Bibi Robiya. Xizr tashlagan qanot

001

Шамол кўзларидан шашқатор ёш оқаётган қиз­чанинг у ёғидан, бу ёғидан айланиб овутишга ҳаракат қилар, дарахтлар ҳам уни йиғидан тўхтатиш илинжида ўз эртакларини бошлаб юборганди. Энди Қизча акасини ташлаб кетган гумон қилиб, лабларини чўччайтирганча бақириб ҳўнграй бошлади. Аммо шу пайт бирданига йиғи овозидан атрофнинг қулоғи тинди.

002
Биби Робия
ХИЗР ТАШЛАГАН ҚАНОТ
Ҳикоя
022

Кўча бўйлаб жажжи оёқчалар у ён-бу ён югуриш­япти. Тўрт ёшлар чамасидаги қизчани ундан икки ёш катта бўлган акаси гўёки кучи борича қувлар, синглиси ҳам жон-жаҳди билан қочарди. Улар ота-оналари чақириб қолгунга қадар шу зайлда ўйнашарди. Дарахтлар ва гуллар эса уларнинг бу зерикилмас ўйинларини мароқ билан томоша қилишар, гоҳида барглар бу жажжи одамчаларнинг ўйинига берилиб, қарсак чалганча қўллаб-қувватлашарди. Эҳтимол, улар ҳаётнинг югур-югурдан иборатлигини ўзлари билмаган ҳолда исбот қилишмоқчидир.

Иккалалари ҳам тўхтаб чуқур-чуқур нафас олишди. Қизча акасига қараб кулди-да, яна югуриб кетди. Ака ўрнидан турди-ю бор кучи билан синглисини яна қувалай бошлади. Ана, етай-етай деб қолди. Югуравериб сабри тугаган ака қочаётган синглисини тўхтатиш мақсадида кўйлагидан тортди. Уларнинг ўйинини томоша қилаётган гуллар тўсатдан “ув” тортиб юборишди. Сабаби қизча орқасига қараб йиқилиб тушган, тақдир чизиқлари битилган кичкинагина кафтчалари ва тирсаги салгина шилиниб, оз-моз қон силқиб турарди. Болалик қонунига мувофиқ қизча “дод” дея бақириб йиғлай бошлади. Оғриқдан кўра қўлларидаги қизил ранг унга кўпроқ таъсир қилганди. Акаси овутишга урингани сари сингил йиғининг авж нуқтасини оларди. Қизча ҳўнграр экан, яна қўлларига қаради ва яна қонни кўрди. Бу сафар биратўласи ерга ётволиб, оёқларини тапиллатганча йиғлашда давом этди. Аканинг кўзи ҳам сизиб чиққан қонга тушди-ю синглисига қўшилиб йиғлай бошлади. Сўнг онасини чақириш кераклиги ёдига келди ва югургилаб кетди. Болакайлар бир томчи қонни ўлим деб ўйлашарди, чоғи.

Шамол кўзларидан шашқатор ёш оқаётган қиз­чанинг у ёғидан, бу ёғидан айланиб овутишга ҳаракат қилар, дарахтлар ҳам уни йиғидан тўхтатиш илинжида ўз эртакларини бошлаб юборганди. Энди Қизча акасини ташлаб кетган гумон қилиб, лабларини чўччайтирганча бақириб ҳўнграй бошлади. Аммо шу пайт бирданига йиғи овозидан атрофнинг қулоғи тинди. Қизча ёш томчилари ҳаракатдан тўхтаган мунчоқдай кўзлари билан осмонга тикилган кўйи ерда жимгина ётарди. У аҳён-аҳёнда бурнини тортиб қўяр, ёшлардан суғорилган киприкларини пирпиратиб осмондан кўзини узмасди. Осмон денгизида эса оппоқ елканларини кўтарганча булутлар изма-из сузиб юрарди. Улар шу қадар оқликка бурканган, шу қадар майин, шу қадар ажо­йиб эдики, Қизча беихтиёр қўлларини юқорига чўзди. Сўнг ўрнидан аста кўтарилиб, қўлчаларини яна кўкка узатди. Йўқ, етмаяпти. Ҳа, сакраш керак. Сакраса, албатта, қўллари билан булутларни ушлаб кўради, эҳтимол, уларнинг устига чиқиб осмонни сайр қилар. Шу мақсадда қизча қўллари ва кўзларини осмонга тикканча оғриғу қўрқувни унутиб қайта-қайта сакраб кўрди. Эҳ, озгина етмаяпти. Нигоҳларини осмондан узмаган кўйи ерга қайтиб ўтирди. Унинг бутун руҳи, бутун вужуди, барча хаёллари ана шу оппоққина булутларга айланиб бораётган эди. Узоқдан йиғлаётган ўғлини суд­раб келаётган онасининг товуши қизча айланаётган булутларни гўёки қуёшдек эритиб юборди. Қизча сергак тортди ва онасини кўрди-ю ўзи негалигини англамаган ҳолда яна йиғлаб юборди. Ҳа, бу вақтда у тўрт ёшда эди…

