Dilfuza Komil. Adabiyot — millat o’bro’si

Ashampoo_Snap_2017.04.02_18h56m07s_001_a.png     «Миллатнинг обрўси унинг адабиётига боғлиқ. Адабиёти паст савияда бўлган миллатнинг бошқа халқлар назарида обрўси ҳам, эътибори ҳам бўлмайди», деб ёзган эди Туркистон  жадидларидан Ашурали Зоҳидий «Туркистон вилояти газети»да чоп этилган мақоласида.

Дилфуза КОМИЛ
АДАБИЁТ – МИЛЛАТ ОБРЎСИ
007

Дилфуза Комил 1975 йили Наманганда туғилган. Наманган давлат университетининг филология факултетини тамомлаган. “Асотир”, “Кўкдан келган кўнгил” тўпламлари муаллифи. “Маърифат гулшани” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Бугун «Маърифат саодати» газетасида фаолият юритади.

007

007_a.png«Миллатнинг обрўси унинг адабиётига боғлиқ. Адабиёти паст савияда бўлган миллатнинг бошқа халқлар назарида обрўси ҳам, эътибори ҳам бўлмайди», деб ёзган эди Туркистон жадидларидан Ашурали Зоҳидий «Туркистон вилояти газети»да чоп этилган мақоласида. Кўринадики, зиёлиларимиз бундан бир аср аввал адабиёт масаласини ҳаёт-мамот масаласи деб ҳисоблаган эдилар.

Йиллар давомида адабиёт ўзгаради, янгиланади, аммо унинг вазифаси – одоб-ахлоққа, маънавиятга хизмат ўзгармайди. Бугунги ўзбек адабиёти ҳар жиҳатдан баркамол адабиёт бўлмоғи шарт. Атоқли адабиётшунос олим ва адиб Озод Шарафиддинов таъкидлаб айтганларидек, «…Адабиётимизни ташкил қилувчи ҳар битта асарнинг баҳоси тиллоларга тенг бўлсин. Бу адабиётда сийқа, олди-қочди, ўртамиёна асарларга мутлақо ўрин бўлмаслиги лозим. Албатта, бунинг «лозимлиги»ни ҳамма тушунадию, лекин ҳамма ҳам бунга амал қилавермайди. Масъулиятнинг бир қисми кўра-била туриб ҳам маънисиз асарларни чоп этувчи ноширлар зиммасига, адабиёт рўзғорини қаровсиз ташлаб қўйган адабиётшунослар устига тушади. Қолаверса, ўзини маънавият, маърифат ва мафкура ишларига дахлдор, деб билган, унинг нонини еяётган ҳар бир зиёли одам юрт адабиётининг шавкатини юксак сақлаш тўғрисида муттасил қайғурмоғи керак. Модомики, ана шундай муҳим масала тўғрисида гап кетар экан, ҳар қандай паст-баланд андишаларни йиғиштириб қўйиб, ўз мулоҳазаларимизни ошкора айтмоғимиз ҳам фарз, ҳам қарз!».

Миллий маънавиятни бузадиган адабиёт – асло адабиёт эмас, маънавияткушларнинг қўлидаги қуролдир. Сийқа тасвирлар, фаҳш саҳналар, ёлғон тўқималар, зўрлик-зўравонликка тўла лавҳалар, ҳаётийликдан йироқ, ақлни ўтмаслаштирувчи воқеликлар ботқоғига айланган «асар»лар келтирадиган маънавий зарар инсониятга қирғин қуроллари келтирадиган зарардан кўп бўлса кўпки, кам эмас. Уларни «янги давр адабиёти» деган ном остига тиркаб, бу «асар»ларни ёзгувчиларни янги адабий воқелик яратувчилари сифатида оқлаш ва ёқлаш — бориб турган билимсизлик, миллат маънавиятига ва айтиш жоиз бўлса, юртга хиёнат бўлади. Чунки адабиёт инсоннинг онг ости туйғуларидан тортиб унинг дунёқарашига, фикрлаш тарзига, кайфиятига ва атроф-муҳитга бўлган муносабатига қадар таъсир қила олади. Миллатнинг, айниқса ёшларнинг бугунги эстетик диди ва савияси, кайфияти, фикрлаш тарзи миллат келажагини белгилаши ҳисобга олинса, адабиётнинг бузилишига эътиборсизлик қанчалик аянчли оқибатларга олиб келишини англаш қийин эмас.

«…дош»ликлар ҳимояси ортида

«Биз барча олтинларимизни, моддий бойликларимизни кишилар онгини ўзгартиришга йўналтирамиз, — деган эди босқинчилик тарафдорларидан бўлган сиёсатшунос Аллен Даллес. — Инсонлар онгида бошбошдоқлик уруғларини сепиб, уларнинг қадриятларини сохта қадриятларга алмаштириб қўямиз ҳамда бу сохта қадриятларга ишонтиришга киришамиз. Аста-секин бутун бир халқнинг ҳалокати, ўзликни англашнинг йўқолишига гувоҳ бўламиз. Чунки биз бу халқнинг маънавий илдизларини қўпориб ташлаган бўламиз…» (В.Лисичкин, Л.Шелепин. «Третья мировая информационно-психологическая война», Москва, 1999).

Айни шу бало бугун уруш гирдобидаги мамлакатларга бир неча ўн йиллар олдин гўё беозор бир кўринишда – фаҳш ва зўравонликни киши билмас тарғиб этувчи, бу мамлакат халқларининг юзлаб йиллик қадриятларини қолоқлик, маданиятсизлик дея баҳоловчи ва кейинчалик мамлакат ёшлари онгида оқибати хунук инқилоб ясаган «янги адабиёт» ниқобида ҳам кириб келган эди.

