Dilfuza Komil. Otamdan qolgan mojarolar.

033
Ёши элликларга борган аёл жон талвасасида ётган саксон ёшли онасининг оғзига қўлини тиқиб, протез тилла тишларини ечиб олибди. «Жон чиққандан кейин жағ қотиб қолса, олиб бўлмайди. Ўлганимдан кейин тишларим сеники дегандилар», дебди… Агар шу аёлнинг оғзи тўла бриллиант бўлса-ю, ажали етиб, жон талвасасида тўлғониб ётса, онаси унинг оғзига қўл тиқиб, тишларини юлиб олармиди?! Йўқ! «Боламнинг ўрнига менинг жонимни ол, Худо!» дея кўкси куйиб, жони қовурилиб, боласининг дардини енгиллатиш учун, унинг жони омон қолиши учун ўлимига-да рози бўлиб турарди.

022
Дилфуза Комил
ОТАМДАН ҚОЛГАН МОЖАРОЛАР

01

Бир киши ҳаётидаги моддий қийинчиликлардан нолир экан, деди:
— Отам менга деярли ҳеч нарса қолдирмаган. Тузукроқ мерос қолдирганида, балки қийналмаган бўлармидим…
Шу суҳбат айни мавзуга қўл уришга ундади. Ўйлаб қолдимки, чиндан ҳам отаси бу одамга ҳеч нарса қолдирмаган экан: на тарбия, на маънавият, на маърифат. Акс ҳолда, тўрт мучаси соғ, имкониятлари етарли бўла туриб, отасининг арвоҳига маломат ёғдириб ўтирмасди.
«Дунёда болам деб яшайди ўзбек» – бу сатрлар қулоғимизга қуйилиб қолган. қимирлаган жон борки, уйим-жойим, болам-чақам деб куйманади. Болаларим мендан кейин қийналмасин, дея жон куйдириб, мол-мулк йиғади. Лекин фарзандга мерос сифатида аслида нима қолдирилиши керак?Суғуриб оларлар тишимизни ҳам…

Отамерос ҳовлилар туфайли ака-укалар ўртасида юз бераётган можаролардан мисол қилиб, кўнглингизни бузмай қўя қолай. Бугун ака-уканинг ҳовли, ер талашиб бир-бирига пичоқ ўқталиши ҳам одамларда на ажабланиш, на ачиниш, на хавотирланиш ва на куюниш ҳиссини уйғотмай қўйди. Болаларимизнинг юзсизлигига кўникиб бораяпмиз. Улар кўзимиз очиқлигидаёқ ўз тегишларини талаб қилаяптилар, қон ютсак ҳам чидаяпмиз: ўзимиз пиширган ош! «Топганларим сизларники-да, болаларим», дея эркалаганмиз уларни, «Мендан кейин шулар сенга қолади-да», дея умидлантирганмиз. «Биздан кейин» мулкдор бўлишга умиди бор уларнинг. (Болаларингизга катта мерос қолдираётган бўлсангиз, уларнинг сизга узоқ-умр, тан-сиҳатлик тилашидан умидланиб ўтирманг).
Ахир ўзимиз эмасми, болаларимизнинг кўз ўнгида узоқ вақт тиним билмай меҳнат қилиб, мол-дунё тўплаган? Улар ҳарислик билан мол йиғишни, мулк орттиришга мубталоликни ўзимиздан юқтирмадими?

Болаларим бир нарсалик бўлсин, деган ўйда ҳар қандай йўқчиликларга чидаб, тинка-мадоримиз қуриса-да, ўзимизга сарф этмай, топганимизни йиғиб яшаш билан ўзига ўзи ҳукм ўқиб қўйган нодонлар биз эмасми? Уй қилишим керак, тўй қилишим керак, сеп-сидирға йиғишим керак ва шу сингари керак… керак… кераклар кетидан югуриб, опа-ука, ака-сингилларимизнинг, қон-қариндошларимизнинг ҳолидан хабар олмаган, улар муҳтож бўлганида қўлимиздаги нақдимизни-да яширган, қизғонган эдик. Болаларимиз тўқликдан кекириб ўтирганида ҳам, уларга бирнинг ўрнига ўнни берганмиз, «Болаларимдан ортмаяпти» деб, бировга ҳеч нарса ошинмаганмиз. Мана энди ўғил-қизларимизнинг бир-бирига бемеҳрлигидан, молпарастлигидан нолишнинг ўрнига бурнимизни тишлашимиз керак. Негаки, бу ўринда биз жабрдийда эмасмиз, қайтар дунё биз билан ҳисоб-китоб қилаяпти, холос!

