Botirxon Valixo’jayev, Bozorboy O’rinboyev. Bobo Xudododi Vali & Vali Bobo g’azallari

034    Вали бобо мозорини бир эмас, бир неча марта зиёрат қилганман. Бунга сабаб, авлиё ва шоирнинг турбати таниқли ёзувчи, акам ва жўрам Аҳмад Аъзам туғилган Ғазира  қишлоғида бўлгани. Турли сабаблар билан қишлоққа борганимда бу мукаррам мозорни зиёрат қилмасдан қайтмаганман. Айтиш лозимки, қишлоқнинг номи ҳам Вали бобо қабри борлиги учун шундай аталган. Аслида  бу атама  Ҳазира сўзидан келиб чиққан. Машҳур Ғиёс-ул-луғот»даги  шарҳга кўра жониворларни сақлаш учун   қамишу шохлар билан ўралган жой ва ҳар бир қабр ён атрофидаги  ер ҳазира деб аталган. Кейинчалик бу атама  яна бир маъно касб этган, яъни таниқли авлиё ёки аллома қабри атрофида унинг фарзандлари, шогирду халифалари, издошлари кўмилган жой ҳам ҳазира деб атала бошланган. Масалан, Хожа Аҳрори Вали мозори ҳақидаги маълумотда шундай ёзилган: «Хожанинг ўзга халифалари ҳам кўпинча уларнинг ҳазирасида кўмилгандирлар. Бунинг  тафсилоти «Рашаҳот» китобида айтилган. Шунга ўхшаш муаллиф ва бир талай асарларнинг муаллифи бўлган мавлоно Исматулло қабри ҳам хожа ҳазирасидадир….Яна фазл эгаларининг қаймоғи ва «Тарихча» (ҳозирда «Таърихи Сайид Роқим» номи билан машҳур) китобининг муаллифи бўлган Мир Саййид Шариф Роқимнинг қабри ҳам хожанинг ҳазирасида…»

Шайх Худойдод Вали ҳақида даставвал Абу Тоҳирхожанинг Самария» китобини мутолаа қилганда хабардор бўлганман. Бу қимматли манбанинг «Самарқанд туманидаги мазорлар» бўлимида шундай маълумот берилган: »  Ҳазрат Азизон Шайх Худойдод мозори. Шероз тумани, Ғазира деган ўриндадир. У Шайх Ходимнинг муриди бўлган, (у эса) Шайх Жамолуддиннинг муриди эди. Шайх Ходимнинг қабри Самарқанд шаҳрининг тошида (ташқарисида)дир…У (Худойдоди Вали) даҳбедлик Махдуми Аъзамнинг (яъни менинг бобокалонимнинг. Хуршид Даврон изоҳи)  замондошларидан эди. У киши вилоят мартабасида ғоятда юқори эдилар, балки туғаси «Увайсий» эканлиги мозорига зиёрат қилинганда қабри сочган нурдан билинади. Азизон Шайх Худойдоднинг ўлими 939 (1532) дадир. «Бирафт қутби олам» вафотининг таърихидир («Бирафт қутбу» деб қўшиб ўқилса 939 чиқади)…Самарқанддан Ғазира шаҳарчасига икки тош (16 чақирим) лик йўлдир. Ҳазрат Шайх (Худойдод) мозорининг зиёрати қалбларга нур бағишлайди»…

Юқорида айтиб ўтганимдек, Аҳмад ака (Аллоҳ раҳматига олсин) билан бу табаррук мозорни бир неча бор зиёрат қилиб, «Самария» муаллифи эътироф этгандек, қалбларимиз равшан тортган эди. Ўрни келгани учун айтмасам бўлмайди, Аҳмад аканинг  Ғазирада туғиланининг ўзига хос тарихи бор ва акамни бекорга «эшон бобо» деб атамасдик. Аҳмад аканинг ўзи икки йилча аввал бир суҳбатда шундай деган эди: «Болалигим қишлоқда, Ғазирада кечган. Қилган катта саёҳатим Бухорога бориш бўлган. Отам раҳматли бир Ғиждувонга бориб, эллик учинчи йили бўлса керак, Хўжаи Жаҳон авлодидан олтмиш йилларча бурун узилишиб кетган амакиларининг оилаларини топиб, кўришиб, ришталарни қайта боғлаб қайтганлар. Кичкина эдим, отамнинг бобо-бобокалонимиз Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийга қандай авлод эканимиз, шажарамиз Бухорои шарифдаги бир амакимизникида сақланиши ҳақида айтиб берган гапларини миямга қуйиб олганман. Ўн тўққизинчи аср охирларида Вафохўжа бобом амир билан ихтилоф туфайли, балки амир бу авлод нуфузини чеклаш пайига тушганми, ишқилиб, Ғиждувонни тарк этиб, Ғазирага, шу ерда ҳоки ётган улуғ аллома, яссавия-жаҳрия тариқати пири Ҳазрат Азизон Шайх Худойдоди Валий руҳини қора тортиб келган. Нимага Бухородан Самарқандгача йўлда, Самарқанднинг ўзида не-не азиз-авлиёлар маконида тўхтамай, бу ерга келганларини кейинроқ отам ҳам олтмиш уч ёшларида, сира сафарларда юрмайдиган одам, бирдан Туркистонга отланиб, Хожа Аҳмад Яссавий зиёратини ўтаб келганларида англадим. Бу ҳам бобом тариқати шарти эканини тушундим. Ўша бола пайтим отам ҳангома берганларида мен пойгакда гап пойлайман, мулгиб қолиб қулоғимга “Ғиждувон”, “Ғиждувон” деган гаплар эшитилиб сергак тортдим. Кўзим юмуқ, қулоғим динг. Отам ўтирганларга, бу билмасин дегандек, паст товушда эрта саҳар жўнашни тайинладилар. Пойлаб ётганман шекилли, сезиб қолдим: тонг ғира-ширасида акам “полуторка”сини ҳайдаб келди, отам, бир амаким, акамнинг шопир жўраси, қарасам, бирга жўнашмоқчи, “Мен ҳам бораман!”, деб эргашдим, отам қайтардилар, акам уришиб берди, ойим ичкарига судрадилар, мен бақириб йиғлаб туриб олдим. Шунда отам ойимга: “Э-э, ариллатма-е шуни, юрса-юрсин. Кийим-пийимини бер”, дедилар. Ариллаб ёпишганимга қараганда, узоғи билан беш-олти яшар бўлган бўлсам керак .

Шу билан саёҳат-сафарга илиниб қолганман. Шу сафарда, шу сафарда “полуторка”га тўшалган шолу кўрпача устида илк марта шаҳару қишлоқлардан ўтиб, кенгликларни кўрдим. Ғиждувондаги кўп қариндош-уруғникида меҳмон бўлдик, Бухорога бордик. Аркни томоша қилдик. Шуларнинг ҳаммаси хотирамда бир умр михланиб, ҳаммаси Хўжаи Жаҳон – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний авлодиданман деган сурур бўлиб қолди кўнглимда.

Бошимда бу паноҳ – Ҳазрат Азизон шайх Худойдоди Валий, ҳар саҳар отам айтган азон билан уйғонаман, ўзим салобатли, босиқ, жаҳоний мазмун руҳ қарови остида эртаю кеч меҳнату китоб билан, тонгдан қаро шомгача иш, кейин керосинчироқ ёруғида ўқиш билан ўсаман, шу хира ёруғ ҳам бу ёғига йўлимни ёриштирдими дейман. Пирлар мададкор бўлиб, катта йўлга китоб кифтида чиқиб олгандекман (Суҳбатни тўлиқ мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Ҳеч эсимдан чиқмайди, мустақилликнинг биринчи йиллари мамлакат Олий мажлиси депутатлигига Аҳмад аканинг номзоди кўрсатилганда мен ҳам кўпчилик қатори тарғибот ишларида қатнашган эдим.Ўша кунлари Ғазирада ўтказилган бир тадбирда Вали бобо ҳақида маъруза ҳам қилганман.  Кейинчалик, 1993 йилда «Маърифат» газетасида босилган «Мирзо Бобурнинг икки рубоийси шарҳи» номли мақоламда (мақола мана бу саҳифада) Бобур мирзо билан Вали бобо ўртасида кечган муносабатларни ҳам ёзган эдим. Бобур мирзо Самарқанд тахти учун курашган йилларда Шайх Худойдоди Вали ўша даврнинг энг эътиборли зотларидан бири бўлган. Бобур мирзо ҳам, Муҳаммад Шайбоний ҳам ғоятда катта мавқеъга эга алломадан кўзлаган мақсадлари йўлида фойдаланиш учун жиддий ҳаракатлар қилганлар. Бугун ўша олис 1993 йили «Гулистон» журналида босилган Ботирхон Валихўжаев, Бозорбой Ўринбоевларнинг Бобо Худоди Вали мақоласини ва Вали бобо адабий меросидан айрим намуналарни эътиборингизга тақдим этаман. Мақоладаги айрим атамалар  масалан,  Худойдод  Худодод,  Ғазира Газира шаклида берилган бўлса-да, уларни ўзгартирмай қолдирдим.