«Мистика», «фантастика», «эротика» номлари остига яширилган балолар ғояси ўз вақтида турли «асар»лар, нашрлар орқали бу мамлакатлардаги деярли ҳар бир хонадонга кириб борган эди… «Янги адабиёт» воситасида олиб бориладиган психологик хуружлар ҳар қандай миллатнинг маънавият сарҳадларини бузиб ўтмоқда десак, янглишмаймиз. Бугун ўзимизда аҳвол қандай?

Ҳар қандай соҳада диди баланд халқмиз. Мумтоз адабиётимизга дунё мафтун. Классик шоирларимиздан бири: «Агар бир йилда иккитагина яхши шеър ёзсам, ўз ижодимни ғоятда самарали санар эдим. Чунки қирқ йил давомида саксонта яхши шеър ёзган бўламан. Аммо бу жуда маҳолдир», деб ёзиб қолдирган эди. Бугун бир ҳафтада бутун бошли романлар ёзаётган баъзи серэҳтирос ёзгувчиларнинг ўзбек адабиёти савиясини туширишга хизмат қилаётганлари ва бу йўлда ўзларига анча-мунча хайрихоҳ орттираётганлари бор гап. Аммо муаммо бу ёзгувчиларнинг адабиётимизни сийқалаштираётганида ҳам эмас, асосий муаммо — улар яратиб қўяётган «адабиёт»даги психологик тажовузларнинг омма руҳиятини издан чиқаришга қаратилганидадир.

Ёзувчи асар ёзар экан, ижод давомида ўша асар дунёсида яшайди: қаҳрамонлари билан бирга кулади, бирга йиғлайди, бирга енгилади, бирга енгади… Бу қайсидир маънода транс ҳолатига ўхшайди. Энди адабиётнинг бу қудратли кучи ўқувчига қандай таъсир қилишини тасаввур қилинг! Ўзи севган асар қаҳрамонларини ҳаётий идеалига айлантирганлар, ҳаёт йўлида шу қаҳрамонларга ўхшашга ҳаракат қилганлар, асар қаҳрамонлари исмини фарзандига қўйганлар… ва ҳоказолар озмунчами? Бугун ана шу таъсир кучи айрим маърифаткуш ёзгувчилар томонидан ғараз мақсадларга йўналтирилмоқда. Бугун вазият шундайки, ёшларни китоб ўқишга ундашдан олдин, уларни баъзи китоблардан ҳимоя қилишимиз кераклигини англашимиз лозим бўляпти. Бугунги ёшларимиз жиндай эркароқ, жиндай ўйинқароқ, жиндай ўжар, жиндай бепарвороқ, «онлайн ҳаёт»га ружу қўйганроқ… «Нимани ёзмаслик кераклигини билмайдиган» ёзгувчилар буни яхши биладилар. Улар ёшларнинг китобга муносабатида ҳам ҳиссий хислатлар устун туришини, уларнинг ҳис-туйғуларга берилувчанлигини, бадиий асарлардан ҳам ҳиссий завқ-шавқ қидиришини ҳисобга олган ҳолда иш кўрадилар. Ахлоқсизликнинг киши билмас тарғиби ортидан фойда ва ном қозониш истаги бундай ёзгувчиларда шу қадар зўрки, бу йўлда улар бутун бир миллат келажаги юзига ҳам оёқ қўйиб ўта оладилар.

Бугун мен ўзбек адабий танқидчилиги адабиётни сийқалаштираётган «асарлар» билан зудликда шуғулланиши керак, демоқчимасман. Чунки, ҳар икки томон ҳам бу муҳокамада даста-даста қоғозларга қораланган фактларни соатлаб келтириши, ҳатто бир-бири билан судлашиши, шов-шув кўтариши мумкин, лекин натижаси қониқарли бўлишига ишонолмайман. Сабаби, бизда баҳслашиш маданияти ҳам ҳавас қилгулик эмас. Гоҳида ўринли танқид учун ҳатто энг зиёли кўринган ижод аҳли вакиллари ҳам сизни душман қаторига қўшиб қўйишлари мумкин. Мабодо адабиётимизнинг обрў-эътиборини ҳимоялаш мақсадида бузғунчи ёзгувчиларни танқид қилсангиз, қаршингизда «янги адабиёт намоёндаси»ни ҳимоя қилувчи, унинг ижодини ёқловчи номдорроқ бошқа бир ёзувчи, шоир ёки журналистни кўришингиз ҳам ҳеч гапмас. Одатда, бу ҳимоя остида миллат ёки адабиёт қайғуси эмас, «шаҳардошлик», «маҳалладошлик», «шахматдошлик», «паловдошлик» ҳурмати ётади…

Чет эл адибларига катта эҳтиром сақлаган, ўз ижодида ҳам миллий, ҳам Шарқ, ҳам Ғарб анъаналарини бирлаштирган, «Шарқ ва Ғарб ўртасидаги олтин кўприк» номи билан улуғланувчи ҳинд адиби Робиндранат Тагордек одам ҳам бир пайтлар «Минбаъд бу заминга Мопассан қадам қўймасин», деб Худога илтижо қилган эди. Нима учун? Француз адибининг зинокорлик завқ-шавқ билан тасвирланган асарлари учун! Юқорида эслатганимиз — «…дош»ликлар ҳимояси ортида эса бугун бизнинг адабиётимиз майдонига ўзбек Де Садлари қийинчиликсиз кириб келдилар…

Ўзбек Полари «адабиёти»