Кеча онаси билан бирга ёзган сўзлари қаторлашиб турган дафтарларини олиб, эринибгина портфелига жойлади. Онасининг қистови билан нонушта ҳам қилиб олди. Шу пайт нимадир ёдига тушди-ю дарҳол дераза олдига югурди. Деразадан ўз чексизлигини ёйиб мақтанаётган осмонга бир муддат қараб турди. Аммо онаси дарсга кеч қолаётганини айтиб огоҳлантиргандан сўнг орқасига портфелини илганча мактабига қараб жўнади. Йўлда кетар экан, ўша – йиқилиб тушган кундан бери унинг нигоҳлари осмон билан кўришиб туришга келишиб олгандек эди гўё. Ҳарҳолда осмон бунга ишонарди. Қизалоқ бир муддат осмонга қараб юрди-да, тўхтади ва қўлларини қаттиқ-қаттиқ силкитиб оёқларини ердан кўтарди. Қизалоқ назарида , у оз-моз баландлагандай бўлди. Югуриш керак. Йўл бўйлаб орқасидаги портфелини силкитиб-силкитиб, қўлларини тепадан пастга тез-тез ҳаракатлантириб югурди-ю “Ҳозир учиб кетаман” деган хаёл билан кучи борича сакради. Афсус, ўхшамади. “Эҳ, портфелим халақит беряпти-да, – хаёлидан ўтди қизалоқнинг. – Ҳа, майли, уйга қайтганимда яна бир уриниб кўраман”. Мактаб қўнғироғининг жаранги қизалоқни бу сафар “қанот”ларини қоқмасдан югуриб кетишига мажбур қилди. Етти ёш ҳам у билан бирга югуришдан чарчамас эди…

– Онажон, қаранг, ака, сиз ҳам қаранг, қаранглар! Осмондан бувим айтган ўша оппоқ фаришталар туш­япти, ҳа фаришталар! – қувонганча қичқирарди қи­залоқ ёғаётган лайлакқорга ишора қилиб.
– Кўп валдирайвермасанг-чи! – жиғибийрондан матоларни қирқиб ўлчамни чиқара олмаётган она. Ёзмаётган ручка пастасининг учига тинмай пуфлаётган ака эса чақириқни эшитмаганликка олди.

– Эҳ, қанийди, уча олсам! Бу фаришталарни қаердан тушаётганини кўриб келар, ёки улар билан қувлашмачоқми, қорбўронми ўйнардим, қаранг, улар уча олади-да. Кейин улардан-чи, онажон, дадам айтиб берган ўша шайтон ҳақидаям сўрардим. Сизлар йўғлигингизда у фаришталар билан бирга яшаган-ку. Сизлар бу ерга кўчиб келганингиздан сўнг шайтон сизларнинг олдингизга келган-ку, а? Кейин сизлар…

Қулоқларига фақат аллақандай ғўнғир-ғўнғир товуш кираётган аёл қайчисини столга қаттиқ урди-да, қошини чимирганча қизига қаради. Қизалоқнинг тўсатдан юмилиб олган лабларида тўсиққа учраган сўзлар ортига қайтиб кетишга мажбур бўлди. Бир оз муддатдан сўнг калласига келган бир фикр ифодаси юзида ярқ этди-ю, яна сўнди ва ўзига:
– Эртага Ҳайит байрами. Бугун Хизр бободан ёстиғимнинг остига қанотлар ташлаб кетишини сў­райман, – деб ғўлдираганча кўчага чиқиб кетди. У ер­да кўзларини осмонга қадаб, кимгадир нималардир ҳақида гапирди. Тўққиз ёш ана шу оппоқ фаришталар каби қизалоқнинг бармоқчаларига оҳиста қўниб эриб кетаётган эди…

