Ismat Xushev. Bolalar uyida ulg’aygan shoir (Muhammad Rahmonni eslab).

044    Мен Муҳаммад Раҳмон билан «Ёш гвардия» нашриётида 7-8 йил давомида бир хонада ўтириб ишлаганман.Айни шу сабабдан Муҳаммаджон аканинг феълу атворини яхши биламан. Покиза,оқкўнгил,сархуш пайтида ҳар икки гапидан кейин қаҳ-қаҳлаб куладиган ва энг муҳими жуда катта истеъдод эгаси ва ажойиб инсон эди Муҳаммад Раҳмон.

03 Дастлаб болалалар адабиёти бўлимида бирга ишладик. Бўлим мудири айрим болалар шоирларининг китобини нашриёт режасига киритаётганда билиб-билмай бўлажак китоб ҳажмини каттароқ қилиб режалаштирарди. Масалан, саралаганда ҳам 1-2 табоқ (бир табоқ 700 мисрадан иборат) чиқадиган шоир китоби 3-4 табоқ киритиларди. Мен ёки Муҳаммаджон ака қўлёзмани назардан ўтказиб бор-йўғи 300-400 сатр «топгандан» кейин бошимиз қотиб нима қилишни билмай қолардик. Дастлабки пайтлар шундай бошимиз қотган бўлса кейин йўлини топдик,яъни ўша шоир ўрнига ўзимиз шеър ёза бошлардик. Бундай пайтларда Муҳаммаджон ака менга, мен Муҳаммаджон акага ёрдам берардим. Мана шу йўл билан бир неча шоирнинг китобларини тўлдирганмиз.
Муҳаммад аканинг «Яшил дарё» тўплами ўзбек шеъриятидаги энг юксак китоблар қаторига киради. Бу китобдаги ҳар бир шеър ҳақида алоҳида мақола ёзиш мумкин.
Муборак ойда ажойиб инсон ва атоқли шоирни эсламак ниятида уни беҳад яхши билган,шоир оиласининг аъзосига айланган Исматжоннинг хотираларини (озгина қисқартириб) сизга тақдим этмоқдаман.

Хуршид Даврон

Исмат Хушев
БОЛАЛАР УЙИДА УЛҒАЙГАН ШОИР…
Ажойиб инсон, истеъдодли шоир Муҳаммад Раҳмонни хотирлаб
09

   Муҳаммаджон ака билан биз яқин юртдош, қадрдон ака-ука эдик.Эндигина олтмишинчи баҳорини қаршилашга улгурган бу ажойиб инсоннинг энди орамизда йўқлигини ҳис этиб яшаш жуда оғир экан.

Мана, неча йилдирки, бу айрилик азобидан ҳануз ўзимга келолмайман…

Машъум хабарни эшитган куним Муҳаммаджон аканинг оғир ва босиқ табиати, вазмин қиёфаси, маъюс ва хокисор кулиб туришлари, ажиб бир сокинлик ва улуғворлик билан шеър ўқишлари хаёлимдан худди кино лентасидек бир-бир ўтаркан, у кишининг ўлганларига ҳеч ишонгим келмади.
Беихтиёр, Китобга – у кишининг дўстларидан бирига қўнғироқ қилдим.
— Ҳа, Исматжон, Муҳаммаджондан ҳам айрилиб қолдик. Ўтган ҳафта фотиҳага бориб келдик. Ўша Оқтепадаги уйидан чиқаришди…

* * *

…Уйланганимдан кейин оиламни олиб эндигина Тошкентга келган кезларим эди.

Яшаш учун ижарага уй излаб юрган пайтимда Наргиз билан Муҳаммаджон аканикида бир-икки кун туришимизга тўғри келди.
Ўшанда у кишининг оиласи Холтош опа Оқтепадаги айлана уйларнинг биридан бизга ижарага уй топиб берганидан сўнггина Муҳаммаджон аканинг ёрдамлари билан ўша уйга кўчиб ўтган эдик.

Муҳаммаджон ака Китоб раёнидаги Паландара қишлоғида туғилган эдилар.

Ота-онадан жуда эрта айрилиб қолганликлари боисми, билмадим, у киши болалар уйида катта бўлганлар.

Эллигинчи йилларнинг бошида урушдан ғалаба билан қайтиб келган отамни Китобдаги болалар уйига директор этиб тайинлаганларида Муҳаммаджон ака ҳам шу ерда бўлган.

Отам бошқалардан нимаси биландир ажралиб турадиган бу қобилиятли ва зийрак болани ўшандаёқ таниб қолган.
— Отангиз мени ҳар якшанба кунлари уйларига олиб кетардилар. У пайтларда катта акангиз Неъматжон туғилган эди, холос, — деб хотирларди Муҳаммаджон ака ўша болалик кунларини эслаб. – Биз у билан бирга ўйнардик, уришиб ё тортишиб қолсак, отангиз кўпинча менинг тарафимни олиб ҳимоя қилиб чиқардилар. Ҳар якшанба куни “детдом”даги ота-онаси бор болалар уйларига борар, мени олиб кетиш учун эса ҳеч ким келмасди. Шунинг учунми, билмадим, отангиз мени  ўзларининг уйларига олиб кетардилар…

Кейинчалик Муҳаммаджон ака “Якшанбалар аслида болаларнинг кунидир!” деб ёзган машҳур шеърларининг яратилиш тарихини сўзлаб берганларида мен бу гаплардан хабар топган эдим.
Болалигида отамдан меҳр ва мурувват кўргани учунми, билмадим, Муҳаммаджон ака менга ҳам ҳаётим давомида жуда кўп яхшиликлар қилган…
Менинг биринчи шеърларим Муҳаммаджон аканинг “Оқ йўли” билан аввал раён, сўнг вилоят газетларида эълон қилинган эди.

Ўрта мактабни битириб ўқишга кириш учун Тошкентга келганимда ҳам отам билан даставвал Муҳаммаджон аканинг уйларига борган эдик. Ўшанда у киши оилалари билан Қора Қамишдаги икки хонали ижара уйда яшардилар. Шароитлари ўзига яраша экан. Шунинг учун отам мени опаларинг билан бирга турасан деб қизларининг квартирасига жойлаб қишлоққа жўнаб кетдилар. Кейин мен ўқишга кириб, ётоқхонага кўчиб ўтганимдан сўнг Муҳаммаджон аканикига тез-тез борадиган бўлдим.  У кишининг Қора Қамишдаги уйлари Студентлар шаҳарчасининг шундоққина орқа тарафида, “Олимпия” меҳмонхонасининг атрофида жойлашган эди.

Бир гал филологлар яшайдиган 84-ётоқхонада студентларнинг мушоира кечаси бўлди. Филология факулътети қизлари бир тараф, биз журналистика факулътети йигитлари бир тараф, роса шеър ўқидик.

Сирожиддин Саидов, Мирзо Кенжабоев ўша пайтлар студентлар орасида анча машҳур эди.

Шеърият кечасидан чиқиб, қувонч-у, ҳаяжонларимни устозга билдириб қўйиш учун Муҳаммаджон аканикига бордим. Кечки пайт саккизлар эди, чамамда. Ҳали унчалик кеч ҳам бўлмаганди. Кун бўйи ёмғир ёққанидан, табиат келиндек яшнаб кетганди.

Қўнғироғи босилган эшик очилиши билан, таклифни ҳам кутмай ичкарига кирдим. Гўё уй ўзимники-ю, мен кўчани бир айланиб келгандек эркин эдим:
— Шундай ажойиб кунда ҳам уйда ўтириш мумкинми? Юринг, шаҳарни бир айланиб келайлик, Муҳаммаджон ака, ташқарида ёмғир ёғаяпти, қаранг қандай гўзал бу ҳаёт!

