Erkin A’zam. Manana. Safar hikoyasi.

087
Хайр, Манана, мен кетдим. Кузатиб қўймоқчи эдинг, бирор сабабга кўра келолмай қолгандирсан. Майли. Мен ҳам сени ортиқ кутолмадим, узр. Узр? Билмадим, ким кимдан сўраши лозим эди буни – мен сенданми ёки сен мендан? Хуллас, шу нарса ўртамизда қолди. Яхши-да, одамларнинг ўртасида нимадир бўлгани яхши – одам эканини эслатиб туради. Бир ярим соатдан кейин мен самолётга чиқаман, юртимга учиб кетаман. Сен ҳам ўз юртингда омон бўл, Манана. Яна хайр сенга, бир кунлик танишим, дилкаш, меҳрибон қиз!

012
Эркин Аъзам
МАНАНА
Сафар ҳикояси

091Ўзим совуқдан қўрқаман. Болаликдан шундай.
Ўйлаб қарасам, қиш, қор, янги йил мавзусида бир талай ҳикоя ёзган эканман: “Чироқлар ўчмаган кеча”, “Қор босган довон”, “Навоийни ўқиган болалар”, “Манана”… Ўзим совуқдан қўрқаман. Болаликдан шундай. “Сени йўргакда буйуқ (совуқ бўлса керак) урган” деб куладилар онам. Эрталаб туриб деразага боқсангиз – ҳаммаёқ оппоқ: тоғлар ҳам, боғлар ҳам. Катта шаҳарлардан йироқ, хилват тоғли манзил, олтмишинчи йиллар, лой томлар… Дарсгача қорини кураб улгуриш керак, бўлмаса, чакка ўтади. Сўнгра, оёқда кирза этик, лою қор кечиб мактабга чопилади. Сову-уқ, аёз, туман. Изғириндангина эмас, тушуниксиз бир аламдан, хўрликдан кўзларга ёш келади. Қаранг, шулар бугун эсланса, қандоқ ажаб даврлар экан дейсиз!

“Совуқ” деган ҳикоям Москвада муҳокама этилаётганда семинар раҳбаримиз Виктор Астафьев “Совуқ сизларда неча даражага боради ўзи?” деб сўраган, мен “Жуда совуқ бўлади, Виктор Петрович! – деганман беихтиёр жунжикиб (эслаб-да). – Ўнлардан ошса кераг-ов”. Бу гапимга шимоллик ҳамма кулиб юборган: совуқ эмиш-а!

Ўша ҳикояда мен табиат ҳодисасини эмас, инсонлар орасидаги муносабатни назарда тутган эдим. Ҳақиқатан ҳам буниси ёмон! Қиш совуғи эса табиий зарурат: борлиққа ҳам, инсонга ҳам. Яқинда бир жойда ўқидим: узоқ яшашнинг олти шартидан бири вақти-вақти билан танани совуқда тоблантириб туриш экан.

Яшасин қиш! Яшасин қор!

Ундан кейин… баҳор келади-да!

Э.А.

09

05 Аэропортга чиқишингга икки соатча вақт бор. Кутяпсан. Йўл анжомлари тахт, ҳеч нарса ёдингдан кўтарилгани йўқ: кўраман деган жойларингни кўрдинг, учрашмоқни ният қилган одамларинг билан учрашдинг – ҳамма ишинг битди ҳисоб; айни чоқда эса, худди муҳим бир нимани унутгандек, нимагадир улгуролмай қолгандек хаёлинг паришон. Сафар олди кайфияти.

Самолётга чиқадиган одамнинг энг катта ташвиши – об-ҳаво. Икки кўзинг деразада. Қаршингда бамисоли серюлдуз осмон. Ана, юлдузлари тўкиляпти, шовуллаб тўкиляпти – дур тўла улкан чодир тўрт четидан ушлаб қаттиқ-қаттиқ силкитилгандек. Дур ёмғири гоҳо андак тўхтаб, чарх уради, ғужғон ўйнайди. Ўйнай-ўйнай ҳоригач, оҳиста пастга шўнғийди. Бир нафас кўз узмай тикилсанг, қорамтир кўк сатҳида мавжланиб-мавжланиб оқаётган маҳобатли ўзан пайдо бўлади. Шитоб билан оқяпти, оқяпти… Йўқ, мавжлар эмас – сен, сен ўтирган хона, бутун “Ажария” мусофирхонаси қандайдир зулумот қаърида шитоб билан сузиб, учиб бормоқда – пароход каби, самолёт каби… Қани, шу учганича бориб Тошкентга қўнса!

