Dilorom Dilxoh. Kuyuktut

003

  Очликнинг азоби тутди, ҳар ким қўли-қўнжига илашганини ютди. Аввал кўкка етдик деб кўкарганнинг барисини ейишди, кейин, селдрбош ҳам қуриб қопти, энди ўлмаймиз, дейишди. Шунда ҳам арпа каплаб қанча одам шишиб ўлди. Тирик қолгани буғдой пишиғига етган бўлди.

07
Дилором Дилхоҳ
КУЮКТУТ
Ҳикоя
021

011Дилором Дилхоҳ 1979 йилда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Зарбанд қишлоғида туғилган. СамДУнинг Санъатшунослик факультетини битирган. «Тонгги тиловат» номли шеърий китоби чоп этилган. Ҳозирда «Эко олам» газетасида мухбир бўлиб ишламоқда.

021

08чликнинг азоби тутди, ҳар ким қўли-қўнжига илашганини ютди. Аввал кўкка етдик деб кўкарганнинг барисини ейишди, кейин, селдрбош ҳам қуриб қопти, энди ўлмаймиз, дейишди. Шунда ҳам арпа каплаб қанча одам шишиб ўлди. Тирик қолгани буғдой пишиғига етган бўлди.

Эрман деганнинг бари урушда, кунимиз ўзимизга қолди бу туришда, деб аёлман деганнинг барининг оти ўроқчи бўлди.
– Биргад ўлсин, ой чиқсаям, кун чиқсаям шунга бўсин экан-да, – деб белини маҳкам тугди аёллар.
– Отаси волос бўган, ўгай отасининг отиминан журипти бу жувонмарг, марднинг майдони у ерда, аёлман қолган Жовдот биргаддинг жойи қаерда? – деди аёллар.

Норсулув қуш уйғонмай уйғонди, кечаси билан қуруқ чандирни шимиб йиғлаб чиққан гўдагига боқиб ичи ёнди. Чорасизликка чора топмоқчидек ўз-ўзига сўзланди:
– Ор дегани устун келди, бунда қолмоқ ўлим бўлди. Отангам кеч кетиб, кетганигаям йилдан ошди, улим. Кўнгли бўш одам эди, кўнгилчан эди, охири “кўнгилли” бўп кетди. Ўзиям, ҳар нега қўл урса чин пишиғи минан киришарди, пашисттиям инига қувған бўлса керак, келганда олдига жугурип чиқасан, – деди дадилланиб.

Дадил бўлгани билан боласини кўтаришга бели чидамади. Катта бир бўхчани бўшатиб, боласини бола кўтарганга ўхшатиб белига туйди. Муқаддам чечаям чиққандир деб, тешикдан увада чопонни олиб, қўшнисига ҳам қараб қўйди.

Озиб-тўзиб қоқ бўлган, эри кетиб тоқ бўлган Муқаддам ҳам эрганакдан осилиб қўшнисини чақирди, сўнг яна аллақачон йўлга тушган қизига бақирди, анов тош олмаминан, айронданам озгина олдингми, деди. Қизи ҳам ўн учларни қоралаган эсли эди, Самат қоранинг қизи эмасми, рангиям қора тусли эди.
– Ҳа!.. Самат акам тушингизга кирдими, азондан туриб опсиз?.. – деди Норсулув боласининг бошидан тутиб ўроққа эгилар экан.
– Эй… қўйсангиз-чи, нима қиламиз, бу кунларам бошда боракан, бир сўкиш кам-камда, айнанай, – деб қўшнисининг қўлидаги тугунчани олди.

Банда ёғий бўлиб бошга кулфат солган билан Худо ўз марҳаматини аямади, шу йили ариқларда сув мўл бўлиб, омоч шудгор қилган бўз адирларда ҳам буғдой яхши бўлди. Қишлоқдан чиқа туриб, икки аёл элда туёқ зоти қуриб, мол ҳам далага ҳайдалмай қўйилган бўлса-да ҳамон оти “Подажотоқ” деб аталадиган жойдан ўтиб, тўғри буғдой дала боши – Куюктутга қараб кетишди.

Куюктут шундай куюктут эди, Худо суйган суюк тут эди. Чақмоқ урган гавдаси қуламаган, бирон бад ниятли одам йўламаган. Ичи куйсаям кўкарган тут, эл билан элнинг дардини кўтарган тут. Ёмғирдан пана, иссиқда соя, чарчаб толиққанга суянчиқ, мисоли қоя. Беланчаклар осилса алла айтган, бева-бечоралар куйган борки, унга қайтган тут эди.

Ҳамма куюктутни қоралаб жам бўлган вақти, вақти саҳар эди. Биргадирнинг жияни Салим оқсоқ оқсоқланиб деди: «Бугун бардаммисиз, чечалар?..» Эрига ҳам бошини кўтариб қарамаган аёллар, кўзлари ерда, бош ирғаб ҳа деган бўлди. Салим ҳам сўраган билан ҳамманинг аҳволи не эканини билди. Уям… кўп чатоқ чиқди, Ойсанамни олиб қочиб хотин қилиб шуни уқди:
– Хотиннинг бари бир экан, тиллашсанг сенга тир экан. Тувғани шу бир қиз бўлди, яна тилагани бирамас, ўнамас, юз бўлди, – дедию хирмонжойга кетди. Куюктутдан одам ариб, Норсулув боласига имо қилиб қўшниси Муқаддам билан қизига секингина ҳозир, дедию тутга суяниб ерга ўтирди. Бовуридаги бўхчани бўшатиб, ярим кафт толқонни дока рўмолининг учига лўнда қилиб гўдагининг оғзига солди. Уйқудаги гўдаги онасини излаб қолди. Тут сояда ухлагунча ўғлини “ҳиё” лади, буғдойпояга кеч қолиб борганиям уялади. Елбешикка ҳам бир қараб қўйди: – Нима бўлсаям Ойсанамнинг қизи-да, ойпарчага ўхшайди-ей, – деди ичида. Норсулув оёғининг учи билан юриб кетди, чекига тушган ерни илғаб, қолганига югуриб етди.