Оддий бир емак ҳамма одамга ҳар хил таъсир кўрсатиши мумкин. Кунлик овқатларимиз соғликни сақлаш учун мижозга мосланади. Руҳий озуқа ҳам шундай. Айни бир китоб ҳаммага ҳар хил таъсир кўрсатади. Инсон руҳиятига зимдан зарар берадиган, аммо сиртдан қараганда безиён кўринадиган асарлар бор. Ёқмайдиган овқат ошқозонни бузгани каби, руҳ қабул қилмайдиган китоблар ҳам инсон руҳиятини бузади, уни ҳатто ишдан чиқаради. Бугунги «адабиёт маҳсулотлари» орасида «фаҳшиёна асарлар»дан ташқари мистик асарлар ҳам бор. Ғарб литературасини Шарқ «одоб ул-куллиёт»и билан қориштирадиган ёзгувчилар бугун «янги давр ўзбек мистикаси»ни ҳам яратиб улгуришди. Мен бу жанрни қоралаш фикридан мутлақо йироқман. Мен учун мистик асарларнинг инсон руҳиятига таъсири ва бу жанрни кенг ёйишдан кўзланган асл мақсад муҳим.

Шахсан ўзим жаҳон адабиётидаги бир қатор мистик, мистик-фантастик асарларни мутахассис сифатида ўқиб, ўрганиб чиққанман. Бу китоблар шахсан менинг руҳиятимга салбий таъсир қилгани йўқ, аммо мен уларни ўқишни оммага тавсия этмаган бўлардим. Сабаби, ҳар кимнинг руҳияти турлича: кимдир ўқиётганларини юрагига жуда яқин олади, кимдир ўқиётганлари орасида яшайди, кимнингдир асаби мустаҳкам, кимдадир заиф… Руҳи қабул қилмайдиган, маънавиятига сингмайдиган китобларни ўқиш орқали асаби бўш киши ўз руҳиятига ўнглаб бўлмас оқибатларга олиб келувчи зарба берганини ўзи сезмай қолади. Жумладан, Ғарбда «жумбоқ одам», «даҳшатлар қироли» дея сифатланадиган Эдгар Аллан Понинг бир неча асарини кетма-кет ўқиган айрим одамларнинг сабабсиз қўрқувга тушиш, уйқусизлик, юқори руҳий қўзғалувчанлик касалига чалинганлари аниқланган. Эдгар Понинг ўзи эса қирқ йиллик умрининг охирги вақтларини восвос, шайтонлаш касаллиги билан азобда ўтказади. Даҳшатлар адибининг касаллигига ўша вақтда ном топа олмаган, келиб чиқиш сабабларини аниқлай олмаган, умрининг сўнгги вақтларидаги ҳолатига шахсан гувоҳ бўлган вашингтонлик врач Жон Моран шундай ёзади: «Адибнинг руҳий аҳволи кун сайин оғирлашиб, чидаб бўлмас тус олиб бормоқда. У бир неча кунлаб ўзига келолмай алаҳлаб ётади, ўзига келганида эса аллақандай шарпалар билан сўзлашади. Менга нуқул марҳума рафиқасининг тирик эканини, ҳозирда Ричмондда яшаётганини уқтирмоқчи бўлади. Асабий тутқаноқ бошланганда эса, қўрқинчли асар қаҳрамонларининг номини айтиб қичқиради, қўрқув тўла кўзлари билан атрофни синчиклаб, кимлардандир яширинишга уринади… Бироз сокинлашгач эса «Мен гуноҳкор бандангни Ўзинг кечир, Худойим!» дея йиғлашга тушади… » (Глеб Елисеев, «Поэт кошмара и ужаса». Москва, 2014).

Инсон руҳиятини бу қадар издан чиқарувчи мистик адабиётни оммалаштиришдан, халқларнинг миллий адабиётига суқиштириш орқали унинг умрини узайтиришдан (жумладан, қўрқинчли фильмлар яратувчи бутун бошли саноатни барпо этишдан) кўзланган асосий мақсад нима эди?

Аниқланишича, мистика пайдо қилган қўрқув вақтида марказий асаб тизими фалажланади. Киши маълум муддат жўяли фикрлаш ва қарор қабул қилиш неъматидан маҳрум қолади. Муттасил қўрқув ва ноаниқликлардан ҳадиксираш, кучли руҳий зўриқиш кишида тобелик ҳиссини кучайтиради ва ҳар қандай буйруқни беихтиёр бажаради, ҳар қандай ахборотни таҳлил қилиб ўтирмай, миясига сингдиради, айтиш жоиз бўлса, ўзига хос зомбига айланади. Психик ва ахборот хуружлари ёрдамида миллатларни маҳв этиш авж олган айни замонамизда мистиканинг бу вайронкор кучи ғаразгўй тарафлар учун айни муддао.

Форс кўрфазидаги урушдан сўнг, 1991 йилда учинчи тараф томонидан дунё бўйлаб психологик урушни авж олдириш мақсади билан бир неча ўнлаб махфий лойиҳалар яратилган эди. Дунёда мистик адабиётни ёйиш ана ўша лойиҳалардан бирининг таркибий қисми бўлиб, лойиҳа учун немис генерали Карл Фон Клаузевицнинг (1780-1831) машҳур нутқидаги: «Халқларни руҳан маҳв этиш, уларда қўрқув ва тобеликни, фикрсизликни шакллантириш учун мистик адабиётдан яхши ёрдамчи йўқ», деган фикрлари асос қилиб олинган эди («Понятие психологической войны», 1-часть. Москва, 2010).