“Тақ, тақ, тақ…” Қиз тахтанинг устида турган бар­моқлари орасидаги михни болта билан урарди. “Тақ, тақ…”
Кеча онасининг таъбири билан айтганда “Ҳадеб супуришга мажбур қилаётган” тут дарахтини чопиб ташлашди. Бир пайтлар устига чиқариб учишига ёрдам берадиган тут дарахтининг гурсиллаб тушган товушидан қизнинг юраги алланечук бўлиб кетди. Эсида, тутнинг йирик шохига чиқиб, парвоз этиш умидида қўлларини пириллатиб сакраганида оёғи синишига бир баҳя қолганди. Қиз кеча отаси билан акаси арралаб қўйган тутнинг ёғочларини бир-бирига улаб қоқаркан, шуларни эслади. Аммо, мана, тут ўзини қурбон қилиб бўлса-да, қизнинг учиши учун яна, фақат сўнгги маротаба ўз ёрдамини аямаяпти. “Ана, тайёр бўлди, – ўйлади Қиз. – Энди бу матони тахтанинг мана бу ерларига қоқсам бўлди”. Уйдагиларнинг бозорга кетганидан фойдаланаётган қиз ўз мақсадини амалга ошириш учун иложи борича тезроқ ҳаракат қилишга шошиларди. “Уйимиз томидаги тарнов четига ин қурган мусичанинг ҳам қанотлари деярли ана шундай шаклда. Ниҳоят, қушлар билан бирга парвоз этадиган бўлдим!” Қиз учбурчак қилиб ясалган икки бўлакдан иборат қанотларнинг уланган жойини елкасига қўйди. Қанотининг остки қисмидаги махсус ушлагичлардан ушлади. “Дарвоқе, аввал томга нарвонни қўйишим керак”. Шоша-пиша нарвонни судраб келди. Ўзи кутганидан бир мунча оғирроқ қанотларини тақди. Аввалига томнинг пастроқ қисмидан учиб тажриба қилиб кўриш керак. Мана, чиқиб ҳам олди. У юқоридан туриб ҳовлисининг ичига нигоҳ ташлади ва ҳайрон қараб турган кучугига қаердандир ёдлаб олган “Мени кутгил ва мен қайтарман! жумласини айтди ва “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деди. Ота-онаси ҳар бир ишни “Бисмилло”дан бошласа, хайрли бўлишини уқтиришганди. Мана, базўр-базўр қанотларини силкитганча томдан кўча томонга қараб сакради. Бу пайтда у ўн икки ёшда эди. Қаттиқ чинқириқдан қўшни ҳовлидаги аёл қўллари унга беланганча югуриб чиқди…

– Нега энди рухсат бермайсизлар? Ахир, бор йўғи дугонамнинг туғилган куни-ку. Кечқурун чақирган бўлса нима қилибди, уйи узоқ бўлса таксида бориб, таксида келаман. Нима, мен сизларга ёш боламанми?! Ҳамма ишимга аралашаверасиз! Дарсдан қачон қайтишимни ҳам, қачон кетишимни ҳам гапираверасиз, бундан кейин билганимни қиламан! Жонимга тегиб кетди бундай ҳаёт! Эй Худо, қанот берсанг бўлмасмиди, ҳамма-ҳаммани ташлаб учиб кетардим! – Қиз онасига шундай деб қичқирар экан, бир неча йиллар олдин “қанот қоқаман” деб оёғи чиқиб кетгани ва Мош табибга солдириб келишгани ана шу лаҳзаларда ёдига тушмади.

Қизнинг бу гаплари онасининг қалбидаги узилмас нозик торларни чертиб-чертиб ўтар экан, қизига хавотирли тусда назар ташлаб қўйди. Аммо Қизининг ўн олти ёшдалиги ва бу даврнинг ўткинчи эканлиги борасидаги фикрлар онасига тасалли берди. Қизнинг ўзи ҳам айтишни у даражада истамаган гаплари оғзидан чиқиб кетганига ўксинди ва қандайдир шаҳд билан деразанинг олдига келди-да ёш мўралаб турган кўзларини осмонга тикди. Беихтиёр оёқларини кўтарди…

– Ота, ўксинманг, ўзингизни айблайвермасангиз-чи. Она, сиз ҳам кўп йиғламанг. Худо хоҳласа, албатта, кейинги йили кираман, мана кўрасиз. Энди қўшимча дарсларга бормай, фақат ишлайман, ҳа ишлайман! Кейин қарабсизки, тўплаган пулларим мени бюджетга етаклаб турибди.

Қиз уйдагиларини тинчлантиргач, дўкондан нон олиб келиш баҳонасида ўзини кўчага урди. Кўчада чўзилиб ётган йўл бу қадамларнинг анча оғир эканлигини ҳис қилди. У узоқ юрди. Дўкон ҳам ортда қолди. Сўнг йўлини кўп вақтдан буён қаровсиз қолган далага қараб бурди. Булутлар бир-бирларидан аразлашгандек қўнғир тўнларини тескари кийиб олишган. Дала бағри кенг бўлиб, унда турли хил ўсимликлар, гуллар ўз ҳолича ўсиб ётибди, одамларнинг қораси эса кўзга ташланмайди. Қиз арзини кўзида ёш билан айтмоқчи бўлиб турган майсаларга ҳам, оёқларига чирмашиб уни тўхтатмоқчи бўлган чирмовуқларга ҳам, этагига суйкалиб эркаланмоқчи бўлган гулларга ҳам қарамай даланинг ўртасига келиб юришдан тўхтади. Нигоҳларини осмонга тикди ва чиқишини кутиб бўғзида тиқилиб турган сўзларни йиғи аралаш ҳайқирди:
– Нега?.. Нимага ахир…