Яна бир шохи – қўлида беланчак, этагида бир бола куюктут қолди. Куюктутнинг танаси ўйиқ бир эшик бўлди. Паст шохида ел тебратган бешик бўлди. Елбешикни ел тебратди, шукур қилиб ўз кунини эл тебратди.

Кун қизиганида иш ҳам қизиди, рўмоли қийшайиб ўроқчи аёлларнинг сочи тўзиди. Қияни қиялаб ўрган Норсулувнинг кўзига қишлоқ қорайиб кўринди. Эри йўқ, бошэгаси йўқ, кўзига дунё торайиб кўринди. Тутамлаган буғдойи қўлида қолди, Норсулув атрофга назар солди.
– Муқаддам чечанинг қора қизи ҳали ёш-да, орқада қопти, бечора кичкина бўлсаям ўроқ тутиб ризқини топди, – деди. – Болам! – деди-ю, бола меҳрини туйиб кетди, кўйлаги ҳўл бўлиб, билса, кўкрагида сути ийиб кетди.
– Вой улим! – ўроқни ерга ташлади, кўзимас, кўксини ёшлади. Қулоғига олис бўлса ҳам бола йиғиси эшитилди. Бу йиғи овозини қулоғи эмас, кўнгли эшитгандай бўлди. Куюктутга етганида йиғлаган ўзиники эмаслигини билди. Елбешикка чопиб борди, бора солиб кўнглини ёрди:
– Эй куюктутнинг остида ухлаган ой қизим, гиргиттонинг бўлай ўзим, сену менга деган кунам бордир-да.
Ойсанамнинг қизи ҳа деганда йиғлаб кўнавермади, кўзидан ёши тинавермади. Норсулув қизни олди, олиб этагига солди, қизни овутди:
– Сен манов бўхчани қара, – деди, бўхча ичида ухлаб терга тушиб ётган ўз ўғлига имо қилиб:
– Толқонди толлисиминан кўзини очмайди, отасининг ули-да, қиздинг йиғисигаям учмайди, – деди атрофга назар ташлаб.

Ойсанамнинг қораси кўринмади, қора қумғоннинг ости тутаб ётар, тут остига ким келиб ким кетгани ҳам билинмас эди. Уйғотиб эмизай деса, ўғли уйқуда бўлди, йиғланганни овутмоқни қийин билди.
– Келе…й қизим, энанг билиб жотирма, отанг гумон қилиб жотирма, – деб эна кўксини қизга тутди.

Қизам эна айирмади, эма туриб бирам бурнини жийирмади. Бир кўкракни қоқалаб бўлди, ёт энада ухлаб бўлди. – Айтмайман, – деб қизни елбешикка солди, сўнг ўз ўғлини қўлига олди. Толқонни оғзидан олиб кўкрагини солди. У ҳам уйқусида толқон эмас, кўкрак сўрди, кўзини очиб оёқларини тираб кўрди. Куюктутда иссиқдан қочиб чумчуқлар соялади, Норсулув ўғлини яна “ҳиё”лади. Яна ишига чопди, кўкраги бўшаб ҳаловат топди. Ёпиқ қозон ёпиқлигича қолди…

Пешинда аёллар яна куюктутнинг остига қайтишди, ўзларича йигити йўқ қизларга ҳазил қилиб қўшиқ айтишди:

Куёв тўнлар қавийсан,
Ёринг қани, ёр-ёр,
Жўқди жўқлаб чиққани,
Боринг қани, ёр-ёр.

Бир ваъдаси бормиди,
Кўзинг жўлда, ёр-ёр,
Эрман деган олисда,
Ўзинг жўлда, ёр-ёр.

Ўроқ тутсанг буғдойинг,
Эшилади, ёр-ёр.
Айтмай десанг дардга дард,
Қўшилади, ёр-ёр.

Қизу жувонлар ёр-ёр айтишди, Маллабой ўзича ўнга кирса ҳам сонга кирган бўлиб, қора қумғоннинг қорасини мўйлаб қилиб, қоракуя бармоқларини ёйиб роса ўйнади. Аёллар қотиб-қотиб кулишди, бир пайт отда Жовдот биргадирнинг яқин келиб қолганини билишди. Бу келибоқ сўкар деб, аёллар кўзини олиб қочиб буғдойпайкалга югургилади. Салим эса чўлоқ оёғига пайтава ўраёлмай шошиб қолди.

– Жим!.. – деди Салим ҳам тоғасига, кўрсаткич бармоғини тутиб, чақалоқларга имо қилиб, аслида эса ўзи сўкиш эшитиб қолишидан, бир қамчи еб қолишидан қўрқди.
– Ҳа жиян! Бу туришда мени жувонмарг қиласан-ов сен, сўкай десам… – деди Жовдот биргадир паст овозини баландлатиб, бир бешикка, бир Самадга қарар экан.
– Эй сен менинг овзимға урма! План бор, план!.. Каттадан катта кўп, замон бунақа бўлса, – деди отининг жиловини тортиб.
– Тушунаман, тоға…
– Эй! Сен ниманиям тушунардинг эси паст, анов Қулмат чолга айт, буғдой янчишга яна отини бермаса, ўлса ўлигиниям мозорга қўйдирмайман, лекин, – деди кўзлари баттар важоҳатдан ёниб, тишлари тегирмон тошидай ғичирлар экан. Сўнг оти йўртиб кетди, феълида, Салимниям ҳар гапи билан ўйиб, туртиб кетди.
– Эй!.. – деди Салим қўлларига тиралиб ўрнидан турар экан. – Сендай тоғаниям… донга тўйган хўроздай қип-қизариб… бу ердагилар буғдой бошоқдай эгилиб, тўкилиб бораётганини сен қайдан биласан?..