Китоб дўконларимизда, кутубхоналарда муқовасидаги қўрқинчли суратлари ва номланишининг ўзи биланоқ юракни увиштириб, кишида ёқимсиз ҳиссиёт пайдо қиладиган ўзбек Поларининг мистик китоблари оз эмас. Китоб дўконларига, кутубхоналарга асосан ёшлар ва болалар кирадилар. Чунки жуда кўп оилаларда китоб ўқишга тарғиб ва рағбат кучли. Бола мистик китоблар муқовасидаги даҳшатли ном ва суратлардан дастлаб қўрқиши мумкин, кейин эса қизиқиш пайдо бўлади, ўзи ўқиган китобини албатта ўртоқлари орасида мақтаб тарғиб қилади (инсон психологиясида ўзи эгалик қилаётган нарсанинг ёмон томонларини кўрсатмасдан, мақташ одати мавжуд). Бу ўзига хос реклама сабаб, ўшандай китоблар оммалашади. Ёзгувчи эса бундан моддий-маънавий дастак олади ва янги-янги «даҳшатли асар»лар ёзишга илҳомланади. Лекин мистиканинг отаси ҳисобланадиган Ғарбда ҳам кутубхоналарда вояга етмаганларга мистик асарлар ўқиш учун берилмайди, китоб дўконларида сотилмайди (худди вояга етмаганларга тамаки ва спиртли маҳсулотлар сотиш тақиқлангани каби).

Психологик уруш «низоми»да адабиёт аҳли

Ўқувчига маънавий зарар берадиган китобларни ўқимай қўйиш билан бу муаммони ҳал этиш, ундан қутулиш мумкин эмас. Кимлардир тан олмайдиган ўша китоб бошқа кимларнингдир китоб жавонидан ўрин олиши аниқ. Одатда озиқ-овқатлар-у, дори воситаларини сотиб олишда ҳамма томонини синчиклаб эътиборга оладиган кишилар ҳам, китоб танлашда бепарво бўладилар. Адабиётнинг руҳият ва дидга ўтказадиган таъсири ва оқибатлари камдан-кам кишини ўйлантиради. Шу ўринда, мени ортиқча ваҳима кўтаришда айбламасликлари ёки янгича адабиётни тушунмайдиган одамга чиқариб қўймасликлари учун айтмоқчиманки, дунёда психологик урушни авж олдираётганлар адабиётни бузиш орқали катта сарҳадларни маҳв этиш ва халқларни осонгина бошқариш мумкинлигини тажрибадан биладилар. Улар томонидан «психологик уруш низомини яратган файласуф» сифатида тан олинган, VI асрда қадимги Хитойда яшаган ҳарбий саркарда Сун Цзининг кўрсатмалари орасида шундай қисмлар бор:

«- Рақиб мамлакатда яшовчиларнинг миллий анъана ва одатларини камситиш йўли билан йўққа чиқаринг.

— Ёшларни қарияларга қарши қўйинг.

— Рақиб мамлакат аҳолиси ўртасида маъносиз қўшиқ ва жазавали мусиқага рағбатни ёйинг.

— Рақиб мамлакатда енгилтабиат аёлларнинг обрўси ошиши учун қўлингиздан келган барча чораларни қўлланг.

— Фуқаролар орасида беҳуда тортишувлар ва тўқнашувларга сабаб бўлувчи муаммолар яратиб берадиган одамларни ўша халқ орасидан топинг ва уларнинг фаолияти учун маблағни аяманг.

— Ёшларни худбинликка, манманликка ўргатинг.

— Кексаларда сархуш этувчи ичимликларга майл уйғотинг…

…Ва бу йўлда ўзингизга мамлакат ичкарисидаги адабиёт аҳлидан ҳамкорлар танланг. Айш-ишратни — ҳаёт маъноси, зўравонликни – ҳукмронлик, исённи – қаҳрамонлик сифатида кўрсатадиган асарлар ёздириш ва у қўлёзмаларни оммага ёйиш ишларида қўли очиқ бўлинг; рағбатлантиришда, таклифларда, ваъдаларда сусткашлик ва қизғанчиқлик қилманг. Чунки натижа сиз кутганингиздан ҳам зиёда бўлади…» («Технологии психологической войны». Москва, 1997).

Вазиятнинг асл юзи шундай экан, демак, бугунги кун китобхони қай бир «янги адабиёт»ни қўлига олган вақтида «Бу китобни ўқиш менга қанчалик зарур?», «Бу китоб менинг руҳиятимга салбий таъсир қилмайдими?», «Бу китоб мени мутолаадан совутмайдими?», «Бу китоб менинг фарзандларим учун хавфли эмасми?», дея ўзига савол бериш мажбуриятидадир.

Маънавият – бу ўзлик. Демак, маънавиятни қўриқлаш ҳам ватанни қўриқлашдек фарз.

Юртимизнинг халқ маънавиятини юксалтиришга катта ҳисса қўшаётган нодир ёзувчи ва шоирлари бор. Уларнинг асарлари навбатда туриб сотиб олиняпти, қўлма-қўл қилиб ўқиляпти, «одамлар бундан буён китоб ўқимайди» деган фикрларнинг асоссиз эканини исботлаяпти. Асл асарлар бўлса, халқимиз ўқийди. Фақат, китобхон халқимизга муносиб ижодкорлар кўпайиши керак.

Ахлоқсизликнинг ҳамма кўринишларини, зўравонлик ва қўрқув технологиясини ижодга олиб киришга ва бу орқали шуҳрат ва пул топишга уринаётганларга эса айтадиган сўзимиз шу: АДАБИЁТимиздан қўлингизни тортинг!

Манба: «Маърифат саодати» газетаси, апрел, 2017.

08.jpgDilfuza KOMIL
ADABIYOT – MILLAT OBRO‘SI
007

Dilfuza Komil 1975 yili Namanganda tug‘ilgan. Namangan davlat universitetining filologiya fakultetini tamomlagan. “Asotir”, “Ko‘kdan kelgan ko‘ngil” to‘plamlari muallifi. “Ma’rifat gulshani” gazetasida bosh muharrir bo‘lib ishlagan. Bugun “Ma’rifat saodati” gazetasida faoliyat yuritadi.

