Erkin A’zam. Qiyofadosh & Qalamdan boshqa qurolim yo’q

Ashampoo_Snap_2017.08.10_19h27m00s_004_.png    Ҳар қандай асар муаллифнинг шахсий иқрор ва эътирофларидан озиқланади-да. Танлаган қаҳрамонларию воқелик шунинг ифодачиси бўлади. Муаллифнинг қараш ва эътиқодига зид воқеликни акс эттирган бирон асарни биласизми, айтинг. Замонлар ўтиб у ўзгача талқин қилиниши – эътибор топиши ёки инкор этилиши бошқа масала. Одам ўз бўйидан баланд сакрай олмайди деймиз-ку. Демак, гап ана шу эътиқоднинг нечоғли аҳамиятли эканида.

ҚАЛАМДАН БОШҚА ҚУРОЛИМ ЙЎҚ
Ёзувчи Эркин Аъзам билан суҳбат
002

0-EA.JPGЭркин Аъзам 1950 йил 10 августда тоғли Бойсунда туғилган. 1972 йил Тошкент Давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий Университети)нинг журналистика факултетини тамомлаган. Республика радиосида муҳаррир, «Гулистон» ва «Ёшлик» журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санат нашриётида таҳририят мудири бўлди. 1992—1994 йилларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида бош директори ўринбосари. 1995 йилдан «Тафаккур» журнали бош муҳаррири I, II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати.
«Чироқлар ўчмаган кеча» (1977), «Отойининг тутилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Мир в цветах» (1999), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002) тўпламлари муаллифи. Ёзувчи асарлари асосида «Чантриморе», «Пиёда», «Дилхирож», «Сув ёқалаб», «Забаржад», «Жаннат қайдадир»“Паризод” ва бир қатор бадиий филмлар суратга олинган. Асарларини руҳан бирлаштириб турадиган жиҳат-инсоний эрк, ҳар қандай зўравонликка мунсабат масаласидир.

09

– Эркин ака, ҳозирги адабий жараёнга муносабатингиз қандай? Адабиётимизнинг бугунги даражаси сизни қаноатлантирадими? Бир китобхон сифатида, абадиятга дахлдорлик даъвосидаги адабиёт рамзлар ортига яшириниб иш кўришга зўр бермаяптимикан, деган хавотир бор менда. Гоҳо санъат воқеликни реал тасвирлашдан қўрққани учун мавҳумликка юз бурмаяптими, деган хаёлга боради киши. Шу ҳақда сиз қандай фикрдасиз?

– Кўзингиз тушгандир, уч-тўрт йил бурун “Тил ва адабиёт” журналида бир суҳбатим чиққан, мен унда адабий жараённи гоҳ тўхтаб, гоҳ силжиб қоладиган носоз аравага ўхшатган эдим. Бугун ўша муқоясамдан хижолатроқман. Каминани қаноатлантирадими-йўқми, ҳарқалай, кейинги чоғларда адабиётимизда бир жонланиш, кўтарилиш бордек. Кетма-кет дурустгина асарлар, янги номлар пайдо бўлаётир. Демак, арава йўлга тушган, обод-обод манзиллардан умид қилиш мумкин…

Дарвоқе, сиз айтган рамзу мажозлар орқали иш кўришнинг нимаси ёмон? Бадииятнинг асосий шартларидан эмасми бу?! Жўнлик ёмон, яланғоч баён ёмон. Тасвирни атай мавҳумлаштиришни назарда тутаётган бўлсангиз, у энди бошқа гап. Рамзлардан фойдаланишни кўр-кўрона мавҳумлаштириш иштиёқидан фарқламоқ керак. Воқеликни зўрма-зўраки мавҳумлаштириб кўрсатишга уриниш кўпинча муаллиф мақсадининг етарли идрок этилмагани, аниқ-равшан эмаслигидан ёки беҳуда маҳорат даъвосидан келиб чиқадиган ҳол. Аммо қуруқ воқеанавислик йўлидан борсангиз яна бир бало! Бунда меъёрни сақлаш муҳим шарт. Асли истеъдоднинг бир аломати ҳам меъёрни ҳис эта билишда эмасми, нима дедингиз?

Тўғриси, сизнинг ташвишингизда жон бор. Баъзи нарсаларни ўқиб бошингиз қотади: рўйи заминдаги ҳаётни тасвирлаяптими бу ё осмони фалакка чиқиб кетдими? Алаҳсирашни эслатадиган бу сўзлар бўтқасидан муддао нима? Муаллифнинг ўзидан гап сўрасангиз, ё бақрайиб тураверади (“Бўлган-турганим шу, керак бўлса, тушуниб ол!”), ё кўзини осмонга олади (“Сен янгича услубларни англамайдиган бир нодон бўлсанг мен нима қилай?!”). Қўяверинг, “болаларча сўллик касали” бу, бир кун келиб ўтиб кетар, эси кириб қолар. Хоҳламаса, ўзидан кўрсин – ёзган китобини хотинидан бошқа ҳеч ким ўқимайди!

– “Мен ўзимни қувонтирган, қайғуга солган, қийнайдиган нарсаларнинг барини образларга айлантиришга, поэзия бағрига жойлашга ўрганганман. Менинг ҳамма асарларим катта бир иқрорноманинг бўлакларидир”, деган экан Гёте. Тўғри, муаллифнинг шахсий иқрорлари ва эътирофларидан мутлақо холи бўлган асарни топиш маҳол. Аммо бу қараш ҳақиқатга қай даражада мувофиқ?

– Бу гапнинг нимасига ажабланасиз? Гёте ҳақ, албатта. “Анна Каренина – аслида менинг ўзим” деган Толстой ҳам ҳақ. Ҳар қандай асар муаллифнинг шахсий иқрор ва эътирофларидан озиқланади-да. Танлаган қаҳрамонларию воқелик шунинг ифодачиси бўлади. Муаллифнинг қараш ва эътиқодига зид воқеликни акс эттирган бирон асарни биласизми, айтинг. Замонлар ўтиб у ўзгача талқин қилиниши – эътибор топиши ёки инкор этилиши бошқа масала. Одам ўз бўйидан баланд сакрай олмайди деймиз-ку. Демак, гап ана шу эътиқоднинг нечоғли аҳамиятли эканида. Чинакам бадиий асарда фикр-қарашлар гоҳо муаллифнинг “бўйи”дан ўзиб кетиши мумкин. Муайян асар ва муаллиф шахсиятининг ҳар доим ҳам мувофиқ келмаслиги шундан. Сиз ёзувчиман деганнинг ҳаммаси ҳам олижаноб бўлади деб ўйлайсизми, нима? Аммо асар битаётганида у олижаноб бўлмоққа мажбур! Акс ҳолда ўзидан кўрсин. Ахир, адабиётнинг асл моҳияти, вазифаси инсонни олижанобликка даъват этиш эмасми?

– Яқинда Колумбия университети олимлари ХХ аср ўзбек адабиёти намуналарини инглиз тилида чоп этиш бўйича иш олиб бораётгани ҳақида маълумот олдик. Нашр қилинадиган асарларни саралаш бизнинг мутахассисларимиз зиммасида экан. Ана шу асарларнинг тахминий рўйхати билан танишишимга тўғри келди. Аммо мазкур рўйхатдаги баъзи асарларнинг бадиий савиясини у даражада юксак деб бўлмайди. Улар замонавий ўзбек адабиёти ҳақида тўлиқ тасаввур бера олмайди. Шу вазифа сизнинг зиммангизга тушса қайси асарларни тавсия этган бўлардингиз?

– Адабиёту санъат асарларини баҳолаш таъб, дид, савия, ҳатто кайфиятга боғлиқ масала. Барчага бирдек маъқул тушадиган асарни топиш қийин – дид, савия ҳар хил. Сиз айтган тўпламни тузувчилар ҳам тирик жон, янглишиши мумкин, мутолаа доираси торроқ бўлиши мумкин ва ҳоказо. Унақа антологияларнинг мазмун сифати ҳар доим ҳам кўнгилдагидек бўлавермайди, ишонинг. Улар кўпинча тўпловчиларининг бадиий дид, савиясини акс эттиради, холос. Бироқ ҳар не бўлганда ҳам бу ишда шахсий муносабатларни бир четга қўйиб, инсоф, адолат билан иш тутган маъқул. Чунки у ҳар куни нашр этиладиган оддий тўплам эмас, неча ўн йилликлар оша бир мартагина чиқадиган миллий антология. Уни ўқиган ажнабий китобхон миллатингиз, халқингиз, маданиятингиз ҳақида маълум тасаввур ҳосил қилади. Бундай антология тузишга киришганда, кўпдан-кўп хос талаблардан ташқари, одам миллатпарвар, ватанпарвар ҳам бўлмоғи лозим. Бирор жойга меҳмон бўлиб бораётган киши эгни-бошига қараб олиши керак-да, тўғрими?

Энди сиз куйиниб тилга олган антологияга келсак, менинг ундан хабарим йўқ экан, нималар киритилганию киритилмаганини билмайман, шунга кўра ҳозирдан бир нима дейишим қийин. У ёғини айтадиган бўлсам, ўша тўпламни мен тузганимда ҳам кимдадир эътироз туғилиши табиий эди. Ҳали айтилганидек, у менинг дид-савиямга мос бўлар эди-да. “Ҳар кимнинг ўз таъби бор” деган гап бежиз эмас. Нисбатан оқилона йўли шуки, бунақа масалалар Ёзувчилар уюшмаси иштирокида, кўпчиликнинг ўртасида ҳал этилса тузук.

Яширмайлик, бегонапарастроқмиз. Яъни – бошқалар зўр-у, биз сал берироқ, уларнинг асарлари яхши-ю, ўзимизники сал мундайроқ… Йўқ, баралла айтса бўлади: катта адабиётимиз бор, яхши-яхши асарларимиз бор! “Олдингдан оққан сув-да” деб бурун жийирмасдан, уларни холис назар билан ўқимоқни, қадрламоқни ҳам ўрганайлик.

Хабарингиз бор, биз “Тафаккур” журналида жаҳон адабиётидан намуналар ёритиб борамиз. Лекин битта ҳикоя танлаш учун неча-неча тўпламни варақлаб чиқишимизни биласизми?! Дурдона деганлари ҳар куни топилавермайди. Баъзи нарсалар, кечирасиз-у… “ўзимиз қатори”. Ахир, жаҳон бошқаю биз бошқа, жаҳон адабиёти бир тарафу биз бир тараф эмасдирмиз! Ўзбек адабиёти ўша биз маҳлиё бўлиб қарайдиган жаҳон адабиётининг бир бўлаги, ҳавас қилгулик, муносиб бўлаги…

– Барча виждонли зиёлилар сингари сизни ҳам Ватан ва миллатни мукаммал кўриш истаги ташвишга солиши табиий. Айтинг-чи, узоқ йиллик ижодий изланишларингиз шу эзгу мақсадга қай даражада хизмат қила олди? Эҳтимол, бу истакларнинг ижобатини кўриш учун “бошқа йўллардан ҳам фойдаланиш керакдир…” деган фикр бирор марта бўлса ҳам хаёлингиздан ўтганми?

– Ёзганларим нимагадир хизмат қилган-қилмаганини айтиш менинг вазифамга кирмаса керак. Буни тусмолламоққа ҳам ҳаддим сиғмайди. Лекин шуниси аниқки, нуқул таъриф-тавсиф билан мақсадга эришиб бўлмас. Шу ватан, шу миллат меники деган одам унинг камчиликларидан куйинади, гоҳо аччиқ гапларини ҳам қайтармай айтади, ёзади. Буюклардан кимдир, Белинский бўлсамикан, “Ўзига тик қарай билган миллатгина юксалади”, деган экан. Халқимиз ҳам “Дўст ачитиб гапирар” дейди-ку!
“Бошқа йўллардан фойдаланиш” деган сўзингизга, тўғриси, унча тушунмадим. Мен ўзимни камтарин бир қаламкаш санайман, қаламдан бошқа қуролим йўқ, бошқасига даъво ҳам қилолмайман.

– Деярли барча қаҳрамонларингизни ушалмаган орзулар ўкинчи изтиробга солади. Мазкур ҳолат Асқар, Шамшодбек, Бердибойлардан тортиб Болта Мардону Жийдалидан чиққан Жўрақулгача – барча образларингизда учрайди. Бу нимадан далолат? Наҳотки, Тангри “инсонни бир умр бахт излаш азоби билан жазолаган бўлса…”

– Устоз Асқад Мухторнинг сўзлари-да. Нақадар топиб айтилган шоирона таъбир! “Бахт излаш азоби билан жазолаш…” Ҳамма сўзининг тагига чизиб қўйгингиз келади, шундай эмасми?

Раҳматли Чингиз Айтматов қаҳрамонларнинг мурод-мақсадга етишуви билан якун топадиган эртаксимон нимадир ёзишни орзу қилиб ўтди. Рус муаллифларидан яна кимнингдир шундай гапи эсимда: “Азобу изтиробларни енгган ошиқ-маъшуқ ниҳоят лимузинга ўтириб порлоқ уфқлар сари йўл олса кошки эди! Лекин улар йўлда бирор фалокатга учраши ҳам мумкин-да, шуниси чатоқ. Начора, ҳаёт деганлари эртак эмас…”

Герман Гессенинг “Август” деган эртакнамо асари бор, бош кўтармай ўқийсиз, бағоят пухта, санъаткорона ёзилган. Қизиғи шундаки, шарқ ҳикматларини ёдга солади. Аммо қайтиб ўқигингиз ёки таржима қилгингиз келмайди. Нега? Гарчи хотимаси эртаклардаги каби шодумонликдан иборат бўлмаса-да, асарда ифодаланган ҳикмат очиқ-аён: “ҳаётда бахтиёр бўлмоқ учун одамлар сени эмас, сен одамларни севмоғинг керак” деган гап. Зарур, ибратли фикр. Бироқ реалистик асарга хос сирлилик, мураккаблик йўқ. Ҳикмат бўртиб қолган… Хулоса шуки, бадиий адабиёт ахлоқий муаммолардан баҳс этиши мумкин, зарур ҳам, лекин у зинҳор ахлоқшунослик илми эмас.

Ушалмаган орзулар ўкинчи, изтироби бўлмаса, у қандай адабий қаҳрамон, у қандай бадиий асар?! Шу “гўзал изтироб”ни (Рауф Парфи таъбири) бошдан кечирмаса, қаҳрамон қандай юксалади, қандай идеалга талпинади? Китобхон унга ишонадими, ундан таъсирланадими? Боя сиз санаган қаҳрамонларда ростдан ҳам шундай хислат топилса… мени хурсанд қилдингиз, раҳмат. Камина чинакам бадиий асарни изтироб меваси, изтиробнома деб биламан. “Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни кавлама”, демайдими оташин Машраб!
Асарда сирқираган дард бўлмаса, изтироб ифодаланмаса, шундан ҳосил бўлгуси тайин мақсад-муддао кўринмаса, ўқувчи мардумнинг бошини қотириб нима керак?!

– Бадиий ва публицистик чиқишларда сийқа жимжималар кўпайиб бораётган кезда ўзига хос услубингиз халқни адабиётга, адабиётни халққа яқинлаштираётганига шубҳа йўқ. Афсуски, ёш носирлар орасида сўзга заргарона ёндашувлар у даражада кўп эмас. Устоз адиб сифатида уларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Бир ёзувчимиз бор, ёшлигида ёзган асарларида ифода чатоқ, тил ғализ эди. Ҳозир у хийла ном қозонган, даста-даста китоблари чиққан, лекин ҳамон “дудуқ”. Ўзига зиён, ҳар қанча қизиқ нарса ёзмасин, асарлари яхши ўқилмайди, бир-икки саҳифасидан ўтиб-ўтмай ташлаб қўясиз. Ёзишни бошлаган кезларида “Бу нима деганинг, тилини чумчуқ чўқигур!” дейдиган талабчанроқ бир устоз ёки муҳаррирга учрамаган-да. Бугун энди шундан гап қўзғаб кўринг-чи!.. Тўғри, оддий китобхон унча-мунча қусурни сезмаслиги, тасвирланган воқеага қизиқиб, ўқиб кетавериши мумкин. Лекин бир қарашда силлиқ, бенуқсон кўринадиган айрим матнларни қўлга қалам олиб кўздан кечиринг-чи, “соғ” жойи қолармикан! Афсуски, сўз-жумлага эътиборсизликни ёшларимиздангина эмас, элга маълум баъзи оқсоқол адибларимиз ижодидан ҳам топса бўлади. Ёзувчилик даъвоси билан чиқдингизми, гап санъати эмас, сўз санъатига амал қилиб, уларни танлаб-танлаб, ўрни-ўрнига қўйиб ёзинг-да, барака топкур!