Кутяпсан. Мананадан ҳамон дарак йўқ. “Сиз озгина дамингизни олинг, мен уйга бориб келай, сўнг бирга аэропортга чиқамиз”, деб кетган одам!

Нима қиларингни билмай дераза олдига келасан. Шаҳар узра кўкимтир дока тортиб қўйилгандек. Мусофирхона олдидаги кенгиш майдонгина хийла равшан, анвойи нурларга чулғаниб кўринади. Майдон марказидаги айланасимон супага тоғдек арча ўрнатилган, унга осилган беҳисоб чироқлар пайдар-пай кўз қисиб ҳар тусда жилва сочади. Чорраҳадан доира ясаб кетаётган машиналарнинг чироғи ана шу супа бўйлаб нурли ҳалқа ҳосил қилган – гўё пешоналарига дур қўндирган бир тўп болакай қўл ушлашиб арча теварагини айланмоқда. Ҳалқа бирор дақиқа бузилмайди, негаки болакайлар – машиналарнинг кети узилмайди. Манана кулиб айтган гап ёдингга тушади: “Тбилисида мендан бошқа ҳамма шофёр, ҳамманинг машинаси бор”.

Мананани кутяпсан. “Машинаси йўқ, шунинг учун кечикяпти”, дея ўзингни юпатасан.

Йўқ, оғайни, хомтама бўлма, у келмайди. Анови гапни анчайин сипогарчилик юзасидан, меҳмоннавозлик йўлига айтди-қўйди-да. Ёки, иш-пиши чиқиб қолиб, фикридан қайтдимикан? Бўлиши мумкин. Нима, у сендан қарздорми? Байрам кечаси, ярим тунда, шу қорбўронда еттиёт бир бегонани аэропортга кузатиб қўйиш кимга зарур кепти? Меҳмон тугул, бошқа бўлмайсанми! Бунинг устига – қиз бола… Ҳаддингни бил, оғайни, меҳмондўстлик, мурувват шунчалик бўлар. Ўзи кечагина танишдиларинг. Ораларингда ҳеч гап йўқ… бўлиши ҳам мумкин эмас. Аммо у кечадан бери атрофингда гирдикапалак – худди эски таниш, эски қадрдондек. Кузатиб қўйишни ҳам ўзи таклиф қилди, таклиф ҳам гапми, ростакамига таҳдид қилди, деса бўлади: “Қани, менсиз бир қадам жилиб кўринг-чи, самолётингиз ердан кўтарилармикан!”

Кўтарилади, Манана, кўтарилади! Ортиқча мулозамат, ортиқча сипогарчиликсиз ҳам учади. Учиши шарт. Унинг жадвали қатъий, жадвални бузишга ҳаққи йўқ. У – сен билан биз – одамлар ўнгу сўлга қарамай ваъда бериб юбораверамиз, айниқса, қайта учрашмоғимиз гумон бўлса-ку, оғзаки саховат бобида биздан ўтадигани топилмайди. Ҳаммаси – кўнгил учун, шунчаки, анчайин… Бироқ, самолётда кўнгил нима қилсин! У бугун Тошкентга қараб учиши шарт, вассалом! Мен Янги йилни ўз хонадонимда кутиб олажагим ҳам муқаррар! Бас, шундай экан, сен мени кузатдинг нима, кузатмадинг нима – бари бир учаман. Ана шунақа, азизим!

