgan xizmatlari evaziga amal-taqal qilib yuribmiz. Mana, urush tugaganiga ikki yil bo‘ldi, eringni na o‘ligini, na tirigini bilamiz. Gulday umringni shuncha sarg‘aytirganing yetadi… Gapning po‘stkallasini aytadigan bo‘lsak, Qulmat mullaning yaqinda ikkinchi xotini ham o‘ldi. Xullas, seni so‘ratibdi. Hozir unga o‘xshagan chalamullalarning kuni tuqqan. Bundan keyin seni kim ham so‘rab kelardi. Yo‘q dema, masalani tezroq hal qilaylik. Avvalambor o‘zing uchun, keyin biz uchun ham rozi bo‘l.

Mo‘tabar boshini tizzalari orasiga olgancha ho‘ngrab yubordi.

– Axir… axir u “Albatta qaytaman” deb va’da bergan. Shahardagi qayniopam bilan yaznam ham shu ikki yodgorimda ukasining diydorini ko‘rib ovunib yurishibdi. Ularning oldida nima degan odam bo‘laman, – yig‘i aralash hiqqiladi Mo‘tabar.

– E, iltimos, faqat o‘sha Xudo qarg‘aganlarni gapirma bizga. Bolasi bo‘lmagandan keyin sening bolalaringga qaraydi-da. O‘sha er-xotin seni o‘zi bu yerlardan qadamingni uzdirib qo‘yishgan.

– Bekorlarni aytibsiz, – ko‘zida yoshi bilan o‘shqirdi katta opaga Mo‘tabar. O‘zim istamaganman. Senlarni mana shu gaplaringni sezib, qo‘rqardim kelishga. Ularni aralashtirmang!

̶ Voy-vo‘! Toza o‘zgaribsan-ku. Bo‘ldi, yosh qizlarday ko‘p nozlanma! Biz yomonlik tilagan bo‘lsak, hech yo‘qsa go‘daklaringni o‘yla! Sen ketsang, ularni o‘z bolamizday parvarishlaymiz, bu yerda zerikishmaydi. Jin ursin, tushunsang-chi, o‘rtadagi odamning aytishicha, Qulmat mulla bizlarga ham qarashib turarmish… – Muddaosini aytib yuborganidan tilini tishladi. O‘zini o‘nglab yana bobillay ketdi:

̶ Yoki bolalaringni bag‘ringda ochlikdan shishib o‘lganini tomosha qilishni istaysanmi-a, juvonmarg, gapirsang-chi?!

Mo‘tabar endi o‘kirib yig‘lay boshladi. Shu orada opalar nim tabassum bilan ko‘z urishtirib olishdi. O‘rtanchasi ham g‘udranib qo‘ydi:

– Oyoqsiz erim urushdan qaytmaganida o‘zim tegib olardim.

Mo‘tabar qahr bilan boshini ko‘tarib nimadir demoqchi bo‘ldi-yu, bo‘g‘ziga otilib kelayotgan yig‘i bunga yo‘l qo‘ymadi.

Hafta ichi bu azobli mashvarat yana ikki bor takror bo‘ldi…

Bir kuni to‘satdan hovlida ayollar ko‘paydi. Hamma u yoqdan bu yoqqa zuv qatnardi. Shu orada Xadicha turtila-surtila barcha o‘zini urayotgan xonaga bosh suqdi. Qarasa, atrofida girdi kapalak bo‘layotganlar onasiga chiroyli ko‘ylak kiydirishgan, boshiga uzun oq ro‘mol tashlashgan. Lekin yuziga tabassum yugurtira olishmagan, tomayotgan yoshini to‘xtatisholmagan edi. Qiz onasini bunday holatda ko‘rib quchoqlab olgisi keldi. Ammo tiqilinchda o‘tolmadi, so‘ng quvonganidan baralla qichqirdi:

̶ Onajon, chiroyli bo‘lib ketibsiz. Esizdami, qo‘shnimiz Soraning dadasi kelganda onasi ham shunday kiyim kiygandi. Ur-a, dadam kelibdilar!

O‘tirgan ayollardan kimdir: “Tasavvur qilyapman, Qulmat mullani”, dedi. Yengil kulgi ko‘tarildi. Mo‘tabar silkinib-silkinib yig‘ladi va qizini xasta tovush bilan yoniga chaqirdi. Xadichani o‘tkazib yuborishdi. Ona qizini quchog‘idan chiqib ketishini bilib mahkam quchoqladi. “Qizim, qizginam, kechir meni… meni kechiringlar. Sizlarni juda ham yaxshi ko‘raman! Shuni unutmanglar – men uchun ham, otang uchun ham yashashingiz kerak!..” Mo‘tabar yig‘i aralash qizining qulog‘iga shivirladi. Kimdir bir siltashda qizni tortib, qo‘lidan sudragancha tashqariga asta itarib yubordi. Xadicha alam to‘la nigohi bilan bu jafokashga qaradi. Katta xolasi bir irjaydi-yu yana g‘oyib bo‘ldi. Kimlardir uni turtib-turtib o‘tib ketdi. Bir etak paxta to‘lar vaqt o‘tgach, ayollar to‘da bo‘lib ichkaridan chiqishdi. Ayollar qiy-chuvi bilan qadamlar ham asta uzoqlasha boshladi. Bola-baqra ular ketidan yugurishdi, qiyqirishdi. Xadicha ham ular ketidan yugurdi. Ammo… birdaniga, o‘rtadagi oppoq ro‘molli onasini qayoqqadir butunlay olib ketishayotganini, endi birga yashamasliklarini tuydi, yuragi zirillab ketdi. Yo‘l o‘rtasida qotib qoldi. Bolaligi esa onasiga ergashib ketdi.