Бундай ҳолга асосий сабаблардан бири – адабий нашрларимизда талабчанлик сусайиб кетгани, ҳар доим ҳам шараф келтирмайдиган машаққатли ҳунар эгаси бўлмиш чинакам муҳаррирларнинг камёблиги. Оқибатда – муҳаррир ҳам муаллифнинг ўзи, мусаҳҳиҳ ҳам… гоҳо тақризчию ўқувчи ҳам ўзи!

Ёшларимизга маслаҳат бериш ваколатим бўлса, айтай: ҳадеб ўзинингу битта-иккита тенгдошининг ёзганларини ўқийвермасдан, бошқаларни ҳам, биринчи галда Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад сингари устозларни синчиклаб ўқисин, эринмаса, қиёслаб кўрсин. Шояд бир натижа чиқса. Ёки улар эскирганми? Нима, ўзимиз “янги” бўлиб қолибмизми, қачон?

Яна бир маслаҳат. Шошмайлик. Бугун ёзилганини эртагаёқ чиқаришга ошиқмайлик. Адабий матн бир қайновда тайёр бўладиган қиём эмас.
Ёшларимизнинг ҳавас қилгулик тили “бурро”лари ҳам талайгина. Келинг, рўйхат қилиб ўтирмайлик. Эртага бир кун юзимиз шувит бўлиб қолмасин. Гарчи, ишни сўзга меҳр қўйишдан бошлаган одам кейин бориб унга хиёнат қилмаса керак.

– “Шовқин” романида қадриятлардан узилган, матбуотчилар таъбири билан айтганда, “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолган кимсалар образи тасвирланган. Бундан эзгу мақсадларни кўзлаганингиз аён. Аммо асарингизда қалтис эпизодлар ҳам йўқ эмас. Комиллик йўлида нафс ва ҳирс каби иллатларни енгиб ўтиши лозим бўлган миллатнинг ёш вакилларига бу ҳолат акс таъсир кўрсатмасмикан, нима дейсиз?

– Типик қаҳрамонларни типик шароитларда тасвирлаш; ижобий ва салбий қаҳрамон… Соцреализм таъсири ҳали талай замон қонимиздан аримайди шекилли. Кимни қаҳрамон қилиб олиш, уни қай йўсинда кўрсатиш ёзувчининг ихтиёрида эмасми? Яқинда бир роман қўлимга тушди (русча), қаҳрамонлари – бомжлар, бошпанасиз дайди-саёқлар, сизу бизнинг назаримизда асарга, айниқса, роман аталмиш полотнога қаҳрамонликка сира-сира ярашмайдиган, арзимайдиган кимсалар… Қизиқиш билан ўқиб чиқдим, лекин ҳечам уларга ўхшаб дайди бўлгим келгани йўқ, ҳавас ҳам қилмадим. Ёзувчи кенг ҳаётни тасвирламоғи лозим экан, ҳаётда шунақалари ҳам бор-да, начора? Ҳамма гап муаллифнинг муносабатига, берадиган баҳосига, борингки, мақсад-муддаосига боғлиқ-да.

Бугун кулгили туюлар, аммо бир вақтлар Ёзувчилар уюшмасидаги муҳокамаларда романдаги ижобий ва салбий қаҳрамонлар нисбати бармоқ букиб санаб чиқиларди. Менимча, ўшандай қолипу қуюшқонлардан холи чинакам адабиётнинг қаҳрамони ҳаётий, ҳаққоний бўлмоғи керак, тамом-вассалом! Худога шукрки, бизнинг адабиётда ҳам ана шундай образлар дунёга кела бошлади.

Яқинда устоз Иброҳим Ғафуров билан шу борада гурунглашиб қолдик. У киши неча йиллардан буён рус тилидаги “ханжа”, “ханжество” сўзларининг ўзбекча лўнда бир муқобилини тополмаётганини айтиб мени ҳайратга солди. Инсон ҳаётига доир жамики ҳолу ҳолатни номламоққа қодир бой луғатимиздан-а! Шундоқ заргар таржимон-а!.. Маъносини аниқ-тиниқ англаб турганимиз шу сўзга икковлашиб муносиб “эгизак” қидира кетдик. Ўзни сипо тутиш, қўй оғзидан чўп олмагандек қилиб кўрсатиш, бузоқнинг ҳақи деб сут ичмаслик… Лекин айнан, ихчам ифодаси топилмади, қаранг. Ваҳоланки, миллий феъл-атворимизга жуда мос келадиган ибора! Ахир, ўзимизни хийла сипо кўрсатмоққа уринишимиз, мусичаи безордек тутишимиз, тирикликнинг гоҳо тубан ўйинларидан парҳезкор қилиб кўрсатишимиз бор гап-ку!

Келган хулосамиз шу бўлдики, ҳарчанд фазилатли, солиҳу олижаноб халқ саналмайлик, бани одамга хос иллату қусурлар бизга ҳам бегона эмас! Лекин шуни эътироф этмоққа қолганда, гарчи тилимизда аниқ ифодаси топилмаган бўлса-да, ўша “ханжа”лигу “ханжество” бизда ҳам етарли!
Энди “Шовқин”га келсак, мен унда бировни ёмонлаш ёки қоралаб кўрсатишни мақсад қилганим йўқ, асло – кечаги замонда кечган воқеликни бор-борича тасвирламоққа уриндим, холос. Бунга эришолмаган бўлсам ёки сиз айтгандек тушунилаётган бўлса – менинг айбим. Лекин бошқа назар билан, дейлик, ҳалиги “ханжество”ни бир четга қўйиб ўқиб кўрилса-чи?..

…Ёшларимиз ҳар нарсага айниб-бузилаверса, айрим эллардаги каби интернетни чеклаш, томларимиздаги “тарелка”ларни йиғиштириб олиш керак бўлади…

– Биламизки, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Асқад Мухтор каби устозлар ўз даврида ёш истеъдод эгаларини рағбатлантириш борасида салмоқли ишлар қилган. Бугун сиз ҳам устозлик мақомига эришгансиз. Сизга шогирд тушишни истовчи ёшлар кўп. Айтинг-чи, “яшашни масъулият деб тушунадиган, қаҳрамонлари ҳаётга, одамларга танқидий, талабчан назар билан қарайди”ган сиздек адиб адабиётимизнинг эртаси ҳисобланган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун нималар қилди?

– Умрим адабиёт нашриётию адабий журналларда (“Гулистон”, “Ёшлик”, “Тафаккур” ҳам шу жумладандир) хизмат билан ўтди, ўтаётир. Қўлёзма саралашда муаллифнинг ёш-қарилиги ёки бошқа “имтиёз”ларига қараб эмас, ҳамиша муайян нашр талаблари, аввало, адабиёт манфаатини кўзлаб иш тутмоққа ҳаракат қилдим. Шу аснода, табиийки, кўплаб ёшларимизнинг асарлари ҳам қўлимдан ўтган, маъқул келганларини имкон борича қувватлаб-қўлтиқлаб нашрга тавсия этганман. Бугун уларнинг адабиётда эришган ютуқларидан шоён ғурурланиб юраман.

Беайб парвардигор, бу борада гоҳо кимгадир етарлича меҳрибонлик қилолмаган ёки талабчанликни ошириб, кўнглини қолдирган бўлсам – айби бўйнимда. Шулардан кимки киройи бир асар ёзиб чиқиб каминанинг ўшандаги хатосини исботласа, қўшилишиб қувонмоққа тайёрман.

Сафарали Қурбонов суҳбатлашди

Эркин Аъзам
ҚИЁФАДОШ
002

Кинорежиссёр Баҳодир Одиловга бағишланди

Қаерга бормайин, негадир аввал кўҳна, ташландиқ боғ-роғларни айлангим келади. Обод, яшнаб-гуркираб турганлари-чи, ёқмайдими, дерсиз? Бунисини энди гоҳо эгасини ҳам ҳайратларга соладиган савдойироқ феълимиздан сўрайсиз. Айниқса, куз-кузак чоғлари бўлса, боғ эскидан ҳам эски, қадимий манзилгоҳлардан бўлса-қат-қат хазонларни ғичирлатиб бир ўзингиз танҳо кезиб юрсангиз! Шунда кечаги кунларнинг ҳиду нафаси аримаган бирор антиқа ашёгами, эзгинроқ бир манзарагами дуч келганда кўнгил ўз-ўзидан сув очади, хилват-пана гўша топилса, кўзлар намланиб ҳам кетади. Ҳолбуки, бу томонларга энди келишингиз, дейлик, манови чакалакзорга илк бор оралашингиз, бир замонлар кимлардир энтика-энтика учган, бугун ордона ётган анови абгор арғимчоқни ҳам ҳозиргина кўриб туришингиз-дийда эса аллақачон сувга ғарқ!

Бултур нари-бери ўн кунча мижоз сийраклашиб қолган санаторийда дам олдим. Бўлар-бўлмасга зардоб тўпланадиган ўтқопини бир ювайлик дедик-да.

Шифохона шундоққина тоғ этагида, аниқроғи, ўнгир деймизми, дара деймизми, шунинг қоқ оғзида жойлашган. Тепа-тепаларини қоятош қоплаган ёнбағирда зич, қалин алланималар ўсиб ётибди, ҳозир куз айёми- бари қуриб-қовжираб тургани учун дарахтми у ёки бошқа бирон бир дароз ўсимликми, билиб бўлмайди. Ёввойи дарахт десак, бу паллага келиб у мана шундай кулранг тусга кириб, яланғоч саксовулга ўхшаб қолар экан-да; гугурт тутатсангиз бас, гуриллаб аланга оладигандек. Этакдаги қишлоқда ўрик барглари шу кунда лов-лов ёниб турибди, ҳали япроғи сарғайиб улгурмаган дарахтлар ҳам топилади. Шифобахш сув чиққан жойлар, бирор хосияти бордир-да.

Кўркам, арзанда тарафлар қолиб, камина гоҳ тонг саҳар, гоҳ оқшомлари ана шу боғнинг эски вайроналари, хароб, овлоқ гўшаларида тентираб юрсам денг! Сайр сўқмоқларимни ҳам ўзимча белгилаб олганман. Боғнинг юқориги ўнг боши айни кунларда хас-хазонга тўлиб ётган, пастак дарвозаси омонат занжирланган аллақандай ёзги дам олиш масканига бориб туташади. Шунга тескари ёқда эса бутунлай ўзгача манзара-бунёдкорлик жабҳаси қайнаб ётибди! Санаторийнинг чап ёнбошидан чегириб олинган мўлгина бўлган баланд-баланд бетон деворлар билан тўсилган, ичкарида тариллайдигану тарақлайдиган жами ускуна тиним билмай ҳаракатда. Тик қирнинг нақд учида, жуда-жуда юксакликда аломат бир иморат бўй чўзган. Тўрт қаватми, беш қават. Қорамтир ойналари офтобда ялт-юлт қилиб кўзни олади, кечалари бор бўйи билан чароғон. Қараб туриб ақл шошади. Шунча дов-дастгоҳ, шунча лою гил у ёққа қандай олиб чиқилди экан? Ёки осмондан тушдимикан? Қирнинг нарёғидан йўл келгандир, Қудрат амаки билар, сўраш керак. Қанақа иншоот ўзи бу? Қайси ташкилотники? Қизиқувчанлик-да, ҳар гал шу атрофни кезганимда бориб уни кўргим, билгим келади, лекин тикка қир бўйлаб бундай баландликка чиқмоқ учун нақд шернинг юраги даркор!

Бир кеч ўша азамат истеҳком тагида коржома кийган ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги зангидек қоп-қора йигитни учратиб, гап олгим келди. Ўзи ўзбек, ҳатто ғирт қишлоқига ўхшайди-ю, негадир, бир оғиз ҳам ўзбекчани билмайди. Шу атрофга, яъники девор ортидаги тарақа-туруққа ишбоши экан. Айтишича, эллик гектарлар келадиган бу макону ҳув қир бошидаги ажиб иншоот ҳеч бир ташкилот-пашкилотга тегишли эмас, Искандар аканики-хусусий мулк! Сўнгги пардози қолганмиш, барака топкур хоразмлик мардикорлар кеча-кундуз демай тиришиб ётганмиш («Молодцы ребята, день и ночь стараются»). «Искандар ака дедингизми, ким у?» деб сўрадим ҳайратимни яширмай. Ишбоши ҳам яширмади ҳайратини: «Искандар акани билмайсизми? Искандар акани-я?! Комил бойваччанинг «первий зами»-ку!» «Қанақа Комил бойвачча? Нима иш қилади у?» «Комил аканиям билмасангиз!..-деди йигит, чамаси, ўзи ҳам умрида кўрмаган зотнинг номини малайларча бир ифтихор билан таъкидлаб.-Ой-пойдан тушганмисиз, нима бало? («Что, с луны свалились что ли?»)-ғашим келгани юзимга урди шекилли, ишбоши энди баттар ачитиб, яна-тағин ўзини шерик тутган каби ғурур билан изоҳ берди: -Буларнинг бари эллик йилга ижара олинган!» Шайтоним қўзиди: «Вой-бў-ў, эллик йил?! Бу-ку бир «первий зам» Искандар экан, Искандар Зулқарнайн деганларининг ўзиям бор-йўғи ўттиз уч йил умр кўрган-ку! Ҳатто-Исо пайғамбар ҳам! Эллик йил-а!» Менинг соғ эмаслигимга тамом шубҳаси қолмади чоғи, ишбоши елкасини бир учириб, деворга тиркалган осма зинасига тирмаша кетди.

Қудрат амаки билан ҳам бошида муомаламиз шунга ўхшашроқ чиққан, у ҳам мени тани-жони носоғроқ деб гумон қилган бўлса, эҳтимол.

Сўқмоқма-сўқмоқ кезишларим ҳар сафар қоровулхона биқинига келиб якун топарди. Кунора навбат турадиган қоровул чол аввалига таажжубланди, кейин-кейин кўникдими, қуруқроқ бўлса-да, салом-алик қиладиган, бир луқма сўз олишадиган бўлдик.

-Шоир-поирмисиз дейман, укам, қачон қарасам, яқин беш-ўн йиллар кимсаси йўламаган яккасўқмоқларни айланганингиз-айланган?-деб қолди у бир куни.

Шундай вақтда чиндан ҳам шоир бўлгингиз, ҳечқурса, шоирона кўрингингиз келади, тўғрими? Аммо чатоқ томони ҳам бор: «Қани, унда байтлардан бўлсин!» деб қолса!..

-Шунга яқинроқ, амаки,-деб қўйдим барибир паст тушгим келмай. Лекин у кўнгил учун бўлса-да, нимага «яқинлигим»ни сўрамади.

Ўзиям дарвоза очиш-ёпишдан бошқа юмуши йўқ-зерикадими ё табиатан киришимли, гурунгга ишқибозроқми, ҳарқалай, аста-секин хийла қадрдонлашиб кетдик. Боз устига денг, Қудрат амаки поччанамо чиқиб қолди: хотини, бугун энди кампир-да, асли биз тарафлардан экан. «Темирйўлда соқчилик қилганимда опқочиб келганман», дея мағрурланиб қўяди. Ҳар навбатчилигининг эртаси уйига таклиф қилади: «Кампир сизни йўқлаётувди».

Ҳужраси ҳам аллақандай файзли, гурунгбоп. Бўлмаса-ку, ортиқча ҳашам-ашёси йўқ: ётишга қулай пастаккина бир кат, иккита қўлбола курси, ўша рух чойнакча, ўша доғ-дуғли плитача, дераза равида сиртини ёғ босган эски телевизор-тамом.

Кечқурунлари ёлғизликдан ториқиб, гоҳо шу қоровулхонага бош суқаман. Истеъфога чиққунича темирйўл хавфсизлик хизматида юриб кўп балоларни кўрган чоғи, чол ўтириб олиб қизиқ-қизиқ воқеалардан нақл қилади. Гап-сўзларидан сездимки, ёши етмишларга бораётганига қарамай, унча-мунча «отиш» одати ҳам бор, ҳарҳолда, «Ие, бу ёғи қандоқ бўлди?» демоғи мумкиндир-у, аммо узатсангиз қайтармайди. Ўша оқшом бир шишани қўйнимга солиб олдига ўтдим. Курткамнинг чап ёнбоши дўмпайиброқ турганини дарҳол пайқади, «Бугун ўзи ҳавоям салқинроқ», дея завқ билан кафтларини бир-бирига ишқаб, токчаларини титкилай кетди.

