“Osmonimiz chaqmoqlarga to’la edi….” Yozuvchi Nodir Normatov bilan suhbat.

09     Ёзувчилик бирор бир косиблик ёки ҳунармандлик эмаски, уни устозлик йўли билан ўргатиб бўлса. Бу бир шундай сирки, унинг калити кўнгилда, кўнгил эса… Яратганга туташ йўлда бўлади. Унинг мақомини кўтариш ёки тушириш эса… ўз қўлингизда, яъни тинмай ўзликни топишда, кузатишда, англашда, таққослашда, минг бир хил йўллардан юриб-юриб, ўзингизга қайтиб келишда. Ёзувчининг ўз дастхати, ўз услуби, ўз овози ана шунда пайдо бўлади.

ОСМОНИМИЗ ЧАҚМОҚЛАРГА ТЎЛА ЭДИ…
Таниқли ёзувчи Нодир Норматов билан суҳбат
Суҳбатдош — Обид Шофиев

011

Нодир ака, биламизки, сиз сўлим Пошхурд қишлоғида туғилгансиз. Ҳар гал Пошхурдга келганингизда хаёлингиздан нималар кечади?

– Пошхурд мен учун сирли, сеҳрли бир макон, қаерда бўлмайин, унинг жамики бисоти: кўркам боғларию паст-баланд тоғлари, сукут сақлайдиган тепаликлари, хилма- хил гиёҳларга бой адирлари, гоҳ шарқираб, гоҳ имиллаб оқар сойи, ҳовлилар оралаб пинҳонаю ошкора ўтган ариқлари, пахсаю тошдеворлари, тиканзору гулу чечаклари, тор кўчаларию қалби кенг одамлари, уларнинг залворли гурунглари кўнглим тўрида бўлади. Шоир топиб айтганидек, “ўзим ҳар жойдаман, кўнглим сендадир”.

08 Қишлоққа ҳар сафар келганимда, у худди мен учун узоқ йиллар давомида ўзгармагандек туюларди, нималардир ўзгарган бўлсада, буни тан олишни истамай, билмаганга, кўрмаганга солиб кетаберардим. Аммо шу йил, баҳорда келганимда унинг қаттиқ ўзгарганини сездим, энди у бундан қирқ етти йил аввал чиқиб кетганимдаги Пошхурд эмас эди. Мен фақат унинг кўринишлари, манзараларини назарда тутаётганим йўқ. Унинг ўзгарганлигини менга шу ерда яшаётган одамлар қиёфаси, туриш-турмиши, феъл-атворлари, жумладан энди уларнинг нотанишлиги ҳар қадамда эслатиб турди. Бу юрагимга ғулғулами, бир нима солди. Тўғри, бу ердаги танишу нотаниш ҳамқишлоқларнинг бари менга эҳтиром кўрсатишади, ҳурмат- иззат бари жойида.

Аммо гап бунда эмас. Нимагадир мен энди бу ерда ўзимни бегонадай сеза бошлайман. Нима ҳам қилардим, дунё ҳамиша ўзгаришда, бунга ҳам кўникмоқ керак. Аммо, мен учун қадрдон бўлган қадим Дабилқўрғон қалъаси, аждодларим хоки-туроби қўйилган кўҳна қабристон, болалигим кечган Пошхурдсой, Оқтоғу Қоратоғ бағридаги адирликлару даралар хаёлимда ўзгармагандай, улар томондан эсган шамоллар “Биз ўша, ўша, сен билган, сен юрган, сен кезган ўша маконмиз” деган бир мужда келгандай туюлаверади. Балки бу хаёлимда қаттиқ ўрнашиб қолган хотиралар шарпасидир. Аммо барибир, улар мен учун ўзгармасдир. Негадир шу сўзларни ёзаётганимда, кўзларимда ёш айланди, балки бу ёш ич- ичимдан менинг уларга айтилажак дил изҳорим бўлиб келгандир.


–Болалигингизда қайси китобларни севиб ўқигансиз? Қайси китобларни қайта-қайта мутолаа қиласиз?

– Болаликда бизга китоб саралаб ўқиш учун катта имкониятлар бўлмаган. Неки қўлимизга тушган бўлса, ўқийверганмиз. Албатта, кичиклигимда, Қурбонсара холам “Равшанхон”, “Гўрўғли” каби достонларни ўқиб бергани эсимда. Сал улғайиб, китоб ўқишни ўрганганимда, қиладиган уй ишлари кўпайиб боравердими ё рағбат бўлмадими, хуллас,ўқимай қўйдим. Менга энди табиатнинг ўзи китоб эди.

