Dilmurod Do’st. Dildan dilga borar yo’limsiz…

0252

Дилмурод Дўст 1989 йил 5 декабрда Жиззах вилояти Зомин тумани Бешбулоқ қишлоғида туғилган. Дастлабки таълимни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 11-ўрта мактабда олган. Шундан сўнг Гулистон cанъат коллежининг халқ чолғу созлари бўлимига ўқишга кириб, уни 2008 йили тамомлаган. Коллежни битиргач, Сирдарё вилояти Маданият ва спорт ишлари бошқармаси халқ ижодиёти марказида илмий ходим бўлиб фаолият юритган.
2012 йили эса Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултетига ўқишга кирган. Ҳозир ушбу ўқув юртининг иккинчи босқич талабаси. Ўқиш билан бирга «Адолат кўзгуси» ҳуқуқий газетасида ҳам ишлайди. 2012 йилда «Ташриф» номли илк шеърий тўплами нашрдан чиқди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўтказаётган «Истеъдод мактаби» ёш ижодкорлар республика семинарининг 2010 йил ноябр ойида «Дўрмон» ижод уйида бўлиб ўтган илк босқичи иштирокчиси. Бир неча ёшлар баёзларида машқлари босилган.

01

Дилмурод Дўст
ШЕЪРЛАР

***

Мен тирилсам,
Товуш бўламан.

Усмон АЗИМ

Мен қачон товуш бўламан?!
Қачон тириламан?!

Тирилгач ундош товуш бўлаймикин,
Ва ёки унли?..

Ундош товуш бўлиш анчайин мушкул.
НАФАС йўлларида қанча тўсиқларга
дучорланиши аён барчага.

Тўсиқлардан сесканиб,
Қарор қилаймикин ёки унли бўлишга?!

Билмадим…
Бу энди, мен билан бирга
НАФАС йўлига ҳам узвий боғлиқдир.

… Фарқладим. Ундош товушнинг ҳам
хили кўп экан.

Ниҳоят НАФАС йўлидаман…
Ва шу ондан аҳд қилдим;
Бўлмоқликни фақатгина УНДОШ ТОВУШ!
Ундош бўлганда ҳам –
Сонор-овоздор, жарангли, албат!
(Худо хоҳласа!)

Айни дам дидимга маъқул товуш – Р!
Шундан сўнг муродландим,
Ундош товуш-Р бўлмоққа!

Токи, менга мурожаат қилганларнинг
Ун пайчаларида
Мудом титроқ туғилаверсин!

2011

***

Бармоғим ўпади, чироқ тугмасин
Зулмат йиқилади, хонамга шу он.
Менинг ғафлат тунда бедорлигимга,
Очиқ деразадан, ой боқар ҳайрон.

Сўнг яна бармоғим ўпар тугмани,
Шиша лампа сочар, қизғонмай нурни.
Ой ҳайрон…
Мен эса, унутолмайман…
Кеча тўйи бўлган,
Бир гўзал ҳурни.

Такрор ўпаверар, тугмани бармоқ…

2007

Ер севгиси

Инсонни шу қадар кучли севар ер,
Осмондан рашк қилиб эркалаб, суяр.
–Мен сени ҳеч кимга беролмайман, дер,
Ҳеч кимга ишонмай, бошига қўяр.

Осмонга соғинч кўп азоб етқазиб,
Сабр косасини қўяр тошириб.
Ер шунда бағридан бир хона қазиб,
Инсонни қўяди мангу яшириб.

2009

Баҳорги манзара

Боғда бир жуфт гулнинг нимжонроғини
Бехос ёққан жала белин синдирди.
Бир-бирин суяб ўсган гулларни
Шу жала фиро-оққа кўндирди…
Бутун ҳовли узра ётиб олди ғам,
Энди
Ёлғиз қолган гулнинг умрида
Айрилиқ бошланди…
Ғусса бошланди.
Бундай кўргуликка чидолмай ҳатто,
Кўнгилчан ойнанинг кўзи ёшланди.