Бугун эрталаб мен ҳайратомуз бир манзарага дуч келган эдим. Сойнинг сўл қанотидаги эски вайроналарда тентиб юриб, ҳув нарида мунғайиб турган хароба бир ёғоч ҳужранинг олдидан чиқиб қолдим. Томи-ю гирд-атрофини хас-хазон, шох-шаббалар босиб кетганидан аранг кўзга чалинади: эшиги қиягина очиқ. Аввал ҳам бир-икки дафъа нигоҳим тушгандир-у, яқинига бормоқ, кириб ичига қарамоқ хаёлга келмаган эди. Нимасини кўрасиз-синиқ кетмону белкураклар қалашиб ётадиган эски бир омборхонами, ё-балки бошқа… хонадир. Билмайман-нимага, бу гал оёқларим ўз-ўзидан ўша ёққа тортди.

Бояги тусмолим тўғри чиқди: униси ҳам, буниси ҳам. Эски-туски аралаш-қуралаш бўлиб ётибди: «чўлоқ» стол-стуллар, ичак-чавоғи чиқиб кетган қадимий диван, катта-кичик алвон шиорлар, аллақандай қийшиқ қасноқлар, собиқ «доҳий»ларнинг пўпанак урган сиймолари ва ҳоказо. Ердаги ахлатгача эски, қадимий!

Бир ён деворга тақаб қўйилган фотокўргазма диққатимни тортди. ёғочлари чириб-синиб бир бурчаги ўпирилиб қолган томдан тушаётган ёруғда унга разм солдим. Сарғайгандан сарғайиб, «ажин» босиб кетган бу суратларнинг деярли барчасида ўта салобатли, ўта важоҳатли бир зотни кўриш мумкин эди. Мана, у киши савлат тўкиб минбарда турибди; мана, ўша киши оқ халатли шифокорлар қуршовида; ана, чамаси, ҳамшира жувонга аллақандай арзанда бир қоғозни тантанавор тарзда тутқазмоқда; ана, шу одам шанбаликка бошчилик қилмоқда: оқ халатлилар ер супураётир, дераза ойналарини артаётир-раҳбар, қўллари орқасида, ишнинг боришини назорат кўзидан ўтказаётир; ана, зал тўла оқ халатлилар ҳайъатда тик турган «қаҳрамон»ларини чапак чалиб олқишламоқда…

Гап шундаки, кўп йиллар бурун юртни ётқизиб-турғизган жуда катта арбобнинг ўзгинаси эди бу!
Шундай қудратли зот бу ёқларда нима қилиб юрибди экан-ана шуниси жумбоқ, ақлга сиғмайдиган бир синоат эди!..

-Мени бу ерга ишга олган одам ўша-Аҳрор Сайфиддинов,-деб бошлади сўзини Қудрат амаки.-Нафақага чиққач, уйда ўтиролмай, яқингинамда деб шу ерга кирганман-да. Унинг ўзи ҳам санаторийга директор бўлиб келганига ҳали йил тўлмаган экан; бундан олдин туман касалхонасида бош врачга муовинми, бўлим мудирими бўлиб ишлаган, дейишарди. Бундай бирдан кўтарилиши бежиз эмас экан. Дастлаб иш сўраб олдига кирганимда уни кўриб анграйиб қолганман. Ё тавба-а дейман, одам одамга шунчалик ҳам ўхшар экан-да! Қуйиб қўйгандек Фалончи Фалончиевичнинг ўзи-я! Уни эсларсиз, ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб юборган ҳув каттакон амалдоримиз-чи? Бор жилов шунинг қўлида, ўзидан улуғларни ҳам тўсиб, олдинга чиқиб олган эди-ку! Телевизорда ҳам ўша одам, мажлису машваратларда ҳам ўша…Бамисоли икки томчи сув дейсиз-а! Ишонинг-ишонманг, қанча йил темирйўлда юриб, не-не катта-ю кичикни кўрган мана шу амакингиз калимасини йўқотиб қолган ўшанда! Бу ерга келиб жойлашгач, билсам-укаси экан. Кимсан-Фалончи Фалончиевичнинг-а! Лекин, худо шоҳид, ака билан ука ҳам, ҳатто эгизаклар ҳам бунчалик бир-бирига ўхшамас! Кейинроқ гап чиқди: «Йўқ, йўқ, фамилияси бошқа-ку, жияни эмиш. Жиян тоғага тортади-да!» Ҳадди сиғиб қизиққан биров-яримга эса ўзи «Ким айтди буни?» деб сирли кулармиш. Ҳол-жонига қўйишмаса, «Ўзларидан бориб сўранглар», дер эмиш дудмол қилиб. Ким бориб сўрайди? Фалончи Фалончиевичдан-а! Яқинига йўлаб бўлармиди денг!

Афтидан, катта хўжайинлар ҳам унга ғиринг дея олмасди: Фалончи Фалончиевичнинг қулоқларига етса!.. Ўзи хон- кўланкаси майдон, билган ишини қилиб юрарди. На комиссия йўллай олади, на бошқаси. Бу ёқда томошабинни айтинг! Ҳув наридан бўлса-да, бир кўргани, бир қарагани келган одамларни биламан. Ўзимизнинг шу ердаги дам олувчилар-ку, ўзаро пичир-пичир қилиб изидан қолмасди. Тап-тайёр экспонат дейсиз! Ташқари чиқса ҳам кетида тўртта дўхтир билан ҳамшира, ичкари кирса ҳам. У ёқ-бу ёқни айланиб юрганида бировининг қўлида чойнак-пиёла, бошқасининг қўлида албатта кулдон тайёр турарди-ашаддий чекувчи эди, бирини бирига улаб чекарди ўзиям.

Э, хуллас, нариги дунёнинг жаннати шарт эмас эди у одамга. Жаннат деганларида, биласиз, кўрмоқ бор-у, емоқ йўқ. Бу кишиники эса ҳар қандай беҳиштидан беҳроқ эди.
Кўнглингизга келмасин-у, иним, унинг ҳам сизга ўхшаган бир одати бор эди. Айланиб юра-юра, гоҳо бир ўзи анови чакалакзорга оралаб, талай замон йўқ бўлиб кетарди. Сойнинг бу ёғида канизаклари серрайиб кутиб қолаверарди: бирининг қўлида чойнак, пиёла, бирида кулдон. Кейин бир маҳал у ёқдан баттар тунд, жиддиятли қиёфада чиқиб келарди. Қани, биров бир нима деб сўрамоққа ботинолса! Изидан юрган шўрлик канизаклар-ку, оғзини пойлаб эси кетарди. Камгаплиги-ю сиполиги уни янада сирли, улуғвор қилиб кўрсатар эди-да. Шунданми, оғзидан чиққан луқма ўша заҳоти бажо келтириларди.

Амакингизга шундай туюлганми, билмадим, лекин директор жаноблари кун сайин анови амалдор тоғага ўхшаб борарди. Кўзойнаги сопини қулоғига эмас, юқорироққа қўндириб юришлари ҳам, кирписимон сочининг тепаси алланечук теп-текис қилиб кузалиши ҳам, эринчоқ, ҳафсаласиздек кўринадиган ҳатти-ҳаракатлари-ю, буқага ўхшаб одамга вазмин бурилиб қараши, хириллоқ овози… Хуллас, амалдор тоғанинг ўзи уни кўрса, «Э, қойил, Фалончи Фалончиевич асли мен эмас, сен экансан!» деб юбормай иложи йўқ эди.

Аммо кўпчиликни қийнайдиган асосий жумбоқ шу эдики, ўшандоқ тоғанинг шундоқ жияни нега бундай пиллапояда тўхтаб қолди, нега юқорироқ кўтарилмаяпти? Нечун бир гўрдаги бадбўй санаторийда моғор босиб ётибди? Боёқишнинг дам-бадам ўзини чакалакзорга уришлари сиқилганидан эмасмикан? Сўнгра гап чиқдики, шахсан ўртоқ Фалончи Фалончиевичнинг амрлари шу экан, қариндош-уруғчилик иллатига қарши эмиш у киши, тоға- тоға, жиян-жиян, ҳар ким ўз кунини ўзи кўрсин! Ана тантилигу ана адолат!

Кейинроқ тинмагур биттаси суриштириб аниқласа- булар тоға- жиянлик нари турсин, ҳатто қариндош-париндош ҳам эмас, анчайин бир-бирига ўхшаш тамом бегона одамлар экан. Шундан сал фурсат ўтмай, ҳалиги ака-укалигу тоға-жиянликдан ҳам ортиб тушадиган, йўқ, сирли бир гап тарқалди: «Аҳрор Сайфиддинов асли Фалончи Фалончиевичнинг махфий эгизаги, «двойник» деймиз-ку, ўшанақаси эмиш! Вақи-вақти билан бориб кўришиб турармиш, муҳимдан-муҳим топшириқлар олармиш. Баъзи бундайроқ мажлис-маросимларга Фалончи Фалончиевичнинг ўрнида бемалол қатнашиб ҳам кетаверармиш». Буниси энди аввалгилардан ҳам ваҳималироқ эди. Ўшандан кейин санаторий аҳлигина эмас, ўзининг хўжайинлари ҳам директоримизга янада эҳтиёткор муомала қиладиган бўлди. Дарҳақиқат, у гоҳида роса сипо кийиниб, Фалончи Фалончиевичнинг бўйнидаги йўл-йўл галстуклардан тақиб, «Волга» сида Тошкентга тушиб кетарди.

Теваракдаги шунча гап-сўзга қарамай, андак писмиғу ичимдан топлигини айтмаса, Сайфиддинов кўпам ёмон одам эмас эди. Беозор, биров билан ортиқ иши йўқ, доим ўзи билан ўзи овора. Мана шу ўзингиз кўрган зўр-зўр бинолар ўша одамнинг даврида қурилган, билсангиз. Қўл қурғур ҳам узун эди-да, қаёққа узатса етади. Кимсан-Фалончи Фалончиевичга тегишли одам!

Бир гапдан кейин биз у билан қадрдонлашиб кетган эдик. Қадрдон ҳам гапми, сирдошу синоатдош!

Худди мана шу ҳозир сиз ўтирган курсига келиб жойлашади, соатлаб суҳбат қуради. Ҳужра тутунлаб кетарди денг! Бўлмаса, кимсан-Фалончи Фалончиевичнинг ўзи билмаса-да, ҳарнечук, ўшанинг кўланкасида юрадиган мардум!

Бундай бўлди, қулоқ солинг. Ҳув анови дара томонда адирни қоплаб ҳайронак аталмиш бир дарахт ўсади. Ўзи кўримсиз-у, аммо барги эски бод дейсизми, оёқ оғриғию томоқ оғриғи дейсизми, хуллас, минг дардга даво. Кампирнинг қистови билан бир куни ўшандан қийиқчани тўлғазиб териб келаётсам, чакалакзорга яқинлашганимда ҳали сиз айтган омборча тарафдан пичир-пичир овоз эшитилгандек бўлди. Писиб бориб мўралабман. Тирқишдан-да. Сен мўйсафидга нима экан денг-а! Хўжайин билан Башорат Баҳромовна! Тиззама-тизза бўлиб ўтиришибди. Ҳа-а, чакалакзорнинг сири бу ёқда экан-да! Шарпасизгина орқамга қайтдим. Илгари ҳеч бу ерга қадам изи қилмаган одам, ўша оқшом азза-базза шиша кўтариб кепти: «Айбга буюрмайсиз-да, Қудрат ака». Лабимга кесак суртиб олдим: «Илло-билло, кўрганим йўқ, мен эмас эдим, укажон». Бир-икки қўл олганидан кейин, ахийри, «Ҳай, йигитчиликда бўлади-да, Аҳрорвой», дебгина қутулдим. Шу-шу, улфат киришдик. Энди бор сиру асрор ўртада.
Башорат Баҳромовна деганимиз ҳар қандай эркакни бир қарашдаёқ довдиратиб қўядиган офатижон нарса эди. Сайфиддинов уни туман касалхонасидан ўзи билан бирга олиб келган экан: чамаси, қўлида ишлаганида ўйнашиб юрган. Аввалига бўлим мудири, кейин ўзига муовин қилиб қўйди. Яхши-да, ёнгинасида, чакалакзор-пакалакзор деб юрмайди. Ўткир хотин чиқди денг бу касофат, дарров ҳамма ёқни қўлига олди: шунинг маслаҳати, шунинг гаписиз бирор иш битмасди. Эркак кишининг ҳоли маълум-ку: ўша маҳалда белидагига қўшиб дилидагини ҳам берворади. Сайфиддиновга эса бу айни муддао-майда-чуйда юмушларга унинг ҳафсаласи қолмаган, фикри-зикри анови каттаконга ўхшамоқ билан банд эди.

Эшитишимча, Башоратнинг туман марказида ҳовли-жойи, биттами-иккита боласи, мўйлов қўйган эри ҳам бор экан; аммо бирор марта қорасини кўрмаганман. Уй-рўзғорли хотин, бошда йўлни баҳона қилиб, баъзи кечалари шу ердаги бўш хоналарда ётиб юрди. Муовинликка чиққач, кабинетининг биқинидан эшик очтириб, аллақандай шиша хумлар сақланадиган деразасиз ҳужрани ўзига ётоқжой-хосхона қилиб олди. Энди якшанбадан бошқа вақт кечаю кундуз шу ерда, шанба оқшомигина Сайфиддиновнинг «Волга»сига мингашиб уйига жўнар эди. Қаранг, директорнинг уйи ҳам туман марказида, ҳар куни ўша ёқдан қатнайди, бирга келиб-кетишса-ку бўлади, лекин «неудобна» эмиш, гап-сўз чиқармиш! Ҳе, «удобна»нгдан кетай, баҳонани кўринг!

Бу ёғига ўзи яширадиган жойи ҳам қолмаган эди. Сайфиддинов ишдан сўнг алламаҳалга қадар хосхонада меҳмон бўлгач, чиқа солиб зипиллаганча ҳув ҳовлининг чеккасида турган мошинасига ошиқарди. Сир-асрордан хабардор бўлсам-да, ичида мендан пича истиҳола қилармиди, дарвозадан ўтаётиб, бу томонга қарамасликка тиришар эди. Мен нима дердим-бири хўжайин, бири муовин бўлса! Ҳар кимнинг гуноҳи-ўзининг бўйнида, тўғрими?

Энди бу ёғини эшитинг, гапнинг эркаги бу ёқда.
Дам-бадам қатнаб, ошиқ-маъшуқларнинг об-ошига Маржонгул қараб турарди, Баҳромовнамизнинг ёрдамчи ҳамшираси. Ўртадаги бор сиру савдодан хабардор ҳам шугина, беминнат дастёр ҳам ўзи. Нимаданлиги ҳозир эсимда йўқ, эри қамалиб кетиб, салт-сувой юрган жувон эди. Унчалик ҳам кўзга ташланмайдиган бир нарса. Бошига бало бўлишини билмай, Баҳромовна келиб-келиб шуни аллақандай курсга ўқишга юборди денг. Шаҳардан қайтганида ҳалиги ўлгурни таниб бўлмай қолди-ку: сочлар кесилган, у ёқ-бу ёғини дўмпайтириб чолвор кийиб олибди, юзи ҳам ингичка тортиброқми, бир аломат жононга айланибди! Уч-тўрт ой массажчилик қилди-шунга ўқиган-да, чоғим. Кейин унинг таниш бармоқлари бегона эркакларнинг ҳар жойига тегавериши кимгадир малол келибми, физкультурачиликка ўтказилди. «Раз-два» қилиб юрди. Хотинини уйда қолдириб, ёлғиз дам олгани келган баъзи буқаларнинг, айниқса, эрталабки дамлар физкультурачи жувоннинг таранг қадди-қоматига суқланиб боқишлари ҳам ғазабга учради-Маржонгул энди сипогина бўлиб, қари-қартангни булоқбошига элтиб, сув ичишни ўргата бошлади.

