Dilmurod Quronov. Jadid adabiyotida tarix kontsepsiyasi.

012
Тарих кўп аҳамиятли ва фойдали бир нарсадур. Тарихнинг фойдаларидан баъзиси ушбудурки, бир миллатнинг на тариқада, қайси йўл ила тараққий этганини ўқиб ибрат олмоқ ёки бир миллатнинг на сабаблардан таназзул этиб, охир мунқариз бўлуб кетганин ўқуб, мундан ҳам истифода этмак мумкиндур…

011
ЖАДИД АДАБИЁТИДА ТАРИХ КОНЦЕПЦИЯСИ
Дилмурод Қуронов

Миллий ўзликни англаш ва англатишда тарих туганмас ва беқиёс манба эканлиги маълум. Буни яхши англаган жадид маърифатчилари тарихга, тарихни билиш ва билдириш масаласига айрича эътибор берганлар. Жадид матбуотидаги чиқишларда Туркистон тарихини яратиш масаласининг бот-бот қўйилиб, бунинг кун тартибидаги энг муҳим масалалардан экани таъкидлаб турилгани ҳам шундан далолат беради. М.Беҳбудийнинг шу хил чиқишлар сирасига кирувчи “Туркистон тарихи” керак” мақоласида ўқиймиз: “Тарих кўп аҳамиятли ва фойдали бир нарсадур. Тарихнинг фойдаларидан баъзиси ушбудурки, бир миллатнинг на тариқада, қайси йўл ила тараққий этганини ўқиб ибрат олмоқ ёки бир миллатнинг на сабаблардан таназзул этиб, охир мунқариз бўлуб кетганин ўқуб, мундан ҳам истифода этмак мумкиндур”. Тарихга маърифатпарвар нигоҳи билан қараган Беҳбудий унда миллат учун тайёр тажриба мактабини кўради: ўтмишнинг шонли саҳифалари миллат учун ибрат, ўтмиш хатолари сабоқ (аксилибрат) бўлмоғи лозим. Шу ўринда муаллиф тарихнинг яна бир муҳим “фойдаси”ни кўрсатиб ўтади: “ҳозирги ҳолимизни боболаримиз давридаги ҳолларға бир даража муқояса этмак ила баробар ўз-ўзимиздан бир инфиоли даруний ҳис эдуб, юзларимиз қизарар эди”. Яъни, муаллиф фикрича, тарих кўр-кўрона сиғиниш ёки мағрурланиш объекти эмас, боболар руҳи олдидаги жавобгарлик аждодлар шаънига муносиб умргузаронлик қилиш масъулияти ҳамдир. Беҳбудийни афсуслантирган нарса шуки, тарихнинг бу “фойда”ларидан миллат бебаҳра қолаётир, сабаби: “ҳануз Туркистон тарихи ҳақинда янги тадқиқот ила ёзилғон, тартибли ва истифодали мукаммал бир асар” яратилмади. Мавжуд ҳолатни тузатиш учун “туркий, форсий ва арабий тилларда” ёзилган бой манбалардан фойдаланиб “янги муҳокама ва тадқиқот ила ўз шевамизда мунтазам бир асар” яратиш зарур. Эътибор берилса, Беҳбудий “янги тадқиқот”, “янги муҳокама” тушунчаларига алоҳида урғу бераётгани сезилади. Хўш, бу ўринда муаллиф нимани назарда тутади? Беҳбудий фикрича, юқоридагича “фойда”лар “Туркистонда ўтган боболаримизнинг маиший, сиёсий аҳволига доир” тарихий асардангина ҳосил бўлади. Яъни, эндиликда тарихнавислик эмас — чинакам тарих илми керакки, у мавжуд манбалардаги фактларни “янги муҳокама ва тадқиқот ила” ўрганиб, миллатимиз, миллий давлатчилигимиз босиб ўтган йўлни, ундаги тараққий ва таназзул босқичларини илмий асосда, атрофлича чуқур ва тарихан конкрет ёритиб берсин. Кўрамизки, Беҳбудий мавжуд тарихлар талабга жавоб бермаётганини, тарихий тафаккурни янгилаш зарурати юзага келганини чуқур ҳис қилади, шунга даъват этади.

