Erkin A’zam: Nosoz arava qachon yuradi?

erkin azam

Жараён деганда мен гуруллаб турган жонли ҳодисани тушунаман. Тўғри, у гоҳо бирмунча суст ёки жўшқин кечиши, том маънода самарадор ёки қуруқ шовқин-сурондан иборат бир манзара касб этиши мумкиндир, лекин узлуксиз ҳаракатда бўлмоғи шарт! Шу жиҳатдан қараганда, бугунги адабий жараён менга йўлнинг ўртасида тўхтаб турган аравани эслатади. Ўз ҳолича у бузуқ эмас, юргизса – юради, аммо тўхтаб қолгани ҳақиқат.

001
НОСОЗ АРАВА ҚАЧОН ЮРАДИ?
Ёзувчи Эркин АЪЗАМ билан суҳбат
0021

Гулноз САТТОРОВА: – Эркин ака, суҳбатимизни адабий жараён муаммоларидан бошласак. Бир ижодкор сифатида бугунги адабий жараёнга сизнинг муносабатингиз қандай? Маълумки, ҳар қандай бадиий асар яратилиши билан адабий муҳитда ўзига хос муносабат пайдо бўлади. Лекин бу муносабатлар, адабиётга қўйилган талаблар ҳамма вақт ҳам бир хил бўлмайди. Чунки ҳар бир давр, ижтимоий муҳитнинг ўзига хос мезонлари мавжуд бўлганлиги боис адабий-танқидий қарашларда ҳам у ёки бу томон оғишларни кузатишимиз мумкин. Аммо ҳамма даврларда адабиётнинг олдига қўйган мақсади битта – бу эзгуликка хизмат қилиш, инсониятнинг маънавий оламини бойитиш, бадиий мукаммалликка эришишдир. Шу маънода адабиётнинг бугунги аҳволи, хоҳ насрда, хоҳ назмда бўлсин, яратилаётган асарлар ва уларга адабиётшунослар томонидан берилаётган баҳо сизни қониқтиряптими?

Эркин АЪЗАМ: – Жараён деганда мен гуруллаб турган жонли ҳодисани тушунаман. Тўғри, у гоҳо бирмунча суст ёки жўшқин кечиши, том маънода самарадор ёки қуруқ шовқин-сурондан иборат бир манзара касб этиши мумкиндир, лекин узлуксиз ҳаракатда бўлмоғи шарт!
Шу жиҳатдан қараганда, бугунги адабий жараён менга йўлнинг ўртасида тўхтаб турган аравани эслатади. Ўз ҳолича у бузуқ эмас, юргизса – юради, аммо тўхтаб қолгани ҳақиқат. Биров келиб андак туртса, нарироқ силжийди ҳам, кейин яна қотади-қолади. Қизиқ жойи шундаки, уни туртиб ўтадиган, сал-пал ҳаракатга соладиганларнинг аксарияти – ё бу аравага алоқаси омонатроқ тасодифий кимсалар, ёки ундан бир манфаат чиқаришни мақсад қилган корчалонлар ва ҳоказо. Араванинг чинакам хўжайини – аравакашнинг ўзини эса бу атрофда аҳён-аҳён учратасиз. У (ёки улар) қаёққа ғойиб бўлди, нега камнамо? “Аравакашлик” беписанд, рағбатсизроқ юмушга айланиб қолдими дейман-да, ҳаммаси питраб кетган; аксарияти-ку бу дунёни тарк этди, қолгани – қўлими, дилими совиганроқдек…
Йўқ, бугун қатъий бир адабий сиёсат зарур демоқчи эмасман – унисини кўрганмиз; мен англанган, шаклланган табиий жараён тўғрисида гапиряпман. У фақат яхши-яхши асарлар, шуларни ёзадиган ёзувчилар, ўқийдиган ўқувчилар, баҳолайдиган нуктадон адабиётшунослар билангина юзага келади.
Чинакам жараён деб ана шуни айтса бўлади, гоҳо-гоҳо ғичирлаб уч-тўрт қадам силжийдиган омонат аравани эмас.
Дарвоқе, “арава” истилоҳи энди хийла эскирганроқ, бугун замонавий номлари пайдо бўлган: кино, телевидение, интернет дегандай.
Ёзилаётган унча-мунча нарсаларни баҳолаш масаласига келсак, бунда ҳам бояги манзарани кўрасиз. Янги китобингизни ширали бир дастхат битиб танқидчига тутқазмасангиз бекор – сизсиз ҳам тирикчилик ташвишлари бошидан ошиб ётибди, атиги икки-уч минг нусха чиққан матоҳ унинг қўлига етиб бориши даргумон. Ўша баҳоловчи сизга хайрхоҳ бўлса, ҳомий бўлса – яхши, дўстингиз бўлса-ку, сиздан зўр адиб йўқ. Мана сизга “жараён”!
Мен баъзи ёзганларимни “Даракчи”га бераман – муштарийси, ўқувчиси кўп. Буни кўриб бурун жийирадиганлар ҳам топилади: “олди-қочди” газетада чиқибди, демак, жиддий асар эмас! Қаерда чиқсин бўлмаса? Адади мингтага етар-етмас “жиддий” “Шарқ юлдузи”дами? Уни ҳам ўқимаймиз, унга ҳам обуна бўлмоққа ҳафсала қилмаймиз-ку!
Мен билган “адабий жараён” ана шу. Сиз бошқача фикрда бўлсангиз – айтинг, жон қулоғим билан эшитиб олай. Холисан, виждонга қараб гапирсангиз – бас.