Хулласи калом, бир якшанба Башоратхон кечаси азза-базза уйидан қайтиб келиб хосхонасида уларни босади. Бўлган шармандагарчиликни кўрсангиз! Қий-чувни эшитиб, текин томошага одам тўпланади. Овлоқ бир жойда зерикиб ётган эмасми, дам олувчилар ҳам роса мириқади. Ўша кеча ўзим уйда эдим, қуруқ қолибман. «Башорат ёмон экан, нақд иштонини бошига кийди-я!» дейди шеригим. Униси ҳам бўш келмаганмиш, устози билан баб-баравар юлишганмиш. Хотинларнинг нафс жанжали ўсал бўлади. Эр бермоқ-жон бермоқ, дейдилар-ку. Икки кундош бу ёқда жон талашиб ётибди, «жон»нинг ўзи эса пайт пойлаб орадан чиқибди-ю, жуфтакни ростлаб қолибди. Шу бўйи бир ҳафта-ўн кунлар ишга келмай юрди. Маржонгулимиз ҳам кўринмади. Уч кунми-тўрт кун ўтиб, эри қамоқдан чиққанмиш, деб эшитдик. Аламзада хотиннинг қаҳру ғазабига чегара борми! Ҳеч нарсадан тоймайдиган анови мегажин бориб, не-не умидлар билан қайтган эрга ҳамма гапни айтиб беради. Уйидан ҳайдалиб, икки ёқдан ҳам қуруқ қолган Маржонгул аламига чидаёлмай ўша кеча оғилхонага кириб ўзини осади. Орқасида даъвогари бўлмагач, кимнинг ёқасидан оласиз, кимни айблайсиз? Эрига хиёнат қилган бир бузуқи ўлса ўлибди-да, ўзи айбдор! Шу.

Сайфиддинов ишга чиққан куни бу ерда бўлган қирғин-қиёматни айтсангиз-чи! Чошгоҳлармиди, носнинг кайфидан кўзим илинган экан, идора тарафда шовқин-сурон эшитилди. Хиёл ўтмай қарасам, бўйнидаги галстуги бўшалиб бир ёнга қийшайган, афт-башараси қашқа-тимдаланган Сайфиддинов бировни тепиб-тепкилаб зинадан думалатаётир. Аввалига танимабман ҳам: кўзойнаксиз бошқа одамга ўхшаб қоларкан. Башоратнинг ҳам афт-ангорига қараб бўлмайди: ажабтовур алвонда турмаклаб юрадиган сочи ёйилиб-тўзғиб, опала- алвастига ўхшаб қолган, лаб-даҳани қон, таранг кўйлагининг у ер-бу ерлари йиртиқ. Шу аҳволида ҳам чийиллагани-чийиллаган. Сайфиддинов атрофга бир аланглади-ю, типирчилашига қарамай, ётган еридан уни даст кўтариб олди, элтиб хизматга шай турган мошинасининг орқа томонига жойлади, эшигини қарсиллатиб ёпаркан, ҳайдовчисига нимадир деб бўкирди. «Волга» вағиллаб ўрнидан қўзғалганда дарвозани очишга зўрға улгурибман.

Шўрлик Маржонгул учун бир нав ўч олдими десак, гап бошқа ёқда бўлиб чиқди. Директор йўғида бекор турмай, «Сизнинг номингизни сотиб юрибди!» дегандек қилиб анови манжалақи унинг устидан тўппа-тўғри Фалончи Фалончиевичга шикоятнома жўнатган экан, шундан хабар топибди.

Сайфиддинов ўша куни кечгача қорасини кўрсатмади. Кабинетига қамалиб олиб, бир ўзи бўккудек ичган, шекилли, қош қорайганда шофёри кириб, уни базўр ортмоқлаб чиқди-да, мошинага ортиб жўнади. Эртаси у ишга келмади. Индини ҳам, кейин ҳам. На директор бор, на муовин. Санаторий эса ўша-ўша, иш тўхтаб қолгани йўқ. Дам олувчию даволанувчи пайдар-пай келиб-кетиб турибди, дамини олиб, сувини ичиб юрибди. Ўн-ўн беш кунлар давом этди шу аҳвол. Лекин ҳамманинг қулоғи динг, ҳамма қандайдир тараддудда эди: шикоятнома шахсан Фалончи Фалончиевичнинг қўлига етган бўлса, бир кор-ҳол бўлмоғи муқаррар!

Ишонинг-ишонманг, юқоридан ҳеч қандай хату хабар келмади. Ҳаммаёқ жимжит, илгаригидек эди.
Охири нима бўлди-қани, топинг-чи? Ҳар кун бўлмайдиган, ҳар ой бўлмайдиган, ҳар йили ҳам бўлавермайдиган ҳодиса рўй берди: Фалончи Фалончиевич лавозимидан бўшатилиб, қилмиши терговга тушди! Бунақа вақтда, биласиз, сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолади. Текшир-текшир, қува-қув бошланди. Жиноятчига алоқадор кимки бор, бирма-бир пулсиротдан ўтди. Олислик қилдими ё айтарли бир асос йўқ эканми, ҳарнечук, бунақа ғавғолар бизгача етиб келмади. Ниҳоят, директоримиз ишга чиқди, кетидан уч-тўрт кун ўтказиб анови сувилон ҳам пайдо бўлди. Тўғри-да, энди у кимга ёзади, нима деб арз қилади? Иккови ҳам ҳеч нима кўрмагандек бўлиб юрибди. Аммо ўртада гап-сўз, муомала йўқ. Ҳар ким ўзининг иши билан. Сайфиддиновнинг олдинги шашти ҳам, шавкати ҳам қолмаган, ўзини бутунлай ташлаб юборган. Илгари унга ҳамма ҳавасу ҳайрат билан қараган бўлса, энди шунчаки қизиқиш билан, ниҳояти бир ажувани кўргандек таажжуб аралаш назар ташлайди, холос; ошкора мазахомуз кулиб қўядиганлар ҳам бор.

Санаторий аҳли ўртасида ҳам унинг писанди кетган, кечагина кетидан чойнагу кулдон кўтариб юрган анови ойимчалар энди чақирса-да, бурилиб қарамайди. Ҳаммаси Башорат Баҳромовна тарафда, ўшанинг қутқу-қистовига кўра иш тутар эди. Сайфиддинов баъзи кунлари тўппа-тўғри мана шу қоровулхонага келиб, мана шу ердан кетарди-идора тарафга қадам босиш йўқ. Олиб келган шишасини бир бурчакка хуфёна қўйиб, у ёқ-бу ёқдан гангир-гунгур қила-қила, шуни майдалаб ўтиради. Ўқтин-ўқтин зинапоя бошида Башорат Баҳромовна жамол кўрсатиб, қўлларини белига тираганча бу тарафга беписанд, энсаси қотгандек совуқ бир назар ташлаб қўяр, шунда Сайфиддиновнинг нақд жони чиқиб кетар эди, тишларини ғижирлатиб тўнғилларди у: «Манжалақи! Туришини қаранг! Қўйнимда ётиб кўрсатган қилиқлари ёдида ҳам йўқ!»

Хоним кейинги вақтда хўжалик мудири Бойқобилов билан иноқлашиб қолган эди. Ейиш-ичишлари ҳам бирга, ўтириш-туришлари ҳам. «Кўриб қўй!» дегандек намойишкоронасига. Аломат нусха эди, Бойқобилов. Даволашу дори-дармондан минг чақирим наридаги одам, кифтига оппоқ халат илиб, кийган кўйлагига ярашса-ярашмаса доим бир хил пистоқи галстук тақиб юрарди. Қиладиган амаллари эшик-дераза билан деворларнинг сувоқ-пувоғига қараб юриш-у, санаторийнинг хўжайинидек тутардилар ўзларини. Янги келган мижозлар директор шу бўлсамикан, деган хаёлга ҳам борарди баъзан. Аммо бир хислати-ўта хушхат эди касофат. Айтишларича, хато-хутоси билан бўлса-да, роса чиройли ёзар, шунисини кўз-кўз қилмоқчидек, халатининг ён чўнтагига қаторлаштириб ручка ҳам осиб юрар эди. Юқори ташкилотларга битиладиган қишлоқдаги жами арзу шикоят шунинг қўлидан чиқарди. Кечагина Сайфиддиновнинг пинжида жон сақлаган киши, вазият ўзгарган, лип этиб Башоратхоннинг момиқ қўйнига кириб олди. Хоним илгари бу маҳаллий «қалам устаси»ни назар-пазарига илмасди, албатта. Ичида унинг устидан кулиб ҳам юргандир. Лекин зарур келганда, болға ўрнига ерда ётган оддий тош ҳам иш беради…

Наврўз байрами арафасимиди, Сайфиддинов буткул кўринмай қолди «Ўз ихтиёри билан ишдан бўшаб, шаҳардаги ўғлиникига кетибди, ўша ерда аллақандай поликлиникада ишлаётганмиш», деб эшитдик кейин. Узоқ йили қишлоқда кимнингдир маъракасида учратиб қолдим. Ажаб дунё! Қани у савлату салобат? Қани у-Фалончи Фалончиевич бўлиб виқор билан юришлар? Тавба, анови ўхшашликлардан асар ҳам йўғ-а! Бутунлай бошқа одам дейсиз! Ўзи мендан беш-ўн ёшлар кичиг-у, муштдеккина бўлиб, мункайиб қолибди.

Мана, энди унисининг ҳам, бунисининг ҳам ному нишони ўчиб кетган. Бундоқ ўйлаб қарасангиз, ўша дағдағадор каттаконнинг ўрнида бизнинг Сайфиддинов ҳам бўлиши мумкин экан-да, а, лаббай? Бугунга келиб барибир иккаласиям унутилар экан, нима фарқи бор эди, тўғрими?

Баҳромовнамизни сўрарсиз? Э, балонинг ўқи чиқди бу хотин! Сайфиддиновдан кейин, билмадим, бошқа одам топилмадими ёки бу ўлгурнинг ўзи бошқаларнинг кўнглини топдими, ишқилиб, уч йилга яқин директорлик қилди-я! И.о. бўлибми, эвоҳ бўлибми юрди-да. Ҳарқалай уддалади. Ишни нимадан бошлади, айтайми? Хотин зотининг интиқоми ёмон бўлар экан, укам. Сайфиддиновдан бирор из қолдирмай, ҳамма-ҳаммагинасини супириб-сидириб, ҳали сиз кўрган ахлатхонага элтиб ташлатди. Барчани зир титратарди ўзиям. Ҳар тарафдан берган экан-да, бунга худойим. Ҳозир элликларга борди-ёв, лекин ҳамон сузилиб қараганида этингиз жимирлашиб кетади. Одамни бир зумда ром қилади-қўяди, бурнингиздан ип ўтказганини сезмай қоласиз. Нақд шайтоннинг урғочиси, бошқа гап йўқ! Бултур бу ердан бўшаб, ҳув қир бошидаги дачага ишга ёлланди. Бойваччанинг шахсий дўхтири эмиш. Дўхтирлик ўз йўлига, бошқа ишларда ҳам энагаликни қотиради у. Тавба қилдим, худойим, бас, ўзинг кечиргин бандангни.
-Ана шунақа савдолар,-деди Қудрат амаки ҳикоясини якунлаган каби. -Биргина директорнинг тарихи бу. Ундан бери нечтаси келиб-кетди, э-э!

Ичи гапга тўлган бу одамнинг нақлларини тинглаб ўтириб мен алланечук карахт ҳолатга тушдим: неча кундан буён кавак-кавагигача кезиб чиққан жойларим энди кўзимга бутунлай ўзгача кўринмоқда эди.

-Ҳозиргиси-чи? Буниси кимга ўхшайди?- дедим эрмакка олиб хаёлчанлик билан.
-Кўрмаганмисиз? Ҳа-я, дарвоқе, бир ҳафталар бўлди, бу ёққа келолганиям йўқ у шўрлик. Шаҳарда юрибди. Судлашиб. Анови қасрнинг хўжайини қувур тушириб, булоқ сувини тортиб олмоқчи… -Қудрат амаки менга, негадир, синчиклаб, аллақандай муғамбирона тикилди. -Суратини ҳам кўрганингиз йўқми? Ҳов тепадаги янги бинодамисиз, ахир? Кирган жойингизда деворда осиғлиқ турибди-ку? Бориб, бир қаранг-чи, кимга ўхшаркан?

Сўнгра у ўзича мулоҳазага берилди: -Бу дунёда бир-бирига ўхшаш келадиган одам кам эмас. Ҳаммаям кимгадир ўхшайди. Сиртдан-да. Лекин кимга ўхшамоқни ҳам билиш керак экан.

Қоровулхонадан чиққанимда вақт алламаҳал бўлиб қолган эди. Ҳаво, ҳали Қудрат амаки бошқа нарсага ишоратан айтганидек, салқингина бўлмай, хийла совуқ ҳам эди. Йўл-йўлакларда одам кўринмайди, тоғдан эмас, негадир, этак тарафдан эсаётган изғирин ҳаммани хона-хонасига қувган. Курткамнинг ёқасини оғзимга буркаб, икки четини шамсимон ерчироқлар хира ёритиб турган йўлка бўйлаб юқорига ўрладим.

Бинога қадам қўйишим билан гуп этиб гарм ҳовур юзимга урилди. Маза! Беихтиёр тўғридаги зинапоя сари юрдим-у, бир нима эсимга тушгандек, таққа тўхтадим. Чап ён деворга яқин бориб, шифтдан пастроққа қаторлаштириб осилган санаторий хизматчиларининг суратларини кўздан кечира бошладим. Ҳозир бир текис чароғон бўлиб турган бу чорси толорнинг икки тарафи сидирғасига ойнабанд, кундуз кунлари, айниқса, мўл-кўл нурга кўмилиб, ялтиллаб кетадиган сурат-пуратни кўз илғамай қолар, билмаган киши у ёққа бурилиб ҳам қарамас эди.

Юқори қаторнинг ўртасидаги, бошқаларига нисбатан каттароқ суратни кўрдим-у, эсим оғгудек серрайиб қолдим. Бу ерга келганимдан бери ҳамшира қиз-жувонларнинг менга тикилиб-тикилиб боқишларинию алоҳида эҳтиромларини гоҳо телевизорларда «липиллаб» топган унча-мунча «машҳурлигим»дан деб ўйлаган эканман.

Мен шу тобда худди кўзгу олдида тургандек эдим. Хийла «ҳусндор» афт-башара ҳам ўша-ўша, носқовоқдек бурун ҳам ўша-сочларнинг оқи-ю тарамасигача!

Шу пайт лип этиб (бу ерларда тез-тез кўриладиган ҳол) чироқ ўчиб қолмаганида, билмадим, не кўйга тушардим!

Зажигалкамнинг чироқчасини ёқиб, зиналарда пайпаслана-пайпаслана учинчи қаватдаги хонамга чиқдим.

Яхлит ойнабанд деразаси тоғ тарафга қараган хона, аллақаёқдан тушаётган ёғдуданми, бирмунча ёришиброқ кўринарди. Эгнимни ечарканман, деразага яқин бориб, ташқарига мўраладим. Қир бошидаги қасрда чироқ пориллаб турарди: симлари бошқа ёққа уланган бўлса керак. Бирпас тикилиб қолдим. Баайни зимзиё тунда юлдузлар чаманзори оралаб сайр этаётган афсонавий нурафшон кема! Кўзимга у дафъатан ловуллаб ёнаётганга ўхшаб кетди, вужудимни ваҳм қамради. Йўқ, мижжалар орасидан қалққан ёш пардасида шундай кўрингандир-да.

Куз мавсумида бекор келибман, бу ерга. Куз йиғлоқи фасл.

Ёки қарияпманмикан? Кимга ўхшаб?

Har qanday asar muallifning shaxsiy iqror va e’tiroflaridan oziqlanadi-da. Tanlagan qahramonlariyu voqelik shuning ifodachisi bo‘ladi. Muallifning qarash va e’tiqodiga zid voqelikni aks ettirgan biron asarni bilasizmi, ayting. Zamonlar o‘tib u o‘zgacha talqin qilinishi – e’tibor topishi yoki inkor etilishi boshqa masala. Odam o‘z bo‘yidan baland sakray olmaydi deymiz-ku. Demak, gap ana shu e’tiqodning nechog‘li ahamiyatli ekanida.

QALAMDAN BOSHQA QUROLIM YO‘Q
Yozuvchi Erkin A’zam bilan suhbat
002

Erkin A’zam 1950 yil 10 avgustda tog‘li Boysunda tug‘ilgan. 1972 yil Toshkent Davlat universiteti (hozir O‘zbekiston Milliy Universiteti)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Respublika radiosida muharrir, «Guliston» va «Yoshlik» jurnallarida bo‘lim muharriri, G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va Sanat nashriyotida tahririyat mudiri bo‘ldi. 1992—1994 yillarda O‘zbekiston milliy axborot agentligida bosh direktori o‘rinbosari. 1995 yildan «Tafakkur» jurnali bosh muharriri I, II chaqiriq O‘zbekiston Oliy Majlisi deputati.
«Chiroqlar o‘chmagan kecha» (1977), «Otoyining tutilgan yili» (1981), «Olam yam-yashil» (1984), «Javob» (1986), «Bayramdan boshqa kunlar» (1988), «Mir v svetax» (1999), «Pakananing oshiq ko‘ngli» (2001), «Kechikayotgan odam» (2002) to‘plamlari muallifi. Yozuvchi asarlari asosida «Chantrimore», «Piyoda», «Dilxiroj», «Suv yoqalab», «Zabarjad», «Jannat qaydadir»«Parizod» va bir qator badiiy filmlar suratga olingan. Asarlarini ruhan birlashtirib turadigan jihat-insoniy erk, har qanday zo‘ravonlikka munsabat masalasidir.