Тарихий тафаккур ҳақидаги Беҳбудий мулоҳазалари мумтоз адабиётимиздаги тарихий-бадиий тафаккур ҳолатига ҳам хос. Мумтоз адабиётимиздаги бадиий асарларда, хусусан, достонларда (мас., “Ҳамса”) жонланган ўтмиш ҳам конкретлиликдан маҳрум. Зеро, уларда тарихга мурожаат кўпроқ дидактик характердаги шартли образлар ва ҳолатлар (“одил шоҳ”, “золим шоҳ”, “шоҳ ва шаҳзода муносабатлари”, “адолатли ҳукм” ва ҳ.) яратиш мақсадига хизмат қилади. Мумтоз шеъриятда эса (албатта, жанр табиати билан боғлиқ ҳолда) тарихни тасвирлаш эмас, унга ишора қилиш (мас., талмеҳ) тенденцияси устиворроқ бўлиб, бунда дидактик мақсадга қўшимча ўлароқ ижодий-эстетик мақсадлар (тасвир ва ифода имкониятларини кенгайтириш) етакчилиги кўрилади. Мумтоз адабиётимиз анъаналарининг бевосита давомчиси бўлмиш жадид адабиётининг илк намуналарида ҳам ўтмиш ҳали конкретлашган эмас. Айни пайтда, асарларда конкретлашмагани ҳолда, муаллифлар онгида тарихни янгича идрок этиш, конкретлашиш жараёни бошлангани яққол кўрилади. Бу нарса жадид ижодкорларнинг ўтмишимизда иккита катта босқични — ибрат олиш лозим бўлган “узоқ” ўтмиш ва аксилибрат намунаси бўлган “яқин” ўтмишни, А.Қодирий таъбирича “кейинги хон замонлари”ни ажратишларида кўрилади. Хусусан, Чўлпоннинг “Дўхтур Муҳаммадиёр” ҳикоясида юртидан чиқиб кетаётган қаҳрамоннинг: “Эй, Чингиз ва Темур аскарларини кўрган қоп-қора тоғлар! Эй, ватаним Туркистоннинг эски даврини кўрган тоғ боболар!” деган хитобида шавкатли ўтмиш соғинчи янграйди. Соғинч уйғотган “шавкатли ўтмиш”ни, унинг нимаси билан “шавкатли” эканини конкретлаштириш муаллиф мақсадига кирмайди, бу унинг учун исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Хитобнинг ортиданоқ Муҳаммадиёр миллатдошларининг ғафлатда кечаётган, забун аҳволи ҳақидаги аламли ўйлари берилганки, бу муаллифнинг мақсадини ойдинлаштиради. Яъни, у ўзини, қаҳрамонни қийнаётган “ким эдик-у ким бўлдик?” саволини ўқувчида ҳам уйғотишга интилади. Ўн етти ёшли адибнинг миллат тарихини ўз замонаси нуқтаи назаридан идрок этишга интилиши, ўқувчисини-да шунга ундаши бунинг чинакам ижтимоий-шахсий заруратга айланганидан далолатдир.