Гулноз САТТОРОВА: – Бир аллома: “Яхши асарларнинг айби – кўплаб ёмон китобларнинг туғилишига сабабчи бўлишидир”, деган экан. Аммо дунё адабиётида шундай асарлар борки, турли даврларда, бир-биридан бехабар ижодкорлар томонидан яратилган бўлишига қарамай, улардаги ғоя ва мазмун бир-бирига жуда ўхшаб кетади, баъзан эса улар бири иккинчисини такрорлагандек бўлади. Ўзбек адабиётида ҳам бундай намуналарни кўплаб учратиш мумкин. Бу асарларни ўқиш жараёнида “Бу фалончининг фалон асарига тақлид эмасмикан, ёки фалон асардан таъсирланмаганмикан”, деб ўйлаймиз. Адабиётдаги уйғунлик ва ўхшашликларни қандай баҳолаш керак? Умуман, адабий таъсир ижобий ҳодисами ёки аксинча қараш тўғрими?

Эркин АЪЗАМ: – Тақлид, адабий таъсир, ўрганиш деган гаплар янгилик эмас, “сайёр сюжет” тушунчаси ҳам азалдан маълум. Нечта ҳамдир абадий мавзу бор эмиш-ку. Уларни қадимги юнон трагиклари Софоклу Еврипид, бу ёғи ҳазрат Шекспиру Пушкину Гоголгача – битта қолдирмай ёзиб кетган. Муҳаббат, нафрат, дўстлик, душманлик, мурувват, хиёнат, эзгулик, ёвузлик каби тушунчалар бугун тўқиб чиқарилмаган. Одамзод бино бўлганидан бери табиатан, моҳиятан деярли ўзгармаганини ҳам биламиз. Дейлик, дунёнинг нариги чеккасидаги одам ҳам тиши оғриганда сизу бизга ўхшаб азоб чекади, афти бужмаяди, ёмон гапдан у ҳам ранжийди, гул тутсангиз – миллату мансабу мавқеидан қатъи назар, жилмаяди, табассум қилади, миннатдор бўлади.
Баъзи асарларимизни рус адабиётидаги нималаргадир ўхшатиб, ўзимизча “сири”ни фош қилмоқчи бўламиз. Суриштириб келсангиз, ўша русча асарнинг ҳам бир илдизи француз ёки инглиз адабиётидан чиқади.
Ёки – гоҳо, ҳали сиз айтган “бир-биридан бехабар ижодкорлар” мазмунан яқин, уйқаш асарлар яратиб қўйиши мумкин. Кечаги замонда руслар ҳам, грузину қирғизлар ҳам ягона сиёсий мафкура остида, деярли бир хил муҳит, бир хил вазиятда яшади. Дейлик, эстон адиби қаламга олган бирор муаммога тожик ёзувчиси ҳам қўл урди – мавзулар ўхшаш, асарлар бир вақтда эълон қилинган. Ким кимдан кўчирибди, хўш? Тожик эстон тилини билмаса ёки эстон тожикчадан бехабар бўлса! Чингиз Айтматовнинг “Юзма-юз”, Валентин Распутиннинг “Тоабад ёдингда тут”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” асарларида баъзи бир уйқаш ҳолат, вазиятлар бор. Армани Грант Матевосяннинг “Алхо” қиссаси билан машҳур “Алвидо, Гулсари” ўртасидаги композицион, ситуациявий яқинликларга нима дейсиз!
Бу асарлардан ҳар бирининг адабиётда ўз ўрни бор, сиртқи ўхшашликларига қарамай, уларнинг ҳар бирида мавзуга алоҳида ёндашув, қўйилган муаммонинг мустақил талқинини кўрамиз.
Бинобарин, сюжет йўналишида маълум яқинлик, уйғунлик кўрилиши мумкиндир, аммо руҳ, талқин, нафас ўзгача, янгича бўлмоғи даркор. Бу эса муаллифнинг шахсияти ва ижодий салоҳиятига боғлиқ масала. Мутлақо бир хил икки одам йўқ-ку дунёда. Гап ана шу ўзликни, ўзига хосликни юзага чиқара билишда. Шунга эришилса, “ўхшайди-ўхшамайди” деган гаплардан ташвиш қилмаса бўлади.
Азалий-абадий мавзуларнинг азалий-абадий қолиплари ҳам борлигини унутмаслик керак. Уларни ҳали айтилган бетакрор шахсият, бетакрор ёндашув билангина янгилаш мумкин.
Қолаверса, гап фақат нимани ёзишда эмас, қандай ёзишда. Шундай ёзингки, танишдан-таниш сюжет ҳам китобхонга янги бўлиб кўринсин. Ана шунда инсофи бор одам бир нима деб тирғалолмайди. “Низомий панжасига панжа урмоқ…” – чинакам зўрлик, чинакам маҳорат ана шунда эканини ҳазрат Навоий исботлаб кетган-ку!