09

– Erkin aka, hozirgi adabiy jarayonga munosabatingiz qanday? Adabiyotimizning bugungi darajasi sizni qanoatlantiradimi? Bir kitobxon sifatida, abadiyatga daxldorlik da’vosidagi adabiyot ramzlar ortiga yashirinib ish ko‘rishga zo‘r bermayaptimikan, degan xavotir bor menda. Goho san’at voqelikni real tasvirlashdan qo‘rqqani uchun mavhumlikka yuz burmayaptimi, degan xayolga boradi kishi. Shu haqda siz qanday fikrdasiz?

01– Ko‘zingiz tushgandir, uch-to‘rt yil burun «Til va adabiyot» jurnalida bir suhbatim chiqqan, men unda adabiy jarayonni goh to‘xtab, goh siljib qoladigan nosoz aravaga o‘xshatgan edim. Bugun o‘sha muqoyasamdan xijolatroqman. Kaminani qanoatlantiradimi-yo‘qmi, harqalay, keyingi chog‘larda adabiyotimizda bir jonlanish, ko‘tarilish bordek. Ketma-ket durustgina asarlar, yangi nomlar paydo bo‘layotir. Demak, arava yo‘lga tushgan, obod-obod manzillardan umid qilish mumkin…

Darvoqe, siz aytgan ramzu majozlar orqali ish ko‘rishning nimasi yomon? Badiiyatning asosiy shartlaridan emasmi bu?! Jo‘nlik yomon, yalang‘och bayon yomon. Tasvirni atay mavhumlashtirishni nazarda tutayotgan bo‘lsangiz, u endi boshqa gap. Ramzlardan foydalanishni ko‘r-ko‘rona mavhumlashtirish ishtiyoqidan farqlamoq kerak. Voqelikni zo‘rma-zo‘raki mavhumlashtirib ko‘rsatishga urinish ko‘pincha muallif maqsadining yetarli idrok etilmagani, aniq-ravshan emasligidan yoki behuda mahorat da’vosidan kelib chiqadigan hol. Ammo quruq voqeanavislik yo‘lidan borsangiz yana bir balo! Bunda me’yorni saqlash muhim shart. Asli iste’dodning bir alomati ham me’yorni his eta bilishda emasmi, nima dedingiz?

To‘g‘risi, sizning tashvishingizda jon bor. Ba’zi narsalarni o‘qib boshingiz qotadi: ro‘yi zamindagi hayotni tasvirlayaptimi bu yo osmoni falakka chiqib ketdimi? Alahsirashni eslatadigan bu so‘zlar bo‘tqasidan muddao nima? Muallifning o‘zidan gap so‘rasangiz, yo baqrayib turaveradi («Bo‘lgan-turganim shu, kerak bo‘lsa, tushunib ol!»), yo ko‘zini osmonga oladi («Sen yangicha uslublarni anglamaydigan bir nodon bo‘lsang men nima qilay?!»). Qo‘yavering, «bolalarcha so‘llik kasali» bu, bir kun kelib o‘tib ketar, esi kirib qolar. Xohlamasa, o‘zidan ko‘rsin – yozgan kitobini xotinidan boshqa hech kim o‘qimaydi!

– «Men o‘zimni quvontirgan, qayg‘uga solgan, qiynaydigan narsalarning barini obrazlarga aylantirishga, poeziya bag‘riga joylashga o‘rganganman. Mening hamma asarlarim katta bir iqrornomaning bo‘laklaridir», degan ekan Gyote. To‘g‘ri, muallifning shaxsiy iqrorlari va e’tiroflaridan mutlaqo xoli bo‘lgan asarni topish mahol. Ammo bu qarash haqiqatga qay darajada muvofiq?

– Bu gapning nimasiga ajablanasiz? Gyote haq, albatta. «Anna Karenina – aslida mening o‘zim» degan Tolstoy ham haq. Har qanday asar muallifning shaxsiy iqror va e’tiroflaridan oziqlanadi-da. Tanlagan qahramonlariyu voqelik shuning ifodachisi bo‘ladi. Muallifning qarash va e’tiqodiga zid voqelikni aks ettirgan biron asarni bilasizmi, ayting. Zamonlar o‘tib u o‘zgacha talqin qilinishi – e’tibor topishi yoki inkor etilishi boshqa masala. Odam o‘z bo‘yidan baland sakray olmaydi deymiz-ku. Demak, gap ana shu e’tiqodning nechog‘li ahamiyatli ekanida. Chinakam badiiy asarda fikr-qarashlar goho muallifning «bo‘yi»dan o‘zib ketishi mumkin. Muayyan asar va muallif shaxsiyatining har doim ham muvofiq kelmasligi shundan. Siz yozuvchiman deganning hammasi ham olijanob bo‘ladi deb o‘ylaysizmi, nima? Ammo asar bitayotganida u olijanob bo‘lmoqqa majbur! Aks holda o‘zidan ko‘rsin. Axir, adabiyotning asl mohiyati, vazifasi insonni olijanoblikka da’vat etish emasmi?

– Yaqinda Kolumbiya universiteti olimlari XX asr o‘zbek adabiyoti namunalarini ingliz tilida chop etish bo‘yicha ish olib borayotgani haqida ma’lumot oldik. Nashr qilinadigan asarlarni saralash bizning mutaxassislarimiz zimmasida ekan. Ana shu asarlarning taxminiy ro‘yxati bilan tanishishimga to‘g‘ri keldi. Ammo mazkur ro‘yxatdagi ba’zi asarlarning badiiy saviyasini u darajada yuksak deb bo‘lmaydi. Ular zamonaviy o‘zbek adabiyoti haqida to‘liq tasavvur bera olmaydi. Shu vazifa sizning zimmangizga tushsa qaysi asarlarni tavsiya etgan bo‘lardingiz?

– Adabiyotu san’at asarlarini baholash ta’b, did, saviya, hatto kayfiyatga bog‘liq masala. Barchaga birdek ma’qul tushadigan asarni topish qiyin – did, saviya har xil. Siz aytgan to‘plamni tuzuvchilar ham tirik jon, yanglishishi mumkin, mutolaa doirasi torroq bo‘lishi mumkin va hokazo. Unaqa antologiyalarning mazmun sifati har doim ham ko‘ngildagidek bo‘lavermaydi, ishoning. Ular ko‘pincha to‘plovchilarining badiiy did, saviyasini aks ettiradi, xolos. Biroq har ne bo‘lganda ham bu ishda shaxsiy munosabatlarni bir chetga qo‘yib, insof, adolat bilan ish tutgan ma’qul. Chunki u har kuni nashr etiladigan oddiy to‘plam emas, necha o‘n yilliklar osha bir martagina chiqadigan milliy antologiya. Uni o‘qigan ajnabiy kitobxon millatingiz, xalqingiz, madaniyatingiz haqida ma’lum tasavvur hosil qiladi. Bunday antologiya tuzishga kirishganda, ko‘pdan-ko‘p xos talablardan tashqari, odam millatparvar, vatanparvar ham bo‘lmog‘i lozim. Biror joyga mehmon bo‘lib borayotgan kishi egni-boshiga qarab olishi kerak-da, to‘g‘rimi?

Endi siz kuyinib tilga olgan antologiyaga kelsak, mening undan xabarim yo‘q ekan, nimalar kiritilganiyu kiritilmaganini bilmayman, shunga ko‘ra hozirdan bir nima deyishim qiyin. U yog‘ini aytadigan bo‘lsam, o‘sha to‘plamni men tuzganimda ham kimdadir e’tiroz tug‘ilishi tabiiy edi. Hali aytilganidek, u mening did-saviyamga mos bo‘lar edi-da. «Har kimning o‘z ta’bi bor» degan gap bejiz emas. Nisbatan oqilona yo‘li shuki, bunaqa masalalar Yozuvchilar uyushmasi ishtirokida, ko‘pchilikning o‘rtasida hal etilsa tuzuk.

Yashirmaylik, begonaparastroqmiz. Ya’ni – boshqalar zo‘r-u, biz sal beriroq, ularning asarlari yaxshi-yu, o‘zimizniki sal mundayroq… Yo‘q, baralla aytsa bo‘ladi: katta adabiyotimiz bor, yaxshi-yaxshi asarlarimiz bor! «Oldingdan oqqan suv-da» deb burun jiyirmasdan, ularni xolis nazar bilan o‘qimoqni, qadrlamoqni ham o‘rganaylik.

Xabaringiz bor, biz «Tafakkur» jurnalida jahon adabiyotidan namunalar yoritib boramiz. Lekin bitta hikoya tanlash uchun necha-necha to‘plamni varaqlab chiqishimizni bilasizmi?! Durdona deganlari har kuni topilavermaydi. Ba’zi narsalar, kechirasiz-u… «o‘zimiz qatori». Axir, jahon boshqayu biz boshqa, jahon adabiyoti bir tarafu biz bir taraf emasdirmiz! O‘zbek adabiyoti o‘sha biz mahliyo bo‘lib qaraydigan jahon adabiyotining bir bo‘lagi, havas qilgulik, munosib bo‘lagi…

– Barcha vijdonli ziyolilar singari sizni ham Vatan va millatni mukammal ko‘rish istagi tashvishga solishi tabiiy. Ayting-chi, uzoq yillik ijodiy izlanishlaringiz shu ezgu maqsadga qay darajada xizmat qila oldi? Ehtimol, bu istaklarning ijobatini ko‘rish uchun «boshqa yo‘llardan ham foydalanish kerakdir…» degan fikr biror marta bo‘lsa ham xayolingizdan o‘tganmi?

– Yozganlarim nimagadir xizmat qilgan-qilmaganini aytish mening vazifamga kirmasa kerak. Buni tusmollamoqqa ham haddim sig‘maydi. Lekin shunisi aniqki, nuqul ta’rif-tavsif bilan maqsadga erishib bo‘lmas. Shu vatan, shu millat meniki degan odam uning kamchiliklaridan kuyinadi, goho achchiq gaplarini ham qaytarmay aytadi, yozadi. Buyuklardan kimdir, Belinskiy bo‘lsamikan, «O‘ziga tik qaray bilgan millatgina yuksaladi», degan ekan. Xalqimiz ham «Do‘st achitib gapirar» deydi-ku!
«Boshqa yo‘llardan foydalanish» degan so‘zingizga, to‘g‘risi, uncha tushunmadim. Men o‘zimni kamtarin bir qalamkash sanayman, qalamdan boshqa qurolim yo‘q, boshqasiga da’vo ham qilolmayman.

– Deyarli barcha qahramonlaringizni ushalmagan orzular o‘kinchi iztirobga soladi. Mazkur holat Asqar, Shamshodbek, Berdiboylardan tortib Bolta Mardonu Jiydalidan chiqqan Jo‘raqulgacha – barcha obrazlaringizda uchraydi. Bu nimadan dalolat? Nahotki, Tangri «insonni bir umr baxt izlash azobi bilan jazolagan bo‘lsa…»

– Ustoz Asqad Muxtorning so‘zlari-da. Naqadar topib aytilgan shoirona ta’bir! «Baxt izlash azobi bilan jazolash…» Hamma so‘zining tagiga chizib qo‘ygingiz keladi, shunday emasmi?

Rahmatli Chingiz Aytmatov qahramonlarning murod-maqsadga yetishuvi bilan yakun topadigan ertaksimon nimadir yozishni orzu qilib o‘tdi. Rus mualliflaridan yana kimningdir shunday gapi esimda: «Azobu iztiroblarni yenggan oshiq-ma’shuq nihoyat limuzinga o‘tirib porloq ufqlar sari yo‘l olsa koshki edi! Lekin ular yo‘lda biror falokatga uchrashi ham mumkin-da, shunisi chatoq. Nachora, hayot deganlari ertak emas…»

German Gessening «Avgust» degan ertaknamo asari bor, bosh ko‘tarmay o‘qiysiz, bag‘oyat puxta, san’atkorona yozilgan. Qizig‘i shundaki, sharq hikmatlarini yodga soladi. Ammo qaytib o‘qigingiz yoki tarjima qilgingiz kelmaydi. Nega? Garchi xotimasi ertaklardagi kabi shodumonlikdan iborat bo‘lmasa-da, asarda ifodalangan hikmat ochiq-ayon: «hayotda baxtiyor bo‘lmoq uchun odamlar seni emas, sen odamlarni sevmog‘ing kerak» degan gap. Zarur, ibratli fikr. Biroq realistik asarga xos sirlilik, murakkablik yo‘q. Hikmat bo‘rtib qolgan… Xulosa shuki, badiiy adabiyot axloqiy muammolardan bahs etishi mumkin, zarur ham, lekin u zinhor axloqshunoslik ilmi emas.

Ushalmagan orzular o‘kinchi, iztirobi bo‘lmasa, u qanday adabiy qahramon, u qanday badiiy asar?! Shu «go‘zal iztirob»ni (Rauf Parfi ta’biri) boshdan kechirmasa, qahramon qanday yuksaladi, qanday idealga talpinadi? Kitobxon unga ishonadimi, undan ta’sirlanadimi? Boya siz sanagan qahramonlarda rostdan ham shunday xislat topilsa… meni xursand qildingiz, rahmat. Kamina chinakam badiiy asarni iztirob mevasi, iztirobnoma deb bilaman. «Dilda darding bo‘lmasa, sardaftarimni kavlama», demaydimi otashin Mashrab!
Asarda sirqiragan dard bo‘lmasa, iztirob ifodalanmasa, shundan hosil bo‘lgusi tayin maqsad-muddao ko‘rinmasa, o‘quvchi mardumning boshini qotirib nima kerak?!

– Badiiy va publitsistik chiqishlarda siyqa jimjimalar ko‘payib borayotgan kezda o‘ziga xos uslubingiz xalqni adabiyotga, adabiyotni xalqqa yaqinlashtirayotganiga shubha yo‘q. Afsuski, yosh nosirlar orasida so‘zga zargarona yondashuvlar u darajada ko‘p emas. Ustoz adib sifatida ularga qanday maslahat bergan bo‘lardingiz?

– Bir yozuvchimiz bor, yoshligida yozgan asarlarida ifoda chatoq, til g‘aliz edi. Hozir u xiyla nom qozongan, dasta-dasta kitoblari chiqqan, lekin hamon «duduq». O‘ziga ziyon, har qancha qiziq narsa yozmasin, asarlari yaxshi o‘qilmaydi, bir-ikki sahifasidan o‘tib-o‘tmay tashlab qo‘yasiz. Yozishni boshlagan kezlarida «Bu nima deganing, tilini chumchuq cho‘qigur!» deydigan talabchanroq bir ustoz yoki muharrirga uchramagan-da. Bugun endi shundan gap qo‘zg‘ab ko‘ring-chi!.. To‘g‘ri, oddiy kitobxon uncha-muncha qusurni sezmasligi, tasvirlangan voqeaga qiziqib, o‘qib ketaverishi mumkin. Lekin bir qarashda silliq, benuqson ko‘rinadigan ayrim matnlarni qo‘lga qalam olib ko‘zdan kechiring-chi, «sog‘» joyi qolarmikan! Afsuski, so‘z-jumlaga e’tiborsizlikni yoshlarimizdangina emas, elga ma’lum ba’zi oqsoqol adiblarimiz ijodidan ham topsa bo‘ladi. Yozuvchilik da’vosi bilan chiqdingizmi, gap san’ati emas, so‘z san’atiga amal qilib, ularni tanlab-tanlab, o‘rni-o‘rniga qo‘yib yozing-da, baraka topkur!

Bunday holga asosiy sabablardan biri – adabiy nashrlarimizda talabchanlik susayib ketgani, har doim ham sharaf keltirmaydigan mashaqqatli hunar egasi bo‘lmish chinakam muharrirlarning kamyobligi. Oqibatda – muharrir ham muallifning o‘zi, musahhih ham… goho taqrizchiyu o‘quvchi ham o‘zi!

Yoshlarimizga maslahat berish vakolatim bo‘lsa, aytay: hadeb o‘ziningu bitta-ikkita tengdoshining yozganlarini o‘qiyvermasdan, boshqalarni ham, birinchi galda Abdulla Qodiriy, Oybek, G‘afur G‘ulom, Abdulla Qahhor, Said Ahmad singari ustozlarni sinchiklab o‘qisin, erinmasa, qiyoslab ko‘rsin. Shoyad bir natija chiqsa. Yoki ular eskirganmi? Nima, o‘zimiz «yangi» bo‘lib qolibmizmi, qachon?