Сираси, мазкур заруратни Чўлпондан ёши ва ҳаётий тажрибаси каттароқ Фитрат бирмунча илгари англаган эди. Биз унинг “Мунозара” асарини назарда тутмоқдамиз. Айтиш керакки, “Мунозара” публицистик характердаги асар бўлгани ва баҳс-мунозара шаклида қурилгани боис унда тарих-бугун муқоясаси бир қадар конкретлилик касб этган. Фитрат талқинидаги Фаранги, Мударрисга зид ўлароқ, Шарқ тарихини, Туркистон тарихини яхши билади, уни теран мушоҳада қилади. Зеро, Беҳбудий юқоридаги мақоласида афсус-ла таъкидлаганидек, бизда мавжуд тарихий манбалардан “рус ва бошқа ёврупойилар истифода этган ва этмакдадурлар” ва, аксинча, “мундай тарих ёзувчи киши турк ўғлонларидан ҳануз майдонға чиқғон йўқки, бу эса турк болаларининг нохалаф бўлуб, чин ўғул эмасликларига далилдур”. Баҳс мавзуси Бухоронинг мавжуд сиёсий аҳволига бориб тақалганда Мударриснинг нафақат тарихдан, балки замона аҳволидан ҳам буткул бехабар — ғафлатда эканлиги аён бўлади. Бунга зид ўлароқ, тарихни яхши билган ва мушоҳада этолган Фаранги Бухоронинг сиёсий аҳволини тўғри ва лўнда тушунтиради: “Бухоро илгарилари тугал мустақил … давлат эди. Амир Музаффарнинг мағлубиятидан кейин хонлик тантанаси амирликка, истиқлол дабдабаси вассалликка ўзгарди…” Бухорони “ярим тугатилган амирлик” деб атаркан, Фаранги мавжуд ҳолатнинг айбдорлари аслида ғафлатда ётган, “Темур боболари шаъни ва иззатига ҳиёнат қилган” бухорийларнинг ўзларидир, деган ҳукм чиқаради. Фитрат илк асарларидан иккитасида қўллаган Бухоро воқелигини хорижликлар нигоҳи орқали таҳлил қилиш усули жадидчиликнинг маърифий ислоҳий қарашларини ёрқин ифодалашга хизмат қиладиган восита, холос. Яъни, ҳар икки ҳолда ҳам хорижлик ниқоби остида юрт кезиб дунё аҳволотини яхши билган, юртидаги мавжуд ҳолатнинг сабабларини атрофлича мушоҳада қилган мутафаккир ислоҳотчи — Фитратнинг ўзи туради. Нафақат Бухоро ёки Туркистон, умуман ислом Шарқи тарихини яхши билган ва “янги тадқиқот ила” мушоҳада этган Фитратнинг баҳсда ўзига рақиб сифатида эскича таълим олганларнинг пешқадамларидан бўлмиш Мударрисни танлагани ҳам бежиз эмас. Бу нарса масалани кенгроқ доирада қўйишга, ислом Шарқининг тараққийси ва таназзулини белгилаган омилларни очиб беришга хизмат қилади. Фитрат Фаранги тилидан таъкидлайдики, Шарқнинг тараққийси ва шавкатини таъминлаган ислом мафкураси уни ташувчиларнинг калтабинлиги, “мусулмонлиқ ҳақиқатидан бехабарлиги”ю “Қуръони карим оятларининг аксариятини шаҳватпараст ҳавойи нафсларига фидо этганлари” туфайли кейинча Шарқни таназзулга юз туттирди. Дин пешволарининг Ғарб дунёсидаги тараққиёт тамойилларидан бехабарлиги, уларнинг қай томон бораётганини мушоҳада қилиш ва шунга мувофиқ тадбир ишлаш ўрнига ихоталаниб, диндошларига “тараққиёт ва маданият эшикларини ёпганлари”, улар орасида “ваҳшийлик бисотини ёйганлари” Шарқни абгор, забун ҳолга туширди, жумладан, “Темурнинг набиралари бўйнига ўриснинг итоат арқонини боғлади”. Энг муҳими, бу хулосалар тарихни мушоҳада қилиш асосида чиқарилади, тарихий фактларга таяниб асосланади. Фитрат ислом Шарқидаги таназзулнинг яна бир омилини “уммати Муҳаммадиянинг шиа, сунний, зайдий, ваҳҳобий номи билан фирқа-фирқа қилиб, бирини бирига душман қилиб қўйилгани”да кўради. Эътиборли жиҳати шуки, кейинроқ А.Қодирий ҳам юртдаги “қипчоқ — қорачопон”, “Қўқон — Тошкент” қабилидаги бўлинишларни рус истибдодига кенг йўл очган омил сифатида талқин қилган эди. Зеро, ҳар икки буюгимиз ҳам тарихни мушоҳада қилиш орқали мазкур икки омилни теран англаган, миллатни забун ҳолатидан “иттиҳод ва тарққий”гина чиқариши мумкинлигига имон келтирган жадидлар тоифасидан бўлади. Дарвоқе, “Мунозара”ни ёзишга ундаган нарса ҳам аслида юртдаги янги бўлиниш эдики, Фитрат муқаддимада ватандошларига хитобан ёзади: “…бирмунча вақтдан бери жадид ва қадим ўртасида ихтилоф чиққани баъзи миллат хоинларининг хато ва фасодларидан бошқа нарса эмасдир. Муқаддас ватанимизни парчалаб, унинг аҳли жамоасини жадид ва қадим унвонлари остида икки фирқага ажратиб, уларнинг бирини иккинчисига душман қилиб қўйдилар”. Яъни, бу хил бўлинишлар оқибатини яхши билган, маърифатчилик бурчига содиқ “Мунозара” муаллифи ўтмишдан ўзлаштирган сабоқларини ватандошлари билан ўртоқлашиш, улар орасидан “маънисиз ихтилофлар”ни кўтариб, “иттифоқ билан ҳидоят йўлига” бошлашни ният қилган.

