“Бобурнома” ўқув дастурига киритилиши шарт!”

08   Таниқли покистонлик журналист Аёз Амир “Бобурнома”дан таъсирланиб, “Биз қандай мусулмонлардан келиб чиққанмиз?” деб сарлавҳаланган мақола чоп этган.

“Бобурнома” ўқув дастурига
киритилиши шарт!”

077

011Таниқли покистонлик журналист Аёз Амир “Бобурнома”дан таъсирланиб, “Биз қандай мусулмонлардан келиб чиққанмиз?” деб сарлавҳаланган мақола чоп этган. Унинг ёзишича: “Биз наслимизни тўғридан-тўғри Темурийларга боғлаймиз. Бироқ Темурийлар ҳозирги диний партияларимизни тоқатлик билан қабул қилишармиди? Улар диний раҳбарларимизнинг панд-насиҳатларидан қандай рағбатланган бўлишарди?”

Аждодлар аслида Темурийларга бориб тарқалиши мавзусидаги муҳокамалар Покистон зиёлилари орасида кенг тарқалган бўлиши мумкин. Бироқ оддий покистонликлар Бобурийлар ва Темурийлар борасида қанчалик хабардор? Аёз Амир Би-би-си Ўзбек хизматига берган суҳбатда шундай дейди:

“Албатта, Бобурийлар борасида кўплаб покистонликлар билишади. Лекин биз Бобурийлар сўзидан фойдаланмасдан, кўпроқ Мўғуллар деймиз. Яъни Ҳиндистонда Мўғуллар сулоласи ўрнатилганидан бери, бутун ярим оролда айнан шу ном остида улар машҳур бўлганлар. Мўғуллардан қолган меъморчилик, санъат ва маданиятнинг ёрқин намуналари нафақат Покистонда, балки ҳозирги Ҳиндистонда ҳам кенг тарқалган. Деҳлига сафар қилсангиз, у ерда ҳам Бобур жуда машҳур”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг XVI асрда яратилган энциклопедик асари «Бобурнома»ни чуқур ўрганиб чиққан Аёз Амир ўз мақоласида бирор марта “мўғул” сўзини ишлатмаган. Бироқ шуни айтиш керакки, “Буюк Мўғуллар” ибораси дунё тарихидаги янглиш иборалардан биридир. Ғарб тарихчилири Темурийлар авлодидан чиққан Бобур она томонидан Чингизхонга боғлангани туфайли «Мўғул империясининг асосчиси» ёки Great Mughal деб таништирганлар. Ушбу хато ибора Россияда «Великие моголы» деб ва кейинчалик шўролар Ўзбекистон тарихшунослигида ҳам ишлатилган.

0021

Покистонлик журналист эса ўз мақоласида фақат “Бобурийлар” ёки “Темурийлар” сўзларидан фойдаланган.

“Мен уларни бундай аташга “Бобурнома”ни ўқиб чиққанимдан сўнг қарор қилдим. Чунки улар ўзларини ҳеч қачон Мўғул деб атаганлари йўқ, улар ўзларини Темурийлар деб аташган. “Бобурнома”ни ёзганида, Бобур “биз Мўғулар сулоласимиз” деб айтмаган. Аксинча, қачонки мўғуллар ҳақида сўзлаганида улар ҳақида камситиб ёзган. Бобур ўзи ҳақида гапирганида, “мўғул” сўзини ҳеч қачон ишлатмаган. Бобурномани ўқиб чиққанимда, мени бу факт ҳайратда қолдирди. Гарчанд бутун Ҳиндистон ва Покистон бўйлаб у барпо этган салтанат Буюк Мўғуллар сулоласи номи остида танилган. Покистонликлар Бобурийларни Амир Темурга бевосита алоқаси бўлса ҳам Темурийлар сулоласи деб аташмайди”, дейди журналист.

Эҳтимол шуни назарда тутиб, Аёз Амир ўз мақоласида “Бобурнома” асари Покистонда барча тарих ўқув барномаларига киритилиши керак” деган таклифни илгари суради. “Бобурнинг шахсияти ранг-баранглиги туфайли унинг асарини астойдил ва чуқур ўрганиш керак”, дейди у.