007

«Millatning obro‘si uning adabiyotiga bog‘liq. Adabiyoti past saviyada bo‘lgan millatning boshqa xalqlar nazarida obro‘si ham, e’tibori ham bo‘lmaydi», deb yozgan edi Turkiston jadidlaridan Ashurali Zohidiy «Turkiston viloyati gazeti»da chop etilgan maqolasida. Ko‘rinadiki, ziyolilarimiz bundan bir asr avval adabiyot masalasini hayot-mamot masalasi deb hisoblagan edilar.

Yillar davomida adabiyot o‘zgaradi, yangilanadi, ammo uning vazifasi – odob-axloqqa, ma’naviyatga xizmat o‘zgarmaydi. Bugungi o‘zbek adabiyoti har jihatdan barkamol adabiyot bo‘lmog‘i shart. Atoqli adabiyotshunos olim va adib Ozod Sharafiddinov ta’kidlab aytganlaridek, «…Adabiyotimizni tashkil qiluvchi har bitta asarning bahosi tillolarga teng bo‘lsin. Bu adabiyotda siyqa, oldi-qochdi, o‘rtamiyona asarlarga mutlaqo o‘rin bo‘lmasligi lozim. Albatta, buning «lozimligi»ni hamma tushunadiyu, lekin hamma ham bunga amal qilavermaydi. Mas’uliyatning bir qismi ko‘ra-bila turib ham ma’nisiz asarlarni chop etuvchi noshirlar zimmasiga, adabiyot ro‘zg‘orini qarovsiz tashlab qo‘ygan adabiyotshunoslar ustiga tushadi. Qolaversa, o‘zini ma’naviyat, ma’rifat va mafkura ishlariga daxldor, deb bilgan, uning nonini yeyayotgan har bir ziyoli odam yurt adabiyotining shavkatini yuksak saqlash to‘g‘risida muttasil qayg‘urmog‘i kerak. Modomiki, ana shunday muhim masala to‘g‘risida gap ketar ekan, har qanday past-baland andishalarni yig‘ishtirib qo‘yib, o‘z mulohazalarimizni oshkora aytmog‘imiz ham farz, ham qarz!».

Milliy ma’naviyatni buzadigan adabiyot – aslo adabiyot emas, ma’naviyatkushlarning qo‘lidagi quroldir. Siyqa tasvirlar, fahsh sahnalar, yolg‘on to‘qimalar, zo‘rlik-zo‘ravonlikka to‘la lavhalar, hayotiylikdan yiroq, aqlni o‘tmaslashtiruvchi voqeliklar botqog‘iga aylangan «asar»lar keltiradigan ma’naviy zarar insoniyatga qirg‘in qurollari keltiradigan zarardan ko‘p bo‘lsa ko‘pki, kam emas. Ularni «yangi davr adabiyoti» degan nom ostiga tirkab, bu «asar»larni yozguvchilarni yangi adabiy voqelik yaratuvchilari sifatida oqlash va yoqlash — borib turgan bilimsizlik, millat ma’naviyatiga va aytish joiz bo‘lsa, yurtga xiyonat bo‘ladi. Chunki adabiyot insonning ong osti tuyg‘ularidan tortib uning dunyoqarashiga, fikrlash tarziga, kayfiyatiga va atrof-muhitga bo‘lgan munosabatiga qadar ta’sir qila oladi. Millatning, ayniqsa yoshlarning bugungi estetik didi va saviyasi, kayfiyati, fikrlash tarzi millat kelajagini belgilashi hisobga olinsa, adabiyotning buzilishiga e’tiborsizlik qanchalik ayanchli oqibatlarga olib kelishini anglash qiyin emas.

«…dosh»liklar himoyasi ortida

«Biz barcha oltinlarimizni, moddiy boyliklarimizni kishilar ongini o‘zgartirishga yo‘naltiramiz, — degan edi bosqinchilik tarafdorlaridan bo‘lgan siyosatshunos Allen Dalles. — Insonlar ongida boshboshdoqlik urug‘larini sepib, ularning qadriyatlarini soxta qadriyatlarga almashtirib qo‘yamiz hamda bu soxta qadriyatlarga ishontirishga kirishamiz. Asta-sekin butun bir xalqning halokati, o‘zlikni anglashning yo‘qolishiga guvoh bo‘lamiz. Chunki biz bu xalqning ma’naviy ildizlarini qo‘porib tashlagan bo‘lamiz…» (V.Lisichkin, L.Shelepin. «Tretya mirovaya informatsionno-psixologicheskaya voyna», Moskva, 1999).

Ayni shu balo bugun urush girdobidagi mamlakatlarga bir necha o‘n yillar oldin go‘yo beozor bir ko‘rinishda – fahsh va zo‘ravonlikni kishi bilmas targ‘ib etuvchi, bu mamlakat xalqlarining yuzlab yillik qadriyatlarini qoloqlik, madaniyatsizlik deya baholovchi va keyinchalik mamlakat yoshlari ongida oqibati xunuk inqilob yasagan «yangi adabiyot» niqobida ham kirib kelgan edi.

«Mistika», «fantastika», «erotika» nomlari ostiga yashirilgan balolar g‘oyasi o‘z vaqtida turli «asar»lar, nashrlar orqali bu mamlakatlardagi deyarli har bir xonadonga kirib borgan edi… «Yangi adabiyot» vositasida olib boriladigan psixologik xurujlar har qanday millatning ma’naviyat sarhadlarini buzib o‘tmoqda desak, yanglishmaymiz. Bugun o‘zimizda ahvol qanday?