Хуршид Даврон

БОБО ХУДОДОДИ ВАЛИ
Ботирхон Валихўжаев, Бозорбой Ўринбоев
045

Самарқанд ўзининг бой тарихи, машҳур кишилари билан жаҳонда шуҳрат қозонган бўлса-да, аммо ҳали унинг тарихида ўқилмаган саҳифалар, номи тикланишга мунтазир аллома ва шоирлари жуда кўп. Бу гап факат шаҳар минтақасигагина тегишли бўлмай, балки вилоят ҳудудига ҳам дахлдор, чунки вилоятдаги туманларда мавжуд бўлган кўпгина тарихий ёдгорлик ва жойлар, бу ҳудуддан етишиб чиққан аллома ва шоирларнинг ҳаммаси ҳам ўрганилди деб бўлмайди. Жумладан, ўрта асрларда Миёнкол номи билан машҳур бўлган минтақадаги Иштихон, Каттақўрғон, Оқдарё ва Пойариқ туманлари, Шероз ва Алиобод деб аталган тарихий мавзедаги Булунғур ва Жомбой туманлари, Ургут, Пахтачи, Нуробод, Пастдарғом, Самарқанд туманларидаги кўпгина жойлар ва шу ердан етишиб чиққан аллома-шоирлар чуқур тадқиқот, изланиш ва аниқлашга мунтазирдирлар.

Шу жиҳатдан вилоятнинг Пахтачи тумани Зиёвиддин ва Дабусия каби қадимий мавзелари, Нуробод туманидаги Тим, Иштихон ва Оқдарё туманлари худудидаги Соғарж, Булунғур туманидаги Шероз шаҳарчаси, Жомбой туманидаги Газира ва шунга ўхшаш жойларнинг, тарихини ўрганиш ниҳоятда муҳим. Масалан, Жомбой туманидаги Газирани олайлик. Ўрта аср манбалари кўздан кечирилганда Газира номи тез-тез тилга олинади. Газирада Вали бобо деб аталадиган жойнинг тарихини, нега Вали бобо деб аталишини ҳамма ҳам биладими? Тўғри, бу ҳақда умумий ва баъзан ривоятларга асосланган маълумотлар бор. Аммо аниқ далилларга асосланган тарих лозим. Мана шу соҳада кўлга киритилган айрим маълумотларни баён этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Шуни эслатиш лозимки, Нуробод туманида жойлашган Остона бобо деб аталадиган тарихий манзил ҳақида аввал вилоят рўзномасида, сўнг эса Республика рўзномаси бўлмиш «Халқ сўзи»да мақола эълон қилинган эди. Унда Газирадаги Шайх Худододи Вали бобо ҳам тилга олинганди. Шундан сўнг бу шахс тарихига у кишининг таржимаи ҳоли ва фаолиятини ўрганишга бўлган қизиқиш янада ошди. Натижада ушбу мақола муаллифларидан бири Шайх Худододи Вали ҳақида ёзилган манокибнинг бир нусхасини Ғаллаорол туманидаги 11-ўрта мактаб ўкитувчиси Зайниддин Мамаризаев шахсий кутубхонасида сақланаётганини аниқлаб, муҳтарам ўқитувчинииг илтифоти ила бу нусха билан танишишга муяссар бўлди. Маноқибнинг 248 саҳифадан иборат бу нусхаси 1913 йилда Муҳаммад Ашур Нурмуҳаммад ўғли деган котиб томонидан кўчирилган. Китоб яхши сақланган (бу нусхани шартли равишда «Ғаллаорол нусхаси» деб атаймиз).

 Шурдан сўнг Булунғур тумани халқ таълими бошлиғи Абдураҳмон Қодиров (Б. Валихўжаевга қўнғироқ қилиб) шу тумандаги 19-ўрта мактаб ўкитувчиси Абдувакил Салиевнинг шахсий кутубхонасида Шайх Худододи Вали ҳақида китоблар борлигини ва улар билан танишиш мумкинлигини билдирди. Абдувакил Солиев профессор Б. Валихўжаевга иккита қўлёзмани тақдим этди. Улардан бири «Маноқиби шайх Худододи Вали» бўлиб, 286 саҳифадан иборат (бу нусхани шартли тарзда «Булунғур нусхаси» деб атаймиз).

Форсий тилда ёзилган бу асарнинг аввалги ва охиридан варақлар тушиб қолгани сабабли унинг номи ва муаллифи, кўчирилган йили ва котибини аниқлаш қийин. Аммо китобларнинг новотиранг Самарқанд коғозига насталиқ ёзуви билан кўчирилгани ва айрим белгилар унинг XVI асрда кўчирилганлигини тахмин килишга имкон беради. Асарда шайх Худододи Валининг фазилатлари, таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида айрим маълумотлар бор. Шунинг билан бирга унда Валибобонинг Худодод тахаллуси билан битган туркий ва форсий ҳикмат ҳамда ғазаллари мавжуд (бу ғазал ва ҳикматларнинг аксари Ғаллаорол нусхасида ҳам бор).

Иккинчи қўлёзма эса мажмуа бўлиб, унга шайх Худододи Вали бобонинг шогирдларидан бўлмиш, XVII асрнинг охири ва XVIII асрнинг бошларида яшаб фаолият кўрсатган Муҳаммад Шариф ал-Ҳусайний ал-Алавий Бухорийнинг форсий тилда ёзилган бешта асари киритилган. Булар:

«Ҳужжат ул-Зокирин» — тасаввуфдаги яссавия — жаҳрия тариқатининг тарихига бағишланган тазкира бўлиб, у 1077 ҳижрий, 1666—1667 милодий йилда ёзилган. Унда шайх Худододи Вали таржимаи ҳоли, фаолияти ва фазилатларига оид маълумотлар ҳам бор. Асарнинг ҳажми 364 саҳифа.
«Туҳфат ус-соликин» — тариқат ихлосмандларига бағишланиб ёзилган асар. Ҳажми — 78 саҳифа.
«Миръот ул-ибодат» — ибодат қилиш қоидалари ҳақида. Ҳажми — 10 саҳифа.
«Шарҳи оят» — Қуръони каримнинг бир оятига ёзилган шарҳ. Ҳажми — 2 саҳифа.
Девони Мавлави Шарифмуҳаммад Шариф ал-Ҳусайний Бухорийнинг «Шариф» тахаллуси билан, асосан форсий тилда ёзган ғазаллари тўплами. Ҳажми 116 сахифа. Охирги варақлари тушиб қолган.
Мавлавий Шариф ҳаётининг охирги дамлари ва вафоти баёни — рисоланинг муаллифи номаълум. Ҳажми — 14 саҳифа.

Юқорида таркиби баён этилган мажмуа 1214—1225 ҳижрий, 1799—1800— 1810 милодий йиллар орасида котиб Қўзи Муҳаммад Бухорий томонидан Газирада китобий қилинган. Шундай қилиб, Вали бобо ҳақида ишончли манбалар асосида сўз юритиш, бу ҳазратнинг таржимаи ҳоли, фаолияти, фазилатлари, ижодлари тўғрисида маълум тасаввурга эга бўлиш имконияти майдонга келди.