Муҳаммаджон ака кун бўйи толиқиб, ухлаб қолган экан шекилли, уйқусираган кўзлари менинг ҳайратимдан порлаб кетгандек бўлди. Лекин мен бахтиёр ўспиринга бўлган бу лаҳзалик ҳавас тезда сўниб, унинг ўрнини одатдагидек кундалик ҳаёт ва рўзғор ташвишлари эгаллади шекилли:
— Раҳмат, мен эртага ишга боришим учун барвақт туришим керак, Исматжон, узр, – дедилар маъюс бир жилмайиб…

Ўша пайтларда мен университетнинг кечки бўлимида ўқир, кундуз кунлари эса Ўзбекистон радиосининг “Пионер эрталиги” эшиттиришини олиб борардим.
Бунга ҳам Муҳаммаджон аканинг ёрдами билан эришгандим.
Мен кечки бўлимда ўқишимни қишлоқдошларимдан яшириш учун “Студентлар шаҳарчаси”даги филология факулътетининг 84-ётоқхонасидан жой олган эдим.
Эртаси куни тушдан кейин, соат иккиларда биз эшиттириш муҳаррири Ҳафиза Ҳайитметова билан “Пионер Эрталиги”нинг навбатдаги сонини эфирга тайёрлаётган пайтда, студияга кириб келган Муҳаммаджон ака менга ойна ортидаги микрафон орқали: “Кейин менга учраб кетинг” деб айтдилар.
Муҳаммаджон ака ўша пайтда радионинг “Болалар ва ўсмирлар” таҳририятида Латиф Маҳмудов билан бирга ишлар эдилар. Бордим. У киши мени кўриб, қувонч билан ўрниларидан турдилар-да, қўлимга ҳозиргина машинкадан чиққан бир варақ қоғоз тутқаздилар:
— Кеча бизникига келиб кетганингиздан сўнг, мен ортиқ ухлолмадим, Исматжон, Менга яхши илҳом бердингиз, руҳ бердингиз. Сизга бағишлаб мана шу шеърни ёздим, — дедилар худди кечаги воқеа учун мен эмас, гўёки ўзлари айбдордек.
Бу менинг нотинч ва ғалвали ҳаётимда менга бағишлаб ёзилган энг биринчи ва энг гўзал шеър эди:

Бемаҳалда тақиллар эшик,
Ва кўринар таниш бир чеҳра.
Кириб келар хонамга тирик –
Ҳаяжон, завқ у билан бирга…

Қичқирар у остонаданоқ,
Усти боши шалаббо, башанг
«Ташқарида ёмғир, дўл, чақмоқ,
Сиз бўлсангиз яшанг-э, яшанг…»

Уникидир доим уй тўри,
Таклифни ҳам турмайди кутиб,
Тиниб-тинчмас ўсмир сурури,
Қўяр мени тамом ганггитиб..

Гоҳ кулади, гоҳ берар савол,
Баланд қўйиб овозларини.
Ҳушёр тортар кўриб бир маҳал,
Столдаги қоғозларимни…

Жилмаяди гуноҳкорона
— Борай энди, мен кетдим, хайр…
Жўнайди у яна мастона,
Кўчаларда этгали сайр.

Термуламан маъюс ва карахт,
Анчагача у кетган издан.
Ёмғир — вақт, дийдор – вақт, гул ҳам – вақт,
Ошаяпмиз бизлар ўттиздан…

Муҳаммаджон аканинг бу шеъри мазмунини мен орадан анча йиллар ўтиб, уйланиб, бошимга рўзғор ташвишлари тушганидан кейингина тўлиқ англаб етдим.
Йигирма ёшлардаги ўзидан бўлак ташвиши бўлмаган бахтиёр талаба ҳаяжонлари билан ўттизлардан ошган уйли-жойли, рўзғордор одамнинг ғам-ташвишларининг бир-бирига нақадар қарама-қарши келиши ҳақидаги фалсафий ва гўзал бир ҳикоя эди бу асар…
Мен Тошкентда ўқиган талабалик йилларимда ҳар якшанба куни Муҳаммаджон аканикига борардим. Чунки бу кун Муҳаммаджон ака болаларига подшолик ваъда қилган кун ҳисобланарди. Шу кун у кишининг болалари нима деса ижобат бўладиган кун эди.
Ҳатто, бу кунга бағишлаб у кишининг “Якшанбалар аслида болаларнинг кунидир!” деган машҳур шеърлари ҳам бор эди.

Биз ҳар якшанба Муҳаммаджон ака бошчилигида Тошкентнинг истироҳат боғларига, ҳайвонот олами-ю, болалар оромгоҳларига сайр қилардик.
У киши болалар уйида тарбия топаркан, ҳар якшанба келишини юрагида оғир бир хавотир билан кутишини айтган эдилар. Ўша куни аксар болаларнинг ота-онаси келиб, уларни уйига олиб кетишини, бу ҳолдан Муҳаммаджон ака чексиз изтироб чекишини ҳикоя қилиб берган эдилар:
— Мен ўша болалар уйидаёқ катта бўлиб уйлансам, болаларимни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймайман, ҳар якшанба куни уларни “подшоҳ”ликка кўтариб, айтганларини муҳайё қилиб яшайман деб орзу қилган эдим, — дедилар бир кун менга Муҳаммаджон ака…
Кейин орадан йиллар ўтиб, ўсиб улғайдик. Тошкент, сўнгра Москва давлат университетларини битириб келиб, Шаҳрисабз ижроқўмида кичик амалдор бўлиб мустақил ҳаётга қадам қўйдик.
Ёшлик ва енгилтаклик қилиб амал пиллапояларидан такрор ва такрор қоқилган пайтларда энг аввало Муҳаммаджон акага мурожаат қилардим.

Қарши пединститутидаги машмашалардан чарчаб, Қашқадарёдаги “жўшқин фаолиятим”га якун ясаб, Тошкент сари юзланган кунларимда ҳам, ҳар галгидек Муҳаммаджон ака яна жонимга аро кирган эдилар.
Маматқул Ҳазратқулов ва Эркин Аъзамов тавсияси билан “Саодат” журнали Бош муҳаррири Ҳалима Ҳудойбердиевага бориб учраганимда истеъдодли шоирамиз оғир ва босиқлик билан бошқалар қатори мен учун Муҳаммаджон Раҳмонов ҳам кафолат берганини ажиб бир фахр билан тилга олганлари ҳануз ёдимда…
1989-йилнинг 23-июнъ куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг навбатдан ташқари чақирилган Пленумида Ислом Каримов Компартия раҳбари этиб тайинланганидан кейин фавқулодда қувонч билан Муҳаммаджон аканинг уйларига бориб, энди мен учун ортиқ азият чекмасликларини, энди мен албатта амалдор бўлиб кетишимни қайта ва қайта таъкидлаганимда:
— Майли, Исматжон, омадингизни берса биз фақат хурсанд бўламиз, — деб яна ўша хокисорлик билан маъюсгина жилмайиб қўйган эдилар…
Билмадим, бу ҳорғин жилмайиш ортида нима бор эди?
“Бу худбин ҳатти-ҳаракатинг ва бу бежилов феъл-атворинг билан ҳали яна кўп қоқиласан” демоқчи бўлдиларми, билмадим…
У киши ҳеч қачон бировга оғир гапирмас, кўнглини ранжитмас, боладек содда ва беғубор эдилар.

Шунча йил бирга бўлиб, сафарларда юриб, давралар қуриб Муҳаммаджон аканинг нафақат менга, балки бошқаларга ҳам қаттиқ гапирганини, овозини сал бўлса-да, баландлатганини сира эслолмайман…
Кейин, Яратган ростдан ҳам омадимизни берди — кўтарилиб кетдик.

Мен Ислом Каримов тавсияси билан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети Бюро қарори билан “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнъ и экономика” жўрналларига раҳбар бўлдим. Бу пайтларда Муҳаммаджон ака “Юлдузча” нашриётида ишлар эдилар. У киши Ҳалима Ҳудойбердиеванинг курсдоши эди. 1993- йили Ҳалима опа, Мавлон Умрзоқов ва Мурод Муҳаммад Дўстларнинг ёрдами билан Муҳаммаджон ака ҳам Президентнинг матбуот хизматига ишга олинди.
Ўзбекистон радиосида ишлаганларида Қадам Саидмуродов, нашриётда ишлаганларида Мирпўлат Мирзоевлар билан жуда қалин эдилар.

Ижодкор дўстлари Усмон Азимов, Шавкат Раҳмон, Эркин Аъзамов, Хуршид Давронлар билан бир оила аъзоларидай яқин эдилар.
Китоблик Бахтиёр Абдуллаев, Маматқиём Саломов ва Толибжон Қодировлар билан тутинган оға-ини эдилар.
Президент девонига ишга ўтганларидан кейин ҳам у киши ҳаммага – дўстлари, шогирдлари ва яқинларига қўлларидан келганча яхшилик қилишга одатланган ғамхўр ва меҳрибон инсон эдилар..