“Тарихимизда энг йирик таъсир Бобур ва Бобурийлардан қолган. Бобурни тилга олар экансиз, унинг шахсияти шу қадар жозибадор, унинг ўзи ўз амаллари ва саъй-ҳаракатлари борасида шу қадар очиқ сўзлаганини эътиборсиз қолдиролмайсиз. Бобур шаробхўрлик ёки бангивор моддаларга ружу қўйгани ёки дейлик унинг Бобурий исмли ўсмир болага маҳлиё бўлгани борасидаги дил изҳоротлари — Ислом ҳаётнинг барча соҳаларига сингиб кетган Покистон каби мамлакатда оғриқ билан қабул қилинади. Покистон давлат ўлароқ Ислом динига таяниб вужудга келган. Назаримда, бундай муҳитда “Бобурнома”ни ўрганиш, таъбир жоиз бўлса, руҳни жуда тетиклаштиради”.

066
Бобурийлар маданияти  намуналари -Тож Маҳал, Агра, Ҳиндистон

“Покистонда биз ҳамиша Ислом сўзини жуда кўп ишлатамиз… Ҳадеб ислом, ислом, ислом деймиз… тушунчани чайнавериб, сийқасини чиқариб юбордик. “Бобурнома”дан биз нимани ўрганишимиз мумкин? Буюк аждодларимиз мусулмон бўлган, эътиқодига содиқ, суннатни маҳкам ушлаганлар, бироқ шу билан бирга улар бошқа нарсаларга нисбатан жуда очиқ бўлганлар. Агар покистонликлар ўз меросини тўлалигича қабул қилишса, бу фақат яхшиликка етаклаши мумкин деб ўйлайман”, — дейди Аёз Амир.

Мақоладаги баъзи мунозарали фикр-мулоҳазалар асосан Покистоннинг иқтидордаги доираларига қаратилган.

“Аждодларимиздан энг буюги ўзига нисбатан очиқ бўлган. Ўз нуқсонларини сир тутмаган. Ёпиқ эшик ортида қилмишларимизни қилиб, бироқ омма олдида ўзимизни итоатли кўрсатиб, маккорона ва иккиюзламачи ёндашувларимиз билан биз Маҳмуд Ғазнавий, Бобур ва Акбарларнинг авлодига ўхшаяпмизми?”- деб ёзади Аёз Амир.

Дарвоқе, мақолада ёзилишича, Бобурийлардан бирортаси ўз давлатини исломий давлат номи остида барпо этмаган.

“(Аждодларимиз) ҳозирги Ислом Республикамизнинг асосий жиҳатларига айланган сохта диндорлик ва мунофиқликни рад этган ҳақиқий мусулмон бўлганлар. Ўйлаб кўринг, бирортаси ўз империясини исломий деб эълон қилмаган. Ўз кучига қаттиқ ишонган бобокалонларимиз ўз иймонлари борасида қатор декларация чиқариш учун на эҳтиёж сезганлар, на мажбурият ҳис қилишган”.

055
Бобурийлар маданияти  намуналари — Лаҳор қалъаси, Покистон

Бироқ мақолани ўқиб чиққан танқидчилар: “Бунга эҳтиёж бўлмаган, чунки уларнинг давлати мустамлака даврларидан олдин барпо этилган” дея таъкидлашлари мумкин эмасми, деб сўрадик биз.

“Тўғри бундай ҳам бўлиши мумкин, бироқ, мустамлакачилик даври аллақачон ўтиб кетган ва мусулмон давлатлар барпо этиб бўлинган. Биз ҳозирда Покистон қасддан доимо ўзини исломий контекст ичида намойиш этаётганига гувоҳ бўляпмиз. Покистон бир мамлакат ўлароқ ўзини исломий атамоқда. Мамлакат конституцияси ҳам исломий иқтибосларга тўла. Мен бу ерда нима демоқчиман? Насл-насабимизни маълум тарихий шахслардан олиб келар эканмиз, аждодларимиз бундай иборалардан фойдаланмаганларини инобатга олиб, эҳтимол, диний мансублигимизни ҳар қадамда такрорлавериш керак эмасдир? Биз тарихимизга мафкура нуқтаи назаридан ёндашмаслигимиз лозим, нафақат Покистонда, балки бутун мусулмон дунёсида кечаётган воқеаларга бир назар ташланг! Ироқ ва Сурияларда мазҳаблараро зўравонликлар, Ислом дини номидан шавқатсизликларга йўл қўйиляпти. Бу каби воқеалар манзарасида агар биз ўтмишимизга чуқур боқсак, балки бу бизга соғлом таъсир кўрсата олармиди? Лекин бу хаёлпараст ўйлар, бугунги кунда мусулмон дунёси мутлақ бошқа йўналишда кетаётганига гувоҳ бўлаяпмиз», — дейди Аёз Амир биз билан суҳбатда.