Вали бобо сифатида шуҳрат қозонган зотнинг асл номлари Худойберди бўлиб, бу ҳазратнинг оталарини Ҳазрат азизон Ортиқ шайх дер эдилар.

05 (Фотосуратда Бухородаги Ҳазрат Худойдод Вали мажмуаси) Муҳаммад Шариф Ҳусайний ал-Алавий ал-Бухорийнинг «Ҳужжат ул-Зокирин» тазкирасида қайд қилинишича, Ҳазрат азизон Ортиқ шайх асли Хоразмда шуҳрат ва эътиборга сазовор хонадондан бўлиб, укалари азизон Зикриё шайх, оила аъзолари, қавм-қариндош ва содиқ муридлари билан аввал Бухорога, ундан сўнг эса Карманага келиб, Карманадан икки фарсаҳ (икки тош) масофада бўлган тоғ яқинидаги қишлоқда турғун бўлиб қолганлар. Ана шу манзилда ҳижрий 866, милодий 1462—63 йили бир ўғил кўрадилар ва Худойберди деб ном қўядилар. Аммо ота-онанинг хурсандчилиги ҳам, Худойбердининг ота- она меҳридан, тарбиясидан баҳраманд бўлиши ҳам узоққа чўзилмайди. Бу ҳақда «Маноқиби шайх Худододи Вали» китобида ҳазрат Худододи Валининг қуйидаги эсдаликлари келтирилган: «Мен ўз ота-онамдан жуда ёш қолдим ва мени тарбия қилгувчи бирор мураббийим йўқ эди».

«Ҳужжат ул-Зокирин» тазкирасининг муаллифи эса, бу гапга аниқлик киритиб, шундай ёзади: «Айтурларки, ҳазрати азизон (Худододи Вали) ўз ота-оналаридан уч ёки тўрт ёшларида етим қолган эканлар».

Худододи Вали ўзларининг шундан сўнгги аҳволлари ҳақида қуйидагича ҳикоя қилар эканлар: «Мен бировнинг кўйларини боқиб чўпонлик килардим. Очлик, кийимсизликдан шунчалик қийин аҳволга тушардимки, баъзан ҳушсиз бўлиб ўзимдан кетиб қолардим… Менинг сочларим ўсиб, манглайимга тушарди, ҳамиша юзларим сарғайган, оҳу нолам кучайган ва ҳасрату дарду аламда эдим. Шундай бўлса-да, мен ўзимнинг қийинчиликларимдан ҳеч кимга шикоят қилмасдим. Бир неча вақт ўтгач бир мард кишининг (унинг номини мавлоно Халил Қорақумий тарзида ҳам эслайдилар) менга раҳми келиб, ўзига ўғил қилиб олди, мактабга олиб борди. Мен мактабхонанинг пойгоҳидан жой олдим. Менинг жуда озғинлигим ва юпун кийинганимдан мактабдаги болалар мендан ор қилардилар. Мактаб ўқитувчисн бу ҳолни кўриб, мени ўзига якин жойга ўтқазди ва ҳаммага қараб шундай деди: «Бу ўғлон бир гуруҳнинг муршиди бўлғай ва олам аҳли унга майл қилгусидирлар».

«Хужжат ул-Зокирин»да таъкидланишича, Худойберди — Худододи Вали мактабни тугатгач, Самарқандга келиб, шариат илмларини ўрганиш мақсадида мадрасада таълим олди. Аввал мадрасада сўнгра эса, Бўстонихон маҳалласидаги (ҳозирги шоирлар боғи ва унинг атрофида бўлган) бир ҳовлида истиқомат қилади. Маълум вақтдан сўнг ўқишини давом эттириш учун Ғиждувонга боради ва у ерда уч йил таҳсил олади. Ғиждувондаги таҳсил йиллари ва ўзларининг аҳволи ҳақида шундай ҳикоя қиладилар: «Мен Ғиждувонда илм ўрганиш учун машғулот ўтказар эканман, уч йил битта пўстинни қишин-ёзин киярдим. Ички кийимларим ва ҳатто кўйлагим ҳам йўқ эди. Кўрган киши кўйлаги йўқ экан деб ўйламасин учун битта кўйлакнинг ёқасини топиб олиб, бўйнимга илардим. Аммо ўзимдаги бундай аҳволни ҳеч кимга изҳор қилмасдим».

Ана шундай моддий қийинчиликлар ҳам ҳазрат Худододни ўқиш ва илм ўрганишга бўлган ғайратини сўндира олмайди. У Ғиждувондан Бухорога бориб, Мулло Муҳаммад мадрасасида яшайди ва таълимни давом эттиради. Шу орада ул ҳазрат 23 ёшга етадилар. Худди шу ёшда, яъни 889 ҳижрий, 1484 милодий йили ул ҳазрат ўз даврининг машҳур мутасаввуфларидан бўлмиш, яссавия ёки жаҳрияи султония тариқатининг кўзга кўринган вакили шайх Жамолиддиннинг ҳузурига боради. Бухоронинг Калати мавзеида истикомат қилувчи Шайх Жамолиддин ул ҳазрат билан учрашганда отинг нима деб сўрайди. Шунда айтади: отим Худойберди! Шайх Жамолиддин эса ўз навбатида бул ҳазратдаги фазилатларини кўриб, айтади: сени бизга «Худой дод» (яъни Худо берди). Бундан сўнг отингиз «Худойдод» бўлгай. Ана шу муносабат билан бу ҳазрат Худодод номи билан машҳур бўлдилар. Ҳазрат Худодод ҳам шайх Жамолиддинга пир сифатида қўл беради. Шайх Жамолиддин ўз навбатида ҳазрати Худододга баркамоллиги, яъни тариқат сулукида мустақил фаолият кўрсатиши мумкинлиги ҳақида фотиҳа ўқиб, унга оқ йўл тилайди. Шундан сўнг ҳазрати шайх Худодод туғилиб ўсган макони — Карманага қайтиб ўзининг тариқат соҳасидаги фаолиятини давом эттиради. Бу даврда ҳам камбағалона яшаш ҳамда ўзидаги бор нарсаларни бева-бечораларга улашиш фазилати ул ҳазратнинг шуҳратига шуҳрат қўшаверди.

067Ҳазрат Худододнинг эътибори тобора ошаверади. Шундан сўнг ул ҳазрат Самарқанднинг ўша даврда анча обод бўлган мавзеларидан бўлмиш Газирага келадилар ва оддийгина бир хонақо қилиб, яшай бошлайдилар. (Фотосуратда Ғазирадаги Шайх Худойдод масжиди) Ул ҳазратнинг пок эътиқоди, олий ҳиммати, камтарлиги, ғамхўрлиги атрофдагиларда яхши таассурот қолдириб, уларнинг суҳбат ва панд-насиҳатларидан бахраманд бўлишга интилувчиларнинг сони тобора орта боради. Ҳатто Мовароуннаҳр ҳокими бўлган Муҳаммад Шайбонийхон ҳам бу ҳазратга эътиқод қўйиб, ул кишини ўз ҳузурига даъват этади. Аммо ҳазрат Худодод бу даъватни эътиборсиз қолдирадилар.

Шундай бўлса-да, Муҳаммад Шайбонийхоннинг ўзи бир юриши вақтида ҳазрат Худодод яшайдиган хонақога яқин жойга келиб қўнди ва ул ҳазратни яна таклиф қилади. Ҳазрат Худодод шундай ҳикоя киладилар: «Мен Муҳаммад Шайбонийхон таклифини ноилож қабул қилиб, унинг ҳузурига йўл олдим. Унинг ҳашаматли ҳаймаси — кароргоҳи, сипоҳийларию дабдабаси кўзимга сомон чўпидай бўлиб ҳам кўринмади».

Ҳазрат Ҳудодод Газирада яшаб, жаҳрияи султония тариқатини тарғиб қилиб, ҳам туркий, ҳам форсий шеърлар битиб, ўзларининг олий ҳимматлилиги ва камтарона турмуш тарзи билан шуҳрат таратдилар.