Муҳаммаджон аканинг оиласи Холтош Усмонова асли Самарқанд вилоятининг Каттақўрғонидан эди. Улар ТошДУнинг журналистика факулътетида бирга ўқиб, бир-бирига кўнгил қўйиб, турмуш қуришган. Икки нафар фарзандлари бор эди – Умид ва Жамшид. Умид ёшлигидан математика ва физикага қизиқиб, аниқ фанлар бўйича ўтказилган бутуниттифоқ олимпиадаларида иштирок этарди. Охир — оқибат Новосибирскда ўқиб, Москвада ишлаб қолди, уйланди.
Лекин бундан ўн йиллар муқаддам кутилмаганда кўп қаватли уй балконидан пастга қулаб, фожеали вафот этди…

У киши бир пайтлар Тошкент шаҳар “ГАИ”сининг раҳбари бўлган Аҳмаджон Эркабоев билан қуда тутинишган, Аҳмаджон аканинг қизи Муҳаммаджон акага келин бўлиб тушган эди…
Ёш бўлишига қарамай бизнес билан шуғулланиб анчагина бойлик орттирган, Москванинг кўркам ва нуфузли гўшасидан уй сотиб олишга улгурган навқирон ва истиқболли ўғлининг бу сирли ўлими Муҳаммаджон аканинг қаддини тамом букиб қўйди…

Биз янганинг маслаҳати билан Муҳаммаджон ака иккимиз бу сирли ва фожеали ўлим сабабларини ўрганиш учун Москвага боришга қарор қилган эдик. Лекин нима бўлди-ю, кетишимиз аниқ бўлган пайтда Муҳаммаджон ака фикридан қайтди:
— Мол-мулк даъво қилиб келишибди деб ўйлашлари мумкин, — дея истиҳола қилган эдилар.
У киши Умиддан ёдгорлик бўлиб қолган якка-ю ягона невараларини кўриш ва уни иложи бўлса Ўзбекистонга олиб қайтишни орзу қилган эдилар, холос.
Болалар уйида улғайган шоирнинг бу орзулари ушалмай қолди…
У киши ана шунақа тоза ва фаришта инсон эдилар!
Умиднинг кутилмаган ўлимидан адои-тамом бўлган Муҳаммаджон ака кун сайин эмас, балки соат сайин сарғайиб, сўлиб қолдилар.

Муҳаммаджон аканинг иккинчи қудалари — менинг яна бир устозим Маҳмуд Сатторов эди. Иккинчи ўғиллари Жамшидга Маҳмуд аканинг гўзал қизлари Сурайёни олиб бергандилар.
Сурайё Тошкент давлат юридик институтини битириб, кейинчалик шу ерда илмий иш қилиб, талабаларга дарс бериб қолди.
Бунга ҳам беш-олти йил бўлди. Бугун у эҳтимол илмий ишини ҳам ёқлаб, олима бўлгандир.
Лекин Муҳаммаджон ака ўғли ва келинининг камолини кўрмай кетгани менга алам қилади…
Муҳаммаджон Раҳмонов роппа — роса ўн етти йил Президент девонида хизмат қилди.
Давлат раҳбари ҳам болалар уйида улғайган бу шоиртабиат йигитни ёқтирар, унга айрича ва эҳтиромли муомила ва муносабатда бўларди. Унинг баъзан девонда сархуш юришини айтганларида ҳам Ислом ака уни тергамас, тергаса ва панд насиҳат қилса ҳам, ҳеч қачон ишдан ҳайдаш ҳақида кўрсатма бермасди…
Аксинча, бу оғир ва камтар ходимини ўзи билан кўпинча чет эл сафарларига олиб кетардилар…

Ўн етти йил! Айтишга осон…

Эҳтимол, бу олий даргоҳда бу қадар кўп муддат ишлаган одамлар бугун саноқлидир.
Муҳаммаджон ака “дарахт бир жойда кўкаради” деганларидек борган жойида қўним топиб, сингиб кетадиган меҳри дарё, кўнгли саҳро бир инсон эди.
Бутун умри давомида ҳалол ва покиза ҳаёт кечириб, бизларни ҳам шунга даъват этиб келди у киши…

Мен ўзимнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” номли хотиралар китобимни ёзиб тугатгач, унинг қўлёзмасини Муҳаммаджон акага ўқишга берган эдим.
Бир гал у киши менга қўнғироқ қилиб “Китобга бориб келайлик” деб қолдилар.Йўлма — йўл гурунг қилиб кетдик.
У киши ҳар гал Китобга борарканмиз, Чиноздан ўтаётиб балиқхўрлик қилишни яхши кўрардилар. Бу гал ҳам тушликни Чинозда қилдик. Китобга етиб келганимизда кун алламаҳал бўлиб қолган, “Қайнарбулоқ” оромгоҳи раҳбарлари бизни алоҳида мулозамат билан кутиб туришарди.
Меҳмондорчилик тугаб, Бахтиёр акадан бошқа ҳаммага жавоб бериб юбораркан, Муҳаммаджон ака уччаламиз тоғ ёнбағридаги бу сўлим ва арчазор гўшада ёлғиз қолдик.
Шу оқшом Бахтиёр ака гувоҳлигида у киши менга тўрт қатор шеър ёзиб бердилар-да, “бу китобингиз муқаддимаси учун мендан эсдалик” деб яна ўша ҳокисорлик билан ширингина жилмайиб қўйдилар…
Мен қалбимда қуёш порлагандек қувониб кетдим. Чунки йўл бўйи китобим ҳақида “миқ” этмай келганлари учун ҳам, ёзганларим у кишига ёқмабди деб ўйлаган эдим.
Демак, ёқибди!
Бу мен учун жуда муҳим, катта гап эди!

Биринчидан, у киши Президент девонида ишласалар, иккинчидан Ислом Каримовнинг мен қаламга олган ҳатти-ҳаракатлари, феъл-атвори, одамларга ва ён-атрофидагиларга бўлган муносабатидан у киши ҳам ўтган йиллар давомида баҳоли-қудрат хабардор бўлган эдилар. Демак, фикр-мулоҳазаларим у кишига маъқул бўлган.
Йўқса, китобимнинг кириш қисмига деб, шеър ёзиб бермас эдилар.
Мана ўша шеър:

Умри – сабоқ, дарслигига гумон йўқ,
Мубоҳаса, баҳслигига гумон йўқ.
Тарихий шахс эмасдир-у ва лекин,
Исматжоннинг шахслигига гумон йўқ!

Ҳа, менинг чақмоқдек чақнаб ўтган шу ғалвали умрим ўз хато ва камчиликлари — гуноҳу-савоблари, саволу-жавоблари, қувончу- сароблари билан кўплар учун аччиқ сабоқ ва яхшигина дарс бўлиши мумкин.
Менинг умрим йўлларидаги бу шодлик ва аламларим, қувонч ва ғамларим, чеккан дарду-ситамларим ҳали узоқ йиллар не-не дўсту-ғанимларим учун мубоҳаса ва баҳс мавзуига айланиши табиий.
Ростдан ҳам мен балким Муҳаммаджон ака айтганларидек, тарихий шахс эмасдирман.
Лекин менинг рафиқу-рақибларим истайдими ё йўқ, бундан қатъий назар, ўз хато ва камчиликларим билан мен барибир шахс эканлигим, ҳаётда ўз ўрним борлиги, бу энди бор гап!

…Муҳожирликка юз тутиб, хориж эллар сари йўл оларканман, дунё кезиб, кўнгил ёзиб бир айланиб келаман деб ўйлаган эдим. Бу қарорим билан Сизни ранжитиб қўйишдан қўрқиб, ҳатто мақсадимни ҳам айтмай, Сизга билдирмай кетворган эдим.
Эшитиб: “Яна ёшлик қилибди-да, у одамларга, жўшқин давраларга ўрганган йигит эди, Ватансиз бошқалар яшаши мумкин, лекин Исмат яшолмайди, кетиб бекор қилибди”, деб роса куйганингизни айтишди. Кетиб хато қилганимни Сиз Ўзбекистондаёқ англаган бўлсангиз, мен нодон, меҳр ва муҳаббат қуриб, тамом бўлган бу юртларга келиб англадим, акажон…
Энди хато қилсам, куядиган одамим ҳам қолмади ҳисоб. Яна қанча хато қилар эканман, акажон!?
Мени хатолардан огоҳ этиб турувчи Сиздан бошқа яна кимим қолди бу ёруғ дунёда, ака!?
Сизнинг беғубор ҳаётингиз, бетакрор ижодингиз биз ғофил бандалар учун бебаҳо бир ҳаёт мактаби эканини, во дариғ, Сиз бизларни тарк этгандан кейингина англадик, ака!