Аммо йиғи Қизнинг яна оғиз жуфтлашига йўл қўймади. Қиз майсалар устига ўтирди. Юзларини дув-дув ёш ювар экан, кўзларини унга қўшилиб йиғлаб юбориш арафасида лунжини осилтириб турган булутларни ўз бағрига олган самога яна қадади. Сўнг, бирданига ўрнидан сапчиб турди-да дала бўйлаб қўлларини силкита-силкита югура бошлади. У жон-жаҳди билан чопар, қўлларини ҳам қаттиқ-қаттиқ силкитарди. Йўқ, дала бўйлаб югураётган бу йигирма яшар Қиз қанча уринмасин, ердан баландлай олмади…
– Ойижон, ойижон, мана бу мушичани қаянг. Қаясайиз-чи, э, учиб кетди – деди жажжи қизча йигирма олти яшарлик Қиз – онасига қараб. – Тўхта, мушича, менам сен билан учаман.

Қизча ҳовли бўйлаб қўлчаларини тепага кў­тар­ганча югургилади. Умидлари пучга чиққач, онасининг олдига келди-да:
– Ойижон, манам катта бўсам, айтиб беядиган эйтагиздаги қизга ўхшаб учиб кетаман-а? Чиёйли қанотлайимам бўладими?

Нимадир “жиз” этди. Она жилмайганча бош ирғади-да осмонга узоқ тикилиб турди ва анча мустаҳкамланиб қолган иродаси билан кўзидан думаламоқчи бўлиб турган ёшларини базўр тўхтатди…

Қизлари билан дастурхонни тузаётган қирқ олти ёшли Қиз бугун қувончдан ўзига сиғмасди. Ахир, бугун ўғли хориждан учиб келади. Шиппагини илдириб, нимадир олиш мақсадида қўшни хонага ўтиб кетаётган она тепадан гувиллаган овозни эшитди. Кўзларини осмонга қаратди. Аниқроғи, пастлаб учиб кетаётганми, келаётганми самолётга қаради. “Ҳа, шунинг ичида ўғлим бўлса керак. Эҳ, унинг ҳидини бирам соғиндимки!” – хаёлидан ўтди онанинг. Аммо, шу пайт, Қизнинг нигоҳи беихтиёр елканлари оппоқ булутларни ўз бағрига олган самога тушди. Ҳа, у анча вақтдан бери осмонга қарамаган, у ҳақда деярли унутаёзган эди. Само ва Қизнинг нигоҳлари ана шу вақтда тирикчиликнинг айирмачилиги натижасида узоқ муддатдан сўнг яна кўришиб туришганди. Осмон, эҳтимол Қиз ҳам нимадир демоқчи эдики, аммо Қизнинг қайнаётган қозони ёдига тушиб қолди ва шошганча ёхуд нимадандир қочганча ўзини ичкарига олди…

Бугун Ҳайит арафаси. Мана шу куни Қизча қўлини дуога очиб, хоҳлаётган бирор бир нарсасини Хизр бободан сўрар ва аксарият вақтларда истаги Хизр бобога айланган отаси томонидан амалга ошарди.

Уйдагиларнинг ҳеч бирида эртанги байрам кайфиятидан асар ҳам йўқ. Уларнинг руҳиятини чуқур бир қайғу асир олганди. Ҳаммалари кўрпада ётган етмишдан ошган Қиз-кампирнинг атрофини ўраб олишган. Қиз шу ердаги ҳамманинг юзига ризолик аломати сифатида бир-бир сассиз қараб чиқди. Бутун танасини аста-секин қамал қилаётган совуқлик биргина “Оҳ”га айланиш учун бир жойга йиғилаётганди. Кўзларида нам билан кўпчилик Қизнинг оғзидан қандайдир васиятлар кутишарди. Мана, ниҳоят, Қиз оғиз жуфтлади. Нафақат ўтирганларнинг, балки сукутнинг ҳам бутун вужуди қулоққа айланди. У:
– Деразани очинглар, – деди оҳиста. Тезда пардалар кўтарилиб деразалар ланг очилди. Боядан бери ичкарига киришнинг иложини қила олмаётган майин шамол очиқ деразадан югургилаб хавотирланганча қадрдонининг олдига келди. Қиз деразадан ўзи истаганидай сўнгги кузатувчиси бўлмиш осмонни кўрди. Кўрди-ю кўзидан бутун орзулари бир томчи ёшга айланиб оқиб тушди. Осмонда бир пайтлар ўзига мафтун қилганча парвозга чорлаган ва ҳозир ҳам чорлаётган ўша, ўша оппоқ булутлар турарди. Қиз лаблари оҳиста жилмайиб: “Ана энди, уча оламан!” деди пичирлаб…

Ниҳоят, Қизча анча вақтгача сўраган нарсасини бугун Хизр бобо ёстиғининг остига қўйиб кетганди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.