Ҳазрати Худодод уйланганлар ва олтита фарзанднинг падари бузруквори бўлганлар. Ҳазратнинг биби Солиҳа, биби Ҳадия ва биби Маҳзуна номли қизлари бўлган бўлса-да, биби Маҳзунадан бошқалари ёш вафот этган. Худододнинг Солиҳхожа, Хожа Калон, Хожа Хурд номли ўғиллари ҳам бўлганлар. Айтишларича, ҳозир Газира ва унинг атрофида ўзларини азизон шайх Худодод авлоди деб ҳисоблаётганлар биби Маҳзунадан таркалган шажара намояндалари эканлар.

Ҳазрат азизон шайх Худодод умрлари охирларида касал бўлиб колганлар ва бировнинг ёрдамисиз ўринларидан тура олмаганлар. Аммо шундай бўлса-да, тоат-ибодат қилиш вақти бўлгач, шундай бир ғайрат билан ҳаракат қилар эканларки, ҳатто  рақси самоъга ҳам тушиб кетар эканлар.

Ҳазрати Азизон Худодод умрлари охирида ул киши ҳақидаги маноқиб —  рисоланинг тезроқ ёзилишига ундар ва ўзлари ҳам шеър айтишга кўп вақтни сарфлаган эканлар.

045Ҳазрат Худодод Вали 939 ҳижрий йили муҳаррам ойининг ўн иккинчи куни, яъни 1532 милодий йили август ойининг 12 куни ҳижрий ҳисобда 73 ёшда, милодий ҳисобда 71 ёшда вафот этганлар. (Фотосуратда Ғазирадаги Шайх Худойдоди Вали мақбараси)
Ҳазрат Худодод ўзининг яссавий-жаҳрияи султония тариқатидаги фаолияти билан бир қаторда шеъриятда ҳам қобилият соҳиби бўлиб, туркий ва форсий тилларда ғазал, ҳикмат ва фардлар битган. Бу шеърий мерос унинг ҳақидаги маноқиб таркибида бизгача етиб келган. Мавжуд шеърлар ёзма адабиётдаги ғазал, қасида жанрлари қонун-қоидаларига риоя қилинган ҳолда битилган бўлиб, мавзу жиҳатдан эса орифона ва насиҳатомуздир.

Маълумки, тасаввуф фалсафасининг етук намояндалари Хожа Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғонийлар ўзларининг бу соҳадаги ақидаларини шеърий шаклда ифода этиб, ўзларидан салмоқли мерос колдирганлар. Ҳазрат Худодод ҳам мана шу анъанани давом эттириб қатор шеър тарзида ёзганлар. Шуни алоҳида уқтириш керакки, бу шеърлар тилининг равонлиги, бадииятнинг соддалиги, фикрнинг аниқ ифодаси, мусиқийлиги билан ажралиб туради. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ҳазрат Худододнинг шеърий мероси XVI аср ўзбек адабиётидаги услубий ранг-барангликни, мавзу кўламининг кенглигини, бадиият ва тилда тушунарлиликка интилишни чуқур таҳлил этишда яхши восита бўлиб хизмат қила олади. Шу нуитаи назардан ҳазрат Худододни XV аср охири ва XVI аср биринчи ярмидаги тасаввуфнннг вакили сифатидагнна эмас, балки шу даврдаги бадиий жараённинг ўзига хос намояндаси сифатида ҳам ардоилаб, адабий жараён тарихига номини киритиш айни муддаодир. Бу эса хазрат Худодод хотирасини ҳам мутасаввуф хамда шоир сифатида керакли даражада абадийлаштиришга асос бўла олади.

Ана шу ишнинг қалдирғочи сифатида ҳазрат Худододнинг бизга маълум бўлган шеърларидан намуналарни муҳтарам мухлис ва шеърият шайдоларига илк марта тақдим этиш бизга муяссар бўлганидан Оллоҳ таолога шукрлар айтурмиз.

Бу соҳада иш энди бошланди ва у давом этади. Ҳазрат Худодод ҳақида янги-янги манбаларнинг, ул ҳазрат шеърий меросидан янги-янги намуналарнинг топилишига ишончимиз комил. Ана шу ишлар амалга ошгач, ҳазрат Худодод шеъриятининг ғоявий-бадиий мукаммал тадқиқи майдонга келгувсидир.

Самарқанд

05
ШАЙХ  ХУДОЙДОДИ ВАЛИ
ҒАЗАЛЛАР
045

* * *

Менга бу танда жон, сенсиз керакмас.
Ҳаёти жовидон, сенсиз керакмас!

На қилсун ошиқинг ишқингдин ўзга,
Нечаким бўлса жон, сенсиз керакмас!

Нечаким мўъмину бўлсам мусулмон,
Менга дину имон, сенсиз керакмас!

Агар икки жаҳон хушликни берсанг,
Ҳамиша жовидон, сенсиз керакмас!

Худодод найласун пирлик ҳолинда,
Жаҳон ичра жаҳон, сенсиз керикмас!

* * *

Эй, хаёлинг тушгали кўнглумга бўстондир кўнгил,
Васлингиз тахтида бўлса, асру султондир кўнгил!

Мубтало бўлдим сенинг ишқинг билан мен нотавон,
Ибтилоси хуш эрур ҳайрон, ҳайрондур кўнгил!

Маҳзани хуснингда кўрдим ул хату холингни мен
Донаи доминг билан бесару сомондур кўнгил!

Барчани тарк айлабон, қилдим таманно кўргали,
Оҳу вовайло билан гирёну нолондур кўнгил!

Дарди дилни айтмайин, токи шикоят бўлмасун,
Маҳзар ўлди ҳуснингга, маҳзари достондур кўнгил!

Тоқатим ҳам тоқ ўлди, ушбу ҳижрон илкидин,
Васлни жуфт айлагилким, асру пажмондур кўнгил!

Эй Худодод, сабр этиб тур, нола афғонинг қўйиб,
Дамбадам ишқ, ўтида барча бирёндур кўнгил!

* * *

Бу кўнгил ишқида бўлди бас, гирифтор илкидин,
Чораси қолмай битибдур чорайи кор илкидин.

Ҳар замона аҳли диллар кўнглини зор айлабон,
Холи қилмас ҳар замоне кўнглини зор илкидин.

Лутфдин қилди назар, бу аҳли диллар кўнглига,
Аҳли диллар бузмади кўнглини дилдор илкидин.

Эй кўнгил ичдинг эса ишқин шаробин дамбадам,
Бўлғусидур шарбати васли анинг ёр илкидин.

Хажрининг ўтида куйдим баски қилдим мен тамаъ,
Васлини жоми бўлибон унга дилхор илкидин.

Чеҳраси қилди тажалли ҳар тараф сир мулкида,
Қилди холи бу кўнгулнунг шубҳа инкор илкидин.

Сен қачон лойиқ бўлурсен, эй Худодод, васлига,
Токи узмассен, ўзунгни жумла ағёр илкидин.

Манба: «Гулистон» журнали, 1993. 8-9 сон

* * *

Қўймағил ҳаргиз бу савдо, ҳам бу савдо ишқида,
Қилмағил холи кўнгулни дарддин асло ишқида.

Бўлмағим ушбу жаҳондони жиҳат эрди манго,
Икки олам ичра ман бўлсам ҳувайдо ишқида.

Мен азалдин ёр учун туштум бу савдо йўлиға,
То абад бўлсам тақи ҳайрону пайдо ишқида.

Не жиҳат бўлди манга келмак башарлиқ сориға,
Яъни, ул сирри ниҳон тоқи очулсо ишқида.

Эй Худойдод, сири дилни очмағил ҳар хираға,
Кўп риёзатлар керакдур, кўп фаноё ишқида.

P.S. Сўнгги ғазал Комилхон Каттаевнинг «Шайх Худойдоди Вали тарихи» (Самарқанд, 1995) тўпламидан олинди

056

    Vali bobo mozorini bir emas, bir necha marta ziyorat qilganman. Bunga sabab, avliyo va shoirning turbati taniqli yozuvchi, akam va jo’ram Ahmad A’zam tug’ilgan G’azira qishlog’ida bo’lgani. Turli sabablar bilan qishloqqa borganimda bu mukarram mozorni ziyorat qilmasdan qaytmaganman. Aytish lozimki, qishloqning nomi ham Vali bobo qabri borligi uchun shunday atalgan. Aslida bu atama Hazira so’zidan kelib chiqqan.  Mashhur G’iyos-ul-lug’ot»dagi sharhga ko’ra jonivorlarni saqlash uchun qamishu shoxlar bilan o’ralgan joy va har bir qabr yon atrofidagi  yer hazira deb atalgan.

