Dilmurod Quronov. Yangi quvvat manbai qayerda? & Dilmurod Quronov. Ikki kitob

00727 октабр — Таниқли адабиётшунос олим Дилмурод Қуроновни  60 ёши билан чин юракдан қутлаймиз ва сермаҳсул фаолияти узоқ йиллар давом этишини тилаймиз.

    Бугунги адабиётда юксалиш борлигига шубҳа қилмайман. Бироқ бу юксалиш, назаримда, 60-йилларда бошланган ва 80-йилларга яқин кучли тезланиш олган юқорига ҳаракатнинг инерция кучи таъсиридаги давоми, холос. Шунга кўра, муаммони бироз бошқачароқ қўйиш керакка ўхшайди…

Дилмурод ҚУРОНОВ
ЯНГИ ҚУВВАТ МАНБАИ ҚАЕРДА?
Адабий жараён: муаммолар ва мулоҳазалар
0045

1. Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?

2. Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади. Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?

3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари нимада?

0041. Аслида шунақа қарама-қарши фикрларнинг бўлиши табиий ва бу ҳол, менимча, адабиётдаги ҳолат билан эмас, кўпроқ инсон табиати билан боғлиқ туюлади. Қулоғингизга тушгандир, эл ичида гоҳида “фалону фалонлардек адибу шоирлар ўтиб кетди-я, энди ундайлар туғилмаса керак” қабилидаги гаплар эшитилиб қолади. Аёнки, бундай гапларни айтувчилар наздида бугунги адабиётимиз жудай-ла таназзул бўлмаса ҳам, энг камида депсиниш, турғунлик ҳолатида экани шубҳасиз. Уларни ҳам тушунса бўлади. Негаки, киши ёшликда муҳаббат қўйган адибу шоирларнинг дарду қувончлари, орзу-интилишлари ўзига яқинлиги боис уларнинг асарларини теран тушунади, ютоқиб ўқийди – алал-оқибат уларга сидқидилдан ихлос қўяди. Вақт эса беаёв оқиб боради: янги истеъдодлар майдонга чиқади, уларнинг минглаб қалбларда акс садо бера бошлаган дард-қувончлари, орзу-интилишлари эса, ажабки, унга бегонадек, тушунарсиз бўлиб бораверади. Хуллас, бундай шароитда аввалгиларнинг бугунги адабиётда камида депсиниш, кейингиларнинг эса юксалиш бор деб билишлари ҳеч ажабланарли эмас.

Умуман олганда, бугунги адабиётда юксалиш борлигига шубҳа қилмайман. Бироқ бу юксалиш, назаримда, 60-йилларда бошланган ва 80-йилларга яқин кучли тезланиш олган юқорига ҳаракатнинг инерция кучи таъсиридаги давоми, холос. Шунга кўра, муаммони бироз бошқачароқ қўйиш керакка ўхшайди:

Яқин ўтмиш адабиёти бериб турган қувват манбаи яна қанчага етиб бераркин? Адабиёт, умуман бадиий тафаккур ривожини таъминловчи янги қувват манбаларини оча биламизми? Ҳозиргидек “оққан дарё оқаверади” деган ўйда хотиржам ўтираверсак, ўша дарё ирмоқларига сув бераёган булоқ кўзлари ёпилиб кетмасмикан? Худо кўрсатмасин, эртага беҳисоб хазина устида ўтирганини ҳам фаҳмламаётган гадо ҳолига тушиб қолмаймизми?..