Yana bir maslahat. Shoshmaylik. Bugun yozilganini ertagayoq chiqarishga oshiqmaylik. Adabiy matn bir qaynovda tayyor bo‘ladigan qiyom emas.
Yoshlarimizning havas qilgulik tili «burro»lari ham talaygina. Keling, ro‘yxat qilib o‘tirmaylik. Ertaga bir kun yuzimiz shuvit bo‘lib qolmasin. Garchi, ishni so‘zga mehr qo‘yishdan boshlagan odam keyin borib unga xiyonat qilmasa kerak.

– «Shovqin» romanida qadriyatlardan uzilgan, matbuotchilar ta’biri bilan aytganda, «ommaviy madaniyat» ta’siriga tushib qolgan kimsalar obrazi tasvirlangan. Bundan ezgu maqsadlarni ko‘zlaganingiz ayon. Ammo asaringizda qaltis epizodlar ham yo‘q emas. Komillik yo‘lida nafs va hirs kabi illatlarni yengib o‘tishi lozim bo‘lgan millatning yosh vakillariga bu holat aks ta’sir ko‘rsatmasmikan, nima deysiz?

– Tipik qahramonlarni tipik sharoitlarda tasvirlash; ijobiy va salbiy qahramon… Sosrealizm ta’siri hali talay zamon qonimizdan arimaydi shekilli. Kimni qahramon qilib olish, uni qay yo‘sinda ko‘rsatish yozuvchining ixtiyorida emasmi? Yaqinda bir roman qo‘limga tushdi (ruscha), qahramonlari – bomjlar, boshpanasiz daydi-sayoqlar, sizu bizning nazarimizda asarga, ayniqsa, roman atalmish polotnoga qahramonlikka sira-sira yarashmaydigan, arzimaydigan kimsalar… Qiziqish bilan o‘qib chiqdim, lekin hecham ularga o‘xshab daydi bo‘lgim kelgani yo‘q, havas ham qilmadim. Yozuvchi keng hayotni tasvirlamog‘i lozim ekan, hayotda shunaqalari ham bor-da, nachora? Hamma gap muallifning munosabatiga, beradigan bahosiga, boringki, maqsad-muddaosiga bog‘liq-da.

Bugun kulgili tuyular, ammo bir vaqtlar Yozuvchilar uyushmasidagi muhokamalarda romandagi ijobiy va salbiy qahramonlar nisbati barmoq bukib sanab chiqilardi. Menimcha, o‘shanday qolipu quyushqonlardan xoli chinakam adabiyotning qahramoni hayotiy, haqqoniy bo‘lmog‘i kerak, tamom-vassalom! Xudoga shukrki, bizning adabiyotda ham ana shunday obrazlar dunyoga kela boshladi.

Yaqinda ustoz Ibrohim G‘afurov bilan shu borada gurunglashib qoldik. U kishi necha yillardan buyon rus tilidagi «xanja», «xanjestvo» so‘zlarining o‘zbekcha lo‘nda bir muqobilini topolmayotganini aytib meni hayratga soldi. Inson hayotiga doir jamiki holu holatni nomlamoqqa qodir boy lug‘atimizdan-a! Shundoq zargar tarjimon-a!.. Ma’nosini aniq-tiniq anglab turganimiz shu so‘zga ikkovlashib munosib «egizak» qidira ketdik. O‘zni sipo tutish, qo‘y og‘zidan cho‘p olmagandek qilib ko‘rsatish, buzoqning haqi deb sut ichmaslik… Lekin aynan, ixcham ifodasi topilmadi, qarang. Vaholanki, milliy fe’l-atvorimizga juda mos keladigan ibora! Axir, o‘zimizni xiyla sipo ko‘rsatmoqqa urinishimiz, musichai bezordek tutishimiz, tiriklikning goho tuban o‘yinlaridan parhezkor qilib ko‘rsatishimiz bor gap-ku!

Kelgan xulosamiz shu bo‘ldiki, harchand fazilatli, solihu olijanob xalq sanalmaylik, bani odamga xos illatu qusurlar bizga ham begona emas! Lekin shuni e’tirof etmoqqa qolganda, garchi tilimizda aniq ifodasi topilmagan bo‘lsa-da, o‘sha «xanja»ligu «xanjestvo» bizda ham yetarli!
Endi «Shovqin»ga kelsak, men unda birovni yomonlash yoki qoralab ko‘rsatishni maqsad qilganim yo‘q, aslo – kechagi zamonda kechgan voqelikni bor-boricha tasvirlamoqqa urindim, xolos. Bunga erisholmagan bo‘lsam yoki siz aytgandek tushunilayotgan bo‘lsa – mening aybim. Lekin boshqa nazar bilan, deylik, haligi «xanjestvo»ni bir chetga qo‘yib o‘qib ko‘rilsa-chi?..

…Yoshlarimiz har narsaga aynib-buzilaversa, ayrim ellardagi kabi internetni cheklash, tomlarimizdagi «tarelka»larni yig‘ishtirib olish kerak bo‘ladi…

– Bilamizki, Abdulla Qahhor, Mirtemir, Asqad Muxtor kabi ustozlar o‘z davrida yosh iste’dod egalarini rag‘batlantirish borasida salmoqli ishlar qilgan. Bugun siz ham ustozlik maqomiga erishgansiz. Sizga shogird tushishni istovchi yoshlar ko‘p. Ayting-chi, «yashashni mas’uliyat deb tushunadigan, qahramonlari hayotga, odamlarga tanqidiy, talabchan nazar bilan qaraydi»gan sizdek adib adabiyotimizning ertasi hisoblangan yoshlarni qo‘llab-quvvatlash uchun nimalar qildi?

– Umrim adabiyot nashriyotiyu adabiy jurnallarda («Guliston», «Yoshlik», «Tafakkur» ham shu jumladandir) xizmat bilan o‘tdi, o‘tayotir. Qo‘lyozma saralashda muallifning yosh-qariligi yoki boshqa «imtiyoz»lariga qarab emas, hamisha muayyan nashr talablari, avvalo, adabiyot manfaatini ko‘zlab ish tutmoqqa harakat qildim. Shu asnoda, tabiiyki, ko‘plab yoshlarimizning asarlari ham qo‘limdan o‘tgan, ma’qul kelganlarini imkon boricha quvvatlab-qo‘ltiqlab nashrga tavsiya etganman. Bugun ularning adabiyotda erishgan yutuqlaridan shoyon g‘ururlanib yuraman.

Beayb parvardigor, bu borada goho kimgadir yetarlicha mehribonlik qilolmagan yoki talabchanlikni oshirib, ko‘nglini qoldirgan bo‘lsam – aybi bo‘ynimda. Shulardan kimki kiroyi bir asar yozib chiqib kaminaning o‘shandagi xatosini isbotlasa, qo‘shilishib quvonmoqqa tayyorman.

Safarali Qurbonov suhbatlashdi

Erkin A’zam
QIYOFADOSH
002

Kinorejissyor Bahodir Odilovga bag‘ishlandi

Qayerga bormayin, negadir avval ko‘hna, tashlandiq bog‘-rog‘larni aylangim keladi. Obod, yashnab-gurkirab turganlari-chi, yoqmaydimi, dersiz? Bunisini endi goho egasini ham hayratlarga soladigan savdoyiroq fe’limizdan so‘raysiz. Ayniqsa, kuz-kuzak chog‘lari bo‘lsa, bog‘ eskidan ham eski, qadimiy manzilgohlardan bo‘lsa-qat-qat xazonlarni g‘ichirlatib bir o‘zingiz tanho kezib yursangiz! Shunda kechagi kunlarning hidu nafasi arimagan biror antiqa ashyogami, ezginroq bir manzaragami duch kelganda ko‘ngil o‘z-o‘zidan suv ochadi, xilvat-pana go‘sha topilsa, ko‘zlar namlanib ham ketadi. Holbuki, bu tomonlarga endi kelishingiz, deylik, manovi chakalakzorga ilk bor oralashingiz, bir zamonlar kimlardir entika-entika uchgan, bugun ordona yotgan anovi abgor arg‘imchoqni ham hozirgina ko‘rib turishingiz-diyda esa allaqachon suvga g‘arq!

Bultur nari-beri o‘n kuncha mijoz siyraklashib qolgan sanatoriyda dam oldim. Bo‘lar-bo‘lmasga zardob to‘planadigan o‘tqopini bir yuvaylik dedik-da.

Shifoxona shundoqqina tog‘ etagida, aniqrog‘i, o‘ngir deymizmi, dara deymizmi, shuning qoq og‘zida joylashgan. Tepa-tepalarini qoyatosh qoplagan yonbag‘irda zich, qalin allanimalar o‘sib yotibdi, hozir kuz ayyomi- bari qurib-qovjirab turgani uchun daraxtmi u yoki boshqa biron bir daroz o‘simlikmi, bilib bo‘lmaydi. Yovvoyi daraxt desak, bu pallaga kelib u mana shunday kulrang tusga kirib, yalang‘och saksovulga o‘xshab qolar ekan-da; gugurt tutatsangiz bas, gurillab alanga oladigandek. Etakdagi qishloqda o‘rik barglari shu kunda lov-lov yonib turibdi, hali yaprog‘i sarg‘ayib ulgurmagan daraxtlar ham topiladi. Shifobaxsh suv chiqqan joylar, biror xosiyati bordir-da.

Ko‘rkam, arzanda taraflar qolib, kamina goh tong sahar, goh oqshomlari ana shu bog‘ning eski vayronalari, xarob, ovloq go‘shalarida tentirab yursam deng! Sayr so‘qmoqlarimni ham o‘zimcha belgilab olganman. Bog‘ning yuqorigi o‘ng boshi ayni kunlarda xas-xazonga to‘lib yotgan, pastak darvozasi omonat zanjirlangan allaqanday yozgi dam olish maskaniga borib tutashadi. Shunga teskari yoqda esa butunlay o‘zgacha manzara-bunyodkorlik jabhasi qaynab yotibdi! Sanatoriyning chap yonboshidan chegirib olingan mo‘lgina bo‘lgan baland-baland beton devorlar bilan to‘silgan, ichkarida tarillaydiganu taraqlaydigan jami uskuna tinim bilmay harakatda. Tik qirning naqd uchida, juda-juda yuksaklikda alomat bir imorat bo‘y cho‘zgan. To‘rt qavatmi, besh qavat. Qoramtir oynalari oftobda yalt-yult qilib ko‘zni oladi, kechalari bor bo‘yi bilan charog‘on. Qarab turib aql shoshadi. Shuncha dov-dastgoh, shuncha loyu gil u yoqqa qanday olib chiqildi ekan? Yoki osmondan tushdimikan? Qirning naryog‘idan yo‘l kelgandir, Qudrat amaki bilar, so‘rash kerak. Qanaqa inshoot o‘zi bu? Qaysi tashkilotniki? Qiziquvchanlik-da, har gal shu atrofni kezganimda borib uni ko‘rgim, bilgim keladi, lekin tikka qir bo‘ylab bunday balandlikka chiqmoq uchun naqd sherning yuragi darkor!

Bir kech o‘sha azamat istehkom tagida korjoma kiygan o‘ttiz-o‘ttiz besh yoshlardagi zangidek qop-qora yigitni uchratib, gap olgim keldi. O‘zi o‘zbek, hatto g‘irt qishloqiga o‘xshaydi-yu, negadir, bir og‘iz ham o‘zbekchani bilmaydi. Shu atrofga, ya’niki devor ortidagi taraqa-turuqqa ishboshi ekan. Aytishicha, ellik gektarlar keladigan bu makonu huv qir boshidagi ajib inshoot hech bir tashkilot-pashkilotga tegishli emas, Iskandar akaniki-xususiy mulk! So‘nggi pardozi qolganmish, baraka topkur xorazmlik mardikorlar kecha-kunduz demay tirishib yotganmish («Molodsы rebyata, den i noch starayutsya»). «Iskandar aka dedingizmi, kim u?» deb so‘radim hayratimni yashirmay. Ishboshi ham yashirmadi hayratini: «Iskandar akani bilmaysizmi? Iskandar akani-ya?! Komil boyvachchaning »perviy zami«-ku!» «Qanaqa Komil boyvachcha? Nima ish qiladi u?» «Komil akaniyam bilmasangiz!..-dedi yigit, chamasi, o‘zi ham umrida ko‘rmagan zotning nomini malaylarcha bir iftixor bilan ta’kidlab.-Oy-poydan tushganmisiz, nima balo? (»Chto, s lunы svalilis chto li?«)-g‘ashim kelgani yuzimga urdi shekilli, ishboshi endi battar achitib, yana-tag‘in o‘zini sherik tutgan kabi g‘urur bilan izoh berdi: -Bularning bari ellik yilga ijara olingan!» Shaytonim qo‘zidi: «Voy-bo‘-o‘, ellik yil?! Bu-ku bir »perviy zam« Iskandar ekan, Iskandar Zulqarnayn deganlarining o‘ziyam bor-yo‘g‘i o‘ttiz uch yil umr ko‘rgan-ku! Hatto-Iso payg‘ambar ham! Ellik yil-a!» Mening sog‘ emasligimga tamom shubhasi qolmadi chog‘i, ishboshi yelkasini bir uchirib, devorga tirkalgan osma zinasiga tirmasha ketdi.

Qudrat amaki bilan ham boshida muomalamiz shunga o‘xshashroq chiqqan, u ham meni tani-joni nosog‘roq deb gumon qilgan bo‘lsa, ehtimol.

So‘qmoqma-so‘qmoq kezishlarim har safar qorovulxona biqiniga kelib yakun topardi. Kunora navbat turadigan qorovul chol avvaliga taajjublandi, keyin-keyin ko‘nikdimi, quruqroq bo‘lsa-da, salom-alik qiladigan, bir luqma so‘z olishadigan bo‘ldik.

-Shoir-poirmisiz deyman, ukam, qachon qarasam, yaqin besh-o‘n yillar kimsasi yo‘lamagan yakkaso‘qmoqlarni aylanganingiz-aylangan?-deb qoldi u bir kuni.

Shunday vaqtda chindan ham shoir bo‘lgingiz, hechqursa, shoirona ko‘ringingiz keladi, to‘g‘rimi? Ammo chatoq tomoni ham bor: «Qani, unda baytlardan bo‘lsin!» deb qolsa!..

-Shunga yaqinroq, amaki,-deb qo‘ydim baribir past tushgim kelmay. Lekin u ko‘ngil uchun bo‘lsa-da, nimaga «yaqinligim»ni so‘ramadi.

O‘ziyam darvoza ochish-yopishdan boshqa yumushi yo‘q-zerikadimi yo tabiatan kirishimli, gurungga ishqibozroqmi, harqalay, asta-sekin xiyla qadrdonlashib ketdik. Boz ustiga deng, Qudrat amaki pochchanamo chiqib qoldi: xotini, bugun endi kampir-da, asli biz taraflardan ekan. «Temiryo‘lda soqchilik qilganimda opqochib kelganman», deya mag‘rurlanib qo‘yadi. Har navbatchiligining ertasi uyiga taklif qiladi: «Kampir sizni yo‘qlayotuvdi».

Hujrasi ham allaqanday fayzli, gurungbop. Bo‘lmasa-ku, ortiqcha hasham-ashyosi yo‘q: yotishga qulay pastakkina bir kat, ikkita qo‘lbola kursi, o‘sha rux choynakcha, o‘sha dog‘-dug‘li plitacha, deraza ravida sirtini yog‘ bosgan eski televizor-tamom.

Kechqurunlari yolg‘izlikdan toriqib, goho shu qorovulxonaga bosh suqaman. Iste’foga chiqqunicha temiryo‘l xavfsizlik xizmatida yurib ko‘p balolarni ko‘rgan chog‘i, chol o‘tirib olib qiziq-qiziq voqealardan naql qiladi. Gap-so‘zlaridan sezdimki, yoshi yetmishlarga borayotganiga qaramay, uncha-muncha «otish» odati ham bor, harholda, «Ie, bu yog‘i qandoq bo‘ldi?» demog‘i mumkindir-u, ammo uzatsangiz qaytarmaydi. O‘sha oqshom bir shishani qo‘ynimga solib oldiga o‘tdim. Kurtkamning chap yonboshi do‘mpayibroq turganini darhol payqadi, «Bugun o‘zi havoyam salqinroq», deya zavq bilan kaftlarini bir-biriga ishqab, tokchalarini titkilay ketdi.