* * *

Муҳаммаджон ака баъзан ишдан кейин менга телефон қилиб машинангиз билан келинг бир жойга борамиз деб айтардилар. Борсам, бирор жойда ўтириш ва ё зиёфат бўларди. Ўша давра энг авж паллага чиққан пайт у киши баъзан ҳаммани тўхтатиб, ўзларига жалб қилиб: “Сўз Исмат Хушевга!” деб менга навбат олиб берардилар-да, энди сўз бошласам, “Исматжон, илтимос, шеър ўқинг, Абдулла аканинг ўша шеърини ўқинг” деб қолардилар…

Ҳатто сархуш ҳолда ҳам у киши бировни ҳеч қачон сенламас, ҳамиша одоб билан момила қилардилар.
“Абдулла аканинг ўша” шеърининг эса тарихи бор эди…

Бир гал яхши кўрган қизимни олиб, таваккал қилиб Абдулла аканинг “Детский мир”даги “дом”ига бордик.
Мен Абдулла аканинг уйида эмин эркин эдим. Мен кўнгил қўйган қўшиқчи қиз ҳақида устозга олдин айтганимда: “Бирор кун олиб кел уйга” деб айтган эдилар.
Биз борганда Абдулла ака нимадандир асабийлашиб турган экан. Бизни кўриб, қувониб кетди.
Ҳанифа опа (янгам) уйда биров бўлса, шоирга, унинг истакларига қарши боролмасди. Шоир эса илҳом келиши учун бир оз сархуш бўлишни истарди. Боз устига биз уникига доим ниманидир кўтариб борардик…
Хуллас ўша куни Абдулла ака бизни рўпарасига ўтирғизиб қўйиб (худди соҳибжамол аёлни олдига ўтирғизиб расм чизаётган мусаввирдай) узоқ термулиш ва кузатувдан сўнг бир шеър битган эди.

Мана ўттиз беш йилдирки бу шеър ҳануз матбуотда эълон қилинмаган. Эҳтимол Абдулла аканинг ўзи ҳам шундай улуғ шеъри борлигини билмас.
Шеър (қизнинг номи битилган мувашшаҳ) шундай бошланади:

Заъфарон ул мисли япроқ сен каби гул олдида,
Айни хор бир гул эрурким зор у сунбул олдида.

Мен малоҳат ҳам ҳуснда якка деб билдим сани,
Илтижо қилгай йигит ҳам қолса уч йўл олдида…

Ростин айтай дил ишончин сўйлади Исмат манга,
Айлагил озроқ караким ул каби қул олдида.

Мен ҳар гал шу шеърни ўқиганимда Муҳаммаджон ака маза қилиб эшитишни, ўзига жуда ёққан сатрларга навбат келганида “Воҳ!”, “Воҳ!” деб ҳайратланишни ёқтирар эдилар.

У киши айниқса:

Бахш этиб эрдим мувашшаҳ, оташин дилдан ва лек,
Аҳмар-у оташ ўзинг-ку кулмаган кул олдида…

деган сатрларни ўқиганимда “дод” деб юборар ва “Орипов барибир буюк шоир!” деб завқланар ва чин дилдан ҳайратланар эдилар…

Муҳаммаджон Раҳмоновнинг:

Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар,
Бўғзимга тиқилган ҳаяжонимни
Қутулардим айтиб бир йўла,
Қийнамасдим бунча жонимни…

Деган шеърларини ҳар гал эслаганимда у кишининг Абдулла ака ижодига бўлган ўша ҳайрати, ўша завқланиши қайта ва қайта ёдимга тушаверади…

Булардан ташқари мен Муҳаммаджон аканинг “Гунг монологи” номли шеърини ҳам ёд олган ва бу шеър Студентлар шаҳарчасининг ётоқхоналарида энг кўп ўқиладиган шеърга айланиб қолган эди…

Ишонмассан бу гапга дўстим,
Гунгларда ҳам забон бўлади.
Тилим менинг шу икки қўлим
Улар йиғлар, улар кулади…

Ўхшамайсан ёмон одамга,
Яқинроқ кел тишлаб олмайман,
Сиғмаяпман жумла оламга
Биласанми — севиб қолганман…

Мана бундай унинг лаблари
Мана бундай унинг юзлари
Мана бундай қўллари…

Бугун ҳам Ўзбекистондан олис бир мамлакатда баъзан шеър ўқигим келади.
Муҳаммаджон аканинг ўша ҳайқириқлари, ўша завқланиш ва ўша ҳайратланишларини эшитгим келади, қўмсайман, соғинаман…
Энди мен жўшиб шеър ўқисам менга ҳавас қиладиган, “Орипов барибир буюк” деб мени қучоқлаб, бағрига босадиган одам йўқлигини ўйласам, ҳаёт кўзимга тор бўлиб кўринади, яшагим ҳам келмай қолади баъзан…
Муҳаммаджон ака ана шунақанги қалби дарё, бағри кенг, ҳасратли ва ҳайратли шоир эди.

…Муҳаммаджон аканинг кутилмаганда вафот этганларини эшитиб, у кишининг энг яқин дўстлари Бахтиёр Абдуллаев билан гаплашиш учун яна Китобга телефон қилдим.
Биз Муҳаммаджон ака билан ҳар гал Китобга борганимизда Бахтиёр ака доим биз билан бирга бўларди. Асл касби врач бўлган бу шоиртабиат йигит адабиётни теран тушунар, ўзи ҳам шеърлар ёзар ва хусусан, Муҳаммад Раҳмон ижодининг ашаддий ва жонкуяр мухлиси эди:
— Умиджоннинг ўлимидан кейин Муҳаммаджон “сахар” бўлиб қолган экан, жуда озиб кетганди. Ишхонасидан “бюллетен”га чиқиб, Луначарскийдаги биринчи ҳукумат касалхонасида даволанаётган эди. Кутилмаганда айрилиб қолдик…

Муҳаммаджон ака ҳали ўлмасликлари керак эди. У киши камида яна йигирма ё ўттиз йил яшайди деб ўйлардим.
Лекин ўлим ҳақ экан, у ўзига керакли инсонларни биздан сўраб ўтирмай сафимиздан суғуриб олиб кетаверар экан.
Болалар уйида ўсиб улғайган, “Якшанбалар аслида болаларнинг кунидир!” деб ҳайқириб шеърлар ёзган, етим гўдаклигида ўзи кўрмаган меҳру-муҳаббатни фарзандларига беришни орзу қилган ва ҳар якшанба куни болаларига бу ҳаёт “подшолигини” совға қилиб келган Муҳаммаджон ака, не тонгки, 31 январъ — якшанба куни вафот этибдилар…
Нега бунча эрта бизни ташлаб кетдингиз, акажон!?
Нега айнан якшанбада вафот этдингиз, ака?
Бу билан биз ғофил бандаларга нима демоқчи бўлдингиз?
Болаларингиздан Сиз ҳам ўз меҳрингизни дариғ тутманг, ҳар якшанба уларни бир кунга бўлса-да, подшоликка кўтаринг, деб биз меҳрсиз катталарга яна бир бор айтмоқчи ва бизни такрор огоҳлантирмоқчи бўлдингизми, акажон!?
Муҳаммаджон аканинг бутун онгли ҳаёти биз дўстлари ва шогирдлари учун катта сабоқ ва аччиқ бир дарс эканини у кишининг ўлимидан кейингина англаб етдим.
У кишининг юрагимда армон бўлиб қолган дийдори мени ҳали яна узоқ йиллар қийнаса керак…

055Суратда: Муҳаммад Раҳмон Абдулла Ориповнинг чап ёнида.

 03     Men Muhammad Rahmon bilan «Yosh gvardiya» nashriyotida 7-8 yil davomida bir xonada o’tirib ishlaganman.Ayni shu sababdan Muhammadjon akaning fe’lu atvorini yaxshi bilaman. Pokiza,oqko’ngil,sarxush paytida har ikki gapidan keyin qah-qahlab kuladigan va eng muhimi juda katta iste’dod egasi va ajoyib inson edi Muhammad Rahmon. Dastlab bolalalar adabiyoti bo’limida birga ishladik. Bo’lim mudiri ayrim bolalar shoirlarining kitobini nashriyot rejasiga kiritayotganda bilib-bilmay bo’lajak kitob hajmini kattaroq qilib rejalashtirardi. Masalan, saralaganda ham 1-2 taboq (bir taboq 700 misradan iborat) chiqadigan shoir kitobi 3-4 taboq kiritilardi. Men yoki Muhammadjon aka qo’lyozmani nazardan o’tkazib bor-yo’g’i 300-400 satr «topgandan» keyin boshimiz qotib nima qilishni bilmay qolardik. Dastlabki paytlar shunday boshimiz qotgan bo’lsa keyin yo’lini topdik,ya’ni o’sha shoir o’rniga o’zimiz she’r yoza boshlardik. Bunday paytlarda Muhammadjon aka menga, men Muhammadjon akaga yordam berardim. Mana shu yo’l bilan bir necha shoirning kitoblarini to’ldirganmiz.
Muhammad akaning «Yashil daryo» to’plami o’zbek she’riyatidagi eng yuksak kitoblar qatoriga kiradi. Bu kitobdagi har bir she’r haqida alohida maqola yozish mumkin.
Muborak oyda ajoyib inson va atoqli shoirni eslamak niyatida uni behad yaxshi bilgan,shoir oilasining a’zosiga aylangan Ismatjonning xotiralarini (ozgina qisqartirib) sizga taqdim etmoqdaman.