Гулноз САТТОРОВА: – Инсон ўз ҳаёти давомида кимдандир ниманидир ўрганиб, ўрганганларини ўзгаларга ўргатади. Бу жараённи ижодкор аҳли бошқаларга нисбатан теранроқ ҳис қилади. Сиз ўзингизга устоз деб кимларни айта оласиз, Сизнинг ижодингиздан таъсирланиб, ҳавас қилиб ижод қилаётган ижодкорлар борми?

Эркин АЪЗАМ: – Баъзилар мени Абдулла Қаҳҳорнинг шогирди дейди. Тўғри, мен у зотни бир неча марта кўрганман, суҳбатларида ҳам бўлганман. Аммо унда эндигина университетга қадам қўйган ғўр бир талаба эдим. Кимнинг ҳузурида ўтирганимни билардим, албатта, лекин у киши менга ниҳояти бир адабиёт ихлосманди сифатида қараган, шундай шогирдим ҳам бор, деб хаёлига келтирмаган бўлса керак. Чунки бирор қўлёзма кўтариб бормаганман, уни кўрсатиб маслаҳат олмаганман; тортинчоқликданми, бу ишни кейин ҳам қилмадим. Шунга кўра, ўзимни кимсан – Абдулла Қаҳҳорнинг шогирдиман демоққа журъат этолмайман. Ана – Эркин акаю Абдулла акаларни, Учқун акаю Шукур ака ва Ўткир акаю Дадахон Нурийларни айтса бўлади.
Абдулла Қаҳҳорни мен бир мухлис сифатида, эл қатори ўқиганман, холос, ижодини ётволиб атай ўрганганман деб мақтанолмайман. Лекин ҳаётий ва адабий тутумларига ихлос-эҳтиромим баланд. Оғзидан чиққан гапга қатъий амал қилган жасоратли инсон, буюк адиб! Ўз даврида, даврасида шу жиҳатдан ягона эди дейиш мумкин.
Устоз Асқад Мухтордан кўп меҳрибонликлар кўрганим рост. У зотнинг ишончини тўлиқ оқлаёлмаганимдан хижолатда юраман. Негадир у киши мендан каттароқ нарсалар умид қилган эди, чамаси. Худо рози бўлсин.
Озод акани яхши кўрардим. Ҳар қандай вазиятда ҳам дилидагини айта оладиган кўкси очиқ, кўкраги баланд, суянса бўладиган танти инсон эди. Одамзоднинг чинакам қадри, ўрни дунёдан ўтганидан кейин билинар экан-да. Озод акани кўп қўмсайман, ҳозир ҳаёт бўлганларида ундай бўлар эди, бундай бўлар эди, дея армон қилиб юраман. Ҳаётлигида кўзинг қаёқда эди, эсинг қаёқда эди, ҳой банда!
Қаранг, тилга олинган зотларнинг ҳар учаласи ҳам адабиётнинг, ҳаётнинг асл фидойилари! Ҳавас қиласиз, шулар менинг устозларим эди дегингиз келади.