021

Bibi Robiya
XIZR TASHLAGAN QANOT
Hikoya
022

Ko’cha bo’ylab jajji oyoqchalar u yon-bu yon yugurish­yapti. To’rt yoshlar chamasidagi qizchani undan ikki yosh katta bo’lgan akasi go’yoki kuchi boricha quvlar, singlisi ham jon-jahdi bilan qochardi. Ular ota-onalari chaqirib qolgunga qadar shu zaylda o’ynashardi. Daraxtlar va gullar esa ularning bu zerikilmas o’yinlarini maroq bilan tomosha qilishar, gohida barglar bu jajji odamchalarning o’yiniga berilib, qarsak chalgancha qo’llab-quvvatlashardi. Ehtimol, ular hayotning yugur-yugurdan iboratligini o’zlari bilmagan holda isbot qilishmoqchidir.

Ikkalalari ham to’xtab chuqur-chuqur nafas olishdi. Qizcha akasiga qarab kuldi-da, yana yugurib ketdi. Aka o’rnidan turdi-yu bor kuchi bilan singlisini yana quvalay boshladi. Ana, yetay-yetay deb qoldi. Yuguraverib sabri tugagan aka qochayotgan singlisini to’xtatish maqsadida ko’ylagidan tortdi. Ularning o’yinini tomosha qilayotgan gullar to’satdan “uv” tortib yuborishdi. Sababi qizcha orqasiga qarab yiqilib tushgan, taqdir chiziqlari bitilgan kichkinagina kaftchalari va tirsagi salgina shilinib, oz-moz qon silqib turardi. Bolalik qonuniga muvofiq qizcha “dod” deya baqirib yig’lay boshladi. Og’riqdan ko’ra qo’llaridagi qizil rang unga ko’proq ta’sir qilgandi. Akasi ovutishga uringani sari singil yig’ining avj nuqtasini olardi. Qizcha ho’ngrar ekan, yana qo’llariga qaradi va yana qonni ko’rdi. Bu safar birato’lasi yerga yotvolib, oyoqlarini tapillatgancha yig’lashda davom etdi. Akaning ko’zi ham sizib chiqqan qonga tushdi-yu singlisiga qo’shilib yig’lay boshladi. So’ng onasini chaqirish kerakligi yodiga keldi va yugurgilab ketdi. Bolakaylar bir tomchi qonni o’lim deb o’ylashardi, chog’i.

Shamol ko’zlaridan shashqator yosh oqayotgan qiz­chaning u yog’idan, bu yog’idan aylanib ovutishga harakat qilar, daraxtlar ham uni yig’idan to’xtatish ilinjida o’z ertaklarini boshlab yuborgandi. Endi Qizcha akasini tashlab ketgan gumon qilib, lablarini cho’chchaytirgancha baqirib ho’ngray boshladi. Ammo shu payt birdaniga yig’i ovozidan atrofning qulog’i tindi. Qizcha yosh tomchilari harakatdan to’xtagan munchoqday ko’zlari bilan osmonga tikilgan ko’yi yerda jimgina yotardi. U ahyon-ahyonda burnini tortib qo’yar, yoshlardan sug’orilgan kipriklarini pirpiratib osmondan ko’zini uzmasdi. Osmon dengizida esa oppoq yelkanlarini ko’targancha bulutlar izma-iz suzib yurardi. Ular shu qadar oqlikka burkangan, shu qadar mayin, shu qadar ajo­yib ediki, Qizcha beixtiyor qo’llarini yuqoriga cho’zdi. So’ng o’rnidan asta ko’tarilib, qo’lchalarini yana ko’kka uzatdi. Yo’q, yetmayapti. Ha, sakrash kerak. Sakrasa, albatta, qo’llari bilan bulutlarni ushlab ko’radi, ehtimol, ularning ustiga chiqib osmonni sayr qilar. Shu maqsadda qizcha qo’llari va ko’zlarini osmonga tikkancha og’rig’u qo’rquvni unutib qayta-qayta sakrab ko’rdi. Eh, ozgina yetmayapti. Nigohlarini osmondan uzmagan ko’yi yerga qaytib o’tirdi. Uning butun ruhi, butun vujudi, barcha xayollari ana shu oppoqqina bulutlarga aylanib borayotgan edi. Uzoqdan yig’layotgan o’g’lini sud­rab kelayotgan onasining tovushi qizcha aylanayotgan bulutlarni go’yoki quyoshdek eritib yubordi. Qizcha sergak tortdi va onasini ko’rdi-yu o’zi negaligini anglamagan holda yana yig’lab yubordi. Ha, bu vaqtda u to’rt yoshda edi…