Har qanday sohada didi baland xalqmiz. Mumtoz adabiyotimizga dunyo maftun. Klassik shoirlarimizdan biri: «Agar bir yilda ikkitagina yaxshi she’r yozsam, o‘z ijodimni g‘oyatda samarali sanar edim. Chunki qirq yil davomida saksonta yaxshi she’r yozgan bo‘laman. Ammo bu juda maholdir», deb yozib qoldirgan edi. Bugun bir haftada butun boshli romanlar yozayotgan ba’zi serehtiros yozguvchilarning o‘zbek adabiyoti saviyasini tushirishga xizmat qilayotganlari va bu yo‘lda o‘zlariga ancha-muncha xayrixoh orttirayotganlari bor gap. Ammo muammo bu yozguvchilarning adabiyotimizni siyqalashtirayotganida ham emas, asosiy muammo — ular yaratib qo‘yayotgan «adabiyot»dagi psixologik tajovuzlarning omma ruhiyatini izdan chiqarishga qaratilganidadir.

Yozuvchi asar yozar ekan, ijod davomida o‘sha asar dunyosida yashaydi: qahramonlari bilan birga kuladi, birga yig‘laydi, birga yengiladi, birga yengadi… Bu qaysidir ma’noda trans holatiga o‘xshaydi. Endi adabiyotning bu qudratli kuchi o‘quvchiga qanday ta’sir qilishini tasavvur qiling! O‘zi sevgan asar qahramonlarini hayotiy idealiga aylantirganlar, hayot yo‘lida shu qahramonlarga o‘xshashga harakat qilganlar, asar qahramonlari ismini farzandiga qo‘yganlar… va hokazolar ozmunchami? Bugun ana shu ta’sir kuchi ayrim ma’rifatkush yozguvchilar tomonidan g‘araz maqsadlarga yo‘naltirilmoqda. Bugun vaziyat shundayki, yoshlarni kitob o‘qishga undashdan oldin, ularni ba’zi kitoblardan himoya qilishimiz kerakligini anglashimiz lozim bo‘lyapti. Bugungi yoshlarimiz jinday erkaroq, jinday o‘yinqaroq, jinday o‘jar, jinday beparvoroq, «onlayn hayot»ga ruju qo‘yganroq… «Nimani yozmaslik kerakligini bilmaydigan» yozguvchilar buni yaxshi biladilar. Ular yoshlarning kitobga munosabatida ham hissiy xislatlar ustun turishini, ularning his-tuyg‘ularga beriluvchanligini, badiiy asarlardan ham hissiy zavq-shavq qidirishini hisobga olgan holda ish ko‘radilar. Axloqsizlikning kishi bilmas targ‘ibi ortidan foyda va nom qozonish istagi bunday yozguvchilarda shu qadar zo‘rki, bu yo‘lda ular butun bir millat kelajagi yuziga ham oyoq qo‘yib o‘ta oladilar.

Bugun men o‘zbek adabiy tanqidchiligi adabiyotni siyqalashtirayotgan «asarlar» bilan zudlikda shug‘ullanishi kerak, demoqchimasman. Chunki, har ikki tomon ham bu muhokamada dasta-dasta qog‘ozlarga qoralangan faktlarni soatlab keltirishi, hatto bir-biri bilan sudlashishi, shov-shuv ko‘tarishi mumkin, lekin natijasi qoniqarli bo‘lishiga ishonolmayman. Sababi, bizda bahslashish madaniyati ham havas qilgulik emas. Gohida o‘rinli tanqid uchun hatto eng ziyoli ko‘ringan ijod ahli vakillari ham sizni dushman qatoriga qo‘shib qo‘yishlari mumkin. Mabodo adabiyotimizning obro‘-e’tiborini himoyalash maqsadida buzg‘unchi yozguvchilarni tanqid qilsangiz, qarshingizda «yangi adabiyot namoyondasi»ni himoya qiluvchi, uning ijodini yoqlovchi nomdorroq boshqa bir yozuvchi, shoir yoki jurnalistni ko‘rishingiz ham hech gapmas. Odatda, bu himoya ostida millat yoki adabiyot qayg‘usi emas, «shahardoshlik», «mahalladoshlik», «shaxmatdoshlik», «palovdoshlik» hurmati yotadi…

Chet el adiblariga katta ehtirom saqlagan, o‘z ijodida ham milliy, ham Sharq, ham G‘arb an’analarini birlashtirgan, «Sharq va G‘arb o‘rtasidagi oltin ko‘prik» nomi bilan ulug‘lanuvchi hind adibi Robindranat Tagordek odam ham bir paytlar «Minba’d bu zaminga Mopassan qadam qo‘ymasin», deb Xudoga iltijo qilgan edi. Nima uchun? Fransuz adibining zinokorlik zavq-shavq bilan tasvirlangan asarlari uchun! Yuqorida eslatganimiz — «…dosh»liklar himoyasi ortida esa bugun bizning adabiyotimiz maydoniga o‘zbek De Sadlari qiyinchiliksiz kirib keldilar…

O‘zbek Polari «adabiyoti»

Oddiy bir yemak hamma odamga har xil ta’sir ko‘rsatishi mumkin. Kunlik ovqatlarimiz sog‘likni saqlash uchun mijozga moslanadi. Ruhiy ozuqa ham shunday. Ayni bir kitob hammaga har xil ta’sir ko‘rsatadi. Inson ruhiyatiga zimdan zarar beradigan, ammo sirtdan qaraganda beziyon ko‘rinadigan asarlar bor. Yoqmaydigan ovqat oshqozonni buzgani kabi, ruh qabul qilmaydigan kitoblar ham inson ruhiyatini buzadi, uni hatto ishdan chiqaradi. Bugungi «adabiyot mahsulotlari» orasida «fahshiyona asarlar»dan tashqari mistik asarlar ham bor. G‘arb literaturasini Sharq «odob ul-kulliyot»i bilan qorishtiradigan yozguvchilar bugun «yangi davr o‘zbek mistikasi»ni ham yaratib ulgurishdi. Men bu janrni qoralash fikridan mutlaqo yiroqman. Men uchun mistik asarlarning inson ruhiyatiga ta’siri va bu janrni keng yoyishdan ko‘zlangan asl maqsad muhim.