Keyinchalik bu atama  yana bir ma’no kasb etgan, ya’ni taniqli avliyo yoki alloma qabri atrofida uning farzandlari, shogirdu xalifalari, izdoshlari ko’milgan joy ham hazira deb atala boshlangan. Masalan, Xoja Ahrori Vali mozori haqidagi ma’lumotda shunday yozilgan: «Xojaning o’zga xalifalari ham ko’pincha ularning hazirasida ko’milgandirlar. Buning  tafsiloti «Rashahot» kitobida aytilgan. Shunga o’xshash muallif va bir talay asarlarning muallifi bo’lgan mavlono Ismatullo qabri ham xoja hazirasidadir….Yana fazl egalarining qaymog’i va «Tarixcha» (hozirda «Ta’rixi Sayid Roqim» nomi bilan mashhur) kitobining muallifi bo’lgan Mir Sayyid Sharif Roqimning qabri ham xojaning hazirasida…»

Shayx Xudoydod Vali haqida dastavval Abu Tohirxojaning Samariya» kitobini mutolaa qilganda xabardor bo’lganman. Bu qimmatli manbaning «Samarqand tumanidagi mazorlar» bo’limida shunday ma’lumot berilgan: » Hazrat Azizon Shayx Xudoydod mozori. Sheroz tumani, G’azira degan o’rindadir. U Shayx Xodimning muridi bo’lgan, (u esa) Shayx Jamoluddinning muridi edi. Shayx Xodimning qabri Samarqand shahrining toshida (tashqarisida)dir…U (Xudoydodi Vali) dahbedlik Maxdumi A’zamning ( ya’ni mening bobokalonimning. Xurshid Davron izohi) zamondoshlaridan edi. U kishi viloyat martabasida g’oyatda yuqori edilar, balki tug’asi «Uvaysiy» ekanligi mozoriga ziyorat qilinganda qabri sochgan nurdan bilinadi. Azizon Shayx Xudoydodning o’limi 939 (1532) dadir. «Biraft qutbi olam» vafotining ta’rixidir («Biraft qutbu» deb qo’shib o’qilsa 939 chiqadi)…Samarqanddan G’azira shaharchasiga ikki tosh (16 chaqirim) lik yo’ldir. Hazrat Shayx (Xudoydod) mozorining ziyorati qalblarga nur bag’ishlaydi»…

Yuqorida aytib o’tganimdek, Ahmad aka (Alloh rahmatiga olsin) bilan bu tabarruk mozorni bir necha bor ziyorat qilib, «Samariya» muallifi e’tirof etgandek, qalblarimiz ravshan tortgan edi. O’rni kelgani uchun aytmasam bo’lmaydi, Ahmad akaning G’azirada tug’ilanining o’ziga xos tarixi bor va akamni bekorga «eshon bobo» deb atamasdik. Ahmad akaning o’zi ikki yilcha avval bir suhbatda shunday degan edi:»Bolaligim qishloqda, G’azirada kechgan. Qilgan katta sayohatim Buxoroga borish bo’lgan. Otam rahmatli bir G’ijduvonga borib, ellik uchinchi yili bo’lsa kerak, Xo’jai Jahon avlodidan oltmish yillarcha burun uzilishib ketgan amakilarining oilalarini topib, ko’rishib, rishtalarni qayta bog’lab qaytganlar. Kichkina edim, otamning bobo-bobokalonimiz Xoja Abduxoliq G’ijduvoniyga qanday avlod ekanimiz, shajaramiz Buxoroi sharifdagi bir amakimiznikida saqlanishi haqida aytib bergan gaplarini miyamga quyib olganman. O’n to’qqizinchi asr oxirlarida Vafoxo’ja bobom amir bilan ixtilof tufayli, balki amir bu avlod nufuzini cheklash payiga tushganmi, ishqilib, G’ijduvonni tark etib, G’aziraga, shu yerda hoki yotgan ulug’ alloma, yassaviya-jahriya tariqati piri Hazrat Azizon Shayx Xudoydodi Valiy ruhini qora tortib kelgan. Nimaga Buxorodan Samarqandgacha yo’lda, Samarqandning o’zida ne-ne aziz-avliyolar makonida to’xtamay, bu yerga kelganlarini keyinroq otam ham oltmish uch yoshlarida, sira safarlarda yurmaydigan odam, birdan Turkistonga otlanib, Xoja Ahmad Yassaviy ziyoratini o’tab kelganlarida angladim. Bu ham bobom tariqati sharti ekanini tushundim. O’sha bola paytim otam hangoma berganlarida men poygakda gap poylayman, mulgib qolib qulog’imga “G’ijduvon”, “G’ijduvon” degan gaplar eshitilib sergak tortdim. Ko’zim yumuq, qulog’im ding. Otam o’tirganlarga, bu bilmasin degandek, past tovushda erta sahar jo’nashni tayinladilar. Poylab yotganman shekilli, sezib qoldim: tong g’ira-shirasida akam “polutorka”sini haydab keldi, otam, bir amakim, akamning shopir jo’rasi, qarasam, birga jo’nashmoqchi, “Men ham boraman!”, deb ergashdim, otam qaytardilar, akam urishib berdi, oyim ichkariga sudradilar, men baqirib yig’lab turib oldim. Shunda otam oyimga: “E-e, arillatma-ye shuni, yursa-yursin. Kiyim-piyimini ber”, dedilar. Arillab yopishganimga qaraganda, uzog’i bilan besh-olti yashar bo’lgan bo’lsam kerak .

Shu bilan sayohat-safarga ilinib qolganman. Shu safarda, shu safarda “polutorka”ga to’shalgan sholu ko’rpacha ustida ilk marta shaharu qishloqlardan o’tib, kengliklarni ko’rdim. G’ijduvondagi ko’p qarindosh-urug’nikida mehmon bo’ldik, Buxoroga bordik. Arkni tomosha qildik. Shularning hammasi xotiramda bir umr mixlanib, hammasi Xo’jai Jahon – Xoja Abduxoliq G’ijduvoniy avlodidanman degan surur bo’lib qoldi ko’nglimda.

Boshimda bu panoh – Hazrat Azizon shayx Xudoydodi Valiy, har sahar otam aytgan azon bilan uyg’onaman, o’zim salobatli, bosiq, jahoniy mazmun ruh qarovi ostida ertayu kech mehnatu kitob bilan, tongdan qaro shomgacha ish, keyin kerosinchiroq yorug’ida o’qish bilan o’saman, shu xira yorug’ ham bu yog’iga yo’limni yorishtirdimi deyman. Pirlar madadkor bo’lib, katta yo’lga kitob kiftida chiqib olgandekman (Suhbatni to’liq mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

Hech esimdan chiqmaydi, mustaqillikning birinchi yillari mamlakat Oliy majlisi deputatligiga Ahmad akaning nomzodi ko’rsatilganda men ham ko’pchilik qatori targ’ibot ishlarida qatnashgan edim.O’sha kunlari G’azirada o’tkazilgan bir tadbirda Vali bobo haqida ma’ruza ham qilganman. Keyinchalik, 1993 yilda «Ma’rifat» gazetasida bosilgan «Mirzo Boburning ikki ruboiysi sharhi» nomli maqolamda (maqola mana bu sahifada) Bobur mirzo bilan Vali bobo o’rtasida kechgan munosabatlarni ham yozgan edim. Bobur mirzo Samarqand taxti uchun kurashgan yillarda Shayx Xudoydodi Vali o’sha davrning eng e’tiborli zotlaridan biri bo’lgan. Bobur mirzo ham, Muhammad Shayboniy ham g’oyatda katta mavqe’ga ega allomadan ko’zlagan maqsadlari yo’lida foydalanish uchun jiddiy harakatlar qilganlar. Bugun o’sha olis 1993 yili «Guliston» jurnalida bosilgan Botirxon Valixo’jaev, Bozorboy O’rinboevlarning Bobo Xudodi Vali maqolasini va Vali bobo adabiy merosidan ayrim namunalarni e’tiboringizga taqdim etaman. Maqoladagi ayrim atamalar masalan, Xudoydod Xudodod, G’azira Gazira shaklida berilgan bo’lsa-da, ularni o’zgartirmay qoldirdim.