Ие, ҳа, намунча ранжу надомат? Парвоз олдидан тайёргарлик, хомаки баландпарвозликми бу? Сал пастроқ тушинг, биродар. Парвоз қиладиган сиз эмас – самолёт! Қолаверса, у қизда нима айб? Айби – кечадан бери атрофингда гиргиттон бўлганими? Шунисига ҳам раҳмат десанг-чи, ношукур! У балки хайрлашув чоғи кўнглингга анчайин бир равшанлик солмоқчидир, холос…

Ҳа, оғайни, ўрнингдан тур, бундоқ ўтириш бефойда. Ана плаш, ана чамадон, шамсиянг – кўтар. Самолёт Тошкентга сенсиз ҳам учиб кета олади. Бўл, жадалла!

Хайр, Манана, мен кетдим. Кузатиб қўймоқчи эдинг, бирор сабабга кўра келолмай қолгандирсан. Майли. Мен ҳам сени ортиқ кутолмадим, узр. Узр? Билмадим, ким кимдан сўраши лозим эди буни – мен сенданми ёки сен мендан? Хуллас, шу нарса ўртамизда қолди. Яхши-да, одамларнинг ўртасида нимадир бўлгани яхши – одам эканини эслатиб туради. Бир ярим соатдан кейин мен самолётга чиқаман, юртимга учиб кетаман. Сен ҳам ўз юртингда омон бўл, Манана. Яна хайр сенга, бир кунлик танишим, дилкаш, меҳрибон қиз!

* * *

Кеча деярли кун бўйи автобусда юрилди. Кахетия водийсининг талай қисми кезиб чиқилди ҳисоб. Расмий қабул маросими, учрашувлар, танишувлар, улуғвор ёдгорлик олдида суратга тушиш, тантана, маҳаллий музейдаги таъриф-тавсифлар – хуллас, эринмаган бировнинг тадбиркор калласидан чиқиб қоғозга тизилган жамики тадбир қатъий тартиб билан, бекам-кўст адо этилди. Ҳамма чарчаган, ҳориган, қоринлар оч, энг яхши сўз ҳам қулоққа балодек эшитиладиган бир ҳолатда.

Ниҳоят, Гуржиани районидан чиқаверишда автобус кескин сўлга бурилиб, тепаликка ўрлай кетди, ёндош дара бўйлаб пича юргач, қирнинг бошида қад ростлаган кўп қаватли азамат бир ошён олдига келиб тўхтади. Атроф қуюқ дарахтзор, ўр-қир, дилкушо манзил. Ҳамма бирдан енгил тортиб, апил-тапил автобусдан ташқарига отилди.

Танишув-саёҳат бинонинг ертўла қисмидан бошланди… Тўртинчи қаватга етилганда сенинг “тепада бошқа қават йўқмикан?” дея хавотир аралаш берган саволинг ҳазил ўрнида тушунилиб, гурр кулгига сабаб бўлди. Ҳатто мезбонлар ҳам жилмайиб қўйишди.

Хайрият, тепада етти қат осмондан бўлак ҳеч вақо йўқ экан, шу қаватдаги каттакон бир хонага кирилди. Хона ғоят ҳашамдор бўлиб, узунчоқ столда зиёфат дастурхони муҳайё эди. Битта меҳмон, битта мезбон тартибида столнинг икки ёнидан жой олинди.

Тўрни эгаллаган хушмўйлов киши – чамаси, шу районнинг раҳбар ходимларидан бўлса керак – косагулликни роса маромига етказди. Гапга чечан, ўта зукко, фасоҳатли одам экан, нозик лутфу каломлари билан даврани лол қолдирди. Аввал ўзи дебоча сўз қилиб, сўнгра грузинча дастурхон урфига кўра, бир мавзуда галма-гал алёр айтиш мусобақаси – “аллаверди”ни бошлаб берди.

Ўртада – шоҳона деса арзигулик дастурхон, антиқа ноз-неъматлар, сархил ичимликлар, атрофингда – дўстларинг, биродарларинг, сархуш, қувноқ чеҳралар; дилингда шуларга аталган қандай тилакларинг бор – ўрнингдан тур-да, баралла айт! Гапир, кўнглингда борини гапир!