Shaxsan o‘zim jahon adabiyotidagi bir qator mistik, mistik-fantastik asarlarni mutaxassis sifatida o‘qib, o‘rganib chiqqanman. Bu kitoblar shaxsan mening ruhiyatimga salbiy ta’sir qilgani yo‘q, ammo men ularni o‘qishni ommaga tavsiya etmagan bo‘lardim. Sababi, har kimning ruhiyati turlicha: kimdir o‘qiyotganlarini yuragiga juda yaqin oladi, kimdir o‘qiyotganlari orasida yashaydi, kimningdir asabi mustahkam, kimdadir zaif… Ruhi qabul qilmaydigan, ma’naviyatiga singmaydigan kitoblarni o‘qish orqali asabi bo‘sh kishi o‘z ruhiyatiga o‘nglab bo‘lmas oqibatlarga olib keluvchi zarba berganini o‘zi sezmay qoladi. Jumladan, G‘arbda «jumboq odam», «dahshatlar qiroli» deya sifatlanadigan Edgar Allan Poning bir necha asarini ketma-ket o‘qigan ayrim odamlarning sababsiz qo‘rquvga tushish, uyqusizlik, yuqori ruhiy qo‘zg‘aluvchanlik kasaliga chalinganlari aniqlangan. Edgar Poning o‘zi esa qirq yillik umrining oxirgi vaqtlarini vosvos, shaytonlash kasalligi bilan azobda o‘tkazadi. Dahshatlar adibining kasalligiga o‘sha vaqtda nom topa olmagan, kelib chiqish sabablarini aniqlay olmagan, umrining so‘nggi vaqtlaridagi holatiga shaxsan guvoh bo‘lgan vashingtonlik vrach Jon Moran shunday yozadi: «Adibning ruhiy ahvoli kun sayin og‘irlashib, chidab bo‘lmas tus olib bormoqda. U bir necha kunlab o‘ziga kelolmay alahlab yotadi, o‘ziga kelganida esa allaqanday sharpalar bilan so‘zlashadi. Menga nuqul marhuma rafiqasining tirik ekanini, hozirda Richmondda yashayotganini uqtirmoqchi bo‘ladi. Asabiy tutqanoq boshlanganda esa, qo‘rqinchli asar qahramonlarining nomini aytib qichqiradi, qo‘rquv to‘la ko‘zlari bilan atrofni sinchiklab, kimlardandir yashirinishga urinadi… Biroz sokinlashgach esa «Men gunohkor bandangni O‘zing kechir, Xudoyim!» deya yig‘lashga tushadi… » (Gleb Yeliseyev, «Poet koshmara i ujasa». Moskva, 2014).

Inson ruhiyatini bu qadar izdan chiqaruvchi mistik adabiyotni ommalashtirishdan, xalqlarning milliy adabiyotiga suqishtirish orqali uning umrini uzaytirishdan (jumladan, qo‘rqinchli filmlar yaratuvchi butun boshli sanoatni barpo etishdan) ko‘zlangan asosiy maqsad nima edi?

Aniqlanishicha, mistika paydo qilgan qo‘rquv vaqtida markaziy asab tizimi falajlanadi. Kishi ma’lum muddat jo‘yali fikrlash va qaror qabul qilish ne’matidan mahrum qoladi. Muttasil qo‘rquv va noaniqliklardan hadiksirash, kuchli ruhiy zo‘riqish kishida tobelik hissini kuchaytiradi va har qanday buyruqni beixtiyor bajaradi, har qanday axborotni tahlil qilib o‘tirmay, miyasiga singdiradi, aytish joiz bo‘lsa, o‘ziga xos zombiga aylanadi. Psixik va axborot xurujlari yordamida millatlarni mahv etish avj olgan ayni zamonamizda mistikaning bu vayronkor kuchi g‘arazgo‘y taraflar uchun ayni muddao.

Fors ko‘rfazidagi urushdan so‘ng, 1991 yilda uchinchi taraf tomonidan dunyo bo‘ylab psixologik urushni avj oldirish maqsadi bilan bir necha o‘nlab maxfiy loyihalar yaratilgan edi. Dunyoda mistik adabiyotni yoyish ana o‘sha loyihalardan birining tarkibiy qismi bo‘lib, loyiha uchun nemis generali Karl Fon Klauzevitsning (1780-1831) mashhur nutqidagi: «Xalqlarni ruhan mahv etish, ularda qo‘rquv va tobelikni, fikrsizlikni shakllantirish uchun mistik adabiyotdan yaxshi yordamchi yo‘q», degan fikrlari asos qilib olingan edi («Ponyatiye psixologicheskoy voynы», 1-chast. Moskva, 2010).