Xurshid Davron

BOBO XUDODODI VALI
Botirxon Valixo’jaev, Bozorboy O’rinboev
045

Samarqand o’zining boy tarixi, mashhur kishilari bilan jahonda shuhrat qozongan bo’lsa-da, ammo hali uning tarixida o’qilmagan sahifalar, nomi tiklanishga muntazir alloma va shoirlari juda ko’p. Bu gap fakat shahar mintaqasigagina tegishli bo’lmay, balki viloyat hududiga ham daxldor, chunki viloyatdagi tumanlarda mavjud bo’lgan ko’pgina tarixiy yodgorlik va joylar, bu hududdan yetishib chiqqan alloma va shoirlarning hammasi ham o’rganildi deb bo’lmaydi. Jumladan, o’rta asrlarda Miyonkol nomi bilan mashhur bo’lgan mintaqadagi Ishtixon, Kattaqo’rg’on, Oqdaryo va Poyariq tumanlari, Sheroz va Aliobod deb atalgan tarixiy mavzedagi Bulung’ur va Jomboy tumanlari, Urgut, Paxtachi, Nurobod, Pastdarg’om, Samarqand tumanlaridagi ko’pgina joylar va shu yerdan yetishib chiqqan alloma-shoirlar chuqur tadqiqot, izlanish va aniqlashga muntazirdirlar.

Shu jihatdan viloyatning Paxtachi tumani Ziyoviddin va Dabusiya kabi qadimiy mavzelari, Nurobod tumanidagi Tim, Ishtixon va Oqdaryo tumanlari xududidagi Sog’arj, Bulung’ur tumanidagi Sheroz shaharchasi, Jomboy tumanidagi Gazira va shunga o’xshash joylarning, tarixini o’rganish nihoyatda muhim. Masalan, Jomboy tumanidagi Gazirani olaylik. O’rta asr manbalari ko’zdan kechirilganda Gazira nomi tez-tez tilga olinadi. Gazirada Vali bobo deb ataladigan joyning tarixini, nega Vali bobo deb atalishini hamma ham biladimi? To’g’ri, bu haqda umumiy va ba’zan rivoyatlarga asoslangan ma’lumotlar bor. Ammo aniq dalillarga asoslangan tarix lozim. Mana shu sohada ko’lga kiritilgan ayrim ma’lumotlarni bayon etishni maqsadga muvofiq deb hisoblaymiz.

Shuni eslatish lozimki, Nurobod tumanida joylashgan Ostona bobo deb ataladigan tarixiy manzil haqida avval viloyat ro’znomasida, so’ng esa Respublika ro’znomasi bo’lmish «Xalq so’zi»da maqola e’lon qilingan edi. Unda Gaziradagi Shayx Xudododi Vali bobo ham tilga olingandi. Shundan so’ng bu shaxs tarixiga u kishining tarjimai holi va faoliyatini o’rganishga bo’lgan qiziqish yanada oshdi. Natijada ushbu maqola mualliflaridan biri Shayx Xudododi Vali haqida yozilgan manokibning bir nusxasini G’allaorol tumanidagi 11-o’rta maktab o’kituvchisi Zayniddin Mamarizaev shaxsiy kutubxonasida saqlanayotganini aniqlab, muhtaram o’qituvchiniig iltifoti ila bu nusxa bilan tanishishga muyassar bo’ldi. Manoqibning 248 sahifadan iborat bu nusxasi 1913 yilda Muhammad Ashur Nurmuhammad o’g’li degan kotib tomonidan ko’chirilgan. Kitob yaxshi saqlangan (bu nusxani shartli ravishda «G’allaorol nusxasi» deb ataymiz).

Shurdan so’ng Bulung’ur tumani xalq ta’limi boshlig’i Abdurahmon Qodirov (B. Valixo’jaevga qo’ng’iroq qilib) shu tumandagi 19-o’rta maktab o’kituvchisi Abduvakil Salievning shaxsiy kutubxonasida Shayx Xudododi Vali haqida kitoblar borligini va ular bilan tanishish mumkinligini bildirdi. Abduvakil Soliev professor B. Valixo’jaevga ikkita qo’lyozmani taqdim etdi. Ulardan biri «Manoqibi shayx Xudododi Vali» bo’lib, 286 sahifadan iborat (bu nusxani shartli tarzda «Bulung’ur nusxasi» deb ataymiz).

Forsiy tilda yozilgan bu asarning avvalgi va oxiridan varaqlar tushib qolgani sababli uning nomi va muallifi, ko’chirilgan yili va kotibini aniqlash qiyin. Ammo kitoblarning novotirang Samarqand kog’oziga nastaliq yozuvi bilan ko’chirilgani va ayrim belgilar uning XVI asrda ko’chirilganligini taxmin kilishga imkon beradi. Asarda shayx Xudododi Valining fazilatlari, tarjimai holi va faoliyati to’g’risida ayrim ma’lumotlar bor. Shuning bilan birga unda Valiboboning Xudodod taxallusi bilan bitgan turkiy va forsiy hikmat hamda g’azallari mavjud (bu g’azal va hikmatlarning aksari G’allaorol nusxasida ham bor).

Ikkinchi qo’lyozma esa majmua bo’lib, unga shayx Xudododi Vali boboning shogirdlaridan bo’lmish, XVII asrning oxiri va XVIII asrning boshlarida yashab faoliyat ko’rsatgan Muhammad Sharif al-Husayniy al-Alaviy Buxoriyning forsiy tilda yozilgan beshta asari kiritilgan. Bular:
«Hujjat ul-Zokirin» — tasavvufdagi yassaviya — jahriya tariqatining tarixiga bag’ishlangan tazkira bo’lib, u 1077 hijriy, 1666—1667 milodiy yilda yozilgan. Unda shayx Xudododi Vali tarjimai holi, faoliyati va fazilatlariga oid ma’lumotlar ham bor. Asarning hajmi 364 sahifa.
«Tuhfat us-solikin» — tariqat ixlosmandlariga bag’ishlanib yozilgan asar. Hajmi — 78 sahifa.
«Mir’ot ul-ibodat» — ibodat qilish qoidalari haqida. Hajmi — 10 sahifa.
«Sharhi oyat» — Qur’oni karimning bir oyatiga yozilgan sharh. Hajmi — 2 sahifa.
Devoni Mavlavi Sharifmuhammad Sharif al-Husayniy Buxoriyning «Sharif» taxallusi bilan, asosan forsiy tilda yozgan g’azallari to’plami. Hajmi 116 saxifa. Oxirgi varaqlari tushib qolgan.
Mavlaviy Sharif hayotining oxirgi damlari va vafoti bayoni — risolaning muallifi noma’lum. Hajmi — 14 sahifa.

Yuqorida tarkibi bayon etilgan majmua 1214—1225 hijriy, 1799—1800— 1810 milodiy yillar orasida kotib Qo’zi Muhammad Buxoriy tomonidan Gazirada kitobiy qilingan. Shunday qilib, Vali bobo haqida ishonchli manbalar asosida so’z yuritish, bu hazratning tarjimai holi, faoliyati, fazilatlari, ijodlari to’g’risida ma’lum tasavvurga ega bo’lish imkoniyati maydonga keldi.

Vali bobo sifatida shuhrat qozongan zotning asl nomlari Xudoyberdi bo’lib, bu hazratning otalarini Hazrat azizon Ortiq shayx der edilar.