Шунинг учун бўлса керак, учинчи синфгача кўча- кўйда, сою адирларда, табиат қўйнида шамолдай елиб юрганим юрган эди. Қаерга шошардим, нимани излар эдим, нима керак эди ўзи менга, буни ҳали- ҳануз билмайман, тушунмайман. Балки кўнглим шуни тилагандир, балки, атрофимдаги оламни тушунгим, кўргим келгандир. Ҳатто саратонда сочларим сарғайиб кетса ҳам, офтобда, оёқяланг иссиқ тупроқ йўлда кезганим кезган эди. Аммо тўртинчи синфда бу ҳол камайди, энди эртак китобларга қизиқиб қолган эдим, уларни овқат устида ҳам, уй чордоғида ҳам, дуч келган жойда ўқийверардим, муҳими, менга халақит беришмаса бас. Ўзбек, Венгер, Индонезия, Хитой, Ҳинд, Рус халқ эртаклари…

Гарчи унча тушунган бўлмасам-да, Насриддин афанди латифалари қўлимдан тушмасди. Улардаги истеҳзо, киноя, қочириқ, кесатиқлар менга ҳали тушунарсиз эди. Аммо Даниэл Дефонинг “Робинзон Крузо”си, Марк Твеннинг “Геклберри Финнинг бошдан кечирганлари”, “Том Сойернинг саргузаштлари” Бичеу Стоуннинг “Том тоғанинг кулбаси” китоблари мени мафтун этган эди. У пайтларда мен китобларнинг маъною ибратли томонларига эътибор қилмас эдим. Мени кўпроқ китоблардаги турли хил мамлакатнинг одамлари, уларнинг яшаш тарзлари, сюжетларнинг ўткирлиги қизиқтирар эди.

Аммо бу ёшда мен шеър ёдлашга уста эдим. Дарсликлардаги Зафар Диёр, Ҳамид Олимжон шеърларидан ташқари, ўша машҳур итальян шоири Жанни Родари шеърларини ёдлаб, адабий кечаларда айтишни яхши кўрар эдим. Мактабда Юсуфжон қизиқ Шакаржоновнинг бир китобчасидан интермедияларни кўчириб олиб, дўстларим билан мактаб саҳнасида қўйганмиз. Олтинчими ё еттинчи синфларда эса қандайдир бир пъесалар ёзганман, уларни ҳам синфдошларим билан саҳналаштирганмиз.

Охир-оқибат, саккизинчи синфда “Алишер Навоий” спектаклидан парчаларни саҳналаштириб, ном чиқардик, тумандаги мактаблараро бадиий тўгараклар танловида ғолиб бўлганмиз. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Алишер Навоий ролини ижро этганим учун туман халқ таълими раҳбарлари кўпчилик олдида менга шоирнинг беш томлик яшил муқовали китобларини совға қилишган.

Ўсмирлик йилларида дунёқарашим анча ўзгарган, туман ва вилоят газеталарига тинимсиз мақолалар ёзиб, чоп эттирардим, қалам ҳақи олар эдим, мактабда, уйда, далада, боғларда йилнинг тўрт фаслида ҳам менга топширилган ишлар етарли бўлишига қарамай, кўп китоб ўқиганман. Лермонтовнинг ”Замонамиз қаҳрамони”, Беляевнинг “Профессор Даниэлнинг боши”, яна, ўша босмачилар, қизиллар ҳақидаги “Қасос”, “Машъал”га ўхшаш мағзи пуч китоблар ҳам четда қолмаган.

Синфимиздаги барча ўқувчиларга гоҳ ихтиёрий, гоҳ мажбурий тарзда китоб ўқиттирардим. Мен уларга оз эмас, кўп эмас, тўққиз йил синфбоши бўлганман. Бир йил, тўққизинчи синфда Зарабоғ қишлоғида ўқиганлигим учун, синфбошиликдан чиқарилганман, холос. У пайтларда бу амалга ўқувчиларнинг ўзлари сайлар эди. Ана шу амалдан фойдаланиб, синфдошларимни китоб ўқишга мажбур қилганманда. Мен энди улар билан фахрланаман. Уларнинг бари ўрта-махсус ёки олий маълумотли, энг муҳими, ўзига хос, ҳаётда довдираб қолмаган одамлар эканлиги.

–Талабалик йилларингиз қандай кечган?