Osmon qora chodirini tikdi. Chodirining yirtiq joylariga yulduzlardan yamoq soldi. Lekin jajji yurakning kemtik joyiga soladigan yamoq topilmadi. Kechga yaqin opalar yana yig‘ilishdi. Faqat kenja singilsiz. Tog‘a gap boshladi:

– Isomiddin, Xadicha, endi onangiz ham, otangiz ham biz bo‘lamiz. Bundan keyin bizning chizgan chiziqdan chiqish bo‘lmasin! Xo‘sh… Isom, sen hozir mana bu o‘rtancha xolang bilan jo‘naysan. Eri urushda oyog‘ini tashlab kelgan. Og‘ir-yengil yumushlariga qarashib yurasan. Xadicha qizim, sen biz bilan qolasan. Yangangni ahvolini ko‘rib turibsan… xullas, sengayam shu gap. Bo‘ldi, gap tamom. Omin!

– Lekin, – Isomiddin gapining keskin ohangidan o‘zi ham seskandi-yu, pastroq tovush bilan davom ettirdi: – Lekin… ammam singlingni yoningdan ayirma, unga doim ko‘z-quloq bo‘l, degandilar, – bir yutindi-yu, – onam ham, – dedi.

– O‘, tillari biyron-ku! Bu uyda faqat meni gapim bo‘ladi, tushundingmi? O‘sha ammang senlarni… Rahmat deyish o‘rniga… – o‘shqirdi tog‘a.

Tezda yuzlarga fotiha tortildi. Qiz indamas, ma’yuslangan ko‘zlarini tomdagi musichadan uzmasdi. Aka singlisini uzoq vaqt quchog‘idan qo‘ymadi. “Men kelib turaman”, deb shivirladi yig‘i aralash. So‘ngra ayrilishdi.

Ilk tong otdi. Onasiz, akasiz ilk tong otdi. Badaniga nimadir qadalib Xadicha uyg‘onib ketdi. Tepasida yangasi biqiniga oyog‘ini niqtab turardi:

– Tur-ey, molga o‘xshab yotaverarkansan-da. Ko‘chani man supuraymi, a? Keyin paqirlarga suvni to‘ldir!

Qiz uyatdan o‘rnidan dik etib turdi-yu, tandir yonida yotgan bo‘yi tengi keladigan supurgini va g‘adir-budur tunuka chelakni oldi. Ko‘cha labidagi ariqdan suv olib sepdi, supurdi. Kecha daraxtidan ayrilgan barglarni bir joyga to‘pladi-da, tilingani uchun achishayotgan qo‘llarini puf-pufladi. Yanga derazadan ovozini balandlatdi:

– Sani qoldirgan man o‘lay, holing bitta hovli supurishlik ekan-ku. Tezda mana bu ikki satilni olib, paxtazorga yetmasingdan anhor bor, o‘sha yerdan toza suv olib kel… Loyqalatmay ol. Imillama!

Xadicha chelaklarni oldi-da chiqib ketdi. Borsa, anhor bo‘yida sochlarini suvga solgancha majnuntol xayolga berilib o‘ltiribdi. Suv uning aksini har lahza yangilab, “Dunyodagi eng go‘zali – sen” deb harchand ishontirmasin, shamol sochlarini silab, erkalab qancha ertak aytmasin nima uchundir boshi egik. Xadicha chelaklarni daraxt yoniga qo‘ydi. Majnuntolning tollarini siypab: “Seni ham onang tashlab ketdimi?”, dedi. Anhor ham, shamol ham savoliga javob topgandek bo‘ldi. Qiz chelakning birini olib asta suvga soldi. Oqim shashtiga qizning kuchi yetmadi. Chelak qirg‘oq bo‘ylab oqa ketdi. Xadicha dod degancha suv yoqalab ketidan yugurdi. Xayriyat, chelak anhor yuzasiga tegar-tegmas osilib turgan daraxt shoxiga ilinib qoldi. Yengil nafas tortdi-da, darrov chelakni to‘lib qolgan suvi bilan ko‘tardi. Azbaroyi qo‘rqqanidan chelakning og‘irligini ham sezmay ancha yergacha olib bordi. Nafas rostlash uchun yerga qo‘ydi. Yana ko‘tarmoqchi bo‘lgandi, uddalay olmadi. Nihoyat, ikki qo‘llab, zo‘r-bazo‘r ko‘tarib, bir necha qadam yurdi. Shu alfozda ikki chelakni ham tashidi. Keyin panaroq joyga o‘tdi-da qo‘lidagi va yuragidagi og‘riqning zo‘ridan o‘ksinib-o‘ksinib yig‘ladi. Taqdiri tanlagan yo‘lni bilib yig‘ladi.