Неча марта қадаҳ кўтарилди, кимлар шаънига, нималарга бағишлаб алёр айтилмади… Грузин халқи, грузин дастурхони, грузин маданияти, халқлар дўстлиги, Арманистону Белоруссия, Озарбойжону Ўзбекистон, оилавий бахт, қаҳрамонларимиз, ватанпарварлик туйғуси, оналаримиз, аёл назокати, муҳаббат, остонада турган Янги йил…

Гоҳо бундай мадҳу санолар сенга, бир ўзингга қарата ҳам айтилаверади… Сен – дунёдаги энг олижаноб йигитсан. Чунки сени дунёга келтирган одам – отанг ажо­йиб инсон. Сени туққан она – дунёда энг меҳрибон, энг мўътабар зот. Хотининг – сени бахтиёр қилмоқ учун дунёга келган сулув санамларнинг танҳоси. Жужуқларинг – дунёдаги энг ширин, энг асил болалар. Негаки, улар сенинг пуштикамарингдан бунёд бўлган, сенга ўхшайди. Сенга, дўсти азиз, муҳтарам ота-онангга, вафодор хотинингга, ширин-шакар болаларингга узоқ умр, шу умрга баробар саодат ато этсин!

Бундай сўзларни эшитгач, ўзингни ўзинг таний олармикансан?

Юз иссиқ, бўйиндаги қарз – гуноҳ. Энди навбат сеники, бошла!

Ёнингдаги мезбон беҳад сўзамол, бесаранжом йигит экан, қўйиб берсанг, таомни ўзи оғзингга солгудек, қадаҳни ўзи лабингга тутгудек – мулозамат қилгани қилган. Дам ўртадаги шишалардан бирини қўлига олиб, виносини таърифлай кетади, дам – айтишича, таржимон шоир экан – форсийда Умар Хайёмдан рубоийлар ўқиб беради, хуллас, бир зум тинч қўйса-чи!

Кошки, қулоғингга гап кирса ҳозир! Кўзинг рўпарада ўтирган ў ш а қизда. Унинг икки ёнида икки йигит. Озода кийинган ўктам-ўктам йигитлар. Қизнинг қулоғига алланималарни шивирлаб, кулдирмоқчи бўлишади; бирови эвини топиб унинг елкасига қўл ташламоқ пайида! Ҳа, рашк қиляпсанми? Баракалла! Қайси асосга кўра?

Эрталаб автобусга чиқилаётганда, бўйнига хол-хол дурра боғлаб олган, нимаси биландир ўта кибор, мағрур кўринган мана шу хушқомат қиз кутилмаганда сенинг ёнинг­га келиб ўтирди. Кейин, худди эскидан танишдек бемалол гап бошлаб, йўл-йўлакай унга-бунга изоҳ бериб келди. Ўзбекистон бўйлаб саёҳатда бўлган экан, Самар­қанду Бухородан гапирди. Ростми, ёлғонми, Бухоро бозорида бир қовунфуруш айтган баҳосида туриб, ўн тийинга зиқналик қилиб олгани ҳангомасини беозор оҳангда, кула-кула сўзлаб берди.

Бу ерга келгач эса, ана шу қиз – Манана нима ҳам бўлди-ю ёнингга эмас, рўпарангга ўтириб қолди. Ўтиргани майли, энди сен томонга қиё боқишни ҳам ўйламаяпти – ёнидаги анови олифталарга маҳлиё!

Бир маҳал ҳамма, қўлида қадаҳ, ўрнидан туриб кетди. Уч киши-тўрт кишилашиб олиб, ўзаро алёр айтмоққа тушдилар. Базмда парокандалик бошланди. Сен ҳам жойингдан қўзғалмоқчи эдинг, бошинг айланаётганга ўхшади. Сўнг базўр, гандиракламасликка тиришиб эшикка юрдинг.

Зим-зиё айвонда юзингни шамолга тутиб тураркансан, кимдир аста келиб тирсагингдан ушлади.

– Нима бўлди, зерикиб қолдингизми?

Манана!

Мастлик-да, хаёлингдаги гап беихтиёр оғзингдан чиқиб кетди:

– Рашк қиляпман! Сизни рашк қиляпман, Манана!

Қиз қиқирлаб кулди.