Kitob do‘konlarimizda, kutubxonalarda muqovasidagi qo‘rqinchli suratlari va nomlanishining o‘zi bilanoq yurakni uvishtirib, kishida yoqimsiz hissiyot paydo qiladigan o‘zbek Polarining mistik kitoblari oz emas. Kitob do‘konlariga, kutubxonalarga asosan yoshlar va bolalar kiradilar. Chunki juda ko‘p oilalarda kitob o‘qishga targ‘ib va rag‘bat kuchli. Bola mistik kitoblar muqovasidagi dahshatli nom va suratlardan dastlab qo‘rqishi mumkin, keyin esa qiziqish paydo bo‘ladi, o‘zi o‘qigan kitobini albatta o‘rtoqlari orasida maqtab targ‘ib qiladi (inson psixologiyasida o‘zi egalik qilayotgan narsaning yomon tomonlarini ko‘rsatmasdan, maqtash odati mavjud). Bu o‘ziga xos reklama sabab, o‘shanday kitoblar ommalashadi. Yozguvchi esa bundan moddiy-ma’naviy dastak oladi va yangi-yangi «dahshatli asar»lar yozishga ilhomlanadi. Lekin mistikaning otasi hisoblanadigan G‘arbda ham kutubxonalarda voyaga yetmaganlarga mistik asarlar o‘qish uchun berilmaydi, kitob do‘konlarida sotilmaydi (xuddi voyaga yetmaganlarga tamaki va spirtli mahsulotlar sotish taqiqlangani kabi).

Psixologik urush «nizomi»da adabiyot ahli

O‘quvchiga ma’naviy zarar beradigan kitoblarni o‘qimay qo‘yish bilan bu muammoni hal etish, undan qutulish mumkin emas. Kimlardir tan olmaydigan o‘sha kitob boshqa kimlarningdir kitob javonidan o‘rin olishi aniq. Odatda oziq-ovqatlar-u, dori vositalarini sotib olishda hamma tomonini sinchiklab e’tiborga oladigan kishilar ham, kitob tanlashda beparvo bo‘ladilar. Adabiyotning ruhiyat va didga o‘tkazadigan ta’siri va oqibatlari kamdan-kam kishini o‘ylantiradi. Shu o‘rinda, meni ortiqcha vahima ko‘tarishda ayblamasliklari yoki yangicha adabiyotni tushunmaydigan odamga chiqarib qo‘ymasliklari uchun aytmoqchimanki, dunyoda psixologik urushni avj oldirayotganlar adabiyotni buzish orqali katta sarhadlarni mahv etish va xalqlarni osongina boshqarish mumkinligini tajribadan biladilar. Ular tomonidan «psixologik urush nizomini yaratgan faylasuf» sifatida tan olingan, VI asrda qadimgi Xitoyda yashagan harbiy sarkarda Sun Szining ko‘rsatmalari orasida shunday qismlar bor:

«- Raqib mamlakatda yashovchilarning milliy an’ana va odatlarini kamsitish yo‘li bilan yo‘qqa chiqaring.

— Yoshlarni qariyalarga qarshi qo‘ying.

— Raqib mamlakat aholisi o‘rtasida ma’nosiz qo‘shiq va jazavali musiqaga rag‘batni yoying.

— Raqib mamlakatda yengiltabiat ayollarning obro‘si oshishi uchun qo‘lingizdan kelgan barcha choralarni qo‘llang.

— Fuqarolar orasida behuda tortishuvlar va to‘qnashuvlarga sabab bo‘luvchi muammolar yaratib beradigan odamlarni o‘sha xalq orasidan toping va ularning faoliyati uchun mablag‘ni ayamang.

— Yoshlarni xudbinlikka, manmanlikka o‘rgating.

— Keksalarda sarxush etuvchi ichimliklarga mayl uyg‘oting…

…Va bu yo‘lda o‘zingizga mamlakat ichkarisidagi adabiyot ahlidan hamkorlar tanlang. Aysh-ishratni — hayot ma’nosi, zo‘ravonlikni – hukmronlik, isyonni – qahramonlik sifatida ko‘rsatadigan asarlar yozdirish va u qo‘lyozmalarni ommaga yoyish ishlarida qo‘li ochiq bo‘ling; rag‘batlantirishda, takliflarda, va’dalarda sustkashlik va qizg‘anchiqlik qilmang. Chunki natija siz kutganingizdan ham ziyoda bo‘ladi…» («Texnologii psixologicheskoy voynы». Moskva, 1997).

Vaziyatning asl yuzi shunday ekan, demak, bugungi kun kitobxoni qay bir «yangi adabiyot»ni qo‘liga olgan vaqtida «Bu kitobni o‘qish menga qanchalik zarur?», «Bu kitob mening ruhiyatimga salbiy ta’sir qilmaydimi?», «Bu kitob meni mutolaadan sovutmaydimi?», «Bu kitob mening farzandlarim uchun xavfli emasmi?», deya o‘ziga savol berish majburiyatidadir.

Ma’naviyat – bu o‘zlik. Demak, ma’naviyatni qo‘riqlash ham vatanni qo‘riqlashdek farz.

Yurtimizning xalq ma’naviyatini yuksaltirishga katta hissa qo‘shayotgan nodir yozuvchi va shoirlari bor. Ularning asarlari navbatda turib sotib olinyapti, qo‘lma-qo‘l qilib o‘qilyapti, «odamlar bundan buyon kitob o‘qimaydi» degan fikrlarning asossiz ekanini isbotlayapti. Asl asarlar bo‘lsa, xalqimiz o‘qiydi. Faqat, kitobxon xalqimizga munosib ijodkorlar ko‘payishi kerak.

Axloqsizlikning hamma ko‘rinishlarini, zo‘ravonlik va qo‘rquv texnologiyasini ijodga olib kirishga va bu orqali shuhrat va pul topishga urinayotganlarga esa aytadigan so‘zimiz shu: ADABIYOTimizdan qo‘lingizni torting!

Manba: «Ma’rifat saodati» gazetasi, aprel, 2017.

007

(Tashriflar: umumiy 446, bugungi 1)

Izoh qoldiring