Гулноз САТТОРОВА: – Жаҳон халқлари маданий-маънавий бойликлари билан танишиш ўз миллий меросимизга ўзгача кўз билан қарашни тақозо этса, ўзаро қиёслаш уни муносиб баҳолашга имкон яратади. Шу маънода мумтоз ва замонавий чет эл адабиётидан баҳраманд бўлган киши ўз миллий адабиётининг пасту баландини теранроқ англайди. Адабиётга ўзгача меҳр ва талабчанлик билан ёндашади, шу меъёрлар асосида уни баҳолайди. Сиз қардош халқлар ва жаҳон адабиёти намуналаридан кимларнинг асарларини кўпроқ мутолаа қиласиз? Қиёсларингиз қандай хулосалар берган?

Эркин АЪЗАМ: – Бу саволингизга фавқулодда бир жавоб топишим қийин-ов. Умр бўйи китоб титиб, билганимни айтар бўлсам, 19 аср рус адабиётидан буюкроқ адабиётни кўрмадим. Пушкин, Гоголь, Тургенев, Толстой, Чехов, Лесков… Яна бор, кўп. Булардан ҳар бирининг номига “буюк” сўзини қўшсангиз, асти ҳаққингиз кетмайди. Бир аср мобайнида яратилган бошқа бундай улкан адабиёт жаҳонда йўқ. Шуларни ўқибоқ, адабиётни биламан дея ёзувчиликка уринаверса бўлади. Тўғри, кейинги асрда бадиий ифода усулларини янгилаш борасида кўпдан-кўп изланишлар юз кўрсатди, ҳар турли “изм”лар майдонга чиқди, бироқ адабиётнинг асл моҳияти ўзгармади, рус адабиётининг ўша “олтин даври”ни ҳатлаб ўтадиган ҳодиса ҳам содир бўлгани йўқ. Бежиз эмаски, 20 аср жаҳон адабиётининг энг донгдор вакиллари ҳам, суриштириб келсангиз, ё Толстойнинг, ё Достоевскийнинг, ё Чеховнинг мухлиси бўлиб чиқади. Негаки, адабиёт деганингизнинг жон томирига қўл чўзган сиймолар эди улар!
Мен фақат бадиий наср, реалистик насрни назарда тутиб айтяпман бу гапларни.

Гулноз САТТОРОВА: – Ҳар бир ўз услубига эга бўлган ижодкор ижодида ўзи қониқиш ҳис қилган асарлари бўлади. Масалан, Сизнинг ўтган асрнинг 70-йилларида яратилган “Пакананинг ошиқ кўнгли”, “Анойининг жайдари олмаси”, “Атойининг туғилган йили”… каби асарларингиз китобхонлар ва адабий жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинган. Бугунги кунда яратилаётган қисса ва ҳикояларингиз ҳам ўшандай салмоққа эга деб ўйлайсизми?

Эркин АЪЗАМ: – Салмоғини айтолмайман, тарозига солиб кўрганим йўқ. Чунки уларини ҳам, буларини ҳам битта муаллиф ёзган. У илгари ёш эди, ғўрроқ, тажрибасизроқ эди. Сираси, ўша вақтда адабиётга қараш, рағбату муносабат, умуман, акс садо ўзгача эди. Дейлик, тузукроқ бир ҳикоя ёзиб ҳам тилга тушса бўларди. Ҳозир қойилмақом бир нарса билан чиқиб ҳам бировни ҳайратга сололмайсиз – замон шундай келди. Қолаверса, одам ёшлигида ўзига ёққан китоб ёки киноларни кейинчалик ҳам қўмсаб, ўшаларнинг ёди, завқи билан юради. Дастлабки учрашув бошқача бўлади-да, ширини эсда қолади.
Ҳаётда ва адабиётда унча-мунча нарсани кўриб улгурган муаллифингизнинг бугунги ёзмаларига келсак, адабиёт деганларига у эндигина сал-пал яқинлашгандай, назаримда. Хонаки адабий удумлару ўткинчи адабий ўйинларга берилмай, моҳият сари бир-икки қадам қўйилди шекилли. Яна худо билади денг.