Салим ҳам оқсоқланиб хирмонга кетди. Яна шу куюктут унинг ғам куюгини англагандай икки гўдакни овутиб қолаверди.
Куюктутнинг бошидан қанча булутлар ўтди, қанча изғирин, қанча гармсел унинг-да бағрини эзиб кетди. У эса эридан “қора хат” олиб тул қолган аёлдек сукут сақлаб тураверди. Орадан беш йил ўтди, урушдан ким қайтди, ким қайтмади. Ҳар нега кўниб кўниккан эл элмасми, бировга кулиб, бировга лаънат айтмади.

Норсулувнинг “кўнгилли” бўлиб кетган эри эса дом-дараксиз кетди. Норсулув йиғлашини ҳам, кулишини ҳам билмай “кўнгилли” эрини кута-кута яшашдан кўнгли қолди. Фақатгина эндигина уч ёшдан ошиб, «Отинг нима?» – деган саволга, – «Муйоджон!» – дейдиган ўғлига овуниб энди бор муроди ўғли эканини англади.

Вақт ўтаверар экан, эркаклар қайтиб Жовдот биргадирнинг боши эгилди. Кимлиги фош бўлди, беваю бечоранинг ризқини егани ҳазм бўлмади. Одамларнинг айтишича ҳозир ичагининг бир кулоч ери чириб ўсал бўлиб ётган ерида, тегишган қизи ҳам онаси билан келиб мол-мулк даъво қилаётган эмиш. Эшитганлар: «Тавба, бедаводан яна нимани даъво қилишар экан», – дейишди.
Самат қора қўлтиқтаёқда келди, ҳозир сўкишларига яна сўкиш қўшилганмиш, фақат русча, хотини эса, – шу ўрисчани билмаганимга ҳам шукур, – дейди. Қора қизи улғайиб отасига парвона.

Элда гап кўп-да… Салим опқочиб уйланган эди, энди хотини эрини опқочганмиш… Эшитганлар «Салимам энасиникига кетипти», – дейишаяпти.

Бугун ҳам Норсулув қуш уйғонмай уйғонди. Бахмал жилдга – китобларнинг ёнига зоғоранон, ёнғоқ, майиз, туршак солди.
– Мени ўйлама, болам, қўни-қўшни, тоғаларинг бор. Сен ўқишинг керак, ўқиб одам бўлсанг, элга қўшилсанг дейман, – дедию йиғлаб юборди.

Муроджон онасини муродбахш кунларга қолдириб йўлга отланди. Катта шаҳарда онасининг айтишича, катта ўқишга – техникумга, кирган эмиш.
– Вой катта ўқишмиш, анов қишлоқдаги Солиҳ тунов кун шаҳарга борган экан, ўқишдаман деб Мурод бир қиз минан журиптиймиш, – деди аёллардан бири.
– Уят-ей, – деди яна эшитганлардан бири, – йўлидан озипти, отаси мундайчикин эмасди, энасига дард бўлмасайди, – деди яна биров. Норсулув унисиниям, бунисиниям эшитди.
– Ўзимдинг болам, йўлидан озмайди, ҳали ўқиб катта бўп кеса, одамлар бир тилини тишлаб қосин, – деди ўзича мийиғида кулиб, ички бир ишончи тантана қилиб. Мурод шунда ҳам ҳа деганда келавермади.
– Ўқишам осонмас-да, – деб далда берди у яна ўзига.

Норсулув туш кўрди, тушида Муроджон тинмай, «Эна, мендан рози бўлинг», – дер эмиш. Норсулув чўчиб уйғонди, уйғонса эшик тақиллар, тушими, ўнгими, нимага уйғонганини ўзи ҳам билмай, юраги ҳадик олди.
– Эй Худо, ярим кечаси келган хабардан қўрқаман, Муқаддам чечамикан ё?.. Ишқилиб биров ўтиб нетган бўмасин-да, – дедию токчадаги лампачироқнинг пилигини кўтариб, бошига рўмол ташлади.
– Ким?.. – овозлари қалтиради беихтиёр.
– Мен! Эна, Муродман! Очинг эшикни! – ташқаридан Муроднинг йигитларга хос залворли овози янгради.
– Вой болам! – эшикнинг занжири шиқирлади. Остонада она-бола қучоқ очиб кўришишди.
– Бир ўзим эмасман, эна! – Мурод орқасига ўгирилди.
– А?! – Норсулув энди гапга оғзини жуфтлаган ҳам эдики, хира чироқ ёруғида бошига катта рўмол ташлаган, қўлида тугун тутган бир қиз кўринди. Қош-кўзи пиликдай, қизнинг юзида табассуми балқиб, чироқ нуридан-да равшан нур таралгандай бўлди.
Мурод, қизга бир назар ташлаб, «энди бир кечага бизга жой берасиз-да, эна,» – деди. Норсулувнинг тили тутилди, ичига бир дард ютилди.
– Бир кеча нима, минг кечага жой бераман, – деди яна юраги қандайдир бир орзиқиш туйиб.
– Киравер, – Мурод яна қизга юзланди.
– Кираверинг, тортиниб ўтирманг, қизим.

Қиз бошқача илтифот кутгандек ҳадикда бўхчаси қўлида, секин девор тубига чўкди. Мурод онасининг ётган ўрнига ўзини таппа ташлаб, ёстиқдан онасининг ҳидини излаб соғинчдан юраги ҳаприқди.
– Мен… у-бу топиб келай бўлмаса, – сукутни тушуниксиз сукут мавҳ этгандай бўлди.
– Ҳеч нарса керакмас эна, тонг отсин, айтгандай бу келинингиз…
– Ўзимам…
– Санобар, тугунингни қўйсанг-чи, – Мурод ўзи етаклаб келган қизга яна ўзи термулиб завқланди.

Норсулув тугунга узаниб, ҳаммасини тушунгандай бўлди. Қиз ҳомиладор эди.
– Вой ўлмасам!.. Ҳа майли, отанг йўқ… айб ўзимдаям… – Норсулув унсиз йиғлади. Қиз бирдан тугунини кўтариб ўрнидан туриб қотиб қолди.
– Вой ўтиринг, қизим, қаёққа?.. Бошам, савдосиям ўзимизники, қаёққа борасиз… – бу сафар унинг овози меҳрли, самимий ва ялинчоқ эди.

Худо Норсулувга келин ҳам берди, сабр ҳам берди. Одамларнинг гапига ҳам қулоқ солмади. Негадир тил-забонсиз қолгандек, тилини ичига ютди. Кўнглига олмасин деб келинидан ҳам ҳеч нарса сўрамади . Келинини авайлади, минг йиллик ёлғизликни бошидан кечиргандек, бағри тўлганига шукур қилди. Муроднинг ўқиши чала қолса ҳам рўзғор ишларига берилганини кўриб, унинг юриш-туришида бедарак кетган эрининг дарагини кўргандай бўлди.

Кеч кириб ёмғир севалади.
– Мен ҳозир, тандирнинг оғзини ёпиб келай, – деди Норсулув.
– Мен ўзим, эна… – келин инграниб эшикдан чиқди. Норсулув жун титаётган жойида келинига хавотирли қараб қўйди.
– Э…на!.. – ташқарида зорланди келин.
– Ҳай, келин, – Норсулув ташқарига отилиб чиқди. Тандир эгнига суяниб дард чекаётган келинининг олдига етиб, ўчоқдай ўтириб қолди. – Ҳозир, ҳозир, айтиб қўйувдим, – Норсулув йиғлаб кулар эди.

Мурод ёмғирда ҳам ташқарида ўтирди, Норсулув ўғлининг елкасига пахтали чопонни ташлаб ўзи ҳам ёмғирда ўтирди. Норсулувнинг кўзидаги ёшини ёмғир ювар, ёмғирми, кўзёшми, ишқилиб ёғиб турди. Бир пайт ичкаридан чақалоқ йиғиси эшитилди.
Доя хотин:
– Ўғил! Ўғил экан, – деди негадир кўзи ерда, ўзи терда. Кечаси зулмат эди, тонг ёришди. Она-бола суйиб-суймалаб чақалоқнинг олдига боришди.

Норсулув келинининг йиғлаб ўтирганини кўриб, юраги сесканиб кетди, шошиб чақалоқни қўлига олди. Не кўз билан кўрсинки, чақалоқ оқ-оппоқ туғилган эди, сочию киприклари, ҳатто лаблари ҳам сутдек оппоқ.
Мурод ташқарига чиқиб сўкинди, Норсулув ташқарига чиқиб йиғлади.
– Бу нима, қарғишми?.. Йўқ, Салим оқсоқ ҳам опқочиб… А!..

Норсулув ичкарига югуриб кирди, келини яна ўша илк бора эшикдан кириб келганидагидек қайнонасининг важоҳатини кўриб ўрнидан туриб шошиб қолди.
– Кимнинг қизисиз, қизим?! Отанг, энанг ким, деб ҳам сўрамадим, лаънатлаб сўраяпти демасин дедим, ота-энангизни сўрашгаям тилим бормади.
– Отам…
– Отангиз… Салим оқсоқ эмасми?
Келин бош ирғаб “ҳа” деди-ю:
– Шундай дейишади, – деб қўйди.
– Онангиз-чи, Ойсанамми?
– Ҳа!..
– Вой мен ўлай, фалакнинг гардишини қара, ҳеч нарса бежавоб эмасакан… – Норсулув яна жимиб қолди.

Ташқарига чиққанида кўча бошида кимдир:
– Лампамой!.. Лампамой! Чироқмой… – деб бақирар эди.
Норсулув ичкари кириб, токчадан пул олар экан, келинига юзланди:
– Менга қўшша қарисаларинг бўгани, болангизни жони омон, сиз куйинманг, – деди.

Лампамой сотувчи эшагини тўхтатганида:
– Уч обжўш берсангиз бўлди менга, – деди. Буни кўриб атрофдагилар:
– Невара қуллуқ бўсин, майли кўпроқ осин, чақалоқ бор-да, чақалоқли уй, – дейишди.

Норсулув ичкари кириб лампачироққа лампамой солиб, пилигини ёқди, қолганини мис обдастага солиб, секин йўлга тушди. Юрганда ҳам секин юрди, лампачироқнинг олови ўчиб қолмасин, деди. Кўрганлар ёқа ушлади:
– Кун кўрмаган кун кўрса кундуз чироқ ёқади деганлари шу бўлса керак, – дейишди ўзларича. – Йўқ, шу кейинги пайтлар сал ақлидан адашган, улниям номусига қўйди, – деди яна кимдир.

Куюктут тутади, чўпонлар ҳайрон бўлди: «Ўзи куюктут бўлса, яна унга ким ўт қўйди экан?» – дейишди. Аммо, ёнаётган тут эмас эди…

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 3-сонидан олинди.

012

07
Dilorom Dilxoh
KUYUKTUT
Hikoya
021

Dilorom Dilxoh 1979 yilda Samarqand viloyatining Ishtixon tumanidagi Zarband qishlog’ida tug’ilgan. SamDUning San’atshunoslik fakul`tetini bitirgan. «Tonggi tilovat» nomli she’riy kitobi chop etilgan. Hozirda «Eko olam» gazetasida muxbir bo’lib ishlamoqda.

021

08chlikning azobi tutdi, har kim qo’li-qo’njiga ilashganini yutdi. Avval ko’kka yetdik deb ko’karganning barisini yeyishdi, keyin, seldrbosh ham qurib qopti, endi o’lmaymiz, deyishdi. Shunda ham arpa kaplab qancha odam shishib o’ldi. Tirik qolgani bug’doy pishig’iga yetgan bo’ldi.

Erman deganning bari urushda, kunimiz o’zimizga qoldi bu turishda, deb ayolman deganning barining oti o’roqchi bo’ldi.
– Birgad o’lsin, oy chiqsayam, kun chiqsayam shunga bo’sin ekan-da, – deb belini mahkam tugdi ayollar.
– Otasi volos bo’gan, o’gay otasining otiminan juripti bu juvonmarg, mardning maydoni u yerda, ayolman qolgan Jovdot birgadding joyi qaerda? – dedi ayollar.

Norsuluv qush uyg’onmay uyg’ondi, kechasi bilan quruq chandirni shimib yig’lab chiqqan go’dagiga boqib ichi yondi. Chorasizlikka chora topmoqchidek o’z-o’ziga so’zlandi:
– Or degani ustun keldi, bunda qolmoq o’lim bo’ldi. Otangam kech ketib, ketganigayam yildan oshdi, ulim. Ko’ngli bo’sh odam edi, ko’ngilchan edi, oxiri “ko’ngilli” bo’p ketdi. O’ziyam, har nega qo’l ursa chin pishig’i minan kirishardi, pashisttiyam iniga quvg’an bo’lsa kerak, kelganda oldiga jugurip chiqasan, – dedi dadillanib.

Dadil bo’lgani bilan bolasini ko’tarishga beli chidamadi. Katta bir bo’xchani bo’shatib, bolasini bola ko’targanga o’xshatib beliga tuydi. Muqaddam chechayam chiqqandir deb, teshikdan uvada choponni olib, qo’shnisiga ham qarab qo’ydi.

Ozib-to’zib qoq bo’lgan, eri ketib toq bo’lgan Muqaddam ham erganakdan osilib qo’shnisini chaqirdi, so’ng yana allaqachon yo’lga tushgan qiziga baqirdi, anov tosh olmaminan, ayrondanam ozgina oldingmi, dedi. Qizi ham o’n uchlarni qoralagan esli edi, Samat qoraning qizi emasmi, rangiyam qora tusli edi.
– Ha!.. Samat akam tushingizga kirdimi, azondan turib opsiz?.. – dedi Norsuluv bolasining boshidan tutib o’roqqa egilar ekan.
– Ey… qo’ysangiz-chi, nima qilamiz, bu kunlaram boshda borakan, bir so’kish kam-kamda, aynanay, – deb qo’shnisining qo’lidagi tugunchani oldi.

Banda yog’iy bo’lib boshga kulfat solgan bilan Xudo o’z marhamatini ayamadi, shu yili ariqlarda suv mo’l bo’lib, omoch shudgor qilgan bo’z adirlarda ham bug’doy yaxshi bo’ldi. Qishloqdan chiqa turib, ikki ayol elda tuyoq zoti qurib, mol ham dalaga haydalmay qo’yilgan bo’lsa-da hamon oti “Podajotoq” deb ataladigan joydan o’tib, to’g’ri bug’doy dala boshi – Kuyuktutga qarab ketishdi.

Kuyuktut shunday kuyuktut edi, Xudo suygan suyuk tut edi. Chaqmoq urgan gavdasi qulamagan, biron bad niyatli odam yo’lamagan. Ichi kuysayam ko’kargan tut, el bilan elning dardini ko’targan tut. Yomg’irdan pana, issiqda soya, charchab toliqqanga suyanchiq, misoli qoya. Belanchaklar osilsa alla aytgan, beva-bechoralar kuygan borki, unga qaytgan tut edi.

Hamma kuyuktutni qoralab jam bo’lgan vaqti, vaqti sahar edi. Birgadirning jiyani Salim oqsoq oqsoqlanib dedi: «Bugun bardammisiz, chechalar?..» Eriga ham boshini ko’tarib qaramagan ayollar, ko’zlari yerda, bosh irg’ab ha degan bo’ldi. Salim ham so’ragan bilan hammaning ahvoli ne ekanini bildi. Uyam… ko’p chatoq chiqdi, Oysanamni olib qochib xotin qilib shuni uqdi:
– Xotinning bari bir ekan, tillashsang senga tir ekan. Tuvg’ani shu bir qiz bo’ldi, yana tilagani biramas, o’namas, yuz bo’ldi, – dediyu xirmonjoyga ketdi. Kuyuktutdan odam arib, Norsuluv bolasiga imo qilib qo’shnisi Muqaddam bilan qiziga sekingina hozir, dediyu tutga suyanib yerga o’tirdi. Bovuridagi bo’xchani bo’shatib, yarim kaft tolqonni doka ro’molining uchiga lo’nda qilib go’dagining og’ziga soldi. Uyqudagi go’dagi onasini izlab qoldi. Tut soyada uxlaguncha o’g’lini “hiyo” ladi, bug’doypoyaga kech qolib borganiyam uyaladi. Yelbeshikka ham bir qarab qo’ydi: – Nima bo’lsayam Oysanamning qizi-da, oyparchaga o’xshaydi-yey, – dedi ichida. Norsuluv oyog’ining uchi bilan yurib ketdi, chekiga tushgan yerni ilg’ab, qolganiga yugurib yetdi.

Yana bir shoxi – qo’lida belanchak, etagida bir bola kuyuktut qoldi. Kuyuktutning tanasi o’yiq bir eshik bo’ldi. Past shoxida yel tebratgan beshik bo’ldi. Yelbeshikni yel tebratdi, shukur qilib o’z kunini el tebratdi.

Kun qiziganida ish ham qizidi, ro’moli qiyshayib o’roqchi ayollarning sochi to’zidi. Qiyani qiyalab o’rgan Norsuluvning ko’ziga qishloq qorayib ko’rindi. Eri yo’q, boshegasi yo’q, ko’ziga dunyo torayib ko’rindi. Tutamlagan bug’doyi qo’lida qoldi, Norsuluv atrofga nazar soldi.
– Muqaddam chechaning qora qizi hali yosh-da, orqada qopti, bechora kichkina bo’lsayam o’roq tutib rizqini topdi, – dedi. – Bolam! – dedi-yu, bola mehrini tuyib ketdi, ko’ylagi ho’l bo’lib, bilsa, ko’kragida suti iyib ketdi.
– Voy ulim! – o’roqni yerga tashladi, ko’zimas, ko’ksini yoshladi. Qulog’iga olis bo’lsa ham bola yig’isi eshitildi. Bu yig’i ovozini qulog’i emas, ko’ngli eshitganday bo’ldi. Kuyuktutga yetganida yig’lagan o’ziniki emasligini bildi. Yelbeshikka chopib bordi, bora solib ko’nglini yordi:
– Ey kuyuktutning ostida uxlagan oy qizim, girgittoning bo’lay o’zim, senu menga degan kunam bordir-da.
Oysanamning qizi ha deganda yig’lab ko’navermadi, ko’zidan yoshi tinavermadi. Norsuluv qizni oldi, olib etagiga soldi, qizni ovutdi:
– Sen manov bo’xchani qara, – dedi, bo’xcha ichida uxlab terga tushib yotgan o’z o’g’liga imo qilib:
– Tolqondi tollisiminan ko’zini ochmaydi, otasining uli-da, qizding yig’isigayam uchmaydi, – dedi atrofga nazar tashlab.

Oysanamning qorasi ko’rinmadi, qora qumg’onning osti tutab yotar, tut ostiga kim kelib kim ketgani ham bilinmas edi. Uyg’otib emizay desa, o’g’li uyquda bo’ldi, yig’langanni ovutmoqni qiyin bildi.
– Kele…y qizim, enang bilib jotirma, otang gumon qilib jotirma, – deb ena ko’ksini qizga tutdi.

Qizam ena ayirmadi, ema turib biram burnini jiyirmadi. Bir ko’krakni qoqalab bo’ldi, yot enada uxlab bo’ldi. – Aytmayman, – deb qizni yelbeshikka soldi, so’ng o’z o’g’lini qo’liga oldi. Tolqonni og’zidan olib ko’kragini soldi. U ham uyqusida tolqon emas, ko’krak so’rdi, ko’zini ochib oyoqlarini tirab ko’rdi. Kuyuktutda issiqdan qochib chumchuqlar soyaladi, Norsuluv o’g’lini yana “hiyo”ladi. Yana ishiga chopdi, ko’kragi bo’shab halovat topdi. Yopiq qozon yopiqligicha qoldi…

Peshinda ayollar yana kuyuktutning ostiga qaytishdi, o’zlaricha yigiti yo’q qizlarga hazil qilib qo’shiq aytishdi:

Kuyov to’nlar qaviysan,
Yoring qani, yor-yor,
Jo’qdi jo’qlab chiqqani,
Boring qani, yor-yor.

Bir va’dasi bormidi,
Ko’zing jo’lda, yor-yor,
Erman degan olisda,
O’zing jo’lda, yor-yor.

O’roq tutsang bug’doying,
Eshiladi, yor-yor.
Aytmay desang dardga dard,
Qo’shiladi, yor-yor.

Qizu juvonlar yor-yor aytishdi, Mallaboy o’zicha o’nga kirsa ham songa kirgan bo’lib, qora qumg’onning
qorasini mo’ylab qilib, qorakuya barmoqlarini yoyib rosa o’ynadi. Ayollar qotib-qotib kulishdi, bir payt otda Jovdot birgadirning yaqin kelib qolganini bilishdi. Bu keliboq so’kar deb, ayollar ko’zini olib qochib bug’doypaykalga yugurgiladi. Salim esa cho’loq oyog’iga paytava o’rayolmay shoshib qoldi.

– Jim!.. – dedi Salim ham tog’asiga, ko’rsatkich barmog’ini tutib, chaqaloqlarga imo qilib, aslida esa o’zi so’kish eshitib qolishidan, bir qamchi yeb qolishidan qo’rqdi.
– Ha jiyan! Bu turishda meni juvonmarg qilasan-ov sen, so’kay desam… – dedi Jovdot birgadir past ovozini balandlatib, bir beshikka, bir Samadga qarar ekan.
– Ey sen mening ovzimg’a urma! Plan bor, plan!.. Kattadan katta ko’p, zamon bunaqa bo’lsa, – dedi otining jilovini tortib.
– Tushunaman, tog’a…
– Ey! Sen nimaniyam tushunarding esi past, anov Qulmat cholga ayt, bug’doy yanchishga yana otini bermasa, o’lsa o’liginiyam mozorga qo’ydirmayman, lekin, – dedi ko’zlari battar vajohatdan yonib, tishlari tegirmon toshiday g’ichirlar ekan. So’ng oti yo’rtib ketdi, fe’lida, Salimniyam har gapi bilan o’yib, turtib ketdi.
– Ey!.. – dedi Salim qo’llariga tiralib o’rnidan turar ekan. – Senday tog’aniyam… donga to’ygan xo’rozday qip-qizarib… bu yerdagilar bug’doy boshoqday egilib, to’kilib borayotganini sen qaydan bilasan?..

Salim ham oqsoqlanib xirmonga ketdi. Yana shu kuyuktut uning g’am kuyugini anglaganday ikki go’dakni ovutib qolaverdi.
Kuyuktutning boshidan qancha bulutlar o’tdi, qancha izg’irin, qancha garmsel uning-da bag’rini ezib ketdi. U esa eridan “qora xat” olib tul qolgan ayoldek sukut saqlab turaverdi. Oradan besh yil o’tdi, urushdan kim qaytdi, kim qaytmadi. Har nega ko’nib ko’nikkan el elmasmi, birovga kulib, birovga la’nat aytmadi.

Norsuluvning “ko’ngilli” bo’lib ketgan eri esa dom-daraksiz ketdi. Norsuluv yig’lashini ham, kulishini ham bilmay “ko’ngilli” erini kuta-kuta yashashdan ko’ngli qoldi. Faqatgina endigina uch yoshdan oshib, «Oting nima?» – degan savolga, – «Muyodjon!» – deydigan o’g’liga ovunib endi bor murodi o’g’li ekanini angladi.

Vaqt o’taverar ekan, erkaklar qaytib Jovdot birgadirning boshi egildi. Kimligi fosh bo’ldi, bevayu bechoraning rizqini yegani hazm bo’lmadi. Odamlarning aytishicha hozir ichagining bir kuloch yeri chirib o’sal bo’lib yotgan yerida, tegishgan qizi ham onasi bilan kelib mol-mulk da’vo qilayotgan emish. Eshitganlar: «Tavba, bedavodan yana nimani da’vo qilishar ekan», – deyishdi.
Samat qora qo’ltiqtayoqda keldi, hozir so’kishlariga yana so’kish qo’shilganmish, faqat ruscha, xotini esa, – shu o’rischani bilmaganimga ham shukur, – deydi. Qora qizi ulg’ayib otasiga parvona.

Elda gap ko’p-da… Salim opqochib uylangan edi, endi xotini erini opqochganmish… Eshitganlar «Salimam enasinikiga ketipti», – deyishayapti.

Bugun ham Norsuluv qush uyg’onmay uyg’ondi. Baxmal jildga – kitoblarning yoniga zog’oranon, yong’oq, mayiz, turshak soldi.
– Meni o’ylama, bolam, qo’ni-qo’shni, tog’alaring bor. Sen o’qishing kerak, o’qib odam bo’lsang, elga qo’shilsang deyman, – dediyu yig’lab yubordi.

Murodjon onasini murodbaxsh kunlarga qoldirib yo’lga otlandi. Katta shaharda onasining aytishicha, katta o’qishga – texnikumga, kirgan emish.
– Voy katta o’qishmish, anov qishloqdagi Solih tunov kun shaharga borgan ekan, o’qishdaman deb Murod bir qiz minan juriptiymish, – dedi ayollardan biri.
– Uyat-yey, – dedi yana eshitganlardan biri, – yo’lidan ozipti, otasi mundaychikin emasdi, enasiga dard bo’lmasaydi, – dedi yana birov. Norsuluv unisiniyam, bunisiniyam eshitdi.
– O’zimding bolam, yo’lidan ozmaydi, hali o’qib katta bo’p kesa, odamlar bir tilini tishlab qosin, – dedi o’zicha miyig’ida kulib, ichki bir ishonchi tantana qilib. Murod shunda ham ha deganda kelavermadi.
– O’qisham osonmas-da, – deb dalda berdi u yana o’ziga.

Norsuluv tush ko’rdi, tushida Murodjon tinmay, «Ena, mendan rozi bo’ling», – der emish. Norsuluv cho’chib uyg’ondi, uyg’onsa eshik taqillar, tushimi, o’ngimi, nimaga uyg’onganini o’zi ham bilmay, yuragi hadik oldi.
– Ey Xudo, yarim kechasi kelgan xabardan qo’rqaman, Muqaddam chechamikan yo?.. Ishqilib birov o’tib netgan bo’masin-da, – dediyu tokchadagi lampachiroqning piligini ko’tarib, boshiga ro’mol tashladi.
– Kim?.. – ovozlari qaltiradi beixtiyor.
– Men! Ena, Murodman! Oching eshikni! – tashqaridan Murodning yigitlarga xos zalvorli ovozi yangradi.
– Voy bolam! – eshikning zanjiri shiqirladi. Ostonada ona-bola quchoq ochib ko’rishishdi.
– Bir o’zim emasman, ena! – Murod orqasiga o’girildi.
– A?! – Norsuluv endi gapga og’zini juftlagan ham ediki, xira chiroq yorug’ida boshiga katta ro’mol tashlagan, qo’lida tugun tutgan bir qiz ko’rindi. Qosh-ko’zi pilikday, qizning yuzida tabassumi balqib, chiroq nuridan-da ravshan nur taralganday bo’ldi.
Murod, qizga bir nazar tashlab, «endi bir kechaga bizga joy berasiz-da, ena,» – dedi. Norsuluvning tili tutildi, ichiga bir dard yutildi.
– Bir kecha nima, ming kechaga joy beraman, – dedi yana yuragi qandaydir bir orziqish tuyib.
– Kiraver, – Murod yana qizga yuzlandi.
– Kiravering, tortinib o’tirmang, qizim.

Qiz boshqacha iltifot kutgandek hadikda bo’xchasi qo’lida, sekin devor tubiga cho’kdi. Murod onasining yotgan o’rniga o’zini tappa tashlab, yostiqdan onasining hidini izlab sog’inchdan yuragi hapriqdi.
– Men… u-bu topib kelay bo’lmasa, – sukutni tushuniksiz sukut mavh etganday bo’ldi.
– Hech narsa kerakmas ena, tong otsin, aytganday bu keliningiz…
– O’zimam…
– Sanobar, tuguningni qo’ysang-chi, – Murod o’zi yetaklab kelgan qizga yana o’zi termulib zavqlandi.