Kecha onasi bilan birga yozgan so’zlari qatorlashib turgan daftarlarini olib, erinibgina portfeliga joyladi. Onasining qistovi bilan nonushta ham qilib oldi. Shu payt nimadir yodiga tushdi-yu darhol deraza oldiga yugurdi. Derazadan o’z cheksizligini yoyib maqtanayotgan osmonga bir muddat qarab turdi. Ammo onasi darsga kech qolayotganini aytib ogohlantirgandan so’ng orqasiga portfelini ilgancha maktabiga qarab jo’nadi. Yo’lda ketar ekan, o’sha – yiqilib tushgan kundan beri uning nigohlari osmon bilan ko’rishib turishga kelishib olgandek edi go’yo. Harholda osmon bunga ishonardi. Qizaloq bir muddat osmonga qarab yurdi-da, to’xtadi va qo’llarini qattiq-qattiq silkitib oyoqlarini yerdan ko’tardi. Qizaloq nazarida , u oz-moz balandlaganday bo’ldi. Yugurish kerak. Yo’l bo’ylab orqasidagi portfelini silkitib-silkitib, qo’llarini tepadan pastga tez-tez harakatlantirib yugurdi-yu “Hozir uchib ketaman” degan xayol bilan kuchi boricha sakradi. Afsus, o’xshamadi. “Eh, portfelim xalaqit beryapti-da, – xayolidan o’tdi qizaloqning. – Ha, mayli, uyga qaytganimda yana bir urinib ko’raman”. Maktab qo’ng’irog’ining jarangi qizaloqni bu safar “qanot”larini qoqmasdan yugurib ketishiga majbur qildi. Yetti yosh ham u bilan birga yugurishdan charchamas edi…

– Onajon, qarang, aka, siz ham qarang, qaranglar! Osmondan buvim aytgan o’sha oppoq farishtalar tush­yapti, ha farishtalar! – quvongancha qichqirardi qi­zaloq yog’ayotgan laylakqorga ishora qilib.
– Ko’p valdirayvermasang-chi! – jig’ibiyrondan matolarni qirqib o’lchamni chiqara olmayotgan ona. Yozmayotgan ruchka pastasining  uchiga tinmay puflayotgan aka esa chaqiriqni eshitmaganlikka oldi.

– Eh, qaniydi, ucha olsam! Bu farishtalarni qaerdan tushayotganini ko’rib kelar, yoki ular bilan quvlashmachoqmi, qorbo’ronmi o’ynardim, qarang, ular ucha oladi-da. Keyin ulardan-chi, onajon, dadam aytib bergan o’sha shayton haqidayam so’rardim. Sizlar yo’g’ligingizda u farishtalar bilan birga yashagan-ku. Sizlar bu yerga ko’chib kelganingizdan so’ng shayton sizlarning oldingizga kelgan-ku, a? Keyin sizlar…

Quloqlariga faqat allaqanday g’o’ng’ir-g’o’ng’ir tovush kirayotgan ayol qaychisini stolga qattiq urdi-da, qoshini chimirgancha qiziga qaradi. Qizaloqning to’satdan yumilib olgan lablarida to’siqqa uchragan so’zlar ortiga qaytib ketishga majbur bo’ldi. Bir oz muddatdan so’ng kallasiga kelgan bir fikr ifodasi yuzida yarq etdi-yu, yana so’ndi va o’ziga:
– Ertaga Hayit bayrami. Bugun Xizr bobodan yostig’imning ostiga qanotlar tashlab ketishini so’­rayman, – deb g’o’ldiragancha ko’chaga chiqib ketdi. U yer­da ko’zlarini osmonga qadab, kimgadir nimalardir haqida gapirdi. To’qqiz yosh ana shu oppoq farishtalar kabi qizaloqning barmoqchalariga ohista qo’nib erib ketayotgan edi…