Қўшним бир ҳодисани айтиб берди: ёши элликларга борган аёл жон талвасасида ётган саксон ёшли онасининг оғзига қўлини тиқиб, протез тилла тишларини ечиб олибди. «Жон чиққандан кейин жағ қотиб қолса, олиб бўлмайди. Ўлганимдан кейин тишларим сеники дегандилар», дебди… Агар шу аёлнинг оғзи тўла бриллиант бўлса-ю, ажали етиб, жон талвасасида тўлғониб ётса, онаси унинг оғзига қўл тиқиб, тишларини юлиб олармиди?! Йўқ! «Боламнинг ўрнига менинг жонимни ол, Худо!» дея кўкси куйиб, жони қовурилиб, боласининг дардини енгиллатиш учун, унинг жони омон қолиши учун ўлимига-да рози бўлиб турарди. Аммо барибир айб онанинг ўзида дейишдан ўзга иложимиз йўқ, ҳақиқатдан тонмаслик керак. Онанинг айби: боласига борини, ҳатто оғзидаги тишини-да мерос қилгани! Балки бу она жони томирларидан суғурилаётган, таърифсиз азобда қолган бир паллада боласи томонидан талон қилиниб, ўз хатосини англагандир, аммо энди не наф?..
Марҳума онасидан қолган қимматбаҳо тақинчоқлар, кийим-кечакларни талашиб, бир-бири билан мушукдек тимдалашишгача борадиган опа-сингилларнинг «кўҳна» баҳонаси ҳамиша тайёр: «Булар – онамдан ёдгорлик. Менга онагинамни эслатиб туради». Бу “онапарвар”ларга марҳуманинг йиртиқ калишини бериб, «Мана онангдан ёдгорлик, бечора шу калишни оёғидан қўймасди, уни асраб қўй», деб кўринг-чи, олиб кетармикан!

Узоқ йиллар шаҳарнинг бош имом хатиби бўлиб ишлаган бир муҳтарам отахонимизнинг айтишларича, бугунги кунда мерос масаласидаги юзсизликлар, беандишаликлар жуда кўпайган.
— Яқинда бир ёш йигит саксон-тўқсон ёшлар атрофидаги, мункиллаган отасини менинг ҳузуримга судрагудек қилиб олиб келибди, – дейди отахон. – Муддао ва талаб битта: «Отам кўзи очиқлигида меросни бўлиб берсинлар!». Ота бечора юрагини олдириб қўйганми, рангида қон йўқ, тили гапга айланмайди. Йигитга нисбатан ғазабимни яширолмадим. Мерос дегани одам ўлганидан кейин унинг мулкига нисбатан пайдо бўладиган тушунча-ку, отангни ўлмасидан бурун талаяпсанлар экан-да, дедим. Отанинг рангига сал қизиллик югуриб, жонланиб қолди… Йигитнинг ака-укалари билан талашаётган ҳовлиси кичиккина экан. Катта мулк бўлганда ҳам ёши бир жойга борган отани эшикма-эшик, сазойи қилгандек судрашга арзийдими?! Одамларимизга нима бўляпти?..

Ҳақли савол: одамларимизга нима бўляпти? Қаерда адашяпмиз? Ақли ноқисим етганича мулоҳаза қилиб, шундай хулосага келдимки, биз фарзандларимизга қандай яхшилик қилиш кераклигини англамаётган эканмиз. Уларга дунёнинг икки пулга қиммат ялтир-юлтирларини, бевафо молларини мерос қолдиришни ўзимизга биринчи даражали вазифа сифатида белгилаб олаётганимиз учун ҳам улар бизга нисбатан бевафо. Биздан кейин арзимаган мерос учун бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетишдан, арвоҳимизни чирқиратишдан тойишмайди.
Болаларимизни «Тупроқ олсанг, олтин бўлсин» дея дуо қиламиз. Нега биринчи галда «Иймонинг саломат бўлсин, инсофингдан айрилмагин», демаймиз? Мана, дуоларимиз ижобат: болаларимиз тупроқни олтин қилсам деб овора, иймонсизликдан, инсофсизликдан қўрқмайди. Биз уларга иймонли, инсофли, ҳалол, ота-онасини рози қиладиган, мол-дунёнинг кетидан югурмайдиган, савобталаб одамнинг тупроқ олса ҳам олтин бўлишини, дунёнинг ўзи бундай инсонларнинг оёғи остига оқиб келишини англатмаганмиз. Англатишимиз лозим бўлган паллада ўзимиз тирикчилик ташвишларига ғарқ эдик, оиладаги маънавий-маърифий тарбия масалаларини арзимас матоҳдек бир четга суриб қўйгандик, «Болаларимни ўйлаб ҳаракат қиляпман», «Болаларимни деб яшаяпман», «Болаларимга бўлсин деяпман» деган васавасага мубтало эдик, ўзимизни-да қадрламай, кети йўқ орзу-ҳаваслар кўйида овораи сарсон эдик.
Шундай, биродар…