“Ўйлашимча, Бобурийлар ва Темурийлар ҳозирда тирик бўлганларида, бунақа нарсаларни тушунмаган бўлардилар. Шубҳасиз, улар эътиқоди кучли мўмин-мусулмонлар бўлишган. Бугун Ислом дини номи билан ҳаддан ташқари амалларга қўл уриляпти, қадим замонда яшаган аждодларимиз бугунги ҳолатни ғалати деб қабул қилишган бўларди деб ўйлайман”.

034
«Бизни диний ва маданий меросимиз бирлаштирган». Минораи Калон, Бухоро

Аёз Амирнинг фикрича, одамларни мафкурадан холи қилиш жараёнида таълиму-тарбия катта рол ўйнаши мумкин.

054“Бобурнома”дан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Бобур жуда ҳам мукаммал инсон бўлган. У нафақат ҳукмрон ва давлат раҳбари, балки чуқур маърифатли одам бўлган. Мисол учун, “Бобурнома”да у Марказий Осиё ёки дейлик Фарғона водийси шоирларини таърифлаганида, асарларига танқидий назар билан ёндашади. Масалан, “фалончи жуда яхши шоир, унинг шеър тузиш услублари гўзал”, деб ёзади. Ёки Фарғона саройларида ижро этган хонандаларни тасниф этишга уринади. У ҳар томонлама мукаммалликка эришган маориф эди. У ўта юқори маданиятли одам бўлган. Бобур ҳаётдан кўз юмганида, бор-йўғи 46 ёшда эди. Ҳозирги тушунча билан ёндашмадиган бўлсак, у ёш ўлиб кетди. Бироқ унинг ҳаёти нақадар воқеа-ю ҳодисаларга бой эди! – Баъзи жангларда ғолиб бўлиб чиққани, бошқа жангларда мағлуб бўлгани, амирликларни қўлидан бой бергани, салтанатни барпо этгани билан бирга бу одам нафис санъатларга ҳам катта қизиқиш кўрсатган”, дейди журналист.

“Умуман Бобурийлар саройларида зиёлилар катта ҳурматга сазовор бўлганлар. Ўша замонда илм ҳукмрон ва жуда кучли эди. Илмий изланиш ҳаракатлари нафақат Марказий Осиё минтақасига тааллуқли бўлган, бутун исломий дунёда бундай интилишлар қадрланган ва юқори баҳоланган. Аббосийлар сулоласида ёки Уммавийлар ҳумронлигида илмга интилиш руҳи шу қадар кучли бўлганки, у замондаги Ислом билан бу замондаги Исломни қиёслаб бўлмайди. Ўтган асрларда илму-фан ёрдами билан Ислом тамаддуни, Ислом маданияти энг юқори чўққиларга эришди. Бугунги кунда, афсуски, жуда паст нуқталарга тушиб кетган, деб ўйлайман”.

070
Бобур мақбараси, Боғи Бобур, Кобул, Афғонистон

“Биз яшаётган ерлар Бобурийлар салтанати даврларида бир ҳудуд, бир минтақа эди. Бу минтақада, албатта, ўзига хос миллий гуруҳлар билан бир қаторда ягона маданият ҳукм сурган. Бизни диний ва маданий меросимиз бирлаштирган. Кейинчалик, чегаралар пайдо бўлиб, миллатлар шаклланиб, хусусан Афғонистонда инқироз рўёбга чиқиши билан, алоқаларимиз узилиб қолди. “Бобурнома”да Бухоро, Самарқанд, Фарғона водийси ва ҳозирги Покистон борасида ёзилган сатрларни ўқиб, мамлакатларимиз ўтмишда бир-бирига жуда яқин бўлгани, бир-бири билан зич боғлангани хақида тасаввур пайдо бўлади. Ҳозирда эса бунинг аксини кўряпмиз,” – дейди таниқли покистонлик журналист Аёз Амир.

04

043

Манба: Би-би-си Ўзбек хизмати

088

(Tashriflar: umumiy 238, bugungi 1)

Izoh qoldiring