2. Назаримда, энг катта муаммо – ҳозирги адабиётнинг ўқувчини бой бергани. Албатта, бунинг турли-туман сабаблари бор: телевидение, интернет ривожи, китоб нашри ва савдоси тизимининг издан чиққанию бозор шароитига ростмана мослаша олмаётгани… Ундай десак, қирққа кирмай қирқдан зиёд китоби (каттагина тиражларда!) чоп этилган адиблар, йилига уч-тўрттадан тўпламини армуғон этаётган шоирлар ҳам бор-ку?! Энди китоб муқоваларидан виқор билан боқиб турган шу адибу шоирлар ёнига “қирқ йилдан бери қалам суриб келаман, уюшма китобимни чиқариб берармикан”, “нашриёт ҳисобидан китобимни чоп этсангиз” мазмунидаги аризалари билан турли идоралар остонасига беҳуда бош уриб юрганларни қўйиб боқинг. Йўқ, бу ҳолни биринчи тоифа яратган асарларнинг “оммабоп”, иккинчи тоифанинг ёзганлари “юксак адабиёт”га дахлдорлиги билангина изоҳлаб бўлмайди. Бас, ўзини “юксак адабиёт”га дохил сановчилар авом дидию истакларига мослашаётган ижодкорлар, уларнинг қўлма-қўл бўлаётган “танқиддан тубан” асарларини ҳар қанча сўксинлар, бу нав адабий маҳсулотни истеъмол қилувчилардан ҳар қанча нолисинлар – ҳеч нарса ўзгариб қолмайди, ўқувчи учун курашмоқ керак. Ўқувчини жалб этишнинг бирламчи шарти эса ўқишли асар ёзиш. Фақат ўқишлилик авом дидига мослаш эмас, балки ҳаётнинг теран бадиий идроки, инсон қалбига чуқур кириб боришу бадиий маҳорат ҳисобига таъминланиши даркор. Иккинчидан, бозор шароитида яшаяпмиз экан – “замон сенга боқмаса, сен замонга боқ”, дейдилар – бозорчасига яшаш ҳам керак. Яъни бозорга мол олиб чиқар экансиз, “Кеп қолинг, оп қолинг!..” дея томоқни зўриқтиришингиз ҳам зарур бўлади. Айтмоқчиманки, “юксак адабиёт”ни кимдир биров тарғибу ташвиқ қилиб бермайди – муаллифлар ўзлари бунга енг шимариб киришмоғи даркор. Қалам аҳли расмий таклиф ё алоҳида тайёргарлик – поёндозлар, гулдасталар, якундаги совға-саломлару зиёфатларни кутмай, ўқувчи омма ичига кириб бориши – ёниб шеър ўқиши, ёзган асарлари ҳақида ўқувчи билан фикр алмашиши, уларнинг қалбига йўл топишию уларга юрагини очиши – ҳозир жудаям керак. Агарда “менинг вазифам – ёзиш” дея ғўддайганча қолинса, ҳадемай бундан-да аянч аҳволга тушишимиз эҳтимолдан йироқ эмас… Зеро, кун сайин мутолаа маданиятидан мосуво бўлиб бораётгандекмиз: Абдулла Қаҳҳорнинг “Бемор”ида дахрийлик кашф этилаётгани, Абдулла Ориповнинг “Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон!” деган оловли мисрасини шеър контекстига тамом кўз юмган ҳолда “коммунистик ғояларга шилта сатр” дея талқин қилинишини маъқуллаб “лайк”ловчилар пайдо бўлаётгани шунинг нишоналаридек кўринади менга. Дарвоқе, илгарилари бадиий асарни ижтимоиётдан келиб чиқиб тушуниш ва баҳолашни “вульгар социологизм” дея сўкиш урфда эди, юқоридаги ҳолни “вульгар нимаизм” десак бўлади?!..