Bugun ertalab men hayratomuz bir manzaraga duch kelgan edim. Soyning so‘l qanotidagi eski vayronalarda tentib yurib, huv narida mung‘ayib turgan xaroba bir yog‘och hujraning oldidan chiqib qoldim. Tomi-yu gird-atrofini xas-xazon, shox-shabbalar bosib ketganidan arang ko‘zga chalinadi: eshigi qiyagina ochiq. Avval ham bir-ikki daf’a nigohim tushgandir-u, yaqiniga bormoq, kirib ichiga qaramoq xayolga kelmagan edi. Nimasini ko‘rasiz-siniq ketmonu belkuraklar qalashib yotadigan eski bir omborxonami, yo-balki boshqa… xonadir. Bilmayman-nimaga, bu gal oyoqlarim o‘z-o‘zidan o‘sha yoqqa tortdi.

Boyagi tusmolim to‘g‘ri chiqdi: unisi ham, bunisi ham. Eski-tuski aralash-quralash bo‘lib yotibdi: «cho‘loq» stol-stullar, ichak-chavog‘i chiqib ketgan qadimiy divan, katta-kichik alvon shiorlar, allaqanday qiyshiq qasnoqlar, sobiq «dohiy»larning po‘panak urgan siymolari va hokazo. Yerdagi axlatgacha eski, qadimiy!

Bir yon devorga taqab qo‘yilgan fotoko‘rgazma diqqatimni tortdi. yog‘ochlari chirib-sinib bir burchagi o‘pirilib qolgan tomdan tushayotgan yorug‘da unga razm soldim. Sarg‘aygandan sarg‘ayib, «ajin» bosib ketgan bu suratlarning deyarli barchasida o‘ta salobatli, o‘ta vajohatli bir zotni ko‘rish mumkin edi. Mana, u kishi savlat to‘kib minbarda turibdi; mana, o‘sha kishi oq xalatli shifokorlar qurshovida; ana, chamasi, hamshira juvonga allaqanday arzanda bir qog‘ozni tantanavor tarzda tutqazmoqda; ana, shu odam shanbalikka boshchilik qilmoqda: oq xalatlilar yer supurayotir, deraza oynalarini artayotir-rahbar, qo‘llari orqasida, ishning borishini nazorat ko‘zidan o‘tkazayotir; ana, zal to‘la oq xalatlilar hay’atda tik turgan «qahramon»larini chapak chalib olqishlamoqda…

Gap shundaki, ko‘p yillar burun yurtni yotqizib-turg‘izgan juda katta arbobning o‘zginasi edi bu!
Shunday qudratli zot bu yoqlarda nima qilib yuribdi ekan-ana shunisi jumboq, aqlga sig‘maydigan bir sinoat edi!..

-Meni bu yerga ishga olgan odam o‘sha-Ahror Sayfiddinov,-deb boshladi so‘zini Qudrat amaki.-Nafaqaga chiqqach, uyda o‘tirolmay, yaqinginamda deb shu yerga kirganman-da. Uning o‘zi ham sanatoriyga direktor bo‘lib kelganiga hali yil to‘lmagan ekan; bundan oldin tuman kasalxonasida bosh vrachga muovinmi, bo‘lim mudirimi bo‘lib ishlagan, deyishardi. Bunday birdan ko‘tarilishi bejiz emas ekan. Dastlab ish so‘rab oldiga kirganimda uni ko‘rib angrayib qolganman. Yo tavba-a deyman, odam odamga shunchalik ham o‘xshar ekan-da! Quyib qo‘ygandek Falonchi Falonchiyevichning o‘zi-ya! Uni eslarsiz, hamma yoqni ag‘dar-to‘ntar qilib yuborgan huv kattakon amaldorimiz-chi? Bor jilov shuning qo‘lida, o‘zidan ulug‘larni ham to‘sib, oldinga chiqib olgan edi-ku! Televizorda ham o‘sha odam, majlisu mashvaratlarda ham o‘sha…Bamisoli ikki tomchi suv deysiz-a! Ishoning-ishonmang, qancha yil temiryo‘lda yurib, ne-ne katta-yu kichikni ko‘rgan mana shu amakingiz kalimasini yo‘qotib qolgan o‘shanda! Bu yerga kelib joylashgach, bilsam-ukasi ekan. Kimsan-Falonchi Falonchiyevichning-a! Lekin, xudo shohid, aka bilan uka ham, hatto egizaklar ham bunchalik bir-biriga o‘xshamas! Keyinroq gap chiqdi: «Yo‘q, yo‘q, familiyasi boshqa-ku, jiyani emish. Jiyan tog‘aga tortadi-da!» Haddi sig‘ib qiziqqan birov-yarimga esa o‘zi «Kim aytdi buni?» deb sirli kularmish. Hol-joniga qo‘yishmasa, «O‘zlaridan borib so‘ranglar», der emish dudmol qilib. Kim borib so‘raydi? Falonchi Falonchiyevichdan-a! Yaqiniga yo‘lab bo‘larmidi deng!

Aftidan, katta xo‘jayinlar ham unga g‘iring deya olmasdi: Falonchi Falonchiyevichning quloqlariga yetsa!.. O‘zi xon- ko‘lankasi maydon, bilgan ishini qilib yurardi. Na komissiya yo‘llay oladi, na boshqasi. Bu yoqda tomoshabinni ayting! Huv naridan bo‘lsa-da, bir ko‘rgani, bir qaragani kelgan odamlarni bilaman. O‘zimizning shu yerdagi dam oluvchilar-ku, o‘zaro pichir-pichir qilib izidan qolmasdi. Tap-tayyor eksponat deysiz! Tashqari chiqsa ham ketida to‘rtta do‘xtir bilan hamshira, ichkari kirsa ham. U yoq-bu yoqni aylanib yurganida birovining qo‘lida choynak-piyola, boshqasining qo‘lida albatta kuldon tayyor turardi-ashaddiy chekuvchi edi, birini biriga ulab chekardi o‘ziyam.

E, xullas, narigi dunyoning jannati shart emas edi u odamga. Jannat deganlarida, bilasiz, ko‘rmoq bor-u, yemoq yo‘q. Bu kishiniki esa har qanday behishtidan behroq edi.
Ko‘nglingizga kelmasin-u, inim, uning ham sizga o‘xshagan bir odati bor edi. Aylanib yura-yura, goho bir o‘zi anovi chakalakzorga oralab, talay zamon yo‘q bo‘lib ketardi. Soyning bu yog‘ida kanizaklari serrayib kutib qolaverardi: birining qo‘lida choynak, piyola, birida kuldon. Keyin bir mahal u yoqdan battar tund, jiddiyatli qiyofada chiqib kelardi. Qani, birov bir nima deb so‘ramoqqa botinolsa! Izidan yurgan sho‘rlik kanizaklar-ku, og‘zini poylab esi ketardi. Kamgapligi-yu sipoligi uni yanada sirli, ulug‘vor qilib ko‘rsatar edi-da. Shundanmi, og‘zidan chiqqan luqma o‘sha zahoti bajo keltirilardi.

Amakingizga shunday tuyulganmi, bilmadim, lekin direktor janoblari kun sayin anovi amaldor tog‘aga o‘xshab borardi. Ko‘zoynagi sopini qulog‘iga emas, yuqoriroqqa qo‘ndirib yurishlari ham, kirpisimon sochining tepasi allanechuk tep-tekis qilib kuzalishi ham, erinchoq, hafsalasizdek ko‘rinadigan hatti-harakatlari-yu, buqaga o‘xshab odamga vazmin burilib qarashi, xirilloq ovozi… Xullas, amaldor tog‘aning o‘zi uni ko‘rsa, «E, qoyil, Falonchi Falonchiyevich asli men emas, sen ekansan!» deb yubormay iloji yo‘q edi.

Ammo ko‘pchilikni qiynaydigan asosiy jumboq shu ediki, o‘shandoq tog‘aning shundoq jiyani nega bunday pillapoyada to‘xtab qoldi, nega yuqoriroq ko‘tarilmayapti? Nechun bir go‘rdagi badbo‘y sanatoriyda mog‘or bosib yotibdi? Boyoqishning dam-badam o‘zini chakalakzorga urishlari siqilganidan emasmikan? So‘ngra gap chiqdiki, shaxsan o‘rtoq Falonchi Falonchiyevichning amrlari shu ekan, qarindosh-urug‘chilik illatiga qarshi emish u kishi, tog‘a- tog‘a, jiyan-jiyan, har kim o‘z kunini o‘zi ko‘rsin! Ana tantiligu ana adolat!

Keyinroq tinmagur bittasi surishtirib aniqlasa- bular tog‘a- jiyanlik nari tursin, hatto qarindosh-parindosh ham emas, anchayin bir-biriga o‘xshash tamom begona odamlar ekan. Shundan sal fursat o‘tmay, haligi aka-ukaligu tog‘a-jiyanlikdan ham ortib tushadigan, yo‘q, sirli bir gap tarqaldi: «Ahror Sayfiddinov asli Falonchi Falonchiyevichning maxfiy egizagi, »dvoynik« deymiz-ku, o‘shanaqasi emish! Vaqi-vaqti bilan borib ko‘rishib turarmish, muhimdan-muhim topshiriqlar olarmish. Ba’zi bundayroq majlis-marosimlarga Falonchi Falonchiyevichning o‘rnida bemalol qatnashib ham ketaverarmish». Bunisi endi avvalgilardan ham vahimaliroq edi. O‘shandan keyin sanatoriy ahligina emas, o‘zining xo‘jayinlari ham direktorimizga yanada ehtiyotkor muomala qiladigan bo‘ldi. Darhaqiqat, u gohida rosa sipo kiyinib, Falonchi Falonchiyevichning bo‘ynidagi yo‘l-yo‘l galstuklardan taqib, «Volga» sida Toshkentga tushib ketardi.

Tevarakdagi shuncha gap-so‘zga qaramay, andak pismig‘u ichimdan topligini aytmasa, Sayfiddinov ko‘pam yomon odam emas edi. Beozor, birov bilan ortiq ishi yo‘q, doim o‘zi bilan o‘zi ovora. Mana shu o‘zingiz ko‘rgan zo‘r-zo‘r binolar o‘sha odamning davrida qurilgan, bilsangiz. Qo‘l qurg‘ur ham uzun edi-da, qayoqqa uzatsa yetadi. Kimsan-Falonchi Falonchiyevichga tegishli odam!

Bir gapdan keyin biz u bilan qadrdonlashib ketgan edik. Qadrdon ham gapmi, sirdoshu sinoatdosh!

Xuddi mana shu hozir siz o‘tirgan kursiga kelib joylashadi, soatlab suhbat quradi. Hujra tutunlab ketardi deng! Bo‘lmasa, kimsan-Falonchi Falonchiyevichning o‘zi bilmasa-da, harnechuk, o‘shaning ko‘lankasida yuradigan mardum!

Bunday bo‘ldi, quloq soling. Huv anovi dara tomonda adirni qoplab hayronak atalmish bir daraxt o‘sadi. O‘zi ko‘rimsiz-u, ammo bargi eski bod deysizmi, oyoq og‘rig‘iyu tomoq og‘rig‘i deysizmi, xullas, ming dardga davo. Kampirning qistovi bilan bir kuni o‘shandan qiyiqchani to‘lg‘azib terib kelayotsam, chakalakzorga yaqinlashganimda hali siz aytgan omborcha tarafdan pichir-pichir ovoz eshitilgandek bo‘ldi. Pisib borib mo‘ralabman. Tirqishdan-da. Sen mo‘ysafidga nima ekan deng-a! Xo‘jayin bilan Bashorat Bahromovna! Tizzama-tizza bo‘lib o‘tirishibdi. Ha-a, chakalakzorning siri bu yoqda ekan-da! Sharpasizgina orqamga qaytdim. Ilgari hech bu yerga qadam izi qilmagan odam, o‘sha oqshom azza-bazza shisha ko‘tarib kepti: «Aybga buyurmaysiz-da, Qudrat aka». Labimga kesak surtib oldim: «Illo-billo, ko‘rganim yo‘q, men emas edim, ukajon». Bir-ikki qo‘l olganidan keyin, axiyri, «Hay, yigitchilikda bo‘ladi-da, Ahrorvoy», debgina qutuldim. Shu-shu, ulfat kirishdik. Endi bor siru asror o‘rtada.
Bashorat Bahromovna deganimiz har qanday erkakni bir qarashdayoq dovdiratib qo‘yadigan ofatijon narsa edi. Sayfiddinov uni tuman kasalxonasidan o‘zi bilan birga olib kelgan ekan: chamasi, qo‘lida ishlaganida o‘ynashib yurgan. Avvaliga bo‘lim mudiri, keyin o‘ziga muovin qilib qo‘ydi. Yaxshi-da, yonginasida, chakalakzor-pakalakzor deb yurmaydi. O‘tkir xotin chiqdi deng bu kasofat, darrov hamma yoqni qo‘liga oldi: shuning maslahati, shuning gapisiz biror ish bitmasdi. Erkak kishining holi ma’lum-ku: o‘sha mahalda belidagiga qo‘shib dilidagini ham bervoradi. Sayfiddinovga esa bu ayni muddao-mayda-chuyda yumushlarga uning hafsalasi qolmagan, fikri-zikri anovi kattakonga o‘xshamoq bilan band edi.

Eshitishimcha, Bashoratning tuman markazida hovli-joyi, bittami-ikkita bolasi, mo‘ylov qo‘ygan eri ham bor ekan; ammo biror marta qorasini ko‘rmaganman. Uy-ro‘zg‘orli xotin, boshda yo‘lni bahona qilib, ba’zi kechalari shu yerdagi bo‘sh xonalarda yotib yurdi. Muovinlikka chiqqach, kabinetining biqinidan eshik ochtirib, allaqanday shisha xumlar saqlanadigan derazasiz hujrani o‘ziga yotoqjoy-xosxona qilib oldi. Endi yakshanbadan boshqa vaqt kechayu kunduz shu yerda, shanba oqshomigina Sayfiddinovning «Volga»siga mingashib uyiga jo‘nar edi. Qarang, direktorning uyi ham tuman markazida, har kuni o‘sha yoqdan qatnaydi, birga kelib-ketishsa-ku bo‘ladi, lekin «neudobna» emish, gap-so‘z chiqarmish! He, «udobna»ngdan ketay, bahonani ko‘ring!

Bu yog‘iga o‘zi yashiradigan joyi ham qolmagan edi. Sayfiddinov ishdan so‘ng allamahalga qadar xosxonada mehmon bo‘lgach, chiqa solib zipillagancha huv hovlining chekkasida turgan moshinasiga oshiqardi. Sir-asrordan xabardor bo‘lsam-da, ichida mendan picha istihola qilarmidi, darvozadan o‘tayotib, bu tomonga qaramaslikka tirishar edi. Men nima derdim-biri xo‘jayin, biri muovin bo‘lsa! Har kimning gunohi-o‘zining bo‘ynida, to‘g‘rimi?

Endi bu yog‘ini eshiting, gapning erkagi bu yoqda.
Dam-badam qatnab, oshiq-ma’shuqlarning ob-oshiga Marjongul qarab turardi, Bahromovnamizning yordamchi hamshirasi. O‘rtadagi bor siru savdodan xabardor ham shugina, beminnat dastyor ham o‘zi. Nimadanligi hozir esimda yo‘q, eri qamalib ketib, salt-suvoy yurgan juvon edi. Unchalik ham ko‘zga tashlanmaydigan bir narsa. Boshiga balo bo‘lishini bilmay, Bahromovna kelib-kelib shuni allaqanday kursga o‘qishga yubordi deng. Shahardan qaytganida haligi o‘lgurni tanib bo‘lmay qoldi-ku: sochlar kesilgan, u yoq-bu yog‘ini do‘mpaytirib cholvor kiyib olibdi, yuzi ham ingichka tortibroqmi, bir alomat jononga aylanibdi! Uch-to‘rt oy massajchilik qildi-shunga o‘qigan-da, chog‘im. Keyin uning tanish barmoqlari begona erkaklarning har joyiga tegaverishi kimgadir malol kelibmi, fizkulturachilikka o‘tkazildi. «Raz-dva» qilib yurdi. Xotinini uyda qoldirib, yolg‘iz dam olgani kelgan ba’zi buqalarning, ayniqsa, ertalabki damlar fizkulturachi juvonning tarang qaddi-qomatiga suqlanib boqishlari ham g‘azabga uchradi-Marjongul endi sipogina bo‘lib, qari-qartangni buloqboshiga eltib, suv ichishni o‘rgata boshladi.