– Xadicha, qay go‘rdasan?

Xadicha chang ingan yenglari bilan yuzini shosha-pisha artdi-da, chaqiriqqa yuzlandi.

– Mana buni paxtazorga olib borib tog‘angga berasan. Juda imillarkansan. Agar ichini ochganingni bilsam, yer bilan bir qilaman. Tez qimirla!

Xadicha darhol yangasining qo‘lidan tugunni olgan ham ediki, yoqimli hid uni ammasining, onasining yoniga qaytargandek bo‘ldi. Qorni g‘uldiradi. Yutinib-yutinib paxtazorga jo‘nadi. Tog‘asini paxtazor ichiga cho‘kib ketgan odamlar orasidan zo‘rg‘a topdi.

Bo‘sh tugunni olib qaytarkan, bexosdan ko‘z oldi qorong‘ulashib, devorga suyanib qoldi. Istamasa-da, chang qo‘ngan yuzini tomchi yoshlar yuvib tusha boshladi. Qo‘lini beliga tiragancha qo‘shnisinikiga gap bergani chiqayotgan yanga uni ko‘rib yuragi yorilayozdi.

̶ Buguncha yetar. Bor, uyga kirib bir pas cho‘zilib ol. Xontaxta ustiga choy-noningni qo‘yganman. Nimjonligini-chi, – dedi zarda bilan.

Tush ko‘rdi. Istaganidek ammasini, onasini emas – musichani. Musicha unga qarab “ku-ku”labdi. So‘ng allaqayerdan tumshug‘ida o‘zinikidek qanot olib kelib, uning yelkasiga tashlabdi. Qiz shivir-shivirdan uyg‘onib ketdi. “Qo‘rqib ketdim, o‘lib qoladimi deb. Hartigur joni qattig‘akan”. “Senam, ur desa ko‘zini chiqarma-da, ahmoq. Ko‘nikkuncha, aya”. Qiz holsizgina o‘rnidan turdi, hovliga alangladi.

̶ Jim. – Tog‘a xotiniga imladi. So‘ngra Xadichaga: – Kel, qizim. Hozirgina yangang chaqqongina chiqib qoldi, deb maqtayotuvdi. Mana buni ol-chi, – deb bir bosh uzumdan uzib berdi tog‘a.

Ertasiga o‘zi zo‘rg‘a omonat turgan dunyo o‘z bag‘ridan yana ikki insonga joy berdi. Yanga yengil bo‘ldi. Egizak Hasan-Husan o‘g‘il ko‘rdi. Keldi-ketdi boshlanib, nihoyasiga ham yetdi.

– Tashvishlar bilan bo‘lib indamadim. Seni quchog‘imda erkalab yotish uchun olib qolganim yo‘q. Kuz kelyapti. Bundan keyin har ertalab dashtga tezak tergani chiqasan. Peshingacha xaltani to‘ldir. Tushundingmi, pismiq?
Xadicha sekingina bosh irg‘ab qo‘ydi.

Ertasiga Xadicha xaltani oldi-yu dashtga qarab jo‘nadi. Ham mehrini, ham qahrini sochib turguvchi quyosh bilan yolg‘iz qoldi. Uzoq yurdi. Mana, issiqda tarashaday qotib qolgan tezaklarni bazo‘r olib xaltasiga sola boshladi. Ana, yana bittasi. Lekin bular kamlik qiladi. Yurib-yurib boshqa bir qishloqning biqinidan chiqdi.

– Iya, – ko‘zini qattiq yumib, yana ochdi. – Axir.. ana, onam-ku! Onajon! – xaltasini yerga tashlab yugurdi. Mo‘tabar orqasidan ergashib chiqqan mallarang qizni qo‘liga oldi-da, g‘ishtin devorli uyga kirib ketdi. Xadicha qadamlarini sekinlatdi, to‘xtadi. Darvozaga uzoq tikildi. Ko‘zidagi mo‘ltirab turgan yosh tomchisida ham o‘sha darvoza uzoq qalqib turdi. Qiz iziga shasht bilan qaytdi-da, xaltani sudrab yo‘liga ravona bo‘ldi…

– Tavba, yoz oxirigayam o‘xshamaydi. Suv sepib bo‘ldingmi? Ichkariga kir-da, beshiklarni tebrat. Juvonmarg, tez bo‘l!