Юқоридаги кузатишларимиз ХХ асрнинг 10-йилларига келиб тарихий тафаккурда жиддий бурилиш юз бергани, тарихни кенг кўламда, илмий-таҳлилий асосда идрок этишга интилиш бошланганини кўрсатади. Бироқ жадидларнинг публицистик чиқишларида, хусусан, моҳиятан публицистик асар бўлмиш “Мунозара”да кузатилган кўламли таҳлил, конкретлилик даражасига тарихий-бадиий тафаккур ҳали етишган эмас. Негаки, мазмундаги бу хил ўзгаришни ўзига сингдирадиган, ифодалай оладиган шакллар адабиётимизда ҳали ростмана ўзлашиб улгурмаган, ишлаб чиқилмаган эди. Хусусан, Фитратнинг лирик меросида тарихнинг бир қадар конкретлашгани факт, бироқ, лириканинг табиати билан боғлиқ ҳолда бу нарса асарларда бевосита ифодасини топган эмас. Буни Фитратнинг 1917 йилда ёзилган “Юрт қайғуси” номли сочмалар туркуми мисолида яққол кўриш мумкин. Туркумнинг илк сочмаси:

“Эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси!
Сенга не бўлди? Ҳолинг қалайдир? Нечук кунларга қолдинг?
Эй Чингизларнинг, Темурларнинг, Ўғузларнинг, Отиллаларнинг шонли бешиклари! Қани у чиқдиғинг юксак ўринлар? Қуллиқ чуқурларига недан тушдинг?!”

деган ўтли хитоблар билан бошланганки, уларнинг замирида муаллифнинг “Мунозара”даги изтиробли ўй-мушоҳадалари ботинлиги шубҳасиз. Юртининг ўтмишидаги шонли саҳифаларни бир-бир варақларкан, Фитрат ўқувчисига ўша “ўтмиш соғинчи”ни юқтиришга интилади; шонли ўтмишни мавжуд ҳолатга қиёслаш орқали эса ўқувчисини тарихни мушоҳада қилишга, ундан сабоқ олишга ундайди. Кейинроқ, ўқувчига бироз мушоҳада қилиш вақтини бергач, эълон қилинган учинчи сочмада Темур қабри зиёратига келган лирик қаҳрамоннинг “юзи қора, кўнгли синиқ, бўйни букук”лиги бежиз эмас. Бу энди аждодлар руҳига, хусусан, буюк Темурнинг “омонатига хиёнат қилгани”ни англаган, буни тан олишга ўзида куч тополган ўқувчи ҳолатидир. Жадид маърифатчиси ҳам истиқлол жарчиси бўлмиш Фитратнинг лирик қаҳрамони мавжуд ҳолатнинг юзага келишида ўзини айбдор билади. Шу боис ҳам “Туроннинг эски шараф ва улуғлигини қайтармасдан бурун оёқларингда ўтирмасман” дея Темур руҳига онт ичади. Фитрат аждодлар руҳи олдидаги масъулликни ҳис этган лирик қаҳрамонининг қалб изҳори бўлмиш бу онт ўқувчининг, ўқувчи омманинг онтига айланишини истайди, умид қилади. Эътиборли томони шуки, Фитратни ўзига устоз билган Чўлпон шеъриятида ҳам тарихга мурожаатдан шу хил ғоявий-эстетик мақсад кўзланади, шунга ўхшаш ижодий йўсин кузатилади. Дарвоқе, Чўлпоннинг “Уйғониш” тўпламига кирган шеърлардан бир туркумини “Юрт қайғиси” деган умумий ном билан аташи ҳам бежиз эмас, албатта. Шоирнинг 1920 йилда ёзилган “Ёруғ юлдузга” шеъридаги:

Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла
Оталарнинг тарихдаги хатосин.
Шул хатодан осуғланиб ёвларнинг
Эл кўксида сурган ишрат сафосин