3. Мутахассис сифатида ўқишдан кўра қайта ўқиш, диққат билан ўқиш каби амаллар билан кўпроқ банд бўларкан одам. Шу жиҳатдан, масалан, Хуршид Дўстмуҳаммад асарларини бир сидра қайта ўқидим, “Донишманд Сизиф”ни икки-уч қайтардим, десам бўлади. Ёзувчининг Ғарб билан ижодий баҳси ҳақида бир нима ёзмоқни ният қилгандим, ҳали пишиб етмади чоғи, тўкилмай турибди. Сўнг вақтларда яна Аҳмад Аъзам асарларини такрор ўқидим – уларни бир бутун ҳодиса ўлароқ англашга ҳаракат қилиб кўрдим. Луқмон Бўрихоннинг “Қуёш ҳали ботмаган” қиссаси жуда маъқул келиб, шунинг сабабларини қоралагим келди, шу аснода ёзувчининг бошқа айрим асарларини ҳам қайта варақладим – бу режа ҳам ортга сурилиб турибди. И.Султоннинг тасвирдаги ўзига хос маҳорати ҳақида ёзмоқга ниятланиб, таҳлилга жалб этилажак парчаларни белгилаб, айрим мулоҳазаларни қайд қилиб ҳам қўйибман, бу иш ҳам унмай турибди… Айтганларимдан адабий жараённи изчил кузата олмаётганим, сўнгги вақтда яратилган асарларнинг кўпини ўқимаганим сезилиб, хуллас, орқада қолаётганим яққол кўриниб турибди. Албатта, каминани танқидчига сановчилар бу ҳол учун янишлари мумкин, “зиммасидаги вазифани бажармаяпти экан”, деб. Ҳолбуки, камина танқидчи эмас, олий ўқув юртида бир меъёр ўқитувчилигини қилиб, сабаби тирикчилик важҳидан яна анча-мунча қўшимча ишларни ҳам бошини тутган, шулардан ошингачгина адабий жараёнга назар ташлаб, азбаройи сўзга муҳаббати боис бирда-ярим матбуотда танқидий мақолалари билан аралашиб турадиган одам, холос. Сирасини айтганда, танқидчи ўлароқ озми-кўпми танилганки одам бўлса, мақоми – шу. Шуни ўйласам, танқидчилигимизни танқид қилувчиларнинг забтига олганда “Бизда танқид ўлган!” дея иддао қилишлари ғалат кўринади: ўзи йўқ нарса қандай ўлади?!

Манба: ЎзАС

00727 oktabr — Taniqli adabiyotshunos olim Dilmurod Quronovni 60 yoshi bilan chin yurakdan qutlaymiz va sermahsul faoliyati uzoq yillar davom etishini tilaymiz.

Bugungi adabiyotda yuksalish borligiga shubha qilmayman. Biroq bu yuksalish, nazarimda, 60-yillarda boshlangan va 80-yillarga yaqin kuchli tezlanish olgan yuqoriga harakatning inersiya kuchi taʼsiridagi davomi, xolos. Shunga koʻra, muammoni biroz boshqacharoq qoʻyish kerakka oʻxshaydi…

Dilmurod QURONOV
YANGI QUVVAT MANBAI QAYERDA?
Adabiy jarayon: muammolar va mulohazalar
0045

1. Kimdir adabiyotimiz yuksalish pallasida desa, kimdir buning aksini tasdiqlaydi. Sizningcha, qay biri haq va nega?

2. Hozirgi adabiy jarayondagi qaysi muammo sizni eng koʻp tashvishga soladi. Ushbu muammoni bartaraf etishning qanday samarali yoʻlini koʻrsata olasiz?

3. Keyingi paytda zamondosh adiblarimizdan kimlarning kitoblarini oʻqidingiz? Qaysi asar sizga maʼqul keldi-yu, qaysi asardan koʻnglingiz toʻlmadi? Buning sabablari nimada?

1. Aslida shunaqa qarama-qarshi fikrlarning boʻlishi tabiiy va bu hol, menimcha, adabiyotdagi holat bilan emas, koʻproq inson tabiati bilan bogʻliq tuyuladi. Qulogʻingizga tushgandir, el ichida gohida “falonu falonlardek adibu shoirlar oʻtib ketdi-ya, endi undaylar tugʻilmasa kerak” qabilidagi gaplar eshitilib qoladi. Ayonki, bunday gaplarni aytuvchilar nazdida bugungi adabiyotimiz juday-la tanazzul boʻlmasa ham, eng kamida depsinish, turgʻunlik holatida ekani shubhasiz. Ularni ham tushunsa boʻladi. Negaki, kishi yoshlikda muhabbat qoʻygan adibu shoirlarning dardu quvonchlari, orzu-intilishlari oʻziga yaqinligi bois ularning asarlarini teran tushunadi, yutoqib oʻqiydi – alal-oqibat ularga sidqidildan ixlos qoʻyadi. Vaqt esa beayov oqib boradi: yangi isteʼdodlar maydonga chiqadi, ularning minglab qalblarda aks sado bera boshlagan dard-quvonchlari, orzu-intilishlari esa, ajabki, unga begonadek, tushunarsiz boʻlib boraveradi. Xullas, bunday sharoitda avvalgilarning bugungi adabiyotda kamida depsinish, keyingilarning esa yuksalish bor deb bilishlari hech ajablanarli emas.