Yig‘i tovushi eshitildi. Qiz o‘zini xonaga otdi va ikki beshik orasiga o‘tirib, baravariga tebrata boshladi. Qiz chaqaloqlarning goh unisiga, goh bunisiga tikilar ekan, o‘z o‘rnida onasini tasavvur qildi. Ancha fursat o‘tgach, yangi mehmonlar barmoqchalarini og‘izlariga tiqqancha uxlab qolishdi. Xadichaning ko‘zi endi ilinmoqchi ham ediki, haytovur hovlidan kechki ovqatga chaqirib qolishdi. Yangasi bilan vaqtincha o‘rin almashdi. Chiqib supadagi dasturxonda qoldirilgan nasibasini yedi. Birozdan so‘ng ichkaridan chaqiriq bo‘ldi. Xadicha yana ikki beshik o‘rtasida, qo‘llari u yoqdan-bu yoqqa borib keldi.

Boshiga tushgan tarsakidan Xadicha sapchib uyg‘ondi.

– Yer yutsin seni, yergina yutsin! Ochlikdan o‘lgur! Ko‘zing qayoqda? Bularni yig‘lashini qara. Qulog‘ing teshilgur, eshitmayapsanmi? Shunday shirin uyqu buzildi-ya. Aniq, senga onang o‘rgatib ketgan, – javrab-javrab chiqib ketdi yanga. Tun derazadan sovuqroq oh urib qo‘ydi. “Allayo, alla” beshik tebranishiga mos aytila boshlandi.

Tong erinibgina ko‘zini ochdi. Chaqaloqlar allaqachon uyquga ketgan bo‘lsa-da, beshik tinim bilmayapti. Quyosh zarkokillarini yoygan ham ediki, yanga kirib keldi:

– Tuxum bosgan tovuqday o‘tiribsanmi? – miyig‘ida kuldi. – Tur, dashtga qarab jo‘na. Boshqalar terib ketmasin yana.

Xadicha o‘rnidan turishga bir intildi-da, madori yetmay yana o‘tirib qoldi.

– Ey, menga bunaqa qiliqlaring o‘tmaydi. Indamaganimga o‘zingdan ketding-ku, – yanga zardasi qaynab, Xadichaning qo‘lidan tortqilab sudray boshladi.

Xadicha tezak hidiga ancha ko‘nikdi, jirkanmaydigan ham bo‘ldi. Faqat o‘sha qishloqning o‘sha uyi yaqiniga borib, uzoq termulishni ham kanda qilmadi. Qaytganidan so‘ng esa yana o‘sha ikki beshik, yana o‘sha oraliq.

Mana, bugun ham “tezak terim”iga qarab yo‘l oldi. Anchasini tikonlar ichidan topdi. Bu safar tikonlar qo‘lini qonatolmadi. Ammo boshi yana aylanib, lablari quruqshab, madorsiz yiqildi. Qiz toshga boshini qo‘ygancha, bir muddat mizg‘ib oldi. So‘ng yana o‘sha g‘ishtin uy tomon yuzlandi.

“Yo‘q, bundan keyin bormayman. Shuncha kunlar ichida bir marta bo‘lsayam xabar olishga, ahvolimni ko‘rishga kelmadilar”.

Boshini qo‘ygan tosh og‘irroq bo‘lib yuragiga ko‘chdi. Dadillangach, uyga – egizaklarning oldiga qaytdi. Beshiklar shitob bilan tebrala boshlandi. Xadicha ularga diqqat bilan razm soldi: “Sizlar ham katta bo‘lgach, urushga borasizlar. Sizlar ham u yerda yo‘qolib ketasiz. Sizlarning xotiningiz ham bolalarini tashlab ketadi. Keyin bolalaringiz menday… menday…” U yog‘iga ho‘ngrab yig‘lab yubordi. Chaqaloqlar ham jo‘r bo‘lishdi. Bu yig‘i og‘ilxonaga kirib ketgan yangaga eshitilmadi.

Yana azobli kunni chorlayotganidan xijolat bo‘lib tong oqardi. Tarashaday qotgan tappilar xaltaga birin-ketin tushardi. Bu safar Xadicha yanada uzoq kezindi. Qaytishda askarlarday tik turgan teraklardan biri uni o‘z hifzu himoyasiga olmoqchi bo‘lib soyasiga chorladi. Xaltani yerga qo‘ydi va qontalash bo‘lib qolgan qo‘lchalarini bir-biriga ishqaladi. Shunda ko‘ylagi qatidan nimadir o‘zining borligini bildirib shitirladi. Ammasi doim ko‘ylakchalari etagining ichki tomoniga cho‘ntakcha tikib qo‘yardi. Xadicha etagidan bir qarich tepada bo‘lgan ichki cho‘ntagidan buklangan qog‘oz oldi. Keyingi paytlarda unutib qo‘ygan tabassumi yana yuziga mehmon bo‘ldi. Va avvaliga lablari asta pichirladi, so‘ngra ovoz chiqarib o‘qiy boshladi: “Alif, be, te, se…”

U, yoshiga qaraganda ancha baquvvat ko‘rinadigan mo‘ysafid cholning o‘tib ketayotib to‘xtaganini ham, o‘ziga qiziqsinib qarab turganini ham sezmadi. Chol tomoq qirdi.