Xurshid Davron

Ismat Xushev
BOLALAR UYIDA ULG’AYGAN SHOIR…
Ajoyib inson, iste’dodli shoir Muhammad Rahmonni xotirlab
09

Muhammadjon aka bilan biz yaqin yurtdosh, qadrdon aka-uka edik.Endigina oltmishinchi bahorini qarshilashga ulgurgan bu ajoyib insonning endi oramizda  yo’qligini his etib yashash juda og’ir ekan
Mana, necha yildirki, bu ayrilik azobidan hanuz o’zimga kelolmayman…

Mash’um xabarni eshitgan kunim Muhammadjon akaning og’ir va bosiq tabiati, vazmin qiyofasi, ma’yus va xokisor kulib turishlari, ajib bir sokinlik va  ulug’vorlik bilan she’r o’qishlari xayolimdan xuddi kino lentasidek bir-bir o’tarkan, u kishining o’lganlariga hech ishongim kelmadi.
Beixtiyor, Kitobga – u kishining do’stlaridan biriga qo’ng’iroq qildim.
— Ha, Ismatjon, Muhammadjondan ham ayrilib qoldik. O’tgan hafta fotihaga borib keldik. O’sha Oqtepadagi uyidan chiqarishdi…

* * *

…Uylanganimdan keyin oilamni olib endigina Toshkentga kelgan kezlarim edi.
Yashash uchun ijaraga uy izlab yurgan paytimda Nargiz bilan Muhammadjon akanikida bir-ikki kun turishimizga to’g’ri keldi.
O’shanda u kishining oilasi Xoltosh opa Oqtepadagi aylana uylarning biridan bizga ijaraga uy topib berganidan so’nggina Muhammadjon akaning yordamlari bilan  o’sha uyga ko’chib o’tgan edik.
Muhammadjon aka Kitob rayonidagi Palandara qishlog’ida tug’ilgan edilar.
Ota-onadan juda erta ayrilib qolganliklari boismi, bilmadim, u kishi bolalar uyida katta bo’lganlar.
Elliginchi yillarning boshida urushdan g’alaba bilan qaytib kelgan otamni Kitobdagi bolalar uyiga direktor etib tayinlaganlarida Muhammadjon aka ham shu  yerda bo’lgan.

Otam boshqalardan nimasi bilandir ajralib turadigan bu qobiliyatli va ziyrak bolani o’shandayoq tanib qolgan.
— Otangiz meni har yakshanba kunlari uylariga olib ketardilar. U paytlarda katta akangiz Ne’matjon tug’ilgan edi, xolos, — deb xotirlardi Muhammadjon aka  o’sha bolalik kunlarini eslab. – Biz u bilan birga o’ynardik, urishib yo tortishib qolsak, otangiz ko’pincha mening tarafimni olib himoya qilib chiqardilar. Har  yakshanba kuni “detdom”dagi ota-onasi bor bolalar uylariga borar, meni olib ketish uchun esa hech kim kelmasdi. Shuning uchunmi, bilmadim, otangiz meni
o’zlarining uylariga olib ketardilar…

Keyinchalik Muhammadjon aka “Yakshanbalar aslida bolalarning kunidir!” deb yozgan mashhur she’rlarining yaratilish tarixini so’zlab berganlarida men bu  gaplardan xabar topgan edim.
Bolaligida otamdan mehr va muruvvat ko’rgani uchunmi, bilmadim, Muhammadjon aka menga ham hayotim davomida juda ko’p yaxshiliklar qilgan…
Mening birinchi she’rlarim Muhammadjon akaning “Oq yo’li” bilan avval rayon, so’ng viloyat gazetlarida e’lon qilingan edi.

O’rta maktabni bitirib o’qishga kirish uchun Toshkentga kelganimda ham otam bilan dastavval Muhammadjon akaning uylariga borgan edik.
O’shanda u kishi oilalari bilan Qora Qamishdagi ikki xonali ijara uyda yashardilar. Sharoitlari o’ziga yarasha ekan. Shuning uchun otam meni opalaring bilan birga   turasan deb qizlarining kvartirasiga joylab qishloqqa jo’nab ketdilar.
Keyin men o’qishga kirib, yotoqxonaga ko’chib o’tganimdan so’ng Muhammadjon akanikiga tez-tez boradigan bo’ldim.
U kishining Qora Qamishdagi uylari Studentlar shaharchasining shundoqqina orqa tarafida, “Olimpiya” mehmonxonasining atrofida joylashgan edi.

Bir gal filologlar yashaydigan 84-yotoqxonada studentlarning mushoira kechasi bo’ldi.
Filologiya fakul`teti qizlari bir taraf, biz jurnalistika fakul`teti yigitlari bir taraf, rosa she’r o’qidik.
Sirojiddin Saidov, Mirzo Kenjaboev o’sha paytlar studentlar orasida ancha mashhur edi.
She’riyat kechasidan chiqib, quvonch-u, hayajonlarimni ustozga bildirib qo’yish uchun Muhammadjon akanikiga bordim. Kechki payt sakkizlar edi, chamamda. Hali unchalik kech ham bo’lmagandi. Kun bo’yi yomg’ir yoqqanidan, tabiat kelindek yashnab ketgandi.
Qo’ng’irog’i bosilgan eshik ochilishi bilan, taklifni ham kutmay ichkariga kirdim. Go’yo uy o’zimniki-yu, men ko’chani bir aylanib kelgandek erkin edim:
— Shunday ajoyib kunda ham uyda o’tirish mumkinmi? Yuring, shaharni bir aylanib kelaylik, Muhammadjon aka, tashqarida yomg’ir yog’ayapti, qarang qanday go’zal bu   hayot!
Muhammadjon aka kun bo’yi toliqib, uxlab qolgan ekan shekilli, uyqusiragan ko’zlari mening hayratimdan porlab ketgandek bo’ldi. Lekin men baxtiyor o’spiringa  bo’lgan bu lahzalik havas tezda so’nib, uning o’rnini odatdagidek kundalik hayot va ro’zg’or tashvishlari egalladi shekilli:
— Rahmat, men ertaga ishga borishim uchun barvaqt turishim kerak, Ismatjon, uzr, – dedilar ma’yus bir jilmayib…

O’sha paytlarda men universitetning kechki bo’limida o’qir, kunduz kunlari esa O’zbekiston radiosining “Pioner ertaligi” eshittirishini olib borardim.
Bunga ham Muhammadjon akaning yordami bilan erishgandim.
Men kechki bo’limda o’qishimni qishloqdoshlarimdan yashirish uchun “Studentlar shaharchasi”dagi filologiya fakul`tetining 84-yotoqxonasidan joy olgan edim.
Ertasi kuni tushdan keyin, soat ikkilarda biz eshittirish muharriri Hafiza Hayitmetova bilan “Pioner Ertaligi”ning navbatdagi sonini efirga tayyorlayotgan paytda, studiyaga kirib kelgan Muhammadjon aka menga oyna ortidagi mikrafon orqali: “Keyin menga uchrab keting” deb aytdilar.
Muhammadjon aka o’sha paytda radioning “Bolalar va o’smirlar” tahririyatida Latif Mahmudov bilan birga ishlar edilar. Bordim. U kishi meni ko’rib, quvonch  bilan o’rnilaridan turdilar-da, qo’limga hozirgina mashinkadan chiqqan bir varaq qog’oz tutqazdilar:
— Kecha biznikiga kelib ketganingizdan so’ng, men ortiq uxlolmadim, Ismatjon, Menga yaxshi ilhom berdingiz, ruh berdingiz. Sizga bag’ishlab mana shu she’rni  yozdim, — dedilar xuddi kechagi voqea uchun men emas, go’yoki o’zlari aybdordek.
Bu mening notinch va g’alvali hayotimda menga bag’ishlab yozilgan eng birinchi va eng go’zal she’r edi:

Bemahalda taqillar eshik,
Va ko’rinar tanish bir chehra.
Kirib kelar xonamga tirik –
Hayajon, zavq u bilan birga…

Qichqirar u ostonadanoq,
Usti boshi shalabbo, bashang
«Tashqarida yomg’ir, do’l, chaqmoq,
Siz bo’lsangiz yashang-e, yashang…»

Unikidir doim uy to’ri,
Taklifni ham turmaydi kutib,
Tinib-tinchmas o’smir sururi,
Qo’yar meni tamom ganggitib..