– Мени? Кимдан? Ҳа-а, Нугзарданми? Баканидзе. Университетда бирга ўқиганмиз. Ҳозир шу ерда, райкомсомолда ишлайди. Униси ўртоғи экан. Боя кетишди-ку улар, кўрмадингизми? Маст бўлиб қолибсиз-да, генацвали! Хотини бетоб эмиш – Натела. У билан ҳам курсдош эдик. Нима, кўнглингиз айнияптими? Юринг, бирпас айлантириб келай!

Шундай дея у сени қўлтиқлаб олди. Жўнадиларинг. Сайрга. Мана шу тахлит қўлтиқлашиб тушиш керак, тўрт қават!

Дарахтзор оралаб кезиб юрганларингда сен унга нималар дединг? Хотининг, ўғилчанг тўғрисида сўзладинг шекилли. Бундан талай йиллар муқаддам хотининг билан илк бора худди мана шундай Янги йил арафасида танишиб қолганингнию сўнг ўша йили байрамни бирга кутганларингни, жуда серзавқ, мириқиб ўтиришганларингни айтиб бердинг; сўнгги йилларда эса, Янги йил кечаси негадир зерикиб, тез ухлаб қолишингдан арз қилдинг.

Яна нималар деганинг эсингдами? Манана, сиз ажойиб қизсиз. Сиздек қиз дунёда жуда кам, жудаям кам, топилмайди, деярли йўқ. Лекин – сиз борсиз. Раҳмат сизга. Борлигингиз учун, шундай яхши қиз эканлигингиз учун. Раҳмат, раҳмат… Кейин уни қайта-қайта Тошкентга таклиф қилдинг, уйим­да албатта меҳмон бўлишингиз керак, дединг. Кейин – исмини ўзбекча мақомга солиб шарҳлаб, уни кулдирдинг: Манана, ма, нанна, ана, мана…

У-чи, Манана-чи, у нималар деди? У фақат савол берди, фақат қулоқ солди, фақат кулди, холос. Бир пайт негадир дельфинлардан сўз очиб, сени дельфинга ўхшатди. Сен сал ранжигандек кўриндингми, зўр бериб дельфинларнинг одамлардан афзал жиҳатларини исботлай кетди.

Қайтишда автобусда ҳамма яна эски жо­йига ўтирди. Сен йўл бўйи елкангга беозор бош қўйиб ухлаб келаётган қиз ҳақида ўй сурдинг. Нега бу қиз бу қадар ажойиб? Нега бу қиз менга бу қадар меҳр кўрсатяпти?..

Манана бугун эрталаб хонангга чарақлаб кириб келди. Эгнида қора чарм плаш, бўйнида узун оқ шарф.

– Гамаржоба! Салом! Украина кетибди, Арманистону Озарбойжон ҳам кетиб улгуришибди, фақат Ўзбекистоним шу ерда! Ёлғизгина ўзингиз қолибсиз-да, генацвали? Самолётингиз кечаси учар экан-а? Мен бугун бекорман, хоҳласангиз, кечгача сизни Тбилисида айлантирай? – У хушҳоллик билан юриб дераза олдига борди. – Мана, қаршингизда – бешинчи асрда грузин шоҳи Вахтанг Горгасали асос солган кўҳна ва нав­қирон Тифлис қалъаси! Қаерни кўргансиз, қаерларни кўрмагансиз – айтинг! Ана, Мтацминда, худди арши аълога олиб чиқадиган осма йўл! У ердаги Улуғлар даҳмасини зиё­рат қилгансиз, албатта. Мана, бу ёғи – Сабуртало, Ваке, Верэ, бу ёғи – Сололаки, Навтлуҳи, Авлабар, нариёғи – Майдан, Ортачала! Танланг, қаёққа олиб борай?

– Биз ўзбеклар ўзимизни энг меҳмондўст халқ ҳисоблар эдик, сизлар биздан ҳам ўтказиб юборар экансизлар, – дединг кечаги зиёфатни эслаб. – Мана, сиз бугун ҳам…

– Сиз менинг эмас, Грузиянинг меҳмонисиз – унутманг! – деди Манана қандайдир тантанали оҳангда. – Мен эса, яхшиманми, ёмонманми, грузин қизи деб биламан ўзимни! Шундоқ бўлгач… кетдик, генацва-али!