05 (Fotosuratda Buxorodagi Hazrat Xudoydod Vali majmuasi) Muhammad Sharif Husayniy al-Alaviy al-Buxoriyning «Hujjat ul-Zokirin» tazkirasida qayd qilinishicha, Hazrat azizon Ortiq shayx asli Xorazmda shuhrat va e’tiborga sazovor xonadondan bo’lib, ukalari azizon Zikriyo shayx, oila a’zolari, qavm-qarindosh va sodiq muridlari bilan avval Buxoroga, undan so’ng esa Karmanaga kelib, Karmanadan ikki farsah (ikki tosh) masofada bo’lgan tog’ yaqinidagi qishloqda turg’un bo’lib qolganlar. Ana shu manzilda hijriy 866, milodiy 1462—63 yili bir o’g’il ko’radilar va Xudoyberdi deb nom qo’yadilar. Ammo ota-onaning xursandchiligi ham, Xudoyberdining ota- ona mehridan, tarbiyasidan bahramand bo’lishi ham uzoqqa cho’zilmaydi. Bu haqda «Manoqibi shayx Xudododi Vali» kitobida hazrat Xudododi Valining quyidagi esdaliklari keltirilgan: «Men o’z ota-onamdan juda yosh qoldim va meni tarbiya qilguvchi biror murabbiyim yo’q edi».

«Hujjat ul-Zokirin» tazkirasining muallifi esa, bu gapga aniqlik kiritib, shunday yozadi: «Ayturlarki, hazrati azizon (Xudododi Vali) o’z ota-onalaridan uch yoki to’rt yoshlarida yetim qolgan ekanlar».

Xudododi Vali o’zlarining shundan so’nggi ahvollari haqida quyidagicha hikoya qilar ekanlar: «Men birovning ko’ylarini boqib cho’ponlik kilardim. Ochlik, kiyimsizlikdan shunchalik qiyin ahvolga tushardimki, ba’zan hushsiz bo’lib o’zimdan ketib qolardim… Mening sochlarim o’sib, manglayimga tushardi, hamisha yuzlarim sarg’aygan, ohu nolam kuchaygan va hasratu dardu alamda edim. Shunday bo’lsa-da, men o’zimning qiyinchiliklarimdan hech kimga shikoyat qilmasdim. Bir necha vaqt o’tgach bir mard kishining (uning nomini mavlono Xalil Qoraqumiy tarzida ham eslaydilar) menga rahmi kelib, o’ziga o’g’il qilib oldi, maktabga olib bordi. Men maktabxonaning poygohidan joy oldim. Mening juda ozg’inligim va yupun kiyinganimdan maktabdagi bolalar mendan or qilardilar. Maktab o’qituvchisn bu holni ko’rib, meni o’ziga yakin joyga o’tqazdi va hammaga qarab shunday dedi: «Bu o’g’lon bir guruhning murshidi bo’lg’ay va olam ahli unga mayl qilgusidirlar».

«Xujjat ul-Zokirin»da ta’kidlanishicha, Xudoyberdi — Xudododi Vali maktabni tugatgach, Samarqandga kelib, shariat ilmlarini o’rganish maqsadida madrasada ta’lim oldi. Avval madrasada so’ngra esa, Bo’stonixon mahallasidagi (hozirgi shoirlar bog’i va uning atrofida bo’lgan) bir hovlida istiqomat qiladi. Ma’lum vaqtdan so’ng o’qishini davom ettirish uchun G’ijduvonga boradi va u yerda uch yil tahsil oladi. G’ijduvondagi tahsil yillari va o’zlarining ahvoli haqida shunday hikoya qiladilar: «Men G’ijduvonda ilm o’rganish uchun mashg’ulot o’tkazar ekanman, uch yil bitta po’stinni qishin-yozin kiyardim. Ichki kiyimlarim va hatto ko’ylagim ham yo’q edi. Ko’rgan kishi ko’ylagi yo’q ekan deb o’ylamasin uchun bitta ko’ylakning yoqasini topib olib, bo’ynimga ilardim. Ammo o’zimdagi bunday ahvolni hech kimga izhor qilmasdim».

Ana shunday moddiy qiyinchiliklar ham hazrat Xudododni o’qish va ilm o’rganishga bo’lgan g’ayratini so’ndira olmaydi. U G’ijduvondan Buxoroga borib, Mullo Muhammad madrasasida yashaydi va ta’limni davom ettiradi. Shu orada ul hazrat 23 yoshga yetadilar. Xuddi shu yoshda, ya’ni 889 hijriy, 1484 milodiy yili ul hazrat o’z davrining mashhur mutasavvuflaridan bo’lmish, yassaviya yoki jahriyai sultoniya tariqatining ko’zga ko’ringan vakili shayx Jamoliddinning huzuriga boradi. Buxoroning Kalati mavzeida istikomat qiluvchi Shayx Jamoliddin ul hazrat bilan uchrashganda oting nima deb so’raydi. Shunda aytadi: otim Xudoyberdi! Shayx Jamoliddin esa o’z navbatida bul hazratdagi fazilatlarini ko’rib, aytadi: seni bizga «Xudoy dod» (ya’ni Xudo berdi). Bundan so’ng otingiz «Xudoydod» bo’lgay. Ana shu munosabat bilan bu hazrat Xudodod nomi bilan mashhur bo’ldilar. Hazrat Xudodod ham shayx Jamoliddinga pir sifatida qo’l beradi. Shayx Jamoliddin o’z navbatida hazrati Xudododga barkamolligi, ya’ni tariqat sulukida mustaqil faoliyat ko’rsatishi mumkinligi haqida fotiha o’qib, unga oq yo’l tilaydi. Shundan so’ng hazrati shayx Xudodod tug’ilib o’sgan makoni — Karmanaga qaytib o’zining tariqat sohasidagi faoliyatini davom ettiradi. Bu davrda ham kambag’alona yashash hamda o’zidagi bor narsalarni beva-bechoralarga ulashish fazilati ul hazratning shuhratiga shuhrat qo’shaverdi.

Hazrat Xudododning e’tibori tobora oshaveradi. Shundan so’ng ul hazrat Samarqandning o’sha davrda ancha obod bo’lgan mavzelaridan bo’lmish Gaziraga keladilar va oddiygina bir xonaqo qilib, yashay boshlaydilar.  Ul hazratning pok e’tiqodi, oliy himmati, kamtarligi, g’amxo’rligi atrofdagilarda yaxshi taassurot qoldirib, ularning suhbat va pand-nasihatlaridan baxramand bo’lishga intiluvchilarning soni tobora orta boradi. Hatto Movarounnahr hokimi bo’lgan Muhammad Shayboniyxon ham bu hazratga e’tiqod qo’yib, ul kishini o’z huzuriga da’vat etadi. Ammo hazrat Xudodod bu da’vatni e’tiborsiz qoldiradilar.

Shunday bo’lsa-da, Muhammad Shayboniyxonning o’zi bir yurishi vaqtida hazrat Xudodod yashaydigan xonaqoga yaqin joyga kelib qo’ndi va ul hazratni yana taklif qiladi. Hazrat Xudodod shunday hikoya kiladilar: «Men Muhammad Shayboniyxon taklifini noiloj qabul qilib, uning huzuriga yo’l oldim. Uning hashamatli haymasi — karorgohi, sipohiylariyu dabdabasi ko’zimga somon cho’piday bo’lib ham ko’rinmadi».

Hazrat Hudodod Gazirada yashab, jahriyai sultoniya tariqatini targ’ib qilib, ham turkiy, ham forsiy she’rlar bitib, o’zlarining oliy himmatliligi va kamtarona turmush tarzi bilan shuhrat taratdilar.

Hazrati Xudodod uylanganlar va oltita farzandning padari buzrukvori bo’lganlar. Hazratning bibi Soliha, bibi Hadiya va bibi Mahzuna nomli qizlari bo’lgan bo’lsa-da, bibi Mahzunadan boshqalari yosh vafot etgan. Xudododning Solihxoja, Xoja Kalon, Xoja Xurd nomli o’g’illari ham bo’lganlar. Aytishlaricha, hozir Gazira va uning atrofida o’zlarini azizon shayx Xudodod avlodi deb hisoblayotganlar bibi Mahzunadan tarkalgan shajara namoyandalari ekanlar.

Hazrat azizon shayx Xudodod umrlari oxirlarida kasal bo’lib kolganlar va birovning yordamisiz o’rinlaridan tura olmaganlar. Ammo shunday bo’lsa-da, toat-ibodat qilish vaqti bo’lgach, shunday bir g’ayrat bilan harakat qilar ekanlarki, hatto raqsi samo’ga ham tushib ketar ekanlar.