–Талабалик йилларингиз қандай кечган дейсизми? О, талабаликми?! Шамолдай десаммикан, йўқ, чақмоқдай десам бўлади. Чунки, бизнинг ёшликдаги, талабаликдаги осмонимиз чақмоқларга тўла эди. Уларнинг қайси бирлари кўнглимизни ёриштирса, қайси бирлари ғашликлар солган. Шундай бўлсада, бизнинг курсдан замонавий ўзбек адабиётимизнинг ёрқин юлдузлари етишиб чиқди: Усмон Азим, Эркин Аъзам, Ҳалима Худойбердиева, Тоғай Мурод, Муҳаммад Раҳмон… Яна бир қанча ижодкорлару, таниқли журналистлар, жамоат ва давлат арбоблари..

Бизга Хайрулла Исматуллаев, Отақўзи Азизов, Бегали Қосимов, Ҳулкар Олимжоновадек дарслари ўзлари каби бетакрор домлалар дарс беришган. Қолган дарслар гўё биз учун йўқдек эди, бошқа фанларнинг дарслари зерикарли ўтилган учун университетга эмас, Навоий кутубхонасига бориб, китоб мутоала қилардик. Ҳар йили пахта мавсуми бошланиши билан Сирдарё вилояти туманларига пахта теришга жўнаб кетар эдик. Кундуз кунлари ҳаёт қанчалик зерикарли бўлса, оқшом шунчалик тароватли, ёқимли бўлар эди: гулхан атрофида шеърлар ўқилади, қўшиқлар куйланади, рақслар денг…

Биз Тошкентга ўқишга кирган йиллар (1967 й) 1966 йилги Тошкент зилзиласи асоратларини тугатиш, янги уй -жойлар қуриш ишлари бошланган эди. Ёз келиши билан студентлар отряди деган нарса тузилар эди. Мен Тошкентнинг Қорақамиш массивида уй- жойлар қурилишида сақич эритгич бўлиб ишлаганман. Талабалик йиллари курсимизнинг қўлбола адабий журнали ҳам нашр этилган. Ҳозир унинг бир-икки сони бухоролик курсдошимиз, ёзувчи Комил Жўраев архивида сақланади. Куни кеча у менга ана шу журнални кўрсатган эди, унда Усмон, Эркин, Ҳалима, Муҳаммад ва менинг ҳикоя ҳамда шеърларимиз нашр этилган экан.

Бундай олганда биз талабалик йиллари республика матбуотида бирор нарса эълон қилмаганмиз, (Ҳалимадан бўлак), изланишларимиз ҳамиша давом этган, шошма- шошарлик билан чоп этиш биз учун катта гуноҳ эди, чунки ўзимиз шундайларнинг ижоди устидан масхара, кулги қилиб юрар эдик-да. Домлалар билан тап тортмай тортишганларимиз эсимда. Аммо уларнинг бирортаси ҳам имтиҳон пайтида биздан “ўч” олмаган.

– Устозларингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз.

–Биласизки, ёзувчилик бирор бир косиблик ёки ҳунармандлик эмаски, уни устозлик йўли билан ўргатиб бўлса. Бу бир шундай сирки, унинг калити кўнгилда, кўнгил эса… Яратганга туташ йўлда бўлади. Унинг мақомини кўтариш ёки тушириш эса… ўз қўлингизда, яъни тинмай ўзликни топишда, кузатишда, англашда, таққослашда, минг бир хил йўллардан юриб-юриб, ўзингизга қайтиб келишда. Ёзувчининг ўз дастхати, ўз услуби, ўз овози ана шунда пайдо бўлади.

Булоқ суви чиқиши мумкин бўлмаган жойни қазиш бефойда, агар сув бўлса, унинг кўзини очишда кимнингдир ёрдами керак. Ёзувчи, шоир, умуман ижод аҳли ана шундай, қалбида “булоқ суви” бор бўлса, ана ўшанда муҳит, одамларнинг андак эътибори керак бўлади. Аммо, ижодкор ҳамиша ёлғизликда, ўзи билан ўзи олишиб, бир нима яратади, ўзининг чексиз саботи билан чўққига тирмашаётган альпинист каби юксакликка кўтарилади. Менга ҳам худди шундай илк қадамни ташлашга рағбатлантирган устозларим бўлган. Бу, акам, марҳум Рўзибой Норматов, кейин, Хуррам Мақсадқулов, Теша Сайдалиевлар, Менгзиё Сафаров. Аммо ҳақиқий адабиётни англашда Абдулла Қодирий, Ойбек романлари, “Минг бир кеча” ва Саъдий Шерозий ҳикоятлари, Шукур Холмирзаев ҳикоялари ва халқ достонлари бир нималар берган. Умуман олганда, халқимизнинг топиб айтган бир мақоли бор: бир яхшидан ўрган, бир ёмондан. Бу мақол ҳам кўп менга асқотган.