Goh kuladi, goh berar savol,
Baland qo’yib ovozlarini.
Hushyor tortar ko’rib bir mahal,
Stoldagi qog’ozlarimni…

Jilmayadi gunohkorona
— Boray endi, men ketdim, xayr…
Jo’naydi u yana mastona,
Ko’chalarda etgali sayr.

Termulaman ma’yus va karaxt,
Anchagacha u ketgan izdan.
Yomg’ir — vaqt, diydor – vaqt, gul ham – vaqt,
Oshayapmiz bizlar o’ttizdan…

Muhammadjon akaning bu she’ri mazmunini men oradan ancha yillar o’tib, uylanib, boshimga ro’zg’or tashvishlari tushganidan keyingina to’liq anglab yetdim.
Yigirma yoshlardagi o’zidan bo’lak tashvishi bo’lmagan baxtiyor talaba hayajonlari bilan o’ttizlardan oshgan uyli-joyli, ro’zg’ordor odamning g’am-tashvishlarining  bir-biriga naqadar qarama-qarshi kelishi haqidagi falsafiy va go’zal bir hikoya edi bu asar…
Men Toshkentda o’qigan talabalik yillarimda har yakshanba kuni Muhammadjon akanikiga borardim. Chunki bu kun Muhammadjon aka bolalariga podsholik va’da  qilgan kun hisoblanardi. Shu kun u kishining bolalari nima desa ijobat bo’ladigan kun edi.
Hatto, bu kunga bag’ishlab u kishining “Yakshanbalar aslida bolalarning kunidir!” degan mashhur she’rlari ham bor edi.
Biz har yakshanba Muhammadjon aka boshchiligida Toshkentning istirohat bog’lariga, hayvonot olami-yu, bolalar oromgohlariga sayr qilardik.
U kishi bolalar uyida tarbiya toparkan, har yakshanba kelishini yuragida og’ir bir xavotir bilan kutishini aytgan edilar. O’sha kuni aksar bolalarning ota-onasi  kelib, ularni uyiga olib ketishini, bu holdan Muhammadjon aka cheksiz iztirob chekishini hikoya qilib bergan edilar:
— Men o’sha bolalar uyidayoq katta bo’lib uylansam, bolalarimni hech qachon yolg’izlatib qo’ymayman, har yakshanba kuni ularni “podshoh”likka ko’tarib, aytganlarini  muhayyo qilib yashayman deb orzu qilgan edim, — dedilar bir kun menga Muhammadjon aka…
Keyin oradan yillar o’tib, o’sib ulg’aydik. Toshkent, so’ngra Moskva davlat universitetlarini bitirib kelib, Shahrisabz ijroqo’mida kichik amaldor bo’lib   mustaqil hayotga qadam qo’ydik.
Yoshlik va yengiltaklik qilib amal pillapoyalaridan takror va takror qoqilgan paytlarda eng avvalo Muhammadjon akaga murojaat qilardim.

Qarshi pedinstitutidagi mashmashalardan charchab, Qashqadaryodagi “jo’shqin faoliyatim”ga yakun yasab, Toshkent sari yuzlangan kunlarimda ham, har galgidek  Muhammadjon aka yana jonimga aro kirgan edilar.
Mamatqul Hazratqulov va Erkin A’zamov tavsiyasi bilan “Saodat” jurnali Bosh muharriri Halima Hudoyberdievaga borib uchraganimda iste’dodli shoiramiz og’ir  va bosiqlik bilan boshqalar qatori men uchun Muhammadjon Rahmonov ham kafolat berganini ajib bir faxr bilan tilga olganlari hanuz yodimda…
1989-yilning 23-iyun` kuni O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komitetining navbatdan tashqari chaqirilgan Plenumida Islom Karimov Kompartiya rahbari etib  tayinlanganidan keyin favqulodda quvonch bilan Muhammadjon akaning uylariga borib, endi men uchun ortiq aziyat chekmasliklarini, endi men albatta amaldor  bo’lib ketishimni qayta va qayta ta’kidlaganimda:
— Mayli, Ismatjon, omadingizni bersa biz faqat xursand bo’lamiz, — deb yana o’sha xokisorlik bilan ma’yusgina jilmayib qo’ygan edilar…
Bilmadim, bu horg’in jilmayish ortida nima bor edi?
“Bu xudbin hatti-harakating va bu bejilov fe’l-atvoring bilan hali yana ko’p qoqilasan” demoqchi bo’ldilarmi, bilmadim…
U kishi hech qachon birovga og’ir gapirmas, ko’nglini ranjitmas, boladek sodda va beg’ubor edilar.

Shuncha yil birga bo’lib, safarlarda yurib, davralar qurib Muhammadjon akaning nafaqat menga, balki boshqalarga ham qattiq gapirganini, ovozini sal bo’lsa-da,  balandlatganini sira eslolmayman…
Keyin, Yaratgan rostdan ham omadimizni berdi — ko’tarilib ketdik.
Men Islom Karimov tavsiyasi bilan O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komiteti Byuro qarori bilan “Hayot va iqtisod” – “Jizn` i ekonomika” jo’rnallariga rahbar  bo’ldim.
Bu paytlarda Muhammadjon aka “Yulduzcha” nashriyotida ishlar edilar. U kishi Halima Hudoyberdievaning kursdoshi edi. 1993- yili Halima opa, Mavlon Umrzoqov   va Murod Muhammad Do’stlarning yordami bilan Muhammadjon aka ham Prezidentning matbuot xizmatiga ishga olindi.
O’zbekiston radiosida ishlaganlarida Qadam Saidmurodov, nashriyotda ishlaganlarida Mirpo’lat Mirzoevlar bilan juda qalin edilar.
Ijodkor do’stlari Usmon Azimov, Shavkat Rahmon, Erkin A’zamov, Xurshid Davronlar bilan bir oila a’zolariday yaqin edilar.
Kitoblik Baxtiyor Abdullaev, Mamatqiyom Salomov va Tolibjon Qodirovlar bilan tutingan og’a-ini edilar.
Prezident devoniga ishga o’tganlaridan keyin ham u kishi hammaga – do’stlari, shogirdlari va yaqinlariga qo’llaridan kelgancha yaxshilik qilishga odatlangan g’amxo’r  va mehribon inson edilar..

Muhammadjon akaning oilasi Xoltosh Usmonova asli Samarqand viloyatining Kattaqo’rg’onidan edi. Ular ToshDUning jurnalistika fakul`tetida birga o’qib, bir-biriga ko’ngil qo’yib, turmush qurishgan. Ikki nafar farzandlari bor edi – Umid va Jamshid. Umid yoshligidan matematika va fizikaga qiziqib, aniq fanlar  bo’yicha o’tkazilgan butunittifoq olimpiadalarida ishtirok etardi. Oxir — oqibat Novosibirskda o’qib, Moskvada ishlab qoldi, uylandi.
Lekin bundan o’n yillar muqaddam kutilmaganda ko’p qavatli uy balkonidan pastga qulab, fojeali vafot etdi…

U kishi bir paytlar Toshkent shahar “GAI”sining rahbari bo’lgan Ahmadjon Erkaboev bilan quda tutinishgan, Ahmadjon akaning qizi Muhammadjon akaga kelin  bo’lib tushgan edi…
Yosh bo’lishiga qaramay biznes bilan shug’ullanib anchagina boylik orttirgan, Moskvaning ko’rkam va nufuzli go’shasidan uy sotib olishga ulgurgan navqiron va  istiqbolli o’g’lining bu sirli o’limi Muhammadjon akaning qaddini tamom bukib qo’ydi…
Biz yanganing maslahati bilan Muhammadjon aka ikkimiz bu sirli va fojeali o’lim sabablarini o’rganish uchun Moskvaga borishga qaror qilgan edik. Lekin nima  bo’ldi-yu, ketishimiz aniq bo’lgan paytda Muhammadjon aka fikridan qaytdi:
— Mol-mulk da’vo qilib kelishibdi deb o’ylashlari mumkin, — deya istihola qilgan edilar.
U kishi Umiddan yodgorlik bo’lib qolgan yakka-yu yagona nevaralarini ko’rish va uni iloji bo’lsa O’zbekistonga olib qaytishni orzu qilgan edilar, xolos.
Bolalar uyida ulg’aygan shoirning bu orzulari ushalmay qoldi…
U kishi ana shunaqa toza va farishta inson edilar!
Umidning kutilmagan o’limidan adoi-tamom bo’lgan Muhammadjon aka kun sayin emas, balki soat sayin sarg’ayib, so’lib qoldilar.