Гулноз САТТОРОВА: – “Жаннат ўзи қайдадир” китобингизга киритилган ҳар бир ҳикоя, киноқисса ва публицистик мақола китобхонлар, адабиётшунослар ва барча мутахассислар томонидан ўз баҳосини олди. Тўпламга киритилган бир асар бошқаларига қараганда кўпроқ эътиборимни тортди. Яъни “Забаржад” киноқиссаси. Бу асардаги Забаржад образи ўзбек адабиётида яратилган ўзбек аёллари образидан фарқ қилади. Чунки адабиётда “миллий ўзига хослик” деган тушунча бор. Бундай ўзига хослик даставвал ўзбек адабиётида аёл образини яратишда уларнинг уят, андиша, бировга бўлган муҳаббатини ошкора айта олмаслик, унинг дилида кечаётган туйғуларини фақат ишоралар орқали бериш каби тасвирларда кўринади. Забаржадда эса бу тушунчаларнинг акси. У уятсиз, андишасиз аёл эмас, лекин туйғуларига эрк бера олган. Бу ҳолатни ўзбек китобхонининг ҳаммаси ҳам тўғри қабул қилиши қийин. Сиз бу образни яратишда уни китобхон қандай қабул қилиши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

Эркин АЪЗАМ: – “Байрамдан бошқа кунлар”ни ўқиган бўлсангиз, эсларсиз – Сафура деган образ бор, ҳаётда ўрнини тополмаган бесаранжомроқ бир қиз; ҳозир унақаси сонмингта, дунёнинг ҳар ёғида улоқиб юрибди – ўзича бахту омад ахтариб. Хуллас, ана шу қисса эълон қилинганда балоларга қолганман – ўзбек хотин-қизига туҳмат деб! Ҳолбуки, мен уни осмондан олиб ё ичимда тўқиб ёзмаган эдим. Ўзбек хотин-қизи фақат Кумушбиби ёки Зеби-Зебоналар эмасдир. Бугун у ўзгарган – орадан бир-бир ярим аср вақт ўтди-ку! Бугун у, керак бўлса, ўша серишва француз хонимларига ҳам дарс беради! Кўчага чиқинг – кўрасиз! Демак, миллийлик экан деб, кўра-билатуриб ҳаёт ҳақиқатини сипоришлаб, андавалаб кўрсатиш ҳам адабиётнинг фазилати саналмаса керак. Қаҳрамонни китобхонлар мазахўрак бўлиб қолган кечаги адабиётдан эмас, бугунги воқеликдан қидирсангиз – Забаржаддан баттарлари ҳам топилади. Сиз у қизнинг озроқ шаддодлигию “туйғуларига эрк бергани”ни айтяпсиз, холос. Фазилатлари-чи? Мардлигу тантилиги-чи? Келинг, санаб ўтирмайин-да, биттагина савол берай: қиссани ўқиб шу қизгинани ёмон кўриб қолдингизми ёки унинг бирон қилиғи сизга эриш туюлдими? Ички инсоний бир ҳурликка интилиш, бу йўлда одатдаги ҳисоб-китобдан қочиб, бировнинг ҳаққу молига очиқ кўз солмай, азбаройи кўнгил майлига, тақдир тақозосига қараб иш тутиш асносида рисоладан жиндай четга чиқмоқ миллий тийнатни бузиш саналса, бунда айб Забаржадда эмас, уни ёзган муаллифда! Муаллиф эса Забаржад қиз тўғрисида нақл этаётиб, ўзбек китобхони бунга қандай қарайди-қарамайди – ўйлаб ҳам ўтиргани йўқ, кўнглида борини, кўрган-билганини ёзгану қўйган. Чунки у ҳаётдан ва адабиётдан хабардор кўзи очиқ китобхонга ишонади. Чунки бу ишга бирон бир ғараз ёки ғирромлик аралашмаган!

Гулноз Сатторова суҳбатлашди.

хдк

(Tashriflar: umumiy 38, bugungi 1)

Izoh qoldiring