– Машҳур америкалик ёзувчи Эрнест Хеменгуэй “фақат билган, таниган одамлар ҳақида ёзиш керак”, деган эди. Сизнинг асарларингизда кўпроқ далиллар, ҳужжатларга таянганингизни кузатамиз. Шундай эмасми?

–Тўғри, мен ёзган- чизганларимга ўзим билган, кўрган, эшитган воқеалардан хамиртуруш олиб, бир чимдим қўшаман. Агар кўпроқ қўшсам, нонга ўхшаб ачиб қолади, камроқ қўшсам, бемаза бўлиб, оби-тобига келмай қолади. Унинг меъёрини топиш эса…ўта мушкул. Гап мавридини топиб, ўша ҳужжатли далилларни саралаб ишлата олишингизда. Бу жараён ҳақида юзлаб китоблар ёзилган, аммо унинг жавоби битта: ёзувчининг иқтидорию маҳоратининг қай даражада эканлиги билан белгиланади. Мен адабий асар учун албатта, ҳужжатлилик зарур деган фикрда эмасман, асар қай йўсинда ёзилмасин, мени унинг натижаси қизиқтиради. Аммо менинг услубим шундай, ҳаётий воқеаларнинг кўнгил чопган ўринларидан фойдаланаман.

Баъзида, хаёлан , бадиий тўқима билан ёзганимда, кўнгил бисотида сақланиб ётган баъзи бир ҳаётий тафсилотлар қўшилиб кетганини пайқамай қоламан. Мантиқ талаб этгани учунми, беихтиёр ўша воқеа тафсилотлари асар тўқимасига кириб кетади, шекилли.

–“Санъат” журналига бир неча йил муҳаррирлик қилдингиз. Бу журналда кечган йилларингиз ҳаётингизда қандай ўрин тутади?

–Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этиладиган бу журнал қайсидир маънода менинг кўнгил мулким, унда ўз лойиҳаларим, режаларим, орзу- ўйларим ижроси акс этган. Журналнинг илк нашридан тортиб ўн беш йилга яқин ишладим, шундан икки йилчаси бош муҳаррир ўринбосари, қолган ўн икки йил бош муҳаррир бўлиб ишладим. Унинг саҳифаларида тасвирий санъатимиз тарихи, ўтмиши, бугунги куни жараёнлари, дунё санъати билан муштарак маънавият олами ҳақидаги мақолалар чоп этилди. Жумладан, бой маданий тарихга эга бўлган Сурхондарё олами ҳақида деярли ҳар бир сонда қизиқарли мақолаларни ўқиш мумкин. Мен бунгача ҳам, маданият ва санъатга алоқадор бўлган Маданият ишлари вазирлигида етти йил санъат бошқармасида бош мутахассис, “Ўзбекистон санъати” журналида бўлим мудири, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида санъат бўлими мудири вазифаларида ишлаганман. Буларнинг бари менинг маънавий бисотим, унда ёруғ кунларим, кўнглимга лаззат берувчи жавоҳирлар, яна бир нималар бор.

– Санъат, фоторассомлик билан шуғулланишингиз ёзувчилик фаолиятингизга қандай таъсир кўрсатди?

– Санъат ва адабиёт, бу бир дарахтнинг турли шохлари, уларнинг бундай эгизаклиги бир бутунликни яратишда қўл келади. Навоий бобомизни эсланг. “Занжирбанд шер”дай сувратни чизган бобомиз миниатюра санъатини, китобат санъатини теран билмаслиги мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам ул ҳазрат ҳомийлигида Ҳусайн Бойқаро даврида тсавирий санъат, мусиқа, бошқа бадиият турлари такомилига етди, юксак чўққиларга кўтарилди. Бундай анъаналар гоҳ кўтарилиб, гоҳ пасайиб бўлсада давом этди. Ўзбек ёзувчиларидан Чўлпонни оласизми ёки Фитратними, улар санъатнинг барча туридан яхшигина хабардор бўлишган, мақолалар ёзишган.