Унга боқаркансан, негадир ҳадеб ўзбекча гапиргинг келаётганини сездинг. У худди тилингни тушунадигандек, худди ўз тилингда гапиришингними ёки шунга яқин бир мўъжизаними кутаётгандек сурмаранг кўзларини сендан узмай турарди.

Манана Тбилиси тарихини манаман деган тарихчидан кам билмас экан. Манови бинони ким, қачон қурган, унда кимлар, қачон яшаб ўтган; анови қалъани ким, қачон барпо этган, унда қандай шонли воқеалар, қандай жанги жадаллар кечган – ҳамма-ҳаммасини ўз кўзи билан кўргандек аниқ, батафсил таърифлаб беради. Ажабланганинг­ни пайқаб, у ҳам ажабланади: “Шу шаҳарда туғилганман, шу шаҳарда ўсганман – нега билмайин, ахир!”

Эски шаҳардаги қатор кетган болохонали, тор, гавжум тошкўчалардан бирида айланиб юрганларингда Манана йўлдан четроқдаги қандайдир бинони кўрсатиб:

– Анови – мусулмон масжиди! – деб қолди.

– Юринг, бориб кўрайлик.

– Бизни қўймайди-да. – Сўнг сенга қараб жилмайди. – Ие, дарвоқе…

– Сизниям ўша динга ўтказамиз-қўямиз-да, юринг, – дединг сен ҳам кулиб.

– Майли, розиман. Фақат битта шартим бор: масжиддан кейин йўлда бизнинг ибодатхонага ҳам бир кириб ўтамиз… Қалай?

– Бўпти. Лекин менинг ҳам шартим – ибодатхонангиздан чиқиб, яна тўғри бу ерга келамиз!

– О-о, умримиз ибодатхонадан ибодатхонага қатнов билан ўтар экан-да! – деди Манана чапак чалгандек кафтларини кўксида чалиштириб. – Қўйинг, яхшиси, мана шундай юрганимиз маъқул.

Қайтишда барибир у айтган ибодатхонага кириб ўтдиларинг, аммо бошқа мақсадда: Грибоедов билан Нина Чавчавадзе шу ерда никоҳ қилинган экан.

– Кўриб турибсиз, табаррук жой, қалай, чўқинтириб қўяйми? – деди Манана ҳазиллашиб.

– Унда тағин орқага қайтишга тўғри келади, Мананахон! – дединг ясама таассуф билан. – Ўзингиз айтгандек, умримиз қатновга кетади. Умр қисқа, вақтимиз зиқ.

Вақт чиндан ҳам зиқ, тезроқ мусофирхонага қайтиш керак эди. Кун бўйи яёв юриб оёқлар толиққан, бориб тўғри суякка қадаладиган бир изғириндан кўзлар бетўхтов ёшланади. Манана дам-бадам плаши ёқаларини оғзига буркаб секингина йўталиб олар, “Эсизгина, ҳавонинг бунақа айниб қолишини билганимда пўстинимни кийиб чиққан бўлардим-а”, дея ғарибона нолиниб қўяр эди.

Мусофирхонага етиб келгач, хайрлашаётиб у ўша гапни айтди: “Менсиз бир қадам жилиб кўринг-чи, самолётингиз ердан кўтарилармикан!”

Манана авлиё экан: самолёт учмади – парвоз кечиктирилди. Билетлар қайд қилишга қилинди-ю, кетидан ҳаял ўтмай эълон янгради: об-ҳавонинг чатоқлиги сабабли фалон рейс фалон соатгача қолдирилади. Бир соат эмас, икки соат эмас, нақд беш соатга-я!