“Taq, taq, taq…” Qiz taxtaning ustida turgan bar­moqlari orasidagi mixni bolta bilan urardi. “Taq, taq…”
Kecha onasining ta’biri bilan aytganda “Hadeb supurishga majbur qilayotgan” tut daraxtini chopib tashlashdi. Bir paytlar ustiga chiqarib uchishiga yordam beradigan tut daraxtining gursillab tushgan tovushidan qizning yuragi allanechuk bo’lib ketdi. Esida, tutning yirik shoxiga chiqib, parvoz etish umidida qo’llarini pirillatib sakraganida oyog’i sinishiga bir bahya qolgandi. Qiz kecha otasi bilan akasi arralab qo’ygan tutning yog’ochlarini bir-biriga ulab qoqarkan, shularni esladi. Ammo, mana, tut o’zini qurbon qilib bo’lsa-da, qizning uchishi uchun yana, faqat so’nggi marotaba o’z yordamini ayamayapti. “Ana, tayyor bo’ldi, – o’yladi Qiz. – Endi bu matoni taxtaning mana bu yerlariga qoqsam bo’ldi”. Uydagilarning bozorga ketganidan foydalanayotgan qiz o’z maqsadini amalga oshirish uchun iloji boricha tezroq harakat qilishga shoshilardi. “Uyimiz tomidagi tarnov chetiga in qurgan musichaning ham qanotlari deyarli ana shunday shaklda. Nihoyat, qushlar bilan birga parvoz etadigan bo’ldim!” Qiz uchburchak qilib yasalgan ikki bo’lakdan iborat qanotlarning ulangan joyini yelkasiga qo’ydi. Qanotining ostki qismidagi maxsus ushlagichlardan ushladi. “Darvoqe, avval tomga narvonni qo’yishim kerak”. Shosha-pisha narvonni sudrab keldi. O’zi kutganidan bir muncha og’irroq qanotlarini taqdi. Avvaliga tomning pastroq qismidan uchib tajriba qilib ko’rish kerak. Mana, chiqib ham oldi. U yuqoridan turib hovlisining ichiga nigoh tashladi va hayron qarab turgan kuchugiga qaerdandir yodlab olgan “Meni kutgil va men qaytarman! jumlasini aytdi va “Bismillahir rohmanir rohiym” dedi. Ota-onasi har bir ishni “Bismillo”dan boshlasa, xayrli bo’lishini uqtirishgandi. Mana, bazo’r-bazo’r qanotlarini silkitgancha tomdan ko’cha tomonga qarab sakradi. Bu paytda u o’n ikki yoshda edi. Qattiq chinqiriqdan qo’shni hovlidagi ayol qo’llari unga belangancha yugurib chiqdi…

– Nega endi ruxsat bermaysizlar? Axir, bor yo’g’i dugonamning tug’ilgan kuni-ku. Kechqurun chaqirgan bo’lsa nima qilibdi, uyi uzoq bo’lsa taksida borib, taksida kelaman. Nima, men sizlarga yosh bolamanmi?! Hamma ishimga aralashaverasiz! Darsdan qachon qaytishimni ham, qachon ketishimni ham gapiraverasiz, bundan keyin bilganimni qilaman! Jonimga tegib ketdi bunday hayot! Ey Xudo, qanot bersang bo’lmasmidi, hamma-hammani tashlab uchib ketardim! – Qiz onasiga shunday deb qichqirar ekan, bir necha yillar oldin “qanot qoqaman” deb oyog’i chiqib ketgani va Mosh tabibga soldirib kelishgani ana shu lahzalarda yodiga tushmadi.

Qizning bu gaplari onasining qalbidagi uzilmas nozik torlarni chertib-chertib o’tar ekan, qiziga xavotirli tusda nazar tashlab qo’ydi. Ammo Qizining o’n olti yoshdaligi va bu davrning o’tkinchi ekanligi borasidagi fikrlar onasiga tasalli berdi. Qizning o’zi ham aytishni u darajada istamagan gaplari og’zidan chiqib ketganiga o’ksindi va qandaydir shahd bilan derazaning oldiga keldi-da yosh mo’ralab turgan ko’zlarini osmonga tikdi. Beixtiyor oyoqlarini ko’tardi…

– Ota, o’ksinmang, o’zingizni ayblayvermasangiz-chi. Ona, siz ham ko’p yig’lamang. Xudo xohlasa, albatta, keyingi yili kiraman, mana ko’rasiz. Endi qo’shimcha darslarga bormay, faqat ishlayman, ha ishlayman! Keyin qarabsizki, to’plagan pullarim meni byudjetga yetaklab turibdi.

Qiz uydagilarini tinchlantirgach, do’kondan non olib kelish bahonasida o’zini ko’chaga urdi. Ko’chada cho’zilib yotgan yo’l bu qadamlarning ancha og’ir ekanligini his qildi. U uzoq yurdi. Do’kon ham ortda qoldi. So’ng yo’lini ko’p vaqtdan buyon qarovsiz qolgan dalaga qarab burdi. Bulutlar bir-birlaridan arazlashgandek qo’ng’ir to’nlarini teskari kiyib olishgan. Dala bag’ri keng bo’lib, unda turli xil o’simliklar, gullar o’z holicha o’sib yotibdi, odamlarning qorasi esa ko’zga tashlanmaydi. Qiz arzini ko’zida yosh bilan aytmoqchi bo’lib turgan maysalarga ham, oyoqlariga chirmashib uni to’xtatmoqchi bo’lgan chirmovuqlarga ham, etagiga suykalib erkalanmoqchi bo’lgan gullarga ham qaramay dalaning o’rtasiga kelib yurishdan to’xtadi. Nigohlarini osmonga tikdi va chiqishini kutib bo’g’zida tiqilib turgan so’zlarni yig’i aralash hayqirdi:
– Nega?.. Nimaga axir…

Ammo yig’i Qizning yana og’iz juftlashiga yo’l qo’ymadi. Qiz maysalar ustiga o’tirdi. Yuzlarini duv-duv yosh yuvar ekan, ko’zlarini unga qo’shilib yig’lab yuborish arafasida lunjini osiltirib turgan bulutlarni o’z bag’riga olgan samoga yana qadadi. So’ng, birdaniga o’rnidan sapchib turdi-da dala bo’ylab qo’llarini silkita-silkita yugura boshladi. U jon-jahdi bilan chopar, qo’llarini ham qattiq-qattiq silkitardi. Yo’q, dala bo’ylab yugurayotgan bu yigirma yashar Qiz qancha urinmasin, yerdan balandlay olmadi…
– Oyijon, oyijon, mana bu mushichani qayang. Qayasayiz-chi, e, uchib ketdi – dedi jajji qizcha yigirma olti yasharlik Qiz – onasiga qarab. – To’xta, mushicha, menam sen bilan uchaman.