Muhammadjon akaning ikkinchi qudalari — mening yana bir ustozim Mahmud Sattorov edi. Ikkinchi o’g’illari Jamshidga Mahmud akaning go’zal qizlari Surayyoni olib  bergandilar.
Surayyo Toshkent davlat yuridik institutini bitirib, keyinchalik shu yerda ilmiy ish qilib, talabalarga dars berib qoldi.
Bunga ham besh-olti yil bo’ldi. Bugun u ehtimol ilmiy ishini ham yoqlab, olima bo’lgandir.
Lekin Muhammadjon aka o’g’li va kelinining kamolini ko’rmay ketgani menga alam qiladi…
Muhammadjon Rahmonov roppa — rosa o’n yetti yil Prezident devonida xizmat qildi.
Davlat rahbari ham bolalar uyida ulg’aygan bu shoirtabiat yigitni yoqtirar, unga ayricha va ehtiromli muomila va munosabatda bo’lardi. Uning ba’zan devonda  sarxush yurishini aytganlarida ham Islom aka uni tergamas, tergasa va pand nasihat qilsa ham, hech qachon ishdan haydash haqida ko’rsatma bermasdi…
Aksincha, bu og’ir va kamtar xodimini o’zi bilan ko’pincha chet el safarlariga olib ketardilar…

O’n yetti yil! Aytishga oson…

Ehtimol, bu oliy dargohda bu qadar ko’p muddat ishlagan odamlar bugun sanoqlidir.
Muhammadjon aka “daraxt bir joyda ko’karadi” deganlaridek borgan joyida qo’nim topib, singib ketadigan mehri daryo, ko’ngli sahro bir inson edi.
Butun umri davomida halol va pokiza hayot kechirib, bizlarni ham shunga da’vat etib keldi u kishi…

Men o’zimning “Oqlanmagan ishonch qissasi” nomli xotiralar kitobimni yozib tugatgach, uning qo’lyozmasini Muhammadjon akaga o’qishga bergan edim.
Bir gal u kishi menga qo’ng’iroq qilib “Kitobga borib kelaylik” deb qoldilar.Yo’lma — yo’l gurung qilib ketdik.
U kishi har gal Kitobga borarkanmiz, Chinozdan o’tayotib baliqxo’rlik qilishni yaxshi ko’rardilar. Bu gal ham tushlikni Chinozda qildik. Kitobga yetib kelganimizda  kun allamahal bo’lib qolgan, “Qaynarbuloq” oromgohi rahbarlari bizni alohida mulozamat bilan kutib turishardi.
Mehmondorchilik tugab, Baxtiyor akadan boshqa hammaga javob berib yuborarkan, Muhammadjon aka uchchalamiz tog’ yonbag’ridagi bu so’lim va archazor go’shada yolg’iz   qoldik.
Shu oqshom Baxtiyor aka guvohligida u kishi menga to’rt qator she’r yozib berdilar-da, “bu kitobingiz muqaddimasi uchun mendan esdalik” deb yana o’sha hokisorlik  bilan shiringina jilmayib qo’ydilar…
Men qalbimda quyosh porlagandek quvonib ketdim. Chunki yo’l bo’yi kitobim haqida “miq” etmay kelganlari uchun ham, yozganlarim u kishiga yoqmabdi deb o’ylagan edim.
Demak, yoqibdi!
Bu men uchun juda muhim, katta gap edi!

Birinchidan, u kishi Prezident devonida ishlasalar, ikkinchidan Islom Karimovning men qalamga olgan hatti-harakatlari, fe’l-atvori, odamlarga va  yon-atrofidagilarga bo’lgan munosabatidan u kishi ham o’tgan yillar davomida baholi-qudrat xabardor bo’lgan edilar. Demak, fikr-mulohazalarim u kishiga ma’qul  bo’lgan.
Yo’qsa, kitobimning kirish qismiga deb, she’r yozib bermas edilar.
Mana o’sha she’r:

Umri – saboq, darsligiga gumon yo’q,
Mubohasa, bahsligiga gumon yo’q.
Tarixiy shaxs emasdir-u va lekin,
Ismatjonning shaxsligiga gumon yo’q!

Ha, mening chaqmoqdek chaqnab o’tgan shu g’alvali umrim o’z xato va kamchiliklari — gunohu-savoblari, savolu-javoblari, quvonchu- saroblari bilan ko’plar uchun achchiq  saboq va yaxshigina dars bo’lishi mumkin.
Mening umrim yo’llaridagi bu shodlik va alamlarim, quvonch va g’amlarim, chekkan dardu-sitamlarim hali uzoq yillar ne-ne do’stu-g’animlarim uchun mubohasa va bahs  mavzuiga aylanishi tabiiy.
Rostdan ham men balkim Muhammadjon aka aytganlaridek, tarixiy shaxs emasdirman.
Lekin mening rafiqu-raqiblarim istaydimi yo yo’q, bundan qat`iy nazar, o’z xato va kamchiliklarim bilan men baribir shaxs ekanligim, hayotda o’z o’rnim borligi,  bu endi bor gap!

…Muhojirlikka yuz tutib, xorij ellar sari yo’l olarkanman, dunyo kezib, ko’ngil yozib bir aylanib kelaman deb o’ylagan edim. Bu qarorim bilan Sizni ranjitib qo’yishdan qo’rqib, hatto maqsadimni ham aytmay, Sizga bildirmay ketvorgan edim.
Eshitib: “Yana yoshlik qilibdi-da, u odamlarga, jo’shqin davralarga o’rgangan yigit edi, Vatansiz boshqalar yashashi mumkin, lekin Ismat yasholmaydi, ketib bekor  qilibdi”, deb rosa kuyganingizni aytishdi. Ketib xato qilganimni Siz O’zbekistondayoq anglagan bo’lsangiz, men nodon, mehr va muhabbat qurib, tamom bo’lgan bu  yurtlarga kelib angladim, akajon…
Endi xato qilsam, kuyadigan odamim ham qolmadi hisob. Yana qancha xato qilar ekanman, akajon!?
Meni xatolardan ogoh etib turuvchi Sizdan boshqa yana kimim qoldi bu yorug’ dunyoda, aka!?
Sizning beg’ubor hayotingiz, betakror ijodingiz biz g’ofil bandalar uchun bebaho bir hayot maktabi ekanini, vo darig’, Siz bizlarni tark etgandan keyingina   angladik, aka!

* * *

Muhammadjon aka ba’zan ishdan keyin menga telefon qilib mashinangiz bilan keling bir joyga boramiz deb aytardilar. Borsam, biror joyda o’tirish va yo ziyofat  bo’lardi. O’sha davra eng avj pallaga chiqqan payt u kishi ba’zan hammani to’xtatib, o’zlariga jalb qilib: “So’z Ismat Xushevga!” deb menga navbat olib  berardilar-da, endi so’z boshlasam, “Ismatjon, iltimos, she’r o’qing, Abdulla akaning o’sha she’rini o’qing” deb qolardilar…

Hatto sarxush holda ham u kishi birovni hech qachon senlamas, hamisha odob bilan momila qilardilar.
“Abdulla akaning o’sha” she’rining esa tarixi bor edi…
Bir gal yaxshi ko’rgan qizimni olib, tavakkal qilib Abdulla akaning “Detskiy mir”dagi “dom”iga bordik.
Men Abdulla akaning uyida emin erkin edim. Men ko’ngil qo’ygan qo’shiqchi qiz haqida ustozga oldin aytganimda: “Biror kun olib kel uyga” deb aytgan edilar.
Biz borganda Abdulla aka nimadandir asabiylashib turgan ekan. Bizni ko’rib, quvonib ketdi.
Hanifa opa (yangam) uyda birov bo’lsa, shoirga, uning istaklariga qarshi borolmasdi. Shoir esa ilhom kelishi uchun bir oz sarxush bo’lishni istardi. Boz ustiga biz  unikiga doim nimanidir ko’tarib borardik…
Xullas o’sha kuni Abdulla aka bizni ro’parasiga o’tirg’izib qo’yib (xuddi sohibjamol ayolni oldiga o’tirg’izib rasm chizayotgan musavvirday) uzoq termulish va  kuzatuvdan so’ng  bir she’r bitgan edi.