Мен санъатшунослик орқали халқимизнинг бой мероси бўлган халқ амалий санъатини, улардаги бадииятни, рангларнинг бадииятда қанчалик муҳим ўрин тутишини англадим, кези келганда ёзганларимга билдирмай сингдирдим. Бадиий фото эса барча санъатдан бир устун томони бор, реалликни, ҳаётни аниқ, ҳужжатли қилиб акс эттира олади. Ундан исталган соҳада унумли фойдаланиш мумкин. Мен ҳам шу фотоларим орқали Пошхурд қишлоғини, унинг манзарасию одамларини Тошкентга электрон нусха қилиб, кўчириб келганман, исталган пайтда унинг қўйнида бўламан, бадиият учун керакли нарсалар топаман.

– Бугунги адабий жараёнга муносабатингиз.

– Бугунги адабий жараён хилма хил кечмоқда. Турли оқимлар, турлича усуллар… Майлида, менга кўпроқ уларнинг натижаси қизиқтиради. Мана шу натижаларнинг теран таҳлили, кенг манзараси адабиётшуносларимиз томонидан тиниқ ифодаланиб берилиши керак. Иброҳим Ғафуров, Қозоқбой Йўлдошев, Шуҳрат Ризаев, Абдулла Улуғов сингари олимларимиз шу йўлда тер тўкаётганлари кўриниб турибди.

Яқинда Исломжон Ёқубов деган ёш олимнинг “Миллий уйғониш даври ўзбек насри” ва “Бадиий матн ва эстетик талқин” китобларини ўқиб чиқдим. Кенг мушоҳада ва таққослаш усуллари менга маъқул бўлди. Аммо жумлаларни содда, лўнда ва равон ёзишга алоҳида эътибор қилиши керакка ўхшайди. Адабиётимизда сўнгги беш- олти йил ичида анча жонланиш бўлди. Айниқса, шеърият. Усмон Азим, Эшқобил Шукур, Сирожиддин Саййид, Баҳром Рўзимуҳаммад, Хосият Рустамова, Ҳалима Аҳмедова, Фароғат Ҳудайқулова, Манзура Тўраева.. Насрда Эркин Аъзам, Назар Эшонқул, Хуршид Дўстмуҳаммад, Саломат Вафо, Луқмон Бўрихон…

– Ёшлардан кимларни ижодини кузатиб борасиз.

– Ёшларимиз мисоли дарё. Уларнинг ҳамма асарларини ўқишга улгурмайман. Куни кеча Термизда бўлиб ўтган ёш ижодкорлар семинарида шерободлик Худоймуродова Ҳуррият деган қизнинг ҳикояларини ўқиб қолдим. Унинг ўринишлари, изланишлари менда умид уйғотди.  “Ўзбекистон адабиёти ва санъат” ҳафталигида чоп этилган Меҳриноз Аббосова деган ёш қизнинг бир туркум шеърлари менда катта таассурот қолдирди. Наманган давлат университети қошидаги лицей ўқувчисининг шу қадар теран фикрлашлари, ташбеҳлари мени жуда қувонтирди. Мана, ўқиб кўринг-а:

У ажаб оламдир, унинг кўнглини
Дарддан бошқа ҳеч не тўлдиролмайди.
Севгиси ўлдирар шоирни бир кун,
Шоир севгисини ўлдиролмайди.

Мен ана шу шоиранинг бошқа шеърларини газетангиз саҳифаларида беришларингизни истар эдим.

– Ортга қараганингизда нималарни йўқотдингиз ва топдингиз?

– Бу жараённи, йўқотгану топган нарсаларнинг ҳисоб-китобини қилиб бўларканми?! Менимча, уларни компьютерлар ҳам ҳисоблай олмайди. Агар лўнда қилиб айтадиган бўлсам, кўнгилда, хотирада неки ёруғлик, қувончлар ёки изтироблару ғуссалар қолдирган излар борки, бари меники, аммо уларни қандай санайин?! Фақат бир нарсани айтишим мумкин: хотирада қолган бу бисотнинг ҳаётимда, ёзган чизганларимда қанчалик кўп асқотганлиги бор ҳақиқат, шундан кўнглим таскин топади, аммо ҳар бир ғурбатда қувонч, ҳар бир қувончда изтироб яширинганлиги мени яна сергак торттиради.

– “Сурхон ёшлари” газетаси мухлисларига тилакларингиз.

– Номи ўзига ярашган бу газета мухлисларига нима дердим, шу юрт, шу макон мақоми жуда улуғ деб такрор айтамиз, шундай экан, унга муносиб фарзандлар бўлишларини тилаб қоламан.
–Сизга ижодий баркамоллик тилаб, янги-янги асарлар кутиб қоламиз.

Манба: “Сурхон ёшлари” газетаси

хдк

(Tashriflar: umumiy 80, bugungi 1)

Izoh qoldiring