Hazrati Azizon Xudodod umrlari oxirida ul kishi haqidagi manoqib — risolaning tezroq yozilishiga undar va o’zlari ham she’r aytishga ko’p vaqtni sarflagan ekanlar.

Hazrat Xudodod Vali 939 hijriy yili muharram oyining o’n ikkinchi kuni, ya’ni 1532 milodiy yili avgust oyining 12 kuni hijriy hisobda 73 yoshda, milodiy hisobda 71 yoshda vafot etganlar.
Hazrat Xudodod o’zining yassaviy-jahriyai sultoniya tariqatidagi faoliyati bilan bir qatorda she’riyatda ham qobiliyat sohibi bo’lib, turkiy va forsiy tillarda g’azal, hikmat va fardlar bitgan. Bu she’riy meros uning haqidagi manoqib tarkibida bizgacha yetib kelgan. Mavjud she’rlar yozma adabiyotdagi g’azal, qasida janrlari qonun-qoidalariga rioya qilingan holda bitilgan bo’lib, mavzu jihatdan esa orifona va nasihatomuzdir.

Ma’lumki, tasavvuf falsafasining yetuk namoyandalari Xoja Ahmad Yassaviy, Sulaymon Boqirg’oniylar o’zlarining bu sohadagi aqidalarini she’riy shaklda ifoda etib, o’zlaridan salmoqli meros koldirganlar. Hazrat Xudodod ham mana shu an’anani davom ettirib qator she’r tarzida yozganlar. Shuni alohida uqtirish kerakki, bu she’rlar tilining ravonligi, badiiyatning soddaligi, fikrning aniq ifodasi, musiqiyligi bilan ajralib turadi. Shu jihatdan olib qaraganda, hazrat Xudododning she’riy merosi XVI asr o’zbek adabiyotidagi uslubiy rang-baranglikni, mavzu ko’lamining kengligini, badiiyat va tilda tushunarlilikka intilishni chuqur tahlil etishda yaxshi vosita bo’lib xizmat qila oladi. Shu nuitai nazardan hazrat Xudododni XV asr oxiri va XVI asr birinchi yarmidagi tasavvufnnng vakili sifatidagnna emas, balki shu davrdagi badiiy jarayonning o’ziga xos namoyandasi sifatida ham ardoilab, adabiy jarayon tarixiga nomini kiritish ayni muddaodir. Bu esa xazrat Xudodod xotirasini ham mutasavvuf xamda shoir sifatida kerakli darajada abadiylashtirishga asos bo’la oladi.

Ana shu ishning qaldirg’ochi sifatida hazrat Xudododning bizga ma’lum bo’lgan she’rlaridan namunalarni muhtaram muxlis va she’riyat shaydolariga ilk marta taqdim etish bizga muyassar bo’lganidan Olloh taologa shukrlar ayturmiz.

Bu sohada ish endi boshlandi va u davom etadi. Hazrat Xudodod haqida yangi-yangi manbalarning, ul hazrat she’riy merosidan yangi-yangi namunalarning topilishiga ishonchimiz komil. Ana shu ishlar amalga oshgach, hazrat Xudodod she’riyatining g’oyaviy-badiiy mukammal tadqiqi maydonga kelguvsidir.

Samarqand

01
SHAYX XUDOYDODI VALI

G’AZALLAR
045

* * *

Menga bu tanda jon, sensiz kerakmas.
Hayoti jovidon, sensiz kerakmas!

Na qilsun oshiqing ishqingdin o’zga,
Nechakim bo’lsa jon, sensiz kerakmas!

Nechakim mo»minu bo’lsam musulmon,
Menga dinu imon, sensiz kerakmas!

Agar ikki jahon xushlikni bersang,
Hamisha jovidon, sensiz kerakmas!

Xudodod naylasun pirlik holinda,
Jahon ichra jahon, sensiz kerikmas!

* * *

Ey, xayoling tushgali ko’nglumga bo’stondir ko’ngil,
Vaslingiz taxtida bo’lsa, asru sultondir ko’ngil!

Mubtalo bo’ldim sening ishqing bilan men notavon,
Ibtilosi xush erur hayron, hayrondur ko’ngil!

Mahzani xusningda ko’rdim ul xatu xolingni men
Donai doming bilan besaru somondur ko’ngil!

Barchani tark aylabon, qildim tamanno ko’rgali,
Ohu vovaylo bilan giryonu nolondur ko’ngil!

Dardi dilni aytmayin, toki shikoyat bo’lmasun,
Mahzar o’ldi husningga, mahzari dostondur ko’ngil!

Toqatim ham toq o’ldi, ushbu hijron ilkidin,
Vaslni juft aylagilkim, asru pajmondur ko’ngil!

Ey Xudodod, sabr etib tur, nola afg’oning qo’yib,
Dambadam ishq, o’tida barcha biryondur ko’ngil!

* * *

Bu ko’ngil ishqida bo’ldi bas, giriftor ilkidin,
Chorasi qolmay bitibdur chorayi kor ilkidin.

Har zamona ahli dillar ko’nglini zor aylabon,
Xoli qilmas har zamone ko’nglini zor ilkidin.

Lutfdin qildi nazar, bu ahli dillar ko’ngliga,
Ahli dillar buzmadi ko’nglini dildor ilkidin.

Ey ko’ngil ichding esa ishqin sharobin dambadam,
Bo’lg’usidur sharbati vasli aning yor ilkidin.

Xajrining o’tida kuydim baski qildim men tama’,
Vaslini jomi bo’libon unga dilxor ilkidin.

Chehrasi qildi tajalli har taraf sir mulkida,
Qildi xoli bu ko’ngulnung shubha inkor ilkidin.

Sen qachon loyiq bo’lursen, ey Xudodod, vasliga,
Toki uzmassen, o’zungni jumla ag’yor ilkidin.

Manba: «Guliston» jurnali, 1993. 8-9 son

* * *

Qo’ymag’il hargiz bu savdo, ham bu savdo ishqida,
Qilmag’il xoli ko’ngulni darddin aslo ishqida.

Bo’lmag’im ushbu jahondoni jihat erdi mango,
Ikki olam ichra man bo’lsam huvaydo ishqida.

Men azaldin yor uchun tushtum bu savdo yo’lig’a,
To abad bo’lsam taqi hayronu paydo ishqida.

Ne jihat bo’ldi manga kelmak basharliq sorig’a,
Ya’ni, ul sirri nihon toqi ochulso ishqida.

Ey Xudoydod, siri dilni ochmag’il har xirag’a,
Ko’p riyozatlar kerakdur, ko’p fanoyo ishqida.

P. S. So’nggi g’azal Komilxon Kattaevning «Shayx Xudoydodi Vali tarixi» (Samarqand, 1995) to’plamidan olindi

056

(Tashriflar: umumiy 252, bugungi 1)

1 izoh

  1. «Ҳазрати Худойдод уйланганлар ва олтита фарзанднинг падари бузруквори бўлганлар. Ҳазратнинг биби Солиҳа, биби Ҳадия ва биби Маҳзуна номли қизлари бўлган бўлса-да, биби Маҳзунадан бошқалари ёш вафот этган» — юкорида айтилган гапда ноаниклик бор, чунки Хазрат Азизон Олим Шайхнинг “Ламахот” китобида шундай дейилган:
    Хазрат Азизон Худойдоднинг бир угли ва уч кизи булган улар
    1) Солиххожа — яккаю ягона угил фарзандлари 16 ёшида касалликдан вафот этади, ундан авлод колмаган.
    2) Солиха Биби – катта кизлари, у хам ёш вафот этади, авлод колмаган.
    3) Биби Хадия – у кишини Саййид Такийуддинга турмушга чикади ва у кишидан 3 угил дунёга келган: Хожа Калон ва Хожа Хурддан исмли угилларидан зурриёт колмаган. Кенжа угиллари Хожа Саййид Абдулбоситдан куп зурриёт колган.
    4) Биби Махзуна – кенжа кизлари, у кишини эри Саййид Амиршох. уларни авлодлари Амир Санъатуллох, Хожа Абдурашид, Амир Баховуддиндир. Улардан хам куп зурриётлар колган.

Izoh qoldiring