Qizcha hovli bo’ylab qo’lchalarini tepaga ko’­tar­gancha yugurgiladi. Umidlari puchga chiqqach, onasining oldiga keldi-da:
– Oyijon, manam katta bo’sam, aytib beyadigan eytagizdagi qizga o’xshab uchib ketaman-a? Chiyoyli qanotlayimam bo’ladimi?

Nimadir “jiz” etdi. Ona jilmaygancha bosh irg’adi-da osmonga uzoq tikilib turdi va ancha mustahkamlanib qolgan irodasi bilan ko’zidan dumalamoqchi bo’lib turgan yoshlarini bazo’r to’xtatdi…

Qizlari bilan dasturxonni tuzayotgan qirq olti yoshli Qiz bugun quvonchdan o’ziga sig’masdi. Axir, bugun o’g’li xorijdan uchib keladi. Shippagini ildirib, nimadir olish maqsadida qo’shni xonaga o’tib ketayotgan ona tepadan guvillagan ovozni eshitdi. Ko’zlarini osmonga qaratdi. Aniqrog’i, pastlab uchib ketayotganmi, kelayotganmi samolyotga qaradi. “Ha, shuning ichida o’g’lim bo’lsa kerak. Eh, uning hidini biram sog’indimki!” – xayolidan o’tdi onaning. Ammo, shu payt, Qizning nigohi beixtiyor yelkanlari oppoq bulutlarni o’z bag’riga olgan samoga tushdi. Ha, u ancha vaqtdan beri osmonga qaramagan, u haqda deyarli unutayozgan edi. Samo va Qizning nigohlari ana shu vaqtda tirikchilikning ayirmachiligi natijasida uzoq muddatdan so’ng yana ko’rishib turishgandi. Osmon, ehtimol Qiz ham nimadir demoqchi ediki, ammo Qizning qaynayotgan qozoni yodiga tushib qoldi va shoshgancha yoxud nimadandir qochgancha o’zini ichkariga oldi…

Bugun Hayit arafasi. Mana shu kuni Qizcha qo’lini duoga ochib, xohlayotgan biror bir narsasini Xizr bobodan so’rar va aksariyat vaqtlarda istagi Xizr boboga aylangan otasi tomonidan amalga oshardi.

Uydagilarning hech birida ertangi bayram kayfiyatidan asar ham yo’q. Ularning ruhiyatini chuqur bir qayg’u asir olgandi. Hammalari ko’rpada yotgan yetmishdan oshgan Qiz-kampirning atrofini o’rab olishgan. Qiz shu yerdagi hammaning yuziga rizolik alomati sifatida bir-bir sassiz qarab chiqdi. Butun tanasini asta-sekin qamal qilayotgan sovuqlik birgina “Oh”ga aylanish uchun bir joyga yig’ilayotgandi. Ko’zlarida nam bilan ko’pchilik Qizning og’zidan qandaydir vasiyatlar kutishardi. Mana, nihoyat, Qiz og’iz juftladi. Nafaqat o’tirganlarning, balki sukutning ham butun vujudi quloqqa aylandi. U:
– Derazani ochinglar, – dedi ohista. Tezda pardalar ko’tarilib derazalar lang ochildi. Boyadan beri ichkariga kirishning ilojini qila olmayotgan mayin shamol ochiq derazadan yugurgilab xavotirlangancha qadrdonining oldiga keldi. Qiz derazadan o’zi istaganiday so’nggi kuzatuvchisi bo’lmish osmonni ko’rdi. Ko’rdi-yu ko’zidan butun orzulari bir tomchi yoshga aylanib oqib tushdi. Osmonda bir paytlar o’ziga maftun qilgancha parvozga chorlagan va hozir ham
chorlayotgan o’sha, o’sha oppoq bulutlar turardi. Qiz lablari ohista jilmayib: “Ana endi, ucha olaman!” dedi pichirlab…

Nihoyat, Qizcha ancha vaqtgacha so’ragan narsasini bugun Xizr bobo yostig’ining ostiga qo’yib ketgandi.

“Yoshlik” jurnali, 2013 yil, 10-son.

021

(Tashriflar: umumiy 113, bugungi 1)

Izoh qoldiring