деган аламли саволлари Фитратнинг Туронга қаратилган саволларига ҳамоҳанг жаранглайди. Бироқ юлдуз жавоб беришга ожиз, чунки унинг “сўзлайдирған яхши сўзи йўқ” ва, аксинча, “оғиз очса йўқсул элни эзмакка, қон қилмакка хасратлари кўп”. Чўлпон ўтмишни лирик мушоҳада қиларкан, юртдаги мавжуд аҳволнинг сабабларини қидиради, буни “Эл ва юртни сақлар учун сўнг хонлар Тузуккина чора, тадбир кўрмаган”ида деб билади. Ватан тарихининг шон-шавкатдан мосуво таназзул даври ҳақида Чўлпон алам билан “Сўнг даврда йўқсил Шарқнинг тарихи Бир бет бўлсин оқ сатрни кўрмади” (“Шарқ нури”) деб ёзади. Ҳолбуки, шу мазлум Шарқ “Бир замонлар ер юзида ўз бошли, Улуғ, шонли маданият туғдирган” эди-ку?! Нега?.. Нима учун?…

Кўрамизки, Фитрат сингари Чўлпон қаршисида ҳам тарихни кенг кўламда бадиий идрок қилиш зарурати юзага келаётирки, бунга шеърият доираси торлик қилади. Боз устига, Чўлпон бунга ҳали ижодий ва ҳаётий тажрибаси жиҳатидан етарли тайёргарликка эга эмас чоғи. Бироқ, Чўлпондан фарқ қилароқ, етуклик палласига кираёзган Фитрат бу заруратни, ижодий-руҳий эҳтиёжни қондиришга киришган эди. Унинг 1918-20 йиллар орасида яратилган “Темур сағанаси”, “Ўғузхон”, “Або Муслим” сингари драматик асарлари шу заруратдан туғилган, ўтмишни кенг кўламда бадиий идрок этиш йўлидаги тажрибалар эди. Афсуски, бу асарларнинг матнига эга эмаслигимиз бизни Фитратнинг тарихни бадиий идрок этишидаги тадрижни кузатиш имконидан маҳрум этганидек, улар ҳақидаги фикрларимизни ҳам тахмин даражасида қолдиради.

Маълумки, Фитрат мазкур асарлар устида ишлаётган палла “мозийга қайтиб иш кўриш хайрли” деб билган бошқа бир буюгимиз — А.Қодирий “Ўтган кунлар” устида иш бошлаган эди. Ва айни шу асар ХХ аср бошларида кузатилган миллий тарихий тафаккуримиздаги ўзгаришларнинг адабиётдаги инъикоси, ўзбек адабиётидаги тарихий-бадиий тафаккур тадрижининг янги бир босқичи сифатида майдонга чиқди. Зеро, унда ўтмиш манзаралари илк бор чинакам конкретлилик касб этди, “ боболаримизнинг маиший, сиёсий аҳволи” Беҳбудий орзулаганидек кенг кўламда, “янги тадқиқот ила” бадиий идрок этилди. “Ўтган кунлар”дан кейиноқ дунёга келган “Абулфайзхон” драмаси, бирмунча кейинроқ яратилган “Кеча ва кундуз” романи тарихий-бадиий тафаккуримиз кўтарилган даражани мустаҳкамлади. Шуниси эътиборлики, учала асарда ҳам тарихимизнинг ўта мураккаб, юртнинг истиқболдаги тақдирини белгилайдиган даврлари қаламга олинди. Ҳар учала муаллиф ҳам ўтмишни бадиий идрок этиш орқали замона моҳиятини англаш ва англатишга, юртдошларининг мавжуд воқеликни теранроқ англашлари учун бир “ибрат” яратишга интилдики, бу уларнинг жадид маърифатчиси эканлиги билан изоҳланади.

2001

Муаллиф ҳақида

99Қуронов Дилмурод Ҳайдаралиевич 1960 йилда туғилган. 1987 йилда Андижон давлат тиллар педагогика институтини рус тили ва адабиёти, она тили ва адабиёти ўқитувчиси ихтисоси бўйича имтиёзли тамомлаган.
1992 «„Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романида характерлар психологизми» мавзусида номзодлик, 1998 йилда «„Чўлпон поэтикаси (насрий асарлари асосида)» мавзусидаги докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.
Андижон давлат университети ўзбек адабиёти кафедраси профессори.

(Tashriflar: umumiy 321, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring