Elyor Murod. Bahorimdan bir sevgi qolar…

055   Бир неча кун олдин таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст билан ёш ижодкорлар даврасида бўлдик. Анъанага биноан ҳар сафар даврадошларнинг бири — носир бўлса ҳикоясини, шоир бўлса шеърларини ўқиб берарккан. Кейин эса  муҳокама бошланаркан. Ўша куни  шоир Элёр Муроднинг навбати экан. Шоир ҳақидаги қисқача маълумотномада ёзилишича, у 1988 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини битирган. Шу пайтгача иккита шеърий тўплами ҳам нашр этилган.

    Элёр шеърларини қойил қилиб ўқиб берди. Муҳокама бошида даврадошлардан бири ҳазиломуз таъкидлади: «Элёрнинг шеърларини эшитганда ҳозиргина қоғозда ўқиган шеъринг ҳақидаги тасаввурларинг ўзгариб кетади. У аслида қоғоз китоб эмас, аудиокитоб чиқариши керак».

  Шоир шеърларининг муҳокамаси тез ва қизғин ўтди. Икки кундан кейин уйда «Ёшлик» журналининг янги 5-сони варақлаб ўтирсам, Элёрнинг бир туркум шеърлари босилганини кўрдим. Уларни ўқир эканман, қулоғим остида шоирнинг ўша кунги жўшқин овози янграб тургандек бўлди. Бугун ўша шеърларни сизга тақдим этар эканман, Элёрга ижодий муваффақиятлар тилаб қоламан.

Хуршид Даврон

09
Элёр МУРОД

БАҲОРИМДАН БИР СЕВГИ ҚОЛАР
Шеърлар
066

* * *
014
Япроқ шитирлайди, увиллар шамол,
Қовоғи солиниб бўзраяди кўк.
Ярим юрагимни сиққандан кўра,
Булут, ҳасратингни бошим узра тўк!

Менинг кўз ёшимдек томчилар ёмғир,
Увалиб кетади дилдаги ғубор.
Минг йиллик тутқундан озод асирдек
Томчи, бахтлиман деб бақириб юбор!

Шунда ярим кўнглим бутун бўлади,
Шунда мени ташлаб кетади ғашлик.
Шунда армонларим бир-бир ўлади,
Шунда бахтлиман деб ҳайқирар ёшлик.

* * *

Ёмғирларга юзини ювди,
Пойдеворга ёпишган уйлар.
Ёмғир дилдан кирларни қувди,
Ва покланди уйлардек ўйлар.

Кўзларини юмди япроқлар,
Новдаларга маҳкам ёпишди.
Барглардаги сон минг титроқлар,
Бир-бирлари билан топишди.

* * *

Ёмғир ёғса қандай ёқимли,
Япроқларнинг кўзида қувонч.
Мен топширдим ёлғиз жонимни,
Новдаларга билдириб ишонч.

Ёмғир ёғса қандай ёқимли,
Тупроқларнинг ҳидига тўйсанг.
Яқинлашган сўнгги онингни,
Сўнгги нафас лаззатин туйсанг.

Ёмғир ёғса қандай ёқимли,
Армонларга қамчи бўлолсам.
Бу дунёда мен ҳам севимли,
Ёғаётган томчи бўлолсам.

СЕВГИ

Кўзларимдан ёш оқса сим-сим,
Қалбим тўлса аламга лим-лим,
Мени йўқлаб келмаса ҳеч ким,
Ҳаётимдан бир севги қолар.

Деворларга тираб юзимни,
Сўнгра айтсам сўнгги сўзимни,
Ва қарғасам яна ўзимни,
Баётимдан бир севги қолар.

Жавдирайди нигоҳим — тупроқ,
Мен яшасам мўлжалдан кўпроқ,
Хазон бўлса дилдаги япроқ,
Баҳоримдан бир севги қолар.

Ҳижрон ўсса адирларимда,
Висол унмас абрларимда,
Туйғу ётса қабрларимда,
Юрагимдан бир севги қолар.

* * *

Сен дарёдай тўлиб келдинг,
Қирғоқ бўлдим.
Бойчечакдек кулиб келдинг,
Бир тоғ бўлдим.

Минг тун ичра юлдуз бўлдинг,
Осмон бўлдим.
Борлиқ аро бир куз бўлдинг,
Хазон бўлдим.

Кўк юзида булут бўлдинг,
Ёмғир бўлдим.
Ҳаёт аро унут бўлдинг,
Хотир бўлдим.

Мени ташлаб кетдинг ўзинг,
Сабр бўлдим.
Умринг тугаб юмдинг кўзинг,
Қабр бўлдим.

* * *

Соғинасан. Келасан, бир куни албат.
Мен-чи, юлдузларга етган бўламан.
Кутасан-кутасан… кўксингда нафрат,
Шамолга айланиб кетган бўламан.

Пешона урасан тоғу тошларга,
Булоқ сувларига қўшилар ёшинг.
Йўлда қора берган турли бошларга
Энтикиб қарайсан тугаб бардошинг.

Уйқусиз тунларни оқлаб чиқасан,
Ётасан — мен йўқман, турасан — мен йўқ.
Саҳарлаб қуёшни йўқлаб чиқасан,
Осмонга қарайсан… кўрасан, мен йўқ.

Илон из йўллардан кетдинг яланг тўш,
— Сенсиз бу дунёни нетаман, — дединг.
Охири чарчадинг. Зериктирди туш,
Секин пичирладинг:
— Кетаман, — дединг.

* * *

Мен тунлардан ўзим ўзаман,
Тўкилар юлдузлар пойимга.
Охири ўзимдан безаман,
Бош эгиб кираман уйимга.

Эртаклар уч йўлга чорлайди.
Бораман мен борса келмасдан.
Кўнглимда бир умид порлайди,
Тошаман мен бугун тўлмасдан.

Сабрга сингади вужудим,
Соғинчга суянар сўзларим.
Қидириб юрибди ўзимни,
Тунларни ёритган кўзларим.

* * *

Тун — бежирим қоп-қора либос,
Юлдузлар кўк безакларидир.
Ой кўринмас, ой қайда қолди?
Ой — севгининг тилакларидир.

Ой кўринмас, ой қайда қолди?
Кўзларимдан қочиб охири
Юрагимга беркиниб олди.

* * *

Сукунатга синггади борлиқ,
Жим ялтирар кўкда юлдузлар.
Ой сақовдир, тиллари боғлиқ,
Ҳаволарда кезмайди сўзлар.

Ҳатто чиқилламайди соат,
Бир нуқтада тўхтаган миллар.
Япроқларнинг кўзида тоқат,
Тўхтаб қолар оқсоқол йиллар.

Суянмасдан симёғочларга
Менга қараб турар эди Ер.
Чой тўкилган оқ қоғозларга
Юрагимдан тўкиларди шеьр.

Манба: «Ёшлик» журнали 2015/05

ДАВРАДА ЎҚИЛГАН ШЕЪРЛАРДАН
033

***

Оқ саллали тоғлар, оқ соч адирлар,
Қўл силтаб қолади, елар машинам.
Ҳар тонг тандирида ёпиб патирлар,
Менинг йўлларимни пойлайди онам.

Мен эса шаҳарнинг қоқ ўртасида,
Бетонлар титаман… топилмайди шеър.
Тунга етиб бориб топширади жон,
Трамвай остида қолиб кетган ер.

Эртаксиз ухлашга охир кўникдим,
Ҳижронга ўргандим севгисиз қолиб.
Тузалмас касалга бориб йўлиқдим,
Қишлоққа йўл олдим бошимни олиб.

Қишлоқ тупроғига юзимни босиб,
Йиғладим бир нафас қучиб адирни.
Онамнинг бўйнига қўлларим осиб,
Ҳидладим тандирдан чиққан патирни.

Қутилгандек бўлдим буткул баридан,
Гул тутиб қуёшдан олдин саҳарга.
Эртаси жимгина онам бағридан,
Йўл олдим кўз ёшим артиб шаҳарга.

МУВОЗАНАТ

Қор кўксини кечиб борар из,
Совуқ танда қисилади руҳ.
Нигоҳ боқиб қолади олис,
Из остидан отилади уҳ.

Теракларнинг маржони қуёш,
Муаллақда сузади булут.
Сумалакнинг кўзларида ёш,
Майсалаларнинг қўшиғи унут.

Ҳечсизликка йўқолган каби.
Аёз ичра сирғанар товуш.
Гўё қотил, жон олган каби,
Айбдордек турарди ковуш.

Уй тўрида дам олар чарчоқ,
Печкасиз уй кўкка тикар кўз.
Муз тан билан ҳилпирар байроқ,
Гапиролмас музлаб қолган сўз.

Шамоллаган мўри йўталар,
Ёпилади оҳиста эшик.
Милярд йиллик келин ҳайдалар,
Ғижирлайди боласиз бешик.

Чорасизлик келгандек ғолиб,
Қор кўксида тўхтаб қолар тин.
Бешигига баҳорни солиб,
Тебратади ҳайдалган келин.

***

Ёмғир ювган қирларимда лолаларим ўсган ер,
Мойчечакдек тупроқларда далаларим ўсган ер.
Момоларим урчуғида чир айланар бу дунё,
Боласини дуо қилиб, боболарим ётган ер.

Ҳайр ёғар ойдин нурли кўчаларим ёдимда,
Ўлан айтар қиз бўлгувчи чечаларим ёдимда.
От чоптирган тоғаларим ор талашиб ўтмоқда,
Акаларим кураш тушган кечаларим ёдимда.

Ишқ тебранди вақти келиб насимларга эргашдим,
Ҳижрон унди дилим аро назмларга эргашдим.
Фақат мангу яшайдиган ватанимни унутиб,
Қайғу ўлган, шодлик тирик базмларга эргашдим.

Булоқ юрган адирларда кўзим оқди, оймомо,
Икки зовнинг орасида сўзим оқди, оймомо.
Энажоним қора сочи оқ бўлди йўлим пойлаб,
Эх, кимларнинг кўчасига йўлим оқди , оймомо.

Ёмғир ювган қирларимда лолаларим ўсган ер,
Мойчечакдек тупроқларда далаларим ўсган ер.
Момоларим урчуғида чир айланар бу дунё,
Боласини дуо қилиб, боболарим ётган ер.

066

Kuni-kecha taniqli yozuvchi Murod Muhammad Do’st bilan yosh ijodkorlar davrasida bo’ldik. An’anaga binoan har safar davradoshlarning biri — nosir bo’lsa hikoyasini, shoir bo’lsa she’rlarini o’qir ekan. Keyin muhokama boshlanarkan. O’sha kuni navbat shoir Elyor Murodga yetgan ekan.Shoir 1988 yilda Surxondaryo viloyatida tug’ilgan, O’zbekiston davlat san’at va madaniyat institutini bitirgan ekan. Shu paytgacha ikkita she’riy to’plami ham nashr etilgan. Elyor she’rlarini qoyil qilib o’qib berdi. Muhokama boshida davradoshlardan biri hazilomuz ta’kidladi: «Elyorning she’rlarini eshitganda hozirgina qog’ozda o’qigan she’ring haqidagi tasavvurlaring o’zgarib ketadi. U aslida qog’oz kitob emas, audiokitob chiqarishi kerak».

Shoir she’rlarining muhokamasi tez va qizg’in o’tdi. Ikki kundan keyin uyda «Yoshlik» jurnalining yangi 5-soni varaqlab o’tirsam, Elyorning bir turkum she’rlari bosilganini ko’rdim. Ularni o’qir ekanman, qulog’im ostida shoirning o’sha kungi jo’shqin ovozi yangrab turgandek bo’ldi. Bugun o’sha she’rlarni sizga taqdim etar ekanman, Elyorga ijodiy muvaffaqiyatlar tilab qolaman.

Xurshid Davron

09
Elyor MUROD

BAHORIMDAN BIR SEVGI QOLAR
She’rlar
066

* * *

Yaproq shitirlaydi, uvillar shamol,
Qovog’i solinib bo’zrayadi ko’k.
Yarim yuragimni siqqandan ko’ra,
Bulut, hasratingni boshim uzra to’k!

Mening ko’z yoshimdek tomchilar yomg’ir,
Uvalib ketadi dildagi g’ubor.
Ming yillik tutqundan ozod asirdek
Tomchi, baxtliman deb baqirib yubor!

Shunda yarim ko’nglim butun bo’ladi,
Shunda meni tashlab ketadi g’ashlik.
Shunda armonlarim bir-bir o’ladi,
Shunda baxtliman deb hayqirar yoshlik.

* * *

030

Yomg’irlarga yuzini yuvdi,
Poydevorga yopishgan uylar.
Yomg’ir dildan kirlarni quvdi,
Va poklandi uylardek o’ylar.

Ko’zlarini yumdi yaproqlar,
Novdalarga mahkam yopishdi.
Barglardagi son ming titroqlar,
Bir-birlari bilan topishdi.

* * *

Yomg’ir yog’sa qanday yoqimli,
Yaproqlarning ko’zida quvonch.
Men topshirdim yolg’iz jonimni,
Novdalarga bildirib ishonch.

Yomg’ir yog’sa qanday yoqimli,
Tuproqlarning hidiga to’ysang.
Yaqinlashgan so’nggi oningni,
So’nggi nafas lazzatin tuysang.

Yomg’ir yog’sa qanday yoqimli,
Armonlarga qamchi bo’lolsam.
Bu dunyoda men ham sevimli,
Yog’ayotgan tomchi bo’lolsam.

SEVGI

Ko’zlarimdan yosh oqsa sim-sim,
Qalbim to’lsa alamga lim-lim,
Meni yo’qlab kelmasa hech kim,
Hayotimdan bir sevgi qolar.

Devorlarga tirab yuzimni,
So’ngra aytsam so’nggi so’zimni,
Va qarg’asam yana o’zimni,
Bayotimdan bir sevgi qolar.

Javdiraydi nigohim — tuproq,
Men yashasam mo’ljaldan ko’proq,
Xazon bo’lsa dildagi yaproq,
Bahorimdan bir sevgi qolar.

Hijron o’ssa adirlarimda,
Visol unmas abrlarimda,
Tuyg’u yotsa qabrlarimda,
Yuragimdan bir sevgi qolar.

* * *

Sen daryoday to’lib kelding,
Qirg’oq bo’ldim.
Boychechakdek kulib kelding,
Bir tog’ bo’ldim.

Ming tun ichra yulduz bo’lding,
Osmon bo’ldim.
Borliq aro bir kuz bo’lding,
Xazon bo’ldim.

Ko’k yuzida bulut bo’lding,
Yomg’ir bo’ldim.
Hayot aro unut bo’lding,
Xotir bo’ldim.

Meni tashlab ketding o’zing,
Sabr bo’ldim.
Umring tugab yumding ko’zing,
Qabr bo’ldim.

* * *

Sog’inasan. Kelasan, bir kuni albat.
Men-chi, yulduzlarga yetgan bo’laman.
Kutasan-kutasan… ko’ksingda nafrat,
Shamolga aylanib ketgan bo’laman.

Peshona urasan tog’u toshlarga,
Buloq suvlariga qo’shilar yoshing.
Yo’lda qora bergan turli boshlarga
Entikib qaraysan tugab bardoshing.

Uyqusiz tunlarni oqlab chiqasan,
Yotasan — men yo’qman, turasan — men yo’q.
Saharlab quyoshni yo’qlab chiqasan,
Osmonga qaraysan… ko’rasan, men yo’q.

Ilon iz yo’llardan ketding yalang to’sh,
— Sensiz bu dunyoni netaman, — deding.
Oxiri charchading. Zeriktirdi tush,
Sekin pichirlading:
— Ketaman, — deding.

* * *

Men tunlardan o’zim o’zaman,
To’kilar yulduzlar poyimga.
Oxiri o’zimdan bezaman,
Bosh egib kiraman uyimga.

Ertaklar uch yo’lga chorlaydi.
Boraman men borsa kelmasdan.
Ko’nglimda bir umid porlaydi,
Toshaman men bugun to’lmasdan.

Sabrga singadi vujudim,
Sog’inchga suyanar so’zlarim.
Qidirib yuribdi o’zimni,
Tunlarni yoritgan ko’zlarim.

* * *

Tun — bejirim qop-qora libos,
Yulduzlar ko’k bezaklaridir.
Oy ko’rinmas, oy qayda qoldi?
Oy — sevgining tilaklaridir.

Oy ko’rinmas, oy qayda qoldi?
Ko’zlarimdan qochib oxiri
Yuragimga berkinib oldi.

* * *

Sukunatga singgadi borliq,
Jim yaltirar ko’kda yulduzlar.
Oy saqovdir, tillari bog’liq,
Havolarda kezmaydi so’zlar.

Hatto chiqillamaydi soat,
Bir nuqtada to’xtagan millar.
Yaproqlarning ko’zida toqat,
To’xtab qolar oqsoqol yillar.

Suyanmasdan simyog’ochlarga
Menga qarab turar edi Yer.
Choy to’kilgan oq qog’ozlarga
Yuragimdan to’kilardi she`r.

Manba: «Yoshlik» jurnali 2015/05

DAVRADA O’QILGAN SHE’RLARDAN
033

***

Oq sallali tog’lar, oq soch adirlar,
Qo’l siltab qoladi, yelar mashinam.
Har tong tandirida yopib patirlar,
Mening yo’llarimni poylaydi onam.

Men esa shaharning qoq o’rtasida,
Betonlar titaman… topilmaydi she’r.
Tunga yetib borib topshiradi jon,
Tramvay ostida qolib ketgan yer.

Ertaksiz uxlashga oxir ko’nikdim,
Hijronga o’rgandim sevgisiz qolib.
Tuzalmas kasalga borib yo’liqdim,
Qishloqqa yo’l oldim boshimni olib.

Qishloq tuprog’iga yuzimni bosib,
Yig’ladim bir nafas quchib adirni.
Onamning bo’yniga qo’llarim osib,
Hidladim tandirdan chiqqan patirni.

Qutilgandek bo’ldim butkul baridan,
Gul tutib quyoshdan oldin saharga.
Ertasi jimgina onam bag’ridan,
Yo’l oldim ko’z yoshim artib shaharga.

MUVOZANAT

Qor ko’ksini kechib borar iz,
Sovuq tanda qisiladi ruh.
Nigoh boqib qoladi olis,
Iz ostidan otiladi uh.

Teraklarning marjoni quyosh,
Muallaqda suzadi bulut.
Sumalakning ko’zlarida yosh,
Maysalalarning qo’shig’i unut.

Hechsizlikka yo’qolgan kabi.
Ayoz ichra sirg’anar tovush.
Go’yo qotil, jon olgan kabi,
Aybdordek turardi kovush.

Uy to’rida dam olar charchoq,
Pechkasiz uy ko’kka tikar ko’z.
Muz tan bilan hilpirar bayroq,
Gapirolmas muzlab qolgan so’z.

Shamollagan mo’ri yo’talar,
Yopiladi ohista eshik.
Milyard yillik kelin haydalar,
G’ijirlaydi bolasiz beshik.

Chorasizlik kelgandek g’olib,
Qor ko’ksida to’xtab qolar tin.
Beshigiga bahorni solib,
Tebratadi haydalgan kelin.

***

Yomg’ir yuvgan qirlarimda lolalarim o’sgan yer,
Moychechakdek tuproqlarda dalalarim o’sgan yer.
Momolarim urchug’ida chir aylanar bu dunyo,
Bolasini duo qilib, bobolarim yotgan yer.

Hayr yog’ar oydin nurli ko’chalarim yodimda,
O’lan aytar qiz bo’lguvchi chechalarim yodimda.
Ot choptirgan tog’alarim or talashib o’tmoqda,
Akalarim kurash tushgan kechalarim yodimda.

Ishq tebrandi vaqti kelib nasimlarga ergashdim,
Hijron undi dilim aro nazmlarga ergashdim.
Faqat mangu yashaydigan vatanimni unutib,
Qayg’u o’lgan, shodlik tirik bazmlarga ergashdim.

Buloq yurgan adirlarda ko’zim oqdi, oymomo,
Ikki zovning orasida so’zim oqdi, oymomo.
Enajonim qora sochi oq bo’ldi yo’lim poylab,
Ex, kimlarning ko’chasiga yo’lim oqdi , oymomo.

Yomg’ir yuvgan qirlarimda lolalarim o’sgan yer,
Moychechakdek tuproqlarda dalalarim o’sgan yer.
Momolarim urchug’ida chir aylanar bu dunyo,
Bolasini duo qilib, bobolarim yotgan yer.

066

(Tashriflar: umumiy 414, bugungi 1)

3 izoh

  1. Йук, менга шоирнинг хамма шеърлари хам ёкди. Куллари дард курмасин. Ажиб туйгулар билан укидим…

Izoh qoldiring