– Assalomu alaykum, ustoz! – Xadicha bu cholga ko‘pchilik shunday murojaat qilganini eshitgan edi.

– Vaalaykum assalom, qizim! Baraka toping. Ovozingizni eshitib qoldim. Qo‘lingizdagini boshqatdan o‘qib ko‘ring qani.

Qiz tetiklashdi. Entikib boshidan boshladi va to‘xtamasdan oxiriga yetkazdi.

– Bale, qizim! Savodingiz bor ekan-ku. Ustozingiz kim bo‘ladilar?
– Mutahhara ammam.

Chol ko‘zini bir nuqtaga qadab turdi. Bunday ayolni eslolmagach, yana savol qotdi:
– Yaxshi-yaxshi. Kimning qizisan?

Qiz yuzidagi mehmon tabassum o‘rnini ma’yuslikka bo‘shatib berdi. Ko‘zini yerga qadadi.

– Dadamning qiziman. Ammo… urushdan qaytmayaptilar. Shuning uchun hozir ammamning qiziman. Lekin… – Xadicha ko‘ziga quyilib kelgan yoshni bazo‘r ushlab qoldi. Chol kulimsirab gapida davom etdi:

– Qizim, maktabga borishni istaysanmi? O‘zingga o‘xshagan dugonalaring bilan birga o‘qiysan.

Endi yig‘ilib turgan ko‘z yoshlari tanaffusga chiqqan bolalarday birin-ketin tashqariga otildi.

– Ha, – yig‘lamsiragancha kuldi Xadicha, – ha, judayam borgim keladi.

Cholni qattiq quchoqlab olgisi keldi-yu, iymandi.

– Erta-indin o‘qish boshlanadi. Qayerda yashaysan, qizim? Uydagilaring bilan gaplashay?

– Huv anavi yerda, – qo‘li bilan ko‘rsatganiga ko‘ngli to‘lmay, yugurgilab ketdi. Chol ergashdi. Darvoza oldiga yetgach:
– Mana shu yerda yashayman, – dedi.

– E, bo‘ldi-bo‘ldi, Temirqulning shaharlik jiyani ekansan-ku. Unda ertaga albatta kiraman.

Xadicha xursandligidan xaltasining og‘irligini sezmagan holda hovliga kirdi. Yangasi hali ichkarida ekanligidan foydalanib, supaga suv sepdi. Qo‘llari shilinishini o‘ylamay, supurdi. So‘ng nafasini rostlagani yerga cho‘k tushdi.

– Xadicha! – deb baqirgancha ichkaridan yanga chiqdi.
– Shu yerdaman, yanga.

Yanga bir hovliga, bir qizga, bir uning yuzidagi tabassumga qaradi-da, g‘ashlandi.
– Bor, beshikni tervat.

Xadicha cheksiz xayollarga berilgancha, ichkariga kirib ketdi. Allaning o‘rniga tuni bilan egizaklarga maktab haqida, ustoz – chol haqida, orzulari haqida aytib chiqdi.

Orzular tongi uni uyg‘otgach, choyni ham ichmay dashtga ravona bo‘ldi. U yoqdan bu yoqqa yugurib, xaltasini tezroq to‘ldirishga intildi. Qiz u yo‘g‘ida ustoz – cholning uyga borib qolishidan xavfsirardi. Ana, bo‘ldi. Xadicha umidlar, xayollar bilan kim o‘zarga bahslashib uy tomon yugura ketdi. Shunchalik tez chopardiki, uni yo‘ldan to‘xtatishga urinayotgan toshlarga bir-ikki qoqilib ham oldi. Entikib-entikib nafas olgancha darvozadan ichkari kirdi va hovli o‘rtasida turgan yanganing vajohatini ko‘rib qo‘rquvdan ko‘zlari kosasidan chiqib ketay dedi.

– Ha, itning bolasi! Kel, beriroq kel. – Yanganing qo‘lidagi hozirgina tandir kovlangan kosovdan ingichka oqish tutun ipday sizilib turardi. – San eshakni yuking yengillik qilibdi shekilli, hayvon! Bizlar nomini eshitmagan maktabda o‘qigilari kelib qolibdi-da. O‘qimishli qiz bo‘lgingiz keldimi, a? Mana senga maktab! Mana senga kitob! Mana senga… – Yanga g‘azab bilan qizning oyoq-qo‘llariga kosov bilan ura ketdi.

– Laxta-laxta qon yutgur! Men aytdim, nega bu kechadan beri dikonglab qoldi deb! Ichidan pishgan iflos, pismiq ekansan-ku. O‘qishni bilaman degin! Qani o‘sha qog‘oz, qani? Chiyillama, it, chiyillama! Ber tez!

Xadicha yerga yiqilib tushdi, og‘riq zarbidan tomayotgan yoshlari tuproqqa qorishdi. Etagidagi cho‘ntakchadan qog‘ozni chiqarib darrov uzatdi.