Оталик, оналик – ҳукм бўлғуси,
Чўкик елкамизга ортадилар ғам —
Болага иймондан бермасак таълим,
Суғуриб оларлар тишимизни ҳам.

«Болаларимнинг ризқига кафил эмасман!»

Маърифат дарғаларидан бирининг асарида шундай қадимий воқеани ўқиганман: аҳли донишлардан бирининг ҳузурига бир киши келиб, деди:
— Менинг ҳалолдан орттирган кўп мол-мулким бор. Уни нима қилай?
Донишманд сўради:
— Болаларинг борми?
— Бор.
— Унда бойлигингни уларга мерос қолдир. Аммо шундай қилгинки, улар бу меросдан фойдаланиб тугатолмасинлар.
Ҳалиги киши донишманднинг бу гапини эшитиб, узоқ ўйга толди. Кейин уйига бориб, бор бойлигини бир неча кун ичида етим-есирларга, муҳтожларга аямай тарқатди. Уларга эҳсонини тутқазаётганида дедики:
— Мен бераётганларимга розиман. Фақат бир шартим бор: умрингизнинг охиригача менинг болаларим ҳақига дуода бўласизлар…
Отанинг бу тадбиридан донишманд хурсанд бўлиб, деди:
— Бу дунёда болаларига ҳеч туганмас мерос қолдирган сен каби оқил йўқдир!

Буни ўқигувчи айримларнинг эътирози қўзиган бўлса, эҳтимол: «Ҳозирги болаларга буни тушунтириб бўлмайди. «Қуруқ қошиқ оғиз йиртар», дейдилар…».
«Дуо билан эл кўкаради». Бизнинг болаларимиз элдан ортиқми? Биз қолдирадиган мол-мулк билан улар ЙЎЛнинг қаеригача боради? Эл дуо қилиб турса-чи?
Болага кўп мол-мулк қолдирмасангиз ҳам, унга чиройли тарбия беролсангиз, уни эл «Отанггга раҳмат!» деб алқайди. Агар болага хазина қолдирсангиз-у, муносиб тарбия беролмаган бўлсангиз, «Падарингга лаънат!» деган маломатга нишонсиз…

Саҳобалардан бирига дейишибди:
— Сиз топганингизни муҳтожларга тарқатиб юборяпсиз. Бола-чақангизга деярли ҳеч нарса қолдирмаяпсиз. Улар сиздан кейин қийналиб қолишмасмикан?
Саҳоба бунга жавобан дебдики:
— Ҳар бир банданинг ризқини бергувчи Аллоҳдир! Мен бу дунёга болаларимнинг ризқига кафил бўлиб келган эмасман. Мен уларга оқ-қорани танитдим, илму ҳунар ўргатдим. Агар яхши бўлсалар, ризқларини Яратганнинг Ўзи тўкис беражак. Агар ёмон бўлсалар… Мен ёмонларга қолдирган меросимнинг жавобини қандай бераман?
…Биродар, бизнинг болаларимиз қандай меросга лойиқ? Кўзимиз очиқлигида ўйлаб кўрайлик, қанча ибодатлар, эҳсону саховатларни четлаб ўтиб топганларимиз нолойиқ меросхўрларимизнинг кирдикорлари туфайли қабрда бўғзимиздан тутмайдими? Болага қолдириладиган асл мерос – МАЪРИФАТ эканини унутмадикми?

Балога қолмайлик, болам деганлар!

Қушларнинг полапонларига муносабатини би-ир кузатинг. Полапонлар жонланиб, ўзларини тутиб, момиққина қанотларига куч киргунига қадар ота-она қушлар уларни жонфидолик билан боқадилар. Учирма қилишга келганда одам болаларига-да ибрат бўлгулик бир ҳодиса юз беради. Яъни, учишни эплолмаётган полапонларни ота-она қушлар емиш бермай жазолайдилар. қанотлари билан уриб-туртиб, «тарбиялайдилар». Полапонлар эса емак илинжида жон-жаҳдлари билан учишни эплашга ҳаракат қиладилар. Биз гоҳида шу қушларчалик ҳам бўлмаймиз. Болаларимизнинг дон-сувини тайёр қилиб қўйиб, қартайганимизда уларга мўлтираб ўтирамиз. «Бели оғримаганнинг нон ейишини кўринг»: истаса лунжига тиқади, истамаса ерга сочади. Ўзимиздан олганини ўзимизга миннат билан, иддао билан беради.

Марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг дастуридан ўрин олган ҳангомалардан бирида ғарблик миллионер отанинг ўғлига велосипед олиш учун пул бермагани образли тарзда, жуда таъсирли кўрсатиб берилади. «Миллионер бўлсам – мен миллионерман! Сен эмас…» – мана айни ҳақиқат. Бола нимагадир эгалик қилиши учун ўзи пул ишлаб топиши, меҳнат қилиши кераклигини шунда англайди. Ўзи топганига эҳтиётлик билан муносабатда бўлади.
Бир дўстимиз институтда таҳсил оладиган ўғлига ўз миниб турган автомашинасини (кейинчалик) ҳадя қилмоқчилигини айтган.
— Бундан ўғлим беҳад хурсанд бўлди, – дейди у. – Лекин… бир куни машинанинг олд эшигини салгина тирнаб олганимни кўриб, менга зардали оҳангда: «Эҳтиёт бўлиб ҳайдамайсизми, дада!» деди. Ичимда нимадир узилиб кетгандек бўлди. Ҳай, буни ҳам елкамдан оширдим. Бориб-бориб ўғлим мендан машинани қизғонаётганини сезиб қолдим. Ҳар кеч ишдан қайтганимдан кейин автомобилни бир қатор кўздан кечириб қўядиган одат чиқарди. Сал бўш келсам, мени ўз машинамдан тушириб юборгудек чоғи бор. Онаси ҳам: «Берсангиз бера қолинг энди, дадаси, ёш-да мингиси келади», дейишни бошлади. Бу ҳолат менга қаттиқ таъсир қилди. Айбим «шу сеники бўлади», деб қўйганимми! Йўқ, дарров муомаламни, муносабатимни ўзгартирдим. Машинани сотиб юбордим. Ўғлимга: «Машина мингинг келса, ўзинг ишлаб топ. Агар мол-мулкимга эгалик қилиш ниятида мени ота қилаётган бўлсанг, майли, мендан тониб кета қол», дедим… «Ўзингдан чиққан балога қайга борасан давога!» деганлар бежиз куюнишмаган экан-да…

Бувимга қўшни бир аёл бўларди. Турмушга узатилган икки қизи бор. Шу аёлнинг қадимий тилла зираги бор экан. Қизларига: «Ўлсам шуни бўлишиб олинглар», деган экан.
— Қизларим ҳар келишганда шунинг ғалвасини қилишади, бир-бирлари билан уришиб ҳам кетишади. Мол ўлсин-а! – деган эди у бир куни бувимга йиғлаб. – Ҳолингиз қандай, нима камчилигингиз бор, дейиш йўқ. «Шу – сизларга», деб балога қолдим-а…
Бу балога қолишлар ҳам бир нави, айтинг-айтинг охиратда балога қолмайлик, болам деганлар!

Расулуллоҳнинг (с.а.в.) шундай мазмунда марҳамат этганликлари айтилади:
«Қиёмат куни одамлардан талаб этилажак бўлгани – оиласи ва болаларидир. Оиласининг кечимидан сўроққа тутилган кишининг болалари Аллоҳнинг ҳузурига келиб шундай дерлар:
— Эй Роббимиз! Бизнинг ҳақимизни ундан олиб бер. Чунки у бизга билмаганимизни ўргатмади. Бизга ҳаром едирди. Биз унинг топганлари ҳаром эканини билмаганмиз.
Бундан сўнг уларнинг ҳақи отадан олиб берилади. Унинг тоғларча савоби ҳақдорлар тарафидан қўлидан олинади, битта ҳам савоби қолмайди.
Малаклар бу одамни кўрсатиб, шундай нидо қиладилар:
— Дунёда қозонган барча савобларини оиласи еган ва бугун барча амаллари гаровда қолган киши мана будир!» (Имом Ғаззолий, «Уйланиш одоби»).