Аэровокзал ғиж-ғиж одам. Шовқин-сурон, ғала-ғовур. Рейси кечиктирилганлар тажанг, бетоқат, сўкинган. Азза-базза шундай айёмда сафарга йўллаганларнинг гўрига ғишт қалай-қалай сен ҳам келиб бир четдан жой олдинг-да, шифтнинг ўртасида занжирга осиб қўйилган телевизорга назар ташладинг. “Голубой огонёк”. Кўзинг телевизорда-ю, хаёлинг уйда. Янги йил киришига яқин эшик қоқиб боришни мўлжаллаган эдинг – қорбободек! Эшик қўнғироғи ҳар жиринглаганда ўғилчанг интиққанча югуриб чиқаётгандир. Уканг қайлиғи билан келмоқчи эди, байрамни оилавий тарзда ўтказмоқчи эдиларинг. Лаънати об-ҳаво!

Мудрабми, хаёлга берилибми кетган экансан, “Тошкентга учадиган пассажир…” дея радио орқали фамилиянгни айтиб чақиришаётганини дафъатан эшитиб-эшитмай қолдинг. Қулоғингга бир ишониб, бир ишонмай, айтилган жойга қараб чопдинг. Қора қўлбола қалпоқчани бошига “мен ойимнинг тантиқ қизиман” мақомида дол қўндирган почапўстинли нотаниш бир нозанин. Қўлида сунъий чармдан тикилган тўрва, ичи алланималар билан лиқ тўла. Қиз жилмайган кўйи уни сенга узатаркан:

– Манана бериб юборди, – деди. – Байрамга озроқ совға-салом. Хайрият, улгурибман. Мен сизни учиб кетганмикансиз, деб қўрққан эдим. Бу ёққа келишдан олдин “Ажария”га бордим-да.

– Манананинг ўзи қани? – деб сўрадинг таажжуб аралаш бир ҳаяжон билан.

– Биласизми, унинг сал тоби қочиб қолди. Иситмаси бор, уйда ётибди. Шунинг учун мендан илтимос қилди. Ўзи сиздан қаттиқ узр сўраб юборди.

Бугунги пой-пиёда юришлар, Манананинг совуқдан кўкариб кетган чеҳраси, плаши ёқаларини оғзига буркаб секингина йўталиб қўйганлари кўз олдингдан ўтди.

– Узрни мен сўрашим керак! – дединг хижолатда ўртаниб. – Кечирасиз, ўзингиз унинг кими бўласиз?

– Синглисиман. Отим Нана.

– Мени деб роса овора бўлибсиз-да, Нанахон. Опангизга саломимни, астойдил узримни етказиб қўясиз, хўпми? Янги йилни яхши кутиб олинглар.

– Мен сизни самолётгача кузатишим керак, – деди қиз худди сўзингни эшитмагандек, – Манана тайинлаган.

– Гап бундай, Нанахон, – дединг ҳам ҳайратинг ошиб, ҳам энсанг қотиброқ, – ишлар пачава, мен учадиган рейс беш соатга кечиктирилди. Демак, яна беш соат…

– Унда мен ҳам қоламан! – деди қиз кимгадир зарда қилгандек, қатъият билан. – Сизни бундай ёлғиз ташлаб кетсам, Манана хафа бўлади.

Жуда ғалати, жуда ўжар қиз экан бу. Ҳарчанд кетишга қистама, ўша гапини такрорлаб туриб олди: “Манана айтган”, “Манана тайинлаган”, “Манана хафа бўлади”.

– Опангизни шунчалик яхши кўраркансиз-да?..

– Унинг ўзи яхши-да.

Қиз опасига унча ўхшамас экан – камгап, тортинчоқ. Ўзинг гап сўрамасанг оғиз очай демайди, чурқ этмасдан телевизорга тикилиб ўтиргани ўтирган. Кўриниши ҳам опасидан фарқ қилади: бўйи новчароқ, кулчабет, қош-кўзларидаги жозиба ҳали Мананадаги сингари қиёмига етиб улгурмаган. Суриштириб-суриштириб билганинг шу бўлди: оилада уч фарзанд эканлар, укалари ҳозир ҳарбий хизматда, Нананинг ўзи рассомлик билим юртида ўқийди.