Norsuluv tugunga uzanib, hammasini tushunganday bo’ldi. Qiz homilador edi.
– Voy o’lmasam!.. Ha mayli, otang yo’q… ayb o’zimdayam… – Norsuluv unsiz yig’ladi. Qiz birdan tugunini ko’tarib o’rnidan turib qotib qoldi.
– Voy o’tiring, qizim, qayoqqa?.. Bosham, savdosiyam o’zimizniki, qayoqqa borasiz… – bu safar uning ovozi mehrli, samimiy va yalinchoq
edi.

Xudo Norsuluvga kelin ham berdi, sabr ham berdi. Odamlarning gapiga ham quloq solmadi. Negadir
til-zabonsiz qolgandek, tilini ichiga yutdi. Ko’ngliga olmasin deb kelinidan ham hech narsa so’ramadi . Kelinini avayladi, ming yillik yolg’izlikni boshidan kechirgandek, bag’ri to’lganiga shukur qildi. Murodning o’qishi chala qolsa ham ro’zg’or ishlariga berilganini ko’rib, uning yurish-turishida bedarak ketgan erining daragini ko’rganday bo’ldi.

Kech kirib yomg’ir sevaladi.
– Men hozir, tandirning og’zini yopib kelay, – dedi Norsuluv.
– Men o’zim, ena… – kelin ingranib eshikdan chiqdi. Norsuluv jun titayotgan joyida keliniga xavotirli qarab qo’ydi.
– E…na!.. – tashqarida zorlandi kelin.
– Hay, kelin, – Norsuluv tashqariga otilib chiqdi. Tandir egniga suyanib dard chekayotgan kelinining oldiga yetib, o’choqday o’tirib qoldi. – Hozir, hozir, aytib qo’yuvdim, – Norsuluv yig’lab kular edi.

Murod yomg’irda ham tashqarida o’tirdi, Norsuluv o’g’lining yelkasiga paxtali choponni tashlab o’zi ham
yomg’irda o’tirdi. Norsuluvning ko’zidagi yoshini yomg’ir yuvar, yomg’irmi, ko’zyoshmi, ishqilib yog’ib turdi. Bir payt ichkaridan chaqaloq yig’isi eshitildi.

Doya xotin:
– O’g’il! O’g’il ekan, – dedi negadir ko’zi yerda, o’zi terda. Kechasi zulmat edi, tong yorishdi. Ona-bola suyib-suymalab chaqaloqning oldiga borishdi.

Norsuluv kelinining yig’lab o’tirganini ko’rib, yuragi seskanib ketdi, shoshib chaqaloqni qo’liga oldi. Ne ko’z bilan ko’rsinki, chaqaloq oq-oppoq tug’ilgan edi, sochiyu kipriklari, hatto lablari ham sutdek oppoq.
Murod tashqariga chiqib so’kindi, Norsuluv tashqariga chiqib yig’ladi.
– Bu nima, qarg’ishmi?.. Yo’q, Salim oqsoq ham opqochib… A!..

Norsuluv ichkariga yugurib kirdi, kelini yana o’sha ilk bora eshikdan kirib kelganidagidek qaynonasining vajohatini ko’rib o’rnidan turib shoshib qoldi.
– Kimning qizisiz, qizim?! Otang, enang kim, deb ham so’ramadim, la’natlab so’rayapti demasin dedim, ota-enangizni so’rashgayam tilim bormadi.
– Otam…
– Otangiz… Salim oqsoq emasmi?
Kelin bosh irg’ab “ha” dedi-yu:
– Shunday deyishadi, – deb qo’ydi.
– Onangiz-chi, Oysanammi?
– Ha!..
– Voy men o’lay, falakning gardishini qara, hech narsa bejavob emasakan… – Norsuluv yana jimib qoldi.

Tashqariga chiqqanida ko’cha boshida kimdir:
– Lampamoy!.. Lampamoy! Chiroqmoy… – deb baqirar edi.
Norsuluv ichkari kirib, tokchadan pul olar ekan, keliniga yuzlandi:
– Menga qo’shsha qarisalaring bo’gani, bolangizni joni omon, siz kuyinmang, – dedi.

Lampamoy sotuvchi eshagini to’xtatganida:
– Uch objo’sh bersangiz bo’ldi menga, – dedi. Buni ko’rib atrofdagilar:
– Nevara qulluq bo’sin, mayli ko’proq osin, chaqaloq bor-da, chaqaloqli uy, – deyishdi.

Norsuluv ichkari kirib lampachiroqqa lampamoy solib, piligini yoqdi, qolganini mis obdastaga solib, sekin yo’lga tushdi. Yurganda ham sekin yurdi, lampachiroqning olovi o’chib qolmasin, dedi. Ko’rganlar yoqa ushladi:
– Kun ko’rmagan kun ko’rsa kunduz chiroq yoqadi deganlari shu bo’lsa kerak, – deyishdi o’zlaricha. – Yo’q, shu keyingi paytlar sal aqlidan adashgan, ulniyam nomusiga qo’ydi, – dedi yana kimdir.

Kuyuktut tutadi, cho’ponlar hayron bo’ldi: «O’zi kuyuktut bo’lsa, yana unga kim o’t qo’ydi ekan?» – deyishdi. Ammo, yonayotgan tut emas edi…

«Yoshlik» jurnalining 2012 yil 3-sonidan olindi.

012

(Tashriflar: umumiy 282, bugungi 1)

Izoh qoldiring