Xullasi kalom, bir yakshanba Bashoratxon kechasi azza-bazza uyidan qaytib kelib xosxonasida ularni bosadi. Bo‘lgan sharmandagarchilikni ko‘rsangiz! Qiy-chuvni eshitib, tekin tomoshaga odam to‘planadi. Ovloq bir joyda zerikib yotgan emasmi, dam oluvchilar ham rosa miriqadi. O‘sha kecha o‘zim uyda edim, quruq qolibman. «Bashorat yomon ekan, naqd ishtonini boshiga kiydi-ya!» deydi sherigim. Unisi ham bo‘sh kelmaganmish, ustozi bilan bab-baravar yulishganmish. Xotinlarning nafs janjali o‘sal bo‘ladi. Er bermoq-jon bermoq, deydilar-ku. Ikki kundosh bu yoqda jon talashib yotibdi, «jon»ning o‘zi esa payt poylab oradan chiqibdi-yu, juftakni rostlab qolibdi. Shu bo‘yi bir hafta-o‘n kunlar ishga kelmay yurdi. Marjongulimiz ham ko‘rinmadi. Uch kunmi-to‘rt kun o‘tib, eri qamoqdan chiqqanmish, deb eshitdik. Alamzada xotinning qahru g‘azabiga chegara bormi! Hech narsadan toymaydigan anovi megajin borib, ne-ne umidlar bilan qaytgan erga hamma gapni aytib beradi. Uyidan haydalib, ikki yoqdan ham quruq qolgan Marjongul alamiga chidayolmay o‘sha kecha og‘ilxonaga kirib o‘zini osadi. Orqasida da’vogari bo‘lmagach, kimning yoqasidan olasiz, kimni ayblaysiz? Eriga xiyonat qilgan bir buzuqi o‘lsa o‘libdi-da, o‘zi aybdor! Shu.

Sayfiddinov ishga chiqqan kuni bu yerda bo‘lgan qirg‘in-qiyomatni aytsangiz-chi! Choshgohlarmidi, nosning kayfidan ko‘zim ilingan ekan, idora tarafda shovqin-suron eshitildi. Xiyol o‘tmay qarasam, bo‘ynidagi galstugi bo‘shalib bir yonga qiyshaygan, aft-basharasi qashqa-timdalangan Sayfiddinov birovni tepib-tepkilab zinadan dumalatayotir. Avvaliga tanimabman ham: ko‘zoynaksiz boshqa odamga o‘xshab qolarkan. Bashoratning ham aft-angoriga qarab bo‘lmaydi: ajabtovur alvonda turmaklab yuradigan sochi yoyilib-to‘zg‘ib, opala- alvastiga o‘xshab qolgan, lab-dahani qon, tarang ko‘ylagining u yer-bu yerlari yirtiq. Shu ahvolida ham chiyillagani-chiyillagan. Sayfiddinov atrofga bir alangladi-yu, tipirchilashiga qaramay, yotgan yeridan uni dast ko‘tarib oldi, eltib xizmatga shay turgan moshinasining orqa tomoniga joyladi, eshigini qarsillatib yoparkan, haydovchisiga nimadir deb bo‘kirdi. «Volga» vag‘illab o‘rnidan qo‘zg‘alganda darvozani ochishga zo‘rg‘a ulguribman.

Sho‘rlik Marjongul uchun bir nav o‘ch oldimi desak, gap boshqa yoqda bo‘lib chiqdi. Direktor yo‘g‘ida bekor turmay, «Sizning nomingizni sotib yuribdi!» degandek qilib anovi manjalaqi uning ustidan to‘ppa-to‘g‘ri Falonchi Falonchiyevichga shikoyatnoma jo‘natgan ekan, shundan xabar topibdi.

Sayfiddinov o‘sha kuni kechgacha qorasini ko‘rsatmadi. Kabinetiga qamalib olib, bir o‘zi bo‘kkudek ichgan, shekilli, qosh qorayganda shofyori kirib, uni bazo‘r ortmoqlab chiqdi-da, moshinaga ortib jo‘nadi. Ertasi u ishga kelmadi. Indini ham, keyin ham. Na direktor bor, na muovin. Sanatoriy esa o‘sha-o‘sha, ish to‘xtab qolgani yo‘q. Dam oluvchiyu davolanuvchi paydar-pay kelib-ketib turibdi, damini olib, suvini ichib yuribdi. O‘n-o‘n besh kunlar davom etdi shu ahvol. Lekin hammaning qulog‘i ding, hamma qandaydir taraddudda edi: shikoyatnoma shaxsan Falonchi Falonchiyevichning qo‘liga yetgan bo‘lsa, bir kor-hol bo‘lmog‘i muqarrar!

Ishoning-ishonmang, yuqoridan hech qanday xatu xabar kelmadi. Hammayoq jimjit, ilgarigidek edi.
Oxiri nima bo‘ldi-qani, toping-chi? Har kun bo‘lmaydigan, har oy bo‘lmaydigan, har yili ham bo‘lavermaydigan hodisa ro‘y berdi: Falonchi Falonchiyevich lavozimidan bo‘shatilib, qilmishi tergovga tushdi! Bunaqa vaqtda, bilasiz, sichqonning ini ming tanga bo‘lib qoladi. Tekshir-tekshir, quva-quv boshlandi. Jinoyatchiga aloqador kimki bor, birma-bir pulsirotdan o‘tdi. Olislik qildimi yo aytarli bir asos yo‘q ekanmi, harnechuk, bunaqa g‘avg‘olar bizgacha yetib kelmadi. Nihoyat, direktorimiz ishga chiqdi, ketidan uch-to‘rt kun o‘tkazib anovi suvilon ham paydo bo‘ldi. To‘g‘ri-da, endi u kimga yozadi, nima deb arz qiladi? Ikkovi ham hech nima ko‘rmagandek bo‘lib yuribdi. Ammo o‘rtada gap-so‘z, muomala yo‘q. Har kim o‘zining ishi bilan. Sayfiddinovning oldingi shashti ham, shavkati ham qolmagan, o‘zini butunlay tashlab yuborgan. Ilgari unga hamma havasu hayrat bilan qaragan bo‘lsa, endi shunchaki qiziqish bilan, nihoyati bir ajuvani ko‘rgandek taajjub aralash nazar tashlaydi, xolos; oshkora mazaxomuz kulib qo‘yadiganlar ham bor.

Sanatoriy ahli o‘rtasida ham uning pisandi ketgan, kechagina ketidan choynagu kuldon ko‘tarib yurgan anovi oyimchalar endi chaqirsa-da, burilib qaramaydi. Hammasi Bashorat Bahromovna tarafda, o‘shaning qutqu-qistoviga ko‘ra ish tutar edi. Sayfiddinov ba’zi kunlari to‘ppa-to‘g‘ri mana shu qorovulxonaga kelib, mana shu yerdan ketardi-idora tarafga qadam bosish yo‘q. Olib kelgan shishasini bir burchakka xufyona qo‘yib, u yoq-bu yoqdan gangir-gungur qila-qila, shuni maydalab o‘tiradi. O‘qtin-o‘qtin zinapoya boshida Bashorat Bahromovna jamol ko‘rsatib, qo‘llarini beliga tiragancha bu tarafga bepisand, ensasi qotgandek sovuq bir nazar tashlab qo‘yar, shunda Sayfiddinovning naqd joni chiqib ketar edi, tishlarini g‘ijirlatib to‘ng‘illardi u: «Manjalaqi! Turishini qarang! Qo‘ynimda yotib ko‘rsatgan qiliqlari yodida ham yo‘q!»

Xonim keyingi vaqtda xo‘jalik mudiri Boyqobilov bilan inoqlashib qolgan edi. Yeyish-ichishlari ham birga, o‘tirish-turishlari ham. «Ko‘rib qo‘y!» degandek namoyishkoronasiga. Alomat nusxa edi, Boyqobilov. Davolashu dori-darmondan ming chaqirim naridagi odam, kiftiga oppoq xalat ilib, kiygan ko‘ylagiga yarashsa-yarashmasa doim bir xil pistoqi galstuk taqib yurardi. Qiladigan amallari eshik-deraza bilan devorlarning suvoq-puvog‘iga qarab yurish-u, sanatoriyning xo‘jayinidek tutardilar o‘zlarini. Yangi kelgan mijozlar direktor shu bo‘lsamikan, degan xayolga ham borardi ba’zan. Ammo bir xislati-o‘ta xushxat edi kasofat. Aytishlaricha, xato-xutosi bilan bo‘lsa-da, rosa chiroyli yozar, shunisini ko‘z-ko‘z qilmoqchidek, xalatining yon cho‘ntagiga qatorlashtirib ruchka ham osib yurar edi. Yuqori tashkilotlarga bitiladigan qishloqdagi jami arzu shikoyat shuning qo‘lidan chiqardi. Kechagina Sayfiddinovning pinjida jon saqlagan kishi, vaziyat o‘zgargan, lip etib Bashoratxonning momiq qo‘yniga kirib oldi. Xonim ilgari bu mahalliy «qalam ustasi»ni nazar-pazariga ilmasdi, albatta. Ichida uning ustidan kulib ham yurgandir. Lekin zarur kelganda, bolg‘a o‘rniga yerda yotgan oddiy tosh ham ish beradi…

Navro‘z bayrami arafasimidi, Sayfiddinov butkul ko‘rinmay qoldi «O‘z ixtiyori bilan ishdan bo‘shab, shahardagi o‘g‘linikiga ketibdi, o‘sha yerda allaqanday poliklinikada ishlayotganmish», deb eshitdik keyin. Uzoq yili qishloqda kimningdir ma’rakasida uchratib qoldim. Ajab dunyo! Qani u savlatu salobat? Qani u-Falonchi Falonchiyevich bo‘lib viqor bilan yurishlar? Tavba, anovi o‘xshashliklardan asar ham yo‘g‘-a! Butunlay boshqa odam deysiz! O‘zi mendan besh-o‘n yoshlar kichig-u, mushtdekkina bo‘lib, munkayib qolibdi.

Mana, endi unisining ham, bunisining ham nomu nishoni o‘chib ketgan. Bundoq o‘ylab qarasangiz, o‘sha dag‘dag‘ador kattakonning o‘rnida bizning Sayfiddinov ham bo‘lishi mumkin ekan-da, a, labbay? Bugunga kelib baribir ikkalasiyam unutilar ekan, nima farqi bor edi, to‘g‘rimi?

Bahromovnamizni so‘rarsiz? E, baloning o‘qi chiqdi bu xotin! Sayfiddinovdan keyin, bilmadim, boshqa odam topilmadimi yoki bu o‘lgurning o‘zi boshqalarning ko‘nglini topdimi, ishqilib, uch yilga yaqin direktorlik qildi-ya! I.o. bo‘libmi, evoh bo‘libmi yurdi-da. Harqalay uddaladi. Ishni nimadan boshladi, aytaymi? Xotin zotining intiqomi yomon bo‘lar ekan, ukam. Sayfiddinovdan biror iz qoldirmay, hamma-hammaginasini supirib-sidirib, hali siz ko‘rgan axlatxonaga eltib tashlatdi. Barchani zir titratardi o‘ziyam. Har tarafdan bergan ekan-da, bunga xudoyim. Hozir elliklarga bordi-yov, lekin hamon suzilib qaraganida etingiz jimirlashib ketadi. Odamni bir zumda rom qiladi-qo‘yadi, burningizdan ip o‘tkazganini sezmay qolasiz. Naqd shaytonning urg‘ochisi, boshqa gap yo‘q! Bultur bu yerdan bo‘shab, huv qir boshidagi dachaga ishga yollandi. Boyvachchaning shaxsiy do‘xtiri emish. Do‘xtirlik o‘z yo‘liga, boshqa ishlarda ham enagalikni qotiradi u. Tavba qildim, xudoyim, bas, o‘zing kechirgin bandangni.
-Ana shunaqa savdolar,-dedi Qudrat amaki hikoyasini yakunlagan kabi. -Birgina direktorning tarixi bu. Undan beri nechtasi kelib-ketdi, e-e!

Ichi gapga to‘lgan bu odamning naqllarini tinglab o‘tirib men allanechuk karaxt holatga tushdim: necha kundan buyon kavak-kavagigacha kezib chiqqan joylarim endi ko‘zimga butunlay o‘zgacha ko‘rinmoqda edi.

-Hozirgisi-chi? Bunisi kimga o‘xshaydi?- dedim ermakka olib xayolchanlik bilan.
-Ko‘rmaganmisiz? Ha-ya, darvoqe, bir haftalar bo‘ldi, bu yoqqa kelolganiyam yo‘q u sho‘rlik. Shaharda yuribdi. Sudlashib. Anovi qasrning xo‘jayini quvur tushirib, buloq suvini tortib olmoqchi… -Qudrat amaki menga, negadir, sinchiklab, allaqanday mug‘ambirona tikildi. -Suratini ham ko‘rganingiz yo‘qmi? Hov tepadagi yangi binodamisiz, axir? Kirgan joyingizda devorda osig‘liq turibdi-ku? Borib, bir qarang-chi, kimga o‘xsharkan?

So‘ngra u o‘zicha mulohazaga berildi: -Bu dunyoda bir-biriga o‘xshash keladigan odam kam emas. Hammayam kimgadir o‘xshaydi. Sirtdan-da. Lekin kimga o‘xshamoqni ham bilish kerak ekan.

Qorovulxonadan chiqqanimda vaqt allamahal bo‘lib qolgan edi. Havo, hali Qudrat amaki boshqa narsaga ishoratan aytganidek, salqingina bo‘lmay, xiyla sovuq ham edi. Yo‘l-yo‘laklarda odam ko‘rinmaydi, tog‘dan emas, negadir, etak tarafdan esayotgan izg‘irin hammani xona-xonasiga quvgan. Kurtkamning yoqasini og‘zimga burkab, ikki chetini shamsimon yerchiroqlar xira yoritib turgan yo‘lka bo‘ylab yuqoriga o‘rladim.

Binoga qadam qo‘yishim bilan gup etib garm hovur yuzimga urildi. Maza! Beixtiyor to‘g‘ridagi zinapoya sari yurdim-u, bir nima esimga tushgandek, taqqa to‘xtadim. Chap yon devorga yaqin borib, shiftdan pastroqqa qatorlashtirib osilgan sanatoriy xizmatchilarining suratlarini ko‘zdan kechira boshladim. Hozir bir tekis charog‘on bo‘lib turgan bu chorsi tolorning ikki tarafi sidirg‘asiga oynaband, kunduz kunlari, ayniqsa, mo‘l-ko‘l nurga ko‘milib, yaltillab ketadigan surat-puratni ko‘z ilg‘amay qolar, bilmagan kishi u yoqqa burilib ham qaramas edi.

Yuqori qatorning o‘rtasidagi, boshqalariga nisbatan kattaroq suratni ko‘rdim-u, esim og‘gudek serrayib qoldim. Bu yerga kelganimdan beri hamshira qiz-juvonlarning menga tikilib-tikilib boqishlariniyu alohida ehtiromlarini goho televizorlarda «lipillab» topgan uncha-muncha «mashhurligim»dan deb o‘ylagan ekanman.

Men shu tobda xuddi ko‘zgu oldida turgandek edim. Xiyla «husndor» aft-bashara ham o‘sha-o‘sha, nosqovoqdek burun ham o‘sha-sochlarning oqi-yu taramasigacha!

Shu payt lip etib (bu yerlarda tez-tez ko‘riladigan hol) chiroq o‘chib qolmaganida, bilmadim, ne ko‘yga tushardim!

Zajigalkamning chiroqchasini yoqib, zinalarda paypaslana-paypaslana uchinchi qavatdagi xonamga chiqdim.

Yaxlit oynaband derazasi tog‘ tarafga qaragan xona, allaqayoqdan tushayotgan yog‘dudanmi, birmuncha yorishibroq ko‘rinardi. Egnimni yecharkanman, derazaga yaqin borib, tashqariga mo‘raladim. Qir boshidagi qasrda chiroq porillab turardi: simlari boshqa yoqqa ulangan bo‘lsa kerak. Birpas tikilib qoldim. Baayni zimziyo tunda yulduzlar chamanzori oralab sayr etayotgan afsonaviy nurafshon kema! Ko‘zimga u daf’atan lovullab yonayotganga o‘xshab ketdi, vujudimni vahm qamradi. Yo‘q, mijjalar orasidan qalqqan yosh pardasida shunday ko‘ringandir-da.

Kuz mavsumida bekor kelibman, bu yerga. Kuz yig‘loqi fasl.

Yoki qariyapmanmikan? Kimga o‘xshab?

Erkin A’zam. Qirq yillik gurunglar. Hikoyalar by Khurshid Davron on Scribd

02

(Tashriflar: umumiy 858, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бу ҳикоя Эркин Аъзамнинг «Шовқин» тўпламида ҳам чиққан эди.

Izoh qoldiring