Umuman olganda, bugungi adabiyotda yuksalish borligiga shubha qilmayman. Biroq bu yuksalish, nazarimda, 60-yillarda boshlangan va 80-yillarga yaqin kuchli tezlanish olgan yuqoriga harakatning inersiya kuchi taʼsiridagi davomi, xolos. Shunga koʻra, muammoni biroz boshqacharoq qoʻyish kerakka oʻxshaydi:

Yaqin oʻtmish adabiyoti berib turgan quvvat manbai yana qanchaga yetib berarkin? Adabiyot, umuman badiiy tafakkur rivojini taʼminlovchi yangi quvvat manbalarini ocha bilamizmi? Hozirgidek “oqqan daryo oqaveradi” degan oʻyda xotirjam oʻtiraversak, oʻsha daryo irmoqlariga suv berayogan buloq koʻzlari yopilib ketmasmikan? Xudo koʻrsatmasin, ertaga behisob xazina ustida oʻtirganini ham fahmlamayotgan gado holiga tushib qolmaymizmi?..

2. Nazarimda, eng katta muammo – hozirgi adabiyotning oʻquvchini boy bergani. Albatta, buning turli-tuman sabablari bor: televideniye, internet rivoji, kitob nashri va savdosi tizimining izdan chiqqaniyu bozor sharoitiga rostmana moslasha olmayotgani… Unday desak, qirqqa kirmay qirqdan ziyod kitobi (kattagina tirajlarda!) chop etilgan adiblar, yiliga uch-toʻrttadan toʻplamini armugʻon etayotgan shoirlar ham bor-ku?! Endi kitob muqovalaridan viqor bilan boqib turgan shu adibu shoirlar yoniga “qirq yildan beri qalam surib kelaman, uyushma kitobimni chiqarib berarmikan”, “nashriyot hisobidan kitobimni chop etsangiz” mazmunidagi arizalari bilan turli idoralar ostonasiga behuda bosh urib yurganlarni qoʻyib boqing. Yoʻq, bu holni birinchi toifa yaratgan asarlarning “ommabop”, ikkinchi toifaning yozganlari “yuksak adabiyot”ga daxldorligi bilangina izohlab boʻlmaydi. Bas, oʻzini “yuksak adabiyot”ga doxil sanovchilar avom didiyu istaklariga moslashayotgan ijodkorlar, ularning qoʻlma-qoʻl boʻlayotgan “tanqiddan tuban” asarlarini har qancha soʻksinlar, bu nav adabiy mahsulotni isteʼmol qiluvchilardan har qancha nolisinlar – hech narsa oʻzgarib qolmaydi, oʻquvchi uchun kurashmoq kerak. Oʻquvchini jalb etishning birlamchi sharti esa oʻqishli asar yozish. Faqat oʻqishlilik avom didiga moslash emas, balki hayotning teran badiiy idroki, inson qalbiga chuqur kirib borishu badiiy mahorat hisobiga taʼminlanishi darkor. Ikkinchidan, bozor sharoitida yashayapmiz ekan – “zamon senga boqmasa, sen zamonga boq”, deydilar – bozorchasiga yashash ham kerak. Yaʼni bozorga mol olib chiqar ekansiz, “Kep qoling, op qoling!..” deya tomoqni zoʻriqtirishingiz ham zarur boʻladi. Aytmoqchimanki, “yuksak adabiyot”ni kimdir birov targʻibu tashviq qilib bermaydi – mualliflar oʻzlari bunga yeng shimarib kirishmogʻi darkor. Qalam ahli rasmiy taklif yo alohida tayyorgarlik – poyondozlar, guldastalar, yakundagi sovgʻa-salomlaru ziyofatlarni kutmay, oʻquvchi omma ichiga kirib borishi – yonib sheʼr oʻqishi, yozgan asarlari haqida oʻquvchi bilan fikr almashishi, ularning qalbiga yoʻl topishiyu ularga yuragini ochishi – hozir judayam kerak. Agarda “mening vazifam – yozish” deya gʻoʻddaygancha qolinsa, hademay bundan-da ayanch ahvolga tushishimiz ehtimoldan yiroq emas… Zero, kun sayin mutolaa madaniyatidan mosuvo boʻlib borayotgandekmiz: Abdulla Qahhorning “Bemor”ida daxriylik kashf etilayotgani, Abdulla Oripovning “Qachon xalq boʻlasan, ey sen, olomon!” degan olovli misrasini sheʼr kontekstiga tamom koʻz yumgan holda “kommunistik gʻoyalarga shilta satr” deya talqin qilinishini maʼqullab “layk”lovchilar paydo boʻlayotgani shuning nishonalaridek koʻrinadi menga. Darvoqe, ilgarilari badiiy asarni ijtimoiyotdan kelib chiqib tushunish va baholashni “vulgar sotsiologizm” deya soʻkish urfda edi, yuqoridagi holni “vulgar nimaizm” desak boʻladi?!..