– Tavba, shu mushtday boshiga buncha ayyorlig-ey! Shaytonning sutini ichgansan, sen chayon. Mana! Mana senga “alif”! Mana senga “be”! – Yanga jon achchig‘ida buklangan qog‘ozni maydalab tashladi. Hovuri bosilmay telbalarcha baqira boshladi:

– Boshingni ko‘tar! Och og‘zingni, och deyapman, padarla’nati! Och!.. Ha, endi mana bularni yut! Og‘zingda bitta bo‘laginiyam ko‘rmay… Ha, ana shunday… Mana senga saboq. Hiqillama. Yig‘lama deyapman. Endi tur o‘rningdan, tur! – yanga Xadichani qo‘lidan sudragancha og‘ilxona biqinidagi uychaga olib kirdi. Ichkaridan eshikni mahkam yopdi.

– Manimcha, sanlarning otang tirik. Sanlardan qochish uchun ham urushdan qaytmagan. Ilonda yog‘ qoldimikan, yo barini yalab bo‘ldilaringmi? Menga qara, yashshamagur! Ko‘zimga qara! – qizning yuziga shapatiladi. – Kechroq anavi chirigan chol yana keladi. Sandan umi, tog‘angmi, maktabda o‘qiging kelyaptimi, deb so‘rashsa, yo‘q deysan! Tushundingmi? Yo‘q, o‘qimayman, deysan. Agar ortiqcha bir og‘iz gapirsang, bugungidan beshbattar qilaman, beshbattar. Tushundingmi? – Boya kosov kuydirgan yeridan yanga qattiq chimchilab so‘radi.

Qiz og‘riqdan dod degancha, yangasining oyog‘iga shilq etib tushdi. Va holsiz: “Tushundim, hammasini tushundim. Kechiring”, deb yig‘i aralash pichirlay boshladi. Ko‘ngli joyiga tushgan yanga uychani tark etdi. Qo‘rquvdan tashqari chiqa olmagan alamli yig‘ini keksa paxsa devorlar hamdardlik bilan tinglar va qizni qanday yupatishni bilmasdi.

Oy dog‘larini anhorga ko‘rsatgani yana keldi. Yanga Xadichaga qo‘l-oyoqlaridagi kosov izlari ko‘rinmasligi uchun yengi uzun choponcha berdi. Temirqul xotini bilan allanimalarni shivirlashib oldi. Shu payt darvoza taqillab, “Temirqulbek, uydamisiz?” degan tanish ovoz yangradi.

– Ustoz, qani keling, marhamat. To‘rdan o‘ting, to‘rdan, – supadagi xontaxta atrofiga to‘shalgan ko‘rpachadan joy ko‘rsatdi Temirqul.

– Aslo ovora bo‘lmang, tashrifim tez qariydi. Xo‘sh, ertalab aytgan taklifimizga javob olgani keldim. Bolalarimizning savodi chiqsa, o‘zimizga yaxshi. Xadichaning o‘zi nima desa, shu degandingiz. Chamamda, o‘zi ham astoydil istayotgandi.

– U o‘qisa, savodli bo‘lsa, albatta biz ham xursandmiz. Ammo hayronman, ertalabki suhbatimizdan so‘ng Xadichadan so‘rasam, “Tog‘ajon, boya ustozga hayajonlanganimdan o‘qishni istayman, deb yuboribman. Keyin yaxshilab o‘ylab ko‘rdim. Ilm olishga qiziqishim unchalik emas, ustozning ishonchlarini oqlay olmayman”, desa bo‘ladimi. Bilasiz, birovning omonati. Ko‘ngliga qaramasak bo‘lmaydi. Yuragi yarimtaga yana ozor berib qo‘ymaylik dedimu, boshqa gap ochmadim.

Ustoz qovushmagan gaplarni hazm qilolmay og‘rindi. Bir Temirqulga, bir ichkari uy tomon qaradi-da:
– Temirqulbek, qarshi bo‘lmasangiz, Xadichani ko‘ndirishga o‘zim bir harakat qilib ko‘ray. Yosh bo‘lsa-da, zehni juda o‘tkir ekan. Bunaqa yoshlarning qobiliyatini so‘ndirmasligimiz kerak.

– Xo‘p bo‘ladi, ustoz. Zora sizning gapingizga ko‘nsa.

Tog‘a uyga yuzlandi:
– Qizim, Xadicha, bu yoqqa bir kelib ket.

Oldindan tayyorgarlik ko‘rilgani bejiz emas. Uydagilar cholning qaysarligidan xabardor edi. Yanga Xadichaning qulog‘iga: “Aytganimday gapirasan, go‘shtingni yeyman”, deb shivirladi-yu, ortidan yengilgina itarib xonadan olib chiqdi. Xadicha ko‘zini yerdan uzmagan ko‘yi kattalar qoshiga keldi:
– Assalomu alaykum! – so‘nikkina ovoz eshitildi.

Chol qizning kechagi shijoatidan uvoqcha ham topolmay hayratlandi.