Mana o’ttiz besh yildirki bu she’r hanuz matbuotda e’lon qilinmagan. Ehtimol Abdulla akaning o’zi ham shunday ulug’ she’ri borligini bilmas.
She’r (qizning nomi bitilgan muvashshah) shunday boshlanadi:

Za’faron ul misli yaproq sen kabi gul oldida,
Ayni xor bir gul erurkim zor u sunbul oldida.

Men malohat ham husnda yakka deb bildim sani,
Iltijo qilgay yigit ham qolsa uch yo’l oldida…

Rostin aytay dil ishonchin so’yladi Ismat manga,
Aylagil ozroq karakim ul kabi qul oldida.

Men har gal shu she’rni o’qiganimda Muhammadjon aka maza qilib eshitishni, o’ziga juda yoqqan satrlarga navbat kelganida “Voh!”, “Voh!” deb hayratlanishni yoqtirar  edilar.

U kishi ayniqsa:

Baxsh etib erdim muvashshah, otashin dildan va lek,
Ahmar-u otash o’zing-ku kulmagan kul oldida…

degan satrlarni o’qiganimda “dod” deb yuborar va “Oripov baribir buyuk shoir!” deb zavqlanar va chin dildan hayratlanar edilar…

Muhammadjon Rahmonovning:

Hayratimning tili bo’lsaydi agar,
Bo’g’zimga tiqilgan hayajonimni
Qutulardim aytib bir yo’la,
Qiynamasdim buncha jonimni…

Degan she’rlarini har gal eslaganimda u kishining Abdulla aka ijodiga bo’lgan o’sha hayrati, o’sha zavqlanishi qayta va qayta yodimga tushaveradi…

Bulardan tashqari men Muhammadjon akaning “Gung monologi” nomli she’rini ham yod olgan va bu she’r “Studentlar shaharchasi”ning yotoqxonalarida eng ko’p  o’qiladigan she’rga aylanib qolgan edi…

Ishonmassan bu gapga do’stim,
Gunglarda ham zabon bo’ladi.
Tilim mening shu ikki qo’lim
Ular yig’lar, ular kuladi…

O’xshamaysan yomon odamga,
Yaqinroq kel tishlab olmayman,
Sig’mayapman jumla olamga
Bilasanmi — sevib qolganman…

Mana bunday uning lablari
Mana bunday uning yuzlari
Mana bunday qo’llari…

Bugun ham O’zbekistondan olis bir mamlakatda ba’zan she’r o’qigim keladi.
Muhammadjon akaning o’sha hayqiriqlari, o’sha zavqlanish va o’sha hayratlanishlarini eshitgim keladi, qo’msayman, sog’inaman…
Endi men jo’shib she’r o’qisam menga havas qiladigan, “Oripov baribir buyuk” deb meni quchoqlab, bag’riga bosadigan odam yo’qligini o’ylasam, hayot ko’zimga tor  bo’lib ko’rinadi, yashagim ham kelmay qoladi ba’zan…
Muhammadjon aka ana shunaqangi qalbi daryo, bag’ri keng, hasratli va hayratli shoir edi.

…Muhammadjon akaning kutilmaganda vafot etganlarini eshitib, u kishining eng yaqin do’stlari Baxtiyor Abdullaev bilan gaplashish uchun yana Kitobga telefon  qildim.
Biz Muhammadjon aka bilan har gal Kitobga borganimizda Baxtiyor aka doim biz bilan birga bo’lardi. Asl kasbi vrach bo’lgan bu shoirtabiat yigit adabiyotni  teran tushunar, o’zi ham she’rlar yozar va xususan, Muhammad Rahmon ijodining ashaddiy va jonkuyar muxlisi edi:
— Umidjonning o’limidan keyin Muhammadjon “saxar” bo’lib qolgan ekan, juda ozib ketgandi. Ishxonasidan “byulleten”ga chiqib, Lunacharskiydagi birinchi hukumat  kasalxonasida davolanayotgan edi. Kutilmaganda ayrilib qoldik…

Muhammadjon aka hali o’lmasliklari kerak edi. U kishi kamida yana yigirma yo o’ttiz yil yashaydi deb o’ylardim.
Lekin o’lim haq ekan, u o’ziga kerakli insonlarni bizdan so’rab o’tirmay safimizdan sug’urib olib ketaverar ekan.
Bolalar uyida o’sib ulg’aygan, “Yakshanbalar aslida bolalarning kunidir!” deb hayqirib she’rlar yozgan, yetim go’dakligida o’zi ko’rmagan mehru-muhabbatni  farzandlariga berishni orzu qilgan va har yakshanba kuni bolalariga bu hayot “podsholigini” sovg’a qilib kelgan Muhammadjon aka, ne tongki, 31 yanvar` — yakshanba  kuni vafot etibdilar…
Nega buncha erta bizni tashlab ketdingiz, akajon!?
Nega aynan yakshanbada vafot etdingiz, aka?
Bu bilan biz g’ofil bandalarga nima demoqchi bo’ldingiz?
Bolalaringizdan Siz ham o’z mehringizni darig’ tutmang, har yakshanba ularni bir kunga bo’lsa-da, podsholikka ko’taring, deb biz mehrsiz kattalarga yana bir bor  aytmoqchi va bizni takror ogohlantirmoqchi bo’ldingizmi, akajon!?
Muhammadjon akaning butun ongli hayoti biz do’stlari va shogirdlari uchun katta saboq va achchiq bir dars ekanini u kishining o’limidan keyingina anglab yetdim.
U kishining yuragimda armon bo’lib qolgan diydori meni hali yana uzoq yillar qiynasa kerak…

222

(Tashriflar: umumiy 479, bugungi 1)

4 izoh

  1. Бу хотиралардан томоғимга йиғи тиқилиб, мижжаларимга ёш қалқди.Раҳматли Муҳаммаджон домлани билмаганимдан, у кишини ўқимаганимдан уяляпман. Иш, оила, дисертация ҳимоялари ташвишлари билан бўлиб адабиётдан, шунчалар яхши кўрганим бадииятдан узоқда юрганимдан ўзимнинг олдимда ҳам ҳижолатдаман. Энди нафақа ёшида, мусофирчиликда ҳамма\ҳаммасини ўқигим, йўл қўйган йўқотишларимни қоплагим келяпти. Ҳечдан кўра кеч деганларидек, кеч бўлса ҳам кўнглим эҳтиёжларини қондиргим келяпти. Имкон бўлса, Хушев домладан ўтиниб сўрардим, менга шу китобни «Оқланмаган ишонч қиссаси»ни топишга ёрдам берсалар. Муҳаммаджон Раҳмоновнинг шеърларини «Ziyouz.com»да берсанглар эл баҳра олса яхши бўларди.
    Иккала муаллифга ҳам миннатдорлик билан Қ. Ҳусанбоева.

  2. Мухаммаджон ака хакидаги хотира-эссени укиб мен хам муаллифга ва уни яхши ният билан оммага такдим килган Хуршид ака Давронга уз миннатдорчилигимни билдираман.Шеърнинг кийнокларини хис этиб, ундан узига нажот ахтариб бу дунёдан эрта куз юмган Мухаммад аканинг рухлари шод булди менимча. Адабиётшунослик улмокдами деган хакли савол тугилади. Дарсликларга киритиш керак бу шоир ижодини. Энди Танишитириш, оммага етказиш лозим. Адабиётшуноснинг иши булгандан кейин килиши керак-да? Кулоч-кулоч маколалар ёзиляптию лекин Мухаммад Рахмон шеърияти буйича бирор жиддий тадкикотчини учратганим йук. Кардаги Саломат Вафо ёки Хосият Рустамовани ёклаб ур-сур килишни бас килиш керак-да Мухаммад Рахмон каби шоирлар ижодини танишитриш керак. Йук,бу бир томонлама караш булиб колаётир наздимда. Мухаммад Рахмон шеърияти борингки, ижоди хеч кандай тахлилга тадкикотга танишитиршга мухтож эмас. Асло! У такрорланмас шеъриятнинг бир булаги холос. У шундай яралган. Танишитириш моли утмай ётган сотувчининг уйинларидир. Негадир менга шундай туюлмокда.

  3. Muhammad Rahmon she’rlari o’zbek she’riyatiga yangicha falsafa yangicha nafas olib kelgandi .Uning birgina (Binafsha) va ustoz Asqad Muxtor xotirasiga yozilgan she’rlarida ham shoirning ichki olamini ko’ra boshlaysiz .O’zbek she’riyatiga ustozni (Yo’l ko’ryotgan odam ) to’plami noyob hazina bo’lib qo’shildi .Shu muborak kunlarda ustozni Alloh rahmatiga olsin .

Izoh qoldiring