3. Mutaxassis sifatida oʻqishdan koʻra qayta oʻqish, diqqat bilan oʻqish kabi amallar bilan koʻproq band boʻlarkan odam. Shu jihatdan, masalan, Xurshid Doʻstmuhammad asarlarini bir sidra qayta oʻqidim, “Donishmand Sizif”ni ikki-uch qaytardim, desam boʻladi. Yozuvchining Gʻarb bilan ijodiy bahsi haqida bir nima yozmoqni niyat qilgandim, hali pishib yetmadi chogʻi, toʻkilmay turibdi. Soʻng vaqtlarda yana Ahmad Aʼzam asarlarini takror oʻqidim – ularni bir butun hodisa oʻlaroq anglashga harakat qilib koʻrdim. Luqmon Boʻrixonning “Quyosh hali botmagan” qissasi juda maʼqul kelib, shuning sabablarini qoralagim keldi, shu asnoda yozuvchining boshqa ayrim asarlarini ham qayta varaqladim – bu reja ham ortga surilib turibdi. I.Sultonning tasvirdagi oʻziga xos mahorati haqida yozmoqga niyatlanib, tahlilga jalb etilajak parchalarni belgilab, ayrim mulohazalarni qayd qilib ham qoʻyibman, bu ish ham unmay turibdi… Aytganlarimdan adabiy jarayonni izchil kuzata olmayotganim, soʻnggi vaqtda yaratilgan asarlarning koʻpini oʻqimaganim sezilib, xullas, orqada qolayotganim yaqqol koʻrinib turibdi. Albatta, kaminani tanqidchiga sanovchilar bu hol uchun yanishlari mumkin, “zimmasidagi vazifani bajarmayapti ekan”, deb. Holbuki, kamina tanqidchi emas, oliy oʻquv yurtida bir meʼyor oʻqituvchiligini qilib, sababi tirikchilik vajhidan yana ancha-muncha qoʻshimcha ishlarni ham boshini tutgan, shulardan oshingachgina adabiy jarayonga nazar tashlab, azbaroyi soʻzga muhabbati bois birda-yarim matbuotda tanqidiy maqolalari bilan aralashib turadigan odam, xolos. Sirasini aytganda, tanqidchi oʻlaroq ozmi-koʻpmi tanilganki odam boʻlsa, maqomi – shu. Shuni oʻylasam, tanqidchiligimizni tanqid qiluvchilarning zabtiga olganda “Bizda tanqid oʻlgan!” deya iddao qilishlari gʻalat koʻrinadi: oʻzi yoʻq narsa qanday oʻladi?!

Manba: OʻzAS

09

(Tashriflar: umumiy 1 228, bugungi 1)

Izoh qoldiring