«Гўримда тинч ётай, болам…»

Ота-онасидан кейин мол-мулк талашиб бир-бирлари билан судлашишгача бораётган оға-ини, опа-сингилларни кўрганимда «Буларнинг отасидан фақат можаролар қолган экан-да», деган фикр хаёлимдан ўтади. Ҳушёр бўлмасак, тарбия тизгинини маҳкам тутмасак, биздан кейин ҳам болаларимизга можаролар мерос қолиши ҳеч гап эмас.
Бир ҳақиқат бор: ҳалол луқма билан боқилган боладан ёмонлик чиқмайди. Лекин кўпинча болаларининг ҳаддан ошаётган талаблари кишини молпараст, ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормайдиган, ғофил бўлиб қолишига сабабчи бўлади. Рўзғордаги тангу торлик вақтида болаларни фақат ҳалол луқма билан таъмин этмоқ мушкуллашиб қолиши ҳам мумкин. Жуда кўпчилик айни шу синовдан ўтолмайди. Оиласидагиларнинг истаги, орзу-ҳаваслари етовида нопок йўлга кириб кетади ва ўзи билмаган ҳолда охиратини бу дунё зийнатларига алмашади. Балки шунинг учундир Сарвари оламнинг (с.а.в.): «Ҳеч ким оиласи жаҳолатидан каттароқ гуноҳ билан Аллоҳ таолонинг ҳузурига чиқмас», деганлари (Абу Мансур «Муснад»ида Абу Саиддан (р.а.) ривоят этган).
Ота-онаси тириклигида уларни «дард халта»га айлантириб олгани етмагандек, улар оламдан ўтгач, қабрлари бошига бориб оби дийда қиладиган фарзандлар ҳам бор: «Мени кимларга ташлаб кетдингиз! Энди дардимни кимга айтаман?!».
Дуо қилайлик, фарзандларимиз ҳеч бўлмаганда ўлганимиздан кейин бизни тинч қўядиган, руҳимизни безовта қилмайдиган, арвоҳимизни чирқиратмайдиган, ортимиздан савоб ишлар қилиб, гуноҳларимизни ювадиган даражада инсофли бўлсинлар!

Инсоф қилгин, гўримда тинч ётай, болам,
Инсоф қилгин, отам болам, онам болам.
Мен нафсимнинг кўйида кўп адашганман,
Ўлганнинг устидан тепма сенам, болам.
Ўзим киймай, кийдирганда қувонганман,
Ўзим емай, едирганда қувонганман.
Жон оғриса «иҳ» демадим, болам дедим,
Шўхликларинг куйдирганда қувонганман.
Бугун лолман, тилларимдан тутди гуноҳ,
Қилмишларим ўз устимдан бўлди гувоҳ.
Нима қилсам болам учун қилдим, дедим,
Нима қилдинг мен учун, деб сўрди Аллоҳ!
Энди отанг ўзни қандай оқласин-эй,
Энди онанг ўзни қандай оқласин-эй…
Бу уятни душманга ҳам раво кўрмам,
Ҳеч ким гўрда мендек терга ботмасин-эй!
Одам бўлгин, Ҳақ узрига раво бўлай,
Одам бўлгин, гуноҳдан мосуво бўлай,
Болам, сенга кипригимда соя бердим,
Дуо қилгин, мен ҳам бир бор аъло бўлай.
Тош ютса ҳам туриб берган отанг эдим,
Юрагини бўлиб берган онанг эдим.
Мен ҳам битта сўровимни айтай, болам:
Инсоф қилгин, гўримда тинч ётай, болам!..

03

(Tashriflar: umumiy 190, bugungi 1)

1 izoh

  1. Rahmat, Dilfuzaxon! Dolzarbligi oshsa oshadiki, kamaymaydi bu mavzuning… buning sababi uylarimizda o’z o’rnini kundalik ehtiyoj buyumlariga bo’shatib bergan kitoblardan naqadar uzoqlashib ketganimizda.Qaniydi, bu yozganlaringizni ko’proq odam o’qisa va uqsa…

Izoh qoldiring