– Qizim, kecha sizning savodingizdan ancha mamnun bo‘ldim. Agar maktabga borsangiz yozishni ham o‘rganasiz, boshqa ilmlarni ham o‘qiysiz Nima sababdan fikringizdan bunchalik tez qaytdingiz? Nimaga, qizim?

Xadicha yoshlarini ko‘zi bilan yutoqib-yutoqib yutdi. O‘rgatilgan javobni aytmoqchi bo‘ldi-yu, tomog‘iga tiqilib kelayotgan yig‘i bunga yo‘l qo‘ymadi. Qiz bir muddat jim qoldi.

– Xadicha, ustozning gaplari to‘g‘ri. Bunchalik tixirlik qilma, – dedi tog‘a.

Xadichaning ko‘zi to‘satdan tog‘asining xontaxta ostidan o‘qtalib turgan mushtiga tushdi.

– O‘qishni xohlamayman. O‘qimayman. Adashdim. O‘qishni istamayman. – Qiz shu so‘zlarni tinmay bir necha bor takrorladi-da, og‘ir xo‘rsindi.

Ustoz tushundi.

– Hechqisi yo‘q, mayli, qizim. Sizga ruxsat, – dedi chol ma’yus ohangda. So‘ng beixtiyor qizchaning oyog‘idagi qizarib chiqqan pufakchalarga, qontalash izlarga ko‘zi tushdi. Agar qiz ko‘nsa, unga yomon bo‘lishini angladi. Darhol o‘rnidan qo‘zg‘aldi.

– Faqat ranjimang, ustoz. Yosh-da hali. Vaqti kelsa, xatosini anglab yetadi.

Chol nafratomuz nigohini hamqishlog‘iga qadadi-da, darvoza tomon shoshildi.

Shu kundan boshlab yanga Xadichani birovga aytib qo‘ymasin deb, uydan chiqarmay qo‘ydi. Beshik tebratish asnosida kirlarni yuvdirar, o‘tin tashitar va boshqa mayda-chuyda ishlarni qildiradigan bo‘ldi.

Xadicha beshiklarni tuni bilan qon yutib tebratib chiqar ekan, uni orzularidan, akasidan ayrilishiga, butun azob-uqubatlariga sabab bo‘layotgan ikki chaqaloqqa nafrat bilan boqar, “allayo, alla” so‘zlarini alam va qarg‘ish ohangiga o‘rab aytardi. Shu zaylda oradan haftalar o‘tdi.

Kunlarning birida tog‘a bilan yanga supada ovqatlanib o‘tirganda darvoza qattiq taqilladi. Allaqanday qo‘rquv bir zumda ikkalasining yuragiga mo‘ralab chiqdi. Temirqul asta o‘rnidan qo‘zg‘alib, darvoza tomon yaqinlashdi. Bu orada eshik yana haligiday taqilladi.

– Kim u? – o‘dag‘aylaganday bo‘ldi Temirqul.
– Bizmiz, tog‘a, ochavering.

– E, yetimchaning yarmi-ku bu, – yangaga qarab imo qildi-da, zanjirni yecha boshladi.

– Kuchini qaranglar. Nima, otang go‘ridan tirilib ortingdan quvdimi? Ichkariga kir. – Darvozani ochib, ne ko‘z bilan qarasinki, eshik og‘zida bo‘ylari baland, boshiga qoramtir ro‘mol tashlagan amma Isomiddinning qo‘lidan ushlagancha yuzidan qahr tomib turibdi.

– O‘lganlarni bezovta qilavermang. Sizdaylarning og‘zida nomlari tilga olinib, ruhlari chirqiramasin, – dedi amma.

Temirqul kalovlanib qoldi:
– Ie, keling, keling, opa. Yaxshimisiz? Tog‘am yaxshimilar?.. Xotin, Xizirni yo‘qlasak bo‘lar ekan a?! …Hozirgina… yo‘g‘ye… deyarli har kun sizni eslab, maqtab o‘tiramiz. Qarang…

– Voy, bizni yo‘qlaganingizdan aylanay. O‘ting, uyimizning to‘ri sizniki. Uzoq yo‘ldan kelgansiz. Yaqinda Xadicha siz o‘rgatgan harflarni maqtanib o‘qib berdi bizga, – yaltoqlanishga so‘z topolmayotgan yanganing gaplari paydar-pay edi.

Shasht bilan hovli o‘rtasigacha kelgan amma cho‘rt kesdi:
– Xabarim bor. Xadichani chaqiring.

– Ovqat ustiga kelganingizni qarang… Qaynonasi suygan odam ekansiz…

– Kelinimni sotib, pishirgan ovqatingiz o‘zingizga buyursin. Men sizga Xadichani chaqiring dedim.
Ammaning qilichdan-da o‘tkir tilidan hamma zirqirardi.

– Mana… mana, hozir… – o‘tda qolgan odamday pitirlardi yanga.

– Unaqa demang, opa. Mo‘tabar sizga kelin bo‘lsa, menga singil. Unga yomonlikni ravo ko‘rmaymiz, – g‘udrandi Temirqul.