Чарчоқданми, хиёл мудраб кетибсан. Бир маҳал кўзингни очсанг – Нана жонсарак, тараддудга тушиб қолган; у боя ўзи кўтариб келган тўрвадан шоша-пиша аллақандай вино чиқарди-да, ёнма-ён ўтирган эмизикли аёлданми сўраб олган балдоқли пиёлаларга қулқиллатиб қуйди, бирини сенга тутқазиб, телевизорга ишора қилди:

– Янги йил, Янги йил кирди! Табриклайман!

Залда ғала-ғовур авжига чиққан, баланд-баланд хитоблару қадаҳларнинг бетартиб жаранги янграр эди.

Янги йил шу тариқа – сен асти кутмаган ажаб-антиқа бир шароитда кириб келди. Нана икковлон телефонга қараб чопдиларинг. Навбатларинг етгач, Нана трубкани олиб, “Манана, Манана!” деб қичқирди, сўнг грузинчалаб алланималарни гапирди, афтидан, опасини байрам билан қутлади, “горчичник” деган сўзинигина тушуниб қолдинг, холос. Кейин трубкани сенга берди.

– Манана! – дединг ҳаяжондан энтикиб. Негадир бирдан кўзларингга ёш қуйилиб келди. – Манана! Янги йилингиз муборак бўлсин! Тезроқ тузалиб кетинг. Мени кечиринг, илтимос. Сиз ажойиб қизсиз, Манана! Минг раҳмат сизга! Мен сизни унутмайман!

Унинг нималар деганини яхши эшитолмадинг – атрофдаги шовқиндан қулоқ қоматга келарди. Чамаси, у ҳам айнан сен айтган гапларни такрорлади, у ҳам сендан узр сўради.

Барибир ўртада ўша узр қолди. Узрни ким кимдан сўради? Раҳматни ким кимга айтди?

Нима аҳамияти бор бунинг! Одам одамдан сўради, одам одамга айтди – муҳими шу эмасми?!

…Тошкентга учадиган рейсни эшитиб кўзингни очганингда, Нана худди опасига ўхшаб елкангга беозор бош қўйганча ухлаб ётарди.

…Самолёт Тошкентга чошгоҳда қўнди.

Эшикни қизчанг очди.

Уйда ундан бошқа ҳамма уйқуда экан. Тонгга қадар сени кутибми, телевизордан байрам томошаларини кўрибми чарчашган бўлса керак. Майли, ухлашсин. Сен ҳам бир дунё томоша кўриб келяпсан, ўзинг ҳам кириб дамингни ол.

Кечга яқин хотининг сени уйғотади. Қўлида грузинча кулранг мовут қалпоқ —“ сванка”.

– Яхши қилибсиз шуни олиб, – дейди. – Уйда кийиб юрасиз, иссиққина экан.

Ажабо, бу қалпоқни сен ҳозир кўриб туришинг! Юрагинг ғалати жизиллаб кетади. Манана!..

Хотинингнинг айтишича, уканг – шу чоққача ичкиликни оғзига олмаган, ҳатто кеча ҳам ақалли бир қултум ичмаган ювошқўзи уканг, бугун сен олиб келган шишалардан бир эмас, иккитасини ёлғиз ўзи паққос отиб қўйибди. Кайфи ошиб, жиянчаларига кулги бўлиб катта хонада роса ўйин тушганмиш. Қайлиғи эрталаб нимадандир аразлаб кетиб қолган экан-да. Ҳозирги қизларга ҳайронсан, эр деганни кўчада экиб қўймагандир, ахир!..

– Манананинг винолари… – деб юборасан беихтиёр.

– Манана? Ким у, грузин қизми?

– Э, йўқ, бир дўстим, эркак киши, – дейсан ногаҳон сергак тортиб, шоша-пиша. – Уларда эркакларнинг ҳам оти шунақа бўлаверар экан. Мимино дегандек-да, ҳув киноси эсингдами?

– Ҳа-а, – дейди хотининг ишониб. – Анови, вертолётини ерга, қозиққа тушовлаб қўядиган-да…

“Ишонди, хайрият, – дейсан ичингда. – Ишонмасдан қаёққа борарди!”

Аслида, гапнинг тўғриси ҳам шу эмасми ўзи?

1984

ХДК

(Tashriflar: umumiy 46, bugungi 1)

Izoh qoldiring