2011

Борига шукр

Осмоним мусаффо, тинч юрт, тинч элим,
Балки, бахт дегани аслида шудир?!
Унинг қучоғида туғилдим, ўсдим…
Художон!
Шу юртнинг борига шукр!

Бойман! Ота-онам, шукр, ёнимда,
Ука-сингилларим жони-жонимда,
Энамнинг дуоси ҳар бир онимда,
Минг балога қалқон… борига шукр!

Қариндош, қўшнилар, ҳамқишлоқларим,
Ўзимдан яқиним жон ўртоқларим.
Қадоқ қўл, буғдой ранг, кўнгли оқларим,
Ризқ терар қўлимнинг борига шукр!

Жонимдан ўтгани танимга сирмас,
Қалб минг чегалиги ғанимга сирмас.
Улгур деб парвозга чорлар, у бир… рост,
Ҳаётда ўлимнинг борига шукр!

2012

***

Устоз шоирлардан умр – арава,
деган ташбеҳларни тингладик беун.
Бизни ўтқазишиб араваларга,
Аравада йўқдир кўплари бугун.

Бир кун шерик қилиб олгум бир ҳамроҳ,
Икковлашиб яна ҳамроҳ оламиз…
Уловга ишониб ёш ҳамроҳларни,
Бир кун… иккимиз ҳам тушиб қоламиз.

Шунда, эй ёш ҳамроҳ, жиловни тутиб,
Манзилга ўнгдан юр, чап йироқ бўлсин.
Шеригинг-ла кўп-кўп ёш ҳамроҳ олиб,
Улар-ла юрганинг – йўл узоқ бўлсин!

2012

***

Синфдошим Азамат Жалилов хотирасига

О! Азамат дўстим, қайдасан ун бер!
Дўстлар жам, кетяпмиз йўлни тўлдириб.
Бу охири йўқ йўл қайга бошлар из,
Сени биздан мангу айро қолдириб?!

Бугун дўстлар бирга ҳамон йўлдамиз,
Ҳар ким ҳар тарафга бурилиб юрди.
Кимдир ўнгдан юрди манзилга қараб,
Кимдир баъзан чапга бурилиб турди.

Йўлдамиз… ортда-чи қолса ўлик он,
Тупроққа қоришиб орзулар қолди.
Қолса янги армон, сўз билмас виждон,
Булоқ сувдек тоза туйғулар қолди.

Йўлдамиз! Биз учун муҳими ҳам шу,
Қўлимиздай калта ўйларимиз ҳам.
Елкадаги ғамни рўй-рост кўрсатиб,
Чўзилиб турибди, бўйларимиз ҳам.

Хуллас, яшаяпмиз қўлга қўл бериб,
Қувончу ғамларни тенг бўлаяпмиз.
Кимдир юпун қолса умр қишида
Биргалашиб ёқа, енг бўлаяпмиз.

Ҳар ким ҳар тарафга йўл буриб кетди,
…Мен ҳам кўпга Сўздан гул сочмоқчиман.
Баланд парвоз билан (Худо хоҳласа!)
Қишлоғимдан Кўкка йўл очмоқчиман!

Илкда тутиб ТАҚДИР номли харита,
Йўл излаб кетяпмиз Сен томонларга.
Кўринмас харита бизни ишқилиб,
Бошлаб борсин, илло, о-осмонларга.

О! Азамат дўстим, қайдасан ун бер!
Дўстлар жам, кетяпмиз йўлни тўлдириб.
Бу охири йўқ йўл қайга бошлар из,
Сени биздан мангу айро қолдириб?!

Ҳар ким ҳар тарафга йўл буриб кетди,
…Мен ҳам кўпга Сўздан гул сочмоқчиман.
Баланд парвоз билан (Худо хоҳласа!)
Қишлоғимдан Кўкка йўл очмоқчиман!!!