Bu gapdan so‘ng amma unga shunday qaradiki, Temirqulning o‘zi yerni yorib kirib ketguday bo‘ldi. Yanga lip etib o‘zini ichkariga urdi.

– Tez kiyimingni yech, bo‘laqol. – Taxmon orasidagi tugunni titkilab yangi ko‘ylak oldi, – endi mana buni kiy. Uff, sendan sassiq hid kelyapti. Cho‘miltirib qo‘ying, deb aytmaysanmi, begona emasman-ku, o‘zim aylanib ketay sendan. To‘xta, – boshqa xonaga yugurgilab kirib yog‘och taroqni olib keldi-da, apil-tapil Xadichaning sochini tarab, bir o‘rim qildi. Bag‘riga qattiq bosib, yuz-ko‘zlaridan o‘pdi. – Aslida seni juda yaxshi ko‘raman. Endi yur.

Xadicha to‘satdan bo‘layotgan bunday muomalaga hayron edi. Go‘yo tush ko‘rayotganday. Ammo hovliga chiqishi bilan barchasini anglab yetdi.

– Amma! Ammajon!.. – Xadicha yugurib ammasining bag‘riga o‘zini urdi. Uning bo‘g‘zidan otilib chiqayotgan nido va ko‘z yoshlari to‘xtamasdi. So‘ng akasi bilan ham ho‘ng-ho‘ng yig‘lab ko‘rishdi.

– Xo‘sh, endi ketsak ham bo‘ladi, – dedi amma murg‘ak jonlarga mehrli nigohlarini tikib.

Xadichaning to‘satdan yuzi oqardi. Tepasida qizigan kosov turganday qo‘rqib, orqasiga o‘girildi.
– E, shoshmang, opa. Xadichani bizga qoldirib ketasiz. Endigina u bizga, biz unga o‘rganib qolgandik. Axir onasiga so‘z berganmiz. Hech qursa, o‘zidan so‘rang.

Amma Xadichaga qaradi. Xadicha yana yig‘ladi-da, ammasini quchoqlab oldi. Shunda ammaning ko‘zi qizchaning qo‘llaridagi, oyoqlaridagi jarohatlarga tushdi-yu, yanganing oldiga tutoqib bordi. Ko‘zlarini u yoqdan bu yoqqa olib qochayotgan yanganing yuziga bor kuchi bilan tarsaki tortib yubordi.

– Bolalarimni o‘zim katta qilaman, – dedi amirona ohangda. Bu hovlida oxirgi qadamlarini tashlab, darvozadan uch inson qaytmas bo‘lib chiqib ketishdi. Chiqayotib qizning ko‘zi darvoza tepasida turgan musichaga tushdi…

Ular uzoq yo‘l yurib, bahaybat chinor oldiga kelganlarida amma to‘xtadi.

– Isomiddin, Xadicha, huv anavi g‘ishtin hovliga kirib, onangiz bilan xayrlashib chiqinglar.

– Amma, siz ham biz bilan yuring, – dedi Isomiddin hayajonlanib.
– Yo‘q, men sizlarni shu yerda kutaman.
– Tezda chiqamiz. Ketdik, Xadicha. Onamni biram sog‘indimki.

Xadicha akasining ko‘kargan ko‘ziga, yuzining timdalangan joylariga tikilib turdi. So‘ng onasi ketgandan keyin kechirgan kunu-tunlarini xayol tasmasidan bir-bir o‘tkazdi.

– Yo‘q, men bormayman. Hech qachon bormayman.

Amma ham, aka ham Xadichaga hayratomuz nigohlarini qadashdi. Amma uning boshini silagancha:
– Onangni yana qachon ko‘rasan, xudo biladi. Boraqol, – dedi.

– Yo‘q, istamayman. Bizni tashlab ketdilar. Bir martayam meni yo‘qlab kelmadilar. Qancha kutdim, qancha… – Xadicha yig‘lab yubordi.

Aka yolg‘iz o‘zi jo‘nadi. Beriroqdagi shildirayotgan, shivirlayotgan ariqning bo‘yida amma-jiyan, yo‘q, ona-qiz yolg‘iz qoldi.

– Ammajon, bizni qanday topdingiz? – so‘radi qiz.
– Ustoz… – dedi amma jilmayib.

Qiz hayratlandi va yuziga mas’umgina tabassum yugurdi. Ariq mehmonlariga ancha sirlarini shivirlagach, uzoqdan temir darvozaning ochilib-yopilgani eshitildi. Aka har qancha yenglari bilan ko‘zini artmasin, yoshlarini tiyolmasdi:
– Ketdik, – dedi u ohista.

Bir yildan keyin tog‘aning egizaklaridan biri o‘libdi, degan xabar keldi…

Kunlar, oylar, yillar umrni, odamlarni, hatto urush degan dahshatli vahimani ham oqizib ketdi. Faqat… faqat… Xadichaning yuragidan umr bo‘yi azob bergan toshni oqizib ketolmadi…

07

(Tashriflar: umumiy 504, bugungi 1)

Izoh qoldiring