2012

***

Эй, мағрургинам!
Кун келиб… дилингда “Афсус” отлиқ
бир хат қолғуси.
Бир Худога, бир сенга
аён бўлган сир хат қолғуси.

Бугун сенинг изларингга
зорлигим ростдир,
гар келмас бўлсанг….

Кун келиб…
Албатта, изларимда лабингдан
дастхат қолғуси.

2012

***

Қадим замонларда душман лашкари
Тунда босиб олмиш сокин қишлоқни.
Қишлоқ аҳлин асир олиб, ҳайдамиш,
Кўкларга совуриб хокин қишлоқни.

Она тупроғидан узилиб изи,
Тизилиб борарлар қаёнга?
Кимлар?..
Улар…
Улар ахир кетишар қаён?
Ота-онаси-ла минглаб етимлар.

2012

***

… дунёни тасвирлаб бўлмас ҳайқириб.

Ўлжас Сулаймон

Қабрларни зиёрат айлагач Баҳор,
Аста, қабристондан ташқари чиқди.
Сўзсиз суҳбатларнинг шавқидан сармаст,
Сукутли ошёндан ташқари чиқди.

Бошин уриб олди, чиқиб… шовқинга,
Борлиқ кулар эди, баланд бақириб.
Ичкарида сукут бош чайқаб дерди:
“Дунёни тасвирлаб бўлмас ҳайқириб!”

2012

***

Сен доим оч қолсанг
овқат ейсан.
Зериксанг китоб ўқийсан.

Лекин, бир бор бўлса ҳам
нега овқат емасанг –
оч қолишингни,
Китоб ўқимасанг – зерикишингни
ўйлаб кўрганмисан?!

Йўқ, албатта! Сен бу ҳақда
ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмагансан.
Чунки…

Сен доим оч қолсанг
овқат ейсан.
Зериксанг китоб ўқийсан.

2012

Қўшиқ

Оҳ, Санам-ей, Шоҳсанам,
Ишқ умримга занг берди.
Минг оҳки, тақдиримга,
Юзда холинг ранг берди.

Дил-дилга пайванд эди,
Дил орзу-ла банд эди.
Наҳот сенга ишониб,
Ошиқ юрак панд еди.

Ким у менинг бахтимни
Ўзига ўзлаштирган?..
Ё отангми, ё энанг
Тўйингни тезлаштирган.

Бахтсизлик эвазига
Бахт келмайди, билиб қўй.
Шу гапдан отангниям
Сен хабардор қилиб қўй.

Тўғри, дунё топмадим,
Ишқ – Ҳақдан тортиқ девдим.
Лекин, сени чин дилдан
Дунёдан ортиқ севдим.

Оҳ Санам-ей, Шоҳсанам,
Ишқ умримга занг берди.
Минг оҳки, тақдиримга
Юзда холинг ранг берди.

2012

***

Шеърларим!..
Худодан тилаб олганим,
Кўнглимдан қоғозга томган сўзимсиз.
Оҳангда ғарибим, бежилва, хомуш,
Қуйиб қўйган каби менинг ўзимсиз.

Шеърларим!..
Сир узра нафис кўпригим,
Дилданн дилга борар йўлимсиз, йўлим.
Ором аразлаган тунларим ҳаққи,
Келтирармикинсиз ўлимсиз ўлим ?!

2011

Манба: Ориф Толиб веб-саҳифаси

(Tashriflar: umumiy 61, bugungi 1)

2 izoh

  1. Аввало, мазкур кутубхонага машқларимни жойлаган Устоз Хуршид акага ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдираман. Раҳмат Устоз! Қолаверса, дўстимиз Жўрабек акага ҳам, Ориф Толибга ҳам ўз раҳматларимни айтаман.Бу ёғига Тангрини ўзи қўлласин энди. Шунча ишончни оқлаб, юзимиз ёруғ бўлишини насиб қилсин! Раҳмат ҳаммангизга. Аллоҳ рози бўлсин! :)

Izoh qoldiring